OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРабиндранат Тагор
Асар номиПочта мудири (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Бенгал адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Рабиндранат Тагор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Почта мудири (ҳикоя)
Рабиндранат Тагор

У Улапур қишлоғида почта мудири эди. Унинг иш фаолияти шундан бошланган. Қишлоқ жуда кичик бўлса ҳам, унинг яқинида бўёқ фабрикаси бўлиб, шу фабрика хўжайинининг талабига мувофиқ, бу ерда почтахона очилганди.

Асли калкутталик бўлган почта мудири бу хилват қишлоқда ўзини сувсиз қолган балиқдай ҳис этарди. Унинг идораси, буталар ғовлаб ўсган кўл бўйида, похол билан ёпилган қоронғи ҳужрага жойлашган эди. Фабрика ишчиларининг бўш вақти бўлмагани, бунинг устига улар бамаъни одамга муносиб улфат бўлолмаганлари сабабли, почта мудири ёлғиз яшарди. Калкутталик йигитимиз одамга дарров эл бўлиб, дўстона суҳбат бошлашга уқувсиз эди. Бегоналар суҳбатида гоҳ димоғдор, гоҳ тортинчоқ. Шундай қилиб, почта мудирининг на ошнаси, на дўсти бор, бунинг устига, иши ҳам жуда кам эди.

Баъзан у шеър ёзишга ҳам уриниб кўрар, шеърларида, агар одам кунбўйи япроқларнинг шитирлашини тинглаб, осмондаги булутларга қараб юрса бахтли бўлади, деган фикрни баён қилишга интилар эди. Аммо араб афсоналаридаги девлардан биронтаси ер юзидаги ҳамма ўсимлик ва дарахтларни бир кечада кенг тош кўчага, қордай оппоқ булутларни тўсадиган баланд ғиштин иморатларга айлантирса борми, ўшанда бу шўрлик почта мудирининг нақадар қувонишини бир худонинг ўзи биларди.

Почта мудири оз маош оларди. Бинобарин, овқатни ҳам ўзи пиширар ва уни хизматини қилиб юрадиган шу қишлоқлик етимча қиз билан баҳам кўрарди. Қизчанинг оти Ротон бўлиб, ўн икки-ўн уч ёшга бориб қолган бўлса ҳам, уни эрга бериш ҳақида ўйлайдиган кишиси йўқ эди.

Кечқурун молхоналар устида буғ кўтарилиб, ўт-ўлан ичида чигирткалар чириллаганда, узоқ қишлоқлардан келган маст-аласт вишнупарастлар дўмбира чалиб, бор товушлари билан ашула айтганда, япроқларнинг шитирлаши ҳақида хаёл суриб ўтирган танҳо шоирнинг эти жимирлаб, ҳужранинг бурчагидаги хира чироқни ёқарди-да:
— Ротон! — деб чақирарди.

Қиз унинг чақиришини пойлаб эшик орқасида ўтирарди-ю, аммо овозини эшитганда хонага дарров кириб бор-масди.
— Сиз мени чақирдингизми, бабу? — деб сўрарди у.
— Нима қиляпсан?
— Ўчоққа ўт ёқмоқчи эдим.
— Ўтни кейин ёқарсан, ҳозир трубкамни тутатиб берчи, — дерди почта мудири.

Қиз унинг олдига югуриб борарди-да, лунжини шишириб, трубкасини пуфлай бошларди.
— Менга қара, Ротон, — дерди почта мудири унинг қўлидан трубкани ола туриб, — онанг эсингда борми?

Бу хусусда тинмай гапириш мумкин эди. Қизча баъзи нарсаларни эслар, баъзиларини унутганди. Отаси қизни онасидан кўра кўпроқ севарди, қиз буни билади, аммо отасини яхши эслолмайди. Отаси одатда ишдан кеч қайтарди. Шундай оқшомларнинг баъзиларигина қиз хотирасида нақшланиб қолган. Бундай суҳбатлар чоғида Ротон ерда, почта мудирининг оёғи учида ўтириб оларди. У кичик укасини, бир вақтлар, ҳаво айниган бир куни у билан кўприк чеккасида ўтириб балиқ овлаганларини эслайди. Қармоқлари ҳам дарахтдан синдириб олинган бир гаврон эди. Шунга ўхшаш майда-чуйда ҳодисалар қизнинг хотира¬сида ҳаётидаги оғир дамлардан кўра равшанроқ из қолдирганди. Бу орада қоронғи тушиб, почта мудири овқат пиширишга эринарди. Шунда Ротон дарров ўрнидан туриб ўчоққа ўт ёқар, бир нечта чавати пиширар, нонуштадан ортган соус билан чавати иккаласига етиб ортарди.

Баъзи оқшомлари эса почта мудири кулбасининг бир бурчида ўтириб уйи, кичик укаси, онаси ва опасини ўйлар, мусофирчиликда ҳам уларнинг ҳоли не кечди экан, деб ташвиш тортарди. Бу ўйлар унинг хаёлидан сира нари кетмасди, аммо фабрикада дардлашадиган бирор одам бўлмаганидан, у ўйлаб-нетиб турмай, ўз ҳасратини ҳеч нарсага тушунмайдиган ёш қизчага айтарди, қизча бора-бора унинг қариндошларини, худди ўзининг эски танишидай, она, опа, ака деб атайдиган бўлиб қолди.

Дам олиш куни эди. Булутлар тарқалиб, ҳаво очилди. Майин, илиқ шабада эсди; қуёш иссиғида нам майса ва ўсимликларнинг хушбўй ҳиди анқиб, чарчаган ернинг ҳароратли нафаси баданни куйдиргандай бўларди. Қандайдир хирароқ бир қуш эртадан-кечгача бир хил ғамгин овоз билан сайраб, оламдан ҳасрат қиларди. Букун почта мудири бўш бўлгани учун, ёмғирда тоза япроқларнинг ши-тирлашига, селдан енгилиб, офтоб нуридан арғувон тусга кирган булут парчаларига маҳлиё бўлиб боқарди. Боқардию ўйларди:

«Қани энди шундай пайтда ёнимда бир яқиним, ҳаддим сиққан севгили зот бўлса-ю, мен уни бағримга босолсам...» Йигитнинг назарида тинмагур қушлар ҳам букун шу ҳақда сайрагандай, дарахт япроқлари ҳам бу кимсасиз салқин чошгоҳда фақат шу ҳасратда шивирлашаётгандай туюларди... Бундай бўш кунда, букунгидай жазирама сас-садосиз чошгоҳда, кичкина қишлоқ-да, озгина маош оладиган почта мудирининг бошида бу хил фикрлар пайдо бўлади, деб ким ҳам ўйлайди дейсиз?

У оғир сўлиш олиб:
— Ротон! — деб чақирди.

Қизча бир мева дарахти тагида ғўр мева еб ётарди. Овозни эшитиб, чопганича кулба эшигига борди ва ҳансираб туриб:
— Ака, чақирдингизми? — деб сўради.
— Сени бир оз ўқишга ўргатмоқчи эдим, — деди почта мудири: У кунбўйи қизга алифбе ўргатди. Бир неча кундан сўнг қизча ҳарфларни уриштириб ўқийдиган бўлиб қолди.

Срабон ойида ёмғир сира тинмайдигандай туюлди. Ариқлар, чуқурлар тўлиб ҳаммаёққа сув тошди. Кеча-кундуз сел шанллар, бақалар сайрарди. Қишлоқ йўлидан юриш амримаҳол бўлиб қолди, бозорга қайиқда боришга тўғри келди.

Шундай ёмғирли кунларнинг бирида эрталабдан бери Ротон почта мудирининг чақиришини кутиб эшик орқасида узоқ туриб қолди. Бироқ, илгаригидек таниш овоз эшитилмагач, саҳифалари кирланиб кетган китобни олиб, секингина уйга кирди. Қараса, почта мудири каравотда ётибди. Дам олиб ётган бўлса керак деб, астагина хонадан чиқиб кетмоқчи бўлганида, йигит бирдан:
— Ротон! — деб чақириб қолди. Қиз дарров орқасига қайрилиб сўради:
— Сиз ухлаяпсизми, ака?
— Тобим қочганга ўхшайди, пешонамни ушлаб кўр-чи, — деди почта мудири заиф товуш билан.

Унинг ёлғизлик ва намгарчиликдан азоб чеккан вужуди бировнинг ғамхўрлигига ташна эди. У, бир вақтлар, билагузуклар тақилган нозик қўллар ёниб турган пешонасига текканини эслади. У бу ерда, шу қоронғи кулбада ғамхўр аёлларни — онаси ва опасини ўз ёнида деб тасаввур этишни истарди... Қувғиндининг эҳтиросли орзулари бажо келтирилди: Ротон энди илгариги ёш қизча эмасди, у беморга онаси сингари ғамхўрлик қиларди. Доктор чақирди, тайинланган вақтларда дори ичириб турди, кечалари мижжа қоқмай ёнида ўтирди, ўзи овқат тайёр-лади ва ҳар куни юз марталаб:
— Ака, бир оз тузук бўлдингиз-а? — деб сўраб турди. Ниҳоят, почта мудири бир оз тузалиб, дармонсизроқ бўлса ҳам ўрнидан турди.

«Йўқ, нима бўлса ҳам бу ердан кетиш керак» — деб аҳд қилди у. Бу қишлоқ ҳавосининг ёмонлигини баҳона қилиб, бошқа жойга ишга қўйишларини сўраб Калкуттага ариза юборди.

Ротон эса, касалга қарашдан бўшаб, яна эшик орқасидагиж ойида ўтирарди. Почта мудири энди уни чақирмайдиган бўлди. Қиз баъзан секингина уйга кириб қарар, уни стулда ўтириб бўшлиққа бепарво тикилган ҳолда учратар ёки каравотда ухлаб ётганини кўрарди. Ротон, у чақириб қолмасмикин, деб жон қулоғини тикиб турган бу кунларда, почта мудири ўз аризасига интизорлик билан жавоб кутарди. Қиз эшик орқасида ўтириб, эски дарсларини мингинчи марта такрорлар: бирдан чақириб қолса, дарсларни унутиб қўяман, деб қўрқарди.

Шу зайлда бир ҳафта ўтди. Ниҳоят, бир куни кечки пайт почта мудири уни чақириб қолди. Ротоннинг юраги ўйнаб, чопганча уйга кирди.
— Ака, чақирдингизми?
— Ротон, мен эртага кетаман, — деди почта мудири.
— Қаерга, ака?
— Уйга.
— Қачон қайтиб келасиз?
— Энди қайтиб келмайман.

Ротон бошқа ҳеч нарса сўрамади. Почта мудири ўзи илтимоснома ёзгани, унга рад жавоби келгани, энди ишдан бўшаб уйга кетаётгани ҳақида сўзлаб берди. Улар анчагача хомуш ўтирдилар. Чироқ хира ёнар, ўртага қўйилган ёғоч товоққа шифтдан бир меъёрда чакка томиб турарди.

Бир оздан кейин Ротон аста ўрнидан туриб, нон ёпиш учун печка ёққани кетди. Аммо бу гал унинг қўллари ишга қовушмади: бошидаги минг хил хаёллар унга ором бермасди. Овқатдан кейин қиз қўққисдан сўраб қолди:
— Ака, сиз мени бирга олиб кетмайсизми? Почта мудири кулиб юборди:
— Қандоқ қилиб?

Йигит уни нима учун олиб кетолмаслигини тушунтиришни лозим кўрмади, аммо Ротоннинг қулоқлари остида тун бўйи почта мудирининг истеҳзоли овози янгради: «Қандоқ қилиб?»

Эртасига почта мудири ўрнидан туриб қараса, ювиниш учун сув тайёрлаб қўйилибди. У Калкутта одатига мувофиқ, уйда ювинарди. Қиз ундан қачон жўнайсиз деб сўрашга ботинмайди, шунинг учун ҳамма нарсани барвақт тайёрлаб қўйиш ниятида кечаси сув ташиб қўйган эди. Ювиниб бўлгач, почта мудири Ротонни чақирди. Қиз секин кириб, хўжайинининг фармонини жимгина кутиб турди.
— Ротон, — деди йигит, — менинг ўрнимга келадиган кишига сенинг ҳолингдан хабар олиб туришни тайинлаб қўяман. Ҳеч нарсадан ташвиш тортма.

У бу гапни самимий, эркалатувчи оҳангда айтганига шубҳа йўқ. Бироқ, аёл қалбини ким билсин? Қиз тез-тез хўжайинидан сўкиш эшитса ҳам, лом-мим демай чидаб келарди, аммо ғамхўрлик билан айтилган бу мулойим сўзларга тоқат қилолмади.
— Йўқ-йўқ, менинг ҳақимда ҳеч кимга ҳеч нарса деманг! Мен бу ерда қолишни истамайман, — деб ҳўнграб юборди қиз.

Почта мудири Ротонни ҳеч қачон бундай ҳаяжонда кўрмаган эди, қизнинг ҳозирги ҳолати уни ҳайрон қолдирди.

Янги почта мудири келди, қаҳрамонимиз ишни унга топшириб кетишга ҳозирлана бошлади. Жўнаш олдида, у қизни яна чақирди.
— Ротон, мен сенга бирор марта, бирор нарса билан ёрдам қила олмадим. Ҳозир сенга берадиган нарсам ҳам бир неча кунга етади, холос...

У чўнтагидан маошини чиқариб, ўзига йўл ҳара-жати учун андак олди-да, қолган пулни қизга узатди, аммо Ротон тиз чўкиб, унинг оёқларини қучоқлаб, қичқирди:
— Ака, сиздан ёлвориб сўрайман, менга ҳеч нарса, ҳеч нарса керакмас. Менинг ҳақимда бировнинг ўйлаши ҳам керакмас, — деб, уввос тортганча қочиб кетди.

Почта мудири оғир сўлиш олди, сўнгра ёи-йўл қилиб бўялган чамадонини ҳаммолнинг бошига қўйиб, халтача ва соябонини олиб, аста бориб қайиққа тушди.

Қайиқ юриб кетди, ёмғир суви билан тошган дарёнинг тўлқинлари, ер қаъридан отилиб чиққан кўз ёшидай жўш урганда, йигит қалбида зўр ачиниш ҳисси пай до бўлди. Унинг кўз ўнгида оддий деҳқон қизининг изтиробдан бужмайган чеҳраси намоён бўлди, гўё бу юзда бутун оламнинг ғам-аламлари акс этгандай туюларди. Почта мудири, орқага қайтиб, шу тобда бутун олам воз кечган бу етимча қизни олиб кетай, деб ҳам ўйлади. Бироқ шу чоғда ёмғир яна кучайиб, қаттиқ шамол елканларни суриб кетди. Тездан қишлоқ узоқда қолиб, дарё бўйида қабристон кўринди. Дарёнинг тез оқимига маҳлиё бўлган почта мудирининг лоқайд қалби шунда янги бир ҳақиқатни кашф этди: ҳаётда нима кўп — учрашув ва ўлим. Бас, қайтишнинг нима ҳожати бор? Бу дунёда ҳеч ким, ҳеч кимга тобе эмас.

Бироқ, Ротон бу фалсафа билан ўзига тасалли беролмади: ҳозир қиз кўзларидан ёш тўкиб, почта идораси атрофида айланарди. Унинг юрагида ҳали ҳам умид учқунлари бор, унинг назарида акаси қайтиб келадигандай туюлар, шунинг учун уйдан сира нари кетолмас эди.

Қани энди кўнгил ақлнинг далолатига бўйсунса! Йўқ, у ўзича яшайди: хатосига иқрор бўлмайди, мантиқ қонунларига аранг бўйсунади, кучли далиллар билан ҳисоблашмай, сохта нарсаларга беҳуда умид боғлайди. Вақти билан бу умид кўнгил мулкини вайрон этиб, охири бизни тарк этади. Тушунча эса, яна қайтиб ўз ўрнида қарор топади, аммо кўнгил яна қайта хато қилиб қўйишдан қўрқади.

1891