OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРабиндранат Тагор
Асар номиДалия (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Бенгал адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Рабиндранат Тагор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Далия (ҳикоя)
Рабиндранат Тагор

Урушда қаттиқ мағлубиятга учраган шоҳ Шужа, Аврангзеб таъқибидан қўрқиб, бошпана излаб Аракан рожаси ҳузурига қочиб келишга мажбур бўлди. Унинг уч соҳибжамол қизи ҳам ўзи билан бирга эди. Аракан рожаси уларни ўз ўғилларига олиб бермоқчи бўлди. Буни эшитиб шоҳ Шужа жуда ғазабланди.

Шундан сўнг, бир куни Аракан рожасининг фармони билан Шужа ва унинг қизларини алдаб қайиққа ўтқиздиларда, дарёнинг ўртасига олиб келиб, ғарқ қилмоқчи бўлдилар.

Ўлим ҳавфидан даҳшатга тушган ота кичик қизи Аминани ўз қўли билан дарёга отиб юборди. Катта қизи ўз-ўзини ҳалок қилди. Ўртанча қизи Жуликхани Шужанинг содиқ мулозимларидан Раҳмат Али деган йигит қутқазиб қолди. Шоҳ ўзи шу курашда ҳалок бўлди.

Дарёнинг асов тўлқинларида оқиб бораётган Амина тақдирнинг марҳамати билан бир балиқчининг тўрига тушиб, халос этилди. Балиқчи уни ўз кулбасига олиб бориб, тарбиялаб ўстирди.

Бу орада Араканнинг кекса рожаси ўлиб, унинг ўрнига тахтга ёш ҳоким ўтирди.

I

Бир кун эрталаб кекса балиқчи Аминанинг олдига келиб пўнғиллади:
— Тинни (у ўзининг аракан тилида Аминани шундай атар эди)! Букун сенга нима бўлди? Сен ҳозиргача бирор иш қилмабсан-ку! Тўр ёғланмаган, қайиқ...
— Бобо, — мулойимлик билан жавоб берди қиз, — букун менинг опам келганлар; гап билан овора бўлиб, иш қилолмадим.
— У қанақа опа бўлди тағин?
— Мана мен, — деди Жуликха, гўё ер остидан пайдо бўлгандай.

Чол ҳайрон қолди. Сўнгра қизга яқинлашиб, унинг юзларига тикилганча:
— Сенинг қўлингдан бирор иш келадими?— деб оҳиста сўради.
— Бобо, опам учун мен ишлайман, — деди Ами¬на,— у ишлаб ўрганмаган.

Чол андак жимликдан сўнг Жуликхага қараб:
— Сен қаерда яшайсан? — деб сўради.
— Амина билан.

Чол «бу яна қандай бахтсизлик» деб ўйлади-да, баланд овоз билан:
— Нима билан тирикчилик қиласан? — деди.
— Бунга маблағ топилиб қолар, — деди Жуликха ва бир олтин тангани жаҳл билан балиқчининг юзига қараб отиб юборди.

Амина ердан олтинни олиб чолга бераркан:
— Бобо, бу ҳақда ортиқ гапирманг, ишингизга боринг; вақт бўлди, — деди мулойимлик билан.

Жуликханинг Аминани балиқчи кулбасидан топгунча; эркак кийимида бутун оламни кезиб чиққанини китобхонга тушунтириш учун алоҳида ҳикоя ёзиш керак. Бу орада унинг халоскори Раҳмат Али ҳам Аракан рожасига хизматга кириб олган эди.

II

Дарё бир маромда тўлқинланиб, секин оқиб борар, ёзнинг салқин шабадаси оҳиста эсиб кайла дарахтининг қизғич япроқларини тўкарди.

Дарахт тагида Жуликха билан Амина ўтирарди.
— Худо биз опа-сингилларни отамизнинг ҳалокати учун қасос олсин, деб халос этди. Бунга бундан бошқа сабаб йўқ, назаримда — деди Жуликха.

Амина бўлса қорайиб кўринган ўрмон тарафига назар солиб, секин гапирарди:
— Опа, бу гапларнинг нима ҳожати бор? Мен, олам қандай бўлса, уни шу туришича севаман. Агар одамлар ўлишни истаса, қўйинг, бир-бирларини ўлдириша берсин. Менга шу ернинг ўзи ҳам жуда яхши.
— Оҳ, Амина! Ахир сен шоҳ қизисан! Деҳли тахти ўрнига қандайдир аракан балиқчисининг кулбасида ўтирибсан!
— Агар қизга балиқчи кулбаси билан кайла дарахтининг сояси Деҳли тахтидан кўра маъқул бўлса, бундан тожи тахтга ҳеч қандай зиён етмайди, — кулимсираб жавоб берди Амина.

Бир оз ўйлагач, Жуликха синглисига қараб яна гапирди:
— Сени бунинг учун айблаб бўлмайди, чунки сен у вақтда жуда ёш эдинг. Аммо шуни билиб қўйки, отам сени жуда севарди, шунинг учун ҳам у сени ўзи сувга ташлади. Бундай яшашдан кўра отанинг қўлида ўлиш минг марта афзал. Сенинг ҳаётингдан мурод — отамизнинг ҳалокати учун ўч олиш.

Амина ҳаёлга ботиб узоқларга тикилди. Суҳбат жиддий бўлишига қарамай, уни ҳозир кўпроқ ҳаяжонлантирган нарса салқин шабада, дарахтларнинг кўланкаси, ўз ёшлиги ва яна аллақандай ширин хотиралар эканлиги очиқ сезилиб турарди. Бир оз вақт ўтгач, Амина чуқур нафас олди-да, опасига деди:
— Опа! Сиз бир оз кутиб туринг. Мен уйнинг баъзи юмушларини қилиб қўяй. Агар мен овқат пиширмасам, бобом оч қолади.

III

Жуликха ташвишга тушиб, синглисининг феъл-атвори ҳақида ўйлаб ўтирарди. Бирдан ёнига биров сакраб тушгандай туюлди ва шу ондаёқ кимдир қўли билан унинг кўзларини беркитди. Қўрқиб кетган Жуликха қичқириб юборди:
— Ким бу!

Йигит бу овозни эшитиб, қўлини тортиб олди-да, қизнинг рўпарасига ўтиб турди. Гўё Жуликха ўзини Тинни қилиб кўрсатишга уринган-у, йигит бу ҳийлани пайқаб қолгандек:
— Сен Тинни эмассан! — деб қичқирди қизнинг юзига қараб.

Қиз кўйлагини тузатиб, ғурур билан қоматини ростлаб, йигитга нафрат тўла назар соларкан:
— Сен кимсан? — деб сўради.
— Сен мени билмайсан. Тинни билади. Қани у?

Можарони эшитиб Амина чопиб чиқди. У опасининг дарғазаб бўлиб турганини, йигитнинг саросимада ва ҳайратда қолганини кўриб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Опа, унинг сўзларини кўнглингизга олманг. Шу ҳам одамми? Ахир у ёввойи кийикнинг ўзгинаси-ку. Агар у сизга ножўя муомала қилган бўлса, мен адабини бериб қўяман. Далия, нима қилдинг? — Амина йигитга ўгирилди.
— Мен қўлим билан унинг кўзларини беркитдим. Тинни деб ўйлаган эдим, янглишибман, — деб жавоб берди йигит.
— Ана холос! Унақа ҳаддингдан ошма? — зарда қилди Амина. — Қачон сен менинг кўзларимни беркитиб юрувдинг? Жуда довюрак бўлиб кетибсанми?
— Илгари қилиб юрган бир ишни такрорлаш учун жудаям катта жасорат талаб қилинмайди. Ростини айтсам, Тинни, мен букун бир оз қўрқдим, —деди йигит кулимси¬раб Жуликхага қия боқаркан.
— Сен ростдан ҳам ёввойисан! Подшоҳ қизи рўпарасида туришга ҳам лойиқ эмассан! Сенга одобни ўргатиб қўйиш керак экан. Менга қара, мана мундай қилиб, салом бер...

Амина сарвқоматини ажиб бир назокат билан эгиб Жуликхага таъзим қилди. Йигит жуда қийналиб, нўноқлик билан унга тақлид этди.
— Уч одим орқага қайт, — деб буюрди Амина. Йигит бўйсунди.
— Такрорла.

У яна таъзим қилди.

Шу тариқа Амина йигитни уч қадамдан орқага юр-гизиб, таъзим қилдира-қилдира кулбанинг эшиги олдига олиб борди ва:
— Энди уйга кир — деди.

Йигит уйга кирди.
— Бир оз ишла, ўчоққа ўт ёқ! — деди қиз ва эшикни беркитиб опасининг олдига чиқди.
— Опа, ундан хафа бўлиб юрманг. Бу ернинг одамлари ҳаммаси шунақа, ўлгудек беор.

Аммо Аминанинг чеҳраси унинг гапларига сира мос келмасди, аслида у маҳаллий халққа ҳаддан зиёда хайрихоҳ эди.
— Амина, ростини айтсам, сенинг қилиғинг мени таажжубда қолдирди, — деди жаҳли чиққан Жуликха. — Аллақандай ёш бола сенга қўл тегизишга журъат қилса, ахир!
— Опажон, борди-ю бирор шаҳзода шундай қилганида, шубҳасиз мен уни жеркиб ташлардим, — деди Амина опасини қучоқлаб.

Жуликха ўзини кулгидан тутиб туролмади.
— Ростини айт, Амина, ўзинг айтгандай, бу дунёни бор бўйича севишинг шу ёввойи йигитча туфайли эмасми? — деб сўради опаси кулиб.
— Яшириб ўтирмайман, опа, унинг менга кўп ёрдами тегади. Гул териб юрганида ҳам, мева терганида ҳам, ов қилаётган чоғида ҳам, мен бир оғиз чақирдимми — дарров етиб келади. Баъзан унинг таъзирини бериб қўяй дейман, лекин қилолмайман. Агар жуда жаҳлим чиқиб: «Далия, мен сендан жуда хафаман», — десам, у менга қараб секин кулиб қўяди, холос. Назаримда, бу ўлкада шундай ҳазиллашадилар, чоғи. Агар уни туртиб қўйсанг, қувониб кетади. Мен буни синаб кўрдим. Ҳозир ҳам уни уйга қамаб қўйганимдан хурсанд. Агар шу тобда эшикни очсак, кўзлари қизариб, хушнудлик билан ўт ёқиб турганини кўрасиз. Опажон, уни нима қилишимни ўзим ҳам билмайман.
— Мен бирор нарса ўйлаб кўраман, — деди Жуликха.
— Илтимос, опажон, менга кўмаклашинг. Аммо унга ҳеч нарса деманг, — деди Амина уялиб жилмаяркан.

Амина Далия тўғрисида, ҳали яхши ўргатилмаган, бегона одамдан ҳуркадиган севимли киик ҳақида гапиргандай сўзларди.

Шу палла опа-сингиллар олдига балиқчи чол келди.
— Тинни, букун Далия келмадими? — деб сўради у Аминадан.
— Келди.
— Қани?
— Бебошлик қилгани учун қамаб қўйдим, — деди қиз.
— Агар у шўхлик қилса, сен сабр қил. Унинг ёшида биз ҳаммамиз ҳам тентак эдик. Қаттиқ жазолама, — деди чол ва бир оз ўйлаб: — Кеча Далия учта балиғимга бир тилла берди, — деб қўйди.
— Бобо, хафа бўлманг, букун мен ундан икки тилла олиб, битта ҳам балиқ бермайман, — деди Амина.

Кекса балиқчи асранди қизининг зийраклик ва пухталигига қойил қолиб, эркалаб бошини силаб кетди.

IV

Қизиғи шуки, Жуликха бора-бора Далиянинг келиб тур-ишига эътироз қилмай қўйди. Агар яхшигина ўйлаб қаралганда, бунинг таажжубланадиган ери ҳам йўқ. Дарёнинг шиддатли оқимини қирғоқлар тутиб тургандай, маъри-фатли кишилар орасида гўзалларнинг юрак уришини ҳам андиша тутиб туради. Аммо маданиятли кишилардан йироқда, Аракан ўрмонида андиша нима қилади! Бу ерда мавсумнинг ўзгариши билан дарахтлар куртак чиқаради. Кўк дарё ёмғир сувидан тўлиб-тошади, у қишда тинч, ёзда эса қурийди. Бу ерда қушларнинг ёқимли овозида таъна сезилмайди. Жануб шамоли эса нариги қирғоқдаги қишлоқдан араваларнинг тарақлаган овозинигина олиб кела¬ди.

Ташландиқ ва хароба сарой ўрнида тездан дарахтлар ўсиб чиққанидек, табиат ҳам яширин ҳужумида давом этиб, одамлар вужудга келтирган қаттиқ шартлилик асосларини тадрижий равишда ва сезилмас бир йўсинда вайрон этади. Хотинларга ҳеч нарса бир-бирига муносиб йигит билан қизнинг тотувлигидай ҳаловат бағишламайди. Ҳеч бир нарса улар учун шу тотувлик каби сирли ва қувончли бўлмайди. Бу ёввойи кулбада Жуликханинг нописандлиги, сиполиги йўқолгач, гуллаб турган кайла дарахти соясида Далия билан Аминанинг учрашувлари уни ҳам бошлади.

Жуликханинг ёш қалбида аллақандай орзу уйғониб, у хушнудлик ва аламдан беқарор бўлиб қолди. Бора-бора шу даражага етдики, агар йигит ҳаяллаб қолгудек бўлса, опа-сингил бир хилда сабрсизлик ва ҳаяжон билан кутар эдилар. Рассом эндигина тамомлаган суратига маҳлиё бўлиб қарагандек, улар ҳам йигитга меҳр-муҳаббат билан жилмайиб назар солардилар. Баъзан улар жанжаллашиб қолишар, шунда Жуликха Аминани, Далия билан кўришолмай қолсин деб, уйга қамаб қўярди.

Подшоҳ билан ўрмон орасида бир ўхшашлик бор: ҳар иккиси озод, ҳар иккиси ўз салтанатининг ягона ҳукмдори, на униси, на буниси ҳеч кимнинг қонунига бўйсунмайди. Ҳар иккисида аллақандай ўзига хос табиий улуғворлик ва поклик бор. Оддий одамлар бўлса жамият қонунларига бутунлай бўйсуниб яшайдилар, улар мустақил эмаслар: катталарга — қуи, кичикларга — хўжайиндирлар. Улар шу ўрганган ўринларини йўқотиб қўйган тақдирда ўзларини уддалай олмай қоладилар.

Табиат қўйнида беташвиш ўсган ёввойи Далияда эса, маликаларга нисбатан заррача ишончсизлик йўқ эди, улар ҳам буни ўз ўртоқлари деб ҳисоблардилар. Унинг қувноқ, пок, ҳамиша дадил ва иккиланишни билмайдиган табиатига камбағаллик ва қашшоқлик ўз муҳрини босмаган эди.

Аммо бу учрашувлар вақтида Жуликханинг юраги тез-тез сиқилиб: «Наҳотки маликанинг қисмати шу бўлса?» деб ўйларди.

Бир куни эрталаб Далия келганда, Жуликха унинг қўлидан ушлаб:
— Далия, менга шу ернинг рожасини кўрсата оласанми? — деб сўради.
— Кўрсата оламан, нега сиз уни сўраб қолдингиз?
— Мен бир ханжар сақлаб юрибман, уни рожанинг юрагига санчишим керак, — деди қиз.

Далия дастлаб бир оз таажжубланди. Кейин Жуликханинг нафрат тўла юзига боқиб, умрида бундай ўткир ҳазилни эшитмагандек жилмайди. Фақат подшоҳ қизигина бундай

ҳазил қилиши мумкин. Далия Жуликханинг бир оғиз гап-сўзсиз, сабабини ҳам айтмай, юракка ханжар уришидан рожанинг нақадар ҳайрон қолишини кўз олдига келтириб, қаттиқ қаҳ-қаҳ кулиб юборди.

V

Эртасига Раҳмат Алидан Жуликхага яширин мактуб келди. Бунда ёш рожа қайси бир йўл билан опа-сингил маликаларни топгани, бир иложини қилиб Аминани кўргани ва севиб қолгани, ҳозир саройда рожа билан Аминанинг тўйга тайёргарлик бўлаётгани хабар қилинган эди... «Ўч олиш учун бундан қулайроқ тасодиф бўлмаса керак,» - деб ёзган эди Раҳмат Али./

Шунда Жуликха синглисининг қўлини маҳкам қисиб:
— Худонинг хоҳиши аниқ. Амина, сен ўз бурчингни бажаришинг керак, энди эрмак вақти эмас.

Далия келганда, Амина разм солиб, унинг ғалати табассум қилаётганини кўрди.
— Биласанми, — деди қиз унинг кулгисидан озор топиб, — мен рожанинг хотини бўляпман.
— Бу узоққа бормайди, — деди йигит жилмайиб.ъ «Бу чиндан ҳам ўрмон кийиги, — деб ўйлади ўксинган ва ҳайратда қолган Амина, — мен жинни бўлмасамунга одамчасига гапираманми».

Далияга масаланинг моҳиятини англатмоқ учун қиз секин гап бошлади:
— Агар мен рожани ўлдирсам, қайтиб келолмайман.
— Албатта, қайтиш қийин, — хайрихоҳлик билан жавоб берди йигит.

Аминанинг юраги пора-пора бўлиб кетгандай туюлди. Қиз чуқур нафас олиб, Жуликхага қаради:
— Опа, мен тайёрман, — деди ва сўнгра, ўзини қувноқ кўрсатишга уриниб, Далияга мурожаат қилди: — Рожага хотин бўлганимдан сўнг, биринчи ишим унга суиқасд ҳозирлашда шерик бўлганинг учун сенга жазо бериш боиади, ундан кейин ўз бурчимни бажараман.

Далия Аминанинг сўзини эшитиб, бу билан қиз унга қандайдир жуда қиммат бир нарсани ваъда қилгандай севиниб кетди.

VI

Мана, балиқчи кулбасининг эшиклари тантанали равишда очиладиган пайт ҳам келди. Кичик уй музика садолари, байроқламинг шитирлаши, отлар, филлар ва пиёдалараинг қадам ташлашидан ларзага келди. Шоҳ саройидан олтин билан зийнатланган икки тахтиравон олиб келдилар.

Амина Жуликханинг қўлидан ханжарни олиб, унинг фил суягидан ясалган нафис дастасига узоқ қараб қолди. Сўнгра ханжарни қўйнига яширди. Ханжар худдиўз қинига солингандай унинг кўйлак бурмалари орасига бекинди-ю, совуқ пўлат тиғи қизнинг баданини куйдиргандай туюлди.

Қизнинг бирдан-бир хоҳиши бу таҳликали сафар олдида Далияни яна бир кўриш эди. Аммо у кечадан бери ғойиб бўлиб кетди. Кеча истеҳзо қилиб кулган Далиянинг ғурури туғён урмадимикан қиздан?

Тахтиравонга ўтиришдан олдин Амина, кўзлари, жиққа ёшга тўлган ҳолда, ёшлигида бошпана бўлган уйга, дарахтга ва уй ёнидаги дарёга назар солди. У балиқчи чолнинг қўлидан ушлаб, йиғидан қалтираб, кўксидан узилиб чиққан овоз билан деди:
— Бобо, мана энди мен кетаман, Тинни кетади, сизга ким овқат, пишираркан?

Чол ёш боладай йиғлаб юборди.
— Бобо, агар Далия келса, мана бу узукни, Тинни кетаётганда сенга қолдириб кетган эди, деб бериб қўйинг.— Сўнгра Амина дарҳол тахтиравонга кирди.

Дабдабали юриш бошланади. Дарё қирғоғи бўшаб, Аминанинг уйи билан кайла дарахтини зулмат қоплаб олди.

Ниҳоят, улуғвор юриш катта давоза орқали саройнинг ичкари ҳовлисига кирди. Опа-сингиллар тахтиравондан тушдилар.

Аминанинг чеҳраси жиддий, кўзлари қуруқ эди. Жуликха эса, оппоқ оқариб кетган. Қасос соати узоқ экан чоқда бурчини адо этиш истаги зўр эди. Ҳозир эса, унинг юраги қалитраб, севикли синглисини маҳкам қучоқлади.

«Мен илк муҳаббатнинг биринчи новдасидан юлиб олинган гулни қонга ботириш учун боряпман»,— деб ўйларди Жуликха.

Бироқ ўйлаб ўтиришнинг вақти эмасди. Янгаларнинг йўлбошчилигида опа-сингил, гўё тушдагидак, юз минглаб порлаб турган чироқлар ёруғида юриб борарди.

Ниҳоят, никоҳ хонаси олдида бир онга тўхтаб, Амина:
— Опа!—деди.

Жуликха уни маҳкам қучолаб ўпди. Сўнгра иккала қиз оҳиста хонага кирдилар. Никоҳ хонасининг ўртасида, жасмин гулнинг хуш ҳидлари анқиб турган каравотда, шоҳона либос кийиб рожа ўтирарди. Амина қатъиятсизлик билан эшик олдида тайсаллаб қолди.

Жуликха яқинроққа бориб, рожанинг секин ва маъноли кулимсираб турганини кўрди.
— Далия! — деб қичқирди бирдан Жуликха. Амина хушдан кетиб йиқилди.

Далия сакраб ўрнидан турди-да, Аминанинг оҳиста кўтариб, худди ўқ теккан қушдай элтиб каравотга ётқизди. Қиз ўзига келди-да, ханжарни чиқариб опасига қаради. Жуликха Далияга қаради, йигит эса жилмайиб, сўзсиз уларга боқарди. Қиндан чиққан ханжарнинг пўлат тиғи ялтираб, кулгандай туюларди.

1891