OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҚўчқор Норқобил
Асар номиҚуёшни сен уйғотасан (пьеса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Қўчқор Норқобил
Услуб
   - Театр ва драматургия
Шакл
   - Пьесалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм101KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/17
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журнали, 2011-йил, 7-сон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қуёшни сен уйғотасан (пьеса)
Қўчқор Норқобил

Қатнашувчилар:

Шабнам – 35 ёшда.
Ойдин момо – 70-75 ёшлар атрофида.
Замон Ашрафович – 35 ёшда.
Дилдора – Шабнамнинг қизи, 12-14 ёшлар атрофида.
Қодир – 35 ёшда
Қудрат қўшни – 45-50 ёшлар атрофида.
Йўлдош – 45-50 ёшлар атрофида.
Ирина Андреевна – ишбилармон, 35-40 ёшлар атрофида.
Чори бобо – Қудратнинг отаси, 75-80 ёшлар атрофида.
Тоҳиржон – Шамнамнинг укаси, 30 ёшлар атрофида
Йигитча – 20-25 ёшлар атрофида.

Биринчи Саҳна

Москва. Вокзал. Вокзал манзараси – саҳна тепасида улкан осма соат, у-бу нарса сотиладиган кўчма дўконча, йўлак четида оққайинлар қад ростлаган, йўлакнинг икки четида иккита ўриндиқ. Унинг ёнида чиқинди қути. Вокзалга хос шовқин эшитилади, аллақаердаги радио карнайдан аллақаерларгадир жўнаб кетаётган поездларнинг нечанчидир йўлдан жилаётгани диспетчер қиз томонидан рус тилида эълон қилинмоқда.

Одми, лекин адл қаддига ярашиқли кийинган, истараси иссиқ, чеҳрасида ўзига хос ёрқинлик зоҳир, Шабнам ўриндиқда ўтириб, дастрўмоли билан қизарган, ёшли кўзларини артмоқда. Ўриндиқ ёнида вокзалдан йўлга тушган (уйга қайтаётган) йўловчига хос у-бу нарсалар – елим халта, тугун-тўшак ёки кичик жомадон ва ҳоказо шунга ўхшаш нарсалар. Аёл йиғлаяпти. Шу пайт унинг эри Қодир пайдо бўлади. Эгнида сўнгги русумдаги футболка, жинси шим, оёғига эса крассовка илиб олган, қора кўзойнакни манглайига олифтанамо қўндирган. Туруш-тутиши ҳеч кимдан кам эмас: кучли, бақувват. Эркак ўриндиқ олдида бироз тик туриб, ғижинган бўлиб, гўёки ерга туфлайди, сўнг қўл силтаб аёлнинг ёнига ўтиради. Аёл эркакка умидвор бўлиб қарайди. Эркак қўли билан бошини чангаллаб, аёлга ғамгин кўз ташлайди. Сўнг жинси шими чўнтагидан бир даста пул олиб аёлига узатади.

Қодир: – Ма. Ол !

Шабнам: – (Қодирга анграйиб қараб) – Беш йил!.. Беш йилдан бери пул жўнатмаган одам энди беряпсизми? Йўқ, бу пулни ололмайман, Худо билади, бу пулни қайси йўл билан топаяпсиз. Ундан кўра бирга кетсак яхши бўларди.

Қодир: – (Уфф, тортиб...) – Тушунсанг-чи, айтдиму боролмайман... Ол. Мана бу пулни ол. Пулга ҳалол ёки ҳаром деб ёзиб қўймайдилар-ку.

Шабнам: – (Ҳафсаласизлик билан худди ўзига ўзи гапиргандек... Бир нуқтага тикилиб) Менга сизни пулингиз эмас, ўзингиз кераксиз. Нега уйга боролмайсиз? Нега?

Қодир: – (Ўрнидан туриб кетади) Яна нега дейсан-а!. Ахир кечадан бери қулоғингга танбур чертаяпманми, иложим йўқ. Ишимни ташлаб кетолмайман, Шабнам.

Шабнам: – (Кескин қараб, кинояли) Ахир иш ҳамма жойда ҳам кўп. Уйингизда ҳам иш етарли.

Қодир: – (Ғижиниб) Нима қиламан қишлоқда. Мен бу ерда топаётган пулимни у ерда ҳеч ким бермайди.

Шабнам: – (У ҳам ўрнидан туради... Эрига илтижоли қараб) Ахир ўттиз беш сотих томорқамиз бор, отангиздан қолган шу боққа қарасак ҳам бир рўзғорга етиб ортади-ку...

Қодир: – (Ижирғаниб)Томорқа...

Шабнам: – (Бир нуқтага тикилиб, худди ўзига ўзи гапиргандай) Ҳа, томорқа. Қодир ака, сиз мени тушунмайди дейсизми, мен нима учун бегона юртларда юрганингиз сабабини биламан. Сиз менга уйланиб қишлоққа олиб келгач, оиламиз ҳеч кимдан кам бўлмаслигини хоҳладингиз, олдимда ўзингизни гуноҳкор ҳис қилдингиз, ана шу ҳислар касрига қолдик. Бахт, оила, севги деган тушунчалар бойлик васвасаси соясида қолиб кетди.

Қодир: – (Хотинига ғамгин тикилиб) Сенинг айбинг йўқ, мен ўзим шу йўлни танладим.

Шабнам: – (Афсусланиб) Мен сиздан ҳеч нарса сўрамаган эдим-ку.

Қодир: – (Чуқур тин олиб) Ҳа, сўрамаган эдинг, бироқ ота-онанг бир қишлоқи, ялангоёқнинг ортидан эргашиб кетдинг, деб сендан юз ўгирмаганда мен шундай қилармидим. Мен уларга бойликми, мана сенларга бойлик деб кўрсатмоқчи эдим. Шу йўлда топган-тутганимни бизнесга тикдим, лекин ҳаёт мен ўйлаганчалик енгил бўлиб чиқмади.

Шабнам: – Мен ўшанда сиз билан дунёни нариги бурчагига қуш кўнмас, ит ўтмас, азобу уқубатхонасига бўлса ҳам эргашиб кетишга рози эдим. Ахир мен сизни севаман.

Қодир: – (Бош чайқаб) Бас. Бас қил... Қишлоққа қайтаман, Шабнам, фақат вақти келганда қайтаман.

Шабнам: – (Титраб-қалтираб яна ўриндиққа ўтириб олади...) Бизнинг айбимиз нима? Орзуларимиз шумиди? Сиз билан қишлоқ ҳаётини ўзгартирамиз, у ерда ҳам яхши яшаш мумкинлигини одамларга исботлай оламиз, деб ўйлагандик. Режаларимиз бор эди.

Қодир: – (Хотинининг ёнига келиб ўтиради.Сўнг у ҳам бир нуқтага тикилади, бир оз жимлик чўкади) Тушун, ёшликдаги ҳою-ҳаваслар ўтди, илтимос, ҳозирча мени тинч қўй.

Шабнам: – (Эрига анграйиб қараб) Қачонгача бу юришингиз давом этади, қачонгача тинч қўй, дейсиз!

Қодир: – (Ўрнидан шаҳд билан туриб кетади. Шабнам ҳам туради) Билмадим, Шабнам, билмадим.

Шабнам: – (Илтижоли ҳолда) Қизингизнинг бўйи чўзилиб қолди. Фақат сизни сўраяпти. Беш йил бўлди. Бизнес йўлга қўйилса қўйиларди-да, беш йилдан бери сарсонсиз. Ўша ўрис аёлни ишончли одамимисиз ёки?..

Қодир: – Шабнам, қўй энди! Ирина Андреевнанинг ишончли одамиман, у ўзимга ресторан очиб бермоқчи.

Шабнам: – Қодир ака, ўйлаб кўринг... Ахир у ёқда онангиз, қизингиз... Жон Қодир ака, қишлоққа қайтинг... Ахир...

Қодир: – Ахир айтдим-ку сенга! Ҳозир кетолмайман.

Шабнам: – (Энди ўзини қўлга олишга уриниб...) Йўлингизга термулавериб, онангизнинг кўзи хиралашиб қолди. Бир кўзи кўрмаяпти. Шўрлик энага ачинаман. Девдай ўғли тирик бўла туриб, ер билан битта бўлиб ётган кампирга ачинаман... Лекин сиз... на фарзанд, на онага ачинасиз... Сиз айниб бўлган экансиз. Беш йилда кўзингиз кўр, юрагингиз тош бўлиб қопти... Қодир ака! Майли онангизга ҳам ўзим қарайман, тирик етим қизингизни ҳам ўзим боқаман.

Қодир: – Сен пушаймонсан-а, Шабнам? Мен билан турмуш қурганингга пушаймонсан, менга қара, сен яхшиси оилангга қайт ...

Шабнам: – (Хўрсиниб) Тақдири азал шу аслида... Мен сиздан, қисматимдан бунчалар жабру ситам кўраман демагандим... Кошки эди энди мен ота-онам, жигаргўшаларимнинг олдига боролсам. Йўқ. Энди мен йўлимдан қайтмайман, сиз бу ерда умрингизни бекорга ўтказаётганингизни сизга исбот қиламан.

Иккинчи Саҳна

Девор билан ўралган оддий қишлоқ ҳовлиси. Ўртасида супа. Тандир-ўчоқ, ошхона. Хуллас, батартиб ва саранжон ҳовли. Ойдин момо ҳовлида у-бу нарсаларга уриниб юрибди. Шу маҳал қўлида жомадон кўтариб Шабнам кириб келади. Кампир уни пайқаб шошиб қолади. Шабнам томонга бир-икки қадам қўйиб, ҳолсизланади. Беихтиёр ўтириб қолади. Шабнам қўлидаги жомадонни ерга қўйиб кампир ёққа интилади, уни қўлтиғидан олиб, турғазмоқчи бўлади, кампир базўр Шабнамнинг қистови ҳамда ёрдамида ўрнидан қўзғалади. Шабнам инқиллаган кампирни супага суяб олиб келади ва супага ўтиришига ёрдамлашади.

Ойдинмомо: – (Шабнамни қучиб) Келдингми болажоним, келдингми? Нима бўлди... Ҳа... Тушунарли. Келмабди-да...

Шабнам: – (Кампирнинг бу аҳволига хавотир билан қарайди) Йўқ, эна! Кейин гаплашамиз, ўзингиз тузукмисиз, қийналиб қолмадингизми? Неварангиз қани, эна, ҳали машғулотдан қайтмадими?

Момо: – Демак, келмайди де?! Ўзим ҳам сезгандим... Энди нима қиламиз, қизим?

Шабнам: – Билмасам, эна, бошим қотди.

Момо: – Сени хор қилди у. Бу ҳам етмагандай, мен ҳам оёқ-қўлингни боғлаб ўтирибман. Ўйнаб-куладиган пайтингда қора бошингга оқ оралади.

Шабнам: – Нега ундай дейсиз, эна! Сиздан сира ҳам ёмонлик кўрмадим.

Момо: – Мендан бўлмаса, мен туғиб ўстирган боладан ёмонлик кўрдинг... Бу номард ўғлим шундай оилани билмади-я... Э, нодон-а, нодон.

Шабнам: – Қўйинг... Куйинманг, эна.

Момо: (Ўйчан. Анча тараддудланиб) – Куйинмай бўларканми, қизим? Сендан розиман. Мени қўй, ўз кунимни кўрарман. Сени бу ерларда бева- бечора қилиб олиб ўтиришга ҳаққим йўқ, қизим... Қизингнинг ҳам бўйи чўзилиб қолди... Шаҳарга, ота-онангнинг олдига бор, болам... Биздан кўрмаган меҳрни улардан кўр, қизим...

Шабнам: (Титраб) – Эна, нима деяпсиз? Сизга оғирлигим тушаяптими, энажон, сизни ташлаб кетолмайман .

Момо: (Уввос тортиб йиғлайди. Шабнам унинг қучоғига бош қўяди) – Йўқ, қизим, йўқ... сизларга менинг оғирлигим тушаяпти, оёқларингизга тушов бўлдим, қафас бўлдим, болам. Бу кунимдан ўлганим яхши, болам! Элда бош кўтариб юролмайман. Ёлғиз ўғлини Худо бехабар, бемеҳр қилиб ўстирган нотавонман, болам! Неварасини тирик етим, келинини бева қилган ношудман, болам! Шабнам, сендан розиман... Биламан, Қодир энди қайтмайди. Йўлидан адашди болам тушмагур. Оҳ, номард бола-я, нималар килдинг, бошимни хам, дунёмни ғам қилиб кетдинг-а. Сени шу ниятда туққанмидим, шу ниятда катта қилганмидим, болам.

Шабнам: (Ўрнидан туриб кетади) – Жон эна, йиғламанг, тобингиз қочиб қолади.

Момо: (Жимиб қолади) – Қизим, неварамни эҳтиёт қил! Сизларни Худо ташлаб қўймайди, болам. Омин, Оллоҳу акбар. Бошинг тошдан бўлсин, тупроқ олсанг тилло бўлсин, эна қизим.

Шабнам: – Энажон, қўйинг, йиғламанг! Эна, мана бу чойни ичиб олинг, эна, ўзингизни босинг.

Момо: – (Бир оз жим туриб) Болам... Болам...

Шабнам: – Эна, манавини ичиб олинг, (Кампир жим, сўнг қўл чўзади. Аммо қўлини пиёлага эмас бошқа томонга узатади. Шабнам ҳайрон ва қўрқув билан қарайди. Момо кўр бўлиб қолган эди).

Момо: – (Шивирлаб) Болам...

Шабнам: – Энажон, сизга нима бўлди, эна...

Момо: – (Хомуш пичирлайди. Қўли билан ҳавони пайпаслайди) Болам...

Шабнам: – (Қўлидан пиёлани ташлаб юборади.) Энажон, мени қўрқитманг. Эна, сизга нима бўлди?

Момо: – (Ҳамон карахт, ҳавода қўл чўзиб турибди) Мен жазоимни олдим, болам.

Учинчи Саҳна

Ойдин момонинг ҳовлиси. Эшик тақиллаб очилади. Қудрат кириб келади. Келин ва кампир супада гаплашиб ўтиришибди. Қудрат уларга сирли қараб қўяди, сўнг томоқ қириб гап бошлайди:

Қудрат: – Ассалому алайкум, Ойдин момо, яхшимисиз, дамликкинамисиз, димоғингиз чоғми, суяк енгилми, момо. Ассалом, бойбича, сиз ҳам дурустгинамисиз? Олис манзиллардан шамоллаб келдингизми, бойбича? Ўрис оғайниларимиз ҳам тинчмикан? Куёвтўра-бизнестўра қалай экан, ҳозиргина сизни у ёқлардан келганингизни эшитиб, югуриб келавердим шамолдай бўлиб... Ҳар ҳолда, Қодир бизнес бизга ҳам салом дегандирлар.

(Кампир билан келин жимиб қолади. Шабнам ерга қарайди. Ер ёрилсаю ерга кириб кетгудай ҳолатда...)

Момо: – (Ўрнидан туришга уринади ва ёстиққа суяниб ўтиради) Бунча чакагинг тинмайди-я, Қудрат! Хўш, нега келдинг, менда гапинг борми?

Қудрат: – (Кинояли жилмайиб) Энамиз бизни гапга туққанда, момо!

Момо: – (Бир оз пичинг билан ) Энанг Турдихол кампир ҳам гапчи эди .

Қудрат: – (Шабнамнинг кетишини истамай, муддаога ўтади...) Мен кетаман ҳозир. Шабнам бойбича, сиз ҳам тўхтанг! Яхши бўлди, икковингиз ҳам эшитинг. Мен бир иш юзасидан келгандим.

Момо: – (Ҳушёр тортиб) Нима иш экан у, Қудратбой?

Қудрат: – Келинингиз айтмадими?

Шабнам: – Нимани айтаман? (Сўнг довдираб қолади...)

Момо: – (Таажжубланиб) Очиқроқ айт, нима демоқчисан.

Қудрат: – (Томоқ қириб) Ойдин момо! Мен эртага анави жойдан девор ураман, сим тортаман.

Шабнам: – Нима?

Момо: – Бу нима деганинг?

Қудрат: – Шу деганим!

Шабнам: – Бекор айтибсиз!

Қудрат: – Ўзингизни билмаганга олманг! Бизнесмен эрингиз айтгандир?

Момо: – Ҳой, эзмаланмай бўлар гапдан гапир!

Қудрат: – (Иккала қўлини бир-бирига қарсиллатиб) Гапнинг бўлари шу. Мен томорқангизни ўша муттаҳам ўғлингиздан сотиб олганман! Менинг у ерларда еб-ичганим қолди холос. Эрталабдан-кечгача 5 йил қозоннинг тепасида турганим учун бир тийин ҳам тўламади, номард.

Момо: – Бу томорқа меники, Шабнамники, неварамники... Қодирнинг бунда ҳақи йўқ.

Қудрат: – (Энди бор овозда бақириб ) Момо, нима қиласиз закун сўраб, закунчи экансиз-ку... У номард ўғлингиз томорқангизга қўшиб ҳатто сизни ҳам, неварангизниям, келингизни ҳам аллақаердаги ўрис хотинга сотиб юбориши ҳам мумкин эди.

Момо: – (Бошига муштлаб) Вой болам-а, вой болам! Бу кўргулигинг ҳам бормиди!

Қудрат: – (Қўл силтаб) Бўлди-да энди, бунча дунёни бошингизга кўтарасиз, момо.

Шабнам: – Сизда инсоф борми? Сизда зиғирчалик одамгарчилик борми? Қодирнинг ўчини биздан оласизми?

Қудрат: – Тилингизга эрк берманг! Майли, ҳеч бўлмаса 10 сотихини беринглар... Ахир менга пул керак, рўзғорим бор менинг ҳам...

Момо: – (Ўзига келиб...) Қудрат болам, бу жойлар чолимдан қолган, кимсан Шердулло тўқсобо ўз ўғли Азим Мерганга колдириб кетган... Бу нима дегани болам! Мени тириклайин кўммоқчимисанлар.

Шабнам: – Шу 10 сотих ўрнига пул берсак нима дейсиз?

Қудрат: – (Ҳайратланиб) Нима, нима? Сизлар пул берасизларми? (Қаҳ-қаҳ отиб кулади...) Егани нони йўқ, итининг отини маржон қўйибди деган мақол бор.

Шабнам: – (Энди овозини баландлатиб) Эркак ер бўлгач, ҳеч бўлмаса аёл осмон бўлиши керак!

Қудрат: – Ўқиган-да, ўқиган... Ҳемири бўлмаса ҳам гап билан осмонни ағдараман дейди. (Яна қаҳ-қаҳ отиб кулади) Отангни кўрдим Аҳмади Чориқ, энангни кўрдим товони ёриқ, деган гап бор элда. Ё бизнес тўра худо инсоф бериб, белингизни бақувват қилиб жўнатдими?

Шабнам: – (Қудратга ғазабланиб) Бас қилинг, кетинг уйдан! Пулингизни оласиз...

Қудрат: – (Чираниб қўлини пахса қилиб) Майли, яна келаман! 10 сотихга 10 миллион тайёрлаб қўйинг. Тушундингизми?

Шабнам: – Хавотир олманг, пул бўлади!..

Қудрат: – (Киноя билан) Этик киймасам ҳам этагим ёпиқ демоқчисиз-да... (Кулади).

Момо: – Ҳой бола, қани жўна-чи!

Қудрат: – Сиз аралашманг... (Қўл силтайди. Чиқиб кетади... Оғир мусиқа чалинади, кампир йиғлайди... Шабнам супа четига омонат ўтириб ўйга толади...)

Момо: – (Хўрсиниб) 10 миллион дейдими?

Шабнам: – (Оҳиста) Ҳа, эна....

Шу пайт саҳнага Шабнамнинг қизи Дилдора кириб келади. Елкасида осма халта (спорт кийимлари бор...) Ялангоёқ. Оқсаб кириб келяпти. Қўлида пойабзали – бир жуфт кида! Оёғи бармоқлари орасидан қон сизган, қонталаш. Зўрға, инграб оёқ босаяпти. Дилдоранинг бу ҳолатини кўриб Шабнам ўрнидан туриб кетади. Кампир ҳам вой-войлаб ўрнидан қўзғалмоқчи бўлади... Шабнам қизи томон юради. Дилдора оқсаб онаси томон келаяпти.

Шабнам: – (Қизи томонга югургилаб) Сенга нима бўлди, болажоним? Нега оқсаяпсан, қизим?

Дилдора: – (Зўрға) Кида оёғимга сиғмаяпти...

Шабнам: – (Қизини қучиб) Вой болам-а... Аввалдан сиқиб юрган бўлса, айтмайсанми, шуни каттароғини олиб берардим-ку.

Дилдора: – (Ётган жойида) Ойи, дўконда кўрдим, қиммат экан.

Момо: – Ҳой болам-а! Сенга шу зорманда пойабзални олиб беролмасмидик. Шабнам, бор, нариги уйга кириб тахмондагини олиб кел!

Шабнам уйга кириб ўралган тугунни олиб чиқади.

Шабнам: – Эна, бу нима?

Момо: – Ўлимликка йиққаним. Ҳаммасини ол!

Шабнам: – Йўқ, эна, мен бу пулни ололмайман... Ахир...

Момо: – (Юзида қатъиятли табассум билан қўлини саҳнага ишора қилиб) Худога шукур, қўни-қўшни, маҳала-кўй бор! Эл-юрт бор! Ўлигим кўчада қолмайди, болам, мени норози қилмайин десанг, шу пулни олиб бугуноқ қизингга оёқкийим, уст-бош, ўзингга ҳам нима керак бўлса сотиб ол, болам...

Шабнам: – (Йиғлаб кампирнинг қучоғига отилади) Энажон. Энажоним. Ҳали кўрасиз, бу кунлар ҳам ўтади эна...Сизни яхши кўраман, энажон...

Момо: – (Сукут сақлаб) Менга қара, кел шу томорқамизнинг 10 сотихини Қудрат мижғовга бериб юборайлик... Бўлмаса Қудратдан қутололмаймиз...

Шабнам: – (Қатъиятли тарзда) Йўқ, энажон, бунинг иложи йўқ! Бир қарич ҳам ерни бермаймиз!

Момо: – Иложимиз йўқ, болам!

Шабнам: – (Яна ўша шаҳд билан) Бор, эна, бор иложимиз... Бу ёғини менга қўйиб беринг.

Момо: – Нима қилмоқчисан?

Шабнам: – Режаларим бор, эна... Гилам тўқиш цехи қураман... Бошқа йўлимиз йўқ... Тадбиркорлик билан шуғулланаман. Ахир бекорга институтда 5 йил ўқимаганман-ку!

Момо: – (Ўйчан) Гилам тўқиш цехи дедингми?

Шабнам: – Ҳа!

Момо: – (Шабнамнинг ёнига келади. Уни саҳна четига, яъни ҳовли адоғига олиб келади. Гуёки ҳовли адоғидаги омборхонани ишора қилиб кўрсатади) Болам, анаву омборхонанинг ичида нима борлигини биласан-а?

Шабнам: – (Хижолатли ҳолатда) Йўқ, энажон, келин бўлиб тушганимдан бери бир марта очган эдингиз. Аллакандай ашқол-дашқоллар чанг босиб, ис босиб ётибди.

Момо: – (Кулимсирайди) Тўғри, ашқол- дашқоллар! Улар Тўқсоба бобомизга бобосидан қолган ускуналар, болам.

Шабнам: – Улар шунчалик эскими?

Момо: – (Хотиржам) Ҳа, уларни катта бобомиз Чин юртидан, Хитойдан олиб келган, авлоддан-авлодга қолиб келяпти. Аслида мен раҳматли чолим Азим мерган билан ака-уканинг болалари эдик. У замонларда қизларни қариндош-париндош деб ўтирмай ўзиникига эрга бериб юбораверишар эди. Хуллас, бу қадимдан қолган ускуна!

Шабнам: – Бу ускуналар нимага керак бўлган, эна?

Момо: – Эй, болам-э! Отамнинг айтишича, бу дастгоҳ етти иқлимни ҳайратга солган жудаям чиройли матолар тўқир экан. Боболаримиз шунинг орқасидан бой бўлиб кетишган экан. Буёғи Бухоро, бу ёғи Афғонистон, бу ёғи то Хитойга машҳур бўлган чиройли матолар тўқилган... Икки асрки, бу ашқол-дашқоллар авлодимизга ардоқли нарса. Омборхонани бўшатиб, кўчага олиб чиқиб ташлай десам кўзим қиймайди. Боболаримнинг руҳидан қўрқаман.

Шабнам: – (Бир оз ҳаяжонда) Энажон, сиз ускунани ишлатишганини кўрганмисиз?

Момо: – Ҳа, бир марта. Ҳув ҳовли адоғидаги сўри ёнига отам раҳматли амаким билан ўрнатиб ишлатишган эди. Мен унда 6-7 ёшлар чамасидаги қизалоқ эдим. Сўнг шўродан қўрқиб, яна оғилхонага солиб, сомон остига кўмиб ташлашди.

Шабнам: – Нима учун ?

Момо: – Боболаримиз бой бўлгани учун қулоқ қилиниб Сибирга сургун қилишган эдилар. Оталаримизни катағонда отишди. Эримга ҳам, менга ҳам душманнинг боласи деб қарашарди. Ўша замонларда фалончи уйида фабрика очибди деса, шўронинг куни туғарди-да. Обориб қамарди ёки отарди. Ғалати оғир замонлар ўтди-да, болам.

Шабнам: – Мана шу ускуналарни олиб ишлатсам майлими, энажон?

Момо: – Қўй, қизим, қўрқаман.

Шабнам: – Қўрқманг, эна! У замонлар ўтиб кетди.

Тўртинчи Саҳна

Спорт мактабининг машғулот хоналаридан бири. Машғулот ўтказиш учун спорт анжомлари жойлаштирилган кенг ва ёруғ хона. Шабнам ана шу машғулотхонанинг полини ювиб артаяпти. Елим челакда сувга пол латтани ботириб пол артаётган онасига Дилдора ёрдамлашаяпти. У ҳам хонанинг бир четидаги спорт анжомлари чангини артади, сўнг анжомлар ёнидаги челакни ва швабрани олиб хонанинг бир бурчида пол артишга тушади. Шабнам қизга қараб қўяди. Сўнг ишдан тўхтайди, қизига бироз ўкинч, бироз қониқиш билан разм солади. Сидқидилдан берилиб ишлаётган қизга боққан нигоҳида ўкинч ёшлари қалқади:

Шабнам: – Қўй, болам, уст-бошингни тўғрила. Душга тушиб спорт кийимингни кийиб ол.

Дилдора: – (Ойисига меҳрибонлик билан) Бир ўзингизга иш оғирлик қилмайдими?

Шабнам: – (Меҳри ийиб) Айтганимни қил, болам. Ойингга бу ишлар нима бўпти, сен соғ-омон бўлсанг бас, мен ишлаб чарчамайман.

Дилдора: – (Пол латтани ва челакни, швабрани четга қўйиб, онаси ёнига келади. Уни қучиб юзидан ўпади) Майли, ойижон, машғулот тугаши билан тезда уйга бораман.

Шабнам: – (Қизини манглайидан ўпиб) Оёғинг оғриса устозингдан жавоб олиб уйга қайтавер!

Дилдора: – Хавотир олманг, ойижон!

Дилдора чиқиб кетади. Шабнам хона полини артиб-сидиришга тушади. Шу пайт нимадир тарақлаб кетади. Хонага спорт мактабининг директори Йўлдош кириб келади. У халати бари очилиб, тиззаси, бўлиқ сонлари кўриниб турган ҳолатда пол артаётган Шабнамнинг соғлом ва адл қад-қоматига суқланиб қараб туради. Шабнам ўз иши билан андармон бўлиб Йўлдошнинг кириб келганини сезмайди. Йўлдош унга яқинлашади. Яна бир оз Шабнамга маҳлиё бўлиб термулиб туради. Сўнг томоқ қириб йўталади. Шабнам ёнида қаққайиб турган Йўлдошни туйқус кўриб чўчиб тушади, ўрнидан туриб кетади, зудлик билан халати ёқаси ва тугмаларини ўтқазади. Халати барини ёпади, уст-бошини тартибга солади. Йўлдошнинг кириб келганидан хижолат чекади.

Йўлдош: (Гуёки бепарво) Ассалому алайкум, ҳорманг! Чарчамаяпсизми? Айтмайсиз ҳам, ёрдамлашиб юборардим?

Шабнам: – (Унинг бу мулозаматини самимий деб билган ҳолатда) Раҳмат. Шундоғам менга катта ёрдам бердингиз. Барака топинг, Йўлдош ака, сиз боракансиз, иш ҳам топилди.

Йўлдош: – (Энди ғурурланиб,бироз керилиб) Нима деяпсиз, Шабнам! Мен сизга ҳали ҳеч қанақа ёрдам бермадим?

Шабнам: – Раҳмат, шунинг ўзи етади менга.

Йўлдош: – (Қўлларини ёйиб) Йўқ, етмайди... (Бир оз чўзиброқ) Етмайди... Етмайди. Ҳали кўрасиз, яхши бўлади, қизингизни устозлари зўр дейишяпти. Келажаги бор дейишяпти. Шундай экан, қизингизга нима ёрдам бўлса қиламиз.

Шабнам: – Умрингиздан барака топинг.

Йўлдош: – (Талтайиб) Қўйсангиз-чи, яхшилик ерда қолмайди дейдилар, Шабнамхон. Хуллас, яна бир янгилик бор.

Шабнам: – (Ҳайратланиб) Қанақа янгилик?

Йўлдош: – (Кўрсаткич бармоғини ҳавога ниқтаб) Қизингиз Дилдорани вилоятга мусобақага юбораяпман. Кеча топшириқ бердим, барча ҳужжатлар, сарф-харажатлар тайёр. Устозлар энди жиддий шуғулланишади.

Шабнам: – (Шошиб қолиб миннатдорчилигини яширолмай) Раҳмат сизга, Йўлдош ака. Ҳаётда сиздай яхши одамлар бор! Худо хоҳласа бу яхшилигингизни қайтарамиз, биздан қайтмаса Худодан қайтсин!

Йўлдош: – (Кулимсираб) Шабнамхон, менинг вилоятда ҳам яхши танишларим бор.Уларга ҳам тайинлаб қўйдим. Хуллас, қизингиз Дилдора особий назоратда.

Шабнам: – Умрингиздан барака топинг!

Йўлдош: – Хўш, Шабнамхон, вилоятда ишлайдиган ўша танишларимдан бири эртага меҳмонга келаяпти. Тоққа чиқмоқчимиз, бир дам олиб келайлик дейди. Хўш... Шунга сизни таклиф этсам, мазза қилиб, тоғ ҳавоси, нима дейсиз?

Шабнам: – (Ҳушёр тортиб) Мен боролмайман... Уйда ишим кўп.

Йўлдош: – (Энди дадилланиб) Эй, Шабнамхон, иш қачон тамом бўлибди, эртага якшанба-ку! Сиз, мен, ҳалиги меҳмонимиз. Қўрқманг, яна бир аёл ҳам бор. Закомпания-да.

Шабнам: – (Энди уни ниятини фаҳмлаб) Закомпания денг. Яъни улфатчилик.

Йўлдош: – Ўлманг, Шабнамхон, топдингиз.

Шабнам: – (Қатъий) Мен боролмайман.

Йўлдош: – (Энди бироз пастга тушиб, шалвираб) Ахир, Шабнамхон, ёмон бир нарсани ўйламанг, тоғда дам олсак нимаси...

Шабнам: – (Унинг сўзини бўлиб ) Мен бундай қилолмайман.

Йўлдош: – (Шабнамга яқин келиб) Ахир ҳали танишим сизга ёрдам беради. Мен унга ваъда бердим.

Шабнам: – (Қаҳр билан жилмайиб) Мени тоққа олиб чиқиб бераман деб ваъда бердингизми?

Йўлдош: – (Энди у ҳам ғазаби тошиб) Ахир у катта одам, мен сизга ёрдам бердим, яна ёрдам бераман.

Шабнам: – (Афсус билан бош чайқаб) Демак, одамгарчилик орсизлик эвазига қилинибди-да.

Йўлдош: – (Шабнамга суқланиб термулиб, унинг қўлидан ушлайди.Ўзига тортмоқчи бўлади) Шабнам, йўқ дема, жоним. Тўғрисини айтсам, мен сени яхши кўраман.

Шабнам: – (Ундан қутулмоқчи бўлади) Қўйворинг... Қўйвор, қўйвор, ҳайвон.

Йўлдош: – (Уни бағрига олиб,) Шабнам, мен олдиндан сени яхши кўраман, истаган нарсангни муҳайё қиламан, меники бўл, Шабнам.

Шабнам: – (Унинг қўлини тишлаб олади. Йўлдош жон ҳолатда ўтириб қолади. Шабнам хонадаги елим челакни олиб Йўлдошнинг бошига солади... Шабнам уввос солиб йиғлаб юборади) Ифлос... Мараз! Сен ифлосни Худога солдим, ишинг бошингдан қолсин! Ма, ол, ишинг билан қўшмозор бўл. (У шундай деб ёнидаги швабра ва пол латтани ҳам Йўлдошга қарата отиб юборади. Шабнам йиғлаб саҳнадан чиқиб кетади).

Саҳна

Ойдин момонинг ҳовлиси... Шабнам спорт мактабидан афтодаҳол қиёфада ҳовлига кириб келади. Супада ўтирган сўқир қайнонаси Ойдин момо жун титаяпти. У кимнидир кириб келганини сезиб жим қолади, қўллари жун титишдан тўхтайди. Шабнам ҳам кампирга эзғин қиёфада қараб жойида тўхтаб қолади. Сўнг овозини чиқармай эзилиб йиғлай бошлайди. Кампир ҳамон Шабнам томонга тош қотиб қараб турибди. Ҳеч нарсани кўрмаяпти.

Момо: – (Оҳиста) Ким у? Ким келди? (Шабнам ҳеч нарса демай, яна йиғлайверади). Кимсан?

Шабнам: – (Ўрнидан туриб йиғлаганини сездирмасликка уриниб...) Мен... Мен! Мен, эна!

Момо: – (Момо таажжубли оҳангда) Шабнам?

Шабнам: – (Кампир томонга оҳиста юриб) Ҳа, энажон, менман.

Момо: – Нега йиғлаяпсан, болам?

Шабнам: – (Кампирга тикилиб қараб қолади... Сўнг кампирга томон отилиб йиғлаб юборади) Эна, энажон! Чарчаб кетдим, энажон. (У кампирнинг тиззасига бош қўйиб йиғлайди. Ўксиб-ўксиб йиғлайди. Кампир нимадир юз берганини сезиб бошини силайди... Уни овутмоқчи бўлади...)

Момо: – Ўзингни қўлга ол, болам, ўзингни қўлга ол! Биламан, қийналиб кетдинг, осон эмас, ёлғизсан.

Шабнам: – Банкдан кредит олиш ҳам қийин экан, ҳамма жойда тўсиқ. Қаерга борсанг қўлингга қарашади, нимадир кутишади.

Момо: – Хор бўлсанг ҳам хас бўлма, болам! Бизга ҳам Худонинг ёруғ куни бордир, болам! Ҳали бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетамиз.

Шабнам: – Шу кунлар келармикан, энажон?

Момо: – Келади! Албатта келади, болам. Фақат сен астойдил ишон. Ишонсанг келади. Нур сояда қолмайди, болам.

Шу маҳал эшикнинг тарақ-туруқ қилиб очилиб ёпилгани эшитилади. Ҳовлига Дилдора кириб келади. У ҳам йиғлаган. Тушкун алфозда. Ҳорғин қадам ташлайди. Супа томон юради.

Дилдора: – (Эзғин ҳолда) Ассалому алайкум, моможон! Ассалому алайкум, ойижон!

Момо: – (сергак тортиб) Ва алайкум ассалом, эна қизим!

Шабнам: (Қизига ўкиниб узоқ термулиб, базўр) – Нима бўлди? Нега йиғлаяпсан?

Дилдора: – ( Уф тортиб, сўнг кўз ёшини артолмай) Бормасаканман.

Момо: – (Сергак) Қаёққа?

Шабнам: – Вилоятгами?

Дилдора: – (Бош эгиб) ...

Шабнам: – Билардим, болам, шундай бўлишини билардим. Эна, неварангиз вилоят мусобақасига боролмайдиган бўлди.

Момо: – Нима учун?

Дилдора: – Кеча борасан дейишувди. Бугун бормайсан дейишди. Ойи, энди нима бўлади?

Шабнам: – (Қизининг ёнига бориб унинг бошидан қучади) Ҳаммаси яхши бўлади. Келаси ҳафтадан бошлаб туман марказида интернатда ўқийсан, ўша ёқда машғулотга қатнашасан!

Саҳна қоронғулашади.

Бешинчи Саҳна

Ойдин момонинг ҳовлиси. Шабнам у-бу нарсага уриниб, уй юмушларини бажараяпти. Шу маҳал ҳовлига бир йигит кириб келади. Йигит анча ўзига тўқ ва руҳи тетик, яхши кийинган. Бой-бадавлатлиги сезилиб турибди.

Йигит: – (Ачиниш қиёфасида) Опа!

Шабнам: – (Илкис тисланиб) Тоҳиржон, Тоҳиржон! Укажоним!

Улар бир-бирига қараб туришади. Шабнам югуриб келиб, укасининг юз- кўзидан ўпади. Укаси уни бағрига олади. Сўнг укаси уни бағридан бўшатиб, бироз норози қиёфада ерга қарайди. У ёқ-бу ёққа аланглайди.

Тоҳиржон: – (Ердан кўз узмайди. Сўнг супада ўз куйича нималарнидир қилиб ўтирган кампирга ачиниб қарайди) Мен сизни уйга олиб кетгани келдим... Ҳаммасидан хабарим бор. У барибир қайтмайди. Нима кераги бор ўзингизни алдаб яшашнинг?

Шабнам: – (Укасига меҳр билан тикилиб) Тоҳиржон, биз ҳеч қачон сизлашиб гаплашмаганмиз-ку! Сиз деб гапирсанг бегонага ўхшаб қолаяпсан...

Тоҳиржон: – (Опасига қараб йиғлаб юборади. Қучоғини очиб, яна опаси ёнига келиб уни қучади). Опа-опажоним! Юр уйга! Бу ерларда сени қолдириб кетолмайман! Ёлғиз опамсан, ёлғиз укангман!

Шабнам: – (Укаси бағридан чиқиб унинг юзига термулади) – Айтавер дилингдагини, укажон! Сени хору зор ташлаб кетолмайман демоқчи бўлдинг-а?

Тоҳиржон: – Опа! Ҳали ҳам кўзинг очилмадими? Ўша номардни деб умрингни хазон қилдинг-а! Йўқ! Йўқ, мен сизларни олиб кетаман. Жиянимга ҳам ўзим ёрдамлашман. Фирмамга ишга жойлайман. Ахир сен яхши иқтисодчисан, сендай мутахассис менга керак. Ҳамма нарсанг етарли бўлади, опа! Биз билан турмайман десанг, алоҳида уй олиб бераман.

Шабнам: – Мен ҳеч каерга кетмайман... Ҳеч бўлмаса сен мени тушун, Тоҳиржон!

Тоҳиржон: – Умуман қайсарлигинг қолмабди.

Шабнам: – (Лабларини тишлаб, кўзига ёш олиб) Ука... Дадам... Ойим...

Тоҳиржон: – Опа, улар аллақачон сени кечиришган... Дадам... Дадам... опангни олиб кел дедилар...

Шабнам: – Тоҳиржон, укажоним, ёлғон гапирма! Дадам ҳеч қачон бундай демайдилар. Мен сизлардай бўлолмадим. Бошқа йўлни танладим.

Тоҳиржон: – Сен кўра-била туриб ўзингни ўтга ташладинг. Ановингга ишондинг!

Шабнам: – Мен ўз ҳаётимни ўзим барпо этмоқчи эдим. Ўз оиламни ўзим тикласам девдим.

Тоҳиржон: – Йўқ. Сен ўз ҳаётингни барпо этмадинг, барбод килдинг, опа.

Шу пайт ҳовли эшиги тарақ- туруқ қилиб очилиб Қудрат кириб келади.

Қудрат: – Ассалому алайкум, жамоа! Оҳ-ҳов, зўр-ку! (Тоҳирга қараб) Бу дейман ташқарида Жеебб (Жип демоқчи) машинаси турибди. Чатоқсиз, бойбича, чатоқсиз! Хўш, демак (У Тоҳирга разм солиб, уни айланиб ўтади) Хўш, пул тайёрми? Ваъдага вафо деб келавердим...

Тоҳир: – (Ижирғаниб Қудратга қарайди... Сўнг опасига қараб) Ким бу? Нима деб валдираяпти?

Қудрат: – ( Кинояли жилмайиб) Биз валдирамаймиз.

Шабнам: – (Ерга қараб) Бу ҳалиги қўшнимиз....

Қудрат: – (Киноя билан) Исмимиз Қудрат. Ўзлари ким бўладилар?

Тоҳиржон: – Ишингиз бўлмасин.

Қудрат: – (Бош чайқаб) Ҳай, ҳай, каттажон! Узр. Майли, ишимиз бўлмаса, бўлмабди-да. Бойбичанинг ҳалиги бизнестўра эри томорқасини сотган. Шунинг пулини сўраб келдим.

Тоҳиржон: – Аблаҳ!

Қудрат: – Ким аблаҳ? Менми ё анави Руссиядаги бизнестўрами?

Тоҳиржон: – Икковинг ҳам!

Қудрат: – Ҳой-ҳой, биз бу ерга ҳақорат эшитиш учун келмадик. Ҳаққимизни талаб қилаяпмиз, хаққимизни, Жеббингизнинг балонига қурбон бўлай!

Шабнам: – Тоҳиржон, сен аралашма. Майли, ер сизники, сим тортасизми, девор урасизми, хоҳишингиз!

Тоҳиржон: – Сенга қанча пул керак?

Қудрат: – (Жонланиб) Ўн миллион!

Тохиржон: – Яхши, юр орқамдан! (Уни эргаштириб чиқиб кетади)

Шу пайтгача гўёки ҳеч нарсани эшитмаган каби супада ўз иши билан андармон бўлиб ўтирган Ойдин момо тилга киради:

Момо: – Болам, уканг келдими?

Шабнам: – Ҳа, эна! Укам келди.

Момо: – Обкетаман деяптими? Яхши бола экан! Бирга кетсанг яхши бўларди, болам... Сен мени деб бунчалар азобланма! Уйингга, ота-онанг олдига қайтсанг яхши бўларди, болам.

Шабнам: – (Оғриниб) Менга бошқа бундай деманг ,эна! Ҳеч бўлмаса Сиз азобламанг, эна. (Шабнам саҳна ўртасида йиғлаб юборади...)

Шу маҳал Қудрат югуриб келади-да, Шабнамга таъзим қилиб дейди:

Қудрат: – (Таъзим билан) Қойил, бойбича! Ҳал бўлди. Кўкидан.

Қудрат ирғишлаб саҳнадан чиқиб кетади. Саҳнага Тоҳиржон киради. Шабнам ўрнидан туриб укасига ҳолсизланган овозда:

Шабнам: – Раҳмат, укажон! Бир куни қайтараман!

Тоҳиржон: – Қўйсанг-чи, опа! Демак, шу ерда...

Шабнам: – Ҳа, Тоҳиржон! Мен мана шу ерда ўз кунимни кўраман...

Улар бир-бирига термулиб туришади.

Тоҳиржон: – (Опасининг бошини силаб) Сендан хабар олиб турсам майлими?

Шабнам: – (Йиғлаб) Майли, Тоҳиржон, майли.

Тоҳиржон: – Бўпти, келаси ой келаман.

Шабнам: – Раҳмат, укажон.

Тоҳиржон опаси билан хайрлашиб чиқиб кетади. Шабнам саҳна ўртасида елкалари силкиниб йиғлайди. Бир нуқтага тикилиб қолади.

Олтинчи Саҳна

Туман ҳокимининг қабулхонаси. Стол-стул. Юмшоқ ўриндиқ. Ўриндиқда столга кўксини тираб ўтириб компьютерда нималарнидир ёзаётган сипо ва расмий кийинган, мақсад-муддаоси раҳбарлик шоҳсупаси-ю, унинг ҳавосидан тўйиб баҳраманд бўлиш учун жон-жаҳди билан тирмашган ёш йигитчалардан бири, яъни туман ҳокимининг ёрдамчиси ёнидаги столда қатор териб қўйилган, бири қўйиб бири тинимсиз жиринглаётган беш-олтита телефонга узлуксиз жавоб бераяпти. Ёнидаги кичик столдаги ўша беш-олтита телефон навбатма-навбат тинимсиз жиринглайди.

Йигитча: – (Қизил телефон гўшагига) Айтдим-ку, бандлар. Билмадим. Йўқ, мен билмайман. Муовинга учрашиб кўринг.

Яна телефон жиринглайди. Бу галгиси қораси.

Йигитча: – (Қора телефон қўлида.) Ҳа, бандлар. Эртага келинг.

Яна телефон жиринглади: (Бу галгиси сариқ телефон) – Ассалому алайкум, Тўра Ботирович! Ҳозир улайман, Тўра Ботирович! (Ҳоким билан боғлайди) – Алло, Замон Ашрафович сиз билан Тўра Ботирович гаплашмоқчилар, улайми? Хўп бўлади! Алло, Тўра Ботирович, хўжайин алоқадалар, гаплашинг! (Сўнг табассум билан қўлларини бир-бирига ишқаб ўтиради. Яна телефон жиринглайди.)

Йигитча: – (Хўмрайиб) – Йўқлар! Йўқ, ишдамаслар! (Тарақлатиб трубкани қўяди. Телефон яна жиринглайди.)

Йигитча: – (Шартта қора телефонни қўлига олиб) – Алло! Эй сизмисиз? Қаерда юрибсиз? Хўжайин сўрадилар. Шамолдай учиб келинг! (Яна телефон жиринглайди. Бу галгиси қизил телефон) У киши бандлар! Банд, вассалом! Эртага телефон қилиб кўринг!

Сўнг Шабнамга қарайди

Йигитча: – Опа, сизга нима керак?

Шабнам: – (Ўрнидан туриб, бироз ноқулай ҳолатда) Менга... ҳоким керак эдилар.

Йигитча: – (Мийиғида кулиб, менсимай) Нима масалада?

Шабнам: – Кредит масаласида!

Йигитча: – (Бепарво) Ундай бўлса, банкка боринг! Кредитни банк ҳал қилади!

Шабнам: – ( Энди ўнғайсизланиб) Тўғри. Лекин...

Йигитча: – Лекин-пекини йўқ. Ҳоким сизни қабул қилолмайди. Бугун кабул куни эмас. Сизнинг масалангиз бевосита ҳокимга тааллуқли эмас.Тегишли идораларда ечилади.

Шабнам: – Тегишли идораларда ҳал қилиб беришмаганликлари учун ҳам бу ерга келдим.

Йигитча: – Кутишингизга тўғри келади.

Шабнам: – Бир кун ҳам, бир соат ҳам кутолмайман. Шароит шуни тақозо этаяпти.

Шу вақт кабинет эшиги очилиб, қабулхонага Замон Ашрафович кириб келади.

Шабнам: – (Шошиб) – Ассалому алайкум, Замон Ашрафович! Мен сизнинг қабулингизга келгандим. Мен Шабнам Мардоноваман. Касбим иқтисодчи. Бизнес режаларим бор эди. Ярим йилдан буён бу масалани тегишли идораларда ҳал қилиб беришмаяпти. Илтимос, мана шуларни бир кўриб чиқсангиз. Менга ёрдам берсангиз.

Замон Ашрафович: – Қани, менга беринг-чи. Биласизми, Шабнам, мен ҳам иқтисодчиман. Бугун кечқурун тадбиркорликни ривожлантириш масаласи бўйича йиғилишимиз бор эди. Сиз ҳам келинг. Шу ерда фикрлашамиз.

Шабнам: – Раҳмат сизга, Замон Ашрафович!

Замон Ашрафович: – Сизга раҳмат, Шабнам! Режалар тузиб, қишлоқ шароитини яхшилаб, туман иқтисодига ҳисса қўшаман деб турибсиз. Бунинг учун сиздан миннатдор бўлиш керак. Бугун кечқурун йиғилишда кўришамиз.

Еттинчи Саҳна

Туман ҳокими қабулхонаси ёки шунга ўхшаш хона. Ҳоким банкир, молиячи, ўз ўринбосари билан мажлис ўтказаяпти. Шабнам ҳам шу ерда.

Замон Ашрафович: – (туман ҳокими ўринбосарига қараб) Сиз Мардонова Шабнамнинг иш режасидан хабардормисиз?

Ҳоким ўринбосари: – Йўқ.

Замон Ашрафович: – (Банкирга қараб киноя билан) Бироқ манави жаноб хабардор. Олти ойдан бери бўлажак тадбиркор бу кишининг идорасига қатнайвериб, умидини узиб бўлган. Шундайми?

Банкир: – Мен... Мен... Ҳалиги

Замон Ашрафович: – Довдираманг, қачонгача кўриб чиқасизлар? Мамлакатимизга тўсиқ бўлаётган сансоларликка чек қўйилаётган бир пайтда тадбиркор мурожаатини кўриб чиқиш шунчалик қийинми? Одамда инсоф бўлиши керак. Ишни эплай олмасангиз топширинг. Одамларни сарсон қилиш, уларга нисбатан хиёнат, керак бўлса жиноят. Шуни биласизми? Қани, Мардонова, бизнес режангиз билан бизларни таништиринг.

Шабнам: – Замон Ашрафович! Спорт мактаби ёнидаги жарликка кўзингиз тушгандир... Қишлоқдошларимиз кузда ириб-чириб ётган сабзавотларни тонналаб ана шу жарликкка олиб бориб тўкишади. Чунки Худога шукур, бизда мўл-кўлчилик. Маҳсулот кўп бўлгач, туман миқёсидаги бозорда уни сотишнинг иложи йўқ. Шундай жаннати еримизнинг маҳсулотларини исроф қилсак, уволи тутмасмикан. Ахир шу маҳсулотларни қайта ишлайдиган завод қуриш мумкин-ку! Бундан ташқари боғларимиздан чиқаётган меваларимиз ҳам шу аҳволда.

Замон Ашрафович: – Давом этинг, хўш ...

Шабнам: – Қишлоқ адоғида “Оқтепа” деган тепалик бор. Атрофи поёнсиз узумзор... Тепалик сатҳи 2-3 гектар келади. Тайёр жой, ана шу тепалик сатҳини бир оз текисласак кифоя! Боғдан чиқадиган узумларни йиғиб ёйиб чиқсак, таппа-тайёр офтоби майиз! Ҳаттоки, тепалик ёнида майиз қадоқлаш цехи қуриб қўйсак ҳам бўлади. Бекор ётган жойдан унумли фойдалансак яхши-ку...

Замон Ашрафович: – Демак сиз полиз маҳсулотларини ва мева-чеваларни қайта ишлаб консервация қиладиган кичик завод қуришни таклиф қилаяпсиз, шундайми?

Шабнам: – Ҳа.

Замон Ашрафович: – Яхши, Шабнам, яхши, қани, давом этинг.

Шабнам: – Қишлоқ адоғида узунлиги 30 метр, эни 15 метр келадиган омборхона нураб, тўкилиб ётибди. Бир пайтлар минерал ўғитлар сақланадиган омборхона бўлган. Ана шу омборхонани таъмирлатиб, мато тўқиш цехига айлантирсак дегандим. Тўқийдиган ускуналарни ўрнатиб чиқамиз. Мен ҳисоблаб чиқдим. Омборхона ичида бемалол 5 та ускуна жойлашади. Бу ускуналар деярли ҳамма хонадонда бор. Уни қўлда ясасак ҳам бўлади. Демак, 30-35 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланади. Мато учун керак бўладиган хом-ашё, ипакни маҳаллий шароитда етиштирса бўлади. Қадим момоларимиздан қолган бу матоларнинг хорижда ҳам бозори чаққон.

Замон Ашрафович: – Хўш, гапингиз тугадими? Сизлар нима дейсизлар?

Ҳоким ўринбосари: – (тутилиб банкирнинг ёнини олмоқчи бўлади) Замон Ашрофович! Шабнамхоннинг бизнес режасига кўра винзаводни реконструкция қилиш керак. Бунинг учун катта маблағ керак бўлади. Қолаверса, винзавод яхшигина даромад келтириб турибди.

Шабнам: – Замон Ашрафович! Мени бу режаларни тузишдан мақсадим, одамларни иш билан таъминлаш. Қанчадан-қанча иқтидорли юртдошларимиз ўз Ватанини ташлаб бошқа юртларга иш қидириб кетмоқда. Агар режаларим амалга ошса, уларни шу ерда иш билан таъминлаган бўламиз. Завод келтирадиган фойда ҳам яхши бўлади.

Замон Ашрафович: – (Шабнамга қарата) Шабнам, сизга албатта ёрдам берамиз. Демак, маблағ топиш керак. Ўрол Сафарович, тушундингизми?

Ҳоким муовини: – Режага киритиб иш бошлаймиз.

Замон Ашрафович: – Табриклайман сизни, Шабнам, ишни бошлаймиз. Бир ҳафтадан кейин менга ҳисобот берасизлар.

Саккизинчи Саҳна

Россия. Москва. Иринанинг офиси. Ўзига хос анжомлар билан тузатилган офис.

Ирина: – Қодир, сенга топшириқ бор! Ҳозир Славик билет олиб келади. Тошкентга учасан. Аэропортда сени Вадим билан ҳалиги ўзбек ҳамкоримиз кутиб олишади, биз олишимиз керак бўлган заводни қўлдан чиқиб кетиш хавфи борга ўхшаб қолди.

Қодир: – Ҳаммаси яхши бўлади. Завод қўлдан чиқмайди.

Ирина: – Кўрамиз... Сен заводнинг қаерда жойлашганидан ҳам хабаринг йўқ. Ҳамкорларимизни ҳам билмайсан. Кўзинг кўр, қулоғинг кар! Яна ҳаммаси яхши бўлади дейсан...

Қодир: – Ҳечқиси йўқ. Ўзбекистонга боргач билиб оларман.

Ирина: – Гапнинг қисқаси, ўша ҳудуд маъмурияти ўзгариб, янги раҳбарлар келибди. Шерикларимизнинг думини тугишибди. Демак, ўзбеклар билан қилинадиган иқтисодий алоқаларга қонун аралашмоқда. Қонун аралашдими, даромаднинг чўғи пасаяди. Тушундингми?

Қодир: – Тушундим.

Ирина: – Тушунган бўлсанг яхши... Мана бу заводнинг манзили. Мана бу қилиниши керак бўлган ишлар режаси. Танишиб чиқ. Нега жимсан? Борасанми?

Қодир: – Бораман, албатта бораман.

Ирина: – Фақат ақл билан иш тут. Бу дейман, ўзбеклар ҳам бизнес, тадбиркорликнинг сирини билиб олибдиларми? Ўша заводни бир ўзбек аёли олиб ишлатмоқчи эмиш. Тасаввур қил, ўзбек аёли завод эгаси. Бизнесмен!

Қодир: – Бунинг нимаси кулгили?

Ирина: – Ўша аёлни нима қилиб бўлса ҳам кўнглини олиш керак. Йўлини топ! Вадимга айт. Қурумсоқлик қилмасин. У аёл мен таклиф қилган пулни эшитса, рози бўлади. Бўпти. Омадингни берсин. Тўхта! Яна бир гапим бор!

Қодир: – Нима дейсан?

Ирина: – Тўғрисини айт, ичингдагини яширма. Барибир кўзларинг айтиб турибди.

Қодир: – Нимани?

Ирина: – Сен ўзгариб қолгансан... Анавинг келиб кетгандан бери ўзгаргансан.

Қодир: – Гапинг шумиди?

Ирина: – Хотининг келиб, бир бало қилиб кетди сени. Сезиб турибман, мендан ... кўнглинг совиган.

Қодир: – Қўйсанг-чи шу гапларингни.

Ирина: – Мен сени яхши кўраман, Қодир. Анавилар шаҳарнинг қоқ марказида ўзбекча миллий ресторан очиш учун тўлаган пулларингни тортиб олиб, ўзингни чалажон қилиб ташлаб кетганида ҳам, бир ярим йил касалхонада даволаниб ётганингда ҳам, хотининг эмас, мана мен турганман ёнингда.

Қодир: – Ўша ярамаслар мени синдиришмаганида, аллақачон бизнесим юришиб кетарди! Мени даволаганинг уларнинг қўлидан қутқариб қолганинг учун, мана беш йилдирки, сендан бир чақа ҳам сўрамадим. Ҳатто уйимга ҳам бир тийин жўнатмадим.

Ирина: – Ҳа, мендан ҳеч нарса сўрамадинг. Сен гўёки ўз ҳаётинг учун менга бож тўладинг. Чунки сен... жудаям мағрурсан. Қодир, мана шунинг учун ҳам сени яхши кўраман.

Қодир: – Мен ҳам сени яхши кўраман, Ирина. Қилган яхшиликларинг эвазигагина эмас, мендек синиб бўлган одамнинг кўнглига нур бера олганинг учун ҳам яхши кўраман.

Ирина: – Мен сенга ишонаман, Қодир! Агар анави завод муаммосини ҳал қилсанг, ҳаммаси бошқача бўлади. Сенга ресторанимни бераман. Ўзинг юргизасан... Бизнесни мендан кам тушунмайсан... Жуда катта даромадга эга бўласан... Кейин оилангга ҳам яхши бўлади. Шунча йил тортган азобларинггга чек қўйилади.

Қодир: – Хавотир олма, қолган гапни қайтиб келганимда гаплашамиз.

Ирина: – Қодир, кўнглим сезиб турибди. Сен энди... Қайтиб келмасанг керак...

Қодир: – Қўйсанг-чи, нега ундай дейсан?

Ирина: – Билмадим, билмадим. Сенга қаттиқ боғланиб қолганман. Қайтиб келмасанг... мен нима қиламан?

Қодир: – Ҳаммаси яхши бўлади.

Қодир Иринани қучади. Улар бир зум бир-бирига термулиб туришади.

Тўққизинчи Саҳна

Ойдин момонинг ҳовлиси. Яна ўша манзара. Ойдин момо супада ўтирибди. Нимадир тақиллайди. Ойдин момо ҳушёр тортиб қараб қолади. Атрофга синчиклаб қулоқ тутади. Саҳнага худди ўғри каби Қодир кириб келади. У онасининг ўзи томон қараб турганини кўриб, жойида тўхтаб қолади. Кампир сўниқ нигоҳлари билан у томонга қараб турибди.

Ойдин момо: – Ҳой ким келди? Ҳовлида ким бор? (Қодир тўхтаб турган жойида тахта бўлиб қотиб қолади) – Ким у? (Қодир турган жойида онасининг кўр бўлиб қолганини сезади. Ортига бир-икки қадам тисланади)

Шу пайт ҳовли эшиги томонидан нимадир тарақлайди. Кимнингдир жаҳл билан бақиргани эшитилади. “Туш олдимга, қани юр, сендай боланинг боридан йўғи яхши, номард!” Қодир шошиб қолади ва ҳовлидаги сават ортига бекиниб олади. Саҳнага қўлида таёқ, ўғли Қудратни олдига солиб Чори бобо кириб келади. Бобо ўғлига таёқ ўқталади.

Чори бобо: – (Ўдағайлаб) Юр! Тез-тез юр! Сендай нокас ўғилнинг боридан йўғинг яхши.

Қудрат: – (Бироз тисланиб) Ота, қўйинг, ота! Айтдим-ку, керак эмас деб! Мана! (Қўлидаги тугун халтани супага қарата отади. Бу Шабнамдан олиб кетилган елим халтадаги пул) Ота, энди қутулдимми?

Чори бобо: – (Ғазабланиб, супада ўтириб нима бўлаётганини англаб-англамаган Ойдин момога боши билан ишора қилиб) – Момонгдан кечирим сўра, бола! Сўра кечирим.

Ойдин момо: – (Аланглаб) Нима гап? Нима бўлди. Чори бобо, сизми? Тинчликми?

Чори бобо: – (Ўкиниб) Тинчлик бўлса шу ерга келармидим. Қариганимда манави бўйнинг узилгур шарманда қилиб ўтирибди-да, Ойдин момо! Нимасини айтай. (Бобо супага ўтиради. Қудрат ҳовли ўртасида сўппайиб, ерга қараб турибди... Бобо энди ўғлига қарата) Нега қоққан қозиқдайсан! Тили забонинг танглайингга ёпишмаган бўлса, момонгдан кечирим сўра! Ҳой, Қудрат, нега гарангсийсан?

Ойдин момо: – (Нима гаплигини англаб) Қўйинг, Чори бово, уришманг? Қудратингизда айб йўқ, айб менда... Менинг боламда. Қудрат нима қилсин? Бизниям аҳволимизни танг қилган менинг болам, олисларда саргардон болам айбдор.

Қудрат: – (Тутилиб) Мени кечиринг, момо! Тавба қилдим, момо! Пулингиз ҳам, ерингиз ҳам керакмас, момо! (Кўзига ҳам ёш олади...) Фақат қарғаманг, оғринманг, момо, тавба қилдим! Ўша кундан бери ҳаловатимиз йўқ. Кенжа болам ўрнидан туролмай қолди. Ёш болакайнинг алаҳсигани ёмон бўларкан! Иситмаси тушмаяпти, момо! Қарғиш боламни уриб кетмасин, момо!

Чори бобо: – (Уф тортиб) Ойдин момо, бу гўрсўхтани кечиринг, момо! Харом-хариш билан ҳалолнинг фарқига бормай қолишган булар...

Ойдин момо: – (Қўлини силтаб) Ҳай-ҳай, Чори бово! Ундай деманг! Мен ҳеч кимни қарғамадим. Қарғамайман ҳам. Менинг ўзимни Худо қарғаб, Худо уриб қўйибди. Йўқса тойдай тосирлаган болам ит изғимайдиған ерларда элдан чиқиб, дину диёнатдан чиқиб гулдай хотинини ташлаб, ғунчадай қизини хору зор қилиб санқиб, сандироқлаб юрармиди, Чори бово! Мени бировни муҳокама қилиш, бировни қарғашга ҳолим борми, Чори бово! Қарғасам мен ўзимни қарғайман, Чори бобо...

Чори бобо: – (Ўйчан...) Ундай деманг, Ойдин момо, ундай деманг!

Қудрат: – (Супадаги пул солинган елимхалтани олиб Ойдин момонинг ёнига қўяди) Мана, моможон! Кечиринг, мени шайтон йўлдан урди, момо!

Ойдин момо: – (Синчковлик билан) Қудрат, Сен ҳам менинг боламни, Қодирни қарғама, Қудрат! (Қудрат чолнинг ёнига ўтиради)

Чори бобо: – (Ойдин момога ачиниб қараб) Ҳей, Ойдин момо, Ойдин момо! Ёшлигимизда не бир азоб-уқубатларни кўрмадик-а? Бир бурда зоғора нон учун ишлардик – ўрни ўриб, қирни қирардик.

Ойдин момо: – Нимасини айтасиз!

Чори бобо: – Бугун, шу дейман одамлар орасида оқибат кўтарилаяптими дейман! Эсингиздами, эналаримиз болалигимизда хирмон бошига етаклаб борарди. Оталаримиз урушда, биз оч. Шундай пайтда раисимиз эл оқсоқоли Ориф бово, жойи жаннатда бўлсин, охирати обод бўлиб, гўри нурга тўлсин, хуллас, шу Ориф раис раҳматли энамга, қишлоқ аёлларига айтаркан, шу ўзларинг ҳам, болаларинг ҳам хирмонга оёқларингга нисбатан икки-уч размер катта калиш кийиб келинглар, болаларинг ўзларингнинг калишларингни кийсин деркан... Сабаби катта калиш билан хирмон ораласанг, калиш ичига дон кириб қоларкан... Уйга қайтишаётганда биров текшириб ўтирмаскан... Ўша калишларда қолган донни кечқурун эналаримиз уйда дастурхонга тўкиб, бола-бақрага қурмоч қилиб бераркан. Ҳеей, не-не замонлар ўтди-да. Худога шукр, бугун қаранг, тинч-хотиржамлик, тўкин- сочинлик... Фақат осонни ости, енгилнинг устидан ўтмай ишлаш керак. Кўнглингизга келмасину, мана шу томорқангиз ҳам (Қудрат шу пайт безовталаниб отасига қарайди...) Бемалол уч-тўрт рўзғорнинг қозонини қайнатади.

Ойдин момо: – Шунга куяман-да... Уйингда имконинг бўп туриб, аллақаерларда изғиганинг нимаси?

Чори бобо: – (Қудратга қараб) Биздикиям шу! Аллақаерларга йўртгани йўртган.

Қудрат: – (Норози оҳангда) Ота... Ота!

Ойдин момо: – Ҳа, энди боладан ёлчимасак қийин экан... Элдан чиқиб қоларкансан!

Чори бобо: – Гапингизда жон бор! Элнинг дуоси яхши-да! Эл суйганни Худойим ҳам қўллайди. Гап келди, айтай, ўшандай оғир қаҳатчиликларда элдан дуо олган раҳматли Ориф раиснинг икки дунёси обод бўлди. Болалари тагли-тугли. Бир ўғлини бутун мамлакат танийди. Қаҳрамон бўлди. Ўзбекистон Қаҳрамони! Кўпнинг дуоси кўл деб шуни айтадилар-да...

Ойдин момо: – Гап сотиб ўтирганимни қаранг! Чори бобо, кўзим шуйтиб қолди... Қани, дастурхонга қаранглар...

Чори бобо: – (Хижолатли ҳолатда) Дардини берган Худойим шифосини ҳам беради. Энди биз қайтсак! (Қудратга қараб) Энди, бу, адашган болани кечирдингизми?

Ойдин момо: – Кечирдим. Кечирмай ўлдимми?

Қудрат: – Раҳмат, момо, раҳмат.

Чори бобо: – (Дуога қўл очиб) Омин, Оллоҳни ўзи асрасин. Қодир болангиз ҳам эсон-омон келиб, Сизни бағрига олсин, суянч бўлсин! Оллоҳу Акбар.

Ойдин момо: – (Фотиҳа ўқиб) Айтганингиз келсин!

Саҳнага югиргилаб Шабнам кириб келади. Хурсанд-хушчақчақ... Кампирни бориб қучади...

Шабнам: – (Ҳовлиқиб) – Эна, энажон! Жоним энам!

Кампир: – (Ҳайрон ҳолатда) Ҳа... Нима бўлди. Нима бўлди, қизим.

Шабнам: – Эна, энажон! Энажоним, зўр иш бўлди. Кредит олдим. Завод ўзимизда қоладиган бўлди. Кейин ҳалиги тўқув дастгоҳини ҳам ишлатамиз. Қишлоқ аёллари ишли бўлади, эна! Заводга ёшларни жалб этамиз. Энажон, ҳали кўрасиз, кўзингизни ҳам даволатаман. Яхши дўхтирларга олиб бориб кўрсатаман, эна!

Момо: – (Шабнамни эркалаб) Айланай, она қизим, барака топ. Менинг сендан, набирам Дилдорамдан бошқа суянчиғим қолмаган. Шулар эл-юрт корига яраса бас... Ҳой қизим (Шабнамга қарата) Неварамдан хабар борми?

Шабнам: – Набирангиз Тошкентда. Мусобақага қатнашаяпти. Энажон, кечиринг, сизга айтмагандим. Хавотирланасиз деб ўйлагандим, эна. Бутун қишлоқ кузатиб турибди, эна. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, энажон!.

Ўнинчи Саҳна

Тун маҳали. Қоронғилик. Супада Шабнам телевизор кўриб ўтирибди. Телевизорда спорт ўйинларидан лавҳа берилаяпти. Ҳовли эшиги тақиллайди.

Шабнам: – Ким у? Ким?

Ташқаридаги овоз: – (Қудратнинг овози) Менман, бойбича, эшикни очинг!

Шабнам: – Алламаҳалда нима қилаяпсиз? Яна нима керак сизга?

Қудратнинг овози: – Очинг-е, бойбича, очинг, гап бор!

(Эшик баттар тақиллайди. Шабнам супа томонга қараб кампир уйғониб қолмасин деб хавотирланиб қарайди.)

Шабнам: – Ҳозир.

Қудрат: – Асс... Асс... Ассалом, бойбича!

Шабнам: – Тинчликми, нега бунча пишнайсиз?

Қудрат: – Пишнайманми, кишнайманми, сизга зўр янгилик бор ... Ташқарига юринг.

Шабнам: – Қайга борамиз? Ҳозир телевизор кўриб ўтирибман. Бир оздан сўнг мусобақани кўрсатишади.

Қудрат: – Мусобақадан кўра зўр янгилик бор.

Ноилож қолган Шабнам унга эргашади. Улар Қудратнинг ҳовлисига ўтишади. Нураган девор.

Қудрат: – Ана, кечадан бери сомонхонада ўтирибди. Икки кўзи ҳовлингизга қадалган. Охири, Шабнамни чақириб келинг, деди.

Шабнам нураган деворга суяниб турган қора шарпага қарайди. Ўша ёққа юради. Кейин бирдан тўхтаб қолади. Ортига тисланади. Оғир мусиқа. Ҳалиги шарпа ҳам ўрнидан туради.

Шабнам: – (Оҳиста) Келдингизми, Қодир ака!..

Қодир: – (Шабнамга қараб юриб) Шабнам! Шабнам!.. Мени кечир... Мен номардни кечир... Менинг юзим йўқ, юзим йўқ, Шабнам! Энамнинг кўзини кўр, қизимни етим қилган, сени хўрлаган дайдиман, Шабнам.

Шабнам: – (Йиғлаб) Қодир ака, ундай деманг! Мен Сизни қайтишингизни билардим. Сиз ўзингизни ўзингиз айбладингиз, ўзингизни ўзингиз кечирмадингиз. Лекин мен Сизни билардим...

Қодир: – (Ўкинч билан Шабнамга қараб туради. Саҳна нимқоронғусида икки шарпа бир-бирига қараб турибди) – Шабнам, мен ўзимни кечиролмайман! Мен энди ҳеч кимга керакмасман, Шабнам! Ҳа, ҳатто Сенга ҳам! Қизимизга ҳам! Онамга ҳам! Ҳа, ҳатто ўзимга ўзим керакмасман. Мен ҳаётни бой бердим.

Шабнам: – (Унга яқинлашиб) Йўқ... Йўқ! Сиз яна ўзингизга ўзингиз ҳукм ўқияпсиз. Сиз, Сиз менга, оиламизга кераксиз, Қодир ака! Мен ҳаммасини тушунаман, Қодир ака! Сизнинг ниятингиз, мақсадингиз яхши эди, бироқ, мақсадга борар йўлда адашдингиз. Буни тузатса бўлади. Мен Сизни соғинганман, Қодир ака... (Ерга тиззалаб чўкиб ўтириб олади... Уввос тутиб йиғлайди. Қодир ҳам келиб унинг қаршисида тиззалаб ўтириб олади ва улар шу ҳолатда бир-бирини қучишади.)

Қодир: – (Титраб) Мени кечирдингми, Шабнам?

Шабнам: – (Титраб) – Ундай деманг, Қодир ака! Ундай деманг. Сиз яхши одамсиз, Қодир ака!

Қодир: – (Ўкинч ва ҳаяжонли ҳолда) Сен менинг зимистон дунёмни ёритдинг, Шабнам!

Шабнам: – (Эркаланиб) Бу дунёда ҳар бир одамнинг қуёши бўладими?

Қодир: – (Уни қучиб) Ҳа... Ҳар бир одамнинг ўз қуёши бор! Менинг қуёшим Сен! Менинг қуёшим уйғонди, Шабнам! Уни Сен уйғотдинг.

Мусиқа янграйди. Шу пайт саҳнага шаталоқ отиб, шайтонлаган ҳолда, қўлларини ҳавога силкитиб, бақириб-чақириб Қудрат кириб келади. Шабнам билан Қодир ўрнидан туриб, ҳайрат билан бир-бирига суяниб туришади.

Қудрат: – (Бақириб хурсанд ва ҳушчақчақ ҳолда) Оҳ-ҳо-ҳай! Чемпион бўлдик! Яшасин... Қойил...Чемпион бўлди. Қизларинг... Сизнинг қизингиз Дилдора чемпион бўлди!.. Нега қоққан қозикдай турибсизлар! Дилдора чемпион бўлди... Ана, телевизорни кўринглар! Яшасин Дилдора!..

Қодир билан Шабнам кутилмаган бу хабардан жойида бир лаҳза серрайиб туришади-да, мажолсизланиб деворга суяниб ўтириб қолишади.

Шабнам: – Дадаси, қизингиз чемпион бўлди!...Энди армоним йўқ, Кодир ака! Худога шукур, ўзингиз бизга эгалик қилинг, қизингизга, онангизга, оилангизга эга бўлинг, Қодир ака!..

Қудрат яна ҳушчақчақ ҳолда саҳнадан чиқиб кетади. Улар яна серрайиб, бир-бирига қараб туришади. Шу маҳал югурганча саҳнага Қудрат Ойдин момо билан кириб келишади.

Момо: – (Қоқиниб-суриниб) Болам!.. Келдингми, болам!..

Қодир: – Энажон.. Мени кечиринг, эна...

Қодир сўқир энасининг кўксига бош қўйиб йиғлайди.

Ўн Биринчи Саҳна

Ясаниб кийиниб олган Шабнам, Қодир, Ойдин момо, Қудрат, Чори боболар янги қурилган дастгоҳ олдида туришибди. Ҳамманинг кайфияти кўтаринки. Ҳамма қарсак чалади.

Чори бобо: – Қойилман, қизим, барака топ! Анави ипак ўрамини чапдаги ғалтакка боғласанг яхши бўлади, дастгоҳнинг ўқини озроқ пастга туширинглар. Ана шундай. Биринчи йўлдан қизил ипни қўйинглар. Ҳа, яшавор!

Шабнам: – (Завқланиб) Бу дейман, дастгоҳни ишлатиш ҳалиям ёдингизда экан-да, Чори бобо!

Чори бобо: – Раҳматли бобомнинг олдида пилдираб юрардим-да. Ўшанда олти-етти ёшли бола эдим. Қаранг, барибир ёдимда қолибди.

Шу маҳал саҳнага уст-бошига спорт кийими кийиб олган Дилдора кириб келади. У югуриб келиб онасининг бўйнидан қучиб олади. Она йиғлаб қизини бағрига олади.

Дилдора: – (Ҳаяжонда) – Ойижон! Сизни соғиндим, ойижон

Шабнам: – (Кўз ёш тўкиб) Мен ҳам! Табриклайман қизим!

Дилдора: – Раҳмат, ойижон! (Яна онасининг бўйнига осилади)

Шу пайт Дилдора чопиб бориб кампирни ҳам қучади

Дилдора: – Моможон, жоним момом! Сизни яхши кўраман, момо!

Момо: – (Дилдоранинг юз-кўзларидан тинимсиз ўпиб) – Болажоним, Дилдора болам! Келдингми? Келдингми, болам!

Шу пайт саҳнадаги Қодир ўнғайсизланади, ўз ҳаяжонини яширолмайди. Кўзига ёш келиб, қизи томон юради. Қизи ҳам отаси томон қараб тош қотиб туради. Сўнг бор овозда чинқириб юборади.

Дилдора: – Отажоним! Отажооониим! (Дилдора югуриб бориб ўзини отасининг бағрига отади. Орага жимлик чўкади. Замон ҳам бир оз сукут сақлайди. Сўнг.)

Замон Ашрафович: – (Бағрини очиб) Қодиржон, қўйворинг! Қизимни мен ҳам қутлай! (Отаси бағридан базўр бўшаган Дилдорани бағрига босади.) Табриклайман, Дилдора! (Сўнг саҳнага қарата) Хўш, ҳаммаси тайёрми? Бошлаймизми? Қани, эна, битта дуо килинг!

Ойдин момо: – Умрларингдан барака топинглар! Ризқи насибаларинг мўл бўлсин. Бошлаган ишларингни роҳатини кўринглар. Бу тўқув дастгоҳи менинг ота-боболаримдан қолган. Вақти-соати келиб, неча йилдан бери ёруғлик кутиб ётган дастгоҳлар ишлай бошласа, ажлодлар руҳи ҳам шод бўлади.

Замон Ашрафович: – (Қатъият ва ишонч билан завқланиб) Раҳмат, Шабнамхон! Раҳмат, ҳаммангизга ташаккур! Эзгулик йўлида қўйилган қадам барибир хайрли бўлади! Ўзингиз кўриб турибсиз! Тўғри йўл туташган манзил чароғон бўлади! Оддий, ўзбекона, содда ва соф фалсафанинг нечоғлик ҳаётийлигига сизлар, бутун қишлоқ, туман аҳли гувоҳ бўлиб турибди. Халқимизда бир асл гап бор: “Бирники мингга, мингники туманга” деган. Бу гап бежиз айтилмаганига бугун гувоҳсизлар. Ҳаётдаги исботини кўриб турибмиз.

Шу ёруғ ният, шу ёруғ ўй билан озод Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилаяпсиз.

Ватан! Ватан аслида мана шу ердан, ҳа, мана шу уй, мана шу остонадан бошланади. Халқнинг жипслиги, халқнинг аҳиллиги эса мана сиз каби содда ва самимий инсонларнинг ҳамкорлиги, бир ёқадан бош чиқариб эзгу мақсад йўлида бирдам ва бардам бирлашишидан бошланади.

Шундай экан, шу Ватан эртаси йўлида қилинган ҳар бир ишнинг ўзи бугунги кунда чин маънодаги қахрамонликдир. Ватан боғида бир туп кўчат эккан инсон тўғри маънода қаҳрамондир. Ватаннинг мустаҳкам иморати учун сидқидилдан бир ғишт қўйган инсон ҳам қаҳрамондир. Барча буюк ишлар ана шундай қаҳрамонликлар эвазига амалга ошади. Эзгуликнинг эса катта-кичиги, эрта-кечи бўлмайди!

Бизга ҳеч ким ҳеч қачон ташқаридан келиб, биз хоҳлаганимизчалик ҳеч нарсани яратиб, бунёд этиб бермайди. Биз нимага эришсак ўз кучимиз билан эришамиз. Ақл-идрокимиз, ўз меҳнатимиз эвазига эришамиз. Чунки Ватан биз билан! Биз ўз уйимизни обод қилсак, демак Ватанимизни обод қилган бўламиз.

Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл берилганлиги эса, улкан тарихий бунёдкорлик ва тараққиётга ҳар биримизнинг дахлдор эканлигимизни кўрсатади. Улуғ соҳибқирон бобомизнинг бир гапи бор: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”.

Шундай ҳақиқатни англаган ҳар бир кишининг юрагида Юртбошимизнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз. Биз ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!” деган қатъиятли, ўтли даъватлари акс-садо бериб туради.

Раҳмат, Шабнамхон! Ҳаммангизга ташаккур! Бугун сизлар бунёдкор халқнинг бунёдкор вакиллари сифатида ўзингизни намоён қилдингиз! Раҳмат!