OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРабиндранат Тагор
Асар номиТашна тошлар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Бенгал адабиёти
Бўлимлар
   - Лирика
Муаллифлар
   - Рабиндранат Тагор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм45KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ташна тошлар (ҳикоя)
Рабиндранат Тагор

Биз уни поездда учратдик: дўстим икковимиз Пуджа байрами муносабати билан мамлакат бўйлаб қилган сафаримиздан Калкуттага қайтиб келмоқда эдик. Либосига қараб биз уни ғарбий вилоятларнинг мусулмонларидан деб ўйладик. Лекин унинг гаплари бизни либосидан кўра кўпроқ ҳайратга солиб қўйди. У ҳар хил нарсалар ва ҳодисалар хусусида шунадй муҳокама юргизардики, гўё парвардигори олам ҳамиша ва биринчи галда у билан бамаслаҳат иш қиладигандай. Шу чоққача биз оламда қандай ғаройиб ҳодисалар рўй бераётганини билмай бамайлихотир яшаб келган эканмиз. Русларнинг нечоғли илгарилиб кетгани, инглизларнинг қандай яширин режалари борлиги ва маҳаллий рожалар орасида қандай чигалликлар рўй бераётгани ҳақида ҳеч нарса англамай юрардик. Бизнинг янги ошнамиз муғамбирона жилмайиб:
— Еру кўкда кўп ғаройиботлар бор, Горатсио, аммо улар ҳақида сизнинг газеталарингизда ҳеч қандай ахборот берилмайди, — деди.

Биз биринчи дафъа ўз уйимиздан чиқиб мусофиротга қадам қўйганимиз учунми, ҳар нучук, у кишининг хатти-ҳаракатлари бизни тамом ҳайратда қолдирди. У одам ҳар нарсадан муносабат топиб, ўз билимдонлигини намо-йиш қилар, ведлардан далиллар келтирар ёки бирдан форсий шеърлар ўқир эди. Биз олимлик даъвосидан йироқ бўлиб, вед ва форс тилидан ҳам етарли баҳраманд бўлмаганимиз сабабли, бу кишига бўлган эҳтиромимиз тобора ортарди. Менинг тақводор дўстим эса, ҳатто, бу одам бирор сеҳрли куч билан ёки самовий мавжудотлар воситасила ёинки шунга ўхшаш бошқа бирор восита орқали нариги дунё билан алоқадор деган эътиқодга келиб қолди. Шунинг учун у, бу ғайритабиий одамнинг энг оддий сўзларини ҳам зўр мароқ ва чексиз эҳтиром билан тинглаб, оҳиста ёза бошлади. Менга, бу сирли шахс ўзи қолдирган таассуротни пайқаб, мамнун бўлгандай туюларди.

Поезд катта стансияга келди. Биз бошқа поездни кутиб вокзалга кирдик. Кеч соат ўн бир ярим эди. Бизга, йўлда аллақандай ҳодиса рўй бергани учун поезд кечикиб келади, деб хабар қилдилар. Мен тўшакларимни столга ёзиб, бир оз мизғиб олмоқчи бўлдим. Бироқ, ҳалиги ғалати йўлдошимиз яна ҳикоя қила бошлади. Шундай қилиб, мен ўша кечаси кўз юммадим.

Жуганторида маъмурият билан келишолмай, ишни ташлаб, Ҳайдаробод ҳокимига хизматга келганимда, мен ёш ва соғлом эдим, шунинг учун мени Баричга пахтадан солиқ йиғиш ишига тайинладилар.

Барич жуда сўлим жой. Тоғ этагидаги қуюқ ўрмонлар орасидан гўё моҳир раққосадек буралиб, эшилиб, тош пояндоз устидан шовиллаб чопқир Шуста дарёси оқади. Дарё соҳилида, ундан бир юз эллик зина юқорида, тоғ этагида оқ тошдан ясалган танҳо сарой қад кўтарган; бу яқинда бошқа уй-жой йўқ, пахта бозори ва Баричнинг ўзи бу ердан анча йироқ.

Тахминан икки юз эллик йиллар муқаддам шоҳ Маҳмуд Иккинчи кайфу сафо суриш учун бу кимсасиз жойда сарой қурдирган эди. У чоғларда чўмиладиган хоналардаги фонтанлардан атиргул сувининг муаттар ҳиди анқир эди. Фонтанлардан сачраган сув томчилари билан салқинланган айрим хоналарда совуқ мармар курсиларда ўтирган эрон қизлари чўмилиш олдидан сочларини ёзиб, гул баргидай гўзал оёқларини фонтандан оққан зилол сувларга тутиб, тиззаларига сетор қўйиб чалар, хоналарда ғазалхонлик янграрди.

Ҳозир бу фонтанлар ишламайди; ашула садолари ҳам тинган; оқ мармарларда хиромон юрган гўзалларнинг оёқ шарпаси ҳам эшитилмайди, ҳозир бу ер — менга ўхшаш солиқ йиғувчилар, танҳоликдан зориққан, толиққанлар учун ҳувиллаб ётган жуда катта жой бўлиб қолган. Идорамизнинг эски хизматчиси Каримхон мени бу саройда тунаб қолма, деб огоҳлантирган эди. У, бу жойга фақат кундузи келгин, лекин кечасига сира-сира қола кўрма, деган эди. Мен бунга жавобан кулибгина қўйган эдим. Хизматчилар ҳам, биз у ерда кундузи ишлаймиз-у, кечаси қолмаймиз, деган эдилар. «Майли, хоҳлаганларингча бўлсин» жавоб бердим мен. Бу уй шундай ёмон шуҳрат чиқарган эдики, ҳатто ўғрилар ҳам кечаси киришга ботинмас эдилар.

Биринчи даврда бу ташландиқ тош саройнинг одамсизлиги мени қандайдир ваҳимага солгандай бўлди, мен имкон борича бу уйга кундузи келмасликка тиришардим, фақат кечаси чарчаган ҳолда қайтиб, ётибоқ дарҳол ухлаб қолардим.

Аммо орадан бир ҳафта ўтмай, бу қасрнинг одатдан ташқари сеҳри мени чулғаб ола бошлади. Менинг у даврдаги аҳволимни тасвирлаш қийин, лекин менинг сўзларимга ишониш ундан ҳам қийинроқ. Бу бино гўё тирик организмдай, аста-секин мени ўз комига торта бош¬лади.

Эҳтимол бу ҳол мен саройга кирган куниёқ бошлангандир, лекин мен бунинг нишоналари кўринган куннинг баъзи ҳодисаларинигина аниқ эслайман. Аллақачон жазирама кунлар бошланган, бозор катта эмас, бинобарин мен деярли ишламас эдим. Бир куни, қуёш ботмасдан анча илгари, сарой зинапояси олдидаги креслога ўтирдим. Ўшанда Шустанинг суви озайиб саёз бўлиб қолган эди, ботаётган қуёш шуъласида қарши соҳилнинг саёзликлари ярқираб кўринарди, оёғим остида эса, саёз ва мусаффо сув тагида ранг-баранг тошлар ярқирарди. Шабада йўқ, дарахт барглари қимир этмасди. Яқин адирлардан келган арпа бадиённинг ўткир ҳиди анқиб, сокин ҳавони тўлдирди.

Қуёш тоғ чўққилари орқасига яширинган ҳамон кун саҳнасига катта қора парда тушди, тоғлар яқин бўлганидан, қуёш ботгач, бу ерда ёруғлик ва қоронғиликнинг бир-бирига қўшилиши узоққа чўзилмайди. От миниб саёҳат қилгим келди, бироқ креслодан туришим билан зинапоядан оёқ товуши эшитилди. Қайрилиб қарадим — ҳеч ким йўқ.

Бу — туйғуларнинг алдаши деб ўйладим-да, яна қайтиб жойимга ўтирдим. Шу заҳотиёқ яна оёқ тову¬ши эшитилди, зинапоядан пастга қараб бир неча киши чопгандай туюлди. Юрагимни аллақандай қўрқув аралаш шодлик ҳисси қоплаб олди. Зинапояда ҳеч ким йўқ эди, аммо менинг назаримда бир тўда қувноқ қизлар зинапоядан бу ёз оқшомида Шустага чўмилгани тушиб кетаётгандай туюларди. Гарчи оқшом қоронғилигида на тоғ этагидан, на дарё соҳилидан, на бўм-бўш саройдан ҳеч қандай овоз чиқмаган бўлса-да, мен, ёнимдан бир-бирларини қувиб, чопиб бораётган чўмилувчи қизларнинг янграган кулгиларини барала эшитдим. Улар гўё мени пайқамасдилар, улар мен учун сир бўлгандай, мен ҳам улар учун сир эдим, кўзга кўринмас эдим. Дарё боягидай тинч, аммо мен чўмилувчи қизларнинг жарангли билагузуклар билан безатилган қўллари текканда зилол сувнинг қандай тўлқинланишини, бир-бирларига сув сепишларини ва оёқларини шапиллатиб сузганда осмонга беҳисоб марварид томчилар ярқираб сачрашини жуда равшан тасаввур қилардим.

Кўнглимни тушуниб бўлмайдиган бир ҳаяжон қоплаб олди: бу — қўрқувмиди ёки шодлик ҳиссимиди, ёинки инсонга хос билиш-англаш истагининг туғёнимиди — ўзим ҳам билмайман. Шуларнинг ҳаммасини кўриш ҳаваси вужудимни қамраб олган эди. Мен диққат билан тикилдим, аммо кўз ўнгимда деярли ҳеч нарса рўй бермади, кўринмади. Қулоқ солсам, уларнинг сўзларини англайдигандай эдим, аммо мен қанча қулоқ солмай, ўрмондаги чигирткаларнинг чириллашидан бошқа ҳеч нарса эшитилмади. Олдимда гўё икки ярим асрнинг қора пардаси ҳилпиллаб турарди, — ваҳм билан унинг бир четини қайирдим: у ерда жуда кўп одамлар тўпланган, бироқ қуюқ зулмат уларни кўришга ҳалал берарди.

Қўққисдан қаттиқ шамол туриб, сокин ва оғир ҳавони титратиб юборди. Жим оқаётган дарё сатҳида сув парисининг сочларига ўхшаш енгил мавжлар қўзғалиб, дарё бўйлаб чопа кетди; оқшом қоронғисига бурканиб олган ўрмон қаттиқ уйқудан уйғонгандек шамолдан гувиллай бошлади. Буни туш деб атайсизми, ўнг деб атайсизми, ихтиёр сизда, аммо менинг кўз ўнгимда намоён бўлган бу икки ярим асрлик воқеалар бир лаҳзада ғойиб бўлди. Менинг тасаввуримда бунёдга келиб, овозсиз, лекин менга баралла эшитилиб турган қувноқ хандалар би¬лан жисмсиз оёқларида ёнимдан пардай енгил учиб ўтган бу мавжудотлар ҳали нозик лабларини тишлаб, ҳўл либосларининг сувини сиқиб қайтганларича йўқ. Шамол муаттар ҳидларни таратгандек, улар ҳам ғойиб бўлдилар, баҳор нафаси уларни олиб кетди.

Мен, илҳом париси бу жойларнинг танҳолигидан фойдаланиб елкамга чиқиб олмасайди, деб қўрқдим. Кўриниб турибдики, бу шўх маъбуда пахта солиқлари ҳисобига яшовчи мен заҳматкашни бир балога гирифтор қилмоқчи. Мен тузукроқ бир овқат ейишга қарор қилдим, чунки оч қорин ҳамиша давосиз дардларни вужудга келтиради. Мен ошпазни чақириб серёғ ва аччиқ мўғул таомларидан буюрдим.

Боииб ўтган воқеаларнинг ҳаммаси эрталаб менга ҳаддан ташқари кулгили туюлди. Кайфим чоғ ҳолда туриб, одатда соҳиблар киядиган пўкак қалпоқни кийдимда, извошга ўтириб, тизгинни қўлга олиб отларни «чув» дедим. Извош йўлда тарақлаганича кетди — мен ўз ишимга жўнадим, ўша куни уч ойлик ҳисобот тузишим лознн эди, бинобарин, мен кечроқ қайтаман деб ўйладим. Аммо ҳали қош қораймай туриб, уйга қайтгим кела берди. Мени биров чақирди деб айтолмайман, лекин менга бундан ортиқ ҳаяллаш мумкин эмасдай, бировлар менга интизор бўлиб кутаётгандай туюлди. Ҳисоботни тугатмай, қалпоғимни кийдим-да, извошга ўтириб, икки томонида қоп-қора шохлар осилиб турган ва кечки кулранг-қорамтир соялар чулғаб олган кимсасиз йўл билан жўнадим. Ниҳоят, тоғ этагидаги бу азим ва сокин саройга етиб келдим.

Зинапоя тепасидаги биринчи зал беҳад катта эди. Унинг шифтлари уч қатор муҳташам ва азамат устунлар тепасидаги аркларга бош қўйгандай кўринарди. Бу залнинг интиҳосиз бўшлиги кеча ва кундузи бирдай акс-садо бериб турарди. Аллақачон кеч кирган бўлса-да, ҳануз чироқ ёқилмаган. Эшикни бир итариб очдим-да, залга кирдим ва дарҳол сездимки, у ерда бесаранжомлик бошланган, гўё кўп одамлар ўринларидан қўзғалиб, ҳар бири бир томонга — биров эшикка, биров деразага ва биров айвонга қараб қочмоқда. Мен ҳеч нарсани кўролмай, лол бўлиб қолдим. Қандайдир жозибадор, қудратли ҳис мени тамом қамраб олган эди. Гўё ҳавода аллақачонлар йўқолиб кетган муаттар ҳидлар анқир эди. Мен муаззам бир залда, қадимий тош устунлар орасида туриб эшитардим: оқ тошларга фонтан сувлари шариллаб қуюлар, кимдир сетор чаларди, лекин қандай куй эканини мен идрок этолмадим; гоҳо олтин безакларнинг жаранглаши эшитиларди; гоҳо мис гардишнинг садоси янграр, узоқ бир ердан дўмбира овози келар, биллур зеб-зийнатлар жаранглаб садо берар, айвондан қафасдаги булбулнинг ҳазин фарёди оқиб келар, боғда ўргатилган оққуш сайрар — хуллас менинг атрофимда самовий куйлар янграрди...

Менда шундай бир ҳиссиёт туғилдики, гўё шу жисмсиз, ҳис этиб бўлмайдиган энг нозик ҳодисалар ер юзасидаги бирдан-бир ҳақиқат бўлиб, қолган ҳамма нарса — алдовчи саробдир. Менинг — менлигим, яъни фалончи, марҳум отасининг тўнғич ўғли, пахта солиғи йиғиб тўрт юз эллик рупия ишловчи одам эканим, бошимда пўкак қалпоқ, эгнимда тор камзул бўлиши, отлами ҳам ўзим ҳайдашим — буларнинг ҳаммаси менга шундай кулгили, маъносиз кўриндики, ўзимни бу муаззам, сокин ва бўш залда хохолаб кулишдан тийиб қололмадим.

Шу чоғда менинг мусулмон хизматчим, қўлида чироқ билан залга кириб келди. Эҳтимол у мени ақлдан озган деб ўйлагандир, билмайман, дарҳол эсладимки, мен ҳақиқатда ҳам... Натҳ, марҳум... Чандронинг тўнғич ўғлиман, яна бу дунёда ёки ундан ташқарида номавжуд фонтанлар, тасаввур этилган сеторларнинг кўринмас панжалар остида садо чиқариб янграши мумкинми-йўқми, — бу масалани ҳал қилиш шоирларимизнинг иши деб ўйлаб қўйдим. Бир нарса шубҳасиз ҳақиқат: мен Баричда пахтадан солиқ тўплаб, тўрт юз эллик рупия маош оламан. Бир неча минут илгариги ажойиб кайфиятимни хотирлаб кулиб қўйдим ва устида чироқ ёниб турган сафар столи ёнига ўтириб газета ўқий бошладим.

Газетани ўқиб, мўғул таомини еб бўлгач, бурчакдаги бир хонада каравотга ётиб, чироқни ўчирдим. Кичкина деразадан ўрмон билан қопланган Орали тоғи устидан кичик юлдузлар милтиллаб кўриниб турарди, улар ўн миллионларча мил юксакликдан ярамас сафар каравотида ётган муҳтарам жаноб солиқ йиғувчига тикилиб қарардилар. Шу хусусдан таажжубланиб ва фикрга толиб, кўзимни уйқу элитганини сезмай қолибман. Қанча ухлаганимни билмайман, аммо бирдан сесканиб кўзимни очсам — хонадан бирор сас-садо чиқмас, бирор киши киргани ҳам сезилмас эди. Менга тикилган юлдуз қорайиб турган чоғи орқасига яширинган, ярим ойнинг заиф шуъласи, сўроқсиз киргани учун кечирим сўрагандай, хонани аранг ёритиб турарди.

Мен ҳеч кимни кўрмадим, лекин кимнингдир мени туртаётганини аниқ ҳис этдим. Атрофимга қараб, билдимки, кимнингдир узук таққан панжалари мени ўзига чорламоқда.

Мен оҳиста ўрнимдан турдим. Ҳолбуки, акс-садо берадиган юзлаб бўм-бўш зал ва хоналардан иборат бу муаззам қасрда мендан бошқа бирор жон эгаси йўқ; мени ҳар қадамда ваҳима босиб қотиб қолардим, гўё бировни уйғотиб қўяман деб қўрқардим. Хоналарнинг аксарияти ҳамиша берк бўлар, мен уларга кирмасдим.

Ўша кечаси кўзга кўринмас йўлбошчим билан, хомуш, нафас ҳам олмай аста босиб қаёқларга борганимни эслолмайман. Қанча тор ва қоронғи йўлаклар, қанча ҳавоси димиққан кичик ва маҳфий ҳужралар орқаҳ ўтганимни ҳам билмайман.

Гарчи йўл бошловчи қизни кўришим мумкин бўлмаса ҳам, унинг қиёфаси менга бегона эмас эди. У арабистонлик бўлиб, либосининг кенг енгидан таъзим ҳолатида тутган оппоқ қўллари кўринар, бош кийими устидан ташлаб олган ҳарир парда юзини ёпиб турар, ёнига, эса, эгри пичоқ таққан эди.

Мен араб афсоналаридан алиф лайло ва лайлонинг бир кечасини бошимдан кечираётгандай, гўё ухлаётган Бағдоднинг тор ва қоронғи кўчаларидан аллақандай хатарли бир учрашувга бораётгандай эдим.

Баногоҳ йўл бошловчи қиз тўқ-кўк парда олдида тўхтаб, бармоқлари билан пастга ишорат қилди. У ерда ҳеч нарса кўринмаса ҳам, даҳшатдан томирларимда қон тўхтаб қолди. Шунда мен парда олдида, ерда: африкалик ваҳший бир оғанинг оёқларини узатиб, тиззасига яланғоч қилич қўйиб ўтирганини пайқаб қолдим. Ҳамроҳим унинг устидан енгилгина ҳатлаб ўтди-да, парданинг бир четини кўтарди. Эрон гиламлари тўшалган хонанинг бир бурчи кўринди. Диванда заъфарон либослар орасидан икки нозик оёқ, олтин ва кумуш иплар билан бахия тикилган пушти бахмал кавушлар кўринди. Столда кўкиш биллур идишларда олма, нок, пуртахол ва узум қўйилган, ёнига иккита кичкина пиёла билан биллур графинда қаҳрабо рангли вино меҳмонларга мунтазир эди. Хонада қандайдир хуморбахш нарсани чекишдан пайдо бўлган ҳид мени гаранг қила бошлади.

Мен даҳшатдан қалтираб, оғанинг узатилган оёқлари устидан ҳатлаб ўтаман деб турган чоқда, у бирдан сесканди ва қилич жаранглаб мармар полга тушиб кетди.

Кимдир, қаттиқ қичқиргандай бўлди. Қарасам, мен терга ботиб, ўз сафар каравотимда ўтирибман. Эндигина бошланган тонг ёруғида ўроқ шаклли ойнинг нури жуда заиф, худди тун бўйи ухлолмай азоб чеккан бемор рангини эслатар эди, жинни Магар Али ўз одати бўйича, эртанги кимсасиз кўчада югуриб бақирарди. «Кетинглар, кетинглар!»

Менинг араб афсоналаримдан биринчи кеча шу зайл тугади, яна минг кеча қолди.

Менинг кунларим тунларим билан жангга киришди. Кундузи уйқусиз кечалараинг хаёлларини лаънатлаб хориган ҳолда иш бошлардим, аммо кеч кира бошлагач, ҳамма машғулотларим арзимас, аҳамиятсиз, кераксиз ва кулгили бўлиб туюларди.

Оқшом бошланиши билан ғалати бир сархушлик ҳолатига кириб, гўёки юз йил орқага қайтиб, ноаниқ бир ҳодисанинг қатнашувчисидай бўлиб қолардим. Пиджак ва тор шимлар энди менга келишмай қолди. Шунда бошимга қизил бахмал хожи дўппи, кенг кўйлак, зардўзи камзул ва устидан шоҳи астар-авра тўн кийиб, гулдор рўмолчамга атир сепиб олдим, сигаретни ташлаб, гул суви билан тўлдирилган чилимни олиб баланд креслога ўтирдим. Гўё аллақандай ғайритабиий ошиқ-маъшуқлар учрашувига ҳозирлангандай эдим.

Қоронғи қуюқлашиб, ажойиб ҳодисалар бошландики, мен унинг тасвирига ожизман. Баҳор шамоли сайр этиб юрган бу муаззам қасрда таажжуб тарих саҳифалари учиб юргандай туюлди. Уларнинг баъзилари ҳузуримда бир лаҳза тўхтаб, мен ўқиб улгурмай, яна ғойиб бўлардилар. Бу саҳифалар изига тушиб, мен бутун тун бўйи хонадан-хонага чопиб юрдим.

Узилиб қолган ширин хаёллар гирдобида, ҳаловатбахш хушбўй ҳидлар, сетор садолари, сачраган зилол сув зарралари билан тўла ҳавода бирдан, заъфар рангли кенг чолвор, учлари қайтарикли бахиябоф кавуш, шохи нимча ва зар попуклари оппоқ пешонасига тушиб турган қизил духоба дўппи кийган бир нозаниннинг дилбар чеҳраси чақмоқдай ярқираб намоён бўлди.

Бу қиз менинг ақлу ҳушимни олиб қўйди. Мен ҳар кеча туш деб аталган шаффоф қасрнинг киши адашадиган айланма йўлаклари ва яширин хоналарида уни излаб юрадиган бўлиб қолдим.

Гоҳо кечқурунлари, икки шам билан ёритилган катта ойна олдида худди Шоҳ Жаҳондай ўзимга оро бериб турганимда, кўзгудаги аксим ёнида бирдан ёш эрон қизининг чеҳраси намоён бўларди. У бошини бир томонга эгиб, изтироб тўла қора шаҳло кўзлари билан ҳимоя сўрагандай менга назар соларди, унинг ёқут лаблари мен тушунмайдиган тилда бир нима деб пичирлар, ёш ва гўзал сарв қомати, енгил рақс тушгандай буралар, кўзлари ва табассуми билан ойнага дард, истак ва шубҳа учқунларини сепар, либослари товланиб кўздан ғойиб бўларди.

Бирдан кучайиб, тоғ ўсимликларининг муаттар бўйларини олиб кираётган шамол шамни ўчирди. Мен ўзимга оро беришни тўхтатиб, гўзал саройимда каравотга чўзилиб, кўзларимни юмганча ҳузурланардим. Назаримда, шамол эсиши билан, Орали тоғи хушбўйлари билан тўлган хоналарнинг зим-зиё бўшлиқларида навозишлар, бўсалар, нозик қўлларнинг бир-бирига чирмашгани эшитилди. Янгроқ овозлар қулоғимга нималарнидир пичирлар, кимнингдир хушбўй ва ҳаётбахш нафаси пешонамга теккандай бўлар, соҳибжамолларнинг ҳаводек енгил ва ҳарир пардалари ёнгинамда ҳилпиллар, баъзан юзларимга тегиб кетарди. Сеҳргар илон борган сари мени ўзининг сархуш этувчи ҳалқаси билан қаттиқроқ ўраб олгандай туюларди; ҳайрат билан чуқур хўрсиниб, донг қотиб ухлаб қолибман.

Бир куни чошгоҳдан сўнг отлиқ айланиб келмоқчи бўлдим, кимдир мени тутиб тургандай эди, аммо бу кун мен бунга ҳеч қандай эътибор бермадим. Соҳибларникига ўхшаган қалпоғим ва калта камзулим ёғоч михда осиғлиқ турарди, уларни олиб кияман деб турганимда, бир¬дан шамол кўтарилиб, дарёдан қум, тоғдан хас-ҳашакларни учириб келди, қалпоғим билан камзулимни ҳам ҳавога кўтариб айлантира бошлади. Шамолга қўшилиб кулги овозлари янгради; шамол ва кулги бир-бирига қў¬шилиб жаранглаб авжига чиқди-да, бирдан тўхтаб қолди.

Шундай қилиб, мен отлиқ сайрга чиқмадим, кулгили камзулим билан соҳибларникига ўхшаш қалпоғимни ортиқ киймадим.

Ярим, кечада мен яна каравотда ўтириб қулоқ солдим: кимдир шикоят қилгандай ингради, унинг қалбидан бўғиқ фарёд-фиғон эшитиларди, бу шундай таассурот қолдирардики, гўё каравот остидан, ер тагидан, бу муаззам саройнинг қўрқинчли нам тошлари остидаги лаҳаддан: «Оғир уйқулар ва алам-ангиз хаёлларнинг занжирларини парчалаб, мени халос эт, отингга миндир, кўкрагингга босиб, ўрмонлар оралаб, довонлар ошиб, дарёлар кечиб, ўз уйингга олиб кет! О, шафқат эт, халос қил!» дея қандайдир бир асира илтижо қиларди.

Мен кимман? Қандай қилиб мен уни халос этаман? Мен ўз хаёлимда яратган қайси бир нозанинни бу бесаранжом тушлар ҳукмронлигидан олиб кетишим керак? Э самовий гўзаллик, қачон ва қаерда нашъу намо сурган эдинг сен? Қайси дарёнинг салқин соҳилида, қайси хурмозор соясида, қайси биёбон оғушида туғилгансан? Қайси қароқчи бедов сени, ниҳол шохини синдиргандай, она қўйнидан юлиб олди-ю, отга миндириб, шамол тезлигида саҳронинг жазирама саробида ғойиб бўлди? Эй асира, у сени кимнинг мамлакатига, қайси қул бозорига олиб келди? Қайси подшоҳ мулозимлари сенинг ёш, иффатли, ҳали барқ урмаган гўзаллигингни кўриб, бир ҳовуч олтин бериб, денгизларнинг нарёғига олиб кетди-да, олтин маофага, ўтқизиб, ўз ҳукмдорларига тортиқ қилишди? Кейин-чи? Музика — саранги садолари, билагузукларнинг жаранглаши ва шерознинг шаффоф қаҳрабо ранг шаробида акс этган ханжарнинг ялтираши, заҳри ҳалойил ва эҳтирос билан қиё боқишлар. О, қандай чексиз дабдаба ва қан¬дай тубсиз зиндон! Икки тарафдан ялтироқ билагузуклар таққан канизаклар катта елпиғич билан елпир, шаҳаншоҳ бўлса, марваридлар қадалган кавуш кийган оёқлари остида эмаклар, эшик олдида хабаш оға ўлим тангриси, Яманинг элчисидек қилич яланғочлаб турарди. Сўнг қандай балога гирифтор бўлдинг эй, биёбон чечаги? Кўпиклари ҳасад ва макрдан иборат ҳадсиз ҳашамнинг қонли тўлқинларида қандай мудҳиш ўлим ёки ундан ҳам даҳшатлироқ шуҳратга қараб суздинг?

Шу маҳалда жинни Магар Али яна қичқирди: «Кетинглар, кетинглар! Ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси ёлғон!» Тонг отди. Хизматчилар менга хат келтиришди, ошпаз кириб, қандай таом тайёрлай, деб сўради.

Мен кетишга қарор қилдим! Бу ерда бундан кейин қолиш мумкин эмас, шу куниёқ бор-йўғимни йиғиш-тириб идорага кўчиб келдим. Идоранинг кекса хизматчиси Каримхон кулимсираб қўйди. Мен ундан хафа бўлиб, индамай ишга киришдим.

Кун кеч кирган сайин менда паришонхотирлик бошланди. Гўё аллақандай бир жойга боришим зарурдай. Пахта ҳисоботлари менга бутунлай кераксиз туюлди, ҳатто ҳокимнинг идора иши ҳам менга сариқ чақага арзимагандай кўринди. Атрофимда содир бўлаётган ҳамма нарса менинг назаримда аҳамиятсиз, маъносиз ва совуқ кўрина бошлади.

Қаламни ташлаб, катта дафтарни ёпиб, извошга ўтира жўнадим. Отларнинг кун ботиш чоғида тош қаср дарвозаси олдига бориб тўхташларини кўриб таажжубландим. Мен дарров чопиб зинапоя билан қасрнинг ичига кирдим.

Бу кун ҳамма нарса сокин. Қоп-қоронғи хоналар гўё жаҳл билан қовоқ солгандай. Менинг қалбим афсус-надомат билан тўлиб-тошди, аммо бу ҳақда кимга узр айтишни, кимдан афв сўрашни билмасдим. Ҳориб-толиб қоронғи хоналарда кезардим. Менинг, қандай бўлмасин бир музика асбобини олиб, кимгадир мурожаат қилиб, кўйлагим келарди: «Эй равшан чироқ! Сендан кечиб, учиб кетишга уринган парвона ўлиш учун яна қайтиб келди. Уни кечир, қанотларини куйдир, кул қил!»

Бошимга икки томчи тушди. Орали чўққиси устида булутлар тўпланган эди. Зим-зиё ўрмон ва Шустанинг қоп-қора суви ҳаракатсиз қотиб қолди. Бирдан ҳамма нарса: ер, сув ва осмон ларзага келди. Узоқ ўрмонлардан тишларини иржайитириб чақмоқ чақнади, занжирни узиб қочган жиннидай бўрон қўзғалди. Саройнинг бўм-бўш катта залларининг эшиклари тарақлаб очилиб-ёпилар, деворлар шикоятомуз инграрди... Ҳамма хизматкорлар идорада бўлгани сабабли чироқ ёқадиган киши йўқ. Бу зим-зиё қоронғида бир хотиннинг каравотим олдида ўзини гиламга ташлаганини аниқ ҳис этдим, у қалтираб сочларини юлар, унинг оппоқ гўзал манглайидан қон оқар, гоҳо у кутилмаганда қаттиқ кула бошлар, сўнг томирлари тортишиб фарёд этар, ўз либосларини пора-пора қилиб, яланғоч кўкрагига урарди. Очиқ деразадан гувиллаб шамол кириб, сел унинг кийимларини жиққа ҳўл қилди.

Тун бўйи бўрон пасаймади, фиғону нола тўхтамади. Мен беҳуда пушаймон билан қоронғи хоналарда тентираб юрдим. Ҳеч ерда ҳеч ким йўқ эди, мен кимга тасалли бераман? Ким бундай мусибат чекмоқда? Ажабо, бундай девонавор дилхасталикнинг боиси нима?

Жинни яна қичқирди:
— Кетинглар, кетинглар! Ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси ёлғон!

Тонг ёришди. Магар Али ҳам бу даҳшатли саҳарда ҳар кунгидек сарой атрофида чопиб, одат бўлиб қолган сўзларни айтиб қичқирарди. Бирдан менинг бошимга шундай фикр келиб қолди: эҳтимол Магар Али ҳам бир вақтлар менга ўхшаш шу сарой да яшагандир ва ҳозир, ҳатто ақлдан озиб, охири бу даҳшатли тош махлуқнинг чангалидан қутулган эса-да, ўзини чулғаб олган сеҳрдан озод бўлолмай, ҳар кун эрталаб унинг олдига келади.

Шиббалаб турган селда мен жиннининг олдига югурдим:
— Магар Али, нимаси ёлғон?

У жавоб бермай, мени бир четга итариб юборди, ўзи ёввойи бир овоз билан бақириб, илон авраган қушдай сарой атрофида гир айлана бошлади. Гўё ўзини ҳимоя қилишга тиришгандай, такрор-такрор қичқирар эди: «Кетинглар, кетинглар! Ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси ёлғон!»

Бу шовқин-суронли саҳарда қуюндек учиб идорага — Каримхоннинг олдига кирдим:
— Менга айтиб бер, бу нима деган гап? Чол менга мана бундай ҳикоя қилди.

Қачонлардир бу саройда эҳтирослар мавж урган, қондирилмаган истакларнинг алангаси юракларни ёндирган. Жафокаш жонларнинг оҳу зори, қарғишлари ва бажо келтирилмаган хоҳишлар бу тошларга сингиб, уларни шундай оч ва ташна ҳолга келтирганки, улар одамзод бу ерга қадам қўйиши билан уни ютиб юборишга уринадилар, бу ерда уч кун тунаган одамлардан, гарчи эвазига ақл-ҳушини йўқотишга тўғри келган бўлса ҳам, саломат қолган киши фақат Магар Али бўлди.
— Наҳотки менга бундан қутулишнинг ҳеч иложи бўлмаса? — сўрадим мен.
— Бир чора бор, — жавоб берди чол, — лекин у катта қийинчиликлар билан боғлиқ, мен ҳозир уни сенга айтиб бераман, аммо бундан илгари сен бу атиргул боғида яшаган бир эрон канизагининг тарихини билувинг зарур. Дунёда бундан кўра ғаройиброқ, бундан кўра қайғулироқ воқеа йўқ.

Шу пайтда хизматкорлар кириб, поезд яқинлашиб қолди деб хабар қилдилар. Бунча тез? Биз шошилинч равишда нарсаларимизни боғлагунча поезд келди. Қандайдир уйқусираган инглиз биринчи класс вагон деразасидан бўйнини чўзиб, стансиянинг номини ўқишга ҳаракат қиларди. У бизнинг ҳамроҳимизни кўриб, уни ўз вагонига чақирди, бизнинг билетларимиз иккинчи класс вагонга эди. Шундай қилиб, биз бу бабу ким эканини билолмадик ва ҳикоянинг давомини ҳам эшитолмадик.

Мен, эҳтимол у одам бизни аҳмоқ деб ўйлаб, масхара қилмоқчи бўлгандир, унинг бизга айтган ҳикояси бошдан-оёқ уйдирмадир, деб ўйладим.

Тақводор дўстим билан биз бу масалада бир фикрга келолмадик ва умр бўйи юз кўрмас бўлиб аразлашдик.

1895