OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРаҳмат Файзий
Асар номиСен етим эмассан (киноқисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Раҳмат Файзий
Услуб
   - Кино
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сен етим эмассан (киноқисса)
Раҳмат Файзий

Бепоён, қорамтир осмон. Паға-паға булутлар бир-бирини қувиб, қуюқлашиб боради. Қуюқлашади-ю, осмон торлик қилиб нолигандай бир ерда тўхтаб, мотамсаро сукут сақлайди. Қорамтир осмон...

Шу пайт фашист самолёти қора чақмоқдек булутни ёриб, пастга шўнғийди. Унинг даҳшатли овози еру кўк сукутини чил-чил қилиб, тобора зўрая боради ва ниҳоят кучли портлаш бу овозни ютиб юборади. Сал ўтмай яна самолёт шўнғийди, еру кўк ларзага келади, яна портлаш...

Онда-сонда дарахтлар қаққайган, узоқда уйлар кўриниб турган кенг кўкаламзор ялангликни кесган сўқмоқда боласини бағрига босиб олган аёл қўрқув билан қочиб, чопиб кетади. Шамол дуррасини учириб юборган, олатароқ сочлари тўзғиган бу хотиннинг кўзларида ва вужудида даҳшат, қўрқув...

Самолётдан ёғилиб, ерни чўқилаётган ўқлардан бири хотинга тегади. Аёл боласини қаттиқроқ бағрига босади, тўхтайди. Кейин оёқлари қалтираб, бир-икки одим ташлайди-да, қайин дарахтига суяниб йиқилади.

Яна самолёт кўринади. Дарахтзор ёнидаги сайҳонликда чопиб бораётган бола овози борича қичқиради. Самолёт пастга шўнғийди. Бола додлаб йиқилади.

Самолёт йиртқич ҳайвондай йўл ёқалаб бораётгая жажжи қизни қувлайди. Самолётнинг қоп-қора кўланкаси қизнинг устига тушади, тушади-ю, қизнинг гавдаси ер бағирлаб қолади, сўнгги даъфа «ойи!» деб қичқиради.

Бурқсиб ёнаётган уй. Кўланкадан қочаётган бола қўрқув билан «ойи!» деб додлайди.

Танклар бостириб келади. Болалар «ойи!» деб қичқиришади.

Буғдойзор ўт ичида. Бир тўда боланинг «ойи!» деб йиғлаб, чуввос солгани эшитилади.

Халқнинг фашист босқинчиларига бўлган ғазаб ва нафратини акс эттирувчи музика садолари янграйди. Бомбаларнинг портлаши, ўт ичида қолган шаҳар, қишлоқлар, кўчаларда тўда-тўда болалар, хотинлар, кексаларни кўрамиз.

Йўлларда болалар, машиналарда болалар, араваларда болалар... Ифлос, кийимлари йиртилган, ярадор болалар...

* * *

Қорамтир осмон ёришиб, тиниқ кўкда оқ булут парчалари кўринади. Музика садоси узоқлашиб тинади. Осмонда учиб бораётган тўрғайларнинг сайраши эшитилади. Кўкда сузиб юрган булутлар устида қуйидаги сўзларни ўқиймиз:

Бу киноповест Улуғ Ватан уруши йилларида фашист босқинчиларига қарши олиб борилган жангларда ҳалок бўлганларнинг етим қолган болаларидан ўн тўрт норасидани — турли миллат ўғил-қизларини ўз тарбиясига олган тошкентлик темирчи Шоаумад Шомаумудов оиласига бағишланади.

Бағишловнинг сўнгги сатрлари тугаши биланоқ хотин кишининг юракларни эзувчи йиғиси, йиғи аралаш унинг сўзларини эшитамиз:
— Болагинам, мени ташлаб қаёққа кетяпсан?.. Пастаккина девор. Икки тавақали кўча эшик очилади. Қотмадан келган баланд бўй, олов яллиғидан юзлари қорайган, бароқ қош, кўринишидан элликлардан ошган, оғир табиатли киши — Маҳкам ака ўғли Ботирнинг юкларини кўтариб, эшикдан чиқиб келади. Кетидан озғин, қорачадан келган хотини — Ботирни қучоқлаб олган Фотима опа чиқади. У ўғлини бағридан қўймайди... Йиғи аралаш шиддат билан дейди:
— Мени ҳам олиб кет!..
— Ойи!.. Ойижон! Қўйинг, йиғламанг.

Қўшни эшикдан чиққан чол оҳиста одим ташлаб уларга яқинлашади. Юракларига таскин бермоқчи бўлиб, отага, онага бир қараб олади-ю, ҳеч нарса деёлмай бошини эгади. Нима ҳам дея оларди у? Кўчанинг нариги бетидан чопиб келган қиз бола, Ботирнинг ёнига келиб таққа тўхтайди, кўзларини жавдиратиб қотиб қолади. Ён эшикдан тўладан келган, барваста аёл чиқиб келади... Бир нафас ичида Ботир ва унинг онасини одамлар ўраб олишади... Уларнинг чеҳрасида ачиниш, ғамгинлик... Тўпланганлар орасидан шунчаки йиғи овозини эшитиб чиққанлар ҳам йўқ эмас.

Фотима опа йиғидан ўзини босолмайди. Ўғлини багридан қўймайди.

Ботир қўшнилари олдида ўзини ноқулай сезиб, онасининг қўлларини бўйнидан олмоқчи бўлади. Турганларга ишора қилади:
— Бўлди, ойижон, қўйинг... Йиғламанг! Хайр! Маҳкам ака «бўлди» дегандай хотинига қарайди.

Фотима опа ноилож ўғлини бағридан бўшатади. Ботир дадасига ўгирилади:
— Хайр, дада. Қолаверинг. Ойимларни овутинг! Ота-бола юзма-юз тикилиб қолишади. Худди шу дақиқани бир умр эсларида сақлаб қолишга урингандек бир-бирларидан кўз узишолмайди.

Маҳкам ака ўғлини бағрига босиб, қаттиқ қучоқлайди. Кўз ёшини унга сездирмаслик учун тескари бурилади.
— Хайр, ўғлим. Омон бўл!— дейди ўпкаси тўлиб. Ботир юкини елкага олиб, тез юриб кетади. Қўшни хотинлар Фотима опани ўраб олиб, уни юпатишади. Ён қўшниси барваста аёл Бувниса хола пинагини бузмай баралла дейди:
— Йиғининг фойдаси борми, айланай? Кўпга келган тўй. Битта сизнинг ўғлингизмас-ку.

Фотима опа унинг гапини эшитмайди. Дув-дув оқаётган ёшлари орасидан ўғлига тикилганча қотиб қолади. Унинг кўзлари, юзлари, бутун вужудини ҳозир жумлаи жаҳондаги барча оналарга тушунарли ва таниш бўлган ҳаяжон ва қўрқиш туйғуси чулғаб олган эди. Бирдан у ўғлини тағин бир нафасгина бўлса ҳам тўхтатиб туриш, унинг дийдорига тўйиш иложи топилганидан қувониб, овози борича қичқиради:
— Ботиржон, болам, шафтоли эсимдан чиқибди.

Ботир тўхтайди. Орқасига қайтади. Она ҳам қулоч ёзиб, ўғли томон боради:
— Ма, муздаккина. Ўртоқларинг билан еб кетарсан...

Ботир шафтоли солинган саватчани олиб, ерга қўяди. Онасига бир нафас тикилиб туриб, гўдак вақтдагидек унинг бағрига отилади, маҳкам қучоқлайди. Ўпкаси тўлиб келади-ю, ўзини босади.

Ботир онасини бағридан бўшатиб, саватчани олади. Эшиги олдида турганларга яна бир қўл силкиб хайрлашади. Кўчанинг ўртасидан юриб бораркан, икки ёнда қатор ўсган тераклар ҳам баргларини шитирлатиб, у билан хайрлашаётгандай бўларди.

* * *

Терак шохларида қолган сап-сариқ япроқлар танасидан жудо бўлиб, эринчоқлик билан ҳавода муаллақ ўйнар, кейин оҳиста пастга тушиб, намиққан тош кўчага чиппа ёпишиб қоларди. Дарахтлар яланғоч бўлиб, ўз ҳуснини йўқотган, энди улар шивирлашиб, ўзаро суҳбат қуришмасди. Фотима опа ўғлини кузатган кўчанинг кўриниши ҳам анча ўзгарган. Ботир кетганидан буён ширин хотира ва ғалати тушлар, умид ва ноумидлик билан тўла бўлган қанчадан-қанча қайғули соғиниб кўз тикилган куну тунлар ўтиб кетди. Фотима опа бўлса ҳамон кутади...

Мана у ҳозир ҳам остонада ёлгиз ўтирибди. Шол рўмолига ўралиб олганича қимир этмай, кўчага хомуш тикилиб ўтирибди.

Кўчадан йўловчилар — ҳар бирининг чеҳрасида ўз дарди, қайғу-алами, аммо ҳаммаси юрт ташвиши билан яшаётган ёшу қарилар, якка-ёлғизлар, ҳамроҳлар ўтиб боришарди. Уларнинг ўзаро суҳбати юлиниб-юлқиниб Фотима опа қулоғига чалинарди.
— Кеча Смоленскни айтишган эди, эртагачи...— дерди асабийлашиб кекса ҳарбий киши ҳамроҳига.
— ...Уч жонга бир қадоқ нон нима бўлади... Ўйланг...— дерди ўтиб бораётган аёл ёнидагисига.

Кўчадан бир тўда болалар чопиб ўтишади.
— Биласанми, Бахтиёрнинг дадаси ким? Сержант!
— Ол-а. Лейтенант-ку. Ўз кўзим билан кўрганман.

Енгил шабада қаердандир радио дикторининг овозини олиб келади:

«...Тўртта танк... Гранаталар ташланди!.. Қаҳрамонларча ҳалок бўлди...»

Фотима опа кўчада узоқларга тикилганича ўтирарди. У, эрининг келганини, тепасида турганини ҳам пайқамайди. Чақирганидагина чўчиб тушади.
— Ие, дадаси,— деганича ўрнидан туради,— кеч қолдингизми бугун?
— Ҳалиям шу ўтиришми?
— Нима қилай? Не иложим бор...

Улар ҳовлига киришади, Супа ёнидан ўтиб, айвонга чиқишади.
— Ҳовли ўлгурам шунча ҳувуллайдими. Ютаман дейди-я. Бирам совуқки...

Ҳориб-чарчаган Маҳкам ака кўрпачага ўтиради, Фотима опа сандиқдан мўйна қулоқчинни олиб, эрига кўрсатади:
— Ямаб қўйдим. Юборсакмикан дейман. Кияр-а?
— Ёш болами ўғлинг. Кичкина келади энди бу. Сиғмайди.
— Бўлмаса бозорга тушиб, сиғадиганини оламан.
— Ҳожати йўқ. Ҳамма нарсаси бор. Кийимлари бут.
— Борликка бордир-а... Фақат она, онаизорининг меҳри йўқ-да...

Фотима опанинг ўпкаси тўлади,— қаерларда юрганикин, болагинам?..
— Ҳа, сендаги меҳр бамисоли дарёдаги сувдек — йигирмата ўғилнинг қалбини суғорсанг бўлади. Ҳаммасига етади.
— Кошкийди. Қани, биттасиям йўқ,— дейди хўрсиниб Фотима опа.

Икковлари ҳам ўз ўйлари билан жим қолишади. Кўча девор орқасидан болаларнинг шовқин-сурони эшитилади.
— Ур, Фаттоҳ, дарвозага ур!

Бирдан тунуканинг тарақлагани эшитилади. Томнинг тарнови кўчиб, ерга тушади. Маҳкам ака ирғиб ўрнидан туради, кўчага чиқиб кетади. Бир оздан кейин ҳовлига кирмайман деб тихирлик қилаётган бир боланинг қўлидан ушлаб, бошлаб киради.
— Амаки, билмай қолдим, футбол ўйнаётган эдик, жон амаки, энди қилмайман,— бола шундай деб ҳўнграб йиғлаб юборди.— Амакижон...— Маҳкам ака болани силтаб, айвонга олиб чиқади, жаҳл билан сўрайди:
— Нима қилса бўлади, сени-а, тирранча?

Фотима опа югуриб келиб, болани тўсади, ҳаяжонланиб эрига ялинади:
— Ҳеч нарса қилиш керакмас. Билмаган-да, амакиси. Шундайми? Отинг нима?
— Фаттоҳ,— дейди бола йиғи аралаш.
— Жуда яхши. Кимнинг ўғлисан?
— Дадамнинг.
— Даданг ким?
— Генерал. Фронтда энг каттакон командир.
— Ойинг қаерда?
— Фабрикада ишлайдилар. Уйимизда энди энг катта эркак мен бўламан.
— Катта эркак дегин. Қулоқчинингиз тешилиб қопти-ку, катта эркак?— Фотима опа меҳрибонлик билан болани бошдан-оёқ кўздан кечириб чиқади.
— Уруш-уруш ўйновдик. Ўшанда шу еримга ўқ тегувди, тешилиб қолди.
— Қорнинг ҳам очдир-а, Фаттоҳжон?
— Ҳа. Сағал.
— Бўлмаса ўтир, бирга овқатланамиз.
— Йўқ, ўртоқларим қараб туришибди... Коптокни беринг, жон хола, энди қилмаймиз..
— Бераман, бераман. Сен аввал овқатланиб олгин. Ўртоқларинг бирпас қараб туришади.

Уларнинг суҳбатини диққат билан эшитиб турган Маҳкам аканинг ғамгин кўзларада қандайдир янги, муҳим ва қувончли ўй чақнаб кетади.
— Шошма, бирпас ўтира тур. Биласанми, мен сенга нима бермоқчиман? Қулоқчин. Мўйна қулоқчин,— Фотима опа болага шундай дейди-да, Ботирнинг қулоқчинини унга беради,— ма, қани кийиб кўр-чи.

Фаттоҳ қулоқчинни кийиб кўради. Катта келади.
— Катта экан-а?— дейди Фотима опа ачиниб.— Ҳечқиси йўқ, ҳо-озир четини буриб, бошингга лойиқ қилиб бераман.
— Йўқ. Мен кетаман.
— Қаёққа шошасан. Борарсан.
— Бунча энди болага ёпишиб олмасанг? — Жўрттага ясама норозилик билдирди Маҳкам ака,— ўтира тур, овқатланиб ол, қаёққа шошасан... Сенинг меҳр-шафқатингга зорми у.

Фотима опанинг астойдил жаҳли чиқади.
— Тош юраксиз-да. Бекорга темирчи бўлмагансиз. Ўшани биласиз, сиз, холос.
— Мен кетсам майлими?— деб ялинади Фаттоҳ.
— Бор. Иккинчи бу ерда футбол ўйнаганингни кўрмай! — дея насиҳат қилади Маҳкам ака.

Фотима опа бўлса Фаттоҳнинг қўлига битта кулча тутқазади.

Фаттоҳ хурсанд бўлганича, чопиб кўчага отилади. Ўртоқлари уни қичқиришиб, «ура» деб қарши олишади.

Маҳкам акалар ҳовлисига боягидек оғир, зерикарли сукунат чўкади.
— Нима қиларингни билмай қоласан-а, киши,— дейди ўзича Фотима опа.

Маҳкам ака индамайди. Мийиғида кулиб қўяди.

* * *

Асфалтланган кенг кўчада биноларнинг ёзувлари-га қараб, аланглаб бораётган Маҳкам ака, тепасига «Болалар уйи» деб ёзилган катта дарвоза олдида тўхтайди. Ҳаяжонланади. Дарвоза ёнидаги эшикни оҳиста очиб, ичкари киради.

Довлининг бир чеккасида фронт яқинидаги шаҳар, қишлоқлардан кўчириб келтирилган, ота-онасиз қолган болалар — жудаям ёш норасидалар уймалашиб туришибди. Болаларнинг юзларида ётсираш, ҳаяжон, баъзилари — ҳали бу даҳшатнинг нималигига фаҳми етмайдиганлари бепарво кулиб туришибди. Девор тагига ўтириб олган қиз бола овози борича йиғлайди. Ёнига бориб овутмоқчи бўлганларни итариб ташлайди. Тарбиячи аёл уни овутолмаганидан хуноб бўлади, болага ачиниб, хўрлиги келади.

Болаларнинг кийимлари ифлос, бириники йиртиқ, оёқ яланг, бирининг қўли дока билан боғланган, бирининг тиззаси. Бирининг қўлида ифлос қўғирчоқ, бирида расмли китобча.

Дарвозадан кираверишда, бир тўда хотин-халаж, чоллар туришибди. Уларнинг баъзилари болаларга яқинлашадилар. Бири конфет бериб, яна бири хўрозқанд тутқазиб, болаларни гапга солади. Турганлар ўзаро алланималар ҳақида суҳбатлашишади.

Ҳовлининг бир чеккасига стол қўйилган. Болалар уйининг директори — эгнига кўкрак бурма кўйлак кийиб бошига дурра танғиб олган ўрта ёшлардаги дуркунгина жувон стол ёнига келади. Бир дақиқа столдаги қоғозга тикилиб қолади, ҳаяжонланади. Оҳиста сўз бошлайди:
— Опалар, ота-оналар! Шу топда шундай бир дақиқани кечиряпмизки, сўзлаб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Шунга қарамай икки оғиз гапирмасанг ҳам кўнглинг тўлмайди, уруш кўплаб болаларни ота-оналаридан жудо қилди. Мана урушнинг даҳшатли оқибатларидан бири.

Уймалашиб турган болаларни кўрамиз.

— ...Аммо халқимизнинг бағри кенг, ҳиммати зўр, меҳри қуёшдек иссиқ. Кеча, болалар келгандан бери телефон қилиб, ўзлари келиб, илтимос қилаётганлар жуда кўпайиб кетди. Ҳаммалари: бағримизга оламиз, она бўламиз дейишади. Мана, ўзларингиз...