OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРей Бредбери
Асар номиМарсга ҳужум (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Илмий тахайюлот
Муаллифлар
   - Рей Бредбери
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАмир Файзулла (Русчадан)
Ҳажм263KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/25
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Аннотация
Американинг машҳур фантаст ёзувчиси Рэй Брэдберининг номи ва асарлари ўзбек ўқувчиларига ҳам яхши таниш. Энди адибнинг шоҳ асари “Марсга ҳужум”ни сиз азиз фантастика ихлосмандларига ҳавола этмоқдамиз. Олтмиш ёшида илк марта учоққа чиққан, уйида эски ёзув машинкасидан бошқа биронта замонавий техника ускунаси бўлмаган Рэй Брэдбери фавқулодда қувваи зеҳни билан олис-олис галактикаларга худди фазогирлардай “саёҳат” қилади ва мўъжизавий таассуротларини жаҳон аҳли билан баҳам кўради.

Муаллифнинг фантастика воситасида бундай ғаройиб “саёҳат”лари замирида улкан мажозий маъно ётади — у Ердаги ҳаёт, хусусан она табиатга муносабат аллақачон издан чиққанлигини алам, ўкинч ва заҳархандалик билан ифода этади. Ҳатто биз шаффоф марсликлар истиқомат қилади деб тасаввур этганимиз Марс сайёрасини ҳам мана шу одамлар аллақачон бошига етиб бўлганини алоҳида уқтиради. Бу эса Ердаги ҳар бир одамни чуқурроқ ўйлашга, ҳушёр бўлишга даъват этади.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Марсга ҳужум (II- қисм)
Рей Бредбери

Сентябр 2005 - Марслик

Осмонга тик қадалган мовий чўққилар ёмғир пардаси орасига кириб кўздан йўқолар эди, ёмғир узун каналларга келиб қуйилар эди, қария Лафарж томоша қилгани хотини билан уйидан чиқиб келди.
— Мавсумдаги биринчи ёмғир, — деди Лафарж.
— Мўъжиза... — хўрсинди хотини.
— Раҳмат ёмғири!

Улар эшикни ёпишди, хонага қайтиб келиб, каминдаги кўмир чўғда қўлларини исита бошладилар. Улар совқотиб қалтирар эдилар. Деразадан узоқ-узоқлардаги одамларни Ердан бу ерга келтириб қўйган ракета корпусига келиб урилаётган ёмғирнинг нам йилтиллашини кўриб турар эдилар.
— Фақат мана шунинг ўзи... — деди Лафарж ўз қўлларига қараганча.
— Нима демоқчи эдинг? — сўради хотини.
— Агар Томни ўзимиз билан ола келганимизда...
— Лаф, яна ўша гапми?
— Йўқ, йўқ, кечир, бошқа гапирмайман.
— Биз бу ерга Том ҳақида ўйлагани эмас, тинч, ташвишларсиз қарилик гаштини сургани келганмиз. Унинг ўлганига неча йиллар бўлди. Уни ҳам, ердаги содир бўлган ҳамма нарсани ҳам унутишга ҳаракат қилишимиз керак.
— Тўғри, тўғри, — деди эри ва яна иссиққа интилди. Унинг кўзлари оловда эди. — Мен бу ҳақда бошқа оғиз очмайман. Шунчаки, ҳалиги... Биз унинг қабрига гул қўйган якшанба кунлари Грин-Лон-Паркка қилган сафарларимизни жуда-жуда қўмсаб кетаяпман...

Мовий ёмғир майин сувлари билан уйни ювар эди.

Соат тўққизда улар ётишди; бир-бирининг қўлини ушлаганча улар жим ётар эдилар, эр 55 ёшда, хотин 60 ёшда, ёмғир шовқинига тўла тубсиз зулмат қўйнида.
— Энн, — аста чақирди эр.
— Ҳа? — жавоб берди хотин.
— Ҳеч нарса эшитмадингми?

Улар биргаликда шамол ва ёмғир шовқинига қулоқ тутишди.
— Ҳеч нарса, — деди хотин.
— Кимдир ҳуштак чалди, — изоҳ берди эр.
— Йўқ, мен эшитмадим.
— Бориб қарай-чи, ҳар эҳтимолга қарши.

Эр халатини кийди-да, бутун уйни юриб ўтиб, ташқари эшиккача борди. Журъатсиз қадамларини секинлатиб, аста эшикни итарди ва ёмғирнинг муздек томчилари юзига урилди. Шамол эсарди.

Эшик тагида мўъжазгина қиёфа турарди.

Осмонни поралаб чақмоқ чақди, унинг бир зумлик ёғдусида ҳалиги қиёфанинг чеҳраси намоён бўлди. У Лафаржга қараб турарди.
— Кимсиз? — қичқирди чол титраганча.

Жимлик.
— Ким бу? Нима керак сизга?

Ҳамон чурқ этган товуш йўқ.

Чол ўзини ўлгудек чарчоқ, заиф, мадорсиз ҳис қилди.
— Кимсан деяпман? — қичқирди Лафарж яна.

Хотини орқадан келди-да, эрининг қўлидан тутди.
— Нега бунақа қичқираяпсан?
— Нарёқда бир бола турибди, менга жавоб беришни истамаяпти, — деди чол қалтираганча. — У Томнинг ўзгинаси!
— Юр, ухлайлик, сенга шунақа туюлган.
— Ана у, ҳали ҳам турибди, ўзинг қарагин.

Лафарж хотиним баралла кўрсин деб эшикни кенгроқ очди. Муздек шамол, сийрак ёмғир орасидан улар томон ўйчан қараганча бир қиёфа турарди. Кекса хотин эшик кесакисига суянди.
— Кет! — деди у қўлини силкитиб. — Кет!
— Томга ўхшамайди, демоқчимисан? — сўради чол.

Қиёфа қилт этмас эди.
— Қўрқиб кетаяпман, — деди хотин. — Эшикни ёп-да, кетдик, бориб ухлайлик. Керак эмас, керак эмас!...

Шундай дея у ўзича аллақандай дуоларни ўқиганча ётоқхона томон кетди.

Чол ҳамон шамолда турарди, қўллари муздек нам ҳавода қотиб қолган эди.
— Том, — аста деди у. — Агар бу сен бўлсанг, агар мўъжиза рўй бериб, бу ерга келган бўлсанг, мен эшикни ёпмайман. Агар совқотиб исингани уйга кирмоқчи бўлсанг, кир ва бориб камин тагида чўзил, у ерда пўстак ёзиғлиқ.

Шундай дея у аста эшикни ёпди, аммо қулфламади.

Хотин эрнинг келиб ўринга ётганини, ғўжанак бўлиб қалтираётганини эшитиб ётарди.
— Даҳшатли тун. Мен ўзимни жуда қари ҳис этиб кетаяпман. — Аёл пиқ-пиқ йиғлади.
— Бўпти, бўпти, — меҳрибонлик билан уни тинчлантирди эр қучоқлаганча. — Ухла.

Охири хотин ухлаб қолди.

Шу заҳоти чолнинг зийрак қулоғига бир нарса чалинди: ташқи эшик аста-секин очилди, ичкарига ёмғир аралаш шамол урилди, кейин эшик ёпилди. Лафарж енгил одимларнинг камин олдига келганини ва заиф нафасини эшитди. “Том”, — деб қўйди у ўзича.

Осмонда чақмоқ ялтираб, зулматни парча-буриш қилди.

Эрталаб қуёш чарақлаб турар, борлиқни куйдирар эди.

Лафарж меҳмонхона эшигини ланг очди-да, ичкарига тезлик билан кўз югуртириб чиқди.

Гиламчада ҳеч ким йўқ эди.

Лафарж хўрсинди.
— Қарибман, — деди у.

У ювиниш учун анҳордан тиниқ сув келтиргани эшик томон йўналди.

Остонада сал бўлмаса лиммо-лим челакни кўтариб келаётган ёш Томга тўқнашиб, уни ағдариб юбораёзди.
— Салом, ота!
— Салом, Том.

Чол ўзини бир четга олди. Ўсмир оёқ яланг хонадан югуриб ўтди-да, челакни ерга қўйиб, жилмайганча унга ўгирилди.
— Бугун кун жуда зўр!
— Ҳа, яхши, — эҳтиёткорона жавоб берди чол.

Бола бугун ўзини жуда бошқача тутмоқда эди. У ўзи олиб келган сувда ювина бошлади.

Чол олдинга бир қадам ташлади.
— Том, бу ерга қандай келиб қолдинг? Сен тирикмисан?
— Нега тирик бўлмас эканман? — Бола кўзларини кўтариб отасига қаради.
— Аммо, Том... Грин-Лон-Парк, ҳар якшанба... Гуллар... ва... — Лафарж ўтиришга мажбур бўлди. Ўғил унинг олдига келди, тўхтади-да, отасининг қўлидан ушлади. Чол унинг бармоқларини ҳис этди — қаттиқ, иссиқ.
— Сен ростдан ҳам шу ердамисан? Бу туш эмасми?
— Наҳотки менинг бу ерда бўлишимни хоҳламасангиз? — бола ҳаяжонланди.
— Сени қара-ю, Том, нега хоҳламас эканман!
— Унда нега сўраяпсиз? Келдим, тамом-вассалом.
— Лекин онанг, бундай кутилмаганда...
— Ташвиш қилманг, ҳаммаси яхши бўлади. Тунда мен иккалангизга ҳам қўшиқ айтиб берган эдим, бу сизларнинг мени қабул қилишларингизга, айниқса, ойимнинг қабул қилишларига ёрдам беради. Кутилмаган ҳол қандай таъсир қилишини биламан. Шошманг, ўзи кириб келади-да, амин бўласиз.

Бола қалпоғи билан сарғиш жингалак сочларини қоқиб кулиб юборди. Унинг кўзлари ниҳоятда мовий ва тиниқ эди.
— Салом Лаф ва Том! — Она сочларини турмаклаганча ётоқхонадан чиқиб келди. — Ростдан ҳам бугун кун жуда ажойиб-а!

Том жилмайганча отасига бурилиб қаради:
— Мен нима деган эдим?

Учаласи биргаликда уй ортидаги сояда роҳатланиб нонушта қилишди. Миссис Лафарж ҳар эҳтимолга қарши яшириб қўйган бир шиша кунгабоқар шаробини чиқариб қўйди ва барчалари қиттак-қиттак ичишди. Лафарж ҳеч қачон хотинини бу қадар қувноқ кўрмаган эди. Мабодо Томга нисбатан онанинг кўнглида бирон-бир шубҳа бўлганда ҳам уни бировга айтиб солмас эди. Унинг учун ҳамма нарса рисоладагидек бўлар эди. Лафаржнинг ўзи ҳам тобора мана шундай туйғу асирига айланиб бормоқда эди. Она идишларни ювар экан, Лафарж ўғли томон энгашди-да, аста сўради:
— Ҳозир ёшинг нечада, ўғлим?
— Наҳотки билмасангиз, дада? Ўн тўртдаман-да, албатта.
— Хўш, ўзинг аслида кимсан? Сен Том бўлишинг мумкин эмас, аммо кимдир бўлишинг шарт! Кимсан?
— Кераги йўқ. — Болакай кайфи учганча қўллари билан юзини яширди.
— Сен мендан яширма, — насиҳатомуз деди чол. — Мен буни тушунаман. Сен марсликсан, ҳойнаҳой? Мен бу ерда марсликлар ҳақида турли хил масалларни эшитганман, тўғри, гап нимада эканини ҳеч ким билмайди. Улардан жуда кам одам қолган бўлса керак, лекин улар орамизда пайдо бўлиб қолсалар, ерликлар қиёфасида пайдо бўладилар. Мана сен, агар бундоқ қараса, гўё Томсан, лекин Том эмассан ҳам...
— Бу нега керак, ахир?! Мен сизларга нима ёмонлик қилдим? — қичқирди болакай юзини кафтлари билан яширганча. — Илтимос, илтимос, мендан шубҳа қилманглар!

У сакраб ўрнидан турди-да, столдан узоқлашди.
— Том, қайт!

Бироқ бола канал ёқалаб шаҳар томон чопиб борарди.
— Қаёққа кетди у? — сўради Энн; у қолган ликопчаларни йиғиштириб олгани келган эди.

У эрининг юзига қаради.
— Бир нарса деб қўрқитиб юбордингми уни?
— Энн, — деди чол хотинининг қўлидан тутиб, — Энн, Грин-Лон-Парк эсингдадир, ярмаркани ва Томнинг ўпкаси шамоллаб оғриб қолганини эсларсан?
— Нега бундай деяпсан? — аёл кулди.
— Шундоқ ўзим, — секин жавоб берди чол.

Узоқда канал ёқалаб чопиб бораётган Томнинг оёқлари остидан кўтарилган чанг аста чўкмоқда эди.

Кечқурун соат бешда кун ботишда Том қайтиб келди. У хавотир билан отасига қараб қўйди.
— Тағин мени сўроқ қила бошладингизми?
— Ҳеч қандай савол йўқ, — деди Лафарж.

Бола оппоқ тишларини чарақлатиб илжайди.
— Мана бу бошқа гап.
— Қаерда эдинг?
— Шаҳар ёнида. Бир қолиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Сал бўлмаса мени... — у керакли сўзни тополмай чайналди. — Мен сал бўлмаса тузоққа тушиб қолаёздим.
— “Тузоққа” деганинг нимаси?
— Анови каналнинг ёқасида кичиккина темир уй бор, шунинг ёнидан ўтаётсам, мени сал бўлмаса тутиб қолишаёзди... шундан кейин мен бу ерга, сизларнинг олдингизга умуман қайтолмаслигим мумкин эди. Сизларга қандай тушунтиришни ҳам билмайман, сўз тополмаяпман, қандай айтиб беришни ҳам билмаяпман, нима бўлганини ўзим тушунмайман, бу шундай қизиқки, сизларга гапириб берсам, дейман.
— Гапириб бермай қўяқол. Яхшиси, бориб ювин. Овқат маҳали бўлди.

Бола ювингани чопиб кетди.

Ўн дақиқалардан кейин каналнинг тинч сатҳида дароз ва озғин, сочлари қоп-қора одам эшаётган эшкак зарбларидан равон сузиб келаётган бир қайиқ кўринди.
— Салом, Лафарж оғайни, — деди у қайиқни тўхтата туриб.
— Салом, Саул, нима гаплар?
— Гапдан кўпи йўқ. Номлендни биларсан — каналдаги Жез саройчада яшайди-ку, ўша.

Лафарж тош қотиб қолди.
— Биламан, нима эди?
— Унинг қанақа ярамас эканлигини ҳам биларсан?
— Айтишларича, у бир одамни ўлдириб қўйиб, шундан Ерни ташлаб кетган экан.

Саул ҳўл эшкакка суянганча Лафаржга диққат билан қаради.
— У ўлдирган одамнинг исм-шарифи эсингдами?
— Гиллингс эди-ёв.
— Худди шундай, Гиллингс. Гап бундай! Икки соатларча олдин мана шу Номленд дегани Гиллингсни кўрдим, деб шаҳарга қичқириб кириб келди. Шу ерда, Марсда яшаяпмиз, деди. Бугун эшитдим, ҳозир эшитиб келаяпман! Гиллингсдан қочиб яшириниш учун у ёқда уни турмага тиқишларини илтимос қилибди. Лекин уни турмага қўйишмабди. Шунда Номленд уйига кетибди ва йигирма дақиқа олдин — одамлар менга айтишди — ўзини пешонасидан отиб ташлабди. Мен ҳозир ўша ердан келаяпман.
— Ана, холос, — деди Лафарж.
— Дунёнинг ишлари шунақа қизиқ бўлар экан-да! — қувватлади уни Саул. — Бўпти, Лафарж, ҳозирча хайр.
— Хайр.

Қайиқ яна каналнинг тинч сатҳидан олдинга сузиб кетди.
— Овқат тайёр, — қичқирди миссис Лафарж.

Мистер Лафарж жойига келиб ўтирди ва пичоқни олиб, стол оша Томга қараб қўйди.
— Том, — деди у, — бугун кечқурун нима қилдинг?
— Ҳеч нима, — жавоб берди Том овқат тўла оғзи билан. — Нима эди?
— Ҳа, йўқ, шунчаки сўрадим-да. — Чол салфетка бурчагини кўйлаги ёқаси ичига тиқди.

Кечқурун соат еттида миссис Лафарж шаҳарга отланди.
— Неча ойдан бери шаҳарда бўлганим йўқ, — деди у.

Том боришдан бош тортди.
— Мен шаҳардан қўрқаман, — деди у. — Одамлардан қўрқаман. Оёғим тортмаяпти.
— Катта йигит бўлиб қолгансан. Шу ҳам гап бўлди-ю! — ён бермай деди Энн. — Гапирма бунақа гапларни. Биз билан борасан. Буни мен айтаяпман.
— Ахир, Энн, бола ўзи хоҳламаса... — орага суқулди чол.

Бироқ миссис Лафарж айтганида туриб олди. У деярлик куч билан ота-болани қайиққа судраб туширди ва барчалари биргаликда оқшом юлдузлари чарақлаб турганда канал бўйлаб йўлга тушишди. Том кўзларини юмиб, чалқанча ётарди, уни ухлаяптими ёки йўқлигини ҳеч ким айтолмасди. Чол ўзича мулоҳаза қилган кўйи унга тикилиб қаради. “Бу ким бўлди, — ўйлади у, — муҳаббатга биздан ҳам ташнароқ бўлган бу қандай зот? Ким у? Ва нима у? — Ёлғизликдан жон сақлагани унга ёт бўлган хилқатлар даврасига келди, одам қиёфасига ва овозига эга бўлди, ундай одамлар бизнинг орамизда қолгани ва ниҳоят ўз бахтини бизнинг эътирофимизда топгани фақат хотирамиздагина яшар эдилар. У қай палладан буён қайси ғордан чиқиб келгани, у Ердан ракеталар учиб келганда бу оламга келиб-ўрнашган қайси халқнинг зурёди бўлди?” Лафарж бошини чайқади. Буни билиб бўлмайди. Бундоқ қарасанг, қайси томонга назар солмагин — у Том, вассалом.

Чол нигоҳини яқинлашиб келаётган шаҳарга қаратди ва унга нисбатан кўнглида нохуш туйғуни ҳис этди. Бироқ, кейин у яна Том ва Энн ҳақида ўйлай бошлади ва ўзига-ўзи деди: “Балки, агар барибир ғам ва қайғудан бошқа ҳеч нарса чиқмайдиган бўлса, оз муддатга бўлса-да, Томни ёнида олиб қолиш нотўғридир... Бироқ биз бу қадар орзу қилган нарсадан қандай воз кечиш мумкин? Гарчи бу бир кунликкина нарса бўлса-да, кейин у ғойиб бўлади, бўшлиқ янада даҳшатлироқ тус олади, қора тунлар — яна қорароқ, ёмғирли тунлар — янада намроқ бўлиб кетади... Бизни бундан маҳрум этиш — оғзимиздаги бир бўлак луқмани суғуриб олишга уриниш билан баробар.”

У яна қайиқ тубида беғам мудраб ётган йигитчага қараб қўйди. Том уйқусида ҳиқ этиб қўйди; туш кўраётган бўлса керак.
— Одамлар, — ғудранди Том уйқусида. — Ўзгараяпман, ўзгараяпман... Қопқон...
— Бўлди, бўлди, йигитча. — Лафарж унинг юмшоқ жингалак сочидан силаб қўйди ва Том тинчланди.

Лафарж ўғли ва хотинига қайиқдан қирғоққа чиқиб олгани ёрдамлашиб юборди.
— Мана, етиб келдик! — Энн чарақлаган чироқларга қараган, таберналар садосига қулоқ солган, пианино ва патефонлар овозидан завқланган, гавжум кўчалардан бир-бирини қўлтиқлаб юрган жуфтларга ҳавас билан қараганча жилмайди:
— Мен уйда қолсам яхши бўларди, — деди Том.
— Илгари бунақа демасдинг, эътироз билдирди она. — Шанба кунлари кечқурун шаҳарга боришга доим интиқ бўлардинг-ку.
— Менга яқинроқ туринг, — шивирлади Том. — Мени тутиб олишларини истамайман.

Энн унинг гапларини эшитиб турарди.
— Нималар деб валдираяпсан, кетдик!

Лафарж боланинг бармоқлари унинг кафтига ёпишганини сезиб, қаттиқ қисди.
— Мен сен биланман, Томми. — У ёнларидан суқулиб келаётган оломонга қаради-да, унинг ҳам кўнгли ғаш тортди. — Биз бу ерда узоқ қолмаймиз.
— Бекорларни айтибсиз, — гапга қўшилди Энн. — Биз бутун оқшомни ўтказгани келганмиз.

Кўчанинг нариги томонига ўтиб, улар уч нафар мастга йўлиқишди. Уларни туртишди, айлантиришди, бир-биридан ажратишди; атрофга аланглаб, Лафарж тош қотиб қолди.

Том йўқ эди.
— Қани у? — жаҳл билан сўради Энн. — Бу қанақа қилиқ бўлди — кўзингни шамғалат қилади-да, ота-онасини ташлаб қочади! Том!

Йўловчиларни туртиб-суртиб мистер Лафарж чор атрофга чопа бошлади. Бироқ, Томдан дом-дарак йўқ эди.
— Қайтиб келади, мана кўрасан, уйга кетаётганимизда қайиқ олдида кутиб турган бўлади, — ишонч билан деди Энн эрини кинотеатр томон етаклаганча.

Бирдан оломон орасида ғала-ғовур бошланди ва Лафаржнинг ёнидан бир эркак ва бир аёл чопиб ўтди. У уларни таниди: Жо Сполдинг хотини билан. Лафарж оғиз очиб, уларга гапиргунича ҳам бўлмай, иккови ҳам кўздан йўқолди.

Хавотир билан атрофга аланглаганча у чипталар сотиб олди ва хотинига итоаткорона эргашганча қоп-қора кинозалнинг ичига кириб кетди.

Соат ўн бирда қайиқ ёнида Том йўқ эди.
— Ҳечқиси йўқ, онаси, — деди Лафарж, — фақат ҳаяжонланма. Мен уни топаман. Шу ерда кутиб тур.
— Тезроқ қайтгин-да.

Аёлнинг овози сувнинг шалоплаши тагида қолиб кетди.

Чол қўлларини чўнтакларига тиққанча тунги кўчалардан юриб борарди. Чироқлар бирма-бир ўча бошлади. Аллақаерда деразалардан одамларнинг гавдалари кўринарди. Гарчи осмонда юлдузлар орасида ёмғирли булут парчалари ҳамон сузиб юрса-да, тун илиқ эди. Лафарж ўғлининг қандайдир тузоқ ҳақида қайта-қайта гапирганини, унинг оломон ва шаҳарлардан қўрқишини эслади. “Бу қандай ношудлик, — ҳорғин ўйлади чол. — Балки, бола бутунлай қочиб кетгандир. Балки, у умуман бўлмагандир...” Лафарж уйларнинг рақамларига бир-бир кўз солганча муюлишдан бурилди.
— Сенмисан, Лафарж?

Остонада трубка чекиб, бир эркак ўтирарди.
— Салом, Майк.
— Ҳа, хотининг билан ғижиллашиб қолдингми? Асабни тинчитгани, шамоллагани чиқдингми?
— Ҳе-йўқ, шунчаки айланиб юрибман.
— Турқингдан ниманидир қидираётгандайсан. Ҳа, дарвоқе, топилдиқлар ҳақида. Бугун кечқурун кимдир торпилибди. Жо Сполдингни биласанми? Қизи Лавиния эсингдами?
— Эсимда, — Лафарж муздек бўлди. Бу гўё иккинчи марта кўраётган тушга ўхшарди. Бундан кейин нима дейилиши кераклигини ҳам у аниқ билиб турарди.
— Лавиния бугун кечқурун уйга қайтди, — деди Майк тутунни пуфлаб. — Унинг бир ой бурун Ўлик денгиз тагида адашиб қолгани эсингдами? Кейин унинг жасадини топишди, ҳарҳолда уники бўлса керак, жуда дабдала қилиб ташлашган экан-да... Шундан бери Сполдинглар ўзларига келганларича йўқ. Жо қаерга борса, йўқ, қизим тирик, бу унинг жасади эмас, дейди. Мана, у ҳақ бўлиб чиқди. Бугун Лавиния пайдо бўлди.
— Қаерда? — Лафарж оғир-оғир нафас олар, юраги дук-дук қиларди.
— Катта кўчада. Сполдинглар кинога чипта олиб туришган экан. Бирдан оломон ичида Лавинияни кўриб қолишибди. Қанақа томоша бўлганини ўзинг билавер. Аввалига қиз уларни танимабди. Уч маҳаллача орқасидан юриб боришибди, улар гапираверишибди-гапираверишибди, охири қиз эслабди.
— Қизни ўзинг кўрдингми?
— Йўқ, аммо унинг овозини эшитдим. Эсингдами, у “Ломонд кўлининг ажойиб соҳили” қўшиғини айтишни яхши кўрарди? Шундай қилиб десанг, яқингинада мен унинг шу қўшиқни отасига айтиб турганини эшитдим, ҳов, ана уларнинг уйи. Шунақаям куйлайдики, қойил қоласан! Худо берган қиз. Унинг ўлганини эшитганимдан бери бу қандай кўргулик деб ўзимга келолмайман. Мана, қайтиб келиб, бирам енгил тортдимки. Ие, тобинг йўққа ўхшаяпти, бу ёққа кел-чи, бир қултум вискидан отиб ол!
— Раҳмат, Майк. Бошқа сафар. — Чол у ердан кетди.

Орқадан Майкнинг хайрли тун тилаб қолганини эшитса-да, жавоб бермади, балки нигоҳини баланд биллур томига Марс гулларининг чўғдек қатлами ястланган икки қаватли уйга қадаб олган эди. Боғ узра жингалак панжарали балкон осилиб турар, иккинчи қават деразаларида чироқ ёниб турарди. Вақт алламаҳал бўлса-да, барибир у кўнглидан ўтказди: “Агар Томни олиб бормасам, Эннинг аҳволи нима кечади? Янги зарба — яна ўлим. Бунга бардош бера олармикан? Биринчи ўлимини эслармикан?.. Мана бу ўнгида бўлаётган бу тушни ҳам эслармикан? Мана бу тўсатдан содир бўлган айрилиқни-чи? Эй худо, Энн учун Томни топмасам бўлмайди! Шўрлик Энн, у қайиқ ёнида кутиб ўтирибди-я...”

Чол бошини кўтарди. Аллақаерда баландликда овозлар қувноқ оҳангда бир-бирига хайрли тун тилар, эшиклар ёпилар, чироқлар ўчар ва паст овозда айтилаётган қўшиқ тинимсиз қулоққа чалинар эди. Бир лаҳза ўтиб, балконга 18 ёшлардаги ёқимтойгина қизча чиқди.

Лафарж кучли шамолга бас келганча, қизни чақирди.

Қиз бурилиб пастга қаради.
— Кимсиз? — қичқирди қиз.
— Бу мен, — деди чол унга. Ғалати, ўйламай жавоб берганини англаб, у тутилиб қолди, фақат лаблари унсиз пирпирарди.

“Том ўғлим, мен отангман” деб қичқирсамикан? Қизга нима деса экан? Тағин у бирон телба-пелба деб ўйлаб ота-онасини чақириб юрмасин.

Қиз муздек ғира-шира ёруғликда гавдасини панжара оша чиқариб эгилди.
— Мен сизни биламан, — юмшоққина жавоб берди қиз. — Илтимос, кетинг. Сиз бу ерда ҳеч нима қилолмайсиз.
— Сен қайтишинг керак! — Лафарж шунча уринса ҳам ўзини тутиб туролмай, беихтиёр қичқирди.

Ойдиндаги одам қиёфаси юқорида қоронғилик ичига чекинди-да, кўздан ғойиб бўлди, фақат товуши қулоққа чалинарди.
— Мен энди сизнинг ўғлингиз эмасман, — деди товуш. — Нима учун шаҳарга кетдик биз?
— Ойинг сени соҳилда кутиб турибди!
— Мени кечиринг, — жавоб берди оҳиста товуш. — Аммо нима ҳам қила олардим? Бу ерда мен бахтлиман, худди сизлардек мени севишади. Мен ўз ҳолимча менман, берганларини оламан. Энди кеч: улар мени асир олишди.
— Аммо Энн ҳақида ўйласанг-чи, бу унга қандай зарба бўлишини биласанми?..
— Бу уйдаги фикрлар ҳаддан ташқари кучли, мен худди қамоқда ётгандекман. Мен ўзим ўзимча ўзгаролмайман.
— Аммо сен Томсан-ку, ҳозир қиз бола бўлсанг ҳам олдин Том эдинг-ку, тўғрими?! Ёки сен чолни масхара қилаётибсанми? — балки ҳақиқатан ҳам сен Лавиния Сполдингдирсан?
— Мен униси ҳам, буниси ҳам эмасман, мен фақат менман. Аммо қаерга бормай, мен яна қандайдир бошқача ҳамман ва ҳозир сиз мана шу бошқачани ўзгартиришга қодир эмассиз.
— Сенинг шаҳарда қолишинг хатарли. Ўзимизнинг каналда яхши, у ерда сени ҳеч ким хафа қилмайди, — ёлворарди чол.
— Тўғри... — овоз иккиланиб жавоб берди. — Аммо мен бу ердаги одамлар билан ҳисоблашишга мажбурман. Эрталаб менинг ғойиб бўлганимни кўришса уларнинг ҳоли нима кечишини биласизми? Тағин ҳамишаликка-я. Тўғри, ойим менинг кимлигимни биладилар, — сизга ўхшаб ақллари етади. Менга улар ҳамма нарсани билиб олганга ўхшаб кўринадилар, фақат сўрашни исташмаяпти. Арвоҳга савол бермайдилар. Агар бор нарсага эга бўлиш қийин экан, бунда орзунинг нима ёмон жойи бор? Мен улар йўқотган мен бўлмай қўя қолай, улар учун мен ҳатто уларнинг орзулари яратган энг гўзал орзудан ҳам яхшироқдир. Олдимда икки йўл турибди: ё уларнинг дилини оғритишим керак, ёки сизнинг хотинингизнинг дилини оғритишим керак.
— Уларнинг оиласи катта, беш нафар. Улар бу йўқотишга бардош бера оладилар!
— Илтимос, — овоз титради, — мен чарчадим.

Чолнинг овози қатъийлашди.
— Сен биз билан кетишинг керак. Мен Эннига ортиқ азоб беришни истамайман. Сен бизнинг ўғлимизсан. Сен менинг ўғлимсан, сен меникисан.
— Кераги йўқ, илтимос! — балкондаги соя титрар эди.
— Сени бу уй ва унинг эгалари билан ҳеч нарса боғлаб тургани йўқ.
— Э-ҳа, сиз мени нима қилаяпсиз?
— Том, Том, ўғлим, қулоқ сол. Тезроқ уйга қайтиб кел, ҳа, мана бу чирмовуқдан осилиб туш. Кетдик, Энн кутаяпти, сенинг ўз уйинг бўлади, нима хоҳласанг ҳаммаси муҳайё бўлади.

Лафарж мўъжиза рўй беришини жон-дили билан истаганча ва интиқ бўлганча кўзларини балкондан олмасди...

Соялар чайқалар, чирмовуқлар шитирлар эди.

Ниҳоят паст овоз қулоққа чалинди:
— Яхши, ота.
— Том!

Ой нурида чирмовуқлардан чаққон ўғил бола қиёфаси сирғалиб тушди. Лафарж қучоқламоқчи бўлиб қўлларини кўтарди.

Тепадаги деразаларда чарақлаб чироқ ёнди.

Нақшинкор панжара ортидан кимнингдир овози чалинди.
— Ким у?
— Бўла қол, болакай!

Яна чироқ ёнди, яна товушлар эшитилди.
— Тўхта, отаман! Винни, соғмисан?

Шошиб кетаётган оёқ товушлари.

Чол ва бола боғ ичидан югуриб кетишди.

Ўқ овози янгради. Ўқ боғ эшигининг ёнгинасидаги деворга келиб тегди.
— Том, сен бу томонга қараб чоп! Мен бу томонга қараб чопаман, уларни чалғитаман, тўғри канал олдига боргин, ўн дақиқадан кейин ўша ерда учрашамиз, бўла қол.

Улар ҳар икки томонга қараб чопиб кетишди.

Ой булутлар ортига яширинди. Чол зим-зиё қоронғилик ичида чопиб борарди.
— Энн, мен шу ердаман.

Аёл титраб-қалтираганча чолнинг қайиққа тушишига ёрдамлашиб юборди.
— Қани Том?
— Ҳозир келади.

Улар тор йўлчалар ва ухлаётган шаҳарага қаради. Ҳамон кеч қолган йўловчилар кўзга ташланарди, полициячи, тунги қоровул, ракета учувчиси, тунги висолдан кейин уйига қайтаётган ёлғизбош эркаклар, кулганча бардан чиқиб келган икки жуфт эркак ва аёл... Аллақаерда мусиқанинг бўғиқ овози чалинарди.
— Нега у шу пайтгача йўқ? — сўради она.
— Ҳозир, сабр қил.

Бироқ Лафарж энди ишонмаётган эди. Ким билсин, балки йигитчани қаердадир, қандай қилибдир бандаргоҳ томонга чопиб келаётгандами, чироқсиз уйлар оралиғидаги зим-зиё кўчалардан ўтиб кетаётгандами, тутиб олишгандир-да? Албатта, орадаги йўл анча олис эди, ҳатто чаққон бола учун ҳам олислик қилар эди. Аммо нима бўлганда ҳам Том ундан олдин етиб келиши керак эди...

Бирдан узоқдан ойдин ёритиб турган кўчадан чопиб келаётган одам қораси кўринди.

Лафарж қичқириб юборди, бироқ ўша заҳоти ўзини босди:
— Ўша ёқдан, узоқдан унинг қулоғига бошқа овозлар, бошқа оёқлар дупури чалинди. Деразалар¬да бирин-кетин чироқлар ёнди. Ёлғиз кўланка бандаргоҳ олдидаги кенг майдонга отилиб чиқди. Бу Том эмас эди, балки сонсиз фонарлар ёғдусида бир чарақлаб, бир ўчиб турган кумуш ранг юзли оддий хилқат эди. Аммо у яқинлашиб келгани сайин тобора таниш туюла бошлади ва қиёфа бандаргоҳга етиб келганда Томга айланиб бўлган эди! Энн қўллари билан сувни шалоплатди, Лафарж шошиб қайиқни қирғоқдан итарди, аммо энди кеч эди.

Чунки кўчадан кимсасиз майдонга бир эркак... яна бир эркак... бир аёл, яна икки эркак, мистер Сполдинг отилиб чиқди. Улар нима қилишларини билмай, тўхтаб қолишди. Улар чор атрофга олазарак қарашар эди, улар уйга қайтишни исташарди: ахир бу... бу бориб турган даҳшат, телбалик эди, вассалом! Шундай бўлса-да, улар таъқиб этишда давом этар, дам-бадам иккиланиб тўхтаб олар ва яна югуриб кетар эдилар.

Ҳа, энди кеч эди. Бу ғайриоддий оқшом, ғайриоддий воқеа ниҳоясига етганди. Лафарж қўлида арқонни айлантирарди.

У қаттиқ совқотган ва ўзини ёлғиз ҳис қиларди. Ойдинда одамлар кўзлари косасидан чиқиб чопаётганлари, шошиб кетаётганлари, оёқларини силтаб, югураётганлари кўриниб турарди, мана, улар барчаси, ўн нафар одам қирғоқ бўйида турар эди. Улар қайиққа еб қўйгудек қараб туришарди. Улар қичқирар эдилар:
— Жойингдан қўзғалма, Лафарж!

Сполдинг қўлида тўппонча ушлаб турарди.
— Нима бўлгани энди равшан эди... Том бир ўзи йўловчиларни ортда қолдирганча ой ёритиб турган кўчалардан юриб борар эди. Полициячи милтиллаган қиёфани сезиб қолади. Шартта орқасига бурилиб, унинг юзига қарайди, қанақадир исмни айтиб қичқиради, орқасидан қувиб, югуради. “Ҳой, тўхта!” У машҳур жиноятчини кўриб қолди. Йўлдан ким ўтган бўлса ҳаммасини кўрди. Эркакми, аёлми, тунги қоровулми ёки ракета учувчисими — уларнинг ҳар бири учун чопиб кетаётган қиёфанинг ким эканлиги барибир эди. Унинг тимсолида улар учун таниш бўлган ҳар қандай одам, ҳар қандай рамз, ҳар қандай исм тажассум топган эди... Сўнгги беш дақиқа ичида қанчалаб турфа исмлар тилга олинмаган эди!.. Том тимсолида қанчалаб шахслар тусмол қилинмаганди — барчаси сохта!

Бутун йўл бўйлаб таъқибланувчи ва таъқиб қилувчилар, орзу ва орзу қилувчилар, паррандалар ва кўппаклар тўлиб-тошиб кетган эди. Бутун йўл бўйлаб: кутилмаган кашфиёт, таниш кўзлар чақноғи, чала эсда қолган исмни айтиб қичқириш, қадим замонлар ҳақидаги хотиралар — унинг изидан чопиб бораётган оломон шу тариқа кўпайгандан-кўпайиб, тошгандан-тошиб борар эди. Ҳар ким ўрнидан дик этиб турар эди-да, орқасидан чопиб кетар эди, бир карра лип этиб кўздан ўтган сиймолар, ўн минглаб кўзгулар ўн минглаб кўзларда акс этади, — чопиб бораётган шарпа, шахс, бири олдинда кетаётганлар учун, бошқаси орқада келаётганлар учун ва яна бири, янгиси унинг йўлида учрайдиган, ҳали уни кўрмаган одам учун.

Мана, улар барчаси шу ерда, қайиқ ёнида ҳар бири биргина орзуга етишишни истайди, — худди биз бу шарпа на Лавиния, на Рожер, на бошқа бирон киши эмас, айнан Том бўлишини қанчалик хоҳлар эдик, ўйлади Лафарж. Аммо энди бу амалга ошмайди. Ғишт қолипдан кўчган эди.
— Қайиқдан чиқинглар, қани! — буйруқ берди Сполдинг.

Том бандаргоҳга кўтарилди. Сполдинг унинг қўлидан тутди.
— Сен биз билан уйимизга борасан. Мен ҳаммасини биламан.
— Тўхта, — орага суқилди полициячи, — у ҳибсга олинган! Унинг исм-шарифи Декстер, қотиллиги учун қидирилмоқда.
— Йўқ, йўқ! — пиқ-пиқ йиғлади аёл. — Бу менинг эрим! Нима, ўз эримни танимай ўлибманми?!

Бошқа овозлар ўз айтганида туриб олди. Оломон қайнар эди.

Миссис Лафарж Томни гавдаси билан тўсиб олди.
— Бу менинг ўғлим, сизлар уни ҳеч қанақанги айб билан айблашга ҳаққингиз йўқ! Биз уйга боришимиз керак!

Том эса тўхтовсиз қалтирар эди. Унинг авзойидан қаттиқ касалга ўхшарди. Оломон ҳамон бостириб келар, тоқатсизлик билан қўлларини чўзар, уни тутиб олмоқчи бўлар эди.

Том қичқириб юборди.

У ҳамманинг кўз ўнгида ўзгармоқчи эди. Бу Том эди, Жеймс ҳам, Свичмен исм-шарфли одам ҳам эди, Беттерфилд исм-шарифли бошқа одам ҳам эди, бу шаҳар мэри эди ва Юдиф исмли қиз ҳам, эри Уильям ҳам, хотини Кларисса ҳам эди. У бамисоли юмшоқ, уларнинг тасаввурича итоатгўй эди. Улар қичқирар, бостириб келар, ўзлари томон чорлар эдилар. У ҳам уларга қўлларини кенг ёйиб, силтаганча қичқирар ва ҳар бир қичқириқ унинг юзини ўзгартириб юборар эди.
— Том! — чақирди Лафарж.
— Алиса! — янгради янги қичқириқ.
— Уильям!

Улар йигитчани қўлидан ушлаб олдилар, сўнгги марта қичқириб, ерга йиқилмагунча ўзлари томон тортавердилар.

У тошлар устида ётарди — эриган мум қотмоқда эди, унинг башараси барча башаралар каби эди, бир кўзи мовий, иккинчи кўзи тилларанг, сочи қип-қизил, малла, сарғиш, қора эди. Бир қоши бароқ, иккинчиси ингичка, бир қўли катта, иккинчиси кичкина эди.

Улар бармоқларини лабларига қўйганча унинг боши узра турар эдилар. Улар эгилдилар.
— У ўлди, — деди кимдир охири.

Ёмғир ёға бошлади.

Томчилар одамларга туша бошлади ва одамлар осмонга қарашди.

Улар орқага бурилишди-да, аввал секин, кейин тез-тез одимлар билан узоқлашишди, кейин эса ҳар томонга қараб чопиб кетишди. Фақат даҳшат ичида қолган мистер ва миссис Лафарж бир-бирининг қўлидан тутганча, жойларида турар ва унга қарар эдилар.

Ёмғир осмонга юзланган, ҳеч қандай таниш белгиси қолмаган башарани ювар эди.

Энн унсиз йиғлай бошлади.
— Кетдик уйга, Энн, энди қўлимиздан ҳеч нарса келмайди, — деди чол.

Улар қайиққа тушишди ва зулмат ичида каналдан сузиб кетишди. Улар ўз уйларига киришди ва каминга ўт қалашди, қўлларини ўтга тоблаб исинишди. Улар ухлагани кетишди ва ҳолдан тойган, қалтираган кўйи ёмғирнинг яна томни ноғора қилиб чалаётганига қулоқ солиб бирга ётишди.
— Тишш, — тўсатдан деди Лафарж ярим тунда. — Ҳеч нарса эшитмаяпсанми?
— Йўқ, эшитмаяпман...
— Барибир чиқиб қарай-чи.

У зим-зиё хонани пайпасланиб юриб ўтди-да, очишдан олдин катта эшик олдида узоқ турди.

Ниҳоят эшикни ланг очди-да, ташқарига кўз солди.

Ёмғир бўм-бўш ҳовлига осмондан сув қуйиб анҳорни, кўм-кўк тоғ ёнбағирларини ювар эди.

У беш дақиқача кутиб турди, сўнг ҳўл қўллари билан аста эшикни ёпди-да, лўкидонини суриб қўйди.

Ноябр 2005 - “Йўл Товарлари”

Модуллаштирилган ёруғлик нури Ердан сўнгги хабарларни келтирганда, йўл моллари дўконининг соҳибига кечқурун радиодан эшитган бу янгилик жуда ҳам узоқ туюлиб кетди. Ҳеч нарсани тушуниб бўлмасди.

Ерда уруш етилиб келарди.

У ташқарига чиқди ва осмонга қаради.

Ана у, Ер, кечқурунги кўк гумбазида тоғ ортига думалаб кетаётган қуёшни қувиб бормоқда. Мана шу яшил юлдуз радио гапирган нарсанинг айнан ўзи бўлади.
— Ҳеч ишонгим келмайди, — деди баққол.

Бу сизнинг у ерда эмаслигингиздан, — деди ота Перегрин, у саломлашгани унга яқинлашди.
— Буни қандай тушуниш керак, авлиё ота?
— Менинг болалигимда ҳам худди шундай бўлган эди, — деди ота Перегрин. — Биз Хитойдаги уруш ҳақида эшитар эдик. Лекин биз бунга ишонмасдик. Бу жуда қадимги гап. Жуда кўп одамлар қирилиб кетган у ерда. Буни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ҳатто ўша ёқдан олиб келинган фильмларни кўрганимизда ҳам бизлар ишонмаганмиз, ҳозир ҳам шундай бўлаяпти. Ер — ўша Хитой. Ҳаддан ташқари узоқ, шунинг учун одам ишонгиси келмайди. Уруш бу ерда эмас, бизда бўлмаяпти. Ушлаб кўриш у ёқда турсин, ҳатто кўз билан кўриб бўлмайди. Бор-йўқ кўриб турган нарсамиз яшил чироқ, холос. Мана шу яшил чироқда икки миллиард одам яшайдими? Ақл бовар қилмайди! Уруш? Лекин қулоғимизга портлашлар чалинмаяпти-ку?!
— Чалиниб қолар, — деди боққол. — Мен нуқул шу ҳафта ичи бу ерга учиб келиши керак бўлган одамлар тўғрисида ўйлайман. Улар ҳақида қандай гапларни айтишган? Яқин ойлар ичида Марсга юз мингга яқин одам келади, дейилган. Менимча, шундай. Агар уруш бошланиб қолса, уларга нима бўлади?
— Изларига қайтиб кетишса керак-да.
— Ҳа, ҳа, — деди боққол. — Бўпти, бориб жомадонларимнинг чангларини артай, ҳали-замон харидорлар бостириб келиб қолишади.
— Агар бу биз кўп йиллардан бери кутаётган ўша Катта уруш бўлса, ҳамма Ерга қайтишни хоҳлаб қолади деб ўйлайсизми?
— Айнан шундай, авлиё ота: қанчалик ғалати туюлмасин, биз ҳаммамиз шуни хоҳлаб қоламиз деб ўйлайман. Бўлмаса-чи, биз сиёсатдан, атом бомбасидан, урушдан, амалдорлар тўдаларидан, хурофотлардан, қонунлардан безиб бу ерга учиб келганмиз. Булар барчаси менга кундай равшан. Аммо барибир ватан у ёқда-да. Мана кўрасиз, Америкага биринчи бомба тушиши билан бу ердаги одамлар ўйга чўмиб қолишади. Улар бу ерда жуда оз яшашган. Нари борса икки йил. Қирқ йил бўлганда, бошқа гап эди, энди эса ахир Ерда уларнинг қариндош-уруғлари, туғилиб ўсган шаҳарлари бор. Мен-ку, сирасини айтсам, Ерга ҳатто ишонмайман ҳам, мен учун у йўқ ҳисоби. Аммо мен чолман, мендан ҳеч қандай фойда-зиён йўқ. Мен шу ерда қолсам ҳам бўлаверади.
— Яна ким билади.
— Бу гапингиз ҳам тўғри.

Улар юлдузларга қараганча айвонда туришарди. Сўнг ота Перегрин чўнтагидан пул олди ва уни дўкон соҳибига узатди.
— Дарвоқе, менга битта жомадон танлаб беринг. Анови эски жомадоним титиғи чиқиб кетган...

Ноябр 2005 - Ўлик Мавсум

Сэм Паркхилл мовий Марс қумини супурар экан, супургини чаққон-чаққон силтар эди.
— Мана бўлди, — деди у. — Марҳамат, сэр, томоша қилинг! — У қўли билан кўрсатди. — Ёзувга қаранг, ёзувга. “СЭМНИНГ ИССИҚ СОСИСКАЛАРИ”! Гўзал-а, тўғрими, Элма?
— Тўғри, Сэм, — тасдиқлади унинг хотини.
— Кўрдингми, мен қаёққа суриб юборганман! Энди мени ТЎРТИНЧИ ЭКСПЕДИЦИЯ йигитлари бир кўриб қўйишса ёмон бўлмасди. Худога шукур, ишим жўнашиб кетди, улар бўлса, ҳалигача аскарча чориқларни судраб юришибди. Бизлар эса пулни пул билан ўйнаймиз, Элма, пул билан! — Хотини индамай унга қараб турарди.
— Капитан Уайлдер қаерга гумдон бўлди? — сўради хотини охири. — Ановини ўлдирган бошлиғинг бор эди-ку, анови-чи, ҳамма ерликларни битта қўймай қириб ташламоқчи бўлган — ҳаҳ, оти қурғур нима эди-я?..
— Анови жиннини айтаяпсанми? Спендер. Уччига чиққан малъун. Ҳа, капитан Уайлдерга келсак... Айтишларича, Юпитерга учиб кетганмиш. Катта одам бўлиб кетганмиш. Янглишмасам Марс ҳам унинг абжағини чиқарди. Нақ онасини учқўрғондан кўрди, худо ҳақи. Агар омади чопса, Юпитер ва Плутондан йигирма йилдан кейин қайтиб келади. У ерда лом-мим дейишга ҳам тили айланмай қолади. Тилни тийиш нималигини ўшанда билади. Ана шунақа. У ерда у совуқдан қотиб ўлади, мен-чи, бу ерда, кўрдингми, нималар қилиб олдим! Киройи жой дегани бундоқ бўлибди-да!

Икки ташландиқ тош йўл шу ерда туташиб, зулмат ичига ғойиб бўлганча шу ерда айрилар эди. Наҳ чорраҳанинг ўзида Сэм Паркхилл шишган қуроқ-қуроқ альюминийдан ясалган иншоот қад кўтариб турарди. У оппоқ нурга чулғаниб, автомат-радиола ўкиригидан титрарди.

Синган шишадан ясалган Йўлак чеккасидаги шиша парчаларидан ясалган бордюрни тўғрилаш учун у эгилди. Шишани у тоғлардаги қадимги Марс биноларидан ушатиб келганди.
— Икки сайёрадаги энг яхши қайноқ сосискалар! Марсдаги биринчи сосискафурушлар! Пиёз, қалампир, хантал — ҳаммаси олий сифатли! Қани энди мени биров ношуд деб айтиб кўрсин-чи! Ана сизга иккита шоҳ кўча, ана ўлик шаҳар, ҳов анави ерда эса, конлар. 101 Сеттльмент юк машиналари суткасига 24 соат ёнимиздан ўтиб туради. Қани айт-чи, ёмон жой танлабманми?

Хотини оёқларига қарар эди.
— Ишчилари бор бу ўн минг янги ракета Марсга учиб келаяпти деб ўйлайсанми? — деди хотини ниҳоят.
— Бир ойга қолмайди, — ишонч билан жавоб берди у. — Нега лабингни бурасан?
— Мен анови Ердаги одамларга унчалик ишонмайман, — жавоб берди аёл. — Қачон ўн минг ракета ва юз минг мексикалик ва хитойликларни ўз кўзим билан кўраман, ўшанда ишонаман.
— Харидорлар, — сэм Паркхилл бу сўзни салмоқлаб айтди. — Юз минг оч мижоз!
— Ишқилиб, атом уруши бўлмасин-да, — аста деди аёл осмонга қараб. — Бу атом бомбалар менга сира тинчлик бермаяпти. Ерда шунчалик кўп тўпланиб қолганки, ҳар нарса бўлиши ҳеч гап эмас.

Сэм ҳм деб қўйди-да, супуришда давом этди.

Кўзининг қири билан у мовий милтиллашини пайқаб қолди. Унинг орқасида ҳавода нимадир шовқинсиз парвоз қилмоқда эди. Хотинининг овози қулоғига чалинди:
— Сэм, сени ошнанг сўраб келди.

Сэм ўгирилди ва ҳавода чайқалиб турган ниқобни кўрди.
— Яна келибди! — деди Сэм супургини кўндаланг ушлаганча.

Ниқоб бош ирғади. У зангори шишадан ясалган бўлиб, ингичка бўйин устида турарди, пастда нафис сариқ шойи либос шамолда ҳилпирарди. Либос ичидан худди тўрдай шаффоф иккита кумуш қўл чиқиб турарди. Оғиз ўрнида ниқобда энсиз ўйиқ бўлиб, ундан мусиқа садо чиқарди, қўллар, ниқоб, либос эса гоҳ тепага, гоҳ пастга майин тушиб-чиқиб турарди.
— Мистер Паркхилл, мен сиз билан гаплашгани келдим яна, — деди ниқоб остидан овоз.
— Бу ерда қорангни ҳам кўрмай деб айтган эдим-ку! — ўшқирди Сэм. — Йўқол, бўлмаса Касални қўйиб юбораман!
— Касал менда аллақачон бўлган, — жавоб берди овоз. — Тирик қолганлардан биттаси менман. Мен жуда узоқ ётдим.
— Ўзингнинг тоғингга даф бўл-да, кўрсатган жойдан қимир этмай ўтир. Нега бу ерга келиб, менга ёпишиб оласан! Ҳе йўқ-бе йўқ. Тағин кунда икки марта-я.
— Биз сизга ёмонлик қилмаймиз.
— Лекин мен сизларга ёмонлик қиламан! — деди Сэм депсиниб.
— Мен хорижликларни ёмон кўраман. Марсликларни ҳам ёмон кўраман. Шу пайтгача биттасини ҳам кўрганим йўқ. Кўриб ҳам нима қилардим. Шунча йил аллақаерга яшириниб ўтиришсин-да, энди бирданига мен уларга керак бўлиб қолай, вой товба! Мени тинч қўйинг!
— Сизда муҳим ишимиз бор, — деди мовий ниқоб.
— Агар Ерни айтаётган бўлсангиз, у меники. Мен у ерда сосискахонани ўз қўлим билан қурганман.
— Ерга келганда, гапингиз бир ҳисобдан тўғри.
— Гап бундай, оғайни, қулоқ сол, — жавоб берди Сэм. — Мен ўзим Нью-Йоркданман. Бу катта шаҳар; у ерда менга ўхшаганлардан яна ўн миллионтаси бор. Сизлар марсликлар бор-йўғи йигирма ё ўттиз нафар қолгансизлар. Сизларда шаҳарлар йўқ, тоғма-тоғ кезиб юрасизлар, на ҳокимият, на қонун бор. Тағин сен менга Ердан гап очганингга ўлайми? Шуни қулоғингга қуйиб ол: “Эски янгига жойни бўшатиб бериши керак, яхшиликча ўз йўлимиздан кетайлик, ёнимда тўпонча бор, мана у. Бугун эрталаб сен кетишинг билан мен уни олиб, ўқлаб қўйганман.
— Биз марсликлар — телепатлармиз, — деди совуққонлик билан мовий ниқоб. — Ўлик денгизнинг нариги томонида шаҳарларингиздан биттаси билан биз алоқа ўрнатганмиз. Сиз бугун радиони эшитдингизми?
— Менинг пирёмнигим занглаб қолган.
— Демак, сиз ҳеч нарсадан бехабарсиз. Жуда муҳим янгиликлар бор. Ерга дахлдор.

Кумуш қўл бир ҳаракат қилган эди, унда бронза гўшак пайдо бўлди.
— Йўқ демасангиз, мен буни сизга кўрсатаман.
— Тўппонча! — аста қичқириб юборди Сем Паркхилл.

Ғилофдан тўппончасини олди-да, у туманли қиёфага, либосга, мовий ниқобга қараб ўт очди.

Ниқоб бир лаҳза ҳавода қотиб қолди. Сўнг шойи либос шитирлади-да, қатма-қат майин тахланиб-тахланиб, худди мўъжаз цирк чодиридай ерга қулади, кумуш қўллар тош терилган йўлакни тирнади. Ва ниқоб оппоқ суяк ва мато уюми устини унсиз қоплаб олди.

Сэмнинг нафаси ичига тушиб кетди.

Хотини чайқалганча марсликнинг жасади устида турарди.
— Бу қурол эмас, — деди аёл эгилиб бронза гўшакни олар экан. — Бу хат бўлса керак. У сенга кўрсатмоқчи бўлган. Хат қандайдир илон алифбосида ёзилган, қара — ҳаммаси бир хил мовий илон. Мен бу белгиларни ўқий олмайман. Сен-чи?
— Йўқ.
— Бу марсча пиктограммалардан нима фойда, ташлаб юбор! — У атрофга ўғрилардек аланглаб қаради. — Тағин бошқалари ҳам бостириб келиб қолмасин! Уни тезроқ кўздан йўқотиш керак. Қани, белкуракни бер-чи!
— Нима қилмоқчисан?
— Кўмаман, бошқа нима қилардим?
— Уни ўлдирмаслик керак эди.
— Начора, хато қилдим. Бўла қол!

Аёл унга индамай белкуракни олиб келиб берди.

Соат саккизларга яқин Сэм Паркхилл қайтиб келди ва сосискахона олдидаги майдончани айбдорларча супуришга тутинди. Хотини қўлларини кўкрагига қўйиб, нур тушиб турган эшик олдида турарди.
— Чакки бўлди-да, — деди эр.

У хотинига бир қараб қўйиб, кўзини четга олди. — Кўрдинг-ку ўзинг, тасодифан шундай бўлиб қолди, вазият шунақа бўлиб қолди.
— Ҳа, — деди хотин.
— У қуролни олганида ғазабдан ўзимни тутолмадим.
— Қанақа қурол?
— Шунчаки, менга қурол бўлиб кўринди-да! Афсус, афсус! Яна неча марталаб такрорлашим керак!
— Жим! — деди Эльма бармоғини лабига қўйиб. — Жим!
— Менга барибир, — деди Сэм. — Мен бир ўзим эмасман. Бир нима бўлгудек бўлса, бугун “Сеттельменлик ерликлар, инкорпорейтед” мен томонда! — У нафрат билан пишқириб қўйди. — Марсликлар кулса ундан нари...
— Катта гапирма, — унинг сўзини бўлди Эльма.

Сэм қуриб қолган денгиз томонга қараб қўйди. У супургини қўлидан ташлаб юборди, сўнг яна олди; у анграйиб турарди. Лабларидан мошдеккина сўлак томчиси узилиб тушди-да, шамолда учиб кетди. Бирдан аъзои бадани титрай бошлади.
— Эльма! Эльма! Эльма! — деб юборди у.
— Ана келишди, — деди Эльма. Кўҳна денгиз тубидан худди мовий арвоҳлардек мовий тутунлар келарди, мовий елканлар остида ўн-ўн иккитача баланд Марс қум кемалари сирпаниб келарди.
— Қум кемалар! Аммо улар қолмаган эди-ку, Эльма! Улар йўқ бўлиб кетган эди-ку!
— Нима бўлганда ҳам бу уларнинг кемаларига ўхшаяпти, — деди аёл.

Қанақасига? Ҳукумат уларни мусодара қилган-ку! Ҳаммасини мажақлаб ташлашган, фақат бир нечтасини кимошди савдосида сотишган! Бутун округимизда бир мен шу кемани сотиб олган эдим, уни қандай ҳайдашни биламан!
— Қолмаганмиш... — такрорлади Эльма денгиз томонга бош ирғаб.
— Бўла қол, бу ердан тезроқ жуфтакни ростламасак бўлмайди!
— Нимага? — Чўзиб деди аёл, Марс кемаларига сеҳрлангандек қараб.
— Улар мени ўлдиришади! Машинага чиқ тезроқ!

Эльма жойидан қимир этмасди.

Сэм уни сосискахонага зўрлаб судраб олиб кетди. Бу ерда иккита машина турарди: биттаси яқин-яқингача мудом айланиб юрадиган юк машинаси ва иккинчиси кимошди савдосида эрмак учун сотиб олган кўҳна Марс қумкемаси эди. Сўнгги уч ҳафтада у бу кемада денгизнинг нариги томонидан силлиқ туб бўйлаб ҳар турли юклар таширди. Юк машинасига қаради-ю, эсига тушди. Мотор ерда ётарди — уни таъмирлаш билан у икки кундан бери овора эди.
— Юк машинаси юришга ярамаса кераг-ов, — деди Эльма.
— Қумкема! Ўтир тезроқ!
— Мени шу кемада олиб кетмоқчимисан? Ҳе йўқ-бе йўқ.
— Ўтир! Ҳайдай оламан!

Сэм хотинини ичкарига қараб туртди, ўзи изма-из сакраб чиқди-да, оқшомги шамолга кобальт елканни рўпара қилиб, рулни қаттиқ туртди.

Чарақлаган юлдузлар остида мовий Марс кемалари шитирлаган қумлар бўйлаб ўқдек сирпаниб келарди. То лангар эсига тушиб, уни жойидан суғуриб олмагунча, Сэмнинг кемаси жойидан қимир этмай турди.
— Кетдик!

Кучли шамол қумкемани ўлик денгиз туби бўйлаб суриб кетди, пастда эса биллур қоялар қум босиб ётар, устунлар ағдарилган, мармар ва мисдан қилинган ташландиқ бандаргоҳлар кўзга ташланар, ўлик шаҳарларнинг оппоқ шахмат доналари кўринар, қирмизи тоғ ёнбағирлари ястаниб ётар эди... Сэм орқасидан етиб келмагунча Марс кемалари тобора сийраклашиб бораверди.
— Бопладим-а, бурнини ерга ишқадим-а! — қичқирди Сэм. — Энди эса “Ракета компанияси”га хабар қиламан, улар менга қўриқчи беришади. Айт, қотмаган бошимни қотирмасин!
— Агар хоҳлашганида, сени тутиб олиб кетишлари ҳам мумкин эди, — ҳорғин жавоб берди Эльма. — Фақат бу уларга унчалик керак бўлмаган.

Сэм кулиб қўйди.
— Қўявер, мени қўйиб юборишармиди? Етишолмади, вассалом!
— Етишолмади? — Эльма бошини ирғаб унинг ортига ишора қилди.

Сэм орқасига ўгирилди. Устидан совуқ сув қуйгандек бўлди. У қайрилиб қарашга ҳам қўрқди. У орқадаги ўриндиқда, изғиринли тонгдаги одам нафасидек муваққат ва ланғиллаб турган ғўлачалар узра сузиб юрган мовий дудга ўхшаш, мўрт қамишдаги қировни эслатувчи эски замон оқ кашталарига ўхшаш ва чарх урган қор зарраларига ўхшаш алланарса бордек ҳис қилди.

Юпқа шиша сингандек овоз қулоққа чалинди: кулги. Сўнг яна жимлик. У орқасига ўгирилди. Кема тумшуғида, рул ёнида бир ёш аёл хотиржам ўтирарди. Бармоқлари сумалакдек ингичка, кўзлари ойдай ёрқин ва катта-катта, чақноқ, хотиржам.

Шамол уни тебратар, у эса бамисоли сувдаги аксдек чайқаларди, шойи либосининг мовий ёмғир жилғаларидек бурмалари унинг нозик бадани атрофида лип-лип қилар эди.
— Орқага бурилинг, — деди аёл.
— Йўқ, — Сэмнинг бадани жимирлаб, худди ҳавода осиғлиқ нафис матодек титрар эди, у қўрқув ва ғазаб ўртасидаги сарҳадда иккиланиб турарди. — Йўқол менинг кемамдан!
— Бу сизнинг кемангиз эмас, — жавоб берди арвоҳ. — У бизнинг дунёмиз каби қадимий. У бундан ўн минг йил муқаддам, денгиз қуриб, бандаргоҳ ҳувиллаб қолганда ҳам қумда юрар эди, сизлар эса, келгандилар, уни ўғирлаб, ўзларингизники қилиб олдингиз. Қани, орқага буринг-да, уни чорраҳага олиб бориб қўйинг. Биз сиз билан гаплашишимиз керак. Ғоят муҳим бир нарса содир бўлди.
— Йўқол кемамдан! — деди Сэм. У тўппончани чиқарганда чарм ғилоф ғичирлаб кетди. У обдон нишонга олди. — Сакра, учгача санайман...
— Керак эмас! — қичқириб юборди қиз. — Мен сизга ҳеч қандай ёмонлик қилмадим-ку, бошқалар ҳам. Биз яхшилик билан келдик.
— Бир, — деди Сэм.
— Сэм, — деди Эльма.
— Гапимга қулоқ солинг, — илтимос қилди қиз.
— Икки, — шафақатсизларча деди Сэм, тепкини кўтариб.
— Сэм! — қичқирди Эльма.
— Уч, — деди Сэм.
— Биз фақат... — гап бошлади қиз.

Тўппонча қарс этди.

Қуёш нурларида қор эрийди, қор зарралари буғга, ҳеч нарсага айланади. Ўчоқ алангасида даҳшатли махлуқлар рақс тушиб, қулар эди. Барча мўрт ва заиф нарсалар вулқон кратерида парчаланиб кетади ва ғойиб бўлади. Отилган ўқдан, оловдан, зарбадан қиз бамисоли газ шарфидек енгил қулаб тушди, муз ҳайкалчадек эриб кетди. Ундан қолган у-бу нарсалар — муз парчалари, қор учқунлари, дуд, — барини шамол учириб кетди. Кема тумшуғидаги ўриндиқ бўм-бўш бўлиб қолди.
— Сэм хотинига қарамасликка ҳаракат қилиб, тўппончани ғилофига солди. Ой нурига кўмилган қум денгизи бўйлаб кеманинг шитирлаб югуриши атиги бир дақиқагина қулоққа чалиниб турди.
— Сэм, — деди аёл охири, — кемани тўхтат.

Бўздек оқариб кетган Сэм хотинига юзланди.
— Йўқ, бундай қилолмайсан. Шунча йиллардан кейин сен мени ташлаб кетолмайсан.

Аёл тўппонча дастаси устида ётган эрининг қўлига қаради.
— Нимаям дердим. Сенинг қобилиятингга ишонаман, — деди аёл.
— Сендан бу нарсани кутса бўлади.

У бармоқлари билан рулни қисиб, бошини чайқади.
— Эльма, жинни бўлма. Ҳозир шаҳарга келамиз-да, хатардан қутуламиз!
— Ҳа, ҳа, — жавоб берди хотини лоқайд ўзини орқага ташлаб.
— Эльма, гапимга қулоқ сол.
— Сенга айтадиган гапим йўқ, Сэм.
— Эльма!

Улар оқ шахмат шаҳарчаси ёнидан кетишди ва заиф ғазаб ўтида ёнган Сэм бирин-кетин биллур минораларга қараб олти марта ўқ узди. Ўқ гумбуридан шаҳар майда шиша бўлакларига бўлиниб, тутдай тўкилди-қўйди. Гўё у совундан қирқиб ясалгандай ҳар томонга сочилиб, эриб кетди. Шаҳардан ном-нишон қолмади. Сэм қаҳ-қаҳ уриб кулди-да, яна ўқ узди. Сўнгги минора, сўнгги шахмат донаси ёниб кетди, учқунланиб чақнади-да, мовий пайраҳаларга айланиб, юлдузлар томон учиб кетди.
— Мен уларга кўрсатаман! Мен ҳаммасига кўрсатиб қўяман!
— Бўпти, бўпти, Сэм. Кўрсатавер. —Хира соя унинг юзини тўсиб олди. — Ие, яна битта шаҳар бор экан! — Сэм яна тўппончани ўқлади. — Ҳозир уни нима қилишимни бир кўриб қўй!

Орқадан эса мовий кема-арвоҳларнинг кўланкалари шиддат билан яқинлашиб, тобора катталашиб борарди. Аввалига у ҳатто уларни кўрмади ҳам, фақат гўё қум устида пўлат ғичирлагандек, ҳуштак ва чийилдоқ баланд оҳангни эшитди: У қум кемаларнинг ўткир тиғли бурунлари билан денгиз туби юзасини кесаётгандаги чиққан овоз эди. Қизил ва мовий нишонлар остидаги мовий кемаларда кўк қиёфалар, ниқоб кийган одамлар, кумуш юзли одамлар, кўз ўрнида мовий юлдузи бор одамлар, ёпиштирма олтин қулоқли одамлар, темир иякли ва ёқут лабли одамлар турар эди. Улар қўлларини кўкракларига қўйганча турар эдилар. Улар марсликлар бўлиб, уни таъқиб қилмоқда эдилар.

Бир, икки, уч... Сэм санарди. Марс кемалари унга жуда яқин келди.
— Эльма, Эльма, мен ҳаммасига бас келолмайман.

Эльма жавоб бермади, ҳатто қимир ҳам этмади.

Сэм саккиз марта ўқ узди. Бир қум кема майда-майда бўлакларга бўлиниб кетди, елканлар, зумрад кема танаси, унинг бронза қорни, ойсимон оппоқ рули ва бошқа қисмлари тўкилиб тушди. Ниқобдаги одамлар битта қолмасдан кемадан йиқилиб тушишди, қумга кўмилиб кетишди ва уларнинг ҳар бири устидан олов яллиғланди, аввал қизғиш тусда яллиғланди, сўнг қоп-қора қурум бўлиб, бурқсаб кетди.

Бироқ бошқа кемалар ҳамон яқинлашиб келар эди.
— Улар жуда ҳам кўп экан, Эльма! — қичқирди Сэм. — Улар мени ўлдирадилар!

У лангарни ирғитди. Фойдасиз. Елкан тахлам-тахлам бўлиб, ҳансираганча пастга учиб кетди. Кема, шамол, ҳаракат — ҳамма нарса тўхтади. Марснинг улуғвор кемалари Сэмни қуршаб олиб, унинг боши узра ғоз турганда бутун Марс қотиб қолгандек бўлди.
— Ерлик, — аллақаёқдан баланддан келган овоз қулоққа чалинди.

Кумуш ниқоблардан бири қимирлади, ёқут лаблар сўзларга монанд тарзда ялтиллади.
— Мен ҳеч нарса қилганим йўқ! — Сэм ўзини қуршаб олган башараларга қаради. — Улар юзтадан кам эмас эди.

Марсда жуда оз марслик қолган эди — нариси билан юз-юз элликта. Уларнинг барчаси шу ерда, ўлик денгиз тубида, ўзларининг қайта тирилган кемаларида, қирилиб кетган шахмат шаҳарлари ёнида эдилар, шаҳарлардан биттаси ҳозиргина тош теккан нозик гулдонга ўхшаб, майда-майда бўлиб кетди. Кумуш ниқоблар ярақлар эди.
— Булар барчаси англашилмовчилик, — деди у борт устига келиб туриб; унинг хотини ҳамон кема тубида мук тушиб, чала ўлик бўлиб ётарди; мен

Марсга хусусий ишбилармон, бизнесмен сифатида учиб келганман, бунақалари бу ерда кўп. Парчаланган ракета бўлакларидан ўзимга дўконча қуриб олдим, дўконча, ўзингиз кўрганингиздек, бинойидек, чорраҳанинг шундоқ ўзида. Бу жойни сиз биласиз. Қулинг ўргилсин қилиб ишланган-а, тўғрими? — Сэм нигоҳини битта башарадан бошқасига олганча, ҳиринглаб кулди. — Бу ерда бўлса, мана бу марслик пайдо бўлиб қолди, биламан — у сизнинг ошнангиз. Мен уни билмай ўлдирдим, ишонинг, бу бахтсиз ҳодиса. Менга ҳеч нарса керак эмас, мен фақат сосискахона очмоқчи эдим, бу Марсда ягона биринчи, марказий сосискахона бўларди, мен сизга айтсам. Тушунаяпсизми? Бутун сайёрада энг яхши қайноқ сосискаларни, падарига қусур, қалампирли ва пиёзли сосискаларни улашиш, яна пўртаҳол шарбатини манзират қилиш қандоқ зўр.

Кумуш ниқоблар ой нурида ҳаракатсиз ялтирар эди. Сэмга тикилган сариқ кўзлар ҳам чақнар эди. Унинг ошқозони қорни ичида қисилиб, бир думалоқ тошга айланиб қолди. У тўппончасини қумга ирғитди.
— Таслим бўлдим.
— Тўппончангизни олинг, — бир овоздан дейишди марсликлар.
— Нима?
— Тўппончангизни? — Мовий кема бурни узра жимжимадор қўл учиб чиқди. — Олинг уни, йўқотинг.

Ҳамон ишонмаганча у тўппончани олди.
— Энди эса, — давом этди овоз, — кемани ағдаринг-да, дўконингизга қараб туёғингизни шиқиллатинг.
— Ҳозироқми?
— Ҳозироқ! — деди овоз. — Биз сизга ҳеч қандай ёмонлик қилмаймиз. Сизга тушунтирамиз дегунча сиз қочиб қолдингиз. Қани, орқамиздан юринг.

Улкан кемалар оппоқ момиқлардек енгил ўнгланиб олишди. Қанотли елканлари аста ҳавода пирпирай бошлади, гўё биров кафти билан туртгандек. Ўнгланаётган ниқоблар чарақларди, соялар муздек олов бўлиб куйдирар эди.
— Эльма! — Сэм инқиллаб-синқиллаб кемага тирмашиб чиқди. — Чиқ, Эльма. Қайтамиз. — У ногаҳоний халоскорликдан шу қадар ўзини йўқотган эдики, ҳатто унинг оғзидан чиқаётган сўзларни ҳам англаб бўлмасди. — Улар мени ҳеч нарса қилмайдилар, мени ўлдирмайдилар, Эльма. Чиқ, мусичагинам, ўрнингдан тур.
— Нима... Нима? — Эльма саросималаниб атрофга жовдирарди ва уларнинг кемалари шамолда ўнглангунча аёл худди тушдагидек аста ўрнидан турди ва тош тўлдирилган қопдек, бошқа бир оғиз ҳам сўз айтмай, ўриндиққа оғир чўкди. Кема остидаги қум орқага қочарди. Ярим соатдан кейин улар яна чорраҳада пайдо бўлишди, кемалар лангар ташлаб, ҳамма пастга тушди.

Сэм ва Эльма рўпарасига марсликларнинг Бошлиғи келиб тўхтади:

Ниқоб жилвирланган бронзадан ясалган, кўзлари — тубсиз қоп-қоронғи жарлик, оғиз — сўзлар шамолдай учиб чиқаётган ғор.
— Дўконингизни шайланг, — деди овоз. Ҳавода олмос қўлқопли қўл йилт этди. — Ширинликлар тайёрланг, зиёфат тайёрланг, ўзга юрт шаробидан тайёрланг, зеро бугунги тун — ҳақиқатдан ҳам буюк тундир!
— Бундан чиқди, — сўз қотди Сэм, — сиз бу ерда қолишимга изн бераяпсизми?
— Ҳа.
— Мендан жаҳлингиз чиқмаяптими?

Ниқоб жиддий ва қаҳрли, совуққон ва сўқир эди.
— Ўзингизнинг емакхонангизни тайёрланг, — аста деди овоз. — Энди мана буни олинг.
— Бу нима? — Сэм сиртида илонсимон иероглифлар чуваланган юпқа кумуш варақ найчага тикилиб қолди.
— Бу кумуш тоғлардан мовий тепаликларгача, ўлик денгиздан ой тоши ва зумрадлари бўлган олис водийларгача Ердан юборилган туҳфа, — деди Бошлиқ.
— Ҳаммаси меникими? — бидирлади Сэм қулоқларига ишонмай.
— Сизники.
— Юз минг квадрат мил-а?
— Сизники.
— Эшитдингми, Эльма?

Эльма ерда орқаси билан сосискахонанинг алюминий деворига суяниб ўтирарди; у кўзларини юмиб олган эди.
— Ахир нега, не сабабдан буларнинг ҳаммасини менга инъом этаяпсиз? — Темир ўйиқли кўзга қарашга ҳаракат қилиб, сўради Сэм.
— Бу ҳаммаси эмас. Мана.

Яна олтита найча. Бошқа ерларнинг белгилари, номлари овоз чиқариб битта-битта саналади.
— Ахир бу Марснинг тенг ярми-ку! Мен Марснинг ярмига хўжайинман! — Сэм найчаларни Эльманинг юзи олдида силкитганча девонавор қаҳ-қаҳ уриб кулар эди. — Эльма, эшитдинми?
— Эшитдим, — жавоб берди Эльма осмонга қараб.

Афтидан у ниманидир қидирарди. У аста-секин ўзига келмоқда эди.
— Раҳмат, катта раҳмат, — деди Сэм бронза ниқобга.
— Бу бугун тунда содир бўлади, — жавоб берди ниқоб. — Шай бўлиб туринг.
— Бўпти, дарвоқе, бугун нима бўлади — бирон бир кутилмаган нарсами? Бу ердан ракеталар, эълон қилингандан олдинроқ, муддатидан бир ой аввал учиб келадими? Одамлари билан, кончилари билан, ишчилари ва уларнинг хотинлари билан барча ўн минг одам, юз минг одам учиб келади дедингизми? Жуда зўр бўлар эди-ку, тўғрими, Эльма? Кўрдингми, ахир айтган эдим-а, бу қишлоқда мингта аҳоли билан иш битиб қўя қолмайди девдим-а. Бу ерга яна эллик минг одам учиб келади, бир ойдан кейин — юз минг одам, йил охирига бориб ҳаммаси бўлиб — Ердан беш миллион одам келади! Энг серқатнов йўл устида, конларга борадиган йўлда менинг яккаю-ягона сосискахонам, менинг сосискахонам қад кўтариб туради!

Ниқоб шамолда парвоз қиларди.
— Биз энди кетамиз. Шайланинг. Бутун мана шу ўлка сизларга қолади.

Учар ой нурида қадимги кемалар — қазилма гулларнинг маъдан япроқлари, мовий султонлар, улкан ва шовқинсиз кўм-кўк капалаклар — орқага бурилишди ва силлиқ қумдан сирпаниб кетишди, ниқоблар эса ҳамон нур таратиб ялтирар эди, бу ҳол сўнгги шуъла, сўнгги мовий зиё тепаликлар орасида кўздан йўқолмагунча давом этиб турди.
— Эльма, улар нега бундай қилишди? Нега мени ўлдиришмади? Наҳотки улар ҳеч нарсани билмасалар? Уларга нима бўлди ўзи? Эльма? Ҳеч нарсани тушуна олдингми? — У аёлнинг елкасидан силталади. — Марснинг ярми — меники!

Аёл осмонга қаради, у ниманидир кутмоқда эди.
— Кетдик, — деди Сэм. — Ҳамма нарсани шайлаш керак. Сосискани қайнатиш, булочкаларни иситиш, қалампир соусини қайнатиш, пиёзни тозалаб, тўғраш, зираворларни жой-жойига қўйиш, салфеткаларни халтачаларга солиб қўйиш керак, ҳаммаёқ ёғ тушса ялагудек тоза бўлиб туриши керак! Эҳ-ҳе! — У товонларини баланд ирғишлатганча қандайдир усулсиз рақсда чаққон ҳаракатлар қилди. — Мен бахтлиман, йигитча, бахтлиман, сэр, ўзича хиргойи қилди у. — Бугун менинг бахтли куним!

У телбалардек ишлар эди: сосискаларни қайнаётган сувга ирғитар, булкаларни кўндалангига парраклар, пиёзни қиймаларди.
— Анови марслик нима деганини эшитдингми — кутилмаган воқеа эмиш! Бу ерда фақат бир нарса бўлиши мумкин, Эльма. Мана бу юз минг одам муддатидан илгари учиб келаяпти бугун тунда, учиб келаяпти! Бу ерда қанақанги жиз-биз бўлиб кетишини ўйлаяпсанми! Ярим тунгача ишлаймиз, ҳар куни, у ерда эса яна туристлар бостириб келади, Эльма. Бу пул дегани ёмғирдек ёғилади ҳали.

У ташқарига чиқди ва осмонга қаради. Осмонда ҳеч нарса кўринмас эди.
— Ҳар дақиқада, — деди у муздек ҳаводан ҳузур қилиб симирганча; керишиб, кўкрагига уриб қўйди. – Оҳ-оҳ!

Эльма сукут сақларди. У қовурдоққа картошка тозалаб арчир ва бир кўзи осмонда эди.

Ярим соат ўтди.
— Сэм, — деди у. – Ана у. Қара.

Сэм қаради ва кўрди.

Ер.

Бамисоли дид билан ишлов берилган ёрқин, ям-яшил Ер тепаликлар ортидан кўтарилиб келарди.
— Момо Ер, — меҳр билан шивирлади Сэм. — Жондан азиз Момо Ер. Оч ва яланғоч одамларингни бу ёққа, менинг олдимга юбор. Э... Анови шеърда нима дер эди? Оч одамларингни олдимга юбор, Момо Ер. Сэм Паркхилл ҳозиру нозир, қайноқ сосискалар сизга мунтазир. Қайнамоқда соус, сувга тўлар оғиз. Бўла қол, Ержон, юбор ракеталарингни!

У кашфиётидан завқлангани бир четга ўтди. Мана у, сосискахона, ўлик денгизнинг тубида арчилган тухумдек ялтиллаб турибди, юзлаб миллик бийдек чўлда нур ва иссиқликнинг ягона манбаи. Баҳайбат қора баданда ёлғиз тепиб турган юракнинг ўзгинаси.

У ҳатто ҳаяжонланиб кетди ва кўзлари фахр ёшларидан намланди.
— Бунда хоҳласанг-хоҳламасанг ювош тортиб қоласан, — деди у қайнаб турган сосискалар, иссиқ булочкалар ва сариёғ исини ичига тортаркан. — Келиб қолинг, — юзланди у юлдузларга, — олиб қолинг. Қани, ким биринчи?
— Сэм, — деди Эльма, тим қора осмондаги Ер бирдан ўзгара бошлади.

У алангаланди.

Ер баркашининг бир қисми тўсатдан миллион зарраларга парчаланиб кетди — гўё улкан қуроқсурат тўкилиб тушгандек бўлди. Бир дақиқа ўтгач, Ерни уч ўлчамга катталашган даҳшатли аланга тиллари чулғаб олди, сўнг қисқара бошлади.
— Нима бўлган эди унга? — Сэм осмондаги яшил оловга қараб турарди.
— Ер, — жавоб берди Эльма қўлларини кўкрагига босиб.
— Қанақасига бу Ер бўлар экан, бу Ер бўлиши мумкин эмас! Йўқ, йўқ, Ер эмас! Бўлиши мумкин эмас.
— Бўлиши мумкин эмас, дейсанми? — деди Эльма унга қараб. —Энди бу Ер эмас, ҳа, энди бу ортиқ Ер эмас, — сен шундай демоқчимидинг?
— Ер эмас, йўқ, йўқ, бу Ер эмасди, — улиб деди хотини.

У қимир этмай турарди, қўллари соч ўримларидек осилиб турарди. Оғзи очиқ, маъносиз кўзларининг пахтаси чиққан.
— Сэм, — чақирди аёл. Неча кунлардан бери биринчи марта унинг кўзлари жонланди. — Сэм!

Сэм юқорига, осмонга қаради.
— Хўш, — деди аёл. Бир дақиқа жимликдан сўнг нигоҳини бир нарсадан бошқасига олди, сўнг ҳўл сочиқни шиддат билан билагидан ошириб ташлади. — Чироқни ёқ, кўпроқ ёқ, радиони қўй, эшикларни ланг очиб қўй! Меҳмонларнинг янги тўдасини кут — тахминан миллион йилча. Ҳа, ҳа, сэр, ҳамма нарса тайёр бўлгунча.

Сэм қимир этмасди.
— Эҳ, сосиска учун қандай бемисил жой! — аёл стакандан тиш тозалагич — хилола олди-да, курак тишлари орасига суқди. — Мен сенга бир сирни айтаман, Сэр, — шивирлаб деди у эри томон эгилиб, — назаримда, ўлик мавсум бошланаётганга ўхшайди...

Ноябр 2005 - Кузатувчилар

Ўша куни оқшом ҳамма уйидан чиқди-да, осмонга тикилиб қолди. Овқат овқат жойида, идиш идиш жойида, кино кино жойида қолаверди, ҳамма ўзларининг эндиликда у қадар янги бўлмай қолган айвончасига чиқди-да, ям-яшил Ер сайёрасига икки кўзларини қадаб олишди. Бу мутлақо ноихтиёрий тарзда содир бўлди; улар ҳозиргина радио тарқатган янгиликнинг маъносини чақишга тиришаётгандек йўл тутдилар. Ана у — Ер, у ерда уруш пишиб келаётибди, у ерда юз минглаб оналар, бувилар, оталар, ака-укалар, амма-холалар, амаки-тоғалар, эгачи-сингиллар бор. Улар айвонда турганча ўзларини Ернинг борлигига ишонтирмоқчи бўлар эдилар; Бу бир вақтлар Марснинг борлигига ишонишдек қийин бир нарса эди: нуқулгина телба-тескари жумбоқ. Сирасини айтганда-ку, Ер улар учун ўликдек бир нарса, улар у билан уч ёки тўрт йил аввал хайрлашишган. Масофани ўйласа, юрак увишиб кетади, етмиш миллион йил туйғуларни бўғади, хотирани тилка-пора қилади, Ерни кимсасизга айлантиради, ўтмишни сидириб ташлайди ва бу одамларга бу ерда ҳеч нарсани ўйламасдан меҳнат қилиш имконини беради. Лекин бугун оқшом ўлганлар оёққа турди, Ерда яна ҳаёт бошланди, хотира уйғонди ва улар кўплаб номларни тилга олдилар. Анави эркак нима қилаяпти-ю, манави аёл нима қилаяпти? Фалончи нима бўлди? Одамлар ўз айвонларида туриб, бир-бирларига қарар эдилар.

Соат тўққизда Ер гўё портлаб кетди ва гуриллаб ёна бошлади.

Айвондаги одамлар худди оловни ўчирмоқчи бўлгандек қўлларини тепага ирғитдилар.

Улар кутар эдилар.

Ярим тунга келиб ёнғин сўнди. Ер ўз ўрнида қолди. Айвонлар бўйлаб енгил нафас куз шабадасидек елиб ўтди.
— Гарридан биз ҳеч нарса эшитмаганимизга анча бўлди.
— Унга нима қиларди?
— Ойимга хабар юборсакмикан?
— У соппа-соғ.
— Ишончинг комилми?
— Бўпти, фақат ўзингни бос.
— Ойимга ҳеч нарса бўлмаган деб ўйлайсанми?
— Бўлмаса-чи, кетдик, ухлаймиз.

Бироқ ҳеч ким кетмади. Тунги майсазорга совуб қолган кечлик овқатни чиқаришди, дастурхон тузашди ва одамлар тунги соат иккигача, Ердан нур радиоси хабари келмагунча овқатни санчқилари билан эринибгина ковлар эдилар. Бамисоли узоқдан учиб келаётган тиллақўнғизлардек морзе ҳарфлари ялт-юлт қилиб кўзга ташланарди ва улар ўқир эдилар;

Кўз Кўриб Қулоқ Эшитмаган Атом Омбори
Портлашидан Австралия Қитъаси Куйиб Кулга Айланди.
Лос-Анжелес, Лондон Бомбардимон Қилинди.

Уруш. Уйга Қайтинг, Уйга, Уйга.

Улар столдан оёққа қалқдилар.

Уйга Қайтинг, Уйга, Уйга, Уйга.

— Сэм, бу йил аканг Таддан бирор нарса олдингми?
— Билмагандек гапирасан-а: Ерга хат юбориш беш танга туради. Бунга нимани ҳам ёза олардинг.

Уйга Қайтинг.

— Мен негадир Жейндан хавотирдаман — Жейн сингилчам эсингдами?

Уйга.

Салқин тонг отганда, соат учда “Йўл товарлари” дўконининг эгаси бошини чиқарди. Кўчадан одамларнинг бутун бир тўдаси келар эди.
— Мен эса билиб туриб ёпмаган эдим. Нима оласиз, мистер?

Тонгга яқин дўконнинг барча токчалари бўм-бўш бўлиб қолганди.

Декабр 2005 - Сокин Шаҳарлар

Ўлик Марс денгизи чеккасида сокин оқ шаҳарча ястанган. У ҳувиллаб ётарди. Кўчаларда зоғ учмасди. Кундузи ва кечаси универмагларда танҳо чироқлар ёниб турарди. Дўконларнинг эшиклари ланг очиқ, гўё одамлар ёпишни унутиб, жуфтакни ростлаб қолгандек. Гўристондек жим-жит тамаддихоналарга кираверишдаги сим дорларда ўқилмаган, қуёшда сарғайган журналлар шитирлар эди, улар бир ой муқаддам кумушранг ракета ёрдамида Ердан келтирилган эди.

Шаҳарча ўлик эди. Ундаги тўшаклар ҳувиллаган ва муздек. Яккаю ягона овоз — симлардаги ва яқин-яқингача ўзлари билан ўзлари бўлиб яшаб келган динамо машиналардаги токнинг визиллашигина қулоққа чалинарди. Ҳаммомдан тошиб чиққан сув турар-жой хоналарига, айвончаларга, мўъжаз боғчаларга оқиб кириб, ташландиқ гулларни суғорар эди. Тим-қоронғи томоша залларида кўплаб ўриндиқларга пастдан ёпиштириб ташланган, ҳали тиш излари ҳам кетмаган сақичлар қотиб ётарди.

Шаҳарча ортида космодром бор эди. Сўнг ракета Ерга томон йўл олган жойда ҳалигача аччиқ тутун таратиб тарашалар бурқсирди. Агар тангани телескопга тушириб, уни Ерга қараб бурилса, у ерда қутуриб турган катта урушни томоша қилиш мумкин бўларди. Дейлик Нью-Йоркнинг қандай портлаётганини ҳам кўрса бўларди. Янги хилдаги туман қоплаган Лондонни томоша қилса бўларди. Шундагина бу Марс шаҳарчасини нега ташлаб кетишларини тушуниш мумкин бўларди. Одамлар жуда тез кўчиб кетганмиди? Дуч келган дўконга киринг, ғазна тугмачасини босинг. Тангалари чарақлаб ва жангирлаб қутича ирғиб чиқади. Ҳа, Ерда ишлар ёмонга ўхшайди... Шаҳарчанинг ҳувиллаган кўчалари бўйлаб оҳиста ҳуштак чалган ва бир маромда олдидаги бўш қутини тепиб қувлаганча бир баланд бўйли озғин одам борарди. Тунд, хотиржам нигоҳи унинг сўққабошлигини яққол кўрсатиб турарди. У яп-янги тангалар жангирлаб турган чўнтагига қоқ суяк қўлларини суқди. Бир тангани асфальтга тушириб юбориб, мийиғида кулиб қўйди ва ялтироқ тангаларини кўчага сепиб борганча йўлида давом этди...

Унинг исми Уолтер Грипп эди. Кўм-кўк Марс тоғларида узоқ-узоқларда унинг олтин кони ва танҳо капаси бор эди ва у ҳар икки ҳафтада ўзига ювош, оқила аёлни хотинликка олгани қидириб шаҳарга тушар эди. Бу ҳол бир неча йилдан бери такрорланиб келар эди ва ҳар гал у ўша-ўша ҳафсаласи пир бўлган, икки қўлини бурнига тиққан ҳолда ёлғиз қайтиб келар эди. Бир ҳафта бурун шаҳарга келиб, у нимани кўрди денг!

Ўша куни у шу қадар ҳанг-манг бўлиб қолган эдики, дуч келган биринчи тамаддихонага кирди-да, бирваракай учта гўштли сэндвич буюрди.
— Ҳаммаси бўлади! — қичқирди у. У пештахтага емакларни ва сал аввал печдан олинган нонни териб қўйди-да, столдан чангларни қоқди, ўзига-ўзи ўтиришга изн бериб, бирон-бир ўткир ичимликка эҳтиёж сезмагунча овқатни паққос туширди. Уолтер Грипп деган дўкон соҳиби ўтакетган зийрак одам чиқиб қолди ва кўз очиб юмгунча унга вишиллайдиган ичимлик қуйиб берди.

У жинси шими чўнтакларига қўлига илинган қоғоз пулларини тиқиб тўлдирди. Аравасига ўн долларлик қоғоз пуллардан юклади ва жазавага тушган кўйи шаҳар бўйлаб югуриб кетди. Шаҳар чеккасидаёқ бирдан унинг миясига, менга нима бўлди ўзи, бу аҳмоқона қилиқларим билан шарманда бўлаяпман-ку” деган фикр урди. Пулларни у нима қилади? У ўн долларлик қоғоз пулларни олган жойига қайтариб олиб борди, ўзининг катмонидан бир долларлик пулни суғурди, уни сэндвич учун тамаддихона кассасига ташлади ва чойга яна чоракталик қўшиб қўйди.

Кечқурун у иссиқ турк ҳаммомида мазза қидиб чўмилди, сувли гўшт ва ноёб қўзиқорин қайла тамадди қилди, чет эл оқ хэрэс ва қулупнай шаробидан нўш қилди. Янги кўк фланел костюмини ва унинг чўзинчоқ боши устида ўйнаб қоладиган кулранг байрамлик шляпасини танлади. “Бизнинг кекса шайкамиз” куйини чалаётган автомат радиолага танга суқди. Бутун шаҳар бўйича йигирмата шунақа автоматга бешталикдан суқиб чиқди. “Бизнинг кекса шайкамиз”нинг мунгли овозлари кимсасиз тун ва ҳувиллаган кўчаларни тўлдириб янгради, у эса дароз, озғин, танҳо бир аҳволда янги ботинкаларини авайлаб босган, совуққотган қўлларини чўнтаклари ичида иситган кўйи ҳамон кетиб борар эди.

Шундан буён бир ҳафта ўтди. У Марс-Авенюдаги қулинг ўргилсин уйда уйқуни урди. Эрталаб соат 9 да турди, ҳаммомда чўмилди-да, чўчқа гўштли тухумлар билан нонушта қилгани эринганча шаҳар томон одимлаб кетди. Худонинг бермиш куни эрталаб у навбатдаги музхонага тонналаб гўшт, сабзавот, лиму креми сурилган пишириқларни тиқиб ташлар, Ердан ракеталар қайтиб келмагунча ўзига ўн йиллик озиқ-овқатни ғамлаб оларди. Ҳали ракеталар қайтиб келадими-йўқми, худо билади.

Бугун кечқурун эса у пушти, чиройли ранг-баранг пештахталардаги мум аёлларни томоша қилганча олдинга-орқага тинмай эгилар эди. Биринчи марта шаҳарнинг қай даражада ўликлигини ҳис этди. Бир кружка пивони симирди-да, аста тиржайди.
— Жин урсин, — деди у. — Мен бутунлай ёлғизман.

У “Элит” кинотеатрига кирди, ёлғизлик ҳақидаги фикрлардан чалғитиш учун у ўзига кино кўрсатмоқчи бўлди. Зал ичи бўм-бўш ва даҳмадагидек жим-жит эди, кенг экран бўйлаб кулранг ва қора шарпалар суза бошлади. Унинг вужуди титраб кетди ва шайтонлар ин қурган бу маскандан қорасини ўчиришга жазм этди.

Уйга қайтишга аҳд қилиб, у тез-тез юриб борарди, телефон қўнғироғини эшитиб, жим-жит маҳалла тош кўчасидан қарийб югуриб кетди.

У қулоқ солди.

“Қаердадир телефон жиринглаяпти”.

У олға юришда давом этди.

“Ҳозир кимдир гўшакни олади”, — эринчоғлик билан ўйлади у.

У йўлка чеккасига ўтирди ва ботинкасидан шошмай тошчаларни қоқиб тушира бошлади.

Бирдан қаттиқ қичқириб оёққа турди:
— Кимдир! Самовий кучлар, наҳотки бу мен бўлсам!

У талваса ичида атрофга аланглади. Қайси уйда? Ҳов анавунда! Майсазор устидан учиб ўтди, зинапоялардан юқорига отилди, уйга кирди, қоп-қоронғи залда турибди.

Шиддат билан гўшакни олди.
— Алло! — қичқирди у.
— Ззззззззззззз.
— Алло, алло!

Қўйиб қўйишибди.
— Алло! — ўкирди у ва гўшакни силтади. — Падарингга минг лаънат! — Ўзини ўзи сўкди у. — Йўлакда ўтириб сенга зарурмиди, галварс! Шайтонвачча, тўнка! — у қўллари билан телефон аппаратини қаттиқ сиқди. — Қани, яна бир қўнғироқ қил. Қани!

Шу пайтгача Марсда ундан бошқа бирон-бир одам қолиши мумкинлиги унинг миясига ҳам келмаганди. Ўтган бутун ҳафта давомида у битта ҳам одамни кўрмади. У бошқа барча шаҳарлар ҳам мана шундай кимсасиз деб хаёл қилган эди.

Энди эса ҳаяжондан титраб-қақшаганча икки кўзини қора қутичадан ололмасди. Автомат телефон тармоғи Марснинг барча шаҳарларини бир-бири билан улаб турарди. Улар ўттизта — қайси биридан қўнғироқ қилишди экан?

У билмасди.

У кута бошлади. Ёт хонадон ошхонасига ўтди, музлаган қулупнай эриб ётарди, уни ғамгингина еди.
— Бу ерда ҳеч ким бўлмаган аслида, — ғудранди у. — Балки шамол қаердадир симёғочни ағдарганда тасодифан симлар уланиб қолгандир.

Лекин у кимдир нариги томонда гўшакни илгандаги ширқ этган овозни эшитди-ку?

Бутун тунни Уолтер Грипп залда ўтказди.
— Бу ерда телефоннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, — ўзини ишонтириб деди у. — Шунчаки менинг бошқа қиладиган ишим йўқ.

У соатининг чиқ-чиқига қулоқ тутди.
— Хотиним энди қўнғироқ қилмайди, деди у. — Жавоб бермаган одамга қайтадан рақамларни териш унга зарур келибдими? Эҳтимол, айни дақиқаларда шаҳардаги бошқа уйларга қўнғироқ қилаётган бўлса керак! Мен бўлсам бу ерда ўтирибман... Шошма! — у мийиғида кулди. — Нега мен “хотиним” деяпман?

У саросима ичида кўзларини пирпиратди.
— Ахир эркак киши ҳам мана шундай дадил кўнғироқ қилиши мумкин-ку, шундай эмасми?

Юрак уриши сезилмасди. Муздек ва бўм-бўш, ғоят бўм-бўш.

У аёл киши бўлишини жуда-жуда хоҳларди.

У уйдан чиқди-да, эрта тонг ғира-ширасида аранг кўзга чалинган кўча ўртасида тўхтади.

Қулоқ солди. Тиқ этган товуш йўқ. На бир қуш, на бир машина овози эшитилади. Фақат юрак дукуллайди. Дук —жимлик — дук. Азбаройи зўриқишдан юзи буришиб кетади. Шамол эса шу қадар майин, шу қадар назокат билан эсардики, эпкинлари унинг пиджаги этакларини оҳиста сийпаб ўтади.
— Жим, — шивирлади у. — Қулоқ сол!

У нигоҳини бир жим-жит уйдан бошқасига олганча аста жойида айланди.

Аёл рақамларни кетма-кет теради, ўйлади у. Бу аёл киши бўлиши керак. Нима учун? Фақат аёл кишигина барча рақамларни қайта теради. Эркак киши ундай қилмайди. Эркак киши ўзига ишонганроқ бўлади. Ахир мен кимгадир қўнғироқ қилганманми? Йўқ! Бундай қилиш ҳатто хаёлимга ҳам келмаган! Бу аёл киши бўлиши керак. Албатта, аёл киши, худо шоҳид!

Қулоқ сол.

Узоқ-узоқларда, ҳув юлдузлар остида телефон жиринглади.

У югуриб кетди. Қулоқ солгани тўхтади. Оҳиста жиринг. Яна бир неча қадам юрди. Қаттиқ жиринг эшитилди. У бурилди-да, хиёбон ёқалаб олға интилди. Жиринг кучайиб борарди! Олтита уйдан ўтди, яна олтита! Жуда ҳам қаттиқ жиринглади! Мана буми? Эшик ёпиқ эди.

Ичкарида телефон жирингларди.
— Эҳ, лаънати! — У эшик дастагини силкитди.

Телефон жон-жаҳди билан жирингларди.

У айвондаги ўриндиқни кўтарди-да, айлантириб меҳмонхона деразасига солди ва синган деразадан ичкарига сакради.

У гўшакни олишга ҳам улгурмай, телефон жимиб қолди.

У хонадан-хонага ўтар, ойналарни синдирар, пардаларни юлар, ошхона плитасини тепар эди.

Ниҳоят мажолсизланиб, у Ердан Марсдаги барча абонентлар қайд этилган телефон китобчасини олди. Эллик минг исми шариф.

Биринчи исми шарифдан бошлади.

Амелия Амз. Нью-Чикаго. Ўлик денгизнинг нариги томонидан юз мил нарида. У шунинг рақамини терди.

Жавоб йўқ.

Иккинчи абонент Нью-Йоркда мовий тоғлар ортида беш минг мил нарида турарди.

Жавоб йўқ.

Учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи; титроқ бармоқлар гўшакни базўр ушлаб турарди.

Аёл овози жавоб берди:
— Алло?

Уолтер жавобан қичқирди:
— Алло, эй худойим, алло!
— Бу ёзув, — дона-дона қилиб деди аёл овози. — Мисс Элен Аразумян уйда йўқ. Айтинг, сизга нима керак, овозингиз симга ёзиб қолинади, бу хоним қайтгандан кейин сизга телефон қилиши учун керак бўлади. Алло? Бу ёзув. Мисс Элен Аразумян уйда йўқ. Айтинг, сизга нима керак...

Сэм гўшакни илди.

Унинг лаблари титрарди.

Бир оз ўйлаб туриб, у қайтадан рақамларни терди.
— Мисс Элен Аразумян уйга қайтганида, — деди у, айтинг: телефони билан қўшмозор бўлсин.

У Марснинг марказий коммутаторига, Нью-Бостон, Аркадия ва Рузвельт-Сити телефон станцияларига қўнғироқ қилди. У ерда бирон-бир жойга қўнғироқ қилишга ҳаракат қилган одамлар топилиб қолишига кўпроқ умидвор эди, сўнг ҳар бир шаҳардаги ратушалар ва бошқа давлат идораларига қўнғироқ қилиб чиқди. Энг яхши меҳмонхоналарга қўнғироқ қилди. Егани олдида, емагани кетида қабилида яшашни қайси аёл хоҳламайди. Бирдан у қаттиқ қарсак чалди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Ҳа, бўлмаса-чи! Телефон дафтарчасини очиб кўрди-да, халқаро телефон тармоғи орқали Нью-Тексас-Ситидаги энг йирик пардозхона рақамини терди. Бахмал қопламали, ҳашамдор пардозхонадан бошқа қаердан ҳам қидирардинг аёлни, бу ерда у гоҳ у ойна, гоҳ бу ойна ўртасида югуриб юрган, юзига ҳар турли мойупаларни чаплаётган, электр қуритгич остида ўтирган бўлиши керак!

Қўнғироқ узоқ жиринглади. Симнинг нариги учида кимдир гўшакни олди.

Аёл овози янгради:
— Алло?
— Агар ёзиб олинаётган бўлса, — чертиб-чертиб деди Уолтер Грипп, — мен бораман-да, лаънати пардозхонангизнинг кулини кўкка совураман.
— Ҳеч ким ёзиб олаётгани йўқ. — Жавоб берди аёл овози. — Алло, алло, наҳотки у ерда тирик одам бўлса! Қаердасиз?

Аёл шодон чийиллади.

Уолтер стулдан ағдарилиб тушаёзди.
— Алло... — У кўзлари ёнганча сакраб оёққа турди. — Э, худо, бу қандай бахт, исмингиз нима?
— Женевьева Селзор! — аёл гўшакка йиғлаб гапирди. — Оҳ, худо, ким бўлишингиздан қатъи назар, овозингизни эшитганимдан шундай хурсандманки!
— Мен Уолтер Гриппман!
— Уолтер, салом, Уолтер!
— Салом, Женевьева.
— Уолтер. Қандай ажойиб исм. Уолтер, Уолтер, Уолтер!
— Раҳмат.
— Ахир қаердасиз, Уолтер?

Қанчалик меҳрибон, қувноқ, нафис овоз... У аёл эркалаб шивирлаб гаплашиши учун гўшакни қулоғига қаттиқроқ босди. Унинг оёғи чалиниб кетмоқда эди. Юзи лов-лов ёнарди.
— Мен Мерлин-Виллиждаман, — деди у. — Мен...

Зззз.
— Алло? — Шошиб қолди Уолтер.

Зззз.

У дастакка уриб кўрди. Ҳеч гап йўқ.

Аллақаерда шамол симёғочни ағдарган. Женевьева Селзор ҳам қандай тез пайдо бўлган бўлса, шундай тез ғойиб бўлди.

Уолтер рақамни терди, бироқ аппарат гунг-лол эди.
— Ҳечқиси йўқ, унинг қаердалигини энди билиб олдим-ку.

Уолтер югуриб уйдан чиқди. Эрталабки қуёш нурлари остида у бегона гараж ичидан спорт машинасини орқа билан ҳайдаб чиқди, орқа ўриндиғига уйдан олган озиқ-овқат маҳсулотларини ташлаб қўйди ва соатига саксон милл тезлик билан Нью-Текса-Ситига қараб учиб кетди. Минг мил, ўйлади у. Чида, Женевьева Селзор, мен сени узоқ куттириб қўймайман!

Шаҳардан чиқар экан, у ҳар бир муюлишда чинқиратиб сигнал берарди.

Кун ботарди, аёвсиз пойгали кундан кейин у машинани йўл чеккасига буриб тўхтатди, оёғини қисган ботинкаларини ечиб ташлади, ўриндиққа чўзилди-да, ҳашамдор шляпасини ҳорғин кўзлари устига тортиб қўйди. У секин, бир текисда нафас олар эди. Оқшом қоронғилигида сарин шабада эсар, юлдузлар қувноқ жимжима қилар эди. Чор атрофда қадимдан-қадим Марс тоғлари савлат тўкиб турарди. Юлдузларнинг нурлари шахмат доналари каби мовий ёнбағирларга туташиб кетган Марс шаҳарчаси миноралари ичида жимирлар эди.

У уйқу билан бедорлик ўртасидаги аллақаерда ивирсиганча чўзилиб ётарди. У шивирлади: Женевьева. Сўнг аста хиргойи қила бошлади. “Эҳ, Женевьева, азизим, ўтаверсин йиллар бир-бирин қувлаб. Лекин азизим Женевьева...” Унинг кўнгли хотиржам эди. Қулоқлари остида аёлнинг паст, майин, бир маромдаги овози жарангларди: “Алло, ҳой Уолтер! Ҳеч ким ёзиб олмаяпти. Ахир қаердасан, Уолтер?”

У оҳ тортди, қўлини теккизиб олмоқчидек, ой нурига қараб узатди. Шамол унинг узун қора сочларини, ажойиб сочларини тўзитиб юборди. Лаблари тандирдаги яллиғланган чўғдек. Яноқлари эса ҳозиргина узиб олинган бир жуфт атир гулдек. Бадани ҳам оппоқ тумандек ҳарир, майин, равон, нафис овози эса унга қадимги мунгли бир қўшиқни хиргойи қилаётгандек:

“Эҳ, Женевьева, азизим, ўтаверсин йиллар бир-бирин қувлаб...”

У ухлаб қолди.

У Нью-Тексас-Ситига ярим тунда етиб келди. Машинани “Деллюкс” пардозхонаси ёнида тўхтатди-да, ҳеҳ деб қўйди.

Мана, ҳозир аёл хандон ташлаб кулганча атирлар тумани ичидан югуриб чиқиб келади.

Аммо бундай бўлмади.
— Ухлаб қолган. — Уолтер эшик олдига келди. — Мен шу ердаман! — Қичқирди у. — Алло Женевьева!

Сокин шаҳар икки баробар ёрилиб турган ой нурига чулғанган, аллақаерда шамол брезент пардани шалоплатиб ўйнарди.

У ойнаванд эшикни кенг очиб, ичкарига қадам қўйди.
— Эҳ-ҳе! — йигит хижолат ичида кулиб юборди. — Яширинма! Қаердалигингни билиб турибман.

У барча хоначаларни қидириб чиқди.

Ерда мўъжазгина дастрўмолча топиб олди. Ундан шундай мўъжизавий ҳид келардики, боши айланиб, чайқалиб тушди.
— Женевьева, — овоз чиқариб деди у.

У машинасини бўм-бўш кўчадан ҳайдаб борарди, бироқ одам қораси кўринай демасди.
— Ҳазил ҳам шунақа бўладими-а...

У тезлигини оширди.
— Шошма-шошма, ахир бизни ажратиб қўйишган. Балки у мен бу ёққа кетаётганимда Мерлин-Виллижга жўнаворгандир? — У қадимги денгиз йўлидан кетиб, кундузи бир-биримизни кўрмай қолгандирмиз. Бу ерга келишимни у туш кўрибдими? — Ахир мен келишимни айтмагандим-да. Телефон жимиб қолгач, у қўрқиб кетганидан мени қидириб, Мерлин-Виллижга қараб учгандир! Мен бўлсам, бу ерда юрибман, жин урсин, мен ҳам одам бўлдимми!

У клаксонни босди-да, шаҳардан ўқдек учиб чиқди.

У тун бўйи машинасини учириб юрди. Миясида фақат битта ўй: “Агар уни Мерлин-Виллижда топмасам, нима бўлади?”

Бундай хаёлни миядан чиқариб ташлаш керак. У ўша ерда бўлиши керак. У югуриб келади-да, уни қучоқлаб олади, эҳтимол бир гал ҳатто лабидан ўпиб ҳам олар.

“Женевьева, азизим”, — педални соатига юз милл тезликда босганча ҳуштак чалиб хиргойи қиларди у.

Мерлин-Виллижда эрталабки сукунат ҳукмрон эди. Дўконларда ҳали сариқ чироқлар ёниб турарди; юз соат бетўхтов ишлаган автомат ниҳоят электр туташувдан ширқ этди-да, жимиб қолди; шу билан тўлиқ сукунат чўкди. Қуёш кўчаларни ва лоқайд муздек осмонни исита бошлади.

Уолтер фараларини ўчирмай клаксонни чинқиртириб босганча Мейн-стритга қараб бурди. Кўзларини дўкон лавҳаларидан узмасди. Юзи девордек оқариб кетган, ҳорғин, қўллари тердан ҳўлланган чамбар устида сирғаларди.
— Женевьева! — бўм-бўш кўчага қараб қичқирди.

Пардозхона эшиги очилди.
— Женевьева! — У машинани тўхтатди-да, кўчани чопиб кесиб ўтди.

Женевьева Селзор пардозхона эшигида турарди. Қўлларида очилган шоколад қутичаси. Дўмбоқ, оппоқ бармоқлар қутини маҳкам ушлаб турарди. Уолтер ёруғ жойга кириб келганда, кўрдики, қизнинг юзи дум-думалоқ ва дўмбоққина, кўзлари бир думалоқ хамирга суқиб қўйилган бир жуфт йирик-йирик тухумдек. Оёқлари кундадек йўғон-йўғон, юришлари ғоздек алпон-талпон. Сочлари — қуш уяси кўринишида обдон турмакланган бўлиб, ранги қандайдир қўнғир тусда. Лаб деган нарсанинг ўзи йўқ. Унинг ўрнида андоза босиб чизилган йўғон қизил йўл турарди, у қувонгандек бир очилиб, қўрққандек юмиларди. Қошларини эса бутунлай териб ташлаган, атиги иккитагина ингичка тук қолдирган, холос.

Уолтер донг қотиб қолди. Юзидаги табассумдан асар ҳам қолмади. У ҳайрон бўлганча бир жойда туриб қолди.

Қиз шоколадларни ерга тушириб юборди.
— Сиз Женевьева Селзормисиз? — ўз овози бегона овоздек туюлиб сўради Уолтер.
— Сиз Уолтер Гриффмисиз? — сўради қиз.
— Грипп.
— Грипп, — тўғрилади қиз.
— Салом, — базўр деди йигит.
— Салом. — Қиз унинг қўлини сиқди.

Қизнинг бармоқлари шоколаддек ёпишқоқ бўлиб қолган эди.
— Хўш, — деди Уолтер Грипп.
— Нима, — сўради Женевьева Селзор.
— Мен фақат “Хўш” дедим, — изоҳ берди Уолтер.
— Ҳа.

Соат кечги тўққиз. Кундузи улар шаҳар ташқарисига боришди, кечликка эса, йигит филе-миньон пиширди, бироқ Женевьева уни яхши қовурилмаган деб кўнгли тортмади, шунда Уолтер уни яхшилаб қовуришга қарор қилди ва ё кўп қовуриб юборди, ё куйдириб юборди, хуллас, шунга ўхшаш бир нарса бўлди-да. У кулди-да, деди:
— Кетдик кинога!

Қиз “майли” деди-да, шоколад юқи қўли билан унинг қўлтиғидан олди. Бироқ унинг талаби эллик йил олдинги Кларк Гейбл қатнашган фильм билан чекланиб қўя қолди.
— Роса кулгили нарса экан-ку? — Қиқирлаб кулди қиз. — Ичагимни узди-я!

Фильм тугади.
— Яна бир қўйиб бер, — буюрди қиз.
— Яна? — такрор сўради йигит.
— Яна, — жавоб берди қиз.

Йигит ўгирилган эди, қиз унга яқинлашди ва қучоқлаб олди.
— Сен ҳеч ҳам мен ўйлагандек эмас экансан, лекин майли, бўлаверади, — тан олди қиз.
— Раҳмат, — деди йигит нафаси бўғилиб.
— Эҳ-ҳ Гейбл тушмагур: — Қиз унинг оёғидан чимчилаб олди.
— Вой, — деди йигит аста.

Кинодан кейин улар “харид қилгани” жимжит кўчалар бўйлаб юриб кетишди. Қиз ойнаванд пештахтани уриб синдирди ва ўзи танлаб-танлаб топиб олган энг очиқ ранг кўйлакни кийиб олди. Сўнг бошига бир шиша атирни тўнкариб қўйди-да, сувда бўккан исковичга айланди-қўйди.
— Ёшинг нечада? — қизиқсинди йигит.
— Топиб ол. — Қиз уни кўчадан етаклаб кетди, ундан асфальтга тинимсиз атир томчилар эди.
— Ўттизга боргандирсан? — деди йигит.
— Ана, холос, — қуруққина жавоб берди қиз. — Энди йигирма еттига кирдим мен сенга айтсам! Вой, манави ерда қандолатхона ҳам бор экан! Ўлай агар, мана шу машмашалар бошлангандан бери мен бойвуччалардек яшаяпман. Қариндош-уруғларни ҳеч қачон севган эмасман. Эсини еган ҳаммаси. Икки ой бурун Ерга учиб кетишди. Мен ҳам сўнгги ракетада учиб кетишим керак эди, бироқ қолдим. Биласанми нега?
— Нега?
— Чунки менга таъна қилишди. Мана шу ерда қолдим. — Истаганча ўзингга атир қуй, хурмачангга сиққанича пиво ич, конфет е, ҳеч ким сенга: “Калориянг кўпайиб кетади!” деб таъна қилмайди. Ўзим хон, кўланкам майдон!
— Ўзинг хон, кўланканг майдон. — Уолтер кўзларини қисди.
— Энди кеч, — деди қиз унга қараб.
— Ҳа.
— Мен чарчадим, — деди қиз.
— Қизиқ, мен сира чарчаганим йўқ.
— Ҳо, — деди қиз.
— Тун бўйи ётмаслигим мумкин, — давом этди йигит. — Биласанми, Майк барида яхши пластинка бор. Юр, мен сенга ўшани қўйиб бераман.
— Мен чарчадим. — Қиз айёрона йилтиллаб турган кўзлари билан унга қаради.
— Мен эса гижинглаган тойдекман, — жавоб берди йигит. — Жуда ғалати-я.
— Юр пардозхонага, — деди қиз. — Мен сенга бир нарса кўрсатаман.

Қиз уни ойнаванд эшикдан ичкарига олиб кирди ва катта оқ қути ёнига етаклаб келди.
— Мен Тексас-Ситидан жўнаётганимда, — тушунтирди қиз, — мана шуни ўзим билан олган эдим. — У қизил тасмани ечди. — Минг қилса ҳам мен Марсдаги ягона хоним, у эса ягона эркак бўлади деб ўйладим. Шунинг учун...

У қопқоқни кўтарди ва шилдироқ, қизғиш, бурма қоғозни бир четга итқитди. Қиз қути ичидаги нарсани силаб қўйди.
— Мана.

Уолтер Гриппнинг кўзи хонасидан чиқиб кетди.
— Нима бу? — сўради ўзини базўр тутиб.
— Ҳеч нарса билмагандек гапирасан-а, тентакча? Қарагин-а, ҳаммаси каштадан қилинган, ҳаммаси шундай оппоқки, асти қўяверасан, кўзинг қамашади...
— Ўлай агар бунинг нималигини билолмаяпман.
— Никоҳ кўйлаги, овсаргина!
— Никоҳ кўйлаги? — йигит хириллаб қолди.

Уолтер кўзини юмди. Қизнинг овози худди боя телефондагидек майин, хотиржам, нафис жаранглар эди. Аммо кўзини очиб қарасаки... йигит дудуқланиб қолди.
— Жуда чиройли, — деди у базўр.
— Ростданми?
— Женевьева. — Йигит эшика тикилди.
— Ҳа?
— Женевьева, мен сенга бир нарсани айтиб қўйишим керак.
— А?

Қиз унга яқинлашди, унинг оппоқ юзидан атир бурқсиб турар эди.
— Сенга айтмоқчиманки...
— Хўш?
— Хайр!

Қиз қичқиришга улгурмаёқ йигит пардозхонадан отилиб чиқди-да, машинасига бориб ўтирди.

Қиз ташқарига югуриб чиқди ва йигитнинг машинани буриб кетаётганига қараганча йўлак чеккасида қотиб қолди.
— Уолтер Грифф, қайт! — Ҳўнграб йиғлаб деди қиз қўлини узатиб.
— Грипп, — тўғрилади йигит.
— Грифф! — қичқирди қиз.

Қизнинг қадамлари ва инграшларига ҳам қарамай, машина жим-жит кўчадан ўқдек учиб кетди. Қиз дўмбоқ қўллари билан ғижимлаётган оппоқ кўйлак узра машинанинг паға-паға тутунлари сузиб юрарди, осмонда эса юлдузлар чарақлар эди. Машина бўшлиқ ичига кириб, қоронғиликда кўздан йўқолди.

Йигит уч кечаю уч кундуз сурункасига машинани ҳайдаб борди. Бир гал орқасидан машина келаётгандек туюлиб, вужудини титроқ босди, қора терга тушди ва у бепоён Марс чўлини кесиб ўтувчи бошқа кўчага чиқиб олди, йўл одамсиз шаҳарлар ёнидан ўтиб борарди. У кетаверди, кетаверди — бир ҳафта юрди, яна бир кун юрди, охири Мерлин-Виллиждан ўн минг мил нарига бориб қолди. Шунда у майда дўкончалари бўлган Холтвинг-Спрингвинс деган қишлоққа кириб келди, бу ердаги дўкончаларда у кечқурунлари пештахталарда чироқ ёқа олар, ресторанларида таомлар буюриб, бемалол ўтира олар эди. Шундан буён у шундай яшаб келаяпти; унинг юз йилга етгулик озиқ-овқатлар билан тўлиб-тошган музлатгич хоначалари бор. Сигареталари захираси ўн минг кунга етади, юмшоқ тўшакли аъло сифатли каравоти ҳам бор. Йиллар ўтаверди, борди-ю, қачонлардир унга битта-яримта одам телефон қилиб қолса, у жавоб бермасди.

Апрел 2026 - Узоқ Йиллар

Шунақа бўлиб қолди: Осмонда шамол эса бошлаганда, у ва унинг унча катта бўлмаган оиласи ўзларининг тош кулбаларида ўтириб олар эдилар ва ёнаётган тарашаларда қўлларини иситардилар. Шамол каналлар юзини мавжлантирар, сал бўлмаса, осмондаги юлдузларни учириб юборарди, мистер Хетэуэй эса, бу шинамликдан мазза қилиб ўтирарди ва хотинига нималарнидир гапирарди, хотини ҳам унга жавоб берар ва у иккала қизи ва ўғлига Ердаги ўтган-кетган нарсалари ҳақида ҳикоя қилар эди. Болалар эса оталарининг сўзларини ўзларича тушунар эдилар.

Катта урушдан кейин йигирма йил ўтганди. Марс улкан қабристонга ўхшарди. Ер-чи? Унга нима бўлди? Узоқ Марс тунларида Хетэуэй ва оиласи кўпинча шу ҳақда мулоҳаза юритишарди. Бу тунда қутурган Марс чанг-бўрони қадимги шаҳар кўчаларидан увиллаганча ва қумга ботиб кетаётган янги пластик деворларни учирганча Марс қабристонларининг пастқам мозорлари устидан эсиб ўтди.

Ниҳоят, бўрон тиниб, ҳаво очилди ва Хетэуэй шамолли осмондаги яшил оловча — Ерни кўриш учун ташқарига чиқди. Ғира-шира хона шифтидаги ёниб турган лампочкани ўзига яхшироқ буриб олмоқчи бўлгандек, у қўлларини юқорига кўтарди. Узоқларга ўлик денгиз тузлари узра нигоҳ солди. “Бутун сайёрада зоғ учмайди, — ўйлади у. — Битта менман. Ва улар”. У тош кулбаси эшиги томон бурилди.

Ҳозир Ерда нималар бўлаётганийкин-а? Ўзининг ўттиз дюмли телескопидан шунча қарамасин, шу пайтгача бирон-бир ўзгариш пайқамади. “Агар ўзимни яхши сақлай олсам, — ўйлади у, — яна йигирма йил яшайман”. Қарабсанки, биронтаси пайдо бўлиб қолибди. Ё ўлик денгизлар ортидан, ё коинотдан қизил олов риштасига боғланган ракетада келиб турибди-да.
— Бир айланиб келай, — қичқирди у эшикка.
— Яхши, — жавоб берди хотини.

У харобалар оралаб, шошмай пастга тушиб кетди.
— “Нью-Йоркда ясалган”, — ўқиди у бир парча темирда. — Қадимги Марс шаҳарлари Ердан келган бундай нарсалардан ҳали кўпини кўради...

У мовий тоғлар оралиғида яқин эллик асрдан буён турган Марс қишлоғи томонга қаради.

Уолтер хилват Марс қабристонига келди: чўл шамоли эсиб турган тепаликда унча катта бўлмаган олти қиррали тошлар саф тортган эди.

Бошини эгиб, у тўртта мозорга, тўртта бесўнақай ёғоч хочга қаради, уларнинг ҳар бирида ном ёзилган эди. Унинг кўзларида ёшдан асар ҳам йўқ. Ёшлари аллақачон қуриб битганди.
— Қилмишим учун мени кечирасанми? — сўради у хочларнинг биридан. — Мен жуда, жуда ёлғиз эдим. Ўзинг тушунасан-ку, шундайми?

У тош кулбасига қайтди ва ичкарига киришдан олдин пешонасига кафтини қўйиб, яна диққат билан осмонни кўздан кечирди.
— Нуқул кутганинг-кутган, қарашдан бошқа ишинг йўқдек, — ғудранди у. — Эҳтимол, кунларнинг бирида — тунда...

Осмонда қизил олов ёнди.

Эшикдан тушаётган ёруғлик халақит бермаслиги учун у бир томонга одимлади.
— Яна бир қараганингда... — шивирлади у.

Қизил олов ўша жойда ёниб турарди.
— Кеча кечқурун у йўқ эди, — деди Хетэуэй.

У қоқилиб, йиқилиб тушди, сўнг оёққа турди-да, кулба ортига югуриб ўтди, телескопини очиб, уни осмонга тўғрилади.

Узоқ вақт осмонга кўзини қисиб қараб тургандан кейин — бир дақиқа ўтгач, у уйининг пастак эшиги тагида пайдо бўлди. Хотини, иккала қизи ва ўғли унга ўгирилишди. Унинг ҳа деганда тили калимага келавермасди.
— Хушхабар олиб келдим, — деди у. — Мен осмонга қараб турган эдим. Бу ёққа ракета учиб келаяпти, у бизларнинг ҳаммамизни уйга олиб кетади. Эрта тонгда шу ерда бўлади.

У қўлини столга қўйди, бошини кафтлари орасига олиб, йиғлаб юборди.

У Нью-Нью-Йоркдан нима қолган бўлса, ҳаммасини ёқиб юборди.

Машъалани олди-да, пластикдан ясалган шу шаҳарга қараб кетди ва аланга билан ўтган жойидаги барча деворларни туртиб-туртиб кета бошлади. Шаҳар нур ва жазираманинг қудратли қуюнидан яшнаб кетди. У бир квадрат мил кенгликдаги гулханга айланди.
— Бунақасини коинотда кўриш мумкин, холос. Бу машъал ракетани мистер Хетэуэй ва оиласи ҳузурига олиб келади.

У уйига қайтиб келди; юраги тез-тез ва оғриқли урар эди.
— Кўраяпсизми? — у баланд кўтарилган қўлида чанг босган шишани ушлаб олганди. — Мен мана бу шаробни атайлаб мана шу тун учун асраб қўйгандим. Вақт-соати билан кимдир бизни топиб олишини билар эдим! Шу қувончли он учун кўтарайлик!

У бешта қадаҳни тўлдирди.
— Ҳа, озмунча вақт ўтмади... — Ўз қадаҳига кўзларини тикиб қараганча, яна гап қотди у. — Уруш бошланган кун эсингиздами? Йигирма йил ва етти ой муқаддам. Барча ракеталарни Марсдан уйга чақириб олинганди. Сэм, мен ва болалар эса барчамиз бу вақтда тоғда эдик, қадимшунослик билан машғул эдик, марсликларнинг қадимги жарроҳлигини ўрганаётган эдик. Биз отларни ўлгудек қилиб чоптирганимиз эсингдами? Барибир ҳам роса бир ҳафтага кечиккан эдик. Шаҳар ҳувиллаб қолганди. Америка дабдала бўлганди, қолганларни кутиб ҳам ўтирмай, ракеталар битта қолмай кетиб қолгани эсингдами, а, эсингдами? Кейин қарасакки, қолганлар фақат биз бўлган эканмиз, эсингдами? Эй, худойим, қанча йиллар ўтибди-я! Сизларсиз мен чидай олмасдим. Сизларсиз мен ўзимни ўлдириб қўйган бўлардим. Сизлар туфайли шунча кутишга чидаб келдим. Келинг, сизлар учун ичайлик. — У қадаҳни кўтарди. — Бизнинг узоқ муддатли кутганимиз учун ичайлик.

У шаробни сипқорди, хотини, иккала қизи ва ўғли қадаҳларни лабларига олиб боришди. Шароб тўртталовининг ҳам ияклари тагидан жилдираб оқиб туша бошлади.

Тонгга яқин шаҳардан қолган ҳамма нарсани шамол катта-катта юмшоқ қора лахтакларга айлантириб, денгиз туби бўйлаб сочиб юборди. Ёнғин ўчди, бироқ мақсадга эришилган эди. Осмондаги қизил доғ катталаша бошлади.

Тош кулба ичида қовурилган занжабил кулчасининг тотли ҳиди тарала бошлади. Хетэуэй кириб келганида хотини стол устига янги нонли қайноқ қолипни қўймоқда эди. Қизлари қаттиқ супурги билан яланғоч тош-полни ҳафсала билан супурар, ўғли эса, кумуш идишларни ювар эди.
— Биз уларга шоҳона нонушта тайёрлаймиз; — Хетэуэй шодон кулди. — Энг аъло либосларингизни кийиб олинглар! У шошиб томорқасидан улкан темир сарой томон ўтди. Бу ерда музлатгич ва унча катта бўлмаган электростанция бўлиб, уларни шу яқин йилларда таъмирдан чиқарган ва бўш вақтларида соатларни, телефонларни, магнитофонларни моҳирона таъмирлаган ингичка, қалтироқ бармоқлари билан ҳаммасини жой-жойига қўйиб чиққан эди. Саройда у яратган талай буюмлар қалашиб ётарди, жумладан нима иш қилишини ҳатто ўзи ҳам билмайдиган, мутлақо ғалати ускуналар ҳам бор эди.

У музлатгич ичидан дуккакли донлар ва йигирма йил аввалги қулупнай солинган қиров босган оппоқ қутиларни олди. “Бу ёққа чиқ, бадбахт”, — деди-да, музлаган жўжани суғурди.

Ракета қўнганда ҳавони ҳар хил пазандалик таомлар ҳиди тутиб кетганди.

Худди ёш боладек Хетэуэй нишабликдан пастга қараб чопди. Кўкрагида қаттиқ оғриқ сезиб, у таққа тўхтади. Нариги тошга бориб ўтирди ва энди нафасини ростлашни хаёлига ҳам келтирмай, олға чопиб кетди.

У чўққа айланган ракетадан кўтарилган қайноқ ҳовур ичида тўхтади. Люк очилди. У ердан бир одам мўралади.

Хетэуэй кафтини пешонасига қўйиб, узоқ қараб турди ва охири деди:
— Капитан Уайлдер!
— Ким бу? — сўради Уайлдер. У пастга сакраб тушди ва чолга қараганча қотиб қолди. Сўнг қўлини узатди. — Ёпирай, бу Хетэуэй-ку.
— Мутлақо тўғри, бу менман.
— Хетэуэй менинг биринчи экипажимдан, Тўртинчи экспедициямдан.

Улар бир-бирларига диққат билан разм сола бошлашди.
— Кўришганимизга ҳам анча бўлди, капитан.
— Жуда кўп бўлди. Сизни кўрганимдан хурсандман.
— Мен қариб қолдим, — деди Хетэуэй соддадилларча.
— Мен ҳам энди ёш эмасман. Йигирма йил саргардон кездим: Юпитер, Сатурн, Нептун...
— Бўлмаса-чи, сизнинг Марсни мустамлака қилишингизга халақит бермаслигингиз учун унвонингизни кўтаришган деб эшитдим. — Чол атрофга аланглади. — Сиз нуқул саёҳатларда бўлиб, эҳтимол, ҳатто нималар бўлганидан ҳам бехабардирсиз...
— Айтмасангиз ҳам биламан, — жавоб берди Уайлдер. — Биз Марс атрофини икки марта айланиб ўтдик. Сиздан ташқари Уолдер Грипп деган яна бир одамни тополдик, холос, бу ердан ўн минг мил нарида. Уни ўзимиз билан олиб келмоқчи бўлган эдик, бироқ у кўнмади. Биз учиб кетганимизда, у йўл ўртасида арғимчоқда трубка чекиб ўтирарди, орқамиздан қўл силтаб қолди. Марс ўлган, бутунлай ўлган, ҳатто марсликлар ҳам қолмаган. Ер қалай?
— Сиздан ортиқ ҳеч нарса билмайман. Гоҳ-гоҳ Ер радиосини тутиб қоламан, элас-элас эшитилади. Лекин ҳар гал қандайдир бегона тилда. Мен эса чет тилларидан, афсуски, битта лотин тилини биламан. Баъзи сўзларни англаб етаман. Нима бўлганда ҳам Ернинг катта қисмида одам қирилиб кетган, уруш эса ҳали ҳам давом этаяпти. Сиз ўша ёққа учиб кетаяпсизми, командир?
— Ҳа. Ўзингиздан қолар гап йўқ, ўз кўзим билан кўриб, ишонсам дейман. Орамизда радио алоқаси йўқ-да, масофа ҳаддан ташқари катта. У ёқда нима бўлишидан қатъи назар, биз Ерга учиб кетаяпмиз.
— Мени ҳам олиб оласизларми?

Капитан бир лаҳза тараддудланди.
— Э-ҳа, бўлмаса-чи, бу ерда хотинингиз ҳам бор-а, эсимда, эсимда. Бизлар, янглишмасам, йигирма беш йил бурун кўришган эдик, тўғрими? Сизлар Биринчи Шаҳарни қурганларингизда, сиз хизматни ташлаб, уни ўзингиз билан ердан олиб олган эдингиз. Болаларингиз ҳам бор эди...
— Ўғил ва икки қиз...
— Ҳа, ҳа, эслаяпман. Улар шу ердами?
— Кулбамизда, ҳов анови тепалик устида. Биз сизларга ажойиб нонушта тайёрлаб қўйганмиз, келасизларми?
— Меҳмонни атои худо дейдилар, мистер Хетэуэй. — Капитан Уайлдер ракета томонга ўгирилди. — Кемадан тушинглар!

Улар қияликдан тепага қараб боришарди. — Хетэуэй ва капитан Уайлдер, уларнинг ортидан яна йигирмата одам, кема экипажи, эрталабки салқин ҳаводан чуқур-чуқур нафас олар эдилар. Қуёш чиқди, ҳаво очиқ эди.
— Спэндер эсингиздами, капитан?
— Уни эсдан чиқариб бўларканми?..
— Йилда бир марта унинг қабри ёнидан ўтишимга тўғри келади. Охири гўё у хоҳлагандек бўлди. У бизнинг бу ерга қўнишимизга қарши эди. Энди ҳамма бу ерни ташлаб кетганидан боши осмонга етган бўлса, ажаб эмас.
— Анови-чи... Оти нима эди? Паркхилл, Сэм Паркхилл, унга нима бўлади?
— Сосискахона очиб олган.
— Ановинга ўхшаб-а...
— Бир ҳафтадан кейин эса уруш бошланиб қолди ва у Ерга қайтиб кетди. — Хетэуэй бирдан юрагини чангаллаганча тошга ўтириб қолди. — Кечирасиз. Ҳаяжонланиб кетдим. Шунча йиллар ўтиб, бирдан сизни учратиб қолганим. Бироз нафасимни ростлаб олай.

Унинг юраги қинидан чиқиб кетаётгандек ҳис қилмоқда эди ўзини. У томирини ушлаб кўрди. Расво...
— Бизда врач бор, — деди Уайлдер. — Хафа бўлманг, Хетэуэй, биламан, сиз ўзингиз врачсиз, лекин барибир бизнинг врач билан маслаҳатлашиб кўрамиз...

Докторни чақиришди.
— Ҳозир ўтиб кетади. — Ишонч билан деди Хетэуэй. — Бу бари кутишдан, ҳаяжондан.

У бўғилиб, лаблари кўкарди.
— Биласизми, — деди у врач унинг кўкрагига стетоскоп қўйганида. — Шунча йиллар мобайнида мен гўё бугунги кун учун яшагандекман. Энди эса, сиз шу ердалигингизда мени Ерга олиб кетгани келишди, гўё менга шундан бошқа нарса керак эмасдек. Энди мен ётиб, омонатни топширсам бўлаверади.
— Манг, — доктор унга сариқ ҳапдори берди. — Бу ерда сиз кўпроқ дам олсангиз яхши бўларди.
— Кераги йўқ. Яна бир оз ўтираман-да, тамом. Сизларни кўрганимдан шунчалик хурсандманки! Янги овозларни эшитгандан ўзимда йўқман.
— Дори фойда бераяптими?
— Зўр. Кетдик!

Улар тепаликка кўтарилишди.
— Алиса, қара, кимни олиб келдим! — Хетэуэй хўмрайди ва бошини эшикка суқди. — Алиса, эшитаяпсанми?

Хотини пайдо бўлди. Изма-из баланд, хушқомат иккала қизи чиқиб келди, уларнинг ортидан янада новчароқ барваста ўғли кўринди.
— Алиса, капитан Уайлдер эсингдами?

Аёл дудмалланди, худди кўрсатма кутаётгандек Хетэуэйга қаради, сўнг жилмайди.
— Ҳа, бўлмаса-чи, капитан Уайлдер!
— Кечагидек эсимизда, миссис Хетэуэй, биз сиз билан — менинг Юпитерга учиб кетишим арафасида сиз билан бирга тушлик қилган эдик.

Аёл унинг қўлини қизғин қисиб қўйди.
— Қизларим Маргарет ва Сюзень. Ўғлим Жон. Болаларим, сизлар, албатта, капитанни унутмагандирсиз?

Қўл бериб кўришишлар, кулги, жонли сўзлашувлар.

Капитан Уайлдер бурнини чўзди.
— Наҳотки занжабил кулчалари пишаётган бўлса?
— Ейсизми?

Ҳамма ҳаракатга тушди. Кўз очиб-юмгунча йиғма столлар қўйилди. Печлардан қайноқ таомлар олиб чиқилди, ликопчалар, кумуш идишчалар, кимхоб сочиқчалар пайдо бўлди. Капитан Уайлдер миссис Хетэуэйга узоқ қараб қолди, сўнг нигоҳини унинг ўғлига ва жимгина ҳаракат қилаётган бўйдор қизларига олди. Олдидан лип-лип ўтаётган кишиларнинг юзларига қарар, ёшларнинг силлиқ қўлларининг ҳар бир ҳаракатига разм солар, битта ҳам ажин тушмаган нафис чеҳралардаги биронта ифодани назардан қочирмасди. У миссис Хетэуэйнинг ўғли олиб келган столга ўтирди.
— Неччига кирдингиз, Жон?
— Йигирма учга, — жавоб берди йигит.

Уайлдер саросималанганча қўлларидаги санчқи ва пичоқни айлантириб, ўйнарди. У бирдан бўздек оқариб кетди. Ёнида ўтирган фазогир унга шивирлади:
— Капитан Уайлдер, бу ерда нимадир бўлаётганга ўхшайди.

Ўғли столлар олиб келгани кетди.
— Нима демоқчисиз ўзи, Уильямсон?
— Мен 43 га кирдим, капитан. Йигирма йил аввал мен ёш Хетэуэй билан бирга ўқиган эдим. Лекин у эндигина йигирма учга кирдим деб айтаяпти, лекин бу ташдан қарагандагина шундай. Булар ҳаммаси нотўғри. У кам деганда 42 га кирган. Бунинг тагида нима гап бор, сэр?
— Билмайман.
— Рангингиз ўчинқирагандай, сэр?
— Тобим йўқ. Қизимнинг ҳам тоби йўқ.
— Мен уларни йигирма йил аввал кўрганман, улар эса ўзгармаган, битта ҳам ажин тушмаган. Сиздан бир нарсани миннат қилиб сўрасам бўладими, Уильямсон? Мен сизга бир топшириқ бермоқчиман. Қаёққа боришни ва нималарни текширишни тушунтириб бераман. Нонуштадан кейин аста жуфтакни ростлаб қоласиз. Сизга бор-йўғи ўн дақиқа керак бўлади. Бу ердан қўл узатса етади. Биз қўнаётганимизда ракетадан туриб кўрган эдик. Илтимос! Бундай жиддий гапираётганингизнинг маъносини билсак бўладими? — Миссис Хетэуэй шоша-пиша уларнинг косаларига шўрва қуйиб чиқди. — Бундоқ кулиб ўтирсаларинг-чи! Яна биргамиз, саёҳат тугаган, сизлар деярлик уйдасизлар!
— Ҳа, ҳа, бўлмасам-чи. — Капитан Уайлдер кулди. — Сиз шундай ажойибсизки, ўн гулингиздан бир гулингиз очилмагандек, миссис Хетэуэй!
— Эҳ, бор бўлинг сиз эркаклар!

У аёлнинг товусдек юришларига қараб турди. Аёлнинг юзлари ял-ял ёнар эди, худди нақш олмадек, силлиқ ва қип-қизил. Аёл ҳазилларга қўнғироқдек кулиб жавоб қайтарди, ликопчаларга дид билан салат солиб чиқди, ҳаракатларида заррача хатолик кўзга чалинмасди. Дароз ўғли ва сарвқомат қизлари ўзларининг хилватдаги ҳаёти ҳақидаги узоқ ҳикоялари билан отасини мот қолдириб, басма-басига дов ташлашарди ва ман-ман ота болаларининг гапини эшитиб, ночор таслим бўларди.

Уильямсон нишабликдан пастга қараб югуриб кетди.
— У қаерга кетди? — сўради Хетэуэй.
— Ракеталарни текширгани, — жавоб берди Уайлдер. — Шунақа, Хетэуэй Юпитерда ҳеч бало йўқ, инсоннинг у ерда қиладиган иши ҳам йўқ. Сатурн ва Плутон ҳам шунақа...

Уайлдер ўз овозини эшитмай, беихтиёр гапирарди; у фақат бир нарса ҳақида ўйларди: ҳозир Уильямсон пастга югуриб боради-да, кўп ўтмай қайтиб келади, тепаликка чиқиб, жавоб олиб келади...
— Раҳмат.

Маргарет Хетэуэй унга бир стакан сув қуйди. Тўсатдан ҳаракатга келиб, капитан аёлнинг елкасига қўлини қўйди. Аёл бунга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Унинг бадани иссиқ ва нозик эди.

Капитан қаршисида ўтирган Хетэуэй дам-бадам жимиб қолар ва афтини аянчли бужмайтирганча кўкрагини чангаллар эди, сўнг яна маъюс суҳбатга қулоқ солар, ҳар дақиқада Уайлдерга ачиниб қараб қўяр, у эса бировларга билдирмасдан ҳузур қилиб, кулчасини кавшар эди.

Уильямсон қайтиб келди. Капитан унинг елкаси оша: “Хўш?” деб шивирламагунча индамай, санчқи билан таомни кавлаб ўтираверди.
— Мен бу жойни топдим, сэр.
— Хўш, хўш?

Уильямсоннинг рангги бўздек оқариб кетган эди. У нигоҳини қувноқ улфатлардан узмасди. Қизлари босиқ жилмайиб туришар, ўғли аллақандай латифани ҳикоя қиларди.

Уильямсон деди:
— Мен қабристонга ўтдим.
— Тўртта хочни кўрдингизми?
— Тўртта хочни кўрдим, сэр. Улар бус-бутун турибди. Хато қилмаслик учун мен уларни ёзиб олдим. — У оппоқ қоғоздаги номларни биттама-битта ўқий бошлади: — Алиса, Маргарет, Сьюзен ва Жон Хетэуэй. Номаълум вирусдан вафот топганлар. 2007, июл.
— Раҳмат, Уильямсон. — Уайлдер кўзларини юмди.
— Ўн тўққиз йил аввал, сэр. — Уильямсоннинг қўли титрарди.
— Ҳа.
— Ахир булар кимлар?
— Билмайман.
— Сиз ўзи нима қилмоқчисиз?
— Буни ҳам билмайман.
— Бошқаларга айтсак бўладими?
— Кейинроқ. Ҳеч нарса бўлмагандек овқатингизни еяверинг.
— Ортиқ бир луқма ҳам томоғимдан ўтмаяпти, сэр.

Ракетадан келтирилган шароб билан қилинган нонушта тугади. Хетэуэй ўрнидан турди.
— Соғлигингиз учун. Дўстларим билан яна бирга бўлишдан хурсандман. Хотиним ва болаларим билан бирга бўлишдан ҳам. — Уларсиз бу ерда мен танҳоликда ўлиб кетган бўлар эдим. Уларнинг астойдил қилган ғамхўрликлари туфайли мен бу ерда жон сақлаб қолдим ва сизларни кутиб олишга муяссар бўлдим.

У қадаҳни қўлида тутганча ўз оила аъзолари томонга ўгирилди. — Улар хижолат ичида унга қараб турар эдилар, қадаҳ кўтарилганда эса улар бутунлай кўзларини ерга тикиб олишди.

Хетэуэй охиригача сипқорди. Ҳатто қичқиришга ҳам улгурмай, у юзтубан стол устига йиқилиб тушди-да, ерга ағдарилди. Бир қанча одам югуриб келди, уни тўғрилаб ётқизиб қўйишди. Врач эгилиб, юрагига қулоқ солди. Уайлдер врачнинг елкасидан туртди. У Уайльдерга қараб бошини чайқади. Уайлдер чўккалаб ўтирди-да, чолнинг қўлидан ушлади.
— Уайлдер? — Хетэуэйнинг овози базўр эшитиларди. — Мен нонуштангизни ҳаром қилдим-а?
— Қўяверинг.
— Мен учун Алиса ва болалар билан хайрлашиб қўйинг.
— Ҳозир уларни чақирай.
— Йўқ, йўқ, керак эмас! — Нафаси бўғилиб шивирлади Хетэуэй. — Булар тушунмайдилар. Мен ҳам уларни тушунишларини истамайман! Керак эмас.

Уайлдер итоат қилди.

Хетэуэй жон берди.

Уайлдер анчагача унинг олдидан жилмади. Ниҳоят ўрнидан турди-да, Хетэуэйни қуршаб олган ҳаяжонли одамлар олдидан нари кетди. У Алисанинг олдига борди, унинг юзига қараб деди:
— Нима бўлганини биласизми?
— Эримга бир нарса бўлдими?
— У ҳозир жон берди: юрак. — Уайлдер аёлнинг юзига разм солиб тикилиб турарди.
— Жуда чакки бўлибди, — деди Алиса.
— Юрагингиз ачимаяптими? — сўради Уайлдер.
— У бизнинг қайғуга ботишимизни истамасди. У қачондир шундай бўлишини бизга олдиндан айтиб қўйганди ва йиғламасликни буюрганди. Биласизми, у ҳатто бизни йиғлашга ҳам ўргатмаганди, йиғлай олишимизни истамасди. Одам учун энг ёмон нарса ёлғизликни англаш, ғам ва кўз ёши қилишни билиш дерди. Шунинг учун биз кўз ёш тўкиш ва қайғу деган нарсаларни билмаслигимиз керак.

Уайлдер унинг юмшоқ, иссиқ қўлларига, чиройли пардозланган тирноқларига, нозик панжасига разм солди. Ингичка, оппоқ, узун бўйнига ва доно кўзларига қаради. Охири деди:
— Мистер Хетэуэй сиз ва болаларни ажойиб қилиб дунёга келтирган.
— Бу сўзларингиздан у роса суюнган бўларди. У биздан фахрланарди. Кейин эса ҳатто бизни дунёга келтирганини ҳам унутиб юборганди. Бизни севиб қолган, ҳақиқий хотини ва болалари деб биларди. Маълум маънода ўзи шундай ҳам.
— Сиз билан у ўзини енгил ҳис этарди.
— Ҳа, йилдан-йилга биз бирга ўтириб, суҳбатлашар эдик. У суҳбатлашишни яхши кўрарди. Тош кулбамизни ва каминимизни яхши кўрарди. Шаҳардаги ҳақиқий уйимизга бориб жойлашсак ҳам бўларди. Бироқ у бу ерни жонидан яхши кўрарди, бу ерда у гоҳ жўн, гоҳ замонавий тарзда ҳаёт кечириши мумкин бўларди. У менга ўзининг лабораторияси ва у ерда қилган ҳар хил нарсалари тўғрисида сўзлаб берарди. Бу ташландиқ Америка шаҳрини у бошдан-оёқ пастдан овоз кучайтиргич билан таъминлаб чиққанди. Тугмачани босди, тамом — ҳамма жойда чироқлар ёнади ва худди унда ўн минг одам бордек шаҳар шовқинга тўлиб-тошади. Самолётлар, автомашиналарнинг гувиллашлари, одамларнинг ғовур-ғувурлари эшитилади. У бўлса ўтириб оларди-да, сигара тортарди ва биз билан гаплашаверарди, пастдан эса шаҳар шовқини эшитилиб турарди. Гоҳо телефон жиринглаб қоларди ва тасмага ёзиб олинган овоз мистер Хетэуэйдан турли илмий ва жарроҳлик масалалари бўйича маслаҳат сўрарди, у жавоб қайтарарди. Телефон овозлари ҳам, биз ҳам, шаҳар шовқини ҳам, сигара ҳам — мистер Хетэуэй ҳам ғоятда бахтли ҳис қилардик ўзимизни. Унинг қўлидан фақат биргина нарса келмасди — бизни кексайтира ололмасди. Ўзи кун сайин қариб борарди, биз эса ўша-ўша ёш бўлиб тураверардик. Аммо менга шундай туюлардики, бу уни унчалик безовта қилмасди. Ҳаттоки ўзи шуни хоҳларди деб ўйлардим мен.
— Биз уни пастда тўртта хоч турган жойдаги қабрга дафн этамиз. Менимча, бу унинг хоҳишига жавоб беради.

Аёл аста унинг панжасига қўл теккизиб қўйди.
— Менинг бунга ишончим комил.

Капитан ишга киришиб кетди. Кичкина маросим тепалик этаги томон юриб кетди; оила унинг ортидан йўлга тушди. Икки одам Хетэуэйни усти ёпилган замбилда кўтариб кетди. Улар тош кулба ёнидан ўтишди, сўнг Хетэуэй кўп йиллар муқаддам ўз ишини бошлаган сарой ёнидан юриб ўтишди. Уайлдер шу устахона эшиги ёнида бир оз тараддудланди. Бу сайёрада хотини ва учала фарзанди билан яшаса-да, — бирданига сени шамол ва жимжитлик билан танҳо қолдириб, улар ўлиб кетишса, шу ҳам иш бўлдими? — деб сўради у ўзидан, — бундай аҳволда инсон нима қилиши керак бўлади? У ўлганларни қабрга жойлаштиради, хоч қўяди, сўнг ақл ва хотира кучини, қўлининг чаққонлигини ва топқирликни ёрдамга чақириб, устахонага келади-да, кейинчалик унинг хотини, ўғли, қизлари бўлган нарсани заррама-зарра тўплай бошлайди. Тоғ тагидан барча зарур нарсаларни топиш мумкин бўлган Америка шаҳри бўлганда, ақли расо одам, ҳар қалай, ўзи хоҳлаган нарсани ярата олади-да.

Уларнинг қадам товушларини қум ютиб юбормоқда эди. Улар келганида қабристонда икки одам аллақачон қабрни кавлаб бўлаёзган эди.

Улар оқшомга яқин ракета олдига қайтиб келишди.

Уильямсон бошини ирғаб тош кулбага ишора қилди.
— Уларни нима қиламиз?
— Билмадим, — деди капитан.
— Балки, уларни ўчириб қўярсиз.
— Ўчириб? — капитан бир оз таажжубланди. — Бу менинг хаёлимга ҳам келмаган эди.
— Ахир сиз уларни ўзингиз билан олиб кетолмайсиз-ку?
— Йўқ, уларни бошимга ураманми?
— Наҳотки сиз уларни шу ерда, қандай бўлса шундайлигича қолдирмоқчи бўлсангиз?

Капитан Уильямсон тўппончани узатди.
— Агар бирор нарса қўлингиздан келса, сиз мендан кучлироқсиз.

Беш дақиқадан сўнг Уильямсон бошдан-оёқ терга ботганча кулбадан қайтиб келди.
— Манг, олинг тўппончангизни. Энди мен сизни тушундим. Мен уларнинг олдига қўлимда тўппонча билан кириб бордим, қизлардан бири менга жилмайди. Қолганлари ҳам. Хотини менга чой тутди. Эй худо, бу бориб турган қотиллик бўлар эди-ку!

Уайлдер бош ирғади.
— Инсон бундай мукаммал нарсани бошқа ҳеч қачон ярата олмайди. Улар узоқ умр кўриш учун яратилган. — Ўн, эллик, икки юз йил. Ана шунақа... Уларнинг яшашга... яшашга биздан ҳақлари зиғирча кам эмас. Мендан ҳам, ҳар биримиздан ҳам. — У трубкасидан кулни қоқиб туширди. — Майли, бортга чиқинглар. Парвозда давом этамиз. Бу шаҳар барибир ҳалок бўлган, у биз учун яроқсиз.

Қуёш ботди. Муздек шамол эсди. Бутун экипаж бортга чиқиб олган эди. Капитан имилларди. Уильямсон сўради:
— Сиз тушиб кетишга... э-э, улар билан хайрлашишга шошилмаяпсизми? Капитан Уильямсонга совуқ қараб қўйди.
— Бу менинг ишим.

Уайлдер оқшом шамолига юзма-юз тоғ томон одимлаб кетди. Фазогирлар унинг қораси кулба девори ичида ғойиб бўлганини кўриб туришарди. Улар аёл соясини ҳам кўришди. Улар командирнинг аёл қўлини сиқиб қўйганини ҳам кўришди.

Август 2026 - Ёқимли Ёмғир Ёғади

Меҳмонхона бўлмада гўё биров эшитмай қолишидан қўрққандай гапирувчи соатлар тинмай: “чиқ-чиқ, етти бўлди, тонг отди, туринг ўрнингиздан!” — деб қўшиқ айтар эди. Эрталабки сукунат чулғаган уй ҳувиллаб турарди. Соат эса ҳамон чиқиллар ва бўшлиқ томон нуқул ўзининг севган қўшиғини таратар эди: “саккиздан ўн дақиқа ўтди, нонушта қилиш вақти етти, саккиздан ўн дақиқа ўтди!”

Ошхонада печка чийиллаб уҳ тортди ва унинг ланғиллаган қорни ичидан саккизта обдон етирилган қадаҳ, тўртта сариғи аралаштирилмаган тухум, ўн олти бўлак чўчқа ёғи, икки чашка қаҳва ва икки стакан муздек сутни уфуриб ташлади.
— Бутун Калифорния штатининг Эллендайл шаҳрида икки минг олтинчи йил, тўртинчи август, — деди ошхона шифтидан бошқа бир овоз. — Бугун мистер Фезерcтоуннинг туғилган куни. Тилита тўйининг бир йиллиги. Суғурта бадалини тўлаш вақти етти. Сув, газ, чироқ пулларини ҳам тўлаб қўйиш керак.

Деворнинг аллақаеридадир бир реле шиқирлади, электр кўзлар олдида хотира тасмалари сизиб чиқа бошлади.

Саккизу бир, чиқ-чиқ, саккизу бир, ишга бориш керак, мактабга бориш керак, бўла қолинглар чаққон-чаққон, саккизу бир! Бироқ эшиклар очилиб-ёпилмас, гиламларда резина пошналарнинг юмшоқ одимлаган товуши қулоққа чалинмасди.

Ташқарида ёмғир ёғарди. Ташқи эшикдаги метеоқутича оҳиста қўшиқ куйларди: “Ёмғир ёғар кун бўйи, Иссиқроқ кийин энди...” Ёмғир томчилари ҳувиллаган уй томини ҳамон ноғора қилиб чертарди.

Ҳовлидаги гараж эшиги қаттиқ ғийқиллади, кўтарилиб очилган эшик ортидан чиқишга ҳозир турган автомашина кўринди... Икки дақиқа ўтар-ўтмас эшик яна асил ҳолатига қайтди.

Саккизу ўттиз дақиқада тухумлар бужмайиб қолди, қадаҳлар эса тошга айланди. Алюмин белкуракча уларни чаноққа итқитди, у ердан тизиллаган қайноқ сув уларни маъдан бўғизга думалатиб келди, бўғиз уларнинг ҳаммасини эритиб юборар ва канализация орқали узоқ денгизга элтиб ташларди. Овқат юқи ликопчалар қайноқ ювинди идишга шўнғир ва ялтираганча унинг ичидан сузиб, ташқарига чиқиб келар эди.

“Тўққизу ўн беш, — куйлади соат, — супуриб-сидириш вақти етди”.

Девордаги уячалардан митти робот сичқонлар тўкилди. Барча хоналарда маъдан ва резинадан ясалган жонсарак фаррошлар ивирсир эди. Улар ўзларини оромкурсиларга шарақлаб уриб олар, тукдор ғўлачаларини айлантирар, гилам патларини ҳурпайтирар, ичидан чангларини оҳиста сўриб олар эдилар. Сўнг бамисоли номаълум келгиндилар каби бир-бир ўз гўшаларига кириб, кўздан ғойиб бўлдилар. Уларнинг қизил электр кўзлари сўнди. Уй чиннидай топ-тоза бўлиб қолганди.

Соат тўққиз. Ёмғир пардасини суриб, қуёш мўралади. Харобазор ва култепалар орасида ёлғиз уй қўққайиб турарди. Бутун шаҳарда шу уйгина омон қолганди. Ҳар куни тунда вайрон бўлган шаҳарнинг ўзидан чиқараётган радиоактив нурлари бир неча мил узоқдан ҳам кўзга ташланиб турарди.

Ўну ўн беш дақиқа. Боғдаги чанглатгичлар тилларанг фавворалар отиб, эрталабки енгил ҳавони жимжимадор сув мунчоқлари мавжларига тўлдирди. Дераза ойналаридан сув жилғалари оқиб туша бошлади, сўнг сиртидаги оқ бўёқ паққос куйиб кетган эгма ғарбий девор бўйлаб жилдирай кетди. Беш жойдаги ола-чалпоқни айтмаса, бутун ғарбий девор қоп-қора тусда эди. Ана, бўёқ майса ўргич ускунани думалатиб кетаётган эркак қиёфасига кирди. Ана, худди фото-суратдагидек, бир аёл гул узгани энгашиб турибди. Ундан нарида — биргина улкан лаҳзада ёғочда куйиб қотиб қолган яна бир қанча қиёфалар... Болакай қўлларини юқорига силтаб кўтарди, ундан юқорида ирғитилган копток шакли қотиб қолди; болакайнинг рўпарасида бир қиз коптокни тутмоқчи бўлиб қўлларини баланд кўтарган, аммо копток пастга тушмай, ҳавода муаллақ қолиб кетган.

Фақат бешта бўёқ доғи бор — эркак, аёл, болалар ва копток. Қолган барчаси — ёғоч кўмирнинг юпқа қатлами, холос.

Чанглатгичдан ёғаётган сокин ёмғир боғни тўкилиб тушаётган нур учқунлари билан тўлдирди...

Шу кунгача уй ўз тинчлигини қанчалик мустаҳкам сақлаб келган-а! “Ким у? Ўзингизни танитинг!” дея у нечоғлик ҳушёрлик билан сўраб-суриштирмаган! Ёлғиз тулкилардан ва шикоятнамо миёвлаган мушуклардан тегишли жавоб ололмагач, қариқиз шиддати ила деразаларни қарсиллатиб ёпмаган ва пардаларни силкиб туширмаган. Жиннилик билан чегарадош бўлган муҳофазакорлик — гоҳо механизмларда ҳам паранойя дарди учраб туради-да.

Бу уй ҳар бир товушдан титраб тушар эди. Чумчуқ ногаҳон қаноти билан деразага тегиб кетдими, ўша заҳоти парда қаттиқ шатирлаб кетар ва юраги ёрилган қуш орқа-олдига қарамай қочар эди. Ҳеч ким — ҳатто чумчуқ ҳам — уйга тегишга ботинолмасди!

Уй минглаб катта ва кичик роҳиблару югурдаклари бўлган ибодатхона эди, улар тоат-ибодат қилар, жўрликда диний қўшиқ айтар эдилар. Бироқ маъбудлар ғойиб бўлган, маросим эса мантиқсиз ва маъносиз бир ҳолда давом этарди.

Ўн икки.

Катта эшик ёнида чўчиб тушган кўппак ириллаб қўйди.

Эшик ит товушини дарҳол билди ва очилди. Бир вақтлар соғлом, тўқ яшаган, энди эса шарти кетиб, парти қолган, туллак кўппак ортидан ифлос излар қолдириб ичкарига югуриб кирди. Унинг орқасидан безовта қилишгани, уйни яна супуриб-сидиришга мажбур қилишганидан зардалари қайнаб дарғазаб сичқонлар куйманглашиб қолишди!

Эшик тагидаги тирқишдан ичкарига бир кичкинагина чанг зарраси кирди демагунча девор панеллари аста кўтариларди-да, кўз очиб юмгунча у ердан маъдан фаррошлар сакраб-сакраб етиб келар эдилар. Миттигина пўлат жағлар тутиб олган журъаткор қоғоз парчаси, чанг зарраси ёки бир тола тук деворларда кўздан йўқоларди. У ердан қувурлар орқали ахлат тагхонага, ахлат куйдириш машинасининг гувиллаган қорнига бориб тушарди. Ахлат куйдириш машинаси бамисоли даҳшатли даррандадай қоронғи бурчакда чўнқайиб турарди.

Кўппак юқорига қараб чопиб борар экан, бу ерда ўлик сукунатдан бошқа ҳеч зоғ йўқлигини англамаган ҳолда — уй эса буни аллақачон англаб етганди — ҳар бир эшик рўпарасида ўчакишиб акилларди.

У ҳидланди-да, ошхона эшигини тирнади, сўнг ҳидлашини тўхтатмай эшик ёнида ётиб олди. Эшикнинг нариги томонидаги печкада чалпак пишмоқда эди, ундан бутун уйга ёқимли, қарағай қиёмининг иштаҳани қитиқлайдиган ва тўйимли ҳиди анқимоқда эди.

Кўппакнинг оғзи кўпикка тўлди, кўзлари ўт бўлиб чақнади. У сапчиб оёққа турди, думини тишлаб гир айланди, жон талвасасида типирчилади-да, тарракдай қотди-қолди. Шу алпозда у меҳмонхона бўлмасида бир соатча ётди.

Соат икки, — куйлади овоз...

Ниҳоят куйган нарсанинг билинар-билинмас ҳидини олиб, уялардан худди электр елпиғичи учирган қовжироқ япроқлардек сичқонлар галаси енгил ва шиддат ила визиллаб отилиб чиқди.

Иккию ўн беш дақиқа.

Кўппак ғойиб бўлди.

Тагхонадаги ахлат печкаси бехос аланга яллиғидан ёришиб кетди ва мўридан юқорига қараб учқунлар шиддат билан кўтарилди.

Иккию ўттиз беш дақиқа.

Ички саҳн деворларидан қартавозлар столлари сакраб чиқди. Кўзойнаклари йилт-йилт қилиб, қарталар жой-жойига учиб кетди. Дуб пештахтада коктейллар ва тухумли сендвичлар пайдо бўлди. Мусиқа янгради.

Бироқ столлар сукут сақларди ва ҳеч ким қарталарга қўл урмади.

Роппа-роса тўртда худди улкан капалаклардек столлар тахланди-да, яна деворлар ичига кириб кетди.

Соат тўрт ярим.

Болалар хонасининг деворлари ёришиб кетди.

Уларда ҳайвонлар пайдо бўлди: сариқ жирафалар, зангори арслонлар, қизил ғазоллар, гулобий қоплонлар — барчалари биллур тўшами узра сакрар эдилар. Деворлар шишадан бўлиб, тасаввурдаги бўёқ ва ўйинларни ўзида яхши акс эттирарди. Пинҳоний кинотасмалар тишлар бўйлаб ғалтакдан ғалтакка сузиб ўта бошлади ва деворлар жонланди. Хона поли шамолдан тўлқинланаётган экин даласи мисол чайқаларди, ундан алюмин сувараклар ва темир чирилдоқлар югура бошлади, жазирама тинч ҳавода, ҳайвон изларининг ҳиди ичида ғоятда нафис қизил матодан ясалган капалаклар учар эди! Темирчи босқонининг сим-сиёҳ қаърида ғивирлаётган асаларилар галаси овозига ўхшаш ғўнғиллаш эшитилди. Ортидан ўлжа еб тўйган арслоннинг эринчоқлик билан ириллаши келди. Окапи1 туёқларининг товуши ва сийрак майсаларнинг нозик пояларига келиб тушаётган муздек ёмғир шатири қулоққа чалинди. Ана, деворлар эрий бошлади, қуёшнинг олов селига кўмилган ўтлоқзорлар ва тубсиз жазирама осмоннинг бепоён кенгликларига сингиб кетди. Ҳайвонлар тиконли тўқайлар ва сувлоқлар бўйлаб ёйилди.

Болалар учун эшиттириш вақти бўлди.

Соат беш. ҳаммом шаффоф қайноқ сувга тўлди.

Соат олти, етти, саккиз бўлди. Тушлик солинган идишлар ғаройиб қилиқлар кўрсатди, сўнг хонада нимадир ширқ этди ва жонга ҳузур берувчи олов ёниб турган камин олдидаги темир штативда ногаҳон юмшоқ кулранг кулдан қалпоқ кийган кашанда сигара пайдо бўлди.

Соат ўн. Кўзга кўринмас симлар чойшабни иситди — бу ер тунлари совуқ бўларди.

Соат тўққиздан беш даққиқа ўтди. Хона шифтидан овоз келди:
— Миссис Маклеллан, бугун қайси шеърни эшитгингиз келаяпти?

Уй сукутда.

Охири овоз деди:
— Ҳеч бир хоҳиш изҳор қилмаганингиз учун мен ўзим таваккал қиламан.

Жўрликда чалинган оҳиста мусиқа янграйди.
— Сара Тисдейл. Агар янглишмасам, сиз севган шеър.

Ёқимли ёмғир ёғиб, анқийди тупроқ ҳиди,
Тонгдан тонггача чаққон читтак тинмай сайрайди.
Анҳорларда бақалар қуриллайди ҳар кеча,
Саъвалар хониш қилар дам ҳам олмасдан пича.
Оқ кўпикли боғларда олча гуллари лов-лов,
Деворлардан кўчага гўё отилар олов.
Урушни аммо ҳеч ким, ҳеч ким эсламас бу он,
Ётган илонни қўзғаш келтирар фақат зиён.
Ер юзида одамзот насли қурур бўлса гар
На қушча, на мажнунтол қатра кўз ёши тўкар.
Баҳор... ҳа, Баҳор фасли янги тонгни кутади,
Билмайдики, бизлар йўқ, умри зое ўтади.

Каминда сўниб бораётган олов лип-лип қиларди, сигара унсиз кулга айланиб тўкилиб тушарди. Гунг деворлар оралиғида бир-бирига қарама-қарши икки оромкурси турибди, мусиқа ҳамон янграрди.

Соат ўнда талваса бошланади.

Шамол эсди. Дарахтдан синиб тушган қуруқ бутоқ ошхона деразасига тақалиб қолди. Доғ кетказгич эритмали шиша плитага урилиб чил-чил бўлди. Бир лаҳзада бутун ошхона олов ичида қолди!
— Ёнғин! — қичқириқ эшитилди. Чироқлар лип-лип қиларди, насослардан, таранг тортилган шифтлардан сувлар тизиллаб отилди. Бироқ суюқ ёнилғи линолиум бўйлаб ёйилиб кетди, у сингди-да, эшик тагига шўнғиди ва ортидан талай одамлар жўрликда куйлаб юборди:
— Ёнғин! Ёнғин! Ёнғин!

Уй бардош беришга уринарди. Эшиклар зич ёпилиб қолди, бироқ дераза ойналари иссиққа чидолмай отилиб кетди ва шамол оловни гуриллатиб юборди.

Олов тазйиқи остида ўн миллиардлаб дарғазаб учқун сурбетларча ёвузлик ила хонадан-хонага учиб кирар ва зинапоядан юқорига кўтариларди, уй чекина бошлади.

Ҳамон деворлардан йўрғалаганча саросимали сув каламушлари чиқиб келмоқда эди ва яна сув олиб келгани изларига қайтар эдилар. Девор чанглатгичлар ҳам механик ёмғир синчларини ҳавога кўтаришди. Аммо кеч эди. Аллақаерда оғир уҳ тортиб, елкаларини керган кўйи насос қотиб қолди. Олов билан олишаётган ёмғир тинди. Неча кунлардан бери ҳаммомлар ва идиш ювиш хоналарни таъминлаб келган захира қозондаги сув тугаб бўлганди.

Зиналарни бирин-кетин ямлаганча олов чарс-чурс қиларди. Юқоридаги хоналарда у мечкай одамга ўхшаб Пикассо ва Матисснинг сувратларини мазза қилиб туширар, мойли қобиғини ялар ва холстларни авайлабгина қора найча қилиб ўрар эди.

Олов каравотларгача етиб борди, ҳали замон дераза раҳларига сакраб чиқади-да, дарпардаларга қайтадан гул беради!

Бироқ шу заҳоти кўмак етиб келади.

Чордоқ туйнукларидан кўзга кўринмас роботлар пастга тикилиб турар ва форсунка оғизларидан яшил дорилар уфурарди.

Олов бирдан туртиниб кетди; ҳатто фил ҳам ўлган илонни кўрганда шошиб қолади-ку. Ҳозир бўлса полдан йигирмата илон ўрмалаб келарди, яшил кўпикли совуқ, тоза заҳри билан оловни ўлдирмоқда эди.

Аммо олов ҳам анойи эмасди, у алангали тилларини девор ташқарисидан юқорига, чордоққа юборди — у ерда насослар бор эди. Гумбур-р-р! Насослари бошқариб турадиган электр мия биринчи найзасини тўсинларга санчди.

Сўнг олов орқага қайтди ва кийимлар осиғлиқ барча ҳужраларни айланиб чиқа бошлади.

Дуб суяклари қисирлаб, уй титраб кетди, унинг яланғочланиб қолган скелети иссиқдан букилди, унинг томирлари — симлар тармоғи шалвираб осилиб қолди, гўё қизил томирлари ва капиллярлари жазирама ҳавода тез-тез уриши учун қандайдир жарроҳ унинг терисини шилиб олаётгандай. Қоровул! Коровул! Ёнғин! Қочинглар, жонларингни сақлаб қолинглар! Олов кўзгуларни қишдаги мўрт муздек майда-майда қилиб ушатарди. Овозлар эса нола қиларди: “Ёнғин, ёнғин, қочинглар, жонларингни сақлаб қолинглар!” Гўё овлоқ ўрмонга олиб бориб ташланган ва ўлаётган ўн икки бола бири паст, бири баланд овозда мунгли болалар қўшиғини айтаётгандек. Бироқ симларнинг қобиқлари қовурилган каштанлар мисол бирин-кетин тинмоқда эди. Иккита, учта, тўртта, бешта овоз гум бўлди.

Болалар хонасида олов жунглини қамраб олди. Зангори арслонлар ўкирар, қирмизи жирафалар сакрар эдилар. Қоплонлар дам сайин рангларини ўзгартириб, у ёқдан-бу ёққа ўзларини отар эдилар; оловдан жон сақлаш ниятида ўн миллион ҳайвон узоқдаги қайноқ дарё томон чопиб бормоқда эди...

Яна ўн овоз ўлди. Сўнгги лаҳзада олов сели гумбури орасидан бошқа, маъносини йўқотган овозларни фарқлаш мумкин бўларди, ҳали вақт бор эди, мусиқа янграрди, майсазор бўйлаб телебошқарувли машина ўроқ кезинарди, телбаланган соябон гоҳ очилиб, гоҳ ёпилиб ётган, ташқари эшик остонасидан орқага ва олдинга сакрагани-сакраган эди, — остонадан бирваракайига мингта буюм ўтарди, худди юзлаб соат бирданига занг урган соатсозлик устахонасими дейсиз: қандайдир ягоналикка пайвандланган телба тўс-тўполон ҳукмрон эди бунда; қўшиқлар, қийқириқлар ва сўнгги ахлатчи сичқонлар тозалаш, бу даҳшатли, исқирт кулни йўқотиш учун инларидан сакраб-сакраб чиқиб кела бошладилар! Бир овоз эса содир бўлаётган воқеалардан азбаройи нафратлан¬ганидан тутаб ётган хонада шеър ўқий кетди, то барча плёнкалар ёниб битмагунча, барча симлар эриб кетмагунча, барча кесмалар тўкилиб тушмагунча шеър ўқишдан тўхтамади.

Ниҳоят, олов уйни портлатиб юборди ва у ҳар томонга дуд ва учқун сочганча ерга юз тубан ағдарилиб тушди.

Чала ёнган ва ёнаётган тўсинлар тўкилиб тушгунига қадар бир сония қолганда ошхонада печка ақл бовар қилмас тезликда нонушталар тайёрларди: ўнта тухум, олтита батон, икки юз бўлак чўчқа ёғи — шулар барини олов битта қўймай ямлар, ҳансираётган печкани яна ва яна жазавага тушиб овқат пиширишга мажбур қиларди.

Гумбур. Чордоқ ошхона ва меҳмонхона бўлмасига қулаб тушди, меҳмонхона бўлмаси биринчи қаватга, биринчи қават тагхонасига ястланди-қўйди. Музлаткичлар, оромкурсилар, фильмли ўрамалар, каравотлар, электр асбоблари — ҳаммаси букилиб-эгилиб пастга қулаб тушди.

Дуд ва сукунат. Тутун буруқсиб кўтариларди.

Шарқдан аста тонг отиб келарди. Харобалар орасида биттаю битта девор бутун сақланиб қолганди. Шу девор ичидан сўнгги танҳо овоз гапирар эди, қуёш тутаб ётган синиқ ва бўлакларни аллақачон ёритганига қарамай у ҳамон такрорлар эди;
— Бугун 2026 йил 5 август, бугун 2026 йил 5 август, бугун...

Октябр 2026 - Марсдаги Таътил

Нимагадир бу фикрни онам айтди — бутун оила балиқ овига бормаймизми? Сирасини айтганда, бу сўзлар ойимники эмасди, Тимоти буни жуда яхши биларди. Бу гаплар дадамники эди, аммо нимагадир уларни дадам эмас, унинг ўрнига ойим айтди.

Шақирлаган марс шағали устида оғирлигини у оёғидан бу оёғига солиб турган дадам рози бўлди. Ҳаммамиз қийқириб юбордик, кўз очиб-юмгунча лагер йиғиштирилди, ҳамма нарса капсула ва контейнерларга жойланди, ойим сафар комбинезонини ва курткасини кийди, унинг бир кўзи марс осмонида эди, титроқ қўллари билан трубкани тўлдирди ва учала бола шодон қийқирганча моторли қайиқ томон отилдик — учала ўғилдан фақат Тимотигина тинмай дадам билан ойимга қарар эди.

Ойим тугмачани босди. Осмонга гувиллаган товуш ўрлади. Тумшуқ томондаги сув орқага отилди, қайиқ эса дўстона “ура!” қичқириқлари остида олға интилди.

Тимоти қайиқ тумшуғида отам билан бирга ўтириб олган, ингичка бармоқлари отамнинг сертук қўли устида. Қазиб ташланган майдонча канал муюлиши ортида кўздан йўқолди, улар Ердан қилган узоқ парвозларидан сўнг ўзларининг мўъжазгина оилавий ракеталарида шу ерга келиб қўнган эдилар. Учиш арафасидаги тунни, шошилинч ва тўс-тўполонни, отаси қандайдир йўл билан топиб келган ракетани, дам олгани Марсга учишлари ҳақидаги суҳбатларини эслади у. Таътил учун хийла олислик қиларди-ю, бироқ Тимоти чурқ этмади, чунки у ерда укачалари ҳам бор эди-да. Улар Марсга омон-эсон етиб келишди ва ўша жойдан улар бугун балиқ овига йўл олишди.

Қайиқ каналда учиб борарди... Бугун дадамнинг кўзлари бежороқ эди. Нима бўлганига Тимотининг ҳеч ақли етмасди. Унинг кўзлари чарақларди ва уларда қандайдир енгиллик борга ўхшармиди-ей. Бундан эса чуқур ажинлар хўмрайиб ва ғамга ботиб эмас, аксинча, кулиб турар эди.

Каналда янги муюлиш — қотиб турган ракета ҳам кўздан йўқолди.
— Узоққа борамизми?

Роберт қўли билан сувни шалоплатди — гўё бинафшаранг сатҳда жажжи краб сакрагандай.

Отам хўрсинди:
— Миллион йил муқаддамга.
— Ана, холос! — ҳайрон бўлди Роберт.
— Қаранглар, болалар! — Ойим узун эгилувчан қўлини кўтарди. — Ўлик шаҳар.

Улар сеҳрлангандек ўлик шаҳарга тикилишди, шаҳар эса уларнинг ўзларигина учун тегишли қирғоқда ҳаётсиз ястланиб ётар, Марс эса метеорологлар санъати билан ҳадя этилган жазирама сокин ёз қўйнида мудрар эди.

Дадамнинг юзида шаҳарнинг ўликлигидан суюнгандек хушнудлик ифодаси ўйнарди.

Шаҳар: қумлоқ тоғ ёнбағрида ухлаб ётган қизил қояларнинг бетартиб уюми, бир неча йиқитилган устун, ташландиқ зиёратгоҳ, ундан нарида — яна қум, яна қум, милма-мил давом этиб кетаверади... Канал атрофида оқ чўл, унинг устида мовий чўл.

Тўсатдан қирғоқ томондан қуш учиб чиқди. Худди биров отган тошдай мовий ҳовуз устидан ошиб ўтди-да, сувга тушиб, кўздан ғойиб бўлди.

Ваҳимадан ҳатто дадамнинг юзи ўзгариб кетди.
— Менга бу ракетага ўхшаб кетди.

Тимоти Ерни, урушни, вайрон бўлган шаҳарни, бир-бирини ўлдирган одамларни (ўзи ҳисоб қилганча) кўришга ҳаракат қилиб, осмон қаърига тикилди. Аммо ҳеч нарса кўрмади. Уруш шу қадар олисда ва мавҳум эдики, гўё улкан ва ҳувиллаган жоме қуббаси остида ҳаёт-мамот жанги қилаётган икки пашшага ўхшарди. Бемаънилиги эса бундан-да бешбаттар эди.
— Уильям Томас пешонасидан терни сидирди ва қўлида ўғлининг ўргимчак панжасидек енгил бармоғини ҳис қилиб сесканиб тушди.

У ўғлига қараб жилмайди:
— Хўш, анави қандай экан, Томми?
— Зўр, дада.

Тимоти ёнида турган улкан, катта ёшдаги бу ускунада нималар содир бўлаётганини яхши тушунолмади. Офтоб урганидан пўст ташлаб юборган катта қирғий бурунли, тош зўлдирни эсга солувчи кўм-кўк кўзли (бу зўлдирларни у Ердалигида эрмак учун ўйнар эди), кенг брижа ичига яширинган қудратли устунсимон оёқли бу одамда нималар бўлаётганидан у бехабар.
— Нимага бунча тикилиб қараб қолдингиз, дада?
— Мен ер мантиғини, соғлом фикрни, оқилона ҳукмронликни, тинчлик ва масъулиятни қидираётган эдим.
— Хўш, топдингизми?
— Йўқ. Топмадим. Улар энди Ерда йўқ. Бундан кейин ҳам ҳеч қачон бўлмайди. Биз ўз-ўзимизни алдаб келган эканмиз, чамамда, аслида биз ўзи йўқ нарсани қидирар эканмиз.
— Нега бундай дейсиз?
— Қара, қара, ҳов ана балиқ, — кўрсатди отам.

Учала бола қийқириб юборди ва қайиқ бир ёнга қийшайди, улар балиқни кўришга ошиқиб, ингичка бўйинларини чўзганча пастга энгашишди. Вой-бўй, ановини қаранглар! Кумушранг ҳалқа балиқ ёнгиналаридан билтанглаган ва бир лаҳза ичига егулик хўрак тушиб қолган қорачиқдай қисилган ҳолда сузиб ўтиб кетди.
— Худди урушнинг ўзи-я, — ғудраниб деди отам. — Уруш сузаяпти, хўракни кўраяпти, қисиляпти. Қарабсанки, Ердан ном-нишон йўқ.
— Уильям, — деди онам.
— Кечир.

Улар жим бўлиб қолишди, қаршида эса каналнинг муздай зилол суви шиддат билан оқарди. Чор-атрофда тиқ этган товуш йўқ, фақат моторнинг гувиллаши, сувнинг шалоплаши, қуёшдан буғланган ҳаво оқимигина бор, холос.
— Қизиқ, марсликларни қачон кўрамиз? — сўради Майкл.
— Тез орада, — уни ишонтириб деди ота. — Балки, кечқурун кўрармиз.
— Марсликлар битта қолмай қирилиб кетган-ку, — деди ойим.
— Йўқ, қирилиб кетишмаган, — анчадан кейин жавоб берди дадам. — Мен сизларга марсликларни кўрсатаман, бу аниқ.

Тимоти лунжини осилтирди, бироқ ҳеч нима демади. Ҳаммаси қандайдир ғалати эди. Таътил ҳам, балиқ ови ҳам, катталарнинг бир-бирига қараб олиш¬лари ҳам.

Унинг укалари эса марсликларни томоша қилмоқчи бўлиб каналнинг икки метрли тош деворига кафтлари тагидан кўз узмай тикилиб туришарди.
— Улар қанақа ўзи? — суриштирарди Майкл.
— Кўрганингда биласан. — Отаси гўё киноя қилди ва Тимоти унинг яноқлари учаётганини пайқади.

Онаси ғоятда нозик ва мўрт эди, заррин сочларини бошига фиръавнлар бош кийими — тиарадай ташлаб олган, кўзлари эса каналнинг соядаги чуқур муздек суви рангига ўхшаб, ёқут холчалари бўлган қарийб қирмизи тусда. Унинг кўзларида балиқдай гоҳ ёрқин, гоҳ хира, бирлари тез, яшиндай, бирлари секин, имиллаб сузаётганини кўриш мумкин эди, гоҳида эса — дейлик, аёл осмонга, Ер бўлмаган жойга қараганида, кўзларида ҳеч нима бўлмасди, фақат ранг бўларди, холос... Она қайиқ тумшуғида ўтирарди, бир қўлини бортга, иккинчисини шимининг дазмолланган жойига қўйиб олган, офтобда куйган юмшоқ бўйин чизиғи оқ гулга ўхшаган ёқа очилган жойга бориб узилар эди.

Она ҳаммавақт олдинга қарарди, ниманидир илғамоқчи бўларди, аммо илғаёлмай эри томонга ўгириларди; эрининг кўзларида у олдиндаги нарсанинг аксини кўрди, эри эса бу аксга ўзидан нимадир бир нарсани, қатъий аҳди қарорини қўшди ва унинг юзидаги кескинлик камайди, аёл яна олдинга ўгирилиб олди, бу сафар нимани излаш кераклигини билиб, хотиржам тикила бошлади.

Тимоти ҳам тикилар эди. Бироқ у кенг текис водийнинг ўртасидаги бинафшаранг каналнинг ўқдай тик чизиғини кўриб турарди, водий сув ювган пастқам тепаликлар билан қуршалган эди. Чизиқ осмон чеккасидан нарига чиқиб кетарди ва канал тобора нарига, яна ҳам нарига, худди бир силкисанг қуруқ бош чаноғидаги қўнғизчалар каби жангирлаб тўкилиб тушгудек шаҳарлардан ҳам нарига чўзилиб кетганди. Иссиқ кун ва салқин тунларда ёз тушларини кўраётган юзта, икки юзта шаҳар...

Мана шу сайрни деб, мана шу балиқ овини деб улар миллионлаб мил узоқликдан учиб келдилар. Ракетада эса қурол бор эди. Таътилга кетдик эмиш! Мана, бу озиқ-овқатлар нечун — кам деганда роса бир йилга етади — уларни ракетанинг шундоқ ёнгинасига ғамлаб қўйишибди-ку, таътил эмиш! Аммо бу таътил ортида қувончли табассум эмас, балки қандайдир шафқатсиз, қаттиқ, ҳатто қўрқинчли бир нарса яширинган. Тимоти ҳеч бу ёнғоқни чақолмади-чақолмади-да, укаларининг эса бу билан ишлари йўқ — ўн ёки саккиз ёшдаги болакайларнинг хаёлида нималар бўларди дейсиз?
— Э, қани марсликлар? Одамни жинни қилишади! — Роберт ияги учини кафтига қўйганча каналга тикилди.

Дадамнинг қўлида эскича ясалган бир атом радиоси бор эди: унинг бошини, қулоғи ёнини боссанг бўлди, радио бирон нарсани куйлаганча ёки гапирганча айлана бошлайди. Дадам айни пайтда радиони тинглаб турарди ва унинг чеҳраси мана шу ўлган марс шаҳарларидан бирига ўхшаб кетарди — тунд, эзилган, ҳаётдан асар йўқ.

Сўнг у радиони онага узатди. Онанинг лаблари очилди.
— Нима ... — Тимоти савол бермоқчи бўлди-ю, гапини тугатолмади.

Чунки шу лаҳзада бирининг кетидан иккинчиси бўлиб иккита улкан портлаш уларни силкиб ташлади ва ҳанг-манг қилиб қўйди, кетидан яна кучсизроқ бир нечта портлаш содир бўлди.

Ота бошини орқага ташлади-да, тезликни оширди. Қайиқ сувни қаттиқ шалоплатган ва сакраган кўйи олға учиб кетди. Роберт дарҳол ўзини ўнглаб олди, Майкл эса қўрққанидан юраги ёрилгудек бўлиб чийиллади ва нақ бурни тагидан учиб ўтаётган оқимга қараганча онасининг оёқларига ёпишди.

Тезликни ошириб, ота қайиқни шиддат билан бурди ва улар энсиз қўшимча каналга, краблар ҳиди анқиб турган эски яримвайрона тошқирғоққа сузиб келишди. Қайиқ тумшуғини тош қирғоққа шунақанги қаттиқ келиб урдики, ҳамма олдинга мункиб кетди, аммо ҳеч ким лат емади, ота эса уларнинг келиб яширинган жойини билдириб қўйиши мумкин бўлган қайиқнинг сувдаги изи қолмадимикан деб каналдан кўзини узмасди. Канал сатҳидан узун тўлқинчалар ёйилиб кетди; тошқирғоқдан бўса олиб, улар орқага қайтишди, қайтишда орқадан югуриб келаётганларни тутиб олишди-да, қуёшнинг жимжимадор нурлари остида бари аралаш-қуралаш бўлиб кетди, сўнг мавжлар ғойиб бўлди.

Дада қулоқ тутди. Улар барчаси қулоқ тутишди.

Отанинг нафаси бостирма тагида бўғиқ акс садо берарди, гўё муздек, нам тош қирғоққа биров мушт тушираётгандек. Энди нима бўларкин дея ойи мушукдай кўзларини дадага тиккан.

Ота чуқур, енгил хўрсиниб қўйди-да, ўзининг устидан қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Ахир бу бизнинг ракетамиз-ку! Нимагадир ваҳмачи бўлиб қолибман. Ҳа-да, бу ракета.
— Бу нима эди ўзи , дадажон, — сўради Майкл, — нима эди ўзи бу?
— Ракетамизни портлатиб юборибмиз, бор-йўқ гап шу . — Тимоти ишчан руҳда гапиришга уринди. — Ракеталар қандай портлашини ҳеч эшитмаганмисан? Бизникини ҳам портлатишди...
— Нега биз ракетамизни портлатамиз? — Тиниб-тинчимасди Майкл. — Нимага, дадажон?
— Ўйинда шунақа бўлади, каллаварам! — жавоб берди Тимоти.
— Ўйинда?! — Майкл билан Роберт бу сўзни жонларидан яхши кўришарди.
— У портлаши учун дадам атайлаб шундай қилганлар, қаерга келиб қўнганимизни ва қаёққа гумдон бўлганимизни ҳеч ким билмаслиги учун! Борди-ю, биров бизни топиб олмоқчи бўлса, билдингми?
— Вой-бўй, сир-ку!
— Ўз ракетамиздан қўрқиб юрибмиз, — иқрор бўлди ота онага. — Асаблар! Бу ерда бошқа ракеталар пайдо бўлиб қолиши мумкинлигини ўйлаш ҳам кулгили. Яна битта ракета учиб келиши ҳеч гап эмас: агар Эдвардс хотини билан етиб келолса.
— У яна митти приёмникни қулоғига тутди. Икки дақиқадан кейин унинг қўллари латтадай осилиб тушди.
— Бўлди, тамом, — деди онага. — Атом нуридаги станция ҳозиргина ишини тугаллади. Ернинг бошқа станциялари аллақачондан бери миқ этмайди. Сўнгги йилларда улар бор-йўғи икки-учтагина эди. Энди эфирда ўлик сукунат. Бу узоққа чўзилиши аниқ.
— Қанчага? — сўради Роберт.
— Эҳтимол... сизнинг чевараларингиз радио тинглашса керак, — жавоб берди ота. У бошини қуйи солиб ўтирар ва болалар унинг ичидан нималар ўтаётганини билиб туришарди: тақдирга тан бериш, афсус-надомат, итоаткорлик.

Сўнг у яна қайиқни катта каналга олиб чиқди ва улар йўлларида давом этишди.

Кеч кириб борарди. Қуёш уфққа бош қўя бошлаган; олдинда бирин-кетин ўлик шаҳарлар ястланиб ётарди.

Ота ўғиллари билан қувноқ, бир маромда гап сотар эди. Илгарилари у кўпинча камгап, камсуқум, қўпол бўларди, энди эса — булар буни ҳис қилиб туришарди — дада сўзлар билан бамисоли уларнинг бошидан силамоқда эди.
— Майкл, шаҳар танла.
— Нима, дадажон?
— Шаҳар танла, тойчоғим. Йўлимизда дуч келган ҳар қандай шаҳарни танла.
— Бўпти, — деди Майкл. — Қандай танлайман?
— Ўзингга энг кўпроқ ёққанини. Роберт, сен ҳам, Тим, сен ҳам танла. Кўнглингизга мосини танлайверинглар.
— Мен марсликлари бўлган шаҳарни танлайман, — деди Майкл.
— Марсликлар бўлади, — жавоб берди ота. — Ваъда бераман. — Унинг лаблари ўғилларига мурожаат қилса-да, кўзлари онада эди.
— Йигирма дақиқа ичида улар олти шаҳарни ёқалаб ўтишди. Ота энди портлашлар ҳақида гап очмай қўйганди; энди гўё ўғилларининг кўнглини овлаш, уларнинг дилини хушлаш дунёдаги энг муҳим ишлардан бири бўлиб қолганди.

Майклга биринчи шаҳароқ ёқиб қолди, бироқ “шошган қиз эрга ёлчимас” деган мақолни эслашиб, уни бундан қайтаришди. Иккинчи шаҳар ҳеч кимнинг дидига мос келмади. Уни ерликлар қурганди, уйларнинг ёғоч деворларини қурт еб, пўк қилиб қўйганди. Учинчи шаҳар Тимотининг кўнглига хуш ёқиб қолди — катта экан! Тўртинчи ва бешинчи шаҳарлар ҳаммага кичкина бўлиб кўринди, аммо олтинчисини кўриб ҳамманинг, ҳатто оналарининг ҳам оғзи очилиб қолди, “Вой-бў!”, “Зўр!”, “Ана буни шаҳар дейди-да!” каби хитоблар янгради.

Шу ерда элликтача муҳташам бино бус-бутун сақланиб қолганди, кўчалари чангли бўлса-да, тош ётқизилган эди. Майдонлардаги икки-учта кўҳна фавворалардан ҳамон нам сизиб турар, ботаётган қуёш нурларида жимирлаб кўринган сув жилғалари бутун шаҳардаги ҳаётнинг ягона зуҳури эди.
— Шу ер, — бир овоздан деди ҳамма.

Ота қайиқни бандаргоҳга олиб келди-да, қирғоққа сакраб чиқди.
— Мана, келдик ҳам. Булар барчаси — бизники. Энди шу ерда яшаймиз!
— Яшаймиз? — Майкл шошиб деди. У шаҳарга қараганча оёққа турди, сўнг улар ракетани қолдирган томонга юзини ўгирди. — Ракета нима бўлади? Миннесота нима бўлади?
— Мана, — деди ота. У радиоприёмникни Майклнинг малларанг бошига тақади. — Тингла.

Майкл қулоқ сола бошлади.
— Ҳеч нарса йўқ, — деди у.
— Тўғри. Ҳеч нарса йўқ. Ҳеч нарса қолмаган. Ҳеч қанақа Миннеаполис, ҳеч қанақа ракета, ҳеч қанақа Ер қолмаган.

Майкл бу даҳшатли кашфиёт хусусида бироз хаёл суриб турди-да, ғиншиб қўйди.
— Шошма, Майкл, — тараддуд билан деди ота. — Бунинг эвазига мен сенга кўпроқ нарса бераман.
— Нима? — Қизиқувчанлик кўз ёшларини тўхтатиб қолди, бироқ агар отанинг бундан кейинги кашфиётлари аввалгисидай қайғули бўладиган бўлса, Майкл ҳозироқ ҳўнграб йиғлаб юборишга тайёр эди.
— Бу шаҳарни мен сенга инъом этаман, Майкл. У сеники.
— Меники?

Тимоти қайиқдан сакраб тушди.
— Қаранглар, йигитлар, баландга! Ҳа, яна ҳам баландга!

У отаси билан баравар ўйнарди, ўйнаганда ҳам қотириб ўйнарди, жонини жабборга бериб ўйнарди. Ҳамма нарса жойига тушиб, ўрнашиб олганларидан кейин у эҳтимол ўн дақиқага бирон хилватга боради-да, йиғлаб кўнглини бўшатиб олади. Бироқ ҳозир “оила таътилда” ўйини кетаётир ва укалари ўйнаб олишлари керак.

Майкл ва Роберт қирғоққа сакраб чиқишди. Улар оналарининг ҳам бандаргоҳга чиқиб олишида ёрдамлашиб юборишди.
— Опачангизни эҳтиёт қилинг, — деди ота; фақат анчадан кейингина унинг нимани кўзда тутиб шундай деганини англаб етишди.

Шундай қилиб, улар шоша-пиша улкан қизил тош шаҳар томон юриб кетишди, улар шивирлаб гаплашар эдилар, — ўлик шаҳарларда нимагадир шивирлаб гапиргинг, қуёш ботишини томоша қилгинг келади.
— Беш кундан кейин, — аста деди ота, — мен ракетамиз турган жойга қайтиб бораман ва харобазорга беркитиб қўйган озуқаларни олиб оламан. Бир йўла хотини ва қизлари билан Берта Эдвардсни ҳам қидириб кўраман.
— Қизлари билан? — такрор сўради Тимоти. — Нечта улар?
— Тўртта.
— Бунинг охири вой бўлмаса деб қўрқаман-да, — аста бошини чайқаб деди она.
— Қизалоқлар. — Майкл марслик санамларнинг тош ҳайкаллари юзини эрмак қилиб, афтини буриштирди. — Қизалоқлар.
— Улар ҳам ракетада учиб келишадими?
— Ҳа. Агар иложини топишолса. Оилавий ракеталар Ойга учишга мўлжал¬ланган, Марсга эмас. Бизнинг бир омадимиз келди-да, бу ерга учиб келишда.
— Сиз ракетани қаердан олган эдингиз? — шивирлаб сўради Тимоти; қолган икки болакай олдинга чопиб кетишганди.
— Мен уни яшириб қўйган эдим. Йигирма йил яширдим, Тим. Яширдим-у, ҳеч қачон асқотмаса керак деб ўйладим. Уруш бошланганда давлатга топшириб юборишим керак эди, лекин мен ҳам доим Марс ҳақида ўйлардим...
— Сайр ҳақида ҳам!...
— Ҳа-да! Лекин бу гап иккаламизнинг орамизда қолсин. Ернинг умри битаётганини кўрдим-да, мен сўнгги дақиқани кута бошладим ! — йўлга ҳозирлик кўра бошладим. Берт Эдвардс ҳам бир кемани яшириб қўйганди, борди-ю, кимдир бизни йўлдан уришга ҳаракат қилгудек бўлса, баравар учишни мўлжаллаб қўйгандик.
— Сиз нега уни портлатиб юбордингиз, дада?
— Ҳеч қачон қайтиб кетмаслигимиз учун, ҳеч қачон. Ёмон одамлар бир кун келиб Марсда пайдо бўлиб қолсалар, бизнинг бу ердалигимизни билмасликлари учун шундай қилдим.
— Шунинг учун ҳам сира осмондан кўз олмас экансиз-да?
— Албатта, бу аҳмоқлик. Ҳеч ким бизни таъқиб этолмайди. Ҳеч нимада учиб келиша олмайди улар. Мен ҳаддан ташқари эҳтиёткорман, ҳамма гап шунда.

Майкл югуриб қайтиб келди.
— Дадажон, ростданам бу шаҳар бизникими?
— Бутун сайёра бизга қарашли, болаларим. Бутунлай ва бутунисича.

Уларнинг номлари энди қуйидагича эди — Қирлар ва дўнгликлар Қироли, Асосийлардан энг Биринчиси, Кўзга Ташланиб Турувчи Барча Кенгликлар Ҳукмдори, Бегуноҳ Монархлар ва Президентлар, — бутун олам ҳукмдори деган гапнинг мағзини чақишга ҳаракат қилиш, ахир бу қанчалик кўп нарса — бутун олам-а!

Ҳавоси сийрак Марс атмосферасида тез қоронғи чўкмоқда эди. Отилиб турган фаввора ёнидаги майдонда оиласини қолдириб, ота қайиққа борди ва баҳайбат қўлларида бир қучоқ қоғозни кўтариб қайтиб келди.

Ташландиқ ҳовлида у китобларни бир жойга уйди-да, ёқиб юборди. Улар исингани гулхан атрофига чўнқайиб ўтирганча кулар эдилар, Тимоти эса олов ямлай бошлаганда саҳифаларнинг ҳурккан ҳайвонлардай сакрашларини томоша қиларди. Қоғозлар қария терисидай бужмаяр, аланга ҳар томондан қуршаб келиб, сўзлар сафини тобора қисиб келар эди.

“Давлат облигациялари; 1999 йилги Тижорат статистикаси; Диний хурофот¬лар, эссе; Ҳарбий таъминот ҳақидаги фан; Панамерика бирлиги муаммолари, 1998 йил 3 июлдаги Биржа ахбороти; Ҳарбий тўплам...”

Ота айнан мана шу мақсадда атайлаб шу китобларни кўтариб келган эди. Мана, гулхан олдида ўтириб, у ҳузур қилиб бирин-кетин китобларни оловга ташлар ва гап нимадалигини болаларга уқдирар эди.
— Энди у-бу ҳақда ўйлайдиган вақтингиз келди. Эҳтимол, мен сизларни бундан қайтарганимда ноҳақ бўлгандирман. Билмадим, сизлар қанча нарсани тушунасизлар, аммо мен сизларга ҳамма нарсани очиқ айтишим керак, шундан юздан бирини англаб ололсангиз ҳам катта гап.

У бир варақ қоғозни оловга ташлади.
— Мен ҳаёт тарзини ёқаяпман — бу ҳозир Ер юзидан куйдириб йўқотишаётган ҳаёт тарзининг ўзидир. Сиёсатчига ўхшаб гапираётган бўлсам, мени маъзур тутасизлар, ахир мен штатнинг собиқ губернаториман-да. Мен ҳалол одам эдим ва шунинг учун мени ёмон кўришарди. Бирон-бир жўяли иш қилиш учун Ердаги ҳаёт сира тўғри келмас эди. Фан ҳаддан ташқари тез ва ҳаддан ташқари узоқ илгарилаб кетганди ва одамлар машиналар ўрмони ичида адашиб қолган эдилар, улар худди болалардай эрмакбоп нарсалар, бошқотирма механизмлар, вертолётлар, ракеталар билан андармон бўлиб қолгандилар. Керакли нарса билан ишлари йўқ эди, нуқул янгидан-янги машиналарни ўйлаб топар эдилар, уларни қандай бошқаришни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Урушлар тобора вайронгар бўлиб кетаверди ва охири Ернинг бошига етди. Радионинг жим бўлиб қолгани шундан. Бизнинг қочиб келганимиз шундан. Тағин ҳам омадимиз бор экан. Бошқа битта ҳам ракета қолмади. Биз асло балиқ тутгани келмаганимизни билиш вақти келди. Мен галга солавердим, айтмасдим... Ер ҳалок бўлган. Сайёралараро алоқалар янгиланишидан олдин — агар улар янгилана олса — асрлар ўтар. Ўшандаги ҳаёт тарзи ўзининг яроқсизлигини кўрсатди ва ўзини ўзи бўғиб ўлдирди. Сизлар энди-энди яшай бошлаяпсизлар. То ўзлаштириб олмагунингизча мен булар барчасини сизларга кунда такрор¬лайвераман...

Гулханга яна қоғозларни ташлаш учун у гапдан тўхтади.
— Энди бизлар ёлғизмиз. Бизлар ва яна икки-уч кундан кейин учиб келадиган бир ҳовуч одамлар. Ҳаммасини бошидан бошлашга шу кифоя. Ердаги ҳамма нарса устига хоч қўйиш ва янги йўлдан бориш учун шу етарли...

Отанинг гапини тасдиқлагандек олов ёрқинроқ алангаланди. Ҳамма қоғозлар ёниб бўлганди, фақат битта қоғоз қолганди. Ернинг барча қонун ва динлари ҳализамон шамол учириб кетадиган майда иссиқ кулга айланганди.

Тимоти дадаси гулханга ташлаган сўнгги вараққа қаради. Жаҳон харитаси... У буралди, оловдан жингиртоб бўлди, кулга айланди ва тунги қора капалакдай учиб кетди. Тимоти юзини ўгирди.
— Энди мен сизларга марсликларни кўрсатаман, — деди ота. — Қани, туринглар. Сен ҳам, Алиса.

Ота унинг қўлидан тутди.

Майкл йиғлаб юборди, дадаси уни бағрига олди-да, олиб кетди. Харобазорлар ёнидан ўтиб, улар пастга, канал томонга йўл олишди.

Канал. Бу ерга эртага ё бириси куни қайиқда уларнинг бўлажак хотинлари — дада ва ойилари билан қувноқ қизчалари келишади.

Тун бостириб келди, кўкка юлдузлар сочилди. Аммо Тимоти Ерни топа олмади. У ботиб кетганди. Буни ўйламасдан бўлармиди...

Харобазорлар орасида ҳаққуш қичқирарди. Ота яна тилга кирди:
— Онангиз билан мен устозларингиз бўлишга уриниб кўрамиз. Бу қўлимиздан келишига ишонаман... Бизлар анча нарсани кўришга ва бошдан кечиришга улгурдик. Бу саёҳатни биз анча олдин, сизлар ҳали дунёга келмаган пайтларда ўйлаб қўйгандик. Урушлар бўлмаганида ҳам биз, эҳтимол, барибир Марсга учиб келар, шу ерда ўзимизча яшаб, ўз ҳаёт тарзимизни яратган бўлардик. Марсни ҳам заҳарлаш учун Ер тамаддунига юз йил керак бўларди. Энди-ку, албатта...

Улар каналга етиб келишди. У узун, тўғри, совуқ бўлиб, унинг муздек ойнасида тун акс этиб турарди.
— Мен ҳар доим марсликни жуда-жуда кўришни хоҳлаб келардим, — деди Майкл. — Қани улар, дада? Сиз ваъда бергандингиз-ку.
— Ана улар, қара, — жавоб берди ота. У Майклни елкасига ўтқазди-да, пастни кўрсатди.

Марсликлар! Тимотининг вужуди титраб кетди.

Марсликлар. Канал ичида. Сув юзида Тимоти, Майкл, Роберт, она ва отанинг акслари кўриниб турарди.

Шовуллаётган сув ичидан марсликлар уларга унсиз узоқ, узоқ қараб қолишди...

Тамом.
Avvalgi
II- qism