OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРасул Ҳамзатов
Асар номиТил (парча)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Догистон адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Расул Ҳамзатов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм27KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» китобидан


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тил (парча)
Расул Ҳамзатов

Тилни ўрганмасдан шеър ёзишга уринган одам сузишни билмасдан чўмилиш учун ўзини саркаш дарёга ташлаган телбага ўхшайди.

Баъзан одамлар миясида фикр бўлгани учун эмас, шунчаки тили қичиб тургани учун гапиради. Баъзан одамлар юрагига туйғулар сиғмаётгани учун шеър ёзишмайди, балки... Тўғриси, уларнинг нима учун шеър ёзишаётганини ҳам тушунтириш қийин...

Бундай одамлар шеър бошлашдан аввал дунёда нималар рўй бераётганига бир қур назар ташламайди. Дунё қандай мусиқа, қўшиқ ва оҳангларга йўғрилганини тушунишни истамайди.

Шундай кезлари улардан сўрагинг келади: нима учун одамга кўз, қулоқ ва тил керак? Нега одамнинг кўзи иккита, тили эса битта? Негаки, шу битта тил қандайдир сўзни оғиздан ташқарига чиқариб юборишдан аввал иккита кўз атрофга қараши, икки қулоқ атрофда нималар рўй бераётганини эшитиши керак.

Тилдан кўчиб - оғиздан чиқиб кетган сўз тоғнинг эгри-бугри сўқмоғидан равон йўлга чиққан отга ўхшайди. Яна сўрагинг келади: тилдан кўчган сўзни юракда қўноқ қилмасдан оғиздан ташқа­рига чиқариб юборавериш мумкинми?

Сўз оддий нарса эмас. У - ё қарғиш, ё дуо, ё эзгулик, ё қайғу, ё сўкиш, ё олқиш, ё ёлғон, ё ҳақиқат, ё ёғду, ё зулмат.

Сўз янграган яралмай олам,
Шундай дерлар келтириб имон.
У қандай сўз: тавбами, қасам?
У қандай сўз: ўтинчми, фармон?
Емирилиб бормоқда олам,
Демак, бир сўз керак бегумон.
Унда бўлсин тавба ва қасам,
Унда бўлсин ўтинч ва фармон.

Менинг ёш танишим шундай деганди: айтган сўзимга, ичган қасамимга ўзим хўжайинман, хоҳласам - амал қиламан, хоҳласам - амал қилмайман.

Эҳтимол, бундай йўл тутиш ўша танишим учун бўлаверар. Лекин ёзувчи ўз сўзининг, қасамининг, қарғишининг ҳақиқий хўжайини бўлиши керак. Ахир, у битта нарса учун икки бор қасам ичмайди. Умуман олганда, кўп қасам ичадиган одамнинг ёлғончидан фарқи йўқ...

Айтишларича, жуда қадим замонда авар тилида сўз кам бўлган. «Ҳаёт», «озодлик», «мардлик», «дўстлик», «олижаноблик» каби тушунчалар битта сўзда ифодаланган экан. Майли, бошқа бировлар менинг камсонли халқимнинг тилини қашшоқ деб айтишса айтишар. Лекин мен ўз туйғуларимни, фикр­ларимни ўз она тилимда қандай хоҳласам шундай ифодалай оламан, бунинг учун мен бошқа тилнинг ёрдамига муҳтож эмасман...

ШУНДАЙ ҲИКОЯ ҚИЛИШГАНДИ. Москвадами ёки бошқа катта шаҳар кўчасида лак сайр қиларди. Бирдан доғистонликка хос кийинган одамни кўриб қолди. Ўзига яқин олиб, суҳбатлашгиси келди. Йўлини тўсиб чиқиб, юртдошига лак тилида мурожаат қилди. Юртдоши унинг гапини тушунмаганини англатиб, бошини чайқади. Лак унга қўмиқ тилида, лезгин тилида, тат тилида гапириб кўрди. Хуллас, лак қайси тилда гапирмасин, до­ғистонликка хос кийинган одам унинг гапини тушунмади. Шунда лак рус тилида гапирди. Маълум бўлишича, ўша киши авар экан. Авар дарҳол лакни ко­йишга тушди:
— Сен қандай доғистонликсан, сен қандай юртдошсан ўзи, агар авар тилини билмасанг? Сен доғистонлик эмас, ўқимаган туясан.

Мен бу баҳсда миллатдошим ёнини ололмайман. Албатта, бекордан-бекорга лакни койигани учун эмас. Чунки лак авар тилини билиши ёки билмаслиги мумкин эди. Муҳими, у ўз она тили - лак тилини биларди. Бундан ташқари, у Доғистондаги бошқа тилларда гапирган, авар эса ўша тилларни билмаган.

Абутолиб бир сафар Москвада катта кўчада келаётган йўловчидан бозор қаердалигини сўрамоқчи бўлди. Бу йўловчи инглиз экан. Москва кўчаларида хорижликларнинг учраши оддий бир ҳол.

Албатта, инглиз Абутолибнинг гапини тушунмасдан инглизчалаб қайта сўраган. У кейин франтсузча, сўнгра испанча ва ўзи биладиган бошқа тилларда гап нимадалигини сўраб кўрган.

Абутолиб эса инглизга мақсадини олдин русча, кейин авар, лак, лезгин, дар­ғин, қўмиқ тилларида тушунтирган.

Хуллас, суҳбатдошлар бир-бирини тушунмасдан ажралишган. Бу воқеани эшитган жуда маданиятли доғистонлик икки яримта инглизча сўзни билгани учун Абутолибга ақл ўргатган:
— Кўраяпсанми, маданиятлилик шундай пайтда билинади. Агар сен озгина маданиятли бўлиб инглизчани билганинг­да, у билан гаплашардинг.
— Шундайликка шундай, - деган унга Абутолиб. - Нега сен инглизни мендан маданиятли ҳисоблаяпсан? Ахир, у ҳам мен гапирган биронта тилни билмади-ку.

Мен учун дунёдаги тиллар - осмондаги юлдузлар. Албатта, мен барча юлдузлар бирлашиб, осмоннинг ярмини эгаллайдиган битта катта юлдузга айланишини истамайман. Бунинг учун Қуёш бор. Майли, барча юлдузлар ўз ҳолича чарақласин. Майли, ҳар бир халқ­нинг ўз юлдузи бўлсин. Мен ўз юлдузимни - она тилим авар тилини севаман. Мен пастқам тоғлар тагида ҳам катта олтин заҳираси бўлиши мумкин, деб айтадиган геологлар гапига ишонаман.
— Яратганнинг ўзи болаларингни она тилида гапиришдан бенасиб этсин, - бир аёл бошқа аёлни шундай қарғаган эди...

ЁН ДАФТАРЧАДАН. Парижда доғис­тонлик рассомни учратиб қолдим. У инқилобдан кейин Италияга кетган, ўша жойда уйланган ва юртига қайтмаган. Тоғликлар анъанаси бўйича тарбия кўрган доғистонликнинг янги мамлакатга кўникиши қийин кечибди. Дунё бўйлаб кезиб чиққан рассом охири гўзал пойтахт шаҳардан қўним топибди. Аммо қайда кезмасин, соғинч ажралмас йўлдош бўлибди. Мен бўёқлар орқали суратларга кўчган соғинчни кўргим келди ва рассомдан ижод намуналаридан кўрсатишини сўрадим.

Рассом «Ватан соғинчи» суратини кўрсатди. Унда италян аёл (рассомнинг хотини) қадимий аварликлар кийимида тасвирланган. Аёл тоғдаги булоқ ёнида, қўлида готсатлинлик усталар тайёрлаган кумуш кўза. Тошлар орасидаги овул қайғули - қора рангда, ортидаги тоғ ҳам қорамтир. Чўққиларни туман қоплаган.
— Туман - бу тоғларнинг кўз ёши, - дея изоҳ берди рассом. - Тоғ ёнбағридан туман сузиб ўтганда, қоялар устида томчилар пайдо бўлади. Туман, бу - мен.

Бошқа расмда тиканли бута шохида ўтирган қуш тасвирланган. Бундай тиканли бута - чангаллар, тошлар орасида ўсади. Қуш сайраяпти, уйнинг деразасидан ғамгин таниш аёл қараб турибди. Менинг суратга қизиқиш билан қараб турганимни кўрган рассом тушунтиришга уринди:
— Бу сурат қадимий авар афсонаси асосида яратилган.
— Қандай афсона?
— Қушни ушлаб, қафасга солишади. Қафасга қамалган қуш кечаю кундуз фақат битта сўзни такрорлайверган: Ватан, Ватан, Ватан... Мен ҳам ўтган йилларда фақат шу сўзни такрорладим. Қушни ушлаб турган киши ўйга толди: «Унинг ватани қандай экан, қаерда экан? Эҳтимол, жаннат қушлари ва жаннат дарахт­лари бор гуллаб-яшнаган бир ўлкадир. Яхшиси, қушни қўйиб юбориб, қайси томонга учишини кузатайин. Менга қушча мўъжизавий мамлакат йўлини кўрсатар». У олтин қафаснинг туйнугини очди, қуш озодликка чиқди. Қуш ўн қадамча учиб, силлиқ тошлар орасида ўсган чангал шохига қўнди. Шу чангал шохлари орасида қушнинг уяси бор экан... Мен ҳам ўз Ватанимга қафаснинг деразасидан тикилиб турибман, - дея ҳикоясини тугатди рассом.
— Нега унда ўз овулингга қайтмаяпсан?
— Энди кеч. Ўз вақтида мен Ватандан қайноқ юрагимни олиб кетгандим, энди унга кексайган суягимни олиб қайтаманми?

Париждан қайтганимдан кейин рассомнинг қариндошларини излаб топдим. Ҳайратланарлиси, унинг онаси ҳали ҳаёт экан. Онасининг уйига тўпланган қариндошлари ўз Ватанини ташлаб кетиб, уни ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ҳикояни ғамгин тинглашди. Улар адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди. Шунда бирдан онаси сўраб қолди:

- Sizlar avarcha soʻzlashdinglarmi?

— Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у франтсузча.

Она юзига қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади. Уйнинг томига ёмғир томчиларди. Биз Аварис­тонда ўтирардик. Эҳтимол, ҳозир дунё­нинг нариги четидаги Париж шаҳрида Доғистоннинг адашган ўғли ҳам ёмғир томчилари овозини тинглаётгандир. Узоқ жимликдан кейин она деди:
— Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар менинг ўғлим ҳаёт бўлганида, авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди.

ЭСДАЛИКДАН. Авар театрида ишлаб юрган вақтларим эди. Тоғликларни драма санъатидан баҳраманд этиш ниятида спектакл декоратсиялари, ки­йимлари, жиҳозларни (бу лаш-лушларни эшакларга юклардик, айримларини актёрлар ўзлари билан оларди) овулдан-овулга олиб ўтардик. Театрда ўтказган даврим тез-тез эсимга тушади.

Спектаклдаги оммавий саҳналарда ижро этишим учун кичик рол ҳам беришарди, лекин асосан суфлёрлик вазифасини бажарардим...

Эсимда, театримиз билан тоғнинг юқори қисмида жойлашган Гуниб овулига бордик. Маълумки, илгари таниш бўлмаса ҳам шоир шоирга меҳмон. Гуниблик шоир тўғрисида эшитгандим, лекин ҳали учрашмагандик. Мен ўша шоирнинг уйига меҳмонга бордим ва гастрол кунлари уларникида турдим.

Меҳмондўст мезбонлар мени шундай сийлашдики, ҳатто ўзимни ноқулай сеза бошладим. Айниқса, шоирнинг онаси менга жуда меҳрибонлик кўрсатди.

Бу меҳмондўст хонадондан кетар эканман, ташаккуримни изҳор қилишга сўз тополмадим. Хайрлашаётган вақтимда шоирнинг онаси билан бир муддат ёлғиз қолдик. Мен-ку тушунаман, онага ўғил ҳақида яхши гап айтсангиз ёқади. Шу боис гуниблик шоир ижодининг камтарона баҳосини билсам ҳам онасига уни мақташга уриндим. Айтдимки, ўғлингиз жуда пешқадам шоирлардан, ҳар доим долзарб мавзуларда шеър ёзади.
— Эҳтимол, у пешқадам шоирдир, - дея гапимни бўлди онаси, - лекин унинг истеъдоди йўқ. Эҳтимол, унинг шеърлари долзарб мавзудадир, лекин шеърларини ўқисам уйқум келади. Расул, ўйлаб кўр, бу нима деган гап ўзи? Ўғлим сўзлашни ўргана бошлаганда уни тушунмасдим, тушунмасам ҳам овозини эшитганимдан қувонардим. Энди сўзлашнигина эмас, шеър ёзишни ҳам ўрганди, лекин шеърлари зериктириб, уйқумни келтиради. Дейдилар, аёлнинг ақли кўйлагининг этагида бўлади. Ўтирса, ҳаммаси жойида, турдими, бас, ақли этагидан думалаб пастга тушади. Менинг ўғлимда ҳам шундай: стол атрофида ўтириб овқатланаётган вақтида ажабтовур гапиради, ҳамма сўзлари тушунарли, овқатланиб бўлиб ижод столига ўтириши билан ўзгаради, оддий ва ёқимли сўзларнинг ҳаммасини унутади-қўяди. Ундан фақат сийқа, зерикарли, хом-хатала сўзлар чиқади.

Бу воқеани эслар эканман, Оллоҳдан ўз тилимни йўқотиб қўймасликни сўрайман. Мен шундай ёзайинки, улар онамга, опамга, ҳар бир тоғликка, китобимни қўлига олган ўқувчига тушунарли бўлсин. Мен уларни зериктиришни эмас, уларга қувонч бағишлашни истайман. Агар менинг тилим ўзгаларга тушунарсиз, ёқимсиз, зерикарли бўлиб қолса, бир сўз билан айтганда, тилимни йўқотиб қўйсам, менга ҳаётда бундан ортиқ кулфат йўқ.

Эсимда, баъзан овулимиздаги кексалар масжид олдида тўпланиб, айрим масалаларни муҳокама қилишарди. Мен ҳамма тўплангунча отамнинг шеър­ларини ўқиб берардим. Бола бўлсам ҳам шеърларни жўшиб(айтиш мумкинки, ҳаддан зиёд жўшиб), бор овозда, ўзимга ёққан сўзларни дона-дона қилиб талаффуз билан ўқирдим. Мисол учун отамнинг янги «Садада бўри ови» шеърини ўқир эканман, «тс» ҳарфини тишларимнинг орасидан ўтказиб чийиллатиб талаффуз қилардим. Ўйлардимки, шундай ўқилса жарангдорроқ чиқади ва яхшироқ таассурот қолдиради.

Отам ҳар сафар сўзни тўғри талаффуз қилиб, дер эди:
— Сўз ёнғоқ эмас, уни тош билан қарсиллатиб чақадиган. Ёки сўз саримсоқ ҳам эмас, уни тош билан ҳавончада майдалашга ҳожат йўқ. Ёки сўз тошлоқ ер эмас, уни қийналиб шудгор қиладиган. Сўзни зўриқтирмасдан эркин айт, тишингни тишингга босиб ўзингни қийнама.

Мен сатрни қайтадан ўқидим, яна сўзни илгаригидай талаффуз қилдим. Шу вақт онам уйимизнинг томидан менга қараб турарди.

Отам жаҳл билан онамга бақирди:
— Ҳеч бўлмаса ўғлингга сен ўргат.

Онам мен учун қийин бўлган сўзни отам хоҳлагандай талаффуз билан айтди.
— Эшитдингми! Энди сен айт.

Мен яна тўғри талаффуз қила олмадим.
— Туф-э, - деди отамнинг кайфияти тушиб. - Сўзни бузган битта жалатуринликни супурги билан савалагандим. Энди ўзимнинг ўғлимни нима қилсам экан?

Хафа бўлган отам йиғинга қатнашмасдан уйга қараб кетди.

НЭГА ОТАМ ЖАЛАТУРИНЛИКНИ КАЛТАКЛАГАНДИ? Баҳор фаслидаги бозор куни. Маълумки, баҳорда ўтган йилдаги ҳосилнинг баракаси учади, янги ҳосилдан эса дарак йўқ. Шу боис бозордаги нарсалар кузга нисбатан баҳорда анча қиммат бўлади. Ҳатто, далада ўсмайдиган нарсалар, масалан, кулоллар ясайдиган туваклар ҳам.

Ҳали у вақтда навқирон бўлган отам бозор-ўчар қилишга отланади. Қўшнимиз унга йигирма тийин бериб, супурги қўшиб олиб келишни сўрабди.
— Агар супургини арзонроқ олсанг, қолган пули сеники, - деган қўшнимиз ёш Ҳамзатга.

Отам бозорда супурги сотувчисини топган ва савдолаша бошлаган. Барчага маълумки, Шарқ бозорида биринчи айтилган нарх ҳеч нарсани англатмайди. Чунки сотувчи беш тийинлик нарсага юз сўм сўраши мумкин. Хуллас, отам яхши супургини танлаб эгасидан сўраган:
— Сотасанми?
— Бўлмаса, нега шу ерда турибман.
— Қанча?
— Қирқ тийин.
— Супурги от эмас, туянинг нархини айтадиган. Ҳақиқий баҳосини айтавер.
— Қирқ тийин.
— Ҳазиллашяпсанми?
— Қирқ тийин.
— Йигирма тийинга бер.
— Қирқ тийин.
— Менинг фақат йигирма тийиним бор.
— Қирқ тийин.
— Чиндан ҳам менинг бошқа пулим йўқ.
— Пулинг бўлганда келарсан.

Бугун супурги олиб бўлмаслигига кўзи етган отам бозор оралаб кетган ва савдо расталари охирида одамлар тўпланиб турганини кўрган. У ҳам яқинлашган, одамлар Ошиқ Маҳмуд айтаётган қўшиқларни тинглашаётган экан.

Ўртада Маҳмуд пандур ушлаб ўтирарди. Маҳмуд пандур чалар, кейин торлар устига қўлини қўйиб қўшиқ айтарди. Ҳамма нафасини ичига ютиб, қўшиқни тингларди. Агар ҳозир бозордан асалари учиб ўтса, унинг овозини эшитса бўларди. Қандайдир бола секингина йўталган эди, сочига оқ оралаган киши (отаси бўлса керак) дарҳол болага даврадан четроқ чиқишни буюрди.

Бозорда Маҳмуд қўшиғидан бошқа овоз эшитилмасди. Шу вақт қандайдир жалатуринлик қўшнисига ниманидир тушунтира бошлади. Аслида, жалатуринликнинг нияти яхши эди: авар тилини тушунмаётган қўшнисига Маҳмуд куйлаётган қўшиқнинг мазмунини айтаётганди. Ҳамма кулфат шунда эдики, унинг ғўлдираб гапириши қўшиқни маза қилиб тинглашга ва ундан лаззат олишга халал бераётганди.

Жалатуринликнинг бефаҳмлиги ҳамма қатори ёш Ҳамзатнинг ғазабини уйғотди. У секингина жалатуринликни туртиб қўйди. Бу фойда бермагандан кейин қулоғига секингина жим бўлишни айтди. Лекин жалатуринлик парво­йига келтирмади. Ғазаби қайнаган ёш Ҳамзат атрофига қаради, супурги сотувчи ҳам қўшиқ тинглаётган экан. Чопиб бориб унинг халтасидан энг катта супургини олди ва қулоқсиз жалатуринликни калтаклашга тушди.

Жалатуринлик қочар экан, ёш Ҳамзатга дўқ-пўписа қилди. Ёш Ҳамзат барибир қўшиқ тинглашга халал бераётган жалатуринликни бозордан ҳайдаб чиқарди. Кейин супурги сотувчининг олдига келиб, олган супургисини узатди.
— Ўзингга олиб қол, - деди сотувчи.
— Аммо менинг фақат йигирма тийиним бор, сен супурги учун қирқ тийин сўраяпсан.
— Олавер, текинга беряпман. Сенинг бу ишинг менинг барча супургимдан қиммат туради.

Ҳозир ҳам дунёда қўшиқ тинглашга халал бераётган жалатуринликка ўхшаш кимсалар кўп. Афсуски, уларни супурги билан калтаклаб даврадан ҳайдаб чиқарадиган одамлар йўқ.

Яхши топиб айтилган сўз ҳақида гап кетганда, тоғликлар шундай дейишади: «Бундай сўзнинг баҳоси эгарланган отга тенг».