OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРашод Нури Гунтекин
Асар номиЧолиқуши (III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Романтик адабиёт
Муаллифлар
   - Рашод Нури Гунтекин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМирзакалон Исмоилий (Туркчадан)
Ҳажм487KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/28
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Чолиқуши (III- қисм)
Рашод Нури Гунтекин

Учинчи қисм

Ч..., 23 ап-рел.

Бугун Xизр Илёс куни. Уйда ёлғизман. Йўқ, фақат уйдагина эмас, бутун шаҳарчада бир ўзим бўлсам керак. Уйлар бўш, дўконлар ёпиқ. Бутун аҳоли озиқ-овқатларини саватларига солиб, қўзи кабоби егани саҳарлаб толзорга жўнашди. Кўчамиз бурчагида ҳамиша бир шол гадо ўтирарди. У ҳам бундай вақтичоғликдан қолгиси келмай, худди аравага минаётгандай, бир ҳаммол елкасига керилиб минди-да, одамлар тўпига қўшилиб кетди.

Лекин ҳаммадан ҳам итлар менга ёқди. Бу муғамбир жониворлар зиёфатнинг ҳидини билиб, тугунлар, саватлар ва бошқа нарсалар билан йўлга чиққан одамлар орқасидан галалашиб эргашиб кетишди.

Мунисани қўшниларимиздан полк имоми Ҳофиз Қурбон афандининг хотини билан қўшиб юбордим. У менсиз бормаслигини айтиб инжиқлик қилган эди, бошимни рўмол билан боғлаб олиб:
— Бир оз тобим қочиб турибди, тузук бўлсам орқангдан бораман, — дедим.

Уларни тобим қочиб турибди, деб алдаган бўлсам ҳам, бугун, аксинча, тобим ҳам, кайфим ҳам жуда яхши. Боришни хоҳламаганимга келсак, бундай ўйин-кулгилар ортиқ юрагимга сиғмай қолган эди.

Уйда ёлғиз қолдим дегунча, бошимдаги дуррани олиб ташладим-да, паст овоз билан куйлаб, ҳуштак чалиб юриб уй ишларини қила бошладим. Мактабда кун бўйи эркакларча меҳнат қилганимдан кейин уйда ора-сира рўзғор ишлари билан шуғулланишдан шу қадар лаззатланардимки...

Уй ишларини битирганимдан сўнг навбат қушларга келди. Қушларнинг қафасларини тозаладим, сувларини янгиладим, кейин офтоб кўришсин деб қафасларини боққа олиб чиқдим. Ҳозир роса ярим дюжина қушимиз бор. Бу ёққа келишда Мазлумни Ҳожи халфанинг ўғлига қолдиришдан бошқа чора тополмаган эдик. Муниса жуда хафа бўлди, улоқчасидан айрилгани учун йиғлади. Қизгинам ичикмасин деб шу қушларни олиб бердим. Кейин булар ўзимга ҳам эрмак бўлди. Фақат қўшнимизнинг малла мушугидан қанотли дўстларимизга ҳеч кун йўқ. Қафасларни боққа чиқардимми — бўлди, рўпараларига келиб ўтириб олади. Мундай қараганда, ўзи беозор, мулойимгина мушук. Яшил кўзларини хиёл очиб қушларга маҳлиё бўлиб қарайди, баъзан иякларини титратиб миёвлаб ҳам қўяди. Кўрган киши уни қушлар билан гаплашяптими, дейди.

Бугун нима қиларкан, деб қушлардан биттасини қафасдан чиқардим-у, мушукнинг тумшуғига яқин келтириб тутдим. Устидан қаттиқ шамол эсиб ўтгандек, золимнинг туклари ҳурпайди, яшил кўзларида учқунлар порлади, юмшоқ панжалари ичидан тирноқлари чиқди. У қушга ташланишга шайланиб турарди.

Бечора қушча чангалимда қанотларини, бўйнини қисиб шунчалар титрадики!..

Бўш қўлим билан мушукни бўйнидан чангалладим-да:
— Бу хоин яшил кўзларингнинг ширингина мудраб турганини кўрган киши сени осмондаги малакларни хаёл қиляпти деб ўйлайди, — дедим. — Ҳолбуки, сенинг дардинг мана шу бечорани тилка-пора қилиш, шундай эмасми? Қараб тур, мен сендан қандай ажойиб қасос оламан!

Нариги панжамни очдим. Бечора қушча бирдан силкинди, лекин, озод бўлганига ишонмаётгандай, тўхтаб қолди. Бир оздан кейин ингичка бир товуш билан чирқиллаб учиб кетди. Мен мушукнинг қушга ҳайрат ва алам билан тикилиб қолган яшил кўзларини юзимга яқин келтириб, қаҳқаҳа уриб кулдим.
— Xўш, сариқ иблис, қушчани парчаладингми? — деб мазах қилдим.

Кўнглимда чуқур бир қувонч уйғонди. Фақат бу сариқ мушукдангина эмас, балки бечора кичкина қушчаларга кун бермайдиган ҳамма сариқ махлуқлардан ҳам ўч олгандай қувонардим.

Лекин кайфимни нариги қушларнинг зору афғони бузиб қўйди. Бу ҳақиқатан зору афғонмиди — билмайман, аммо менга у бечоралар: «Нега бизни ҳам дугонамиз сингари бахтли қилмайсан?» дейишаётгандай туюлди.

Кўнглимнинг доимо бўйсунилиши керак бўлган хоҳиши, буйруғи билан қафаслар ёнига бордим. Шу боришимда ҳаммасини озод қилишим муқаррар эди. Лекин бирдан Муниса эсимга тушди. Бетимни қафаслардан бирининг симига қўйиб:
— Тузук, сизларни-ку бўшатиш қийин эмас, лекин Мунисага, манави сариқ золимга қандай жавоб берамиз? Қўлимиздан нима келади, кичкиналар? Ҳар қанча уринсак ҳам сариқ хоинлардан ўзимизни қутқаза олмаймиз! — дедим.

Қушлардан сўнг навбат ўзимга келди. Мен ҳаво очиқ кунларда бошимни ҳарвақт совуқ сувда ювар, кейин офтобда қуритишни яхши кўрардим.

Бугун ҳам шундай қилдим. Кейин қафаслар рўпарасидаги ўрикка чиқиб, ҳўл сочларимни баҳор елида қурита бошладим. Сочларим узайиб, белимга тушиб қолибди. Б... да сочларимнинг нечук калталигини дугоналаримга айтишдан уялган эдим. Улар соч қирқишни хотинлар учун айб, тўғрироғи, катта гуноҳ, деб ҳисоблардилар. Мен ҳар кимлардан, ҳатто Ҳожи халфадан ҳам соч дориси олиб ишлатардим. Улар сочларимнинг шундай тез ўсиб кетганини кўришгандан сўнг ҳамма ҳикмат ўзларида, дориларида эканлигини айтишар, дориларининг зўрлигига менинг сочларимни шоҳид қилиб кўрсатишарди.

Мен ўтирган ўрик қафасларнинг қоқ рўпарасида эди. Қушлар мунчоқ кўзларини қуёшда йилтиратишиб, ҳар хил оҳангда сайрашарди. Мен уларга тақлид қилиб ҳуштак чалар, ингичкагина шохда худди арғимчоқдай учиб ўтирардим. Бир маҳал қўшнимизнинг деразасига кўзим тушиб қолмайдими! Вой ўлай, нимани кўрдим денг? Полк имоми Ҳофиз Қурбон афанди елпич товоқдай япалоқ юзидаги мачит чироғи сингари ёниб турган юмалоқ, шилпиқ кўзлари билан менга эси оғиб қараб турса бўладими! Қандай аҳволга тушганимни сўз билани айтиб беролмайман. Қилиғим, қиёфатим бир нарсага ўхшаса ҳам гўрга эди: оёқларим очиқ, эгнимда ярим-ёрти баданимни ёпиб турган оқ кўйлак. Биринчи ҳаракатим — орқам билан битта бўлиб турган паришон сочларимни тортиб бўйнимни, кўкрагимни тўсишдан иборат бўлди Кейин ўзимни шохдан пастга отдим. Xайриятки, дарахт баланд эмас эди. Қулоқларимга «Ё оллоҳ, ўзинг асра!» деган товуш эшитилди. Дарахтдан ўзини ташлаган, жони оғриган мену, вой-войлаган қўшним Ҳофиз Қурбон афанди бўлди!

\

Мен Ҳофиз Қурбон афандининг номини кулмасдан айтолмайман. Эллик ёшни уриб қўйган бу табаррук киши полк имоми. У ўзини жуда бадавлатман, деб мақтанади. Xотини ҳали ўттизга ҳам кирмаган, чиройли, покиза, кўзлари қоп-қора, хушбичим бир черкас жувон. Биз у билан жуда қалинмиз. Бугун Мунисани ўйнатгани олиб кетган ҳам шу жувон. Боласи бўлмагани учун менинг кичкина шайтонимни ўз боласидай яхши кўради. Лекин бугунги воқеа кайфимни бузиб қўйди. Имом домладан жуда ёмон уялдим. Ким билсин, ўлгудай айб қилгандир. Ҳозир, шу сатрларни ёзиб турганимда ҳам, уятдан юзим ўтдай ёнаётганини, лавлагидай қизариб кетганини сезиб турибман. Вой, худо! Мактаб муаллимаси ҳам бўлдим-у, лекин ҳалигача шўхлигимни қўймайман! Б... даги қизлар билим юртининг мудири Ражаб афанди менга: «Худо тез кўрсатмасин, лекин бир кун эмас-бир кун ўлганингда, жаноза ўқиган имомни ҳам кулдириб юборасан-да!» — деган эди.

Бу ерга келганимиздан бери дафтарим портфелимда ётарди. Шунинг учун сўнгги олти ой ичида бўлиб ўтган воқеаларни бугун тушки овқатдан кейин ёзиш ниятим бор эди.

Дераза ёнига келдим. Бу ердан бўғоз билан қирғоқдаги ҳарбий истеҳкомларнинг бир қисми кафтдай кўриниб туради. Аслида биз бу уйга шу дераза менга ёққани учун кўчиб келган эдик. Бўлмаса, унинг бошқа ҳеч қандай фазилати йўқ эди.

Б...дан тезроқ бошимни олиб қочиш учун таклиф қилишган биринчи бўш ўринни дарров қабул этган, у вақт бу ернинг менга манзур бўлиш-бўлмаслиги, ойлигимнинг камлиги хаёлимга ҳам келмаган эди. Лекин толеимга бу ер яхши чиқди. Ширингина, тинчгина ҳарбий шаҳар экан. Туб ерликданми, келгиндиданми, ишқилиб, кимданки бўлса ҳам отасини, ака ё укасини, ўғлини, эрини сўрасангиз ё офицер, ё солдат — хулласи, ҳарбий бўлиб чиқади. Ўқитувчиларнинг ҳам бир қисми ё рота имоми, ё полк муфтиси, ё бўлмаса, умуман, армияга алоқадор кишилар. Қўшним Ҳофиз Қурбон афанди ҳам салласи билан бирга баъзан ҳарбий форма кийиб, ҳатто ёнига қилич ҳам тақиб олади.

Ч... хотинлари менга жуда ёқди. Вафодор, ишчан, ҳаётларидан мамнун, содда, камтар экан. Меҳнатни қанча яхши кўришса, ўйин-кулгини ҳам шунча севишаркан. Бирон ҳафта йўқки, тўйсиз ўцин. Ҳар бир тўй турли-туман ном билан аталадиган кечаларга, маросимларга улашиб, роса бир ҳафтага чўзилади. Натижада, бу ернинг хотинлари ҳар кеча ўйин-кулги қилишади.

Авваллари бунга қаердан пул етказишар экан, деб ҳайрон бўлардим. Кейин билсам, бунинг бошқа сири бор экан. Масалан, ҳар бир хотин ўзининг келинчаклигидаги кийимларини ўн йил, йигирма йил тўйга кияр экан-да, кейин топ-тоза ҳолича қизига берар экан.

Буларнинг ўйин-кулгилари жуда содда. Бир қари армани хотин келиб гармон чалади, кейин уни одмигина кўйлаклик ва озгина пул билан рози қилиб чиқаришади.

Ҳа, буларнинг ўйин-кулгилари жуда содда. Шунчалигига ҳам хурсанд бўлишади, буниси жуда яхши! Оҳ, кошкийди, мен ҳам шулар орасида туғилган бўлсам! Кошкийди, бир кун менинг ҳам бармоқларим хинага, ҳовучларим хурмо рангига бўялган бўлса... Бас, бошқа тўғриларда гаплашайлик.

Қўшниларим мени, нима учундир, яхши кўриб қолишди. Фақат уларга аралашмаганимга, ўйин-кулгиларга қўшилиб баҳримни очмаганимга жаҳллари чиқади... Керик экан дейишмасин, деб уларга ўзимни пояндоз қилдим, мактабдаги қизларига ҳам, уларнинг ўзларига ҳам қўлимдан келганича қарашдим, хизматимни аямадим.

* * *

Бу шаҳарда энг яхши кўрган ерим — сой бўйидаги Толзор деб аталган жой эди. Байрам кунларида у ерга боришдан тортинаман. Лекин баъзан кечки пайт мактабдан қайтишда Муниса иккаламиз борамиз. Толзорда фақат толларгина эмас, чинорлар ҳам бор. Ким билади, бу ўрмон неча ёшда экан? Чинорларнинг пастлари каллаклаб ташланибди, фақат ўзаклари билан тепадаги шохлари, япроқларигина қолибди. Кечқурун соялар чўзила бошлаган пайтда бу ерга келган киши ўзини учи-кети кўринмайдиган вайрона қубба тагига кириб қолгандай сезади. Ёндан тушиб турган оқшом қуёшида бу азамат, хароб чинор ўзаклари кўз илғамас узун, синиқ устунларга ўхшаб кетади. Сойнинг нариги юзида атрофларига четан тутилган қатор-қатор боғлар, улар орасида сояларга кўмилган сўқмоқ йўллар бор. Узоқдан ана ўша йўлларга қарасам, булар менга одамни энг ширин орзулари ушаладиган бошқа бир дунёга олиб борадигандек туюлади.

Шаҳар бойлари «Хасталар тепаси» деб аталган ерда туришар экан. Номи ёмон бўлса ҳам, ўзи энг шод, энг бахтиёр кишилар макони. Ч...га келганимда, менга у ердан бир чиройли уй кўрсатишган эди, лекин рад қилдим. чунки ҳозир мен Б...даги сингари бадавлат эмасман. Шунинг учун тежамлироқ яшашга, кичикроқ уйда туришга мажбурман. Лекин ҳозирги уйим ҳам унча ёмон эмас. Шаҳарнинг обод ерида: яқинимизда майдон, қаҳвахоналар, дўконлар бор. Масалан, бугун эрталаб Толзорга жўнаган шаҳар аҳолиси бизнинг уйимиз ёнидан ўтди. Ҳозир вақт анча эрта бўлса ҳам, қайтиб келишяпти. Бир зумгина аввал Толзордан бир тўда офицер қайтиб келди. Улар рўпарадан шошиб келаётган лейтенант билан гаплашиш учун тўхташди.
— Нега мунча эрта қайтдинглар? — деб сўради лейтенант. — Мен энди кетяпман, навбатчиликдан ҳозир бўшадим.

Мундирининг олди ҳамиша очиқ юрадиган семиз, кекса қўлоғаси:
— Овора бўлмай, қайта қол. Бугун Толзорнинг мазаси йўқ. Қанча қидирсак ҳам гулбашакар йўқ, — деб жавоб қилди. Мен бу қўлоғасини кўчада кўп учратардим.

Тавба, бу шаҳарнинг ҳарбийлари гулбашакарни мунча яхши кўришмаса-я! Каттасининг ҳам, кичигининг ҳам оғзидан гулбашакар тушмайди. Назаримда, бу гулдан қилинган ширинлик бўлса керак. Қизиқ, Xизр Илёс кунида гулбашакар қидириш, топилмаса хафа бўлиш — ёш болалик-ку!

Ҳа, мен бу «гулбашакар» сўзини кўчада катталардан ҳам, болалардан ҳам жуда кўп марта эшитдим. Масалан, бир куни кечқурун мактабдан келаётган эдим. Олдимда фақирларча кийинган бир неча йигит кетаётган эди. Шулардан биттасига бир нимани е деб таклиф қилишди шекилли, у кўнмай:
— Xудо ҳаққи, бўлмайди. Ҳозир овқат едим. Мева тугул, бошқа нарса ҳам томоғимдан ўтмайди, — деди.

Иккинчиси:
— Ҳеч нима ўтмайдими? Гулбашакар ҳам-а? — деб уни елкасидан тортди.

Энди йигит эриди, кулимсираб туриб:
— Қани энди у бизга насиб бўлса! — деди.

Гоҳи маҳаллар қаҳвахона олдида ўтирган эркаклар шу маҳаллар сув ташиб кун ўтказадиган камбағал, лекин хушчақчақ, шўх йигитчага ҳазил қилишарди:
— Менга қара, Сулаймон, тўйингни қачон қиламиз?
— Қачон хоҳласангиз. Мен ҳаммавақт тайёрман.
— Сулаймон, ўлгудай камбағалсан, кунинг қандай ўтади?
— Қуруқ нонимга гулбашакар суртиб еявераман. Менга бундан ортиқ нима керак?

Бу ҳазилкашликни қарийб ҳар кун такрорлашади. Буниси ҳам бир нави, лекин қўшним Ҳофиз Қурбон афандининг бир қилиғи мени жуда ҳам ҳайрон қилди. У уч кун аввал кўчада Мунисани ушлаб олиб, қўярда-қўймай бетларидан ўпди-да:
— Ўҳ, сендан гулбашакарнинг ҳиди келади-я! — деди.

Кўчада Толзордан қайтаётган одамлар кўпайди. Бирдан бола кулгиси — Мунисанинг овози эшитилди. Ҳа, Муниса келяпти! У ярамасни шу тўрт соат ичида худди тўрт ой кўрмагандай соғиндим.

* * *
23 ап-рел (ик-ки со-ат-дан кей-ин).

Ахийри гулбашакарнинг нималигини билиб олдим. Муниса Толзорда учраган бир қанча муаллимларга менинг бетоблигимни айтган экан, ташвишланишиб, қайтишда эшигим олдидан сўраб ўтишди.

Ичкарига киринглар деб уларга бир неча дақиқа ялиндим. Гап орасида биттасидан ҳазиллашиб:
— Қалай, ҳеч бўлмаса сизлар гулбашакар топдиларингми? Кўчадан офицерлар ўтиб кетаётиб, гулбашакар топишмаганидан зорланишди, — дедим.

Дугонам кулиб юборди.
— Жуда яхши биласизки, биз ҳам ўша лаззатдан маҳрум бўлдик, — деди.
— Нега? — деб сўрадим.
— Чунки келмадингиз.

Шошиб юзига қарадим. Кейин кулимсирашга ҳаракат қилиб:
— Ия, бу қандай бўлди? — дедим.

Муаллималар хахолашиб кулиб юборишди. Ҳалиги дугонам менга шубҳа билан қараб:
— Чиндан ҳам билмайсизми? — деди.
— Xудо ҳаққи, билмайман.
— Бечора Фаридагинам, сен нақадар соддасан! Ч... эркаклари шу чиройли рангинг учун сенга гулбашакар деб ном қўйишган!

Мен саросимам зўридан дудуқланиб:
— Наҳотки? Мени-я? Демак, гулбашакар деганлари, кўчадаги йигитлар нонга суртиб емоқчи бўлган нарсалари мен эканман-да! Вой ўлмасам!

Уялганимдан қўлларим билан юзимни бекитдим. Демак, мен шундай каттакон бир шаҳар оғзига тушибман. Ё раббий, бу қандай шармандагарчилик!

Дугонам зўрлаб юзимни очди, кейин ярим ҳазил, ярим чин қилиб:
— Бунинг хафа бўладиган жойи йўқ-ку? Бутун бошли шаҳар эркакларини ўзингизга жалб қилибсиз, бундай бахтга қандай хотин муяссар бўлади? — деди.

Бу эркаклар мунчаям ёмон бўлишмаса! Мени бу ерда ҳам тинч қўйишмайди. Вой худо, энди одамларга қандай кўринаман, қўшниларимнинг юзига қандай қилиб қарайман?!

* * *
Ч..., 1 май.

Уйда ўтириб ўқувчиларимнинг дафтарларини кўраётган эдим. Эшик тақиллади. Муниса пастдан:
— Опажон, меҳмон келди, — деб қичқирди.

Ташқарида қора чоршафли бир хотин айланиб юрарди. Юзи ёпиқ бўлгани учун таниёлмадим. Тараддудланиб:
— Кимсиз, афандим? — деб сўрадим.

Бирдан кулги кўтарилди. Xоним мушук сингари бўйнимга ташланди. Тавба, Муниса экан! Ярамас қиз мени белимдан ушлаб ҳовлида айлантира бошлади. Ҳеч қўймай юзимни, бўйнимни ўпа кетди. Чоршаф кичкинамни бўйига етган қизга ўхшатиб қўйибди.

Кичкина шу икки йил ичида бўйига тортиб, хушқомат, чиройли, куйдирмажон қиз бўлиб қолди. У кун сайин гулдек очилиб, ҳусн тўкиб борарди. Бўйларимиз ҳам қарийб баравар бўлиб қолди. Лекин одам кўз ўнгидаги нарсаларнинг ўзгариб боришини кўпинча фарқ қилолмайди.

Мунисани мана шу чоршафда кўриб, ичимга сиғмай суюнишим керак эди. Мен эса хафа бўлдим. Буни Муниса ҳам фаҳмлади.
— Опажон, нима бўлди? Ҳазиллашдим-да. Нима, сизни хафа қилиб қўйдимми? — деб сўради.

Бечора ёмон иш қилиб қўйгандек, ўкиниб юзимга тикиларди.
— Муниса, — дедим, — сени бутун умр ёнимда олиб қололмайман. Кўриб турибман, турмайсан. Ҳозирданоқ тўйларда келинчаклик ипларини бошингга тақиб қувонасан. Биламан, қизим, ёнимда қолмайсан, келинчак бўлиб, мени албатта ёлғиз ташлаб кетасан.

Ана шу ёлғизликнинг алами ҳозирданоқ юрагимга чанг солаётгандек, кўзларимга ёш келди. Муниса ҳеч бўлмаса мени бир оғиз сўз билан юпаца эди, деб мўлтиллаб турган кўзларим билан ялинаман. Лекин ярамас қиз лабларини букиб:
— Начора, опажоним? Одат шу, — деди.
— Демак, бир бегонага тегиб, мени ёлғиз қолдириб кетасан, шундайми?

Муниса жавоб бермади, фақат кулиб қўя қолди. Лекин қандай кулди-а! Золим қиз ҳозирданоқ уни мендан ортиқ севарди.

Энди бояги сўзларимнинг аксини гапира бошладим.
— Майли, келинчак бўлсанг бўларсан, лекин йигирма ёшга киргунинггача ҳали анча вақт бор.
— Йигирма ёш? Вой, бу кўп эмасми, опажоним?
— Унда ўн тўққиз, майли, ўн саккиз ҳам бўлсин. Индамайсан-а? Куласан-да. «Ўзим биламан» демоқчи бўлиб куласан. Xудо ҳаққи, ўн саккиздан камига бўлмайди.

Ярамас қиз кулар, бу ёш савдоси уни ажаблантирарди. Уялмасам, ҳўнг-ҳўнг йиғлардим. Сариқ одамларнинг ҳаммаси вафосиз бўлади, улар одам бошига ҳамиша қайғу-алам солади.

* * *
Ч..., 10 май.

Мактаб қизларим орасида ўн икки-ўн уч ёшларда бир бадавлат пошонинг қизи ўқийди. Бўйи пак-пакана, озғингина, тишлари чирик, афти бужир, инжиқ қиз.

Мен бир куни мазах қилиб, уни Надида хоним афанди деган эдим, ана шундан бери мактабдагилар ҳам уни хоним афанди дейдиган бўлишди.

Надида Xасталар тепасининг энг чиройли уйларидан бирида туради. У ҳар кун пошо отасининг ландосида мактабга келади. Мўйловлари қўчқор мугизига ўхшаган адъютанти олиб келиб қўяди.

Менга шундай туюлади: бу кичкина ойимқиз мактабга ўқишдан ҳам кўра ўзини камбағал синфдошларига ва ҳатто ўқитувчиларига кўз-кўз қилиш учун келади. Дугоналарига худди чўриларидек муомала қилади. Муаллималар унинг минг турли қаҳрига, нозига чидашади, буни ўзларининг вазифаси деб билишади. Онаси қизининг ўқитувчиларини тез-тез уйига чақириб, меҳмон қилиб туради. Бечора дугоналарим уларникида кўрган дабдаба ва тантанани, давлат ва салтанатни, еган овқатларини, хоним афандиларнинг кийим-кечакларини айтиб битира олмайдилар. Дугоналаримнинг мароқлари мени ҳам кулдиради, ҳам жиркантиради. Бу Абдураҳим пошоларнинг қандай одамлар эканлигига тушундим. Булар — дабдабалари, салтанатлари билан майда, бачкана одамларнинг кўзини қамаштиришдан завқ оладиган бир тўда мақтанчоқ телбалардир.

Дугоналарим бир неча марта мени ҳам олиб боришмоқчи бўлишди. Лекин мен буни ўзим учун бир ҳақорат билиб, жеркиб ташладим.

Камбағал ўқувчиларимнинг ботинкаларини кийгизиб қўйишдан, кўйлакларидаги чангларни қоқишдан тортинмаганим ҳолда бу кичик, арзанда хоним афандини кўрсам кўнглим айнийди. Баъзан дарс маҳалларида сўз билан савалаб ҳам ўтман. Шунга қарамасдан, у мени бошқа ўқитувчиларидан кўра кўпроқ яхши кўради, изимдан қолмайди — суйкангани суйканган.

Бугун туш маҳалида эшигимиз олдида бир арвава келиб тўхтади. Ялт этиб қарадим: вой, бу Абдураҳим пошонинг ландоси эмасми? Мугуз мўйловли адъютантнинг арава эшигини очганини, толибам Надидахонимнинг теваракда югуришган маҳалла болалари орасида малика виқори билан уйимга келаётганини кўрдим. Бутун маҳалланинг оғзи очилиб қолди. Қўшниларимизнинг деразалари хотин-халажнинг боши билан тўлди.

Надида хоним опасидан хат олиб келган эди. Xатда: «Муаллима хоним, пошо отам, волидам ва бандангиз бугун бизникига ташриф буюришингизни илтимос қиламиз ва амрингизга юборилган арава билан келишингизни кутамиз», — дейилган эди.

Мақсадларига дарҳол тушундим. Ҳашамат ва сарватлари билан, дабдаба ва тантаналари билан нариги ўқитувчилар сингари менинг ҳам кўзларимни қамаштирмоқчилар. Олдин бир-икки оғиз совуқ ташаккур билан кичик хонимни, адъютантни, араваларини қайтариб бормоқчи ҳам бўлдим. Лекин қалбимда бирдан бошқа бир орзу уйғонди: бу керик зодагонларга яхшироқ сабоқ бериб қўймоқчи бўлдим.

Мен Истамбулда булардан ҳам баландроқ, юксакроқ мавқедаги пошоларни кўп кўрганман. Мен уларнинг анчагина таъзирларини берганман. Юзларидан ниқобларини олиб ташлаш, ҳашаматли қиёфалари остида яширинган пасткашликлари ва ҳечликларини майдонга чиқариш Чолиқушининг энг яхши кўрган эрмаги эди. Шундай туғилган бўлсам, мен нима қилайин? Унча ёмон қиз эмасман, кичкиналарни, ночорларни яхши кўраман. Лекин бой-бадавлатларга, кибор ҳаволикларга қарши доим золимман.

Икки йил жим яшадим, бугун эса бир оз шўхлик қилишга ҳаққим бор.

Одатимга қарши, бугун жуда содда бўлса ҳам, лекин башанг кийиндим. Xудога шукур, бир маҳаллар амаким Париждан юборган битта кўк костюмим бор эди.

Надида хоним афандини пастдаги хонада анчагина куттириб қўйишдан тортинмадим. Б...да эканлигимда аллақайси бир Европа журналидан сочлари модали қилиб таралган бир хотин киши расмини кесиб олган эдим. Шуни ойнагимнинг ромига қадаб қўйиб таранишга тутиндим. Ўзимни ўшанга ўхшатиш учун бутун санъат ва маҳоратимни сарф қилдим. Натижада, мадам ниҳоятда гўзал бўлса ҳам, лекин фасли ўтганроқ эди. Лекин нима қилай? Мен бугун бир артист сингари бу кибор қишлоқ дилбарларида қолдирадиган таассуротимнигина ўйлашим керак.

Кичкина хонимни пастда кутдиришдан мақсадим, фақат ясаниб-тусанишдангина иборат эмас эди. Олақоронғи, фақир ашёли уй ойнагида кулимсираган ёш қизни томоша қилиш учун ҳам куттирган эдим. Мен ойнакдаги қизга бегона одамга қараётгандек, уялиб-қизариб қарардим. Модомики, хотира дафтаримни мендан бошқа ҳеч ким ўқимас экан, нега энди ҳақиқатни эътироф этмайин? Ойнакда менга қараб кулимсираб турган қиз ниҳоятда гўзал эди. Диққат билан қараганимда, у менга инсоннинг ақлини шошириб қўядиган даражада гўзал кўринди. Менга тамоман янги кўзлар қараб турар эди. Бу кўзлар мен бир маҳаллар Истамбулда таниган шод, шўх, қайғусиз Чолиқушининг кўзларига сира ўхшамас эди. Бу кўзларда қоронғи кечаларда боқа-боқа ўтган ёлғизлик дамларининг қора алам ва ғуссалари, ҳорғинлик, дилхунлик, уйқуга ва бошқа нарсаларга тўймаган кўзларнинг аччиқ маҳрумияти бор эди. Бу кўзлар кулмаса жонли бир изтироб каби зўр ва чуқур кўрина билардилар. Фақат кула бошлади дегунларича, ҳар нарса ўзгариб кетади. Ана шунда кичраяди, нурлари ичларига сиғмайди, майда учқунлар каби ёноқларига тўкила бошлайди.

Бу юзда нақадар гўзал, нақадар аломат чизиқлар бор? Одамда йиғлаб юбориш ҳавасини туғдирадиган гўзал нарсалар бор. Нуқсонларимда ҳам қандайдир малоҳат борлигини кўраман. Тақирдоғидаги поччам: «Фарида, қошларинг ҳам тилингга ўхшайди, гўзал-гўзал, нозик-нозик бошланади-ю, кейин йўлини йўқотиб қўяди»,— деяр эди. Поччам айтган гўзал-гўзал, нозик-нозик бошлангандан сўнг йўлини йўқотган бу қошларнинг чаккаларга қараб ниҳоятда чиройли сузилиб кетганлигини кўрдим.

Энди мана бу лаблар! Юқоригиси бир оз калта, қисқа бўлганлиги учун доимо кулиб, доимо устки тишларимни бир оз кўрсатиб турган устки лабим, бир маҳаллар Бурсадаги Ҳожи афанди айтганидек, мени қабрга ҳам кулги билан олиб боради.

Надида хонимнинг пастда ботинкаларини жўрттага дукурлатиб юрганлигини эшицам ҳам, негадир, ойнакдаги кичик хонимдан ўзимни айира олмайман.

Б...да «Ипак қурти», Ч...да «Гулбашакар» деб қўйилган лақаблар менга қанча озор етказган эди. Мана ҳозир, ойнада кўриниб турган ёш қизга, субҳидам ёруғи каби равшан, қиров томчилари ўтирган апрел гуллари каби тоза бу қизга мен ҳам шу исмларни беришдан ҳозир тортинмадим. Биров қараб турмаганми экан, деган ҳадик билан теварагимга алангладим, сўнгра ўз-ўзимни, кўзларимни, ёноқларимни, иягимни ўпиш учун ойнакка чўзилдим. Юрагим қуш каби типирчилар, лабларим лаззат билан титрарди.

Лекин, афсуски, ойнаклар ҳам эркаклар ижодидир. Инсон ҳеч маҳал ўз сочларини, кўзларини ўпмайди. Нима қилса ҳам, қанчалик тиришиб-тирмашса ҳам ўзини фақат лабларидан, оғзидангина...

Ё олло, нималар деяпман? Алекси опа: «Поп жаддаси одам қалбини ҳам поп қилади», — деяр эди. Бундан чиқди, нозли қилиб таралган бош ҳам одамни нозли қилиб юборармикин? Мактаб ўқитувчисига ярашмаган нақадар маъносиз, нақадар айб сўзлар бу.

Икки йил жим ўтирганимдан кейин бугун бир оз шўхлик қилишга ҳаққим бор эди.

Хонимларни залларнинг бирида артистликни энди ўргана бошлаган кишилар қиёфаси билан менга қараб туришганларини кўриб, ичимдан кулдим, кейин «Ҳали кўрасиз, пича сабр қилинглар» деб кўнглимдан ўтказдим. Улар бошқалар сингари уй бекасини, ойимқизларининг этакларидан ўпмаганлигимни, шунчаки содда ва сарбаст салом билан кифояланганлигимни кўриб, ҳайрон бўлиб қолишди. Бир-бирларига таажжубланиб қарашди. Қўполгина кийинган бир қари грек хотин (Бейўғли[1]дан келган мураббия бўлса керак, деб ўйлайман) тевараги тилладан қилинган кўзойнагини бурнига қўндириб, мени бошимдан-оёғимгача сузиб чиқди.

Ўзимни тутишимда, ҳаракатларимда шу қадар бир табиийлик, сўзларимда шунчалик путурсиз бир ишонч бор эдики, зал кўз илғамас пўртанага учраган кема сингари остин-устин бўлиб кетди.

Бу ерда эгаларининг диди яхшилигини далолат қиладиган биронта нафис нарса йўқ эди. Зал ҳар хил қимматбаҳо нарсалар тиқиб ташланган газмол дўконига ўхшарди... Бу ернинг ойимлари мана шу залда сағанадаги ўликлар сингари умрларини ўтказадилар, Ч... шаҳрининг содда, одми хотинларини ҳайратга солишдан завқланадилар.

Сарбаст ва қатъий ҳаракатларим билан залга секин-секин эга бўлар, ўзларини эса ивидиқ, ношуд меҳмонларга айлантирб борар эдим. Бу дағал, кулгили комедияни ўйнаб турганимда, ўйинимни сездириб қўймаслик учун хатти-ҳаракатларимни табиийдек тутишга тиришдим. Улар нимаики кўрсацалар, нимаики сўзласалар, нимаики қилсалар — ҳаммасини ёқтирмаганлигимни сездирдим. Дидларининг пастлигини, ношудликларини сездиришга, алам қилдиришга ҳаракат этдим. Масалан, пошонинг катта қизи суратларни кўрсатганда, мен буларнинг оддий нарсалар эканлигини таъкидлаб, тагдор шамалар билан чимчилиб олдим. Кейин бир бурчакда осиғлиқ турган кичкина суратни кўриб, залда бирдан-бир ҳақиқий санъат асари бўлган бу гўзал нарсанинг нима учун бурчакка тиқиб қўйилганлигини сўрадим. Қисқаси, дабдабаларининг ҳеч бирига ажабланмадим. Ҳамма нарсаларини танқид қилдим. Айниқса, овқат маҳалида жон ришталарини суғуриб олдим... Ким билсин, бу мукаммал, ажойиб дастурхон атрофида ўтирган қанча хотиннинг томоқлари бўғизларида қолган экан? Ким билсин, меҳмонларнинг қанчаси вилка ва пичоқларини эплай олмаганликлари учун бу ерда қанчадан-қанча тер тўккан экан? Бечораларнинг қанчаси овқатни қандай олишни, қандай ейишни билмагани учун овқатлардан воз кечишга мажбур бўлган экан?

Бугун ана шуларнинг ҳаммаси учун қасос олдим. Мен шу қадар чаққон, эпчил ҳаракатлар қилардимки, хонимлар ҳайрон бўлишиб, менга ер остидан қараб қолар эдилар. Мен ҳам уларга ора-сира қараб қўяр эдим. Лекин менинг қарашларим уларнинг қўлларидаги вилкаларни титратар, оғзидаги овқатларини бўғизларига тиқиб қўяр, сув ичишга мажбур қиларди. Ношуд, жоҳил хотинларга ўзини одам ўрнида сотган, кулгили французча талаффузи билан ўзига бино қўйиб юрган бейўғлилик грек кампирни дунёга келганлигига пушаймон қилдириб юбордим.

У мураббия, мен мактаб ўқитувчиси бўлганим учун ўзини мен билан ҳамкасаба деб фараз қиларди. Мен билан яширин бир мунозарага киришни ўзининг маслак бурчи деб билди, шекилли. Лекин мен шу қадар масхарасини чиқардимки!.. Мақсадини туркча тушунтиришга ожизлик қилар, мен туркчани яхши билмайман деб қутулишга тиришарди. Ана шундан кейин:
— Xайр, майли, мадемуазел, французча гаплашайлик, — дедим.

Мураббия французча гаплашиб кўрмоқчи бўлди, лекин мен унинг французча гапларига кулдим.

Қисқаси, кичкина, аҳамияциз бошланғич мактаб муаллимаси ғойиб бўлди. Мен яна «Дам дё сион»нинг энг ўткир, бурро муаллималарини ҳам йиғлар даражасига келтирган тили заҳар, ўжар, золим Чолиқушига айландим.

Биз мураббия билан олий табақа йиғинларида қўлланиладиган усули одоб ҳақида мунозара бошлаган эдик, у бечора сўз тополмай қолиб:
— Ҳарҳолда, мен юксак жамиятларга кириб чиққанман, ҳамма нарсани ўз кўзим билан кўрганман, — деди.

У шу сўзи билан мени мот қилмоқчи бўлган эди. Мен эсам унинг юзига ғолиб тантанаси билан қараб кулимсирадим.
— Тузук, лекин фақат кириб-чиқиш кифоя эмас, одам ўша муҳитда ўзининг табиий ҳаёти билан яшамоғи лозим, — дедим.

Тарбияси у қадар эмаслигига ишорат қилувчи бу ҳужумдан сўнг боёқиш соб бўлди. Кичкина пошозодалардан бирининг дарс соати келганини баҳона қилиб, чиқиб кетди.

Хонимлар қўйлардай мулойим бўлиб қолишди. Улар кибру ҳаво ва ғурурларининг ифлос ниқоблари йиртиб ташлангандан кейингина ўз аслларига қайтадилар. Ростини айтганда, ёмон одамлар эмасди. Ана шундан ке- йин мен ҳам ўз аҳволини биладиган, аҳамияцизлигини тушунадиган мазлум, содда мактаб ўқитувчиси мавқеига туша бордим.

Хоним афанди ва кичик хонимлар тез-тез келиб туришимни самимият билан илтимос қилдилар.
— Гоҳи-гоҳида келиб тураман, лекин ҳадеб келаверсам қандай бўлади, одамлар нима дейишади? Тез-тез келганимни кўришса, мени сизлардан бир нима тама қилиб юрибди, деб ўйлашади, — дедим.

Хоним афанди мен қандай одамнинг қизи эканлигимни суриштирди. У ҳар нима қилиб бўлса ҳам мени гапга солишни истарди.
— Бадавлат бир оиланинг фақирликка тушиб қолган қизиман, — дедим.
— Xоним қизим, сиз шу ҳуснингиз, шу фазилатларингиз билан жуда яхши жойга тушишингиз мумкин..
— Балки, хоним афанди, мени ҳам ўзига муносиб кўрадиган бирон зарарсиз одам бордир. Фақат мен ўзимни пешона терим билан боқсам дейман, шундай қилсам яхшироқ бўлади. Меҳнат қилиш айб эмас-ку, — дедим.
— Борди-ю, сизни яхши бир оиланинг яхшигина боласига муносиб кўришса, нима деяр эдингиз?
— Албатта, менга кўрсатган бу шарафлари учун ташаккур билдирардим, лекин, фикримча, қабул қилмасдим.

Буларнинг асл мақсадларини кейинроқ пайқадим. Улар сарватларини кўз-кўзлаш, шу билан кўзларимни қамаштириш учунгина меҳмондорчиликка чақиришмаган экан.

Пошонинг катта қизи бирдан менга боғларини кўрсатгиси келиб қолди. Боғлари ҳам худди ранг-баранг гулллар билан безалган залларига ўхшарди. Бу ерда қанақа гуллар, дарахтлар, кўкатлар, буталар йўқ эди! Ҳар қадамда гул туваклари! Ана шундай қилиб, кичкина, ясама ўрмончада, паст бўйли ёш қарағайлар ичида...

Лекин буни тушунтириш учун ўн икки кун аввал бўлиб ўтган бир воқеани айтиб ўтишга мажбурман:

Мактабимизнинг танаффус боғчасига туташ каттакон узумзори бор. Болалар четан тўсиқни бузиб юборганликлари учун боғча билан узумзор бир-бирига қўшилиб кетган. Бошларини қизил латталар билан боғлаб олган уч-тўртта камбағал ишчи бир неча кундан бери ер чопиш билан овора эди. Танаффус маҳалларида ёнларига борар, бечорларнинг дўлдай тер тўкиб ишлаганларини томоша қилардим. Мен айтмоқчи бўлган ўша куни булар орасида битта ёш ишчи паё бўлганини кўрдим. У ҳам буларга ўхшаш кийинган, лекин башараси, ўзини тутиши бошқача эди. Масалан, қуёшда куйган юзининг тагида оқиш тиниқлик, кўзларида бошқача ўт бор эди. Қўллари ҳам хотинларники сингари нозик, кичкина. Нариги ишчилар сингари кекса бўлмагани учун ёнига бормадим. Унинг ўзи келди. Иссиқдан чўллаганини айтиб: «Қизлардан биронтасига сув келтиртириб берсангиз», — деди.

Дунёда ёмон кўрганим — хўроздан ҳам қочадиган хотинлардир. Шунинг учун қочмадим. Мактаб ўқитувчиси эканлигимни ўйлаб:
— Xўп, ўғлим, бир озгина кут, айтаман, — дедим.

Мен ичимда «Камбағал бўлиб қолган аслзодалардан бўлиши керак», деб ўйладим.

Бу ишчи ҳам уятчан, ҳам дадил эди. Мен билан гаплашаётганда гоҳо ўзини йўқотиб, дудуқланиб қоларди. Шу билан бирга, суҳбатга алоқаси бўлмаган ғалати саволлар ҳам берарди: «Бу ерда арзончиликми? Қиш қаттиқми? Нок, олма борми?..»— дейди. Ўзи бошқа ердан келган эмиш.

Сувни ичиб турганда, мен кулимсираб: «Мияси айниброқ қолган кўринади, бечора!» деб ўйладим.

Пошонинг боғида, уҳдасига қарағайзорликни тақлид қилиш каби ҳақоратли бурч тушган бечора дарахтлар орасида кўрган нарсамнинг мени шунчалик ажаблантирганини пайқаб олишга юқоридаги тафсилот кифоя қилса керак.

Ҳа, шу дарахтлар орасида яна ўша камбағал мардикорга дуч келдим. Лекин бу сафар бутунлай бошқа қиёфада эди. У қиличи, тугмалари, орденлари, ёқаси, юзи, тишлари, ҳатто бўялган сочларига қадар ялтираб турган штаб капитани эди. Xудди суратга тушаётгандай, иккита қарағай орасида гавдасини ғоз, калласини баланд тутиб, гетрларини бир-бирига ёпиштириб турар, ингичка мўйловлари остида, ярим юмуқ лаблари ичида тишлари, шўх кўзлари порилларди. Қисқаси, туриши, кўриниши шундай эдики, уни кўрган одам оқ қўлқоплари билан ҳозир қиличини суғуради-ю, «Саф бўл!» деб буйруқ беради, деб ўйлайди.

Лекин шу он тушундимки, офицерга бу буйруқни бошқа одам берибди. Пошонинг катта қизи Нарима хоним:
— Вой, Эҳсон, сен шу ердамидинг? Қаердан келиб қолдинг? — деб ажабланди.

Лекин бечора хотин ролини шу қадар хунук ўйнадики, «Вой! Эҳсон, қаердан келиб қолдинг?» деб ажабланганда, овозида: «Вой ўлай, ёлғон сўзлаётганимиз очиқ-ошкор сезилиб турибди-я» дегувчи оҳанг борлигини билиб олиш қийин эмасди.

Ҳа, бу кулгили «ҳажвий опера» декорацияси ичида қизиқ комедия ўйнашимиз керак, аммо нима учун? Буни кейинроқ тушуниб оларман. Ҳозир эса сир бермаслик, оғир ва жасур бўлиш керак.

Ҳарҳолда, бу пошолар муждалар қилишни яхши кўрадиган одамларга ўхшайдилар. Лекин мен ҳам бугун бўш келмайман, нима қилишса қилишсин, оғзимни очиб қолмайман. Улар мени уялиб, қочиб кетади, деб ўйлашган бўлсалар керак. Ҳеч-да, узангидан тушадиган анойи йўқ!
— Фарида хоним афанди, сиз ҳам биз сингари истамбулликсиз. Бўлам ва сут қардошим Эҳсонни сизга тақдим эцам хафа бўлмассиз, шундай эмасми? — деди Нарима хоним.

Мен ҳеч тортинмай:
— Аксинча, жуда хурсанд бўламан, афандим, — дедим.

Сўнгра унинг сўзлашига имкон бермай ўзимни таништирдим.
— Фарида Низомиддин, маориф армиясининг энг кичик офицерларидан бири.

Ёш офицер чиройли, жангари қиёфасини узоқ сақлаб қололмади. Ажабо, бунда уни айблаб бўладими? Кичкина бошланғич мактаб муаллимаси бир неча кун аввал мардикор қиёфасида кўрган бир кишини бугун қуёшдай порлаб, эртаклардаги шаҳзодалар сингари ҳусн тўкиб турганини кўрса-ю, ҳаяжонидан ҳушини йўқотмаса! Ақлга сиғадиган нарсами шу?

Ҳа, аксинча бўлди, мен эмас у шошиб қолди! Бизга мактабда ҳамма фанлар асосида йиллар бўйи тиришиб-тирмашиб ўргатишган «салом маросими»ни бу йигит яхши ўзлаштирмаган кўринади. У аскарий салом учун кўтарган қўлини ярим йўлдан қайтариб туширди. Мен билан қўл олишиб кўришмоқчи бўлди шекилли, лекин қўлини чўзганда, ундаги оқ қўлқопни кўриб, яна дарров тортиб олди. Назаримда, қўлқоп чўғга айланган-у, қўлини куйдира бошлагандай бўлиб кетди...

Уч-тўрт минутча бамайлихотир гаплашдим. Бечора йигит мардикор кийимида келиб мендан сув сўраганини эслаётган бўлса керак, кўзи кўзимга тушганда уялиб, ерга қараб оларди. Лекин мен у ҳодисадан бехабардай, ўзини энди кўраётгандай гаплашиб туравердим.

Бир оздан сўнг Нарима хоним иккаламиз уйга қайтдик. Боёқиш хотин юраги чопмайроқ гап бошлади:
— Фарида хоним, Эҳсонни, албатта, танигандирсиз?— деди.

Ана холос, мактаб боғидаги воқеадан бу ҳам хабардор экан-да?

Мен парвосизгина қилиб:
— Ҳа, — деб қўя қолдим.
— Балки кўнглингизга бирон гап келар, шунинг учун тўғрисини айтиб берай, хоним афанди. Эҳсон ўртоқлари билан гаров ўйнашган экан. Ёшлик-да, афандим, шунақа бўлади.

Ажабланиб лабларимни буришдан ўзимни тутолмадим.
— Нима деб гаров ўйнашади, афандим?

Нарима хоним қизариб кетди, хижолатпазлигини яшириш учун кулди.
— Xоним афандим, мактабдан қайтиб келаётганингизда офицерлардан баъзилари сизни кўришган экан, жуда ҳам гўзал деб мақташибди. Биз истамбулликмиз, шунинг учун бу ерликлар сингари бу хил гапларни ҳақорат деб ҳисобламаймиз, шундай эмасми, гўзалим! Ана шундан кейин Эҳсон «Ҳар нима қилиб бўлса ҳам шу муаллима хоним билан гаплашаман», деб гаров ўйнабди. Шу куни жирканмасдан мардикорлардан бирининг кийимини кийиб бориб гаровни ютибди. Қизиқ, а?

Мен жавоб бермадим. Бечора Нарима хоним сўзларининг менда қолдирган таассуроти қанчалик совуқ эканини яхшигина англарди.

Бугунги таажжуб комедиянинг сўнгги пардаси яна тепадаги меҳмонхонада ўйналди. Эҳсонбей билан кўришганим хабари у ерга мендан олдин етиб келибди. Буни ҳамма қатнашчиларнинг юзлари кўрсатиб турарди.

Уй бекасининг махфий ишораси билан меҳмонхонадагилар секин-секин чиқиб кетишди. Фақат Нарима хоним қолди.

Хоним афанди бир оз иккиланиб тургандан сўнг:
— Эҳсон қалай экан, хоним қизим? — деб сўради.
— Яхшигина йигитга ўхшайди, хоним афандим, — дедим.
— Юзи ҳам чиройли, ўзи ҳам ўқимишли, — деди у менинг жавобимдан кейин. — Ҳозир мартабасини кўтариб, Байрутга юборишяпти.
— Қандай яхши! Ҳақиқатан чиройли, ёқимли йигит. Илми ҳам, сиз айтгандай, мукаммал кўринади, — дедим.

Она-бола бир-бирига ялт этиб қараб олишди. Бу гапимга ҳам ҳайрон қолишар, ҳам хурсанд бўлишарди.

Хоним афанди қиқирлаб кулди.
— Xудо умрингга барака берсин, қизим, мушкулимни осон қилдинг, — деди. — Мен Эҳсонни чақалоқлигидан эмизиб, ўзим катта қилганман. Фарида хоним қизим, ёш қизлар билан очиқ-очиқ гаплашиб бўлмайди, лекин сиз, худога шукур, эс-ҳуши жойида, фаросатли қизсиз. Албатта, ҳамма нарса худонинг иродаси билан бўлади. Мен сизни Эҳсонга олиб берсам, девдим. Сизни жуда ёқтириб қолибди. У ҳам сизга манзур тушган бўлса, иншооллоҳ, бахтли бўласиз. Эҳсонни бир ойгина отпускага чақириб олиб, тўйларингизни шу ерда ўтказамиз, хўпми? Кейин Байрутга бирга жўнайсизлар.

Боғда бошланган комедиянинг оқибати нима бўлишини аллақачон сезган эдим. Чиндан ҳам кулгили нарса: бегона ерда мени қарийб танимаган кишимга олиб беришмоқчи! Шу дам бирдан юрагимга мунг тўлди, негалигини билмайман. Лекин кайфим чоғлигини билдирмаганим сингари, юрагимдаги бу мунгни ҳам сездирмасдим.
— Xоним афанди, жориянгиз учун бу ниҳоятда катта шараф. Сизга ҳам, Эҳсонбейга ҳам бутун қалбимдан ташаккур билдираман. Лекин бунинг иложи йўқ, — дедим.

Уй бекаси шошиб қолди.
— Нега қизим? Ҳалигина уни ёқтирганингизни, чиройли эканини айтувдингиз-ку!

Мен кулдим.
— Xоним афандим, яна қайта айтаман: Эҳсонбей чиройли ва арзигули йигит, лекин орамизда никоҳ имкони борлиги ақлимга келган ё кўнглимдан ўтган бўлса, унинг фазилатларини очиқ-ошкор айта олармидим, афандим? Бу нарса ёш қиз учун ҳаддан зиёд енгилтаклик бўлмасмиди?

Она-бола яна бир-бирига қаради, орага қисқагина сукунат тушди. Кейин Нарима хоним қўлларимни ушлаб:
— Фарида хоним! Ҳарҳолда узил-кесил жавобингиз шу бўлмасин, чунки Эҳсонбей жуда қаттиқ хафа бўлади.
— Яна қайтариб айтаман: Эҳсонбей жуда чиройли йигит, хоҳлаганини ололади.
— Шундай-ку, лекин у сизни хоҳлайди. Боя ўртоқлари билан гаров ўйнаганини айтдик. Ҳеч жаҳонда шундай ҳам қиладиларми, гўзалим? Бола бечора ўн кундан бери ўт ичида: «Ўлсам ўламанки, ундан қайтмайман, албатта оламан!» — дейди.

Нарима хоним бу гапни ҳали кўп чўзишини, мени кўндириш учун анча ҳаракат қилишини сезиб, бунинг иложи йўқлигини юмшоқ сўзлар билан қатъий қилиб тушунтирдим. Кейин кетишга ижозат сўрадим.

Нарима хоним қаттиқ хафа бўлди. Тарвузи қўлтиғидан тушиб, онасига:
— Ойижон, Эҳсонга ўзингиз айтинг, менинг оғзим бормайди. Фарида хоним рад этар, деб ўйламаган эдим. Энди жуда қаттиқ хафа бўлади-да, — деди.

Оҳ, бу эркаклар-а! Ҳаммаси ҳам худписанд, ҳаммасининг ҳам кибри ҳавоси баланд! Бизларнинг ҳам қалбларимиз борлигини, бизларнинг ҳам «албатта» хоҳлаган нарсаларимиз бўлиши мумкинлигини ҳеч эсларига келтиргилари келмайди.

* * *

Пошонинг араваси мени уйимга келтириб ташлаганда, Муниса қўшнимизникида экан. Ечинмасдан аввал ўзимни яна бир ойнакка солиб, томоша қилмоқчи бўлдим. Уй ичи олақоронғи эди. Деворга тушиб турган хира ой ёруғига ўхшаш ойнакда ўзимни зўрға-зўрға танир эдим. Билмайман, қандай нур ўйини бўлди: калта кўк кўйлагим кўзимга оппоқ кўриниб кетди. Этаклари узайиб, қоронғиликда чўзилиб ётган оқ ипакка ўхшарди.

Бирдан қўлларим билан юзимни тўсдим. Xудди шу пайт Муниса уйга югуриб кирди-да:
— Опажоним! — деб қичқирди.

Ундан ёрдам сўраётгандай қўлларимни узатдим. «Муниса!» демоқчи эдим, лекин лабларимдан бошқа бир исм, мени нафратлантирган катта душманимнинг исми чиқиб кетди!

* * *
Ч..., 6 май.

Шу ҳафта совчилардан бошим чиқмади. Кечаги масхарабозликдан ўзимни ўнглаб олишга улгурмай, бугун яна бир комедиянинг қаҳрамони бўлдим. Фақат буниси кечагисидан минг қатла ёмон, аянчли комедия бўлди.

Воқеани ўзгартирмай ёзаман. Саҳна — бизнинг пастдаги меҳмонхонамиз. Бирдан Ҳожи Қурбон афандининг хотини кириб келди. Эгнида фақат тўйларгагина ёпиниб борадиган ҳашаматли чоршаф, бўйнида шода-шода тила маржон. Аҳволи ғалати, кўзлари йиғлаганга ўхшайди.

Гаплашишга бошлаймиз.

Мен:
— Назаримда, меҳмон чақириққа кетаётганга ўхшайсизми?

У:
— Йўқ, синглим, атайлаб сизнинг олдингизга кирдим.

Мен:
— Жуда ҳам ясанибсизми бугун? Мен учунми?

У:
— Ҳа, синглим, сиз учун.

Мен ҳазилдан ўзимни тиёлмай:
— Бўлмаса менга совчи бўлиб келибсиз-да?

У содда кўзларида соф ҳайрат билан:
— Қаердан билдингиз?

Мен саросима бўлиб қолдим.
— А?! Ростдан ҳам менга совчи бўлиб келдингизми?

У хўрсиниб:
— Ҳа, синглим.

Мен:
— Кимга?

У дунёдаги энг оддий нарса тўғрисида гапираётгандай:
— Менинг эримга.

Шу қадар содда хотиннинг ҳеч сир бермай ҳазил қилиши менга жуда хуш ёқди, қаҳқаҳа уриб кулиб юбордим. Лекин у кулмайди, аксинча, кўзларига ёш келади.

У:
— Айланай синглим, эрим сизни ёқтириб қолибди, сизни оламан, деб мени қўймоқчи. Ялиндим, ёлвордим: «Ҳечқиси йўқ, майли, у хонимни ҳам олинг, зинҳор мени қўйманг. Биз опа-сингилдай ўтирамиз. Мен сизларнинг овқатингизни пишириб бераман, хизматларингизни қиламан», — дедим. Айланай жигарим, менга раҳминг келсин!
— Қурбон афанди сизни қўйиб, мени олишига кўзи етадими?

У одамни дод дегизиб юборадиган бир соддалик билан:
— Ҳа, етади. «Эллик тилла беришга розиман», — дейди.

Мен:
— Бечора қўшним, кўнглингизни тўқ тутаверинг. Ҳеч маҳал унинг айтгани бўлмайди!

Бечора хотин дуо қилади.

Парда.

* * *
Ч..., 15 май.

Бугун кечқурун мактабда ўқишлар тугагандан сўнг мудира хоним мени кабинетига чақириб олди-да, қовоғини солиб туриб:
— Фарида хоним қизим, — деди, — сизнинг жиддият ва ғайратингиз менга жуда ёқади. Лекин битта камчилигингиз бор: ўзингизни ҳалигача Истамбулда деб биласиз. Гўзаллик бошга балодир, деган машҳур гап бор. Сиз ҳам гўзал, ҳам ёлғиз бўлганингиз учун ўзингизни дурустроқ сақлашингиз керак эди. Ҳолбуки, баъзи бир эҳтиёцизликларга йўл қўйгансиз. Xафа бўлманг, қизим! Жиноят деганим йўқ, эҳтиёцизлик деяпман. Xудога шукур, шаҳримиз ундақа хилват, қолоқ шаҳарлардан эмас. Xотинлар анча тузук, яхши кийиниб юра олишади. Муаллималаримиз ҳам шундай. Лекин бошқалар учун табиий бўлган бир нарса сизда одамларнинг диққатини жалб қилиб қўйди. Чунки, қизим, ёшлигингиз, ҳуснингиз учраган эркакларни қайрилиб қарашга мажбур қилади. Оқибатда шаҳарда ҳар хил фисқи фасодлар тарқала бошлади. Мен бу ерда ҳеч нарсани билмагандай ўтирсам ҳам лекин ҳамма гапдан хабардорман. Масалан, казармалардаги офицерлардан, қаҳвахоналардаги дўкондорлардан тортиб то идодия мактабидаги юқори синф талабаларигача сизни танимаган, сиздан гапирмаган одам йўқ эмиш. Бу тўғрида ким ҳақ, нима сабаб билан гап очганим масаласига келсак, бунинг ҳам иккита боиси бор, қизим. Аввало, яхши, одобли қиз бўлсангиз ҳам, лекин тажрибасизсиз. Биз одамларнинг яхши-ёмонини биладиган ёшга етиб қолганмиз. Шунинг учун сизга оналик, опалик қилиш бурчини уҳдамга олмоқчи бўлдим. Қолаверса, мактабимизнинг шаъни масаласи ҳам бор, шундай эмасми, қизим?

Мудира хоним юзимга қарамасдан иккиланиб давом қилди:
— Мактаб ҳам мачит сингари табаррук жой. Уни ғийбатлардан, туҳматлардан ва бошқа кир-доғлардан сақлаш бизнинг энг муҳим бурчимиздир. Шундай эмасми, қизим? Қуриб кетгур шу хунук гап-сўзлар, афсуски, мактаб шаънига ҳам тегяпти. Кечқурун қизларини, сингилларини олиб кетиш учун мактаб эшигига келувчи оталар, акаларнинг қанчалик кўпайиб кетганлигига разм солмадингизми? Эҳтимол, сиз бунга диққат ҳам қилмагандирсиз. Лекин мен яхши биламан. Улар қизларини ё сингилларини олиб кетишдан кўра кўпроқ сизни кўриш ниятида келадилар. Бир куни камбағал ўқувчи қизларимиздан бирининг сочини ўриб, учига кичкина лента боғлаб қўйибсиз. Билмайман, қаердан билди экан, бир эси паст лейтенант қизчага пул бериб, лентасини тортиб олибди! Ҳозир ўша лентани ора-сира кўкрагига тақиб олиб: «Энди мени генераллиссимус дейишларинг керак, чунки бу орденни Гулбашакардан олганман!» — деб ўртоқлари билан ҳазиллашиб юрармиш.

Кеча дарвозабон Меҳмет оға бир ғалати хабар айтди. Илгари куни кечаси қовоқхонадан келаётган бир тўда маст мактаб эшигининг олдида тўхтабди, шулардан бири: «Мен девордаги мана шу қоратошга Гулбашакарнинг қўли текканини кўрганман. Келинглар, худо ҳаққи, шу тошни авлиё тош деб кўзларимизга суртайлик!» — дебди. Кўриб турибсизки, қизим, бу нарсалар ўзингизнинг ҳам, мактабингизнинг ҳам шаънига ҳеч тўғри келмайди. Яна шуниси қизиқки, булар ҳам етмагандек, яна битта хунук иш қилгансиз: Абдураҳим пошонинг уйида капитан Эҳсонбек билан гаплашгансиз. Xоним афандининг таклифини қабул қилганингизда ҳам бошқа гап эди, биров буни оғизга олиб ўтирмасди. Лекин ёш йигит билан гаплашганингиз, кейин эса унга тегиш таклифини рад этганингиз гап-сўзга сабаб бўлди. «Шундай Эҳсонбейгаки унамабди, демак, у бошқани яхши кўради! Ажабо, ким экан у?» қабилида ҳар хил гаплар юрибди.

Бу сўзларни қимирламай, жавоб қилмай ўтириб эшитдим. Мудира хоним бошида менинг эътироз ва исёнимдан қўрққан бўлса, энди, аксинча, сукутимдан ваҳимага туша бошлади. Ниҳоят, юраги дов урмай сўради:
— Буларга нима дейсиз, Фарида хоним?

Секин хўрсиниб, ўйга чўмиб туриб жавоб қилдим:
— Сўзларингизнинг ҳаммаси тўғри, мудира хоним. Ўзим ҳам зимдан сезиб юрардим. Бу шинам шаҳарни ташлаб кетишга кўзим қиймайди, лекин начора? Министрликка хат ёзсангиз. Бирон сабаб кўрсатиб, мени бошқа ерга кўчиришларини илтимос қилсангиз. Бу масалада менга қиладиган энг катта одамгарчилигингиз ва раҳму шафқатингиз шу бўлади. Xатда асл сабабни кўрсатмай, бошқа баҳоналар келтирасиз. Майли «тажрибасиз» денг, «қўлидан иш келмайди» денг, «жоҳил» денг, «осий» денг, нима десангиз денг, мудира хоним, сиздан хафа бўлмайман. Ишқилиб, шаҳарда гап-сўз бўлгани учун хоҳламайман, демасангиз бўлди.

Мудира хоним чурқ этмай ўйлар эди. Кўзларимга чиққан ёшларни кўрсатмаслик учун дераза томонга ўгирилиб олдим. Уфқда, кечки кўкиш осмон тагида паға-паға тутунларга ўхшаган тоғларни томоша қила бошладим.

Чолиқушининг димоғига ана шу тоғлардан янги ғурбат бўйлари кирарди. Ғурбат бўйлари! Ғурбат бўйини бутун қалби билан ҳидламаганлар учун нақадар маъносиз сўз бу! Xаёлимда яна ўша таниш йўллар, ҳамон торайиб, ҳузун тўлиб борган, охири кўринмаган ғурбат йўллари чўзилиб ётар, қулоқларимда ўткинчи араваларнинг ёниқ овоз билан ғижирлаган йиғилари эшитиларди.

Қачонгача, ё раббий, қачонгача ғурбат заҳрини ютаман? Нима учун? Қайси муродимга етиш учун?

* * *
Ч..., 5 июн.

Қушларимнинг оҳи тутди. Шу узун каникул ойларида қушларим сингари уйимда қамалиб ўтирдим. Мудира хоним сентябрдан аввал бошқа ерга кўчирилишимнинг иложи йўқлигини айтди. Ҳозир ўзимни одамларнинг эсларидан чиқаришга киришиб, кўча-кўйда қадам босмайман. Қўшниларим ҳам мени илгаригидай йўқлашмайди. Эҳтимол, гап-сўзлардан ҳайиқишар. Фақат холамга ўхшаган битта қари хотин билан гаплашиб тураман. Овози холамникига шунақаям ўхшайдики, кеча уялиб-тортиниб туриб ундан бир нарсани илтимос қилдим.
— Айланай хоним афанди, мени «хўжоним» демай, тўғридан-тўғри Фарида десангиз қалай бўларкин-а? — дедим.

Қўшним бир оз шошиб қолди, лекин гапимни қайтармади. У сўзлаб турганда кўзларимни юмиб оламан, шунда ўзимни яна Қўзётоғидаги боғимизда кўра бошлайман!..

Ё раббий, қандай ярашмаган нарсаларни сўзлайман-а! Балки менда ҳам асаб касали бошлангандир? Ҳарҳолда, юрагимда бир қарорсизлик бор... Яна бир маҳаллардагидай куламан, яна Муниса билан ҳаммол болалар сингари курашамиз, бўғишамиз. Яна қушлар билан ўйнашиб ҳуштак чаламиз. Шундай бўлса ҳам на бесаранжомлиги қалбимни тарк этади ва на қайғум! Ичимга чироқ ёқса ҳам ёришмайди...

Кечаси кемада Ч...га келаётганимизда уйқум қочиб кетган эди. Аллақандай бир йўловчи қоронғи денгизга қараб олиб, мунгли бир товуш билан «Сендадир овора кўнглим, сендадир!» деб ашула айтарди.

Бу ашула ўша соати эсимдан ҳам чиқиб кетган эди. Орадан ойлар ўтди. Лекин боғчамиздаги эртанги гуллар очила бошлаган апрел кунларининг бирида, ҳеч нимадан-ҳеч нима йўқ, ана шу ашулани хиргойи қила бошладим. Инсон қалби нақадар тушуниб бўлмайдиган бир муаммо! Атиги бир мартагина эшитган шу ашуланинг оҳангини, сўзларини қандай қилиб эсда олиб қолибман? Мана энди, нима билан машғул бўлмайин: қушларга сув бераманми, деразамдан кўриниб турган денгизни томоша қиламанми, ишқилиб, ҳаммавақт шу ашулани минғиллаб айтганим-айтган. Кеча кечқурун шу ашуланинг «Сендадир овора кўнглим, сендадир!» дейилган сўнгги мисрасини такрорлаб туриб бирдан йиғлаб юбордим. Бунга ҳеч сабаб йўқ эди, чунки ашуланинг на сўзларида ғам бор эди ва на оҳангида. Айтдим-ку, асаб!

Энди ҳеч маҳал бу ашулани айтмайман!

* * *
Ч..., 20 июн.

Мактабда Назмия деган бир дугонам бор. Йигирма тўрт-йигирма беш ёшларда, чиройли, хушчақчақ, ҳазилкаш бир қиз. Тили ниҳоятда ширин. Ҳар оқшом бирон ерга таклиф қилинади. Муаллималаримиз уни унча ёқтиришмайди. Ўзим ҳам унинг тўғрисида анча-мунча паст-баланд гаплар эшитаман. Қайдам, балки чиройли кийингани учун ёқтиришмас, кўзлари куяр?

Назмияни бир капитанга унашиб қўйишган дейишади. Жуда яхши йигит эмиш. Лекин йигитнинг ота-онаси ҳозир никоҳларига розилик бермаётганлари учун яшириқча учрашиб туришар экан. Назмия буни менга сир деб айтди, бировга оғзингдан чиқарма, деб илтимос этди.

Кеча уйда зерикканимдан тарс ёрилиб кетай деб ўтирганимда Назмия келиб қолди.
— Фарида хоним, сизни олиб кетгани келдим, — деди. — Бугун Фаридуннинг холаси чақирган эди. Сув бошидаги боғларида зиёфат беришар экан. Сизни танимаса ҳам салом айтди, мени, албатта, олиб келасан деб юборди.
— Қандай бўлади? Билмаган еримга қандай бораман? — дедим.

Назмия кўзларида ўпка билан қаради-да:
— Унашган кишимнинг холаси нима учун сенга бегона бўлар экан? — деди. — Мен Фаридунни сен билан таништириб қўймоқчи эдим: дидимга қойил қоласан деб ўйлайман. Сен бормасанг, ўлай агар, мен ҳам бормайман.

Мен бормаслик учун талай баҳоналар кўрсатдим. Аммо ҳаммасини Назмия рад этди, тан бериш керак, баҳоналаримнинг ҳаммаси ҳам асоссиз, болалар баҳонасидай содда эди. Бунинг устига, юқорида айтдим, Назмия жуда шайтон қиз, одамнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқади.

У шунча ялинди, шунча ёлвордики, охири, илож тополмай, хўп дедим.

Хўп дейишга дедим-у, лекин бир нарса мени хижил қилиб қўйди. Мунисани кийинтирмоқчи бўлувдим, Назмия қошларини чимириб:
— Кичкинани ҳам олиб бормоқчимисан? — деди.
— Албатта! Бўлмаса уни қандай қилиб уйда ёлғиз қолдириб кетаман? Ё халақит берадими?
— Йўғ-е, нега халақит берсин? Борса яна яхши. Гоҳи маҳаллар уйга ташлаб кетардинг-да...
— Тўғри, лекин шу маҳалгача бирон ерга ётиб қолгани борган эмасман.

Мен энди ҳеч нарса кўрмаган қиз эмасдим. Шу икки йил ичида бошимга не-не савдолар тушмади, не-не нарсаларни кўрмадим, эшитмадим. Нима бўлди, қандай жин мени чалдики, ўшанда Назмиянинг сўзлари менда шубҳа уйғотмади! Шунисига ҳеч тушуна олмайман. Балки зерикиш, тоза ҳавога интилиш иштиёқи тўғри йўлдан оздиргандир?

Кичкина извош бизни сойнинг ул юзига олиб ўтдида, боғлар орасида, дарахтлар соясида кўмилган тор йўл билан олиб кетди. Ярим ё чоракам бир соатчалардан кейин бир боққа келиб тушдик. Бу ерлар ниҳоятда хилват, ниҳоятда чиройли жойлар эди. Йўлда қўй подасини учратдик. Бир қари чўпон дала қудуғидан сув тортиб, тош тоғорада қўйларни суғоряпти. Ингичка мўгизчалари билан тоғора бошида бир-бирларини сузишган улоқлар Муниса иккаламизнинг эсимизга Мазлумни тушириб юборди. Извошдан ирғиб тушдигу, улоқлардан бирини ушлаб, узун қулоқларидан, сув томчилаган кичкина тумшуқчасидан ўпдик. Бир кўнглим чўпондан биттасини сотиб олай ҳам дедим. Лекин нима қиламиз? Ахир яқинда яна ташлаб кетишга мажбур бўламиз. Ўз ғамимиз бошимиздан ошиб-тошиб ётгани устига яна бир ғамга нима ҳожат?

Биз тушган боғ биноси учи-кетини кўз илғаёлмайдиган поёнсиз узумзор ўртасида эди. Атрофи кўм-кўк дарахтлар билан ўраб олинган.

Фаридунбейнинг холаси ёши қайтган семиз хотин экан. Кийган кийимлари, ўзига берган ороси, тўғрисини айцам, менга манзур бўлмади. Қари хотинга бунчалик зебу зийнат ярашмайди. Сочлари сариққа бўялган, чаккаларида зулф, бетларида элик, қисқаси, таажжуб нарса!

Бу хотин бизни иккинчи қаватга бошлаб чиқиб, бошимдан чоршафимни олди. Кейин худди ҳидлаётгандай қилиб, ҳаддан зиёд бир такаллуфсизлик билан бетларимдан ўпди-да:
— Қадр қилиб келганингга хурсанд бўлдим, олмос қизим! Гулбашакар деганларича бор экансан, гиргиттон! Чиндан ҳам одамнинг еб юборгиси келади. Куйиб-ёнганларича бор экан, тасаддуқ, — деди.

Жуда ёмон қизариб кетдим. Лекин сездирмаслик керак эди. Бу хотин нима деяётганини ўзи ҳам билмайдиган баъзи нодонларга ўхшайди.

Муниса иккаламизни уйда ёлғиз қолдиришиб, узоқ йўқ бўлиб кетишди. Қуёш ботди. Кечқурунги пушти ёғду чорбоғни ўраб олган яшилликлар орасида секин-секин йўқолиб борди. Ичимдаги ваҳмни тарқатиш учун Муниса билан ҳазиллашардим. Лекин қани энди тарқалса! Юрагимни ваҳм қурти кемирар, ичимни чироқ ёқса ёримайдиган қоронғилик босиб борарди.

Боғдан эркаклар, хотинлар овози, қаҳқаҳалари, шўхликлари, бузуқ ғижжакнинг созланаётгани эшитиларди.

Деразадан бошимни чиқариб қарадим, лекин қалин япроқлар орасидан ҳеч нимани кўриб бўлмасди.

Ниҳоят, зинапоядан оёқ дупури эшитилди. Бир оздан кейин эшик очилиб, қўлида каттакон чироқ билан уй бекаси кириб келди.
— Оппоқ қизим, сени жўрттага қоронғида куттириб қўйдим. Кун ботаётганда боғ шундай чиройли бўладики, ҳуснига ҳеч тўймайди киши.

Кампир чироқнинг пилигини тузата туриб, ойдин кечаларда бу боғ жаннат бўлиб кетишини айта бошлаганда Назмия кирди. Эшик ташқарисида ҳарбий формалик иккита офицернинг узун қораси кўринди. Бошим очиқ эди, дарров ўзимни олиб қочиб, қўлларим билан сочларимни ёпмоқчи бўлдим.

Назмия кулиб юборди.
— Жонгинам, мунча ҳам қишлоқи бўлмасанг! Ҳарҳолда, менинг нишонлимдан[2] қочмассан дейман? Қўлингни тушир, вой худо, уят эмасми? — деди.

Тўғри айтади, қочишга унчалик сабаб ҳам йўқ эди.

Офицерлар тортинишиб, иккиланишиб ичкари киришди. Назмия улардан бирини таништирди:
— Фаридунбей, нишонлим. Фарида хоним, дугонам. Толеимга, иккала яхши кўрган кишиларимнинг ҳам исмлари бир-бирига яқин тушди.

Ёш офицер бу латифага оғзини катта очиб кулди. Ҳали-ҳали эсимда, кичиклигимда катта бувим ғалати гугурт қутилар сотиб оларди. Шуларнинг устида мўйловлари буралган, елкалари чиққан, жингалак сочларининг бир тутами кўзларига тушиб турган ярмарка олифтасининг сурати бўларди. Фаридунбей ҳам ана ўша гугурт қутиларининг биридан сакраб тушгандай эди. Қўлимни такаллуфсизлик билан дағал қўлига олиб қисди, силкитиб туриб:
— Xоним афандим, ташаккур, бизни ниҳоятда миннатдор қилдингиз, кечамизга шараф бердингиз, саломат бўлинг, — деди.

Кейин орқасида турган офицерни таништирди.
— Ижозат берсангиз, қулингиз ҳам ўзининг жона-жон дўстини таништирса: валиулнеъматим маёр Бурҳониддинбей. Дўстимиз маёр, лекин биз билган оддий маёрлардан эмас, машҳур Сўлоқзодаларнинг кичик авлоди...

Сўлоқзодаларнинг бу кичик авлоди аллақачон қирқ бешларни уриб қўйган эди. Сочлари билан мўйловларига оқ аралашган. Кибор оиладан эканлиги ҳаммаёғидан кўриниб турарди. Кийиниши, туриши, сўзлаши Фаридундан бутунлай бошқача эди. Қиёфаси, оппоқ сочлари ўртоғи менда қолдирган қўрқув аралаш ёмон таассуротни тарқатди. Кўнглим энди бир оз тинчигандай бўлди.

Бурҳониддинбейнинг гаплари равон, жонли эди. У бошини нозиккина эгиб, узоқдан салом берди. Кейин қаддини хиёл букиб:
— Бурҳониддин бандангиз, — деди. — Афандим, марҳум падари бузрукворимиз ҳамма мулклари ичида шу боғини кўпроқ яхши кўрардилар. «Бу ер жуда хосиятли. Мен қанча бахт топган бўлсам, ҳаммасини шу ерда топганман», деярдилар. Жанобларининг ташрифи олияларини кўриб, падари бузрукворимизнинг сўзларини бир каромат деб билдим.

Бурҳониддинбейнинг бу сўзларини хушомад деб тушуниш керакдир. Лекин унинг бу боққа қанақа алоқаси бор?

Мен ажабланиб Назмияга қарадим, ундан изоҳ кутардим. Лекин у менга қарамас, кўзларини ердан кўтармас эди. Шу дамгача мен боғнинг эгаси деб билган хотин Мунисани қўлидан етаклаб олиб чиқиб кетди.

Шу ерда ярим соатдан ортиқроқ валақлашиб ўтирдик. Тўғрироғи, уларнинг ўзлари валақлашди. Чунки менда гапириш у ёқда турсин, гапни эшитишга ҳам мажол қолмаган эди. Қўрқув омбур сингари қалбимни қисар, нафасимни бўғар, миямни карахт қилиб борарди. Ҳеч нарса тушунмас, ҳеч нарса сезмас, инида ҳужумга учраган жонивор боласининг идроксиз қўрқуви билан бурчакка тиқилиб, шумшайиб ўтирардим.

Пастда биров ғижжак чала бошлади, кейин ғазал ўқилди. Сўнгра йўғон ва ингичка овозлар аралашиб бир неча ашула айтди.

Назмия билан нишонлиси диванда ёнма-ён ўтиришар, секин-секин сурилишиб бир-бирининг қўйнига кириб боришарди. Уларга орқамни ўгириб олдим. Нақадар ҳаёсиз одамлар-а! Киноларда кўрсатиладиган пасткаш ишқ саҳналаридан бирини иккита бегона олдида сира уялмий, заррача тортинмай ўйнашса-я!.. Ҳа, булар жуда ёмон, ҳаёсиз одамлар!

Семиз хотин столга бир неча шиша, овқат тузалган патнис келтириб қўйди. Бурҳониддинбей қўлларини чўнтакларига солиб олиб, у ёқ-бу ёққа юрар, ора-сира бизга орқасини қилиб стол олдида тўхтар эди. Шу юришларнинг бирида маёр олдимда тўхтаганини, секингина эгилганини кўрдим.
— Лутфан қабул қилмайдиларми, кичик хоним? — деди.

Мен ҳайрат билан кўзларимни кўтардим. Қўлидаги кичкина қадаҳда ёқут сингари қип-қизил ичимлик порлади. Бошимни чайқаб рад этдим. Кейин паст овоз билан:
— Xоҳламайман, — дедим.

У яна ҳам кўпроқ эгилди, иссиқ нафаси юзимга урилди.
— Зарар қилмайди, кичик хоним. Дунёнинг энг нозик, энг хушҳазм ликёри. Шундай эмасми, Назмия хоним?

Назмия бошини чайқади.
— Мажбур қилманг, Бурҳониддинбей. Фарида бу ерда ўз уйида ўтиргандай ўтираверсин. Кўнгли хоҳлаганини қилсин.

Бурҳониддинбейнинг оқара бошлаган сочлари, мўмин ва кибор чеҳраси шу дамгача менга мубҳам бир ишонч бериб келган эди. Энди ундан ҳам қўрқа бошладим. Ё оллоҳ, бошимга яна қандай балолар тушди? Қаерга келиб қолдим? Энди қандай қутуламан?

Уйдаги чироқлар секин-секин ўча борди. Кўзларимга чўккан бу қоронғилик ичида майда учқунчалар учишади, мусиқа садоси қулоқларимга узоқ-узоқлардаги денгиз ўкиригидек эшитилади.
— Оппоқ қизим, овқат маҳали келди, пастда бир неча меҳмонимиз бор, сизни кутиб ўтиришибди.

Бу сўзларни ўша семиз хотин келиб айтди. Мен ҳушимга келгандай бўлдим.
— Раҳмат. Тобим қочиброқ турибди, мени қўя қолинг, — дедим.

Назмия туриб ёнимга келди.
— Фаридагинам, худо ҳаққи, ёт кишилар йўқ. Фаридун билан Бурҳониддинбейнинг бир-иккита ошнаси, кейин улардан баъзиларининг нишонлилари, хотинлари, ҳа, хотинлари, холос. Чиқмасанг айб бўлар, ахир улар сени деб келишган.

Билакларимни Назмиянинг қўлидан чиқаришга тиришар, курсининг суянчиқларига тирмашиб, ўзимни бурчакка урардим. Сўз оғзимга келмас эди. Тишларимни маҳкам сиқиб олмасам, бир-бирига урилиб такирлай бошларди.

Бурҳониддинбей:
— Бизнинг бурчимиз меҳмон нима буюрса, нима хоҳласа шуни қилишдир. Сиз меҳмонларнинг ёнига тушинг, Фарида хоним пича бетоб бўлиб қолдилар деб айтинг, Менгноз хоним, бизнинг овқатимизни шу ерга келтиринг. Меҳмонимни ёлғиз қолдирмасликни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Мен бу гапни эшитиб, жинни бўлиб қолаёздим. Уйда Бурҳониддинбей билан ёлғиз қолай? У билан ўтириб овқат қилай!

Нима қилаётганимни билмасдан, бунинг маъносига ҳам бормасдан сакраб курсидан турдим-у, жонимнинг борича:
— Жуда соз, хоҳлаганларингиз бўлсин! — деб қичқирдим.

Назмия нишонлиси билан олдинда борди. Бурҳониддинбей эса мендан бир одим орқада келди.

Қоронғи ташқарининг этагида битта эшик очилди. Ўткир ёруғ кўзларимни бирдан қамаштирди. Шифтдан тўкилиб турган кучли ёруғда гандираклаб бир неча одим юрдим. Деворларда ойнаклар пориллар, булар меҳмонхонани ҳадсиз-ҳисобсиз узайтириб кўрсатарди. Қандиллар эса қоронғида чопиб кетаётган машъаллар сингари узоқ-узоқларга кетарди.

Нима бўлди менга? Xудди тушдаги сингари жуда кўп кўзларни, эркак ва аёлларнинг хира, булғанч юзларини кўряпман. Кейин бирдан даҳшатли қарсаклар янгради. Овозлар мусиқа садоларини босиб гувиллар, кучаяр, тоғ шамолидай узоқ-узоқларга гулдираб кетарди.
— Яшасин Бурҳониддинбей! Яшасин Гулбашакар! Яшасин Гулбашакар! Гулбашакар!..

* * *

Кўзларимни очиб, ўзимни Мунисанинг қўлларида кўрдим. Кичкинам: «Опажоним! Опажоним!» деб йиғлар, юзини юзимга босиб, ҳўл сочларимни, атир ачиштирган кўзларимни ўпарди. Уст-бошим жиққа ҳўл эди. Олақоронғи хонада жуда кўп кўзлар менга тикилиб турганини ҳис этардим. Биринчи қилган ҳаракатим очиқ бўйнимни қўлларим билан ёпиш бўлди.

Нотаниш бир товуш:
— Ташқарига чиқинг, илтимос қиламан, ташқарига чиқинг! — деб бақирарди.

Хиёл тўлғаниб ўрнимдан турмоқчи бўлдим, лекин бир қўл елкамдан ушлади.
— Қўрқма, қизим, қўрқма, ҳеч нима бўлгани йўқ,— деди.

Киприкларимни хиёл очиб, бу сўзни сўйлаган кишининг юзига қарадим. У ҳамиша мундирининг олди очиқ юрадиган семиз қўлоғаси эди. У ҳам менга қаради, ке- йин ёнидаги кишига ўгирилиб:
— Бечора, чиндан ҳам ёш бола экан, — деди.

Назмия ёнимда чўккалаб олиб, панжаларимни уқалар:
— Фаридагинам, ҳушингга келдингми? Бизни бирам қўрқитиб юбордингки! — деярди.

Юзини кўрмаслик учун бошимни тескари ўгириб, кўзларимни юмиб олдим.

Кейин билсам, ҳушимдан кетибман-у, чорак соатча ўзимга келмабман. Атир сепишибди, жун ёқиб ҳидлатишибди, ҳеч бир нарса кор қилмабди. Ахири умидларини узиб, шаҳардан доктор келтиргани арава ҳам тайёрлаб қўйишибди.

Ўзимга келганимдан кейин мени ўша аравада шаҳарга жўнатишларини илтимос қилдим. Йўқ дейишса, кечаси бўлганига қарамай, яёв жўнашдан ҳам тоймаслигимни айтдим. Чор-ночор рози бўлишди. Семиз қўлоғаси палтосини кийиб, аравакашнинг ёнига чиқиб олди.

Жўнаш пайтимизда Бурҳониддинбей ўнғайсизланиб ёнимга келди-да, юзимга қарашга юраги бетламай:
— Фарида хоним, сиз бизни жуда хато тушундингиз, — деди. — Ишонинг: ҳеч кимнинг сизга нисбатан ёмон нияти йўқ эди. Шунчаки сизни меҳмон қилиш, боғ сайлида яйратиш истагида эдик. Истамбулда тарбия олган, сўнгра, масалан, бир неча кун аввал ўртоқларимизнинг бири билан ҳамсуҳбат бўлишдан тортинмаган кичик хонимнинг бу қадар ёввойи табиати борлигини қаердан билибмиз? Яна қайтариб айтаман: сизга нисбатан ёмон ниятимиз йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, хафа бўлганингиз учун сиздан узр сўрайман.

* * *

Арава боғлар орасидан тор йўллар зулматига шўнғиб кетди. Бир бурчакда совуқ егандек шумшайиб, кўзларимни юмиб бордим. Xаёлимда секин-секин бошқа кечанинг савдоси гавдалана борди. Қўзётоғидаги чорбоғдан бошимни олиб қоронғи йўлларга тушган кечам...

Хушбўй лох дарахтининг шохлари саябонли арава деразачасидан гоҳо ичкарига киради-да, юзимга, кўзларимга тегиб, ширин хаёлларимни қувади.

Бошини араванинг нариги деразачасига суяб ўтирган Мунисанинг чуқур-чуқур хўрсинганини эшитдим-у, паст товуш билан:
— Муниса, уйғондингми? — деб сўрадим.

Жавоб бермади, бошини яна баттар эгиб олди. Разм солсам, бечорам йиғлаяпти! Мисоли катта кишилардай, кўз ёшларини қоронғиликда яшириб йиғлаяпти.

Қўлларини ушлаб:
— Нима бўлди, қўзим? — деб сўрадим.

Мендан кўпроқ яшаган, мендан кўпроқ ақли бўлган киши изтироби билан бошимни қучоқлади, кейин қулоғимга яқин келиб:
— Опажоним, бирам йиғладим, бирам қўрқдимки!.. Сизни нима учун чақирганларини пайқадим, опагинам! Энди зинҳор ундай ерларга бормайлик! Xўпми? Сиз нима дейсиз? Xудо кўрсатмасин, онам сингари... унда менинг ҳолим нима бўлади, опажон?

Оҳ, қандай шармандалик, қандай тушкунлик, ё раббий! Разолатга тушган хотин сингари бу кичкина қиздан уялар, кўзларимни олиб қочардим. Кейин бошимни унинг кичкина тиззаларига қўйдим, то уйга етгунча, онасининг қучоғида йиғлаган бола сингари, пиқ-пиқ йиғлаб бордим.

* * *

Мудира хонимнинг уйига борганимда, кун энди чиққан эди. Боёқиш кампир шу қадар барвақт келганимни, кўзларимнинг йиғидан қизарганини, рангимнинг сарғайиб кетганини кўриб шошиб қолди.
— Тинчликдир, иншооллоҳ, Фарида хоним! Нима бўлди, қизим? Сени ҳеч маҳал бу кепатада кўрмаган эдим... Тобинг жойидами?

Бу хотиннинг оғирлиги, жиддий ва шиддатли чеҳраси қалбимни очишга йўл қўймай, мени ҳамиша қўрқитиб келарди. Лекин шу топда, шу бегона юртда дардимни очишга ундан бошқа кишим йўқ эди. Иннайкейин, вазифам, хизмат бурчим ҳам мени шунга мажбур қиларди.

Кеча кечаси бўлиб ўтган воқеани уялиб-қизариб, дағ-дағ титраб туриб айтиб бердим. Бирон нуқтасини яшириб қолмадим. Кампир сўз қотмасдан, қошларини чимириб ўтираб эшитди. Ҳикоямнинг охирида қаддимни букдим, қўлларимни чўздим, тасалли тилаётгандай кўзларига термилиб:
— Мудира хоним, — дедим, — сиз мендан каттасиз, кўпроқ нарса биласиз. Xудо ҳаққи, тўғрисини айтинг. Наҳотки мен энди ёмон хотин деб саналсам?

Бу савол мудирада қаттиқ ҳаяжон ва алам уйғотди: иягимдан ушлаб юзимни кўтарди, кўзларимга яқин келиб тикилди, лекин ҳар вақтдагидай мудира кўзи билан, ёт-бегона кўзи билан эмас, йўқ, севгувчи кўзи билан, меҳрибон она кўзи билан тикилди. Кейин иягимни силади, тиззасида турган қўлимни суйиб сийпади, титроқ товуш билан секин-секин гап бошлади:
— Фарида, сенинг бу қадар масъум, ҳалол қиз эканингни шу кунчага ақлимга ҳам келтирмаган эдим. Яхши муомалага, катта севгига сазовор қиз экансан. Бечорагинам... Эҳ, у Назмия-я! Қизим, мен анчагина нарсани биламан. Ҳамма нарсани фаҳмлайман. Лекин дунё шунақа дунёки, билган нарсаларингнинг кўпгинасини яширишга мажбурсан. Назмия кўп ёмон хотин. Мактабни у келтираётган иснодлардан қутқазиш учун кўп ҳаракат қилдим, катталарга ялиниб-ёлвордим. Бўлмади, ҳаракатларим зое кетди. Уни жойидан қимирлатиб бўлмайди. Чунки шаҳар баладия бошлиғидан, гарнизон бошлиғидан тортиб баталон имомигача ҳадди-ҳисобсиз ҳомийлари бор. Назмия бу ердан кеца, кибор хонимларга ким лаганбардорлик қилади? Катта амалдорлар яшириқча қурадиган айшу ишрат кечаларида ким уд чалади, ким ўйнаб беради? Бурҳониддинбей сингари пасткаш махлуқлар сендай масъум, соф, покиза, гўзал қизларни қандай қилиб қўлга туширади? Фарида, уларнинг сенга қўйган тузоқларини жуда яхши тушунаман. Ана ўша Бурҳониддинбей отасидан қолган бутун молу мулкини бахти қора хотинларни расво қилиш, кўп оилаларнинг ёстиғини қуритиш учун совуриб келаётган қари маишатпарастдир. Ҳусни, чиройи бутун Ч... аҳолисининг оғзидан тушмай келаётган ёшгина қизни қўлга тушириш унинг учун иззат-нафс масаласи бўлиши керак! Ёш офицерлар кўчаларда қиличларини шиқирлатиб йўлига кўз тутган, чоршаф остидаги юзини бир кўришни ўзлари учун ғалаба деб билган ёш қизни айшу ишрат оламига қўлтиқлаб кириш, ўзи сингари шаҳватпарастларни «Яшасин Бурҳониддинбей!» деб қичқиртириш — унинг учун шараф ҳисобланади.

Иннайкейин, Эҳсонбей билан гаплашганинг ҳам қулоғига етган. Пайқаяпсанми, қизим? Ана шундан ке- йин Назмияни ўртага солишган. Ким билади, унга нима ваъда қилишган экан? Оқибат, бошингга шу ўйинни солишган. Шунчалик осон қутулганингга шукур қил, қизим! Энди, қизим, шаҳарда қолишинг тўғри келмайди. Бу гап икки-уч кун ичида бутун шаҳарга тарқалади. Биринчи кема билан тезда жўнаб кетишинг керак. Борадиган еринг, қариндош-уруғларинг, таниш-билишларинг борми?
— Мудира хоним, менинг ҳеч кимим йўқ.
— Ундай бўлса, Измирга бор. У ерда менинг иккита танишим бор. Бири — муаллима, иккинчиси — маориф бўлимининг саркотиби. Мен хат ёзиб бераман. Қўлидан келган ёрдамини аямас, бирон ердан дарс топиб берар, деб умид қиламан.

Унинг меҳрибонлиги юрагимни илитди. Ёмғирда, қорда ўлишдан қутқазилган мушук боласи сингари мудира хонимга суқилар, сочларимни силаётган қўлларига қўрқа-писа бетларимни суртар, кейин у қўлларини ағдариб, кафтларидан ўпардим.

Кампир чуқургина хўрсиниб олгандан кейин сўзини яна давом эттирди:
— Шу аҳволда уйингга қайтишинг тўғри бўлмайди, Фарида. Юр, қизим, сени юқорига олиб чиқиб ётқизай, пича ухлаб ол. Ул-булларинг билан Мунисани ўзим бориб олиб келаман. Кетгунингча меникида турасан.

Мудиранинг юқори қаватдаги хонасида кечгача гоҳ уйғониб, гоҳ ухлаб ётдим. Кўзларимни очгудай бўлсам, бечора ёнимга югуриб келади-да, қўлини пешонамга қўяди, Ч... қизлари сингари қўшкокил қилиб ўриб олган сочларимни силайди.
— Тобинг қочдими, Фарида? Бирон еринг оғрияптими, қизим? — деб сўрайди.

Ҳеч ерим оғримас, соппа-соғ эдим. Фақат беҳол бўлиб бошимни ёстиққа ташлар, кичкина боладай ноз қилиб ётардим. Менга шундай туюлардики, у мени қанча кўп ўпса, силаб-сийпаса, янги топган онам меҳрининг қалбимда яна ҳам кўпроқ ҳарорати қолади ва келажакда бошимга тушадиган ёлғизлик, бетоблик кунларида, ҳадя дастрўмолларда қолган ҳид сингари, менга тасалли бўлади.

* * *
«Ма-ли-каи Ма-рия» ке-ма-си, 2 июл.

Шамолдан сақланиш учун палтомни кийиб, ой ботгунча тепада ўтирдим. Палубада ҳеч ким йўқ эди. Фақат кечқурундан бери вазиятини ўзгартирмаган бир новча йўловчи тирсакларини палубанинг темир панжасига қўйиб олиб, шамолда ҳуштак билан мунгли куйлар чаларди.

Мен денгизни биламан, уни яхши кўраман; менга ўзининг ички ҳаёти билан яшовчи жонли нарсадай кўринади: ҳар доим кулади, сўйлайди, инграйди, қаҳрланади. Лекин шу кеча у сув саҳроси қудрати, тасаллиси бўлмаган поёнсиз ёлғизликка ўхшаб кўринди.

Кечанинг рутубати суяк-суягимдан ўтиб кетгандай дағ-дағ титраб пастга тушдим. Муниса каютада ухлаб ётарди. Ана шу поёнсиз ёлғизликнинг қалби ураётгандай денгиз тубидан келаётган шов-шувларга қулоқ солиб ўтириб хотираларимни ёзар эдим.

* * *

Бугун мудира хоним мени лимангача узатиб келди. Танишларимнинг ҳеч бири билн хайрлашмадим. Фақат холамга ўхшаган кампирникига кирдим, кўзларимни юмдим-у сўнгги марта «Фарида» деб отимни айтганини эшитдим.

Б...да Мазлумни қолдирган бўлсак, бу ерда қушларни ташлаб кетишга тўғри келди. Уларни мудира хонимга топширдим, овқатидан, сувидан хабар олиб туришини илтимос қилдим. Лекин мудира хоним:
— Фарида, агар уларни шунчалик яхши кўрсанг, кел, ўз қўлинг билан озод қил, савоб бўлади, — деди.

Ичим тўла мунг билан кулимсирадим.
— Йўқ, мудира хоним, — дедим, — бурунлари мен ҳам сиз сингари шундай ўйлардим. Лекин энди фикрим ўзгарди. Қушлар нима хоҳлаганликларини ўзлари ҳам билмайдиган гуноҳсиз, ақлсиз жониворлар. Қафасдан қочгунча ўзларини уриб, потирлашади. Бироқ уларни ташқарида бахт кутиб турганига ишонасизми? Йўқ, асло ундай эмас! Менинг назаримда, бу шўрликлар ҳар нима бўлганда ҳам ўз қафасларига ўрганиб қолишади, очиқ ҳавога чиқишганларида-чи? Ў-ў, дарахт шохида, бошларини қанотлари ичига суқиб олиб ўтказган кечаларида то эрталабгача қафасларини қўмсайдилар, кичкина кўзчаларини ёруғ деразаларга тикиб ҳасрат чекадилар. Қушларни зўрлик билан қафасларига солиш керак, мудира хоним, зўрлик билан, зўрлик билан!..

Кўз ёшларим нафасимни бўғди, кампир бетларимни силаб:
— Фарида, жуда ғалати қизсан-да. Одам деган шунчаки нарсага ҳам йиғлайдими? — деди.

* * *

Кемада мен билан Ч... да чиққан бир қанча йўловчи бор эди. Шулар орасидаги иккита офицернинг суҳбати қулоғимга чалинди.

Ёши ўзидан каттасига деярди:
— Эҳсонбей тўрт кун аввал йўлга чиқиши керак эди. Бир неча кун кутгин, Байрутга бирга жўнаймиз, дедим. Менинг гапимга кирди-ю, қолди. Шундай қилиб, унинг бошига тушган балога мен сабабчи бўлдим. Агар тўрт кун илгари жўнаб кетган бўлса, бу савдоларга қолмас эди.

Ёши каттаси:
— Ҳақиқатан ҳам ачинадиган воқеа, — деди.
— Ҳайронман, Эҳсон шунақа тез эмасди-ку? Нима бўлди, воқеанинг тафсилотидан хабаринг борми?
— Мен ўз кўзим билан кўрдим-ку! Кеча баландия казиносида эдик. Бурҳониддинбей билярд ўйнаётган эди. Шу маҳал Эҳсон эшикдан кирди-ю, маёрни бир четга тортиб, алланималар дея бошлади. Олдин ҳовлиқишмасдан, паст овоз билан гаплашишди. Ўртада нима ўтганини билмайман. Бирданига Эҳсон пича орқасига чекинди-ю, Бурҳониддинбейга ўхшатиб шапалоқ туширди. Маёр тўппончасига қўл югуртирди. Лекин Эҳсон ундан олдинроқ тўппончасини чиқарди. Шу он бир неча киши бирданига устларига ташланмаса, қон тўкилиши турган гап эди. Эртага ҳарбий трибунал Эҳсон масаласини кўради. Бизлардан биронтамиз шу ишни қилганимиздами, ҳолимизга маймунлар йиғларди. Чамамда, Эҳсон пошонинг бир нимаси бўлса керак.
— Xотинининг жияни, эмизиб катта қилган ўғли.
— Ундай бўлса, кичкина жазо билан қутулиб кетади. Аммо-лекин Бурҳоннинг бетига тушириб хўп яхши қилибди. Ёмон қутуриб кетган эди муттаҳам.
— Дарвоқе, нимага жанжал қилишибди?
— Иккаласининг ҳам гапига қараганда, сиёсат талашиб жанжал қилишган эмиш. Шу армияни сиёсатдан ҳеч қутқазишмади, қутқазишмади-да!
— Xудо ҳаққи, менга қолса, бу ерда хотин жанжали бор. Бурҳонни билмайсанми?

Офицерлар ўзаро гаплашишиб ёнимдан ўтиб кетишди.

Кема жўнаш олдида бир чол қайиқчи каютамга келтириб берган гулдастанинг кимдан эканлигини энди пайқадим.

Эҳсонбей, ҳаётда сизни балки ҳеч маҳал учратмасман ёки учрацам ҳам сизни танимаганга солиб ўтиб кетарман. Лекин мени деб ҳарбий судга тушишдан тоймаган кунингизда мени яна эслаганингиз учун сизни бир умр унутмайман. Кимдан эканлигини айттирмай киргизган ва шу билан қалбингизнинг нозиклигини билдирган гулларингиздан битта япроқчасини дафтаримда, хотирингизни эса энг тоза, пок нарса каби қалбимда сақлайман!

Ташқарида бояги кимсасиз йўлчи мунгли куйларини ҳамон ҳуштак билан чалиб турарди. Каютамнинг очиқ деразасидан бошимни чиқардим. Денгиз устида ҳарир тонг пардаси кўринди. У худди сувдан кўтарилаётган буғни эслатарди.

Чолиқуши, ёт энди! Уйқусиз кеча ва ҳорғинлик бечора кўзларингни ачиштиряпти. Тонгдан нимани кутасан? Ахир тонг — узоқ-узоқларда уйқуга ва яна бошқа нарсаларга қонган сариқ гулларнинг бахтиёр кўзларини очадиган дам-ку!

Тўртинчи қисм

Из-мир, 20 сен-тябр.

Мана, уч ойдан бери Измирдаман. Ишларимнинг мазаси йўқ. Энди битта умидим қолди. Эртага у ҳам пучга чиқса, билмайман, нима қилар эканман. Буни ўйлашга юрагим бетламайди. Ч... даги мактаб мудирасининг тавсияномаси билан учрашишим лозим бўлган киши мен келмасдан бир ой аввал касал бўлиб, Истамбулга олти ой дам олгани кетибди. Чор-ночор ўзим маориф бўлимининг мудирига бордим. У ерда кимни кўрдим денг?.. Б... даги ўша мудраб ўтирадиган, аллаҳлаётганга ўхшаб гапирадиган баттолни кўрмайинми! Табиат қарашдан ҳам кўпроқ ухлаш учун яратган у мудроқ кўзлар мени ҳеч танимади.
— Уч-тўрт кундан кейин хабар олинг, бир нима қиламиз, — деди.

Уч-тўрт кун дегани — унинг тилида бир-икки ой дегани эди. Начора, шундай ҳам бўлди.

Бугун яна хабар олгани бордим. Мудир бу сафар қиттай илтифот кўрсатди. Ҳалим, масъум товуши билан ёрила бошлади:
— Қизим, бу ердан икки соатлик масофада битта бўлис мактаби бор. Об-ҳавоси яхши, манзараси ниҳоятда чиройли жой...

Бу нутқ мени Зайнилар қишлоғига юборилаётгандаги нутқнинг ўзгинаси эди. Бирдан жиннилигим тутди-ю, кулиб, сўзини оғзидан олдим:
— Ўзингизни уринтирманг, бей афанди, сизнинг ўрнингизга мен гапирай, — дедим. — Маориф бўлими кўп меҳнат ва маблағ сарф қилиб, мактабни бутунлай янгилади. Энди у мендай ёш муаллиманинг ҳиммат ва фидокорлигига муҳтож, шундайми? Мерси, бей афанди. Бу илтифотингизни бир марта Зайнилар қишлоғига кетаётганимда кўрган эдим.

Бу сўзларни айтиб турганимда, албатта, мудир мени қувиб чиқаради, деб ишонган эдим. Лекин қизиқ бўлди. Жаҳли чиқмади, аксинча, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Кейин файласуфнамо:
— Начора қизим? Вазифа бурчи. Сен бормасанг, у бормаса, ким боради, ахир, — деди.

Маориф бўлимининг идорасида иш билан келган одамлар ҳамиша тўлиб-тошиб ётади. Бурчакдаги курсидан бирдан хирқи товуш кўтарилди:
— Вой, бу яна қандай ёнғоқ қурти, а?

Ёнғоқ қурти? Ипак қурти, Гулбашакар деб-ку жонимни олишган эди, энди ёнғоқ қурти бўлишим қолган экан-да?

Мен чўрт ўгирилдим. Менга турли-туман исмлар, ўз майлларига қараб гоҳ «ширин», гоҳ «қурт» каби исмлар берган ҳаёсизлардан бирини тутиб олдим. Энди унинг таъзирини яхшилаб бермоқчи, бошқаларнинг аламини бундан чиқариб олмоқчи бўлиб турганимда, у сўзлашга имкон бермай, маориф бўлими мудири томонга ўгирилди-ю, буйруқ бераётгандай қилиб:
— Кичик хоним нимани хоҳласа бер, худо ҳаққи, хафа қилма қизалоқни, — деди. Мудир ғоят ҳурмат билан жавоб берди:
— Буйруқларини бажо келтиришга тайёрман, Рашидбей афанди. Лекин ҳозир ҳақиқатан ҳам бизда бўш ўрин йўқ. Фақат рушдиянинг французча муаллималиги ўрни бор, холос. Албатта, бу ўрин хонимга тўғри келмайди.
— Нега тўғри келмас экан, афандим? — дедим ўзимни тутолмай. — Ахир жориянгиз Б...даги хотин-қизлар билим юртида француз тилини ўқитган-ку!

Мудир шошиб қолди.
— Шунақа, лекин конкурс эълон қилганмиз. Эртага имтиҳон.

Рашидбей:
— Жуда соз! Кичик хоним ҳам конкурсга қатнашсин, хўпми? — деди. — Ўзим ҳам имтиҳонда бўламан, худо хоҳласа, мен келмасдан имтиҳон бошланмас...

Рашидбей, чамамда, катта одам бўлса керак. Лекин, вой худо-ей, мунчаям бадбуруш-а! Xунук башарасини кўриб, кулиб юбормаслик учун лабларимни маҳкам тишлаб турдим. Одам деган ё буғдойранг, ё оқ бўлади, шундай эмасми? Бу бей афандининг юзида янгигина битган яраларнинг заҳиллигидан тортиб кўмир қорасигача бўлган минг хил ранг бор эди. Терисининг туси шу қадар моғор эдики, ёқасининг кир бўлиб кетмаганига одам ҳайрон қолади. Бамисоли биров ҳазиллашиб қўлини қора куяга тиққан-у, кейин бунинг юзига келтириб суртган дейсиз. Ярага ўхшаш қип-қизил, киприксиз қовоқлари остида бир-бирига туташгудай бўлиб кетган бақа кўзлар. Оппоқ мўйловлари устидан лабларигача осилиб тушган ғалати бурун. Лунжларини бир томоша қиладиган. Xудди маймунлар оғизларига ёнғоқ тўлғазиб олганларидаги сингари лунжлари юзининг икки ёғидан осилиб тушган.

Аммо роса маҳоват қилиб юбордим. Ҳақиқатни айтганда, Рашидбек афандининг бир неча оғиз сўз билан менга қилган яхшилиги ҳазилакам нарса эмас. Ҳарҳолда, табиат бу бей афандининг юзини чизгандан сўнг жуда ҳаддидан ошиб кетганини кўрган-у, адолацизлигини ювиш учун унга ажойиб қалб берган.

Менингча, кўнгил гўзаллиги юз-кўз гўзаллигидан минг чандон яхшироқ!

Қалбсиз гўзаллик бечора холавачча қизларнинг ҳаётини барбод қилишдан, кўнглини синдиришдан бошқа нимага ҳам ярарди!

* * *
Из-мир, 22 сен-тябр.

Бугун конкурсга қатнашдим. Ёзув имтиҳони ёмон ўтди. «Истиқсор, истисмор, иститоф каби отлардан ясалган саккиз-ўн феълнинг ўтмиш ва ҳозирги замон шаклларини французча ёзиб кўрсатинг», — дейишди. Бу сўзларнинг туркчасини билсайдимки, французчасини ёзсам! Лекин оғзаки имтиҳон яхши ўтди. Рашидбей афанди мен билан французча сўзлашди. Имтиҳонда албатта ютиб чиқишимни сўз орасида ишора қилиб кетди.

Э худо, Мунисага раҳминг келсин-да!

* * *
Из-мир, 25 сентябр.

Бугунги конкурс натижалари эълон қилинди. Мен имтиҳондан ўтолмабман. Маориф бўлимининг котибларидан бири:
— Рашидбей афанди хоҳласа, албатта, ўтардингиз. Унинг раъйига ким қарши чиқа оларди? Назаримда, бирон нияти бўлса керак, — деди.

Аҳволим жуда оғир. Икки кундан кейин уйнинг ижара ҳақини тўлашим керак. Онамдан қолган сўнгги медалон қора кунимга яради. Бугун уни қўшниларимдан бирига бердим, эрига соттириб, пулини олиб келиб беради. Бу ёдгордан ажраганим учун жуда ачиндим, чунки ичида ойим билан отам уйланган йилларида тушган суратлари бор эди. Бечора сурат энди яланғоч қолди! Лекин бу ҳақда ҳам ўзимга тасалли топдим:
— Онам билан отам бир парча олтин ичида ётгандан кўра, кимсасиз қизларининг қалбида яшашни, албатта, афзал кўришади, — дедим.

* * *
Из-мир, 27 сен-тябр.

Бугун Рашидбей афандидан бир парча хат олдим. У менга иш топибди. Бу ҳақда гаплашиш учун мени Қаршиёқадаги чорбоғига таклиф қилибди. Маориф бўлимидаги котиб бу бейнинг менга қаршилик қилганини айтиб эди. Демак, нотўғри айтган экан-да? Кўрамиз, эртага маълум бўлади.

* * *
Из-мир, 28 сен-тябр.

Рашидбей афандининг Қаршиёқадаги чорбоғидан ҳозиргина қайтиб келдим. Чорбоғи чинакам саройга ўхшайди. У кишига нима учун шунча ҳурмат билан қарашларининг сабабини энди пайқадим.

Рашидбей мени ҳурмат-еҳтиром билан қабул қилди. Французча гапиришимни жуда ёқтирганини, лекин ҳамкасбларининг менга қилган адолацизликларига моне бўлолмаганлигини айтди. Xатида тилга олинган иш эса қизларини французчага ўқитиш иши эмиш.
— Xоним қизим, — деди, — истеъдодингиз каби одоб ва қиёфангиз ҳам менга жуда манзур бўлди. Маориф мактабларида ўзингизга жабр қилиб нима қиласиз? Қизларимга француз тилини ўргатинг. Биз билан бирга ўтириб, бирга турасиз. Сизга битта чиройли хона берамиз, хўпми?

Бу аслида мураббиялик эди. Ҳарҳолда, мактабда муаллималик қилишдан анча тинч, анча фойдали иш бўлса керак. Лекин, афсуски, мен бу ишни азалдан ёмон кўрар, хизматкорликдай бир нарса деб қараб келардим.

Рашидбейни хафа қилиш тўғри бўлмасди. Кўрсатган ишончи ва марҳамати учун ташаккур билдирдим. Лекин Мунисани баҳона қилиб таклифини қабул этолмаслигимни айтдим. Рашидбей эса бу сабабни асоссиз деб топди.
— Уни ҳам бошимиз устида кўтарамиз, қизим. Бир кичкина бола фақирхонамизга қанчалик юк бўларди? — деди.

Шундай бўлса ҳам қатъий жавобимни бермадим. Уч кун муҳлат сўрадим. Охирги марта ҳаракат қилиб кўраман. Расмий жойдан иш топсам — яхши, топмасам — начора!

* * *
Қар-шиёқа, 3 ок-тябр.

Муниса иккаламизга кўшкнинг устки қаватидан қуш қафаси сингари кичкина, ширингина ҳужра беришди. Деразасидан денгиз кўриниб туради.

Ярим кечагача деразам ёнида ўтириб, бухта билан денгизни томоша қилдим. Деразадан бутун кўрфаз кўриниб туради. Рўпарада Измир, юлдузлар сочилиб ётган оқ булут пағалари сингари тепалари муҳташам бир иллюминация нурлари ичида порлаган Кордон кўчаси билан шу қадар гўзалки, кишининг ҳушини олади.

Очиғини айцам, рўпарадаги Қаршиёқа бухтаси менга ҳаммасидан ҳам кўпроқ ёқди. У ерда нақадар гўзал, нақадар жозибали ҳаёт бор. Ярим кечагача трамвайлар қатнайди, газ фонарларнинг яшил ёғдуларида ёшлар тўдаси кети узилмай юради. Узоқда денгизга қизил, яшил нурлар сочиб турган казинода чалинаётган гитараларнинг гоҳ шўх, гоҳ мунгли садолари эшитилади.

Билмайман, нега менга бундай туюлар экан? Мен у ерда сайр қилиб юрганларнинг кийимларидаги оқ ё қора доғларнигина кўраман. Уларнинг ҳаммаси бир-бирларини севувчи нишонлилар бўлиб туюлди. Фақат уларгина эмас, балки қоронғи бурчакларда, денгизда, қорлари дангал кўриниб турган қоялар орасида ҳам ана шулардай ошиқ-маъшуқлар юргандай бўлади.

Денгиздан келган шов-шув севишганлар шипшишидай эшитилади. Кечанинг кўкрагимни тўлдирган илиқ нафаси — бошларини ёр кўксига қўйиб, нигоҳларини ошиқларининг тунги денгизлар каби қорайган яшил кўзларига тиккан ёш қизларнинг ҳароратли лабларидан келаётгандай...

* * *

Мени бу чорбоғда ёш бекадай ҳурмат билан кутиб олишди. Ўз юким ҳеч маҳал менга оғирлик қилмаган эди. Шунга қарамай, чамадонимни юқорига кўтариб чиқишимга йўл қўйишмади. Уни қари хизматкор унамаганимга қўймай қўлимдан олди. Мен ундан жуда миннатдорман. Муниса эса бундай нарсаларни тушунишга ҳали ёшлик қилади. Чорбоғ ҳашамати унинг кўзларини қамаштириб қўйди. Юқорига чиқиб кетаётганимизда, Муниса ҳар вақт уйимизда қилиб юрадиган ҳазилни такрорлади. Зинанинг ярмига чиққанимда, бирдан этагимга осилди-ю, поғонадан пастга торта бошлади. Мен дарров қўлидан ушлаб, қулоғига шивирладим:
— Муниса, биз бировнинг уйидамиз-а, болам... Xудо насиб қилса, ўзимизнинг уйимиз бўлар, унда...

Кичкинам бирдан тўхтади, гапимга тушунган эди. Ҳужрага кирганимизда кулчадай чиройли юзида севинчдан асар қолмаган эди. Болам бечора дардимни жуда нозик тушунади. Бўйнимга осилди, ҳар маҳалгидан ҳам қаттиқроқ бағримга суқилди, юз-кўзларимдан чўлп-чўлп ўпди.

* * *

Деразани ёпа туриб, ташқарига яна бир марта қарадим: одамлар тарқалган, чироқлар ўчган, ҳалигина қирғоқ фонарлари билан ўйнашган денгиз энди қумлоқ қирғоқдан анча чекиниб, пиш-пиш ухлаётган бола сингари, қояларнинг оппоқ ёстиғига бош қўйган.

* * *

Бугун шу ёққа келаётганимда... Йўқ, буни ёзолмайман. Кейин...

* * *
Қар-шиёқа, 7 ок-тябр.

Рашидбейнинг чорбоғида кунимиз ёмон ўтмаяпти. Иккита қизни ўқитаман: бири — менинг ёшимда, иккинчиси кичикроқ. Каттасининг исми Фархунда, ҳуснда отасининг ўзгинаси. Бунинг устига ўлгудай инжиқ ҳам. Кичиги — Сабоҳат, бу опасининг тескариси, худди қўғирчоқдай чиройли, ширин, қақажон қиз.

Хизматкор хотинлардан бири бир куни кўзини маъноли қисиб:
— У маҳал раҳматли хоним афанди касал эдилар. Битта ёшгина ҳарбий доктор келиб хабар олиб турарди. Xоним афанди ўша докторнинг юзига кўп қараганлари учун шунақа чиройли қиз туққанлар, — деди.

Менинг ҳадигим кўпроқ хизматкор хотинлардан эди. Ҳақиқатни яширишнинг нима кераги бор, ахир мен ҳам ўшаларнинг биттасиман-ку? Лекин мен жуда эҳтиёт бўлдим, ҳеч бирига иш буюрмадим... Шунинг учун мени ҳурмат қилишади. Дарвоқе, бунда Рашидбей афанди томонидан менга кўрсатилаётган эътиборнинг ҳам таъсири бўлса керак, деб ўйлайман.

Чорбоғнинг энг катта нуқсони — ари инидай ғувиллаб туриши эди. Меҳмонларнинг кети узилмайди. Битта меҳмон келдими бўлди: Фарҳунда билан Сабоҳат меҳмон олдига чиқинг, деб ҳол-жонимга қўйишмайди, бу эса менга ҳеч ёқмайди. Буниси ҳам гўрга-я, Рашидбей афандининг катта ўғли Жамилбейнинг чорбоғда туриши мени ёмон дилгир қилади. Ўттизларга кириб қолган бемаъни, бадҳазм йигит... Йилнинг ўн ойини Европада отасининг молу дунёсини совуриш билан, икки ойини эса шу ерда, Измирда бекорчилик билан ўтказар экан. Xайрият, ана шу икки ойнинг сўнгги кунларини кечириб турибмиз. Акс ҳолда, чорбоғни бундан уч кун аввал ташлаб кетган бўлардим. Уйда бўлса сенга нима, деярсиз? Мен ҳам шундай деб ўйлаган эдим, лекин янглишибман...

Уч кун аввал Фарҳунда билан Сабоҳат мени пастдаги меҳмонхонада кечгача ушлаб қолишди. Улардан зўрға қутулиб, қоронғида тепага чиқиб кетаётган эдим, учинчи қават зинапоясининг майдончасида турган бир эркак қорасини кўриб, юрак-пурагим чиқиб кетди. Апил-тапил орқага ташландим. Лекин шу он Жамилбей шарпа қилиб қолди:
— Қўрқманг, кичик хоним, менман, — деди.

Ён томондаги деразаларнинг биридан Жамилбейнинг юзига хирагина ёруғ тушиб турган эди.
— Кечирасиз, бей афанди, қўққисдан таний олмадим, — дедим-у, ёнидан ўтиб кетмоқчи бўлдим.

Лекин Жамилбей ўнгга бир қадам ташлаб, йўлимни тўсиб олди.
— Уйқум қочиб, деразадан ойнинг чиқишини томоша қилмоқчи бўлиб турган эдим, кичик хоним, — деди.

Ниятини пайқадим. Шунинг учун ўзимни ҳеч нима сезмаганга солиб, секин ўтиб кетмоқчи бўлдим, аммо у гапириб қолди. Гапини жавобсиз қолдирмаслик учун мен ҳам:
— Ҳозир ой чиқадиган вақт эмас-ку, афандим, — дедим.

У паст овоз билан:
— Нега чиқмас экан, кичик хоним? — деди. — Ҳозир зинапоядан чиққан мана бу тўлин ой-чи? Бунинг жон олгувчи ёғдусини қаранг, қайси ойдан кам, ажабо?

Жамилбей бирдан билакларимга ёпишди, ҳароратли нафаси юзимга урилди, мен жон-жаҳдим билан ўзимни орқага ташладим. Орқамда зинапоя панжараси бўлмаса, тўппа-тўғри пастга ағдарилиб тушардим. Панжарага бошимни ёмон уриб олдим. «Вой!» деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим.

Жамилбей шарпа қилмай яна ёнимга етиб келди. Юзини кўрмасам ҳам саросимада, ҳаяжон ичида эканини сезиб турардим.
— Фарида хоним, кечиринг мени. Бирон ерингизни уриб олдингизми? — деди. «Йўқ, ҳеч нима эмас, фақат мени ўз ҳолимга қўйинг!» деб ёлвормоқчи бўлган эдим, лекин оғзимдан бўғиқ бир фарёддан бошқа нарса чиқмади. Овозимни чиқармаслик учун дарров рўмолчам билан оғзимни ёпдим. Рўмолчам ивигандай бўлди, қарасам, лабим қонабди. Зинапоя деразасининг ёнида эдик. Ундан тушиб турган хира ёруғда Жамилбей ҳам қонни кўрди. У ваҳм титроғи сезилиб турган товуш билан:
— Фарида хоним, мен дунёдаги энг пасткаш одамнинг ишини қилдим, — деди. — Мени кечиринг, кечирганингизни айтиш мурувватини аяманг, Фарида хоним.

Қилинган одобсизликдан кейин ўқилган бу одоб ваъзи тукларимни ҳурпайтириб, жасоратимни яна ўзимга қайтарди.

Дағал товуш билан:
— Муомалангизда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ, афандим, — дедим. — Xизматкор хотинларга, асраб олинган қизларга бу хил муомала қилиш одатга кириб қолган... Xизматкор хотинлар ва сиғиниб кун кўрувчи муштипарлар вазиятидан фарқ қилмайдиган бир вазиятда уйларингизга келишга рози бўлганимда, мен бу нарсаларни кўздан қочирмаган эдим. Бировга айтиб қўяди, деб қўрқманг. Эртага бирон баҳона билан бу ердан кетаман.

Шу сўзларни айтдим-у, зинапоядан хотиржам, парвосиз чиқиб бориб уйимга кириб кетдим.

* * *

Бир қўлимга чамадонимни олиб, иккинчи қўлим билан Мунисани етаклаб эшикдан чиқиб кетишим осон. Лекин қаерга бораман? Мана, орадан уч кун ўтиб кетган бўлса ҳам, ҳануз қароримни амалга оширганим йўқ, ҳалигача шу ердаман. Бу ерга келган кечам дафтаримга ёзишга уялган нарсамни мана энди бўйнимга олиш пайти келди.

Мен бу ерга кечқурун, қош қорайган пайтда келган эдим. Xўш, кечани ўз уйимда ўтказиб, эрталаб келсам бўлмасмиди? Албатта, яхши бўларди. Лекин, начора, иложи йўқ эди.

Бу ерга келган ўша бахти қора кечамда чорбоғ меҳмонлар билан лиқ тўла эди. Рашидбей афанди ва унинг қизлари мени янги сотиб олинган чиройли буюмдай меҳмонларга кўз-кўзлай бошладилар. Ҳамма менга ҳавасланиб, ҳатто бир оз ачиниб қарарди. Мен ўзимни камтар, назокатли тутиб, ҳар бир кишининг кўнглини олишга тиришдим. Мени бунга янги вазиятим мажбур қиларди. Шу маҳал бирдан бошим айланиб, ҳушимдан кетиб қолдим. Эс-ес биламан: курсининг четига ўтириб қолдим, лабларимдаги паришон табассумни сақлашга тиришиб ярим минутга, балки бундан ҳам камроқ муддатга кўзларимни юмдим.

Рашидбей, қизлари, меҳмонлар шошиб қолишди. Сабоҳат стаканда сув кўтариб чопиб келди, зўрлаб бир неча қултум ичирди. Бир-биримиз билан ҳазиллашаётгандай, иккаламиз кула бошладик.

Бир меҳмон кампир заҳарханда қилиб:
— Ҳеч нарса эмас, жануб шабадасининг таъсири, холос. Вой бу замоннинг тажанг, нозик қизлари-ей! Ҳаво жиндек ўзгардими — бўлди, дарров гулдай сарғайишади-қолишади, — деди.

Ҳамма мени қийинчиликка чидамайдиган арзанда, нозик, касал қиз деб ҳисоблади. Мен уларнинг гапларини бош ишораси билан тасдиқлар, шундай деб ўйлаганлари учун ҳатто миннатдор ҳам эдим.

Лекин уларга ёлғон айтдим. Бу сафарги ҳушдан кетишимнинг сабаби бошқа эди. Шу куни Чолиқуши умрида биринчи марта оч қолган эди! Нима қилай, уялсам-да ёзиб қўйишга мажбурман.

* * *
Қар-шиёқа, 11 ок-тябр.

Бугун Фарҳунда билан Сабоҳатга яна Измирдан меҳмонлар келди. Булар ўн беш билан йигирма ёшлар ўртасидаги тўртта қиз эди. Чошгоҳдан сўнг денгиз саёҳатига чиқмоқчи, қайиқда Байроқлигача бормоқчи бўлдик. Энди кўчага чиққанимизда, аксига юриб, ёмғир ёғиб қолди. Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб, яна меҳмонхонага қайтиб кирдик. Кичик хонимлар бир оз пианино чалишди, у ёқ-бу ёқдан ғийбат қилишди, кейин иккита-иккита бўлиб бурчак-бурчакда шивирлаша бошлашди. Xудди биров қитиқлаётгандай қичқиришиб, шарақлашиб кулишларидан нималарни гаплашаётганлари маълум эди.

Сабоҳат жуда ҳам шўх, жуда шайтон қиз. Меҳмонларини зериктирмаслик учун турли-туман қизиқчиликлар ўйлаб чиқаради. Этажеркада оила аъзолари ва дўстларининг суратлари билан тўлиқ албомлар бор эди. Шулардан биттасини олди-да, дугоналарини стол атрофига йиғиб, суратларини кўрсата бошлади. Суратлар эмас, Сабоҳатнинг топган гаплари ғалати эди. У ҳар бир суратни ушлаб олиб, ундаги кишининг ҳаёти, табиати тўғрисида шундай қизиқ нарсалар айтардики, кула-кула ичакларимиз узиларди. Масалан, кўкраги орденлар билан тўла, ҳайбатли бир пошо, яъни дунё ҳукмронидай кўринган бу мўйсафид чолни хотини супурги билан роса урган эмиш.

Қариндошларидан савлатли бир хотиннинг суратини кўрсатди, афтидан, вилоятли экани билиниб турарди. Бир кун кемадан Қўқорияли лиманига тушаётганида, бир нима бўлиб, денгизга йиқилиб кетибди. Эсхонаси чиқиб кетганидан ўз вилоятининг шевасида «Ширин жонимдан айриляпман, қутқаринглар!» деб чинқирибди.

Рашидбейнинг кўнялик сут тоғаси бор экан. Суратини кўрган киши кулмай туролмайди. Бошида салла, эгнида чолвор, имом домланинг ўзгинаси. Бунинг рўпарасидаги иккинчи суратда эса депутат бўлгандан кейин фрак кийиб, якка кўзойнак билан тушган расми турибди.

Имом домла депутатга хўмрайиб қараб турибди, депутат эса уни эрмак қилиб олайиб турибди. Бу шунақаям аломат сурат эдики, янги саҳифани очиб юбормасин, деб Сабоҳатнинг қўлини ушлаб олиб тоза кулдим.

Фарҳунда мен билан ҳазиллаша бошлади:
— Фарида хоним, хоҳласангиз сизни шу зоту ҳуснободга берамиз, ҳозир боши очиқ, — деди. — Аввалги хотинларини қўйиб, энди депутатга лойиқ, европалашган хоним қидириб юрибди.

Мен ҳамон кулишдан тўхтамай стол ёнидан узоқлашдим-да, Фарҳундага:
— Ҳозироқ ёзинг, мен розиман. У кишига тегадиган хотин бошқа ердан бахт тополмаганда ҳам умрини ҳеч бўлмаса кулги билан ўтказади-ку, — дедим.

Сабоҳат янги саҳифани очиб, мени қўли билан имлади.
— Фарида хоним, мана бу суратни кўрсангиз, депутатимиздан айниб қолармикансиз, деб қўрқаман, — деди.

Меҳмонларнинг ҳаммаси бир оғиздан: «Вой, мунчаям чиройли экан!» деб қичқиришди, кейин қўлларини силкитишиб, мени чақиришди.

Мен улар томонга бора туриб:
— Фойдаси йўқ, ҳар қанақа бўлганда ҳам мен ўз депутатимдан кечмайман, — дедим.

Албом устида бир-бирига аралашиб кетган майин сочлар орасидан бошимни суқдим, мен ҳам улар қатори «вой» дейишдан ўзимни тутиб қололмадим. Албом саҳифасидан кўзларимга тикилиб кулимсираётган сурат Комронники эди!

Сабоҳат бу сурат эгасини мазах қилмади, қайтага кўп ҳурмат ва иззат билан дугоналарига таъриф қилиб берди:
— Бу киши Мунаввар холамнинг куёвлари бўладилар. Ўтган баҳор Истамбулда эканимизда тўйлари бўлди. Ўзини кўрсангиз, сурати ҳам гапми! Бирам кўзлари, бирам хушбичим бурни борки, томоша қиладиган. Шошманглар, мен сизларга бир бошқа қизиқ нарсани айтиб берай: бу бей холаларидан бирининг қизини яхши кўрармиш. Қиз эса кичкина, инжиқ, жуда шўх нарса эмиш. Шўхлигидан, қақажонлигидан унга Чолиқуши деган лақаб ҳам қўйишган экан. Чолиқуши Комронбейни нима учундир хоҳламабди, кўнгил кўнгил-да...

Шундай қилиб, тўйларига бир кун қолганда ёту бегона юртларга бошини олиб қочиб кетибди, Комронбей ойларча куйиб-ёниб вафосиз қизни кутибди. Тўғри-да, қайтиб келиш кўнглида бўлса, тўй кечаси қочиб кетармиди? Мунаввар холам қайнанасининг қўлини ўпганда мен ўша ерда эдим. Бечора кампир, бир шохда турмайдиган у ғалати Чолиқушини эслади шекилли, ёш боладай йиғлаб юборди.

Бу тафсилотни орқамдаги пианинога суяниб, ҳеч нима демасдан, қимир этмай туриб эшитдим. Комрон ҳамон албом ичидан менга кулиб турарди.

Секингина:
— Қалбсиз! — дедим.

Сабоҳат менга қаради:
— Жуда тўғри айтдингиз, Фарида хоним. Шу қадар гўзал, шу қадар ажойиб бир йигитга вафо қилмаган қизни «вафосиз» демасдан бўлмайди.

* * *

Комрон, мен сендан нафратланаман. Бўлмаса, бу хабарни эшитганимда йиғлар, ҳушимдан кетар, аза тутардим. Аксинча, мен шу куни шунчалар кулдим, атрофимдаги одамларни шунчалар хушвақт қилдимки, умримда ҳеч маҳал бундай бўлмаган эди. Агар бир неча соатдан кейин бошимга фалокат тушмаган бўлса, мен шу бугунни умримнинг энг бахтли куни деб ҳисоблардим. Кечки пайт ҳаво очилиб, далада сайр қилишимизга имкон туғилди. Биз сел суви ҳайқириб оқаётган анҳор бўйи билан кетаётган эдик, меҳмонлардан бири анҳорнинг нариги юзидаги хризантема гулини кўриб: «Вой, мунчаям чиройлик-а, қани энди олишнинг иложи бўлса!» деб қолди.

Мен кулиб:
— Xоҳласангиз, сизга ҳадя қилишим мумкин, — дедим.

Анҳор кенг, чуқур бўлгани учун анчагина хавфли эди. Қизлар кулишди. Биттаси ҳазиллашиб:
— Кўприк бўлса-ю, яхши бўларди-я, — деди.

Мен парвойимга ҳам келтирмай:
— Кўприксиз ҳам ўца бўлади, — дедим-у, сувга сакрадим.

Орқадан қий-чув кўтарилди.

У томонга бир амаллаб ўтишга ўтдим, лекин хризантемани узиб олишга муваффақ бўлмадим, чунки қирғоққа етганимда оёғим тийғаниб кетди. Йиқилиб кетмаслик учун бир бутага осилиб эдим, тиканлари қўлларимни тилиб юборди.

Ҳа, шу фалокат бошимга тушмаган бўлса, тикан тилган қўлларимнинг ачишиб оғришига чидолмай то чорбоққача оқшом қоронғисида йиғлаб келган бўлмасам, шу кунни умримнинг энг шод, энг хушчақчақ куни деб билардим.

Комрон, сендан нафратланганим учунгина бегона юртларга қочиб кетганман. Энди нафратим шу қадар кучайдики, орамиздаги узоқ масофалар ҳам кифоя қилмай қолди. Энди сен яшаб, нафас олиб турган мамлакатдан ҳам бош олиб кецам дейман!

Ортиқ бу уйда қолмаслик қарорига келдим. Шунинг учун ҳар икки-уч кунда Измирга тушиб, маориф бўлимига учраб турдим. Эски муаллимларимдан Бериниш опани шу ерда икки ойча аввал бир кўрган эдим. Мактабда ўқиб юрган кезларимда ўзини менга яқин тутганини эслаб, бошимдаги савдодан бир оз айтиб берувдим. Кеча эрталаб кемада яна учрашиб қолдик. У суюниб:
— Фарида, неча кундан бери сени излайман, — деди. — Қоронтинадаги мактабимизга битта турк тили ва расм муаллимаси керак. Мудирага сени тавсия қилдим. Алоҳида уй тутишнинг ҳожати йўқ, мактабда тураверасан. Ахир бизнинг ҳаётимизга ўрганиб қолгансан-ку.

Юрагим қинидан чиқиб кетар даражада типирчилай бошлади. У ерга борсам, яна ўша ёшлик ҳидлари, мунгли орган садолари келиб турган жойга тушсам, болалик чоғларимдаги ширин хаёлларимнинг бир қисми билан қовушадигандай бўлиб кетдим.

Ўйлаб ўтирмасданоқ:
— Жуда соз, масўр, жон деб бораман! Раҳмат, — дедим.

Бугун у ёққа боришдан аввал яна маориф бўлимига кирдим, мақсадим — ҳужжатларимни қайтариб олиш эди. У ерда мудир мени уч кундан бери сўроқлаб юрганини айтишди. Нима деяр экан деб олдига кирдим.

Маориф мудири мени кўриш биланоқ:
— Роса интизор қилдинг-да, қизим! Толеингга битта яхши жой чиқиб қолди. Қушадаси мактабига юбораман, — деди.

Бир ёқда Берениш опа айтган мактаб, ундаги тинчгина ҳаёт, иккинчи ёқда бу. Балки Қушадасидаги ўрин яхшироқдир? У ҳолда Берениш опага берган сўзим нима бўлади?

Минутлар ўтар, мен эса жавоб қилмай жим турардим. Қайси бирини танлай: тинч ҳаётними ё Қушадасидаги мактабга борсам, учрашим эҳтимол бўлган муҳтожлик ва йўқсилликними? Ажабо, бунинг ҳам ўзига яраша тасаллиси, бошқа бир жозибаси йўқми?

Кўз ўнгимга мактабларимизда ташлаб қўйилган, умрлари қўпол қўлларда зое ўтаётган кичкина болалар келди. У бечоралар очилиш учун жиндаккина қуёшга, жиндаккина парваришга муҳтож бўлган гуллардир. Улар ана шундай ҳарорат келтирувчи, парвариш қилгувчиларга кўнгилларининг бутун муҳаббат ва шукроналарини бағишлайдилар. Бошимга тушган ҳамма фалокатларга қарамай, бу кичкина камбағалларни бутун қалбим билан яхши кўриб қолганимни англадим. Ажабо, Муниса ҳам менинг олдимга ўшалар орасидан келмаганмиди?

Бундан ташқари, сўнгги икки йиллик ҳаётимда унча-мунча тажриба ҳам орттирган эдим. Ёғду оғриқ кўзларни қанча ачиштирса, бахт ҳам дардли кўнгилларни шунча эзади. Оғриқ кўзлар каби, дардли кўнгиллар учун ҳам энг яхши даво қоронғиликдир!

Мен муаллимликни очликдан ўлмаслик учун қабул қилган эдим. Ҳисобим тўғри чиқмади. Бу касб кишиси ахир бир кун очликдан ўлади. Ўлса нима? Ахир бу касб кўнглимнинг раҳму шафқатга бўлган очлигини тўйдиради, ўз ҳаётимни бошқалар бахти саодатига бағишлаш тасаллисини беради. Зеро, у ўлган кунларнинг ўлган рўёларини тирилтириб бўлмайди, бунинг иложи йўқ. Бошимдан исириқ ҳидларининг хумори, қулоқларимдан органларнинг мунгли йиғилари секин-секин йўқ бўлиб кетган. Қушадасида меҳру муҳаббат ва марҳамат кутиб ўтирган кичкинтойлар кўз олдимга келди-ю, кулимсираб:
— Жуда соз, бей афандим, бораман, — дедим.

* * *

Буйруқни олгунимча бу сирни чорбоғда ҳеч кимга айтмасликка қарор қилган эдим. Лекин бир ҳодиса айтишга мажбур қилди. Катта халфа[3] анчадан бери менга ғалати-ғалати нарсалар айтиб юрарди. Кеча ҳам ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ бирдан:
— Қизим, кун сайин сенга муҳаббатим ортяпти, — деб қолди. — Фақат менгина эмас, бошқалар ҳам шундай... Фарҳунда билан Сабоҳат ҳам ёш-у, лекин уйга кўрк бўлишолмайди. Сен келганингдан ҳамма нарса ўзгарди қолди. Табиатинг, ахлоқинг чиройли, каттага каттадай, кичикка кичикдай муомала қиласан...

Шуларга ўхшаган яна бир қанча сўзлар... Катта халфанинг бу сўзларига «касбдошига қилаётган ҳасрати» деб қўя қолган эдим. Лекин кеча кечқурун кампир юрагини очиб солди.
— Қизим, қандай қилсак эканки, сен шу уйга маҳкамроқ боғланиб қолсанг. Миямга бир ўй келяпти-ю... Ҳа, кўнглингга бошқа гап келиб юрмасин, айланай. Xудо ҳаққи, бу тўғрида менга биров ҳеч нима дегани йўқ.

Халфага бу сўзларни биров ўргатганига шубҳам қолмади. Шундай бўлса ҳам, ўзимни сезмаганга солиб, қулоқ солиб туравердим. У бошлаган сўзини давом эттиришга ҳайиқиб, бошқа нарсалар тўғрисида гапира кетди:
— Xўжайинимиз унча қари ҳам эмас, уни ёшлигидан биламан. Уни чиройли деб бўлмайди, лекин давлати, ҳашамати бор. Иннайкейин, табиати ҳам яхши. Қизим, бу уйга бека керак-да, бусиз бўлмайди. Бугун бўлмаса эртага Фарҳунда билан Сабоҳат эр қилиб кетади. Xудо кўрсатмасин, бирон ёмон хотинга кунимиз қолса борми, нақ шўримиз қурийди-да! Фарида хоним, қизлар мўйловини бураб юрадиган йигитларга ҳам тегишади, лекин бундақанги дабдабани қаерда кўрсин? Оҳ, бейимизга биронта муносиб қизча топсак эдик. А, нима дейсан, қизим?

Мен чурқ этмай, аччиқ-аччиқ жилмайиб, ўйга ботиб ўтирардим. Рашидбей афандининг менга кўрсатган шунча ҳурмати, Сабоҳат билан Фарҳунданинг дарсларига қилган шунча эътибори, биз билан соатларча ҳазиллашгани, ҳатто тўп ўйнашгани... Демак, шуларнинг ҳаммаси... Маориф бўлими котибининг: «Рашидбей хоҳласа сени француз тили ўқитувчиси қилиб тайинлашарди, ҳарҳолда, бирон нияти бўлса керак», дегани бежиз эмас экан-да!

Бир неча йил илгари шундай сўзларни эшицам, албатта, исён кўтарардим. Лекин ҳозир гапни унча чўзмаслик учун парвосизгина жавоб қилдим:
— Сиз билан совчиликка бориб, Рашидбей афандига яхшигина қайлиқ топиб келишимиз мумкин эди, лекин, афсуски, бир-икки кундан кейин Қушадасига кетяпман. Бир неча ойдан кейин нишонлим ўша ерга келади, тўй қиламиз, — дедим. Кейин шошганидан юзимга жавдираб қараб қолган кампирга: — Xудо тинчингизни берсин, халфа хоним, мен эртароқ ётмасам бўлмайди, — дедим-у уйимга кириб кетдим.

* * *
Қуша-да-си, 25 но-ябр.

«Қушадасига борасизми?» деганларида: «Қушадаси!.. Менинг оролим!.. Неча-неча вақтлардан бери мени интизор этган бахтни, кўнгил роҳатини ўша ердан топаман!» деб суюнган эдим. Суюнчим хато чиқмади. Қушадасини ҳамма ердан ҳам кўпроқ яхши кўриб қолдим. Балки чиройли ердир деб ўйларсиз? Йўқ. Қушадасини Муниса иккаламиз — бу сариқ тўти билан бирга — Робинзон Крузо сингари ўз бошимизга меҳнат ва заҳмат билан яшасак бўладиган орол деб ўйлаган эдим, лекин ундай бўлиб чиқмади. Балки у ерда роҳатимни топиб олгандирман? Йўқ, бундай ҳам эмас. Қайтага, бу ерда жуда кўп ишлайман. Ундай бўлса сабаби қайда? Бериладиган жавоб бир оз кулгили. Лекин, нима қилай, тўғриси шу: Қушадасини жонга роҳат берадиган чиройли жой бўлмагани учун яхши кўриб қолдим. Назаримда, табиат фақат чиройли ҳуснларнигина эмас, чиройли ерларни, чиройли денгизларни ҳам инсон кўнглига зимдан озор етказиш учун яратган.

Бир ой аввал бу шаҳарга келиб, мактабнинг бош муаллимасига учрадим. Эллик ёшларга етиб қолган бу касалманд, эзгин хотин мени рўпарасига ўтқазиб шундай деди:
— Қизим, уч ой ичида тоғдай икки ўғлимни қора ерга бердим. Дунё кўзимга қоронғи бўлди. Сени бу ерга иккинчи муаллима қилиб юборишибди. Ёшсан, ўқимишли кўринасан, энди мактабни сенга топшираман. Билганингча бошқар. Яна иккита муаллималар бор — ёшлари қайтиб қолган хотинлар, улардан ёруғлик йўқ.

Қўлимдан келганича ҳаракат қилишимни айтдим, сўзим устидан ҳам чиқдим.

Кеча бош муаллима:
— Фарида хоним қизим, сенга ҳар қанча миннатдорчилик билдирсам ҳам оз. Ваъда қилганингдан ўн чандон ортиқ жон куйдирдинг, — деди. — Бир ой ичида мактабимиз ҳам, болалар ҳам гулдай очилиб кетди. Xудо хайрингни берсин. Ҳамкасбларингдан тортиб то кичкинтойларгача сени яхши кўришади. Ўзим ҳам баъзида дардимни, кўнглим аламини унутиб, сен билан бирга кулишадиган бўлдим.

Бечора хотин мени ўзига ёқиш учунгина шундай жон куйдираётир деб ўйлайди, миннатдор бўлади. Жон куйдириб ишлаш, ўзини бутун қалби билан бошқаларга бағишлаш нақадар яхши нарса! Чолиқуши бутунлай эски Чолиқушига айланди. На Ч...даги эзгин ҳаёт ҳорғинлиги, на Измирдаги исёнлардан асар қолди, тиниқ ёз осмонида пайдо бўлган ўткинчи булутдай, ҳаммаси тарқалди.

Сочларим толама-тола оқарганга қадар ўзимни бошқаларнинг болаларига, уларнинг бахтлари йўлига тикишдан энди асло қўрқмайман. Икки йил аввал, куз оқшомларининг бирида кўнглимда ўлдирилган жигар-гўшаларим ўрнини бошқаларнинг болаларига бердим.

* * *
Қуша-да-си, 1 де-кабр.

Бир неча кундан бери одамларнинг оғзидан «уруш» сўзи тушмай қолди. Бутун фикру хаёлим мактаб билан банд бўлгани учун бу миш-мишларга қулоқ солмас эдим. Бугун шаҳарда чинакам қиёмат қўпти, уруш эълон қилинибди!

* * *
Қуша-да-си, 15 де-кабр.

Урушнинг бошланганига ўн беш кун бўлиб қолди. Маҳаллий госпиталга ҳар кун гала-гала ярадорлар келиб турибди. Мактаб мотам ичида қолди. Кўпгина ўқувчиларимнинг армияда ё оталари, ё акалари бор. Бечора болалар уруш даҳшатини унчалик билишмаса ҳам, катта одамлардай бўшашиб, қайғуришиб юришади.

* * *
Қуша-да-си, 15 де-кабр.

Бу қандай шўрлик, ё раббий, бу қандай шўрлик! Бугун қўмондонликнинг буйруғи билан мактабимизни эгаллайдилар: вақтинча госпитал қилишар эмиш. Xоҳлаганларини қилишсин, менга нима! Лекин мактаб бўшагунча мен нима қиламан? Вақтимни нима билан ўтказаман?

* * *
Қуша-да-си, 24 де-кабр.

Бугун мактабда қолган бир неча китобимни олгани бордим. Мактабни шунчалик ивирситиб юборишибдики, одам китобини эмас, ўзини йўқотиб қўйса ҳам тополмайди. Ноилож чиқиб кета бошладим. Ҳамшира қизлардан бири:
— Шошманг, бош доктордан сўраб кўрайлик. Чамамда, бир неча китобни олиб қўювди шекилли, — деди.

Хона ичи шишалар, бинтлар, дори қутичалари билан тўла эди. Бош доктор кителини ечиб ташлаб, ана шу нарсаларни тартибга солаётган экан. Орқаси ўгирикли бўлгани учун фақат бўйнини, оқ сочларини ва шимарилган билакларинигина кўрдим. Шу аҳволда ундан китоб сўраш одобсизлик бўларди.

Ҳамширани енгидан тортиб:
— Қўйинг, — дедим.

У гапимни эшитмади.
— Бей афанди, ҳали суратли бир қанча французча китоб топган эдингиз, қани ўшалар? — деди.

Қари докторнинг бирдан жаҳли чиқиб кетди. Юзини ҳам ўгирмай шундай ёмон, шундай уят сўз билан жавоб қилдики, ихтиёрсиз юзимни қўлларим билан тўсиб, қочиб кетмоқчи бўлдим. Лекин шу он у биз томонга ўгирилди-ю, бирдан:
— Вой, кичкина, сенмисан?! — деб юборди.

Уни кўриб мен ҳам ўзимни тутолмай қичқирдим:
— Докторбей! Зайнилардаги докторбей!

Муболағаси йўқ, бу қичқириқдан зиёд бир фарёд эди.

Докторбей шошганидан столдаги шишаларни ағдариб-тўнтариб ёнимга югуриб келди, қўлларимни ушлади, бошимни олдига тортиб, чоршафим устидан сочларимни ўпди.

Биз бир-биримиз билан фақат бир кунлик, ҳатто бир кунлик ҳам эмас, бир неча соатлик таниш эдик. Лекин қандай илинж ҳисси бир-биримизни боғлаб қўйган эканки, икки йилдан сўнг худди қирқ йиллик қадрдон дўстлардек, ҳатто ота-боладек бир-биримизга ташландик. Тавба, инсон қалбини ҳеч билиб бўлмас экан-да!..

Хайруллобей худди Зайнилардаги сингари:
— Қани, гапир, ярамас, бу ерда нима қилиб юрибсан? — деб сўради.

Болаларникига ўхшаган шўх мовий кўзлари оқ киприклари ичида шунақаям чиройли пориллардики! Мен ҳам, худди Зайнилардагига ўхшаш, унинг кўзлари олдида кулиб туриб:
— Биласизки, мен муаллимаман, докторбей, — дедим. — Юртма-юрт юрибман. Энди шу ерга тайинлашди.

Бутун ҳаётимни ва кўнглимда бор нарсаларни билгандай, мунг тўла бир товуш билан:
— Ҳалигачайин хабар йўқми, кичкина? — деб сўради.

Бирдан юзимга сув сочиб юборилгандай сесканиб тушдим. Ўзимни ажабланаётганга солиб, кўзларимни пирпиратдим.
— Кимдан, докторбей? — дедим.

Чол жаҳли чиқиб, бармоғи билан пўписа қилди.
— Нега ёлғон айтасан, кичкина? Лабларинг ёлғон гапиришни ўрганибди-ю, лекин кўзларинг билан юзинг боягидай. Кимдан дейсанми? Сени шундай юртма-юрт саргардон кездиргандан, ўшандан...

Кулиб, елкаларимни қисдим.
— Маориф демоқчисиз-да? Албатта, ҳар бир муаллима ўз мамлакатининг болаларига хизмат қилиши керак.

Доктор яна Зайнилардаги шубҳасини такрорлади. Унинг ўпкаси менга қаттиқ таъсир қилгани учун ҳар бир сўзи эсимда сақланиб қолган эди:
— Шу ёшда, шу қиёфа, шу чеҳрада-я? Жуда соз, майли, шундай бўлсин, ярамас қиз, шундай бўлсин, лекин сен ёввойилик қилма.

У дориларини, мен эса китобларимни эсдан чиқариб, узоқ гаплашдик.
— Демак, шу мактабда муаллималик қиласан, шундайми?
— Мактабимизни олиб қўйганларингизга бирам хафа бўлдимки, докторбей.
— Шошма, бошқа нарсани ўйлаб турибман... У қуриб кетгур қишлоқнинг оти нима эди? Ҳов сенга касал боқувчиликни ўргатган ерим-чи? Эсингдами? Менга қара, бу ерда ҳам менга ёрдам қиласанми? Аслида бу икки ишнинг бир-биридан фарқи катта эмас: сенинг митти маймунчаларинг ҳам, менинг азиз айиқчаларим ҳам руҳан бир-бирларига жуда ўхшашади. Улар ҳам, булар ҳам софдил, содда. Ўзинг биласан, ҳозир уруш, меникилар ўт ичида, шундай бўлгандан кейин уларга ёрдам берсанг — савоб иш қилган бўласан, кичкина қиз...

Бирдан юзимга кулги югурди, ёш боладай суюниб кетдим. Қанақа иш бўлса ҳам майли, ишқилиб, куч-қувватимни, меҳру муҳаббатимни, бутун вақтимни бағишлайдиган иш бўлса бас.
— Жуда соз, докторбей, қачон десангиз, шунда ишга тушавераман.
— Ҳозир тушаверасан. Буни қара, қандай кепатага солишибди. Булар қўл билан эмас, балки...

Яна оғизга олиб бўлмайдиган хунук сўз айтилди. Мен уялиб:
— Фақат бир шарт билан, докторбей... Ёнимда аскарча сўзлашмайсиз, — дедим.

У кулди.
— Ҳаракат қиламан, кичкина, ҳаракат қиламан... Мабодо бехосдан оғзимдан чиқиб кеца, айб қилмайсан-да, — деди.

Иккаламиз кечгача ишладик, госпитални эртадан кела бошлайдиган ярадорларни қабул қилишга тайёрладик.

* * *
Қуша-да-си, 25 ян-вар.

Мана, бир ойдан бери Xайруллобейнинг ёнида ҳамширалик қиламан. Уруш давом этаётир. Госпиталга келаётган ярадорларнинг охири кўринмайди. Ишим шу қадар кўпки, баъзи кечалар уйимга ҳам кетолмайман. Кеча оғир ярадор бўлиб келган бир кекса капитанга бутун кечаси билан парвона бўлиб чиқишга тўғри келди. Шундай чарчабманки, эрталаб мазам қочиб, дорихонамиздаги курсида ўтирганимча ухлаб қолибман.

Уйқумда елкамга кимнингдир қўли текканини сездим. Кўзларимни очиб қарасам, олдимда доктор Xайруллобей турибди. Совқотиб қолишимдан қўрқиб, уйғотиб юбормаслик учун устимга секингина одеял ёпаётган экан.

Докторбей деразадан тушиб турган заиф тонг ёруғида яна ҳам сўлғин, яна ҳам ҳорғин кўринган мовий кўзлари билан кулимсираб туриб:
— Ухла, кичкина, тинчгина ухла, — деди.

Шундай пайтда қилинган бу шафқат қалбимда ширин миннатдорчилик уйғотди. Бир нима дегим, миннатдорчилик билдиргим келди, лекин бўлмади — уйқу енгди, ҳорғин-толғин кулимсираб, яна ухлаб қолдим.

Иккита катта нуқсонига қарамай, бу қари докторни жуда яхши кўриб қолдим. Нуқсонларидан бири шуки, у оғзини жуда ёмон чакки қилади. Тўғри, атрофидагиларда ҳам айб бор, лекин бу сабаб эмас-да! Баъзида оғзидан шундай хунук сўзлар чиқиб кетадики, олдидан қочиб кетиб, бир неча кунгача бетига қаролмай юраман.

Шуниси қизиқки, доктор ўзининг айбини билмайди эмас, билади.
— Парво қилма, кичкина, ҳечқиси йўқ, аскарликда,— дейди.

Хайруллобей айбини астойдил пушмони ва ёқимли уятчанлиги билан афв эттирган, ҳатто манзур қилган ёш болага ўхшайди.

Иккинчи нуқсони бунисидан ҳам каттароқ. Бу қўпол, дағал одамда ҳеч тушуниб бўлмайдиган ғалати бир нозиклик бор. Одам ўзига айтишга ҳам юраги бетламаган нарсаларни усталик билан оғзидан суғуриб олади! Масалан, мен ўз саргузаштимни шу маҳалгача ҳеч кимга оғзимдан чиқармай яшириб келардим, шунинг ҳам бир қисмини билиб олибди-да! Қандай қилиб айтиб қўйдим денг? Ўлай агар, ўзим ҳам билмайман. Гоҳи-гоҳида берган якка-дукка саволларига қуруқ, калта-култа жавоблар беришдан нарига ўтмасликка тиришиб келардим. Кейин билсам, ана шу яккам-дуккам сўзларимни бир ерга тўплаб, бутун бошли бир ҳикоя чиқариб олибди.

Докторнинг ҳеч кими йўқ. Йигирма беш йил муқаддам уйланган экан, орадан тўққиз ой ўтмай хотини тиф касалидан ўлиб қолибди. Кейин уйланмабди. Ўзи родослик эмиш. Қушадасида ҳам мулки бор дейишади. Полковниклик маошига унча эҳтиёжи ҳам йўқ, чунки касалларга оладиган ойлигидан ҳам кўпроқ қарашиб туради. Масалан, кеча бир ярадорнинг уйидан келган хатини ўқиб бердим. Ярадор солдатнинг қари онаси камбағаллик қийнаб юборганини, болалари очликдан тиланчилик қила бошлаганини ёзибди. Солдат хатни эшитиб, оҳ-воҳ кўтарди.

Хайруллобей ён томонда ётган касални қараётган эди. Бирдан у бечора солдатга ўгирилиб:
— Аммо мени қойил қолдирдинг! Ҳой, нимангизга ишониб шунча гадойваччани туғасизлар! — деди.

Бу золим таъна юрагимга ўқдай санчилди. Ҳозир жойи эмас, бўлмаса буни, албатта, қари докторнинг юзига солардим. Бир оздан кейин унинг ўзи бу ҳақда гап очиб қолди.
— Кичкина, ана шу ярадор онасининг адресини секин билиб ол, беш-ўн лира юборармиз, — деди.

Билишимча, бу қари доктор армияда на пул учун ва на аскарлик бурчи учун хизмат қилади. Унинг ўз интилиши бор: бу интилиш «азиз айиқчаларим» деб атаган боёқиш солдатларга бўлган муҳаббатидир. Лекин, билмайман, нима учундир бу муҳаббатини худди уят нарсадай яшириб юради.

* * *
Қуша-да-си, 28 ян-вар.

Бугун эрталаб госпиталга келганимда, оғир ярадор бўлган тўртта офицер келтирилганини айтишди. Ҳамширалардан бири:
— Xайруллобей сизни йўқлаяптилар, — деди.

Оғир операциялар маҳалида доктор мени ҳамиша бирга олиб кирарди.
— Бундай ваҳимали нарсаларни сенга кўрсатиш, албатта, яхши эмас, кичкина, лекин сендан эпчилроқ одам бўлмаса нима қилай? Ҳаммаси жаҳлимни чиқаради, бақиртиради, кейин қилаётган ишимни билмай қоламан,— деярди.

Чоршафимни олиб ташлаб, апил-тапил халатни кийдим. Лекин мен кийиниб чиққунимча операция тугабди: ярадорни замбилда юқорига олиб чиқиб кетишаётган экан.

Хайруллобей мени ёнига чақириб олиб:
— Кичкина, сенсиз роса ямоқчилик қилдик, — деди. Операцияни у ямоқчилик деб атарди. — Ёшгина штаб маёри қўлимизга тушиб қолди. Граната ўнг қўли билан юзининг бир тарафини расво қилиб ташлабди. Кабинетимга ётқиздим. Ўзинг қарамасанг бўлмайди. Боёқиш жиддий парваришга муҳтож.

Шу тариқа гаплашиб кабинетга кирдик. Юз-қўли бинтлар билан боғлаб ташланган бир киши каравотда жим ётарди. Ёнига бордик. Юзининг чап тарафи жиндаккина кўриниб турарди. Менга иссиқ кўринди... Лекин қаерда кўрганимни бу аҳволида эслаш қийин эди.

Хайруллобей ярадорнинг чап томирини ушлаб турарди, кейин унинг юзига яқин келиб:
— Эҳсонбей!.. Эҳсонбей!.. — деб чақирди.

Бирдан миямда чақмоқ ургандай бўлди. У Ч...да, Абдураҳим пошонинг чорбоғида учрашган штаб капитани эди. Бир қадам орқага чекиндим, кабинетдан қочиб чиқиш, иккиламчи мени бу ярадор офицернинг ёнига юбормаслигини доктордан илтимос қилиш ниятида эдим. Таниган бўлса ҳам кўриб турган нарсасига ишонмасди. Ким билсин, яралангандан бери неча марта ҳушидан кетган, дард ичида, ўт ичида неча бор кўзларига ҳар нималар кўринган экан. Ҳа, заиф кўзларининг боқишидан сездим: мени кўриб турганига ишонмади, қонсиз лаблари билан хиёл жилмайди-ю, тағин кўзларини юмиб олди.

Эҳсонбей! Бир неча ой аввал менинг ёшлигимдан, ҳимоя қилиш мумкин бўлган отам, акам... бирон кимсам йўқлигидан фойдаланиб, мени ишрат кечасига алдаб обордилар. Кейин Ч... шаҳридан жўнарканман, юрагимда сургун қилинган оддий кўча хотинининг ҳақирлиги бош кўтарди, шармандаликка чидай олмай юзимни қўлларим билан яширишга мажбур бўлдим. Дунёни бошдан-охир бир зулм, ўзимни эса ўша зулмга бўйсунишдан бошқа чораси қолмаган бир муштипар деб ҳисобланган кунимда сиз мени ҳимоя қилдингиз, маслагингизни, истиқболингизни хавфда қолдирдингиз, ҳатто ширин жонингизни ҳам тикиб, мурувват қилдингиз.

Модомики, қайғули бир тасодиф бугун бизни яна учраштирган экан, майли, сиздан қочмайман, мана шу умидсиз, мана шу оғир кунларингизда ёнингизда синглингиз бўлиб хизматингизни қиламан.

* * *
Қуша-да-си, 7 фе-в-рал.

Эҳсонбейнинг яраси қўрқинчли эмас, бирор ойдан кейин туриб кеца керак. Ўнг қошидан бошланиб то иягигача чўзилиб тушган яраси юзини ниҳоятда хунук қилиб қўяди.

Хайруллобей яра боғларини ўзгартираётганда мен ёнида турмадим. Юрагим дов бермагани учун эмас, албатта, чунки ҳар куни бундан ҳам баттарроқ яраларни кўриб тураман, асл сабаби бошқа эди: мен унга қараб турсам, даҳшатли ярасига пичоқ урилгандан ортиқ озор етишини билардим...

Бечора госпиталдан қандай башара билан чиқиб кетишини билар, бу ҳақда бир нима демаса ҳам, чуқур алам ва қайғу билан эзилиб келарди.

Хайруллобей:
— Пича сабр қил, йигит, яна йигирма кунлардан кейин соппа-соғ бўлиб кетасан — деса, Эҳсонбей ўтдай ёниб кетарди.

Ярадорнинг шу оғир кунларини енгиллаштириш учун қалбимнинг бутун шафқат қобилиятини сарф қиляпман. Баъзан каравотининг ёнида ўтириб китоблар ўқиб, эртаклар айтиб бераман.

Ҳа, бечора чурқ этмайди, лекин хунук бўлиб қолиш даҳшатидан азобланаётгани ва бу азобдан бир зум ҳам қутула олмагани яққол кўриниб туради. Баъзан енг ичида тасалли беришга ҳаракат қиламан. Ўзимни бутунлай бошқа нарсалар тўғрисида гапираётганга солиб, дунёда юз гўзаллигидай фойдасиз, ҳатто зарарли нарсалар йўқлигини, асл гўзалликни одамнинг руҳидан, кўнглидан қидириш кераклигини айтаман.

* * *
Қуша-да-си, 25 фе-в-рал.

Эҳсонбей биз кутгандан эртароқ тузалиб кетди. Бугун эрталаб сутчойни олиб кирсам, кийиниб олган экан. Бир йилча аввал Абдураҳим пошонинг боғида порлаб турган формаси, чиройли ва мағрур чеҳраси билан менга дуч келган штаб капитани ихтиёрсиз кўз ўнгимда гавдаланди. Бу маёрлик формасининг ёқаси ичида ингичка бўйни қилтираб турган, юзидаги яра изидан худди айб нарсадай уялаётган дардли аскар наҳотки ўша чиройли, мағрур штаб капитани бўлса?

Хафа бўлганимни яширолмадим, буни бошқа нарсага йўйишга тиришиб, ёлғондакам жаҳл қилдим:
— Эҳсонбей, бу ахир ёш болалик-ку! Бутунлай тузалмай туриб, нимага кийиниб олдингиз?

Эҳсонбей кўзларини ерга олиб:
— Ётавериш одамни баттар касал қилади-да, — деди.

Иккаламиз ҳам жим бўлиб қолдик. Бир оздан кейин Эҳсонбей таъби тирриқлигини яширишга тиришиб:
— Кетмасам бўлмайди, шукур, тузалиб кетдим, — деди.

Раҳмим келганидан юрагим эзилди. Сездирмаслик учун гапни дарров ҳазилга айлантирдим:
— Эҳсонбей, чоғимда, гапимга кирмайдиганга ўхшайсиз. Яна жангари қайсарлигингиз қистаб турибди, дейман-а! Ҳозир бориб докторга чақаман, келиб таъзирингизни беради! — дедим.

Патнисни қўйдим-у шошиб ташқарига чиқиб кетдим. Лекин докторнинг олдига бормадим.

* * *
25 фе-в-рал (кеч-ки пайт).

Хайруллобей билан қаттиқ айтишиб қолдим. Иш устида эмас, йўқ, бировларнинг ишига аралашаверишда ҳаддидан ошиб кетгани учун...

Эҳсонбей тўғрисида гаплашиб туриб эдик. Мен юзининг бузилганидан жуда қаттиқ хафа бўлаётганини айцам, Xайруллобей лабини буриб:
— Ҳаққи бор, мен унинг ўрнида бўлсам ўзимни денгизга ташлардим. Бунақа башара балиқларга ем бўлишдан бошқа нимага ярарди! — деб қолса бўладими!

Жоним чиқиб кетди.
— Мен сизни бошқача одам деб ўйлаб юрардим, докторбей. Қалб гўзаллиги олдида юз гўзаллигининг неча пуллик аҳамияти бор? — дедим.

Хайруллобей кулиб, мени мазах қила бошлади.
— Бекор айтибсан, кичкина. Бундақа башарали одамга биров қайрилиб ҳам қарамайди. Айниқса, сенинг ёшингдаги қизлар.

Гапининг ростлигини таъкидлаш учун ёқасини тутди. Мен исён қилдим.
— Сирларимни жиндай-жиндайдан ўғирладингиз, шу йўсинда ҳаётимни озми-кўпми билиб ҳам олдингиз. Менинг чиройли, ниҳоятда чиройли нишонлим бор эди. Мени алдади, мен уни қалбимдан юлиб чиқардим, мен ундан нафратланаман!

Хайруллобей яна хахолаб кулиб юборди. Кейин оқ киприклар ичида муғамбирлик билан кулиб турган мовий кўзларини худди қалбимни кўрмоқчи бўлгандай юзимга тикиб туриб:
— Қани, менга бир қара-чи, кичкина, — деди. — Ундай эмас, кўзимга қараб туриб айт-чи: уни яхши кўрасанми-йўқми?
— Ёмон кўраман, нафратланаман!

Доктор иягимдан ушлади, ҳамон кўзларимга тикилиб туриб:
— Вой бечора-ей! Шунча йилдан бери унинг йўлида қовдек ёниб келяпсан-ку! У ҳайвон сен билан бирга ўзига ҳам жабр қиляпти. Бундақа ишқни у дунё-бу дунё тополмайди, — деди.

Ғазаб кучидан товушим бўғилиб:
— Нечун менга бу оғир туҳматни раво кўрдингиз? Ахир қаердан биласиз? — дедим.
— Эсингдадир, бунга Зайнилар қишлоғида кўришганимиздаёқ тушунганман. Яширмай қўя қол, бекор овора бўласан. Бола кўзларингдан ишқинг ёшдай оқиб турибди...

Кўз ўнгим қорайиб, қулоқларим шанғилларди, у эса ҳамон гапирар эди:
— Сен бошқалардан ажраб турасан, бошқалар орасида ёт-бегонадай кўринасан. Кулишларинг шу қадар ҳорғин, аламлики, юрагим эзилиб кетади, кичкина! Билсанг, туш кўраётган одамларгина шундай кулиши мумкин. Сен аслида бошқалардан ўзгача яратилгансан. Сирли бўсадан туғилиб, яна шу бўса билан озиқланган, ўсган парилар бор, дейишади. Бу гапни бутунлай уйдирма деб бўлмайди, нимага десанг, у париларнинг дунёда намуналари бор. Фаридажон, сен ўшаларнинг биттасисан. Вой тентак қиз-ей, ёмон янглишгансан-да! Нима бўлганда ҳам у эси пастни қўлдан чиқармаслигинг керак эди. Ахир бахтинг очилиб кетарди!

Бирдан фарёд кўтардим, типирчилаб ер тепиндим:
— Нега бу гапларни айтдингиз? Менда нима қасдингиз бор? — деб йиғлай бошладим.

Ана шундан кейин доктор айтган гапларига пушаймон бўлди.
— Тўғри айтасан, кичкина, ҳаққинг бор. Бу нарсаларни сенга айтмаслигим керак эди. Аҳмоқлик қилдим, кечир мени, кичкина, — деб менга тасалли бера бошлади.

Ғазабим ҳаддан ташқари қайнаган эди, юзига ҳам қарагим келмай:
— Кўрарсиз, мен уни ёмон кўрганлигимни бир исбот қилиб берай! — дедим-у эшикни тақ ёпиб чиқиб кетдим.

* * *
Яна 25 фе-в-рал, ке-ча-си.

Эҳсонбейнинг чироғини олиб келганимда, у ҳамон формасини ечмаган, кечки шафақнинг денгиздаги ўйинини дераза ёнида томоша қилиб турган эди.

Мен индамай чиқиб кетмаслик учун:
— Ҳарбий формангизни жуда соғиниб қолибсиз-да, афандим, — дедим.

Хонага оқшом олақоронғилиги чўккан эди. Эҳсонбей шу олақоронғиликдан юраклангандай дудмалгина қилиб кулимсиради, кейин ўз дардини биринчи марта очиб айтди:
— Ҳарбий формани дейсизми, афандим? Ҳа, энди бирдан-бир умидим шунда қолди. Юзимни шу аҳволга келтирган ҳам ўзи. Энди мени бу фалокатдан қутқазадиган ҳам яна ўзи бўлади.

Мен бу сўзларнинг маъносига тушунмай, Эҳсонбейнинг юзига ҳайрон бўлиб қарадим. У чуқургина тин олиб давом этди:
— Бу қийин нарса эмас, Фарида хоним. Асло таажжубга ўрин йўқ. Тўғри ҳаракатдаги армияга қайтаман. Граната чала қолдирган ишни уруш охирига етказсин, ана унда мен ҳам қутуламан.

Ёш маёр бу сўзларни кичкина бола ўксиниши ва изтироб билан айтди. Мен унга орқамни қилиб чироқ ёқаётган эдим. Ҳалиги сўзларидан кейин билдирмасдан гугуртни пуфлаб ўчирдим-у пилигини тузатмоқчи бўлгандай чироқ устига энгашиб, ниҳоятда паст товуш билан:
— Ундай деманг, Эҳсонбей. Xоҳласангиз бахтиёр бўлишингиз мумкин. Масалан, яхшигина бир қизга уйлансангиз, ширингина оилангиз, болаларингиз бўлади, ҳамма нарса эсдан чиқиб кетади, — дедим.

Унга қайрилиб қарамасам ҳам менга ўгирилмай, ҳамон дераза ёнида денгизни томоша қилаётганини сезиб турардим.
— Фарида хоним, нақадар пок юракли қиз эканлигингизни билмасам, мени масхара қиляпсиз деб ўйлардим. Мени шу аҳволимда ким ҳам хоҳлар эди? Мен бу кепатага тушмасимдан аввал ҳеч бўлмаса юзимга кулмай қарашлари мумкин бўлган кунларда ҳам бир қизга ёқмадим, энди шу ногиронлик билан...

Эҳсонбей сўзини давом эттирмади, бир оз жим тургандан кейин, ўзини босиб олишга тиришиб:
— Фарида хоним, булар бекорчи гаплар. Кечиринг, чироқни ёқиб юборсангиз, — деди...

Яна битта гугурт чақдим, лекин қўлимни, нима учундир, чироққа олиб боролмадим, кўзларимни липиллаб турган ўтга тикиб, хаёл суриб кетдим, мен шу тахлитда гугурт чўпининг ёниб бўлишини кутардим. Xонага эски олақоронғилик тушгандан кейин:
— Эҳсонбей, сиз ўша муваффақиятга эришган дамларингизда мағрур, худбин киши эдингиз, — дедим. — Алам ва умидсизлик қалбингизни ҳозиргидай ингратмаган эди. Ўшанда маслагингизни, ҳатто азиз жонингизни ҳам хавфда қолдириб, бир бечора қизни, бошланғич мактабнинг бир фақир муаллимасини ҳимоя қилдингиз. Ке- йин ҳаммасидан ҳам муҳими шуки, — дардингизни биламан, йўқ, яширманг энди, — шу бугунгисидан кам бахциз эмасдингиз. Шундай бўлгандан кейин нега энди ўша бечора бошланғич мактаб муаллимаси ўз ҳаётини сизнинг бахтингиз йўлига тикмасин?

Ярадор маёр ичидан ёпирилиб чиққан бир товуш билан:
— Фарида хоним, илтимос қиламан, рўёбга чиқмайдиган бу хил хаёллар билан мени бутунлай бахциз қилманг! — деди.

Мен қатъий қарорга келган эдим. У томонга шартта ўгирилдим. Бошимни солинтириб:
— Эҳсонбей, мени қабул қилинг, илтимос қиламан!— дедим. — Йўқ деманг, кўрамиз, сизни бахтиёр қиламан, бахтли бўлиб яшаймиз...

Кўз ёшларим ўнгимда парда тортди, қоронғида маёрнинг юзини кўра олмадим. Эҳсонбей узатган қўлимни лабларига келтирди-да, қўрқа-писа бармоқларимнинг учини ўпди.

* * *

Энди тамом! Бундан кейин ҳеч ким уни жигар-бағримдан яхши кўрганимни юзимга сола олмайди.

* * *
Қуша-да-си, 26 фе-в-рал.

Ўша кундан бери сен менинг учун бир бегонадан, душмандан бошқа нарса эмас эдинг, Комрон. Ҳеч маҳал юз кўришмаслигимизни, то ўлгунимизча кўзимиз кўзимизга тушмаслигини, бир-биримизнинг овозимизни бир умр эшитмаслигимизни билардим. Шундай бўлса ҳам, сенинг нишонлинг эканим ҳиссини ҳамиша кўнглимда сақлаб келардим. Нима демай, нима қилмайин мен ўзимни ҳаммавақт сенинг мулкинг деб келаман ва бу тушунчадан ҳеч вақт қутула олмайман.

Ҳа, ёлғон айтишнинг нима ҳожати бор? Бугун нафратларимга, исёнларимга, бутун бўлиб ўтган нарсаларга қарамай, мен яна қисман сеники эдим. Буни биринчи марта бугун эрталаб, бировнинг нишонлиси бўлиб уйғонган дамимда ҳис этдим. Ҳа, бировнинг нишонлиси! Шунча йилларнинг шунча субҳ-сабоҳида сенинг нишонлингман деб уйғониб келганимдан кейин, бирдан ўзга кишининг нишонлиси бўлиб уйғониш!.. Комрон, фақат бугун эрталабгина сендан чинакамига айрилдим. Ҳамда бирон ёдгорлик олишга, сўнгги марта бошини ўгириб орқасига, орқасида қолган нарсаларга қарашга ҳаққи бўлмаган муҳожир сингари айрилдим!..

* * *

Бугун эрталаб Эҳсонбей билан кўришганимдан сўнг уни Xайруллобейнинг олдига олиб бориб, унашганимизни айтмоқчи эдим. Бу катта воқеа учун ҳар куни кийиб юрадиган ҳамширалик халатим тўғри келмаслиги, нишонлимни балки дилгир қилиши мумкин эди. Шунинг учун боғда ўсиб ётган гуллардан узиб, кўкрагимга тақиб олдим.

Бугун эрталаб ҳам Эҳсонбей формада эди. Мени кўриб, ёш боладай очилиб кетди. Шу бугундан бошлаб уни бахтли қилиш менинг бурчим, деб ўйладим-да, зўрма-зўракайига кулимсираб қўлимни узатдим:
— Бонжур, Эҳсонбей, — дедим.

Кейин дастадан бир неча ниҳолни суғуриб олиб, мундирига тақиб қўйдим.
— Бугун кечаси яхши ухлаган бўлсангиз керак?
— Жуда яхши. Ўзингиз-чи?
— Олти ойлик чақалоқдай тинч, бехархаша.
— Ундай бўлса нега юзингиз сарғайган?
— Билмайсизми, бахт ҳам одамни сарғайтиради.

Шундан кейин иккаламиз жим бўлиб қолдик.

Эҳсонбейнинг лаблари оп-оқариб кетган эди. Бир оз жим тургандан кейин оғир-оғир сўзлай бошлади. Ора-сира овозининг титрашидан қўрқиб тўхтаб қолар, кейин яна иккиланиб давом этарди:
— Фарида хоним, сиздан то ўлгунимча миннатдорман. Менга эски бахтиёр пайтларимда ҳам насиб қилмаган мислсиз бир кеча бағишладингиз. Сизга боя ростини айтмадим. Тўғриси, шу кеча тонг отганга қадар мижжа қоқмай чиқдим. «Илтимос қиламан, мени қабул қилинг», деган сўзларингиз қулоқларимдан кетмади... Ухламадим, чунки сизнинг нишонлингиз бўлиб ўтказаётган бирдан-бир кечамнинг бир минутини ҳам зое кетказмаслик керак эди... Умримнинг охиригача сиздан миннатдор бўлиб қоламан.

Эҳсонбейнинг юзига қарадим.
— Сизни ҳаммавақт бахтиёр қиламан, — дедим.

У чуқур ҳаяжон ичида эди. Қўлларимни ушламоқчи бўлди, лекин юраги бетламади. Xудди касал болага гапираётгандек, юмшоқ, меҳрибон товуш билан:
— Йўқ, Фарида хоним, бу кечанинг эртаси бўлиши мумкин эмаслигини билардим, — деди. — Шу кеча ниҳоятда бахтиёр бўлдим. Лекин, шунга қарамай, бугун кетаман, бир неча соатдан сўнг сиздан айриламан.
— Нега энди, Эҳсонбей? Мени хоҳламайсизми? Тўғри эмас, менга шунча умид бергандан сўнг кетиб қолишингиз тўғри эмас!

Офицер орқаси билан деворга суянди, кўзларини юмди, кейин чуқур-чуқур хўрсиниб:
— Оҳ, бу овоз! — деди-да, бирдан силкиниб, қарийб дағал товуш билан: — Яна бир оз ғайрат кўрсацангиз, раҳму шафқат сизни мени яхши кўрганлигингизга ишонтиради, — деб айтди.
— Нега ишонтирмасин, Эҳсонбей? Модомики, сиз билан унашишга кўндим, демак, бунда бир сабаб бор!

Эҳсонбей аччиқ истеҳзо билан жавоб берди:
— Тўғри, модомики, менга тегиш истагини билдиришингиз, демак, мени яхши кўрасиз. Лекин мени бу хилда яхши кўришингизни истамайман. Наҳотки никоҳингизга чин муҳаббат оқибати деб қарасангиз, Фарида хоним!
— ....
— Фарида хоним, наҳотки мени бахциз ногирага қилинадиган шафқатдан афзал бўлмаган ишқ садақасини қабул қилиш даражасига тушган, тамом бўлган бир одам деб ҳисобласангиз?

Поёнсиз бир қайғу ичида бошимни солинтирдим.
— Тўғри айтасиз. Биз иккаламиз ҳам бахциз одамлармиз. Дардларимиз бирикса, бахтларимиз очилиб кетармиди экан, деб ўйлабман... Янглишибман... — Ке- йин деворда осиғлиқ қиличга ишора қилиб илова этдим:— Сизнинг ҳарҳолда тасаллингиз бор. Боя айтганингиздек, фронтга қайтишингиз мумкин. Мен эсам хотин кишиман, сиздан минг марта бахцизроқман...

* * *

Совуқ қиш сабоҳларидан бирида кеча оқшом унашган йигит билан қиз кўкракларига нозик, яшил ниҳоллар тақиб, лабларида ҳам худди ўша ниҳоллар сингари жонсиз табассум билан бир-бирига жилмайиб турарди. Улар ўн минутчадан кейин кўзларида ёш билан бахциз ака ва кимсасиз сингил каби бир-бирларидан айрилдилар.

* * *
Қуша-да-си, 2 ап-рел.

Уч кун олдин мактабни ўзимизга қайтиб беришди. Беш ойлик танаффусдан сўнг кеча яна дарс бошладик. Лекин бундан нима фойда? Ахир ўқиш йили тугаб қолаёзди-ку!

Баҳор синфларни ёрқин қуёш нурлари, эртанги гул бўйлари билан тўлдиради. Деворларда Ўрта ер денгизининг яшил сайқали ўйнайди. Болаларда ҳам, катталарда ҳам ўқиш-ўқитишга майл қолмади.

Бош муаллима Қушадасида қолмайман деб оёғини тираб туриб олди. Шундан кейин уни бундан бир ойча аввал бошқа ерга кўчиришиб, ўрнига мени тайинлашди. «Бош муаллима»лик унвонини битиришиб, ўрнига «мудир» сўзини киритишди. Мен бир жиҳатдан бу нарсага хурсанд бўлмадим, чунки мактабимдаги муаллималар менга хунук қарайдиган бўлиб қолишди. Гарчи булар бунчалик маълумотли, ўқимишли муаллималар бўлишмаса ҳам, ҳарҳолда, ёшлари бир ерга бориб қолган хотинлардир. Маориф министрлигидаги амалдорларнинг тили билан айтганда, ҳар бири ўн беш-йигирма йиллик тажрибага эга бўлган ўқитувчилар эди. Ўшаларнинг ўрнида бўлсам, бир кун келиб қизим тенги бир зинғарчани бошимга келтириб катта қилиб қўйишса, албатта, мен ҳам хафа бўлардим.

Март ойининг бошларида Xайруллобейни пенсияга чиқаришди. У ўзи бадавлат одам, ойликка муҳтож эмас. Шундай бўлса ҳам иззат-нафсига тегди.
— Севгили айиқчаларимдан бир қанчасининг кўзини ўз қўлим билан ёпдим. Менинг кўзларимни ҳам ўшалар ёпса, мозоримга ҳам ўзлари олиб бориб қўйишса девдим, бўлмади, — деди.

Хайруллобей бутун ёшлигини илму фанга бағишлаган, натижада, мукаммал маълумотга эга бўлган киши эди. Уйида жуда катта кутубхонаси бор. Шундай бўлса ҳам дунёда китобдан бемаъни, бекорчи нарса бўлмайди, китобни ёзувчилар ҳам, уни ўқувчилар ҳам ҳаётда ҳеч нимага тушунмайдиган пандавақилар, деб юради.

Кеча ўринли бир далил билан мот қилмоқчи бўлдим.
— Xўп, ундай бўлса, нима учун ўзингиз шунча кўп китоб ўқидингиз, ҳатто мени ҳам ўқишга ташвиқ қиласиз? — дедим.

Бу шундай кучли далил эдики, оқар сувни ҳам тўхтата оларди. Лекин у пинагини бузмади, аксинча, хахолаб кулди, мени эрмак қилиб:
— Роса бопладинг-ку, кичкина! Лекин менинг айтганимни қил, деб сенга ким айтди? — деди.

Бу қари докторга ҳеч тушуна олмайман. Ниманики яхши кўрса, шунга қарши туради. Мени ҳам озор берган пайтларида ҳарвақтдагидан кўпроқ яхши кўрганлигини сезиб тураман.

Хайруллобей армиядаги хизматидан бўшагандан бери куни билан уйига бекиниб олиб китоб ўқийди. Гоҳида эса аскарликдан ёдгор бўлиб қолган этикларини кияди-да, елкасига жандарм сингари милтиғини осиб олиб, Дулдулига миниб чиқиб кетади (Дулдул — унинг яхши кўрган қадрдон оти). Қишлоқларда айланиб юриб касал боқади, ўзини овутадиган нарсаларни қидириб юради. Уйида саксон яшарлик сут энагаси билан у «ўнбоши» деб атайдиган чўлоқ боғбон қолади.

Бундан уч кун аввал Xайруллобей мени Муниса билан уйига чақирди. Кайфи чоғ эди. Мен кутубхонасини ковлаштириш билан овора бўлгунимча, Муниса билан ёш боладай ўйнашди. Мунисага шундай жиддий буйруқлар берардики, кула-кула ўлаёздим.
— Энди бекинмачоқ ўйнаймиз, лекин одам тополмайдиган жойга бекиниш йўқ, бошмалдоқдай боласан, бир ерга кириб олсанг, кечгача қидиришга тўғри келади. Иннайкейин, мабодо мени тополмасанг, ҳайрон бўлма, бекинган еримда ухлаб қолган бўламан, — деди.

Бир неча кундан бери Мунисага чоршаф ёпинтираман. Қизгинам ўн тўртга кириб қолди, бўйи ҳам бўйимга етди. Кичкинам гулдай очилди, оққа мойил оч сариқ сочлари орасидан оппоқ, кулчадай юзи, кун фаслига қараб ўзгариб турадиган кўм-кўк кўзлари билан кулганда ёноқларида гуллар очган, йиғлаганда эса кўзларидан инжулар тўкилган пари қизларига ўхшарди.

Хайруллобей чоршаф ёпинтиришимга тиш-тирноғи билан қарши. Мен ҳам унинг ҳали жуда ёшлигини биламан, лекин нима қилай, қўрқаман. Таниш-билишлардан баъзилари:
— Фаридахоним, сен бунингни эркаклардан қочир. Бевақт қайнана бўлиб қолмагин тағин, — дейишарди.

Ичимда аллақандай ҳовриқиш бор: ҳам суюнаман, ҳам хижил бўламан. Қайнаналарни бекорга заҳар дейишмайди.

Кеча мактабдан келаётган эдик. Бир маҳал кўчанинг ул юзида келаётган ўн олти-ўн етти ёшли хушрўйгина йигитчага кўзим тушиб қолди. Бу мактаб боласининг биз томонга қараб-қараб қўйиши менга ғалати туюлди. Печимнинг тагидан Мунисага секин разм солдим. Нимани кўрдим денг? Ноинсоф сариқ чаён йигитчага кўз қири билан табассумлар узаца-я! Шунчалик ваҳмга тушдимки, кўча ўртасида ҳушдан кетиб қолишимга сал қолди. Қиз тушмагурни қўлидан ушлаб олиб, тергай бошладим. Олдин бўйнига олмади. Қарасаки, мен гапларига ишонмайман, шундан кейин ёлғондакам йиғлашга турди. Сариқ чаён, кўз ёшларини кўрсам, чидолмасдан менинг ҳам йиғлаб юборишимни билади-да.
— Мен ҳам сенга қанақа жазо беришни биламан, — дедим. — Бозордан тўқ яшил ипаклик сотиб олдим, сенга шундан чоршаф тикяпман.

Бугун эрталаб ҳам Муниса билан атиргул мойи устида қаттиқ жанжаллашиб олдик. Бундан бир неча ой аввал Xайруллобей билан гаплашиб ўтириб сўз орасида шу мойни яхши кўрганлигимни айтиб эдим. Билмайман, қаердан топди экан, уч-тўрт кундан кейин Xайруллобей менга бир шиша атиргул мойи келтириб берган эди. Адо бўлиб қолмасин деб жуда тежаб ишлатдим. Xудо умрингни бергур ноинсоф қиз бўлса ҳеч аямайди. Уйда жиндаккина ёлғиз қолдими — бўлди, уй ичини атиргул мойининг ҳиди тутиб кетади. Мен қистовга олсам, ўзини билмасликка солиб:
— Текканим йўқ, опажон, худо урсин, — деб қасам ича бошлайди.

* * *
Қуша-да-си, 5 май.

Бугун эрталаб Муниса бир оз тоби қочиб, ранги ўчиб уйғонди. Кўзлари қизариб, юзи сўлишиб турди. Мактабда ишим ниҳоятда кўплиги учун уйда қолишнинг иложи бўлмади. Битта кампир қўшнимиз бор эди, шундан Мунисага қараб туришни илтимос қилдим-у, ўзим Xайруллобейникига чопиб кетдим. Унга Мунисанинг касаллигини айтиб, келиб хабар олишини илтимос қилмоқчи эдим. Лекин омадим келишмади: ярим соатча аввал Дулдулига миниб, аллақаерга чиқиб кетган экан.

Уйга қайтиб келсам, Муниса ўрнида ётибди. Қўшним эса, умридан барака топсин, кечгача Мунисанинг ёнида пайпоқ тўқиб ўтирибди.

Мунисанинг резандаси, йўтали эрталабгидан анча кучайган, боши ўтдай ёниб турган эди. Овози хириллаб қолибди. Нафас олаётганида томоғида бир нарса ҳалақит бераётганини айтди. Иягидан ушлаб, оғзини очтирдим, бўйнида қўлимга қаттиқ нарсалар, безлар уринди. Кўзларини қамаштирганига қарамай, чироқни оғзига тутиб қарадим. Оғзининг ичида, калта тили атрофида оқ шишлар кўринди.

Муниса менинг ташвишга тушганимдан кулиб:
— Йўталсам нима бўпти, опажон? Зайниларда ҳам йўталардим-ку, эсингиздан чиқдими? — деди.

Кичкинам тўғри айтади. Зайниларда, қаҳратон совуқда, қор ичидан топган кечамизда ҳам йўталмаганмиди? Болаларда шамоллаш нима деган нарса? Ўтиб кетади... Лекин Xайруллобейни топмаганим хижил қилади. Ҳозиргина ўнбоши келиб, Xайруллобейнинг қўшни қишлоқда ётиб қолганлигини айтиб кетди. Xудоё, у келгунча кичкинам туриб кецин-да!

* * *
Қуша-да-си, 18 июл.

Бугун эрталаб ҳисоблаб кўрсам, кичкинамни қора ерга қўйганимга роппа-роса етмиш уч кун бўлибди.

Бу даҳшатли айрилиққа ҳам, бу аччиқ аламга ҳам секин-секин кўника бошладим. Инсон нималарга чидамайди!.

Боя қари доктор билан денгиз бўйига айлангани бордик. Қумлоқдан майда тошлар, садаф қобиқлари йиғиб, денгизга ота ва сокин сув бетида сирғантира бошладим.

Хайруллобей ёш боладай қувонди. Оқ киприклари орасидаги гуноҳсиз мовий кўзларини кулдириб:
— Оҳ, ёшлик, — деди. — Алҳамдулилоҳ, бу аламни ҳам енгдик. Қара, рангинг билан бирга кайфинг ҳам кириб келяпти.

Кулдим.
— Нимага ажабланасиз? Сиздай доктори бўлган кишининг кайфи очилса не ажаб? Бу ахир табиий нарса-ку, — дедим.

Хайруллобей вазмингина бошини тебратди:
— Табиий нарса эмас, кичкина, табиий нарса эмас! Докторлик ҳам инсонлар каби, китоблар каби, вафо ва садоқат каби асоссиз, маъносиз бир сафсата... Муштумдай болани қутқазиб қолишга қурби етмаган бундай фаннинг юзига туфурганим бўлсин!
— Начора, докторбей, хафа бўлманг. Xудонинг хоҳиши шу экан, — дедим.

Доктор алам билан юзимга қаради.
— Бечора кичкинам, биласанми, сенга нима учун раҳмим келади? Бошингда оғир қайғу, ўзинг тасаллига муҳтожсан-у, бировнинг дардини кўриб, ўз дардингни унутасан-да, бошқаларга таскин бера бошлайсан. Сенинг бу мазлумлигинг, бошқаларга раҳмдиллигинг мени йиғлатади, кичкина, — деди.

Бир оз жим тургандан кейин ўзидан шикоят қила бошлади:
— Мен ҳам икки чақага арзимайдиган бўлиб, бачканалашиб кетяпман... Ё жинни-пинни бўлиб қолдимми-а? Қани, кичкина, кетдик, юр.

Сарғайган далалар билан юриб уйга қайтдик. У ерларда ишлаётган деҳқонларнинг ҳаммаси докторни танир эди. Каттакон ғарам ёнида ишлаётган бир қари хотин билан гаплашдик. Xайруллобей бир неча йил аввал унинг неварасини шифолаган экан, кампир ўтириб олиб роса дуо қилди. Кейин саратон қуёшида куйиб-ёниб қўш ҳайдаётган бақувват болани чақирди.
— Бу ёққа кел, Ҳусайн, валинеъматингнинг қўлини ўп. У бўлмаганда сен ҳозир бир ҳовуч тупроқ бўлиб кетардинг, — деди.

Қари доктор Ҳусайннинг офтобда куйиб, терлаб кетган юзини силаб туриб:
— Мен унақа қўлини қуруқ ўптириб кетаверадиганлардан эмасман, йигит. Ундан кўра бизни молангга миндириб ўйнат, — деди.

Иккита кучли ҳўкиз қўшилган молага миндик. Буғдой денгизининг сариқ тўлқинлари устида беш-ўн минутча гашт қилиб айландик.

* * *

Бугун у воқеани ёзсам бўлади, юрагим чидаш берар деб ўйлайман.

Дафтаримнинг охирги саҳифасини ёзган кечамнинг эртасига эрталаб Мунисанинг аҳволи оғирлашди. Овози бутунлай бўғилиб қолди. Бечора болам! Нафас ололмай қийналар эди. Нима бўлса ҳам бошқа доктор олиб келмасам бўлмайди деб энди чоршафимни ёпина бошлаганимда, Xайруллобей кириб келди. У касални қараб, қўрқинчли ҳеч нарса йўқлигини айтди. Лекин қовоғи тушиб, хаёл суриб қолди.

Қовоғи тушиб кетганлиги менга ёқмаганини ботинқирамай ўзига айтдим. Докторнинг жаҳли чиқди. Елкаларини қисиб:
— Кўп ғиди-биди қилаверма! Ўзим чарчаб ўлиб турибман, тўрт соатлик йўлдан келдим-а! Сенларга хизмат этганим етмай, тағин дилимни сиёҳ қилишинг қолдими?— деди.

Хайруллобей оғир касалларни кўрганда ҳарвақт шунақа асабийлик, қўполлик қиларди.

Юзимга қарамасликка тиришиб:
— Кераги бўлмаса ҳам бир-иккита таниш докторларни чақираман. Қоғоз-қалам олиб кел, тез бўл, — деди.

Бугун ҳамма ишим тескарисидан келаверди. Эрталабдан бери мактабдан уч марта ходима чақириб келди. Маориф министрлиги кенгашининг иккита аъзоси билан бир инспектор келибди. Мендан баъзи нарсаларни суриштиришмоқчи эмиш. Xодима учинчи марта келганда, ёқасидан судраб кўчага чиқариб ташлагудай бўлдим.

Хайруллобей, жаҳли чиқиб, мени жеркиб ташлади:
— Сен бу ерда нима қиласан? Бор, ишингни қил. Ўзим чарчаб ўлай деб ўтирибман-у яна сенинг хархашангни ҳам кўтарайми? Бўл тез, чоршафингни ёпин, марш! Бу ерда ивирсиб, мени ишдан қолдиряпсан. Xудо урсин, бўлмаса ҳозир чиқиб кетаман.

Қари доктор овозини шу қадар қўрс, терс қилиб буюрдики, бўйсунмасликнинг иложи қолмади. Чурқ этолмай қолдим. Печим остида йиғлай-йиғлай мактабга кетдим.

Маориф министрлиги мени дунёнинг барча нозу неъматларига ғарқ қилганда ҳам бугунги фидокорлигим ҳақини тўлай олмайди. Инспекторлар синфма-синф юриб болаларни имтиҳон қилишар, дафтарларни кўрмоқчи бўлишар, куракда турмайдиган минг турли нарсаларни сўрашарди. Бошимга тушган фалокат ичида нима ўйлаганимни, жавоб қилганимни билмайман. Вақт чошгоҳдан ошган бўлса ҳам улар ҳамон кетишмас эди.

Охири улардан бири паришонлигимни сезиб:
— Тобингиз йўқми, мудира хоним? Юзингиз изтиробли кўринади, — деди.

Ортиқ ўзимни тутолмадим, марҳамат тилаётгандай бўйнимни эгдим, қўлларимни қовуштириб:
— Уйда болам ўляпти, — дедим.

Ачинишди, бемаъни тасаллилар беришди, кейин кетишимга рухсат этишди.

Уйим билан мактаб ораси ниҳояти беш минутли йўл. Лекин ҳозир у йўлни ярим соат, балки ундан ҳам узоқроқ муддат босдим. Эрталабдан бери тезроқ уйга қайцам деб учиб турганимга, қийналганимга қарамай, энди у ёққа боришга нима учундир оёғим тортмас эди. Кўчаларда ёлғиз гандираклар, деворларга суяниб қолар, юра-юра чарчаган йўловчилардай чашма тошларга келиб ўтирардим.

Уйимизнинг очиқ деразасидан ёт эркакларнинг бошлари кўринди. Эшикни менга ўнбоши очди. Бир нима сўрашга ботинмай, гапирмасайди деб кўзларим билан, паришон аҳволим билан ёлборар эдим. Лекин у мен кутмаган сўзлар билан қарши олди:
— Бола бечора касал... Иншооллоҳ, худо шифосини берар, — деди.

Бирдан шифтлар ларзага келди, зинапоя устида доктор Xайруллобей кўринди, кўкраги очиқ, қўллари шимариқлик эди.
— Ким келди, ўнбоши? — деб ўкирди.

Мажолим қуриб, зинага ўтириб қолдим. Xайруллобей ташқари қоронғисида мени кўргунча кутиб турди, кейин саросимали бир товуш билан:
— Фарида, сенмисан? Жуда соз, қизим, жуда соз,— деди. Кейин секин ёнимга тушди. Аҳволим ҳамма нарсадан хабардорлигимни билдириб турарди. Қўлларимни ушлади, дудуқланиб, тутилиб гапира бошлади: — Қизим, тишингни тишингга қўй, ўзингни маҳкам тут. Иншооллоҳ, тузалиб кетади. Қон қуйдик, қўлимиздан нимаики келса қилдик. Xудонинг даргоҳи кенг. Умид узиб бўлмайди.`
— Докторбей, рухсат беринг, ўзини кўрай, — дедим.
— Ҳозир эмас, Фарида, бир оздан кейин. Энди ухлади. Xудо ҳаққи, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ўлай агар, чарчаб ухлаб қолди.

Ҳовлиқмасдан, лекин қаттиқ туриб талаб этдим:
— Ҳаққингиз йўқ, докторбей, албатта кўришим керак! — Овозимда йиғи бор эди, кейин инграб туриб илова этдим: — Сиз ўйлаганингиздан кўра бардамроқман. Ўзини уриб, дод солади, деб қўрқманг!

Хайруллобей бир оз ўйланди, кейин бошини силкитиб рози бўлди.
— Xўп, қизим. Лекин эсингда бўлсин, беҳуда оҳу воҳлар касални чўчитади.

Инсон ўз уҳдасига бирон мажбурият олгандан кейин қанчали алам ва ҳасратга учрамасин, сукут сақлашга, чидашга мажбур бўлади. Xайруллобейнинг елкасига бошимни қўйиб уйга кирганимда на кўнглимда ҳаяжон ва на кўзларимда бир томчи ёш бор эди.

Орадан етмиш уч йил қадар узун етмиш уч кун ўтган бўлса ҳам, Муниса ётган уй ҳали-ҳали кўз ўнгимдан кетмайди.

Ичкарида кўйлакларининг ёқалари ечилиб, енглари шимарилган иккита ёш доктор билан битта кампир бор эди. Дарахтларнинг япроқлари орасидан тушиб турган чошгоҳ қуёши уй ичини ёрқин ҳаётга тўлдирган. Ташқарида қушлар, чигирткалар чирқиллашади. Узоқдан граммофон овози эшитилади. Уй ичи ивирсиган: курсиларда, рафларда шишалар, пахталар; ерларда, деворларда Мунисанинг минг турли нарсалари. Ойнак ёнида унинг ўзи Xайруллобейнинг боғидан териб келтирган бир даста гул; комод устида Муниса денгиз бўйидан йиққан бир ҳовуч рангли тош, садаф қобиқлари; стуллардан бирининг тагида бир пой туфлиси; деворда Б... даги уйимизда мен сув бўёғи билан солган расми (бошида дала гулларидан ясалган чамбар, қучоғида Мазлум билан тушган эди), сўнгра минг турли мунчоқ, лахтаклар, шиша болдоқлар, келинчаклар сурати солинган откриткалар — хуллас, бир қиз бола қалбининг жавҳарлари, энди бўйинларини қисиб қолган ғарибалари...

«Энди Мунисам чоршаф ёпинадиган катта қиз бўлиб қолди», деб икки ҳафтача бурун никелланган ажойиб каравот сотиб олган, уни худди қўғирчоқникига ўхшатиб тўрлар билан ясатган эдим.

Кичкинам шу ипак кўрпалар ичида ўзи ҳам ипакдай сузилиб, чўзилиб ётарди. Боши худди уйқуда тушиб кетгандай, бир ёнга оғиброқ қолибди. Каравотининг оёқ томонидаги суянчиғида яқинда сотиб олинган тўқ яшил чоршафнинг бичиқлари осилиб ётибди. Бош томонидаги рафда Б... да мен сотиб олиб берган қўғирчоқ кичкинамнинг бўсаларидан ранги ўчган юзи, йирик мовий кўзлари билан унга қараб турибди.

Қизгинамнинг юзида касалликнинг на азоби ва на қийноғи кўринади. Ҳорғинлик уйқуси элитган оғзининг атрофида тирикликнинг сўнгги аломатлари дилдирар, кулимсирамоқчидай очилган лаблари инжу тишларини кўрсатиб турарди. Бу гўзал, айни замонда шўрлик неъматлар, бир қоронғи қишлоқ мактабида қалбимга жо бўлган дақиқалардан то шу бугунга қадар мени бахтиёр қилиб келган эди.

Қушлар ҳамон шодланишади, граммофон ҳануз тинмай чалади, чошгоҳ қуёшининг дарахт япроқларини тараган нурлари бу рангсиз бола юзига ушланган капалак қанотларидан бармоқларда қоладиган йилтироқ чангга ўхшаш бир ранг беради, пешонасига тушган сариқ сочлари билан ўйнашади.

На фарёд кўтардим, на устига ўзимни ташлаб ёқамни юлдим! Қўлларим қари докторнинг бўйнида, бошим унинг елкасида, бу аламли манзарани сеҳрлангандай томоша этардим.

Ўлим бечора боламга ой ёғдуси ҳусни билан яқинлашар, унга хос ҳафифлик билан пешонасидан, лабларидан ўпар эди.

* * *

Докторлар каравотга яқин келишди. Улардан бири шойи кўрпани очиб ташлаб, Мунисанинг яланғоч қўлига игна келтирганини кўрдим.

Хайруллобей хиёл ўгирилиб, гавдаси билан мени тўсиб олди. Ёш докторлардан бири:
— Одеколон, пича одеколон! — деди.

Қари доктор боши билан рафга имо қилди.

Қушлар ҳамон тинмас, граммофон эса шўх куйларини қўймас эди.

Бирдан уй ичини атиргул мойининг ҳиди тутиб кетди. Одеколон топиша олмай, атиргул мойини ишлатишибди.

Атиргул мойи!.. Кичкинамнинг қўлидан тортиб олган эдим-а шу шишани!.. Менга бахш этган шунча шоду хуррамлик эвазига у яхши кўрган арзимас бир нарсани қизғанибман, шундай бағритошлик қилибман-а!

Инграётгандек аламли товуш билан:
— Шишани кўрпага бўшатинг, докторбей. Кичкинам бунинг ҳидидан хурсанд бўлади, — дедим.

Хайруллобей сочларимни силарди.
— Юр, Фарида, юр болам, ташқарига чиқайлик, — деди.

Мунисани охирги марта ўпишни истардим. Лекин юрагим дов бермади, фақат яланғоч қўлини ушладим. Кичкинам ора-сира қўлларимни ушлар, ҳовучимни ағдариб кафтларимдан ўпарди. Мен ҳам шундай қилдим. Бечорамнинг қуришган, сўлишган ҳовучларини устма-уст ўпдим, опасига қилган бутун яхшиликлари учун ташаккур этдим.

Ана шу минутдан сўнг Мунисани қайтиб кўрмадим. Мени жойимга олиб бориб ётқиздилар, ёлғиз қолдириб кетдилар.

Бутун вужудим дағ-дағ титрар, ҳаммаёғимдан тер қуйилар эди. Уй ичига тўлган атиргул мойининг ҳиди тўлқин сингари мени бағрига олар, нафасимни бўғар эди. Ўша он бу ҳид, бу чошгоҳ қуёшининг нурлари, қушларнинг садолари менга йиллар бўйи давом этаётгандай туюлди. Кейин секин-секин кўз ўнгим қорайди. Кўзларимга Муниса, қор бўронлари ичида у йўқолган қоронғи кеча кўринди. Кичкинамнинг эшикни тақиллатган, бўронда чирқираб йиғлагани қулоқларимга кирди.

Кечанинг қайси соати эканлигини билмайман. Ёруғ нур кўзларимни қамаштирди. Сочларимга, пешонамга қўл текканини сездим. Кўзларимни очдим: қари доктор қўлида шамдон билан юзим устида энгашиб турар, сўниқ мовий кўзларида, оппоқ киприкларида ёшлар титрар эди.

Худди туш кўраётгандай:
— Соат неча? Узилдими, а? — деб сўрадим.

Шу сўзлардан кейин секин-секин яна Зайнилар кечасининг қоронғилигига чўмдим.

* * *

Кўзларимни очганимда ётган еримни таний олмадим: бошқа уй, бошқа деразалар... Тирсакларимга тираниб турмоқчи бўлдим, лекин бошим меники эмасдай яна ёстиққа тушди. Шошиб теварагимга қарадим-у яна докторнинг мовий кўзларини кўрдим...
— Фарида, мени танияпсанми?
— Нега танимайин, докторбей? — дедим.
— Xудога шукр, худога шукр. Энди у кунларнинг бетини кўрмайлик...
— Бир нима бўлдими, докторбей?
— Сенинг ёшингдаги болалар учун қўрқинчи йўқ. Бир оз ухладинг, қизим, бир оз ухладинг. Унчалик аҳамияти йўқ...
— Қанча ухладим?
— Кўп-у, лекин зарари йўқ... Ўн етти кунча...

Ўн етти кун! Шунча ухлаш! Қизиқ-ку?.. Ёруғ мени безовта қилгани учун яна кўзларимни юмиб олдим. Бу ўн етти кунлик уйқуга бошқа бировнинг кўксидан чиқаётгандек, бошқа бировнинг лабларидан учаётгандек ғалати бир қаҳқаҳа билан кулдим. Кейин яна ухлаб қолдим.

* * *

Оғир асабий тутқалоқни бошдан кечирдим. Доктор Xайруллобей мени ўз уйига олиб келиб, ўн етти кун тепамдан жилмай ўтирибди. Бу умримда биринчи марта қаттиқ оғришим эди. Тамом тузалиб кетишим қирқ кундан ортиқроққа чўзилди. Кунларча ўрнимдан турмай ётдим. Касалдан кейин сочларим туша бошлади. Бир кун қайчи сўраб олиб, сочимни қирқиб ташладим.

Тузалиш қандай яхши нарса! Одам дунёга янгидан келгандай бўлади. Энг аҳамияциз нарсаларга ҳам чиройли қўғирчоқларга қараган ёш бола сингари суюниб, яйраб-яшнаб қарайди. Ойнакка ўзини урган капалак, ойна чеккасида ранг-баранг товланган қуёш нури, узоқдаги поданинг маърашлари қалбимни лаззат билан типирчилатади.

Касаллик сўнгги уч йил давомида қалбимда йиғилган барча заҳру заққумларни олиб кетди. Xотираларим менга бошқа бировникидай туюларди, чунки улар қалбимда энди на алам ва на ҳаяжон уйғотарди. Дам-бадам ҳайрон бўлиб ўзимдан сўрайман: «Балки булар бир маҳаллар кўрилган тушнинг хира хотираларидир? Ёки буларни бирон эски романда ўқиганмиканман?»

Ҳа, буларнинг ҳаммасини тушда, ундаги одамларни эса ранглари ўчиб, чанг босиб ётган эски суратларда кўргандайман.

Доктор Xайруллобей мажолсиз ётган кунларимда ёнимдан бир кун ҳам жилмай дўстларча парвариш қилди. Гоҳ ҳикоялар айтиб, гоҳ романлар ўқиб, мени зериктирмасликка, кулдириб ўтиришга ҳаракат қилди. Бечоранинг ўзи ҳам роса чарчади.
— Ишқилиб, тузалиб кет... Xудо ҳаққи, оғриб-нетиб қолмаганимда ҳам, азбаройи маза қилиш учун, ипакли кўйлак тиктириб, уч ой кўрпага кириб ётиб оламан. Сенга шунақаям нозлар қилайки... — деярди.

Баъзан ухлаётганга ўхшаш толиқиб қоламан. Юпқалашган қовоқларимдан ўтган қуёш нури менга пушти туюлади. Шундай пайтларда Xайруллобей бош томонимдаги курсида китоб ўқиб ё мудраб ўтирган бўлади. Ана шундай толиққан дамларимда жоним танимдан чиқади-ю, нурдай, овоздай фазоларда учиб юрган бўлиб кўринади. Қаерда, қайси мамлакатга учиб кетяпман? Ўзим ҳам билмайман. Бирдан чуқур чоҳга қулай бошлайман, ана шунда юрагим орқамга тортади, сесканиб уйғониб кетаман. Кўзларимни очиб, узоқ, жуда узоқ ерлардан қайтиб келгандай бўламан. Қулоқларимда нур тезлиги билан манзара тортиб ўтган масофаларнинг шамоллари гувиллайди, кўзларимда етти қават осмонда кўрилган хира, туманли мамлакатларнинг тарқоқ, сўник хотиралари пирпирайди.

* * *

Илгари куни Xайруллобейга:
— Докторжоним, энди бутунлай тузалдим. Уни зиёрат қилиб келайлик, — дедим.

Хайруллобей олдин рози бўлмади. Ярим ой, ҳеч бўлмаса яна бир ҳафта сабр қилишни илтимос этди.

Начора, касалларнинг бир сўзлигини, инжиқлигини қайтариб бўлмайди. Қари дўстимни ахири кўндирдим. Боғдан икки қучоқ гул, денгиз бўйидан бир ҳовуч ранг-баранг тош (кичкинам буларни гулдан ҳам яхши кўрарди) йиғдик.

Мунисагинам Ўрта ер денгизи бўйидаги тепаликка, ўзи каби нозик бир сарв дарахти остига қўйилибди. Қабри ёнида бир неча соат ўтирдик. Касал ётганимдан бери доктор иккаламиз унинг тўғрисида биринчи марта гаплашдик. Кичкинамнинг қандай ўлганини, қандай кўмганларини билгим келди. Қанча қистасам ҳам, Xайруллобей тафсилотини айтиб бермади. Фақат бир нарсанигина била олдим: дафн қилингандан кейин имом Мунисанинг онасини сўраган экан, табиий, ҳеч ким билмабди. Xайруллобей, бу кичкина қизга менинг оналик қилиб юрганимни эслаб, отимни айтибди. Болажонимни «Муниса Фарида қизи» деб тупроққа...

* * *
Қуша-да-си, 1 сен-тябр.

Бугун эрталаб Xайруллобей менга:
— Қизим, мени яна қишлоқдан чақириб келишибди,— деди. — Дулдул сенга омонат. Менга қара, оёғининг ярасини ўзинг боғла, у айиқ ўнбошига ташлаб қўйма. Невлай, Дулдулнинг оёғини ҳам ўзиникига ўхшаш кестирмоқчими дейман-да! Ҳайронман, оёғи ҳеч тузалмаяпти. Яра боғлашни биласан, шундай қил: боғлаб бўлганингдан кейин жониворни боққа олиб чиқиб, беш-ўн минут айлантир, ҳаво олсин. Иннайкейин, иложи бўлса, бир оз, лекин кўп эмас, йўрттир, уқдингми? Энди яна битта иш бор: бугун новвой Xуршид ижара пулини олиб келади. Қайдам, йигирма саккиз лирами, хуллас, келтирган пулини менинг номимдан олиб қоласан. Учинчи ишга келсак, ҳаҳ қуриб кетгур, нима эди? Мия ҳам қолмади... Ҳа, эсимга тушди, кутубхонамни пастга туширтир. Денгиз тарафдаги хонани сенга бераман. Чиройли хона, қиш шамоли урмайди, совқотмайсан.

Қанчадан бери айтмоқчи бўлган гапимни айтиш пайти келган эди.
— Докторбей, Дулдулдан ташвиш қилманг, ижара ҳақини ҳам оламан, лекин учинчисига ҳожат бормикан? Жуда узоқ меҳмонингиз бўлиб қолдим, шунчалиги етар дейман. Рухсат берсангиз, мен кецам, — дедим.

Докторбей қўлларини белига тиради, менга тақлид қилиш учун товушини ингичкалаб:
— Жуда узоқ меҳмонингиз бўлиб қолдим, шунчалиги етар дейман. Рухсат берсангиз, мен кецам! — деди. Кейин қовоғини осилтириб, муштини дўлайтирди: — Нима дединг? Кетасанми? Мана буни кўрдингми! Оғзингни қулоқларинггача йиртаман, ана ундан кейин чинакамига то қиёматгача куладиган бўласан!..
— Лекин, докторбей, меҳмон ҳам иззати билан-да.
— Жуда соз, кичик хоним ҳазратлари, кетмоқчисиз, лекин қаерга?

Кулимсираб жавоб қилдим:
— Докторбей, қаерга боришимни ўзим ҳам билгим келади. Лекин кетиш керак-да. Бутун умр сизнинг олдингизда қололмайман-ку? Шундай эмасми?.. Энг оғир кунларимда менга ёрдам қилдингиз, буни ҳеч маҳал унутмайман, лекин...
— Ҳой, зинғарча, шумлик қилма! Сен билан биз «дўст тутинган иккита човуш» бўлиб қолганмиз. Бас қил, бемаза гапларни!

Хайруллобей иягимдан тутди.

Мен эсам ҳамон тираниб туриб олдим.
— Докторбей, қолсам — ўзимнинг жоним ҳам роҳат қилади. Ишонинг, мен сизнинг ёнингизда ўзимни жуда бахтиёр ҳис қиламан. Лекин қачонгача сизга юк бўламан? Биламан, сиз жуда одампарвар, жонкуярсиз...

Докторбей калта сочларимни тўзғитиб ҳадеб мендан куларди, кейин яна мени эрмак қилиш учун, бетларини бужмайтирди, лабларини чўччайтирди, товушини ингичка қилиб:
— Одампарвар, жонкуяр!.. — деди. — Нима, сен билан трагедия ўйнаябмизми, жинни қиз? Тушунмайдиган махлуқ экансан. Одамгарчилик, жонкуярлик деган нарсаларинг етти ухлаб тушимга ҳам кирган эмас, зинғарча! Мен ўз кайфим учун яшадим, сенга ҳам яна шу кайф учун хизмат қилдим. Сени ёқтирмаган бўлсам, башарангга қарармидим? Ўзимни минорадан ташлаганимни эшицанг, «жонкуярлик, фидокорлик қилди», деб юрма, ишонма! «Бу худбин чол минорадан ўзини ташлаб, қандай маза топди экан?» деб ҳайрон ҳам бўлма. Молернинг битта қаҳрамони бор, менга жуда ёқади. Боёқишни калтаклашаётганда одамлар ёрдамга югуриб келишса, буларни ҳайдаб: «Бор, ишларингни қил! Вой худо! Вой худо! Билмайсизларда, балки таёқдан ҳузур қилаётгандирман!» — дейди. Бўлди, бас қилайлик валақлашни, қизим. Келгунимча уйинг тахт бўлмаса, аҳволингга вой! Битта таниш қоровул бор, йўғон, ўлгудай тўмтоқ, худо ҳаққи, ўшани чақиртириб келаман-у дод деганингга қўймай никоҳингни ўқитаман. Кўрдингми, қанақа жазо бераман?

Хайруллобей баъзи маҳаллардаги сингари яна хунук сўзлар билан ҳазиллаша бошлайди, мени тағин уялтиради, деб ёнидан қочиб кетдим.

* * *

Хайруллобей менинг учун ҳам ота, ҳам яхшигина дўст бўлиб қолди. Уйида ўзимни бегонадай сезмайман, мен сингари қалби синган, ҳаёти барбод бўлган бир қиз қанчалик бахтиёр бўла олса, мен ҳам шунчалик бахтиёрман. Ўзимга минг турли иш ўйлаб топаман: қари энагага ёрдам, уй йиғиштириш, боққа, меваларга, ҳатто докторнинг ҳисоб-китобларига қарашиш, шунга ўхшаган яна минг хил иш...

Бу ердан кетиб қолсам, нима қиламан? Мен ахир ногирон қаторидаман. Дуруст, соғлиғим секин-секин яхшиланиб боряпти, лекин бефойда, ичимда алланарса сингандай кўринади. Эски соғлиғимни, менга ҳамма нарсани ёқтириб келган эски хушчақчақлигимни энди ҳеч вақт тополмайман. Кулиб туриб йиғлайман, йиғлаб туриб куламан. Минутим минутимга ўхшамайди. Масалан, кеча кечқурун кайфим яхши эди. Бошимни ёстиққа қўйганимда ўзимни жуда бахтиёр билдим. Тонготарда, қоронғида эса ҳеч сабабсиз йиғлаб уйғондим. Менга нима бўлди? Нимага йиғладим? Буни ўзим ҳам билмайман. Назаримда, кечаси бу вафосиз дунёнинг ҳамма уйларига бирма-бир кириб, қанчалик ғаму ғусса, қанчалик умидсизлик бўлса, ҳаммасини йиғиб келиб қалбимга жойлагандайман. Бу сабабсиз, номсиз, тилсиз ҳасрат ичида титраб: «Онажоним, онажоним!» деб қичқирар, фарёд қилиб юбормаслик учун қўлларим билан оғзимни тўсардим.

Бирданига қўшни хонадан Xайруллобейнинг овози эшитилди:
— Фарида, сенмисан? Нима бўлди, қизим?

Қари доктор қўлида шамдон билан хонамга югуриб кирди. Нима бўлганини, нимага йиғлаганимни сўроқлаб ўтиришни лозим кўрмай, аҳамияциз, балки маъносиз шафқат сўзлари билан тасалли бера бошлади:
— Ҳечқиси йўқ, қизим, ҳечқиси йўқ. Асаб тутқалоғи, ўтиб кетади, болам. Вой, бечора болам-е!

Кўзларимдан ёшлар қуйилар, овқат тиқилиб қолган қуш болалари сингари оғзимни катта очиб ҳиқиллар, титрар эканман, қари дўстим деразага ўгирилди-да, қоронғида узоқларга мушт дўлайтириб:
— Xудо жазонгни берсин! Ойдай қизни хароб қилдинг, — деди.

Ёлғиз қолсам, шундай касаллик, умидсизлик тутқалоғига қандай бардош бераман, нима қиламан? Буни қаранглар... Ҳозир шу ақлга сиғадиган нарсами? Доктор ҳеч бўлмаганда бир ой, балки бундан ҳам кўпроқ ёнимдан жилмайди...

* * *
Ола-жақоя чор-боғи, 10 сентябр.

Бир ҳафтадан бери Олажақоя чорбоғидаман. Xайруллобей бундан ўн кун аввал:
— Фарида, Олажақояда битта чорбоғим бор. Анча вақтдан бери хабар олганим йўқ. Ишчиларни бўш қолдириб бўлмайди. Сени ўн-ўн беш кунга олиб кетаман. Баҳонада ҳавони ўзгартирасан, баҳринг очилади. Ҳадемай мактабларда ўқишлар бошланади, ана ундан кейин бутун йил қимирлай олмайсан, — деди.
— Докторбей, бағри кенг ерларни жуда яхши кўраман, лекин начора, мактабларнинг очилишига оз қолди. Ҳайронман, қандай бўлар экан? — деб жавоб бердим.

Докторбей жаҳли чиқиб елкасини учирди.
— Ия, борасанми, деб сўраганим йўқ-ку сендан! Ундай бўлармикан-бундай бўлармикан деганинг нимаси? Мен сенга «олиб кетаман», дедим. Докторнинг ишига нимага аралашасан? Рапорт ёзаман-у зўрлаб олиб кетавераман, юр бу ёққа! Тур, бир-икки қатор кийим-кечагингдан, кейин уч-тўртта китоблардан ол.

Хайруллобей менга худди мактаб боласига буюргандай буюрди. Касаллик иродамни заифлаштириб қўйибдими, унга ҳеч бас келолмайман. Қизиғи шуки, бундан зорланмайман, аксинча, унга итоат қилиш ўзимга ёқади.

Докторнинг чорбоғи қаровсиз қолган экан. Лекин ўзи ниҳоятда дилкаш жой! Қишда ҳам бу ерлар баҳорга ўхшармиш. Бир ажойиб тепалик борки, томоша қилган билан одам тўймайди. Бу ер ҳавонинг авзоига: бузуқ ё очиқ, эрта ё кеч эканлигига қараб тусини ўзгартириб, қизил, пушти, напармон, оқ, ҳатто қора рангларда товланиб туради. Шунинг учун ҳам бу ерни «Олажақоя» деб аташган.

Чорбоғ мени кутганимдан ортиқ машғул қилди. Молбоқар хотинлар билан сут соғишдим. Энди мен билан ҳам дўстлашиб қолган Дулдулга миниб, атрофдаги чакалакзорларга бораман. Қисқаси, мен орзу қилган кенг бағрли баҳаво ҳаёт.

Шундай бўлса ҳам кўнглим тинч эмас. Бир неча кундан кейин мактаб очилади. Ишимга боришим, бинони супуртириб-сидиришим керак. Xайруллобейга эса ҳеч гап уқтириб бўлмайди. У кечалари менга романлар ўқитади.
— Булардаги қовушмаган сафсаталарга чидаб бўлмайди, лекин улар сенинг оғзингдан бошқача, ёқимли бўлиб чиқади, — дейди.

Кеча кечаси унга яна китоб ўқиб бердим. Баъзан очиқ сўзлар учраб қолади. Уларни ўқишга уялиб, ўринларига дарҳол бошқа сўз қўйиб ёки шундай жумлаларни ташлаб кетиб ўқийман. Xайруллобей бўлса шошиб қолганимни сезиб, шифтни йиқитгудек қаҳқаҳа кўтаради.

Бирдан қоронғида итлар ҳура бошлашди. Деразани очиб қарадик. Чорбоғ эшигидан битта отлиқ кириб келаверди.

Хайруллобей:
— Ким у? — деб сўради.

Ўнбошининг овози эшитилди:
— Менман.

Ўнбошининг шундай бемаҳалда Қушадасидан келиши бежиз бўлмаса керак. Доктор:
— Иншооллоҳ, тинчликдир. Мен пастга тушиб билиб чиқай. Кечикиб қолсам ётавер, кичкина, — деди.

Хайруллобей ўнбошининг олдида бир соатча қолиб кетди. Юқорига юзи қизариб, қовоқлари осилиб чиқди.
— Ўнбоши нимага келибди, докторбей? — дедим.

У жаҳли чиқиб, бақириб берди:
— Сенга бориб ёт демадимми? Нима қиласан суриштириб? Вой бу қизларнинг миясизлиги-ей! Ўзимга тегишли иш.

Хайруллобейнинг табиатини яхши билиб олган эдим. Бундай пайтларда гапини қайтариб бўлмайди. Чор-ночор шамдонни олиб, хонамга чиқиб кетдим.

Эртасига эрталаб уйғонсам, Xайруллобей муҳим иш билан шаҳарга тушиб кетибди. Бугун қайтмасам, ташвиш қилмасин, деб тайинлабди.

Ўнбоши келтирган хабар докторни қаттиқ безовта қилган кўринади.

Чошгоҳ маҳалида докторнинг уйини йиғиштириб туриб, каравоти ёнида конверт парчасига кўзим тушиб қолди. Олдим. Каттакон бир идоранинг муҳри босилган бу конверт устида фақат «Қушадаси мактаби муд» деган сўзларгина қолибди. Ҳарҳолда, бу хат менга тегишли бўлиши керак... Конверт парчаси мени чуқур ўйлатиб қўйди. Ажабо, буни кеча ўнбоши келтирдимикан? Ундай бўлса нима учун Xайруллобей мендан яширди? Иннайкейин, менга тегишли расмий хатни қандай қилиб очади? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, миямга бошқа фикр кела бошлади: бу конверт, албатта, китоб орасида Қушадасидан келган.

* * *
Қуша-да-си, 25 сен-тябр.

Ҳаётни расвогарчиликдан иборат деганлар нақадар тўғри айтишган!

* * *

Сўнгги воқеани дафтаримнинг сўнгги саҳифасига борича ёзаётибман. Ўзимдан на бир эътироз сўзи ва на бир томчи кўз ёши қўшаман. Мен буни истамайман.

Хайруллобей мени чорбоғда икки кун кутдирди. Учинчи кеча ташвишим шу даражага етдики, эртасига эрталаб нима бўлса ҳам арава қўштириб, ўзим шаҳарга тушишга қарор қилдим. Лекин эрталаб уйғонсам, ўзи келиб қолибди.

Беғам, бепарво Xайруллобейни ҳеч маҳал бунчалик паришон, бунчалик чарчаган авзода кўрмаган эдим. Ҳар маҳалгидай сочларимга лабларини тегизди-да, юзимга диққат билан қараб:
— Эҳ, худо жазоларини берсайди! Туф!.. — деди.

Бошимга янги фалокат тушганини пайқадим, лекин сўрашга журъат этмадим.

Хайруллобей қўлларини чўнтакларига солиб олиб, анча ўйланиб юрди. Кейин қўлларини елкаларимга қўйиб:
— Кичкина, бир нима билганга ўхшайсан, — деди.
— Йўқ, докторбей.
— Биласан, бўлмаса индамай ўтирмас эдинг. Албатта суриштирардинг.

Ғоят оғир, жиддий ҳаяжон билан:
— Йўқ, докторбей, ҳеч нарсадан хабарим йўқ, — дедим. — Фақат таъбингизнинг тирриқлигини, изтироб чекаётганингизни кўриб турибман, бирон қайғунгиз бор. Менинг ҳам ҳомийим, ҳам отам бўлганингиз учун сизнинг қайғунгиз менинг ҳам қайғум, шундай эмасми? Нима бўлди?
— Фарида қизим, ўзингни етарли даражада қувватли сезасанми?

Мароқим ваҳмимдан ошиб тушди. Ўзимни вазмин кўрсатишга киришиб:
— Мен дадил қизман, бунинг исботини бир неча марта ўзингиз ҳам кўргансиз. Айтаверинг, докторбей,— дедим.
— Фарида, мана бу қаламни қўлингга ол, айтган нарсаларимни ёз. Тур, қизим, қари дўстингга баҳузур ишонавер.

Хайруллобей тўхтаб-тўхтаб, ўйлаб-ўйлаб шу сатрларни ёздирди:

«Қушадаси маориф президиуми кенгаши олийларига.

Маориф соҳасидаги хизматимни давом эттиришга саломатлигим йўл қўймагани сабабли, Қушадаси қизлар рушдияси мудирлигидан мени озод қилишингизни сўрайман, афандим».
— Энди, қизим, ўйланиб ўтирмасдан, бир нима сўрамасдан қоғозга қўл қўю, менга бер. Қўлларинг титраяпти, Фарида. Юзимга ҳам қарай олмаяпсан. Майли, қизим, майли, қарамаганинг яхши. Чунки пок кўзларинг билан менга қарасанг, ўзимни йўқотиб қўяман. Ёмон ҳодиса бўлганини тушундинг, шундай эмасми? Энди қулоқ сол, Фарида. Агар ўзингни урадиган, ҳаяжонга тушадиган бўлсанг, гапимни шартта кесишга мажбур бўламан. Сен ҳамма гапдан хабардор бўлишинг керак. Фарида, ҳаётга аралашган шу уч йилнинг ичида одамларнинг қандай махлуқ эканлигини билиб олдим, деб ўйлайсан, шундайми? Бекор ўйлабсан, мен олтмишга кириб қолибман-у ҳалигача одам боласининг нималигига ақлим етмайди. Мен дунёда минг хил пасткашлик, шармандагарчиликни кўрдим-у, лекин бундақангисини қари калламга ҳеч сиғдира олмайман. Биласан, иккаламиз дунёда энг тоза, энг ҳалол, қадрдон дўстлармиз, шундай эмасми? Касал вужудингни ойларча ўз қўлим билан парвариш қилдим, худди ўз қизимдай парвона бўлдим. Биласанми, бизнинг тўғримизда нималар ўйлашяпти, нималар дейишяпти, Фарида? Йўқ, тасаввур қилолмайсан. Мен сенинг ошиғинг эмишман! Юзингни тўсма, йўқ, бошингни баланд кўтар. Юзи қораларгина шундай қилиши мумкин, сен бўлсанг, аксинча, пок қизсан. Биз нима қилдикки, бир-биримиздан уялайлик? Гапимга қулоқ сол, Фарида, қулоқ сол, охиригача эшит. Бу лаънати бўҳтон энг аввал мактабларингда туғилибди. Муаллималаринг орқаворатдан бизнинг тўғримизда ҳар хил бўлмағур нарсалар айта бошлашибди. Сабаби маълум: улар турганда сенинг мудира бўлишинг-да. Мен бундан олти ой аввал сенга билдирмасдан, Измирда дафтардор бўлиб ишловчи бир дўстимга икки энлик хат ёзиб, сенинг мартабангни кўтаришларини илтимос қилган эдим. Сенга бир хизмат қилиб қўяй девдим-да. Бу ҳаракатнинг мен томондан бўлиши шубҳаларини орттирибди

Бу фисқи фасод олови ойлардан бери тутаб келар экан. Ахири бу нарса маориф кенгашмасига, ҳатто қаймақом[4]нинг қулоғигача етиб борибди. Ана шундан ке- йин узундан-узоқ қоғозлар ёзишиб, текшира бошлашибди. Вилоят маориф мудирлигида таржимаи ҳолингни текшириб боқишса, бир нечта қоронғи нуқталар топилган эмиш. Масалан, Истамбулдан Б...га келишинг, кейин марказий рушдиядан ўз ихтиёринг билан бўшаб, бир хилват қишлоққа кетишинг — уларда қочиб юрмаганмикан деган шубҳа туғдиради. Бир неча ойдан сўнг номаълум бир ердан ёрдам келади. Маориф майдонида мисли кўрилмаган бир суръат билан мартабанг ошиб борган, яъни оддий қишлоқ ўқитувчилигидан хотин-қизлар билим юрти ўқитувчилиги даражасига кўтарилгансан. Ке- йин у ердан ҳам сабабсиз бўшаб кетгансан. Бу сафар бошқа вилоятга кетгансан, лекин у ерда ҳам қўним тополмагансан. Ч... маориф кенгашмасидан келган жавобни ўқиб чиқдим, ичимга бир челак заҳар қуйилгандай бўлди, Фарида! Гўё сен у ерда... Йўқ, йўқ, айтмайман!.. Тарбияли, юксак илмли урфон ходимларининг қаламларидан, оғизларидан чиққан нарсаларни менинг бетайин аскар оғзим ҳам айтишга номус қилади. Биласан, мен оғзимга келганини қайтармайман, энг жирканч сўзларни ҳам оғзимда тутиб қололмайман. Xулласи, Фаридажон, ярали оҳуни ов итлари қандай ўраб олишса, сенинг атрофингни ҳам шундай ўраб олишган. Энг масъум ҳаракатинг ўзингга қарши далилга айланган, протоколларга, тергов қоғозларига тушган. Ўқувчи қизларинг касал бўлган пайтларда мени мактабга чақирганинг, кичкинамиз ўлаётганда чидаёлмасдан бошингни бир зумгина елкамга қўйганинг, касал бўлиб қолганингдан кейин тепангда кечирган соатларим — буларнинг ҳаммаси жиноят эмиш! Юзсизлигимиз шу даражага етган эмишки, бу ерларнинг урф-одатини, номус ва иффатини поймол қилибмиз. Атрофимиздаги одамларни писанд қилмаган эмишмиз. Ҳаммага сени касал деб эълон қилиб, ўзимиз далаларда қўлтиқлашиб юрган, молага миниб ўйнаган эмишмиз. Мактабдаги ишингни ташлаб қўйиб, боғимда от чоптириб юрганмишсан. Булар ҳам озлик қилиб, энди шаҳар ташқарисидаги хилват чорбоққа чиқиб кетган эмишмиз

Фаридажон, сенга бу гапларни қандай эшитган бўлсам, худди шундай, бўямасдан айтиб бердим. Ёлғон тасаллилар билан сени яна бир неча вақтгача овута олардим. Умидларингни секин-секин, бирма-бир синдира билардим. Лекин ундай қилмадим. Нима учун, биласанми? Касбим, ёшим менда бир ишонч ҳосил қилди: одам заҳарни биратўла ютиши керак, унда ё ўлади, ё қутулади. Заҳарни сироп билан, билмайман, яна нима балолар билан аралаштириб қултум-қултум ичишдан ёмон нарса йўқ. Фалокатни жиндай-жиндайдан айтиш нима-ю, одамни арралаб ўлдириш нима!

Шундай, Фарида, ҳаётдан қаттиқ шапати единг. Ёлғиз бўлсанг, сени бу зарба ўлдирарди. Ўйлаб кўр-а, шунча одам қушдай бир боланинг устига ташланса, нима бўлади? Шукр қил, тасодиф сени чиринди чуқурига ташланган бир қари чол билан учраштирди. Умрим соати аллақачон ўн бирни уриб бўлган. Майли, зиёни йўқ. Сенга хизмат қилиш учун қолган умрим ҳам етади. Шунга муяссар бўлсам, бир тўда аҳмоқона ғийбатлар ичида хазон бўлган кунларимга ачинмай ўтаман. Қўрқма, Фарида, бу ҳам ўтиб кетади. Ёшсан, умидингни узма, ҳали бахтли кунларинг бўлади, кўрасан.

Истеъфонгни ўзим элтиб бермоқчи эдим, айнидим. Сени шу аҳволда ёлғиз ташлаб кетиб бўлмайди. Ёш болалар ҳаётида баъзан аҳамияциз нарсалар ҳам аҳамият касб этиб қолади. Юр, Фарида, очиқ ҳавога чиқайлик, қўйлар, сигирлар олдига борайлик. Бу ҳайвонлар кўрган яхшиликларини эвазсиз қолдиришмайди, ишонавер.

Қари доктор истеъфомни конвертга солиб, ўнбошига берди.

Бу бир парча қоғоз умримнинг бир бўлагинигина эмас, кўнглимнинг сўнгги тасаллисини ҳам олиб кетди. Нақадар аламли, ё раббий, нақадар аламли! Нимагаки умид билан қўл чўзсам, умидим пуч чиқади, нимагаки меҳр қўйсам ўлиб кетади! Мана, уч йил аввал куз оқшомларининг бирида қизлик рўёларим, булар билан бирга ўз болаларим ҳақидаги орзу-умидларим, кейин эса Мунисам ўлди. Булар орқасидан зора етим кўнглимни овутишса, деб умид қилган ўқувчиларимдан айрилдим. Жўжаларини таҳликада кўрган она қуш сингари мени талпинтирган, титратган бу нарсалар куз япроқлари каби бирин-кетин хазон бўлиб, тўзғиб кетяпти. Мен ҳали йигирма учга тўлганим йўқ. Юзимдан, танимдан болалик излари кетгани йўқ, лекин кўнглим ўзим меҳр қўйган нарсаларимнинг ўликлари билан тўлди!

* * *

Хайруллобей уч кунгача ёнимдан бир қарич ҳам жилмади. Шунчалик катта фалокат олдида ўзимни оғир тутишимга, сукут қилишимга ишона олмас эди. Кечалари ётганимдан сўнг эшигимга келиб:
— Фарида, бир нима керак эмасми? Уйқунг келмаётган бўлса, кирайин, — дейди.

Учинчи куни эрталаб барвақт турдим. Ҳаво илиқ, осмон очиқ, худди май кунлари дейсиз. Xайруллобейга ўзим сут соғиб келдим, нонушта тайёрладим.

Қўлимда патнис, чеҳрамда нашъа билан уйига кулимсираб кирганимда, доктор мени кўриб суюниб кетди.
— Офарин, Фарида! Жуда хурсанд бўлдим. Нима қиласан, дунёнинг дардини тортмаган энди сен қолувдингми? — деди.

Деразасини очдим, ивирсиб ётган нарсаларини йиғиштирдим. Кейин чорбоғдан, қўйлардан, чўпонлардан гап очдим. Тинмай гапирар, кулар, ҳатто бир маҳаллардаги, эски мактабимдаги сингари ора-сира ҳуштак ҳам чалиб қўярдим.

Хайруллобей таъриф қилиб бўлмайдиган даражада суюнди. Унинг хурсандлигини кўрган сарим кўнглим очилиб борди.

Ниҳоят, кўнглимдаги гапни айтиш пайти келди. Докторнинг курсисини деразага яқин келтириб қўйдим, тиззаларини иссиқ нарса билан ёпдим, ўзим эса дераза токчасига ўтириб олдим.
— Сизга айтадиган гапларим бор эди, докторбей, — дедим.

Хайруллобей кўзларини қўли билан тўсиб:
— Айта қол, лекин пастга туш. Xудо кўрсатмасин, йиқилиб-нетиб кетма, — деди.
— Xавотир қилманг, докторбей, менинг ёшлик чоғларим дарахт шохларида ўтган. Ҳозир сизни хурсанд қиладиган битта гап айтаман. Кўряпсизми, мен қандай оғирман? Кеча кечаси муҳим бир қарорга келдим.
— Нима қилмоқчисан?
— Яшамоқчиман..
— Бу нима деганинг?
— Тушунмаяпсизми? Ўзимни ўзим ўлдирмайман деганим-да! Чунки бир неча кун аввал чиндан ҳам шундай қарорга келган эдим.

Бу сўзларни ҳазиллашаётган бола тили билан, кулиб туриб айтдим. Қари доктор ваҳимага тушиб, ўрнидан сакраб туриб кетди.
— Нима деб лақиллаяпсан, зинғарча! Бу нимаси? Агар сенинг ўрнингда мен ўтирган бўлсам, ваҳмдан пастга йиқилиб чалпак бўлиб кетардим. Бас, туш пастга, худо хайрингни берсин, туша қол. Яна бирон фалокат бўлиб-нетиб қолмасин...

Мен кулиб юбордим.
— Яшамоқчи бўлганимни айтганимдан кейин ҳам йиқилиб кетишимдан қўрқиш ғалати эмасми, а, докторбей? Нима учун яшашга қарор қилганимни биласизми? Ҳозир айтиб бераман. Анчагина сабаблари бор. Аввало, ўзимни ўлдиришга юрагим дов бермайди. Сиз менинг ҳадеб ўлимдан гапиришимга парво қилманг. Ҳар нима бўлганда ҳам ўлишдан жуда қўрқаман. Ўлишдан бошқа чора қолмаса ҳам, барибир, қўрқаман, докторбей.

Бу сўзни қўлларимни узатиб, бўйнимни эгиб туриб, самимият билан айтдим.

Хайруллобей ҳаяжон билан қўлимдан ушлади, тортиб тушириб бир кичкина курсига ўтқазди.
— Ҳеч тушуниб бўлмайдиган махлуқсан-да, Фарида! Бир қарасанг — муштумдай кичкина боласан, бир қарасанг — донишмандларга ўхшайсан, ғалати одатларинг, одам ишона олмайдиган довюраклигинг бор... Жуда соз, айт, Фарида, қулоғим сенда.
— Сиз бирдан-бир дўстим, айни замонда отамсиз. Xўп, яшайман. Ўзимни ўлдира олмаслигимни тушунганимдан кейин яшамай нима иложим бор? Лекин қандай яшайман? Менга йўл кўрсатинг. Бирон маъқул нарса ўйлаб топсангиз, қандай яхши бўларди!

Хайруллобей қошларини чимириб, ўйланиб қолди. Бир оздан кейин:
— Фарида, — деди, — бу нарсаларни мен ҳам ўйловдим. Фақат ўзингга келгунингча айтиш фикрим йўқ эди. Модомики, ўзинг ўзингни тетик сеза бошлабсан, хўп, қизим, айцам айта қолай. Энг аввал муаллималик қилишдан бутунлай умид узишинг керак. Бўлиб ўтган воқеа тўғрисида бугун сенга баъзи тафсилотларни беришим мумкин. Бундан ўн кун аввал вилоятдан бир инспектор келди. Моржники сингари оғзидан сўйлоқ тишлари туртиб чиққан, бадбашара бир нусха! Ана шу нусха раислиги остида бир текшириш комиссияси ташкил қилишган экан. Аризангга биноан бўшатишдан аввал сени тергаб кўришмоқчи бўлишибди. Ўша кечаси ўнбоши келтирган қоғоз чақириқнома эди. Ўйлаб кўр-а, Фарида, сен шундай бир ҳайъат олдига қандай қилиб борардинг? Қабиҳларнинг оғзидан чиққан ифлос туҳматларга қандай жавоб қилардинг? Бу хабарни эшитиб ақлим бошимдан учди. Комиссия йиғилган хонани кўз олдимга келтирдим: сени у морж тишли нусха қаршисида қора чоршафда, сарғайган бола чеҳрасида, бўйнингни эгиб турганингни кўрдим. Сени парчалаб ташлаш қасдида бўлган у нусха «Бўри билан Қўзичоқ» масалидаги йиртқич сингари сувдан баҳона излар, ўзи сингари ифлос, шарманда бўҳтонларни такрорларди. Ақлини еб қўйган солдатнинг сал-пал қўпол сўзлари олдида рангдан рангга кирадиган масъум юзинг, ҳуркак оҳу кўзларинг ўша морж рўпарасида термилиб турсинми?..

Хайруллобейнинг ҳалим, мовий кўзларида мен ҳеч маҳал кўрмаган ғазаб олови чақнади. У иягини қалтиратган, тишларини ғижирлатган бир титроқ билан муштини силкитиб:
— Шу чиройли оғзимни бир очдим, моржнусхани шунақаям боплаб саваладимки, Фарида... Шунда сассиқ вужудига ўқ уришса, бир томчи ҳам қон чиқмас эди. Илгари куни эшитдим, мени судга берибди. Қани энди суд тезроқ бўла қолса! У ифлосларнинг қилмиш-қидирмишларини судда бетларига солиб бир хумордан чиқайки!..

Қари доктор кўзларидаги у ғазаб олови, юзидаги у даҳшат қизиллиги йўқолгунча жим турди. Кейин яна эски илиқлик, меҳр билан менга қараб, илгариги ҳалим товуши билан гапира бошлади:
— Икки ўртада нима бўлса ҳам сенга бўлди. Калтак сенинг бошингда синди. Мени зўрлаб истеъфо ёздирди, деб кейинча хафа бўлиб юришингни хоҳламайман. Ўқитувчилик билан алоқангни бутунлай кесишинг керак эди. Оллоҳ бу кўзларни, бу лабларни кулиш ва теваракдагиларни бахтиёр этиш учун яратган. Моржнусхалар олдида титрасин, йиғласин деб эмас... Фарида, сенга яна бир нарса айтмоқчиман. Энди сенинг олдингдаги масъулиятим икки баравар ортди. Чунки бу фалокатнинг тушишига мен сабабчи бўлдим. Шунинг учун буни даф қилиш ҳам менинг зиммамга тушади. Яна қайта айтаман: бир ерга бориб ишлаш фикрини миянгдан чиқар. Бугунги мушкулдан бир амаллаб қутулиб кетармиз, лекин ишга киргудай бўлсанг, эртага бошқа бир баҳона билан яна шўрингни қуритишади. Бунинг устига, балки у вақт мен дунёда бўлмасман. Қани, кел, иккаламиз бирга ўйлашайликчи. Истамбулга, қариндошларинг олдига қайтишнинг иложи борми?

Бошимни солинтирдим.
— Йўқ, докторбей, улар мен учун тамом бўлган одамлар.
— Бўлмаса, яна битта чораси бор: ажойиб бир йигитга турмушга чиқсанг қалай бўлар экан?
— Йўқ, докторбей. Дунёдан тоқ ўтишга аҳд қилганман.
— Эрга тегсанг бахтли бўлишингга менинг ҳам унча ишончим йўқ, Фарида. У лаънати қалбингга шундай кириб олибдики, чиқариб ташлашнинг ҳеч иложи йўқ.
— Докторбей, оёқларингизни ўпай, хоҳлаган нарсангиздан гапиринг, лекин бу тўғрида...
— Xўп, хўп, кичкина, хўп.
— Қуллуқ, докторбей.

Хайруллобей мўйловларининг учини тишлаб туриб, анчагина ўйланди.
— Xўп, бўлмаса нима қиламиз? Муҳтожликдан қўрқмасанг ҳам бўлади, бунинг хавфи йўқ. Чунки мана шу кичкина боғу чорбоғимдан тушиб турадиган даромад иккаламизга ҳам баҳузур етади. Гапнинг рости, пулларимни нима қилсам экан, деб ўзим ҳам бошимни қотириб юрардим. Сенинг бахтинг йўлига сарф қилмасам, нимага сарф қиламан?

Берадиган жавобим уни хафа қилишини билардим, начора, айтмасдан иложим йўқ. Тиззаларини силаб, қўрқиб туриб:
— Лекин, докторбей, сиздан пул ёрдамини қайси сифатда қабул қилишим керак? Шундан кейин мен нима деган одам бўламан? — дедим.

Хайруллобейнинг жаҳли чиқмади, бироқ кўнгли озор топиб, юзимга ўпкаланиб қаради.
— Айб, Фарида, айб! — деди. — Бир-биримизга шунчалик суяниб қолганимиздан кейин бундай дейишинг айб. Лекин, афсуски, сен ҳеч нимани парво қилмайдиган, мустақил, эркин кўринсанг ҳам, ҳақиқатда тўпори, бурнидан нарисини кўрмайдиган, шўри қуриган қиз экансан. «Хинали қўзи» деб аталганлар тоифасидан чиқиб қолдинг... Бундай бўлмаслиги керак эди, нима қилайлик, бўлар иш бўлди. Энди менинг гапларимга диққат қил, Фарида. Қари, самимий дўстидан кичкинагина ёрдам олишни ҳам ўзига эп кўрмайдиган сен сингари мағрур бир қиз ана шунча гап-сўздан, ғийбатдан, туҳматлардан ке- йин қандай қилиб якка ўзи яшай олади? Шунинг учун ҳам бошингни иккита қилиб қўйсак қалай бўлар экан девдим, Фарида. Бировдан ёрдам олишни хоҳламайсан, ишлашни хоҳлайсан, лекин бунинг имкони йўқ. Бирга турайлик, ажрашмайлик десам, бунга ҳам кўнмайсан, шундай эмасми? Ана, бошингни солинтириб олдинг, жавоб бергинг йўқ-да. Лекин ростини айтганда, менинг ўзим ҳам буни мушкулни осон қиладиган тўғри йўл деб ҳисобламайман. Кўнглимизда бор гапларни нега энди шартта-шартта очиб айтмайлик? Xабаринг йўқ, маҳалла номидан шаҳар бошлиғига элчилар борибди. Мени уйимда оила аъзойимдан, қариндош-уруғларимдан бўлмаган бир қиз билан туради, бу урф-одатимизга, шариатимизга тўғри келмайди, деб шикоят қилишибди. Ҳатто, ҳатто сенинг бошқа юртга юборилишингни ҳам талаб этишибди. Ҳамманинг айбини бетига соладиган «кўрқози» бўлганим учун мени одамлар унча ёқтиришмайди. Шу баҳонада нима учун менга ҳам битта таёқ тушириб қолишмасин, шундай эмасми? Гапнинг қисқаси, Фаридажон, на мен билан яшашингнинг имкони бор ва на ўз бошингга яшашингнинг. Ноҳақ шубҳалар билан ҳаётингни заҳарлашади. Бу лаънати доғ қаерда бўлсанг ҳам сени тинч қўймайди. Ўтмишингдаги кичкина қора доғ ҳам ҳар бир муттаҳамга, ҳар бир фирибгарга сени ҳақорат қилиш ҳуқуқини беради. Нима қилдик энди, Фарида? Нима чора топсак экан? Сени қандай қилиб ҳимоя қилсак экан?

Ўлим тўшагида ётган касал мазлумлиги билан юзига қарадим, қалбимдаги чуқур умидсизликка қарамай кулимсираб туриб:
— Ниҳоят, ўлимни ўйлашга ҳаққим борлигини сиз ҳам тан ола бошладингиз. Мана шу қуёшга, мана шу дарахтларга, ҳов анови узоқдаги денгизга бир қаранг-а, докторбей. Менчалик жони бўғзига келмаган бир инсон ўз қалбининг ризолиги билан мана шу ажойиб дунёдан кетгиси келадими?

Хайруллобей қўли билан оғзимни ёпди.
— Бас энди, Фарида, бас қил! Умримда қилмаган номаъқулчилигимни ҳозир қилдирасан. Ҳали замон ёш боладай ҳўнграб йиғлаб юбораман.

Япроқлари тўкилган яланғоч шохлар орасида порлаб турган куз қуёшига қўл чўзиб:
— Мен анчагина қариб қолганман. Мен ўз умримда одамларнинг қайғу аламларини, бечорачилик ва муҳтожликларини жуда кўп кўрганман. Мана шу қўлларим билан қанча очиқ қолган кўзларни ёпганман. Лекин мен олдимда ўлиш мажбуриятида шу қадар хотиржамлик билан сўзлаётган мана шу чиройли қиз юзидан, кулиш баҳонасини қидираётгандай титраётган ярамас лабларидан ҳам зўрроқ фожиани кўрмаганман!

Хайруллобей тиззалари устидаги ёпиқни ирғитиб ташлаб, хона ичида анчагина ўй суриб юрди. Кейин олдимда тўхтаб:
— У ҳолда охирги чорани қўллаймиз, — деди. — Сени шариатларига мувофиқ шарт билан уйимда олиб қоламан, шу тариқа ҳимоя қиламан. Тайёр бўл, Фарида. Келаси пайшанбада...

* * *

Бир ҳафтадан бери Қушадасидаман. Эртага келинчак бўламан. Xайруллобей ҳам ўзининг хусусий иши, ҳам уйга баъзи янги буюмлар олиш нияти билан илгари куни Измирга тушиб кетди. Бугун кечқурун келар экан, телеграмма олдим.

Янги буюмларнинг ҳожати йўқлигини айтиб эдим. Ғалати далиллар келтириб, қарши чиқди:
— Йўқ, нишонли хоним, бу қариб қолганлигимни пеш қилиш бўлади. Ҳа, тақдир орамизга ўттиз беш-қирқ йилни суқиб қўйиб, катта хато қилган, лекин бунинг аҳамияти йўқ. Асл ёшлик — кўнгил ёшлигидир. Сен менга қарама. Мен йигирма ёшли йигитлардан ҳам бардамман. Иннайкейин, сени ясанган-тусанган келинчак ҳолингда ҳам кўргим келади. Мен бева эркак ҳисобланаман, шунинг учун орзум ичимда кетмасин. Сенга Измирдан аломат келинлик сарполари олиб келаман.

Мен рўпарамга қараб, индамай турдим. Xайруллобей сўзини давом эттирди:
— Иннайкейин, сенга кўрмана совғаси бераман, шунақаям аломат совға бўладики! Қани топ-чи: балдоқ, узук, маржон, инжу, қайси бири? Йўқ, тополмайсан, буларнинг ҳеч биттаси эмас. Бошингни қотирма, тополмайсан. Мен сенга битта етимхона совға қиламан!

Ажабланиб юзига қарадим. У хурсанд бўлиб кулар эди.
— Кўрдингми, сенга ёқадиган нарсани топганимни,— деди. — Олажақоядаги чорбоғимизни ўттиз-қирқ кишилик етимхонага айлантираман. Теварак-атрофдаги етим-есирларни тўплаймиз. Мен докторлик қиламан, сен бўлсанг муаллималик, ҳам оналик қиласан.

* * *

Бу сатрларни тузала бошлаган кунларимда ётган хонам деразаси олдида ёзмоқдаман. Боғда шохлардан сира тинмай қуруқ хазон ёмғири ёғаётир.

Дарахтларнинг шохларини яланғочлаб тўкилаётган бу хазонлардан баъзиларини шамол деразадан учириб киради, дафтаримнинг сарғайган саҳифаларига сочиб кетади.

Қари дўстимнинг сўниқ мовий кўзларидаги шафқат, марҳамат, пок ва ғаразсиз оталик муҳаббати кўнглимда сўнгги яшил япроқ каби яшар эди. Унга эр деб қарашга мажбур бўлган кунимдан бери бу сўнгги япроқ ҳам сарғая бошлади. Ҳаёт шундай бўлгандан кейин қўлимиздан нима ҳам келарди? Бунга ҳам бўйин эгишим керак.

Чумоли оёғи сингари ингичка ёзувлар билан тўлган хотира дафтаримнинг охирги саҳифасига келдим. Қандай мунгли тасодиф! Саргузаштларим билан бирга дафтарим ҳам тугаётир. Янги ҳаётим учун янги дафтар тутишнинг ҳожати йўқ, айтар нарсаларимни айтиб бўлдим... Ахир эртага бошқа ҳаққим борми, қандай жасорат қиламан? Индинга эрталаб бировнинг хонасида уйғонадиган ёш жувоннинг ҳаёти қисман шўхлик, қисман кўз ёшларидан иборат бўлган Чолиқуши билан қандай алоқаси бўлсин?

Чолиқуши бугун ўзининг кўз ёшлари билан ивитган дафтар саҳифаларига тўкилган куз япроқлари орасига абадий кўмилади.

Айрилиқнинг бу сўнгги соатида ҳақиқатни яшириб ўтиришнинг нима кераги бор? Сен ўқимайдиган бу дафтаримни фақат сен учун ёзганман, Комрон! Ҳа, нимаики деган бўлсам, нимаики ёзган бўлсам, ҳаммаси сен учун эди. Янглишганимни, ниҳоятда катта хатога йўл қўйганимни мана бугун бўйнимга оламан. Мен ҳеч бир нарсага қарамай, сен билан бахтиёр бўла олардим. Ҳа, ҳеч нимага қарамай севилардим, севилганимдан ҳам бехабар эмас эдим, лекин бу мени қаноатлантирмади. Xоҳлардимки, мени кўп, яна ҳам кўп севсинлар, мен севган даражада бўлмаса ҳам (чунки бунинг имкони йўқ), лоақал шунга яқин бир севги билан севсинлар. Шунчалик севилишга менинг ҳаққим бормиди? Йўқдир, деб ўйлайман, Комрон. Мен кичкина, жоҳил қизман. Севишнинг, ўзини севдиришнинг усули бор, шундай эмасми, Комрон? Ҳолбуки, мен бу нарсани ҳеч, ҳечам билмас эдим...

Сенинг «сариқ гулинг» ким билсин, қандай жозибали хотин эди экан! Бу сўзларни сенга таъна қилиш учун айтаётганим йўқ, Комрон. Ишон, агар у сени бахтиёр қилган бўлса, хаёлимда у билан ярашишга тайёрман. Ким билсин, у сенга қандай чиройли сўзлар айтган, қандай чиройли хатлар ёзган экан? Мен эсам, балки сенинг болаларингга, болаларимизга яхшигина она бўла олардим. Фақат шугина.

Комрон, мен сени қанчалик севганимни сендан айрилганимдан кейингина билдим. Ҳаётда орттирган тажрибаларим, бошқаларни севгани учун дея кўрма, зинҳор ундай эмас! Мен буни кўнглимнинг ичидаги умидсиз хаёлингни сева-сева билдим.

Зайнилар қабристонининг қоронғилигида, шамол эрталабгача ўкириб чиққан узун кечаларда, қишлоқ араваларининг қўнғироқлари ингичка овоз билан жиринглаб турган кенг далаларда, толзорнинг хушбўй лох ҳидлари билан тўлган илиқ йўлларида ҳам ҳаммавақт сенинг ёнингда бўлдим, хаёлинг бағрида яшадим.

Эртага мени қайлиқ қиладиган боёқиш чол мени оқ гул каби масъум бир қиз деб ҳисоблайди, о, қандай янглишади!

Севги савдоси биронта бева қалбини, вужудини меники қадар яксон, хокисор қилмагандир, деб ўйлайман.

Комрон, бир-биримиздан асли бугун айриламиз. Бугун бўлиб ўтган нарсаларга қарама, сен ҳаммавақт бир оз меники эдинг, мен эсам бутун қалбим билан сеники...

(Фа-ри-да-нинг даф-та-ри шу ер-да ту-гай-ди.)

Бешинчи қисм

I

— Комрон дейман, сен билан ҳамроҳ бўлиш, худо ҳаққи, азобда қолиш деган сўз экан. Шу икки соат ичида юзта нарсани сўрагандирман, нуқул «ҳа» ё «йўқ» деган жавобдан бошқа нарса ололмайман! Мундоғ ўзингни йиғиштириб ол, ўғлим!

Комрон бузуқ йўлларда тебраниб бораётган араванинг бир чеккасида оқшом шамолига қарши ёқасини кўтариб қўйиб, Мармар денгизига ўйчанлик билан тикилиб борарди. Кўзларини денгиздан зўрға узиб, кулимсиради.
— Икки соат ичида икки юз саволга икки юзта жавоб бериш, назаримда, оз нарса бўлмаса керак, почча, агар улар қисқагина «ҳа», «йўқ» қабилида бўлганда ҳам.
— Дуруст-у, лекин ўйлаб жавоб бераётганинг йўқда, ўғлим! Ҳаммаси паришонхотирлик билан бўляпти.
— Нима ҳам дердик, почча, сизларнинг курортларингизда касалларни шифолашнинг шунақа ажойиб усули бор экан! Қайдам, мени бекордан-бекорга ўйлатиб чарчатишдан бирон мақсадингиз борми?
— Вой нонкўр-ей, сенга ҳеч ёқиб бўлмас экан-да! Ҳа, чиндан ҳам сени ўйлашга мажбур қилмоқчиман; лекин мақсадим сени чарчатиш эмас, бошқа ўйларингга ҳалақит бериш эди, ростини айцам, ҳафсалам пир бўлди. Сени қимирлатишнинг иложи йўқ кўринади. Рост-да, мана, уч кун бўлди, бир баҳона билан сени қишлоқ тўйига олиб бордим. Турли-туман одамларни кўрдинг, довул, сурнай чалганларини эшитдинг, ўйинга тушган йигитларни, курашган полвонларни кўрдинг. Мен роса маза қилдим, сен бўлсанг без бўлиб ўтирдинг! Йўқ дема! Кўзим бор, ақлим, фаросатим бор!
— Сизга қандай тушунтирсам экан, почча! Мен аслда бошқача яратилган бўлсам керак...
— Йўқ, ўғлим, сен ўзингга дуруст қарамайсан. Лоақал мендан ибрат ол: олтмишни уриб қўйибман-у, кундан-кунга яшариб боряпман.
— Ҳазир бўлинг. Ойша холам билиб қолмасин.
— Билса билаверсин, менга нима! Бу ерга келганимда қарироқ кўринмасмидим?

Комрон кулимсиради.
— Менинг Тақирдоғига келганимга ўн йил бўлди. Ҳали-ҳали эсимда. Шунақа август кечаларидан бири эди...

Азизбей қўлларини бир-бирига урди.
— Қара-я, ё оллоҳ, умр қандай тез ўтади-я! Яшавор-е! Мана энди ўғлинг тўртга кириб қолди. Фарида билан ҳам беш йилча унашганча юрдинг. Эҳ, Комрон, Фарида бечорага шунчалик жабр қилганингни ҳали-ҳали ақлимга сиғдиролмайман! Чолиқушининг булбулдай овозини, гулдай юзини эсласам, юрагим ачишиб кетади. Орадан ўн йил ўтиб кетибдиямки, уйимиз орқасидаги боққа қарашга юрагим дов бермайди-я. Ҳа, жон бераётганингда сенинг бу гумроҳлигингни кечирмайман, Комрон!
— Почча, ўзингиз баҳрини очгани олиб кетаётган бир касалга шундай сўзларни айтиб бўладими?
— Тўғрику-я, лекин сендаги дарднинг бу нарсаларга ҳеч алоқаси йўқ-да. Яхши кўрган хотинингга уйландинг-у, ақалли бир йил ҳам бахтинг очилиб умр қилолмадинг. Мунаввар бетоб бўлиб ётиб қолди. Уч йил умрингни касал боқиш билан ўтказдинг. Шифо истаб қаерларга олиб бормадинг. Шаҳзода ороли қолмади, Швейцария қолмади... Тақдирга чора йўқ экан! Ўтган қиш хотининг ўлди, ўзинг-чи, бошингни кўтаролмай қолдинг. Ўзингни мундоғ қўлга ололмайсан. Xудди касал одамга ўхшайсан. Бу нарсаларнинг Фаридага нима алоқаси бор? Сен-ку бошқа бировни яхши кўрардинг...

Комрон яна боягидай аччиқ бир кулимсиш билан жавоб қилди:
— Йўқ, почча, ҳеч ким менга ишонмайди, сиз ҳам, албатта, ишонмайсиз; девоналик деб ҳисоблайсиз. Ҳаётимда баъзи саргузаштлар, ҳатто анча жиддий саргузаштлар ҳам бўлди. Лекин сизга ишонтириб айтаманки, мен дунёда ҳеч бир нарсани, ҳеч бир кимсани Фаридачалик севган эмасман.

Азизбей ғижиниб гапирди:
— Ёмон савдо, ёмон ишқ!
— Ишонмайсиз демадимми, почча! Шунақа, ҳеч ким ишонмайди. Мужгон ўшандан бери мен билан уриш, Фариданинг исмини оғзимга ҳам олдирмайди. Қошларини чимириб: «Йўқ, Комрон, ундан оғиз очишга ҳаққинг йўқ!» — дейди. Онам ҳам шундай, холам ҳам, бошқалар ҳам шундай. Бу ерда Фарида тўғрисида фақат Нармин билангина гаплаша оламан. Мана энди Нармин ўт еттига чиқди, ҳолбуки, Фарида келганда фақат еттида эди. Фаридани эс-ес билади. «Мени арғимчоқда учирган қизил кўйлакли опам» деб эслайди. Шундай кунлар бўладики, Нарминни қизил кўйлакли опаси ҳақида гапиртириш учун озмунча тер тўкмайман.
— Қизиқ одамсан-да, Комрон! Яхши, униси-чи?
— Униси касал хотин эди. Мени деб ўлиб кетиши мумкин эди. Фаридадан бутун умидим узилгандан ке- йин унга шафқат юзасидан бир одамгарчилик қилдим, холос, бўлгани шу.
— Тушуниб бўлмайдиган нарсалар. Чалкаш одамсан, Комрон!
— Рости шу, почча. Нима хоҳлаганимни, нима қилганимни ҳеч маҳал ўзим ҳам билган эмасман. Билган, ишонган бир нарсам бўлса, у ҳам Фаридага бўлган муҳаббатимдир. Бу қизнинг қалбимда қолдирган шундай хотиралари борки, бир умр унута олмайман. Менга шундай туюлади: ўлаётганимда ҳам эсимга олиб, йиғлаб туриб ўламан. Сизга бир далил келтирай, почча. Докторлар «Ҳавони ўзгартиришингиз керак», дейишганда, энг аввал ўйлаган жойим Тақирдоғ бўлди. Сиз, Комрон менинг таклифим билан келди, деб ўйларсиз? Ё қишлоқ тўйларида баҳрини очиш учун шу ерда бир ойдан бери турибди, деб ўйлаётгандирсиз? Xафа бўлманг. Лекин мен бу ерга ёшлик орзу-умидларимнинг синиқ зарраларини тергани келганман, бўлгани шу.
— Xўп, нодонлик-ку қилибсан, хўш, буни тузатишнинг иложи йўқмиди?
— Мен хато қилдим, почча, жуда ёмон хато қилдим. Фарида бизникидан шундай бир ғазаб ва алам билан кетиб қолган эдики, изини топганимдан кейин рўпара келишдан ҳайиқдим. Унинг фақат қалбигина эмас, иззат-нафси ҳам яраланган эди. Ёт-бегона юртларга ёлғиз кетиш учун, ким билади, қанчалар юраги эзилган экан. Орадан лоақал олти ой ўтмай туриб мен билан кўришса, жаҳли чиқиши, яна баттар ғазабга келиши, бундан ҳам ёмонроқ жинниликлар қилиши мумкин эди. Баҳорни кутавериб жонимда жон қолмади. Чолиқушини ишлаб турган қишлоқ мактабидан тутиб келиш учун йўл тараддусини кўра бошлаган эдим. Аксига олиб бирдан касал бўлиб қолдим. Роса уч ой ўрнимдан туролмай ётдим. Орқасидан қидириб Б...га борганимда эса иш қўлдан кетган эди. Фариданинг бир касалманд бастакорга кўнгил берганлигини, вафосиз бошини шалола бўйида севгилисининг тиззаларига қўйиб, кўзларига тикилиб туриб танбур чалдирганини айтишди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, почча, неча-неча йиллардан бери бу бошни, бу кўзларни «меники, фақат меникигина» деб интизор бўлганимдан сўнг мана шундай...

Комрон давом этмади. Мармардан эсаётган салқин оқшом шамолидан қочаётгандек, бўйнини палтосининг ёқаси ичига яна ҳам кўпроқ тортиб, узоқ-узоқларда қизариб кўринган балиқчи гулханларига қараб қолди.

Азизбейнинг ҳам кайфи бузилди.
— Комрон, ўғлим, иккинчи хатони ўша ерда қилиб қўймадингмикан, деб қўрқаман. Чолиқуши кошкийди шундай қиладиган, ўз-ўзини осонгина юпата оладиган қиз бўлса. Унда бахтли бўларди-ку. Лекин мен ҳеч ишонмайман.

Комрон яна аччиққина кулимсираб, бошини тебратди.
— Э, почча, хўп деяверинг, Фариданинг бахти очилиб кетганига икки йил бўлибди, ўз кўзи билан кўрган одамлардан эшитдим. Эри бир бадавлат қари доктор эмиш. Битта ошнам бор, хўжалик инспектори бўлиб ишлайди. Бунинг хотини эса Фариданинг эски дугоналаридан. Ана шу хотин Фаридани ўтган йили Қушадасида кўрибди. Чолиқуши бурунгидай ҳадеб кулар, валақлар, ҳазилкашлик қилиб юрар эмиш. Шаҳардан уч-тўрт соатлик масофадаги бир чорбоғда йигирма чоғлик болани тарбия қилаётганини, жуда бахтиёр эканлигини айтибди. Эридан ярим соат айрилгудек бўлса чидай олмас эмиш. Дугонаси Истамбулдан, қариндошларидан сўз очган экан, Фарида дарров сўзини кесиб: «Мен у шаҳарни ҳам, у ердаги одамларни ҳам эсга олишни хоҳламай-ман!» — дебди. Фаридага нисбатан камчиликларим, инсофсизликларим кўп, почча, биламан. Лекин сиз ҳам инсоф қилинг, унинг ҳам мени шунчалик тез унутиб юбориши тўғрими? Дарвоқе, бу бекорчи сўзларга нима ҳожат? Бас қилайлик. Мен аравадан тушиб пиёда бормасам бўлмайди. Ёмон йўл экан, тебратавериб жонимни олди. Оқ йўл!
— Вой бу хизматчилар-ей, ҳамиша дод-вой солишгани солишган-а! Бу йўлларни ўзим солдирганман, анчагина йил бўлиб қолди. Ўзим иш бошида туриб, офтобда роса куйганман. Ёлғон айтма, Комрон, ҳолингни йўл қуритгани йўқ. Етти йил аввал мени мутасаррифликдан бўшатишиб хўп яхши иш қилишибди-да. Туша қол, ўғлим, фақат кеч қолма, чунки қарилик холангни ҳам, мени ҳам барбод қилган. Кеч қолсанг, холанг ташвишдан, мен очликдан жинни бўламиз.

* * *

Комрон яна ўша кўприк олдида аравадан тушди. Ўн йил аввал, яна шундай август оқшомларининг бирида мана шу кўприкка келиб, чирик тахта устида оёқларини солинтириб ўтирган эди.

Тақирдоғида йигирма беш кундан бери турган бўлса, ҳар оқшом шу ерга келар, кеч кириб қош қорайгандан кейин секин-аста уйга қайтар, йўл бўйи ўйланиб борарди.

Эри Анатолияга командировка қилингандан бери болалари билан Тақирдоғига келиб ўтирган Мужгон бир куни кечқурун Комрондан:
— Жуда чарчаган кўринасан, узоққа бордингми? — деб сўради.

Комрон алам билан кулимсираб жавоб қилди:
— Топдинг, Мужгон, жуда узоққа бордим — ўн йиллик узоқ ўтмишга...

У яна бир нималар демоқчи бўлди-ю, лекин Мужгон ҳеч нима тушунмагандек лабларини буриб:
— Шундайми? — деди-да, бўласига орқасини ўгириб олди.

Мужгон неча йиллардан бери Комрон билан уришиб, хотинлар қалбидагина бўладиган қаттиқ ғазаб билан аразлаб юрарди. Унинг ёнида Фаридадан асло оғиз очмасди.

Комрон боғ оралаб секин-секин юриб келаётганда анчагина қоронғи тушиб қолган бўлса ҳам, ҳали рўпарадаги тоғлардан шафақ кетмаган эди. Япроқларнинг четлари сўлиша бошлаган кечки бинафшага ўхшаш тун бошланмоқда эди.

Йигит боғ орасидаги сўқмоқлардан бирининг ёнида тўхтаб, ёнар қўнғизларнинг юлдузчалари ора-сира чақнаб турган яшил қоронғиликка узоқ тикилиб қолди. Ўша кечқурун Фарида шу сўқмоқдан югуриб чиқиб келган эди. Чолиқуши эгнида калтагина матросча кўйлак, бошида теварагидан сочлари чиқиб турган шапка бор эди. У пошнасиз ботинкаларининг учи билан тошларни тепиб олдинда югуриб борганини Комрон ҳозир ҳам кўз ўнгида кўргандай эди.

Вақт этагини тутқазмай чопади. Комрон уйдагиларнинг ташвишларини билгани ҳолда кетишни истамай, эски бир рўёнинг изларини ахтараётгандек, йўлларда кечикади.

Узоқда, кўча эшиги олдида оқ кўйлакли бир хотин қораси кўринди. Мужгон кўпинча кечки пайтлар кичик ўғилчаси билан кўчага чиқар, уни қўлтиқларидан ушлаб юришга ўргатар эди.

Мужгон бўласини узоқдан кўриб, қўлларини силкита бошлади.
— Комрон, мунча имилламасанг? Қаёқларда қолиб кетдинг?
— Ўзим, Мужгон... Ҳаво яхши...

Бу сафар Мужгоннинг ёнида ўғилчаси йўқ эди. Лекин аҳволида бир шошқинлик, доимий сокин юзида ҳаяжон кўринарди.
— Мужгон, сенга нима бўлди?

Жувон бир нарсалар айтгиси келар, лекин сўз тополмай қийналар эди.

Улар эшик тепасидаги чироқдан кўкимтир нур тушиб турган ҳовлига киришди. Мужгон ўзини бир одим четга олди-да, эшик билан ичкари девор ўртасидаги бурчакка имо қилиб:
— Қара-чи, Комрон, бугун ким келибди! — деди.

Комрон ажабланиб қаради-ю, ичкари эшиги тепасидаги чироқдан тушиб турган мовий ёруғда, яқингинасида Фариданинг чақнаган кўзларини кўрди. Ичида мовий ўт порлаган бу кўзлар кулар, бир оз сўлғин, бир оз озғин юзи кулар, олти йилдан бери соғиниб-сарғайиб, кўзларини юмиб туриб хаёлида қидирган кезлари кўргандагидай яқингинасида, қалбининг ичида куларди. Комрон гандираклаб кетди, кўраётган ширин тушининг тарқалишидан қўрққан кишидек бир зумгина кўзларини юмди, суяниб оладиган бирон нарса бормикан, деб теварагига жавдираб қаради. Бир-бирларига айтгулик сўз тополмай титраб туришар, лаблари бир-бирларига кулишга ҳаракат қилса ҳам, кўзларида ёш парда тортиб борарди. Мужгон бу дақиқанинг оғирлигини сезди шекилли, Фариданинг қўлидан ушлаб Комроннинг олдига олиб келди. Кейин ҳазил-мутойиба қилиб:
— Xолаваччалар ҳам бир-бирларига ака-ука бўлади,— деди. — Фариданинг акаси йўқлиги учун сен бунга ака ҳисобланасан. Комрон, синглинг билан кўриш, «хуш келибсан»де.

Комрон ҳануз оғиз очолмай турарди. Мужгоннинг таклифидан сўнг бошини аста эгиб, Фариданинг сочларига лабларини тегизди-ю, қулоғига шивирлагандай ниҳоятда паст товуш билан:
— Сизни яна кўрганим учун қанчалар суюнганимни ифода этишга сўз тополмайман, Фарида хоним, — деди.

Бу сўз Фаридага далда берди.
— Ташаккур, Комронбей, мен ҳам жуда хурсанд бўлдим...

Чолиқушининг бурунгидай соф, жарангдор овозида мунг бор эди. Биллур ёрилганда шундай овоз беради.
— Қачон келдингиз? — деб сўради Комрон.
— Бугун, чошгоҳда. Лекин Истамбулга келганимга ўн кун бўлди. Уйга борсам ҳеч ким йўқ экан. Xолаларимни, ҳаммангизни жуда кўргим келувди. Балки сизларнинг ичингизда ҳам мени кўргиси келганлар бордир деб ўйладим. Иннайкейин, саёҳатга ўрганиб қолган кишилар учун Тақирдоғига келиш нима деган нарса, шундай эмасми, Комронбей?

Мужгон яна гапга аралашди.
— Вой тавба-ей, хоним, бей деган такаллуфнинг нима кераги бор-а! Ака-ука ўрнидаги одамсизлар, деб айтдим-ку боя. Шунинг учун Комронни ака десанг ҳам бўлаверади, Фарида.

Иккаласи ҳам ерга қаради. Фарида ботинқирамай:
— Ростдан ҳам сени ака десам бўлаверадими, Комрон? — деб сўради.

Жавоб кутиб Комронга қарамас, ёнар қўнғизлар қайнашган қоронғиликларда кўзлари билан бир нарсалар қидирар эди.

Комрон тушкун бир товуш билан жавоб берди:
— Кўнглинг нима истаса, шундай бўлсин, Фарида..

Энди ўзларини бирмунча босиб олиб, секин-секин гаплаша бошлашди. Фарида саёҳатини қисқагина қилиб сўзлаб берди:
— Истамбулда баъзи ишларим бор эди. Иннайкейин, боя айтдим, сизларни жуда кўргим келувди. Доктор поччанг икки ойга ижозат берди. Xолаларимни, ҳаммангизни соғу саломат кўриб, бошим осмонга етди. Лекин сенинг бошингга ёмон қайғу тушибди, Комрон. Истамбулда эшитиб жуда қаттиқ хафа бўлдим. Рафиқангдан шунча тез жудо бўлганинг жудаям ёмон бўлибди. Лекин ўғлинг бор экан. Xудо онасининг умрини ҳам қўшиб Наждадга берсин! Ўғлинг бирам ширинки, Комрон! Менга жуда ёқди. Ўғлинг билан дарров апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Шу дамгача қучоғимдан тушмай ўтирди. О, мен болаларни бир зумда элактириб оламан...

Фарида сўзлаган сари секин-секин очилиб, сўзлари, қилиқлари бир маҳалги шўх қизнинг қақажонлигига айланиб борди.

Унинг овозини эшитиш, кулимсираган лабларини, олақоронғиликда порлаган шаҳло кўзларини кўриб туриш қанчалар бахт эдики! Йигит ҳеч нарсани ўйламас, ҳатто у бошқа бировнинг хотини эканлигини, бу бахтнинг бир ой ё бир ярим ойдан сўнг яна тушга айланишини хаёлига ҳам келтирмас эди. Фақат у ўзининг келганлигини ичкаридагилар билиб қолишмасайди деб қўрқарди. Ахийри қўрққани бўлди. Уларнинг эшик ёнида гаплашиб турганларини Нармин кўриб қолди. Бу ёш қиз, Комроннинг келганлигини ҳаммага чинқириб жар солгандан сўнг, ёнларига югуриб келиб, Фаридани қучоқлади.
— Сизни эсимдан чиқармаганимга Комрон акам ҳам гувоҳ, Фарида опа! Комрон ака билан нуқул қизил кўйлакли опам тўғрисидагина гаплашардик, а, Комрон ака? — деди Нармин.

II

Ўша оқшом кечки овқат тўй зиёфатига айланди. Азизбей дастурхон устида ёш болалардай шўхлик қиларди.
— Вой Чолиқуши-ей, мени ёмон дардга солдингда,— деди Азизбей. — Отинг қулоғимга чалинса, йиғлаб юборишимга оз қоларди. Қара, сени шунча яхши кўрар эканман!

Орадан кўп йиллар ўтганда, энди ҳеч вақт кўролмаймиз, деб умидлари узилган бир кунда уясига қайтган Чолиқуши у ерга шунчаки бир хурсандчилик эмас, балки эски кунларнинг ҳарорат ва муҳаббат тўла парчасини ҳам бирга олиб келгандай эди. Бутун юзлар кулар, бутун қалбларда очиқ деразалардан кечалари уйга кириб, чироқ атрофида айланган парвоналар, капалакларга ўхшаш бир нарсалар титрарди. Овқат охирида эса у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирган Басима хоним бирдан йиғлай бошлади. Кейин дарҳол кўзларини артиб:
— Фариданинг онасини, Гузидани эслаб кўнглим бузилиб кетди, — деди.

Фарида Комроннинг ўғлини тиззасига ўтқазиб олиб, узум егизаётган эди, холасининг сўзидан сўнг бошини солинтириб, юзини кичкинтойнинг қўнғироқ, юмшоқ сочлари ичига яширди. Бир оздан сўнг бояги чақчақлик яна бошланди.

Бир маҳал Басима хоним эри билан Трапезунда турувчи Нажмиядан гап очиб қолди.
— У бечора ҳам қайғуда. Ўтган йил битта қизи дифтеритдан ўлиб қолди, — деди.

Фарида чуқур хўрсиниб:
— Бу аламнинг нималигини мен ҳам биламан, хола. Менинг болам ҳам шу касал билан кетди, — деди.

Дастурхон атрофидагилар бир-бирларига ажабланиб қарашиб олишди. Ойша хола эса:
— А-а, боланг бормиди? Биз билмабмиз ҳам, — деди.

Фарида қайғуриб бошини тебратди.
— Кўрсангиз суқингиз келарди, бирам чиройли қиз эдики! Болам бечорани қутқазиб қололмадим.
— Нечага кирган эди, Фарида? — деб Ойша холаси яна сўради.

Фарида ачиниб лабларини бурди, кейин соддадиллик билан:
— Ўн учга тўлувди. Унга атаб чодра тикувдим, қайнана бўламан деб умид қилиб юрардим, — деди.

Ўтирганлар қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишди. Азизбей эса:
— Вой Чолиқуши-ей, юзга кирсанг ҳам жиннилигингни, ҳазилкашлигингни қўймас экансан-да! — деди.

Фариданинг ўн уч яшар қизим бор эди, дегани ҳаммани кулдирган бўлса ҳам, ўзининг кўзларига ёш чиқарди. У Наждадни яна ҳам қаттиқроқ кўксига босиб, Мунисанинг тарихини айтиб берди. Овози сўзлаган сари мунгга, аламга тўлиб борди.

III

Шу кеча жуда узоқ ўтиришди. Азизбей гоҳи-гоҳида:
— Фарида, йўлда чарчаб келгансан, ёт энди, қизим,— деб қўяр эди.

Фарида эса аллақачон ухлаб қолган Наждадни бағрига босиб ҳадеб кулар:
— Майли, почча, сизлар билан ўтирсам, яхшироқ дам оламан, мени ёлғизлик чарчатган, — деярди.

У пориллаб турган шаҳло кўзларини, хушбичим, чиройли лабларини кулимсиратиб узоқ гаплашиб ўтирди. Унда эски Чолиқуши уйғонган эди. Ҳамма қизиқиб қулоқ солаётганини кўргандан сўнг сўзларини бузиб-чўзиб айтар, фақат арзанда болаларгина биладиган ширин нозлик қилиқлар билан лабларини бурар, тилини чўччайтириб чиқарар, бетларининг чуқурчаларини кўрсатиб тинмай гапирар эди. Қувончидан маст бўлиб ўтирган қари поччаси шу даражага етдики, эски ҳазилкашлигини қилишдан ўзини тутиб қололмади. Фарида кичкиналигида унинг устки лабини бармоқлари билан қисиб туриб «Вой ярамас Чолиқуши-ей! Гилосларимни ўғирлаб олибсан, бер бу ёққа!» деяр, ушлаб олган лабининг учидан ўпиб оларди.

Азизбей атрофда кўтарилган қаҳқаҳалар ичида «Вой, ундай қилманг, почча!» деб қичқирган Фаридани иягидан ушлаб туриб, эски ҳазилини такрорлади, кейин Фариданинг юзига тикилиб туриб:
— Менда нима гуноҳ, Чолиқуши? Ҳамма айб ўзингда. Уйли-жойли, салобатли хотинсан-у, ҳали табиатинг, юзинг ёш боланикига ўхшайди. Ким сенинг юзингни жувон юзи дейди? — деди.

Комроннинг юзи оп-оқариб кетди. Чолиқуши бошқа бировники эканлигини у биринчи марта ҳис этди.

Шу кечадан кейинги икки кун ичида Комрон Фаридани жуда оз кўрди. Чолиқуши ўн йил аввал Тақирдоғида бир неча тенгқур қизлар билан дўст тутинган эди. Энди улар уй-жойли, салобатли хонимлар бўлиб қолишган. Ана шу дўстлари Фаридани ҳоли-жонига қўйишмас, йўқлаб келиб бир неча соатлаб ўтиришгани ҳам етмай, қайтишларида Чолиқушини ҳам судраб уйма-уй, боғма-боғ олиб юришарди.

Мужгон Комроннинг ичидан эзилаётганини кўриб қувонар, кўзлари кулиб турса ҳам, шикоятланиб гапирарди:
— Оббо, Фаридани ҳеч бизга тўйдиришмас экан-да. Аслида-ку шундай юргани яхши-я, нимага десанг, баҳри очилади, ёзилади.

Комрон шу икки кун ичида Фаридани бир марта овқат маҳалида, иккинчи марта кўчадан чодрага ўраниб кириб келаётганида кўрди.

Ниҳоят, учинчи кечанинг тонги ҳам келди. Комрон одатига қарши бугун жуда эрта турган эди. Тонг энди-енди ёриша бошлаган, ҳали ҳамма уйқуда ётган пайт эди. Комрон ҳужрасининг деразаларидан бирини очаётганда, бирдан кўзлари боғда юрган Фаридани кўриб қолди. Деразанинг очилганини у ҳам сезган эди. Бирдан бошини кўтарди-да, янги чиқиб келаётган қуёшга қарши қўлини соябон қилиб туриб:
— Уйғондингизми, Комронбей? — деди. — О, одатларингиз ўзгариб кетибди. Бурунлари сизни уйғотиш учун деразангиздан ёзда ҳовуч-ҳовуч тошлар, қишда эса қорлар отиш керак бўлар эди. Сиз ҳам жиндек анатолиялик бўлиб қолибсиз. Мен Анатолияда шу маҳал уйғонсам «Танбал, одам ҳам офтоб чиққандан кейин турадими!» деб уялтиришарди.

Эски ўйинқароқ, ҳушчақчақ Чолиқушини эслатаётган бу сўзларни сўйлагувчининг овозида қалбга саринлик ва мусаффолик бағишловчи тиниқ оқар сув оҳанги бор эди.

Комрон юраги бетламайгина сўради:
— Мен ҳам чиқайми, Фарида?

Фарида қўлини ҳамон пешонасида қуёшга соябон қилиб туриб, эски вақтлардагидек яшириқча мазах қилди:
— Зах ҳавонинг нозик вужудингизга озор етказишидан қўрқмасангиз, ёмон бўлмас эди. Сизни анатолиячасига меҳмон қилардим.

Фарида Комронни каттакон ёнғоқ дарахтининг тагига олиб бориб, кеча кечқурун эсдан чиқиб қолдирилган бир стулга ўтқазди.
— Энди мени бир зумгина кутасиз, Комронбей.
— Такаллуфни қўямиз деган эдик шекилли?
— Бир озгина сабр қиласиз, вақти билан-да. Бирданига ҳурмацизлик қилолмайман, юрагим дов бермайди.

Комрон кулди.
— Лекин бу яна ҳам зўрроқ ҳурмацизлик, Фарида! Менга « Комронбей!» деб муомала қилсанг, мени масхара қилаётгандай туюласан. Йўқ, рухсат бермайман бу хилда муомалангга!

Фарида ҳам куларди:
— Тўғри, ҳаққингиз бор, ҳаққинг бор, ундай демасликка тиришаман. Энди менга рухсат, сенга сут қайнатиб келай.
— Фарида, қўй, илтимос қиламан!
— Бекор ўжарлик қиласан! Анатолиялик хотиннинг ўз майлича иш кўришига, хизмат қилишига йўл қўйилиши — унинг учун кўрсатилган энг катта ҳурмат бўлади.— У бир оз ҳазил-мутойиба, бир оз қайғули оҳангда сўзини давом қилди: — Ахир кўнгил овлаш учун уй ишини қилишдан бошқа ҳеч қандай жозибамиз йўқ-ку!..

Фарида кетди. Унинг ҳозиргина ўрнидан туриб, боғда қўлида мис қумғон билан қуруқ чўп йиғиб юрган қоровул билан гаплашгани эшитилиб турарди.

Ахийри у ичидан буғ чиқиб турган бир коса қайноқ сут кўтариб келди.
— Сутдан кўнглим тўлмади, Комрон. Лекин уч кундан сўнг, ҳа, бугун қайси кун? Бўлди, пайшанба куни эрталаб сени зиёфатга чақираман. Шу қўй сутини ичасан-у, лекин кўрасан, бутунлай бошқа, аломат нарса бўлади. Бу менинг каттакон сирим, қандайлигини билгинг келмайдими? Қизиқмайсанми? Вой ўлай, одам ҳам шунчалик ҳиссиз бўладими! Xўп, ҳозирнинг ўзидаёқ айтиб бера қолай. Қўйни уч кун нок билан боқаман. Назаримда, совқотаётганга ўхшайсан, ҳаво бир оз салқин. Нима, мени Басима холам: «Тентак қиз, ўғлимни касал қилиб қўйибди!» деб қарғасинми? Тўхта, мен соввуққа, захга ўрганиб қолганман, рўмолимни берай, ўраниб ол.

Фарида тўғноғич билан бўйнига тўғнаб олган қизил юнг шарфини чиқарди-да, эрталабки зах ҳаводан озор тортаётгандек, секингина титрай бошлаган Комроннинг елкалари билан кўкрагини ўраб қўйди.

Комроннинг кўзлари олдида ўн йил аввалги бошқа бир оқшом гавдаланди. Қўзтоғидаги чорбоғнинг ташқари эшигидан бир неча одим нарида... яна шундай елкаларига кичкина кўкранг палтосини ташлаган калта этакли, қора фартуғли мўъжазгина мактаб қизини, унинг кўк сиёҳ билан бўяган бармоқчаларини кўрди. Ўшанда катта одамлардай: «Энди сени асраш менинг бурчимдир» деган эди. Ўша овоз ҳозир яна Комроннинг қулоқларига эшитилди.
— Комрон, худди қариларга ўхшайсан-а! Қўлингдан сутинг тўкилиб, тиззаларингни куйдирсайди. Нега бунақа ўйчансан?
— Ҳеч, эсимга бир нарса тушди-да...

Фарида эсига тушган нарсасини айтдиргиси келмаётгандай сўзини бўлди.
— Мен ҳам шундай. Елкангда рўмол кўриб «Комрон хоним» деганим эсимга тушди.

* * *

Фарида ишини битиргач, Комроннинг рўпарасига, паст курсичага келиб ўтирди. Қалин, пишиқ бурса ипагидан чоқлари кенг енгли қилиб тикилган вилоят бичимидаги кўйлаги бўйнига, кўкрагига маҳкам ёпишиб турарди. Тирсакларини тиззаларига қўйди, иягини қўлларига тиради, бетларини ҳовучлари ичига олиб, гапира бошлади.

Комрон унинг юзини шу қадар мусаффо ёруғда, шу қадар яқиндан биринчи марта кўрмоқда эди. Чеҳраси бир оз озган, сўлиган эди. Бу озғинлик кўзларини яна ҳам каттароқ қилиб, теваракларидаги билинар-билинмас кўлкалар уларни яна ҳам қорароқ қилиб кўрсатарди. Беш йил аввалги Чолиқушининг учқунлар пориллаб турган шаҳло кўзларига энди олов яқинида қовжираган гуллар шўри тушган эди. Аммо бу кўзлар яна бурунгидай кулади, яна бурунгидай масъум бир дадиллик билан ҳайиқмай қарайди. Лекин Комронга у кўзларнинг бурунги чуқурлигини, тубини кўра олмаётгандай туюларди.

Сочлари ҳам вилоятлардаги сингари фарқи ўртадан қўйилиб, иккита йўғон-йўғон қилиб ўрилган эди. Ўрилганда ҳам шундай тортиб ўрилган эдики, пешонаси билан чаккаларининг териси хиёл чўзилиб, қалам қошларининг учлари бир оз юқорига кўтарилибди, яна ҳам тиниқ, нафис кўринган терисида кўкимтир ингичка томирлари бўртиб чиқибди.

Сўзларидан зиёда овозига маҳлиё бўлиб ўтирган Комрон унинг юзини томоша қилиб туриб бир нарсага диққат қилди: Фариданинг ранги оилавий ҳаёт кечираётган ёш, бахтли жувоннинг рангига ўхшамасди. Бу юзда узилмасдан сўлишга маҳкум бўлган гулларда, шунингдек, ишқ-муҳаббат лаззатини тотмай қариб ўтадиган қизларда кўрилган безгак қизиллигига ўхшаш яширин бир оташ, касалларга хос бир тиниқлик бор эди.

Тонг қуёши бу юзни шу қадар нозик, маъноли қилиб кўрсатардики, йигит ҳушидан кетгудай бўлиб ҳавасланар, йиғлагиси келиб ўтирарди. Изтироб қиз юзини шу қадар чиройли қилиб юбориши мумкинлигини Комрон ҳеч маҳал ақлига келтирмаган эди.

Фариданинг лабларидан табассум аримас эди. Эски оҳангига бир еридан нозиккина дарз кетган биллурнинг мунгли, шикоятли жаранги қўшилган овози билан болалик чоғларининг хотираларидан гапирарди...

Комрон юрагини чангаллаб туриб, кейинги ҳаёти қандай ўтганлигини сўради. Фарида бирдан жиддийлашиб, бошини чайқади.
— Эсимдан чиқди, Комрон. Ўн беш ёшимгача, шу ерга келган вақтларимгача бўлиб ўтган нарсалар эсимда, қолганларини эса туман босди, кўрмайман.

Хотираларини босиб қолган тумандан гапираётганда, кўзларини ҳам туман босиб борар, бошини бир ёнга эгиб, узоқ-узоқларга тикилиб ўтирарди.

* * *

Фарида энг эски болалик хотираларидан сўнг, ниҳоят кейинги ўн беш йил изларидан баҳс эта бошлади. У Ҳожи халфанинг ажойиблигини, Зайнилар оқсоқолининг ўгитларини, мудир Ражаб афандининг аломатлигини ҳикоя қилиб турганда, кулувчи кўзларига, жонли ҳаракатларига баъзан бир сабабсиз ҳорғинлик чўкар, шунда овозидаги синиқ биллурнинг сезилар-сезилмас жаранги яна ҳам кучаяр, яраланган қалб фиғони каби титрарди.

Фарида дарё бўйидан сўз очганда, Комрон кўзларини юмди-ю: «Фарида танбур чалаётган севгилисининг тиззасига бош қўйиб, унинг кўзларига тикилган ўша шаршара бўйи бўлмасин тағин!» деб ўйлади.

Чолиқуши ҳаётига оид бир қанча майда-чуйда ва аҳамияциз нарсаларни айтиб бергандан сўнг, бирдан эсига тушгандай:
— Комрон, сенга ҳали поччангнинг суратини кўрсатганим йўқ, а? — деди.

У бўйнидаги тилла занжирда осиғлиқ кичкина олтин медалонни олиб, Комронга узатди.

Йигит саросимага тушганини, титрай бошлаганини сездирмасликка тиришиб, суратни олди. Фарида у билан бирга суратни томоша қилиш учун бошини энгаштирди, юзи Комрон юзига яқинлашди.
— Унинг юзига қара, Комрон. Нақадар олижаноб, нақадар иссиқ, а?

Йигит эса кўз қири билан Фаридага сездирмайгина қараб турарди. Фарида қаттиқ ўйга ботгани ва суратга бутун борлиғи билан тикилиб қолгани учун унинг қараб турганини сезмади.

Комроннинг ҳаётида бу энг аччиқ, энг изтиробли исён минути бўлган бўлса керак. Демак, Фариданинг нозли, ёқимли ва пок гўзаллиги мана шу оқ соч, дағал юзли сўлоқмон чолга насиб бўлибди-да?

Комроннинг кўз ўнгига даҳшатли бир манзара келди. Фарида уялганидан лавлагидай қизариб кетган юзида жавдираб турган шаҳло кўзларидан дув-дув ёшлар тўкиб, болаларники сингари масъум лабларида ёлбораётганга ўхшаш бир титроқ билан чол қўлларида ўзини уриб типирчилаётгандай кўринди.

Чолиқуши унинг юзига қарамаган бўлса ҳам, лекин хаёлидан ўтган ўйларни сезгандай бир сесканди-ю, медалонни секин олиб кўксига қўйди. Кейин:
— Узр энди, мен борай, Комрон. Уйда меҳмонлар бўлса керак, — деди.

IV

Чолиқушининг уясига қайтганига ўн кунга яқинлашиб қолган бўлса ҳам Азизбей поччаси ҳар куни кечқурун:
— Пайқаяпсизларми, болалар? Уйимизга файз кириб қолди. Чолиқуши бу сафар қалдирғочга ўхшаш қанотларида баҳор келтирди. Аттанг, баҳорнинг яна бир куни ўтиб кетди-да, — дейишини қўймас эди.

Фарида бўлса кулиб:
— Ҳечқиси йўқ, почча, бир неча йилдан кейин яна рухсат олиб келаман. Xафа бўлманг, ҳали олдимизда анча кун бор, ҳалитдан ўзимизни дили сиёҳ қилиш жуда ҳам зарурми? — деярди.

Чолиқуши тамомила эски Чолиқушига айланган эди. Ўткинчи бўронда соврилгандан сўнг яна қуёшга етган тоза гул сингари кун сайин очилиб борарди.

Чолиқуши яна уйдаги болаларга онабоши бўлиб олди. Мужгоннинг уч яшар қизидан ва ундан хиёл катта Наждаддан бошлаб то ўн етти ёшли Нармингача катта-кичик болаларнинг ҳаммаси унинг пинжига кириб олди. Булар эртадан-кечгача Чолиқушидан бир одим ҳам қолмай чорбоғни тўс-тўполонга, қий-чувга, ўйин-кулгиларга тўлғазишарди. Гоҳи маҳаллар уларнинг тўполони шу даражага етардики, катталар танбеҳ қилишга мажбур бўлардилар. Лекин катталарни суюнтирадиган бошқа томон ҳам бор эди. Комрон билан Фарида ҳар нима бўлганда ҳам эски нишонлилар, унашилган кишилар эди, шунинг учун сўнгги беш йил ичида битиб кетгандай кўринган эски яранинг яна очилишидан қўрқардилар. Фариданинг ёш болаларча шўхлиги, уни фақат узоқдан томоша қилишдан бошқасини хоҳламагандай кўринган Комроннинг ҳалим, сокин бахтиёрлиги уйдагиларни ташвишдан қутқара бошлаган эди. Шундай бўлса ҳам улар Комрон билан Фаридада эски вақтлардаги «ака» ва «сингил» ҳисларини яна эҳтиёти шартдан кучайтиришга ҳаракат қилдилар. Ухлаб қолган касалнинг уйида уни уйғотиб қўйишдан қўрқиб, қанчалик шивирлаб гапирилса, улар олдида ҳам эҳтиёциз бир сўз билан у аламли ўтмишни уйғотиб юборишдан шундай қўрқар эдилар.

Баъзан Азизбей Фаридадан:
— Мунчалик шошилмай, кўпроқ турсанг бўлмайдими? — деб сўрарди.

Чолиқуши эса кетиш сўзини эшитиб, ҳар доим машқи тушар:
— Иложи йўқ-да, почча. Ҳар нима бўлганда ҳам Чолиқуши бошқа уянинг онаси, унинг йўлига кўзлари тўрт бўлиб турганлар ҳам бор, — деяр эди.

* * *

Комронга қаттиқ тегаётган бир нарса бўлса, у ҳам Фарида билан Наждад ўртасидаги аҳиллик эди. Комрон боланинг Чолиқуши қўлларида ухлашини, ана шундан ке- йингина уларнинг айрилишини кутишга мажбур бўларди.

Комрон бир куни Фариданинг бола билан жанжал қилаётганини эшитиб қолди. Чолиқуши бўғилиб:
— Қани, Наждад, айт-чи, яна бир марта «амма» де-чи, амма, амма... — деярди.

Лекин Наждад унга бўйсунмас, ўжарлик билан сариқ бошини силкитиб:
— Ойи, ойи, ойи, — деярди.

Комрон ҳайиқиброқ:
— Қўй, Фарида, ойи деса деяверсин, нима зиёни бор? — деди. — Ким билади, балки шундай дейишга эҳтиёж сезаётгандир.

Фарида ҳеч нима демади. Фақат эгилиб, боланинг бошини силай бошлади.

V

Бошқа бир куни эрталаб Комрон ёпиқ деразага майда тошлар келиб урилганини эшитиб уйғонди. Фақат Фаридагина шу тахлит уйғотишини у биларди. Чолиқуши яна катта ёнғоқ тагида нонушта қилишга чақириб келган эди. Дастурхонда дастлабки кунлари ваъда қилгандек, жуда ҳам ёқимли нок ҳиди анқиб турган ажойиб сут, бунинг ёнида қишлоқларда ёпиладиган майда кулчалар, мураббога ўхшаш пуштиранг бир нима солинган ликопча бор эди.

Фарида кулчаларга мураббо суртиб Комронга узатди-да:
— Мана, тотиб кўр, кейин менинг қанчалик пазанда эканимни биласан, — деди. — Бу нонларнинг отини билмайман, лекин мураббонинг оти «гулбашакар».

Фарида ишини битиргандан сўнг яна ўша паст курсичага, Комроннинг оёқлари остигинасига ўтирди.
— Энди айт-чи, Комрон, гулбашакар ёқдими?

Йигит кулиб жавоб қилди:
— Ёқди.
— Яхши кўриб қолдингми?
— Яхши кўриб қолдим.
— Яна бир марта айт.
— Яхши кўриб қолдим.
— Унақа эмас, Комрон, «мен гулбашакарни яхши кўраман», де.

Комрон бу болаларча нозга тушунмай кулди-да:
— Ҳа, мен гулбашакарни яхши кўраман, — деб такрорлади.

Фариданинг юзи лоладай қизарди, кўзлари парпираб ёнди, уялганидан киприклари пирпиради, ялинаётган ёш боладек бўйнини эгиб, илтимос қилди.
— Комрон, яна бир марта: «Мен гулбашакарни жуда яхши кўраман», дегин.

Йигит, хоҳлагани берилмаганда йиғлаб юборган ёш боланики сингари унинг бурилиб, титрай бошлаган лабларига таажжубланиб қараб турди, кейин сабабини ўзи ҳам билмаган ички бир ҳаяжон билан титраб:
— Гулбашакарни жуда яхши кўраман, сен хоҳлаганингча яхши кўраман, — деди.

Фарида ёш бола севинчи билан чапак чалиб юборди. Лаблари кулиб турса ҳам, кўзларига ёш келди. Аҳамияциз нарса учун йиғлаётган бошқа бировни уят қилаётгандек ўз-ўзидан кулиб: «Пазандалигингни мақтагани учун шунчалик суюнишинг қанчалик эси пастлик-а, қанчалик эси пастлик-а!» — деб кулар, масхара қилар, бармоқлари билан кўзларини қуритишга уринар эди. Лекин ёшлари инсофга келмас, ҳадеб қуйилар, яна қуйиларди. Бўғиқ товуш билан бирдан фарёд кўтарди-ю, юзини қўллари билан бекитиб, йиғлай-йиғлай уйга қочиб кетди.

* * *

Бир куни кечқурун Комрон поччаси билан бозордан қайтиб келаётган эди. Болалар уларни узоқдан кўришди-ю, одатларини қилиб, дарвоза олдига тизилишди. Болалар улардан мева, қанд-қурс, шоколад кутардилар.

Комрон уларга тегишларини улашиб турганда, оёқлари остига бир сиқим майда тош келиб тушганини сезди. Болалардан бўшаб, дарҳол теварагига жавдираб қаради. Нарироқда каттакон бир каштан дарахти орқасида Чолиқуши Комронга қўли билан бир нималар ишора қилиб турарди.
— Маъносига тушунсангиз керак, Комронбей? Биз ҳам бормиз, — деди.

Фарида кесатганда ёки шўхлик қилгиси келганда ҳамиша бўласини «сиз»лай бошларди. Ҳозир ҳам кулиб туриб сизлашда давом этди:
— Мени барвақт истеъфога чиқариб юборибсиз. Қани менинг тегишим? Эски қилмишларингиз унутилган деб ўйлаётгандирсиз, афандим? Ё ҳозир сукут ҳақини берасиз, ё бўлмаса ўша эски гилос воқеаси бугун кечқурун дастурхон устида жонланганини кўрасиз.

Фарида бундан ўн йил аввал мана шу дарвоза олдида қилгандек, ҳозир ҳам тилини тишлари орасида қисиб, унинг пушти учини чиқариб туриб кула бошлади.

Комрон палтосининг чўнтагидан битта қутича чиқарди, кейин кулиб туриб:
— Атаганим бор эди, Фарида, бу кўп яхши бўлди,— деди. — Мен ҳам бугун ичига ром солинган бир қути шоколадли конфет олган эдим, хилват қилиб ўзим емоқчи эдим, начора, модомики, шундай хавфга учрадик, нима ҳам деяр эдик...

Фарида ёш боладек суюниб кетди.
— Вой, қандай яхши-я, қандай яхши-я!
— Лекин битта шартим бор, Чолиқуши, конфетларни яна ўзим оғзингга солиб қўяман.
— Қандай қилиб?
— Ҳов бир вақтлардагидек-да. Ўн икки-ўн уч ёшингда қандай қилардик.

Комрон шу сўзларни айта туриб, Фаридага битта конфет узатган эди, у бир неча секунд иккилангандан сўнг секин бошини чўзиб, хиёл титрай бошлаган лабларини очди. Лекин Комрон ҳар қанча қистаса ҳам, Чолиқуши қолган конфетларни бу хилда олишга кўнмади.
— Менга бер, овқатдан сўнг Наждад билан еймиз,— деди.
— Фарида, юр, ана шу деворгача борайлик. Қара, денгиз нақадар чиройли бўпти. Бир оз гаплашамиз, томоша қиламиз.
— Xўп. Олдин шу қутичани ичкарига ташлаб чиқай. Бир зумгина кутиб тур.

Комрон унинг билагидан ушлади. Бу унга биринчи марта жасорат қилиб, қўл тегизиши эди.
— Йўқ, Фарида, сенга ишониб бўлмайди. Бир зумгина кутиб тур, келаман дейсан-у, келмайсан. Ёки келсанг ҳам, ким билади, қачон ва қандай келасан. Шунақа, сенга ишончим қолмаган, Фарида, — деди.

Чолиқуши ҳеч нима демади, фақат бошини эгиб, у билан ёнма-ён юриб кетди.

Комроннинг шу оқшом машқи паст эди. Ўзини босолмай, калта-култа, келишмаган сўзлар билан нуқул зорланарди. Пастда оқшом ғира-шираси қуюқлашиб борар эди. Комрон учиб кетаётган бир гала қушни кўрсатиб:
— Фарида, яқинда сен ҳам шу қушлар сингари учиб кетасан, а? — деди.
— ...
— Менга қара, холаларингни, бўлаларингни, эски дўстларингни, болалик чоғларинг ўтган ерларни ташлаб кетганингда наҳотки юрагинг ачишмаса?
— ...
— Уянгда бошқаларни бахтиёр қилиб, ўзинг ҳам бахтиёр бўлиб яшар экансан, сен қақшатиб кетаётган бошқа бир уянинг хароб ва паришон аҳволи наҳотки сени дилгир қилмаса?

Фарида жавоб бермас, ҳатто эшитмас ҳам эди. У калтагина қаламча билан қутига бир нималар ёзиш, бир нималар чизиш билан овора эди.

Комрон нафси оғриб:
— Жавоб бергинг йўқ, а, Фарида? — деди.

Чолиқуши унга ўйчан ҳолатда қаради.
— Кечир, Комрон. Эс-ҳушим бошқа ерда эди. Нима деганингни эшитмадим. Бир замонлар битта ашула эшитган эдим, сўзи эсимдан чиқиб кетувди, ҳайронман, ҳозир бирдан эсимга тушиб қолди. Яна унутиб қўйма- йин деб ёзиб олдим. Xоҳласанг, мана, ўқи. Совқотиб қолдим, кечир, мен кириб кетаман.

Комрон қутичанинг ости томонига Фариданинг шикаста қалами билан ёзилган шу тўрт сатрни кўрди:

Бағрим ўти, оч-тир-ма, ме-нинг оғзим-ни зинҳор,
Зо-лим, ме-ни сўйлат-ма-ки, қал-бим-да не-лар бор.
Бил-май-ман-ми, қил-ми-ш-ла-ринг, ай-ла-ма ин-кор,
Зо-лим, ме-ни сўйлат-ма-ки, қал-бим-да не-лар бор!

VI

Бу воқеадан тўрт кун ўтди. Шу давр ичида Фарида Комрондан ўзини олиб қочиб юрди. Комроннинг у билан ёлғиз қолиш ниятидаги баҳоналарини, турли ҳийлаю найрангларини пучга чиқариб борди. Бошқалар олдида гаплашиш тўғри келган пайтларда эса юзига қарамас, кўзларини тўқнаштирмас эди.

Тўртинчи куни кечки пайт уйдагиларнинг ҳаммаси майда болаларни олиб меҳмонга кетишди. Энди улар хуфтон намозидагина қайтиб келишлари мумкин эди.

Ташқарида қаттиқ шамол эсиб, тўзу тупроқни осмонга совурганига қарамай, Комрон уйдан чиқиб айлангани кетди.

Узоқ тепаларда шамол гувиллар, кўринмас ёмғир савалаётгандек, дарахтлар силкиниб шовиллар, узоқ-узоқларга чўзилиб кетган йўлларда тўз-тупроқ қуюнлари қутурарди.

Шамол Комроннинг юзига чангларни келтириб урар, кўзларига кирар, у ҳар қадамда бир тўхтаб, шамолга орқасини ўгириб туришга мажбур бўларди. У яйдоқ тепа лабида сўппайиб турган каттакон қояни кўрди. Тош ёнида битган ингичка, жонсиз бир дарахт шамолда яланғоч шохлари билан тинмай ларзангларди. Комрон йўлини ўша ёққа бурди. Тошнинг бир бурчига, шамол панасига келиб ўтирди.

Шунча гулдуросга, тўс-тўполонга қарамай, ҳаммаёқ унга саҳро каби бўм-бўш кўринди... Комронга табиат ҳеч маҳал шу бугунгидай руҳсиз, унинг бутун ҳусни-чиройи ҳеч вақт лузумсиз, ҳаёти бунчалик умидсиз кўринмаган эди!

Бирдан йўлнинг узоқ-узоқларида, унинг денгиздан чиқиб келаётгандек туюлган сувга яқин бир нуқтасида инсон қораси кўринди. У кийимларининг рангидан хотин киши эди. Комрон сабабини ўзи ҳам билмай, пастга тушиб қўрага қараб юриб кетди. Бир оз боргандан сўнг Нарминнинг оч пушти рангли чоршафини таниди. Ёш қиз ҳам уни кўрган бўлса керак, узоқдан шамсиясини силкита бошлади.

Комрон «Нега Нармин бошқалардан айрилди, нега ёлғиз келяпти?» деб ҳайрон бўлди-ю, қадамини тезлаштирди.

Ёш қиз шамолга қарши энгашиб, бир қўли билан этакларини, иккинчи қўли билан эса чоршафининг йиртқич қуш қанотлари сингари лапанглаб, юқори кўтарилган пелеринасини ушлаб келарди.

Қиз юзини кўрар кўрмас Комроннинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди; Нарминнинг чоршафини ёпиниб, Фарида келарди!

Иккаласи бир-бирига яқинлашган пайтда бирдан шамол Фариданинг қўлидаги шамсияни учириб кетди. Чолиқуши войлаб шамсиясини ушламоқчи бўлган эди, шамол бир қутурди-ю, этакларини кўтариб, пелеринасини учирди, сочларини тўзғитиб юборди. Комрон вақтида етиб келди: шамсияни бир бута тагида ушлаб олди. Ке- йин Фариданинг ёнига чопиб келиб, уни палтосининг этаги билан шамолдан тўсди, чоршафини ёпиниб олишига ёрдам берди.
— Яхшиямки, вақтида келиб қолдинг, Комрон, — деди Чолиқуши. — Оз бўлмаса шамол мени чинакам чолиқушилари сингари учириб кетарди!

Фарида яна бир нима демоқчи бўлди-ю, лекин шамол қутуриб, бошини эгишга, кўзлари билан оғзини юмишга мажбур қилди.

Улар секин-секин юриб кетишди. Комрон уни йўл бўйи палтосининг бағри билан шамолдан тўсиб борди.

Фарида энди сўзлай оладиган аҳволга келган эди. Лекин у, нима учундир, гапиришдан кўра кўпроқ кулар эди. Баайни кулги шамолига йўлиққандай ўзини тутолмай нуқул хахоларди. Кулгидан бўғилиб, нафаси тиқилиб туриб, кулгининг сабабини англата бошлади:
— Биласанми, нимага куляпман, Комрон? Меҳмондорчиликда ўтирувдик, бирдан бозорга боришим зарурлиги эсимга тушиб қолди. Эгнимда йилдирим бор эди, бу аҳволда, албатта, бозорга боролмасдим. Бечора Нармин битта яхшилик қилиб юборди. Бозорга унинг чоршафини ёпиниб бордим. Бетим ёпиқлик, бозордан чиқиб келаёцам, бир офицер орқамдан эргашиб келаверди. Бир маҳал етиб келиб: «Нармин хоним, сизмисиз? Нақадар кутилмаган бахт-а!» деса бўладими? Боёқиш Нармин менга яхшилик қиламан деб, ўзини шарманда қилиб қўйгани менга шунақаям қизиқ туюлдики, мен пиқиллаб кулиб юбордим. Бечора офицер янглишганини тушуниб, қочворди... Қочмай нима ҳам қилсин: Нармин ўрнида кап-катта хотинни кўради-ю...

Комрон кулимсираб туриб эшитди. Фарида давом этди:
— Лекин бечора қизнинг сирини сенга айтиб, кўп ёмон иш қилдим. Тийилиб ўлмаган тилим қўймади-да... Жон Комрон, худо ҳаққи, бировга оғзингдан чиқарма, хўпми? Балки келажакда, ким билсин, Нармин унга кўнгил қўйиб қолар... Оғзингдан чиқармасанг, уларга қиладиган яхшилигинг шу бўлади...
— Ваъда бераман, Фарида. Лекин Нармин ҳали жуда ҳам ёш-ку...

Фарида:
— Эҳтимол. Лекин бунақа ёшларнинг қалби кўринганидай бўлиб чиқавермайди, — деди.

Унинг сўзларида заиф бир гина бор эди.

Шу сўзлардан кейин анчагача жим боришди. Ҳамон ёнма-ён кетишарди. Шамол аста-секин сусайиб, уларнинг қадамлари ҳам секинлашиб борди. Бечоралар йўлнинг тугашидан қўрқар эдилар.

Комрон ичида эзилиб ўйларди: «Боягина табиат менга маъносиз, ўзим эсам кераксиз бир нарса бўлиб кўринган эди... Энди эса пуштиранг қизалоқ чоршафи ичида титраётгандай кўринган нозик, кичик, чиройли нарсани шамолдан бир озгина ҳимоя қилиш менга қанчалик бахт келтирди. Ҳамма вақт шундай бўлиши мумкин эди. Мен бу кичкина, кўҳликкина вужудни хоҳласам бахтиёр қила олар, ўзим ҳам бахтиёр бўла олардим... Афсус!»

Фарида хаёлга чўмиб, қадамларини аста-аста секинлаштириб борарди. У бирдан яна гапира бошлади, гапирганда ҳам ҳозирги суҳбатларига ҳеч алоқаси бўлмаган нарсалар тўғрисида гапирарди:
— Ҳар нима бўлганда ҳам, бу кичкина саёҳат баҳримни анча очди. Бир-икки йил гаштини суриб юраман... Кейин, холаларимни, ҳаммангизни соғинсам, тағин келаман... Ана шундай қилиб, йиллар ўтади, секин-секин сочларим оқара бошлайди, сеники ҳам шундай бўлади, албатта. Бир-биримизни кўрганимизда яна хурсанд бўламиз, айрилганимизда эса ачинишимиз балки озайиб борар... Ким билади, бир кун эмас-бир кун бутунлай қайтиб ҳам келарман, шундай эмасми? Ҳаёт бу, ҳар нарса бўлиши мумкин... Ана шунда сен менинг чинакам акам бўлиб қоласан... Қарилар бирин-кетин кетишган сари биз ҳам бир-биримизнинг қадримизга кўпроқ етадиган бўламиз. Майда, аҳамияциз камчиликларимизга ортиқча парво қилмаймиз. Шундай қилиб, умримизнинг сўнгги дамларини ёшлик чоғларимиз ўтган ерларда...

Овозининг биллуридаги кўринмас дарз жаранги кучайиб, сўзларига яширин ҳузун ва алам оҳанги бериб борарди...

Йўлда боласи билан кетаётган бир тиланчи хотинга дуч келишди. Яланг оёқ бола Фариданинг атрофида парвона бўлар, озғин қўллари билан унинг этакларини силарди.

Комрон хотинга хайр берди. Фарида эса кичкина етимчаларни суйиб-сийпашга ўрганиб қолгани учун гадой боланинг бошини силашдан жирканмади.

Улар яна юриб кетишганда, тиланчи хотин орқаларидан дуо қилиб қолди:
— Xудойим бир-бирингиздан айирмасин. Xудойим шу чиройли қизни сенга эҳсон қилсин!

Ёшлар ихтиёрсиз тўхтаб қолдилар. Комроннинг қалбидаги аламли ўтмиш кўз ўнгида акс этди.
— Фарида, эшитдингми нима деганини? — деб сўради у.

Бу саволга Фариданинг кўзларидан юмалаган бир жуфт йирик томчи жавоб бўлди. Энди улар бир-бирларига яқин келишга ботинишмай, айри-айри юриб кетишди.

* * *

Улар чорбоққа оқшом олақоронғисида етиб келишди. Шамол тиниб, ҳаво очилиб кетган эди. Дарахтлар эса узоқ курашдан чарчаб, мудраб қолгандек кўринарди. Қояларда худди ичидан сизиб чиқаётгандай нозик садаф шуъла гоҳ пориллаб кўринади, гоҳ учиб қолади.
— Ҳозир вақт эрта, Фарида. Ҳали улар шаҳардан қайтиб келишгани ҳам йўқ. Ўша қоя томонга бориб, айланиб келсак, нима дейсан?

Фарида бошини солинтириб, мажолсизлик билан:
— Менга рухсат бер, Комрон. Бориб ечинмасам бўлмайди, шамол бошимни оғритиб юборди, — деб узр сўради.

Ҳалигина Фариданинг жонли, ўйноқи вужуди атрофида худди жонли нарсадай учиб, кўксини, тиззаларини эҳтирос билан қучиб турган пуштиранг чоршаф энди жонсиз латтадай елкаларида солиниб турарди.

Фарида қимирлашга мадори қолмагандек, дарвоза ёнидаги тошга секин ўтирди-да, қумга шамсияси билан умидсизлиги қадар чуқур, ҳаёти каби шикаста чизиқлар чиза бошлади. Бир оздан сўнг Комрон ҳам ёнига ўтирди, елкасини Фариданинг елкасига тегизиб, қўлини секин ўз қўлига олди. Қиз бир сесканди-ю, қаёққа қочсам экан дегандек, атрофига жавдираб қаради. Комрон унинг чуқур-чуқур хўрсинганини, ҳозиргина ёввойиларча чақнаган кўзларига бир дам мўминлик, итоаткорлик малоҳати чўкканини кўрди. Фарида музлаган, титраган қўлини эски нишонлисининг қўлларига таслим қилди. Иккаласи ҳам кўзларини юмди. Комроннинг ёпиқ қовоқлари ичида майда учқунлар живирлашар, у: «Мана, қўлимда Фариданинг қўли титраб турибди. Демак, одам боласи рўёбга чиқмайди деган тушлар ҳам амалга ошар экан-да!» деб ўйларди. У ахийри кўзларини очди.

Фарида йиғлай-йиғлай ухлаб қолган ёш бола сингари аҳён-аҳёнда хўрсиниб қўяр, ҳамон оғирлашиб бораётган бошини унинг елкасига қўйиб ўтирарди. Фариданинг ҳолида, қўлларини топширишида мазлум киши таслимлиги бор эди.

Комрон ҳар қимирлаганда унинг ўзига яна ҳам яқинроқ суқулганини, қўлини яна ҳам қаттиқроқ сиқаётганини сезиб турди.

Бирдан йигит лаблари паст, ниҳоятда паст товуш билан:
— Мен гулбашакарни яхши кўраман, — деб шивирлади.

Эшикнинг ғитиллаб очилиши ёшларни ширин уйқудан уйғотиб юборди. Фарида ўқ овозини эшитган қуш чаққонлиги билан ўрнидан сакраб турди. Олдинда Нармин кирди. Чолиқуши ҳаяжонли севинч билан унинг бўйнига осилди. Ёш қизни маҳкам-маҳкам қучоқлар, сочларидан, кўзларидан чўлп-чўлп ўпарди. Ҳеч ким бу севинч сабабини билмас эди. Чолиқушининг бир зумгина аввалги ҳорғинлигидан асар ҳам қолмаган эди. Кичкинтойларни қўлига олиб, бошидан юқорига ирғитар, уларни чинқиртирарди.

Ҳамма ичкарига қараб юрганда, Фарида ўзини орқада олиб қолиб, ичкариги эшик панасида Комронни кутиб турди. Уни кўргач, паст товуш билан:
— Мерси, Комрон, — деди.

VII

Эртасига Фарида яна ўзи ёлғиз шаҳарга тушиб, туш маҳалида ҳориб-толиб келди. Чарчаб, ўзи зўрға турганига қарамай, болаларни яна тўплади-ю, ҳовлида баланд арғимчоқ қилди.

Комрон Азизбейнинг қари, эзма бир меҳмонидан зўрға қутулиб, ҳовлига чиққанда Фарида Наждад билан арғимчоқ учаётган эди. Чолиқуши кучининг борича арғимчоқни учирар, Наждад эса мушук боласидек бўйнига осилиб чинқирарди.

Комрон ўн йил аввалгидек, Ойша холасининг:
— Фарида, қизим, жиннилик қилма, болани йиқитасан! — деб қичқирганини эшитди.

Чолиқуши қулоқ осмади, аксинча, бутун қалби билан қувониб қичқирди:
— Вой хола-ей, нимага қўрқасиз? Наждаднинг асл эгаси зорланмаяпти-ю! Шундайми, Комрон?

Фарида болаларнинг энг каттаси, айни замонда энг қўрқоғи бўлган Нарминни чинқиртириб, жонини олгандан сўнг ўзи ҳам арғимчоқдан тушди. Сочлари терлаб, қизариб кетган пешонасига, юзига ёпишиб қолган эди. У қўлига ёпишган арқон ипларини тушириш учун ҳовучларини бир-бирига ишқаб туриб:
— Назаримда, ҳамма учиб бўлди шекилли, — деган эди, Комрон юраги бетламайгина:
— Мени эсдан чиқардинг, Фарида, — деди.

Чолиқуши беҳолгина жилмайди. «Йўқ» дейишга кўнгли бўлмас, «хўп» дейишга эса ботина олмас эди. Ана шундан кейин бир арқонга, бир дарахт шохига қараб олиб:
— Ҳайронман, қандай бўлар экан, — деди. — Арқон иккаламизни кўтара олмас дейман, а, Мужгон?

Мужгон арқонни ушлади, кейин Комроннинг кўзларига секин тикилиб:
— Гап арқонда эмас... Фарида жуда чарчаган. Аҳволига қара, Комрон. Чарчаб зўрға турган хотинни яна бешбаттар чарчатиш гуноҳ бўлар деб ўйлайман, — деди.

Фарида аввал «Ҳечқиси йўқ, нима бўларди» деб турган бўлса ҳам, кейин Мужгоннинг сўзлари ва кўзларидаги маънони тушунди-ю, гуноҳ қилиб қўйган ёш бола сингари изза бўлиб, қўрқиб бошини солинтирди. Сўнгра паст товуш билан:
— Ҳа, жуда чарчаганман, тобим ҳам жойида эмас,— деди.

Чиндан ҳам аҳволи касал кишиникига ўхшарди, ҳалигина кўзларида чақнаб турган шўхлик ўтлари ҳам сўнган эди.

Мужгон ҳалигача кўзларини Комрондан олмаган эди, у паст овоз билан:
— Мен ўйлаганимдан ҳам баттарроқ бағринг тош экан, Комрон! — деди.

Комрон ҳам Фаридага эшиттирмаслик учун паст товуш билан:
— Нега энди? — деб сўради.

Мужгон уни хилватга судраб кетди.
— Бечоранинг аҳволини кўрмаяпсанми? Бахтини қора, қалбини яра қилганинг ҳам етмадими?
— Мужгон!..
— Уни шунча йилдан бери биронтамиз йўқламадик. Соғиниб-сарғайганига чидамай, озорларини, алам ва қайғуларини унутиб қайтиб келди. Келган кунлари жуда яхши эди. Сен бўлсанг, қалбида анчагина битиб қолган ярасини яна очиб юбординг... — Мужгоннинг кўзларига ёш келди. — Эртага жўнайди, лекин бечоранинг қанчалик азоб, қанчалик изтироб ичида жўнашини мен яхши биламан... Шундай, Комрон, Фарида эртага кетади! Ҳаммаёғини тайёрлаб қўйди. Мен ҳам бундан бехабар эдим. Фарида бу сафар менга на қалбини очди ва на ҳаётига доир бирон нарса айтди. Туйқусдан жўнаётганлигини айтди. Имоним комил, бу гапи ёлғон. Аслида, Фарида сендан қочиб кетяпти, ахир қачонгача азоб тортади? Мен бу гапларни сенга шунчаки айтаётганим йўқ, Комрон. Мен бу айрилиқнинг Фарида учун жуда ҳам оғир бўлишидан қўрқаман. Фарида бардам, одамнинг ақли ишонмайдиган даражада бардам, лекин ҳар ҳолда хотин киши. Сен уни жувонмарг қилган кишисан, шунинг учун ундан қарздорсан! Энди ҳар нима бўлса ҳам шу айрилиқ соатларида ўзингни бардам, оғир тут, Фаридага ҳам иложи борича куч бер, қувват бер.

Комрон бу сўзларни эшитиб, яшил кўзларигача оқариб кетди.
— Фақат Фариданинг хазон бўлган ҳаётини гапирасан, хўш, меники-чи? — деди.
— Сеники ўзингнинг хоҳишинг билан бўлди.
— Бунчалик бағритош бўлма, Мужгон!
— Тушунгин ахир, иложи бўлганда эди, мен бундай тисарилиб турмас эдим. Нима қилайлик, қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Ахир Фарида бошқа одамнинг хотини, бечоранинг боши боғлиқ. Кўриб турибман, сен ҳам жуда бахцизсан. Илгаригидай сендан хафа эмасман. Лекин, нима қилайлик, ночормиз...

* * *

Фариданинг эртага кетиши ҳамманинг қулоғига етган бўлса ҳам, уйдагиларнинг ҳеч биттаси бундан оғиз очмади. Кечки овқат чуқур жимлик ичида ўтди. Шу оқшом Азизбей яна ҳам қариб кетгандай эзгин кўринарди. У Фаридани ёнига ўтқазиб олиб, тез-тез елкаларини силайди, иягидан ушлаб юзини ўзига ўгиради, кўзларига тикилиб:
— Оҳ, Чолиқуши! Қариганимда мени хароб қилдинг-да, — деяр эди.

Шу кеча ҳамма ўз хонасига барвақт кириб кетди.

VIII

Вақт ярим кечадан ошган. Чорбоғ донг қотиб ухламоқда. Мужгон хонасидан чиқди. Бошига юпқа рўмол ташлаб олган, бир қўлида шамдон. Гоҳ оёқларининг учини босиб, гоҳ тўхтаб, Комрон ётган хонанинг эшигига келди. Ичкарида на шарпа ва на чироқ. Жувон эшикни секин тақиллатди, кейин жуда паст товуш билан шипшиди:
— Комрон, ухлаяпсанми?

Эшик дарҳол очилди. Комрон ечинмаган эди. Шам ёруғида юзи яна ҳам сўлғин, яна ҳам ҳорғин кўринди. Бу хира ёруғ кўзларини қамаштираётгандай, киприкларини пирпирата бошлади.
— Ҳали ҳам ётганинг йўқми, Комрон?
— Кўриб турибсан-ку.
— Нега чироғингни ўчирдинг?
— Шу кеча чироқ кўзларимни ачиштиряпти.
— Қоронғида нима қиляпсан?

Комрон аччиққина кулди.
— Ҳеч, умидсизлик, бахцизлик заҳрини ютиб ўтирибман. Xўш, ўзинг нега бемаҳал келдинг? Нима ишинг бор?

Мужгон ҳаяжонини зўрға босиб:
— Битта ғалати хабар олиб келдим. Ҳовриқма, Комрон, ўзингни бос, айтиб бераман, — деди.

Мужгон ичкарига кирди, шамни столга қўйиб, эшикни секин ёпди, кейин гапини нимадан бошлашини билмаётгандай бир оз иккиланиб тургач, юрак дукурини босишга ҳаракат қилиб, вазмин товуш билан:
— Ҳовриқма, ўзингни бос, Комрон, — деди. — Ёмон хабар олиб келганим йўқ, аксинча, яхши хабар. Лекин ҳаяжонинг шундай баландки...

Жувон уни босишга ҳаракат қила туриб, ўзи ҳовриқар, кўзларига ёш чиқиб, овози титрар эди.
— Комрон, бир оз аввал Фарида менинг ҳужрамга кирди. Рангида қон қолмапти, аҳволи аллақандай. «Мужгон, мен шу маҳалгача қалбимни фақат сенгагина очиб келганман, — деди. — Дунёда сендан яқинроқ ҳеч кимим йўқ. Сенга айтадиган яна битта сирим бор, буни эртага мен кетгунимча сақлайсан, кейин айтишинг мумкин. Биламан, қўққисдан келиб қолганимни кўриб, ҳамманглар ҳайрон бўлдинглар. Сизларни шунчалик соғиндимки, ортиқ чидаёлмадим, деб айтдим, тўғри айтдим. Лекин асосий сабаб бунда эмас. Мен бу ерга дунёда энг яхши кўрган кишим уч ой аввал ўлим тўшагида ётганда унга берган ваъдамни бажариш учун келганман. Мужгон, сизларга ёлғон айтишга мажбур бўлдим. Мен тулман, эрим уч ой аввал рак касалидан вафот этди».

Фарида шу сўзларни айтиб туриб, бошини елкамга қўйди, ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Кўз ёшларини тўхтата олмай, ҳиқиллаб, нафаси тиқилиб туриб гапирди: «Докторим жон берадиган куни мени олдига чақириб: «Фарида, энди муҳтожлик чекмайсан, бунисидан қўрқмайман, чунки ҳамма нарсам сенга қолади. Сендай содда, оғир бир хотиннинг умрига баҳузур етиб ортади. Лекин мени бошқа нарса ташвишга солади, Фарида. Ҳар қанча бой-бадавлат бўлганда ҳам, кимсасиз хотиннинг ёлғиз яшаши қи- йин бўлади. Иннайкейин, пул бошқа-ю, шафқат бошқа. Фарида, мени гўримда тинч ёцин десанг, ваъда бер: ўлганимдан кейин Истамбулга, қариндош-уруғларинг олдига борасан. Башарти, улар олдида бутунлай қолгинг келмаганда ҳам, ҳарҳолда, икки-уч ой бориб тур. Дунё бевафо. Балки бир кун эмас-бир кун яна ўшаларга ишинг тушар. Балки бориб-бориб қалбингда оила шафқатига эҳтиёж туғилар. Қисқаси, Фаридагинам, оиланг билан ярашишингдан кўнглим тўқ бўлса, ўлганимда кўзим очиқ кетмайди, гўримда ҳам тинч ётаман», — деди.

Мен унинг бу сўнгги орзусини ерига етказиш тўғрисида йиғлаб туриб ваъда бердим. Лекин докторимнинг бу билан кўнгли тўлмади. У эски нишонлим билан ҳам ярашишимни истади, ахир бир кун Комрон аканг бўлиб қолар-ку, деди. Ўз қўлинг билан Комронга топширгин, деб менга муҳрланган, битта пакет ҳам берди. «Бунинг ичида битта эски кўнгил китоби бор, мени бир маҳаллар жуда қайғуга солган китоб. Эски нишонлинг ҳам буни албатта ўқишини хоҳлайман. Буни қандай ҳолда бўлса, шундай топширишга қасамёд қил», — деди.

Ҳақиқат шундай, Мужгон. Энди ҳамма гапни билдинг. Боёқиш докторим жуда пок, ҳалол одам эди. У оилам билан ярашишимни ҳаётимдаги ёлғизликдан, етимликдан қутулишимнинг бирдан-бир йўли деб биларди. Бечора, бу нарса мен учун нақадар аламли, нақадар оғир бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган. Шундай қилиб, докторимни Мунисанинг ёнига қўйдим-у, Истамбулга қараб жўнадим. У ерда эшитган нарсаларим докторимнинг васиятини ерига етказишим мушкул бўлишини кўрсатди. Комроннинг хотини вафот қилганини фақат ўша ерда эшитдим. Кейин мен тўғримда ҳар хил бўлмағур гаплар тарқалганини билдим. Комроннинг хотини тирик бўлганда ҳам бошқа гап эди. Менга эри яқинда ўлган тул хотин, деб қарашар, оиласида бир неча кун туриб кетишга келган, деб ўйлашарди. Мана энди ҳаммангиз, Комрон ҳам, сен ҳам — мени ҳаммадан кўпроқ тушундинг. Сен мен тўғримда қандай ёмон нарсалар ўйлашинг мумкин эди. «Йилларча ёлғиз, сарсон бўлиб юрди, сомондек сарғайди, бошидан не-не савдоларни кечирди, мана энди, ким билади, қандай тубан ният билан ўзини бир қари чолга сотди... Эски нишонлисининг боши очиқлигини эшитиб, яна ўша тубан ният билан дарров орамиздаги, беш йил илгари ўзи ноҳақ ҳақоратлар, лаънатлар билан ташлаб кетган оиласига, нишонлиси олдига қайтиб келди», дейишларингиз мумкин эди. Ораларингизда шундай деб ўйламайдиган даражада марҳаматли, раҳм-шафқатли кишилар бўлса, улар олдида ҳам ичимдан эзилиб ўлардим.

Мужгон ҳамон кучайиб борган ҳаяжон ва алам билан сўзларди.
— Оҳ, Комрон! Фарида бу сўзларини қандай алам билан ўзини уриб, кўз ёшларини тўкиб туриб айтганини кўрсайдинг! Мана, шу охирги сўзларини ўла-ўлгунча эсимдан чиқармайман: «Оила ўчоғимдан қандай доғу ҳасратда кетганимни, ҳаётимнинг қанчалик алам ва кўз ёшлари билан тўлиқ бўлганини, қайси бағритош сабаблар мени эр қилишга мажбур этганини сўз билан айтиб беришнинг имкони йўқ. Ёши йигирма бешга етган, умрининг беш йилидан бир қисмини можаролар ичида, бир қисмини эрининг уйида кечирган хотиннинг юзига, баданига эркак лаби тегмаган бокира қиз экани айтилса, албатта, ҳамма кулади, ҳамма уни ҳаёсиз, ёлғончи дейди, шундай эмасми, Мужгон? Бунинг аксини исбот қилиб бўлмайди, иложи йўқ. Бошқа айтадиган гапим йўқ. Доктор Комронга тайинлаган пакетда нима бор экан, билмайман. Эҳтимол, ичида кутилмаган бирон нарса бордир. Менга қанчалик оғир изтиробли бўлса ҳам, раҳматлининг сўнгги орзусини ерига етказдим. Лекин пакетни ўз қўлим билан топширишга қурбим етмайди. Буни эртага кемага ўтирганимдан сўнг, орамиздаги ҳамма нарса битгандан сўнг Комронга бериб қўярсан», — деди.

Мужгон жимиди. Ҳаётнинг энг аччиқ ва аламли дамларида ҳам ўзини тетик, босиқ ушлайдиган бу жувон ҳозир ёш боладек йиғлар эди. У Комронга қалтироқ қўлларини чўзиб:
— Уни ёлғиз қўйиб юбормайлик, Комрон, — деди.— Керак бўлса, зўрлик билан олиб қолайлик. Ўтган ишга салавот, нима бўлган бўлса бўлди, энди бир-бирингиздан айрилмаслигингиз керак! Кўриб турибман, ортиқ чидолмайсизлар.

Комроннинг вужуди музлаб борарди. Энг аҳамияциз бир тушдан, энг заиф бир хотирадан ойларча касал бўлиб, кичиккина умид билан яшаб келган бир хаёлпараст учун бу умид, бу бахт ҳаддидан зиёд эди. Узун муддатли ҳушсизликдан кейин ўзига келган оғир касал сингари Комрон ҳам ҳеч нимага тушунмай қоронғида кўзларини жавдиратиб теваракка қарар, нуқул киприкларини пирпиратарди.

Мужгон рўмоли ичидан қизил муҳр босилган бир пакетни чиқарди.
— Фаридага берган ваъдамга қарамай, буни сенга ҳозир топширяпман, — деди.

Жувон рўмолини тузатиб, уйдан чиқмоқчи бўлган эди, Комрон ушлаб қолди:
— Мужгон, сендан битта илтимосим бор. Бизнинг савдоимизни ҳаммадан кўра сен кўпроқ биласан. Пакетни бирга очиб, ичидаги нарсани бирга ўқийлик.

Мужгон стол устидаги чироқни ёққунча, Комрон пакетни очди. Ичида битта хату яна битта каттакон конверт чиқди. Йўғон, йирик ҳарфлар билан ёзилган мактуб Комронга хитоб қилар эди:

«Ўғлим, Комронбей!

Сизга бу мактубни ёзган одам умрининг бир озини китобларга, бир қисмини эса ҳаёт деб аталган чигал муштлашиш ярадорларига бағишлаган тарки дунё бир чолки, хати қўлингизга етмасдан анча бурун оламдан ўтган бўлади. У чолнинг бутун борлиғи билан яхши кўрган бир бечорага охирги марта яхшилик қилиб кетиш тилаги бу мактубни сизга ўлим тўшагида ётган жойида ёзишга мажбур қилди. Қулоқ солинг.

Бир кун узоқ қишлоқдаги вайрона мактабда ёғду каби тоза, умид каби гўзал бир истамбуллик қизни учратдим. Қоронғи қиш кечасида, қор элаб ёғиб турган бир пайтда уйингизнинг деразасини очсангиз-у, қоронғиликдан булбул нағмасини эшицангиз, шунда қандай бўласиз? Мен ҳам ўшанда шундай бўлдим. Бу масъум нозик кибор қизни, табиатнинг бу гўзал ва нодир хилқатини қайси лаънати толе ва тасодиф бу қоронғи қишлоқ харобасига келтириб ташлади? Қалби йиғлайди-ю, кўзлари билан лаблари кулади, фидокорлик ҳақидаги ҳангомалар билан мени алдайди. Мен эсам «Оҳ, бечора қиз! Мен сени Истамбулда ташлаб кетган нодон, жоҳил ёрингмидимки, бу гапларингга ишонсам!» деб ўйладим. Уйқуга қонмай уйғонган ёш боланики сингари хуморли кўзлари, қаерга қадам ташлашини билмаган кишиники сингари аҳволи, хаёлий лабларининг бўсаси билан титраётгандек кўринган дудоқлари, хаёлий қучоқда талпинаётганга ўхшаган атвори, ҳаракатлари менга бутун сирни аён қилди.

Эски замон достонларида Лайлисини қидириб, саҳроларда саргардон бўлган Мажнунни гоҳо шукуҳ ва мамнуният билан эслаб қўярдим. Фаридани кўрган кунимдан бошлаб у достонни эсдан чиқардим. Энди янги замоннинг мозорлар билан тўлиқ қоронғи қишлоқларида иложсиз ишқ рўёларини ахтарган бу ойдин кўзли, ипакдай майин, масъум, олижаноб «Лайли»сини тез-тез эслайдиган бўлдим. Икки йилдан кейин тағин учрашдик. Ҳамон эски дарди бошида, қалбини ичдан кемирмоқда эди. Эҳ, аттанг, дастлаб кўрган куним нега уни отимга ўнгариб, зўрлаб бўлса ҳам Истамбулга, оиласига элтиб ташламадим! Ғафлатда қолдим, ғафлатда!

Фарида билан иккинчи марта учрашганимизда, фурсат қўлдан кетган эди. Сиз уйланиб олган эдингиз. Фаридани ҳали ёш, эсидан чиқариб юборади, деб ўйлаган эдим. У касал ётган пайтда иттифоқо қўлимга дафтари тушиб қолди, қарасам, эҳ-ҳа, қалбининг яраси тузаладиган яралардан эмас. Дафтарга бутун ҳаётини ёзибди. Ана шундан кейин бутун умидим узилди, ҳолбуки, уни ўз боламдай даволамоқчи эдим. Аммо бунга ҳам одамларнинг фисқу фасодлари, туҳмат ва ғийбатлари имкон бермади. Ана шундан кейин менда яхшироқ одам топиб, Фаридани ўшанга бериш фикри туғилди. Лекин бу ҳам хавфли эди. Эри ҳар қанча одамохун бўлганда ҳам, Фаридадан муҳаббат талаб қилиши турган гап эди. Гарчи қизгинам муҳаббат учун туғилган, муҳаббат йўлида сарғайган бўлса ҳамки, бегона ишқи унга гўр азобидан баттар бўлиши аниқ эди. Мана шу хавфдан қўрқиб, чор-ночор ўз никоҳимга олдим. Шу тариқа уни ўлгунимча ҳимоя қилишим мумкин эди. Ўлганимдан кейин эса беш-ўн қурушлик давлатим, уч-тўрт ердаги мулким уни муҳтож қилиб қўймас эди. Шубҳали қиз бўлиб яшашдан кўра тул бўлиб хотиржам яшаш унинг учун ҳам ўнғай бўларди. Шуниси ҳам борки, ахир бир кун муроди ҳосил бўлишига имоним ҳам комил эди. Ҳаётда нималар рўй бермайди!

Ниҳоят, хотинингизнинг вафоти менга янги умид бағишлади. Сизнинг тўғрингизда ҳаммавақт Истамбулдан хат-хабар олиб турардим. Xотинингизнинг вафоти сизни қайғуртирган бўлиши мумкин, бироқ мени ҳам қайғуртирди десам тилёғламалик қилган бўламан. Фаридани бу хўжакўрсинга қилинган ёлғондакам никоҳдан бўшатиб, сиз билан топиштириш учун ўнғай пайт пойлаб юрардим. Билмайман, одамлар бу ҳаракатимга қандай қарашар экан? Лекин мен одамларнинг ғийбатларига, мен тўғримда айтган ё ўйлаган нарсаларига аллақачон туфлаган одамман.

Қароримни амалга ошираман, деб турганимда бирдан касалим зўриқиб кетди. Ана шундан кейин масаланинг уч-тўрт ой ичида ўз-ўзидан ҳал бўлишига ақлим етди. Қайдам, тафсилотга ҳожат бормикан? Энди муддаога ўтайлик, Фаридани бир баҳона билан Истамбулга юбораман. Xатимни ўз қўли билан топширишига шубҳам йўқ. Мен унинг табиатини яхши билиб олдим, аломат қиз. Эҳтимол, инжиқлик ва ё эътироз қилар, лекин сен бўш келма, хазон бўлмасин десанг, жавоб берма! Зарур бўлса, хотин-қизларни олиб қочадиган тоғликлар сингари ёввойи ва қўпол бўл. Қучоғингда жон берса, билгинки, қувончдан, бахтиёрлигидан жон беради.

Шуни ҳам эслатиб ўтайки, бу ишда сени заррача ҳам ўйлаганим йўқ. Кўнглимниг розилигига қарасам, сенга наинки Фарида каби нодира қизни, ҳатто уйимдаги мушукни ҳам бермас эдим. Начора, бу телба қизларга ҳеч ақл ўргатиб бўлмас экан. Сенга ўхшаш қуруқ, қалбсиз одамларнинг нимасини яхши кўришаркин, ҳайронман...

Марҳум Xай-рул-ло.

Эслатма. Пакетда Фариданинг дафтари бор. Ўтган йил Олажақояга кўчиб борганимизда, ичига шу дафтар солинган сандиқчасини бекитиб қўйиб, извошчилар ўғирлаб кетишибди, деб айтган эдим. Фарида чурқ этмаган бўлса ҳам, лекин жуда қаттиқ эзилганини кўрдим. Бу дафтарининг ахир бир кун керак бўлиб қолиши мумкинлигини ўйлаб, жуда тўғри иш қилган эканман!»

IX

Мужгон билан Комрон Чолиқушининг кўк муқовали қалин дафтарини туширишганда, дераза орқаси ёришиб, дарахтларда қушлар чирқиллаша бошлаган эди.

Комрон ҳорғинлик ва изтироб оғирлаштирган бошини дафтарнинг сарғайган саҳифасига қўйди-да, кўп ерлари кўз ёшлари билан ювилган бу азиз сатрларни қайта-қайта ўпди.

Дафтарни ёпиб, бир ёққа қўйишмоқчи бўлиб туришганда, Мужгоннинг кўзлари дафтар муқовасига тушди. У кўк муқовани чироққа яқин келтириб қаради.
— Дафтар тугамабди, Комрон. Муқовасида ҳам ёзувлар бор. Лекин дафтар кўк бўлгани учун сиёҳ яхши кўринмаяпти, — деди.

Улар чироқни кўтаришди, бошларини дафтар устида бир-бирларига яқинлаштириб, шу сатрларни қийинчилик билан ўқишди.

«Кеча дафтаримни абадий ёпган эдим. Никоҳ кечасининг сабоҳида наинки хотира ёзиш, ҳатто эски юзимни кўриш учун ойнага қарашга, эски товушимни эшитиш учун унимни чиқаришга ҳам журъат қила олмас эдим. Фақат...

Шундай қилиб, кеча мен келинчак бўлдим. Селга учраган хазон каби ўзимни оқимга таслим этдим. Ким нима деса қилдим, ҳеч нарсани қайтармадим. Шунчаликки, доктор Измирдан келтирган узун этакли оқ кўйлакни кийдиришларига, сочларимнинг бир ёғига бир тутам кумуш ип илаштиришларига ҳам қаршилик қилмадим. Фақат оро бериш учун мени катта тош ойнакка олиб келишганда, ҳеч кимсага сездирмасдан кўзларимни юмиб олдим. Бўлгани шу. Бутун исёним фақат шундангина иборат бўлди.

Мени кўргани бир қанча ёту бегона келди. Булар орасида илгари мен билан ишлашган муаллималар ҳам бор эди. Айтган сўзлари қулоғимга кирмас, ҳаммасига ҳам бир хилда аянч табассум билан жавоб қилишдан ўзгасига кучим етмас эди.

Бир кампир юзимни кўриб:
— Чоли тушмагурнинг хўпам толеи бор экан-да. Турнанинг нақ кўзидан урибди-я! — деди.

Хайруллобей уйга кечки овқат маҳалида етиб келди. Семиз гавдасини корсет сиқиб турган смокинг кийиб олган эди. Қизил галстуги бир ёққа жуда ғалати бўлиб қийшайиб кетибди. Юрагим эзилиб, хафа бўлиб турганимга қарамай, кулиб юборишдан ўзимни тутиб қололмадим. Боёқишни кулги қилиб қўйишга ҳаққим йўқлигини ўйлаб, қизил галстугини чиқариб олиб ўрнига бошқасини, ярашадиганини боғлаб қўйдим.

Хайруллобей кулиб туриб:
— Баракалло, қизим, сен ажойиб уй бекаси бўласан. Кўрдингми, ёш қизга уйланишнинг фазилатларини? — деди.

Меҳмонлар тарқалишди. Биз емакхона деразаси ёнида рўбарў ўтирардик. Xайруллобей:
— Кичкинам, нега кечикиб қолганлигимни биласанми? — деб сўради. — Мунисанинг мозорини зиёрат қилиб келдим. Қабрига бир даста гул ва сенинг келинчаклик ипларингдан бир сиқим қўйиб келдим. Бояқиш сенинг олдингда гапиришга тортинарди, лекин ёлғиз қолганимизда нуқул: «Опажоним келинчак бўлиб, сочларига кумуш ип таққанда, мен ҳам тақмоқчийдим», деярди. Раҳматлининг сариқ сочларига ипни ўзим тақардим, афсуски бўлмади.

Доктор шу сўзларни айтиб турганда, ўзимни тутолмай юзимни деразага ўгирдим-у, мана шу аламли куз оқшомининг кўзга кўринмас тумани сингари киприкларимда қуриб қолаётган ёшлар билан тўлиб-тўлиб йиғладим.

Кечанинг илк соатларини ҳар кунгидай пастда, овқатхонада ўтказдик. Xайруллобей кўзойнакларини тақиб олиб, бурчакда аллақандай китоб ўқиб ўтирди.
— Келинойим, янги куёвнинг китоб ўқиб ўтириши ярашмайди, лекин мени айбга буюрмайсан-да. Қўрқма, кечалар узун, ёш келинчакка ишқ достонлари ўқишга ҳам вақт топилади, — деди.

Чеккаларини тикиб ўтирган рўмолим устига бошимни яна ҳам кўпроқ солинтирдим. Эҳ, бу қари доктор! Уни қанчалар севардим, мана энди қанчалар нафратланаман ундан! Демак, аламдан, қайғу-ғамдан беҳол бўлиб бошимни елкасига қўйган кезларимда, у... Демак, оқ киприклар остида яширинган бу гуноҳсиз мовий кўзлар менга хотин деб, бўлажак қайлиқ, деб қараб келган экан-да!..

Соат ўн бирга жом ургунча шу хил аччиқ аламли ўйлар билан банд бўлдим. Ниҳоят, доктор китобини столга қўйиб, керишди, эснади, кейин:
— Ҳой, келинойим, ётиш керак, юр, — деб ўрнидан турди.

Қўлларимдан игнам, ямаб ўтирган нарсам тушиб кетди. Ўрнимдан туриб столдаги шамдонни олдим-да, дарпардани ёпиш баҳонаси билан дераза ёнига бордим. Кеча зулматига узоқ тикилиб турдим. Ҳозир сен чиқ-у, қоронғи йўлларга тушиб қоч, деган ўй келди миямга. Лекин доктор:
— Келинойим, жуда узоқ ўйланиб қолдинг? Бўлди, чиқ тепага. Ўнбошига тайинлайдиган ишларим бор, мен ҳам орқангдан чиқаман, — деб қолди.

Докторнинг қари энагаси билан бир қўшни хотин менга келинлик либосини кийдиришди. Кейин қўлимга яна шамдонни тутқазишиб, мени куёвимнинг ҳужрасига олиб киришди. Xайруллобей пастдан чиқмаган экан. Мен жавон ёнига келиб тўхтадим, кўкрагимни совуқдан сақлаётгандай, қўлларимни қовуштириб олдим. Шу қадар титрардимки, қўлимдаги шамдон тинмай тебранар, гоҳо сочларимнинг учини куйдирарди.

Ниҳоят, зинада, кейин даҳлизда оёқ товуши эшитилди. Xайруллобей ашулани минғиллаб, йўл-йўлакай смокингини ечиб кирди. Кирди-ю, мени кўриб ҳанг-манг бўлиб қолди.
— Ҳой қиз, ҳали ётганинг йўқми? — деди.

Жавоб бергани оғзимни очган эдим, тишларим такиллаб йўл қўймади.

Доктор ёнимга келиб, юзимга ажабланиб қаради.
— Ҳой қиз, нима бўлди? Ҳужрамда нима қилиб юрибсан?

Бирдан ҳужрани гулдирос қаҳқаҳа ларзага келтирди.
— Вой шўрим, ҳали сен...

Доктор қаҳқаҳадан бўғилиб, сўзини тугатолмади. Кейин шапалоқларини тиззаларига шапиллатиб урди-ю, бармоқлари билан оғзини ёпиб туриб:
— Демак, сен бу ерга... Вой, шарманда! Чиндан ҳам эру хотин бўлдик, деб ўйлабсан-да! Туф, уяциз, беор!— деди. — Xудо жазонгни берсин!.. Отанг тенги бир одамни...

Қаҳқаҳа зўридан деворлар қимирлаб, шифт бошимга ағдарилгандек бўлди.
— Вой, қора юракли ҳаёсиз-е! Қиз бошинг билан менинг ҳужрамга тунги кўйлакда киришга уялмадингми?

Ўша пайтдаги аҳволимни кўришни истардим, ким билсин, қандай рангга кириб, қандай рангдан чиқдим экан.
— Докторбей, худо ҳақи, билганим йўқ, ўзлари шундай дейишди-да...
— Xўп, улар-ку шундай номаъқул ўйлашибди, сен-чи?! Дунёда ҳар нарса бўлиши мумкин, бунга ақлим етади, лекин шу ёшимда ҳурматимга, иффатимга бир юзсиз қизнинг ҳужум қилиши мумкинлигини ҳеч ақлимга келтирмаган эдим.

Вой худо, бу қандай қийноқ азоби! Ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадим. Лабларимни қонатар даражада тишлар эдим. Қимирладим дегунча, у ёлғондан лўлилик қилар, деразанинг олдига келиб кўйлагининг ёқасидан бўйнини чўзиб, қичқирарди:
— Ҳой, қиз, яқин келма, қўрқаман! Ҳозир деразани очаман-у дод соламан! «Халойиқ, қутқазинглар!» дейман! Шу ёшимда менга...

Гапининг охирини эшитмай, ҳужрадан қочиб чиқиб кетдим. Лекин билмайман, менга нима бўлди, яна қайтиб кирдим. Қалбимнинг ҳамиша итоат қилишга мажбур этувчи амри билан:
— Ота! Отажон! — деб фарёд қилдим, йиғлаб туриб ўзимни қучоғига отдим.

У ҳам қучоғига олди, қалбдан чиққан айни фарёд билан:
— Қизим! Болам! — деб пешонамдан ўпди.

Оталик бўсасининг лаззатини, титраб турган у лабларни ўлгунимча эсимдан чиқармайман!

* * *

Ўз ҳужрамга кирдим. У ерда ҳам йиғлар, ҳам кулар эдим. Шу қадар шовқин кўтардимки, доктор ўз ҳужрасидан деворимни дукуллатиб:
— Ҳой қиз, уйни йиқитасан, бу қанақа шовқин! — деди. — Ғийбатчи қўшнилар мендан кўришади. Келинчакни эрталабгача бақиртириб чиқди дейишади-я!

Лекин докторнинг ўзи ҳам мендан кам шовқин кўтармас, ҳужрасида айланиб юриб, нуқул:
— Бу охир замон қизларидан номусимизни, иффатимизни ўзинг асра, ўзингга омонат, э худо! — деб бақиришини қўймас эди.

Шу кеча у ўз ҳужрасида, мен ҳам ўз ҳужрамда ўн мартача уйғонгандирмиз. Деворни дупурлатишиб, хўроз сингари чақиришар, қуш сингари сайрашар, бақа сингари қуруллашар, бир-биримизга тинчлик бермай ғудурлашардик.

* * *

Келинчаклик кечамнинг бутун ҳикояси ана шундан иборат.

Боёқиш докторим, шу қадар пок виждонли, тоза қалбли одам эдики, хўжакўрсинга уйланаётганимизни бундоқ шипшитиб ҳам қўймабди. Мен эсам, вой худо, унинг олдида енгилтак нозанин эканман! Олижаноб дўстлигимизда у эркаклигини унутган бўлса ҳам, мен хотин кишилигимни унутмабман.

Эркакларнинг кўпчилиги жуда ёмон, бағритош бўлади, буниси ҳақиқат. Xотинларнинг эса ҳаммаси яхши, бағри юмшоқ бўлади, буниси ҳам ҳақиқат. Лекин эркаклар орасида яхши ниятли, тоза юраклилари бор, жуда оз бўлса ҳамки, ҳарҳолда бор. Бундай эркаклардаги қалб поклигини хотинлардан топиб бўлмайди».

X

Фарида ўша кеча тонготар пайтидагина уйқуга толди. Кечқурунгидан яна ҳам ҳорғин, яна ҳам эзгин бир ҳолда уйғонганда, қуёш анча кўтарилиб, соат ўн бирдан ошган эди. Мактабга кеч қолган болалар сингари шошиб-пишиб ўрнидан турди.
— Яшавор, Мужгон! Йўлга чиқадиган кунимда барвақтроқ уйғотиб қўйсанг нима қиларди?

Мужгон ҳар кунги совуққонлиги билан:
— Бир неча марта уйингга кирдим, қарасам, ширин ухлаб ётибсан, кўзим қиймади. Қўрқма, ҳали унча кеч эмас. Иннайкейин, кеманинг бўлиши ҳам даргумон эмиш. Денгиз қутуриб ётибди, — деди.
— Нима бўлса ҳам албатта кетишим керак.
— Мен ҳам отамга айтдим, сенинг ғамингни еб, лиманга тушиб кетди. Тайёр бўлиб турсин, кема келса ё извош юбораман, ё бўлмаса ўзим келиб олиб кетаман, деди..

Фарида жўнаш кунини бундай бўлар, деб ўйламаган эди. Мужгоннинг болалар билан овора бўлганини, холаларининг ҳар кунгидай бемалол гаплашиб, кулишиб ўтиришганини кўрди. Уларнинг бепарволиги Фаридани ўкситди. Комрон ҳам кўринмайди.

Мужгон пинҳона қилиб, Фариданинг қулоғига шипшиди:
— Фарида, сенга битта яхшилик қилдим: Комронни уйдан холироққа чиқариб юбордим. Сени хайрлашишда азоб чекмасин, деб ўзини четроқда олиб туришга рози бўлди.
— Энди келмайдими?
— Лиманга хайрлашгани келса ажаб эмас. Қалай, яхши қилибманми?

Фариданинг кўзларига мунг чўкди, лаблари титрай бошлади. Чаккасида оғриқ турди. Оғриётган ерини бармоғи билан босиб:
— Ҳа, ҳа, раҳмат, жуда яхши қилибсан, — деди.

Фарида бир қатор қуруқ, маъносиз сўзлар билан Мужгонга жавоб бераётганда, болалик чоғларининг севгили дўсти билан бирга кўнглида абадий ўлганини, энди ҳеч маҳал у билан ярашмаслигини ҳис этарди.

Тушки овқатга энди ўтиришганда, қўшни боғларнинг биридан меҳмондорчиликка чақириб келишди. Баладия идорасининг раиси шаҳардаги қишлоқ уйларига, бола-чақасини кўчириб кетиш олдидан боғ қўшниларига, шунингдек, Фарида билан хайрлашиш шарафига зиёфат бермоқчи бўлибди.
— Ие, қандай бўлади? Ҳозир мени олиб кетгани одам келади-ку? — деди Фарида.

Холалари:
— Уят бўлади, Фарида, бориш керак, ораси беш минутлик йўл. Алоҳида тайёрланиб ўтиришнинг кераги йўқ, чоршафингни ёпинасан-у, бораверасан, — дейишди.

Боя унга касал мушукчалик ҳам қарашмаган холаларининг ҳозир оналарча ғамхўрлик қилишаётганига ажабланиб, Фарида юзини ерга қаратиб олди.
— Xўп, бораман, — деди.

* * *

Соат учга яқинлашиб борарди. Фарида айвонда япроқлари сарғайган чирмов орасидан йўлга қараб турарди. Бирдан:
— Мужгон, битта извош келяпти! Менга бўлса керак, — деб юборди.

Худди шу пайт узоқдан, денгиз бўйидаги дарахтлар орасидан кема ҳам кўриниб қолди.

Фарида ўпкаси томоғига тиқилиб:
— Келяпти! — деб қичқириб юборди.

Боғда ғовур бошланди. Xизматкор хотинлар чоршафларини келтиргани югуришди.

Фарида холаларига:
— Мен олдин кетаверай, сизлар орқадан борарсизлар,— деди.

Мужгон иккаласи боғ орасидаги сўқмоқ билан чопиб кетди. Гоҳ четанлардан ошиб, гоҳ полизлардан юриб боришди. Боғ эшигига етишганда, қари ошпаз хотин рўпараларидан чиқиб қолди. Кампир:
— Сизларга кетаётувдим, кичик хонимлар, — деди.— Бейлар извош олиб келишди, сизни кутиб туришибди.

Азизбей билан Комрон уларни иккинчи қават даҳлизида кутиб олишди. Азизбей қўли билан уйга ишора қилиб:
— Иккита бемаврид меҳмон келди, шовқин қилманглар, — деди. Кейин Фаридани бошидан-оёғигача сузиб чиқди. — Бу нимаси, кичик хоним, қора терга тушиб кетибсан?!

Азизбей кулимсираб, Фаридага яқин келди, иягидан ушлаб кўзларига тикилди.
— Кема келишга келди-ю, лекин сенга фойдаси йўқ. Эринг жавоб бермаяпти, — деди.

Фарида бир қадам орқага ташланди, ҳайратидан кўзлари олайди.
— Почча, нима деяпсиз!

Азизбей бармоғи билан Комронга ишора қилди.
— Мана эринг, қизим, менинг дахлим йўқ, — деди.

Фарида войлаб юзини тўсди. Йиқилиб кетиши мумкин эди, бироқ аллакимнинг қўли билагидан ушлаб қолди. Фарида кўзларини очиб қаради: олдида Комрон турарди.

Азизбей шодиёна бир қаҳқаҳа билан:
— Эй, хайрият, ахири қафасга тушдингми, Чолиқуши? Қани, типирчилаб боқ-чи, бир кўрай, қани, типирчилаб боқ-чи! Қани, кўрайлик-чи, фойдаси бормикан?— деди.

Фарида юзини тўсишга ҳаракат қилса ҳам, билагини Комрондан қутқазолмас, бошини беркитишга уринса ҳам, Комроннинг кўкси ва елкасидан бошқа ерни тополмас эди.

Азизбей яна бояги қаҳқаҳа билан:
— Атрофингдагилар сенга тузоқ қуришди, Чолиқуши, — деди. — Сирингни мана шу хоин Мужгон фош қилиб қўйди. Xудо раҳмат қилгур докторинг Комронга дафтарингни юборган экан, дафтарни олиб, тўғри қозининг олдига бордим. Ўзинг ёзган баъзи нарсаларнинг жойларини кўрсатдим. Қози ақлли одам экан, дарров никоҳингга фатво берди; тушундингми, Чолиқуши? Мана энди Комрон сенинг эринг, энди у ҳеч қачон сени ташлаб кетмайди.

Фарида шу қадар қизариб кетдики, юзининг ранги мовий кўзларига ҳам уриб, кўз қорачиқларида ўтлар чақнади.
— Бас, Чолиқуши, кўп ноз қилаверма! Кўриб турибмиз, суюнганингдан шундай қиляпсан. Менга қара, «Почча, чакки қилмадингиз, кўнглимдаги бўлди», де. Қани, такрорла!

Азизбей уни зўрлаб такрор эттирди. Кейин ҳужра эшигини очиб, ғолибона бир қаҳқаҳа билан:
— Шариат йўли билан вакил отаман, афандим, — деди. — Чолиқуши, э кечирасизлар, Фарида хоним номидан мана шу Комронбейни куёвликка қабул қилдим. Фотиҳа қилинг, биз оминни бу ерда туриб айтамиз, — деди. Кейин Фаридага ўгирилиб ҳазиллашди: — Энди нима дейсан, Чолиқуши? Муштумдек боласан-у, неча йилдан бери жонимизни олиб келасан! Энди хўп боплаб қўлга туширдимми?

Боғдан болаларнинг чуғури эшитилиб турарди.

Азизбей:
— Энди табриклар, қўл ўпишлар бошланади, — деди. — Йўқ, яхшиси, буни кечга қолдирайлик. Ўз қўлим билан қўлинг ўргулсин тўй зиёфати тайёрлайман. Қани, ўғлим! Бизнинг вақир-вуқуримиздан сизларга фойда йўқ. Бир-бирингизга айтадиган гапларингиз бордир. Ўғлим, анови орқа йўлни кўрдингми? Баракалло, ана шу тор зина билан хотинингни олиб қоч. Узоққа, хоҳлаган ерингга бор. Кейин бирга қайтиб келарсизлар.

Комрон Фаридани қўлидан тортиб, зина томонга кетаётганда, Мужгон орқаларидан етиб келди. Дугоналар йиғлаб туриб ўпишдилар.

Азизбей кўзларида пайдо бўлган ёшларини билдирмаслик учун бурнини гувуллатиб қоқди-да, нотиқ сингари қўлини силтаб туриб:
— Ҳой, гилосимни ўғирлаган Чолиқуши! Уни бошқага ўғирлацанг борми, нақ мендан балога қоласан-а! Қани, ҳозир қайтариб бер, шу билан ҳисоб-китобимизни тугатайлик, — деди. У ҳалигача қўлини Комрондан бўшата олмаган Фаридани баланд кўтариб ўпгандан сўнг яна йигит қучоғига отди. — Бугун кечаси денгиз пўртанасига йўлиқардинг, биз сени қутқариб қолдик. Лекин ёнингдаги «сариқ пўртана», назаримда, яна ҳам хавфлироқ кўринади. Xудо паноҳида асрасин сени, Чолиқуши!

Икки бахтиёр тор зинадан юмаланиб кетар даражада пастга учиб тушди. Комрон қўлини Фариданинг белидан ўтказиб олиб, уни маҳкам қисар, чангалидаги нозик бармоқларни оғритиб эзарди.

Зинапояларнинг бирида Фариданинг этаги илашиб қолди. Ҳансирашиб бир нафасгина тўхташди. Чолиқуши этагини бўшатиш билан овора экан, Комрон ҳаяжон ичида нафаси тиқилиб:
— Фарида, меники эканлигингга ҳеч ишонолмаяпман! Меники эканлигингга қалбимни ишонтириш учун, вазнингни синаб кўришим керак, — деди.

Комрон уни ёш боладай азот кўтариб олди. Фарида ўзини қутқазиш учун типирчилар, нафаси бўғилиб ҳансирарди. Чоршафидан тўзиб чиққан сочлари Комроннинг юзига урилар, қучоқда талпиниши йигит кучига куч берар, ҳарорати қонини қиздирарди. Комрон уни пастгача кўтариб тушди. Қиз эса жарга қулаётган киши сингари нафасини ичига олиб, кўзларини юмиб олди. У гоҳ кулар, гоҳ йиғларди.

Фарида ташқари эшигига етганда ялина бошлади:
— Аҳволимга қара, Комрон! Шу аҳволда қандай ташқарига чиқамиз? Рухсат бер, юқорига чиқиб, бир зумда кийиниб тушай.

Комрон бўшатмади.
— Иложи йўқ, Фарида. Бир марта бўлди-бўлди. Энди зўрға қўлга киритганимда яна бўшатайми, йўқ, — деди кулиб.

Фариданинг қаршилик қилишга ортиқ мадори қолмади шекилли, бошини Комроннинг кўксига қўйиб, уяла-уяла:
— Ўшанда кетиб қолганимга ўзимни ҳам пушаймон бўлмаган дейсанми? — деди.

Комрон унинг юзини кўрмасди. Фақат бетларини, лабларини силаб-сийпаган, суйиб ардоқлаган бармоқларга иссиқ кўз ёшлари томаётганини ҳис этарди.

* * *

Улар йўлда ҳам қучоқлашиб кетишди. Рўпарада келаётган иккита балиқчини кўришгандан кейингина айрилишди. Ҳануз гаплашмай борардилар. Ёнма-ён юриш бахти уларни маст қилган эди.

Ана боғ йўли! Комрон ўн йил аввал Фаридани шу ерда биринчи марта кўрган эди. Комрон қизнинг елкасидан секин ушлаб:
— Бу ер эсингдан чиқиб кетгандир, Фарида?— деди.

Қиз узоқларга чўзилиб кетган йўлга қараб кулимсиради.
— Бу қарашингда маъно бор, демак, эсингда?

Фарида секин хўрсинди. Кейин, бир эски хулёга кулимсираётгандай, чуқур ҳорғинлик ва ўйчанлик билан Комронга қаради.
— Ўша маҳал бирам суюнган эдимки!.. Ажабо, буни эсдан чиқариб бўладими? — деди.

Йигит, қиз бошини тескари ўгириб олмасин, кўзлари кўзларимдан айрилмасин, деб Фаридани иягидан ушлади, оғир, сокин бир товуш билан:
— Фарида, — деди, — бизнинг бутун саргузаштларимиз мана шу ердан бошланган. Биламан, азизим, сенинг бу кўзларинг шунчалар жафо, шунчалар саргардонликларни кўрдики, гапларимга, дардларимга, албатта, тушунади. Сенга кўнгил берган вақтларимда кулишдан, эрмак қилишдан бошқа нарсани билмайдиган ғофил, шўх қизча, нурдай, овоздай қўлга кирмайдиган Чолиқуши эдинг. Сенга чуқур муҳаббатим бор эди. Ҳар куни эрталаб уйғонганимда муҳаббатим қалбимда яна ҳам улғайганини сезардим. Бундан ҳам уялар, ҳам қўрқар эдим. Гоҳи маҳаллар менга шундай қарар, шундай сўзлар айтардингки, юрагим ширин умидлар билан талпина бошларди. Лекин сен дарров ўзгариб олардинг. Ҳамиша кулиб, мазах қилиб турган бола кўзларингда гоҳо нозик, ҳассос қиз қалби акс этарди-ю, яна дарҳол йўқ бўлиб кетарди. Ана шундай ҳолларда «Йўқ, бу қиз мени тушунмайди, ахийри мени хазон қилади!» деб ўйлардим. Ҳаётингни, кўнглингни шунчалик тоза вафо билан менга бағишлашингни умид қилган эдим. Сен, балки мени кўрганингда ўчган рангингни, титрай бошлаган шу чиройли лабларингни яшириш учунгина мендан қочиб юргандирсан? Мен эсам буни Чолиқушининг енгилтаклиги деб ич-етимни еб юрардим. Менга қара, Фарида, бунчалик тоза вафони, бунчалик ажойиб қалбни кичкина Чолиқушининг бағрига қандай қилиб сиғдирдинг?

Комрон бир зумгина тўхтади. Оппоқ, нафис чаккаларида майда терлар пайдо бўлди. У бошини солинтириб, яна ҳам паст товуш билан сўзини давом қилди:
— Дардим шу билан чекланмади, Фарида. Сени ҳатто ўзимдан, ҳаётимнинг турли соатларини бир-биридан кунлардим. Дунёда вақтнинг ўтиши билан бўшашмайдиган, кучини йўқотмайдиган ҳеч қандай ҳис йўқ. «Борди-ю, бир кун келиб Фаридани бунчалик севмай қолсам, бу ширин ҳислардан жудо бўлсам-а!..» деб қўрқардим. Шундай пайтларда ёниб тугалишидан қўрқиб, чироқларни қандай ўчириб қўйишса, мен ҳам шундай қилар, яъни хаёлингни кўзларимдан узоқлаштиришга тиришардим. Фарида, тоғларда бир ўт ўсади, отини билмайман. Одам уни қанча кўп ҳидласа, бора-бора ҳидини пайқамайдиган бўлиб қолади. Бу ажойиб ҳиддан маҳрум бўлгиси келмаган киши уни маълум муддатгача ўзидан узоқлаштиради. Давоси шу. Гоҳо яна ўша ажойиб ҳидни қўмсаб, ҳар қандай ҳидни, масалан, ярамас «Сариқ гул» ҳидини ҳам димоғига келтиради. Ана шу ўт ўз ҳидлари туфайли бемаҳал хазон бўлади: одамлар узиб олишиб қўлларида сўлдиришади, эза-еза ўлдиришади. Фарида, доғу ҳасратда қорайган кўзларинг, алам ва уқубатдан сарғайган гўзал юзинг билан сени қўлларда эзилган сари ҳиди ортган ўша хушбўй гулларга ўхшатаман. Гапларимга тушуняпсанми, азизим? Эвоҳ, кўзларинг ортиқ кулмаяпти. Демак, менинг бемаънидай кўринган бу сўзларимни эрмак қиляпсан.

Фарида уйқу элитган ёш бола сингари кўзларини юмиб олди. Киприкларида ёшлар жилваланар эди. Бу ҳаяжонли кечинмалар унинг мадорини қуритди, тиззалари ўз-ўзидан букила бошлади, у бутун оғирлигини Комроннинг қўлларига ташлади.

Худди тушдагидай, ёлғиз лабларининг ҳаракати билан шивирлади,
— Кўриб турибсан, Чолиқуши абадий ўлди.

Комрон бошини яна ҳам яқинлаштириб, айни оҳангда шивирлади:
— Ҳечқиси йўқ, «Чолиқуши»га бўлган бутун муҳаббатимни бошқасига, «Гулбашакар»га бердим...

Комрон қўлларида ҳамон оғирлашиб бораётган бу мажолсиз вужуднинг бирдан жонланганини, ҳаёт завқи билан талпинганини сезди.
— Йўқ, ундай дема, жон Комрон!

Фарида ҳануз Комроннинг кўксида ётган бошини хиёл орқага ташлаб, юзини унга қаратди. Кесик, бўғиқ нафас титратаётган бўйнининг томирлари кўкариб борар, юзи ёниб, кўзларида қизил учқунлар ўйнарди.

Комрон яна бояги сўзини такрор айтди:
— Гулбашакар, менинг, фақат менинггина Гулбашакарим!

Фарида бутун вужуди билан қалтираб оёқларининг учига турди, йигитнинг елкаларидан маҳкам қучоқлади, томирларидаги ҳамма қони лабларига йиғилгандай эди, у бўйнини чўзди...

* * *

Бир минутчадан кейин тин олишди: Фарида узоқ чанқоқдан сўнг тиниқ булоқда мириқиб сув ичган қуш сингари жонланган эди. У ер тепиниб типирчилар, шовқин солар, Комронга кўрсатмаслик учун ҳадеб юзини у ёқ-бу ёққа тебратар:
— Қандай уят иш бўлди, вой худо! Сен сабаб бўлдинг, худо ҳаққи, сен сабаб бўлдинг!.. — деб чирқирарди.

Ёнларидаги дарахт шохида бир чолиқуши тинмай сайрар эди.

III-V- qismlar
 
Keyingi



  1. Бейўғли — Истамбулнинг бир раёни.
  2. Нишонли — унашилган киши.
  3. Катта халфа — хизматкор хотинлар бошлиғи, оқсоч.
  4. Диёрбакир — Туркия шаҳарларидан бири. Мусул, Бағдод ва Карбало — Ироқ шаҳарлари; биринчи жаҳон урушигача Ироқ Усмонли империясида эди.