OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРабиндранат Тагор
Асар номиМринмойи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Бенгал адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Рабиндранат Тагор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм71KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мринмойи (ҳикоя)
Рабиндранат Тагор

I

Опурба колледжни битириб, Калкуттадан уйига қайтиб келмоқда эди.

Мана, кичкина сойга ҳам етиб келди. Ёмғирлар тинганада бу сой жуда камсув бўладиган эди, бироқ ҳозир, срабон ойининг охири бўлса ҳам, унинг суви кўтарилиб, қишлоқ деворлари ва бамбукзорлар этагигача чайпалиб ётибди.

Қанчадан бери қовоғи осилиб ётган ҳаво бугун очилиб, биринчи марта офтоб кўринди. Агар биз шу зумда қайиқда ўтирган Опурбокришнанинг юрагига назар сола олганимизда, унда ҳам офтоб нурларида чарақлаб, шабадада тебраниб, тошқин дарё каби оққан ёшлик хаёлларини пайқаган бўлардик.

Қайиқ қишлоқ пристанига келиб тўхтади. Шу қирғоқдан, дарахт япроқлари орасидан, киндик қони тўкилган уйининг томи кўриниб турарди. Унинг келишидан уйдагилар ҳали бехабар, шунинг учун пристанда кутувчилар ҳам йўқ. Қайиқчи Опурбанинг саквояжини кўтариб олмоқчи бўлганида, йигит узр айтиб, ўзи кўтариб олди-да, қувонганидан шошилганча қайиқдан сакради. Соҳилнинг худди шу ери тойғоқ лой эди, Опурба сакраб тушган ҳамон сирғаниб кетиб, қўлида саквояжи билан лойга йиқилди. Шу пайт қаёқдандир шундай шўх қаҳқаҳа янграб эшитилдики, бу овоздан ҳатто яқин орадаги дарахтлардан қушлар ҳам ҳуркиб учиб кетди. Ҳижолатда қолган Опурба дарҳол уёқ-буёғини тозалаб, атрофга қаради. Нарироқда савдогар қайиғи ёнида ғишт уюлиб ётарди. Йигит ана шу ғишт устида ўтириб ичаги узилгудай бўлиб кулаётган бир қизни кўриб қолди.

Опурба уни таниди, у янги қўшниларининг қизи Мринмойи эди. Илгари бу қизнинг оиласи узоқда, азим бир дарё соҳилида яшарди. Тошқиндан сўнг у ердан кўчишга мажбур бўлдилар. Мана энди икки-уч йилдан буй он шу қишлоқда туришади.

Бу қиз тўғрисида кўп ғалати гаплар тарқаган эди. Эркаклар оқкўнгиллик билан уни, эркатой бўлиб ўсган қиз, десалар, хотинлар уни ҳаддидан ошган ўзбошимча, деб маломат қилардилар. У, қишлоқдаги ҳамма ўғил болалар билан иноқ, аммо ўз тенги қизларни ўлгудай ёмон кўрарди. Мринмойи болалар оламининг кичкина зўравони эди.

Отасининг эркатойи бўлганиданми ё бошқа бирор сабабданми, ишқилиб, Мринмойи жуда ўжар эди. Онаси ўз яқинларига, қизимни жуда ҳам эркалатиб юборди, деб эридан тез-тез шикоят қилиб турарди. Аммо отанинг қизига бўлган чексиз муҳаббатини, Мринмойининг кўзёшлари унга нечоғли қаттиқ таъсир қилишини билиб, эри йўқлигида ҳам қизни унча хафа қилгиси келмасди.

Мринмойи калтагина жингалак сочлари ҳамиша елкасига тушиб турадиган қорачагина қиз эди. Унинг чеҳраси ўғил болани эслатарди: қора шаҳло кўзларида на нозу карашма, на тортиниш, на қўрқув аломати бор; у баланд бўйли, қомати жуда келишган, соғлом ва кучга тўлган пайти эди. Аммо унинг неча ёшга кирганини ҳеч ким ўйламасди ҳам. Борди-ю, бу ҳақда гап очилгудай бўлса ҳам, одамлар унинг ота-онасини, шу чоққача қизни эрга беришмабди, деб айблай бошлашлари турган гап эди.

Қишлоқ пристанига бирор нотаниш заминдорнинг қайиғи келиб тўхтагудай бўлса, деҳқонларни ваҳима босар, хотинлар эса юзларини бекитардилар, Мринмойи бўлса, тўзғиган сочини ҳам йиғиштирмай, битта-яримтанинг яланғоч боласини кўтариб олиб, дарё соҳилига қараб чопарди. У хавф-хатарсиз жойда ўсган ёш кийикка ўхшарди, сира хадиксирамай, нотаниш келгиндига роса зеҳн солиб, кейин дугоналарига унинг юриш-туриш, афт-ангорини батафсил тавсифлаб берарди.

Опурба каникул вақтларида келиб, бу қизни бир неча бор кўрган. Бўш вақтларида, баъзан эса машғулот устида ҳам шу қизни ўйлагани-ўйлаган эди. Ҳар кун сон-саноқсиз одамларнинг чеҳрасига кўзимиз тушади, аммо шуларнинг баъзи бирларигина кўнглимизга сўзсиз ўрнашиб қолади. Бу, уларнинг соҳибжамол бўлгани учун эмас, қандайдир, ўшаламинг ўзларигагина хос бўлган фазилатлар туфайли юз беради. Назаримда, бу — ҳар шахсдаги ўзига хосликнинг ифодаси бўлса керак. Кўпинча одамнинг хулқини бир қарашда билиб бўлмайди. Аммо кишининг ички оламини ёритиб турган чеҳрани минглаб одамлар орасидан ажратиш мумкин ва у хотирамизда нақш боғлаб қолади. Худди кийикдай ёввойи бу шаддод қизнинг кўзларида, бутун қиёфасида чексиз латофат барқ уриб турар эди. Бинобарин, бу сержилва чеҳрани бир кўргач, эсдан чқариш мумкин эмас эди.

Мринмойининг кулгиси қанча ёқимли бўлмасин, унинг Опурбага малол келганини ўқувчиларга уқтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. У шошилганча нарсаларини қайиқчига тутқазди-да, хижолатдан қизарган ҳолда, уйига қараб тез юриб кетди.

Бу воқеа рўй берган жойнинг манзараси жуда гўзал эди: дарахтлар соя солган сой қирғоғи, қушчаларнинг чағир-чуғури, аста бош кўтараётган қуёш ва йигирма яшар навқирон! Ғиштла бу манзарага бир даражада нуқис бўлиб кўринса ҳам, унда ўтирган жонон бу қаттиқ, ўнғасиз креслога ажойиб ҳусн бўлиб турарди...

Биров бу гўзаллик оламига биринчи қадам қўйганида нозик ҳислар кулгига айлантирилса — бундан ортиқ шафқатсизлик бўлармикин?

II

Опурба, кийимлари лой, дарахтлар соясига яшириниб, қўлида нарсалари ва шарфини ушлаганча уйига етиб келганида ҳам қулоқлари остида бояги қувноқ кулги эшитилиб турарди.

Ёлғиз онаси ўғлининг кутилмаганда келишидан беҳад қувониб кетди. Хизматчилар ўша заҳотиёқ сутга, нонга, балиққа югурдилар, қўшни уйларда ҳам ташвиш, тараддуд бошланди.

Тушки овқат маҳалида онаси тўйдан гап очди. Опурба бу хил суҳбатга тайёр эди: уни аллақачон бир қиз билан унаштириб қўйишмоқчи эди-ю, лекин давр руҳига содиқ йигит, санъат бакалаври унвонини олмагунча уйланмайман, деб туриб олган эди. Онаси бу кунни жуда узоқ кутди, энди ҳар хил баҳоналар фойдасиз эди.
— Аввал келин топилсин, кейин бир гап бўлар, — деди йигит.
— Бунинг ташвишини қилма, келин тайёр, — деди онаси.

Опурба ўзи ҳам иш шу даражага етганини фаҳмлаб:
— Ахир, қизни кўрмасдан уйланиб бўлмайди-ку! — деди.

Она умрида бунақа гапларни сира эшитмаганини кўнглидан ўтказди-ю, лекин ўғлига эътироз қилмади.

Кечаси Опурба чироқни ўчириб, ёлғиз ётоғида узоқ вақтгача ухлолмади. Ёмғирли тун сукунатида унинг қулоқларига узоқдан ўша қувноқ кулги эшитилгандай бўларди. У, эрталабки воқеанинг оғир таассуротини бир илож қилиб ўзгартиш пайида эди.

«Менинг узоқ вақт Калкуттада яшаган, кўп нарсани биладиган Опурбакришна эканлигимни бу қиз билмасди-да, ахир, — деди йигит ўз-ўзига, — тасодифан тойиб кетиб лойга йиқилган бўлсам ҳам, бундай масхарали кулгига лойиқ бир қишлоқи бола эмаслигимни билмагандир-да».

Опурба эртасига келин кўргани бориши лозим эди. Йўл узоқ эмас, қиз шу маҳалланинг ўзидан. Йигит ўзига жуда оро бериб кийинди. Дхоти ва чадорни ечиб, ипак кашта тикилган кўйлагини кийди, кўк салла ўради, янги туфли кийиб, қўлида шоҳи соябон билан эрталаб йўлга тушди.

Бўлажак қайнота эшигида уни зўр тантана билан кутиб олдилар. Ниҳоят, келинни куёв ҳузурига олиб чиқиш пайти ҳам келди. Упа-элик, зеб-зийнатлар билан оро берилган қиз йимгил, гулдор либосларга ўралиб, ийманибгина чиқиб келди. У бурчакда сиқилиб, бошини тиззасига эгиб, сас-садосиз ўтаверди. Унинг орқасида ёш хонимга далда бериш учун кекса хизматчи хотин тик турарди. Бу орада келиннинг ўсмир укаси ўзларига қариндош бўлишни хоҳлаган жанобнинг салласига, соатининг занжирига ва энди сабз урган мўйловига маҳлиё бўлиб қараб қолган эди.

Опурба анча вақтгача мўйловини силаб, охири жиддий оҳангда келиндан сўради:
— Нималар ўқияпсан?

Қат-қат кийимларга бурканиб ўтирган уятчан келин¬дан ҳеч қандай жавоб бўлмади. Бироқ савол яна бир неча марта такрорлангач, шунингдек, орқадан рағбатлантириш турткиларидан кейин, қиз биратўла шариллатиб санаб берди:
— «Чарупатх»нинг иккинчи қисмини, грамматиканинг биринчи қисмини, жуғрофияни, ҳисобни, Ҳиндистон тарихини ўқияпман.

Шу пайт кўчада шошқин, қадам товуши эшитилди, бир лаҳзадан сўнг, сочлари тўзиб елкасига тушган, ҳансираган Мринмойи кириб келди. У Опурбакришнага заррача ҳам эътибор қилмай, келиннинг укаси ёнига бориб, унинг енгидан тортди. Куёвга маҳлиё бўлиб ўтирган Ракхал ўрнидан туришга сира кўнмади. Чўри хотин овозини мумкин қадар мулойимроқ қилиб Мринмойини уришиб берди. Опурбакришна бор кучи билан жид¬дий ва сипо бўлишга уринарди, тўёна салласи остида пешонасининг бирон жойи қимир этмади, қўллари эса чўнтак соатининг занжирини тортарди. Мринмойи шеригини олиб чиқишга кўзи етмагач, унинг елкасига қарсиллатиб битта туширди-ю, келиннинг юзидан пардани шартта тортиб олиб, уйдан довулдай чиқиб кетди. Чўрилар саросимада қий-чув кўтардилар. Ракхал бўлса, шундай бир вақтда опасининг юзи очилиб қолгани учун хандон уриб кулиб юборди.

Мринмойи елкасига қаттиқ уриб қочса ҳам, Ракхал хафа бўлмади, чунки бу хил эркалатишлар улар орасида одат тусига кириб қолган. Чунончи, Мринмойининг ҳам соч ўрими унинг айби билан тез-тез бузилиб, сочлари елкасида тўзиб юрарди. Мана шу бола бир куни қизнинг орқасида яшириниб, қайчи билан унинг бир тутам сочини кесиб ҳам ташлаган. Ўшанда Мринмойининг қаттиқ жаҳли чиқиб, унинг қўлидан қайчини тортиб олиб, қолган сочини ҳам ўзи қирқиб ташлаган, турмакланган сочлари эса узилган узум бошидек ерда сочилиб қолган эди... улар бу хил ҳазилларга ўрганиб қолишган.

Мринмойи кетгач, келин кўриш маросими бўлиниб қолди. Ғужанак бўлиб ўтирган келинни бир амаллаб ўнгладилар, кейин у чўрилар билан бирга ичкарига кириб кетди.

Опурба фавқулодда жиддий тусга кириб, эндигина сабз урган мўйловини чимдиб-чимдиб ўрнидан турди-да, эшик томон юрди. Бироқ эшик олдига келиб, ипак баҳия тикилган янги туфлисини тополмади. Ҳамма уринишлар беҳуда кетди — туфли йўқ эди. Мезбонлар ғоят ўнғайсиз ҳолда қолдилар, фараз этилган айбдор (Мрин¬мойи) ҳақорат ва таъналар остида қолди. Узоқ қидиришлардан сўнг Опурбага уй эгасининг эски, йиртиқ сандалини кийиб кетишдан ўзга чора қолмади. Шу аҳволда, устида қимматбаҳо сарполар, бошида салла, оёғига йиртиқ сандал кийиб, қишлоқнинг лой кўчаларидан эҳтиёт билан юриб, уйига равона бўлди. У кимсасиз тор сўқмоқдан юриб, ҳовуз бўйига етганда қаттиқ масхараомуз кулги садоси эшитилди. Гўё дарахт шохларида бекиниб ўтирган ўрмон париси бу ғалати туфлини кўриб ўзини тутолмай хандон урмоқда эди.

Опурба беихтиёр тўхтаб қолди, ҳадиксираб атрофга қаради. Шу пайтда буталар орасидан ҳалиги шаддод масхарабоз пайдо бўлиб, Опурбанинг олдига унинг янги туфлисини қўйиб, ўзи қочмоқчи бўлди. Аммо йигит унинг кетидан қувиб, қўлидан ушлаб қолди. Мринмойи қочиб қутуламан деб беҳуда уринарди. Унинг кулгидан гул-гул очилган, сочлари тўзғиб тушган шўх чеҳрасига бирдан ярқ этиб қуёш шуъласи тушди. Опурба ҳам қайнаб турган булоққа тикилиб унинг тубини кўришга интилган йўловчидай, Мринмойининг дуркун юзига ва тиниқ

кўзларига тикилар эди. Сўнгра ўз муродига етмагандай истар-истамас қизнинг қўлларини бўшатиб, асирасини қўйиб юборди. Бордию Опурба жаҳл устида уни урганида ҳам, қиз ҳеч бир таажжубланадиган эмасди. Бироқ у, кимсасиз сўқмоқдаги бу ғалати — сўзсиз жазонинг моҳиятини тушунолмади. Ёқимли кулги раққоса табиатнинг билагузук жарангидай ҳавони тўлдирди. Хаёлларга чўмган Опур-бакришна эса аста-секин юриб уйига кетди.

III

Опурба онаси билан учрашмаслик учун турли баҳоналар топиб, куни билан ичкарига кирмади. У ҳатто кечки овқатни ҳам қўшнилариникида еб, уйга жуда кеч қайтди.

Опурбадек оқил, олим бир кимсага нодон бир қизча олдида ўз табиатидаги олижаноблик ва яширин ғурурни очиш нега бунчалик зарур бўлиб қолганини тушуниш анча қийин эди. Ахир, қандайдир бир қишлоқи қиз уни оддийгина одамлардан бири деб ўйласа нима бўпти? Мринмойи қисқа бир вақт ичида уни масхаралаб, кейин батамом унутган ва Ракхал деган нодон бир болага қизиқиб қолган бўлса, бунинг Опурбага нима дахли бор? Опурбанинг «Жаҳон машъали» деган ойлик журналга узундан-узоқ тақризлар ёзиб туришини ёхуд унинг чамадонида атир, туфли, рангли қоғоз ва «Фисгармония чалиш қоидалари» китоби билан бирга, ярим кечада тонгни кутгандай бурчакка яшириниб ўз тантанасини кутаётган, бир дафтарга зич қилиб ёзилган асари ҳам борлигини бу қизчага тушунтириб ўтириш зарур эканми? Бироқ кўн-гилни кўндириш қийин, ҳурматли санъат бакалаври Опурбакришна Рай бу шўх қизалоқ олдидаги мағлубиятини сира тан олгиси келмасди.

Қош қорайиб, Опурба ичкари кирганда, онаси сўради:
— Хўш, қиз қалай экан, ўғлим? Сенга ёқдими?
— Мен бир неча қизни кўрдим, ойи, — деди хижолат тортиб Опурба, — шулардан бири менга ёқди.
— Шошма, сен у ерда яна кимни кўрдинг? —ҳайрон бўлиб сўради онаси.

Кўп шаъмаю ишоралардан сўнг она фаҳмладики, ўғлига қўшнилари Шоротнинг қизи Мринмойи ёқиб қолган экан. Ўқимишли ўғилнинг дидига балли-э!

Опурба даставвал бир оз ҳайиқиброқ турди, аммо онасининг қатъий норозилигини кўргач, унинг тортинчоқлигидан асар ҳам қолмади. У Мринмойидан бошқа ҳеч кимга уйланмайман, деб қаттиқ туриб олди. Ҳалиги бошқасини, қўғирчоқдек қимир этмай ўтирадиган қизни ўз қаллиғи деб кўз олдига келтирган ҳамоно юрагида умуман никоҳга қарши зўр нафрат уйғонар эди. Икки-уч кун жанжал, айтишиш билан ўтди. Йигит бир неча бор овқатдан воз кечиб, кечалари ухламай, ниҳоят, онасини кўндирди.

Шундан сўнг она ўзига бундай тасалли берабошлади: Мринмойи ҳали ёш бола, онаси уни ўқитишга, тарбия беришга қодир эмас, шунинг учун тўйдан кейин қиз эриникига кўчиб келади. Ана ўшанда у қайнонанинг қўлига тушиб, тез кунда хулқи ҳам ўзгариб кетади.

Аста-секин у Мринмойи чиройли қиз деган фикрга ҳам ўзини кўниктира бошлади. Аммо келиннинг пахмоқ сочларини кўз олдига келтирганида, юраги яна қайғу-ҳасратга тўларди. Лекин, бу сочларга яхшилаб ёғ суркаб, тасма билан маҳкам тортиб боғланса, бориб-бориб бу нуқ-сон ҳам йўқолади, деб умид қиларди.

Опурбанинг бу майлини ҳамма қўшнилар ўткинчи ҳавас деб ҳисоблардилар. Тентак Мринмойи кўпларга маъқул бўлса ҳам, ҳеч ким ўз ўғлига муносиб қаллиқ деб ўйламас эди.

Тўй тўғрисида Мринмойининг отаси Ишан Можумдарга хабар қилдилар. У бир пароходчилик кампаниясида хизмат қилар, узоқ пристандаги тунука томли каталак бир хонада юк жўнатиш ва билет сотиш билан банд эди.

Қизининг турмушга чиқишини эшитиб Ишан ҳўнграб йиғлаб юборди. Бу кўзёшлари аламданми, қувончданми — буни ҳеч ким аниқ билмас эди.

Ишан Мринмойининг тўйи муносабати билан хўжайинига ариза бериб отпуска сўради. Аммо соҳиб буни арзимаган важ экан деб илтимосни рад этди. Бу ҳам бўлмагач, Ишан, тўйни Пуджа байрамигача кечиктиринглар, шундагина мен боришим мумкин деб уйига хат ёзди. Бироқ Опурбанинг онаси, шу ойда хайрлик кун бор, биз тўйни сира ҳам кечиктиролмаймиз, деб туриб олди.

Илтимоси иккинчи марта рад этилгач, Ишан эътирозни бас қилиб, юрагида алам билан юк тортиш, билет сотишда давом этди.

Бу орада Мринмойининг онаси ва қишлоқнинг ҳамма кекса аёллари қизга бундан сўнг ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида минг хил панду насиҳат қила бошладилар: бундан кейин ўйинни унут, чопиб юрма, қаттиқ кулма, ўғил болалар билан лақиллашма, ширин томоқликни эсингдан чиқар, деган маслаҳатлари билан унга оилавий ҳаётни даҳшатли бир нарсадек кўрсатиб қўйдилар. Бу насиҳатлардан довдираб, чўчиб қолган Мринмойига гўё ёшлиги зиндонга қамалгандай, ўзига эса ўлим ҳукми ўқилгандай бўлиб туюлди. У саркаш тойчоқдай бошини эгиб, орқага тисарилди-ю, дадиллик билан.
— Эрга тегмайман! — деди.

IV

Шунга қарамай, уни эрга бердилар. Кейин тарбиясига киришдилар. Мринмойининг назарида, у яйраб юрган олам бир кунда қайнонасининг ичкарисида тутқун бўлди-қолди.

Қайнона келинини қайтадан тарбия қилишга астойдил киришган эди. У жиддий қиёфага кириб, бундай деди:
— Қизим, эсингда тут, сен энди ёш бола эмассан. Бизнинг оилада одобни бузиш расм бўлган эмас!

Мринмойи бу насиҳатга бошқача маъно берди. Унинг фикрича, эрининг уйида ҳамма нарса тақиқланган бўлса-да, бошқа жойда бунга амал қилинмайди. Кечки пайтда у ҳовлидан ғойиб бўлди. Дарров қидира бошладилар: у қаерда, қаёққа кетди? Ниҳоят, Ракхал сотқинлик қилиб, қизни яширинган жойидан судраб чиқди: Радхаканта Тхакурнинг нон дарахти соясида бузилиб ётган араваси тагига яширинган экан. Бу воқеадан сўнг қайнона, она ва бошқа хайрхоҳ аёллар Мринмойига нималар деганини ўқувчилар ўзлари ҳам тасаввур қила оладилар.

Кечга яқин осмонни булут қоплаб, сел ёға бошлади.

Опурба Мринмойига яқинроқ келиб, қулоғига оҳиста шивирлади:
— Сен мени яхши кўрасанми, Мринмойи?
— Йўқ! — деди қизишиб қиз. — Мен сени ҳеч қачон, ҳеч қачон яхши кўрмайман!

У шу вақтгача эшитган ҳамма таъналари учун бутун қаҳр-ғазабини Опурбанинг бошига тўкиб солди.
— Нима учун, ахир? Сенга нима гуноҳ қилдим? — деб сўради кўнгли озор топган йигит.
— Нима учун менга уйландингиз? — деб қичқирди Мринмойи.

Бунақа айбномани рад этиш қийин эди. Бироқ Опурба бу қайсар қизни қандай қилиб бўлса ҳам ўзига ром қилиш фикрига тушди.

Эртасига Мринмойининг авзойи бузуқ эканини кўриб, қайнонаси уни уйга қамаб, эшигини қулфлаб қўйди. Қиз аввал қафасга рушган қушдек ўзини ҳар томонга уриб кўрди. Охири, қочиш мумкин эмаслигини пайқаб, ғазабидан нима қиларини билмай, жойга ёзиқли чойшабни тортиб олди-да, пора-пора қилиб йиртиб ташлади; сўнгра полга мукка тушиб, «дада, дадажон!» деб ҳўнграб йиғлай бошлади.

Шу пайт кимдир секингина унинг ёнига келиб ўтирди-да, пешонасига тушиб турган чанг сочларини аста силаб, тузатмоқчи бўлди. Аммо Мринмойи жаҳл билан бошқа ёққа ўгирилиб, унинг қўлини силтаб ташлади. Шунда Опурба эгилиб унинг қулоғига шивирлади:
— Мен секин эшикни очиб қўйдим. Юр, уй орқасидаги боққа қочамиз.

Қиз кўзёшларини тўхтатолмай, бош силкиб:
— Йўқ! — деди.
— Сен бир қараб қўй, ахир, кирн келиб турибди! — деди Опурба ва унинг иягидан ушлаб, бошини кўтаришга уннди. Эшик олдида Ракхал турарди. У полда ўтирган Мринмойига безовталик билан тикилган эди. Бироқ қиз боши¬ни кўтармай, Опурбани туртиб юборди.
— Ракхал сени деб келибди, у билан ўйнагани чиқмайсанми? — деди йигит.
— Йўқ, — деди қиз яна кескин қилиб.

Ракхал ортиқ бу ерда туриш ўнғайсизлигини пайқаб, ёни билан хонадан чиқди-ю, енгил нафас олди. Опурба бўлса, ғиқ этмай, Мринмойининг ёнида ўтириб қолди. Йиғлаб чарчаган қиз мудраб қолганда, у оёқ учида юриб уйдан чиқди-да, секингина эшикни ёпиб қўйди.

Эртасига Мринмойи отасидан хат олди. Ота, азиз қизининг тўйига келолмагани учун таассуф билдириб, келин билан куёвга оқ фотиҳа йўллаган эди.

Мринмойи хатни ўқигандан кейин қайнонасига:
— Мен отамнинг олдига бораман, — деб қолди. Аммо қайнона бу кутилмаган илтимосни эшитиб, унга танбеҳ бера бошлади.
— Гапини қаранг-а! — деди у. — Отасининг қаерда экани маълум эмас, ҳатто адреси ҳам йўқ! Бу бўлса: «Отамнинг олдига бораман!», дейди! Жуда ғалати нозу фироқ-ку!

Қиз индамай ўз уйига кириб, эшикни бекитиб олди.
— Отажон, мени бу ердан олиб кетинг! Мен ёлғизман, агар бу ерда қолсам — ўламан! — деб ёлворарди Мринмойи.

Фақат изтиробга рушган одамларгина худога шу зайлда муножот қиладилар.

Ярим кечада, эри ухлаб қолгандан кейин, Мринмойи аста эшикни очиб, уйдан чиқди. Осмонда пардадеккина юпқа булутлар сузиб юрар, лекин ой йўлни ёритиб турарди. Отасининг олдига бориш учун қайси тарафга юриш кераклигини Мринмойи билмасди. Аммо у, тез юрар почталонлар қатнайдиган йўл билан борилса, ер юзидаги ҳар қандай жойни топиш мумкин деб қаттиқ ишонарди. Шунинг учун қиз почтага борадиган сўқмоқ билан юриб кетди. У узоқ йўл юрди, чарчаб қолганини пайқади. Тонг яқинлашмоқда эди. Дарахтзорда саҳархез қушлар уйғониб қанот қоқдилар, сайрашга ҳам тараддуд қилдилар-у, лекин ҳали барвақт эканини пайқаб, яна жим бўлдилар...

Мринмойи дарё бўйига келиб, катта бозор майдонига ўхшаш бир ялангликка чиқиб қолди. Энди қаёққа бо-риш керак, деб хаёл сургунча бўлмай, таниш оёқ товушиари эшитилди. Бу — елкасида хат соладиган оғир сумкаси билан тез юриб ҳансираган почталон эди.

Мринмойи дарров унинг олдига келиб, ёлворган оҳангда зўрға гапирди:
— Мен Кушигонжга, отамнинг олдига бораман. Мени ўзинг билан бирга олиб кетсанг-чи.
— Мен Кушигонж қаердалигини билмайман, — деб жавоб берди почталон. Сўнгра ухлаб қолган эшкакчини туртиб уйғотди-ю, шу билан қайиқ соҳилдан жилиб кетди. Унинг қизга ачинишга ҳам, ундан хол-аҳвол сўрашга ҳам вақти йўқ эди, чоғи.

Бу орада пристанда ҳам, майдонда ҳам одамлар кўпая бошлади. Мринмойи соҳилга тушиб, қайиқчилардан бирига:
— Мени Кушингонжга обориб қўймайсизми? — деб қичқирди.

Бу одам жавоб қилишга улгурмай, ёнидаги қайиқдан бошқа биров овоз берди:
— Ҳой, ким бу? Ие, Мину, сен қандай қилиб бу ерга келиб қолдинг?

Мринмойининг ҳаяжондан нафаси тиқилиб қолди.
— Менга қара, Бономали, мен Кушигонжга, дадамнинг олдига кетяпман. Қайиғингда мени ўша ерга элтиб қўйсангчи.

Бономали шу қишлоқлик эшкакчи эди. Бу ўзбошимча қизни жуда яхши билгани учун, у:
— Дадамнинг олдига кетяпман дегин? Жуда соз, ундай бўлса ўтир, обориб қўя қолай, — деди.

Мринмойи қайиққа ўтирди. Эшкакчи қайиқни сувга тусмриб, йўлга равона бўлдилар. Бироқ кутилмаганда осмонни булут қоплаб, ҳақиқий сел бошланди. Дарёнинг суви куздаги сингари тошиб, тўлқинланиб, қайиқни тебрата бошлади. Мринмойини мудроқ босди. У кийимининг пешини остига солиб, қайиқ тубида ёнбошлаган эди. Дарёнинг аллалаши билан табиатнинг бу эрка, ўжар қизи бирпасда оромижон уйқуга толди.

Бир маҳал, қиз кўчини очиб қараса, эрининг уйида ётибди. Чўри хотин унинг уйғонганини кўриб кимнидир чақирди. Бу овозга Опурбанинг онаси кириб, Мринмойини қарғай кетди. Қиз кўзларини катта очиб, қайнонасига жимгина қараб турарди. Кампир келинини қўйиб қудасига ёпишганда, уни нодон деб таъна қила бошлаганда, Мринмойи қўшни хонага қочиб чиқди-да, эшикни бекитиб олди.

Шунда Опурба онасининг олдига келиб:
— Ойи, келинингизни бир неча кунга отасининг олдига юборсак нима қилади? — деб сўради.

Она ўғлини ҳам «дардисар» деб атади ва қишлоқда шунча қиз туриб, шу тирмизакни хотин қилиб олгани учун уни ҳам роса уришди.

V

Кунбўйи ҳавонинг ҳам, Мринмойининг ҳам қовоғи очилмади. Ярим кечада Опурба Мринмойини аста уйғотиб:
— Отангнинг олдига борасанми? — деб сўради.
— Бораман, — деди қиз қувониб ва Опурбанинг қўлидан ушлаб, ўрнидан туриб ўтирди.
— Ундай бўлса, тур, секин қочамиз, — деб шивирлади йигит, — мен қайиқ топиб қўйганман.

Шунда Мринмойи самимий миннатдорлик билан эрига назар солди. Сўнгра тез ўрнидан туриб кийинди. У бирпасда тайёр бўлди. Опурба онасини хотиржам қилиш учун хат ёзиб қолдирди, шундан сўнг иккаласи уйдан чиқишди. Бу сокин кечада, қишлоқнинг бўм-бўш кўчасида, Мринмойи биринчи дафъа эрининг қўлига ишонч билан суяниб олди, ана шунда йигит ҳам майин қўллар ҳаро-ратидан юрагининг қувонч билан уришини сезиб борарди.

Улар шу кечасиёқ қайиқда йўлга тушдилар. Кайфи чоғ бўлишига қарамай, Мринмойи дарров ухлаб қолди. Янги кун уни эркин ва бахтиёр ҳолда кутиб олди. Дарёнинг икки соҳилида қанча-қанча қишлоқлар! Ялангликлар, майсазорлар, яйловларнинг поёни кўринмайди. Қайиқларчи, қайиқлар! Улар ҳам сон-саноқсиз, бан буларнинг ёнидан сузиб ўтмоқда. Ҳар қандай арзимас нарса ҳам Мринмойининг кўнглида юзлаб савол туғдирар эди: «Бу қайиқда нима бор? Бу одамлар қаерлик? Бу жойнинг оти нима?» Албатта, бундай саволларга Опурба ҳам ҳеч бир колледждан жавоб тополмас, Калкуттада топган тажрибаси ҳам бу масалаларни ҳал қилиб беролмасди. Бу хил сўроқлардан унинг дўстлари хижолат тортишлари мумкин эди, лекин у, баъзилари ҳақиқатга тўғри келмаса ҳам, ҳар бир саволга жавоб беришга уринди. Бинобарин, у тортиниб ўтирмай, кунжутни зиғир, Панчбер шаҳарчасини — Райногор, суд идорасини заминдоминг ҳовлиси деб тушунтира берди. Лекин бу хатолар олиҳиммат суҳбатдошининг унга бўлган эътиқодини заррача камайтиргани йўқ.

Иккинчи куни кечки пайтда қайиқ Кушигонжга етиб келди. Ишанчондро тунука томли товуқ катагидек хонада, говрандан тўқилган стулда ўтирган эди. У чироқ ёруғида, идора дафтарлари қалашиб ётган кичкина столга энгашиб, ҳисоб-китобларни тўғриламоқда эди. Шу вақт остонада ёш қаллиқлар пай до бўлишди. — Дада! — деб қичқирди Мринмойи. Бу уйчада ҳеч қачон бундай овоз эшитилган эмас. Ишаннинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб, юзларидан оқиб тушди. У саросимада нима қилишини, нима дейишини билмай қолди. Унга куёви шаҳзода-ю, қизи маликадай туюлди. Фикрлари чувалашиб, бунча ашқол-дашқол уюлиб ётган хонада уларга не тариқа тахт қуришни билмасди. Сўнгра овқат масаласи, бу хусусда ҳам ўйлашга тўғри келади. Шўрлик чол ўзи шоли оқлаб, ўзи пишириб ер эди. Ҳозир, бу ғамхонага қувонч олиб келган мўтабар меҳмонларни нима билан сийлаш керак? Чол шу андишада экан, Мринмойи:

-— Бугун ҳаммамиз биргалашиб овқат пиширамиз, — деб қолди. Опурба бу таклифни мамнуният билан маъқуллади. Уйда хизматчиларга ўрин етишмасди. Аммо чашма суви кичик тешикдан икки чандон куч билан отилиб чиққанидек, бу ерда ҳам қашшоқликнинг хира чеҳрасида қувонч нури яна ҳам равшанроқ кўринар эди.

Шу тариқа уч кун ўтди. Одатда, ҳар кун соат иккида пароход келар, ундаги одамлар уёқдан-буёққа югуришиб бу ернинг тинчлигини бузардилар. Кечки пайтга бориб соҳил бўм-бўш бўлиб қоларди. Шунда... шунда улар ўзларини чинакам эркин ҳис этардилар! Улар учовлашиб масаллиқ олиб келишар, овқат пиширамиз деб неча бор бузишар, охири амал тақал қилиб бир нима пиширишарди. Сўнгра Мринмойининг билагузуклар жаранглаган меҳрибон қўллари билан сузиб келтирилган овқатни ота билан куёв ўтиришиб ейишарди. Рўзғорнинг кўп нуқсонларидан ҳаммадан илгари тадбиркор Мринмойи куларди, аммо ундаги бу қадар қувонч ва болаларча ғурурнинг сабаби ҳам худди шу нуқсонлар эди.

Шу тариқа уч кун ўтди. Ниҳоят, Опурба, энди кетмасак бўлмайди, деб қолди. Мринмойи, ҳеч бўлмаса яна бир кун турайлик, деб илтижо қилди, аммо отаси, кетганларингиз маъқул деб маслаҳат берди.

Жўнаш куни Ишан қизини бағрига босиб, бошини силаб туриб насиҳат қилди:
— Қизим, сен, Лакшмидек , қайнонанг уйига бахт олиб киришинг керак. Ўзингни шундай тутки, ҳеч ким сени таъна қилолмасин!

Мринмойи йиғлаб-сиқтаб жўнади. Ишан бўлса, янада бефайз бўлиб қолган тор кулбасида, илгаригидек кунлар ва ойларни юк тортиш билан ўтказиш учун, яна ёлғиз қолди.

VI

Гуноҳкор эру хотин уйга қайтиб келганда, Опурбанинг онаси қовоқларидан қор ёғиб, уларни хомушлик билан кутиб олди: у шундай жазо беришини билардики, бундан қочиб қутулишнинг сира иложи йўқ. Бу сўзсиз таъна, бу тилсиз жазо бутун ҳовлини заҳар-заққумга тўлдирди. Тоқати тоқ бўлган Опурба бир куни:
— Ойи, яқинда колледжда ўқиш бошланади. Мен бориб ҳуқуқ фанини ўрганишим керак, — деди.
— Хотинингни нима қилмоқчисан? — совуққина сўради онаси.
— Хотиним шу ерда қолади.
— Йўқ, жаноб, бунақаси кетмайди. Уни ўзингиз билан бирга олиб кетинг! — деди кампир кесатиб, Ҳолбуки у ўғлига одатда «сен»лаб гапирарди.
— Яхши, — деди ранжиган Опурба.

Калкуттага жўнаш тайёргарлиги тугади. Охирги куни кечаси Опурба ўрнига келиб қараса Мринмойи йиғлаяп-ти. Унинг юраги шув этиб кетди.
— Мен билан бирга Калкуттага боришни хоҳлайсанми, Мринмойи? — сўради йигит хафахол.
— Йўқ, — деди қиз.
— Мени яхши кўрмайсанми?

Кўпинча бундай саволга жавоб бериш жуда осон бўлади, бироқ, ҳозирги вазиятда бу қийин эди.
— Ракхалдан ажраш оғир туюляптими? — деб сўради йигит.
— Ҳа, — деди қиз соддадиллик билан.

Муштдек болага бўлган рашк ўқимишли ёш бакалаврнинг юрагига худди игна сингари санчилди.
— Мен узоқ вақт уйга келолмайман, — яна гапирди Опурба, — эҳтимол икки йилгача, балки ундан ҳам ошиқроқ.
— Уйга қайтганингизда Ракхалга, албатта уч дамлик қаламтарош олиб келинг, — деб талаб қўйди Мринмойи.

Опурба ётган жойида бир оз кўтарилиб, хотинига қаради:
— Нима қиласан, сен шу уйда қоласанми?
— Мен онамникида қоламан, — деди Мринмойи.
— Яхши, — деди Опурба хўрсиниб, — аммо шуни билиб қўйки, то келинг деб хат ёзмагунингча қайтиб келмайман. Энди мамнунмисан?

Мринмойи бунга жавоб қайтаришни ортиқча деб билди шекилли, мудраб қолди. аммо Опурба ухлолмади. У узоқ вақтгача ёстиққа тирсакларини тираб ўтирди.

Кечаси, алламаҳал бўлганда ой чиқиб, бехосдан унинг ёғдуси булар ётган ўринга тушди. Опурба Мринмойига узоқ тикилиб қолди. Назарида, бу қиз — кимнингдир кумуш таёқчаси тегиб сеҳрланган маликадай туюла бошлади. Эндиликда фақат олтин таёқчаси бўлган кимсагина уйқудаги бу жононни уйғотиб, унга никоҳ гуламбари тақа олади.

Кумуш таёқча — кулги, олтин таёқча — кўз-ёши.

Субҳидамда Опурба Мринмойини уйғотди.
— Мен ҳозир жўнашим керак, — деди у. — Юр, сени уйларинггача кузатиб қўяй.

Қиз тургандан сўнг Опурба унинг қўлларини ушлаб туриб сўз бошлади:
— Сенга бир илтимосим бор. Мен бир неча бор сени оғир аҳволдан қутқардим, энди хайр-хўш чоғида сендан кичик бир мукофот сўрайман.
— Қандай мукофот? — деди қиз.
— Ўзинг мени ўп, токи севганингни ҳис қилиб кетай. Бундай ғалати илтимосни эшитгач, Опурбанинг жиддий қиёфасини кўриб, қиз хандон уриб кулди. Ниҳоят, ўзини рутиб олиб, жиддий тусга кирди-да, эрини ўпишга ҳаракат қилиб, юзини унга яқинроқ олиб борди, аммо яна ўзини тутолмай қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Охири, икки дафъа муваффақиятсиз уринишдан сўнг, ҳамон кулишда давом этиб, чойшабга ўралиб олди. Йигит унинг қулоқларидан тортиб жазо берган бўлди.

Опурба ўз олдига оғир вазифа қўйди. У мажбур этишни, тортиб олишни ўзига муносиб кўрмасди. Худди тангрилардай, ҳеч қандай ташаббус кўрсатмас, фақат ихтиёрий қурбгнликнигина талаб этиб, ўз қўли билан бирор нарса олишни хоҳламас эди.

Мринмойи кулишдан тўхтади.

Опурба азонда жимжит кўчалар билан қизни ўз уйига кузатиб қўйди-да, онасининг ҳузурига қайтди.
— Мен ўйлабўйлаб шу фикрга келдим: агар хотинимни Калкуттага олиб борсам қийналиб қоламан, — деди у — Бунинг устига, у ерда унинг танишлари ҳам йўқ. Сиз бўлса, унинг ўз ёнигизда бўлишини истамайсиз, шунинг учун Мринмойни онасининг олдига элтиб қўйдим.

Она-бола бир-биридан қаттиқ хафа бўлиб хайирлашдилар.

VII

Мринмойи уйига қайтиб келди, бироқ бу ерда уни ҳеч нарса қувонтиролмади. Гўё уйда ҳамма нарса ўзгарган эди. Вақт бир жойда тўхтаб қолгандай. Қиз нима қиларини, қаерга борарини билмасди, ҳеч кимни кўришни иста-масди.

Унга бутун уйда, ҳатто бутун қишлоқда ҳам ҳеч ким йўқдай туюла бошлади. Ўзига ҳам номаълум сабаб билан, бирдан Калкуттага кетгиси келиб қолди. Ҳолбуки ўтган куни кечаси бу фикр унинг хаёлида ҳам йўқ эди! Қандайдир сабаб билан кечагина жонига теккан ҳаётга қарши бирданига тамомила ўзгариб қолди. Ўтмиш, гўё кузги сўлғин япроқ каби енгил, сездирмай учиб кетди.

Ривоятларга қараганда, шундай моҳир усталар бўлармишки, улар ясаган ўткир қилич билан танани икки пора қилиб тилинса ҳам одам сезмасмиш, фақат қўл билан теккандагина жасад икки бўлак бўлиб ерга тушармиш. Парвардигорнинг қиличи ҳам шундай: у Мринмойининг болалик ёшини балоғат ёшидан ажратганди, қиз буни ўзи ҳам сезмай қолди. Фақат энди, бу ўзгаришни ўз бошидан кечиргач, у надомат ва ҳайрат билан кўрдики, бола — Мринмойи орқада қолиб кетибди. Ота-она уйидаги ётоғи ҳам ўзига бегона туюлди, чунки илгари бу хонада ётиб юрган Мринмойи энди йўқ. Унинг юрагига бошқа уйнинг, бошқа ётоқнинг нақши тушган, у бошқа ўринни қўмсарди...

Энди Мринмойи уйдан ташқарига чиқмайди, хандон уриб кулмайди. Ракхал ўз дугонасидан қўрқиб қолди, ўйм-кулги эса қизнинг хотирига ҳам келмайди...
— Ойи, ўгиингизнинг олдига боришга рухсат бе. ринг, — деди бир куни Мринмойи.

Бу орада Опурбанинг онаси ўғлининг хайрлашиш чоғидаги маъюс чеҳрасини эслаб, юраги эзилмоқда эди. Айниқса, жаҳл устида келинининг кетиб қолишига йўл қўйгани унга ором бермасди.

Қайнона мана шу кайфиятда экан, бир куни Мринмойи чодрага ўралиб кириб келди-да, унга ғамгин эҳтиром билан таъзим қилди. Қайнона кўзларига ёш олиб, шошганча келинини кўтариб бағрига босди. Шу заҳотиёқ улар ярашиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Келинига назар солиб Опурбанинг онаси тамом ҳайратда қолди: бу илгариги Мринмойига сира ҳам ўхшамас эди. Оддий одамнинг бу зайлда, кишини ҳайратда қолдирадиган даражада тез ўзгариши мумкин эмас, ахир, ўз-ўзингни ўзгартириш учун зўр ирода керак.

Қайнона Мринмойи хулқидаги нуқсонларни аста-секин ўзгартирмоқчи эди. Бироқ қандайдир, кўзга кўринмас мураббий жуда тез таъсир қилувчи бир воситани ишга солиб, бу қизни гўёки қайтадан яратибди.

Энди Мринмойи ҳам қайнонанинг кўнглини яхши билар, у ҳам ўз навбатида келинининг гапларига яхшироқ тушунадиган бўлди. Бутун рўзғор ишларини икковлашиб қилишар, худди дарахт билан шохдек, бир-бирларидан ажралмас бўлиб қолдилар.

Мринмойининг чеҳрасида хотинлик латофати билан салобат барқ уриб, бутун борлиғини қамраб рурарди-ю, бироқ, ёш жувон нимадандир изтироб чеккандай туюларди. Кишини йиғлатадиган аччиқ бир алам, худди ашарх ойидаги қора булутлар сингари, унинг юрагига чўкиб қолганди. Бу алам унинг узун, қора киприклари соясини яна ҳам қуюқлаштиргандай эди.

«Мен-ку тентак эдим, лекин, нега ахир сен тушунмадинг? — деб фикран эрига мурожаат қиларди Мринмойи. — Нега менга ўргатмадинг? Нега мени қулоқ солишга мажбур этмадинг? Мен ярамас «йўқ» деганимда, нима учун зўрлаб Калкуттага олиб кетмадинг? Нега менинг гапимга кирдинг, нима учун менинг нозу эркаликларимга тоқат қилдинг?»

Сўнгра у ўша куни эрталаб кўл бўйидаги сўқмоқда Опурба уни ушлаб олганини, бир оғиз гапирмай, юзига тикилганини эслади. Мринмойи ўша кўлни, унинг ёнидаги дарахтни, эрталабки қуёш нурларини, Опурбанинг юракка қадалувчи нигоҳини кўз олдига келтириб, бу қарашнинг маъносини энди тушунди.

Мринмойи ўйлаб кетди: агар у ўшанда ўзини бошқача тутса, унинг биргина саволига бошқача жавоб қайтарса, у ҳолда нималар бўларди экан?

Илгари Опурба, Мринмойи мени сира ҳам тушунмайди, деб диққат бўларди. Энди Мринмойи ёлғиз қолиб, Опурба менинг ҳақимда нима деб ўйлаган эди. Эри уни оташин бўсалар билан муҳаббат ташналигини қондиришга ноқобил, тантиқ, ўжар, тутуруқсиз ва аҳмоқ қиз деган фикрда эканини ўйлаганда, унга қаттиқ алам қилар, хижолатдан ер ёрилса киргудек бўлар эди. Нима қиларини билмай, Опурбанинг ёстиқларига ҳарорат ва эҳтирос тўла бўсалар бағишларди.

Шу тариқа кўп вақт ўтди.

Опурба Мринмойидан хат олмагунча уйга қайтмай-ман деган эди. Мана шуни эслаб, у бир куни эрига хат ёзишга киришди. Мринмойи эри бериб кетган зарҳал ҳошияли рангдор қоғозни олиб ўйга толди. Сўнгра қунт билан, лекин эланг-биланг қилиб қоғозни чизди-да, панжасини сиёҳга ботириб, турли ҳажмдаги ҳарфлар билан, ҳеч қандай мурожаатсиз, ёзди: «Нега менга хат ёзмайсиз? Аҳволингиз қалай, уйга келинг. Яна нималарни ёзиш кераклигини билмайман». У ёзмоқчи бўлган гап шу билан тугаган эди, бироқ жамиятда ўйлаган нарсангдан ташқари яна нима ҳақидадир гапириш одати бор. Мринмойи буни биларди. Шунинг учун у бир оз ўйлаб, яна бир неча сўз қўшиб қўйди: «Энди марҳамат қилиб, сиз менга хат ёзинг. Аҳволингиз қандай, шу ҳақда ёзиб уйга қайтинг. Онам соғ-саломат, қишлоқдаги қизлар ва болалар нам саломат. Бизнинг қора сигиримиз кеча туғди». Шу билан у ўз мактубини тугатди. Сўнгра уни конвертга солиб, ҳар ҳарфига кўз ёшларини тўкиб, меҳр билан ёзди: «Опурбакришна Рай жанобларига». Унинг муҳаббати қан-ча чексиз бўлмасин, бари бир ҳарфларни тўғри ва чиройли чиқаролмади. Конвертга исмдан ташқари яна адрес ҳам ёзиш зарурлигини Мринмойи билмасди. Хатга қайнонаси ёхуд бошқа бирор кишининг кўзи тушишидан қўрқиб, ишончли чўридан почтага юборди.

Бу мактубдан ҳеч қандай натижа чиқмаганини сўзлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, чунки у Опурбага тегмаган эди.

VIII

Онаси кўрдики, каникул ўтиб кетса ҳам Опурба уйга қайтмади. У, ўғлим ҳали ҳам хафа, деб ўйларди. Мринмойи эса, у мендан ранжиган деб ўзи ёзган мактубдан андиша қилиб, ер ёрилса киргудек бўлиб юрарди. Ростдан ҳам хат жуда аянчли эди. Унда бирорта бамаъни сўз йўқ, у бу хатда ҳатто ўзи ўйлаган сўзларни ҳам ифода этолмаган эди. Опурба уни ўқиб, Мринмойини яна ёш бола деб, янада нодонроқ ҳисоблайди, де¬ган фикр шўрлик қизнинг қалбини ўқ теккандек яралар эди.
— Сен хатни почтага олиб борганмидинг? — Қайта-қайта сўрарди Мринмойи чўри хотиндан.
— Бўлмасамчи, мен уни ўз қўлим билан почта яшигига ташладим, — деб ишонтирарди чўри. — Эҳтимол афандим уни аллақачон олгандирлар.

Бир кун Опурбанинг онаси Мринмойини чақириб:
— Она қизим, Опурба қачондан бери уйга келмай кетди, мен уни кўргани Калкуттага бормоқчиман. Сен ҳам бормайсанми? — деб сўради.

Мринмойи маъқуллаб бош силкиб қўйди. Маъқуллади-ю, чопганча уйига кириб эшикни бекитиб олди, ўзини каравотга ташлаб, ёстиқни қучоқлади-да, қувончи ичига сиғмай хандон уриб кулиб юборди. Анчадан сўнг кулгидан тўхтади-ю, бирдан, ҳар хил хавфларни ўйлаб, кўнгли тоииб йиғлади.

Ўзларининг боришларидан Опурбани хабардор ҳам қил-май, гуноҳкор она-келин ундан узр сўраш учун Калкуттага жўнашди. Калкуттада она ўз куёвининг уйига тушди.

Бу орада Опурба Мринмойидан хат келишини кутмай, ўз аҳдини бузиб, бир кун кечаси ўтириб хат ёза бошлади. Бироқ у ҳеч бир муносиб таъбир тополмади. Йигит ҳам муҳаббат, ҳам алам акс этадиган мурожаат шаклини қидирарди. Аммо мувофиқ ифода тополмаганидан она тилига бўлган ҳурматсизлиги яна ҳам кучайди. Шу пайтда унга поччасидан мактуб келтиришди, унда онаси келган-лиги хабар қилиниб, уни ҳам тушки овқатга етиб келиши сўралган эди. Хатнинг охирида уйда тинчлик деб айтилган бўлса ҳам, Опурбанинг кўнглидан ҳар хил хаёллар ўтиб, таъби хира бўлди. У дарров синглисиникига қараб жўнади.
— Уйлар тинчми, ойи? — деб сўради онасини кўрган ҳамон.
— Уйдагилар ҳаммаси сиҳат-саломат, болам, — деди она, — кўпдан бери уйда бўлмаганинг, каникулда ҳам бормаганинг учун сени олиб кетгани келдим.
—Бекорга овора бўлибсиз, —деди Опурба, — мен ҳуқуқдан имтиҳон беришга тайёрланишим лозим... Овқат устида синглиси Опурбага қараб:
— Ака, нега сиз хотинингизни бирга олиб келмадингиз? — деб сўради. Йигит жиддий қиёфада гап бошлади:
— Ҳуқуқ фани билан шуғулланиш...
— Бўлмағур гапни қўйиб, тўғрисини айтаверинг, — деб кулди поччаси, — уни бизга кўрсатишга қўрқяпсиз.
— Ростдан ҳам эҳтиёт бўлиш керак, — унинг сўзини бўлди хотини, — агар ёш боланинг кўзи сизга тушса, албатта қўрқади-да.

Суҳбат шундай ҳазилкашлик билан давом этса ҳам, Опурбанинг қовоғи очилмади. Ҳазиллар қайтага уни асабийлаштирарди. Агар истаса Мринмойи ҳам келарди, деб кўнглидан кечирди у. Эҳтимол онам уни олиб келишга унмб ҳам кўргандир, лекин у кўнмаган бўлса керак, деб ўйларди. Минг хил хаёлларга бориб турган бўлса ҳам

онасидан сўраб-суриштиришга ботинмади. Инсон ҳаёти ва бутун борлиқ унга нуқул ёлғондан иборат бўлиб кўриниб кетди.

Кечки овқат тугай деганда, кучли шамол қўзғалиб, сел қуя бошлади.
— Ака, бугун бизникида қолинг, — илтимос қилди синглиси Опурбага.
— Йўқ, уйга кетишим керак, ишим бор, — деди йигит.
— Кечаси қандай иш бўларди? — эътироз билдирди поччаси,— ахир бизникида ётиб қолганингиз учун бировга ҳисоб бермайсиз-ку. Ниманинг ташвишини қиляпсиз?

Кўп мунозарадан сўнг, Опурба ночор қолиб, шу ерда тунашга рози бўлди.
— Жуда чарчаган кўринасиз, ака, бориб ётгадингиз маъқул эмасмикан? — деди синглиси.

Бу таклиф Опурбанинг кўнглидагидай бўлди. У, қоронғи уйда танҳо қолсам ташвишларим бир даража камаяр, деган умидда эди... Суҳбатга қўшилишни истамади.
— Чироқни шамол ўчирибди, ёқиб берайми? — сўради синглиси.
— Йўқ, керак эмас, — деди Опурба, — мен ёруғда ётолмайман.

Синглиси кетди, Опурба астагина ўрнига яқинлашди. Энди ётай деб турганида, бирдан билагузукларнинг жаранглагани эшитилди, икки нозик қўл уни ушлаб маҳкам бағрига босди, кимнингдир гул баргларини эслатувчи лаблари бехосдан унинг юзларига тегди, кўзёшлари аралаш ҳароратли бўсалар йигитга ўз ҳайратини баён қилишга халақит берарди.

Опурба дастлаб ҳанг-манг бўлиб қолди кейин фаҳмласа: бир вақт кулги халақит берган илтимоснинг бажарилишига бугун кўзёшлари ёрдам берибди.

1893