OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Roald Dal. Teri (hikoya) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРоалд Дал
Асар номиТери (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Британия адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Роалд Дал
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров
Ҳажм39KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тери (ҳикоя)
Роалд Дал

Ўша 1946 йилда қиш жуда чўзилиб кетди. Апрел келган бўлса-да, шаҳар кўчаларида совуқ шамол изғир, осмонда эса қорли булутлар сузиб юрарди.

Дриоли исмли қария Риволи кўчаси бўйлаб оғир қадам ташлаб борарди. У совуқдан қалтирар, кўриниши аянчли эди; кир бўлиб кетган қора палтосида у жайрани эслатар, кўтарилган ёқаси устидан эса кўзларигина кўриниб турарди.Қандайдир қаҳвахонанинг эшиги очилди ва қовурилган жўжанинг ҳидидан унинг очликдан тиришган қорнида оғриқ турди. У кўргазмага қўйилган буюмлар - атирлар, ипак бўйинбоғ ва кўйлаклар, тақинчоқлар, идишлар, мебел, китобларни томоша қилганича йўлида давом этди. Бир оздан сўнг у суратлар кўргазмаси олдига етиб келди. Илгарилари у суратлар кўргазмасини томоша қиларди. Пешойнада у биргина суратни кўрди. У суратни томоша қилиш учун тўхтади. Сўнгра яна йўлида давом этиш учун ўгирилди, бироқ шу заҳоти тўхтади ва яна суратга тикилди. Бирдан унинг қалбида енгил титроқ турди, хотираси ишга тушди. У суратга яна қаради. Унда табиат манзараси акс этганди - шамолдан дарахтлар бир томонга қийшайиб кетган, самода эса қора булут тўпланганди. Сурат остида: «Хаим Сутин (1894-1943)» деган ёзув бор эди.

Дриоли суратдан ўзига таниш нарсани топиш учун унга қаттиқ тикилди. Ваҳимали сурат, ўйлади у. Қандайдир ғалати ва ваҳимали... Лекин менга ёқди... Хаим Сутин... Сутин... «Ё, Худойим! - бехосдан хитоб қилди у. - Бу менинг кичкинтой қалмиғим-ку! Менинг кичкина қалмиғимнинг сурати. Парижнинг энг яхши кўргазмаларидан бирига қўйилган экан! Буни қара-я!».

Қария кўргазма ойнасига яқинлашди. У бу йигитчани аниқ-равшан эслади - ҳа, уни энди эслади. Бу қачон бўлган эди? Қолган нарсаларни эслаш осон эмасди. Бунга анча бўлди. Қачон эди? Йигирма - йўқ, ўттиз йилдан ҳам ошди. Ҳа, бу биринчи жаҳон урушидан бир йил илгари, 1913 йилда содир бўлганди. Худди шундай. У Сутинни, ғамгин, доим ўйчан юрадиган бу қалмиқ йигитини ўшанда учратган эди.

У қандай зўр сурат чизарди! У энди аниқ эслади - кўчалар, ахлат тўла идишлар, лой ҳиди, ахлат титаётган мушуклар ва остонада оёқларини кўз-кўз қилиб турган семиз аёллар - ҳамма-ҳаммаси ёдига тушди. Бу кўчанинг номи нима эди? У қаерда яшарди?

Сите-Фалгюерда, мана қаерда! Қария кўча номини эслай олганидан кўнгли тўлиб бошини силкитди. Йигитчанинг биргина курси ва каравот жойлашган устахонаси шу кўчада эди.

Қизиқ, ўйлади Дриоли, қандай қилиб ҳамма нарса, ҳар бир майда-чуйда ипидан игнасигача осонлик билан ёдига тушди?

Мана, масалан, татуировка воқеасини олайлик. Қандай бемаъни воқеа бўлганди. Нимадан бошланган эди? Ҳа, у бойиб кетган ва вино сотиб олганди. У қўлтиғига шиша солинган халтани қистириб устахонага кириб келганида йигитча сурат чизаётган, Дриолининг хотини эса хона ўртасида ўтирган кун ёдига тушди.
— Бугун байрам қиламиз, - деди у. - Учовимиз кичкинагина байрам қиламиз.
— Нимани байрам қиламиз? - сўради йигитча унга қарамасдан. - Балки, хотининг менга турмушга чиқиши учун у билан ажрашишга қарор қилганингними?
— Йўқ, - деди Дриоли. - Бугун пул ишлаганимни байрам қиламиз.
— Мен эса пул топмадим. Буниям нишонласа бўлади.
— Албатта, агар истасанг.

Дриоли стол ёнида тугунни ечарди. У ўзини чарчаган сезди ва тезроқ вино ичгиси келди. Бир кунда тўққизта мижоз - бу жуда яхши, лекин кўзни расво қилади. Илгари ҳеч қачон бир кунда тўққизта мижоз келмаганди. Тўққиз нафар маст аскар, улар нақд пул тўлашди. Натижада у бойиб кетди. Лекин қаттиқ зўриқиб ишлади. Дриоли чарчоқдан қизариб кетган, оғриётган кўзларини қисди. У шишаларни очишга киришди. Қопқоқлар пақиллаб очилди. Йигитча мўйқаламини қўйди.
— Ё, Худойим! - деди у. - Бунақа шовқинда ишлаб бўладими, ахир?

Аёл суратга яқинлашди. Дриоли ҳам бир қўлида шиша, бир қўлида қадаҳ ушлаганича унинг ёнига яқинлашди.
— Йўқ! - қичқирди йигитча кутилмаганда қони қайнаб. - Илтимос, борманг! - У суратни девор томонга ўгириб қўйди. Бироқ Дриоли уни кўришга улгурди.
— Менга ёқди.
— Даҳшат.
— Ажойиб. Сен чизган суратлар ажойиб чиқади. Менга уларнинг барчаси ёқади.
— Ҳамма бало шундаки, - деди йигитча қовоғини уйиб, - улар ейишга яроқсиз. Уларни ея олмайман.
— Барибир улар ажойиб. - Дриоли унга вино т›ўла қадаҳни узатди. - Ич, - деди у. - Бу сенга қувват бўлади.

Ҳеч қачон, ўйлади у, бунчалик бахтсиз ёки қайғули қиёфани умрида кўрмаган. У йигитчани етти ой илгари қаҳвахонада кўрганди. У ёлғиз ўзи ўтирар ва кўринишидан рус ёки осиёликка ўхшагани учун Дриоли унинг ёнига ўтириб гап қотди:
— Сиз русмисиз?
— Ҳа.
— Қаердансиз?
— Минскдан.

Дриоли ўрнидан сапчиб туриб уни қучоқларкан, ўзи ҳам Минскдан эканлигини айтиб қичқирди.
— Умуман олганда, мен Минскдан эмасман, - деганди ўсмир ўшанда, - у ердан унча узоқ бўлмаган жойда туғилганман.
— Қаерда?
— Смиловичида, Минскдан ўн икки мил узоқда.
— Смиловичи! - хитоб қилди Дриоли уни қучоқлаганича. - Болалигимда у ерда кўп бора бўлганман. - Кейин у жойига ўтириб суҳбатдошининг юзига меҳр билан тикилди. - Биласанми, - деди у, - сен Фарбда яшайдиган русларга ўхшамайсан. Сен кўпроқ татар ёки қалмиққа ўхшайсан. Сен ҳақиқий қалмиқсан.

Энди эса устахонада Дриоли вино тўла қадаҳни бир кўтаришда бўшатган йигитчага тикилиб турарди. Ҳа, унинг юзи худди қалмиқларникидек - кенг ёноқли, бурни катта. Унинг қулоқлари ҳам катта-катта эди. Бундан ташқари, кўзлари қисиқ, сочлари қора, лаблари қалин, қўллари эса - бу қўллар уни доимо ҳайратга соларди, худди аёлларникидек нозик ва оппоқ, бармоқлари ингичка эди.
— Яна қуй, - деди йигитча. - Байрам байрамдек бўлсин.

Дриоли винони қадаҳларга бўлди ва курсига ўтирди. Йигитча Дриолининг хотини ўтирган синиқ каравотга ўтирди.
— Бугун тўйгунимизча ичамиз, - деди Дриоли. - Мен бойман. Яна вино олиб келаман. Неча шиша олиб келай?
— Яна олтита, - деди йигитча. - ҳар биримизга иккитадан.
— Яхши. Ҳозир олиб келаман.
— Мен сен билан бораман.

Дриоли қаҳвахонадан олти шиша оқ вино сотиб олди ва улар устахонага қайтиб келишди. Улар шишаларни полга икки қатор қилиб теришди ва Дриоли уларнинг қопқоғини очгач, маишатни бошлаб юборишди.
— Фақат жуда бой одамларгина, - деди Дриоли, - мана шундай байрам қилишлари мумкин.
— Тўғри, - деди йигитча. - Сен ҳам шундай деб ўйлайсанми, Жози?
— Шунақа.
— Тузукмисан, Жози?
— Ҳа.
— Дриолини ташлаб, менга тегмайсанми?
— Йўқ.
— Зўр вино, - деди Дриоли. - Ичиб роҳат қиласан.

Улар шошмасдан ичишарди. Улар ҳар хил мавзуда суҳбатлашишар, сўнгра винони мақташар, кейин эса яна суҳбатни давом эттиришарди. Бир оздан сўнг Дриоли чироқни ёқиш учун ўрнидан турди. У ўзини худди ҳавода сузиб кетаётгандек ҳис қилди.
— Менга қара, - деди Дриоли. - Менда бир фикр бор. - У каравот ёнида чайқалиб турарди. - Менга қара, кичкина қалмиғим.
— Нима?
— Менда зўр фикр бор. Эшитяпсанми?
— Мен Жозини эшитяпман.
— Илтимос, гапимга қулоқ сол. Сен менинг дўстимсан ва менимча, сен шундай зўр рассомсан-ки, мен ажойиб бир расмга эга бўлмоқчийдим...
— Ҳаммасини ол. Фақат хотининг билан гаплашишимга халақит берма.
— Йўқ-йўқ, гапимни эшит. Менда шундай расм бўлсинки, мен қаерда бўлмай, сен чизган расм мен билан бўлсин. - У чўккалади ва йигитчанинг тиззасидан ушлади. - Илтимос, қулоқ сол.
— Гапини эшит, - деди хотини.
— Гап бундай. Сен менинг орқамга, теримга расм чизасан. Кейин эса бу расм ҳеч қачон ўчмаслиги учун унга игна юргизиб чиқасан.
— Каллангдан ўргилдим!
— Игнани қандай юргизишни ўргатаман. Бу жуда осон. Ёш бола ҳам эплайди.
— Мен ёш бола эмасман.
— Илтимос...
— Бутунлай ақлдан озибсан. Бунинг нима кераги бор сенга? - Рассом унинг кўзларига тикилди. - Худо ҳаққи, айт-чи, бунинг нима кераги бор?
— Бу қийин эмас-ку! Осон-ку! Осон!
— Игна юргизишни айтяпсанми?
— Ҳа! Бирпасда ўргатиб қўяман!
— Бу қийин иш!
— Нима деяётганини билмаяпти, деб ўйлаяпсанми?
— Сен маст бўлиб қолибсан.
— Жозининг суратини чизардинг. Хотинимнинг суратини орқамга чиздиришга ҳаққим йўқми?
— Жозининг?
— Ҳа. - Хотинининг исмини эслатиши билан йигитчанинг лаблари осилишини Дриоли биларди.
— Йўқ, - деди хотини.
— Азизам Жози, илтимос. Мана бу шишадагини тугат, ўшанда янада жозибали кўринасан. Бу қойилмақом фикр-ку. Умримда бунақанги фикрни хаёлимга келтирмаганман.
— Қанақа фикр?
— Сенинг расмингни орқамга чиздиришни. Бунга ҳаққим йўқми?
— Менинг расмимни? Бемаъни фикр.
— Яхши фикр, - деди йигитча. - Бунинг учун ичса бўлади.

Улар яна битта шишани бўшатишди. Кейин эса йигитча гап қотди:
— Ҳеч нарса чиқмайди. Татуировкани эплолмайман. Кел, яхшиси орқангга сурат чизаман ва у сен чўмилмагунингча ўчмайди. Агар ҳеч қачон чўмилмасанг, умрингнинг охиригача қолади.
— Йўқ, - деди Дриоли.
— Ҳа. Агар чўмилсанг, мен чизган суратни қадрламаган бўласан. Бу сенга имтиҳон бўлади - менинг санъатимни қадрлармикансан.
— Бу менга ёқмаяпти, - деди Дриолининг хотини. - У сенинг санъатингни шунчалик қадрлайдики, бир умр чўмилмай ўтиб кетади. Ундан кўра татуировка бўла қолсин.
— Буни эплолмайман.
— Бу жуда осон. Сенга икки дақиқада ўргатиб қўяман. Кўрасан. Ҳозир асбобларни олиб келаман. Игна ва бўёқ - бори шу. Менда ҳар хил ранглар бор.
— Бўлмайди.
— Кўрасан, - деди Дриоли. - Ҳозир олиб келаман. - У ўрнидан турди ва хонадан чиқиб кетди.

Ярим соатдан сўнг Дриоли қайтиб кирди.
— Ҳамма керакли нарсаларни олиб келдим! - хитоб қилди у жигарранг чамадонни силкитиб. - Татуировкачи учун керакли ҳамма нарса шунинг ичида.

У чамадонни стол устига қўйиб очди ва унинг ичидан электр игналар ва турли рангдаги бўёқлар солинган идишчаларни олди. У электр игнанинг тугмачасини босди. Вижиллаган овоз эшитилди ва игнанинг учи титрай бошлади. Дриоли енгини шимарди.
— Энди қараб тур. Бунинг қанчалик осонлигини кўрасан. Қўлимга бирор нарсани чизаман.

Унинг қўли тирсагигача ҳар хил суратлар билан қопланганди, лекин у ўз санъатини намойиш этиш учун қўлидан унча катта бўлмаган жой топа олди.
— Аввало ранг танлайман - мана бу кўкини... игна учини рангга ботираман... Хўш,... игнани тик ҳолда ушлаб уни эҳтиёткорлик билан тери устида юргизаман... мана... кичкинагина мотор ва электр ёрдамида игна терини тешади, бўёқ эса унинг остига киради. Кўрдингми, жуда осон... қара, қўлимга итнинг расмини чиздим.

Йигитча қизиқиб қолди.
— Кел, мен ҳам синаб кўрай. Сенда.

У вижиллаётган игна билан Дриолининг қўлига кўк чизиқ чизишга киришди.
— Ҳа, ростдан ҳам осон экан.
— Жози, бу ёққа кел! - қичқирди Дриоли. У худди жуда зўр ўйинга тайёрланаётган боладек типирчиларди. - У қаерда туради?
— Стол ёнида турсин. Сочларини тараб олсин. У сочларини ёйиб тарасин - уни ана шу ҳолида чизаман.
— Зўр, сен даҳосан.

Аёл қўлида қадаҳни ушлаганича истамайгина стол ёнига келди.

Дриоли кўйлагини ечиб ташлади. У жойида турганича чайқаларди. Унинг бадани оқ, деярли туксиз эди.
— Хўш, - деди у, - мен қаерга тураман?
— Курсига ўтир. Бўл тезроқ, ишни бошлайман.
— Мен тайёрман.
— Аввал, - деди йигитча, - расм чизаман. Агар яхши чиқса, татуировка билан шуғулланаман. - У Дриолининг орқасига чўткасини юргизди.
— Эй! Эй! - қичқирди Дриоли. - Орқамда қирқоёқ юрибди!
— Жим ўтир! Қимирлама!

Йигитча тезда ишга киришди. У ярим соатдаёқ ишини тугатди.
— Мана, бўлди, - деди у Жозига ва Жози шу заҳоти каравотга ўзини ташлаб ухлаб қолди.

Дриоли эса ухламасди. У йигитча игнани олиб уни бўёққа ботиришини кузатиб турди, кейин эса елкасида ачишишни туйди. Нохуш, лекин чидаса б›ўладиган оғриқ унинг уйқусини қочирди. Йигитча ғайритабиий завқ билан ишларди. У ўз ишига берилиб кетганди.

Ярим тун бўлганда ҳам йигитча ишлаётганди. Дриоли рассом бир қадам ортга чекиниб «Бўлди» деганида тонг отиб, кўчада одамлар пайдо бўла бошлаганини хотирлади.
— Суратни кўрмоқчиман, - деди Дриоли.

Йигитча ойна олиб уни қийшайтирди ва Дриоли бошини бурди.
— Ё, Худо! - хитоб қилди у.

Унинг бутун бадани, елкасидан белигача турфа ранг б›ўёқларга тўлиб кетганди. Игна излари шунчалик қалин эдики, сурат худди мойбўёқда чизилгандек эди. Йигитча зўр ишлаганди. Сурат худди тирикдек эди.
— Зўр!
— Ўзимга ҳам ёқяпти. - Йигитча орқага қадам ташлаб ишига танқидий назар ташлади. - Биласанми, - деди у, - унинг остига имзо чексам яхши бўлади. - У вижиллайдиган игнани олиб, Дриолининг буйраги жойлашган ерга имзосини қўйди.

Қария Дриоли пешойнадаги суратга тикилганича тошдек қотиб турарди. У эслаётган воқеалар анча йиллар бурун бўлган, худди унинг илгариги ҳаётида юз бергандек эди.

Йигитча-чи? Унга нима бўлганди? У урушдан келибоқ Жозидан уни сўраганини эслади:
— Менинг кичкина қалмиғим қани?
— Кетди, - деганди у ўшанда. - Қаёққа кетганини билмайман-у, лекин эшитишимча, уни қандайдир бойвачча ишга ёллабди ва сурат чиздириш учун Серега олиб кетибди.
— Балки, у қайтиб келар?
— Балки. Ким билади дейсан?

Ўшанда у ҳақда сўнгги марта эслашганди. Шундан сўнг улар тез орада денгизчилар ва иш кўп Гавр шаҳрига кўчиб кетишди. Қария Гаврни эслаб жилмайди. Урушлар ўртасидаги бу йиллар зўр ўтганди: порт яқинида унинг устахонаси, шинам уйи бор эди ва ҳар куни қўлига сурат чиздирмоқчи бўлган денгизчилар унинг олдига келиб туришарди. Ўша давр ҳақиқатан ҳам зўр эди.

Кейин эса уруш бошланди, немислар пайдо бўлишди, Жози ҳалок бўлди ва ҳаммаси тугади. Энди унинг суратлари ҳеч кимга керак бўлмай қолганди. Бошқа иш қилишга эса у анча қариб қолганди. У тушкун кайфиятда омади келишига умид қилиб Парижга қайтди. Аммо омади келмади.

Мана, уруш ҳам тугади ва эски ҳунарини яна давом эттиришга унинг на пули, на кучи бор. Тиланчилик қилишни ёқтирмайдиган қария нима билан шуғулланиши мумкин? Очликдан ўлмаслик учун яна нима қилса бўлади?

Хўш-хўш, ўйлади у суратга тикилганича. Демак, бу менинг кичкина қалмиғимнинг иши. Бир неча дақиқа илгари орқасида сурат борлиги унинг эсида ҳам йўқ эди. У буни аллақачон унутиб юборганди. У пешойнага яқинроқ бориб ичкарига мўралади. Деворга кўплаб суратлар осилган ва чамаси, уларнинг ҳаммаси битта рассом томонидан чизилган эди. Кўргазмани томоша қилаётганлар кўп эди. Тушунарли, бу шахсий кўргазма. Ички туғёнга бўйсунган Дриоли эшикни очди ва ичкарига кирди.

Бу қизил гилам тўшалган узун бино эди ва - Ё, Тангрим - бу ер қандай чиройли ва иссиқ! Одамлар суратларни томоша қилиб юришарди. Дриоли остонада турганча уларга аралашиб кетишни ўйлай бошлади. Лекин у қадам ташлашга улгурмай кимнингдир овози янгради:
— Сизга нима керак?

Гапирган киши қора костюм-шимда эди. У оқ юзли, тўладан келган эди. Унинг юзи шундай семиз эдики, ёноқлари худди спаниел зотли итнинг қулоқларидек осилиб тушганди. У Дриолига яқинлашди ва яна сўради:

- Sizga nima kerak?

Дриоли жим турарди.
— Марҳамат қилиб чиқиб кетсангиз.
— Суратларни томоша қилсам бўлмайдими?
— Чиқиб кетинг.

Дриоли жойидан қўзғалмади. Бирдан у ўзининг қаҳрга тўлаётганини ҳис қилди.
— Келинг, жанжал кўтармайлик, - деди ҳалиги киши. - Марҳамат, бу ёққа. - У семиз қўли билан Дриолининг қўлидан ушлаб эшик томон тортди.

У бунга чидаб туролмади.
— Ифлос қўлларингни торт! - қичқирди Дриоли.

Унинг овози кўргазманинг узун зали бўйлаб таралди ва ҳамма у томонга қаради. Хизматчилардан бири ёрдамга шошилди ва энди Дриолини икки киши бўлиб эшик томон судрай бошлашди. Одамлар уларнинг курашини жимгина кузатишарди.
— Менда ҳам, - қичқирди Дриоли, - менда ҳам бу рассомнинг асари бор! У менинг дўстим эди, у менга сурат совға қилган!
— Жинни.
— Телба. Ақлдан озган.
— Политсияни чақириш керак.

Кескин ҳаракат қилган Дриоли кутилмаганда уларнинг қўлидан чиқиб кетди ва кўргазма зали бўйлаб югураркан, қичқирди:
— Ҳозир кўрсатаман! Кўрасизлар! - У палтосини ечди, кейин костюм ва кўйлагини улоқтирди ва одамларга орқасини ўгирди. - Хўш? Кўряпсизларми? Мана!

Бирдан атрофга жимлик чўкди, ҳамма жойида қотиб қолди. Йиғилганлар татуировкага қараб туришарди. У ўчиб кетмаган, ранглар ҳали ҳам ёрқин турар, лекин қария озиб кетгани учун сурат ғижимлангандек кўринарди.

Кимдир хитоб қилди:
— Гапи рост экан!

Шу заҳоти ҳамма ҳаракатга келди, қарияни ўраб олишди.
— Бунга шубҳа йўқ!
— Унинг дастлабки пайтлардаги услуби, шундай эмасми?
— Ажойиб!
— Қаранг, имзоси ҳам бор экан!
— Сал эгилинг, сурат текисроқ бўлсин.
— Жуда эскига ўхшайди, қачон чизилган?
— Бир минг тўққиз юз ўн учинчи йилда, - жавоб қилди Дриоли. - Кузда.
— Сутинга татуировка қилишни ким ўргатган?
— Мен.
— Бу аёл ким?
— Хотиним.

Кўргазма хўжайини одамлар орасидан ўтиб Дриолининг ёнига келди.
— Жаноб, - деди у. - Мен уни сотиб оламан.

Дриоли унинг бақбақалари қандай силкинганини кўрди.
— Мен уни сотиб оламан, деяпман.
— Уни қандай қилиб сотиб оласиз? - сўради Дриоли.
— Бу сурат учун икки юз минг франк бераман.
— Рози бўлманг! - деди кимдир орқадан унинг қулоғига пичирлаб. - У йигирма баробар қиммат туради.

Дриоли нимадир дейиш учун оғиз жуфтлаган эди. Лекин ҳеч нарса дея олмай оғзини юмди, кейин яна очди:
— Лекин уни қандай сота оламан? - Унинг овозида қайғу оҳанги бор эди.
— Ҳа! - дейишди йиғилганлар. - Уни қандай сотади? Сурат унинг бўлаги-ку!
— Менга қаранг, - деди хўжайин. - Сизга ёрдам бераман. Сизни бой қиламан. Иккаламиз келишиб олишимиз мумкин.

Кўнгли нохуш нарсани сезган Дриоли унга қаради.
— Лекин уни қандай қилиб сотиб оласиз, жаноб? Уни сотиб олиб нима қиласиз? Қаерда сақлайсиз? Уни қаерга қўясиз?
— Қаерда сақлайман? Қаерга қўяман? Хўш... - Хўжайин бурнини қашлади. - Менимча, - деди у, - агар суратни сотиб олсам, сизни ҳам сотиб оламан. Ҳамма бало мана шунда. - У жим бўлиб қолди ва яна бурнини қашлади.
— Сиз тирик экансиз, суратнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Ёшингиз нечада, дўстим?
— Олтмиш бирда.
— Соғлигингиз унчалик яхшимасдир, а? - Хўжайин Дриолига худди қари отни баҳолаётгандай назар ташлади.
— Бу менга ёқмаяпти, - деди Дриоли тисариларкан. - Тўғриси, бу менга ёқмаяпти.

У ортига тисариларкан, бўйи баланд кишига урилди. Дриоли ўгирилди ва узр сўради. Киши эса жилмайди ва қўлқоп тақилган қўли билан қариянинг яланғоч елкасига шапатилади.
— Менга қаранг, дўстим, - деди у жилмайганича. - Сиз чўмилишни ва офтобда тобланишни ёқтирасизми?

Дриоли унга қўрқув билан назар ташлади.
— Лаззатли таомларни ва Бордонинг машҳур қизил виносини яхши кўрасизми? - Киши оппоқ тишларини кўрсатиб илжайди. Унинг қўли ҳали ҳам Дриолининг елкасида турарди. - Ёқадими?
— Ҳм... ҳа, - жавоб қайтарди Дриоли. - Албатта.
— Гўзал аёллар-чи?
— Албатта.
— Сиз учун махсус тикилган костюм ва кўйлаклар-чи? Сизга кийим лозимга ўхшайди.

Дриоли унинг таклифини кутиб турарди.
— Оёғингизга мос пояфзални охирги марта қачон кийганингизни эслай оласизми?
— Йўқ.
— Кийишни истармидингиз?
— Биласизми...
— Ҳар куни эрталаб соқолингизни олишни-чи?

Дриоли унинг кўзларига боқди ва ҳеч нима демади.
— Ётоқхонангизда нонуштангизни олиб келадиган хизматкорни чақириш учун қўнғироғингиз бўлишини-чи? Шуларнинг ҳаммасига эга бўлишни истармидингиз?

Дриоли унга жим қараб турарди.
— Биласизми, мен Канндаги «Бристол» меҳмонхонасининг хўжайиниман. Сизга ўша ерда умрингизнинг охиригача менинг меҳмоним сифатида яшашни таклиф қиламан. - У суҳбатдошига бундай ёрқин келажакни тасаввур қилиб роҳатланиши учун имконият бериш мақсадида бир оз жим турди. - Сизнинг ягона мажбуриятингиз - буни роҳат десам ҳам бўлади - соҳилда биргина ич кийимда юриш, чўмилиш бўлади. Хоҳлайсизми?

Ҳеч қандай жавоб бўлмади.
— Тушуняпсизми - барча меҳмонлар шу тарзда Сутиннинг ажойиб асарини кўришлари мумкин бўлади. Сиз машҳур бўлиб кетасиз ва сиз ҳақингизда: «Анови кишини қара, орқасида ўн миллион франк билан юрибди» дейишади. Қалай, ёқадими?

Дриоли қўлқопли киши ҳазиллашмаяптимикин, дегандай қаради.
— Фикрингиз зўр, - деди у. - Лекин жиддий айтяпсизми?
— Албатта.
— Тўхтанг, - гапга аралашди кўргазма хўжайини. - Менга қаранг, қария. Мана, нима қиламиз. Мен суратни сотиб оламан ва жарроҳ сизнинг терингизни шилиб олади. Сиз мен берган пулни олиб истаган тарафингизга кетаверасиз.
— Орқам шилинган ҳолда-я?
— Йўқ-йўқ, нима деяпсиз? Мени нотўғри тушундингиз. Жарроҳ сизга янги тери қўяди. Бу осон.
— Буни қила оладими?
— Бунинг қийин жойи йўқ.
— Бунинг иложи йўқ! - деди қўлқоп таққан киши. - У терини алмаштириш учун ўта қари. У ўлиши мумкин. Ўлиб қолишингиз мумкин, дўстим.
— Ростдан-а?
— Табиий. Сиз оператсияни кўтара олмайсиз. Суратга эса ҳеч нарса бўлмайди.
— Э, Худойим! - қичқирди Дриоли.

У даҳшатга тушди, у атрофини ўраб турган одамларга бир-бир қараб чиқди ва кимнингдир овозини эшитди:
— Агар бу қарияга яхши пул таклиф қилсак, эҳтимол, у шу ернинг ўзида ўзини-ўзи ўлдиришга рози бўлар. Нима дейсизлар?

Бир неча киши ҳиринглади. Қўлқопли киши яна Дриолининг елкасига қўлини қўйди.
— Ўзингиз ҳал қилинг, - деди у оппоқ тишларини кўрсатганича илжайиб. - Юринг, овқатланиб гаплашамиз. Қорнингиз очдир?

Дриоли унга қовоғини уйиб қаради. Унга бу киши ёқмаётганди.
— Қовурилган ўрдак ва бир шиша «Шамбертен»га тобингиз қалай? - сўради у киши. - Ёки ширинликларга.

Дриоли шифтга тикилди, унинг оғзидан сув оқиб кетди.
— Қанақа ўрдакни ёқтирасиз? - давом этди киши. - Яхши қовурилганини ё...
— Кетдик, - деди Дриоли. У кўйлагини олиб тезда кийди. - Кетдик, жаноб.

Бир дақиқадан сўнг у янги хўжайини билан кўргазмани тарк этди.

Бир неча ҳафтадан кейин Сутиннинг дастлабки пайтларда терига чизган аёл киши сурати Буенос-Айресда сотувга қўйилди. Яна бир нарса. Каннда «Бристол» номли меҳмонхонанинг йўқлиги кишини хавотирга солади. Ишқилиб, қария омон бўлсин-да.