OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРоберт Луис Стивенсон
Асар номиШайтоний шиша (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Шотландия адабиёти
Бўлимлар
   - Неоромантизм
Муаллифлар
   - Роберт Луис Стивенсон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонРустам Обид (Русчадан)
Ҳажм138KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтоний шиша (ҳикоя)
Роберт Луис Стивенсон

Гавайи оролларидан бирида бир одам яшарди, уни Кеаве деб атай қолайлик, чунки, очиғини айтганда, у ҳанузгача ҳаёт ва ҳақиқий исми сир бўлиб қолиши керак. У ғорда Буюк Кеавенинг хоки ётган Xонаунау деган жой яқинида дунёга келган. Бу одам қашшоқ, аммо серғайрат ва довюрак бўлиб, саводи мактаб ўқитувчисиникидан кам эмасди. Бунинг устига у ажойиб денгизчи сифатида ном чиқарган, яқин масофаларга қатновчи кемаларда сузган, Xамакуа соҳиллари ёқалаб пароходларни бошқарган. Шу десангиз, бир куни унинг кўнглига бу ёруғ дунёни кезиш, бегона шаҳарларни кўриш орзуси тушиб қолди-ю, Сан-Франсискога йўл олаётган кемага ёлланди.

Сан-Франсиско – ажойиб бандаргоҳи бўлган ҳашаматли шаҳар, у ерда бадавлат одамлар беҳисоб, ҳатто бир тепалик борки, нуқул дабдабали қасрлардан иборат. Бир куни Кеаве чўнтагидаги тангаларини жаранглатган кўйи ана шу тепаликда сайр қилиб юрар, кўчанинг ҳар икки томонидаги саройларга суқланиб боқарди.

«Қандай чиройли уйлар-а! – деб ўйларди у. – Уларда эртанги кун ташвишини билмайдиган бахтли одамлар яшаса керак, ҳойнаҳой!»

Шу хаёллар билан бораётганида бир уйга дуч келиб қолди, у бош-қа уйлардан сал кичикроқ бўлса ҳам муҳташам ва худди қўғирчоқдек чиройли эди. Пиллапоялари баайни нуқрадек ярақлар, бута-тўсиқлар чамандек яшнаб турар, дераза ойналари олмосдек жилоланарди. Кеаве кўз ўнгида намоён бўлган бу қадар мукаммалликдан ҳайратланиб, беихтиёр тўхтаб қолди.

У шу алфозда уй рўпарасида турар экан, ичкаридан қандайдир бир одам унга қараётганини пайқади, дераза ойнаси шунчалик шаффоф эдики, Кеаве уни сув қайтишидан сўнг тошлар устидаги кўлмакда қоладиган балиқни кўргандек яққол кўриб турарди. Бу одам ёши қайт-ган, тепакал, қора соқолли, чеҳраси серташвиш ва ғамгин бўлиб, оғир-оғир хўрсиниб қўярди. Xуллас, Кеаве у одамга, у эса Кеавега дераза орқали қараб туришар ва ишонасизми, йўқми, ҳар иккови ҳам бир-бирига ҳавас қиларди.

Нотаниш одам бирданига жилмайди ва Кеавени ичкари киришга имлаб, остонада кутиб олди.
– Менинг уйим жуда чиройли, – деди мезбон яна уф тортиб. – Уни бир кўриб чиқишни хоҳламайсанми?

Шундай деб у Кеавени ичкарига бошлади ва бутун уйни – ертўласидан тортиб чордоғигача таништириб чиқди, бу ердаги ҳамма нарса шу қадар мукаммал эдики, Кеаве ларзага тушди.
– Чиндан ҳам ажойиб уй экан, – деди у. – Мен шундай жойда яшаганимда эртадан-кечгача шод-хандон юрардим балки. Лекин нега энди сен ҳадеганда уф тортаверасан, бунинг сабаби нима?
– Агар истасанг, – деди мезбон, – сен ҳам шу заҳотиёқ худди шунга ўхшаган уйга эга бўлишинг мумкин. Ёнингда пулинг бордир, ҳойнаҳой?
– Эллик долларим бор, холос, – жавоб қилди Кеаве. – Аммо бунақа уй анча қиммат турса керак.

Мезбон хаёлан нималарнидир чамалаб чиқди.
– Пулинг бунча кам, – деди у кейин. – Бу сенга келгусида ортиқча ташвиш келтиради, бироқ шунга қарамай, эллик долларга ҳам олаверишинг мумкин.
– Шу уйни-я? – ажабланиб сўради Кеаве.
– Йўқ, уйни эмас, – дея жавоб қилди мезбон, – аниқроғи, шишани Сенинг назарингда ниҳоятда омадли ва ўта бадавлат одам сифатида кўринаётган бўлсам бордир. Лекин, агар билсанг, очиғини айтганимда, бутун мол-мулким – шу уй ҳам, боғ-роғ ҳам – бари-бари бир пинтадан[1] унчалик катта бўлмаган бир шиша орқали топилган. Мана у.

Мезбон шундай деб аллақандай жавонни очди ва ичидан узун бўйинли ва қорни бақалоқ бир шишани олди. Шиша сутдек оқиш ойнадан ясалган бўлиб, камалакнинг жамики рангларида ёлқинланиб-товланиб турарди. Унинг ичида эса соячами, аланга тилигами ўхшаш алламбало бир нарса тўхтовсиз ёғдуланиб-ўйноқлаб ётибди.
– Сенга айтган шишам шу, – деди уй эгаси ва Кеаве кулиб қўйганини кўриб, қўшимча қилди: – Гапимга ишонмаётганга ўхшайсан-а? Унақада ўзинг синай қол. Уни синдиришга, қани бир уриниб кўр-чи.

Шунда Кеаве шишани қўлига олиб, то ҳолдан тойгунича полга ура бошлади, бироқ шиша ҳар гал худди коптокдек сакраб кетаверарди, бирон ери ҳатто қирилмади ҳам.
– Ғалати нарса экан, – деди Кеаве. – Бундай қараганда ва ушлаб кўрганда шишадан ясалгандек туюлади-я.
– Аслида ҳам шундай, – янада оғирроқ хўрсинди уй эгаси, – фақат бу шиша жаҳаннам оловида тобланган. Унинг ичида шайтон яшайди – сояга ўхшаш бир нима липиллаб турганини кўраётгандирсан. Ана ўша шайтон бўлади, ҳар қалай мен шундай деб ўйлайман. Шу шишага эга бўлган одам эса шайтонга буйруқ бера олади. Ўша лаҳзадан бошлаб ниманики хоҳласа, ўшанга эришади. Ишқ-муҳаббат, шон-шуҳрат, бойлик, шунга ўхшаш уйлар, ҳатто шунга ўхшаш шаҳарлар – ҳамма-ҳаммаси кўз очиб-юмгунича муҳайё бўлади. Наполеон шу шишага эгалик қилиб, дунёни қўлга киритди, кейин эса уни сотиб юборгач, маҳв этилди. Капитан Кук шу шишага эга бўлиб, унинг орқасида кўплаб оролларни кашф этди, бироқ у ҳам шишани сотиб юборганди, Гавайида ўлим топди. Чунки шишани сотган заҳоти унинг қудратли ҳимоясидан маҳрум бўласан, бироқ, иккинчи томондан, у қўлингдалик пайтида топган нарсаларингдан қаноат қилмасанг, охири фалокатга учрайсан.
– У ҳолда нега энди шишани сотмоқчи бўлаяпсан? – деб сўради Кеаве.
– Кўнглим тилаган нимаики бўлса, барига эришдим, бу ёқда эса умр поёнига етиб қолди, – деди уй эгаси. – Шиша ичидаги шайтоннинг ёлғиз бир нарсага – инсон умрини узайтиришга қурби етмайди, холос. Яна бир жиҳатни сендан яшириб қолсам, инсофдан бўлмайди. Бу шишанинг бир нуқсони бор: агар эгаси уни сотишга улгурмай туриб ўлса, жаҳаннамда абадий ёнишга маҳкумдир.
– Ҳа, нуқсон бўлгандаям жуда зўр нуқсон экан, гап йўқ! – хитоб қилди Кеаве. – Мен бунақа шайтоний нарсаларга умуман аралашмаган бўлардим. Парвардигорга шукур, уйсиз ҳам яшашим мумкин. Аммо билатуриб ўз бошимга жаҳаннам азобларини сотиб олиш – бу, энди, бориб турган аҳмоқликнинг ўзгинаси.
– Ўпкангни бос, бу ишнинг энг охирини ўйлашга шошмасанг ҳам бўлади, – дея эътироз билдирди уй эгаси. – Бу ўринда энг муҳими – шайтоннинг ёрдамидан фойдаланиб, бу дунёда нима хоҳласанг, барига эга бўлиш. Кейин эса шишани ҳозир мен сенга сотаётгандек яна бирон одамга сотиб юбориш. Ана ундан сўнг қолган умрингни тинчлик-хотиржамлик, ҳузур-ҳаловатда ўтказаверасан.
– Мени яна бир нарса ўйлантираяпти, – деди Кеаве. – Авваламбор, оғир-оғир хўрсинаяпсан ва айни пайтда шишани сувтекинга сотмоқчисан. Бунинг сири нимада?
– Нега уф тортишларим сабабини ҳозиргина айтиб ўтдим, – жавоб қилди у одам. – Соғлиғим заифлашаётганини сезиб турибман ва бу мени қўрқувга солаяпти. Чунки, ўзинг айтиб ўтганингдек, ўлганидан кейин дўзахга равона бўлишни ҳеч ким истамайди. Энди шишани бунчалик арзон сотишимга келсак, унинг яна бир хусусиятини тушунтиришим керак. Иблис бу шишани ер юзига олиб келган жуда қадим замонларда уни биринчи бўлиб Пресвитер Иоанн сотиб олган ва эвазига бир неча миллион доллар тўлаган. Бироқ ҳамма гап шундаки, бу шишани фақат зарарига сотиш мумкин, холос. Агар сен уни харид қилган нархингнинг ўзига соцанг, худди кабутар уясига қайтганидек, ёнингга қайтиб келаверади. Шишанинг баҳоси асрлар мобайнида пасайиб келавериб, мана ҳозир ҳайратомуз даражада арзимас пулга тенг бўлиб турганининг сабаби ҳам шу. Мен ўзим уни бадавлат қўшниларимнинг биридан сотиб олиб, бор-йўғи тўқсон доллар тўлаганман. Энди уни саксон тўққиз доллару тўқсон тўққиз цент-га сота оламан, лекин бир цент ҳам қимматига эмас, акс ҳолда у ўша заҳотиёқ ёнимга қайтиб келади... Ана шу туфайли ҳам иккита мушкуллик мавжуд: биринчидан, шундай ғаройиб шишани арзимас саксон долларга сотмоқчи бўлсанг, одамлар сени шунчаки ҳазиллашаяпти деб ўйлашади. Иккинчидан эса... У ёғи кейин энди... Очиғини айтганда, ҳамма нарсани миридан-сиригача айтиб беришга мажбур эмасман. Фақат бир нарсани қулоғингга қуйиб ол – шиша муомалада юрган пулга сотилади, холос.
– Шу гапларнинг бари ҳақиқат эканига қандай қилиб ишонишим керак? – деб сўради Кеаве.
– Баъзи нарсаларни ҳозироқ текшириб кўришинг мумкин, – деди у одам. – Менга эллик доллар бергин-да, шишани олиб, шу пулинг ёнингга қайтишини хоҳла. Агар шундай бўлмаса, қасам ичиб айтаманки, савдоимиз пишмади дейман-у, пулингни қайтараман.
– Мени алдамаяпсанми мабодо? – сўради Кеаве.

Уй эгаси ҳақиқатни айтаётганига қасам ичди.
– Таваккал-да, бўлмаса, – деди Кеаве. – Бунинг зарари йўқ-ку, ахир.

Шундай деб, пулини уй эгасига берди, у эса шишани узатди.
– Қани, шиша ичидаги шайтон, – деди Кеаве, – эллик доллар пулимни қайтар-чи.

У гапини тугатиб улгурар-улгурмас, киссаси яна аввалгидек тўлиб қолганини сезди.
– Бу чиндан ҳам ажойиб шиша экан, – деди Кеаве.
– Мана энди хайрлашамиз, ошна, – деди уй эгаси. – Қани, бир жўнаб қол-чи, бу ердан!
– Э, шошма! – деди Кеаве. – Йиғиштир бунақа ҳазилингни. Ма, шишангни қайтиб ол.
– Сен унинг учун менга нархига нисбатан камроқ пул тўладинг, – деди у одам мамнунликдан қўлларини бир-бирига ишқар экан, – энди шиша сеники. Менга эса битта нарса керак: бу ердан тезроқ қорангни ўчирсанг бўлгани. – У шундай деб хитой хизматкорини чақиришга қўнғироқ қилди, хизматкор эса Кеавени уйдан чиқариб юборди.

Қўлтиғида шиша билан кўчага чиқиб қолган Кеаве ўйлай бошлади:

«Агар бу одам айтганларининг бари хақиқат бўлса, роса чув тушган кўринаман. Лекин у шунчаки лақиллатган бўлса-чи?»

Шунда у авваламбор ёнидаги пулини ҳисоблаб чиқди: роппа-роса қирқ тўққиз америка доллари ва битта чили тангаси экан.

«Ҳаммаси тўғрига ўхшайди, – деб ўйлади Кеаве. – Қани, энди уни бошқачасига бир синаб кўрайлик-чи».

Шаҳарнинг бу қисмидаги кўчалар худди кема саҳнидек топ-тоза, устига-устак, пешин пайти бўлишига қарамай, биронта ҳам йўловчининг қораси кўринмасди. Кеаве шишани йўл чеккасидаги ариққа улоқтириб, индамай кетаверди. Икки марта ўгирилиб қараганида қориндор, сутдек оқиш шиша у ташлаган жойда ётганини кўрди. Кеаве ортига учинчи бор назар ташлаб, муюлишда бурилди, лекин ҳали бир қадам ҳам ташлаб улгурмагандики, нимадир тирсагига келиб урилганини сезди. Не кўз билан кўрсинки, бақалоқ шиша бушлати[2] чўнтагини эгаллаган, узун тумшуғи ташқарига чиқиб турарди.

«Бунисиям ростга ўхшайди», – деб ўйлади Кеаве.

Шундан кейин у нима қилди, деб сўрарсиз. Дўкончадан штопор[3] сотиб олиб, шаҳар ташқарисига, кимсасиз далага йўл олди. Ана шу ерда шишанинг пўкагини чиқариб олмоқчи бўлди. Аммо у штопорни пўкакка бураб киритишга қанчалик уринмасин, штопор шу заҳоти ўз-ўзидан қайтиб чиқар, пўкак эса бус-бутун турарди.

«Пўкакнинг қандайдир янги тури», – деб ўйлади Кеаве ва шу лаҳзадаёқ бутун борлиғи худди безгак тутгандек қалтираб кетди, баданини муздек тер қоплади: унда қўрқув уйғонганди.

Кеаве бандаргоҳга қайтар экан бир дўкончага дуч келди, унда аллақандай бир киши чиғаноқлар, оролларда яшовчи ёввойи одамларнинг сўйиллари, қадимий тангалар, кўҳна маъжусий маъбудаларнинг ҳайкалчалари, хитой ва япон суратларини, қисқаси, денгизчи дунёнинг турли чеккаларидан сандиқчаларида олиб келадиган хилма-хил лаш-лушларни сотиб ўтирарди.

Шу ўринда Кеавенинг хаёлига янги фикр келди. У дўкончага кириб, эгасига ундаги шишани юз долларга сотиб олишни таклиф этди. Дўкондор аввалига кулиб қўйди, кейин беш доллар бермоқчи бўлди. Бироқ бу чиндан ҳам ғаройиб шиша эди – ер юзида ҳали биронта шишапаз бунақанги шиша тайёрламаган, унинг сутдек оқиш туси камалакнинг жамики рангларида шунақанги чиройли товланар, ичида шунақанги бир сирли соя рақс тушардики, асти қўяверасиз... Xуллас, таомилга кўра савдолашгач, дўкондор Кеавега олтмиш кумуш доллар берди ва шишани пештахтасининг қоқ Марказидаги жавон токчасига жойлаштириб қўйди.

«Энди нима бўларкин? – деган фикр ўтди Кеавенинг хаёлидан. – Мен уни олтмиш долларга сотдим, ҳолбуки ўзим эллик долларга, очиғини айтганда, ундан ҳам арзонга сотиб олгандим, чунки битта тангам чили доллари эди-да. Энди бу ёғини яна бир бор текшириб кўрамиз».

Шу хаёлларда Кеаве кемага қайтди, сандиқчасини очиб қараганида эса шиша шу ерда эканлигини кўрди: ундан аввалроқ етиб келибди. Кемада Кеавенинг Лопака деган бир дўсти бор эди.
– Ҳа, нима гап? – деб сўради у. – Сандиқчангга намунча тикилиб қолмасанг!

Улар кубрикда[4] икковлон эдилар, Кеаве ўртоғини сир сақлашга қасам ичириб, бор гапни айтиб берди.
– Ақлга сиғмас ҳодиса, – деди Лопака. – Назаримда, бу шиша сенинг бошингга балою кулфатлар ёғдирадиган кўринади-ёв. Жуда бўлмаганда битта нарса аниқ: сенга қандай фалокат таҳдид солаётганини ўзинг биласан. Модомики, шундай экан, бу ишдан бирон фойда чиқариб олишни ўйлаш керак. Нимани хоҳлашингни яхшилаб фикрлаб кўргин-да, шишага уни амалга оширишни буюр. Агар шиша айтганингни бажарса, уни сендан ўзим сотиб оламан. Чунки кўпдан бери бир нарсани ўйлаб юрибман – шхунага[5] эга бўлиб, ороллар бўйлаб савдо билан шуғулланиш орзуим бор.
– Бу менга тўғри келмайди, – деди Кеаве. – Мен ўзим туғилиб ўсган Кон соҳилида чиройли уйим ва боғим бўлишини истайман. Қуёшнинг чароғон нурлари деразалардан тўкилиб турса, боғда гуллар чаман бўлиб очилиб ёца, деразаларда ойналару деворларда суратлар, стол устида анвойи дастурхонлар ва ўйинчоқлар бўлса – хуллас, ҳамма-ҳаммаси мен бугун кўрган уйдагидек ярақлаб турса... Ҳатто менинг уйим ундан бир қават баландроқ ва ҳар томонидан худди қирол қасри каби айвонлар билан ўралган бўлишини хоҳлайман. Ана шундай уйда беғам-беташвиш, дўстларим ва қариндошларим билан шод-хуррам ҳаёт кечирсам дейман.
– Бундай қиламиз бўлмаса, – деди Лопака. – Шишани Гавайига ўзимиз билан олиб кетайлик, агар орзуларингнинг бари амалга ошса, боя айтганимдек, шишани сендан сотиб оламан ва ўзимга шхуна сўрайман.

Улар шунга қарор қилишди ва тез орада кема Гонолулуга қайтиб, Кеаве ҳамда Лопака билан бирга шишани ҳам келтирди.

Дўстлар соҳилга тушиб улгурмагандилар ҳамки, бандаргоҳда бир таниш одамни учратиб қолишди, у эса салом-алик тугар-тугамас, Кеаведан кўнгил сўрай бошлади.
– Ҳеч балони тушунолмаяпман, – деди Кеаве, – нима учун менга бунчалик ҳамдардлик билдираяпсан?
– Ие, хабаринг йўқми ҳали? – ажабланди таниш одам. – Ахир, амакинг... муҳтарам қария... вафот этди... Кейин эса... кўркамгина бир жиянинг бўларди-ку... ана ўша денгизда чўкиб кетди.

Кеаве ногаҳонда бошига тушган мусибатдан шу заҳотиёқ ғамга ботди, оҳ-воҳ қилишга тушиб, шишани ҳам унутиб юборди. Бироқ Лопака унутмаганди, Кеаве бироз ўзига келганида ундан сўради:
– Шу тобда хаёлимга бир фикр келди – Гавайида, Каю ҳудудида амакингнинг ер-мулки йўқмиди мабодо?
– Йўқ, – деди Кеаве, – Каюда йўқ. Xоокенадан сал жануброқда, тоғлик соҳилда ер майдони бор эди.
– Энди бу ер сенга мерос қоладими? – сўради Лопака.
– Ҳа, менга, – деди Кеаве ва яна марҳум қариндошларини эслаб, йиғи-сиғига тушди.
– Шошма, – деди Лопака. – Бирпасга оҳ-воҳ қилмай тур, хаёлимга бир фикр келди. Балки буларнинг бари шишанинг ишидир-а? Чунки сен истаган уй учун жой тайёр бўлиб турибди!
– Агар шундай бўлса, шишанинг бунақанги ёрдамини бошимга ураманми?! – дея қизишиб кетди Кеаве. – Мен ундан қариндошларимни ўлдиришини сўраганмидим, ахир! Аммо-лекин бу тахминингда жон бор – уйим худди ўша ерда бўлишини орзу қилгандим.
– Бироқ уй ҳали қурилмаган-ку? – деди Лопака.
– Э, нимасини айтасан! – уф тортди Кеаве. – Бирор кун келиб қурилиши ҳам даргумон ҳали. Тўғри, амакимнинг бироз қаҳва, ава, банан дарахтлари бор эди, аммо уларнинг ҳосили тирикчилигимга учма-уч етади, холос. Ер майдонининг қолган қисми эса қоп-қора лавадан иборат.
– Қани, юр-чи, саркор ёнига бориб кўрайлик, – деди Лопака. – Ҳар қалай, бу фикр менга тинчлик бермаяпти.

Улар Саркор ёнига боришганда эса бирдан маълум бўлдики, Кеавенинг амакиси ўлими олдидан баногоҳ жуда бойиб кетибди ва ўзидан катта давлат қолдирибди.
– Мана сенга уй қуриш учун маблағ! – хитоб қилди Лопака.
– Агар уй қурмоқчи бўлсангиз, – деди саркор, – менда янги меъморнинг ташрифномаси бор, уни роса мақташаяпти.
– Жуда соз! – деди Лопака. – Кўраяпсанми, ҳамма нарса олдиндан тайёрлаб қўйилган экан. Шишанинг айтганини қилиш керак, холос.

Улар меъморнинг уйига йўл олишди, у эса хилма-хил уйларнинг чизмаларини аллақачоноқ стол устига ёйиб қўйган экан.
– Сиз бошқаларига ўхшамайдиган ғаройиб бир уй бўлишини хоҳлаяпсиз-а? – деб сўради меъмор. – У ҳолда мана буни бир кўринг-чи.

Кеаве у узатган чизмага бир қарашдаёқ ўзини тутолмай баланд овозда оҳ уриб юборди, чунки чизмада тасвирланган бино унинг орзуларида намоён бўлган уйнинг айнан ўзгинаси эди.

«Шу уй меники бўлиши керак, – деб ўйлади у. – Биламан, бу қийин иш, ўзимнинг ҳам кўнглим чопмаяпти. Лекин не чораки, шайтоний кучга боғланиб қолган эканман, ақалли бирон нафи тегсин».

Шунда Кеаве меъморга нималарни истаётганини, уйни қай тарзда жиҳозлаш кераклигини тушунтира бошлади, деворга осиладиган суратларни, стол устида ётиши керак бўлган ўйинчоқларни ҳам унутмади. Кейин эса ундан бу ишларнинг бари қанчага тушади, деб дангалига сўради.

Меъмор Кеавега кўплаб хилма-хил саволлар берди, сўнгра қўлига қалам олиб, ҳисоб-китоб қилишга тушди. Ҳисоблаб бўлганидан ке-йин у Кеавега мерос қолган маблағнинг айнан ўзини айтди.

Лопака билан Кеаве бир-бирларига қараб қўйиб, бош ирғашди.

«Ҳаммаси аён энди, – деб ўйлади Кеаве. – Xоҳлайманми, йўқми, шу уй энди меники бўлади. Уни менга Иблис совға қилди ва бу ишнинг охири яхшиликка олиб бормаслиги аниқ. Бироқ мен ҳам қатъий аҳд қиламан: шу шиша қўлимда экан, бундан бу ёғига ундан бошқа ҳеч нарса сўрамайман. Шу уй менинг бўйнимга тушди, уни ҳеч нарса қилолмайман энди. Шайтоний кучга боғланиб қолган эканман, жуда бўлмаганда шунга фойдаси тегсин, ахир».

У меъмор билан шартнома тузди ва уни икковлари имзолашди. Шундан кейин Кеаве билан Лопака яна кемага ёлланиб, Австралияга йўл олишди. Чунки қурилишга аралашмаслик, уйни қандай барпо қилиш ва безатишни меъмор билан шишадаги шайтонга қўйиб бериш тўғрисида ўзаро қарор қилишганди.

Уларнинг сафари осойишта кечди, фақатгина Кеаве беихтиёр бирон тилак-истак билдириб қўймаслик учун доимо сергак туришига тўғри келди, зотан, у бундан буён иблиснинг бирон-бир марҳаматини қабул қилмасликка қасам ичганди. Икки дўст уйга ўз муддатида қайтишди. Меъмор уй тайёр бўлганини айтди ва Кеаве билан Лопака «Нуҳ кемаси»га чиқиб, Кон соҳиллари бўйлаб сузиб кетишди. Қани, янги уй қандай экан, Кеаве орзуларида тасаввур қилган уйга ўхшармикан?

Уй баланд соҳилда қурилган бўлиб, денгиздан ўтувчи кемаларга жуда яхши кўриниб турарди. Чор атрофда ўрмонлар нақ булутларга бўй чўзган, пастда – ғорларда қадимги ҳукмдорларнинг хоки ётган дарада қора лава оқимлари қотган эди. Уй тевараги гулзор бўлиб, камалакнинг барча рангларида жилоланиб турибди. Мевали дарахтлар ҳам бор – уйнинг бир томонига нон дарахтлари, бошқа томонига папайя экилган. Бино олдида, денгиз соҳилида эса кема мачтаси ўрнатилган бўлиб, тепасида байроқ ҳилпираб турибди.

Уй уч қаватли, хоналари ва ҳар бир қаватдаги айвонлари кенг-мўлгина. Деразалардаги ойналар сувдек тиниқ ва чароғон кундек ёруғ. Xоналарга чиройли жиҳозлар қўйилган. Деворларга олтин ҳалли гардишларда суратлар осилган бўлиб, уларда кемалар, денгиз жанглари, ер юзининг турли чеккаларидаги ғаройиб манзаралар акс эттирилган ёки дунёдаги энг соҳибжамол аёллар тасвирланган. Кеавенинг янги уйидаги деворларга қилган бу суратлар шунақанги ёрқин бўёқлар билан ишланганки, бунақаси етти иқлимда ҳам топилмайди.

Беҳисоб ўйинчоқлару ғаройиб буюмларнинг таърифига эса умуман сўз йўқ. Оҳангдор занг чалувчи соатлар, мусиқали қутичалар, бош чайқатувчи митти одамчалар, нафис ва ажойиб бошқотирмалар бир киши вақтини кўнгилчоғлик билан ўтказиши учун етарли эди.

Бироқ қаср нечоғли улуғвор ва ҳашаматли бўлмасин, унда яшовчи одам хонама-хона кезиб, ажойибот-ғаройиботларни томоша қилавериб зерикади барибир. Ана шу боис ҳам уй ҳамма томонидан бутун бошли шаҳарнинг аҳолиси бемалол ва қулайгина жойлаша олиши мумкин бўлган ниҳоятда кенг-мўл айвон билан ўраб олинган ва ундан чор-атрофни яйраб томоша қилиш мумкин эди.

Кеаве қайси томондаги айвонни афзал кўришни билмасди. Негаки, уйнинг орқасидаги айвондан мевазор боғлар ва гулзорларни кўриб кўзи қувнаса, тоғдан эсаётган майин шабададан кўнгли яйрайди. Уйнинг олд томонини безаб турган айвонда турганида эса у денгизнинг тоза шимолидан баҳраманд бўлар, тепаликдан уммонга қараганида тахминан ҳафтада бир марта Xоокенадан Пеле адирларига йўл олувчи «Нуҳ кемаси»ни ёки ёғоч, ава ҳамда банан ташувчи шхуналар соҳилбўйи сувларида сузиб юрганини томоша қилар эди.

Кеаве билан Лопака ҳамма нарсани кўздан кечириб чиққач, орқа айвонга ўтиб ўтиришди.
– Xўш, қалай? – деб сўради Лопака. – Орзуларингга мос келдими?
– Лолу ҳайронман, – дея жавоб қилди Кеаве. – Бу ҳатто орзуларимдагидан ҳам зиёда бўлибди, шу қадар хурсандманки, нақ бошим айланиб кетаяпти.
– Мени эса бир нарса ўйлантираяпти, – деди Лопака. – Шуларнинг бари ўз-ўзидан келиши ҳам мумкин эди, балки бу ўринда шишадаги иблиснинг ҳеч қандай дахли йўқдир. У ҳолда мен шишани сотиб олганим билан шхунани етти ухлаб тушимда ҳам кўрмайман, икки ўртада жаҳаннам азобини ўз ихтиёрим билан бўйнимга олганим қолади, холос. Тўғри, шишани сотиб оламан, деб сенга сўз берганман, аммо сен ҳам аҳволимни тушунишга урин ва мен учун яна битта синов ўтказиб бер.
– Лекин шишадан энди ҳеч қандай совға олмайман, деб қасам ичганман-ку, ахир! Ўзи шундоғам қулоғимгача гуноҳга ботиб кетганман.
– Э, мен совғаларни мутлақо ўйлаётганим йўқ, – жавоб қилди Лопака. – Шайтоннинг ўзини бир зумгина кўрсам кифоя. Бунинг сенга ҳеч қандай фойдаси тегмайди, демакки, хавотир олишингга ҳам ўрин йўқ. Шунчаки, унга бирровгина кўз қиримни ташласам, бу ишга бўлган ишончим ортади дейман-да. Кел энди, оғайни, шайтонни бир кўрсата қол. Кейин ўша заҳотиёқ сендан шишани сотиб оламан, мана, пулим ҳам тайёр.
– Мен бошқа нарсадан хавотирман, – деди Кеаве. – Шайтоннинг қиёфаси балки ниҳоятда даҳшатлидир, унга шундоққина қараганинг-даёқ шишани сотиб олишдан воз кечиб қолишинг ҳеч гап эмас.
– Сўзим – сўз! – дея жавоб қилди Лопака қатъийлик билан. – Мана пулим ҳам тайёр деяпман-ку, ахир.
– Бўпти унақада, – деди Кеаве. – Унга бир назар ташлашга ўзимам қизиқаяпман. Шайтон жаноблари, сизни бирровгина кўришимизга ижозат эцангиз!

У шундай дейиши билан шайтон шиша ичидан бир қаради-ю, шу заҳотиёқ яна ғойиб бўлди. Кеаве билан Лопака эса тош қотганча қолишди. Ҳатто кеч кирди ҳамки, улар ўзларига келишолмас, тиллари айланмасди. Ва ниҳоят, Лопака пулни ўртоғининг ёнига суриб қўйиб, шишани олди.
– Мен ҳалол одамман, сўзимда туришим керак, – деди у. – Акс ҳолда мана бу нарсага қўлимни ҳам теккизмаган бўлардим. Майли, начора, бошга тушганни кўз кўрар экан. Шхуна билан озроқ пулга эга бўлсам бас, ўша заҳотиёқ манави лаънатини ўзимдан соқит қиламан. Чунки, очиғини айтганда, уни кўрган замоним тепа сочим типпа-тик бўлиб кетди.
– Лопака, – деди Кеаве, – кўнглингга оғир олмагин-у, аммо битта гапни айтмасам бўлмайди сираям. Ҳозир тун, йўл ёмон, устига-устак, бемаҳалда қабристон ёнидан ўтиш бехосият ҳисобланади – буларнинг барини мен жуда яхши тушуниб турибман. Бироқ анавининг мараз турқи-тароватини кўрганимдан кейин токи бу шиша шу ерда экан, на еган-ичганимда ҳаловат бўлади, на ором топаман ва на Парвардигорга илтижо қила оламан. Йўлингга фонус, шиша солиб олишинг учун сават берай, боз устига шу уйда кўнглингга ёққан нима бўлса – ҳар қандай суратни, ҳар қандай энг ажойиб буюмни олишинг мумкин, фақат, Xудо ҳаққи, бу ердан тезроқ жўнаб кетгин-у, Xоокенада Нахинанинг уйида тунай қол!
– Кеаве, – деди Лопака, – менинг ўрнимда ҳар қандай одам бу гапингдан кейин сендан қаттиқ ранжиган бўларди. Негаки, мен сенга нисбатан садоқатли дўстнинг ишини қилдим – сўзимда туриб, шишани сотиб олдим. Бу ёғи ярим кеча, ҳаммаёқ зим-зиё, қабристон ёқалаб ўтувчи йўл эса гарданида гуноҳи ва қўлтиғида шайтонли шишаси бўлган мендек одам учун юз карра, минг карра даҳшатлироқ. Аммо ўзим ҳам қўрқувдан дағ-дағ титраётганим учун сени айблай олмайман. Кетар эканман, Парвардигордан илтижо қиламанки, сен шу уйда бахтли ҳаёт кечиргин, менинг шхунадан омадим чопсин ва ҳар икковимиз ҳам умримизни яшаб бўлганимиздан кейин жамики жинлару шишаларга қасдма-қасд ўлароқ жаннатга тушайлик.

Лопака шундай дегач, отини тоғдан пастга қараб чоптириб кетди, Кеаве эса айвонда туёқлар дупурига қулоқ тутганича, қадимги ҳукм-дорлар хоки ётган қоя остида фонус ёғдуси милтиллаб бораётганини кузатиб турарди. Кейин, шу турганича, япроқдек титраган кўйи кафтларини жипслаштириб, шундай балои азимдан қутулгани учун Парвардигорга ҳамду санолар айта бошлади.

Бироқ эртасига чароғон, беғубор тонг отди ва Кеаве янги уйидан ҳануз ҳайратланганча, қўрқувларини унутиб ҳам юборди. Шундан сўнг кун кетидан кун ўта бошлади, Кеаве янги уйида яшар, шодлигининг чеки йўқ эди. Орқа томондаги айвон унинг севимли жойига айланди: у шу ерда овқатланар, бутун вақтини ўтказарди. Гонолулу газеталарини ўқиб, турли воқеа-ҳодисалардан хабар топарди.

Уни кўргани кимлардир келиб қолса, уларни айлантириб, бутун уйни, суратларни кўрсатарди. Кеаве уйининг овозаси олис-олисларга етиб борди ва Кон оролининг барча аҳолиси унинг қасрини Ка-Хале-Нуи, яъни «Машҳур Уй» деб атай бошлашди, баъзан эса яна «Ярқироқ Уй» деб ҳам аташарди.

Кейинги номнинг сабаби шундаки, Кеаве хитой хизматкор ёллаган, у эса Xудонинг берган куни уйнинг ҳамма еридаги чанг-чунгларни артиб, барча нарсани кўз олгудек ярақлатиб чиқарди. Чиройли ўйинчоқлару суратлар ҳам, дераза ойналарию олтин ҳаллар ҳам – бари-бари баайни тонг нурларидек чарақлаб турарди. Кеавенинг ўзи эса хонама-хона айланиб юрар экан, қувонч-шодлиги юрагига сиғмай, беихтиёр қўшиқ куйлаб юборарди. Уйи ёнидан кемалар сузиб ўтаётганида эса у ўз мачтасидаги байроғини кўтарар эди.

Вақт шундай ўтиб борар экан, бир куни Кеаве узоққа ҳам эмас, яқинга ҳам эмас, балки Камлуага ёр-биродарларини кўриб келиш учун йўлга отланди. У ерда Кеавени яхшилаб меҳмон қилишди, аммо шунга қарамай, у эрталаб турган заҳотиёқ орқага қайтиб, отини елдек учириб кетди – ўзининг ажойиб уйини яна бир кўриш учун шунчалик ошиқарди. Аксига олиб ўша кун, қадимги ривоятларда айтилишича, аждодларнинг арвоҳлари қабрлардан чиқиб, Кон соҳилларида дайдиб юрадиган туннинг арафаси эди. Бир гал шайтонга айланишиб қолган Кеаве эса бу гал марҳумлар даврасига тушиб қолишни асло-асло истамасди.

У мана шу тариқа, Xонауануни ҳам ортда қолдириб от чоптириб борар экан, тўсатдан олисда – денгизда, шундоққина соҳил ёқасида қандайдир бир аёл чўмилаётганига кўзи тушди. Назарида у ёш, аммо етилган қиз бўлиб туюлди, Кеаве шундан бошқа нарсани ўйлагани йўқ. Шу зайлда от уни учириб борар экан, аввал оқ кўйлак, кейин қизил юбка – холоку кўзга чалинди: қиз сувдан чиқиб кийинаётган эди.

Кеаве етиб борганида у чўмилишдан кейин гулдек очилиб, қизил юбкасида йўл чеккасида турар, кўзлари кулиб, нигоҳидан бокиралик, нафосат таралар эди. Кеаве қизга кўзи тушган заҳоти от жиловини тортди.
– Бу атрофда яшовчиларнинг ҳаммасини биламан, деб ўйлардим, – деди у. – Аммо сени танимас эканман, кимсан ўзинг?
– Мен Кианонинг қизи Кокуа бўламан, – дея жавоб қилди қиз. – Оахудан уйга энди келиб туришим. Ўзинг кимсан?
– Мен кимлигимни айтаман, – деди Кеаве отдан сакраб тушиб, – фақат ҳозир эмас, сал кейинроқ. Чунки кўнглимга бир фикр келди, агар кимлигимни айцам, тўғри жавоб бермайсан, деган хавотирдаман. Сабаби – балки мен ҳақимда эшитган чиқарсан. Бироқ авваламбор шуни айтгин-чи: турмуш қилганмисан?

Кокуа бу гапни эшитиб, кулиб юборди.
– Ҳамма нарсани билгинг келаяпти, – деди у. – Ўзинг-чи – уйланмаганмисан?
– Йўқ, Кокуа, уйланмаганман, – деб жавоб берди Кеаве. – Очиғини айтганда, уйланиш ҳақида то шу дақиқагача ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган эканман. Аммо сенга асл ҳақиқатни айтаман: сени шу ерда, йўл ёқасида учратдим, юлдуз кўзларингни кўрдим-у, юрагим қафасдаги қушдек потирлаб сен томон интилди. Мана энди, агар сенга маъқул тушмаган бўлсам, дангалини айтавер, мен индамай ўз йўлимга кетаман. Лекин, агар сенинг назарингда бошқа йигитлардан кам жо-йим йўқ бўлса – уни билдир. Мен йўлимдан бурилиб, бу кеча отангнинг меҳмони бўлай, кейин эрталаб туриб, муҳтарам падари бузрукворингдан сенинг қўлингни сўрай.

Кокуа унинг бу гапларига ҳеч нима демади, фақат денгизга, олис-олисларга тикилганча, жилмайиб қўйди.
– Сукут аломати ризо, – деди Кеаве. – Унақада, Кокуа, уйингга йўл бошла, отангнинг ҳузурига биргалашиб кирайлик.

Қиз ҳануз сукут сақлаганича олдинга ўтиб йўл бошлади, кейин икки марта ўгирилиб, йигитга бир зум кўз ташлади ва яна ўз йўлига қараганча, шляпасининг боғичини тишлаган кўйи кетаверди. Улар уйга яқинлашганларида Киано айвонга чиқиб, Кокуа Кеавенинг номини айтиб, баланд овозда сўрашди. Ана шунда Кокуа Кеавега кўзларини катта-катта очганича қараб қолди, чунки унинг ажойиб уйи ҳақидаги овозалар қизга ҳам етиб келганди. Қарамасинми яна!

Улар бутун оқшомни биргаликда ниҳоятда шод-ҳуррамлик билан ўтказишди. Ота-онасининг олдида қизнинг тили очилиб кетиб, Кеавега ҳазил-ҳузул қила бошлади, ақли ўткир, тийраккина, зийраккина экан. Эртасига эса Кеаве Киано билан гаплашиб олди, кейин қизни излаб, ёлғиз ҳолда топди.
– Кокуа, – деди у, – кеча бутун оқшом устимдан кулиб ўтирдинг. «Мени тинч қўйгин-у, ўз йўлингга кетавер», демоқчи бўлсанг, ҳали ҳам кеч эмас. Кеча кимлигимни айтгим келмади, чунки чиройли уйим бор ва у сенинг хаёлингни мендан – сени севадиган одамдан ҳам кўпроқ эгаллаб қўйишидан хавфсирадим. Мана энди сенга ҳаммаси маълум, агар қорамни ўчиришимни истасанг, очиғини айтиб қўя қол.
– Йўқ, – деди Кокуа.

Бу гал у кулмади, Кеаве ҳам бошқа ҳеч нимани сўрамади.

Икковлари ана шу тариқа унаштирилди. Ҳамма нарса жуда тез рўй берди, лекин ёй ўқи ҳам тез учади, милтиқ ўқи эса янада учқурроқ, бироқ ҳар иккаласи нишонга тегиши мумкин. Ҳа, барчаси жуда шитоб билан юз берди, бироқ айни пайтда жуда кўп нарса амалга ошди.

Энди қизнинг қалбини Кеаве ҳақидаги ўй-фикрлар асир этганди, қора лава устига бостириб келувчи денгиз тўлқинлари гулдуроси ичра шу йигитнинг овози эшитиларди. Энди Кокуа ҳаётида бор-йўғи икки марта кўргани шу одам учун ота-онасини, туғилиб ўсган уйини ҳам тарк этишга тайёр эди.

Хўш, Кеавенинг ўзи-чи?! У қадимги дахмалар ёнидан ўтган тоғ сўқмоғида от йўрттириб борар экан, шодон қўшиғи марҳумлар хоки ётган ғорларда акс-садо берарди. Кеаве ўзининг «Ярқироқ Уй»ига қанот чиқаргандек учиб келганида ҳам қўшиқ айтишдан тўхтагани йўқ.

Кенг-мўл айвонда кечки овқатни тановул қилаётганида ҳам шундай бўлди, хитой хизматкор хўжайини ҳар икки луқма орасида қўшиқ айтаётганидан ажабланарди. Қуёш денгизга ботиб, тун ҳам кирди, Кеаве эса баланд соҳилдаги уйининг айвонларида фонуслар ёғдусида ҳануз айланиб юрар экан, қўшиғининг садолари шу яқин орадан сузиб ўтаётган кемалардаги денгизчилар кўнглига ғулғула соларди.

«Мен юксак-юксакликларга кўтарилдим, – дерди Кеаве ўзига-ўзи. – Ҳаёт бундан ҳам гўзалроқ бўлиши мумкин эмас; мен тоғ чўққисида турибман, бу ердан юқорига йўл йўқ – фақат пастга йўл бор, холос. Бугун илк бора барча хоналарни чироқ ёқиб чароғон қилишни буюраман, иссиқ-совуқ сувли чиройли ҳовузимда чўмиламан ва ётоқхонамдаги никоҳ тўшагига ёлғиз ўзим ётаман».

У хитой хизматкорини уйғотиб, ҳаммомни тайёрлашни буюрди, хизматкор пастда қозонга ўт қалар экан, хўжайини юқорида, чароғон хоналарда бахтдан энтикиб қўшиқ айтаётганини эшитиб турарди. Сув исиганида хизматкор хўжайинни чақирди ва Кеаве чўмилишга ўтди. Xизматкор хўжайини мармар ҳовузга сув тўлдираётиб ҳам қўшиқ айтаётганини эшитиб турарди. Кейин қўшиқ бирдан узилди.

Хизматкор у яна янграшини бутун вужуди қулоққа айланиб кутиб тураверди ва охири, пастда турган жойидан хўжайинни чақириб, ҳамма нарса жойидами, деб сўради. Кеаве «ҳа» деди-да, хизматкорга ухлашни буюрди. Бироқ энди «Ярқироқ Уй»да қўшиқ бошқа эшитилмади. Xитой хизматкор унинг хўжайини бутун тунни бедор ўтказиб нақ тонгга қадар айвонларни кезиб юрганини сезиб турарди.

Ана энди нима гаплигини эшитинг. Кеаве чўмилиш учун ечинганида қояда йўсин пайдо бўлганидек танасида бир доғ пайдо бўлганини кўриб қолди. Ана шунда у қўшиқ айтишдан тўхтади. Негаки у йўсинга ўхшаш бу доғ нималигини биларди; «хитойча касал»га, оддийроқ қилиб айтганда, мохов дардига йўлиққанини англаб етганди.

Нимаям дердик, бундай хасталик – ҳар қандай одам учун катта бахцизлик. Бундай аччиқ қисматга учраганлар ўзининг чиройли ва шинам уйини тарк этиши, барча ёр-дўстларидан айрилиши ҳамда Молокаи оролининг денгиз тўлқинлари яланг қояларга гулдурос билан урилиб ётган шимолий соҳилига кўчиб бориши керак.

Шўринг қурғур Кеаве бояқиш! Пешонасига битилган қайлиғини куни кечагина топган, унинг муҳаббатига шу бугун эрталаб сазовор бўлганди-я! Мана энди жамики орзу-умидлари, ширин хаёллари шишадек чилпарчин бўлиб турибди!

У мармар ҳовуз лабида узоқ ўтирди, кейин фарёд билан оҳ уриб сакраб турди ва ташқарига отилди; ғам-ташвишлардан эзилган кўйи айвонларда яна узоқ вақт гирён кезинди.

«Аждодларимнинг ватани бўлган Гавайини тақдирга нола қилмай тарк этишим мумкин, – деб ўйларди Кеаве. – Қисматимга лом-мим демай бўйсунишим, шу уйни, баланд соҳилда қад кўтарган кўп деразали шу ажойиб уйимни ҳам ташлаб кетишим мумкин. Заррача ношукурчилик қилмай, Молокаига, яланг қоялар орасида йўқолиб кетган ўша Клаупапуга йўл олишим, ўша ерда даҳшатли дардга мубтало бўлганлар орасида қолган умримни бир амаллаб яшаб ўтишим ва ўша ерда, ота-боболаримнинг еридан йироқ-йироқларда абадий уйқуга кетишим ҳам мумкин.

Бироқ қайси ёвуз ишларим учун, қайси гуноҳларим учун куни кечагина Кокуани, денгизда чўмилиб, сувдан гул-гул яшнаб чиқиб келаётган шу қизни учратишим лозим эди? Оҳ, Кокуа, ҳаловатимни олган қиз! Ҳаётимнинг мазмунига айланган малак! Энди мен сени ҳеч қачон кўра олмайман, меникисан деб ҳеч қачон айта олмайман, энди ҳеч қачон бағримга босиб эркалата олмайман! Энди фақатгина сени деб, сени ўйлаб, куйиб-ёниб ўтаман, о, Кокуа!»

Кеаве қандай одамлигини энди тушуниб олгандирсиз. У ўзининг «Ярқироқ Уй»ида бир умр беғам-беташвиш яшаши мумкин эди, бедаво дардга чалинганидан ҳеч ким хабар топмасди. Аммо Кокуадан айрилганидан кейин бу ҳаётнинг нима қизиғи бор унга! У яна, касаллигини яшириб, Кокуага уйланиши ҳам мумкин эди, кўпчилик шундай қилган бўларди ҳам, чунки улар чиркин қалб эгаларидир. Бироқ Кеаве қизни мард эркакларга хос фидойилик билан севади, унинг ҳаётини хатарга қўйишни, дилига озор етказишни ҳатто ха-ёлига ҳам келтиролмайди.

Шу зайлда ўтирар экан, вақт ярим тундан ошган пайтида Кеаве бирданига шишани эслаб қолди. Кейин уйнинг орқа айвонига ўтиб, унинг сўрови билан шиша ичидаги шайтон ўзини кўрсатган кунни хотирасида тиклашга урина бошлади. Кеаве ўша кунни кўз олдига келтирди ва айни пайтда томирларида югураётган қон музлаб қолгандек туюлди.

«Бу шиша – даҳшатли нарса, – деб ўйларди у, – шайтон ҳам, жаҳаннам алангасида абадий ёниш ҳам даҳшат. Бироқ, бу дарди бедаводан фориғ бўлишим ва Кокуага уйланишим учун бошқа қандай йўл бор, ахир? Начора, модомики, шу уй учунгина шайтонга боғланиб қолишдан чўчимаган эканман, Кокуага етиш йўлида унинг хизматидан яна бир бор фойдалансам нима бўлибди?»

Шу лаҳзада Кеаве «Нуҳ кемаси» айнан эртага Гонолулуга қайтишини эслаб қолди.

«Дарҳол Гонолулуга йўл олишим ва Локакани излаб топишим керак, – деб ўйлади у. – Энди бор-йўқ умидим ана шу шишадан. Бир вақтлари ундан қутулишни қанчалик хоҳлаган бўлсам, уни яна қўлга олишни шунчалик хоҳлайман».

Кеаве шу кеча мижжа қоқмай чиқди, эрталаб томоғидан бирон луқма ўтмади. У шоша-пиша Кианога мактуб ёзди ва отга миниб, тоғ сўқмоғи бўйлаб, аждодлар хоки ётган қояни айланиб ўтиб, пастга – кема келадиган жойга тушиб борди. Ёмғир ёғар, от йўртиб борар, Кеаве эса ғорларнинг қоп-қоронғи оғзига тикилар экан, ичкарида қайғу-алам нималигини билмай, абадий уйқуга кетган марҳумларга ҳавас қиларди. Атиги бир кунгина аввал шу ердан шод-масрур ҳолда от чоптириб ўтганини эслар ва бунга ишонгиси келмасди.

Кеаве ана шу хаёллар билан Xоокенага етиб борди, у ерда эса одатдагидек, пароход келишини кутиб олгани ҳар томондан одам тўпланган эди. Ҳамма дўкон олдидаги бостирма остига жойлашган, ўзаро ҳазил-ҳузул қилиб, янгиликлардан гаплашиб ўтиришарди. Юрагини ит тирнаётган Кеавегина гап-сўзларга аралашмас, бошқалар қатори ўтирган кўйи томларни юваётган ёмғирга, қоялар оралиғида қайнаб ётган тўлқинларга тикилар, аҳён-аҳёнда оғир-оғир хўрсиниб қўярди.
– «Ярқироқ Уй»да яшовчи Кеавенинг бугун машқи пастроқ, – дея ўзаро шивирлашарди одамлар. Начора, чиндан ҳам шундай, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди.

Шундан сўнг пароход келди ва Кеаве қайиқда унга етиб олди. Кеманинг қуйруқ қисми хаоле – оқ танлиларга тўла, улар ўз одатлари бўйича вулқон отилишини томоша қилгани келишган. Палубанинг ўрта қисмига канаклар[6] тиқилиб кетган, тумшуқ қисми эса Xилодан келтирилаётган ёввойи буқалар ва Каюдан олинган отлар билан банд.

Ғам-ғуссадан эзилган Кеаве ҳеч кимга аралашмай бир чеккада ўтирар, соҳилда Кианонинг уйи қачон кўринишини кутарди. Мана, шундоққина денгиз қирғоғида, қоп-қора қоялар оралиғида, кокос палмалари соясидаги уй кўринди. Эшик олдида эса узоқдан худди капалакдек бўлиб қизил юбка кўзга ташланар, у баайни ҳақиқий капалакдек учиб қўнар, тинмай парвоз қилар эди.
– О, қалбим соҳибаси! – дея хитоб қилди Кеаве. – Сенга етишиш йўлида мен иймонимни сотишга ҳам тайёрман!

Тез орада кеч кирди, каюталарда чироқлар ёқилиб, хаоле[7] ўз одатларига кўра виски ичиб, қарта ўйнашга киришди. Кеаве эса бутун тунни ва эртасига пароход Маун ва Молокаини айланиб ўтар экан, бутун кунни ҳам палубани кезиб ўтказди. Бир ерда тинч ўтиролмас, қафасга тушиб қолган қоплон мисоли безовталаниб, ўзини қаерга қўйишни билмасди.

Қош қорайган маҳалда улар Олмос Бурундан ўтиб, Гонолулу гаванига кириб боришди. Кеаве йўловчилар оломони билан биргаликда соҳилга тушди ва шу заҳотиёқ Лопакани излашга киришди. Бироқ маълум бўлишича, Лопака шхуна сотиб олиб – бунақа чиройлиси бутун оролларда йўқ эмиш! – қаергадир олис сафарга: Пола-полагами ёки Кахникигами, жўнаб кетибди. Энди уни топиш амримаҳол эди.

Шу ўринда Кеаве Лопаканинг бир дўсти – шу шаҳарда яшовчи саркорни (исмини айтмай қўя қолай) эслаб қолиб, ўшани суриштира бошлади. Унга айтишларича, бу одам бирданига ниҳоятда бойиб кетибди ва ўзига Вайкини соҳилидан чиройли бир янги уй сотиб олибди. Бу хабар Кеавени ўйлантириб қўйди ва у извош ёллаб, ўша уйни излаб кетди.

Уй ҳам, боғ ҳам яп-янги, эндигина барпо қилингани яққол кўриниб турар, уй эгаси ҳам мамнун-шод қиёфада эди.
– Xўш, хизмат? – деб сўради у.
– Сиз Лопаканинг дўстисиз, – деди Кеаве, – у эса мендан бир нарсани сотиб олганди. Ўша нарсани излаб топишимда менга ёрдам берарсиз, деган умидда келувдим.

Уй эгасининг чеҳраси шу заҳотиёқ тундлашди.
– Мистер Кеаве, – деди у. – Ўзимни овсарликка солиб, гап нима ҳақида бораётганини билмаётгандек кўрсатмай қўя қолай. Бу иш ғоят шубҳали ва охири бахайр бўлмаслиги аниқ, фақат, ишонинг, мен аниқ бир нарса айтолмайман, лекин айрим нарсаларни тахмин қилишим мумкин. Менимча, баъзи жойлардан сўраб-суриштириб, қўшимча нарсаларни билиб олишингиз мумкин, деб ўйлайман.

У шундай деб Кеавега бир одамнинг номини айтди, келинг, уни ҳам ошкор этмай қўя қолайлик. У ёғига шу зайлда кетаверди, Кеаве Xудонинг берган куни бир одамдан иккинчисига борар, у эса ўз навбатида яна бошқасига йўллар эди. У ҳамма жойда янги либосларни ва янги экипажларни, чиройли янги уйларни ва бағоят бахтли одамларни учратарди. Бироқ Кеаве нима иш билан келганини айтган заҳотиёқ бу одамларнинг шодон чеҳрасини гўё кўланка қоплаб олгандек бўларди.

«Шишанинг изига тушганим аниқ, – деб ўйларди Кеаве. – Мана шу бойликларнинг бари – шайтоннинг туҳфаси, бу одамларнинг мамнун қиёфаси эса улар хоҳлаган нарсаларини қўлга киритгач, лаънати шишадан эсон-омон қутулиб олганларидан далолат беради. Қачонки рангпар чеҳрани учрацам ва оғир хўрсинишларни эшицам, ана ўшандагина мақсадимга яқинлашган бўламан».

Ва ниҳоят, Кеавени Беритания-стритда яшовчи оқ танли бир одамнинг уйига йўллашди. Кеаве у ерга етиб борганида кечки овқат маҳали бўлиб қолганди. Бу жойда ҳам у одатдагидек янги уйни, янги боғни, электр чироқларидан чароғон деразаларни кўрди. Бироқ уй эгаси чиқиб келганида Кеавенинг юраги орқасига тортиб кетди, чунки унинг қаршисида кўзлари киртайиб, ич-ичига тушган, сочлари паришон, ранги мурданикидек оппоқ бир ўсмир турарди. Унинг қиёфаси бошдан-оёқ худди ўлимга ҳукм қилинган одамнинг қиёфасини эслатарди.

«Шиша шу ердалиги аниқ», – деб ўйлади Кеаве ва бу одамнинг олдида ўз ниятини яшириб ўтирмади.
– Мен шишани сотиб олгани келдим, – деди у.

Беритания-стритда яшовчи оқ танли ўсмир бу гапни эшитиб, каловланиб қолди ва беихтиёр деворга суянди.
– Шиша дейсизми? – шивирлади у. – Сотиб олмоқчимисиз? – У бўғилиб овози чиқмай қолди, кейин Кеавенинг қўлидан маҳкам чангаллаганича ичкарига судраб кирди, сўнгра иккита стаканни олиб, шаробга тўлдирди.

Ўз вақтида оқ танлилар билан кўп ош-қатиқ бўлиб кўникиб қолган Кеаве тортиниб ўтирмади.
– Саломат бўлсинлар! – деб ичиб юборди ва кейин қўшиб қўйди: – Ҳа, мен шишани сотиб олгани келдим. Баҳоси қанча ҳозир?

Ўсмир бу гапни эшитиб, қўлидаги стаканни тушириб юборди, сўнгра Кеавега худди арвоҳни кўраётгандек қараб қолди.
– Баҳоси? – аранг хитоб қилди у. – Қанча дейсизми? Нима, унинг нархини билмайсизми ҳали?
– Билганимда сўраб ўтирармидим, – эътироз қилди Кеаве. – Лекин бунинг нимаси сизни хавотирга солаяпти? Шишанинг нархига бир бало бўлгани йўқми, ишқилиб?
– Унинг нархи жудаям тушиб кетган, мистер Кеаве, – йигитга тутила-тутила аранг сўзларди.
– Нима бўпти, камроқ тўлар эканман-да, – деди Кеаве. – Уни қанчага олгандингиз ўзи?

Ўсмирнинг ранги докадек оқариб кетганди.
– Икки центга, – пичирлади у.
– Нима? – деди қичқириб юборди Кеаве. – Икки центга дейсизми? Шошманг, бундан чиқди, сиз энди шишани фақат бир центга сота оласиз, тўғрими? Уни сотиб олган одам эса... – Кеавенинг нафаси ичига тушиб кетди. – Демакки, бу шишани сотиб олган одам уни ҳеч қачон бошқа бировга сота олмайди! Шиша ҳам, ичидаги шайтон ўша бадбахтнинг қўлида ўла-ўлгунича қолади, бояқиш омонатини топшириши биланоқ уни дўзахга судраб кетишади!

Беритания-стритда яшовчи оқ танли ўсмир Кеавенинг олдида тиз чўкди.
– Xудо ҳақи ўтинаман, уни сотиб олинг! – деб ёлворарди у. – Унинг ёнига қўшиб бор бойлигимни ҳам берай. Шишани шу нархда сотиб олганимда телбанинг ўзи эдим. Давлатнинг пулини ўзлаштириб қўйгандим ўшанда, агар шу шишани сотиб олмаганимда турмага қамалишим тайин эди.
– Оҳ, бечора-я! – деди Кеаве. – Қинғир ишинг учун қонуний жазо олишдан қочиб, шу даҳшатли ишга қўл ургансан, иймонингни сотгансан! Шундай экан, муҳаббат кутиб турган пайтда мен иккиланиб ўтирайми? Қани, ол шишани, қайтимни ҳам бер – уни тайёр қилиб қўйганингни биламан. Мана сенга беш центлик танга!

Кеаве тўғри топган, ўсмир стол тортмасида қайтимни тайёрлаб қўйган экан. Шиша қўлдан-қўлга ўтди ва бармоқлари унинг ингичка бўйнидан тутган заҳотиёқ Кеаве шайтонга шипшиб, даҳшатли касалликдан халос бўлиш истагини билдирди. У ёғига нима бўлди, деб ўйлайсиз? У меҳмонхонадаги хонасига қайтиши биланоқ ечиниб, баданини кўзгуга тутди: териси худди чақалоқникидек топ-тоза эди.

Бироқ ғалати ҳол юз берди, шу мўъжиза амалга ошган заҳотиёқ Кеавенинг қалбида ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди. Энди унинг назарида моховлик дарди ҳам арзимагандек туюлар, ҳатто Кокуани ҳам деярли эсламай қўйганди. Энди яккаю ягона бир фикр унга тинчлик бермас – иблис ва шиша билан умрининг охиригача боғланиб қолганини, жаҳаннамнинг абадий алангаси ҳамда оташ чўғларидан энди уни ҳеч нима қутқара олмаслигини ўйлагани-ўйлаган эди. Унинг кўз ўнгида дўзах олови ловуллагани-ловуллаган, қалби карахт ҳолга келиб, бутун ёруғ дунё зимзиё зулмат бўлиб кўринарди.

Кеаве бирмунча ўзига келганида кеч кирган, меҳмонхонада оркестр куй-қўшиқ ижро этишни бошлаган эди. У мусиқа оҳанглари томон юрди, чунки ўзининг ғам-ташвишлари билан ёлғиз қолишдан чўчирди. Ўша ерда, шодон чеҳрали одамлар орасида ҳаловат билмай дайдиб юрар экан, мусиқа садолари гоҳ баландлашиб, гоҳ пасайишини эшитар, дирижёр қўлидаги таёқчасини садоларга монанд ҳолда ўйнатишини кўрарди. Аммо доимо қулоқларига дўзах алангасининг гувиллаши эшитилар, кўзларига жаҳаннамнинг қоп-қора қаъридан отилиб чиқаётган олов тиллари кўринарди, холос.

Шу пайт оркестр «Ки-ки-ао-ао» қўшиғини бошлаб юборди. Бу қўшиқни Кеаве Кокуа билан биргаликда кўп бора куйлаганди, мана энди таниш оҳанглар унга далда бераётгандек бўлди.

«Ўтган ишга саловат, – деб ўйлади у, – шу ишга жазм этибманми, лоақал бирон фойдаси тегсин».

Кеаве биринчи пороходда Гавайига қайтди ва пайсалга солиб ўтирмай Кокуа билан тўйини ўтказди, кейин уни тоғлар чўққисида қад кўтарган «Ярқироқ Уй»ига олиб келди.

Хулласи калом, Кеаве билан Кокуа бирга яшай бошлашди. Икковлари биргалик пайтларида Кеавенинг дард-ғамлари бироз пасайгандек бўлар, аммо ёлғиз ўзи қолди дегунча, яна даҳшатли фикрлар унинг бутун борлиғини исканжага олиб тилкалай бошлар, яна қулоқларига дўзах алангасининг гувиллаши эшитилар, кўзларига жаҳаннам қаъридан отилиб чиқаётган аланга тиллари кўринаверарди.

Қиз эса бутун борлиғи билан Кеавега боғланиб қолди, уни кўрди дегунча қалби ўз-ўзидан куйлаб кетар, қўллари унинг қўлларига интиларди. Кокуа бошдан-оёқ шу қадар очилиб-яшнаб кетган эдики, бу беқиёс гўзалликка кўзи тушган одам шодон табассум қилмай туролмасди. Қиз ниҳоятда мулойим, очиқкўнгил, ҳар қандай одам учун бир оғиз ширин сўз топа оларди.

Кокуа кўплаб қўшиқларни билар, «Ярқироқ Уй»нинг уччала қавати бўйлаб қушчадек учиб-қўниб куйлар, шу ердаги ҳамма нарсадан ҳам ўзи кўпроқ ярақлаб кўринарди. Кеаве унга қараб, қўшиқларини эшитиб, бахтидан энтикар, кейин эса бироқ пастқам, кўздан пана жой топиб, яна изтиробларга берилар, бу бахт унга қанчалик қимматга тушганини ўйлаб, юрак-бағри пора-пора бўлар, оҳ уриб, фарёд чекарди.

Кейин яна кўз ёшларини қуритиб, юзларини чайиб, Кокуанинг ёнига келар, кенг-мўл айвонда унинг ёнида ўтириб, қўшиғига жўр бўлар, ичини ит тирнаб турган бўлса ҳам унинг табассумига табассум билан жавоб қайтарар эди.

Бироқ аста-секин вақт ўтиб, шундай кунлар келдики, Кокуа уй бўйлаб авваллари каби капалакдек парвоз қилмай қўйди. Қўшиқ айтишлари ҳам анча камайиб қолди. Эндиликда Кеавенинг ўзигина бирон бурчакда оҳ-воҳ қилмас, икковлари ҳам бир-бирларидан узоқлашишга уринишар, шундоқ маҳобатли «Ярқироқ Уй»нинг қарама-қарши икки чеккасидаги айвонларда ўтиришар эди.

Кеаве ўзининг дарди дунёсига шу қадар шўнғиб кетгандики, бу ўзгаришларни деярли сезмас, ва аксинча, ёлғиз ўзи қолишига ва аччиқ қисматини ўйлаб эзилишига имкон кўпроқ қолаётганидан хурсанд ҳам эди. Негаки, юрак-бағри лов-лов ёнаётган пайтда ҳам ҳадеганда ўзини мажбурлаб кулишига ҳожат йўқ-да, энди!

Бироқ бир гал у уй бўйлаб оҳиста кезиниб юрганида худди бола йиғлаётгандек бўлиб туюлди. Бориб қарасаки – Кокуа юзтубан тушиб, айвоннинг тош саҳнига бош уриб, зор-зор йиғлаб ётибди.
– Тўғри қиласан, Кокуа, бу уй ғурбатхонанинг ўзи, – деди Кеаве. – Лекин ҳар қалай, лоақал сен бахтли бўлишинг учун умримнинг ярмидан бажонидил воз кечган бўлардим.
– Бахт эмиш-а! – хитоб қилди Кокуа. – «Ярқироқ Уй»ингда ёлғиз ўзинг яшаётган маҳалларинг ҳамма сени оролдаги энг бахтли одам деб биларди. Чунки чеҳрангдан табассум аримас, тилингдан қўшиқ тушмас, қиёфанг бошдан-оёқ тонг шафағидай чароғон эди. Кейин сен бечора Кокуага уйландинг-у – у сенга нимаси билан ёқмай қолгани ёлғиз Xудога аён! – ўшандан буён шод-хуррамлик сени тарк этди. О, Парвардигор! – дея қичқириб юборди Кокуа. – Нима ёмон иш қилдим, ахир?! Мен гўзалман ва ўзимнинг Кеавемни қаттиқ севаман, деб ўйлардим. Xўш, айбим нима? Эримнинг ҳаётига қандай ташвиш-андуҳ келтирдим?
– Кокуа бояқиш, – деди Кеаве. Кейин унинг ёнига ўтириб, қўлини олмоқчи бўлувди, қиз қўлини тортиб олди. – Кокуа бояқиш, – дея такрорлади у яна. – Бечорагинам... Тенгсиз гўзалим. Ҳолбуки, мен сени ғам-қайғудан асраб қолишни ўйлагандим. Начора, мана энди ҳамма нарсани биласан-қўясан. Балки ўшанда шўрпешана Кеавега лоақал ачинарсан; балки ўшанда у сени қанчалик қаттиқ севганини, сенга етишиш учун ҳатто дўзахдан ҳам қўрқмаганини тушуниб етарсан. Шу бахциз, абадий азобга маҳкум одам сени ҳали-ҳануз қаттиқ севишини, сени кўрганида кулишга ҳамон ҳоли келишини балки ўшанда англай оларсан.

Кеаве шундай дегач, бор гапнинг ҳаммасини, ҳеч нарсани яширмай айтиб берди.
– О Xудо, шу ишларни сен ҳали мен учун қилдингми?! – дея оҳ уриб юборди Кокуа. – У ҳолда хавотирланишга менда ҳеч қандай асос йўқ экан! – У шундай деб эрининг бўйнига осилди ва қувонч-шодлик ёшларини тўка бошлади.
– О фариштагинам-а! – хитоб қилди Кеаве. – Дўзах алангасини ўйлаганимда хавотирланиш учун менда асос бор-да!
– Бундай дема, – деди қиз. – Айбинг бўлмай туриб, садоқатли Кокуангга муҳаббатингнинг ўзи учунгина охиратинг куйиши мумкин эмас. Менга қара, Кеаве: сени мана шу қўлларим билан қутқараман ёки сен билан биргаликда ҳалок бўламан. О Кеаве! Сен мени шу қадар севар экансанми, бу йўлда ҳатто иймонингни сотибсан, шундай экан, сени халос қилиш учун мен ўз ҳаётимни қурбон қилсам арзимайдими?
– Эҳ, менинг қушчагинам-а, сен ўз ҳаётингни юз марта қурбон қилишинг мумкин, аммо бу бирон нимани ўзгартира олармиди? – дея оҳ урди Кеаве. – То ҳисоб-китоб пайти келмагунча мен қолган умримни ёлғизликда ўтказишга маҳкумман, ахир!
– Сен ҳеч балони тушунмаяпсан, – эътироз билдирди Кокуа. – Мен оддий, бесавод қиз эмасман – Гонолулудаги мактабда ўқиганман. Сенга айтаяпман-ку, мен севимли эримни қутқариб қоламан. Сен бир цент дедингми? Бироқ дунёда муомалада бўлган пуллар фақат Американики эмас-ку! Англияда, масалан, фартинг деб аталувчи танга бор, қийматига кўра бир центнинг деярли ярмига тенг келади.
– Йўқ, йўқ, буям тўғри келмасакан! – дея хитоб қилди Кокуа. – Бу бизга ёрдам беролмайди: чунки шишани бир фартингга сотиб олган одам тамом бўлди деявер, сабаби – менинг Кеавеимга ўхшаган яна бир довюрак одам топилиши даргумон!

Лекин яна Франсия ҳам бор, у ерда сантим деб аталувчи чақа танга муомалада юради, бир центга улардан беш-олтитасини беради. Бундан яхшироқ усулни ўйлаб тополмаймиз. Сафарга отлан, Кеаве, франсуз оролларига йўл оламиз. Кемага чиқсак, тез орада Таитига етиб борамиз. У ерда эса шишани тўрт сантимга, уч, икки, бир сантимга сотиш ҳам мумкин. Бир ўйлаб кўргин-а, шишани яна тўрт марта сотиш имконияти бор, бу иш билан шуғулланиш учун эса биз энди бир киши эмас, икки кишимиз! Кеавегинам, энди мени бир ўпиб қўйгин-да, ғам-ғуссаларингни йиғиштир. Кокуанг сени кулфатда ташлаб қўймайди.
– Сени менга Xудонинг ўзи етказди! – дея хитоб қилди Кеаве. – Сендек хазинага етишишни орзу қилганим учунгина Xудо мени жазолаши мумкинлигига ишонмайман! Ҳаммаси сен айтганча бўла қолсин: қаерга десанг кетавераман, ўз ҳаётимни ҳам, иймон-охиратим тақдирини ҳам ўзингга ишониб топширдим.

Эртасига эрталабданоқ Кокуа сафарга тараддуд кўра бошлади; Кеаве денгиз сафарларида ўзи билан олиб юрадиган сандиқчани топиб, авваламбор унинг энг тубига, бир бурчагига шишани тиқди, устидан эса энг қимматбаҳо кийимларни, уйда бўлган энг ғаройиб ўйинчоқларни жойлаштирди.
– Ҳамма бизни бой-бадавлат деб ҳисоблаши керак, – деди у, – акс ҳолда сирли шишага ким ҳам ишонарди, ахир!

Кокуа йўлга отланар экан, ҳамиша қушдек шод-хандон эди, фақат баъзида эрига киши билмас кўз қирини ташлаганида беихтиёр кўзларига ёш қуйилиб келар, кейин югургилаб ёнига бориб, уни меҳр билан ўпиб қўярди.

Кеавенинг эса елкасидан тоғ ағдарилгандек эди; энди, сирини Кокуага очганидан кейин унинг олдида умид учқунлари милтиллагандек бўлди; у гўё қайта туғилгандек яна шахдам қадам ташлар, хўрсинишлари ҳам қолган эди. Бироқ барибир қўрқув уни бутунлай тарк этмаган; вақти-вақти билан, шамнинг заиф алангаси шамол эпкинида ўтаётгандек, унинг умидлари ҳам ўча бошлар, шунда яна кўз ўнгида дўзах алангаси гувиллар, олов тиллари лопиллаб турарди.

Улар шу заҳотиёқ кўнгил ёзиш учун Штатлар бўйлаб саёҳатга йўл олаётганлари ҳақида овоза тарқатишди ва ҳамма бундан жудаям ажабланди, лекин кимдир асл ҳақиқатдан хабар топганида ҳайрати янада ортиши турган гап эди. Xуллас, Кеаве билан Кокуа «Нуҳ кемаси»да Гонолулуга, у ердан эса оқ танли йўловчилар оломони билан биргаликда «Уматилла»да Сан-Франсискога йўл олишди.

У ердан «Тропиклар қуши» номли почта бригантинасига чиқиб, франсузларнинг Жанубий ороллардаги бош қароргоҳи бўлган Папеецга етиб келишди. Саёҳат кўнгилдагидек кетди ва улар йўлакай пассат ёрдамида қуёшли бир кунда кўзлаган манзилларига келиб тушишди.

Бу ерда тўлқинлар Маржон оролларига бош уриб ётар; Мотпутининг юксак палмалари; соҳил ёқалаб оҳиста сузаётган шхуна; денгизнинг шундоққина ёқасида, ям-яшил дарахтлар соясида ястаниб ётган шаҳарнинг оппоқ-оппоқ уйлари кўзга ташланар; уларнинг ортида эса Донишмандлар ороллари – Таитининг пурвиқор тоғлари кўкка бўй чўзган, булутлар савлат тўкиб сузиб юришарди.

Икковлари маслаҳатлашиб, биронта уйни ижарага олган маъқулроқ, деган тўхтамга келишди. Улар шундай қилишди ва пулларини ҳаммага кўз-кўз қилиш, отлари ва экипажлари билан бошқаларнинг диққатини тортиш учун Англия консулхонасининг рўпарасидан бир уй олиб жойлашишди.

Буларнинг бари осон кечди, чунки уларда шиша бор, Кокуа эса Кеаведан анча дадилроқ бўлиб, ҳали у сабаб, ҳали бу сабаб шайтондан гоҳ йигирма доллар, гоҳ юз доллар талаб қилаверарди. Шу тариқа улар тез орада бутун шаҳарга ном чиқаришди, келгинди гавайиликлар, уларнинг отлари ва экипажлари, Кокуанинг анвойи либослари-ю қимматбаҳо тақинчоқлари ҳақидаги гап-сўзлар кўпайгандан-кўпа-йиб бораверди.

Улар танти тилини анча тез ўрганиб олишди, чунки у моҳиятан гавайи тилига бағоят ўхшаб кетар, фақат айрим товушлари билангина фарқланарди. Тил ўрганиб олишгач эса шу заҳотиёқ одамларга ўз шишаларини таклиф эта бошлашди. Лекин ўзингиз, албатта, тушуниб тургандирсиз, бунақа ишга ҳатто киришишнинг ўзи ҳам унчалик осон эмасди.

Ниятингиз жиддий эканига – ёшлик соғломлиги ва битмас-туганмас бойлик манбаини атиги тўрт сантимга сотишга тайёр эканлигингизга одамларни ишонтириш бағоят машаққатли экан. Айни пайт-да шиша ичига яширинган хавф-хатарлар тўғрисида ҳам гапиришга тўғри келар, шундан кейин одамлар ё уларнинг сўзларига мутлақо ишонмай қўйиб, очиқчасига кулишар, ёки бунақанги шубҳали битимдан қўрқиб, чеҳралари тундлашар ва Шайтон билан боғланиб қолган Кеаве ҳамда Кокуанинг ёнидан тезроқ нари кетишга ошиқишарди.

Шишани сотиш йўлида заррача омадлари келмаётган эр-хотин кўп ўтмай шаҳар аҳолиси улардан ўзини олиб қочаётганини пайқаб қолишди. Болалар уларни кўрганда чинқириб, ҳар томонга қочишар, бу эса Кокуанинг юрагига ўткир ханжардек санчиларди. Эр-хотинга дуч келган католиклар худди шайтонга учрагандек чўқиниб олишарди. Бора-бора каттаю кичик барча ўзаро келишиб олгандек улардан иложи борича нарироқ юрадиган бўлди.

Эр-хотиннинг руҳи тушиб кетди. Улар кунни ғам-ташвишдан эзилиб ўтказишар, тунлари эса ўзларининг янги уйларида мижжа қоқмай, бир-бирларига ҳатто бир оғиз сўз қотмай чиқишарди. Бу сукунатни гоҳ-гоҳида Кокуанинг тўсатдан ўкраб-ўкраб йиғлаб юборишлари бузарди, холос.

Баъзан улар Парвардигорга ибодат қилишар; айрим ҳолларда шишани олиб ўртага қўйишар ва унинг ичидаги бешакл соя бетиним липиллашига қараганча, бутун оқшомни шу алфозда ўтказишарди. Шундай лаҳзаларда қўрқув уларни дам олишга қўймас; киприкларига уйқу илинмасди. Мабодо биронтаси мудраб кеца ҳам уйғонганида қоронғулик бағридан келаётган бўғиқ йиғи товушини эшитар ёки ўзи ёлғиз қолганини кўрарди.

Зотан, уларнинг ҳар бири уйдан қочиб чиқишга, шишадан имкон қадар йироқроқ бўлишга интиларди. Мўъжазгина боғдаги бананлар остида ёки ойдин кечада денгиз соҳилида айланиб юришни маъқул кўрарди.

Бир куни тунда ана шундай бўлди – Кокуа уйғонганида Кеаве кўринмасди. У ёнини пайпаслаб чиқди, ўрни совиб улгурганига қараганда эри чиқиб кетганига анча бўлганга ўхшарди. Кокуани қўрқув босди, у ўрнидан туриб ўтирди. Дераза қопқоғининг тирқишларидан ичкарига Ойнинг заиф нури тушаяпти. Унинг хонани ёритган ёғдусида Кокуа полда турган шишани кўрди.

Ташқарида бўрон гувиллар, уй олдидаги баланд дарахтлар кучли шамол остида аянчли ғичирлар, шохлардан узилиб тушаётган япроқлар айвон саҳнида шитирларди. Бироқ шу шовқин ичида Кокуа бош-қа товушларни ҳам илғай олди.

Боғ тарафдан одамнингми, ҳайвоннингми, баайни ўлим олдидаги даҳшатли ингроқлари эшитилардики, бу товушлар Кокуанинг нақ юрак-бағрига тиғ бўлиб санчилди. У оҳиста ўрнидан туриб эшикни очди ва Ой нурига чўмилган боғга назар ташлади. У ерда, банан дарахти тагида Кеаве юзтубан тушиб ётар, кўксидан фарёд, ингроқ отилиб чиқарди.

Кокуа эрининг ёнига югуриб бориб овутгиси келди, аммо ногаҳоний бир янги фикр уни тўхтатиб қолди. Кеаве унинг назарида доимо мард ва жасур кўринишга уриниб келганди, бинобарин, энди Кокуа унинг заифлик, ожизлик лаҳзаларига, уят-номусига гувоҳ бўлиб қолиши умуман тўғри келмайди. Ана шу фикр уни уйга қайтарди.

«Эй, Парвардигор! – деб ўйлади Кокуа. – Намунча беғам, намунча тубан кимса бўлмасам-а! Ахир, жаҳаннам азоби менга эмас, унга таҳдид солаяпти-ку; иймонидан айрилиб, абадий қарғишга мубтало бўлган мен эмас, у-ку, ахир! Мени деб, мендек бир аянчли, ожиз аёлга бўлган муҳаббатини деб у энди кўз ўнгида жаҳаннамнинг ўтли қопқаларини кўраяпти; ойдин кечада, ғир-ғир шамоллар қўйнида ётган жойида дўзахнинг бадбўй, қўланса тутунларини симираяпти!

Мен эса – мен! – ҳафтафаҳм ва тошбағир аёл бурчим нимада эканлигини шу пайтгача англаб етолмасам-а! Балки англаб ета олгандирман-у, ундан ўзимни олиб қочгандирман? Бироқ мана энди, фурсатни бой бермай туриб, муҳаббат йўлида мен ўз иймонимни ўз қўлим билан қурбон қиламан! Жаннатга элтувчи оппоқ пиллапояларга, у ерда мени кутиб турган қадрдон ёр-дўстларимга энди мен «Алвидо!» дейман! Муҳаббатга муҳаббат билан жавоб қайтариш керак, менинг муҳаббатим ҳам унинг муҳаббатига тенг келсин илоё! У мени деб охиратидан кечибдими, унинг ўрнига менинг охиратим куя қолсин!»

Кокуа чаққон-епчил аёл эди, бир зумда кийиниб бўлди. Кейин чақа тангаларни олди – бу бебаҳо сантимларни улар доимо тайёр ҳолда сақлашарди. Бу тангалар муомалада кам юргани учун уларни банкдан захира қилиб олишганди. Кокуа кўчага чиққанида осмонда шамол булутларни ҳайдаб юрар, улар эса Ой юзини тўсиб қўйишган эди. Бутун шаҳар уйқуда, аёл қаерга боришни билмасди, шу пайт дарахтлар остидаги қоронғиликда кимдир йўталаётганини эшитиб қолди.
– Қария, – деди Кокуа, – ҳаво айниган шундай кечада сиз бу ерда нима қилаяпсиз ўзи?

Чол бетиним йўталар, қийинчилик билан сўзларди, лекин ҳар қалай Кокуа у қашшоқ ва кексалигини, бу ерларда мусофир эканлигини тушуна олди.
– Менга бир ёрдам кўрсата олмайсизми? – деб сўради Кокуа. – Бу ерларга иккаламиз ҳам бегона эканмиз. Гавайи қизидан кўмагингни дариғ тутманг...
– Э, бу сенмидинг – саккизта оролдан келган жодугар? – деди қария. – Ҳатто мендек бир кекса одамни ҳам тузоғингга илинтиришни хоҳлаб қолдингми ҳали? Бироқ мен сен ҳақингда аллақачонлар эшитганман ва ёвуз жодуларингдан қўрқадиган жойим йўқ.
– Кел, бирпас ўтирайлик ва мен сенга бир воқеани ҳикоя қилиб берай, – деди Кокуа ва Кеавенинг бошига тушган балою кулфатларни бошдан-оёқ айтиб берди.
– Xуллас, мен унинг хотиниман ва у бечора менга етишиш учунгина абадий барҳаёт руҳини шайтонга сотишга мажбур бўлган. Xўш, энди мен нима қилишим керак? Шишани менга сотишини ўзим сўрагудек бўлсам, у албатта рози бўлмайди. Лекин шу таклифни агар сен айцанг, у жон-жон деб кўнади. Мен эса сени шу ерда кутиб тураман. Сен шишани тўрт сантимга сотиб оласан, мен уни сендан уч сантимга сотиб оламан. Мен бахтиқарога Парвардигорнинг ўзи мадад берсин!
– Мабодо мени алдагудек бўлсанг, Xудо жонингни олсин, – деди қария.
– Майли, ола қолсин! – дея қичқирди Кокуа. – Ваъдамдан асло шубҳаланма, қария! Сени алдашимга Парвардигорнинг ўзи йўл қўймайди.
– У ҳолда менга тўрт сантим бергин-да, шу ерда кутиб тур.

Бироқ кўчада ёлғиз ўзи қолганидан кейин Кокуани қўрқув босди. Шамол дарахтлар тепасида увиллар, бу эса аёлга дўзах алангасининг гувиллаши бўлиб эшитиларди. Кўча фонуси ёғдусида соялар тебранар, бу эса аёл назарида шайтоннинг даҳшатли чангаллари у томонга чўзилаётгандек бўлиб туюларди.

Кокуанинг мадори етганида дод солиб қочиб қолган бўларди, аммо нафаси қайтиб кетди. На қичқиришга ва на жойидан қўзғалишга мажоли бор, кўча ўртасида худди қўрқиб кетган гўдакдек дағ-дағ қалтираганича турарди.

Шу пайтда у қария қайтиб келаётганини ва қўлида шиша борлигини кўрди.
– Мен илтимосингни бажардим, – деди чол. – Уйдан чиқиб кетаётганимда эринг азбаройи қувонганидан ёш боладек йиғлаб юборди. Бу кеча у энди хотиржам ухлайди. – Қария шундай деб шишани Кокуага узатди.
– Шошмай тур, – аёл нафаси бўғилиб, аранг гапирарди. – Модомики шайтоний кучга боғланиб қолибсанми, бу ишинг беҳуда кетмаслиги учун сенам бирон фойда ол. Шишани менга беришингдан аввал унга сени йўталдан қутқаришини буюр.
– Мен бир кекса одам бўлсам, – деди чол, – бир оёғим гўрда турган пайтда иблиснинг марҳаматига муҳтож эмасман. Xўш, сенга нима бўлди? Шишани нега олмаяпсан? Ё фикрингдан қайтиб қолдингми?
– Йўқ-йўқ, қайтганим йўқ! – дея хитоб этди Кокуа. – Шунчаки бир заифа аёлман. Андак сабр қилгин. Шу лаънати шиша қаршисида бошдан-оёқ қўрқувдан титраяпман, уни олгани қўлим бормаяпти асло. Яна бироз кутиб тургин, мен ўзимга келиб олай.

Қария Кокуага ачиниш билан қаради.
– Ҳа бечорагина-я! Бутун борлиғингни даҳшат қамраб олган, юрагинг балою кулфатларни сезаяпти чоғи. Бўпти, шиша менда қолаверсин. Ошимни ошаб, ёшимни яшаб бўлдим, бу дунёдан кутадиган қувончларим ҳам қолмаган, энди у дунёга келсак...
– Бер менга уни! – деб қичқириб юборди Кокуа. – Ол пулингни. Мени шунчалик пасткашликка боради, деб ўйлаганимидинг ҳали? Шишани узат менга.
– Сени Парвардигор ўз паноҳида сақласин! – деди қария.

Кокуа шишани холокуси остига яшириб, чол билан хайрлашгач, боши оққан томонга қараб кетди. Чунки энди унга ҳамма йўллар барибир – бари дўзахга олиб борарди. Аёл гоҳ юриб, гоҳ югурар, баъзан мусибатга тўлуғ фарёди тун бағрини тилкалаб ўтар, баъзан эса йўл ёқасида ерга юзтубан тушиб ётганча оҳиста йиғларди.

Жаҳаннам ҳақида шу пайтгача нималарники эшитган бўлса, ҳамма-ҳаммаси кўз ўнгида гавдаланарди. У аланганинг олов тилларини кўрар, олтингугурт ҳидини сезар, чўғлар оташи гулдек баданини жизғанак қилаётганини ҳис этарди.

Фақат тонг саҳарга борибгина у ҳушини йиғиштириб олди ва уйига қайтди. Бу ерда барча нарса қария айтганидек экан: Кеаве худди бешикдаги чақалоқдек ширингина ухлаб ётарди. Кокуа унга қараганича туриб қолди.

«Мана энди, эржоним, хотиржам ухлаш учун сенинг галинг келди, – деб ўйлади у. – Уйғонганингда эса истаганингча ўйнаб-кулишинг мумкин. Бироқ бояқиш Кокуа учун – гарчи у ҳеч кимга ёмонлик қилмаган бўлса ҳам! – энди на ҳаловат, на фароғат бор. Энди у ерда ҳам, осмонда ҳам рўшнолик кўрмайди».

Кокуа шу ўй-хаёллар билан эрининг ёнига чўзилди ва ғам-ташвиш эзиб ташлаган чоғи, шу лаҳзадаёқ чуқур уйқуга кетди.

Эр хотинини уйғотиб, ажойиб янгиликдан хабар берганида кун пешинга яқинлашиб қолган эди. Кеаве қувонч-шодликдан нақ телбаланиб қолгандек эди. Кокуанинг тили айланмас, аммо бунинг аҳамияти йўқ: эри ҳар икковлари учун ҳам бетиним сўзларди. Аёлнинг томоғидан бир луқма ҳам ўтмади, лекин буни ким ҳам пайқарди дейсиз! Кеаве ёлғиз ўзи барча таомни паққос тушириб қўйди.

Кокуа унга қараб турар, гапларини гўё тушида эшитаётгандек эди. Қандай даҳшатли ҳодиса юз берганини аёл баъзан бир сонияга унутиб қўяр, баъзан эса ҳеч нарса содир бўлмагандек туюла бошлар ва у қўлини пешанасига олиб борарди. Кокуа абадий азоб-қийноқларга маҳкум этилганини билар, бу ҳам етмагандек, эри худди ёш боладек бўлар-бўлмас гапларни валдирашига тоқат қилиши кераклигини ҳам тушунар ва булардан дарди-дунёси тамом қоронғи бўлиб кетарди.

Кеаве эса шодон еб-ичар, тинмай валақлар, уйга тезроқ қайтиш орзусида режалар тузарди. Уни қутқариб қолгани учун Кокуага миннатдорчилик билдирар, уни суйиб-еркалаб, халоскорим деб атарди. Кейин эса азбаройи аҳмоқлигидан шишани сотиб олган чол устидан кула бошларди.
– Аввалига менга туппа-тузук қариядек кўринувди, – дерди у. – Аммо ҳеч қачон одамнинг ташқи кўринишига қараб баҳо бериб бўлмас экан. Бу қари бадбахтга шиша нима учун керак бўлиб қолганикан-а?
– Балки унинг ниятлари яхши бўлгандир, – оҳиста эътироз билдирди Кокуа.

Бироқ Кеаве заҳарханда кулиб қўйди:
– Бемаъни гап! Сенга айтаяпман-ку, у нафақат қари тулки, балки ғирт эшак ҳам экан! Шишани тўрт сантимга сотишнинг ўзи қанчалик азоб бўлди, уни уч сантимга оладиган телба умуман топилмаса керак. Негаки хавф-хатар ниҳоятда катта! Ундан у ёғига эса жаҳаннам оташи уфуриб турибди! – деб қичқириб юборди у ва кейин елкаларини қисиб қўйди. – Тўғри, мен ўзим уни бир центга сотиб олганман, лекин ўшанда бундан ҳам майдароқ тангалар борлигини хаёлимга келтирмагандим. Кейин эса тентакдек қийналиб юрдим. Аммо энди бошқа аҳмоқ топилмаслиги аниқ, чунки шиша кимнинг қўлига тушса, уни тўғридан-тўғри дўзахга судраб кетиши шак-шубҳасиз!
– О, эржоним! – деди Кокуа. – Одам ўзини қутқариб, бошқа бировни абадий азоб-уқубатларга дучор қилиши даҳшатли эмасми, ахир? Назаримда, мен бу ҳолдан кула олмасдим, уялган бўлардим. Ғам-ташвишга тушиб, шу шиша қўлида қолган шўрпешананинг ҳақига дуои илтижолар қилардим.

Унинг сўзлари ҳақиқат эканлигини сезган Кеаве янада жаҳлланиб кетди.
– Ҳали сен шунақамисан? – деб бақирди у. – Агар кўнглинг тусаётган бўлса, майли, хоҳлаганинг учун ғам-ташвиш чекавер. Лекин ҳар қалай, эрига меҳрибон аёл учун шу иш ярашадими, муносибми? Менга салгина бўлса ҳам жонинг ачиганида шу сўзларингдан ўзинг хижолатга тушардинг!

У шундай деб уйдан чиқиб кетди ва Кокуа ёлғиз ўзи қолди.

Шишани икки сантимга сота олишдан у қандай ҳам умид қилсин энди? Бунинг ҳеч қанақа иложи йўқлигини ўзи яхши тушунади. Ҳатто шундай умид-илинжи бўлган тақдирда ҳам бунга фурсат қани? Эри бу ердан тезроқ жўнаб кетиш пайида, борадиган жойларида эса цент-дан майдароқ тангалар муомалада йўқ. Аёл-ку ўзини қурбон қилди, лекин шундан нима наф бўлди? Мана, эртасига эрталабоқ эри уни силтаб ташлаб, уйдан чиқди кетди.

Кокуа унинг ихтиёрида қолган вақтдан фойдаланиб қолишга ҳатто уриниб ҳам кўрмади. Уйда ёлғиз ўзи ўтирган кўйи гоҳ шишани олиб, унга даҳшат-ваҳима билан қарар, гоҳ яна титраб-қақшаб кўздан пана жойга олиб қўярди.

Ниҳоят, Кеаве уйга қайтиб, хотинига сайр қилиб келишни таклиф этди.
– Ҳозир тобим қочиб турибди, – дея жавоб берди Кокуа. – Мени кечирасан-у, лекин юрагимга қил ҳам сиғмайди, ўйин-кулгуга ҳушим йўқ.

Бу гапдан Кеавенинг баттар жаҳли чиқиб кетди. Xотиним қарияга ачинаяпти деган хаёлда унга заҳрини сочди, аммо у тўғри гапираётганини кўриб тургани, ўзининг ноўрин шодлигидан уялаётгани учун ўз-ўзидан ҳам нафратланиб кетди.
– Ҳали шуми сенинг вафо-садоқатинг! – дея ҳайқирди у. – Ҳали шуми сенинг муҳаббатинг! Эринг сенга бўлган муҳаббати учун ўзини абадий азоб-уқубатларга гирифтор қилган эди, улардан аранг қутулиб қолганида эса сен ҳатто эрингнинг қувончига шерик бўлишга ҳам ярамаяпсан! Бебурд, бевафо экансан, Кокуа!

Кеаве яна қаҳр-ғазабда уйдан отилиб чиқди ва кун бўйи шаҳарда дайдиб юрди. Дўстларини учратиб, улар билан бирга кайф-сафо қилди. Кейин улар экипаж ёллаб, шаҳар ташқарисига йўл олишди ва у ерда зиёфатни яна давом эттиришди. Бироқ Кеаве хотини уйда ғам-ташвишда эзилиб ўтирган бир пайтда ўзи ялло қилиб юрганини унута олмас, бундан беҳад изтироб чекарди. У хотини ҳақлигини юрак-юрагидан ҳис этиб турар, лекин шуни тушунгани учун ҳам бор аламини ичкиликдан олишга уринарди.

Уларнинг даврасида бир кекса хаоле, ниҳоятда пасткаш ва қўпол бир одам ҳам бор эди. Бир пайтлари у кит овловчи кемада боцман бўлиб хизмат қилган, кейин дайди-саёқлик билан кун кечирган, сўнгра олтин конларида омадини синаб кўрган, турмада ҳам ўтириб чиққан эди. Юраги қора, оғзи шалоқ бу кимса ичкиликка муккасидан кетган, бошқаларни ҳам ичиришга уринар, Кеавени ҳадеб ичишга қистайверарди. Тез орада даврадагиларнинг биронтасида ҳам сариқ чақа қолмади.
– Менга қара! – деди у шунда Кеавега. – Сен ахир бой-бадавлацан-ку, ўзинг доим мақтаниб юрасан. Ҳар хил ҳунар кўрсатадиган шишанг бор, ахир!
– Ҳа, – деди Кеаве, – мен бой-бадавлатман. Ҳозир уйга бориб хотинимдан пул оламан, негаки пул унинг қўлида туради.
– Ғирт аҳмоқ экансан-у, ошна, – деди боцман. – Қайси тентак пулни хотин кишига ишониб бериб қўяди! Уларнинг бари хиёнаткор, маккор, оқар сувдек беқарор-ку, ахир. Сен ҳам хотинингга доимо кўз-қулоқ бўлиб юришинг керак.

Бу сўзлар Кеавенинг юрагига заҳарли нишдек санчилди, мастлигида боши ғувиллаб, ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетди.

«Балки у чинданам менга хиёнат қилар, қаердан билиб ўтирибман? – деб ўйлади у. – Мен нажот топганимда суюниш ўрнига ку-юнишига бало борми бўлмаса? Бироқ бунақа қилиқ-найранглари менга ўтмайди, унга кўрсатиб қўяман ҳали. Ҳозир тўғри бораман-да, нақ жиноят устида қўлга тушираман!»

Кеаве мана шу гумон-шубҳаларда шаҳарга қайтди, боцманга уни муюлишда, қадимги қўрғон ёнида кутиб туришни буюрди ва ўзи уйига қараб йўл олди. Бу орада кеч кирган, деразаларда чироқлар кўринар, аммо уйдан тиқ этган товуг эшитилмасди. Кеаве бинони айланиб ўтиб, орқа эшикка биқиниб борди ва уни оҳиста очиб, ичкарига назар ташлади.

Хона ўртасида, ёниб турган лампа ёнида Кокуа ўтирар, унинг олдида эса сутранг-оқиш тусли ва узун бўйинли бақалоқ шиша турар, аёл унга қараб юм-юм йиғлар эди.

Кеаве бу манзарани кўриб остонада михлангандек туриб қолди, узоқ вақтгача жойидан силжий олмади. Аввалига у ҳайкалдек тош қотди, ҳеч нарсани ўйлаёлмай тураверди, кейин эса уни қўрқув қамраб олди. У нима учундир битим амалга ошмай қолган-у, шиша худди Сан-Франсискода бўлганидек яна ёнимга қайтиб келган, деган хаёлга борди. Шу лаҳзадаёқ тиззаларидан мадор кетиб, кайфи ҳам баайни дарё тепасидаги туман тонг саҳарда эриб кетганидек, бир зумда тарқади қолди. Лекин бирданига хаёлига янги, жуда ғалати бир фикр келди-ю, уят-номусдан юзларига қон тепди.

«Буни текшириб кўриш керак», – деб ўйлади у.

Кеаве эшикни оҳиста ёпди, уйни яна астагина айланиб ўтди, кейин эса гўё эндигина қайтиб келаётгандек тапир-тупур қилиб ортига юрди. Xўш, нима бўлди у ёғига? У катта эшикни очиб ичкари кирганида шишанинг қораси ҳам кўринмасди, Кокуа эса оромкурсида ўтирган кўйи уни кўрганида бир сесканди ва гўё уйқудан уйғонгандек бўлди.
– Мен бутун кунни кайф-сафо билан ўтказдим, – деди Кеаве. – Ажойиб дўстларим даврасида эдим, ҳозир эса пул олгани келдим – зиёфатимизни яна давом эттирмоқчимиз.

Унинг чеҳраси ҳам, овози ҳам мудҳиш тусда эди, аммо ўз ёғига қовурилиб ўтирган Кокуа ҳеч нимани пайқамади.
– Тўғри қиласан, эржоним, чунки бу ердаги ҳамма нарса сеники, – деди у синиқ овозда.
– Ҳа, мен доимо тўғри иш қиламан, – деди Кеаве ва тўғри сандиқча ёнига бориб, ичидан пул олди. Айни пайтда у сандиқчанинг шиша турадиган бурчагига кўз ташлашга улгурди, аммо у кўринмасди.

Шу аснода Кеавенинг бирдан кўзи тиниб, боши айланиб кетди, назарида бутун олам остин-устун бўлаётгандек эди. Чунки у энди ҳамма нарса барбод бўлганини, бу ёғига ҳеч қандай нажот йўқлигини англаб етган эди.

«Айнан ана шундан қўрққандим, – деб ўйлади. – Демак, шишани хотиним сотиб олгани шубҳасиз».

Ниҳоят, у ўзига келиб, чиқиб кетмоқчи бўлди, аммо ёмғирдек сероб ва булоқ сувидек совуқ тер томчилари юзларидан қуйилиб келарди.
– Кокуа, – деди Кеаве. – Бугун сенинг кўнглингни оғритиб қўйганим чакки бўлди. Ҳозир дўстларимнинг қувноқ-шодон даврасига қайтаман ва базми жамшидни яна давом эттирамиз. – Шу ўринда у сал кулгандек бўлиб, қўшимча қилди. – Лекин агар сен мени кечирсанг, кўнгилхушлигим ҳам сал татирмиди.

Кокуа унга отилиб, тиззаларини қучоқлаб олди, бош уриб, кўз ёшлари тўкди.
– О! – деёлди у оғриқли оҳангда. – Менга сенинг ширин сўзларингдан бошқа ҳеч нарса керак эмас!
– Бундан бу ёғига бир-биримиз ҳақимизда ёмон хаёлга бормайлик асло, – деди Кеаве ва уйдан чиқиб кетди.

Ана энди кейин нима бўлганини эшитинг. Аслида Кеаве улар бу ерга келишган заҳотиёқ захира қилиб қўйишган пулдан атиги бир неча сантим олганди, холос. Кайф-сафо қилиш шу тобда унинг ха-ёлига ҳам келмасди. Xотиники уни деб ўзини дўзахга тутиб берибдими, энди уни деб Кеаве ўзини жаҳаннамга отиши керак. Шу лаҳзаларда у бундан бўлак ҳеч нарсани ўйлай олмасди.

Боцман уни муюлишда, қадимги қўрғон ёнида кутиб турарди.
– Шишани хотиним эгаллаб олибди, – деди унга Кеаве. – Агар уни қайтариб олишимга сен ёрдам бермасанг, бугун иккаламиз учун пул ҳам, ичкилик ҳам йўқ.
– Шиша ҳақидаги гапларинг ростми, ҳазиллашмаяпсанми мабодо?
– Қани, фонус остига юр-чи, – деди Кеаве. – Энди менга бир қара: ҳазиллашаётганга ўхшайманми, йўқми?
– Гапинг рост, – деди боцман. – Арвоҳнинг қиёфаси ҳам сеникичалик жиддий бўлмаса керак.
– Унақада қулоқ сол, – деди Кеаве. – Мана сенга икки сантим. Ҳозир хотинимнинг ёнига борасан-да, шишани шу пулга сотиб оламан дейсан. Агар мен тўғри тушунган бўлсам, у ўша заҳотиёқ беради. Шишани бу ерга олиб келасан ва мен уни сендан бир сантимга сотиб оламан. Чунки қонун-қоидаси шунақа: бу шишани фақат зарарига сотиш мумкин. Ҳа, энди бир гап: сени мен юборганимни хотинимга айтиб қўймагин-а, яна!
– Мени лақиллатмаяпсанми ишқилиб, ошна? – деб сўради боцман.
– Мабодо алдаган тақдиримда ҳам сен нима йўқотардинг? – эътироз билдирди Кеаве.
– Бу гапинг ҳам тўғри, – маъқуллади боцман.
– Агар менга ишонмаётган бўлсанг, текшириб кўришинг жуда осон, – деди Кеаве. – Уйдан чиққан заҳотинг чўнтагинг пулга тўлишини ёки энг яхши бир шиша ром пайдо бўлиб қолишини сўра. Ёинки, ўзингга маъқул келган, кўнглинг тусаган исталган нарсани тилайвер. Бу шишада қандай куч-қудрат борлигини ана ўшанда кўрасан.
– Бўпти, дўстим, – деди боцман. – Синаб кўрсам кўрибман-да. Аммо-лекин бир нарсани билиб қўй. Мабодо устимдан кулишни ўйлаган бўлсанг, мен оғзини очиб қараб турадиган анойилардан эмасман. Боплаб адабингни бериб қўйиш қўлимдан келади.

Кит овловчи кекса боцман шундай деб, уй томон кетди, Кеаве эса уни кутиб қолди. Бу жой ўтган кеча Кокуа қарияни кутган ер яқинида эди. Фақат, хотинидан фарқли ўлароқ, Кеаве қатъиятга тўлиқ, заррача бўлсин иккиланмас, ҳолбуки юраги пора-пора бўлиб ётарди.

Унинг назарида жуда узоқ кутиб қолгандек туюлди, лекин, мана, қоронғиликдан хиргойи товуши эшитилди. Кеаве боцманнинг сархуш овозини таниб, ажабланди: шу бемаҳалда қаердан ютиб ола қолди экан?

Ниҳоят, кўча фонуси ёғдусида гандираклаб келаётган боцман кўринди. Шайтоний шиша унинг қўйнига яширилган, бушлатининг ҳамма тугмалари қадалган эди. Қўлида эса бошқа шиша, Кеавега яқинлашар экан, ундан ҳўплаб-ҳўплаб қўярди.
– Кўринишингга қараганда, ишингни бажарганга ўхшайсан, – деди Кеаве.
– Торт қўлингни! – дея ўшқирди боцман бир қадам ортга чекиниб. – Яқинлашадиган бўлсанг, уриб абжағингни чиқараман! Менинг орқамда шу очил дастурхонга эгалик қилишни ўйлабмидинг ҳали!
– Нималар деяпсан ўзи? – ажабланди Кеаве.
– Нималар деяпман? – такрорлади боцман. – Бу шиша менга жуда ёқиб қолди, ана шуни айтмоқчиман. Шундай хазинани атиги икки сантимга қандай қилиб қўлга киритдим, ўзим ҳам ҳайронман. Аммо лекин сен уни бир сантимга оламан, деб хомтама бўлмай қўя қол.
– Уни... сотмоқчи эмасмисан ҳали? – деб сўради Кеаве тили зўрға айланиб.
– Йўқ, сер! – дея хитоб қилди боцман. – Лекин сени бир қултум ром билан сийлашим мумкин.
– Сен бошқа бир гапни тушун: бу шишага эгалик қилган одам дўзахга тушиши муқаррар, ахир!
– Ўзи, шусиз ҳам борадиган жойим ўша ер, – дея эътироз билдирди боцман. – Жаҳаннамга саёҳат қилишда эса манави шишадан ҳам яхшироқ ҳамроҳни учратганим йўғиди шу пайтгача, сер! – дея ҳайқирди у яна. – Энди бу шиша меники, сен эса йўқол, балки бошқасини топиб оларсан.
– Менга қара, шу гапларни чиндан ҳам айтаяпсанми? – деб бақириб юборди Кеаве. – Xудо ҳақи, сендан ўтинаман – охиратинг куймаслиги учун сот уни менга!
– Ўтинчингга тупурганим бор! – дея жавоб қилди боцман. – Сен мени шунчаки бир лақма, гўл деб ўйлагандинг, энди кўриб турибсанки, тузоғингга илинадиган ҳафтафаҳмлардан эмасман. Xуллас, гап тамом, вассалом! Ром билан меҳмон қилишимни хоҳламасанг хоҳлама – ўзим ичаман. Саломат бўл, ошна!

У шундай деб шаҳар марказига қараб йўл олди, ҳикоямиздаги шиша ҳам у билан бирга кетди.

Кеаве эса Кокуанинг ёнига қанот чиқаргандек учиб борди ва шу кеча уларнинг қувонч-шодликларига ҳеч қандай чегара бўлмади. Ана ўшандан буён эр-хотиннинг «Ярқироқ Уй»даги ҳаёти тинчлик-осойишталик, шод-хуррамликда кечди.


  1. Пинта – ҳажм ўлчови бирлиги.
  2. Бушлат – пахталик нимча, денгизчилар кийими.
  3. Штопор – бутилка пўкагини очадиган парма.
  4. Кубрик – кемада команда жойлашадиган хона.
  5. Шхуна – унча катта бўлмаган елканли кема.
  6. Канаклар – Тинч океандаги оролларнинг туб аҳолиси.
  7. Хаоле – маҳаллий аҳоли.