OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРей Бредбери
Асар номиМарсга ҳужум (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Илмий тахайюлот
Муаллифлар
   - Рей Бредбери
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАмир Файзулла (Русчадан)
Ҳажм492KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/25
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Аннотация
Американинг машҳур фантаст ёзувчиси Рэй Брэдберининг номи ва асарлари ўзбек ўқувчиларига ҳам яхши таниш. Энди адибнинг шоҳ асари “Марсга ҳужум”ни сиз азиз фантастика ихлосмандларига ҳавола этмоқдамиз. Олтмиш ёшида илк марта учоққа чиққан, уйида эски ёзув машинкасидан бошқа биронта замонавий техника ускунаси бўлмаган Рэй Брэдбери фавқулодда қувваи зеҳни билан олис-олис галактикаларга худди фазогирлардай “саёҳат” қилади ва мўъжизавий таассуротларини жаҳон аҳли билан баҳам кўради.

Муаллифнинг фантастика воситасида бундай ғаройиб “саёҳат”лари замирида улкан мажозий маъно ётади — у Ердаги ҳаёт, хусусан она табиатга муносабат аллақачон издан чиққанлигини алам, ўкинч ва заҳархандалик билан ифода этади. Ҳатто биз шаффоф марсликлар истиқомат қилади деб тасаввур этганимиз Марс сайёрасини ҳам мана шу одамлар аллақачон бошига етиб бўлганини алоҳида уқтиради. Бу эса Ердаги ҳар бир одамни чуқурроқ ўйлашга, ҳушёр бўлишга даъват этади.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Марсга ҳужум (I- қисм)
Рей Бредбери

«
Ҳайратга тушиш қобилияти буюк ишдир,
— деди файласуф. — Космик парвозлар
бизларни яна болаларга айлантириб қўйди.
»

Январ 1999 - Ракета Ёзи

Ҳозиргина Огайо қиши ҳукмрон эди: эшик ва деразалар тақа-тақ ёпилган, ойналарни қалин қиров босган; томларнинг қирраларидан найзасимон сумалаклар осилиб турар, болалар тепаликлардан чанғиларда ўқдек учар, қора айиқ мўйнасидан тикилган пўстинли аёллар сирпанчиқ кўчаларда кезинар эдилар.

Тўсатдан иссиқ ҳаво тўлқини шаҳар бўйлаб ёйилди, худди тасодифан очиқ қолган новвойхона эшигидан чиққан ҳовур сингари ҳаммаёқни иссиқ ҳаво қоплади. Уйлардан шовуллаб сувлар оқди. Буталар ва болаларнинг эгнилари ҳўл бўлди. Томлардан сумалаклар узилиб тушар, ерга тушиб майда-майда бўлар ва эриб кетар эди. Эшиклар ланг очилди. Осмонда булутнинг чоки сўкилди. Болалар эгниларидан свитерларини ечиб отдилар. Онажонлар ҳам айиқ мўйна пўстинларини елкаларидан ташладилар. Қор эриб, ўтлоқзорда бултурги майсалар мунғайиб кўринди.

Ракета ёзи. Оғиздан-оғизга, уйдан-уйга шу икки сўз кўчиб юрар эди: Ракета ёзи. Худди чўл нафасидек қайноқ ҳаво деразалардаги муз нақшларни эритиб юборди, улар ўрнида нафис кашталар сузилиб кўринди. Чанғи ва конкилар бирдан керак бўлмай қолди. Аёзли осмондан тепалик устига қўнаётган қор ергача келмай, ҳаводаёқ қайноқ ёмғирга айланмоқда эди.

Ракета ёзи. Одамлар ёмғир томчилари питрадай тўкилаётган айвондан бошларини чиқариб, қизара бошлаган осмонга қарар эдилар.

Пуштиранг олов ва чўғдек ҳовур уфуриб турган космодромда ракета қаддини ғоз тутиб турар эди. Аёзли қиш тонгида ракета ўзининг қудратли оташ нафаси билан атрофни ёз қилиб юбораётганди. Ракета об-ҳаво яратмоқда ва бир неча лаҳзадан буён чор атрофда ёз ҳукм сурмоқда эди...

Феврал 1999 - Илла

Улар Марс сайёрасида, биллур устунли уйда қуриб қолган денгиз соҳилида яшар эдилар ва ҳар куни эрта билан миссис К.нинг биллур деворлардан етилиб чиққан олтин меваларни еяётганини ёки қайноқ шамол ахлатлар билан биргаликда учириб келган оҳанрабо чангини ҳовучлаб сочганча ўша ерларни тозалаётганини кўриш мумкин эди. Кечга яқин қадимий денгиз ҳаракатсиз ва қайноқ ҳолга келган бир пайтда ҳовлидаги анжир дарахтлари қилт этмай қолар эди ва кўҳна Марс шаҳарчаси ёп-ёлғиз сўппайиб турар эди, ҳеч ким кўчага чиқмас, мистер К.ни эса ўз хонасида бўртиқ иероглифларни арфа торлари каби бармоқлари билан чертганча маъдан китобни ўқиётганини кўриш мумкин эди. Унинг қўл остида китоб қўшиқ куйларди, куйловчи қадимий товуш денгиз ўзининг қирмизи тумани билан соҳилларни қоплаб олган ва қадимий одамлар маъдан найза ва электр тўрлари билан қуролланиб, жангга кетаётган одамлар ҳақида ривоят қиларди.

Мистер ва миссис К. йигирма йил ўлик денгиз соҳилида яшашди ва уларнинг оталари ва боболари ҳам, мана, ўн асрдирки, гулга ўхшаб қуёш томонга юз буриб айланиб турган мана шу уйда истиқомат қилиб келган эдилар.

Мистер ва миссис К. ҳали унчалик кекса эмас эдилар. Уларнинг юзлари чинакам марсликлардек тоза, қорачадан келган эди. Кўзлари олтин тангалардек сап-сариқ, овозлари майин ва ёқимли. Илгари улар кимёвий олов билан суратлар чизишни яхши кўрар эдилар, шароб дарахтлари лиммо-лим тўлиб оққан анҳорларда сузишни ёқтиришарди, кейин эса тонггача хилватгина хонада мовий нур таратиб турган портретлар тагида суҳбат қурар эдилар.

Энди улар унчалик бахтли эмас эдилар.

Ўша куни эрталаб миссис К. худди сариқ мумдан чаплаб ясалгандек, ҳосилсиз қумларнинг узоқ-узоқларга таралаётган жазирама ҳовурига қулоқ тутганча устунлар ўртасида тик турар эди.

Нимадир содир бўлиши керак эди.

Аёл кутар эди.

У ана-мана қум устига чақновчи мўъжизани келтириб босмоқчи, сиқмоқчи ва эзиб янчмоқчи бўлган мовий Марс осмонидан кўз узмай қараб турарди.

Аммо ҳамма нарса ўша-ўша эди.

Кутавериш жонига теккач, аёл туманли устунлар оралиғида у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Бўғотдаги тарновлардан ёмғир жилғаланиб оқарди, бундан тандирдек қизиган ҳаво бироз салқин тортгандек, унинг баданини силагандек бўларди. Жазирама кунларда бу дарёга тушиб чўмилиш билан баравар эди. Салқин жилғалар ерни ҳўл қилди. Эрининг китобни тинмай чалаётгани қулоғига чалиниб турарди; қадимги оҳанглар унинг бармоқларига заррача таъсир қилмаётгандек эди.

Аёл хаяжонсиз ўйларди: қачонлардир худди анави ўзининг киши ақли етмас китобларига мўъжаз арфага ёпишгандек маҳкам ёпишиб олган, худди илгари бўлганидек, вақт-соати келиб эри уни ҳам бағрига босишига, юз-кўзларини силаб эркалашга вақт топа олишига имони комил эди.

Афсус! Аёл бошини чайқади, ҳафсаласи пир бўлгандек билинар-билинмас елкаларини учириб қўйди, олтинранг киприкли кўзларини аста беркитди. Никоҳ ҳаттоки илгаридан таниш бўлган ёш йигит-қизларни ҳам кекса қилиб қўяди...

Аёл ўриндиққа чўкди, ўриндиқ бамисоли унинг бутун вужудини бағрига олди. У асабий қошларини чимирди ва кўзларини юмди. Аёл туш кўра бошлади. Қорача бармоқлари титраб кетди, беихтиёр ҳавода ўйнай бошлади. Лаҳза ўтиб, аёл ўриндиқда чўчиб қаддини ростлади ва оғир-оғир нафас ола бошлади.

У худди бировни кўрмоқчи бўлгандек шоша-пиша хонага разм солиб чиқди. Таажжуб: устунлар оралиғи бўм-бўш эди.

Учбурчак эшикда эри кўринди.
— Сен мени чақирдингми? — ғижиниб сўради эри.
— Йўқ! — деярли қичқириб жавоб берди аёл.
— Менга худди қичқиргандек бўлиб туюлдинг.
— Ростданми? Мен мизғиб туш кўраётган эдим.
— Кундузия? Сенда илгари ҳеч бунақа бўлмасди-ку.

Аёлнинг кўзларидан унинг ўзи ҳам туш кўрганидан таажжублангани шундоқ кўриниб турарди.
— Қизиқ, жудаям қизиқ, — ғудранди аёл. — Бу туш...
— Хўш? — эри китобга қайтиб боришга тоқатсизланаётган эди.
— Тушимга бир эркак кирибдики...
— Эркак?
— Баланд бир эркак. Бўйи олти фут бир дюйм1 келади.
— Бу қанақаси: бутун бошли бир дев, алвасти-ку!
— Нимагадир, — аёл дона-дона қилиб сўзлай бошлади, — у алвастига ўхшамасди. Тўғри, бўйи жуда баланд эди. Унинг — эҳ, биламан, бу гаплар сенга алаҳсирашга ўхшайди — унинг кўзлари кўм-кўк эди!
— Кўзлари кўм-кўк эди, — такрорлади мистер К. — Эй худойим, кейинги гал қанақа туш кўрар экансан-а?! Ҳали қоп-қора сочли одам ҳам кўрдим дерсан.
— Буни қандай билдинг? — деди аёл.
— Шунчаки тўғри келган рангни айтдим-қўйдим-да, — қуруққина жавоб берди эр.
— Ҳа, сочлари қоп-қора! — қичқириб деди аёл. — Бадани эса оппоқ. Жудаям ғалати одам! Эгнидаги кийимлари ҳам ғалати, у осмондан иниб тушди-да, мен билан мулойим гаплаша кетди.

Аёл жилмайди.
— Осмондан эмиш. Шу ҳам гап бўлди-ю.
— У қуёшда чарақлаб турган маъдан машинада учиб келди, — эслай бошлади миссис К. У кўрганларини кўз олдига келтириш учун кўзларини юмди. — Тушимга осмон кирди. Шунда бир нарса ялт этди. Худди ҳавога отилган тангадек. Кейин у катталаша бошлади. Катталашиб-катталашиб ерга равон тушиб келди, — бу узун кумушранг думалоқ кема, бегона кема эди. Сўнг биқиндаги эшик очилди-да, ундан баланд бўйли бир эркак чиқиб келди.
— Кўпроқ ишлаганингда бундай аҳмоқона тушлар кўрмас эдинг.
— Менга эса бу жуда ёқди, — жавоб берди аёл ўриндиққа ўзини ташлаб. — Шундай нарсаларни тасаввур қиламан деб ҳеч хаёлимга келмаганди. Қоп-қора сочлар, кўм-кўк кўзлар, оппоқ бадан! Қандай ажойиб эркак, бунинг устига, жуда чиройли ҳам.
— Сенга шунақа туюлган.
— Вой ичи қора-ей. Мен шундай бўлишини хоҳлаганмидим, пинакка кетганимда у ўзи пайдо бўлиб қолди. Ҳатто бу тушга ҳам ўхшамайди. Бирдан кутилмаганда, ғайри оддий бир тарзда... У менга қаради-да: шундай деди: “Мен бу кемада учинчи сайёрадан учиб келдим. Менинг исмим Натаниел Йор...”
— Бемаъни исм, — эътироз билдирди эри. — Бунақа бўлиши мумкин эмас.
— Албатта, бемаъни-да, ахир бу туш эди-ку, — итоаткорона қўшилди аёл. — У яна: «Бу коинот орқали биринчи парвозимиз. Кемада биз икки киши эдик, мен ва дўстим Берг», — деди.
— Буниси ундан ҳам бемаънироқ исм экан.
— У шундай деди: «Биз ердаги шаҳардан келдик, сайёрамизнинг номи шунақа», — давом этди миссис К. — Бу унинг сўзлари. Ҳа, шундай деди — Ер. Кейин у бизнинг тилимизда гапирмади. Лекин мен бир амаллаб уни тушундим. Зеҳним-да. Бу телепатия, албатта.

Мистер К. орқасига ўгирилиб, кета бошлади. Бироқ хотинининг овозидан у яна тўхтади.
— Илл! — аста чақирди аёл. — Сен ҳеч учинчи сайёрада одам бор-йўқлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисан?
— Учинчи сайёрада ҳаёт бўлиши мумкин эмас. — Босиқлик билан тушунтира бошлади эри. — Олимларимиз шуни аниқлаганларки, у ерда ҳавода кислород ҳаддан ташқари кўп. У ерда одамлар яшаганида қандай зўр бўлар эди-я! Қанақадир ғалати кемаларда коинотда саёҳат қила олишганда нур устига нур бўларди.
— Менга қара, Илл, ўзинг яхши биласан, мен бунақа сафсаталарни жинимдан ёмон кўраман. Ундан кўра ишдан гапир.

Аёл ёмғир томчилиб турган устунлар оралиғида одимлаб юрганида кеч кириб қолган эди. Ўша-ўша куй, ўша-ўша оҳанг.
— Шу ҳам қўшиқ бўлди-ю. — Чидаёлмай тўнғиллади эри, олов столга борар экан.
— Билмадим.

Аёл беихтиёр гўшт бўлакларини қайнаб турган оловга ташлади.
— Билмайман. — Иккинчи лаҳзада гўшт пишиб тайёр бўлган эди. Аёл уни олов ичидан олди-да, ликопчага солиб эрига тутди. — Эҳ, балки бу кўнглимга ўз-ўзидан келиб қолган сафсатадан бошқа ҳеч нарса эмасдир, нимагалигини ўзим ҳам билмайман.

Эри бошқа ҳеч нима демади. Хотинининг гўштни вишиллаб турган олов ҳалқоби ичига қандай ташлаётганини томоша қилиб турарди. Қуёш уфқ ортига яширинди.

Хонага аста-секин тун кириб кела бошлади, у устун ва эр-хотинни ямлаганча ўзининг тундек қора шароби билан хона шифтигача лиммо-лим тўлди. Фақат кумушранг олов уларнинг юзларини ғира-шира ёритиб турарди.

Аёл яна ғалати қўшиқни куйлай бошлади.

Эр ўрнидан сапчиб турди-да, ғазаб билан эшик томон йўналди.

Бир оздан сўнг эр кечлик овқатни ўзи тановул қилди.

Столдан турди-да, керишди, хотинига қаради ва эснаб туриб таклиф киритди:
— Олов қушларга миниб шаҳарда бир чигилёзди қилиб келмаймизми?
— Жиддий айтаяпсанми? — сўради хотин, — иситманг йўқми?
— Бунинг нимасига ажабланасан?
— Ахир биз ярим йилдан бери ҳеч қаёққа борганимиз йўқ-ку?
— Бу ҳам чакки фикр эмас.

Ўзидан ҳайрон бўлганича аёл эрига қаради. Энсаси қотиб, қўлини оғзига олиб борди. Қуёш ботмоқда эди. Атрофни қоронғилик қоплаган сайин худди улкан гул каби уй ёпилиб борар эди. Устунлар оралиғида шабада эсди, олов столда бир миттигина кумушранг олов кўлчаси қайнар эди. Шамол миссис К.нинг қизғиш сочларини тараганча, унинг қулоғига нималаридир шивирлар эди. Олтинранг хира нигоҳини уфққа, денгизнинг оқиш-сарғиш юзига тикканча у жимгина турар эди. Шунда хотирасида қандайдир қўшиқ сатрлари жонланди:

Нигоҳимда қадаҳ сунарман,
Ишқингга шул эрур жавобим,

— дея аёл паст ва майин овозда хиргойи қила бошлади.

Лабларимдан май симир, жоним,
Ўзга майдан гапирма зинҳор.

Миссис К. такрор хиргойи қилди. Бироқ энди сўзларсиз, кўзларини юмиб куйлади, қўллари эса бамисоли ҳавода рақс тушар эди. Охири у жим бўлиб қолди.

Куй чиндан ҳам ажойиб эди.
— Бу қўшиқни энди эшитаяпман. Сен ўзинг тўқидингми? — жиддий оҳангда сўради эри ундан, синовчан боқиб.
— Йўқ... Ҳа... Тўғриси, билмайман! — Аёл саросимада эди. — Мен сўзларини ҳам билмайман — аллақандай бегона тилдаги қўшиқ эди.
— Қанақа тилда?
— Бугун қуёш қаёқдан чиқди?
— Кел энди, — қўл силтаб деди эр. — Борасанми-йўқми, шуни айт.

Аёл оқиштоб чўлга разм солди. Икки оппоқ ой уфқ ортидан кўтарилиб чиқди. Муздек сув оёқ панжаларини силар эди. Унинг бадани енгил жимирлаб кетди. Ҳаммадан ҳам аёл шу ерда қолишни, чурқ этмай бир жойда жим ўтиришни хоҳлар эди, у куни билан ўйлаган нарсасининг, — содир бўлиши лозим ва содир бўлиши мумкин бўлган нарсанинг амалга ошишини кутмоқда эди... Қўшиқнинг нафис оҳангидан юраги ҳаприқиб кетди.
— Мен...
— Сенга яхши бўлади, — деди эри. — Қани, кетдик.
— Мен чарчадим, — жавоб берди хотини, — бошқа сафар борамиз.
— Мана бу шарфинг, — эр унга шиша идишчани тутди. — Неча ойдирки, иккаламиз ҳеч ерга чиққанимиз йўқ.
— Сенинг ҳафтасига икки мартадан Кси-Ситига қилган сафарларингни ҳисобга олмаганда, — деди у эрига, ундан кўзини олиб қочганча.
— Иш бор, — деди эри.
— Иш бор, — шивирлади аёл.

Шиша идишчадан суюқлик отилиб чиқди. Мовий зулматга айланди-да, аёлнинг бўйни атрофидан вишиллаб айланиб доира ясади.

Теп-текис, муздек қум узра, худди лаққа чўғдек чарақлаб, олов қушлар мунтазир эди. Қушларга кўплаб яшил тасмалар билан боғлаб қўйилган оппоқ чодир тунги шамол эпкинидан қаппайиб ҳилпирарди.

Илла чодир остида ётарди, эрининг буйруғи билан олов уфурган қушлар тим қора осмонга кўтарилди. Тасмалар таранглашди, чодир ҳавода сузиб борарди. Қумлар шувуллаганча пастга тўкилди. Мовий тепаликлар уларнинг уйини ёмғирли устунларни, қафасдаги гулларни, куйловчи китобларни, ердаги унсиз, ирмоқларни орқада қолдирганча шундоқ ёнгиналаридан бир-бир ўтиб борар эди. Аёл эрига қарамасди. Эрининг қушларга қараб қичқиришларини эшитиб турарди. Қушлар эса тобора кўтарилиб борар, шу парвозда улар бамисоли лаққа чўғлардек қип-қизил мушакларга ўхшаб кринар эди.

Аёл пастда милтираб кўриниб турган қадимги ўлик шаҳарларга, худди суякдан ясалган шатранж доналари каби уйларга қарамасди, бўшлиқ ва эрмакларга лиммо-лим қадимги анҳорлар ҳам унинг учун бир пул эди. Бамисоли ой нуридай порлоқ машъал каби улар қуриб қолган дарёлар ва сувсиз кўллар устидан учиб ўтмоқда эдилар.

Аёл фақат осмонга қарар эди.

Эр нимадир деди.

Аёлнинг кўзи осмонда.
— Нима деганини эшитдингми?
— Нимани?

Эр қаттиқ хўрсинди.
— Сал ҳушингни йиғсанг бўлармиди...
— Ўйга чўмиб қолибман.
— Табиатга бунчалик шайдолигингни билмас эканман. Бугун кўзингни осмондан сира ололмаяпсан.
— Осмон жуда ҳам чиройли.
— Биласанми, мен нима ҳақда ўйладим, — аста давом этди эр, — бугун Халлга телефон қилмаймизми? Бир ҳафтага келяпмиз деб айтамиз. Ундан кўп эмас. Тўғрим сизларникига. Мовий тоғларга бораяпмиз, деймиз. Қалай, зўр фикрми?
— Мовий тоғларга! — Аёл бир қўли билан чодир чеккасидан тутди-да, эри томон кескин ўгирилди.
— Бу таклиф, холос.
— Хўш, қачон бормоқчисан? — асабий сўради аёл.
— Йўқ демасанг, эртага эрталабоқ жўнаймиз, —шошиб жавоб берди эр. — Ўзинг биласан, қанча тез бошласанг, шунча...
— Ахир биз ҳеч қачон бундай эрта чиқиб кетмагандик-ку?
— Бу йил шу истисно бўлади, — эр жилмайди. — Ҳолатни ўзгартириб турганга нима етсин. Осуда, тинч яшаш қандай яхши. Хуллас, ўзингдан қолар гап йўқ. Янглишмасам бошқа режаларинг йўқдир, а ? Қалай, борамизми?

Аёл хўрсинди, чайналди, сўнг деди:
— Йўқ.
— Нима?! — эрнинг овозидан қушлар чўчиб тушди, чодир бир силкинди.
— Йўқ, — қатъий деди аёл, — мен бормайман.

Эр аёлга қаради. Масала ҳал бўлган эди. Аёл орқага ўгирилди. Қушлар учишда давом этди. Шамол қувган ўн минг бурчак тезлигида. Тонгда қуёш биллур устунлар орасидан ўз нурларини сочганча ухлаб ётган Илла устидаги туманни ҳайдаб юборди. Тун бўйи аёл юмшоқ булут тўшаги узра сузгандек ерда парвоз қилиб чиқди. Туман эса Илла ёстиққа бош қўйган заҳоти деворлардан оқиб тушган эди. Тун бўйи аёл мана шу ҳаракатсиз дарё узра донг қотиб ухлади. Энди булут ғойиб бўлмоқда ва ниҳоят дарё Иллани бедорлик соҳилида қолдирганча уйқуни урарди.

Аёл кўзини очди.

Унинг бошида эри турарди. Эри бу ерда бир неча соатдан бери тургандек бўлиб кўринмоқда эди. Нимагадир Илла эрининг кўзига қарашга ботинолмаётганди.
— Яна шу тушни кўрдингми? — деди у. — Тинмай уйқингда гапиравериб, мени мижжа қоқтирмадинг. Врачга кўринмасанг бўлмайди.
— Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ.
— Уйқингда роса алаҳсираганинг-чи,
— Шунақами? — Аёл шошиб туриб ўтирди.

Хона ичи совуқ эди. Тонгги ғира-шира ёруғликда Илланинг қомати намоён бўлди.
— Нима туш кўрдинг?

Аёл эслашга ҳаракат қилиб сукут сақлади.
— Кема. У яна осмондан тушди, ундан баланд бўйли одам чиқиб келди ва мен билан гаплаша бошлади. У бир гапириб ўн кулар, бу эса менга ёқарди.

Мистер К. қўли билан устунни туртди. Ҳовур қоплаган илиқ сув жилғалари хонадаги совуқни ҳайдаб чиқармоқда эди. Мистер К.нинг чеҳраси маъносиз эди.
— Кейин эса, — давом этди аёл, — Натаниел Йорк исмли бу ғалати эркак, сиз гўзалсиз деди ва мени ўпиб олди.
— Хаҳ! — қичқирди эр ва орқага ўгирилди.
— Бу бор-йўғи туш-ку, — деди аёл ўзича хурсанд бўлиб.
— Аҳмоқона аёлча тушларни сўзлашни қачон бас қиласан?
— Худди болага ўхшайсан-а! — У сўнгги бир парча кимёвий туманга ўзини ташлади. Зум ўтмай аёл аста кулиб қўйди.
— Мен яна ниманидир эслай бошладим, — Иқрор бўлди аёл.
— Хўш, хўш, нима экан? — қичқирди эр.
— Илл, шунақанги инжиқсанки...
— Бўл, гапир, — талаб қилди эр. — Сен мендан ҳеч нарсани сир тутишинг мумкин эмас.

Эр аёлнинг боши узра ўзининг совуқ, тунд чеҳраси билан унга қараб турарди.
— Мен сени ҳеч қачон бундай ҳолда кўрмагандим, — жавоб берди Илла, уни ҳам қўрқинч, ҳам завқ туйғуси қамраб олганди. — Ҳеч бунақаси бўлмаганди, ўша Натаниел Йорк айтдики... Хуллас, у менга айтдики, мени ўзининг сайёрасига олиб борар экан. Албатта, бу бўлмаган гап.
— Ҳамма гап шунда-да, бўлмаган гап. — Деярли овози борича қичқириб деди эр. — Ўзингни сал наридан туриб бир эшитиб кўрганингда эди: у билан бирга ўйнаганингни, у билан гаплашганингни, у билан қўшиқ айтганингни, тун бўйи шундай қилганингни, эй худойим, бир ўзингга разм солиб қараганингда борми?
— Илл!
— У қачон қўнади? Лаънати кемасида қачон пастга тушиб келади?
— Илл, овозингни кўтармасанг-чи.
— Падарига лаънат бу овознинг! — эр ғазаб ичида аёл узра энгашди. — Манови сенинг тушингда... — у аёлнинг панжасини сиқди. — Кема яшил водийга қўнгандир-а? Жавоб бер!
— Ҳа, водийга...
— Бугун кечга яқин кўнгандир-да? — тиниб-тинчимаётганди эр.
— Ҳа, ҳа, шунақа бўлса керак. Лекин бу фақат туш эди, холос.
— Бўпти. — Эр жаҳл билан унинг қўлини силтади. — Яхшиямки алдамайсан, тушингда айтган ҳамма гапларингни эшитдим. Ҳар бир сўзигача, водийни ҳам, вақтни ҳам ўзинг айтдинг.

Оғир-оғир нафас олганча эр чақмоқдан кўзи қамашгандек устунлар оралаб юриб кетди. Аста-секин унинг нафас олиши равонлашди. Аёл эридан кўз узмас эди — ишқилиб жинни-пинни бўлиб қолмадимикан? Охири аёл ўрнидан турди-да, унинг олдига борди.
— Илл, — шивирлади аёл.
— Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ...
— Сен касалсан.
— Йўқ, — эр ҳорғин, зўр-базўр жилмайди. — Болаликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Мени кечир, азизам. — У аёлни қўполгина силаб қўйди. — Ўзимдан ўтди, кечир. Бўпти, мен бориб ётай...
— Жуда ўзингни уринтириб қўйдинг.
— Энди ҳаммаси жойида. Ўтиб кетди. — Эр уҳ тортиб қўйди. — Кел, буларни унутайлик. Ҳа, мен кеча Уэлл ҳақида бир латифа эшитгандим. Шуни сенга айтиб бермоқчи эдим. Сен нонушта тайёрлайвер, мен сенга латифани айтиб бераман, мана бу ҳақда эса бошқа гаплашмаймиз.
— Бу бор-йўғи туш эди, холос.
— Бўлмаса-чи. — Эр беихтиёр унинг юзидан ўпди. — Бор-йўғи туш эди, холос.

Тушга келиб офтоб баттар куйдира бошлади, тоғлар бамисоли унинг ҳовурида сузмоқда эди.
— Шаҳарга бормайсанми? — сўради Илла.
— Шаҳарга? — эр қошини хиёл кўтарди.
— Сен ҳар доим шу куни кетасан, — аёл таглик устидаги гулларни тўғрилади. Гуллар ҳаракатга келиб, катта-катта сариқ оғизларини очди.

Эр китобни ёпди.
— Йўқ, ҳаддан ташқари иссиқ. Бунинг устига, кеч бўлди.
— Шунақа де, — аёл ишни тугатди-да, эшик томонга борди, — мен дарров қайтаман.
— Тўхта, қаёққа?

Аёл эшикка етиб бўлган эди.
— Паонинг олдига. У мени таклиф қилган эди.
— Бугунми?
— Уни кўрмаганимга юз йил бўлди.
— Узоқ эмас-ку. Яшил водийда, агар янглишмасам, шундайми?
— Ҳа, қўл узатса етади. Шундай бир... — Аёл тоқатсиз эди.
— Мени кечир, — деди эр унинг ортидан жуда ташвишли қараганча, — бутунлай эсимдан чиқибди: мен бугун доктор Нллени таклиф қилган эдим-ку.
— Доктор Нллени? — аёл эшик томон йўналди.

Эр уни тирсагидан тутди-да, шаҳд билан хонага қайтариб олиб кирди.
— Ҳа.
— Пао нима бўлади?
— Пао қочиб кетмайди. Биз Нллени кутиб олишимиз керак.
— Бораману, қайтаман.

Эр йўқ дегандек бошини чайқади.
— Ҳа, йўқ. Бунинг устига, уларнинг уйигача анча юриш керак бўлади. Бутун яшил водийдан ўтиб, катта анҳор ортида-я. Сўнг яна пастга қараб кетилади... Ҳавониям кўрмайсанми, ёндираман дейди. Доктор Нлле сени кўриб роса хурсанд бўларди. Эшитдингми?

Аёл ҳеч нима деб жавоб бермади. У фақат бир бало қилиб чиқиб кетса-ю, бу ердан қочиб қолса — шуни ўйларди. Овозининг борича қичқиришни истарди. Лекин у тузоққа тушгандек ўриндиқда ўтирар, аста-аста қимирлатаётган бармоқларидан кўзларини узмасди.
— Илла, — тўнғиллади эр. — Ҳеч қаерга кетмайсан, шундайми?
— Ҳа, — деди аёл узоқ сукунатдан сўнг. — Кетмайман.
— Кун бўйи уйда бўласанми?

Аёл бўғиқ овозда жавоб берди:
— Ҳа, кун бўйи.

Бир неча соат ўтса ҳамки, доктор Нлледан дом-дарак йўқ эди. Афтидан, Илланинг эри бундан у қадар таажжубга тушмаётганди. Кечга яқин у ғудранганча шкаф олдига борди-да, ундан мудҳиш қуролни — бурма чармли ва учида тепкиси бўлган узун сарғиш найчани олди. У бу томонга юзланди — унинг юзида кумуш маъдандан ясалган ниқоб ифодаси йўқ эди. Ҳолбуки у ўз туйғуларини яшириш учун шу ниқобни кийиб оларди. Бу ниқоб унинг озғин юзи, ияги, манглайидаги барча ўйдим-чуқурларга жудаям мос келарди. Ниқобни кийиб олиб, у ўзининг даҳшатли қуролини қўлида ушлаганча айлантириб томоша қиларди. Қурол тўхтовсиз ғўнғилларди. Гўё у бир дафъада бутун бир олтин асалариларни сочишга қодир эди. Бу асаларилар ўзларининг даҳшатли нишлари билан чақар, заҳарларини солиб ўлдирар, сўнг гўё қум устига тушган уруғлардек чала ўлик ҳолда ерга қулар эдилар.
— Йўл бўлсин? — сўради хотин.
— Нима? — Илла чармларга, даҳшатли ғўнғиллашга қулоқ тутди. — Доктор Нлле шунчалик хаяллаяптики, уни кутгани ортиқ тоқатим қолмади. Ов овлаб келаман. Дарров қайтаман. Сен эса шу ерда бўлгин, ҳеч қаерга кетма. Хўпми? — Кумушранг ниқоб чарақлаб кетди.
— Ҳа.
— Доктор Нллега айтиб қўй, мен дарров қайтаман. Бор-йўғи ов қилгим келиб қолди.

Учбурчак эшик ёпилди. Қияликдан унинг узоқлаётган одимлари товуши эшитилиб турди.

Эри қуёш томон кетиб борар экан, то у кўздан ғойиб бўлгунча аёл унинг ортидан қараб турди. Сўнг ўз юмушларига уннаб кетди: оҳанрабо чангларини тозалаш, биллур деворлардан янги меваларни узиш керак эди. У тиришқоқлик ва шошқалоқлик билан ишлар, бироқ вақти-вақти билан уни қандайдир жазава чулғар эди. Шунда у ўзининг мана бу ғалати, сира шуурини тарк этмаётган қўшиқни куйлаётган ҳолда кўрар, кўзлари эса биллур устунлар ортидан туриб осмонга разм солаётган бўларди.

Аёл нафасини ичига ютганча жим кутар эди.
— Ана, келиб қолишди...
— Ҳозир бошланади.

Шундай кунлар бўладики, момақалдироқ яқинлашиб келаяпти, чор атрофда эса чуқур сукунат ҳукмрон. Шу тоб босим сезилар-сезилмас ўзгаради — бу сайёра узра учиб бораётган ёмон об-ҳавонинг нафаси, унинг сояси, шамоли, пардаси. Ҳаво қулоқларига босим беради, сен эса яқинлашиб келаётган бўронни кутганча тордек таранг тортиласан. Вужудингни титроқ қоплайди. Осмон рангин, булутлар қуюқлашади, тоғлар чўян рангига киради. Катак-катак гуллар огоҳлантирган куйи аста хўрсинадилар. Бошдаги сочлар хиёл қимирлайди. Уйнинг аллақаеридаги соат тинимсиз бонг уради: “Вақт, вақт, вақт, вақт...” Соат овози шу қадар майин эшитиладики, гўё бахмал устига тушган сув томчисидек.

Тўсатдан, момоқалдироқ! Электр ялт-юлт қилади ва осмон узра қора тўлқин ва момоқалдироқли булутнинг ҳамма нарсани ямлаб юборувчи мавжлари устма-уст ёпирилиб туша бошлайди.

Ҳозир ҳам шундай бўлди. Гарчи осмон очиқ бўлса-да, бўрон яқинлашиб келарди. Гарчи булут бўлмаса-да, чақмоқ чақиши аниқ эди.

Илла сукунат ҳукмрон ёзги хонадон хоналари бўйлаб кезинарди. Ҳар дақиқа осмондан чақмоқ келиб тушиши, ҳавони гумбурлаган овоз билан ларзага солиши, тўп-тўп булутлар босиши мумкин эди. Жимжитлик, йўлакдаги одимлар, биллур эшикнинг қоқилиши — барчаси уни таъқиб этарди ва у ўқдай отилганча уларга пешвоз чиқарди...

“Жинни Илла! — хаёлан кинояли жилмайиб қўйди аёл, — сенинг бу тентак хаёлингга нималар келмайди.

Шу тоб ўша нарса юз берди. Жазирама иссиқ ҳаво худди улкан аланга сингари ёнидан учиб ўтди. Шиддатли товуш қулоқни тешди. Осмон ёришиб, маъданлар чақнади.

Илла беихтиёр қичқириб юборди.

У устунлар орасидан югуриб ўтди-да, эшикни ланг очиб юборди. Аёл тоғларга тикилди. Лекин у ерда ҳеч нарса йўқ эди...

Қияликдан пастга отилмоқчи бўлди, бироқ ваъдаси эсига тушиб қолди. У шу ерда бўлиши, ҳеч қаёққа кетмаслиги керак. Доктор ҳар дақиқада келиб қолиши керак, агар у бу ердан кетиб қолса, эрининг жаҳли чиқади.

У тез-тез нафас олганча ва бир қўлини олдинга чўзганча эшик олдида тўхтаб қолди.

Яшил водий ястанган жойда ниманидир кўришга ҳаракат қилди, лекин ҳеч нарсани кўрмади.

“Жинни! — у хонага қайтиб келди — булар ҳаммаси бўлмағур хаёллар, ҳеч нарса бўлмаган. Фақат шунчаки қуш варақ, шамол ёки анҳордаги балиқ. Ўтиргин-да, ўзингга келиб ол”.

Аёл ўтирди.

Ўқ товуши янгради.

Аниқ, баланд аянчли овоз.

Аёл титраб кетди.

Ўқ овози узоқдан келган эди. Бир мартагина отилди. Тезучар асалариларнинг узоқдан келаётган ғўнғиллашига ўхшаш биргина ўқ овози. Ундан кейин эса янада аниқроқ, совуқроқ, узоқроқдан келган иккинчи ўқ овози янгради.

Аёл яна титраб кетди ва нимагадир қичқирганча ва бу қичқириқни бўлмасликка ҳаракат қилганча сакраб оёққа турди. Хонама-хона ўқдай учиб, эшикка яқинлашди ва уни яна ланг очиб юборди.

Ўқ овозининг акс садоси тобора узоқлашиб борарди...

Охири тинди ҳам.

Аёл бир неча лаҳза бўздай оқарганча ҳовлида туриб қолди.

Ниҳоят, битта-битта босганча бошини солинтириб, у атрофини устунлар ўраб олган хобгоҳлар аро юриб кетди. Бирма-бир ўтиб борар экан, унинг қўллари беихтиёр тарзда нарсаларга тегар, лаблари титрар эди. Зулмат қуюқлашиб бораётган шаробхонада у бир ўзи ўтиргиси келди. У кутар эди. Кейин ёқут қадаҳни олди-да, уни шарфининг учи билан ишқалай бошлади.

Бир вақт узоқдан қадамлар товуши, оёқлар остида эзилган майда қамишларнинг чирс-чирс сингани қулоғига чалинди.

Аёл ўрнидан турди. Жимжит хонанинг ўртасига бориб туриб олди. Қўлидаги қадаҳ ерга тушиб чил-чил бўлди.

Қадамлар уй олдида журъатсиз секинлаша бошлади.

Гапирсинми? “Кир, кира қолсанг-чи”, десинми?

Аёл олдинга қараб юрди.

Одимлар энди даҳлиздан эшитилди. Қўл лўкидонни сурди.

Аёл эшикка жилмайди.

Эшик очилди. Аёлнинг юзидаги табассум ғойиб бўлди.

Бу унинг эри эди. Кумушранг ниқоб хира ярақларди.

Эри ичкарига кирди-да, хотинига бирровгина назар ташлаб қўйди. Кескин ҳаракат билан ғилофни очди, иккита ўлик асаларини силтаб ташлади. Уларнинг ерга тўп-тўп тушганини эшитиб, оёғи билан босиб эзғилади ва ўқдан бўшаган қуролни хона бурчагига қўйиб қўйди, Илла энгашганча синган қадаҳ парчаларини тўплашга беҳуда уринарди.
— Нима қилдинг? — сўради аёл.
— Ҳеч нарса, — жавоб берди эр унга орқа ўгириб тураркан. У юзидан ниқобни олди.
— Милтиқни... қандай отганингни эшитдим. Икки марта.
— Ов овладим. Бўлди, шу. Гоҳ-гоҳ хумор қилиб туради. Доктор Нлле келмадими?
— Йўқ.
— Шошма, шошмай тур. — У нафрат билан бармоғини қирсиллатиб қўйди. — Э-ҳа, энди эсимга келди, биз у билан эртага келишиб қўйгандик-ку. Сира эсимда йўғ-а.

Улар столга ўтиришди. Аёл ўз ликопчасига қараб турарди, бироқ овқатга қўл урай демасди.
— Нима гап? — сўради у кўзини кўтармасдан, гўшт бўлакларини гуриллаган оловга ташларкан.
— Билмадим. Иштаҳам йўқ, — жавоб берди аёл.
— Нимага?
— Билмасам. Шунчаки иштаҳам йўқ.

Шамол булутларни ҳайдай бошлади; қуёш ботиб бўлганди. Хона бирданига тор, муздек бўлиб қолди.
— Мен эслашга ҳаракат қилаяпман, — деди аёл хонадаги жимликни бузиб ва эрининг совуқ чеҳраси, олтин кўзларига қараб қўйди.
— Нимани эсламоқчи бўлдинг? — у шароб хўпларди.
— Қўшиқни. Ҳалиги чиройли, ажойиб қўшиқни. — Аёл кўзларини юмди ва қўшиқ айта бошлади, бироқ қўшиқ яхши чиқмади. — Унутибман. Лекин мен нимагадир уни унутгим келмайди. Уни умрбод эсда сақлаб қолсам дейман. Гўё ҳаракатлар мароми унга ёрдам бериши мумкин бўлгандек, қўлларини равон ҳавода ўйнатиб қўйди. Сўнг ўриндиққа ўзини ташлади. — Йўқ, эслолмаяпман.

Аёл йиғлаб юборди.
— Нега йиғлаяпсан? — сўради эр.
— Билмайман, билмайман. Ҳеч ўзимни қўлга ололмаяпман. Юрагим ғаш. Негалигини ўзим ҳам билмайман, йиғлайман-у, негалигини билмайман, лекин йиғлайвераман.

У кафтлари билан бошини ғижимлади, елкалари титради.
— Эртагача ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасан, — деди эр.

У эрига қарамади. Унинг нигоҳлари фақат яйдоқ чўлга ва тим қора осмонга сочилган ёрқин юлдузларга қадалганди, узоқдан эса совуқ шамол ва узун анҳорлардаги муздек сувнинг шалоплашлари қулоққа чалинарди. Аёл бутун вужуди қалт-қалт титраганча кўзларини юмди.
— Ҳа, — такрорлади у, — эртагача ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетаман.

Август 1999 - Ёз Туни

Одамлар тош айвонларда тўда-тўда бўлиб турар эдилар, мовий тепаликлар орасидан уларни илғаш ҳам қийин эди. Мармар амфитеатр ортида қоп-қора зулмат ичидан ястанган шаҳарча ва муҳташам уйларнинг кўлкалари кўзга чалинарди, сокин кўллар кумуш ранг бериб жимирлар, уфқдан уфққача чўзилган анҳорлар ялт-юлт қилар эди. Беғамлик ва сокинлик ҳукмрон Марс сайёрасида ёз оқшоми. Анҳорларнинг ям-яшил сатҳи бўйлаб бамисоли нафис бринч гуллардек қайиқлар у ёқдан-бу ёққа қараб сузади. Ёнбағир бўйлаб иланг-биланг саф тортган уйлардаги салқин тун тўшакларида ётганча ошиқ-маъшуқлар эринчоқлик билан бир-бирига шивирлашар эди. Хиёбонлардаги машъалалар тагида қўлларида олтин ўргимчак тўрларини тутган ёш болалар у ёқдан-бу ёққа чопиб ўйнашарди. Унда-бунда кумушранг олов биқирлаб қайнаган столларда кечки овқат тайёрланмоқда. Марснинг тунги қисмидаги юзлаб шаҳарларнинг амфитеатрида офтобда қорайган марсликлар тилларанг кўзларини чақнатганча эстрада атрофидаги гўшаларда тўпланган, у ёқдан машшоқларнинг моҳир қўлларига итоаткорона бўйсунган созлар бамисоли гулларнинг атри каби сокин ҳавода равон куй таратар эди.

Саҳналардан бирида бир аёл қўшиқ айтмоқда.

Тингловчилар сафи бўйлаб шивирлар тўлқини сузиб ўтади.

Қўшиқ узилди. Хонанда аёл қўлини томоғига олиб борди. Сўнг машшоқларга қараб им қоқди, улар куйни янгидан бошлаб чала кетди.

Машшоқлар завқ билан куй чалар, аёл илҳом билан қўшиқ айтарди, бу сафар томошабинлар оҳ деб юборди, ўзларини олдинга ташлашди, кимдир оёққа турди — амфитеатр узра бамисоли қиш қирови қўнгандек бўлди. Чунки аёл куйлаётган қўшиқ ғалати, қўрқинчли, ғайриоддий эди. У куйлашдан тўхташга қанчалик уринмасин, барибир сўзлар унинг лабларидан беихтиёр учиб чиқмоқда эди:

Юлдузлар чақнаган тунги осмонда,
Порлайди оламни нурга кўмиб ой.
Нур билан зулматнинг кураши аро
Янада кўрк очар самовий чирой.

Қўшиқчи аёлнинг қўллари оғзини ёпди. У бутунлай карахт ва саросима ичида қолган эди.
— Бу қанақа сўзлар бўлди? — ҳайрон бўлди машшоқлар.
— Шу ҳам қўшиқми?
— Кимнинг тилида айтилаяпти?

Улар ўзларининг олтин трубаларига яна пуфлай кетдилар, яна шу ғаройиб мусиқа янграй бошлади ва аста-секин энди овозларини баралла қўйиб гаплашаётган ва оёққа турган томошабинлар узра сузиб кетди.
— Сенга нима бўлди? — сўрар эди бир-бирларидан машшоқлар.
— Қанақа куй чалган эдинг ўзи?
— Ўзинг қанақа куй чалган эдинг?

Аёл йиғлаб юборди ва саҳнадан чопиб тушиб кетди. Томошабинлар амфитеатрни тарк этдилар. Жунбушга келган барча Марс шаҳарчаларида худди мана шу ҳол содир бўлган эди. Осмонда оппоқ қор ёққан каби ҳамма совуқ домига гирифтор бўлган эди. Зим-зиё хиёбонлардаги машъалалар тагида болалар қўшиқ айтар эдилар:

Келиб қарасам жавоним бўм-бўш,
Ўтирибди ёлғиз кўппагим ночор.

— Болалар! — овозлар янгради. — Бу қанақа қўшиқ бўлди? Қаердан ўргандингиз уни?
— Улар миямизга ўзидан-ўзи келиб қолди. Ҳатто сўзларини ўзимиз ҳам тушунмаймиз!

Эшиклар ёпилди. Кўча ҳувиллаб қолди. Мовий қирлар узра яшил юлдуз кўринди.

Марснинг бутун тунги томонида эркаклар зулмат қўйнида ёнларида ётган маъшуқаларининг қўшиқ куйлашларидан уйғониб кетишди.
— Бу қанақа куй бўлди?

Қоқ тунда минглаб уйлардаги аёллар кўзларидан дув-дув ёш тўкканча уйғониб кетдилар ва эрлари уларга тасалли бера бошладилар.
— Тинчлан, тинчлансанг-чи, ухла. Нима бўлди ўзи сенга? Ёмон туш кўрдингми?
— Эртага бир ёмон воқеа содир бўлади.
— Ҳеч нарса бўлмайди, ишимиз жойида-ку!

Аёл титраб-қақшаб йиғлайди.
— Юрагим сезиб турибди. Ўша бало тобора яқин келаяпти, яқин, яқин, яқин!..
— Бизга ҳеч нарса бўлмайди, бас қил, ухла, ухла.

Марсда сокин тонг отмоқда. Худди қоп-қоронғи ва муздек қудуқдагидек сокин тонг. Анҳор сувлари сатҳида юлдузларнинг акси жимирлайди, ҳар бир хонада муштумида олтин ўргимчак уясини чангаллаганча ётган болаларнинг маъсум нафаслари эшитилади, қўлларини бир-бирига чалиштирганча ошиқ-маъшуқлар ухламоқда, ойлар ботган, машъалалар ўчирилган, тош амфитеатрларда зоғ учмайди.

Тонг олдида яккаю-ягона товуш қулоққа чалинади: ҳувиллаган кўчанинг ҳув охирида ёлғиз тунги қоровул ҳеч кимга таниш бўлмаган ғалати қўшиқни хиргойи қилганча қоронғилик қўйнида кезинади...

Август 1999 - Ерликлар

— Жуда ёпишиб олишди-ку, тақиллатишгани-тақиллатишган-а!

Миссис Ттт жаҳл билан эшикни очди.
— Хўш, нима гап?
— Инглизча гапираяпсизми? — остонада турган одам ҳайрон бўлди.
— Қўлдан келганча, — жавоб берди аёл.
— Соф инглиз тилида-я!

Келган одам қандайдир махсус либосда эди. Унинг ортида яна уч киши турарди; уларнинг барчаси хиёл ҳаяжонда эди — юзлари ял-ял ёнар, бошидан-оёғигача мой юқи.
— Сизларга нима керак ўзи? — кескин оҳангда сўради миссис Ттт.
— Сиз марсликсиз! — келган киши кулди, — бу сўз сизга, албатта, нотаниш. Бизда, ерликларда, шунақа дейишади. — У ҳамроҳларига боши билан имлаб, ишора қилди. — Биз Ердан келдик. Мен капитан Уильямс. Биз бир соатгина олдин Марсга келиб қўндик. Биз келиб қўнган иккинчи экспедициямиз! Бизгача Биринчи экспедиция келган эди, аммо уларнинг тақдири бизга аён эмас. Нима бўлганда ҳам биз етиб келдик. Сиз эса биз учратган биринчи марслик бўласиз.
— Марслик? — аёлнинг қошлари керилди.
— Сизга Қуёшдан тўртинчи Сайёрада яшаётганингизни айтмоқчиман! Шу аниқми?
— Оддий ҳақиқат, — уларга разм солганча бурнини жийириб деди аёл.
— Биз эса, — киши ўзининг дўмбоқ қизғиш қўлини кўксига босди, — Ердан келдик. Тўғрими, йигитлар?
— Худди шундай, капитан, — бараварига жавоб берди ҳамроҳлар.
— Бу Тирр сайёраси бўлади, — деди аёл, — агар унинг ҳақиқий номини билмоқчи бўлсангиз.
— Тирр, Тирр, — капитан ҳорғин кулиб қўйди. — Ғалати ном экан! Аммо, айтинг-чи, муҳтарама хоним, Сизнинг инглиз тилида бундай бурро гапиришингизни қандай тушунса бўлади?
— Мен гапирмаяпман, — жавоб берди аёл, — мен ўйлаяпман. Телепатия. Яхши боринглар! — шундай дея у эшикни қарсиллатиб ёпди.

Ҳаял ўтмай, бу қўрқинчли одам яна эшикни тақиллата бошлади.

Аёл эшикни очди.
— Тағин нима керак? — сўради у.

Киши ўша жойда турар ва жилмайишга ҳаракат қиларди, аммо ундаги аввалги дадиллик кўринмасди. У аёлга қўлини узатди.
— Назаримда, сиз мени яхши тушунмадингиз...
— Нимани? — шартта деди аёл.

Эркак ҳайратдан кўзларини катта-катта очди.
— Биз Ердан учиб келдик!
— Вақтим йўқ, — деди аёл. — Ишим бошимдан ошиб-тошиб ётибди — тушлик, уйни йиғиштириш, тикиш, минг хил майда-чуйда ишлар... Сизга, эҳтимол, мистер Ттт керакдир. У тепада ўзининг хонасида ўтирибди.
— Ҳа, ҳа, — бир нарсани англагандек кўзларини пирпиратиб деди Ердан келган одам. — Худо ҳаққи, мистер Тттни чақиринг.
— У банд. — Шундай дея аёл яна эшикни қарсиллатиб ёпди.

Бу гал меҳмон эшикни одатдагидан қўполроқ тарзда тақиллата бошлади.
— Биласизми нима? — қичқириб деди меҳмон эшик очилар-очилмас. У гўё мезбонни ҳанг-манг қилиб қўймоқчидек даҳлизга бостириб кирди. — Меҳмон деганни бундай кутмайдилар-да!
— Полни ёғ тушса ялагудек қилиб қўйганман! — Қовоғини уйиб деди аёл. — Афт-ангорингизни қаранг, ҳаммаёғингиз ифлос, йўқолинглар кўзимдан! Агар уйимга кирмоқчи бўлсангиз, аввал оёғингизни тозалаб келинг!

Меҳмон ваҳима билан ўзининг ифлос оёқ кийимига қараб қўйди.
— Ҳозир ади-бади айтишиб ўтирадиган пайт эмас, — қатъий оҳангда деди киши. — Вазият шунақа. Буни нишонлашимиз керак!

Уларнинг кўнгилларидагини сўзсиз англаши учун меҳмон аёлга қаттиқ тикилиб қаради.
— Агар менинг биллур кулчаларим куйиб кетган бўлса,— деди қичқириб аёл, — сизларни калтак билан!..

Шундай дея аёл вишиллаб турган мўъжазгина печка томон югурди. Сўнг терга ботган, бўғриққан ҳолда қайтиб келди. Унинг кўзлари сап-сариқ, бадани қорача, ўзи озғин ва чаққон, худди ҳашарот дейсиз... Овози чиннидек жарангларди.
— Шу ерда кутиб туринглар. Мен бориб қарай-чи, балки бирон дақиқадан кейин мистер Тттнинг ҳузурига киришингиз мумкин бўлар, — унда нима ишингиз бор эди ўзи?
— Унга айтинг, биз Ердан биринчи марта бу ерга учиб келдик!
— Нима биринчи марта? — Аёл офтобда куйган қўлини баландга кўтарди. — Бўпти, буниси муҳим эмас, мен ҳозир келаман.

Тош уйниг йўлакларидан унинг қадам товушлари қулоққа чалиниб турди.

Тепада эса ҳаддан ташқари кўк, жазирама марс осмони — худди чуқур иссиқ денгиз қотиб қолгандек. Бамисоли улкан қайноқ қозон устида тургандек Марс чўли узра парда ёйилиб кела бошлади. Сал наридаги тепанинг чўққисида учини осмонга қадаганча унча катта бўлмаган самовий кема турарди. Ундан тош уй эшиги томонга йирик-йирик оёқ излари тизилиб келган эди.

Тепадаги иккинчи қаватда бақириқ-чақириқ овозлари эшитиларди. Эшик тагидаги одамлар бир-бирига қарар, оғирликларини гоҳ у оёқларига гоҳ бу оёқларига солар, камарларини тўғрилар эдилар. Тепада қандайдир эркак овозининг ўшқиргани эшитилди. Унга аёл овози жавоб айтди: чорак соатдан кейин ерликлар нима қилишини билмай, ошхонада у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошладилар.
— Чекамизми? — деди улардан бири.

Иккинчиси сигарета олди — улар чека бошлашди. Барчалари шошмайгина оппоқ тутунни ичга тортар эдилар. Курткаларининг ғижимларини ёйишди, ёқаларини тўғрилашди, тепадаги овозлар ҳамон гувиллар, шанғиллар эди. Командир соатига қаради.
— Йигирма беш дақиқа, — деди у. — У ёқда нима бўлаётган экан-а?

У дераза олдига келди-да, ташқарига қаради.
— Кун ёнаяпти, — деди фазогирлардан бири.
— Гапирманг, — эринчоқлик билан қўлини сўрди, тушки офтобдан ҳолсизланган иккинчиси.

Тепадагиларнинг овозлари бўғиқ ғўлдирашга айланди, сўнг бутунлай тинчиб қолди. Бутун уйда тиқ этган товуш эшитилмайди. Ҳар ким фақат ўзининг нафасинигина эшитади, холос.

Шу алпозда бир соат ўтди.
— Биз туфайли бирор кор-ҳол рўй бермадимикан? — деди командир меҳмонхона эшиги ёнига яқинлашаркан ва ўша томонга қаради.

Миссис Ттт гулларига сув қуйиб хона ўртасида турарди.
— Мен бўлсам бунақасини унутиб юборганман деб юрибман... — деди аёл капитанни кўриб. У ошхонага чиқди. — Кечирасиз. — Аёл унга бир парча қоғозни узатди. — Мистер Ттт жуда банд. — У ўзининг идиш-товоқларига ўгирилди. — Барибир сизга у эмас, балки Мистер Ааа керакдир. Мана бу қоғозни олиб, мовий анҳор ёнидаги қўшни қўрғонга боринг-да, у ерда мистер Ааа сиз билмоқчи бўлган ҳамма нарсани айтиб беради.
— Биз ҳеч нарсани билишимиз керак эмас, — эътироз билдирди командир дўрдоқ лабларини шишириб. — Бусиз ҳам биз ҳамма нарсани биламиз.
— Қоғозни олдингиз, сизга тағин нима керак? — кескин оҳангда сўради аёл. Улар аёлдан шундан бошқа нарса ола олмас эдилар.
— Бўпти, — деди командир. Унинг ҳамон кетгиси йўқ эди. У гўё бир нарсани кутаётгандек жойидан қимир этмасди. Худди янги йил арчасини томоша қилаётган гўдакдек анграйиб қараб турарди. — Бўпти, — такрорлади у. — Қани кетдик йигитлар.

Шундай қилиб тўртовлон ерлик уйдан чиқишди-да, диққинафас жимжит ёз куни қўйнига шўнғиб кетишди.

Ярим соатдан кейин ўзининг кутубхонасида савлат тўкиб ўтирган мистер Ааа темир пиёласидан электр алангасини ҳўплаганча тош терилган йўлакдан овозлар келаётганини эшитди. У гавдасини деразадан чиқариб, бир хил кийинган тўрттала одамга кўзларини қисиб қарай бошлади.
— Мистер Ааа сизмисиз? — сўрашди улар.
— Мен.
— Бизни сизга мистер Ттт юборди, — қичқирди командир.
— Нима сабабдан? — сўради Ааа.
— У банд экан!
— Ҳм, биласизми, бу... — ғижиниб деди мистер Ааа. — Аллақаердаги бекорчихўжаларнинг кўнгилларини олишдан менинг бошқа ташвишим йўқ деб ўйладимикан?
— Ҳозир бунинг аҳамияти йўқ, сэр! — қичқирди командир.
— Менга эса аҳамияти бор. Бир дунё китоб йиғилиб қолган, уларни ўқиб чиқишим керак. Мистер Ттт ҳеч ким билан ҳисоблашмай қўйган. У менга биринчи марта бундай сурбетларча муомала қилаётгани йўқ. Илтимос, қўлингизни силкитманг, жаноб! Мени тинч қўйинг! Сиз буларни эътиборга олмасангиз бўлмайди. Мен гапираётганимда одамлар қулоқ солишига ўрганиб қолганман. Илтимос, гапимни охиригача эшитинг! Акс ҳолда мен сиз билан умуман гаплашмайман.

Тўрттала киши пастда оғизларини очганча саросима ичида депсинар эдилар. Капитаннинг пешонасидаги томирлар бўртиб чиқди. Ҳатто кўзларида ёш йилтиллади.
— Ана шунақа, — насиҳат қилишда давом этди мистер Ааа. — Хўш, ўйлаб қаранг-а, мистер Тттнинг мени шундай писанд қилмаслиги яхши ишми?

Тўрттала келгинди жазирама куни ҳовури орасидан унга ҳайрат билан қараб турарди. Капитаннинг тоқати тоқ бўлди:
— Биз Ердан учиб келдик!
— Менимча, у жуда ҳам одобсизликни ҳаддидан ошириб юборди, — минғирлади мистер Ааа.
— Самовий кема. Биз ракетада учиб келдик. Ана у!
— Кошки у биринчи марта менга нисбатан шундай нописандлик қилаётган бўлса?
— Тушунаяпсизми — Ердан!
— У мендан кўради ҳали, мен унга қўнғироқ қиламан-да, боплаб тузлайман, ҳа, ҳа!
— Биз тўрттамиз — мен ва мана бу учаласи. Кемам экипажи.
— Мана ҳозир трубкани оламан-у, қўнғироқ қиламан.
— Ер. Ракета. Одамлар. Парвоз. Само.
— Қўнғироқ қиламан-да, боплаб таъзирини бераман. — Қичқирди мистер Ааа ва худди театрдаги қўғирчоқдек деразадан ғойиб бўлди.

Қандайдир номаълум аппаратда икки кишининг қаттиқ айтишаётгани баралла эшитилиб турарди. Капитан ва унинг командаси ўзларининг нафис сарвқомат ва жонажон ракеталарига мунгли қараганча ҳовлида тик туришарди.

Мистер Ааа деразадан гавдасини чиқариб, тантанавор эълон қилди:
— Мен уни дуэлга чақирдим. Виждоним ҳаққи. Эшитдингизми, дуэлга.
— Мистер Ааа, — босиқлик билан гап бошлади капитан.
— Шартта отиб ташлайман, мана мени айтди дерсиз!
— Мистер Ааа, илтимос, гапимга қулоқ солинг. Биз олтмиш миллион миллик йўлни босиб келаяпмиз.

Мистер Ааа биринчи марта капитанга эътибор қилди.
— Шошманг, нима дедингиз? Ие, қаердан келдик дедингиз?

Капитан оппоқ тишларини кўрсатиб жилмайди. У ўзича шивирлади:
— Ҳайрият-ей, энди ўзига келди! — сўнг баланд овозда деди: — Олтмиш миллион миллик наридаги Ер сайёрасидан келдик!

Мистер Ааа эснади.

Йилнинг шу фаслида — зўрға эллик миллион, ундан ортиқ эмас. У қўлига қандайдир даҳшатли қуролни олди.
— Бўпти, мен кетдим. Мана бу аҳмоқона хатингизни олинг. Билмадим, бу хат сизга нима каромат кўрсатади, кейин анови тепаликдан шаҳарчага ўтиб боринг. У Иопр деб аталади. У ерда дардингизни мистер Ииига айтасиз. У айнан сизга керак одам. Сизга анови мистер Тттнинг кераги йўқ эди. Томи кетган, уни нариги дунёга, албатта, жўнатмай қўймайман. Лекин буни мен қилмайман. Бу менинг вазифамга кирмайди.
— Вазифа, вазифа! — эрмак қилиб деди командир. — Ердан келган одамларни қабул қилиш керак бўлганда аллақандай вазифага бало борми?
— Бунақа бемаъни гапларингизни қўйинг! Буни ҳамма билади. — Мистер Ааа зинадан пастга қараб чопди. Яхши қолинг!

Шундай дея у ит қувлаган соқовдек пилдираб кетди.

Фазогирлар мутлақо ҳангуманг бўлиб қолишди. Охири капитан деди:
— Йўқ, барибир, гапимизга қулоқ соладиган одамни топмай қўймаймиз.
— Ҳозирча кетиб, кейин қайтиб келсак-чи? — мунгли ҳолда деди ўртоқларидан бири. — Учиб кетиб яна қўнсак, учиб кетиб яна қўнсак. Бунгача уларнинг ақли кириб, бизларни кутиб олишга тараддуд кўришармиди.
— Ҳа, шундай қилмаса бўлмайдиганга ўхшайди, — тўнғиллаб деди ғамгин капитан.

Шаҳарча жиз-биз эди. Марсликлар уйларига гоҳ кириб, гоҳ чиқар, бир-бири билан саломлашардилар, улар юзларига ёқимли хилма-хиллик учун олтин, мовий, қизил рангдаги ниқоблар кийиб олган эдилар, бундан ташқари, кумуш лабли ва бринч қошли, кулиб турган ва тумшайган ниқоблар ҳам бор эди. Хуллас, ҳар бир ниқоб ўз эгасининг ахлоқини намойиш этиб турарди. Узоқ йўл босиб, қора терга ботган ерликлар тўхтадилар ва ёшгина қизалоқдан мистер Ииининг қаерда яшашини сўрадилар.
— Ҳов, ана у ерда, — боши билан имлаб кўрсатди қизалоқ.

Капитан тоқатсизлик билан, эҳтиёткорона бир тиззасига чўкди-да, қизалоқнинг маъсумгина чеҳрасига қаради.
— Ҳой қизалоқ, биласанми, сенга бир нарса айтмоқчиман.

У қизалоқни тиззасига ўтқазди-да, кенг кафтлари билан унинг қорача қўлчаларини сиқди, гўё тун бўйи унга эртак сўзламоқчидек, гўё бир-биридан қизиқ воқеа ва тафсилотларни шошмасдан қизалоқнинг ёш шуурига эринмай жойламоқчи бўлгандек.
— Биласанми, жажжигинам, ярим йил муқаддам Марсга бошқа бир ракета учиб келар эди. Унда Йорк исмли бир одам ўз ёрдамчиси билан бўларди. Биз унга нима бўлганини билмаймиз. Балки улар ҳалокатга учрагандир, улар ракетада учиб келар эдилар, биз ҳам ракетада учиб келдик. Ишонмасанг, ана, бир кўриб қўй-а, қара, қандай катта ракета! Шунинг учун биз иккинчи экспедициямиз, биздан олдин эса биринчи бўлган эди. Биз Ернинг ўзидан узоқ учиб келдик...

Қизалоқ беихтиёр бир қўлини бўшатди-да, юзига лоқайдликни ифода этувчи олтин ниқобни тушириб олди. Сўнг ўйинчоқ олтин ўргимчак уясини олиб, уни ерга тушириб юборди, капитан эса ҳамон унга уқдирарди. Ўйинчоқ ўргимчак итоаткорона қизалоқнинг тиззасига ўрмалаб чиқди, қизалоқ эса лоқайд бир тарзда ҳалиги ниқобининг тирқишчасидан уни кузатиб турарди: капитан беозоргина ўргимчакни итқитиб юборди-да, ўз саргузаштларини ҳикоя қилишда давом этди.
— Биз — ерликлармиз, деди у. — Гапимга ишонасанми?
— Ҳа. — Қизалоқ оёқларининг бармоқлари қумда нималар чизаётганига кўзининг қири билан қараб турарди.
— Жуда ақлли қизалоқ экансан. — Командир уни ўзига қаратиш учун қизалоқнинг қўлини ярим ҳазил-ярим чин билан чимчилаб қўйди. — Биз ўзимизга ракета қуриб олдик, бунга ишонасанми?

Қизалоқ бармоғини бурнига тиқди.
— А-ҳа.
— Ва... йўқ, йўқ, доногинам. Бармоғингни бурнингдан ол... Ва мен самовий кема командири, ва...
— Бундай ракетада тарихда ҳали ҳеч ким ҳеч қачон коинотга чиққан эмас, — дона-дона қилиб деди кўзларини қисганча қизалоқ.
— Қойил! Буни қандай биласан?
— Телепатия. — У бармоғини наридан-бери тиззасига суртди.
— Хўш? Наҳотки бу сени озгина бўлса-да, қизиқтирмаса? — деярли қичқириб деди командир. — Наҳотки, бундан хурсанд эмассан?
— Ундан кўра сиз мистер Ииининг олдига борсангиз, яхши бўларди. — Қизалоқ ўйинчоқни ерга тушириб юборди. — У сизлар билан жон-жон деб гаплашади.

Шундай дея қизалоқ изма-из ўзи билан югуриб кетаётган ўйинчоқ-ўргимчак ҳамроҳлигида қочиб кетди.

Командир қизга қўлини узатганча ва орқасидан қараганча жойида ўтириб қолаверди. У кўзларига ёш қалқиб чиққанини ҳис қилди. Ночор аҳволда оғзини очиб, бўм-бўш қўлларига қараб қўйди. Ўз сояларидан кўз узмай, ўртоқлари унинг ёнида турарди. Улар йўлдаги тошларга тупуришди...

Мистер Ииининг ўзи эшикни очди. У маърузага шошарди, бироқ агар тезроқ ичкарига кириб муддаога кўчиб қолишса, улар учун бир неча дақиқа вақтини ажратишга тайёр эди...
— Кўп вақтингизни олмаймиз, — деди капитан шишган қовоқларини ҳорғин кўтариб. — Биз Ердан келганмиз, анави ерда ракетамиз турибди, биз тўрттамиз — уч фазогир ва командир. Биз бутунлай ҳолдан тойганмиз, қорнимиз оч. Ухлашга қулай жой қидираяпмиз. Кимдир бизга шаҳарча калитини топширса ёки шунга ўхшаган бирор ёрдам берса яхши бўларди, қўлларимизни қисиб, урра деб қичқиришса, “табриклаймиз, чол боболар!” дейишса бошимиз кўкка етар эди. Бор-йўқ илтимосимиз шу!

Мистер Иии дароз гавдали, қалин кўк шишали кўзойнак ортига яширинган сарғиш кўзли одам эди. Ёзув столи узра энгашиб, у қандайдир қоғозларни ўйчан варақларди, ора-чора синчков нигоҳлари билан меҳмонларга қараб қўярди.
— Бу иш қоғозлари қайси гўрга кетди экан-а. — У столнинг барча тортмаларини титиб чиқди. — Қаерга қўйдим-а? — У қовоғини уйди. — Қаердадир, мана бу ердамиди-ей... Эй, ҳа, мана улар! Марҳамат! — у шиддат билан капитанга қоғозни узатди. — Сиз буларга имзо чекишингиз керак. — Мана бу даҳмазаларни ўқиб чиқишимиз керакми?

Кўзойнакнинг қалин шишалари капитанга қадалди.
— Ахир ўзингиз айтмадингизми, Ердан келдик деб? Шундай экан, бунга имзо чекинг, вассалом.

Капитан имзо чекди.
— Команда ҳам имзо чекиши керакми?

Мистер Иии унга қаради, қолган учаласига ҳам қаради ва масхараомуз қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Булар ҳам имзо чекиши керакми?! Ваҳ-ҳаҳ-ҳа! Эй, қойил-эй! Улар... улар... — унинг кўзларидан ёш оқа кетди. У тиззасига шап этиб урди-да, кулгидан икки букилиб қолди. У оғзини карракдек очиб кулар эди. У столга ёпишиб олди. — Улар ҳам имзо чексин эмиш!..

Фазогирлар хўмрайишди.
— Бунинг нима куладиган жойи бор экан?
— Улар ҳам имзо чексин эмиш! — Азбаройи кўп кулганидан чарчаб, уҳ тортиб деди мистер Иии. — Тағин кулгили эмасмиш! Мен буларни албатта мистер Ыыыга айтаман! — у кулгидан ўзини тўхтатолмай, имзо чекилган иш қоғозларига кўз югуртирди. — Ҳаммаси жойидага ўхшайди. — У бош ирғаб қўйди. — Ахир охир-оқибатда зарур бўлиб қолса, ҳатто эвтанизияга ҳам рози улар. — У яна узоқ ҳингирлаб кулди.
— Нимага рози!
— Бўпти, қўяверинг, менинг сизга асраган бир нарсам бор. Мана. Манави калитни олинг.

Капитаннинг юзи кундай ёришиб кетди.
— О, бу қандай буюк шараф!
— Бу шаҳар калити эмас, тўнка! — тўнғиллади мистер Иии.
— Уйнинг калити. Йўлакдан тўғри боринглар-да, катта эшикни очинг, ичкарига киринг-да, уни зичлаб ёпиб қўйинг. Ўша ерда тунашингиз мумкин. Эрталаб эса мен ҳузурингизга мистер Ыыыни юбораман.

Капитан журъатсизгина калитни олди. У бошини хам қилиб турарди. Ўртоқлари жойидан қилт этмасди. Гўё баданларидаги ҳамма қон сўриб олингандек, улар тамоман ҳолдан тойган эдилар.
— Хўш, тағин нима? Нима гап ўзи? — сўради мистер Иии. — Нимани кутаяпсиз? Нима хоҳлайсиз? — У капитанга яқинроқ борди-да, бошини эгиб пастдан унинг юзига қаради. — Гапиринг, ахир!
— Сиз ҳатто... — деб гап бошлади капитан. — Яна айтмоқчиманки... ўйлашга ҳам... — у чайналди. — Биз қаттиқ меҳнат қилдик, узоқ йўл босиб келдик, балки, ҳалиги, нима эди, қўлимизни сиқарсиз ва... ҳеч бўлмаганда “баракалла!” дерсиз... — У жим бўлиб қолди.

Мистер Иии истамайгина унга қўлини тутди.
— Табриклайман! — Унинг лабларида совуқ табассум жилваланди. — Табриклайман. — У орқа ўгирди. — Энди мен борай. Калитни эсингиздан чиқарманг.

Шундай дея у гўё меҳмонлар ҳавода эриб кетгандек, уларга ортиқ эътибор ҳам қилмай, мистер Иии хона бўйлаб юрар экан, ихчамгина портфелига қандайдир қоғозларни тиқди. Бу нари борса беш дақиқача давом этди ва бу вақт ичида у бирор марта ҳам қовоғини уйиб турган тўрттала меҳмонга чурқ этиб оғиз очмади. Меҳмонлар эса бошларини эгганча ҳорғин кўзларини ерга тикиб, бурунларидан тортса йиқилгудек бир ҳолда зўрға оёқда туришарди.

Чиқиб кета туриб, мистер Иии тирноқларига синчковлик билан разм солди.

Кечқурунги ғира-шираликда йўлак бўйлаб кетиб боришарди. Улар катта ялтиллаган кумушранг эшик олдида тўхташди ва кумуш калит билан уни очишди. Ичкарига кириб эшикни зичлаб ёпишди-да, атрофга разм солиб қарашди.

Улар кенг, чароғон залда туришарди. Эркаклар ва аёллар столларда ўтиришар, тўп-тўп бўлиб туришар, суҳбатлашишар эди. Қулфнинг шиқирлаганини эшитиб, улар қайрилиб қарашди ва махсус либос кийган тўрттала одамга тикилиб қолишди.

Марсликлардан биттаси улар олдига бориб таъзим қилди.
— Мен мистер Уууман, — таништирди у ўзини.
— Мен эса Нью-Йоркдан, Ердан келган капитан Жонатан Уильямсман, — жавоб берди капитан пинагини ҳам бузмай.

Бирдан залда гулдурос қарсаклар янгради.

Қийқириқ ва ҳайқириқлардан шифт ларзага келди. Қўлларини силкитган, ҳайқириб қичқирган, столларни ағдар-тўнтар қилган, бир-бирини туртганча марсликлар залнинг барча томонидан ўзларини ерликлар томон отишди, уларни маҳкам қучоқлаб тўртталасини ҳам қўлларига кўтариб олишди. Олти марта улар меҳмонларни елкаларида кўтариб бутун зални айланиб чиқишди. Олти марта югуриб фахрий доира ясашди, улар тўхтовсиз сакрар, ирғишлар, рақс тушар, баланд овозда қўшиқ айтар эдилар. Ерликлар шу қадар ҳанг-манг бўлиб қолишдики, бутун бир дақиқа давомида уларни кўтариб турган елкалар узра миниб юришди, шундан кейингина ўзларига келиб, кула бошлашди ва бир-бирларига қараб:
— Ана, холос, мана бу бошқа гап! — дея қичқира бошлашди.
— Зўр! Аллақачон шундай қилиш керак эди! Э-ҳа, у-ҳа-ҳа, воҳ-воҳ!

Улар тантанали суратда бир-бирлариги им қоқар, кафтларини бир-бирларига уриб қаттиқ-қаттиқ чапак чалар эдилар.
— Э-ҳе!!!
— Урра! — ҳайқирарди оломон. Марсликлар ерликни стол устига қўйишди. Қийқириқлар тинди, капитан сал бўлмаса ҳўнграб юбораёзди.
— Раҳмат сизларга, катта, раҳмат. Бу иш зўр бўлди...
— Ўзингиз ҳақингизда сўзлаб беринг, — таклиф қилди мистер Ууу.

Халойиқ ҳаяжон ичида оҳ ва уҳ деб хўрсинар эди. Капитан ўз ўртоқларини бир-бир таништириб чиқди. Уларнинг ҳар бири қисқа-қисқа нутқ ирод қилди, ҳар бирининг нутқи гулдирос қарсаклар ва ҳайқириқлар билан бўлиниб турди.

Мистер Ууу капитаннинг елкасига шапатилаб қўйди.
— Ҳамюртингни бу ерда учратишдан зўр нарса бор эканми! Ахир мен ҳам Ердан келганман-да.
— Ие, қандай қилиб?
— Шундай қилиб. Биз Ердан келганлар анчагинамиз.
— Сиз-а? Ердан келганмисиз? — капитан кўзларини чақчайтирди. — Бундай бўлиши мумкин эмас! Сизлар ҳам ракетада келганмисизлар? Фазовий парвозлар қайси асрдан бошланган эди? — Унинг овозида тушкунлик сезилиб турарди. — Дарвоқе, қаердансизлар, қайси мамлакатдансизлар?
— Туиэреолдан. Мен бу ерга руҳ кучи билан кўп йиллар илгари келганман.
— Туиэрол... — аста такрорлади капитан. — Бундай мамлакатни билмайман. Руҳ кучи дегани нима дегани ўзи?..
— Мана миссис Ррр, у ҳам Ердан келган, тўғрими, мистер Ррр?

Мистер Ррр бош ирғади ва ғалати жилмайиб қўйди.
— Мистер Ююю ҳам, мистер Шшш ҳам, мистер Ввв ҳам!
— Мен эса Юпитердан келганман, — ўзини таништирди бир эркак ғўдайиб.
— Мен эса Сатурндан келганман. — Унинг гапини илиб кетди кўзларини айёрона йилтиллатиб бошқа бири.
— Юпитер, Сатурн... — бидирлади капитан кўзларини пирпиратиб.

Зим-зиё қоронғулик тушган эди. Марсликлар фазогирлар атрфида ивирсир, столларда ўтирардилар, бироқ столлар бўм-бўш бўлиб, зиёфатдан ном-нишон йўқ эди. Сариқ кўзлар чақнар, ёноқларининг тагида чуқур-чуқур соялар ўйнарди, шунда капитан залда деразалар йўқлигини, ёруғ тўғри деворлар орасидан ўтиб келаётганини пайқаб қолди. Эшик ҳам бор-йўғи биттагина эди. Капитан лунжини осилтирди.
— Бир тийинга қиммат нарсалар! Туиэреол дегани қаерда экан-а? Америкадан узоқми?
— Америка нима дегани?
— Америка ҳақида эшитмаганмисиз?! Ўзингиз Ерданман деб айтасиз-у, тағин Американи билмайсиз-а?

Мистер Ууу жаҳл билан бошини силтади.
— Ер бошдан-оёқ денгиз, денгиздан бошқа ҳеч нарса йўқ. У ерда ҳеч қандай қуруқлик йўқ. Ўзим ўша ерданман, мен билмай, ким билсин.
— Шошманг, — капитан орқага бир одим тисарилди, — сиз ғирт марслик экансиз! Кўзларингиз сап-сариқ, баданингиз қорача...
— Ер нуқул жунглилар билан қопланган, — мағрур гап қўшди мистер Ррр. — Мен Орриданман, кумуш маданияти мамлакатиданман!

Капитан нигоҳини бир чеҳрадан бошқа чеҳрага, мистер Ууудан мистер Юююга, мистер Юююдан мистер Зззга, мистер Ззздан мистер Нннга, мистер Хххдан мистер Бббга олди. У марсликларнинг кўзлари бир қорайиб, бир кенгаяётганини, бир чақчайиб, бир хиралашганини кўриб турарди. Унинг вужудини титроқ босди. Ниҳоят, у ўз ҳамроҳлари томон ўгирилди-да, маъюс деди:
— Бунинг нима эканини тушундиларингми?
— Нимани, капитан?
— Бу ҳеч ҳам тантанали учрашув эмас, — ҳорғин деди у, — шошилинч қабул ҳам эмас. Зиёфат ҳам эмас. Биз бу ерда ҳурматли меҳмонлар ҳам эмасмиз. Улар эса Марс ҳукуматининг вакиллари ҳам эмас. Уларнинг кўзларига бир қаранг-а, нутқларига яхшилаб қулоқ солиб кўринг-а!

Фазогирлар нафасларини ичларига ютишди. Кўзларини ола-кула қилганча улар аста-секин ғалати залга нигоҳ югуртира бошлашди.
— Энди билдим. — Капитаннинг овози гўё узоқдан келаётгандек эди. — Билдим, улар бекорга бизга янги манзилларини беришмабди ва биз то мистер Ииини учратгунча бошқа бировнинг олдига жўнатишмабди... Улар бекорга бизга аниқ манзил билан калитни бериб, эшикни очиб кириб, ичкаридан қаттиқ ёпиб олишимизни тайинлашмаган экан. Биз қўлга тушдик...
— Қўлга тушдик дейсизми, командир? Кимнинг қўлига?

Капитан шалвираб қолди.
— Жиннихонага тушибмиз.

Тун чўкди. Шаффоф деворларнинг орасига яширинган чироқлардан таралаётган ғира-шира нурга тўлган кенг танобий уйда сукунат ҳукмрон эди. Тўрттала ерлик ёғоч стол атрофида ўтирганча бошларини хам қилиб, шивирлашар эдилар. Ерда айқаш-уйқаш бўлиб эркак ва аёллар ухлар эдилар. Қоп-қоронғи бурчакларда нималардир ғимирлар, яккам-дуккам кўланкалар қўлларини ғалати-ғалати силкир эдилар. Ҳар ярим соатда фазогирлардан бирон киши кумуш эшик олдига борарди-да, стол олдига қайтиб келарди.
— Фойдаси йўқ, капитан. Биз бу ердан энди чиқиб кетолмаймиз.
— Капитан, наҳотки бизни жинни деб ўйлашган бўлса?!
— Бўлмаса-чи?! Акс ҳолда нега бизнинг келишимизни тантанали кутиб олишмади? Биз улар учун шунчаки руҳий касаллармиз, биздақалар бу ерда тўлиб-тошиб ётибди. — У ухлаб ётган одамларга ишора қилди. — Булар ахир пароноидлар-ку, биттаси ҳам соғ эмас! Лекин улар бизни қандай кутиб олишди! Менга ҳатто, — унинг кўзларида учқун сачради ва ўша заҳоти ўчди, — охири тантанали учрашув устидан чиққандек туюлди. Мана бу ҳайқириқлар, қўшиқлар, нутқлар... Ахир бари зўр бўлган эди-ку...
— Бизни бу ерда қанча ушлаб туришар экан, а?
— Биз ўзимизнинг жинни эмаслигимизни исботлагунимизча.
— Ҳа, бу қийин эмас экан-ку.
— Мен ҳам шундай деб ўйлайман...
— Сиз, афтидан, нимадандир чўчияпсиз, шекилли, капитан?
— Ҳм... Ҳов анови бурчакка бир қаранг.

Қоронғида бир эркак чўнқайиб ўтирарди. Унинг оғзидан миттигина яланғоч аёл шаклидаги мовий олов отилиб турарди. Аёл ҳавода кўкиштоб тутун ичида майин учарди ва нималарнидир шивирлаб хўрсинар эди.

Капитан боши билан бошқа томонни кўрсатди. У ерда бир аёл турар, турган жойида ҳайратомуз шаклларга кирар эди. Аввалига у биллур устунлар ичида тутқун ҳолида кўринди, сўнг олтин ҳайкалга айланди, сўнг кедр ҳассаси шаклини олди ва ниҳоят яна ўзининг аввалги қиёфасига қайтди.

Ҳамма жойда эркаклар ва аёллар бинафшаранг оловнинг ингичка тилларини ўйнар, тинимсиз бир шаклдан бошқасига кирар эдилар, зеро тун ғам-андуҳ ва саргузаштлар палласи ҳисобланади.
— Афсунгарлик, қора жодугар, — шивирлади ерликлардан бири.
— Йўқ, алаҳсирашлар бу. Улар бизга алаҳсирашларини намойиш этишаяпти, биз кўриб турган бу нарсалар уларнинг алаҳсирашларидир. Телепатия. Ўз-ўзини ишонтириш ва телепатия.
— Сиз шундан ташвишдамидингиз, капитан?
— Ҳа. Агар алаҳсирашлар бизга — нафақат, нафақат, бизларга шундай аниқ бўлиб кўринар экан, модомики алаҳсирашлар шундай ишончли ва ростдек бўлиб туюлар экан, улар бизни жинни деб ўйлашлари ҳеч гап эмас-да. Анови эркак мовий оловдан митти аёллар ясай олади, анови аёл эса ҳайкалга айланишга қодир; марсликларнинг ракета кемаси бемор хаёлотимиз самараси деб ўйлашлари учун бемалол кифоя қилади.

Қоронғилик ичидан кимнингдир аянчли хўрсингани эшитилди.

Чор атрофда гоҳ чақнаб, гоҳ ўчиб, мовий оловлар рақс тушар эди. Ухлаб ётган эркакларнинг олдидан қизил қумдан ясалган шайтонваччалар учиб чиқар эди. Аёллар лорсиллаган илонларга айланар эдилар. Турли ҳайвон ва йиртқичларнинг ҳиди анқирди.

Тонг отгач, ҳамма рисоладагидек, қувноқ ва соғлом кўринар эди. Ҳалиги алаҳсирашлар-у, ғалати оловлардан ном-нишон йўқ эди. Капитан ўз жамоадошлари билан ҳали-вери очилиб қолар деган умидда кумуш эшик олдида турар эди.

Мистер Иии роса тўрт соатдан кейин пайдо бўлди. Улар унинг эшик ортидан ичкарига киришидан аввал битта-битта чақириб, ўзининг мўъжазгина хонасиги олиб кириш учун роса уч соат эшик ортида турганига шак-шубҳа қилмас эдилар.

Агар унинг ниқобига ишонадиган бўлсак, бу очиқкўнгил, юзидан табассум аримайдиган бир эркак эди, унинг ниқобида бир эмас, учта кулиб турган қиёфа тасвирланган эди. Дарвоқе, ниқоб остидан чиқаётган товуш табассумли психиатрга унчалик ярашмаётган эди.
— Хўш, сизни нима безовта қилаяпти?
— Сиз бизни жинни деб ўйлаяпсиз, лекин бу тўғри эмас, — деди капитан.
— Аксинча, мен сизларни барчаларингизни жинни деяётганим йўқ, — психиатр кичиккина кўрсаткич таёғини капитанга ниқтади. — Фақат сизни, ҳурматли жаноб. Барча қолганлар — иккиламчи жинни.

Капитан тиззасига шап этиб уриб қўйди.
— Ҳа, гап бу ёқда денг! Ўртоқларимнинг ҳам иш қоғозига имзо чекишлари шартми, деб сўраганимда мистер Ииининг қаҳ-қаҳ уриб кулиши шундан экан-да!
— Ҳа, мистер Иии менга ҳаммасини айтиб берди. — Психиатр ниқобидаги оғзини қийшайтириб, хохолаб кулди. — Зўр ҳазил бўлди-да. Хўш, мен нима деяётган эдим? Ҳа, иккиламчи жиннилар. Менинг олдимга қулоқларидан илонлар чиқиб турадиган аёллар келишади. Менинг муолажамдан кейин илонлар ғойиб бўлади.
— Биз жон-жон деб даволанишга тайёрмиз. Бошланг муолажангизни.

Мистер Иии саросималаниб қолди.
— Во ажаб, ҳеч ким муолажага рози бўлмайди. Бу муолажа жуда ҳам бошқача бўлса керак-да.
— Ҳечқиси йўқ. Муолажани бошланг дедикми, бошланг. Бизнинг соғ эканимизга кейин амин бўласиз.
— Илтимос, аввал қоғозларингизни бир кўриб чиқсам. Муолажа учун ҳаммаси тўғри расмийлаштирилганми? — У папкани варақлаб кетди. — Хўш... Қаранг-а, сизга ўхшаган беморларга алоҳида услублар керак экан. Сиз кўрган жинни¬хонадаги беморлар муолажаси анча жўнроқ экан... Аммо сизникига ўхшаган бирламчи, иккиламчи, эшитув, ҳидлов ва таъм билув жинниларини қўшиб ҳисоблаганда сезув ва кўрув сезгилари билан биргаликда мен сизга айтсам, иш ниҳоятда ёмон. Биз эвтаназияни қўллашга мажбур бўламиз.

Капитан ҳайқирганча оёққа турди.
— Нималар деяпсиз ўзи, бошимизни қотирманг! Қани, бошланг! Бизни текширинг, тиззамизга болғача билан уринг. Юрагимизни эшитинг, ўтириб-туришга мажбур қилинг, саволлар беринг!
— Бош устига.

Капитан бир соатча жўшиб, қайнаб гапирди, психиатр жим қулоқ солиб турди.
— Ҳеч ишониб бўлмайди, — ўйчан ғудраниб деди у. — Ҳаётимда бунақа ақл бовар қилмас алаҳсирашни эшитмаган эдим.
— Жин урсин! Биз кўрсатамиз сизга ҳали самовий кемамизни! — бўкирди капитан.
— Жон деб кўраман. Сиз уни шу ерда хонада кўрсата оласизми?
— Албатта, у сизнинг картотекангизда турибди. “К” ҳарфида.

Мистер Иии диққат билан картотекани қараб чиқди, ҳафсаласи пир бўлгандек тилини чақиллатиб қўйди-да, шошмайгина тортмани ичкарига суриб қўйди.
— Мени аҳмоқ қилишингизга нима ҳожат бор эди, бу ерда ҳеч қандай самовий кема йўқ-ку.
— Қаёқдан ҳам бўлсин, жиннивой! Мен ҳазиллашган эдим. Энди айт-чи, жиннилар ҳаддидан ошаяптими?
— Баъзан жуда қизиқ-қизиқ гаплар бўлиб туради. Бўпти, мени ракетангиз олдига олиб боринг. Мен уни кўрмоқчиман.

Улар ракета олдига келишганида, жазирама туш пайти бўлиб қолган эди.
— Хўш, — психиатр кемага яқин борди-да, унинг қорнига чертди. Чертки овози майин, гувуллаган эди. — Ичкарига кирсак майлими? — Сўради у муғамбирона.
— Киринг.
— Мистер Ыыы кема ичига кирди-да, тахта бўлиб қолди.
— Осий умримда кўп нарсалар бўлган эди, аммо бунақаси... — Капитан сигарани чайнаганча кутарди. — Ҳаммадан ҳам мен уйга учиб, бу Марс деганини елкамнинг чуқури кўрсин, дейишни жуда-жуда хоҳлаб кетаяпман. Шу ҳам сайёра бўлди-ю!..
— Менинг назаримда, бу ердаги ҳар иккитанинг биттаси жинни. Одам дегани ҳам шунчалик бемаъни бўладими?
— Нима бўлганда ҳам менинг жиннимни чиқариб юборишди.

Ярим соатча психиатр нималарнидир титкилади, пайпаслади, чертиб кўрди, қулоқ солди, ҳидлаб кўрди, тилини теккизиб кўрди, охири кема ичидан чиқиб келди.
— Хўш, энди амин бўлгандирсиз? — Қичқирди капитан қулоқлари ҳеч нарсани эшитмагандай.

Психиатр кўзларини юмди-да, бурнини қашиди.
— Бу илгари мен ҳеч қачон учратмаган оддий алаҳсираш ва хаёлпарастликнинг ёрқин намунаси экан-ку! Мен сизнинг “Ракета” деган нарсангизни кўриб чиқдим. — У ракетага бармоғи билан чертиб қўйди. — Эшитиб турибман. Саробий товуш. — У ҳавони бурни билан ҳидлаб кўрди. — Мен уни ҳидидан билаяпман. Туйғуларнинг телепатик узатишларидан ҳосил бўлган ҳидлаш галлюцинацияси. — У ракета чокини ўпиб қўйди. — Мен унинг таъмини ҳис қилаяпман. Таъм билув иллюзияси!

У капитаннинг қўлини сиқиб қўйди.
— Сизни табриклашимга рухсат беринг! Сиз руҳшунослик даҳоси экансиз! Бу ҳар қандай баркамолликдан олийдир! Сизнинг ўз руҳий хаёлотингизни идрок этиш кучини тўла сақлангани ҳолда бошқа субъектларни англашга телепатик йўл билан солиштириш қобилиятингиз бағоят ажойиб ва таҳсинга сазовордир. Бизнинг бошқа беморларимиз, одатда, кўрув галлюцинацияларига мўлжалланадилар. Жуда нари борганда, эшитув галлюцинацияси билан қўшилиб кетадилар. Сиз бўлсангиз барчаси билан баб-баравар муомала қилсангиз! Сизнинг жиннилигингиз ҳайратомуз даражада мукаммалдир!
— Менинг жиннилигим... — капитаннинг ранги бўздек оқарди.
— Ҳа, ҳа, ажойиб жиннилик! Маъдан, резина, гравиаторлар, озиқ-овқат, кийим-кечак, ёнилғи, қурол-яроқ, зиналар, гайкалар, больтлар, қошиқлар — мен кўплаб нарсаларни текшириб кўрдим. Умримда бунақа мураккаб манзарани сира кўрмаганман. Ҳаттоки каравотим тагидаги шарпалар ҳам қолмаган! Ирода дегани ҳам шунчалик бўлади-да! Бўлди, мен қанчалик текширмай, яна уларни истаганча пайпаслаб, ҳидлаб, тинглаб, тил теккизиб таъмини билиб олишингиз мумкин! Сизни қучишимга рухсат беринг!

Ниҳоят, у капитандан ўзини четга олди.
— Мен бу ҳақда рисола ёзаман. У илмий ишларим ичидаги энг яхшиси бўлади! Келаси ойда Марс Фанлар академиясида маъруза ўқийман! Биргина ташқи кўринишингизни ўзи ниҳоятда қиммат туради. Сиз ҳатто кўзингиз рангини алмаштирмоқчи ҳам бўлдингиз — сариқ ўрнига кўкни, баданингиз қорачадан келган эмас, билки қизғиш! Мана бу костюмингизни қаранг, қўлингизда эса, олтита ўрнига бешта бармоқ бор! Нима ҳам дердик, руҳиётдаги оғишлар таъсири остида мутлақо биологик метамарфозадан бошқа ҳеч нарса эмас! Бунинг устига, анави учта ошнангизни айтмайсизми...

У мўъжазгина тўппончасини олди.
— Сизни, албатта, даволаб бўлмайди. Бахтиқаросиз, ғаройиб одамсиз! Сизни фақат ўлим қутқаради. Битта-яримта айтадиган сўнгги сўзингиз борми?
— Шошманг, худо ҳаққи, отманг!
— Шўрлик! Сизни бундай ва мана бунақа учала одамни тасаввур этишга мажбур этган азоблардан қутқармоқчиман. Сизни олдинда гўзал келажак кутиб турибди: мен сизни ўлдираман-у, кўз очиб-юмгунча дўстларингиз ҳам, ракетангиз ҳам гумдон бўлади. Эҳ, бугунги кузатишларим бўйича шундай бир мақола ёзаманки — “Неротик” саробларининг тарқалиши”!
— Мен Ердан келганман! Менинг исмим Жонатан Уильямс. Мана булар эса...
— Биламан, биламан, — қувноқ оҳангда деди мистер Ыыы ва ўқ узди.

Капитан юрагида ўқ билан қулаб тушди. Унинг дўстлари қичқириб юборишди.

Мистер Ыыынинг кўзлари косасидан чиқиб кетди.
— Сиз ҳалиям яшаяпсизми? Ҳечам бўлмаган гап! Замон ва макондаги персистенсияли галлюцинация! — у тўппончасини уларга ўқталди. — Ҳечқиси йўқ, мен сизларни ғойиб бўлишга мажбур этаман.
— Йўқ, — қичқиришди фазогирлар.
— Ҳаттоки беморнинг ўлимидан кейинги эшитув иллюзияси, — ишчан бир оҳангда деди мистер Ыыы ҳалиги учаласини биттама-битта ўлдирар экан.

Улар ҳеч қанча ўзгармаган ҳолда қум устида қимир этмай ётар эдилар.

У ётганларни оёғи билан туртди, сўнг ракета қорнига дукиллатиб урди.
— Ракетага жин ҳам урмаган! Булар ҳали ҳам ғойиб бўлгани йўқ! — У яна ва яна жонсиз жасадларга қарата ўқ узди. Кейин бир қадам орқага тисарилди. Тиржайган қиёфадаги ниқоб унинг оёғи остига қулаб тушди.

Психиатрнинг юз ифодаси аста-секин ўзгара бошлади. Пастки жағи осилиб қолди. Ҳолсиз қўлидан тўппонча тушиб кетди. Нигоҳи бўм-бўш, бефарқ боқарди. У қўлларини юқорига кўтариб силтади ва худди кўр одамдек жойида бир айланди. У дам-бадам сўлагини ютганча ўлик жисмларни пайпаслар эди.
— Галлюцинациялар, — жазава ичида ғудранарди у. — Таъм. Кўланкалар. Ҳид. Товуш. Сезги.

У кўзларининг пахтасини чиқариб, қўлларини силтар эди. Лабларида кўпик пайдо бўлди.
— Чиринглар! — бўкирди мистер Ыыы, ўликларга мурожаат қилганча. — Чири! — Қичқирди у ракетага.

У ўзининг титроқ қўлларига қаради.
— Менга юқди, — шивирлади у ғазаб ичида. — Энди менга ўтди. Телепатия, гипноз. Энди мен жинниман. Жинниларнинг барча аломатлари менда. — Бир сония у тош қотиб қолди, сўнг карахт бармоқлари билан тўппончани қидира бошлади. — Биргина восита қолди. Уларни чириб, йўқ бўлиб кетишига биргина усул кор қилади, холос.

Ўқ овози янгради. Мистер Ыыы қулаб тушди.

Қуёш нурлари остида тўртта жасад ётарди. Уларнинг ёнгинасида мистер Ыыы ҳам ётарди.

Қуёш нурларига чўмган тепалик устида тумшуғини осмонга қадаганча ҳеч қаёққа ғойиб бўлмай, ракета қаддини тик тутиб турарди. Шаҳарликлар уфқдаги ракетани учратиб, бунинг нима эканлигига ақллари етмай, роса бошлари қотди. Унинг нима эканлигини ҳеч ким билолмади. Ракетани эскичига сотиб юборишди, у уни олиб кетди-да, майдалаб пуллаб юборди.

Тун бўйи ёмғир тинмади. Эртасига осмон чарақлаган ва ҳаво илиқ эди.

Март 2000 - Солиқ Тўловчи

У ракетада Марсга учиб кетмоқчи эди. Эрта билан у космодромга келди-да, тиконли сим девор ортида туриб, “Мен Марсга учмоқчиман” дея мундирли одамларга қарата қичқира бошлади. У солиқни бехато тўлаб келади, фамилияси Причард ва у Марсга учиш учун тўла ҳақли. Ахир у шу ерда, Огайода туғилмаганмиди? Наҳотки у ёмон фуқаро бўлса?! Унда ўзи нима гап, нима учун Марсга учиши мумкин эмас экан? Муштумларини дўлайтириб, уларга қараб ерда ортиқ қолишни истамайман, мияси бор одам Ердан қорасини ўчириш орзусида юради, дея тинмай қичқирар эди. Кўпи билан икки йилдан кейин ерда жаҳон атом уруши бошланади. Лекин у бу мудҳиш паллани кутиб ўтирадиган аҳмоқ эмас. У ва мияси бор ҳар қандай минглаб одамлар Марсга учиб кетишни истаяпти. Ишонмасаларинг, уларнинг ўзларидан сўранглар! Урушлар ва цензурадан, тўрачилик ва ҳарбий тобеликдан, ҳукуматдан нари бўлган минг марта афзал, булар махсус рухсатномасиз бир қадам ҳам қимирлагани қўймайди, булар фанни ҳам, санъатни ҳам оёқлари остида янчиб ташлашди! Агар хоҳласангиз ерда қолаверишингиз мумкин. У ўнг қўлини, бошини, юрагини қурбон қилишга тайёр-у, фақат Марсга учиб кетса бўлгани! Ракетага тушиш учун нима, қилиш керак, қаерга имзо чекиш керак, ким билан таниш-билиш ортдириш керак?

Тиконли сим ортидан жавоб ўрнига мундирли одамлар кулиб қўйдилар, холос. Унинг Марсга ҳечам учиб кетгиси йўқ, дер эди улар. Ахир у Биринчи ва Иккинчи экспедициялар йўқ бўлиб кетишганини, йўқлик қаърига маҳв бўлганларини, уларнинг барча иштирокчилари, очиғини айтганда, ўлиб кетганларини наҳотки у билмаса?!
— Лекин буни исботлаш керак, буни ҳали ҳеч ким аниқ билмайди-ку, — деб қичқирарди у тиконли симга ёпишганча. Балки у ерда сут дарёси оқиб, шарбат денгизи мавж уриб тургандир, балки капитан Йорк ва Уильямс қайтиб келишни ўзлари хоҳлашмагандир. Хуллас, гап шу — дарвозани очинглар-да, яхшиликча мени Учинчи экспедицияга — ракетага қўйиб юборинглар ёки мен ўзим куч билан кириб олайми?

Нарёқдагилар унга оғзини ёпишни маслаҳат бердилар.

У фазогирларнинг ракета томон бораётганларини кўрди.
— Мени кутиб туринглар! Мени бу даҳшатли дунёда қолдирманглар, мен бу ердан учиб кетишни истайман, тез орада атом уруши бошланади! Мени ерда қолдирманглар!

Улар куч билан девордан нарига судраб кетишди. Улар полиция машинаси эшигини қарсиллатиб ёпдилар-да, мана шу тонгги соатда уни олиб кетишди, у бўлса, орқа дарчага маҳкам ёпишиб олди-да, машина ваҳимали чинқирганча тепаликдан ошиб ўтишидан бир лаҳза олдин қип-қизил алангани кўрди ва қудратли гувуллашни эшитди, миясига қаттиқ зарба келиб тушгандек бўлди — бу уни мана шу файзсиз тонгда ҳеч нарса билан мафтун этолмайдиган Ер сайёрасида қолдириб, осмонга кўтарилган кумушранг ракетанинг тўлқини эди.

Апрел 2000 - Учинчи Экспедиция

Кема коинотдан келди. Юлдузлар, ақл бовар қилмас тезликлар, чарақлаган ҳаракат ва соқов самовий тубсизлик ортда қолди. Кема яп-янги эди; унинг вужуди ўт бўлиб ёнарди, унинг темир уячаларида одамлар ўтирарди; олов уфурган, қайноқ нафас олганча у мутлақо овозсиз парвоз қиларди. Унинг бўлмаларида командир билан қўшиб ҳисоблаганда ўн еттита одам бор эди. Огайо космодромидаги халойиқ қичқирар, қўлларини силтар эди, ракета тагидан улкан япроқли қип-қизил олов гул каби очилди-ю, у фазога отилди — Марс сари Учинчи экспедиция бошланди!

Энди кема темир аниқлиги билан Марс ҳавосининг юқори қатламларида ҳаракатни секинлаштирди. У ҳамон гўзаллик ва қудрат тажассуми эди. Коинотнинг тим қора қўйнини ёриб, у бамисоли тиниқ денгиз даррандаси сингари сузиб борар эди; у Оймомо ёнида шитоб билан ўтди-да, бирин-кетин бўшлиқлар бағрини тилганча олға интилди. Унинг қорнидаги одамлар ўзларини ҳар томонга ташлар, ўмбалоқ ошар, думалар эдилар, бири олиб, бири қўйиб жағ урардилар. Улардан бири ўлди, бироқ қолган ўн олтитаси иллюминаторнинг қалин шишасига ёпишиб олиб, тагларида Марс сайёрасининг қанчалик шиддат билан айланишини ва катталашиб бораётганини кўзлари косасидан чиққудек бўлиб қараб турар эдилар.
— Марс! — қичқирди штурман Люстиг.
— Чол бобо Марс! — деди қадимшунос Сэмюль Хинкстон.
— Зўр! — деди капитан Жон Блэк.

Ракета ям-яшил далага келиб қўнди. Сал наридаги худди шундай далада чўяндан қуйилган оҳу турарди. Ундан ҳам нарида офтобшувоқда Викториан услубидаги, саноқсиз ва ранг-баранг шокилали ойналари мовий, пушти, сариқ, яшил деразали баланд бўйли уй қад кўтариб турарди. Айвонда пахмоқ ёронгул ўсиб турар, илмоқларда енгил шабададан эски арғимчоқлар гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга чайқалар эди. Уйнинг учли томони узра ромбсимон биллур шишали минора чарақлаб кўринарди. Биринчи қаватдаги кенг деразадан “Ажойиб Огайо” сарлавҳали ноталар ёзилган мусиқа китобчасини кўриш мумкин эди.

Ракета атрофидан Марс баҳоридан чирой очган кўм-кўк ва ҳаракатсиз шаҳарча ҳар томонга қараб ёйилиб кетган. Оқ ва қизил ғиштдан қурилган уйлар саф тортган, баланд дублар шамолдан эгилиб-эгилиб чайқалар, қудратли қайрағочлар ва каштан дарахтлари ҳам тинимсиз шовулларди. Унсиз олтин қўнғироқли қўнғироқхоналар савлат тўкиб турарди.

Буларнинг барчасини фазогирлар иллюминатордан кўриб турар эдилар. Кейин улар бир-бирларига қарашди. Сўнг яна иллюминаторга юзланишди. Кейин гўё бирданига нафас олиш қийинлашгандек ҳар ким ёнидаги қўшнисининг тирсагига ёпишди. Уларнинг юзлари бўздек оқариб кетди.
— Жин урсин мени, — шивирлади Люстиг, юзини увишиб қолган бармоқлари билан артаркан. — Мени нима жин урди ўзи!
— Ҳеч ҳам бунақа бўлиши мумкин эмас, — деди Сэмюль Хинкстон.
— Ё алҳазар! — деди командир Жон Блэк.

Кимёгар ўзининг хонасидан туриб ахборот берди:
— Капитан, ҳаво кам, лекин кислород етарли, ҳеч қандай хатар йўқ.
— Демак, чиқамиз, шундайми? — сўради Люстиг.
— Шошманглар, — деди капитан Жон Блэк. — Бунинг нима эканини аввал яхшилаб билиб олиш керак.
— Буми? Кичкина шаҳарча, капитан, ҳаво кам бўлса-да, лекин нафас олса бўлади.
— Ердаги шаҳарларга ўхшаган мўъжазгина шаҳарча, — қўшиб қўйди қадимшунос Хинкстон. — Ғоятда ғаройиб. Ҳеч ҳам бундай бўлиши мумкин эмас, аммо начора, ана у, олдимизда турибди...

Капитан Жон Блэк пиришон ҳолда унга қараб қўйди.
— Хўш, Хинкстон, сизнингча, тамаддун икки турли сайёрада бир хил суръатда ва битта йўналишда тараққий қилиши мумкинми?
— Менимча, унчаликмасдир-ов!

Капитан Блэк иллюминатор ёнида турарди.
— Ҳов анови ёронгулларга қаранг-а. Мутлақо янги тури. У ерга бор-йўғи эллик йилгина аввал олиб чиқилган эди. Энди-чи, ўзингиз ўйлаб кўринг, у ёки бу турдаги ўсимлик эволюцияси учун неча минг йиллар талаб этилмайдими?! Кези келганда шуни айтинг-чи, менга марсликларда, биринчилардан, айнан шундай дераза ромлари, иккинчидан минорачалар, учинчидан, айвончадаги арғимчоқлар, тўртинчидан пианинога ўхшаган чолғу асбоби, бешинчидан, телескопга диққат билан қаранг-а, мана шундай бўлиши мантиққа тўғри келармикан? Марслик бастакор ўз асарини келиб-келиб айнан “Ажойиб Огайо” деб аташи ҳам мантиққа тўғри келармикан? Ахир бу бир нарсанигина англатиши мумкин: Марсда ҳам Огайо дарёси бор экан!
— Капитан Уильямс бўлмаса-чи, — қичқириб юборди Хинкстон.
— Нима?
— Капитан Уильямс ва унинг уч ҳамроҳи! Ёки Натаниел Йорк ўз жуфтлиги билан булар ҳаммасини айтиб турибди!
— Бу ҳеч нарсани айтиб тургани йўқ. Бизнинг аниқлашимизга қараганда, Йоркнинг ракетаси Марсга қўнар-қўнмас портлаб кетган ва ҳар иккала фазогир ҳалок бўлган. Уильямс ва унинг учала ҳамроҳига келсак, уларнинг кемаси етиб келгандан кейин иккинчи куни портлаб кетган. Нима бўлганда ҳам айни шу вақтда узатгичлар ишдан тўхтаб қолган. Улар тирик бўлганида биз билан алоқа боғлашга уринган бўлар эдилар. Йорк экспедицияси вақтидан буён атиги бир йил ўтганини, капитан Уильямс экипажи эса бу ерга августда учиб келганини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Фараз қилайлик-чи, улар тирик ҳамдирлар — гарчанд энг моҳир марсликлар ёрдамида шундай қисқа вақт бутун бир шаҳарни қуриш ва унинг шарти кетиб, парти қолган бир ҳолга келиши ақлга сиғадиган ишми? Сиз яхшилаб қаранг, ахир бу шаҳар кам деганда етмиш йил олдин қурилган. Эшик олдидаги панжараларни қаранг, дарахтларга қаранг — юз ёшли дублар-ку! Йўқ, Йорк ҳам, Уильямс ҳам бу ерда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бу ерда бутунлай бошқа гап бор. Менга унчалик ёқмаяпти. Токи гап нимадалигини билмагунимча кема ичидан чиқмайман.
— Бунинг устига, — қўшимча қилди Люстиг, — Уильямс ва одамлари, Йорк ҳам Марснинг нариги томонига қўнганлар. Биз эса бу томонни атайлаб танладик.
— Худди шундай! Агар Йорк ва Уильямсни марслик қабилалар қасддан ўлдирган бўлсалар, демак, бизга иккинчи ярим шарда қўнишга атайлаб буйруқ берилган бўлиб чиқади. Ҳалокат такрорланмаслигининг олдини олишган бўлишса керак. Демак, биз шундай бир пучмоқда турибмизки, уни, бизга маълум бўлишича, на Уильямс, на Йорк кўзлари билан кўришган.
— Жин урсин, — деди Хинкстон, — барибир мен сизни рухсатингиз билан бу шаҳарга бораман, капитан. Ахир Қуёш тизимимиздаги барча сайёраларда тафаккур ва тамаддун бир-бирига ўхшаш йўллар билан тараққий этган бўлиши мумкин-ку. Ким билсин, эҳтимол, биз давримизнинг энг буюк психологик ва фалсафий кашфиёти бўсағасида турибмиз!
— Мен бир оз кутиб туришни маъқул деб биламан, — деди капитан Жон Блэк.
— Командир, балки рўпарангизда худонинг борлигини биринчи марта исбот қилган ҳодиса тургандир!
— Бундай исботларсиз ҳам диндорларни худо уриб ётибди, мистер Хинкстон...
— Ҳа, мен ҳам ўшаларнинг сирасига кираман, капитан. Аммо бир нарса кундек равшан. — Бундай шаҳар илоҳий қудратнинг аралашувисиз пайдо бўлиши мумкин эмас. Мана бу майда-чуйда нарсалар, қисмлар... Вужудимда шундай қарама-қарши туйғулар кураши кетаяптики, кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмайман.
— Унда биз нимага дуч келганимизни аниқлагунимизча унисидан ҳам, бунисидан ҳам тийилиб туринг.
— Нимага дуч келибмиз? — гап қўшди Люстиг. — Ҳеч нарсага дуч келганимиз йўқ-ку. Оддий, жим-жит, кўркам, ям-яшил шаҳарча, худди мен туғилган ўша даққиюнусдан қолган пучмоқнинг ўзгинаси. У менга ҳам ёқаяпти.
— Қачон туғилгансиз, Люстиг?

—1950 да, сэр.
— Сиз-чи, Хинкстон?
— 1955 да, капитан. Гриннелл, Айова штати. Бундоқ қарасам, гўё ўз жонажон ватанимга қайтиб келгандекман.
— Хинкстон, Люстиг, мен сизга ота бўлишим мумкин, мен роса саксондаман. 1920 йилда Иллинойсда туғилганман. Бироқ, худонинг марҳамати ва сўнгги эллик йилда баъзи чолларни йигитга айлантириб қўйган фан шарофати билан Марсга учиб келдим. Сиздан кам чарчаган эмасман, аммо мана бу ишонмаслик дарди тушмагур сизлардан бир неча баробар кўпдир менда. Бу шундай тинч, шундай жозибадор шаҳарча эканки, ўхшашини кўриб, ҳатто қўрқиб кетаяпман. У Грин-Блаффга ҳаддан ташқари қаттиқ ўхшайди. — Командир радистга ўгирилди. — Мени Ер билан уланг. Қўнганимизни айтинг. Ортиқ ҳеч нима деманг. Қолган барча гапларни эртага юборамиз, деб айтинг.
— Хўп бўлади, капитан.

Капитан Блэк иллюминаторга қаради. Унинг башарасига қараб ҳеч ким саксон яшар демасди. Нари борса, қирқ ёшга кирган, дерди.
— Энди қулоқ солинг, Люстиг. Сиз, мен, Хинкстон, борамиз-да, шаҳарни айланиб чиқамиз. Қолганлар ракетада кутиб ўтиришади. Бир нима бўлиб қолгудек бўлса, улар жон сақлаб қола оладилар. Бутун кема ҳалокатга учрашидан кўра, уч кишини йўқотиш дурустроқдир. Мусибат содир бўлгудек бўлса, экипажимиз бошқа ракетага хабар беришга улгуради. У ракетани, янглишмасам, декабрнинг охирида капитан Уайлдер бошқаради. Агар Марсда қандайдир душман кучлари бўлса, янги экспедиция яхшилаб қуролланган бўлиши керак.
— Аммо биз ҳам қуролланганмиз. Тиш-тирноғимиз билан қуролланганмиз.
— Бўпти, одамларга хабар қилинг. Қуролларни шай ҳолатга келтириб қўйишсин. Кетдик, Люстиг, кетдик, Хинкстон.

Учала фазогир кема бўлмаси орқали пастга тушишди.

Ажойиб баҳор куни эди. Қийғос гуллаган олма шохида читтак тинимсиз сайрайди. Шамол ям-яшил шохларни силкитганда оппоқ гуллар булутдек ерга тўкилади. Чор атрофни гулларнинг муаттар ҳиди тутган. Шаҳарчада кимдир пианино чалар эди ва мусиқа товуши бир кўтарилиб, бир пасайиб нафис, аллалагандек ҳавода сузарди. “Ажойиб хаёлпараст” куйини ижро этмоқда эдилар. Бошқа томонда эса граммофондан Гарри Лодер ижросидаги “Шомдаги сайр” куйи ҳирқироқ, бўғиқ оҳангда тараларди. Учала фазогир ракета тагида туришарди. Улар сийрак ҳавони оғизлари билан ютоқиб ютинар эдилар. Сўнг кучларини авайлаганча аста юриб кетишди.

Энди бошқа пластинка айланарди.

Ёз оқшоми бўлса бас менга,
Ойдин тунда етишсам сенга...

Люстигнинг тиззалари қалтираб кетди, Сэмюэль Хинкстонда ҳам худди шундай бўлди.
Осмон тип-тиниқ ва тинч эди, аллақаерда, жарлик тубида, кўм-кўк шохларнинг салқин соясида дарё жилдирарди. От туёқлари дупирлар, арава ғилдираклари дўқирларди.
— Капитан, — деди Сэмюэль Хинкстон. — Истайсизми-истамайсизми, аммо ҳеч ҳам ўхшамайди, акс ҳолда бундай бўлиши мумкин эмас-ку, — Марсга парвозлар биринчи жаҳон урушигача бошланган бўлар эди.
— Йўқ.
— Аммо мана бу уйларни, мана бу чўян оҳуни, пианино мусиқасини қандай изоҳлайсиз? — Хинкстон зўр бериб капитаннинг тирсагини қисди, унинг юзига қаради. — Фараз қилингки, дейлик 1905 йилда урушни ёмон кўрган одамлар бор эди. Улар олимлар билан зимдан тил бириктиришган-да, ракета ясаганлар ва бу ерга, Марсга келиб олганлар...
— Бу мумкин эмас, Хинкстон.
— Нима учунми? 1905 йилда дунё бутунлай бошқача эди. У пайтларда буни махфий сақлаш анча осон эди.
— Аммо мана бу ракетага ўхшаган мураккаб нарсани эмас-да! Йўқ, йўқ...
— Улар бу ерга бутунлай кўчиб келишган, табиийки, худди Ердагидек уйлар қуришган, ахир ўзлари билан ердаги маданиятни ҳам олиб келишган-да.
— Шунча йиллар шу ерда яшаган деб ўйлайсизми? — деб сўради командир.
— Худди шундай, тинч ва аҳил яшашган. Эҳтимол, улар ерга бир неча марта бориб ҳам келганлар. Керагича одамларни олиб ҳам келганлар, дейлик мана бунақа шаҳарчаларга жойлаштириш учун, кейин эса уларни билиб қолмасликлари учун парвозларни тўхтатишган. Шаҳарнинг эски услубдалигининг сири шунда. Шахсан мен ҳозирча 1972 йилдан кейин ясалган биронта буюмни ҳали кўрганим йўқ. Хўш, сиз-чи, капитан? Дарвоқе, самовий саёҳатлар, умуман, биз ўйлагандан ҳам олдинроқ бўлиши мумкин. Ернинг қайсидир узоқ бурчагида, юз йиллар муқаддам. Одамлар Марсга аллақачонлар келиб олганлар-у, бу ҳақда ҳеч ким билмаган бўлса, не ажаб? Уларнинг ўзлари эса аҳён-аҳёнда ерга бориб-келиб туришган.
— Шундай гапираяпсизки, худди ҳақиқатга ўхшайди.
— Ҳақиқат бўлганда қандоқ!
— Исботи кўз олдимизда турибди-ку. Энди одамларни топсак бас, тахминимиз тасдиғини топади-қўяди.

Қалин кўм-кўк ўтлар уларнинг қадам товушларини ютиб юбормоқда эди. Янги ўрилган пичан ҳиди димоққа урарди. Капитан Жон Блэк уларнинг иродасига қарши ўлароқ, вужудларини сокин бир фароғат чулғаб олганини ҳис этди. У мана бу мўъжаз шаҳарчада сўнгги марта бўлганига ҳам оз эмас, кўп эмас, роса ўттиз йил бўлибди; баҳорги асалариларнинг ғўнғиллашлари унинг руҳига таскин берар ва аллалар эди, уйғониб келаётган табиат таровати қалбига ором бағишлар эди.

Улар тўр тортилган эшик томон йўналганча айвонга чиқдилар ва полга урилган одимлари бўғиқ акс садо берар эди. Тўр орасидан улар йўлакни тўсиб турган жимжимадор пардани, биллур қандилни ва девордаги Марксфил Парриш қаламига мансуб сувратни кўрдилар. Уйда эски буюмлар, чортоқ ва яна ниманингдир ҳиди димоққа ёқимли урилар эди. Лимонадли кўзага музнинг майин урилиб тушган овози қулоққа чалинди. Уйнинг нариги бурчагидаги ошхонада жазирама кун муносабати билан кимдир яхна тушлик тайёрлар эди. Баланд аёл овози қайсидир куйни босиқ ва ёқимли хиргойи қиларди.

Капитан Жон Блэк қўнғироқ дастачасини тортди.

Йўлак бўйлаб енгил қадамлар шип-шип қилди, тўрнинг нариёғидан қирқ ёшлардаги, хушрўйгина аёл кўринди, эгнидаги кийим эҳтимол 1909 йилдаги либослардан эди.
— Буюрсинлар, не хизмат? — сўради у.
— Кечиринг, — журъатсизгина гап бошлади капитан Блэк, — бизлар биласизми... яъни, эҳтимол, сиз...

У дудуқланиб қолди. Аёл унга тим қора кўзлари билан ҳайрон қараб турарди.
— Бирон нарса сотмоқчи бўлсаларингиз... — гап бошлади аёл.
— Йўқ, йўқ, шошманг! — қичқирди капитан. — Бу қайси шаҳар?

Аёл унга синчков назар солди.
— Нима демоқчисиз бу билан: қайси шаҳар дейсизми? Шаҳарнинг ўзида бўла туриб, унинг номини билмаслик мумкинми?

Капитаннинг юзидан унинг тезроқ бирон олма дарахти тагига бориб ўтирса-ю, соясида ором олса — шуни англаш мумкин эди.
— Бизлар бу ерлик эмасмиз. Қайси шаҳарга келиб қолганимизни ва қандай келиб қолганимизни билишимиз керак эди.
— Сизлар аҳолини рўйхатга олиш бюросиданмисизлар?
— Йўқ.
— Барчага маълумки, — давом этди аёл, — шаҳар 1868 йилда қурилган. Шошманг-шошманг, тағин мени лақиллатаётган бўлманглар.
— Йўғ-е, нима деяпсиз! — шошиб деди капитан, — биз Ерданмиз.
— Ернинг тагидан демоқчимисиз? — ҳайрон бўлди аёл.
— Ҳе, йўқ, биз Учинчи сайёра — Ердан учиб келганмиз. Самовий кемада. Биз бу ерга — Тўртинчи сайёра — Марсга учиб келганмиз...
— Биласизми, қаердасизлар? — худди болага гапирган оҳангда тушунтира кетди аёл, — Гринблавдасиз. Иллинойс штати, Америка деб аталадиган иккита океан, Атлантика ва Тинч океанлари ювиб турадиган қитъадасизлар, бу ҳам Ер деб аталадиган дунёдасизлар. Энди туёғингизни шиқиллатиб қолинг, хайр.

Аёл йўл-йўлакай маржонли пардани сура-сура йўлакдан майда одимлаб кетди.

Учала ўртоқ бир-бирига қаради.
— Эшик қуриб оламиз, — таклиф қилди Люстиг.
— Мумкин эмас. Хусусий мулкчилик. Эй худойим-а.

Улар зинадан пастга тушишди-да, пастки пиллапояга ўтириб олишди.
— Бизлар йўлдан адашиб, юра-юра орқага, Ерга адашиб қайтиб келиб қолмадикмикан, деб ҳеч хаёлингизга келдими, Хинкстон?
— Қандай қилиб?
— Билмадим, билмадим. Ё тавба, илтимос, фикрларимни тўплаб олай.
— Ахир биз ҳар бир миллик йўлни назорат қилиб келган эдик-ку, — давом этди Хинкстон. — Хронометрларимиз қанча йўл босиб ўтганимизни аниқ ҳисолаб беришди. Биз ойнинг ёнидан ўтдик, Катта коинотга чиқдик ва бу ерга учиб келдик. Марсда эканимизга мен заррача шубҳа қилмайман.

Гапга Люстиг аралашди.
— Балки маконга, замонга бир нима бўлгандир? Биласизларми, биз тўртинчи ўлчамда адашиб қолганмиз ва ерга 30 ёки 40 йил олдин қайтиб келганмиз.
— Қўйсангиз-чи, Люстиг!
— Люстиг эшик ёнига келди-да, қўнғироқни тортди ва муздек, қоп-қоронғи хонага қараб қичқирди:
— Ҳозир қайси йил?
— 1926 йил, қайси йил бўларди, — жавоб берди аёл арғимчоқда ўтирган ва лимонаддан симирган кўйи.
— Ана, эшитдингизми? — Люстиг шиддат билан орқага ўгирилди. — 1926 йил! Биз ўтмишга учиб кетганмиз! Бу — Ер!

Люстиг ўтирди. Энди у ҳамманинг хаёлини банд этган ҳайратомуз ва даҳшатли хаёлларга қаршилик кўрсатмасди. Тиззаларида ётган қўллари асабий учар эди.
— Мен шунинг учун парвоз қилганмидим? — гап сотди капитан, — Мен даҳшатга тушиб кетяпман, даҳшатга! Наҳотки шундай бўлиши мумкин? Эйнштейнни чақириш керак бу ерга...
— Бу шаҳарда бизга ким ишонарди? — нидо солди Хинкстон. — Уф, ўт билан ўйнашаяпмиз! — Ахир бу вақт, тўртинчи ўлчам, яхшиси, ракетага қайтиб бориб, уйга учмайликми-а?
— Йўқ, ҳеч бўлмаганда яна битта уйга қараб олайлик.

Улар учта уйнинг ёнидан ўтишди ва қудратли дарахт тагида турган мўъжазгина оппоқ коттеж олдида тўхташди.
— Мен ҳар доим ҳар бир гапнинг тагига етиб ўрганганман, — деди командир. — Ҳозирча биз ҳали гапнинг мағзини яхшилаб чақмаган кўринамиз. Фараз қилайлик, Хинкстон, самовий саёҳатимиз жуда қадим пайтда бошланган деган тахминингиз тўғри. Кўп йиллар олдин бу ерга учиб келган ерликлар Ерни соғина бошлашган. Аввалига бу соғинч бир оз ғижинишдан нарига ўтмаган, кейин чинакамига асабийлашиш бошланган, жинни бўлиш даражасигача бориб етган. Психиатр сифатида сиз шундай ҳолда нимани тавсия этган бўлардингиз?

Хинкстон ўйланиб қолди.
— Нима қилардим, эҳтимол Марс тамаддунини ҳар куни Ердагига тобора ўхшаб бориши учун оз-оздан қайта тиклар эдим. Агар Ердаги ўсимликларни, йўлларни, кўлларни, ҳаттоки океанни қайта тиклаш усули бўлса, мен, албатта, шундай қилган бўлардим. Кейин оммавий гипноз воситалари билан мана шундай шаҳарнинг барча аҳолисига, бу ер ҳеч қандай Марс эмас, бу ер чинакам Ер сайёрасидир, дея миясига қуйган бўлардим.
— Аъло, Хинкстон. Назаримда, биз тўғри кетаяпмиз, анови уйда биз кўрган аёл ўзини Ерда яшаяпман, деб ўйлаяпти, вассалом. Шу унинг хаёлини ушлаб турибди. Бу аёл ва бу шаҳарчанинг бошқа яшовчилари келажакда сизларга дуч келиши мумкин бўлган энг буюк кўчув ва авраш тажрибаларининг манбалари бўлиб хизмат қилади.
— Жуда нишонга урдингиз, капитан! — овозини кўтариб деди Люстиг.
— Аниқ урдингиз! — қўшиб қўйди Хинкстон.
— Яхши. — Капитан хўрсиниб қўйди. — Ишлар сал жўнашгандек бўлди, кўнгил ҳам хотиржамроқ. Қандайдир мантиқ борга ўхшаяпти. Бўлмаса саёҳатлар ҳақида замондаги олдинга ва орқага қараб қилинган мана бу барча сафсаталардан миям ачиб кетганди. Агар менинг таклифим тўғри бўлса... — у жилмайди. — Нима ҳам дердим, унда маҳаллий аҳоли орасида озмунча шов-шув кутилмаётибди!
— Ишончингиз комилми? — деди Люстиг. — Нима бўлганда ҳам бу одамлар ўзларига яраша зиёратчилардир. — Улар Ерни билиб туриб ташлаб келишган. Балки улар бизнинг келганимиздан ҳеч ҳам хурсанд эмасдирлар. Балки улар бизни қувиб юборишга, ҳатто ўлдиришга ҳам тайёрдирлар.
— Бизнинг қуролимиз дурустроқ. Қани, кейинги уйга кирайлик-чи.

Аммо улар майсазордан ўтишга ҳам улгурмаган эдиларки, Люстиг турган жойида қотиб қолди. Икки кўзи сокин, мудроқ кўчанинг нариги учида эди.
— Капитан, — деди у.
— Нима гап, Люстиг?
— Капитан... Йўқ, сиз анови... Нималарни кўраяпман-а!

Люстигнинг яноқларидан ёшлар думалай кетди. Кўтарилган қўлларининг қабарган бармоқлари титрар, юзида ҳайрат, қувонч, шубҳа акс этарди. Яна бир оз ўтгач, севинчдан ўзини йўқотиши тайин эди. Ўша нуқтага қараб турар экан, у тўсатдан чопиб кетди. Қоқилиб тушди-да, ерга йиқилди. Оёққа туриб, яна чопиб кетар экан:
— Ҳой, менга қаранглар! — дея қичқирди.
— Тўхтатинг уни! — Капитан унинг орқасидан югурди.

Люстиг кучининг борича чопар, қичқирар эди. Соядор кўчанинг ўртасига етгач, у бир ҳовлига қараб бурилди-да, бир сакраб томида темир хўроз турган катта яшил уйнинг айвончасида пайдо бўлди. Хинкстон ва капитан Люстигга етиб олганларида, у қаттиқ қичқирганча эшикни муштлар эди. Учалалари ҳам Марснинг оғир ҳавосидан силлалари қуриб, оғир-оғир нафас олар, томоқлари ҳуштак чалар эди.
— Буви, бобо! — чақирди Люстиг.

Остонада иккита қария пайдо бўлди.
— Дэвид! — қариялар бараварига қичқиришди. Улар ўзларини бир-бирларининг бағриларига отиб, қучоқлаша кетдилар, елкаларини силар эдилар. — Дэвид, оҳ Дэвид, қанча йиллар ўтиб кетди-я!.. Ёш болагина эдинг. Девдек одам бўлибсан. Дэвид, болагинам, аҳволларинг қалай?
— Буви! Бобо! —пиқ-пиқ йиғлар эди Дэвид.
— Сизлар шундай ажойиб кўринасизларки!

У қарияларни ўзидан нари суриб, айлантириб, разм солар, ўпар, қучоқлар, йиғлар ва яна разм соларди, кўзларидан оқаётган ёшни сидириб ташларди. Осмонда қуёш чарақлаб турарди, шамол эсиб ўтларни тебратар, эшик эса ланг очиқ эди.
— Қани, ичкарига кир, болагинам. Сенга яхнагина чой мунтазир турибди. Ичиб бир ҳузур қил!
— Менинг дўстларим бор. — Люстиг орқасига ўгирилди-да, кулганча шоша-пиша капитан ва Хинкстонни қўли билан имлаб чақирди. — Капитан, бу ёққа келинглар.
— Ассалому алайкум, — қарши олди уларни қариялар. — Марҳамат, марҳамат, ичкарига марҳамат. — Дэвиднинг дўстлари бизнинг дўстимиз. Тортинманглар!

Кўҳна уйнинг меҳмонхонаси муздек эди; бир бурчакда тилларанг, баланд, алмисоқдан қолган соат бир маромда чиқ-чиқ қиларди. Кенг кушеткаларда парқу ёстиқлар, девор бўйлаб китоблар терилган, шапалоқ гулли гилам ерга тўшалган, қариялар қўлларида муздан терлаган яхна чойли стаканларни тутиб туришар, бундай чойнинг бир қултимиёқ одамга жон киритиб юбориши аниқ эди.
— Ичинг, жонингиз киради. — Бувининг стакани унинг чинни тишларига тегиб, ёқимли жингирлаб кетди.
— Бу ерда анчадан бери турибсизми, буви? — сўради Люстиг.
— Ўлганимиздан бери, — киноя билан жавоб берди аёл.
— Қачондан... бери? — Капитан Блэк стаканини столга қўйди.
— Ҳа-да, — бош ирғади Люстиг. — Уларнинг ўлганига ўттиз йил бўлди, ахир.
— Сизлар эса, ҳеч нарса бўлмагандек, беғам ўтирибсизлар! — деди капитан.
— Бўлди, тақсир! — кампир муғамбирона кўз қисиб қўйди. — Бунақа ишларнинг мағзини чақишга сиз ким бўлибсиз? Бизлар эса шу ернинг одамимиз. Бу аҳволда дунёга келдинг нима-ю, келмадинг нима? Мана бу “Нима учун” ва “Нега?” деган саволлар кимга керак? Биз яна тирикмиз, тамом. Биз фақат шуни биламиз, ортиқча савол кимга керак? Мен сизга айтсам, — бу иккинчи уриниш. — Кампир судрала-судрала капитаннинг олдига борди-да, ўзининг ингичка қоқшол қўлини чўзди. — Ушлаб кўринг.

Капитан аста туртиб кўрди.
— Хўш, ҳақиқий қўлмикан?

Капитан бош ирғади.
— Сизга тағин нима керак? — тантанавор сўради кампир. — Ортиқча саволга не ҳожат?
— Биласизми, — жавоб берди капитан, — биз Марсда шунақа нарсага дуч келиб қоламиз деб ўйламаган эдик.
— Демак, дуч келибсиз. Мен сизга айтсам, ҳар бир сайёрада тангрининг тазарру йўллари нечоғли кўп эканлиги хаёлингизга ҳам келмайди.
— Ие, унда бу Ер арши аъломи? — сўради Хинкстон.
— Бўлмағур гап, бу ерда ҳам ўша дунё, фақат бизга иккинчи уриниш насиб этган. Нима учун? Бу ҳақда бизга бир оғиз гап айтмаган. Ахир Ерда ҳам бу ерда нима учун пайдо бўлиб қолишимизни ҳеч ким тушунтириб бермаганди-ку! Ҳўв, ўша Ерда. Биз учиб келган Ерда. Унгача яна битта Ер борлигини биз туш кўриб ўтирибмизми?
— Яхши савол, — деди капитан.

Люстигнинг чеҳрасида ҳамон шодиёна табассум жилва қилиб турарди.
— Жин урсин, сизларни кўриб шунчалик суюниб кетаяпманки, асти қўяверинг!

Капитан стулдан турди-да, беихтиёр сонига шапатилади.
— Хўш, энди борайлик. Меҳмондорчилик учун раҳмат.
— Сизлар яна келасизлар-ку? — тараддудланишди қариялар. — Биз сизларни кечки овқатга кутаяпмиз.
— Катта раҳмат, келишга ҳаракат қиламиз. Ишимиз жуда ҳам кўп. Одамларим мени ракетада кутиб туришибди... — ва у очиқ эшикка саросимали қараганча жим бўлиб қолди.

Узоқ-узоқлардан қуёш нурлари борлиқни тўлдириб турган кенгликдан турли овозлар, қичқириқлар, дўстона хитоблар қулоққа чалинарди.
— Бу нима? — сўради Хинкстон.
— Ҳозир биламиз-да. — Шундай дея капитан Жон Блэк эшик ортига шамолдай учиб ўтди-да, ям-яшил майсазордан Марс шаҳарчаси кўчаси томонга югуриб кетди.

У ракетага қараганча таққа тўхтаб қолди. Барча люклар очиқ ва қўлларини қувноқ силкитганча шоша-пиша экипаж ерга тушмоқда эди. Атрофда туманот одам йиғилган, фазогирлар улар орасига қўшилиб, суҳбатлашган, кулган, қўл қисишганча улар орасини ёриб борар эдилар. Оломон севинчдан рақсга тушар, Ерликлар атрофида тобора зичлашиб борар эдилар. Ракета ҳамманинг эсидан чиққанча бир четда мунғайиб турар эди.

Чароғон қуёш нурлари остида оркестр янгради, ҳавони чолғуларнинг юракни ларзага солувчи тантанавор садоси тутди. Ноғоралар гумбурлар, найлар юракни тешгудек чийиллар эди. Заркокил қизалоқлар севинчдан сакрар эдилар. Болакайлар “Ура-а!” деб қичқирар эдилар. Қориндор кишилар таниш ва нотаниш меҳмонларни ўн центлик сигара билан сийлар эдилар. Шаҳар мэри нутқ сўзлади. Сўнгра экипажнинг барча аъзоларини бирин-кетин қўлтиқларидан тутишди-да, бир томондан — онаси, бошқа томондан — отаси ёки синглиси — кўчадан мўъжазгина коттежларга ва данғиллама уйларга етаклаб кетишди.
— Тўхта! — қичқирди капитан Блэк.

Бирин-кетин эшиклар гуп-гуп этиб ёпилди.

Қуёшнинг жазирама ҳарорати баҳор осмони бўйлаб юқорига ўрлар эди, шаҳарча узра сукунат чўкди. Карнай ва ноғоралар бурчак ортида ғойиб бўлди. Ташландиқ ракета битта ўзи чарақлаб турар, қуёш нурлари билан ўйнашмачоқ ўйнаётгандек эди.
— Қочоқлар! — бақирди командир. — Улар кемани шундоқ қолдириб кетишибди! Ҳали мендан кўради улар! Уларга буйруқ берилган эди!..
— Капитан, — деди Люстиг, — бунчалик қаттиқ кетманг. Қариндош-уруғларингиз билан кўришганча...
— Бу баҳона бўлолмайди!
— Ахир кема олдида таниш чеҳраларни кўрганларида улар ўзларини қандай ҳис қилишларини кўз олдингизга келтирсангиз-чи!
— Уларга буйруқ берилган эди, жин урсин!
— Сиз нима қилган бўлардингиз, капитан?
— Мен буйруқни бажарган бўлардим... — Шундай дея у оғзини очганча қотиб қолди.

Тротуардан Марс қуёши нурлари остида 26 ёшлардаги, кўзлари ҳаддан ташқари мовий, новча бир йигит жилмайганча улар томон яқинлашиб келарди.
— Жон! — қичқирди у ва улар томон отилди.
— Нима? — деди капитан Блэк шошиб.
— Жон, кекса каззоб!

Югуриб келиб, ҳалиги эркак капитаннинг қўлини қисди-да, елкасидан қоқиб қўйди.
— Сенмисан?.. — довдираб қолди Блэк.
— Бўлмасам-чи, мендан бошқа ким бўларди!
— Эдвард! — капитан Люстиг ва Хинкстон томонга ўгирилди, — нотаниш кишининг қўлини ҳамон қўйиб юбормаётган эди. — Бу менинг акам Эдвард. Эд, менинг дўстларим билан таниш: Люстиг, Хинкстон! Менинг акам!

Улар бир-бирларининг қўлларини сиқишди-да, сўнг қучоқлашишди.
— Эд!
— Жон, дангаса!
— Кўринишинг чакки эмас, Эд! Шошма-шошма, бу қанақаси? Шунча йиллар ўтиб сира ўзгармабсан-ку? Ахир ўлганингда... ўлганингда сен ҳам 26 ёшда, мен эса 19 да эдим. Эй, худойим-эй, шунча йиллар ўтиб, шунча сувлар оқибдики, тўсатдан бу ерда кўришиб қолганимизни-ей! Буни қандай тушунса бўлади?
— Ойим кутиб турибдилар, — деди Эдвард Блэк жилмайганча.
— Ойим?!
— Отам ҳам.
— Отам?!

Капитан қаттиқ зарба егандек бир чайқалиб тушди ва итоатсиз оёқлари билан бир-икки қадам олға ташлади. — Отанг ва онанг тирикларми? Қаерда улар?
— Эски уйимизда, Дуб кўчасида.
— Эски уйимизда... — Капитаннинг кўзлари ҳаяжон ва ҳайратдан чақнаб кетди. — Эшитдингизми, Люстиг, Хинкстон?

Бироқ Хинкстон уларнинг ёнида йўқ эди. Кўчанинг нариги учида ўзининг уйига кўзи тушиб, ўша томонга кетиб қолган эди. Люстиг кулиб юборди.
— Одамларимизга нима бўлганини энди тушунгандирсиз, капитан? Уларни ҳеч нарсада айблаб бўлмайди.
— Ҳа, ҳа... — капитан кўзларини қисди. — Ҳозир кўзларимни очаман-да, сен ҳам йўқ бўласан. — У киприк қоқди. — Сен шу ердасан! Ёпирай, Эд, кўринишинг шунақанги зўрки!
— Кетдик, тушлик қиламиз. Мен ойимга айтиб қўйган эдим.
— Капитан, — деди Люстиг, — агар керак бўлиб қолсам мен қарияларимнинг ҳузурида бўламан.
— Нима? Ҳа, бўлмасам-чи, Люстиг. Бора қол.

Эдвард акасининг қўлидан тутди-да, етаклаб кетди.
— Мена, бизнинг уйимиз. Эсингдами?
— Бўлмасам-чи! Ишонмасанг, мен эшиккача биринчи бўлиб етиб бораман!

Улар шу заҳоти югуриб кетишди. Капитан Блэкнинг боши узра дарахтлар шовуллар, оёқлари остидаги ер гувуллар эди. Бу ғаройиб тушида у Эдвард Блэкнинг уни қувиб ўтаётганини, қадрдон уйи шиддат билан унга яқинлашаётганини ва эшикни ланг очаётганини кўриб турарди.
— Мен биринчи бўлиб келдим! — қичқирди Эдвард.
— Бўлмасам-чи, — ҳансираб деди капитан, — мен чолман, сен бўлсанг навқирон йигитсан. Сен ўзи ҳар доим тутқич бермас эдинг! Ё мени эсидан чиқарган деб ўйлаяпсанми?

Остонада тўладан келган, юзлари қип-қизил, кўзлари чақнаган онаси турарди. Унинг ортида сочларига оқ оралаган, қўлида трубкасини тутганча отаси турарди.
— Ойи, дада!

У бола сингари зиналардан юқорига отилди.

Ажойиб ва узун ёз куни. Тушликдан кейин улар меҳмонхона бўлмасига ўтишди. У қарияларга ўзининг ракетаси ҳақида сўзлаб берди, улар эса бош ирғар ва жилмаяр эдилар, онаси худди аввал қандай бўлса, шундай кўринарди, отаси сигара учини тишлаганча ўйчан ичига тортар эди — худди ўша вақтлардагидек. Кечликка қулинг ўргилсин курка гўшти пиширилган эди, вақт ҳам сезилмай ўтиб борарди. Ликопчалар обдон тозаланган курка суяклари уюмига тўлгач, капитан ўзини стул суянчиғига ташлади ва чуқур қаноат ҳосил қилганини билдириб, пишиллаб нафасини чиқарди. Кеч тушиб, дарахт япроқлари қилт этмай қолди. Осмонни шафақ ёғдуси чулғади, шинам кўҳна уйдаги чироқлар қизғиш нур таратиб турарди. Кўчадаги бошқа барча уйлардан мусиқа, пианино овозларининг гуриллаб очилиб-ёпилишлари эшитилиб турарди.

Онаси пластинкани қўйди-да, капитан Жон Блэк билан гир айланиб рақс туша кетди. Ундан ўша атирлар анқир эди, отаси ва онаси поезд ҳалокатида ўлганларида ҳам улардан худди шундай атир анқиб турарди. Ҳозир бўлса улар бир текис рақс тушар, унинг қўллари ҳақиқий, жонли онасини қучиб турарди...
— Одамга иккинчи уриниш ҳар доим ҳам насиб этавермайди, — деди онаси.
— Эртага эрталаб уйғонаман, — деди капитан, — ва менинг ўз ракетамда, коинотда эканлигимдан ном-нишон ҳам қолмайди.
— Бунақа гаплар кимга керак! — деди онаси мулойимлик билан. — Ўзингни уринтирма. Худо ўзи меҳрибон. Худо ўзи ярлақайди.
— Узр, ойижон.

Қўшиқ тугаб, пластинка вишиллаганча бир чизиқда айланар эди.
— Чарчадинг, болам. — Отаси трубка учи билан ишора қилди. — Кириб ётишинг мумкин. Одатдагидек, эски жез зўлдирли каравотинг сенга мунтазир.
— Лекин мен одамларимни тўплашим керак.
— Нега?

—Нега? Ҳм... билмадим, дарвоқе, нега тўплар эканман-а? Ҳеч нарсага, албатта. Улар овқатланаётган ёки ухлаётган бўлсалар керак. Майли, уйқуга тўйиб олсинлар, дам олиш уларга зарар қилмайди.
— Яхши ётиб тур, ўғлим. — Онаси унинг юзидан ўпиб қўйди. — Қандай яхши. Сен яна уйдасан.
— Ҳа, уйда бўлганингга нима етсин.

Сигара тутунига тўлган уйни, руҳларни, китобларни, майин нурни тарк этиб, у зинапоядан юқори кўтарилди ва Эдвард билан тўхтовсиз гаплашар эди. Эдвард эшикни итарди ва Жон Блэк ўзининг сариқ жез каравотини, коллежнинг таниш байроқчаларини ва роса унниққан олакузан пўстинсини кўрди, пўстинни у алоҳида меҳр билан силаб қўйди.
— Ҳаммасини бирданига кўтара олармикинман? — деди капитан. — Чарчоқдан жоним чиққудек бўлиб турибди. Бир кунда шунча воқеа! Худди жала остида соябонсиз ва ёмғирпўшсиз икки кеча-кундуз тургандек силлам қуриган. Таассуротларим суяк-суягимгача сингиб кетган...

Эдвард қўлларини ҳар томонга кенг ёйганча катта ва оппоқ чойшабни тўшади ва уриб шиширди. Сўнг деразани очди. Хонага ёсуманнинг тунги хушбўй ҳиди оқиб кирди. Ой пирпираб турарди, узоқ-узоқлардан рақс мусиқалари ва босиқ овозлар қулоққа чалинарди.
— Мана, кўрдингми, Марс қанақа! — деди капитан ечинар экан.
— Ҳа, шунақа. — Эдвард секин ечинди, қўйлагини бошидан шошмайгина тортиб олди, офтобда қизарган кенг елкалари, мушакдор бўйни кўринди. Чироқ ўчирилди. Ана, улар 30 йилми, 40 йилми олдингидек яна каравотда ёнма-ён ётишибди. Капитан ёсуман ҳиди тутган ҳавони ҳузур қилиб ичига тортганча, тирсагига суяниб туриб ўтирди. Дарахтлар орасидаги майсазорда кимдир патефон қўйди. Ундан “Ҳар доим” деган куй янграй бошлади.

Блэк Мэрлинни эслади.
— Мэрлин ҳам шу ердами?

Акаси деразадан тушиб турган тўртбурчак ой нурида чалқанча тушиб ётар эди. У ҳадеганда жавоб бермади.
— Ҳа, — бир оз тараддудланиб қўшиб қўйди. — Ҳозир шаҳарда эмас, у эртага эрталаб бўлади.

Капитан кўзларини юмди.
— Мен Мэрлинни жуда ҳам кўргим келаяпти.

Жимжит хонада уларнинг нафасларигина эшитилиб турарди.
— Яхши ётиб тур, Эд.

Жимлик.
— Яхши ётиб тур, Жон.

Капитан фикрларига эрк бериб ҳузур қилиб ястанди. Шундагина бугунги зўриқиш унинг вужудидан ситилиб чиқиб кетди ва у ниҳоят одамлардек мушоҳада қилиш имконига эга бўлди. Қаёққа қарамасин, асабийлашган одамлар. Қулоқни қоматга келтирган оркестр овози. Қариндош-уруғларнинг таниш башаралари... Аммо энди...

“Қандай қилиб? — ажабланарди у. — Буларнинг бари қандай қилиб бўлди экан? Нима учун? Ким учун? Бу нима? — илоҳий рўёнинг сўз билан ифодалаб бўлмас фароғатими? Наҳотки худо ростдан ҳам ўз бандалари деб шунчалар куйиб-пишса? Қандай қилиб, нима учун, ким учун?”

Хинкстон ва Люстиг кундузи, дастлабки таассуротлар таъсири остида унга таклиф қилган назарияларни тарозуга солиб кўрди. Сўнг эринчоқлик билан турли янги тахминларни ўзининг теран фаросати қаърига тошчалар каби бир-бир ташлаганча, обдон фикр элагидан ўтказди, шунда унинг шуурида аллақандай ёрқин тушунчалар милтиллаб кўзга чалина бошлади. Ойиси. Отаси. Эдвард. Марс. Ер. Марс. Марсликлар.

Қизиқ, минг йил олдин Марсда ким яшаган экан? Марсликларми ёки ҳар доим бугунгидек бўлганми?

Марсликлар. У паст овозда ўзича шу сўзни бир неча бор такрорлади.

Тўсатдан у қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбораёзди. Кутилмаганда миясига ўтакетган бемаъни фикр келиб қолди. Баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Ҳе-йўқ, бу бўлмағур нарса, албатта. Ҳеч ҳам бўлиши мумкин эмас. Пуч гап. Миянгдан чиқариб ташла бу гапларни, ғирт кулгили.

Барибир ҳам... Агар тахмин қилсанг! Ҳа, Марсда фақат марсликлар яшашини тахмин қилсагина. Уларнинг кемамиз яқинлашиб келаётганини, унинг ичида бизнинг ўтирганимизни кўришганини тасаввур қилса... Яна дейлик — шунчаки қизиқ учун — чақирилган меҳмонларни босқинчилар сифатида йўқ қилиб юборишга аҳд қилишганини, буни ҳам жуда устамонлик билан, чаққонлик билан, бизнинг хушёрлигимизни бир пулга чиқариб, уддалашларини тасаввур қилса. Кўрдингизми, атом қуроли билан қуролланган ерликларга қарши марсликлар қанақа воситаларни ишга солишмайди.

Бунинг жавоби саволидан ҳам қизиқ эди. Телепатия, гипноз, эсдаликлар, тасаввурлар.

Фараз қилайлик, бу уйлар ҳеч ҳам ҳақиқий эмас, каравот ҳам ҳақиқий эмас, булар барчаси менинг ўз тасаввурларим маҳсуллари, Марс телепатияси ва гипнози ёрдамида моддийлаштирилган тасаввурлар, — хаёл суришда давом этди капитан Жон Блэк, — аслида уйда ҳамма нарса бошқача, марсликлар дидига қараб тузилган, бироқ менинг орзуларим ва хоҳишларимга қараб иш тутган марсликлар шундай найранг ишлатишганки, гўё мен ўз жонажон шаҳримни, ўз уйимни кўриб тургандекман. Агар одамнинг кўнглига шубҳа уруғини сепиб, уни тузоққа илинтирмоқчи бўлсанг, унинг ўз отаси ва онасидан ҳам яхшироқ илмоқни топиб бўлар эканми?

Ҳали менинг экипажимдан биронтаси ҳам дунёга келмаган 1926 йилдаги эски кўҳна бир шаҳарча! Мен 6 ёшда эканлигимда, дарҳақиқат Гарри Лодер қўшиқлари ёзилган пластинкалар урф бўлган эди, уйларда Максфил Парриш суратлари осилиб турарди, мунчоқли пардалар бўларди, “Ажойиб Огайо” қўшиғи айтиларди ва ХХ аср бошлари меъморчилик бинолари қад кўтариб турарди. Борди-ю, марсликлар шаҳар ҳақидаги барча тасаввурларни менинг шууримдан суғуриб олган бўлсалар-чи? Ахир айтадилар-ку, болалик тасаввурлар ҳеч қачон эскирмайди, деб. Менинг тасаввурларим билан шаҳар қуриб, улар бу шаҳарни ракета экипажининг барча аъзолари хотирасида яшовчи қариндош-уруғлари ва яқинлари билан тўлдириб қўйишган!

Фараз қилайлик, қўшни хонада ухлаб ётган икки одам ҳеч ҳам менинг отам ва онам эмаслар, марсликлар эса шунчалик зеҳндор бўлишадики, мени гипноз ортида ҳар доим тутиб туришга уларнинг тоб-тоқатлари чидамайди, ахир...

Мана бу духовой оркестр-чи! Қандай ғаройиб, ҳайратомуз режа! Аввал Люстигнинг, орқасидан Хинкстоннинг бошини қотириб, кейин халойиқни ҳайдаб келиш; фазогирлар ўн, йигирма йил аввал ўлган оталарини, оналарини, холаларини, қайлиқларини кўрганларида уларнинг дунёдаги ҳамма нарсани унутиб юборишлари, буйруқни унутиб юборишлари, кемадан отилиб чиқиб, уни ташлаб кетишлари ажабланарли эмасми? Бу ерда нима табиийроқ бўлиши мумкин? Бу ерда қандай шубҳалар бўлиши мумкин? Барчаси жуда оддий: кимки кавлаштира бошласа, қаршисида тирилган онасини кўриб, саволлар бера бошласа, — ахир бахтдан лол, карахт бўлиб қолиши ҳеч гап эмас-да. Мана сизга натижаси: ҳаммамиз турли уйларга тарқаб кетдик, каравотларда ётибмиз, қуролларимиз йўқ, ҳеч нарса билан ўзимизни ҳимоя қилолмаймиз, ракета ҳам ойдинда ташландиқ ҳолда турибди. Агар бизларни бир-биримиздан ажратиб битта қўймай қириб ташлашни ўйлаган бўлсалар, марсликларнинг бу риёкорона режаларини тасаввурга келтиришнинг ўзиёқ одамни ҳар нарса қилиб қўймасмикан? Балки қоқ ярим тунда мен билан ёнма-ён ётган мана бу акам бирдан ўзгариб қолса, қиёфаси бутун борлиғи бошқача шаклга кирса ва адоватли, қўрқинчли ёввойи бир махлуққа айланиб қолса, бу унинг марслик бўлиб қолганини билдирадими, ахир бундан баттарроқ нарса бўлиши мумкинми? Ётган жойида мен томон бурилиб, қоқ юрагимга пичоқ санчиш унинг учун гап бўлибдими? Қолган бошқа барча уйлардаги ўн-ўн бешта ака-ука ва оталар ҳам ана шундай ўзгариб, қўлларига пичоқ олиб ҳеч нарсадан тап тортмай ухлаб ётган ерликларни ана шундай сўйиб ташлашса...

Жон Блэкнинг қўллари адёл остида титраб кетди. Унинг эти жунжикди. Тўсатдан бу ҳақиқатга айланди-ю, унинг вужудини даҳшатли қўрқув қамради.

У туриб ўтирди-да, қулоқ сола бошлади. Атрофда тиқ этган товуш йўқ. мусиқа тинган. Шамол тинди. Ёнида акаси донг қотиб ухлаб ётибди.

У оҳиста адёлни устидан олди. Сирғалиб пастга тушди ва товуш чиқармайгина эшик томон юрди. Шу пайт акасининг овози қулоғига чалинди:
— Қаёққа?
— Нима?

Акасининг овози баданни тешиб ўтгудек бўлди.
— Бирон узоқроқ ёққа бормоқчимисан?
— Сувга.
— Сувсаганинг йўқ.
— Сувсадим, нега сувсамас эканман.
— Йўқ, сувсаганинг йўқ.

Катта Жон Блэк шиддат билан югуриб кетди. У қичқирди. У икки марта қичқирди.

У эшиккача етолмади.

Каллаи саҳарда оркестр мунгли мотам куйини чалар эди. Кўчадаги ҳар бир уйдан мўъжазгина тобутчаларни кўтариб, одамлар чиқар эдилар; чиқиб тош йўл устида ўтирардилар-да, кўз ёшларини артар эдилар. Хотинлар, оналар, опа-сингиллар, ака-укалар, амаки-тоғалар, оталар. Улар янги қабр кавлаб қўйилган ва янгигина қабр тошлари кутиб турган қабристонга йўл оладилар. Ўн олтита қабр, ўн олтита қабр тош.

Мэр қисқагина мотам нутқи сўзлади. Унинг юзи ўзгариб кетганидан бу мэрми ё бошқа бир одамми, билиб бўлмас эди.

Жон Блэкнинг отаси ва онаси қабристонга келди, акаси Эдвард ҳам келди. Улар йиғлар, оҳ-воҳ қилар эдилар, чеҳралари эса аввалги таниш аломатларини йўқотиб, аста-секин ўзгариб борар эди.

Люстигнинг бобоси ва бувиси ҳам ўша ерда эди ва ҳўнграб йиғлашар эди, уларнинг ҳам юзлари мумдай эриб, чўзилиб борар, худди жазирама кунга бардош бермаётгандек туюлмоқда эди.

Тобутларни қабрга туширишди. Кимдир “Бир туннинг ўзида ўн олтита одамни ажал тўсатдан ва бевақт олиб кетгани” хусусида ўзича ғудранарди.

Кесаклар қабр қопқоғи устига дўпирлаб туша бошлади.

Оркестр “Океан дурдонаси Колумбия” куйини чалганча гулдураган мис карнайлар оҳангига монанд равишда шаҳар томон йўл олди. Шу куни ҳамма дам олди.

Июн 2001 - Ой Аввалгидек Кумуш Нурларини Сочади

Улар ракетада тун қўйнида чиқиб келишганида ҳаво шунчалар совуқ эдики, Спендер дарҳол гулхан учун Марс шох-шаббаларини теришга тутинди. Марсга учиб келганларини нишонлаш борасида у чурқ этиб оғиз очмади, шох-шаббаларни териб келди-да, олов ёқиб юборди ва унинг қандай ёнишини томоша қилди.

Кейин қуриб қолган Марс денгизи узра қонталаш тонг ҳавосига елкаси оша уларни — капитан Уайлдер, Черок, Хетэуэй, Сэм Паркхилл ва унинг ўзини унсиз қоп-қоронғи юлдузли кенгликлар орқали олиб ўтган ва ҳаётсиз беғам оламга олиб келиб қўйган ракетага қараб қўйди.

Жефф Спендер қий-чув бошланишини кутиб турарди. У дўстларига қарар экан, ҳозир уларнинг сакрашларини, қичқиришларини кутарди... Фақат Марсда улар “биринчи” одамлар экани ҳақидаги ҳаяжонли фикрдан ўзларига келиб олишини кутиш керак. Ҳеч ким бу ҳақда овоз чиқариб бир нарса демасди, лекин юракларида кўплаб, афтидан, уларнинг ўтмишдошлари маррагача етиб кела олмаганига ва биринчилик байроғи буларга, “Тўртинчи” экспедицияга насиб этишига умид қилар эдилар. Йўқ, улар ҳеч кимга ёмонлик тиламасдилар, шунчаки улар биринчи бўлишни хоҳлар эдилар ва ўпкалари оғир ҳавога кўниккунча шон-шуҳрат ҳақида орзу қилар эдилар. Дарҳақиқат, озгина кескинроқ ҳаракат қилинса, худди Марс одамидек бошлари айланиб кетар эди.

Гиббс гуриллаб ёнаётган гулхан олдига келди-да, сўради:
— Шох-шабба нега керак, ахир ракетада кимёвий ёнилғи бор-ку?
— Ҳечқиси йўқ, — жавоб берди Спендер бошини кўтармай.

Биринчи тундаёқ Марсда шовқин-сурон кўтариш ва ракета ичида бу ерга тўғри келмайдиган қўпол буюмни — кўз олгудек чарақловчи печкани кўтариб тушиш ақлга тўғри келмайдиган, тўғриси, номаъқул гап эди. Бу маҳаллий шароитга ҳақорат ҳам бўлади-ку. Ҳали қуюлтирилган сутли банкаларни мағрур Марс каналларига улоқтиришга улгуришади, ўшандай вақт албатта келади, Марс денгизларининг оппоқ яйдоқ тубида “Нью-Йорк Таймс”нинг шалдираган саҳифалари эринибгина сирғаладиган, думалайдиган пайтлар, албатта, келади, қадимги Марс шаҳарларининг нафис шаклли харобалари орасида банан пўстлоқлари ва ёғ юқи қоғозлар тўлиб-тошган пайт ҳам узоқ эмас. Ҳаммаси олдинда кутиб турибди, ҳаммаси бўлади. Бу фикрдан у ҳатто сесканиб кетди.

Спендер гўё ўлик паҳлавонга қурбонлиқ келтираётгандек олов оғзига пайдар-пай шохлар ташлар эди. Улар келиб қўнган сайёра улкан қабристон экан. Бу ерда бутун бир тамаддун ҳалокатга учраган. Оддийгина иззат-икром у ерда лоақал биринчи кунда ўзини одобли тутишни талаб этар эди.
— Йўқ, бунақаси кетмайди! Келиб қўнганимизни нишонламасак бўлмайди! — Гиббс капитан Уайлдерга юзланди. — Хўжайин, бир нечта жин банкаси ва гўшт консервасини очиб, озгина тамадди қилиб олсак ёмон бўлмасди.

Капитан Уайлдер улардан бир милча нарида ястаниб ётган ўлик шаҳарга қаради.
— Ҳаммамиз чарчаганмиз, — деди у паришонхотир, гўё шаҳарнинг ўтмиши қаърига чўмиб, ўз одамлари ҳақида бутунлай унутиб юборгандек. — Яхшиси, эртага кечқурун нишонлаймиз. Бугунча мана бу лаънати кенгликдан бу ергача етиб келганимиз ва ҳаммамизнинг тўрт мучалимиз соғлиги, ракета баданида эса метеоритдан битта ҳам тешик тушмаганлиги ўзи етарли.

Фазогирлар гулхан атрофида депсинар эдилар. Улар ўн иккита эдилар, ким ўртоғининг елкасига қўлини қўйиб турар, ким камарини тўғрилар эди. Спендер уларни жим кузатиб турарди. Улар норози эдилар, улар буюк ишга ҳаётларини гаров қўйган эдилар. Энди улар бўкиб ичишни, вадаванг қўшиқ айтишни, ўзларининг қанчалик абжир йигитлар эканини — космосни тешиб ўтиб, ракетани Марсга ҳайдаб келганларини билдириб қўйиш учун дунёни бошларига кўтариб шовқин солишни истар эдилар. Марсга-я!

Лекин ҳозирча ҳамма сукут сақларди.

Капитан паст овозда буйруқ берди. Фазогирлардан бири югуриб бориб, ракетадан консервалар олиб келди ва уларни очиб, ортиқча шовқин-суронсиз тарқатишди. Аста-секин одамлар гапга кириша бошлади. Капитан ўтирди ва парвоз ҳақида қисқача тушунтириш берди. Улар ҳамма нарсани билар эдилар, аммо ҳаммаси орқада қолганини, иш муваффақиятли ниҳоясига етганини эшитиш ва идрок этиш ёқимли эди. Қайтиб кетиш йўли ҳақида ҳеч ким гапиришни истамасди. Кимдир бу ҳақда оғиз очмоқчи ҳам бўлди, аммо ўша заҳоти унинг унини ўчиришди. Ойдинда қошиқлар ялт-юлт қиларди; таом ғоят мазали туюларди, мусаллас эса ундан ҳам мазалироқ эди. Осмонда аланга йилт этди ва зум ўтмай уларнинг қўналғасидан сал нарига ёрдамчи ракета келиб қўнди. Спендер кичиккина люк очилганини ва ундан Хетэуэй, врач ва геолог тушганини кўрди; — ракетадаги жойни тежаш мақсадида экспедициянинг ҳар бир иштирокчиси иккитадан мутахассисликка эга эди. Хетэуэй шошмасдангина капитаннинг олдига келди.
— Хўш, у ерда нима гаплар? — сўради капитан Уайлдер.

Хетэуэй юлдузлар ёғдусида милтиллаётган узоқдаги шаҳарларга қаради. Сўнг томоғига келиб тиқилган нарсани ютди-да, Уайлдерга нигоҳини олди:
— Ҳов анови шаҳар ўлик, капитан, неча минг йиллардан бери ўлик. Тоғлардаги учта шаҳар каби. Лекин бу ердан икки юз мил наридаги бешинчи шаҳар...
— Хўш?
— Ўтган ҳафтада у ерда одамлар яшар эдилар.

Спендер ўрнидан турди.
— Марсликлар, — қўшиб қўйди Хетэуэй.
— Ҳозир улар қаерда?
— Ўлган, — деди Хетэуэй. — Мен бир уйга кирган эдим. Бу ҳам шаҳардаги бошқа уйлар каби кўп асрлар муқаддам ташлаб қўйилган деб ўйладим. Осмоний кучлар, у ердаги мурдаларнинг кўплиги! Худди кузги япроқлардек тахланиб ётибди! Худди қуруқ поялардек ва ёнган қоғоз бўлакларидек. Улардан фақат шуларгина қолган, холос. Улар яқин-яқиндагина, узоғи билан ўн кун аввал ўлганлар.
— Бошқа шаҳарларда-чи? Битта-яримта тирик жонни кўргандирсиз, ахир?
— Битта ҳам кўрганим йўқ. Шундан кейин мен яна бир нечтасини текшириб кўрдим. Бештадан тўртта шаҳар кўп минг йиллар аввал ташлаб қўйилган. Уларнинг аҳолиси қаерга кетганини ҳеч тасаввур қилолмайман. Ҳар беш шаҳардан биттасида аҳвол шу. Жасадлар. Минглаб жасадлар.
— Нимадан ўлганлар булар? — Спендер яқинроқ келди.
— Айтсам, ишонмайсиз.
— Айтинг-чи, нима экан?
— Сувчечак, — қисқагина жавоб берди Хетэуэй.
— Бўлиши мумкин эмас!
— Худди шундай. Мен текширдим. Сувчечак экан. Унинг таъсири марсликларга ерликлардан бутунлай бошқача экан. Ҳамма гап моддалар алмашинувида экан. Улар куйган ғўладек қорайиб қуриб кетган, мўрт лахтакларга айланган. Аммо бу сувчечак, бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Бундан шу нарса келиб чиққадики, Йорк ҳам, капитан Уильямс ва капитан Блэк ҳам — ҳар учала сайёҳ Марсгача етиб боришган. Кейин уларга нима бўлгани ёлғиз худога маълум. Лекин биз шу нарсани аниқ биламизки, улар марсликларни шу кўйга солишган.
— Ҳеч жойда ҳаёт аломати йўқми?
— Эҳтимол, бир қанча марсликлар вақтида бир нарсани англаб олганлар ва тоққа чиқиб кетганлар. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам қасам ичиб айтаманки, марсликлардан қўрқмаса ҳам бўлади, улар ҳаддан ташқари оз. Марсликларнинг қўшиғи айтиб бўлинган.

Спендер қайрилди-да, яна гулхан олдига ўтириб, оловга тикилди. Сувчечак эмиш, ё тавба, сувчечакка бало борми! Сайёра аҳолиси миллион йиллар давомида ривожланади, ўз маданиятини такомиллаштиради, мана бунақа шаҳарлар қуради, гўзаллик ҳақида орзу ва тасаввурларини ҳар қандай йўллар билан маъқуллатишга уринади ва — охирида ҳалок бўлади. Бир қисми эрамизгача ўлиб — уларнинг муддати тугаган ва улар жимгина жон беришган, ўлимни шараф билан кутиб олишган. Аммо бошқалар-чи! Эҳтимол, қолган марсликлар даҳшатли бирон-бир касалликдан қирилиб кетишгандир! Ҳечам бунақа эмас. Уларнинг бошига сувчечак етган, болалар касаллиги. Бу касаллик Ерда ҳатто болаларни ҳам ўлдиролмайди! Бу тўғри эмас, адолатдан эмас. Бу қадимги юнонларнинг буқоқдан ўлиб кетган, мағрур римликларнинг эса ажойиб тепаликларда сўгал қирғин келтирган деган чўпчакларга ишониш билан баравардир!

Биз асли марсликларга дафн маросимларини тайёрлаб олишларига, керакли қиёфага кириб олишларига ва ўлим учун бирон-бир сабаб ўйлаб топишларига вақт ва имкон берсак бўлар экан. Бундай эмас-да, — аллақаердаги шарти кетиб, парти қолган, аҳмоқона сувчечак эмиш! Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Бу улар меъморчилигининг улуғворлигига, уларнинг бутун оламига асло мос келмайдиган гап!
— Бўпти, Хетэуэй, энди тамадди қилиб олинг.
— Раҳмат, капитан.

Бўлди! Ҳаммаси эсдан чиқди. Энди бутунлай бошқа нарса ҳақида гаплашишяпти.

Хаёл суришда давом этганча Спендер ҳамроҳларини кузатарди. Тиззасидаги ликопчада турган овқатга қўл ҳам урмади. Ҳаво янада совуқроқ бўлган эди. Юлдузлар яқинроқ келиб, ёрқинроқ чарақлай бошлаган эди. Агар кимдир овозини ҳаддан ташқари баланд кўтариб гапира бошласа, капитан босиққина жавоб берарди, улар ҳам беихтиёр капитанга тақлидан овозларини пасайтирар эдилар.

Бу ерда ҳаво шу қадар тозаки! Спендер узоқ ўтирди, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Вужудига турфа бўйлар оқиб кирди, у ҳатто булар қандай бўй эканлигини ҳам англаёлмай қолди: гулми, кимёвий моддами, чангми, шамолми...
— Ёки бўлмаса, анови Нью-Йоркдаги воқеани олайлик, мен малласоч қиз бор-ку, — ҳаҳ, оти нима эди-я, эсимдан чиқибди... Ҳа, Гинни! Ўшани илаштиргандим! — Бўкирди Биггс. — Қизмисан қиз эди-да ўзиям!

Спендер ғужанак бўлиб олди. Унинг қўллари титрарди. Ингичка юпқа қовоқлари тагидаги кўзлари бесаранжом ўйнарди.
— Ана шу Гинни менга айтадики... — давом этди Биггс.

Дўстона қаҳ-қаҳ кўтарилди.
— Ман ҳам уни бопладим! — қичқирди Биггс шишани қўлидан қўйиб юбормай.

Спендер ликопчасини бир четга олиб қўйди. Салқин шамол эпкинига қулоқ тутди. Оппоқ Марс уйларини завқланиб томоша қила бошлади. Суви қуриб қолган денгиздаги муз тоғларининг ўзгинаси...
— Зўр қизалоқ эди-да, қиёмат! — Биггс шишани кенг даҳанига тўнкарди. — Қанчасини кўрдим — биттаси ҳам унақа эмасди! Ҳавони Биггснинг баданидан таралаётган тернинг қўланса ҳиди тутди. Спендер гулхан ўчгунча бошқа шох-шабба ташламади.
— Ҳой Спендер, ухлаб қолдингми, нима бало, ўтиндан ташласанг-чи! — қичқирди Биггс ва яна шишани сўра бошлади. — Ана шунақа, бир куни тунда биз Гинни билан...
— Космонавтлардан Шенке исмли бири аккордеонини олиб келди-да, қорнини уриб қоққан эди, бир дунё чанг кўтарилди.
— Э-э, эҳ! — ўкирди у. — Ўйнаб-кулганинг қолади!
— Оҳ-ҳоҳ-ҳо! — бўшаган ликопчаларини итқитиб қолганлар унга жўр бўлди.

Учаласи бир қатор бўлиб олди-да, бурлеск қизларига ўхшаб, лапар айтиб қичқирганча оёқларини ўйната кетишди. Яна бирор нарса ўйнаб беришни талаб қилиб, бошқалар чапак чалишди. Чероки кўйлагини ечиб ташлади-да, тер қоплаган баданини ялтиратганча чир айлана бошлади. Ойдиннинг кумуш нурларидан унинг калта олинган сочи ялтирар, арчилган тухумдек силлиқ юзлари ялт-ялт қиларди.

Шамол қуриб қолган денгиз тубидаги енгил туманни ҳайдар эди, тоғлардан улкан қоялар кумушранг ракетага ва мўъжазгина гулханга кўз узмай қараб турарди.

Шовқин-сурон тобора авж олмоқда, раққослар сони кўпаймоқда эди, кимдир зўр бериб сибизға чалар, яна бири папирос қоғозига ўралган найга пуфлар эди. Яна йигирматача шиша очилиб, ичилиб кетди. Биггс атрофда чайқалиб айланар ва қўлларини силкитиб, ўйинга дирижерлик қилишга уринарди.
— Командир, даврага! — қичқирди Чероки капитанга ва қўшиқни ола кетди.

Капитаннинг рақс тушишидан бошқа иложи қолмади. У истамайгина рақс туша бошлади. Унинг сира чеҳраси ёришмаётганди. Спендер унга қараб ўйларди: “Шўрлик! Бу қандай тун бўлди? Нима қилишаётганини ҳам билишмайди-я. Парвоздан олдин уларга бир йўл-йўриқ бериб қўймаса, ўзининг лоақал дастлабки кунларида Марсда рисоладагидек тутишни тушунтириб қўймаса бўлмайди”.
— Бас, — капитан даврадан чиқди-да, чарчаганини баҳона қилиб ўтириб олди.

Спендер капитаннинг кўксига қаради. Чарчаган одамнинг кўкраги кўтарилиб тушмас эдими. Юзида ҳам тердан асар йўқ.

Аккордеон, гармон, мусаллас, қийқириқлар, рақс, ҳайқириқлар, ғала-ғовур, идишларнинг жангир-жунгири, қаҳ-қаҳ уриб кулишлар.

Биггс чайқала-чайқала Марс канали соҳилига борди. У ўзи билан олтита бўшаган шишани олиб олган эди ва биттама-битта уларни чуқур мовий сувга ирғита бошлади. Чўкиб кетаётиб, шишалар қулқ-қулқ қилган овоз чиқарар эди.
— Мен сени лаънатлайман, лаънатлайман, лаънатлайман... — Чулдираб деди Биггс. — Биггс, Биггс номи билан лаънатлайман, эй Биггс канали...

Кимдир қимирлашга улгуришдан аввал Спендер шартта оёққа турди-да, гулхан устидан сакраб ўтиб, Биггс томонга чопиб кетди. У аввал Биггснинг оғзига, кейин эса қулоғига зарба туширди. Биггс чайқалиб кетди-да, тўғри бориб сувга қулади. Сув шалоплаб кетди. Биггснинг тирмашиб қайтиб чиқишини кутганча Спендер жим қараб турди. Бироқ бу пайтда бошқалар ҳам етиб келиб, ­ Биггснинг қўлидан тортиб чиқара бошлашган эди.
— Ҳой Спендер, сенга нима бўлди ўзи? Нега ундай қиласан? — Гапнинг тагига етмоқчи бўлар эди улар.

Биггс қирғоққа чиқиб олди-да, оёққа турди, сув эгнидан шилдираб оқиб, тош плита устига туша бошлади. У Спендерни ушлаб турганларини дарҳол пайқади.
— Хўш, — деди у ва олдинга бир қадам ташлади.
— Бас қил! — ўшқирди капитан Уайлдер.

Спендерни қўйиб юборишди. Биггс капитанга қараганча қимир этмай турарди.
— Бўпти, Биггс. Кийимларингни алмаштириб ол. Сизлар эса, йигитлар, ўйин-кулгини давом эттиришларинг мумкин! Спендер, юр мен билан!

Хурсандчилик яна бошланиб кетди. Уайлдер бир четга ўтди-да, Спендерга бурилди.
— Гап нимадалигини балки сиз тушунтириб берарсиз? — деди у.

Спендер каналга қаради.
— Билмадим. Виждоним чидамади. Биггсни деб. Барчамизни деб, мана бу ғала-ғовурни деб. Эй худо, бу қандай бедодлик!
— Саёҳат чўзилиб кетди. Улар бир дилларини ёзиб олмаса бўлмасди.
— Лекин уларнинг ҳурмати қани, командир? Одоб туйғуси қани?
— Сиз чарчабсиз, Спендер, энди нарсаларга сал бошқача қарайдиган бўлиб қолибсиз. Эллик доллар жарима тўлаб қўйинг.
— Хўп бўлади, командир. Аммо биз аҳмоқларни қириб ташлаётганимизни Уларнинг кўриб турганини ўйласам, ўзимни тутолмай қоламан.
— Улар деганингиз кимлар?
— Марсликлар, ҳо тирик, ҳо ўлик бўлсин, барибир эмасми?
— Шубҳасиз, ўликлар, — жавоб берди капитан. — Бизнинг бу ердалигимизни Улар билишади деб ўйлайсизми?
— Янгининг пайдо бўлиши ҳақида эски ҳар доим ҳеч нарса билмайди дейсизми?
— Қайдам? Сиз руҳларга ишонасиз, чамаси?
— Мен меҳнат билан қилинган нарсаларга ишонаман. Чор атрофда эса бу ерда қанча нарса қилингани яққол кўриниб турибди. Бу ерда кўчалар бор, уйлар ҳам бор, китоблар ҳам бор, эҳтимол, кенг каналлар, соатли миноралар, гарчи отлар учун бўлмаса-да, сувлоқлар ҳам бордир, улар, қандайдир уй ҳайвонлари, дейлик, ўн икки оёқли бир жонзот бўладими, биз қаёқдан билиб ўтирибмиз, ўшалар учун. Қаёққа қараманг, ҳамма жойда фойдаланилган нарсалар ва иншоотлар. Уларга тегинишган, уларни кўп асрлар давомида истеъмол қилишган. Мендан сўранг-а, фойдаланган одамлар уларнинг ичига қўйган буюмлар қалбига мен ишонаманми ё йўқми? — мен “ҳа” деб жавоб берган бўлардим. Улар бўлса, атрофимизда — ҳар қайсисининг ўз вазифаси бўлган нарсалар. Ўз номлари бўлган тоғлар. Бу нарсалардан фойдаланиб биз ўзимизни, албатта, ноқулай сезамиз. Тоғларнинг номлари ҳам бизга қанақадир ғалати эшитилади — биз уларни ҳисобдан ўчириб ташлаймиз, қадимги номларга бўлса, жин ҳам урмаган, аллақаерда макон ва замонда мавжуд улар, ким учундир тоғлар, улар ҳақидаги тасаввурлар айнан ўша номлар билан боғлиқ бўлган. Каналларга, шаҳарларга, чўққиларга биз берган номлар улардан гоҳ силкингандаги сувдек тўзиб кетади. Биз Марс билан ҳар қанча дахлдорлик қилмайлик, барибир ҳақиқий муносабат ҳеч қачон қарор топиши мумкин эмас. Охир-оқибат, бу бизни жинни қилиб қўяди ва биласизми, биз Марсни нима қиламиз? Биз унинг ичак-чавоғини ағдар-тўнтар қиламиз, терисини шиламиз ва ўзимизнинг дидимизга қараб бошқатдан кийим бичамиз.
— Биз Марсни вайрон қилмаймиз, — деди капитан. — У ҳаддан ташқари буюк ва улуғвор.
— Иймонингиз комилми? Биз ерликларда буюк ва гўзал нарсаларни вайрон қилиш истеъдоди бор. Агар биз Мисрда Қарноқ эҳроми харобалари орасида тамаддихона очмаган бўлсак, бунинг сабаби шундаки, харобалар қияликда жойлашган ва у ерда тижорат ишлари юришмайди. Аммо Миср сайёрамизнинг бир бўлаги, холос. Бу ерда эса — бу ерда ҳамма нарса қадимий, ҳамма нарса бир-бирига ўхшамайди. Биз бу ерда бир жойда туриб оламиз-да, бу оламни расвои радди маърака қиламиз. Мана бу канални Рокфеллер шарафига номлаймиз, мана бу тоққа қирол Георг номини берамиз, денгизни Дьюпон денгизи деб атай бошлаймиз, ҳов анови ерда Рузвельт, Линькольн ва Кулиж шаҳарлари бўлади, лекин буларнинг барчаси нотўғри бўлади, чунки ҳар бир жойнинг ўз хусусий номи бор.
— Бу энди, сиз қадимшуносларнинг ишингиз, эски номларни кавлаб топасизлар, бизлар-чи, биз хўп деймиз-да, улардан фойдаланаверамиз.
— Бизга ўхшаган бир ҳовуч одамлар — барча ишбилармонлар ва трестрларга қаршими? — Спендер маъдандан қуйилган тоғларга қаради. — Улар бу ерда пайдо бўлганимизни, уларни расвои радди маърака қилишимизни биладилар; бизни ёмон кўрганларича ҳам бор-да.

Капитан бошини чайқади.
— Бу ерда ёмон кўриш деган нарса йўқ. — У шамолга қулоғини тутди. — Уларнинг шаҳарларига қараб фикр қиладиган бўлсак, улар яхши, чиройли, доно одамлар бўлганлар. Улар ўз тақдирларидан рози бўлганлар. Бинобарин, ном-нишонсиз қирилиб кетишларига ҳам рози бўлганлар, алам устида охирида ҳеч қандай қирғинбарот уруш очишни хаёлларига келтирмаганлар. Ўз шаҳарларини нест-нобуд қилиб ўтирмаганлар. Биз шу пайтгача кўрган барча шаҳарлар тўла-тўкис сақланиб қолган. Ўйлашимча, биз уларга ўтлоқда, майсазорда ўйнаб юрган болаларчалик ҳам халақит бераётганимиз йўқ, — боладан нимани ҳам талаб қилиб бўларди? Ким билади дейсиз, балки охир-оқибатда бизни яхши томонга ўзгартириб юборар. Биггс бизга мана бу кўнгилхушликни тиқиштиргунча одамларимизнинг одатдан ташқари хулқ-атворларига ҳеч эътибор қилдингизми, Спендер? Улар ўзларини қанчалик одобли, ҳаттоки ҳадикли тутдилар! Бўлмаса-чи, булар билан юзма-юз туриб, шу нарсани дарҳол фаҳмлайсанки, биз у қадар кучли эмасмиз. Биз бор-йўғи калта иштон кийган болалармиз, шовқинталаб ва қўним топмас болалар, улар ўз ракетачалари ва атом қўғирчоқлари билан ўйнашдан бошқани билмайдилар. Аммо қачондир Ер худди ҳозирги Марсга ўхшаб қолгусидир. Бинобарин, Марс бизни ҳушёр қилиб қўяди. Тамаддун тарихи бўйича тайёр кўргазмали қурол. Фойдали сабоқ. Энди эса — бошингизни ғоз тутинг! Бориб кайф-сафо қилайлик. Ҳа. Жарима ўз кучида қолади.

Бироқ кўнгилхушлик татимайди. Ўлик денгиздан қаттиқ шамол эса бошлайди. У фазогирлар атрофида, капитан ва Жефф Спендер атрофида уюр ҳосил қилар эди, улар шериклари олдига қайтиб боришаётган эди. Шамол чангни тўзитар ва чарақлаган ракетани сийпаб ўтар, аккордеонни чертар эди, чанг алмисоқдан қолган сибизғани қоплади. У кишиларнинг кўзларига кирар ва шамолдан ҳавода баланд пардаларда аллақандай куй садо берар эди. Бирдан шамол қандай бошланган бўлса, шундай тинди.

Аммо кўнгилхушлик ҳам тинган эди.

Одамлар лоқайд тим-қора осмон остида ҳаракатсиз қотиб қолдилар.
— Қани йигитлар, бўлинглар! — Топ-тоза, қуруқ кийимда Биггс Спендер қарамасликка ҳаракат қилиб, ракетадан сакраб чиқди. Унинг овозини гўё ҳеч ким эшитмагандек жавобсиз қолаверди. Гўё атрофда ҳеч ким йўқдек. — Ҳаммаларинг бу ёққа келинглар!

Ҳеч ким жойидан қимир этмади.
— Ҳой Уайти, сибизғанг қани?

Уайти қандайдир куйни пуфлаб чалди. Сибизғадан сохта ва беўхшов овоз чиқди. Уайти сибизғани силтаб, сўлакни туширди-да, уни чўнтагига жойлади.
— Бу қанақаси, азага келганмисизлар? — тиниб-тинчимасди Биггс.

Кимдир аккордеонни маҳкам қучоқлаб олган эди. У ўлаётган жониворга ўхшаб бўғиқ овоз чиқарди. Бор-йўғи шу.
— Бўпти, унда биз шиша билан иккаламиз кўнгилхушлик қиламиз. — Биггс ракетага суяниб ўтириб олди-да, чўнтак фляжкасини оғзига олиб борди.

Спендер ундан кўзини узмасди. Узоқ қимир этмай турди. Кейин унинг бармоқлари оҳиста, секинлик билан титраётган сони бўйлаб юқорига ўрлади, тўппончани пайпаслади ва чарм ғилофни силай бошлади.
— Ким хоҳласа, мен билан шаҳарга бориши мумкин, — эълон қилди капитан. — Ракета ёнида қўриқчи қолдирамиз-да, қурол олиб оламиз — ҳар эҳтимолга қарши.

Хоҳловчилар сафга тизилишди ва тартиб билан ўзларини санаб чиқишди. Сафга келиб қўшилган Биггс билан улар ўн тўртта бўлишди, Биггс ҳамон хохолаб кулар ва шишани силкитар эди. Олти одам қоладиган бўлди.
— Қани, кетдик! — бўкирди Биггс.

Даста индамай сутдек ойдин водийдан одимлаб кетди. Улар бир-бирини қувиб келаётган икки ой нуридан чароғон мудроқ-ўлик шаҳар чеккасига келишди. Уларнинг оёқлари остидан чўзилган соялар қўшалоқ эди. Бир неча дақиқагача фазогирлар нафасларини ичларига ютиб турдилар. Ана-мана бу ҳаётсиз шаҳарда нимадир қимирлашини, қандайдир хира кўлка пайдо бўлишини, ҳосилсиз денгиз тубидан асл зоти номаълум бўлган отда зирҳ ва совутларга бурканган кекса чавандоз арвоҳнинг от қўйиб келишини кутар эдилар.

Спендернинг тасаввури ҳувиллаган шаҳар кўчаларига жон киритмоқда эди. Хиёбонлардан, тўс босган тошлардан одамларнинг арвоҳлари мовий нур таратиб юриб келар, англаб бўлмас ғудранишлар, ғалати жониворлар кулранг қизғиш қумда ўқдек учиб чопар эдилар. Ҳар бир деразада кимдир турар ва дераза раҳидан эгилганча, худди абадият сувига ғарқ бўлгандек, аста қўлини узатар, ойнинг кумуш нурларига чўмилган минора тагидаги тубсиз бўшлиқда ҳаракат қилаётган қандайдир кўланкаларга қўл силтар эдилар, унинг юраги қандайдир мусиқа товушини эшитгандек бўлди ва Спендер бундай товуш берувчи чолғу сози қанақалигини тасаввур қилишга уриниб кўрди... Шаҳар арвоҳларга лиммо-лим эди.
— Ҳой, ким бор? — қичқирди Биггс қаддини ғоз тутиб ва кафтларини оғзига карнай қилиб. — Ҳой, бу шаҳарда жон зоти борми, овоз беринг!
— Биггс! — деди капитан. Биггс жим бўлди.

Улар тош тахталар ётқизилган кўчаларга қадам босишди. Энди улар шивирлаб гаплашишар эди, чунки улар гўё очиқ осмон остидаги улкан қироатхонага ёки бош узра ёрқин юлдузлар-у, шабада эсиб турган даҳмага кириб қолгандек ҳис этмоқда эдилар ўзларини. Капитан овозини кўтармай гапирарди. У шаҳар аҳолиси қаёққа кетганини, улар қанақа одамлар бўлганини, уларга қандай қуроллар ҳукмронлик қилганини, улар нимадан қирилиб кетганини билишни истарди. У паст овозда саволлар берарди: улар бундай асрий шаҳарни қандай қуришди экан? Улар Ерда бўлишганмикан? Ўн минг йиллар муқаддам ерликларга шулар насл қолдирганмикан? Улар ҳам биздек севиб, ёмон кўришганмикан? Улар ҳам аҳмоқликка йўл қўйишганда биздек ҳолга тушишганмикан?

Улар тош қотиб қолишди. Ойлар бамисоли уларни сеҳрлаб, музлатиб қўйгандек эди; енгил шамол уларни елпир эди.
— Лорд Байрон, — деди Жефф Спендер.
— Қанақа Лорд? — капитан унга бурилди.

Лорд Байрон, шоир, XIX асрда яшаган. Жуда илгари у бир шеър ёзган эди. Бу шеър мана бу шаҳарга жуда ҳам мос келади ва марсликлар ҳис қилишлари керак бўлган туйғуларни ифода этар эди. Агар уни ҳис қиладиган битта-яримта одам бу ерда қолган бўлса! Бундай шеърларни сўнгги марслик шоир ёзиши мумкин эди.

Одамлар қимир этмай туришарди. Уларнинг соялари ҳам қотиб қолган эди.
— Бу қандай шеър экан? — сўради капитан.

Спендер оғирлигини иккинчи оёғига солди, қўлини кўтарди, ниманидир эслаган бўлди, бир лаҳза кўзини қисиб турди, кейин у паст овозда шошмасдан шеърни ўқишга тушди, ҳамма ундан кўз узмай тинглай бошлади:

Тунлари кезмоқлик на ҳожат энди,
Қалбимиз севгига лиммо-лим — мана.
Борлиқни тўлдирган кумуш ой нури,
Севги достонидан сўйлар росмана.

Шаҳар кумушранг тусда, баланд, унсиз. Одамларнинг нигоҳи ойга қадалди.

Қилич қайрар ўзин пичоққа,
Юрак ёрмоқ бўлар вужудни.
Ахир мангу олов қайда бор,
Қалб бахш этди ишққа бор-будни.
Ой интилар Ер сари тақир,
Азбаройи севги зўридан.
Тунлари кезмоқлик на ҳожат энди,
Ойдиннинг йўқ фарқи қалбим қўридан.

Ерликлар шаҳар марказида унсиз турар эдилар. Тун осмони очиқ ва булутсиз эди. Шамолнинг ҳуштагидан бошқа тиқ этган товуш йўқ эди. Уларнинг рўпарасида майдон ястаниб ётарди. Кошин узра қадимги жониворлар ва одамларнинг суратлари акс эттирилган. Улар тик турганча томоша қилар эдилар.
Биггс бирдан ўхчиди. Кўзлари хиралащди. Қўлини оғзига босди-да, вужуди титраб ютинди, кўзларини қисди, икки букилиб қолди, оғзига қуюқ бир нарса тўлиб қайд қилиб юборди, қайд қилган нарсаси шалоп этиб кошин устига тушди-да, суратларни қоплаб олди. Бу ҳол икки марта такрорланди. Муздек ҳавода аччиқ мусаллас ҳиди анқиди. Ҳеч ким Биггсга ёрдам бергани жойидан қимирламади. У ҳамон қайт қиларди.

Спендер унга бир қараб қўйди-да, орқасига бурилиб, у ердан кетди. У бир ўзи ой ёритиб турган шаҳар кўчалари бўйлаб юриб борар ва дўстларига қайрилиб қарамаслик учун ҳеч жойда тўхтамаётган эди.

Улар тонгги соат тўртдагина ухлагани ётишди. Адёлга чўзилишди-да, кўзларини юмишди ва бир маромда нафас ола бошлашди. Капитан Уайлдер гулхан ёнида ўтириб, унга шох-шаббалар ташлар эди.

Икки соат ўтгач, Мак-Клюр кўзларини очди.
— Ухламаяпсизми, командир?
— Спендерни кутаяпман. — Капитан заифгина жилмайди.

Мак-Клюр ўйлаб қолди.
— Биласизми, командир, назаримда у келмайдигандек. Нимагалигини ўзим билмайман-у, аммо кўнглим шуни сезиб турибди. У келмайди.

Мак-Клюр бошқа ёнбошига ағдарилди. Олов чирсиллаб учқун сачратди-да, ўчиб қолди.

Орадан бир ҳафта ўтди, Спендердан эса дом-дарак йўқ эди. Капитан уни қидиргани бир қанча дасталар юборди, лекин улар қайтиб келишди-да, қаёққа ғойиб бўлганига ақлимиз етмай қолди, деб айтишди. Ҳечқиси йўқ, саёқланиб юриб-юриб ўз оёғи билан қайтиб келади. Ўзи саёқ ва бетайин бир одам эди. Кетса кетиб ўлмайдими.

Капитан индамади, бироқ ҳаммасини кема журналига ёзиб қўйди...

Бир куни эрта билан — бу душанба ҳам ёки сешанба ҳам, ёки Марснинг бошқа ҳар қандай куни бўлиши мумкин эди — Биггс юзини офтобга тутганча ва оёқларини муздек сувда ўйнатганча канал қирғоғида ўтирарди.

Канал бўйидан бир одам келарди. Унинг сояси Биггсга тушди. Биггс кўзларини очди.
— Ў, алҳазар! — деб юборди Биггс.
— Мен сени ўлдираман.
— Қўйсанг-чи бу аҳмоқона ҳазилингни, Спендер.
— Ўрнингдан тур, эркаклардек ўл!
— Худо ҳаққи, тўппончангни ол.

Спендер тўппонча тепкисини фақат бир марта босди. Бир лаҳза бурун канал қирғоғида ўтирган Биггс аста олдинга эгилди-да, сувга қулаб тушди. Ўқ овози худди япроқ шитиридек, заиф ғўнғиллашдек жуда паст эди. Жасад аста, танҳо, тинч оқаётган канал сувига тушди-да, босиқ «билқ» этган товуш чиқариб, кўздан ғойиб бўлди.

Спендер тўппончани ғилофга солди-да, товушсиз одимлаб нари кетди. Марс узра қуёш чарақлаб турарди, унинг нурлари Спендернинг қўлларини куйдирар, қўрғошиндай ялтироқ юзини жизиллатар эди. У чопмаётганди, гўё ўтган галдан буён ҳеч нарса ўзгармагандек, агар ҳозир кундуз эканини ҳисобга олмаганда, бемалол кетиб борар эди. У ракета ёнига борди; бир неча одам бостирма тагида кема ошпази қўйиб кетган нонуштанинг чангини чиқармоқда эди.
— Ана, Ўлғиз Бўримиз келиб қолди, — деди кимдир.
— Кел, Спендер! Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди-я!

Столда ўтирган тўртовлон уларга индамай қараб турган кишига тикилишди.
— Сенга бу лаънати харобаларни худо бериб қолди-да, — кинояли жилмайиб деди ошпаз, товоқдаги қоп-қора суюқликни аралаштирар экан. — Қаранглар, суяклари саналиб турган оч кўппакдан фарқи қолмабди.
— Бўлса бордир. Мен бир нарсани аниқлашим керак эди. Агар шу атрофда марсликни кўриб қолдим, десам, нима деган бўлар эдиларинг?

Тўрттала фазогир санчқиларини бир четга қўйишди.
— Марслик? Қаерда?
— Бу муҳим эмас. Сизларга битта савол берсам майлими? Агар мамлакатингизга бегона одамлар кириб келиб, ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қила бошласа, марсликнинг ўрнида сиз бўлганингизда ўзингизни қандай ҳис этар эдингиз?
— Қандай ҳис этишимни мен яхши биламан, — деди Чероки. — Томиримда чероклар қабиласи қони оқади. Бобом Оклахома тарихидан кўп нарсалар гапириб берган эди. Мен сизларга айтсам, агар бу ерда марсликлар қолган бўлса, мен уларни тушунаман.
— Сизлар-чи? — эҳтиёткорлик билан сўради бошқалардан.

Ҳеч ким ҳеч нарса деб жавоб бермади. Ўртага ўзгача бир сукунат чўкди. Гўё топишмоқ айтилди-ю, “топган топалоқники” қабилидаги бир ҳолат эди. Топган олиб кетаверади-ю, қолганлар қулоғини ушлаб қолаверади.
— Шунақа гаплар, — деди Спендер. — Мен марсликни учратиб қолдим.

Улар Спендерга ишонқирамай қараб туришарди.
— Ҳов анави ерда, ўлик қишлоқлардан бирида Уни учратаман деб сира ўйламагандим ҳам. Ақалли қидирганим ҳам йўқ. Билмадим, у ерда у нима қилаётган экан. Шу ҳафтада мен бир кичикроқ шаҳарчада яшадим, қадимги ёзувларни ўрганишга ҳаракат қилдим, уларнинг қадимги санъатларини тадқиқ қилдим. Келиб-келиб бир кун бир марсликни кўриб қолдим. У бир лаҳзагина кўриниб турди-да, ўша заҳоти ғойиб бўлди. Шундан кейин икки кунгача кўринмай кетди. Янаги келганида мен ёзувларни тадқиқ қилиб ўтирардим. Бу бир неча бор такрорланди, ҳар гал у яқинроқда пайдо бўлар эди. Мен марс тилини ўрганиб олган кунда, — бу ҳаддан ташқари оддий эди, менга пиктограммалар ёрдам берар эди — марслик шундоқ қаршимда пайдо бўлди-да: “Менга бошмоқларингизни беринг”, деди. Мен унга бошмоқларимни бердим, у эса бундай деди: “Энди эгнингиздаги ҳамма кийимингизни беринг”. Мен ҳамма кийимимни ечиб бердим, у яна: “Тўппончангизни беринг” деди. Тўппончамни бердим. Шунда у: “Энди мен билан юринг-да, нима бўлишини томоша қилинг”, деди. Шундай қилиб, марслик лагерга кетди, хуллас, у мана шу ерда.
— Мен ҳеч қанақа марсликни кўрмаяпман, — эътироз билдирди Чероки.
— Афсус.

Спендер ғилофдан тўппончани олди. Паст ғўнғиллаш эшитилди. Биринчи ўқ чапдан энг чеккадаги одамга бориб тегди. Иккинчи ва учинчи ўқ эса ўнгдан четдаги ва ўртада ўтирган кишиларга бориб тегди. Ошпаз қўрқиб гулхандан ўгирилди ва тўртинчи ўқ унга бориб тегди. У юзтубан олов ичига қулаб тушди ва қимирламай ётиб қолди, кийимлари эса гуриллаб ёнди.

Қуёш нурига чўмганча ракета ғоз турар эди. Столда уч киши ўтирар, қўллари эса аллақачон совиб қолган нонуштали ликопчалар ёнида турарди. Омон қолган биргина Чероки гап нимадалигини англаёлмай Спендерга қаради.
— Мен билан юришинг мумкин, — деди Спендер.

Чероки ҳеч нима деб жавоб бермади.
— Қулоқ сол, мен сени ўз даврамга оламан. — Спендер кута бошлади.

Ниҳоят Чероки тилга кирди.
— Сен уларни ўлдирдинг, — деди у ва рўпарасида ўтирганларга базўр қараб қўйди.
— Улар шунга муносиб эдилар.
— Эсингни ебсан!
— Эҳтимол. Лекин сен мен билан юришинг мумкин.
— Сен билан — нимага? — қичқирди Чероки юзидан ранги қочган, кўзларидан ёш тирқираганча. — Йўқол кўзимдан!

Спендернинг юзи кўкарди.
— Ҳеч бўлмаганда сен мени тушунарсан, деб ўйлагандим.
— Йўқол! — Черокининг қўли тўппончага чўзилди.

Спендер охирги марта ўқ узди. Чероки бошқа қимир этмай қолди.

Лекин Спендер ҳаракатга келди. У терлаган юзини кафти билан силади. У ракетага қаради ва шу заҳоти бадани қалт-қалт титрай кетди. Титрагани шунчалик эдики, сал бўлмаса қулаб туша ёзди. Унинг юзи гипноздан кейинги ёки ғалати туш кўриб уйғонган одамнинг юзига ўхшаб кетар эди. Титроғини босиш учун у ўтириб олди.
— Бас қил! Ҳозироқ! — буюрди ўз вужудига.

Ҳар бир ҳужайраси қақшаб титрар эди.
— Бас қил дедим!

Энг сўнгги титроқни ҳам сиқиб чиқариб ташлаш учун у аъзойи-баданини ирода исканжаси билан қаттиқ қисди. Энди қўллари итоаткор тиззалари узра тинчгина ётар эди.

У ўрнидан турди ва шошмайгина ортмоқланган озиқ-овқатли халтачасини орқасига қулайроқ жойлаб олди. Бир лаҳзагина унинг қўллари яна титраб кетди, бироқ Спендер жуда қатъий равишда: “Йўқ!” деб буйруқ берди ва титроқ ўша заҳоти ўтиб кетди. Сўнг битта-битта одимлаб чўғдек қизил қоялар орасида бир ўзи кўздан ғойиб бўлди.

Олов пуркаган қуёш тобора юқорига ўрлаб борарди. Бир соатдан кейин капитан нонушта қилгани ракета ичидан чиқиб келди. У фазогирлар билан саломлашиш учун оғиз очмоқчи ҳам бўлган эдики, ҳавода тўппонча тутунининг енгил ҳидини пайқаб, тўхтаб қолди. Қараса, ошпаз гавдаси билан гулханни қоплаб ерда ётибди. Тўрттала фазогир эса совиб қолган нонушта олдида ўтирарди.

Трапдан Паркхилл ва яна икки одам тушиб келди. Капитан уларнинг йўлини тўсиб турар экан, кўзларини столда унсиз ўтирган одамлардан, уларнинг гавдаларини ғалати тутиб туришларидан ололмаётган эди.
— Ҳамма одамларни йиғинг! — буйруқ берди капитан.

Паркхилл канал ёқалаб югуриб кетди.

Капитан қўли билан Черокини туртди. Чероки аста букилди-да, стулдан йиқилиб тушди. Қуёш нурларидан унинг қаттиқ сочлари ва юзи ёришиб кетди.

Экипаж тўпланди.
— Ким йўқ?
— Яна ўша Спендер йўқ. Биггсни каналдан тополмадик.
— Спендер!

Капитан учлари қуёшли осмонга қадалган тоғларга қараб қўйди. Қуёшда унинг тиржайган тишлари чарақлаб кетди.
— Жин урсин уни, — ҳорғин деди капитан. — Нега у менинг олдимга келмади, у билан ўзим гаплашиб қўярдим.
— Йўқ, у билан мен гаплашиб қўярдим! — қичқирди Паркхилл кўзлари ғазабдан чақнаб. — Бошини ёриб, миясининг қатиғини чиқарардим.

Капитан Уайлдер боши билан имлаб иккаласини чақирди.
— Белкуракларни олинглар, — деди у. Жазирамада ер кавлаш ўлимдан қийин эди. Қуриб қолган денгиздан иссиқ шамол эсар, юзга чангни келтириб урар эди, капитан бўлса, Инжилни варақларди. Бироқ у китобни ёпди ва белкураклардан матога ўралган баданларга қум оҳиста шувуллаб тўкила бошлади.

Улар ракета олдига қайтиб боришди, винтовкаларининг затворларини шарақлатишди, камарларига орқадан гранаталар боғлаб олишди, тўппончанинг ғилофдан осон суғуриб олинишини текшириб кўришди. Ҳар бир кишига тоғнинг маълум бир жойи ажратилган эди. Капитан ким қаёққа боришини айтиб турди, у овозини кўтармас, қўллари ҳолсиз осилиб турарди, қўлларини деярли қимирлатмас эди.
— Кетдик, — деди у.

Спендер воҳанинг турли чеккаларида чанг булутлари кўтарилишини кўриб турарди ва таъқиб барча қоидаларга биноан бошланганини тушунди. У ўқиб турган ясси кумуш китобини қўйди-да, катта тош устига жойлашиб ўтириб олди. Китоб саҳифалари папирос қоғозидек нафис, қўлда зарҳал ва қора чизиқлар билан ишланган суратли кумуш варақлардан иборат эди. Бу ўн минг йил илгариги, улар унча катта бўлмаган марс қишлоғининг бир вилласида топган фалсафий рисола эди. Спендер китобдан ажралгиси келмасди.

У ҳатто аввалига: “Арзирмикан? Нима бўлса бўлди, улар келиб мени ўлдирмагунларича ўтириб, Инжил ўқийвераман”, деб ўйлади.

Эрталаб у олти одамни отиб ўлдиргандан кейин ўзини ёлғиз ҳис этди, сўнг кўнгли беҳузур бўлди ва ниҳоят вужудини ғалати хотиржамлик эгаллади, аммо бу туйғу ҳам тез ўтиб кетди, чунки таъқибчиларнинг йўлини билдирувчи чангни кўргач, уни яна аёвсиз туйғулар чулғади.

У сафар флягасидан муздек сув ҳўплади. Кейин ўрнидан турди, керишди, эснади ва уни қуршаб турган воҳадаги аллаловчи сукунатга қулоқ тутди. Эҳ, у ва у ёқдан, Ердан келган яна бир неча одам бу ерга келиб ўрнашиб, беғам, беташвиш яшаганларида, қандоқ яхши бўлар эди-я...

Спендер бир қўлига китобни олди, иккинчисига эса тўппончани. Рўпарада тагида оппоқ тошчалар кўриниб турган, қирғоқларини йирик-йирик харсанглар қоплаган тезоқар дарё шовулларди. У тошлар устида ечинди-да, баданини чайгани сувга тушди. Шошмасдан сувда ювиниб-чайиниб олди-да, яна чиқиб кийимларини кийди ва тўппончани қўлига олди.

Дастлабки ўқ овозлари кундузги соат учларда янгради. Бу пайтга келиб Спен¬дер баланд тоғларга чиқиб кетган эди. Орқадан уни таъқиб қилиб келар эди¬лар. Уч марс тоғ шаҳарчаси ортда қолди. Уларнинг тепасида марсликларнинг виллалари ёйилиб ётар эди. Ям-яшил ўтлоқлар ва тезоқар дарёчалардан завқланган қадимги марсликлар тоштахталардан ҳовузлар барпо этган, кутубхоналар қурган, фавворалари шалдираб турган боғлар бунёд этган эдилар. Спендер ярим соатча ёмғир сувига тўлган ҳовузда таъқибчиларнинг яқин¬лашишини кутиб, чўмилиб олди.

Вилладан чиқиб кетар экан, унинг қулоғига ўқ овози чалинди. Орқа томонда ундан беш метрлар нарида ғишт майда-майда бўлакларга бўлиниб портлади. Спендер югуриб қоя ортига беркинди, ўгирилиб, бир ўқ биланоқ таъқиб¬чиларнинг бирини ер тишлатди.

Уни кўриб олиб, қўлга туширишларини Спендер билар эди. Чор атрофдан ўраб олишади-да, аста-секин яқинлашиб келаверадилар ва қарабсизки, тамом-да. Уларнинг ҳатто шу пайтгача граната ирғитмаганлари ғалати. Капитан Уайлдер бир оғиз айтса, бўлди эди...

“Мени толқонга айлантириш учун жуда ҳам нозиклик қиламан, — дея кўнглидан ўтказди у. — Капитанни шу нарса ушлаб турибди. У биргина тирқишча билан ишни тугатиб қўймоқчи бўлаётир. Ажабо... Менинг сариштагина ўлишимни истаяпти. Қоним тўкилмасин деяпти. Нима учун? Шунинг учунки, у мени тушунади. Унинг йигитлари жонини гаровга қўйиб, сабр қилаётгани шундан эди, ишқилиб, битта ўқ билан бошимни нишонга олиб, саранжом қилса гўрга эди. Шундай эмасми?”

Спендернинг атрофидаги тошларни ирғитиб, бирин-кетин тўққиз-ўн марта ўқ узилди. Унга қарата усталик билан ўқ узишарди, у ҳатто қўлидан қўймай ушлаб турган кумуш китобдан нигоҳини ҳам узмаётганди.

Капитан қўлида винтовка билан қуёшнинг жазирама нурлари остида панадан сакраб чиқди. Спендер тўппончаси билан уни мўлжалга ола бошлади, бироқ отишга шошмаётганди. Бунинг ўрнига у бошқа нишонни танлади ва Уайд ётган қоянинг чўққисини учириб юборди. Ўша ёқдан аянчли қичқириқ эшитилди.

Бирдан капитан қаддини ғоз тутди-да, оқ рўмолча тутган қўлини осмонга кўтарди. У ўз одамларига бир нарсалар деди ва винтовкасини бир четга қўйиб, нишабликдан юқорига ўрлаб кетди. Спендер бир оз кутиб турди, кейин тўппончасини шай тутганча у ҳам оёққа турди.

Капитан унинг олдига келди-да, Спендерга қарамасликка ҳаракат қилиб, иссиқ тошга ўтирди.

Капитаннинг қўли курткаси чўнтагига чўзилди. Спендер тўппончасини маҳкамроқ қисди.
— Сигарета чекасанми? — таклиф қилди капитан.
— Раҳмат. — Спендер битта сигарета олди.
— Гугуртинг борми?
— Бор.

Улар чуқур сукунат ичида бир-икки сигарет тутунини ичига тортишди.
— Кун иссиқ, — деди капитан.
— Жуда ҳам.
— Қалай, яхши жойлашиб олдиларингми?
— Зўр.
— Қанча турмоқчисизлар?
— Ўн-ўн бешта одамни ер тишлатишга қанча керак бўлса, ўшанча.
— Эрталаб қулай пайт эканида сизлар нега биз учаламизни ўлдирмадинглар? Бемалол шундай қилсаларинг бўлар эди-ку?
— Биламан. Кайфият йўқ эди. Миянгда бир нарса ғувиллаб турганида ўзингга-ўзинг панд бера бошлайсан. Битта сен ҳақсан, бошқалар ҳаммаси ноҳақ, деб ўйлайсан. Лекин, мен мана бу одамларни ўлдира бошлаганимда бирдан уларнинг ғирт аҳмоқлигини, уларга қўл кўтариб бекор қилганимни англаб қолдим. Кеч англадим. Шундан кейин давом этишга кўнглим бўлмади, ўзимни яна алдаш, ғазабимни қўзғатиш, керакли кайфиятни қайта тиклаш учун бу ердан кетдим.
— Қайта тикладингизми?
— Унчалик эмас. Лекин шу ҳам етарли.

Капитан сигаретасини айлантириб қарай бошлади.
— Нега шундай қилдингиз?

Спендер хотиржам тўппончани оёқлари ёнига қўйди.
— Чунки мен Марсда кўрганларимни фақат орзу қилиш мумкин, холос. Улар биз юз йил аввал тўхтатишимиз керак бўлган жойда тўхтаганлар. Мен уларнинг шаҳарларини айланиб чиқа бошладим, бу халқни билиб олдим ва уларни ўз аждодларим деб аташдан бахтли бўлар эдим.
— Ҳа, уларнинг шаҳарларига гап йўқ. — Капитан шаҳарлардан бирига боши билан ишора қилди.
— Гап фақат шундагина эмас, албатта, уларнинг шаҳарлари яхши. Марсликлар ўзларининг турмушларини санъаткорона ифодалаб қўя олишган. Америкаликларда санъат ҳар доим алоҳида модда ҳисобланади, унинг жойи — юқорида, ҳардамхаёл ўғлининг хонасида. Бошқалар уни якшанбалик улушлари, таъбир жоиз бўлса, кимдир дин билан қоришиқда деб билади. Марсликларда эса ҳаммаси бор — санъат ҳам, дин ҳам ва бошқалар ҳам...
— Улар бир нарсанинг тагига ета олишди, деб ўйлайсизми?
— Албатта.
— Шунинг учун ҳам сиз одамларни ўлдира бошлагансиз?
— Кичкиналигимда ота-онам мени ўзлари билан Мехико-ситига олиб кетишди. Отам ўзини у ерда бақироқ, димоғдор тутганини ҳеч эсимдан чиқаролмайман. Онамга келсак, уни у ердаги одамлар кам ювинади, бадани қора деб унчалик ёқтиришмасди. Опам эса улар билан умуман гаплашмасди. Битта менгина уларга ёқиб қолган эдим. Отам билан онамнинг Марсга келиб қолса ўзларини худди ўшандай тутишларини мен жуда яхши тасаввур қиламан. Ўртача америкалик ҳар қандай ғайриоддий нарсага бурнини жийириб қарайди. Чикаго тамғаси йўқми, демак, бу ҳеч нарсага ярамайди. Кўрдингизми қанақа! Эй худо, шунақаям бўладими! Уруш-чи! Парвозимиздан олдин Конгрессда янграган нутқлар эсингиздадир! Мабодо саёҳат муваффақиятли чиқса, Марсда уч атом лабораторияси ва атом бомба омборлари жойлаштиришар эмиш-а! Бундан чиқди, Марс тамом; барча мўъжизалар йўқ бўлиб кетади. Хўш, ўзингиз айтинг-чи, агар марслик Оқ уй полларини ҳўл қилиб қўйса, сиз ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз?

Капитан чурқ этмай қулоқ солиб турарди.

Спендер гапида давом этди:
— Қолган галварслар-чи? Тоғ саноати босслари, саёҳат бюроси... Испаниядан Кортес ўзининг ювош компанияси билан келганида Мексикага нима бўлгани эсингиздами? Бу юҳо тақводор — иблислар қандай маданиятни йўқ қилиб ташлашди! Тарих Кортесни кечирмайди.
— Бугун биз билан одобли муомала қилишди деб айтиб бўлмайди, — деди капитан.
— Менинг иложим қанча эди! Сиз билан баҳслашайми? Ахир мен бир ўзимман — у ерда, Ердаги бу аблаҳ, ебтўймас бутун бир галага қарши бир ўзим-а. Улар бу ерда дарҳол ўзларининг мараз атом бомбаларини ирғита бошлайдилар, янги урушлар учун базаларга ер талашадилар. Бу ҳам етмагандек, бир сайёра камлик қилиб, бошқа сайёраларнинг расвосини чиқарадилар. Калласиз вайсақилар. Бу ерга келганимда мен ўзимни фақат маданият деб аталмиш бу балодан эмас, уларнинг бу ахлоқ-одоби, бу расм-русумларидан ҳам қутулгандек бўлган эдим. Бу ерда энди менга уларнинг қонун-қоидалари-ю, тузумлари дахл қилмайди деб ишонгандим. Барчаларингизни асфаласофилинга жўнатиб, ўзим хон, кўланкам майдон бўлиб яшасам бўлаверарди.
— Лекин тескари бўлиб чиқди.
— Ҳа. Ракета ёнида бешаласини ер тишлатганимда бутунлай янгилана олмаганимни, ҳақиқий марслик бўлолмаганимни англадим. Ерда сенга ёпишган балодан осонликча қутулиб бўлмас экан. Лекин мен энди иккиланмай қўйдим. Мен ҳаммангизни битта қўймай ўлдираман. Бу навбатдаги экспедицияни жўнатишни кам деганда беш йилга суриб юборади. Бизнинг ракетамиз ягона, бошқа бунақасидан йўқ. Ерда биздан бир йил, бўлмаса икки йил янгиликлар кутишади ва биз ҳақимизда улар ҳеч нарса билолмагач, уларга янги экспедицияни тайёрлаш жуда қимматга тушади. Ракетани икки баробар катта қилиб ишлайдилар, янги омадсизликлардан сақланиш учун юзлаб ортиқча омилкор конструкциялар қиладилар.
— Ҳисоб-китобингиз чакки эмас.
— Борди-ю, сиз яхши хабарлар билан қайтиб борсангиз, бу Марсга оммавий бостириб келишни тезлаштиради. Шунда, худо хоҳласа, олтмиш ёшгача яшайман-да, ҳар бир янги экспедицияни қарши олавераман. Ҳар гал биттадан ортиқ ракета юборишмайди — у ҳам йилда бир марта ва экипаж йигирма кишидан ортиқ бўлмайди, мен, албатта, улар билан дўстлашиб оламан, ракетамиз тўсатдан портлаб кетди дейман, — мен буни сизларни бирёқлик қилиб олгач, шу ҳафта ичидаёқ портлатаман, кейин эса уларнинг ўзларини йўқ қилиб юбораман. Шу билан ярим асрча Марсни омон сақлаб қоламан; ерликлар, эҳтимол, ортиқ уринмай қўйишади. Тинмай ёнадиган ва тушиб турадиган цеппелпилар қурилишига одамлар қандай совуққонлик билан қарагани эсингиздадир?
— Ҳаммасини миридан-сиригача ўйлабсиз, — иқрор бўлди капитан.
— Худди шундай.
— Бир нарсадан ташқари: бизлар жуда кўпмиз. Бир соатдан кейин ҳалқа ёпилади. Бир соатдан кейин сиз мурдага айланасиз.
— Мен ерости йўлларини кўрдим ва шундай мустаҳкам бомбапаналарни кўрдимки, сиз уларни икки дунёда ҳам тополмайсиз. Ўша ёққа бораман, бир неча ҳафта ўтираман. Сизнинг сабр косангиз тўлади. Шунда мен чиқаман-да, сизларни яна биттама-битта нариги дунёга жўнатавераман.

Капитан бош ирғади.
— Менга ўзингизнинг бу ердаги тамаддунингиз ҳақида сўзлаб беринг, — деди у қўли билан тоғ қишлоқлари томонни кўрсатиб.
— Улар табиат билан ҳамжиҳатликда, дориломон яшашган. Одам билан инсон ўртасида чегара ўрнатиш учун жуда ҳаддиларидан ошиб кетмаганлар. Дарвин пайдо бўлганда биз шундай хатога йўл қўйганмиз. Бизда кейин нима бўлган эди: аввалига суюндик, уни ҳам, Гекслини ҳам, Фрейдни ҳам қучоғимизга маҳкам босиб олмоқчи бўлдик. Кейин тўсатдан маълум бўлдики, Дарвин бизнинг динимиз билан ҳеч ҳам чиқишолмас экан. Нима бўлганда ҳам бизга шунақа туюлганди. Лекин бу аҳмоқлик-ку, ахир! Дарвин, Гексли, Фрейднинг бир оз танобини тортиб қўймоқчи бўлдик. Улар осонликча бўй беришмади. Шунда биз диннинг дабдаласини чиқаришга киришдик. Бу ишни дўндирдик ҳам. Иймондан айрилдик ва ҳаёт мазмуни устида бош қотира бошладик. Агар санъат — бор-йўғи қониқмаган эҳтирослар ифодаси, агар дин — ўз-ўзини алдашгина бўлса, унда биз нега яшаймиз? Иймон ҳамма нарсага жавоб топиб берсин! Лекин Дарвин ва Фрейд келиши билан у найчага кириб кетди. Инсон зоти шу адашганича қолиб кетди.
— Марсликлар-чи, тўғри йўлни топиб олишгандир, ҳойнаҳой? — суриштирди капитан.
— Ҳа. Улар фан билан динни шундай уйғунлаштириб юбора олдиларки, улар бир-бирини инкор этмадилар, балки бир-бирларига ёрдам бериб, бойитдилар.
— Ҳеч ақл бовар қилмас ҳол!
— Худди шундай бўлди ҳам. Бунинг амалда қандай бўлганини сизга жуда-жуда кўрсатгим келаяпти.
— Одамларим мени кутиб туришибди.
— Ярим соатгина шошмай туринг. Уларга айтиб қўйинг, сэр.

Капитан тайсаллади, сўнг ўрнидан турди-да, жойидан қимирламай туриш учун пастга ётиб олган дастасига қараб қичқирди.

Спендер уни нуқсонсиз муздек мармар билан тикланган мўъжазгина марс қишлоғига олиб борди. Улар улкан ҳайвонлар тасвири туширилган катта равоқларни кўришди. Тасвирлар ичида оқ панжали мушуклар ва қуёш рамзини билдирувчи сариқ доиралар бор эди, ҳўкизларни эсга солувчи ҳайвон ҳайкалчалари, эркаклар, аёллар ва тумшуғи улкан баҳайбат итларнинг сиймолари кўзга ташланарди.
— Мана сизга жавоб, капитан.
— Кўрмаяпман.
— Марсликлар ҳайвонлар ҳаётининг сирини билиб олганлар. Ҳайвон яшашнинг маъносини билолмайди. У яшайди. Яшаш учун яшайди. Унинг учун жавоб ҳаётнинг ўзидан иборат, севинчи ҳам, лаззати ҳам шунинг ичида. Мана бу ҳайкалга бир қаранг-а: ҳамма жойда рамзий ҳайвонлар тасвири.
— Мажусийликка ҳам ўхшаб кетади.
— Аксинча, бу худонинг рамзи, ҳаётнинг рамзлари. Марсда ҳам Инсонга инсондан жуда ҳам кўп нарса ва ҳайвондан жуда ҳам оз нарса юқиб қолган пайтлар ҳам бўлган. Лекин Марсдаги одамлар бир нарсани тушунганлар: тирик қолиш учун ҳаётнинг маъноси нима эканини кавлаштиришни бас қилиш керак. Ҳаётнинг ўзи тайёр жавоб. Ҳаётнинг мақсади ҳаётни қайта тиклаш ва уни иложи борича яхшироқ ташкил этиш. Марсликлар, нима учун яшаш керак, деган савол уларда жавоб бериш мумкин бўлмаган айни қизғин уруш ва мусибатлар пайтида туғилганини пайқаб қолганлар. Тамаддун мувозанат ва барқарорлик касб этди. Урушлар тинди дегунча бу савол яна бемаъни бўлиб қолди, бутунлай бошқача бемаъни. Ҳаёт яхши бўлганда, у ҳақда баҳс очишга на ҳожат!
— Гапингизга қараганда, марсликлар анча содда бўлишган экан-да?
— Соддалик ўзини оқлаган жойда, албатта. Улар ҳамма нарсани дабдала қилиш, ҳамма нарсани остин-устин қилишга интилиш касаллигидан фориғ бўлганлар. Улар дин, санъат ва фанни бир-бири билан уйғунлаштириб юборганлар: ахир фан охир-оқибатда биз тушунтириб беришдан ожиз бўлган мўъжизани тадқиқ этиши, санъат эса, мана шу мўъжизани талқин этиши керак бўлган. Улар фаннинг гўзалликни, нафосатни барбод этишига йўл қўймаганлар. Булар ҳаммаси меъёр масаласидир. Ерликлар шундай мулоҳаза қиладилар: мана бу суратда ранг яхши чиқмаган, фан эса ранг — бу бор-йўғи модда зарраларининг муайян жойлашуви, акс этаётган нурнинг алоҳида қиёфаси эканини исботлай олади. Бинобарин, ранги менинг нигоҳимга тушган предметларнинг ҳақиқий воситалари ҳисобланади. Ундан кўра ақллироқ бўлган марслик шундай деган бўлар эди: “Бу ажойиб сурат. Уни илҳомбахш инсон қўли ва мияси билан яратган. Унинг ғояси ва бўёқларига ҳаёт берган. Аъло нарса”.

Улар жим қолишди. Кечки қуёш нурларига кўмилиб ўтиришар экан, капитан унсиз мармар шаҳарчани қизиқиш билан томоша қила бошлади.
— Мана бу ерда жон-жон деб яшаган бўлардим, — деди у.
— Хоҳласангиз бўлди.
— Сиз менга таклиф этаяпсизми?
— Одамларингиз ичида буларнинг барчасини ким яхши тушуна олади? Улар ўзларига етгунча димоғдор, энди уларни тўғрилаб бўлмайди. Улар билан Ерга қайтишингизга на ҳожат! Жонс билан пачакилашганими? Худди Смитдагидек вертолёт сотиб олганими? Қалб билан эмас, ҳамён билан мусиқа эшитиш учунми? Бу ерда бир ҳовлида мен бир марс мусиқаси ёзувини топиб олдим, у кам деганда эллик минг йил олдин ёзилган экан. У ҳали ҳам бинойидек овоз беради. Бунақа мусиқани ҳаётда бошқа ҳеч бир жойда эшитмайсиз. Қолсангиз, сиз ҳам эшитар эдингиз. Бу ерда китоблар бор. Мен уларни бемалол ўқий оламан. Сиз ҳам ўқир эдингиз.
— Бари бир-биридан мароқли нарсалар.
— Шундай бўлса ҳам қолмайсизми?
— Йўқ. Аммо таклифингиз учун барибир раҳмат айтаман.
— Демак, маълум бўлишича, сиз мени тинч қўйиш ниятида эмассиз. Мен барчангизни ўлдиришимга тўғри келади.
— Сиз некбинсиз.
— Мен нима учун жанг қилишни ва нима учун яшашни биламан, шунинг учун ўлдиришга келганда мен сиздан кўра чаққонроқман. Кўнглимда, таъбир жоиз бўлса, ўз диним пайдо бўлди: мен яна нафас олишни, офтобда ётишни, қуёш нурларини ўзимга сингдириб тобланишни, куй тинглашни ва китоб ўқишни ўрганаман. Хўш, сизнинг тамаддунингиз менга нимани таклиф қила олади?

Капитан оғирлигини бир оёғидан бошқа оёғига солди-да, бошини чайқади.
— Шундай бўлишидан жуда афсусдаман. Буларнинг барчасидан хафаман...
— Мен ҳам. Энди эса ҳужумингизни бошлашингиз учун сизни қайтариб олиб бориб қўйиш вақти келди.
— Майли.
— Капитан, мен сизни ўлдирмайман. Ҳаммаси тамом бўлганда сиз тирик қоласиз.
— Нима?
— Мен аввал-бошдаёқ сизни аяшга қарор қилган эдим.
— Оббо, сиз-эй...
— Мен сизни анови бошқалардан қутқараман. Улар ўлдирилгандан кейин сиз балки бошқатдан ўйлаб кўрарсиз.
— Йўқ, — деди капитан. — Менинг томиримда кўпроқ Ер қони оқади. Мен сизни кетгани қўёлмайман.
— Бу ерда қолиш имкониятингиз бўлганида ҳамми?
— Ҳа. Шуниси қизиқки, ўшанда ҳам. Негалигини билмайман. Ҳеч ўзимга шундай савол бериб кўрмаган эканман. Мана, етиб ҳам келдик.

Улар аввалги жойларига қайтиб келишди.
— Мен билан ўзингиз хоҳлаб бораверасизми, Спендер? Охирги марта айтаяпман.
— Ташаккур. Бормайман. — Спендер бир қўлини олдинга чўзди. — Яна бир нарса, кетар жафосига. Агар сиз енгиб чиқсангиз, менга бир иш қилиб берасиз. Агар кучингиз етса, бу сайёранинг изтиробини ҳеч бўлмаганда эллик йилга суриб беришга ҳаракат қилиб кўринг, қадимшунослар аввал бир яхшилаб тер тўкишсин-да! Розимисиз?
— Розиман.
— Яна бир гап, агар бундан кимдир енгил тортса, мени ёз кунида бир ақли суюлганча қайтиб ўзига келмаган ожиз бир жинни деб ҳисоблайверинг. Балки сиз енгил тортарсиз...
— Ўйлаб кўраман. Хайр, Спендер, яхши қолинг.
— Сиз ғалати одамсиз, — деди Спендер, капитан гармселга қарши йўлакдан пастга томон одимлаб кетганда.

Ниҳоят капитан уни сабр-тоқат билан кутиб турган, чангга ботган ўз одамлари олдига қайтиб келди. У қуёшдан кўзларини чимириб олган ва оғир-оғир нафас оларди.
— Ичишга кимда сув бор? — деб сўради капитан.

У қўлига муздек флягани тутқазганларини ҳис қилди.
— Раҳмат.

У бир ҳўплам ичди. Оғзини артди.
— Хўш, — деди капитан. — Ҳушёр бўлинглар. Шошадиган жойимиз йўқ, вақтимиз бемалол. Биз томондан кўп қурбон бўлмаслиги керак. Сиз уни ўлдиришингизга тўғри келади. У мен билан боришга унамади. Уни бир ўқ билан ер тишлатишга ҳаракат қилинг. Ғалвир қилиб ташламанг. Ўлдиринг, вассалом.
— Мен унинг лаънати калласини қовоқдек ёриб ташлайман, — тўнғиллади Сэм Паркхилл.
— Йўқ, фақат юрагига, — деди капитан. У Спендернинг шафқатсиз қатъий чеҳрасини аниқ-тиниқ кўриб турарди.
— Унинг лаънати калласини, — такрорлади Паркхилл.

Капитан флягани унга узатди.
— Буйруғимни эшитдингизми? Фақат юрагига.

Паркхилл ўзича нимадир деб тўнғиллаб қўйди.
— Кетдик, — деди капитан.

Улар яна ҳар томонга сочилиб кетишди, одимлашдан югуришга ўтишди, кейин яна одимлаб кетишди, улар гоҳ жазирама ёнбағирдан юқорига ўрлар, гоҳ муздек, тўс ҳиди анқиб турган мағораларга шўнғиб кетишар, гоҳ обдон қизиган тош ҳовурига тўлиқ чароғон очиқ майдонда пайдо бўлиб қолар эдилар.

“Юрагингдан ўзингни эпчил ҳис қилиб, ундай бўлишни истамаганингдан кейин, — ўйлади капитан, — бу эпчиллик ва жонсараклик ҳам кўзингга балодек кўриниб кетар экан. Билдирмай кириб бориш, ҳар хил найрангларни ўйлаб топиш ва ўзингнинг маккорлигинг билан фахрланиш, юрагимдан ўзимнинг ҳақ эканлигимга ишонмаганимдан кейин ундай ҳақгўйлик туйғусини бошимга ураманми! Хўш, бундай олиб қараганда, биз киммиз? Кўпчилигимиз?... Кўпчилик ҳар доим айбсиз бўлиб келганлиги шунга жавоб эмасми? Ҳар доим кўпчилик ҳатто тариқча адашиши мумкин эмас, шундай эмасми? Ҳатто ўн миллион йилда ҳам бир марта адашмайди...”

У хаёл суришда давом этди: “Бу кўпчилик дегани ўзи нима-ю, унга кимлар киради? Улар нима ҳақда ўйлайдилар, улар нима учун айнан шундай бўлиб қолганлар, наҳотки ҳеч қачон ўзгармайдилар? Қолаверса, мен бу лаънати кўпчилик ичига қандай жин уриб кириб қолдим? Ҳеч ўзимга келолмайман. Бунга сабаб нима: клосстрофобия, оломондан қўрқишми ёки шунчаки соғлом фикрми? Бутун дунё ўзининг ҳақлигига амин бўлиб турганида битта одам ҳақ бўлиб чиқиши мумкинми? Келинг, бу ҳақда ўйламайлик. Қорнимизда ўрмалайлик, биқиниб олайлик, тепкини босайлик! Мана шундай! Шундай!”

Унинг одамлари кимўзарга чопишар, йиқилишар, яна олға қараб чопишар, сояда бир оз қўним топиб, тишларини тиржайтиришар, оғизлари билан нафас олар эдилар, чунки ҳаво оғир эди, унда чопиш бешбаттар оғир эди; оғир ҳавода, ора-чора беш дақиқа ўтириб, оғир-оғир нафас олганча тин олмаса бўлмас эди, — кўзларининг олдида ўт чақнар эди, — кислородни шунча ичга тортган билан ҳеч ким тўйдим демасди, охир тишни-тишга босиб, яна оёққа туришга ва бу оғир ҳавони ўт ва момақалдироқ билан парча-буриш қилиб ташлаш учун винтовкани кўтаришга тўғри келарди.

Спендер капитан уни ташлаб кетган ерда ётганча таъқибчиларга қараб аҳён-аҳёнда ўқ узиб қўяр эди.
— Унинг лаънати миясини тошларда эзғилайман!— бўкирди Паркхилл ва ёнбағирдан юқорига қараб чопиб кетди.

Капитан сэр Паркхиллни нишонга олди, кейин унга ўқрайиб қараганча тўппончасини бир четга қўйди.
— Нима қилмоқчи эдингиз? — сўради у ҳолсизланган қўли ва тўппончадан кўз узмай.

У сал бўлмаса Паркхиллнинг орқасидан отиб ташлаёзди.
— Ё алҳазар, менга нима бўлди?

У Паркхиллнинг чопиб кетаётиб йиқилганини, пана жой топиб олганини кўрди. Спендернинг атрофида сийрак одамлар қатори аста саф тортмоқда эди. У чўққида, иккита харсанг ортида, ҳаво етишмаслигидан оғзини ҳорғин қийшайтириб ётарди, қўлтиқлари тагида қоп-қора тер доғлари пайдо бўлди. Капитан бу харсангларни аниқ кўриб турар эди. Икки харсангни бир-биридан ажратиб турган ўн сантиметрларча оралиқдан Спендернинг кўкси кўриниб турарди.
— Ҳой! — деб қичқирди Паркхилл. — Миянгнинг қатиғини чиқаришга битта ўқни ғамлаб қўйибман!

Капитан Уайлдер кутарди. “Ҳа, Спендер, бўш келма, — ўйларди у. — Ўзинг ўйлаганингдек, туёғингни шиқиллат! Яна бир неча дақиқадан кейин кеч бўлади. Кет, кейин яна чиқасан. Хўш! Кетаман деб айтувдинг-ку. Ўзинг қидирган мана бу мағораларга гумдон бўлсанг-чи, кириб ол-да, бир ой, бир йил, кўп йиллар ётавер. Ўзингнинг ғаройиб китобларингни ўқи, эҳром ҳовузларингда чўмил. Қани, ҳой одамвачча, фурсат ғаниматда қуён бўлиб қолсанг-чи”.

Спендер жойидан қимир этмасди.

“Унга нима бўлган ўзи?” — сўради ўзидан капитан.

У тўппончасини олди. Одамларнинг бир панадан бошқа панага чопиб ўтишларини кузатиб турди. Мўъжазгина, шинам марс қишлоғи минораларига кўз солди — бамисоли қуёш нуридан чарақлаган кунгирадор ўйма шахмат доналарига ўхшарди улар сўнг. Нигоҳини харсангларга ва Спендернинг кўкрагини кўрсатиб турган оралиққа олди.

Ғазабдан ўкирганча Паркхилл олдинга отилиб чиқди.
— Йўқ, Паркхилл, — деди капитан. — Сизнинг бундай қилишингизга мен йўл қўёлмайман, бошқа бировга ҳам. Ичингиздан ҳеч бирингизга. Мен ўзим.

У тўппончасини кўтариб нишонга ола бошлади.

“Бундан кейин менинг виждоним соф бўлармикан? — сўради ўзидан капитан. — Буни ўз зиммамга олиб, тўғри қилаяпманми? Ҳа, тўғри. Биламан. Нима қилаётганимни ва нима учун қилаётганимни биламан. Нима қилсам, ҳаммаси тўғри, ахир буни мен қилишим кераклигига имоним комил-ку. Бу қароримни бир умр оқлаб ўтишимга умид ҳам қиламан ва ишонаман”.

У Спендерга бошини ирғаб қўйди.
— Кетдик! — қичқирди у шивирлаб; табиийки буни ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади. — Яна ўттиз сония муҳлат бераман сенга, ўттиз сония.

Билагидаги соат чиқ-чиқ қилар эди. Капитан милнинг югуришини кузатди. Унинг одамлари чопиб олдинга ҳаракат қилишди. Спендер жойидан қимир этмас эди. Соат узоқ ва жуда қаттиқ, тўғри капитаннинг қулоғига чиқиллар эди.
— Кет, Спендер, тезроқ кет!

Ўттиз сония ўтиб кетди.

Тўппонча ҳамон нишонда эди. Капитан чуқур хўрсинди.
— Спендер, — деди у уф тортиб.

У тепкини босди.

Қуёш нурида тош узра ихчамгина чанг булутчаси пайдо бўлди — бор-йўғи шу! Ўқ овози акс садо бериб янгради-ю, дарров тинди.

Капитан ўрнидан турди-да, одамларга қараб қичқирди:
— У ўлди.

Улар ишонишмади. Улар турган жойидан харсанглар ўртасидаги очиқ тирқиш кўринмасди. Улар капитаннинг ёнбағирдан юқорига қараб бир ўзи чопиб бораётганини кўриб туришарди ва у ё жуда ботир, ёки ақлдан озган деган қарорга келишди.

Бир неча дақиқа ўтгандан кейингина улар капитаннинг кетидан чопишди. Улар жасад атрофига тўпланишди, шунда кимдир сўради:
— Юрагидан отибдими?

Капитан кўзини ерга олди.
— Юрагидан, — деди у. У Спендернинг жасади остидаги тош ранги ўзгараётганини пайқади. — У нега кутиб турганини билмоқчиман. У ўзи ўйлагандек нима учун кетмаганини билмоқчиман. У нега уни ўлдиришларини кутиб турганини билмоқчиман.
— Ким билади? — деди кимдир.

Спендер эса уларнинг олдида ётарди, унинг бир қўли тўппончани қисиб олган, иккинчи қўлида эса қуёшда чарақлаб турган кумуш китоб бор эди.

“Балки буларнинг барчаси мен туфайлидир? — сўради капитан. — Уларга қўшилишни рад этгани учундир? Балки мени ўлдиришга Спендернинг қўли бормагандир? Ким билсин, мен улардан нимам биландир фарқ қиламан. Балки, ҳамма гап шундадир. У, эҳтимол, менга ишонса бўлади, деб ўйлагандир. Ёки бошқа жавоб ҳам борми?”

Бошқа жавоб йўқ эди. У жасад олдида чўнқайиб ўтириб олди.

“Мен буни ўзимнинг ҳаётим билан оқлашим керак. Энди мен уни алдай олмайман. Борди-ю, у мен нимам биландир унга ўхшаганим учун мени ўлдирмаган бўлса, унда мен жуда кўп ишлар қилишим керак бўлади! Ҳа, ҳа, албатта, шундай бўлади. Мен — ўша Спендерман, у менинг вужудимда яшаб қолади, ўқ узишдан олдин фақат мен ўйлайман. Мен умуман ўқ узмайман, ўлдирмайман. Мен одамларни бошқараман. У мени ўзидан, фақат бошқа шароитларда кўргани учунгина мени ўлдира олмас эди.”

Капитан бошининг орқасини қуёш куйдираётганини ҳис қилди. Унинг қулоғига ўзининг овози чалинди:
— Эҳ, ўқ узишдан олдин мен билан гаплашганда эди, — бирон-бир чорасини топган бўлармидик.
— Қанақа чора? — тўнғиллади Паркхилл. — Унинг билан бизнинг зуваламиз бошқа-бошқа жойдан олинган-ку.

Пасттекислик, қоялар, мовий осмон — барчасини азбаройи жазирама иссиқ қоплаб олганидан қулоқлар шанғиллаб кетар эди.
— Дарвоқе, сиз ҳақсиз, — деди капитан. Бизларнинг ҳеч қачон мошимиз очилмасди. Спендер билан мени эса гапиришга ҳам ҳожат йўқ эди. Аммо Спендер билан сиз ва сизга ўхшаганлар — икки дунёда ҳам муроса қилолмас эди. Айтадилар-ку: “экканингни ўрасан” деб, шундай бўлди ҳам. Флягани олинг, бир қултум ютай.

Спендерни бўш гўрга дафн қилиш таклифи капитаннинг ўзидан чиқди. Гўрни қадимги марс қабристонидан топишди. Улар Спендернинг қўлларини кўкрагига чалиштириб, кумуш тобутга жойлаштиришди ва ўн минг йил аввал тайёрланган шам ва мусалласларни ҳам унинг ичига қўйишди. Гўрни ёпаётиб, улар кўрган охирги нарса Спендернинг жонсиз чеҳраси бўлди.

Улар қадимги хилхонада туришарди.
— Вақти-вақти билан Спендерни эслаб турсангиз ёмон бўлмасди, — деди капитан.

Улар хилхонадан чиқишди ва мармар эшикни зичлаб ёпиб қўйишди.

Эртасига Паркхилл ўлик шаҳарларнинг бирида нишонга қараб ўқ узиш пойгасини ўтказишга қарор қилди — у биллур деразаларни нишонга олар ва нафис минораларнинг учини чўрт учирар эди. Капитан Паркхиллни тутиб олди-да, тишини тутдай тўкди.

Август 2001 - Ўзга Юртликлар

Ерликлар Марсга учиб кела бошладилар.

Учиб келишларининг боиси, улар нимадандир қўрқар эдилар ва айни замонда ҳеч нимадан қўрқмас эдилар, чунки улар бахтли ва бахтсиз эдилар, ўзларини зиёратчилар деб ҳис қилар эдилар ва зиёратчилар деб ҳис қилмас эдилар. Ҳар бирининг ўз сабаби бор эди. Улар жонларига теккан хотинларини ёки жонларига теккан ишларини ёки жонларига теккан шаҳарларини ташлаб келган эдилар; ниманидир топиш ёки нимадандир қутулиш ёки ниманидир қазиб олиш, ниманидир кавлаб олиш, ёки ниманидир ернинг тагига яшириб қўйиш, ёки ниманидир абадий унутиш учун учиб келар эдилар. Улар катта умидлар билан, кичкина умидчалар билан, бутунлай умидсиз учиб келар эдилар. Бироқ кўплаб шаҳарларда тўрт рангли шиорларда ҳукмдор бармоқ амрона кўрсатиб турар эди: сен учун осмонда иш бор — Марсга бор! Шундай қилиб, одамлар йўлга тушар эдилар; тўғри, аввалига улар оз-оз эдилар, нари борса, ўнтадан — аксариятлари ракета осмонга ўқдек отилишидан бурунроқ ўзларини ёмон ҳис қила бошлаган эдилар. Бу касалнинг номи ёлғизлик эди, чунки у ерда, ҳов пастда жонажон шаҳринг аввал муштумдек, кейин лимон донасидек, кейин тўғнағич бошчасидек, ниҳоят кичрая бориб, охири реактивнинг олов оқими остида бутунлай кўринмай кетганини тасаввур қилишинг ҳамон сенда шундай бир туйғу пайдо бўладики, гўё сен ёруғ оламда ҳеч қачон туғилмагансан, ҳеч қаерда ҳеч қанақа шаҳар бўлмаган, сен ҳам ҳеч қаерда бўлмагансан, чор атрофинг бўм-бўш коинот, биронта ҳам таниш одам йўқ, нуқул бегона одамлар. Штатингни — Иллинойс ёки Айовами, Миссури ёки Монтанами, булутлар қаърига кириб кўздан йўқолганда, бутун Қўшма Штатларни-ку, қўявер, бутун Ер сайёраси зулмат қўйнида қисилиб-қисилиб, худди номаълум ёққа учиб кетаётган ифлос кулранг коптокка айланади, — ана шунда ўзингни коинот кенгликларида мутлақо ёлғиз, якранг, якнасақ мусофир бўласан-қоласан ва олдинда сени нелар кутаётганини тасаввурингга ҳам келтиролмайсан. Дастлабки келганлар жуда озчилик бўлганига ажабланмаса ҳам бўлади. Кўчиб келганларнинг ҳоли Марсга кўчиб ўтган ерликлар миқдорига мутаносиб тарзда ўсиб борарди: бир кишига қўрқинчли, кўпчилик бўлса — унчалик эмас, аммо Ёлғизларга ўзидан бошқа ишонадиган ҳеч ким бўлмайди.

Декабр 2001 - Яшил Тонг

Қуёш ботганда у сўқмоқ ёнида ўтирди-да, ғарибгина овқат тайёрлади; сўнг пайдар-пай оғзига луқмалардан солганча ва ўйчан кавшаганча оловнинг чарсиллашига қулоқ солди. Бошқа ўттиз кунга ўхшаган яна бир кун ўтди; эрта тонгдан кўплаб шинам қазиш, сўнг уларга уруғ қадаш, тип-тиниқ каналлардан сув ташиб келтириш керак. Ҳозир, чарчоқдан ўзини қўрғошиндек оғир ҳис қилганча у осмонга қараб ётарди, осмон эса рангини ўзгартириб, кеч бўлганидан дарак бермоқда эди.

Унинг исми Бенжамин Дрискол эди, ёши ўттиз бирда. Унинг нияти битта — қандай қилиб бўлмасин, Марс ям-яшил либосга бурканса, қалин баргли баланд дарахтларга қопланса, иложи борича кўпроқ ҳаво пайдо бўлса, керак бўлса йилнинг тўрт фаслида ҳам гуркираб турса, диққинафас ёзда шаҳарларнинг ҳавосини янгиласа, қишнинг изғиринли шамолларини тўсиб турса. Дарахт нималарга қодир эмас... У табиатга ранг беради, соя ташлайди, ерни мевалари билан маъмур қилади. Ёки болалар ўйинларининг салтанатига айланади — сирпаниш, ўйинлар ўйнаш, қўлда осилиб туриш мумкин бўлган бутун бир осмоний олам десангиз-чи... У ризқ ва севинч элтувчи баҳайбат иншоот; мана дарахтнинг қудрати! Аммо энг аввало дарахт — бу ўпка учун ҳаётбахш муздек ҳаво ва ёқимли шитирлаш манбаи, у тунда сени аллалаб, сеҳрли аллалар айтади, сен эса, қордек оппоқ тоза тўшакда ётганча мириқиб тинглайсан.

У ётар ва қуёшни, ҳали-ҳамон дарак бўлмаган ёмғирларни кутганча базўр бир жойга тўпланаётган қоп-қора тупроққа қулоқ солар эди... Қулоғини ерга қўйиб у келажак йиллар гулдуросини эшитар ва бугун қадалган уруғлар яшил куртак чиқариб, ниш урганини, осмонга ўрлаб бораётганини, қатор шохлар ёяётганини ва бутун Марс қуёшли ўрмонга, чаппор урган боққа айланаётганини яққол кўриб турарди.

Эрта тонгда мўъжазгина бўзарган қуёш қатор қирлар ортидан энди-энди сузиб чиққанда у ўрнидан туради, буғи кўтарилиб турган нонуштани тез-тез туширади, ўчоқдаги қўрларни тепиб ўчиради, юк халтасини ортмоқлайди ва яна жой танлаш, кавлаш, уруғ ёки кўчат қадаш, авайлабгина ерни босиб-босиб қўйиш, суғориш ва ҳуштак чалиб очиқ осмонга қараганча яна одимлаб кетиш учун йўлга тушади, осмон эса... туш пайтига келиб осмон бутунлай ёришиб, тобора ёришиб ва қизиб боради...
— Сенга ҳаво керак, — деди у гулханга. Гулхан — бармоғини ҳазиллашиб тишлаб оладиган юзи қизил жонли ўртоғинг, салқин тунларда эса, дўстона илиқлик билан уйқули пушти кўзларини қисиб қараганча ёнгинангда мудроқ босиб ётади... — ҳаммамизга ҳаво керак. Бу ерда, Марсда ҳаво тансиқ. Сал нарсага чарчайсан. Худди жанубий Америкадаги Анд тоғларидагидек. Ҳавони ютасан-у, ҳеч нима сезмайсан, сира ҳавога тўймайсан.

У кўкрак қафасини туртиб қўйди. Ўттиз кунда роса кенгайиб кетибди-ку! Ҳа, бу ерда кўпроқ ҳаво ютиш учун ўпкани чиниқтириш керак. Ёки кўпроқ дарахт экиш керак.
— Нима учун бу ердалигимни англагандирсан? — деди у. Олов тилини чўзиб қўйди. — Мактабда бизга Жонни Олма Уруғи ҳақида ҳикоя қилиб берганди. У Америка бўйлаб юриб, олма дарахти экар экан. Менинг ишим эса ундан кўра муҳимроқ. Мен дублар, қайрағочлар ва клёнлар экаман, яна терак, каштан ва кедрлар ҳам. Мен фақат ошқозон учун мева қилмайман, балки ўпка учун ҳаво ясайман. Ўзинг ўйлаб кўр-а, бу дарахтлар охири ўсиб-ўсиб, уларда қанча қислород ишлаб чиқарилмайди дейсан!

Марсга учиб келган кун эсига тушди. Минглаб бошқалар қатори у ўшанда тинч Марс тонгига маҳлиё бўлган ва: “Бу ерни қандай ўзлаштираман? Нима қиламан? Менга яраша иш топилармикан?” — деб ўйлаган эди.

Сўнг ҳушидан кетган эди.

Кимдир нашатир спиртли пуфакчани унинг бурни тагига тиққан, у йўталиб ўзига келганди.
— Ҳечқиси йўқ, тузалиб кетасиз, — деди врач.
— Менга нима бўлган эди, ўзи?
— Бу ернинг ҳавоси жуда ҳам ёмон. Кўплар бунга чидай олмаяпти. Сиз ҳарҳолда ерга қайтмасангиз бўлмайди.
— Йўқ! — у ўтириб олди, бироқ ўша заҳоти кўз олди қоронғилашиб кетди ва назарида, Марс камида икки марта айлангандек бўлди. Бурун катаклари кенгайди, у зўрлаб ҳавони ичига ютишга ҳаракат қилди. — Жинни бўлиб қоламан. Мен шу ерда қоламан.

Уни ўз ҳолига қўйиб қўйишди; у худди қумдаги балиқдек ётар, оғзини каппа-каппа очиб нафас олар ва ўйларди: “Ҳаво, ҳаво. Улар битта ҳаво деб мени бу ердан ҳайдамоқчи бўлаяптилар”. Шундай дея у Марс қирлари ва текисликларини кўриб олиш учун бошини бурди. Қараб туриб у кўрган биринчи нарса шу бўлди: узоқда ҳам, яқинда ҳам ҳеч бўлмаса битта дарахт кўринмайди. Бу ўлка бамисоли худонинг қарғишини олгандек, чор атрофда қора чиринди ястанган, унда эса лоақал бир дона майса кўзга ташланмайди. “Ҳаво, — ўйларди у рангсиз ниманидир ичига ютиб пишиллаб нафас олганча. — Ҳаво, ҳаво, ҳаво...” Қирларнинг учларида ҳам, соядор ёнбағирликларда ҳам, ҳаттоки дарё ёқасида ҳам на бир дарахт, на бир майса кўринарди.

Бўлмасам-чи! Жавоб унинг миясида эмас, томоғида, ўпкасида туғилди ва бу соф кислород қултумидек фикр бирдан унга далда бағишлади. Дарахтлар ва майсалар. У қўлларига қаради ва кафтининг орқасини ўгирди, у майса ва дарахт экади. Мана унга иш: унинг бу ерда қолишига халақит бераётган нарсага қарши курашиш. У Марсга қарши уруш эълон қилади — алоҳида, агробиологик уруш. Қадимий Марс тупроғи... Унинг ўз кўкатлари шунча миллионлаб йиллар ўсиб, ниҳоят ёшини яшаб, тугаб-битган. Борди-ю, янги турлар экилса-чи? Қишки дарахтлар — шохдор мимозалар, мажнунтоллар, магнолиялар, улуғвор эвкалиптлар. Унда-чи? Бу ернинг тупроқларида қанақанги ўғит бойликлари яшириниб ётганини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Буларга одам қўли тегмасин, чунки қадимги папоротниклар, гуллар, бутоқлар, дарахтлар сувсизликдан қуриб битган.
— Мен туришим керак! — қичқирди у. — Мен Координаторни кўришим керак!

Ярим кун у ва Координатор яшил либосдаги қандай ўсимликлар ўсиши ҳақида гаплашишди.

Бир текисда кўчат экишни бошлаб юборишдан олдин, йиллар бўлмаса ҳам, ойлар ўтар. Унгача озиқ-овқатни ердан музлатилган ҳолда учар сумалакларда етказиб туришади; фақат бир неча ҳаваскорларгина гидропон усулида боғ барпо этишган.
— Шундай қилиб, ҳозирча, — деди Координатор, — ўзингиз ҳаракат қилинг. Уруғни бир амаллаб топармиз, асбоб-ускуналарни ҳам, ҳозир ракетада жой оз. Дастлабки кўчиб келувчилар кон билан боғлиқ бўлгани учун сизнинг яшил бойлик ўтқазиш лойиҳангиз муваффақият қозонолмайди, деб қўрқаман.
— Аммо сиз менга рухсат берасизми?

Унга рухсат беришди. Мотоцикл ажратишди, у юкхонани уруғ ва кўчатлар билан тўлдирди, чўл воҳага қараб йўл олди, машинани қолдирди-да, ишлаган кўйи яёв олға юриб кетди.

Бу ўттиз кун олдин бошланган эди, ўша пайтдан буён бирон марта ҳам орқасига ўгирилиб қарамади. Ўгирилиб қарадими, — демакки, ҳафсаласи пир бўлибди: ҳаво ҳаддан ташқари қуруқ эди. Лоақал битта уруғнинг униб чиқишига-да киши кўзи етмасди. Балки, жангда бой бергандирман? Тўрт ҳафталик меҳнат ҳавога учиб кетдими? У олдинга, фақат олдинга қарарди. Икки кўзи қуёшли водийда, Биринчи Шаҳардан ҳам нарида эди ва ёмғир, фақат ёмғир ёғишини кутар эди.

... У адёлни елкасига тортди; қовжираган қирлар узра булут тўдалари пайдо бўлди. Худди вақт каби Марс ҳам беқарор. Офтобда куйган қирлар тунги қировларни тутиб қолган эди, у эса бой қора тупроқ ҳақида — шундай қора ва ялтироқки, ҳовучингга олсанг, ёғдек оқади, қудратли, баҳайбат ловия поялари униб чиқадиган ва ерни титроққа солувчи ақл бовар қилмас улкан доналар пояларни ергача эгадиган тупроқ ҳақида ўйларди.

Мудроқ гулхан бирдан тўзгандек бўлди. Ҳаво титраб кетди: узоқдан арава елиб келарди. Момақалдироқ. Кутилмаган нам ҳиди. “Бугун тунда, — ўйлади у ва ёмғир ёғаётганлигини текшириб кўриш учун қўлини чўзди. — Бугун тунда”.

Унинг қошига нимадир тегиб ўтди ва у уйғониб кетди. Бурнидан лабига томчи думалаб тушарди. Иккинчи томчи кўзига келиб тушди ва бир лаҳза кўзини туман қоплади. Учинчиси юзига келиб урилди.

Ёмғир.

Муздек, ёқимли, майин ёмғир баланд осмонда шивалаб ёғарди — муаттар жозибалар, юлдузлар, ҳаво билан тўлиқ сеҳрли суюқлик; у ўзи билан гармдоридек қоп-қора чангни келтирар, тилда узоқ сақланган эски шароб таъми қолдирар эди.

Ёмғир.

У ўтирди. Адёл елкасидан тушиб кетди ва мовий кўйлагида қоп-қора доғлар пайдо бўла бошлади; томчилар тобора йириклашиб бормоқда эди. Гулхан худди устидан оловни топтаб, кўринмас айвон ўйнаётганга ўхшаб кўринар эди; ниҳоят жаҳлдор тутунгина қолди. Ёмғир ёға бошлади. Улкан қора осмон гумбази тўсатдан олти мовий бўлакка бўлиниб кетди-да, пастга қулади. У ўн миллиардлаб ёмғир томчиларини кўрди, томчилар электр фотограф чирқ этиб суратга олгулик вақт давомида шу тушиб келишида қотиб турдилар. Сўнг яна зулмат ва сув, сув...

Унинг аъзои бадани жиққа ҳўл бўлди, бироқ ўтирган кўйи юзини кўтариб кулар ва томчилар қовоқларига келиб урилар эди. У чапак чалди-да, ирғиб оёққа турди ва ўзининг мўъжазгина қароргоҳини бир айланиб чиқди; тунги соат бир эди.

Ёмғир тўхтовсиз икки соат қуйди, сўнг тинди. Ёмғирда ювилган юлдузлар шундай чарақлаб нур соча бошладики, ҳали ҳеч қачон бунақаси бўлмаган эди.

Бенжамен Дрисколл пластик сумкасидан қуруқ кийимини олди-да, кийимларини алмаштирди, ўрнига чўзилиб мамнун ҳолда тинч уйқуга кетди.

Қуёш қирлар ўртасидан аста кўтарила бошлади. Унинг нурлари деворлар оша ердан оҳиста сузиб кетди ва Дрисколлни уйғотиб юборди.

У ўрнидан туришдан олдин хиёл тараддудланди. Бир ой, узоқ давом этган жазирама бир ой ишлади, ишлади ва кутди... Аммо бугун ўрнидан туриб, у биринчи марта келган томонига бурилиб қаради.

Тонг ям-яшил эди.

Дарахтлар кўз илғамас даражада осмонга бўй чўзиб турарди. Битта эмас, иккита эмас, ўнта эмас, у қанча уруғ ва кўчатлар қадалган бўлса, ўшанча — минглаб дарахтлар қад ростлаб турарди. Бунинг устига, аллақандай бутоқ-мутоқлар эмас, йўқ, нозик дарахтчалар ҳам эмас, балки бақувват танали, баландлиги уйдек келадиган шовуллаган дарахтлар, барглари кўм-кўк, барчасининг улкан таналари қуёшнинг заррин нурларига кўмилиб, шамолда қаттиқ шитирлар, қир ёнбағирларида узун-узун сафланиб кўринар эди, булар лимон дарахтлари ва липалар, саквоя ва мимозалар, дублар ва қайрағочлар, тераклар, олчалар, клёнлар, олма дарахтлари, пўртаҳол дарахтлари, эвкалиптлар — барча-барчаси челаклаб қуйган ёмғирдан ва бегона сеҳрли тупроқдан бирданига авж олиб кетган эди. Унинг кўз ўнгида янги шохлар тарвақайлаб ўсиб чиқмоқда, янги куртаклар ниш урмоқда эди.
— Наҳотки! — деб юборди Бенжамен Дрисколл.

Аммо воҳа ва тонг ям-яшил эди.

Ҳаво-чи!

Ҳамма томондан худди жонли оқимдек, худди тоғ дарёсидек тоза ҳаво, кислород оқиб келмоқда ва дарахтлар яшил либосга бурканмоқда эди. Қараб туриб унинг осмонда биллур мавжлар ила қуйилиб келаётганидан дод деб юборгинг келади. Кислород — яп-янги, топ-тоза, ям-яшил, муздек кислород воҳани дарё ўзанига айлантирган эди. Яна бир лаҳзадан кейин шаҳарда эшиклар ланг очилади, одамлар мўъжизани қарши олгани ташқарига югуриб чиқадилар, уни юта бошлайдилар, кўкракларини тўлдириб ичларига тортадилар, ёноқлари қип-қизил бўлади, бурунлари музлайди, ўпкалари янгидан жонланади, юраклари гурс-гурс тепа бошлайди ва чарчоқ таналари рақсдан у ёқдан-бу ёққа бориб-келиб парвоз қила бошлайди.

Бенжамен Дрисколл нам яшил ҳавони чуқур-чуқур ичига тортди ва ҳушидан кетди.

У ўзига келгунча қаршисида сариқ қуёш нурлари остида яна беш минг дарахт униб чиққан эди.

Феврал 2002 - Мўр-Малах

Ракеталар қуруқ ўтлоқзорни куйдирар, тошни оловга, дарахтни кўмирга, сувни буғга айлантирарди, қум ва кварцдан яшил шиша қуярди; гўё ўзида ракета ҳужумини акс эттирувчи ойна бўлакларидек, у ҳамма жойда ётар эди. Ракеталар, ракеталар, худди тунда чертилган ноғорадек. Ракеталар чигирткадек чириллаб, пушти тутун пўртанасига келиб қўнар эдилар. Ракеталардан болға тутган одамлар тўкилиб тушар эдилар: ўзга оламни ўзлари хоҳлагандек шаклга келтириб, кўзларига ғалати кўринган ҳамма нарсани йўқотардилар, пўлат тишли йиртқичдай оғизларига тишлаб олган михларни битта-битта қўлларига олиб, уйларнинг синчига қоқар, том ёпар эдилар. Нима қилиб бўлса ҳам тезроқ бегона ваҳимали юлдузлардан яшириниш керак-ку; тунда бошпана бўлиш учун яшил пардаларни осар эдилар. Кейин дурадгорлар навбатдаги ишга шошилардилар ва гулли туваклар, гулдор чит кўйлакли, кастрюл кўтарган аёллар пайдо бўлар эдилар ва эшиклар ортига, парда тутилган деразалар оралиғига яширинган Марс сукунатини бузиб, аёллар ошхонани бошларига кўтарар эдилар.

Олти ой ичида яйдоқ сайёрада минглаб чирсилловчи, зинғилловчи неон найчалари ва сариқ электр лампочкалари бўлган ўнлаб шаҳарчалар қад кўтарган эди. Марсга тўқсон мингдан ортиқроқ одам келиб бўлганди. Ерда эса бошқалар ҳам жомадонларини ҳозирлай бошлашган эди...

Август 2002 - Тунги Учрашув

Мовий тоғларга жўнаш олдидан Томас Гомес ёлғиз бензоколонка ёнида тўхтади.
— Ёлғиз зерикмаяпсизми, дадажон? — сўради Томас.

Чол латта билан унча катта бўлмаган юк машинасининг ойнасини артди.
— Унчалик эмас.
— Хўш, Марс сизга ёқадими, бобой?
— Зўр. Ҳар доим бир янги нарса бўлиб туради. Бултур бу ерга келганимда даставвал сенга айтган эдим: олдинга қарама, ҳеч нарса талаб қилма, ҳеч нарсага ҳайрон бўлма. Ерни унутиш керак, бўлган ҳамма гапларни унутиш керак. Энди кўзга қараб юрмаса, кўникиб бормаса ва бу ерда ҳамма нарса унақа эмаслигини, ҳамма нарса бошқача эканини тушуниб бормаса бўлмайди. Бу ерда об-ҳаво бир хил — бундан ортиқ масхаравозлик бўладими, бу Марс иқлими эмиш. Кундузи дўзахи алим, тунда жаҳаннам. Гуллари ҳам ғалати, ёмғири ундан ғалати — ҳар қадамда кўз кўриб қулоқ эшитмаган нарсалар! Мен бу ерга ором олгани келган эдим, ҳамма нарса бошқача бўлган жойда қолган умримни ўтказаман, деб ўйлагандим. Кекса одамга бу жуда ҳам муҳим — муҳитни алмаштириш. Ёшларга гапиришнинг ҳожати йўқ, бошқа чолларни эса худо уриб қўйган. Битта мен таваккал қилдим. Томоша қилиб тўймайдиган, чор атрофда ўйин-кулги авж олган кўнглимдагидек шундай бир ғалати жойни топишга жазм қилдим. Мана, мана бу бензоколонкага келиб жойлашиб олдим. Агар ғала-ғовур жонимга тегса, шартта қорамни ўчираман-да, биронта эски, тинчроқ йўлга кўчиб оламан; кундалик ризқимга пул топсам бўлди-да, ундан кейин у ерда ҳамма нарса Марсда нега бунчалик оёғи осмондан эканини тушуниб олишимга вақтим бўлади.
— Чакки ўйламагансиз, дадажон, — деди Томас; унинг қорача қўллари дам олганча рул чамбари устида ётарди. Унинг кайфияти аъло эди. Кетма-кет ўн кун бир янги қишлоқда ишлади, энди икки кун таътил олиб, байрамга кетмоқчи бўлиб турибди.
— Энди бошқа ҳеч нарсага ҳайратланмай ҳам қўйганман, — давом этди чол, — томоша қиламан, вассалом. Таассурот тўплаяпман десам ҳам бўлади. Агар сенга мана шу Марс ёқмаётган бўлса, яхшиси, Ерга қайтиб кета қол. Бу ерда ҳаммаси оёғи осмондан: тупроқ, ҳаво, каналлар, туб одамлар, (тўғри, мен ҳали улардан биттасини ҳам кўрганим йўқ, лекин айтишларича, улар аллақаерларда кезиб юрар эмишлар), соатлар; менинг соатим ҳам фириб бера бошлаган. Бу ерда ҳатто вақт ҳам оёғи осмондан. Гоҳо туриб-туриб бу лаънати сайёрада мендан бошқа битта ҳам тирик жон йўқ, битта ўзимман, деб ўйлаб қоламан. Бўм-бўш. Гоҳида эса гўё мен саккиз яшар болакайман. Чиллаширман, атрофдагилар эса барчаси отдай соғлом! Худо ҳаққи, бу ер кекса одам учун бопта жой экан. Бу ерда мудраш йўқ экан, қандайдир бахтли бўлиб қолдим. Биласанми, Марс нима дегани? У менга етмиш йил олдин рождествода совға қилишган нарсани бир чақага олмайди. Билмадим, бундай нарсани сен қўлингга олиб кўрганмикансан: уларнинг калейдоскопи эмиш, ичида биллур парчалари, лахтаклар, мунчоқлар, ҳар турли майда-чуйда тақинчоқлар... Уларнинг орасидан қуёшга қарасанг — оғзинг ланг очилиб қолади! Бошдан-оёқ кашта! Ана шунақа! Марс дегани шу бўлади. Агар уни ўзингдан бегона қилишни истамасанг, томоша қилиб лаззатлан-у, бирон нарса сўрама. Эй, худо, биласанми, йўқми, мана бу кўриб турганинг катта йўлни марсликлар ўн олти аср муқаддам ётқизишган, лекин ҳалигача шундай турибди! Бир доллар ва эллик центни чўзиб қўй-да, оқ йўл, марҳамат, кетавер!

Томас сўзсиз жилмайганча машинасини эски шосседан учириб кетди.

Тоғлар оралаб узоқ юришди, қоронғиликлардан ўтишди, у рулни ушлаб кетар экан, ора-сира бир қўлини саватга суқиб, у ердан дирилдоқ олар эди. Тўхтовсиз бир соатдан кўпроқ елиб келишаётган бўлса-да, рўпарадан битта ҳам машина, битта ҳам чироқ учрамади, фақат тасмадек чўзилган йўл, моторнинг тариллаши-ю, ғувиллаши ва атрофни қамраб олган сокин, унсиз Марс кўзга ташланади, холос. Марс — ҳар доим тинч, бу тун эса ҳар доимгидан ҳам тинчроқ эди. Томаснинг кўз олдидан чўллар, қуриб қолган денгизлар, юлдузлар оралиғидаги чўққилар лип-лип ўтар эди.

Бугунги тунда ҳавода Вақт ҳиди анқирди. Миясига келган бу фикрдан у хаёлан жилмайиб қўйди. Ёмон фикр эмас. Аслида-чи? Вақтнинг ҳиди қанақа бўлади? Чангми, соатми, одамми? Бундоқ ўйлаб кўрганда бу вақт дегани ўзи қанақа бўлади? Эшитса бўладими? У бир қарасанг зим-зиё мағорада шилдираб тушаётган сув, бир қарасанг чорлаётган товуш, бир қарасанг бўш қути қопқоғига тўкилаётган тупроқнинг шувуллаши, бир қарасанг ёмғир. Қани, юраверайлик-чи, вақтнинг қандай кўринишини сўраб олармиз. У қоп-қоронғи қудуққа товушсиз учиб тушаётган қорнинг ўзгинаси ёки худди пастга, ҳеч нарсанинг ичига тушаётган, янги йил шарларига ўхшаган юз миллиардлаб чеҳралар сувратга олинган қадимий товушсиз фильм. Вақтнинг ҳиди ана шунақа бўлади ва унинг кўриниши ҳамда қулоққа эшитилиши ҳам худди шунақа бўлади. Бугунги тунда — Томас бир қўлини ён дарчадан чиқарди, — бугунги тунда уни ҳатто қўл билан пайпаслаб кўрса ҳам бўладигандек туюлаяпти.

У машинани Вақт тоғлари ичидан ҳайдаб борарди. Нимадир бўйнига қадалди ва Томас диққат билан олдинга қараганча, гавдасини тиклади.

У бир мўъжазгина ўлик марс шаҳарчасига кириб келди, моторни ўчирди ва уни қуршаб турган сукунат қўйнига кўзларини тикди. Нафасини ичига ютганча у кабина ичидан ой нурига чўмилган, неча асрларки, ҳеч ким яшамаётган оппоқ биноларга разм солди. Ҳашаматли, тўкис бинолар, вайрон бўлган эса-да, барибир муҳташам эди.

Моторни ўт олдириб, Томас яна бир-икки мил юрди, сўнг яна тўхтади, машинадан чиқди, қўлида корзинкаси билан чанг босган шаҳарга назар солиш мумкин бўлган тепалик устига кўтарилди. Термосни очди ва ўзига бир финжон қаҳва қуйди. Шундоқ ёнгинасидан тун қуши учиб ўтди. Унинг юраги ҳайратомуз даражада тинч, хотиржам эди.

Беш дақиқача ўтгач, Томаснинг қулоғига қандайдир товуш чалинди. Қадимги тош йўл муюлишида кўздан йўқолган ҳув тепаликда у аллақандай ҳаракатни пайқади, хирагина ёғду кўринди, сўнг заиф тариллаган овоз эшитилди. Томас финжонни қўлида ушлаганча орқасига ўгирилди. Тоғдан ғалати бир нарса тушиб келарди. Бу сарғиш-яшил ҳашаротга, хонқизига ўхшаган машина эди, у сонсиз яшил биллурдек жимирлаганча, ёқут кўзларини чақнатиб муздек ҳавода равон юриб келар эди. Машинанинг олтита оёғи қадимги тош йўлда шивалаётган ёмғирдек майин айланарди. Машина орқасидан эса Томасга эритилган олтин тусли кўзлари билан бир марслик қараб турарди.

Томас қўлини кўтарди ва хаёлан: “Салом!” деб қичқирди, бироқ лаблари қимирламади. Чунки бу марслик эди. Бироқ Томас қирғоқларида нотаниш одамлар юрган мовий дарёларда, Ерда сузар, ёт уйларда ёт одамлар билан овқатланар ва ҳар доим унинг энг яхши кўрган қуроли табассум бўлар эди. У ёнида тўппонча олиб юрмасди. Ҳозир ҳам Томас гарчанд юрагининг бир четида ваҳима яшириниб турган бўлса-да, бунга ҳожат сезмаётган эди.

Марсликнинг ҳам қўлида ҳеч нарса йўқ эди. Муздек ҳаво орасидан улар бир-бирига бир сонияча қараб туришди.

Биринчи бўлиб Томас сўз қотди.
— Салом! — деди у.
— Салом! — деди марслик ўзининг тилида.

Улар бир-бирини тушунишмади.
— Сиз “Салом” дедингизми? — иккаласи бараварига сўради.
— Нима дедингиз? — давом этишди улар ҳар қайси ўзининг тилида.

Иккаласи ҳам қовоғини уйиб олди.
— Сиз кимсиз? — сўради Томас инглизчалаб.
— Сиз бу ерда нима қилаяпсиз? — ановининг лаблари марсликча қимирлаб деди.
— Қаёққа кетаяпсиз? — сўради ҳар иккаласи жиддий тарзда.
— Менинг исмим Томас Гомес.
— Менинг исмим Мью Ка.

Улардан биронтаси ҳам наригисини тушунгани йўқ, бироқ ҳар бири бармоғи билан ўзининг кўксига нуқиди ва иккаласининг ҳам гапи бир-бирига тушунарли бўлди.

Бирдан марслик кулиб юборди.
— Шошманг!

Томас, гарчанд унга ҳеч ким тегмаган бўлса-да, бошига нимадир теккандек бўлди.
— Мана шунақа! — деди марслик инглизчалаб. — Энди ишлар жўнашиб кетади.
— Сиз менинг тилимни шунча тез ўрганиб олдингизми?
— Сизни қаранг-у!

Иккаласи ҳам нима дейишини билмай, Томаснинг қўлидаги қайноқ қаҳвали финжонга қарашди.
— Бирон янги гап борми? — сўради марслик унга ва финжонга қараганча, афтидан, у уни ҳам, буни ҳам ўзича тасаввур қилиб.
— Бир финжон қаҳва ичасизми? — таклиф қилди Томас.
— Катта раҳмат.

Марслик ўз машинасидан сирғалиб чиқди.

Иккинчи финжонга тўлдириб қайноқ қаҳва қуйилди. Томас уни марсликка узатди.

Уларнинг қўллари тўқнашди ва худди туман орасидан ўтгандек бирининг қўли иккинчисининг ичига кирди.
— Ё Исо Масиҳ! — деб юборди Томас ва финжон қўлидан тушиб кетди.
— Осмон кучлари! — деди марслик ўзининг тилида.
— Нималар бўлганини кўргандирсиз? — шивирлаб дейишди улар.

Иккаласининг ҳам қўрқувдан баданидан муздек тер чиқиб кетди.

Марслик финжонга эгилди, бироқ уни ҳеч ололмасди.
— Ё тавба! — оҳ тортиб юборди Томас.
— Қани, қани! — марслик финжонни тутиш учун қайта-қайта уринди, бироқ ҳеч уддалай олмади. У қаддини ростлади, бирпас ўйлаб турди, кейин камаридан пичоқни суғуриб олди.
— Ҳой! — қичқирди Томас.
— Сиз тушунмадингиз, ушлаб олинг! — деди марслик ва пичоғини отди.

Томас бир-бирига жуфтлашган кафтларини тутиб берди. Пичоқ қўлларининг орасидан ерга тушди. Томас уни ердан олмоқчи бўлди, бироқ уни тута олмади ва титраб-қақшаганча орқага тисарилди.

У гавдасини осмонга тутиб турган марсликка қаради.
— Юлдузлар! — деди Томас.
— Юлдузлар! — такрорлади марслик Томасга қараб.

Марсликнинг гавдаси орқасидан ёрқин, оппоқ юлдузлар чарақлаб турарди, унинг вужуди бамисоли учқунлар сачраб турган қировли нафис медуза қобиғидек юлдузлар билан безатилганди. Марсликнинг кўкраги ва қорни устида сиёҳранг кўзлардек юлдузлар жимирлар, билакларида жавоҳирот ялт-ялт қиларди.
— Мен сизнинг гавдангиздан нарёқни кўриб турибман! — деди Томас.
— Мен ҳам сизнинг гавдангиздан нарёқни кўраяпман! — жавоб берди марслик бир қадам ортга чекиниб.

Томас ўзини пайпаслаб кўрди, ўз танасининг ҳақиқий иссиқлигини ҳис қилди ва кўнгли хотиржам бўлди. “Ҳаммаси жойида, — ўйлади у, — мен яшаяпман”.

Марслик қўли билан ўзининг бурни, лабини туртиб кўрди.
— Мен ҳам жисмсиз эмасман, — паст овозда деди у. — Жоним бор!

Томас унга маънодор қаради.
— Аммо агар мен яшаётган бўлсам, демак сиз — ўликсиз.
— Йўқ, сиз ўликсиз!
— Рўё!
— Арвоҳ!

Улар бармоқлари билан бир-бирларини кўрсатишар ва юлдуз нури худди ханжар дамидек, худди муз сумалакдек, худди тиллақўнғиздек уларнинг қўллари учида чақнар ва тўкиларди. Улар яна ўз туйғуларини текшириб кўришди ва ҳар бири ўзининг тўрт мучаси соппа-соғлигига ва ҳаяжон, жўшқинлик, эҳтирос, ҳайрат билан чулғанганига амин бўлди, ҳар бири наригисини олисдаги оламлар ёғдусини тутиб олувчи ва ўзидан таратувчи шаффоф призма, бор бўлмаган нарса деб билар эди...

“Мен мастман, — деди ўзича Томас. — Эртага мен бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этмайман!”

Улар қадимги тош йўл устида туришарди ва ҳар иккаласи ҳам жойидан жилмасди.
— Қаердан келгансиз? — сўради ниҳоят марслик.
— Ердан.
— У нима дегани?
— У ёқдан. — Томас бош ирғаб осмонга ишора қилди.
— Қачондан бери?
— Биз бир йил аввал учиб келган эдик, наҳотки эсингизда бўлмаса?
— Йўқ.
— Сизлар эса бу вақтга келиб тугаб-битгандингиз. Қарийб битта қолмай. Сизлардан жуда кам қолган — наҳотки шуни ҳам билмасангиз?
— Бу тўғри эмас.
— Мен сизга айтаяпман-ку, тугаб-битгансизлар, деб. Жасадларни ўз кўзим билан кўрдим. Хоналарда, барча уйларда қорайган жасадлар ётибди ва ҳаммаси ўлик. Минглаб жасад.
— Нималар деяпсиз, бизлар тирикмиз!
— Мистер, барчангизни юқумли касаллик қириб юборган. Қизиқ, наҳотки бундан бехабарсиз? Сиз бир бало қилиб жон сақлаб қолгансиз.
— Мен жон сақлаб қолганим йўқ, қандай қилиб ҳам жон сақлаб қолар эдим? Нималар деяётганингизни биласизми ўзи? Мен Эниал тоғлари ёнидаги канал ёқалаб байрамга кетаётган эдим, ўтган кунги тунда ўша ерда бўлган эдим. Сиз шаҳарни кўрмаяпсизми? — Марслик қўлини чўзиб кўрсатди.

Томас ўша ёққа қаради ва харобаларни кўрди.
— Ахир бу шаҳар кўп минг йиллардан буён ўлик-ку!

Марслик қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Ўлик? Мен у ерда кеча тунадим-ку!
— Мен эса ўтган ҳафта ўша ердан ўтдим, ундан олдинги ҳафтада ҳам, кўрган нарсам эса харобалардан бошқа нарса эмас! Вайрон бўлган устунларни кўраяпсизми?
— Вайрон бўлган? Мен уларни ой нурида яққол кўриб турибман. Тўғри, типпа-тик устунлар.
— Кўчаларда чангдан бошқа ҳеч нарса йўқ, — деди Томас.
— Кўчалар топ-тоза!
— Каналлар аллақачон қуриб қолган, улар бўм-бўш.
— Мусалласга лиммо-лим каналлар!
— Шаҳар ўлик.
— Шаҳар тирик! — эътироз билдирди марслик яна ҳам қаттиқроқ кулиб. — Сиз қаттиқ янглишаяпсиз. У ерда қанча карнавал чироқлари борлигини кўраяпсизми? У ерда аёллардек нафис, чиройли қайиқчалар, қайиқчалардек чиройли, нафис аёллар, бадани қум рангига ўхшаган аёллар, қўлларида ял-ял гуллар тутган аёллар бор. Мен уларни ҳов анави ерда кўчалар бўйлаб, бу ердан ипдек ингичка бўлиб кўринувчи кўчалар бўйлаб чопишаётганини кўриб турибман, ҳа, кўриб турибман. Мен худди ўша ерга бораяпман, байрамга, биз тун бўйи каналда сузамиз, қўшиқ айтамиз, ичамиз, севишамиз. Наҳотки сиз ҳеч нарсани кўрмаяпсиз?
— Мистер, бу офтобда қоқланган калтакесакка ўхшаш ўлик шаҳар. Одамларимизнинг истаган биридан сўраб кўринг. Менга келсак, Грин-Ситига — Иллинойс тош йўлидаги манзилгоҳга кетаяпман, биз уни яқингинада барпо этдик. Сиз нимададир янглишаяпсиз. Биз бу ерга Оригон ўрмонларидан энг аъло сифатли тахталардан миллион квадрат фут, энг яхши пўлат михлардан бир неча ўнлаб тонна келтирдик ва шундай ажойиб манзилгоҳ барпо этдикки, қараб тўймайсан, киши. Айни бугун шулардан бирини юваяпмиз. Ердан хотинларимиз ва қайлиқларимизни олиб, иккита ракета учиб келаяпти. Халқ ўйинлари ўйналади, вискилар ичилади...

Марслик ҳушёр тортди.
— Анови томонда деяпсизми?
— Ҳа, ракеталар турган жойда! — Томас уни тепалик чеккасига олиб келди-да, пастга ишора қилди; — Кўраяпсизми?
— Йўқ.
— Ҳов ана-ку, ҳов ана, жин урсин! Узун-узун, кумуш ранг нарсалар.
— Кўрмаяпман.

Энди Томас кулиб юборди.
— Кўзингиз қамашаяпти!
— Менинг кўзим зўр кўради. Сиз кўрмаяпсиз.
— Бўпти, бўпти, янги манзилгоҳни-чи, кўраяпсизми? Ёки буни ҳам кўрмаяпсизми?
— Океандан бошқа ҳеч нарсани кўрмаяпман — буни устига, ҳозир айни сув қайтиши пайти.
— Ҳурматли жаноб, бу океан қирқ аср муқаддам буғланиб кетган.
— Э, жуда ошириб юбордингиз.
— Лекин бу ҳақиқат, худо ҳаққи!

Марсликнинг юзи жуда ҳам жиддий тус олди.
— Шошманг. Сиз ростдан ҳам шаҳарни кўрмаяпсизми? Мен айтган шаҳарни-я? Оппоқ устунлар, силлиқ қайиқлар, байрам чироқлари — мен уларни аниқ кўриб турибман-ку! Қулоқ солинг-а! Мен ҳатто у ерда қанақа қўшиқлар айтишаётганини ҳам эшитаяпман. Ахир орадаги масофа узоқ эмас-ку!

Томас қулоқ солди-да, бошини чайқади.
— Йўқ!
— Мен эса, — давом этди марслик, — сиз тасвирлаётган нарсани кўрмаяпман. Нега бундоқ экан-а?..

Улар яна совқотгандек аста жунжикиб қўйишди, худди уларнинг баданларига муздек ниналар келиб санчилгандек бўлди.
— Балки?...
— Нима?
— Сиз “осмондан” дедингизми?
— Ердан.
— Ер — ном, қуруқ товуш... — деди марслик. — Аммо... бир соат бурун мен довондан ўтиб келаётганимда... — У энсасига қўлини текказди. — Бир нарсани сездим.
— Совуқними?
— Ҳа.
— Ҳозир ҳамми?
— Ҳа, яна совуқ. Чироққа, тоғларга, йўлга бир нарса бўлгандек эди, қандайдир ғалати нарса. Чироқ ҳам, йўл ҳам гўё ундек эмасдек, шунда вужудимда бир лаҳза шундай туйғу пайдо бўлдики, гўё мен коинотдаги энг сўнгги тирик жонман...
— Менда ҳам шундай бўлган эди! — деди Томас ҳаяжон ичида; у гўё юрагидаги сирни ишониб, қиёматлик дўсти билан суҳбатлашаётгандек эди.

Марслик кўзларини юмди ва яна очди.
— Буни фақат бир нарса билан изоҳлаш мумкин. Ҳамма гап Вақтда. Ҳа, ҳа. Сиз Ўтмишнинг хилқатисиз!
— Йўқ, сиз Ўтмишнинг хилқатисиз, — деди ерлик бироз ўйланиб туриб.
— Жуда дангал гапирасиз-а! Ҳали ким Ўтмишдан-у, ким Келажакдан эканлигини исботлаб ҳам берарсиз? Ҳозир қайси йил?
— Икки минг иккинчи йил!
— Буни қандай тушунсам бўлади? — Томас ўйланиб турди-да, елка учириб қўйди.
— Ҳеч қандай.
— Барибир, мен сизга айтсам, бизнинг йилномамизга кўра ҳозир 4 462 853 йил. Сўзлар чўт эмас, чўт эмасга ҳам арзимайдиган даражада! Бизлар юлдузлар ҳолатини аниқлайдиган соат қани?
— Харобаларнинг ўзи тайёр исбот-ку! Улар менинг Келажак эканимни айтиб турибди. Мен тирикман. Сиз эса ўликсиз!
— Менинг бутун борлиғим бундай имкониятни рад этади. Менинг юрагим уриб турибди, ошқозоним овқат бер деяпти, чанқоқдан тилим қақраб кетаяпти. Йўқ, бизлардан ҳеч биримиз на ўликмиз, на тирик. Дарвоқе, ўликдан кўра кўпроқ тирикмиз. Яна ҳам тўғрироғи, биз ўртада қолгандекмиз. Мана: тунда йўлда бир-бирига дуч келиб қолган иккита мусофир, ҳар бири ўз йўлидан кетаётган икки нотаниш одам. Сиз харобалар дедингизми?
— Ҳа. Қўрқиб кетдингизми? Майли.
— Келажакни ким кўришни истайди? Уни қачондир, кимдир кўрадими? Одам Ўтмишни кўра олиши мумкин, бироқ агар... Сиз устунлар қулаб тушди дедингизми? Денгиз қуриб қолган, каналлар бўм-бўш, қизлар ўлган, гуллар сўлган дедингизми? — Марслик жим бўлиб қолди, бироқ кейин яна шаҳар томонга қаради. — Лекин ана улар! Мен уларни кўраяпман. Менга шунинг ўзи етарли. Сиз нима десангиз денг-у, улар мени кутишаяпти.

Худди шундайин узоқда Томасни ракеталар, манзилгоҳлар, Ердан келган аёллар — барчалари кутар эдилар.
— Биз иккимизнинг ҳеч қачон мошимиз очилмайди, — деди у.
— Мошимиз очилмаслигига келишдик бўлмаса, — таклиф қилди марслик. — Ўтмиш, Келажак — барибир эмасми, фақат биз яшаб қолсак бўлди, биздан кейин бўладиган нарсалар, барибир бўлади. — Эртагами, ёки ўн минг йил кейинми. Мана бу эҳромлар — юз асрдан кейинги сизнинг тамаддунингиз қолдиқлари эмаслигини сиз қаердан билиб ўтирибсиз? Билмаймиз. Шунинг учун суриштирмай қўя қолинг. Аммо тун қисқа. Ана, осмонда байрам мушаклари порлади, қушлар парвоз қилди.

Томас қўлини чўзди. Марслик ҳам шундай қилди.

Уларнинг қўллари бир-бирига тўқнашмади — қўллар бир-бирига сингиб кетди.
— Биз ҳали учрашамиз-а?
— Ким билсин! Насиб қилса учрашиб қолармиз.
— Сиз билан байрамингизда бирга бўлгим келаяпти.
— Мен эса сизнинг манзилгоҳингизга боргим, сиз айтган кемани, одамларни кўргим, нималар бўлганини бир бошдан эшитгим келаяпти.
— Хайр, — деди Томас.
— Хайрли тун.

Марслик ўзининг яшил темир экипажида тоғ томон товушсиз елиб кетди, ерлик юк машинасини бурди-да, тескари томонга индамай ҳайдаб кетди.
— Э худо, бу қанақа туш бўлди, — уҳ тортди Томас қўлини рул устига қўйганча, ракеталар, аёллар, ўткир виски, Виржиния рақслари, олдиндаги хурсандчилик ҳақида ўйларкан...

Тун зим-зиё эди. Ойлар ботди. Фақат бўм-бўш тош йўл узра юлдузлар милтиллар эди. На тиқ этган товуш, на бир машина, на бир тирик жон, ҳеч нима йўқ эди. Муздек зим-зиё тун бўйи шундай ҳол ҳукм сурди.

Октябр 2002 - Соҳил

Марс бамисоли океаннинг узоқ қирғоғи эди, одамлар тўлқинлар каби унинг сатҳи бўйлаб ҳар томонга ёйилиб кетди. Ҳар бир тўлқин ундан олдингисига ўхшамас, бири иккинчисидан кучлироқ эди. Биринчи тўлқин кенгликларга, совуқларга, ёлғизликка ўрганган одамларни, қуриб қоқшол бўлган чиранчоқ чўпонларни келтирди, йиллар ва ноқулай об-ҳаволар уларнинг юзларини қуритиб юборган, кўзлари худди мих қалпоқчасига ўхшар, эски қўлқопга ўхшаган қавариқли тошдек қўллар тўғри келган нарсани чангаллашга тайёр эди. Улар Марсни назар-писанд қилмас, улар пасттекисликларда ва худди мана шу поёнсиз, Марс далаларидек охири йўқ дашту биёбонларда ўсган эдилар. Улар кимсасиз жойни обод қилганлар, шу боис бошқаларга анча осон бўлар эди. Улар ойнасиз ромларга ойна солар, уйларда ўтин қалаб, ўт ёқар эдилар.

Улар Марсдаги дастлабки эркаклар эдилар.

Биринчи аёллар қанақа бўлишини ҳамма биларди.

Иккинчи тўлқин билан бошқа мамлакатлардан, ўзларининг тили, ўзларининг ғоялари билан одамларни олиб келиш керак бўларди. Бироқ, ракеталар Американики бўлиб, уларда фақат америкаликлар учиб келар эдилар. Европа ва Осиё, Жанубий Америка, Австралия ва Океаниялар осмонга отилган рим шамчалари қандай ғойиб бўлишини томоша қилар эдилар, холос. Дунё уруш ёки уруш ҳақидаги фикрлар гирдобида қолиб кетган эди.

Шундай қилиб, иккинчилари ҳам америкаликлар бўлди. Ерости йўлидаги кўп қаватли вагонлар оламини ташлаб келиб, улар жону танлари билан сукунат қадрини билувчи чўл штатлардан келган тўпори эркаклар сўкишларига тўлиб-тошган хасислар жамиятида дам олар эдилар: бу сукунат Нью-Йорк кулбаларидаги, капаларидаги, тунелларидаги узоқ йиллар давом этган урҳо-ур, сурҳо-сурлардан кейин руҳий ҳордиқ олишга ёрдам берар эди.

Иккинчилар орасида кўзларига қараб айтадиган бўлсак, бамисоли арши аълога ноил бўлган худо ярлақаган банда эканликлари шундоқ кўриниб турган одамлар бор эди...

Феврал 2003 - Интермедия

Улар ўзлари билан Ўнинчи шаҳар қурилиши учун ўн беш минг футлик Орегон қарағайидан ва етмиш тўққиз минг футлик калифорния саквоясидан келтирдилар ва тош каналлар ёнидан топ-тозагина, шинамгина шаҳарча барпо этдилар. Якшанба оқшомлари черковнинг қизғиш-яшил-кўк-хира ойналари нур бериб чарақлар ва рақамланган черков оятларини куйлаётган товушлар эшитилар эди. “Энди эса 79 ни куйлаймиз. Энди 94 ни куйлаймиз”. Баъзи уйларда ёзув машинкалари тинимсиз чиқиллайди — ёзувчилар иш устида; ёки перолар қитирлайди — у ерда шоирлар шеър ижод қилмоқдалар; ёки сукунат ҳукм сурарди — у ерда собиқ дайдилар яшар эдилар. Улар барчаси ва яна кўплаб бошқалари гўё кучли зилзила пойдеворини ва провинциал америка шаҳарчаси тагхоналарини ҳар томонга қаттиқ чайқатиб юборгандек, сўнгра кўз кўриб қулоқ эшитмаган довул бутун шаҳарни зумда Марсга келтириб ташлагандек, уни шу ерга, ҳатто бирон жойига шикаст етказмасдан авайлаб қўйиб кетгандек туюлар эди...

Апрел 2003 - Машшоқлар

Болакайлар Марснинг қайси пучмоқларига етиб келишмаган эди, дейсиз. Улар уйдан ўзлари билан хушбўй ҳидли пакетчаларни олиб олган эдилар ва йўлда дам-бадам унга бурунларини тиқар эдилар — чўчқа гўштининг ва майонезли пишириқларнинг ёқимли ҳидидан тўйиб-тўйиб ҳидлар, илиқ шишалардаги пўртаҳол шарбатининг ёқимли қулқуллашларига қулоқ солар эдилар. Ям-яшил барра пиёзли, хушбўй ҳидли жигар солинган қизил кетчуп ва оқ нони бор сумкаларини ҳар томонга силкитганча улар бир-бириларини туртиб-суртиб, қаттиққўл оналарининг таъқибидан узоқроқ қочишга ҳаракат қилар эдилар. Улар кимўзарга чопиб боришар экан, қичқиришарди:
— Ким биринчи етиб борса, бошқаларга бир черткидан чертиб чиқади!

Улар ёзда, кузда, қишда узоқ-узоқ сайлларга чиқишарди. Кузда — ҳаммадан зўри бўларди: шундай тасаввур қиласанки, гўё Ерда тўкилган барглар устидан чопиб кетаётгандексан.

Болакайлар бир боғ қуруқ қамишдек шовуллаб мармар қирғоқли канал бўйига ёпирилиб тушишди — уларнинг юзлари чўғдек қизарган, кўзлари мунчоқ доналаридек йилтиллар ва ҳансираганча бир-бирларига қичқирар эдилар, кириш тақиқланган ўлик шаҳар деворлари ёнида энди ҳеч ким: “Охиргиси қизалоқ бўлади!” ёки “Биринчиси машшоқ бўлади!” деб чуввос солмас эди. Мана у, ҳаётсиз шаҳар, аммо барча эшиклар очиқ... Гўё уйларда бамисоли кузги япроқлар каби нимадир шитирлаётгандек эди. Улар ҳаммалари бир бўлиб елкама-елка ҳув тўрга яшириниб олишади, қўлларида эса таёқ тутамлаб олишган, мияларида ота-оналарининг қаттиқ тайинлаган сўзлари айлангани-айланган; “У ёққа изингни босма! Эски шаҳарларга қадам изини қилма! Агар гапга кирмасанг, отанг шунақанги адабингни берадики, умр бўйи эсингдан чиқмайди!.. Бизлар ботинкаларингдан биламиз!” Ниҳоят улар, бир гала болакайлар, ўлик шаҳарда, йўлга олган озиқларининг ярмини аллақачон тушириб бўлишган ва улар бир-бирларига ҳуштакли шивирлаш билан қутқу солади:
— Қани, бўл!

Тўсатдан биттаси жойидан ирғиб туради, энг яқиндаги уйга югуриб боради, ошхона орқали ётоқхонага учиб киради. Орқасига қарамай, ўйнаб сакрайди ва ҳавога юпқа, нозик, худди ярим тунги осмон жисмидек тим-қора япроқлар ҳавода чарх уриб уча бошлайди. Биринчисидан кейин яна иккитаси, учтаси, барча олтовлони югуриб кетади. Машшоқ биринчи бўлади, фақат угина қора мато тортилган суяк ксилофонини чалади. Каттакон калла суяги юмалоқланган қордек отилади, болакайлар чуввос солиб қичқиришади! Қобирғалари ўргимчак оёғидек ингичка арфанинг тинғирловчи торлари, қора япроқлари жазавага тушиб чарх уради, болакайлар эса янги томоша бошлайдилар, улар сакрар, бир-бирини туртар, мана шу япроқлар узра гурсиллаб йиқилар эдилар. Йиқилганда ҳозиргина ютиб олган пўртаҳол шарбати овоз бериб қулқиллар эди.

Бу ердан навбатдаги уйга ўтишади ва кейин яна ўн еттита уйга кириб чиқишади; шошмаса бўлмасди — зеро, шаҳардан-шаҳарга барча даҳшатларни куйдириб кул қилганча Ўт ўчирувчилар, белкурак ва сават кўтарган дезинфек¬торлар келадилар, улар қўрқинчли нарсани одатдаги нарсалардан обдон ажратганча қаттиқ дарахт пўстлоқлари ва шохларини қириб-қиртишлаб, юлиб-юлқаб бир жойга тўплайдилар... Ўйнанглар, болакайлар, парво қилманглар, ҳали замон Ўт ўчирувчилар келиб қолишади!

Мана, ниҳоят реза-реза терга ботганча улар сўнгги бутербродни оғизларига соладилар. Сўнг кетар жафосига яна битта тепки, яна битта шапалоқ тортишади-да, куз япроқлари орасига шўнғишади — ана энди уйга йўл олса ҳам бўлаверади.

Оналар қора доғлар бор-йўқлигини билиш учун ботинкаларини кўздан кечирадилар. Битта-яримта доғ топилса борми, ундан кейин кўринг: отасининг камари ишга тушиб, бошидан ваннанинг қайноқ суви қуйилади.

Йилнинг охирига келиб, Ўт ўчирувчилар кузги япроқларни ва оқ ксилофон¬ларни битта қўймай териб олишади ва шу билан эрмак ҳам тугайди.

Июн 2003 - ... Осмони Фалак Сари

Дарё тинчгина қоқ туш офтоби остида оқиб борарди.
— Хўш, Сэм! — мийиғида кулди Квортэрмэйн бобо, — энди қора ишни ўзинг қилишингга тўғри келадиганга ўхшайди.
— Оқи ҳам ўзимдан ортмайди. — Тис бобосига қарамасдан деди.

Бобоси ўгирилди-да, жим бўлди.
— Ҳой, менга қара, шошма! — Сэмюэль Тис айвондан сакраб тушди-да, олдинга интилиб барваста негр ўтирган отнинг юганидан тутди. — Бўлди, Белтер, туш, етиб келдик!
— Етиб келдик, ҳа, сэр, — Белтер сирғалиб ерга тушди.

Тис уни нигоҳи билан кузатди.
— Хўш, бу нима деб аталади?
— Биласизми, мистер Тис...
— Йўлга отландингми-а? Ҳалиги қўшиқ бор-ку... Ҳозир эслайман... “Осмони фалак сари” — шунақароқмиди-ей?
— Ҳа, сэр.

Кейин нима бўлишини кутиб негр сукут сақлади.
— Мендан эллик доллар қарз эканлигинг эсингдан чиқмадими?
— Йўқ, сэр.
— Тўламай қуённи суриб қолмоқчимидинг? Елка-пелканг қичимаяптими, мабодо?
— Сэр, бу ерда шундай тўс-тўполонки, миям ҳам ачиб кетди.
— Мияси ачиганмиш... — Тис айвондаги ўз томошабинларига ғазаб билан им қоқиб қўйди. — Жин урсин, мистер, нима қилишингни ўзинг биласанми?
— Йўқ, сэр.
— Сен шу ерда қоласан-да, менга ўша элликталик кўкни ишлаб берасан, бўлмаса Сэмюэль деган отимни бошқа қўяман.

У орқасига қайрилди-да, бостирма тагидаги эркакларга тантанавор жилмайиб қўйди.

Белтер кўчани лиммо-лим тўлдирган оқимга, дўконлар оралиғида тинимсиз оқаётган қора оқимга, араваларда, отларда, чангли бошмоқларда кетаётган қора оқимга, уни тўсатдан суғуриб олган қора оқимга қараб турарди. У титраб кетди.
— Мени қўйиб юборинг, мистер Тис. Мен у ёқдан пулингизни юбораман, чин виждон сўзим.
— Менга қара, Белтер. — Тис негрнинг шим тасмаларидан ушлаб олди, арфа торлари каби гоҳ унисини, гоҳ бунисини тортар экан, осмонга қаради ва ижирғаниб пишқирди-да, қоқ суяк бармоғи билан фалакдаги худога ишора қилди. — У ёқда сени нима кутаётганини биласанми, Белтер?
— Менга нималар айтишган бўлса, шуни биламан.
— Унга айтишганмиш! Исо Масиҳ ҳақида! Йўқ, эшитдиларингми, унга айтишганмиш! — У худди қўғирчоқ ўйнагандек Белтернинг шим тасмасидан тутганча наридан-бери чайқар ва бармоғини унинг юзига нуқир эди. — Гапларим эсингда бўлсин, Белтер. Тўртинчи июлдаги масхарабозликка ўхшаб тепага чиқдиларингми — тамом! Сизлардан бир ҳовуч кул қолади. У ҳам бутун коинотга сочилиб кетади. Бу маҳмадона олимлар балони ҳам билишмайди, улар ҳаммангизни асфаласофилинга жўнатади.
— Менга барибир.
— Яна яхши! Чунки у ерда, сизнинг ўша Марсингизда, биласанми, сизларни нима кутаяпти? Қонхўр дарранда, кўзлари — мана бунақа! Косасидан чиққан! Бир гал журналларда келажак ҳақидаги бир суратни кўриб қолувдим, тамаддихонамизда донасини ўн центдан сотишарди, худди ўшанга ўхшаб, шартта сизларга ташланади-да, бор илигингизни сўриб олишади!
— Менга барибир, барибир, барибир. — Белтер ўрмалаб бораётган оқимдан кўз узмаган ҳолда деди. Қоп-қора манглайда тер пайдо бўлди. У ҳозир ҳушдан кетадигандек кўринарди.
— У ердаги совуқни айтмайсанми? Ҳаво ҳам йўқ, гупп этиб йиқиласан-да, балиқдек типирчилайсан. Оғзингни каппа-каппа очасан-да, жон берасан! Ғужанак бўласан, бўғиласан ва ўласан! Қалай, шу сенга ёқадими?
— Менга ёқадими, ёқмайдими, барибир... Илтимос, сэр, мени қўйиб юборинг. Кечикаяпман.
— Қачон хоҳласам шунда қўйиб юбораман. То сен шу ерда экансан, иккаламиз мириқиб гаплашиб оламиз, буни ўзинг ҳам жуда яхши биласан. Шундай қилиб, сафарга кетаяпман, де? Хўш, гап бундай; мистер “Осмони фалак сари”, уйга қайтгин-да, тинчгина анови элликталик кўкни тўлашни ўйла! Сенга муддат — икки ой.
— Ахир, сэр, қарз тўлагани қолсам, ракетага кеч қоламан-ку!
— Оббо, балои азим-ей! — Тис ўзини бечораҳол қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди.
— Менинг отимни олақолинг, сэр.
— От қонуний тўлов воситаси деб эътироф этила олмайди. Сендан пул ундирмагунимча ҳеч қаёққа кетмайсан.

Тис хурсанд эди. Кайфияти аъло даражада эди.

Дўкон олдида бир тўп қора танли одамлар тўпланишганди. Улар нимагадир қулоқ солиб турардилар. Белтер бошини эгиб турар, бутун вужуди дағ-дағ титрарди. Бир вақт халойиқ ичидан бир чол чиқиб келди.
— Мистер!

Тис унга қаради.
— Хўш?
— Бу одам сиздан қанча қарздор?
— Бурнингни суқма, итвачча!

Чол Белтерга ўгирилди.
— Қанча, ўғлим?
— Эллик доллар.

Чол уни қуршаб турган одамларга қоп-қора қўлини чўзди.
— Бизлар 25 нафармиз. Ҳар биримиз икки доллардан берайлик, тезроқ бўлинглар, ҳозир пачакилашиб ўтирадиган вақт эмас.
— Бу тағин нимаси? — қичқирди Тис гавдасини ғоз тутиб. Ҳамманинг қўлида пул пайдо бўлди. Чол пулларни шляпасига тўплади-да, уни Белтерга топширди.
— Ўғлим, — деди у, — сен ракетага кечикмайсан.

Белтер шляпага қаради-да, жилмайди.
— Кечикмайман, сэр, энди кечикмайман!

Тис ўкирди:
— Ҳозироқ пулларни эгаларига қайтар!

Белтер тавозе билан эгилди-да, унга пулни узатди, бироқ Тис пулни олмади; шунда негр пулларни унинг оёғи тагига — қоқ ерга қўйди.
— Мана сизнинг пулингиз, сэр, — деди у, — катта раҳмат.

Белтер жилмайганча эгарга сакраб ўтирди-да, отга қамчи босди. У чолга ташаккур билдирди: улар ёнма-ён кетиб борар эдилар ва кўп ўтмай кўздан ғойиб бўлишди.
— Итдан тарқаган! — деди кўзларини қисиб қуёшга қараганча шивирлаб Тис, — итдан тарқаган...
— Пулни ердан ол, Сэмюэль — деди кимдир айвондан.

Бутун йўл бўйлаб шу нарса содир бўлмоқда эди. Оёқяланг болакайлар югуриб келишарди-да қулоқни қоматга келтириб қичқирар эдилар:
— Бисотида борлар йўқларга ёрдам берадилар! Ҳамма озод бўлади! Бир бойвачча қарзидан қутулсин, деб бир камбағалга икки юзталик “кўк”идан берди! Яна биттаси бошқа камбағалга ўнталик, бешталик, ўн олтиталик “кўк”идан берди — ҳамма жойда шундай қилишаяпти, ҳамма шундай қилаяпти!

Оқ танлилар афтларини бужмайтириб ўтиришарди. Улар кўзларини қисиб олган, худди ўтдек куйдирувчи шамол ва чанг юзларига савалаётгандек афтларини буриштириб олишганди.

Сэмюэль Тис ғазабдан бўғиларди. Айвонга югуриб чиқди-да, ўтиб кетаётган оломонга еб қўйгудек тикилди. У тўппончасини ҳавода ўйнатарди. Азбаройи нафратдан ўзини қўйгани жой тополмас эди ва ҳаммага, унга кўз ташлаган ҳар бир негрга юзланганча овозининг борича бўкира бошлади:
— Гум! Яна ракета учди! — Оғзини тўлдириб ваҳима билан деди. — Гум! Ёпирай!

Қоп-қора бошлар олдинга қараган, ҳеч ким ўзини эшитаётгандек қилиб кўрсатмаётганди, фақат кўзларининг оқи бирров кўринарди-да, сузилганча ғойиб бўларди.
— Та-та-тах! Ҳамма ракеталар тариқдай сочилиб кетди! Қичқириқлар, даҳшат, ўлим! Гумм! Эй худованди карим! Менга нима, мен шу ерда қоламан, она-Еримда! Кампиршо уялтириб қўймайди! Ҳа, ҳа!

Чангни тўзитганча туёқлар тақ-туқ қилади. Синиқ рессорли фургонлар титрайди.
— Гумм! — Тиснинг овози қўрқувни чанг ва чарақлаган осмон сари қувишга ҳаракат қилиб, иссиқ ҳавода танҳо жарангларди. — Қарс! Қораялоқларни бутун коинот бўйлаб тирқиратиб юборишди! Илоё метеоритлар балосига учраб, ракеталаринг чил-чил бўлсин! Коинотда нима кўп, метеорит кўп! Сизлар билмас эдиларингми? Шундай! Мўр-малахдай босиб ётибди коинотни, ҳатто ундан ҳам кўп! Ракеталарингиз эса юздаги холдек, сопол найчадай ҳар томонга сочилиб кетади! Қора треска тўлдирилган занг банкадан нима фарқи бор! Пақилдоқдек пақ-пақ-пақ ёрилади, тамом. Ўн мингта нобуд бўлган, яна ўнг мингта. Ер атрофида абадий айланиб учиб юраверади, муздеккина, қоқшолгина, баланд-баландларда, арши аълоларда! Эшитаяпсизми, ҳой, одамлар! Эшитаяпсизми?!

Жимлик. Дарё кенг ўзан билан тинимсиз оқади. Барча кулбаларни обдон ялаб ўтади. Ундаги бор буд-шудни ювиб кетади, у соатларни, кир ювиш тахталарини, шойи қийқимларини ва парда карнизларини олиб кетади, аллақаерлардаги узоқ қора денгизга оқизиб кетади.

Кундуз соат икки. Тошқин сал ўзига келади, оқим саёзлашади. Кейин дарё бутунлай қуриб қолади. Шаҳарда сукунат ҳукмронлик қилади. Уйларга, ўтириб олган эркакларга, баланд, иссиқдан мунғайган дарахтларга енгил гиламдек қўнади.

Жимлик.

Айвондаги эркаклар қулоқ соладилар.

Ҳечқиси йўқ. Шунда уларнинг тасаввури, уларнинг фикрлари олдинга, шаҳар чеккасидаги ўтлоқзорга учади. Каллаи саҳардан бутун атрофни товушларнинг одатдаги уйғун садоси қоплайди. Жорий қилинган тартибга содиқлар унда-бунда қўшиқ хиргойи қилишади; буталар тагида ошиқ-маъшуқлар қиқирлашади; аллақаерда дарёда сувни чапиллатиб чўмилаётган негр болаларининг кулгилари қулоққа чалинади. Далаларда елка ва қўллар кўзга ташланади; кўм-кўк майсалардан тўқилган кулбалар ичидан ҳазил-мутойибалар ва қувноқ суҳбатлар эшитилади.

Ҳозир ўлка узра гўё бўрон бўлиб ўтгандек ва ҳамма товушларни учириб кетгандек эди, ҳечқиси йўқ. Гўристон сукунати. Чарм илмоқларда бесўнақай эшиклар осилиб қолган. Жимжит ҳавода эски покришкалардан қилинган ташландиқ арғимчоқлар қотиб қолган. Кирчиларнинг яхши кўрган жойи — соҳилдаги ясси тошлар ҳувиллаб қолган. Ташландиқ полизларда яккам-дуккам тарвузлар қалин пўстлоғи тагида муздек шарбатни яширганча думалаб ётибди. Ўргимчаклар ташландиқ чайлаларда янги инларини тўқийдилар; илма-тешик томдан қуёшнинг заррин нурлари ўрнига чанг сизиб киради. Аллақаерда шошма-шошарликда эсдан чиққан гулхан ҳали ҳам ўчиб улгурмаган ва бирдан авж олган аланга похол чайланинг қуруқ синчини ямлашга тушади. Шунда очофат оловнинг мамнун гуриллаши сукунатни бузади.

Тош қотган эркаклар дўкон айвончасида ўтиришибди.

Сира ақлим етмайди, келиб-келиб улар тўсатдан нега ҳозир кетгилари келиб қолди! Бир қарашда ҳаммаси жойидагидек эди. Кунда-кунда янги имтиёзлар олишарди. Уларга тағин нима керак экан-а?! Сайлов солиғини бекор қилдик, дангасалик бўлмаслиги учун қонунлар қабул қилиняпти, қаёққа қараманг — тенглик! Шуям камми уларга? Ҳар қандай оқтанлидан ёмон топишмайди — ҳе йўқ, бе йўқ коинотга жўнаб юборишди-я!

Бўм-бўш кўчанинг нариги учида бир велосипедчи кўринди.
— Ўлай агар, Тис, бу келаётган сенинг Силлийинг бўлади.

Велосипед айвон ёнига келиб тўхтади, унда қизғиш танли 17 ёшлардаги, суяги бузуққина бир ўсмир ўтирарди. Оёқ-қўллари узун-узун, боши тарвуздек юмалоқ. У Сэмюэль Тисга қараб қўйди-да, жилмайди.
— Ҳа, виждонинг йўл қўймай қайтиб келибсан-да? — деди Тис.
— Йўқ, хўжайин, велосипедни олиб келдим, холос.
— Нега? Ракетага сиғмадими?
— Йўқ, хўжайин, гап унда эмас.
— Нима гаплигини айтмасанг ҳам бўлаверади! Туш, мулкимни сенга ўғирлатиб қўймайман! — У ўсмирни туртиб юборди. Велосипед ағдарилди. — Бор, дўконга кириб идишларни юв.
— Нима дедингиз, хўжайин? — Ўсмирнинг кўзлари катта-катта очилди.
— Нима эшитган бўлсанг шуни дедим! Милтиқларни идишдан олиш ва қутини очиш керак — Натчездан михлар келган...
— Мистер Тис...
— Дўконни болғаларга тайёрлаб қўйиш керак.
— Мистер Тис, хўжайин!
— Ҳали ҳам шу ердамисан?! — Тиснинг кўзлари шиддаткор чақнаб кетди.
— Мистер Тис, бугун дам олсам бўладими? — сўради ўсмир узрли оҳангда.
— Эртага ҳам, индинга ҳам, ундан кейинги кун ҳамми? — деди Тис.
— Шунақамикан дейман-да, хўжайин.
— Сендан қўрқиш керак, бу аниқ. Бери кел-чи. — У ўсмирни дўконга етаклаб кетди ва столдан қоғоз олди.
— Мана бу нарсани биласанми?
— Бу нима, хўжайин?
— Сенинг меҳнат шартноманг. Сен унга имзо чеккансан, мана сенинг юлдузчанг, кўрдингми? Жавоб бер.
— Мен имзо чекмаганман, мистер Тис. — Ўсмирнинг вужуди титраб кетди. — Юлдузчани ҳар қандай одам ҳам қўяверади.
— Менга қара, Силли. Шартноманг: “Мен мистер Сэмюэль Тисга 2001 йил 15 июлдан бошлаб икки йил ишлаб бериш мажбуриятини оламан, борди-ю, ишдан бўшамоқчи бўлсам, бу ҳақда тўрт ҳафта олдин маълум қиламан ва ўрнимга одам топилмагунча ишлайвераман”. Мана, — Тис кафти билан қоғозга уриб қўйди, унинг кўзлари чақнарди. — Тонадиган бўлсанг, судга берамиз.
— Иложим йўқ! — қичқирди ўсмир. Унинг юзларидан ёш доналари думалай кетди. — Агар бугун кетмасам, ҳеч қачон кетолмайман.
— Мен сени яхши тушунаман, ҳа, ҳа, сенга раҳмим келади. Лекин ҳечқиси йўқ, биз сенга яхши муомала қиламиз, йигитча, яхши овқатлантирамиз. Энди эса, бор, ишга туш, миянгдаги мана бу бўлмағур фикрларни чиқариб ташла, тушундингми? Шунақа, Силли. — Тис ғамгин жилмайди ва ўсмирнинг елкасидан қоқиб қўйди.

Ўсмир айвонда ўтирган чолларга ўгирилди. Унинг кўзларида ёш қотиб қолган эди.
— Балки... балки... мана бу жентльменлардан биронтаси...

Бостирма тагидаги иссиқдан силласи қуриган эркаклар бошларини кўтаришди, Силлига қарашди, сўнг Тисга қарашди.
— Буни қандай тушуниш керак: ўрнингга оқ танлини олиб келишсинми? — совуққина сўради Тис.

Квортэрмэйн бобо тиззаларидан қизил қўлларини кўтарди. У узоқларга ўйчан қараганча деди:
— Менга қара, Тис. Менга нима бўлади?
— Нима?
— Мен Силли билан бирга ишламоқчиман.

Бошқалар жим бўлиб қолди.

Тис оёқ учида чайқаларди.
— Бобо... — деди у огоҳлантирувчи оҳангда.
— Болакайни қўйиб юбор, нимани керак бўлса ўзим тозалайман.
— Сиз...
— Сиз ростдан айтаяпсизми, тўғрисими? — Силли бобонинг олдига югуриб келди. У ҳам кулар, ҳам йиғлар, қулоқларига ишонмасди.
— Албатта.
— Бобо, — деди Тис. — Ўша мишиқи бурнингизни бу ишга суқманг.
— Болакайни ушлаб турма, Тис.

Тис Силлининг олдига келди-да, унинг қўлидан тутди.
— У меники. Мен уни тунгача орқа хонага қамаб қўяман.
— Керак эмас, мистер Тис!

Ўсмир йиғлади. Унинг йиғлаган овози бостирма остида жаранглаб эшитиларди. Силлининг қоп-қора қовоқлари шишиб кетди. Йўлда узоқдан эски, шалоғи чиққан форд кўринди, у сўнгги қора танлиларни олиб кетган эди.
— Булар меники, мистер Тис. О, илтимос, худо ҳаққи, сиздан илтимос қиламан!
— Тис, — деди эркаклардан бири ўрнидан тураркан, — қўйинг, кетаверсин.

Иккинчи эркак ўрнидан турди.
— Мен ҳам шундай ўйлайман.
— Мен ҳам, — деди учинчи эркак.
— Рост-да, — энди барчалари баравар гапиришди. — Бас қил, Тис.
— Болакайни қўйиб юбор.

Тис чўнтагидаги тўппончани пайпаслади. Унинг кўзи эркакларнинг юзига тушди. У қўлини чўнтагидан олди-да, деди:
— Ҳали шунақами?
— Ҳа, шунақа, — жавоб берди кимдир.

Тис болани қўйиб юборди.
— Бўпти, бора қол. — У қўли билан дўкон томонни кўрсатди. — Сен ўзингнинг ифлос ашқол-дашқолингни қолдириб кетмассан, ҳарҳолда?
— Йўқ, хўжайин!
— Тугунингдаги энг сўнгги латтани ҳам йиғиштириб ол-да, ёқиб юбор.

Силли бошини чайқади.
— Ўзим билиб олиб оламан.
— Улар сенинг ракетага аллақандай лаш-лушларингни олаверади деб ўйлайсанми?
— Мен ўзим билан олиб оламан, — мулойим оҳангда такрорлади ўсмир.

У дўкондан уйча томонга чопиб кетди. Унинг супураётгани ва саришта қилаётгани эшитилиб турарди. Ҳаял ўтмай Силли яна пайдо бўлди. Пирилдоқлар, зўлдирлар, эски варраклар ва бир неча йил давомида тўпланиб қолган турли ашқол-дашқолларни кўтариб олган. Шу заҳоти форд етиб келди. Силли машинага ўтириб эшикни ёпди.

Тис айвонда заҳарханда жилмайганча тик турарди.
— Хўш, у ерда нима қилмоқчисан?
— Дўконимни очмоқчиман, — жавоб берди Силли. — Шунақа дўкон қурмоқчиман.
— Оббо муттаҳам-ей, шунинг учун менга ёлланган экансан-да, ишни ўрганиб олиб, кейин бу ҳунардан фойдаланиш учун жуфтакни ростлаб қолмоқчи бўлган экансан-да!
— Йўқ, хўжайин, мен ҳеч ҳам ундай ўйлаганим йўқ, бундай бўлишини билганим ҳам йўқ, лекин шундай бўлиб қолди. Ҳунар ўрганиб гуноҳ иш қилибманми, мистер Тис?
— Ҳали ракеталарингга ном ҳам қўйиб олгандирсан?

Қоратанлилар ўзларининг ягона соатлари — форднинг ускуналар тахтасидаги соатига қарашди.
— Ҳа, хўжайин?
— Ҳойнаҳой, “Иля”, “Жанг араваси”, “Катта ғилдирак” ёки “Кичик ғилдирак”, “Садоқат”, “Умид”, “Мурувват” бўлса керакдир?
— Биз кемаларга номлар ўйлаб топганмиз, мистер Тис.
— “Фарзанд-Худо” ва “Авлиё-арвоҳ”ми? Айт-чи, болакай, битта ракетани Баптистлар черкови шарафига номласаларинг нима қилибди?
— Энди борайлик, мистер Тис.

Тис қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Наҳотки биронтасини “Пастроқ уч”, ёки “Шарофатли арафа” деб номламагансизлар?

Машина ўрнидан жилди.
— Хайр, миссис Тис.
— Сизларда “Сочилинглар, менинг суякчаларим” деган ракета борми?
— Хайр, мистер!
— “Иордан орқали” дегани-чи? Ваҳ! Бўпти, йигитча, жўна, ракетангда гумдон бўл, парвоз қил, портласа ҳам бир томчи кўз ёш тўкмайман!

Машина чанг булути ичида елиб кетди. Силли хиёл ўрнидан турди-да, кафтини оғзига карнай қилиб, сўнгги бор Тисга қичқирди:
— Мистер Тис, мистер Тис, энди тунлари нима иш қиласиз? Тунлари нима иш қиласиз?

Сукунат. Машина узоқларда кўздан ғойиб бўлади. Йўл ҳувиллаб қолди.
— У нима демоқчи бўлди, шайтондан тарқаган? — деди ҳайрон бўлиб Тис. — Тунлари нима қилар эканман?

У чангнинг ўтиришига қараб турди ва бирдан гап нимадалигини англаб қолди.

У тунлари уйи ёнида автомашиналар келиб тўхтаганини, уларда эса қоп-қора қиёфалар бўлишини, тиззалар осилиб туришини, ундан юқорироқда милтиқ миллари кўриниб туришини гўё мудроқ дарахтларнинг қоп-қора шохлари остида бир машина тўла турналар тургандек бўлишини эслаб қолди. Яна дарғазаб кўзлар... Гудок, яна гудок, милтиқни қўлида сиқиб ушлаган, ўзича ҳиринглаб кулганча эшикларни қарсиллатиб ёпади, юраги боладек ўйнаб кетади. Ёз туни қўйнида йўлдаги ола-тасир пойга бошланади, машина поли устида йўғон арқон ўрами кўринади, янги патронлар қутичаларидан пальтонинг чўнтаклари қаппайиб туради. Ўтган йиллар ичида бундай кунлардан нечтаси ўтган экан — қаҳрли кўзлар устига тушиб турган соч тутамларини силаб ўйнаётган қарши шамол, яхши, бақувват, маҳкам дарахтни кўргандаги тантанавор ҳайқириқлар ва кулба эшигини чертиш!
— Шунга шама қилган экан-да, итдан тарқаган! — Тис қоронғидан йўл устига сакраб чиқди. — Қайт, итвачча! Тунлари нима қилар эканман?! Оббо газанда-ей, пасткаш...

Силлининг саволи айни нишонга урган эди. Тис ўзини бемор, юрагини бўм-бўш ҳис этди. “Дарвоқе, тунлари биз нима қиламиз-а? — ўйлади у. — Энди ҳамма кетиб бўлганда-чи?” Унинг юраги ғаш, мияси карахт бўлиб қолган эди.

У чўнтагидан тўппончани олди-да, патронларни қайта санаб чиқди.
— Нима қилмоқчисан, Сэм? — сўради кимдир.
— Бу падар лаънатини отаман!
— Сал ўзингни боссанг-чи, — деди бобо.

Аммо Сэмюэль Тис дўкон ортида ғойиб бўлган эди. Бир зумдан сўнг у ўзининг усти очиқ машинасида пайдо бўлди.
— Ким боради мен билан?
— Ҳа, бир айланиб кела қолай, — деди бобо ўрнидан турар экан.
— Яна ким?

Жимлик.

Бобо машинага ўтирди-да, эшикни ёпди. Чангни тўзитганча Сэмюэль Тис машинани йўлга олиб чиқди ва улар чарақлаган осмон остида шамолдек елиб кетишди. Иккаласи ҳам жим эди. Булутсиз осмон узра қуёш ўзининг оловини аямай пуркайди.

Йўл иккига айрилган жой. Улар тўхтайдилар.
— Улар қаерга кетишди, бобой?

Квортэрмэйн бобо қошини чимирди.
— Менимча, тўғрига қараб кетишган.

Улар йўлда давом этдилар. Дарахтлар остида ёлғиз мотор овози гуриллайди. Йўлда зоғ учмас эди, бироқ тўсатдан улар ғалати бир нарсани пайқаб қолишди. Ниҳоят Тис юришни тезлатди-да, сариқ кўзларини ғазаб билан чарақлатганча эшикдан гавдасини чиқариб эгилди.
— Жин урсин, бобо! Бу итваччалар нимани ўйлаб топишганини кўр¬дингизми?
— Нимани? — сўради бобо тикилиб қараганча.

Йўл ёқалаб тартиб билан терилган эски роликли конькилар, турли майда-чуйдаларга тўла тугунчалар, йиртиқ бошмоқлар, арава ғилдираклари, эски шим ва пальтолар, илма-тешик шляпалар, бир вақтлар шамолда майин жиринглаган биллур идишчалар, қизил нақшли жез банкалар, мумдан ясалган мевалар, конфедерация замонидаги пуллар солинган қутичалар, тоғоралар, кир ювиш тахтачалари, кир дорлар, совун, кимнингдир уч оёқли велосипеди, кимнингдир ток қайчилари, қўғирчоқ аравачаси, хунук қўғирчоқли қутича, негрлар баптист черковининг ола-була ойнаси, тормоз прокладкалари тўплами, автомобил камералари, матраслар, кушеткалар, тебранма стуллар, кремли банкачалар, кўзгулар ётар эди. Аммо улар барчаси шошма-шошарликда апил-тапил ташлаб кетилган нарсалар эмас, балки авайлаб, ҳафсала билан, дид билан, гўё бу ердан бутун шаҳар аҳли юриб ўтгандек, чангли йўл ёқаси бўйлаб териб қўйилган эди. Тўсатдан улуғвор карнай овози янгради, одамлар ўз қўр-қутларини шундоқ тупроқ устига қўйдилар-да, шартта мовий фалак сари кўтарилиб кетишди.
— Нима бўлганда ҳам “Ёқишни истамаймиз” экан-да! — Алам билан қичқирди Тис. — Мен уларга ёқиб юборинглар деган эдим, ҳе йўқ, бе йўқ шунча масофадан кўтариб келишибди-да, шу ерга териб қўйишибди — қақир-қуқурларга охирги марта қараб тўйиб олишибди, мана, мана улар, қараб томоша қилинг! Бу қораялоқлар, худо билсин, ўзларини ким деб билишади.

У машинани елдириб кетди. Ғарамларни эзиб янчганча, қутича ва ойналарни чил-чил қилганча, стул-пстулларни мажақлаганча, қоғозларни ҳар томонга тўзитганча километрма-километр олға кетиб борарди.
— Мана сенга! Жин урсин... Яна! Мана сенга!

Олдинги ғилдираклар аянчли вишиллади, машина қайрилди-да, йўл четидаги ариққа тушиб кетди. Тис пешонасини ойнага уриб олди.
— Оббо, итдан тарқаганлар-ей, — Сэмюэль Тис чангларини қоқа-қоқа ғазабдан йиғлаб юборгудек бўлиб, машинадан тушди. У кимсасиз ва унсиз йўлга қаради.
— Энди биз уларни ҳеч қачон қувиб етолмаймиз, ҳеч қачон!

Рўпарада йўл чеккасига териб қўйилган тугунлар ва уюмлар қаторининг охири кўринмасди, гўё, ботиб бораётган қуёшнинг заррин нурлари остида, гармселда қолиб кетган қадимий қадамжолардек.

Бир соатдан сўнг ҳолдан тойган Тис ва бобо дўконга қайтишди. Эркаклар осмонга тикилган ва қулоқ солганча ҳамон ўша ерда ўтиришарди. Тис ўтириб, оёғини қисган ботинкаларини еча бошлаган эди ҳамки, кимдир:
— Қаранглар! — деб юборди.
— Падарига лаънат ўшани! — бўкирди Тис.

Аммо бошқалар ўринларидан туриб, ўша ёққа қарашди. Улар тубсиз осмон сари кўтарилиб кетаётган олтин урчиқларни кўришди. Ортидан олов думлар қолдирганча урчиқлар кўздан ғойиб бўлди.

Пахтазорларда шамол оппоқ чаноқларини эриниб силайди. Боғчаларда офтобда исинганча тарғил йўлбарс боласига ўхшаган тарвузлар думалаб ётади.

Айвондаги эркаклар ўтиришди. Бир-бирига қарашди. Токчаларда тартиб билан териб қўйилган сариқ арқонларга, қутилардаги ялтироқ патрон-гилзаларига, кумушранг тўппончаларга ва шифт остида сояда жимгина осилиб турган чўзинчоқ милтиқларга қарадилар. Кимдир оғзига майса тиқди. Кимдир чангда одам суратини чизди.

Сэмюэль Тис тантанавор ботинкасини айлантириб ичига қаради-да, деди:
— Пайқадиларингми? У охирги дамгача мени “хўжайин” деди, худо ҳаққи!

2004-2005 - Янги Номлар

Улар етиб келдилар-да, ҳайратомуз мовий ерларни эгалладилар ва уларга ўз номларини қўйдилар. Хинкстон-Крик дарёси ва Люстиг-Корнерс даласи, Блэк-Ривер дарёси ва Дрисколл-Форест ўрмони, Перегрин-Маунтин тоғи ва Уайлдертаун шаҳри пайдо бўлди — ҳаммаси одамлар шарафига ва одамлар содир этган воқеалар шарафига қўйилган номлар эди. Марсликлар дастлабки ерликларни ўлдирган жойда Реттаун шаҳри пайдо бўлди — бу ном қон билан боғлиқ. Мана бу ерда эса иккинчи экспедиция ҳалок бўлган — номи ҳам шундан келиб чиққан. Иккинчи уриниш; фазогирлар қўнаётганда оловли снарядлари билан ерни тўзитган ҳамма жойда бир ғарам шағалдек отлар, номлар қолган; ўз-ўзидан маълумки, Спендер-Хилл тоғи ва узун Натаниел-Йорк шаҳри номини ташлаб ўтишнинг иложи бўлмаган...

Кўҳна Марс номлари сув, ҳаво, тоғларнинг номлари бўлган. Жанубда эриган қорларнинг номлари қуриган денгизга бориб қуюлувчи каналларнинг тош ўзанларига қараб оққан. Хоки даҳмаларда ётган кўзбойлоқчиларнинг номлари, минора ва ёдгорликларнинг номлари. Ракеталар мармарларни тариқдай тирқиратган, кўҳна шаҳарлар номлари ёзилган чинни идишларни чил-чил қилган кўйи худди болғаларга ўхшаб мана шу номлар устига ёпирилиб тушган ва синган буюмлар ғарами узра янги ном кўрсаткич тахтачалари қад кўтарди: Айрон-Таун, Стилтаун, Алюминиум-Сити, Электр-Рик-Вилледж, Корнтаун, Грейн-Вилла, Детройт II — Ердан келган таниш механик, маъдан номлари.

Шаҳарлар қад кўтарганда эса, қабристонлар пайдо бўлди. Уларга ҳам номлар қўйилди: Яшил Бурчак, Оқ Тўслар, Тинч, Адр, Бироз Дам Ол — дастлабки марҳумлар ўз қабрларига келиб ётдилар...

Ҳамма нарса ипга тизилгандек ораста бўлгач, ҳамма нарса рисоладагидек ўз жойига тушгач, шаҳарлар мустаҳкам ўрнашиб олди ва хилват жойни топишнинг энди иложи бўлмай қолди — шундагина Ердан тажрибали ва билағон одамлар кела бошладилар. Улар меҳмонга ва таътилга келар эдилар, совғалар сотиб олгани ва расмга тушгани келар эдилар — “Марс ҳавосидан нафас олгани”, — улар тадқиқот ишлари олиб боргани ва ижтимоий қонунларни ҳаётга татбиқ этгани келар эдилар; улар ўзлари билан юлдузларини, унвонларини, қоида ва низомларини олиб келар эдилар, Ерни чиринди ахлатдек қоплаб олган тўрачилик уруғларини олиб келишни ҳам унутмаган эдилар ва уларни Марсда униши мумкин бўлган ҳар қандай жойга эка бошладилар. Улар турмуш ва ахлоқ қонунчилари бўлдилар; панд-насиҳат ва ўгитлардан қулоғи тинчиши учун Марсга кўчиб келган одамларни иймон йўлига бошқаришга, ундашга ва туртишга тиришдилар. Шуниси қизиқки, бу нарса ушбу одамлардан биронтасига заррача малол келмаётганди.

Апрел 2005 - Эшер Ii

“Бугунги хира, қоронғи, сас-садосиз куз кунида мен отда танҳо ўзим ғалати чўл жойда кетар эдим, осмонда булутлар қўрғошиндай оғир осилиб турар эди ва ниҳоят ерга оқшом қоронғилиги чўкиб кела бошлаганда Эшернинг мунгли қўрғони олдида пайдо бўлдим...”

Мистер Уильям Стендаль китоб ўқишдан тўхтади, ана унинг қаршисида, унча баланд бўлмаган қора қир устида — Қўрғон ва учли тошга 2005 йил деб ўйиб ёзилган.

Меъмор мистер Бигелоу деди:
— Уй тайёр. Калитни қабул қилинг, мистер Стендаль.

Жим-жит кузги қуёш остида ёнма-ён турганча улар сукут сақлар эдилар.

Қарға қанотидек қоп-қора майса узра уларнинг оёқлари остида чизмалар шитирлар эди.
— Эшерлар уйи, — мамнун ҳолда деди мистер Стендаль. —Лойиҳа¬лаштирилган, қурилган, сотиб олинган, пули тўланган. Менимча, мистер По роса қувонган бўлар эди.

Мистер Бигелоу қошини чимирди.
— Ҳамма нарса кўнглингиздагидекми, сэр?
— Ҳа!
— Нақши ўзидагидекми? Кўриниши зерикарли ва даҳшатлими?
— Ҳаддан ташқари даҳшатли, ҳаддан ташқари зерикарли!
— Деворлари тундми?
— Ажойиб!
— Ҳовуз етарли даражада “Қора ва маъюс”ми?
— Ақл бовар қилмас даражада қора ва маъюс.
— Терак-чи? У ўзингиз билгандек, қуриб-қақшаган ва барглари тўкилган қилиб бўялганми?
— Нафрат қилар даражада!

Мистер Бигелоу меъморий лойиҳа билан солиштириб кўрди. У навбатдаги топшириқни бирма-бир айтиб чиқди:
— Бутун ансамбль “юракнинг музлатувчи, лўқиллатувчи, симиллатувчи оғриғини, фикрлардаги нохуш бўшлиқни” бера оладими? Уй, ҳовуз, қўрғон?..
— Меҳнатингизга гап йўқ, мистер Бигелоу, қасам ичаманки, қойил қилгансиз.
— Миннатдорман. Мендан нима талаб этилишини мутлақо билмас эдим. Худога шукурки, сизнинг ўз ракеталарингиз бор, акс ҳолда зарур жиҳозларни бу ерга элтиб келишга ҳеч қачон йўл қўймас эдилар. Эътибор қилинг-а, бу ерда ҳар доим нимқоронғулик, бу пучмоқда ҳар доим октябр, қачон қараманг дашту биёбон, ҳаётдан ном-нишон йўқ, ўлик. Бу биздан озмунча меҳнат талаб қилмади. ДДТ дан ўн минг тонна кетди. Биз ҳамма нарсани ўлдирдик, на бир илон, на бир бақа, на бир Марс пашшаси қолди! Абадий нимқоронғулик, мистер Стендаль, бу менинг ғуруримдир. Пинҳоний машиналар қуёш нурини ютади. Бу ерда ҳар доим “нохушлик”.

Стендаль ана шундай санъат билан яратилган нохушлик, қўрғошин оғирлиги, нафас бўғувчи буғланишлар, бутун “муҳит”дан баҳра ола бошлади. Уйнинг ўзини айтмайсизми? Шарти кетиб, парти қолган маскан, даҳшатли ҳовуз, моғор, қиёмат-қойим аломатлари! Синтетик ашёларми, ёки шунга ўхшаган яна алламбалоларми-ей. Бу ёғини ўзингиз топиб олаверасиз.

У куз осмонига қараб қўйди. Аллақаерда баланд-баландларда, олис-олисларда қуёш турибди. Аллақаерда сайёрада Марс апрели, олтин апрел ҳукмрон, кўм-кўк осмон. Аллақаерда юксакликларда ҳаётсиз ажойиб сайёрага тамаддун келтириши керак бўлган ракеталар ўзларига йўл очадилар. Уларнинг шиддатли парвозларидан пайдо бўлган чийиллаш ва гуриллаш бу туссиз овоз ўтмас оламда, мудроқ куз оламида қулоқни тешиб юборгудек эди.
— Энди, топшириқ бажарилгач, — ийманибгина гап қотди мистер Бигелоу, — сиздан бир нарсани сўрамоқчиман, буларнинг ҳаммасини сиз нима қилмоқчисиз?
— Эшер қўрғониними? Билмадингизми?
— Йўқ.
— “Эшер” номидан ҳеч нарсани англамадингизми?
— Англаганим йўқ.
— Мана бу исм: Эдгар Аллан Подан-чи?

Мистер Бигелоу йўқ дегандек бошини чайқади.
— Дарвоқе, — Стендаль хафа ва нафратини ифода қилганча босиқлик билан “ҳм” деб қўйди. — Мистер Понинг муборак хотирасини сиз қаёқдан ҳам билардингиз? У анча илгари, Линьколндан ҳам олдин ўлиб кетган. Унинг барча китоблари Буюк Гулханда ёқиб юборилган эди. Ўттиз йил муқаддам, 1975 йилда.
— Э-э, — бир нарсани тушунгандек бош ирғади. — Шулардан бири денг!
— Худди шундай, Бигелоу шулардан биттаси. Унинг ва Лау Крафтнинг, Хоторн ва Амброз Бирскнинг китобларини ёқишди, ҳаммаси даҳшат ва қўрқувлар ҳақидаги қиссалар эди. Барча фантазияларни, хуллас, келажак ҳақидаги барча қиссаларни ёқиб юборишди. Аёвсиз ёқишди, қонун чиқаришди. Ҳаммаси арзимаган нарсадан, заррадаги нарсадан, эллигинчи ва олтмишинчи йиллардан бошланди. Аввалига карикатурали китобчалар чиқаришни чеклаб қўйишди, сўнг детектив романлар, фильмларни ҳам тақиқлашди. Гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ирғитишди, турли гуруҳлар, турли лақаблар, сиёсий эътиқодлар, диний хурофотлар авж олгандан-олиб кетди. Ҳар доим озчилик томон қўрқиб қолаверди ва кўпчилик томон тушуниб бўлмайдиган нарсадан, келажакдан, ўтмишдан, ҳозирдан қўрқар эди, ўзидан ва ўз соясидан қўрқар эди.
— Тушунарли.
— “Сиёсат” сўзидан (охир-оқибатда энг тескаричи доираларда “коммунизм” сўзининг синоними бўлиб қолган, ҳа, ҳа, бу сўзни тилга олишингиз биланоқ, каллангиз кетиши ҳеч гап эмас эди!) сиёсат сўзидан қўрқадиган, ҳар томондан туртки ейдиган — бир жойда гайкани бурасалар, яна бир жойда болтни айлантирадилар, бир ёқдан тиқадилар, иккинчи ёқдан суғуриб оладилар, — санъат ва адабиёт кўп ўтмай шундай бир улкан тортмачоққа айландики, шўрликни бурадилар, чақдилар, чайнадилар, тугун қилиб тугдилар, то ўзининг қийишқоқлиги ва ҳар қандай таъмини йўқотмагунча у ёқдан-бу ёққа коптокдек ирғитавердилар. Сўнг эса кинокамералар тиниб қолди, театр зулматига ғарқ бўлди ва босма нашрларнинг қудратли Ниагараси “Соф” мақоласининг заиф бир жилғачасига айланиб қолди. Ишонинг менга, “воқеликдан узоқлашиш” тушунчаси ҳам шубҳали сўзлар сирасига кириб қолди!
— Наҳотки?
— Ҳа, ҳа! Ҳар бир одам, дер эди улар, ҳаққонийликнинг юзига тик қараши шарт. Фақат ҳозирнигина кўриб туришлари керак. Бу тоифага кирмаган ҳамма нарса — бир пул. Ажойиб адабий тўқималар, хаёлот осмонида парвоз қилишлар — гуллаб-яшнайверсин. Бир куни якшанба тонгида, ўттиз йил муқаддам, 1975 йилда уларни кутубхона деворига тикка қилишди: Санта Клаус ва Бошсиз чавандоз, Қорқиз ва уй Деви, Онағоз — барчалари ҳўнграб йиғлар эдилар! — ва уларни отиб ташлашди, сўнг қоғоз қалъа ва малика қурбақаларни, кекса қироллар ва “ўша замондан буён бахтли яшаб келаётган” ҳаммани ёқиб юборишди (аслида у ўша замондан буён бахтли яшаяпти, деб ким ҳақида айтиш мумкин эди!). Бир вақтлар Ҳеч қачонга айланди-қўйди! Улар Ўз мамлакати бош суяклари билан биргаликда Сеҳрланган Рикш хокини шамолда совурдилар, Глинда меҳрибон ва Ўзмани чопиб ташладилар, Тўпгулни спектроскопда битта-битта юлиб ёйишди, Жек Қовоқбошни эса Биологлар Зиёфатида дастурхонга тортиб юборишди! Нўхот қобиқчаси тўрачилик чакалакзорида қуриб-қовжираб бўлди! Уйқудаги Гўзал илмий ходим бўсасидан уйғониб кетган ва у ўзининг тиббий нинасини суққанда жони ҳиқ этиб чиқиб кетган эди. Алисани улар шишадан шундай бир нарсани ичишга мажбур қилишдики, натижада қизгина ортиқ: “Олдинга борган сари яна ҳам қизиқроқ бўлаверади!” — деб қичқира олмайдиган даражада митти бўлиб қолди. Сеҳрли кўзгуни улар болға билан бир уриб, чил-чил қилишди ва барча Қизил Қироллар ва Устрицалар гумдон бўлди!

У муштумини қисди. Эй худо, ҳаммаси худди ҳозир содир бўлгандек яқин туюлади-я! Унинг юзи қизариб бўғилди. Азбаройи қаттиқ жунбушга келганидан мистер Бигелоу ҳанг-манг бўлиб қолди. У бир-икки киприк қоқди-да, охири уйга кириб деди:
— Кечирасиз. Нима деяётганингизни тушунолмаяпман. Бу исмлардан ҳеч нима англаёлмадим. Сиз айтган гапларга қараганда Гулхан фақат фойда берган.
— Йўқолинг кўзимдан! — қичқириб юборди Стендаль. — Ишингиз тугади, энди қорангизни ўчиринг, тўнка!

Мистер Бигелоу дурадгорларни чақирди-да, кетди.

Мистер Стендаль Уй олдида битта ўзи қолди.
— Қулоқ солинглар, ҳой! — Мурожаат қилди у кўзга кўринмас ракеталарга. — Сизлардан жон сақлайман деб,Соф Жонлар Марсга бориб қолган эди, сизлар бўлсангиз худонинг бермиш куни бу ерда кўпайгандан-кўпайиб кетаяпсиз, худди ахлатга интилган пашшалардек учиб келганингиз-учиб келган. Мен сизларга ҳозир бир нарса кўрсатаман. Ерда мистер Пога қилган қилиқларингиз учун таъзирингизни бераман. Шу ондан эҳтиёт бўлинг! Эшернинг уйи ўз ишини бошлайди.

У осмонга қараб муштумини дўлайтириб қўйди.

Ракета қўнди. Ундан девдай бир одам чиқиб келди. У уйга қаради ва унинг кулранг кўзларида норозилик ва ҳайрат ифодаси кўринди. Нариги томонда уни озғингина бир одам кутиб турган хандақдан сакраб ўтди.
— Исми шарифингиз Стендалми?
— Ҳа.
— Гаррет, Ахлоқ Иқлими бошқармаси инспектори.
— Э-ҳа, барибир Марсгача етиб келибсиз-да, Ахлоқ Иқлимининг нозирлари? Мен бўлсам сизларни қачон келар экан, деб ўзимча тусмоллаб турган эдим...
— Биз ўтган ҳафтада келган эдик. Тезда бу ерда худди ердагидек тартиб ўрнатилади. — У асабий равишда гувоҳномасини Уй томонга силтаб қўйди. — Қани, айтинг-чи менга, мана бу нима, Стендаль?
— Бу арвоҳли қалъа, хўп десангиз.
— Хўп демайман, Стендаль, ҳеч ҳам хўп демайман. “Арвоҳли” — ярамайди.
— Жуда жўн. Бу йил, 2005 йилда Ҳақ таоломизга мен бир механик зиёратгоҳ қурдим. Унда мис кўршапалаклар электрон нурлар бўйлаб учадилар, қуйма каламушлар пластмасса тагхоналарда изғийдилар, автомат скелетлар рақс тушадилар, бу ерда автомат қонсўрарлар, ҳазилкашлар, бўрилар ва оқ арвоҳлар истиқомат қиладилар, кимё ва кашфиётчилик барқ уради.
— Мен худди шу нарсадан қўрққан эдим, — деди Гаррет жилмайиб. — Сизнинг уйингизни суриб юборишга тўғри келмаса деб қўрқаман.
— Келишингиз биланоқ йўқлашингизни билардим.
— Мен илгарироқ учиб келган бўлардим, лекин биз аралашишимиздан олдин сизнинг ниятларингизни билиб олмоқчи эдик. Бузувчилар ва ўт очувчилар командаси оқшомга яқин етиб келишлари мумкин. Ярим тунга бориб, ҳамма нарса таг-туги билан вайрон қилинади, мистер Стендаль. Менинг ақли ноқисимча, сэр, сиз, айтишим мумкинки, айниб қолибсиз. Қаттиқ меҳнат билан ишлаб топилган пулларни шамолга совуриш, ахир сизда нақд уч миллион бўлган эди-я...
— Тўрт миллион! Аммо шуни ҳисобга олингки, мистер Гаррет, мерос олганимда мен ёшгина йигитча эдим — йигирма беш миллион. Истаганча шамолга совуришим мумкин. Умуман олганда бу яхши иш эмас: у ёқдан қурилиш тугади-ю, бу ёқдан сиз ўз Бузувчиларингиз билан етиб келибсиз. Балки, Ўйинчоғим билан жиндай кўнгил очишимга изн берарсиз, айтайлик лоақал йигирма тўрт соатга?!
— Сиз қонунни биласиз. Унда айтилган: ҳеч қанақанги китоблар, ҳеч қанақанги уйлар, арвоҳлар билан боғлиқ бўлган ҳеч қанақанги қонсўрарлар, фаришталар ёки хаёлотнинг бошқа кашфиётлари кетмайди.
— Сиз яқинда мистер Бэббитларни ёқа бошлайсиз!
— Сиз бизга анча-мунча ташвиш келтирдингиз, мистер Стендаль. Протоколлар сақланиб қолган. 20 йил аввалги. Ерда. Сиз ва сизнинг кутуб¬хонангиз.
— Э-ҳа, мен ва менинг кутубхонам. Менга ўхшаган яна бир қанчалари. Албатта, По ўшанда аллақачон унутилиб кетганди. Ўз ва бошқа хилқатлар ҳам унут бўлиб кетганди, лекин мен бир кичиккина яширин жой қуриб олгандим. Ўзимизнинг кутубхонамиз бўларди — менда ва яна бир қанча хусусий шахсларда, — сиз машъал ва ахлатёқарларингизни ҳали юбормаган пайтингизда. Менинг 50 000 дона китобимни парча-буриш қилиб, ёқиб юборгандингиз. Сиз барча мўъжизакорларнинг ҳам онасини учқўрғондан кўрсатган эдингиз; сиз яна кинопродюсерларингизга, агар бирон нима қилмоқчи бўлсангиз, Эрнест Хемингуэйни қайта-қайта суратга олинг, деб буйруқ берган эдингиз. Ё парвардигор, ахир мен “Қўнғироқ кимни чақиради” фильмини неча марта кўрмадим! 30 та турли саҳна асари. Ҳаммаси бор воқелик. Оҳ, реализм! Оҳ, бу реализм! Эй, ўшани!..
— Тилингизга эрк беришдан тийилсангиз яхши бўлармиди!
— Мистер Гаррет, ахир сиз тўла ҳисобот беришга мажбур эдингиз-ку?
— Ҳа.
— Ундай ҳолда қизиқ учун ҳам бир кириб кўрсангиз, кириб у ёқ-бу ёққа қарасангиз яхши бўларди. Бор-йўғи бир дақиқага.
— Яхши. Кўрсатинг. Ҳеч қандай найранг бўлмасин. Менда тўппонча бор.

Эшерлар Уйининг эшиги ғийиллаб очилди. Рутубат ҳиди димоққа урди. Худди ташландиқ мағораларда кўзга кўринмас жониворлар нафас олаётгандек гувиллаган оҳ-воҳлар қулоққа чалинди. Тош ердан каламуш югуриб ўтди. Гаррет “ҳеҳ” деди-да, оёғи билан тепиб юборди. Каламуш ўмбалоқ ошиб тушди ва унинг нейлон териси ичидан сон-саноқсиз темир бургалар тўкилди.
— Қойил! — Гаррет яхшироқ кўриш учун эгилди.

Қизғиш-мовий харита узра мум қўлларини силкитганча токчада қари жодугар ўтирарди. У бошини силкитди-да, тишсиз оғзи билан Гарретга вишиллаб қўйди ва мой юқи харитага бармоқлари билан чертди.
— Ўлим! — қичқирди кампир.
— Мен худди мана шундай нарсаларни ўйлаган эдим... — деди Гаррет. — Худди ўйлаганимдек бўлиб чиқди-я!
— Мен шахсан сизнинг ёқиб юборишингизга рухсат бераман.
— Ростданми? — Гарретнинг юзи ёришди. Бироқ шу заҳоти яна лунжини осилтирди. — Сиз буни жуда осон айтдингиз-қўйдингиз.
— Мен мана шуларни юзага келтирсам бўлгани. Мақсадимга эришдим, деб айта олсам, бас. Ҳозирги шубҳалар оламида ўрта аср муҳитини қайта яратдим.
— Менинг ўзим ҳам, сэр, айтиш мумкинки, сизнинг даҳоингиздан беихтиёр ҳайратга тушдим.

Гаррет қараб турарди — унинг ёнидан ҳавода шитирлаган ва шивирлаганча гўзал шаффоф аёл қиёфасига кирган енгил булут парчаси сузиб ўта бошлади. Рутубатли йўлакнинг нариги учида қандайдир машина гувилларди. Худди центрифугадан чиққан пахтақандга ўхшаб у ердан жим-жит зал бўйлаб босириқли зулмат ўрмалаб ва ёйилиб келар эди.

Аллақаёқдан маймун пайдо бўлиб қолди.
— Пишт! — қичқирди Гаррет.
— Қўрқманг. — Стендаль жониворнинг қорнини силаб қўйди. — Бу робот. Худди жодугар сингари бу ҳам бошдан-оёқ мисдан ясалган. Мана!

У маймуннинг юнгини ҳурпайтирган эди, тагидан темир ярақлаб кетди.
— Кўраяпман. — Гаррет журъатсизгина қўлини узатди, роботни силаб қўйди. — Аммо бу нимага керак, мистер Стендаль, бунда қандай маъно бор?! Сизни нима мажбур қилди?..
— Тўрачилик, мистер Гаррет. Лекин менинг тушунтиришга сира вақтим йўқ. Ҳукумат одамлари эса бусиз ҳам тезда ҳамма нарсани билиб олишади. — У маймунга бош ирғаб қўйди. — Бўлди, қани.
— Маймун мистер Гарретни ўлдирди.
— Тайёрдир, Пайкс?

Пайкс нигоҳини столдан олди.
— Ҳа, сэр.
— Аъло иш.
— Текин нонни емаймиз, мистер Стендаль, — паст овозда жавоб берди Пайкс; роботнинг қайишқоқ қовоғини кўтарди-да, унга шиша кўз олмасини солиб қўйди ва унга каучук мушакларини чаққонлик билан ёпиштирди. — Шундай...
— Қуйма, мистер Гаррет.
— Қизиқ, сиз уни нима қиласиз, сэр? — Пайкс бошини ирғаб чинакам ўлик Гаррет ётган тош плита томонни кўрсатди.
— Яхшиси куйдириш-да, Пайкс. Бизга иккита мистер Гарретнинг нима кераги бор.

Пайкс Гарретни ғиштин ахлат куйдиргич олдига судраб борди.
— Яхши қолинг.

У мистер Гарретни ичкарига итариб юборди-да, эшикни ёпди.

Стендаль робот Гарретга юзланди.
— Вазифангиз сизга аниқми, Гаррет?
— Ҳа, сэр. — Робот гавдасини кўтариб ўтириб қолди, — мен Ахлоқ Иқлими Бошқармасига қайтиб боришим керак. Қўшимча маърузани тақдим этишим керак. Операцияни кам деганда 48 соатга чўзишим керак. Мен янада батафсилроқ тадқиқ ўтказишим кераклигини айтишим керак.
— Тўғри, Гаррет. Муваффақият тилайман.

Робот шошилиб Гарретнинг ракетаси олдига ўтди, унга чиқда-да, парвоз қилиб кетди.

Стендаль бурилиб қаради.
— Хўш, Пайкс энди бугунги оқшомга қолган таклифномаларни тарқатамиз. Ўйлайманки, яхши бўлади. Сиз нима дейсиз?
— Агар 20 йил кутганимизни ҳисобга олсак, ҳаттоки жуда яхши бўлади.

Улар бир-бирига кўз қисиб қўйди.

Соат роса 7. Стендаль соатига қаради. Энди кўп қолгани йўқ. У ўриндиқда ўтирганча қўлидаги хересли қадаҳни айлантирар эди. Уларнинг устида, дуб тўсинлар оралиғида кўзларини йилтиллатиб нозиккина мис суякли резина терили кўршапалаклар чийилларди. У кўршапалакларни олқишлаганча қадаҳни кўтарди.
— Муваффақиятимиз учун!

У ўзини орқага ташлади, кўзларини юмди ва ҳаммасини хаёлан бир бошдан текшириб чиқди. Қариганида бир кўнглини бўшатиб олади... Адабиётни қатағон қилгани учун, гулхан учун бу антисептик ҳукуматдан қасос олади. Йиллар ғазаб тўпланиб келди, нафрат тўпланиб келди... ва карахт бўлган қалби тубида зимдан, аста-секин фикр пишиб етила бошлади. У Пайксни учратган ўша уч йил олдинги вақтгача шундай бўлган эди.

Ҳа, айнан Пайксни. Шафқатсиз юраги аччиқ ишқорга тўлдирилган қинғир қора қудуқдек бўлиб қолган Пайксни. Пайкс ким ўзи? Уларнинг ичидан энг улуғи, тамом-вассалом! Пайкс — минглаб муртаклар, тутун, мовий туман, оқ ёмғир, кўршапалак, даррандани ўзида мужассам қилган одам, мана Пайкс ким! “Лон Ченидан яхшироқ патриархми?” — ўзидан сўради Стендаль. Қадимги фильмларда кўрган Чени, қаторасига бир неча оқшом томоша қилган эди... Ҳа, Ченидан яхшироқ. Бошқа кекса актёрдан кўра яхшироқ — анови Карлофф дегани бор-у, ўшандан анча-мунча яхши! Люгоси-чи? Унга қиёслаб бўлмайди! Пайкс — ягона, қиёси йўқ. Нима бўпти: уни талон-торож қилишди, тўқималар ҳуқуқини олиб қўйишди, ҳеч ёққа боролмайди, бировга дардини айтиб сололмайди. Ҳатто ўзи учун кўзгу олдида ўйнашни ҳам тақиқлаб қўйишди!

Шўрлик Пайкс — ақл бовар қилмас, қуролсизлантирилган Пайкс! Сенинг фильмларингни мусодара қилган, худди кинокамерадан тасма ҳалқасини суғургандек қорнингдан ичак-чавоқларингни суғуриб олган, ғижимлаган, печкага ташлаган, ёқиб юборган ўша оқшомда сен нималарни ҳис қилган эдинг! Эллик минг китобни бой бериб, эвазига ҳеч нарса олмаганинг сенга оғир ботган эдими? Ҳа, ҳа. Стендаль азбаройи ғазабдан қўллари музлаб кетаётганини ҳис қилди. Бир куни — бундан ҳам табиийроқ бўлиши мумкинми — улар тўқнаш келиб қолишди ва суҳбатга берилиб кетишди. Уларнинг суҳбати худди ичган қаҳвалари каби ҳисобсиз тунларга чўзилиб кетди ва сўзларнинг оқими, аччиқ ичимлик асносида Эшер Уйи дунёга келди.

Черков қўнғироғининг бўғиқ садоси эшитилди. Меҳмонлар ташриф буюрмоқда эдилар.

Жилмайганча у меҳмонларни қарши олгани ташқарига йўналди.

Роботлар кутар эдилар — болалик хотираларисиз катта ёшдаги одамлар. Ўрмон кўллари рангидаги яшил шойи либосдаги, бақа ва папоротник тусли шойи либосдаги роботлар кутар эдилар. Қум ва қуёш рангли, сариқ сочли роботлар кутар эдилар. Устидан желатин қуйилган найчасимон бронза суякли роботлар ётар эдилар. Тирик бўлмаган ва ўлик бўлмаганлар тобутларида, тахта қутиларда туртиб юборишларини кутиб маятниклар ётар эдилар. Суртма ва қуйма маъдан ҳиди анқир эди. Гўристон жимлиги ҳукм сурарди. Ҳар икки жинсдаги, аммо жинссиз роботлар. Юзлари бор-у, аммо юзсиз, одамзотдан одамликдан бошқа ҳамма нарсани юқтириб олган роботлар устига “Франкоборот” деб ёзилган қутиларнинг қатор михлар қоқилган қопқоғига тик қараб турган роботлар, улар ўлим деб атаб бўлмайдиган йўқликда турар эдилар, чунки бу йўқлик ортидан ҳаёт асари сезилмас эди... Бирдан михлар қаттиқ визиллайди. Бирин-кетин қопқоқлар кўтарилади. Қутилар узра соялар ўйнайди, қўлда сиқилган мой идиш машина мойини тизиллатиб отади. Ишга туширилган бир мурват аста чиқиллайди. Яна бир мурват, яна бир, ниҳоят худди улкан соат дўконидагидек, чор атрофни чақ-чуқ овози босиб кетади. Тош кўзлари ёғоч қовоқларини кенг очадилар. Бурун катаклари пирпирайди. Маймун юнглари ва оқ қуён териси қопланган роботлар оёққа турадилар. Эгизаклар Твидлдам ва Твидлди, Бузоқбоши, Соня, Оппоқ чўкканлар, — тана ўрнига туз ва майин сув йўсинлари, устрица рангидаги кўзлари ирғиб чиққан кўкиштоб дорга осилганлар, муз хилқатлар ва ялтироқ пистончалар, сопол паканалар ва жигарранг элфлар, Чиқ-чиқ, Олабўжилар, сунъий бўрон булути ичидаги Санта Клаус, Кўк Соқол — жағ соқоллари худди ацителен оловидек гуриллаб турибди. Яшил тилларини ўйнатиб, кулранг паға-паға тутунлар суза бошлади. Гўё Олачипор чирмовуқдек биланглаётган аждаҳони эсга солувчи бу тутун қурсоғида бозиллаган лахча чўғ билан деворга тақалиб келар эди: гув-гув, тақ-туқ, ўкирик, сукунат, сапчиш, бурилиш... Минглаб қопқоқлар яна ёпилди. Соат дўкони Эшер Уйи томон йўл олди. Афсунгарлик туни бошланди.

Қўрғонда илиқ шабада елди. Осмонни куйдирган, кузини баҳорга айлантирган кўйи меҳмонларнинг ракеталари учиб кела бошлади. Ракеталардан оқшом либосларида эркаклар чиқиб, уларнинг ортидан кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турмакли аёллар эргашиб келарди.
— Бу Эшер жуда бало экан-ку!
— Эшик қани?

Шу тоб Стендаль пайдо бўлди. Аёллар кулар ва гап сотар эдилар. Мистер Стендаль жим бўлинглар дегандек қўлини кўтарди. Сўнг ўгирилди, нигоҳини қалъанинг баланд деворидаги деразага олди-да, қичқирди:

Рапунцел, Рапунцел, кўз оч уйқудан.
Сочларингни паришон айлагил тубан.

Гўзал қиз тунги шабадани қарши олиб, деразадан қаради ва олтин сочларини пастга туширди. Ундан мамнун меҳмонлар Уйга кўтарилишлари учун сочлар эшилиб, буралиб нарвонга айланди.

Энг кўзга кўринган жамиятшунослар! Энг зукко руҳшунослар! Дунёда энг тенги йўқ сиёсатдонлар, бактериологлар, психоневрологлар! Ана, уларнинг ҳаммаси кулранг девор оралиғида турибди.
— Хуш келибсизлар!

Мистер Трайон, мистер Оуэн, мистер Дан, мистер Лэнг, мистер Стеффенс, мистер Флетчер ва яна йигирма-ўттизтача машҳур шахслар.
— Кираверинглар! Кираверинглар!

Мисс Гиббс, мисс Пауп, мисс Черчилл, мисс Блант, мисс Драммонд ва яна йигирматача офатижон аёл. Барчалари ҳеч бир истисносиз кўзга кўринган, энг кўзга кўринган шахслар, хаёлотлар билан Кураш Жамиятининг аъзолари, эски байрамлар — “барча муқаддас байрамлар” ва “Гай Фоксни ман қилувчилар” билан курашувчилар, кўршапалакларнинг қотиллари, китобларга қирон келтирувчилар, машъалбозлар; барчалари ҳеч бир истисносиз одамларга Марсга биринчи бўлиб оддий, дағал йўллар билан учиб келиш, марсликларни гўрга тиқиш, манзилгоҳларни ифлослардан тозалаш, шаҳарлар қуриш, йўлларни таъмирлаш ва умуман турли-туман тартибсизликларни бартараф этиш имконини тақдим этган одобли ва ахлоқли, виждони пок фуқаролар. Кейин эса, Хавфсизлик мустаҳкам қарор топгандан сўнг бу Қувонч Ғоратгарлари, бу қон ўрнига формалинли ва йодли настойка рангли кўзи бор нусхалар ўзларининг Ахлоқ Иқлимини кўчат қилиб ўтқазиш ва барчага мурувват ила саховат улашиш учун пайдо бўлдилар. Уларнинг барчаси эса — унинг дўстлари! Ҳа, ҳа, ўтган йили Ерда у эҳтиёткорлик ва ўта тавозе билан уларнинг ҳар бири билан танишган, ҳар бирига ўз мавқеини кўз-кўз қилган эди.
— Бепоён Ўлим маъвосига хуш келибсизлар! — қичқирди у.
— Менга қаранг, Стендаль! Бу нима деган гап?
— Ҳали кўрасизлар, ҳаммангиз ечинингиз! Анави ерда ҳужралар бор. У ерда тайёрлаб қўйилган либосларни кийинглар, эркаклар бу тарафга, аёллар у тарафга.

Меҳмонлар бир оз тараддудланганча туриб қолдилар.
— Билмадим, бу ерда қолсак қалай бўларкин, — деди мисс Пауп. — Бу ер менга ёқмаяпти. Бу ерда куфрнинг ҳиди келаяпти.
— Ҳеч нарса қилмайди, бор-йўғи либос байрами!
— Булар бари қонунга қарши эмасмикан деб қўрқаман. — Мистер Стеффенс эҳтиёткорлик билан бурнини тортиб қўйди.
— Бас! — кулиб юборди Стендаль. — Бир гал қувнасангиз қувнабсиз-да. Эртага ҳаммаси остин-устин бўлади. Ҳужраларга тарқалинглар!

Уйда ҳаёт қайнаб, борлиқ яшнаб кетди, бурро-бурро ҳазил сўзлари янгради, оқ сичқонлар миттигина чўплари билан миттигина ғижжакларини ишқалаётган паканаларнинг навоси остида митти кадрилга рақс тушар, қурум босган тўсинлар остида байроқчалар ҳилпирар ва кўршапалак галалари муздек, серкайф, кўпикли Шароб пуркаётган жағлари кенг очиқ ўлаксахўрлар ёнида чарх уриб учар эдилар. Либосли айёмнинг барча етти залидан ўтиб, ариқча жилдирарди. Меҳмонлар ўзларини шунга ташлашди ва қарасаларки, бу Херес ариғи экан! Маскарад доминосига яширинган елкаларидан йилларни итқитиб ташлаб, меҳмонлар кабиналардан отилиб чиқдилар ва улар кийиб олган ниқоблар уларнинг хаёлот ва даҳшатларни муҳокама қилиш ҳуқуқидан маҳрум этди. Қип-қизил либосли аёллар чарх уриб айланар ва хандон ташлаб кулар эдилар. Эркаклар уларнинг ортидан ялтоқланиб эргашардилар. Деворларда аллакимларнинг соялари сузарди, унда-бунда ҳеч нимани акс эттирмайдиган кўзгулар осиғлиқ эди.
— Бизлар баримиз қонхўрлармиз! — кулди мистер Флетчэр. — Ўликлармиз.

Ҳар бири бошқа рангдаги еттита зал: бири мовий, бири қирмизий, бири яшил, бири пушти, яна бири оқ, олтинчиси бинафшаранг, еттинчисига қора бахмал қопланган. Қора залда эбент қирғоқлари бўғиқ занг чалди. Залдан-залга, хаёлий роботлар ўртасида, Сонялар ва тентак ляпниклар, Троялялар ва Улканлар, Қора Мушуклар ва Оқ Қироличалар ўртасида ширакайф меҳмонлар гандираклар эдилар ва уларнинг чалкаш оёқлари остида пол оғир ва бўғиқ ғичирлар эди, гўё улар остига яширинган юрак ўз ҳаяжонини тутиб туролмаётгандек.
— Мистер Стендаль!

Шивирлаб...
— Мистер Стендаль!

Уларнинг ёнгинасида Ўлим ниқобидаги даҳшатли дарранда турарди. Бу Пайкс эди.
— Биз хилватда гаплашиб олишимиз керак.
— Нима гап?
— Мана. — Пайкс унга қоқ суяк қўлини узатди. Унинг қўлида бир ҳовуч эритилган, қорайган ҳалқачалар, гайкалар, мурватлар, больтлар бор эди.

Стендаль уларга узоқ қараб қолди, сўнг Пайксни йўлакка бошлаб кетди.
— Гарретми? — сўради у шивирлаб.

Пайкс бош ирғади.
— У ўзининг ўрнига роботни юборибди. Мен уни ахлаткуйдиргични тозалаётганимда топиб олдим.

Иккаласи шубҳали мурватларга қаради.
— Бу ҳар дақиқада полиция бостириб келиши мумкин деганини билдирадими? — деди Пайкс. — Режаларимиз барбод бўлди.
— Бу маълум эмас, — Стендаль айланиб юрган сариқ, кўк, қизғиш одамларга қаради. Мусиқа кенг ва ғуборли заллардан узоқ-узоқларга тараларди. — Гаррет шахсан ўзи келишига ишонадиган даражада аҳмоқ бўлмасам керак, лекин шошманг-чи!
— Нима бўлди?
— Ҳеч нарса, айтарли ҳеч нарса йўқ. Гаррет бизга роботни юборибди, аммо биз ҳам шундай қайтардикки, агар у жуда ҳам синчковлик билан қарамайдиган бўлса, бизнинг фирибимизни пайқамаслиги ҳеч гап эмас.
— Бўлмаса-чи!
— Янаги сафар у ўзи келади. Энди у унга ҳеч нарса хавф солмаслигига ишонади. Ўз одамингиз билан уни ҳар дақиқада кутиб туринг! Шаробдан яна олинг, Пайкс!

Катта қўнғироқ бонг урди.
— Ўлай агар, бу ўша. Боринг, мистер Гарретни ичкарига олиб киринг.

Рапунцель олтин сочларини пастга туширди.
— Мистер Стендалмисиз?
— Мистер Гаррет, ҳақиқий Гарретмисиз?
— Ўзиман. — Гаррет намиққан деворлар ва чир айланаётган одамларга синчковлик билан назар солди; — ўзим кўрай деган бўлса керак. Роботларга ишониб бўлмайди. Боз устига, бегона роботларга. Бир йўла мен эҳтиёткорлик юзасидан Бузувчиларни чақирдим. Бу мараз маскан деворларини бузиш учун улар бир соатдан кейин етиб келишади.

Стендаль таъзим қилди.
— Огоҳлантирганингиз учун раҳмат. — У қўли билан ишора қилиб қўйди: — Ҳозирча сизни кўнгил очишга таклиф қиламан. Озгина шароб кетадими?
— Йўқ, йўқ, ташаккур. Нималар бўлаяпти у ерда? Инсон таназзулининг чегараси қаерда?
— Ўзингиз амин бўласиз, мистер Гаррет.
— Тубанлик, — деди Гаррет.
— Энг жирканч тубанлик, — тасдиқлади Стендаль.

Қаердадир аёл чийиллади. Пишлоқдек оппоқ мисс Пауп югуриб келарди.
— Шундай нарса юз бердики, айтишга тилим бормайди! Кўз олдимда маймун мисс Блантни бўғди ва мўрига итариб юборди.

Улар қувурга қарашди ва пастда осилиб турган узун сариқ сочларни кўришди. Гаррет қичқириб юборди.
— Даҳшат! — чўқиниб деди мисс Пауп. У бирданига тилдан қолди, кўзларини пирпиратди-да, ўгирилди: — Мисс Блант!
— Ҳа, — мисс Блант унинг ёнида турарди.
— Ахир мен сизни ҳозиргина печка қувури ичида кўрган эдим-ку!
— Йўқ, — кулди мисс Блант. — Бу робот эди, менинг нусхам. Моҳирона кўчирма!
— Лекин, лекин...
— Ёшларингизни артинг, жонгинам. Мен соппа-соғман. Ўзимга қарашимга рухсат беринг. Мана, мен қаерда эканман! Ҳа, мўрида худди сиз айтгандек. Ғаройиб-а, тўғрими?

Мисс Блант кулганча у ердан кетди.
— Ичасизми, Гаррет?
— Ичганим бўлсин. Сал асабийлашдим. Эй худо, бу қанақа жой бўлди-а. Фақат бузиб ташлашга ярайди, холос. Менга қолса бир лаҳзада... — Гаррет Шаробни сипқорди.

Янги қичқириқ. Мистер Стеффенснинг елкасида зинадан пастга қараб тўртта оқ қуённи олиб келар эдилар, зина тўсатдан ҳайратомуз равишда полда пайдо бўлган эди. Мистер Стеффенсни хандаққа судраб кетишди ва оёқ-қўллари боғлиқ ҳолда, унинг шилинган баданига тиғдек ўткир баҳайбат маятник чайқалганча тобора яқинлашиб ва пастга тушиб келаётганини кўриш учун қолдирдилар.
— Ўша пастдаги менми? — сўради мистер Стеффенс Гарретнинг ёнида пайдо бўлиб. У қудуқ устига энгашди — ўзингнинг ўлимингни томоша қилиш жуда ва жуда қизиқ бўлар экан.

Маятник охирги марта чайқалди.
— Худди ўзидек-а, — деди мистер Стеффенс орқасига буриларкан.
— Шаробдан яна қуяйми, мистер Гаррет?
— Ҳа, малол келмаса.
— Буёғи кўпи кетиб, ози қолди. Ҳадемай, Бузувчилар келишади.
— Худога шукур!

Шу пайт яна, учинчи марта қичқириқ эшитилди.
— Тағин нима гап? — асабий сўради Гаррет.
— Энди менинг навбатим, — деди мистер Драммонд. — Қаранг.

Минг қичқирмасин, иккинчи мистер Драммондни тобутга думалатиб ётқизишди ва пол остидаги нам ерга ирғитишди.
— Тўхтанг, ахир бу эсимда! — Оҳ тортиб деди Ахлоқ Иқлимининг инспектори. — Ахир бу кўҳна, тақиқланган китоблардан-ку... “Барвақт кўмилган одам”. Қолганлари ҳам: қудуқ, маятник, маймун, мўри... “Морг кўчасидаги қотиллик”. Бу китобни мен ўзим ёққан эдим, бўлмаса-чи!
— Шаробдан қуйинг, Гаррет. Бундоқ, қадаҳни маҳкамроқ ушланг.
— Худо ҳаққи, тасаввурингизга гап йўқ!

Уларнинг кўз олдида яна беш одам ўлди: биттаси аждаҳонинг оғзи ичида, қолганлари қора ҳовузга ташлаб юборилди, сув тубига тушиб кетди-да, ўша ёқда чириди.
— Сизга нима тайёрлаганимизни кўрмоқчимисиз? — сўради Стендаль.
— Ўз-ўзидан маълум, — жавоб берди Гаррет. — Нима фарқи бор? Барибир биз бу маразни портлатиб юборамиз. Сиз жирканчсиз.
— Унда кетдик. Бу ёққа.

Шундай дея у Гарретни пастга, кўплаб эшиклардан ўтиб, махфий жойга олиб кетди, ундан мурватли зинадан юриб, ер тагига, мағораларга тушишди.
— Бу ерда сиз менга нимани кўрсатмоқчисиз? — сўради Гаррет.
— Сизнинг ўлигингизни.
— Менинг нусхамними?
— Ҳа, яна бир нарсани.
— Нима экан?
— Амонтильядони, — деди Стендаль қўлида фонарни кўтариб олдинда юриб борар экан.

Чор атрофда тобутлар ичидан белигача суғурилиб чиққан скелетлар ҳаракатсиз осилиб турар эди. Гаррет кафти билан бурнини беркитди, нафратдан юзи бужмайди.
— Нима, нима?
— Сиз амонтильядо ҳақида ҳеч эшитганмисиз?
— Йўқ!
— Мана буни ҳам билмайсизми? — Стендаль токчани кўрсатди.
— Қаёқдан билай?
— Буни ҳамми? — Стендаль жилмайганча чакмонининг қатидан устанинг андавасини олди.
— Бу нима?
— Кетдик, — деди Стендаль.

Улар меҳробга чиқишди. Қоронғиликда Стендаль ширакайф инспекторнинг қўлларига кишан солди.
— Ё алҳазар, бу нима қилганингиз? — қичқириб деди Гаррет занжирни шақиллатиб.
— Мен, таъбир жоиз бўлса, темирни қизиғида босаяпман. Темирни қизиғида босаётган одамнинг ишига халақит берманг, бу одобдан эмас. Мана шунақа!
— Сиз мени занжирбанд қилиб қўйдингиз!
— Мутлақо тўғри.
— Нима қилмоқчисиз ўзи?
— Сизни шу ерда қолдирмоқчиман.
— Ҳазиллашманг.
— Ғоят муваффақиятли ҳазил.
— Менинг иккинчи қиёфам қани? Наҳотки биз унинг қандай ўлдирилишини кўрмасак?
— Ҳеч қанақа иккинчи қиёфа йўқ.
— Ахир қолганлар-чи?!
— Қолганлар ўлган. Тирик одамларни қандай ўлдиришганини кўрдингиз-ку. Иккинчи қиёфа роботлар эса ёнингизда туриб томоша қилган эдилар.

Гаррет индамади.
— Энди сиз: “Бутун муқаддас нарсалар учун, Монтрезор!” — деб гапиришга мажбурсиз, — деди Стендаль. — Мен эса: “Ҳа, бутун муқаддас нарса ҳаққи” деб жавоб бераман. Хўш, чоғингиз қалай? Бўлинг. Гапиринг.
— Тўнка!
— Нима, мен сизга ялинишим керакми? Гапиринг! Гапиринг: “Бутун муқаддас нарса ҳаққи, Монтрезор!”
— Айтмайман, падарига лаънат. Мени бу ердан чиқариб юборинг. — У энди ҳушёр тортган эди.
— Мана. Кийиб олинг. — Стендаль қўнғироқчалари жиринглаб турган ниманидир унга тутди.
— Нима бу?
— Қўнғироқчали қалпоқ. Шуни кийиб олинг, балки мен сизни кейин қўйиб юборарман.
— Стендаль!
— Кийиб олинг, дедим сизга!

Гаррет итоат қилди. Қўнғироқчалар жиринглаб кетди.
— Сиз булар барчаси қачонлардир бўлиб ўтгандек ҳис қиляпсизми? — гапга тутинди Стендаль белкурак, лой, ғиштлар билан андармон бўлар экан.
— Нима қилаяпсиз?
— Сизни мўмиёлаяпман. Бир қатор тўлиб бўлди. Мана бу иккинчи қатор.
— Ақлингизни ебсиз!
— Сиз ҳақсиз.
— Бунинг учун сизни жавобгарликка тортишади!
— Қўйиб юборинг, қўйиб юборинг мени!

Сўнгги ғиштни қалаш қолган эди. Бақириқ-чақириқ ҳамон давом этарди.
— Гаррет? — секин чақирди Стендаль.

Гаррет жимиб қолди.
— Гаррет, — давом этди Стендаль, — биласизми, сизни нима учун бундай қилганимни? Чунки сиз ҳатто тузукли ўқимасдан ҳам мистер Понинг китобларини ёқиб юборгансиз. Китобларни ёқиб юбориш керак деган одамларнинг гапига лаққа тушгансиз. Акс ҳолда сиз, биз бу ерга келишимиз биланоқ, менинг кўнглимдагини дарров билиб олган бўлардингиз. Жаҳолат ҳам эви билан-да, мистер Гаррет.

Гаррет сукут сақларди.
— Ҳамма нарса аниқ бўлиши керак, — деди Стендаль ёруғ меҳробга ўтиб, эгилган қиёфага тушиши учун фонарни кўтариб; — Қўнғироқчаларни секин жиринглатинг-чи.

Қўнғироқчалар жиринглади.
— Энди малол келмаса; “Бутун муқаддас нарса ҳаққи, Монтрезор!” деб айтинг, эҳтимол мен сизни озод этарман.

Фонарь ёруғида инспекторнинг чеҳраси кўринди. Бир оз тараддудланиб турди-да, у пойинтар-сойинтар қилиб, такрорлади:
— Бутун муқаддас нарса ҳаққи, Монтрезор.

Стендаль мамнун ҳолда хўрсиниб қўйди ва кўзларини юмди. Сўнгги ғиштни қалади-да, босиб, зичлаб қўйди.
— Reguiescat in pace, азиз дўстим!

У тезгина мағорадан чиқиб кетди.

Ярим тунда соатлар дастлаб бонг урганда, уйнинг еттита залида ҳамма нарса сукунат қўйнига ғарқ бўлганди.

Қизил Ўлим пайдо бўлди.

Стендаль бир лаҳза эшик тагида тўхтаб қолди, яна бир карра ҳамма нарсага кўз югуртириб чиқди. Уйдан югуриб чиқди-да, ҳандақ орқали вертолет кутиб турган жойга шошилди.
— Тайёрми, Пайс?
— Тайёр.

Улар жилмайганча улуғвор бинога қарашди. Худди зилзилада бўлганидек, уй ўртасидан эрий бошлади ва бу ажойиб манзарадан завқланган Стендаль орқа томонда турган Пайкснинг паст овозда хиргойи қилиб айтган сўзларини эшитди:
— “... кўз олдимда қудратли деворлар нураб тушди ва ағанади. Бамисоли минглаб шаршаралар каби анчагача гувиллаган овоз чалиниб турди ва чуқур қора қўлтиқ Эшерлар Уйи харобалари узра унсиз ва тунд бир ҳолда кўздан йўқолди”.

Вертолет ғарб томонга йўл олганча биқирлаб қайнаётган кўл узра учиб борарди.

Август 2005 - Кекса Одамлар

Ва ниҳоят, — худди кутилганидек — Марсга кекса одамлар келиб қўна бошлади: улар ҳайқироқ кашшофлар, нозик дидли шубҳапарастлар, устаси фаранг мусофирлар, пок ризқ қидирган хаёлпараст воизлар солган издан йўлга тушган эдилар. Адойи тамом бўлган ва ожиз одамлар, қиладиган бор-йўқ ишлари ўз юракларига қулоқ солишу, ўз томирларини пайпаслаб бўлган одамлар, тишсиз оғизлари билан суюқ дорини тинимсиз ютадиган одамлар, илгари ноябрда умумий вагонда Калифорнияга, апрелда эса учинчи тоифа пароходда Италияга йўл оладиган бу жонли хилқатлар, бу муштдек-муштдек хилқатлар ҳам ниҳоят Марсда пайдо бўлди.

Avvalgi
I- qism