OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРоберт Шекли
Асар номиШакл (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Илмий тахайюлот
Муаллифлар
   - Роберт Шекли
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонРус тилидан Нурпўлат НУРҚУЛОВ таржимаси
Ҳажм54KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/12/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шакл (ҳикоя)
Роберт Шекли

Учувчи Пид тезликни қарийб нолга туширди. У ҳаяжон ила мовий сайёрага тикиларди. Ускуналар кўрсаткичларисиз ҳам бунга шубҳа қолмаганди. Қуёш тизимида учинчиси ҳисобланган бу сайёра яшаш учун ягона яроқлиси эди. Сайёрани тинчгина сузаётган булутлар ўраб олган.

Сайёра жуда беозордек туюларди. Аммо унда Глом сайёрасидан юборилган барча экспедитсия аъзолари умрига зомин бўлган нимадир бордек эди гўё. Пид узил-кесил пастга шўнғишдан олдин қандайдир лаҳзаларга тараддудланиб қолди. Ўзи ва яна икки шериги ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бу ишга тайёр эди. Ҳар бирининг танасидаги чўнтакда ҳо-зирча ҳаракатсиз, аммо ишлатишга шай, ихчамгина Кўчиргич солинган.

Пид экипажга нимадир демоқчи бўларди-ю, бироқ гапни нимадан бошлашни билмай турарди. Экипаж кутмоқда. Алоқачи Илг Глом сайёрасига сўнгги хабарни жўнатиб бўлган. Индикатор Жер эса бир йўла ўн олти ускунанинг кўрсаткичларидан кўз узмай турибди. «Душманлик руҳи аломатлари мавжуд эмас», дея маълумот берди у бепарво тарзда.

Пид ушбу хотиржамликни ичида қайд қилиб қўйди. Энди нима ҳақида гапиришни билади. Экспедитсия Глом сайёрасини тарк этгандан буён Шакл Интизомига риоя қилиш салбий томонга ўзгарган. Ҳужум Қўмондони уни огоҳлантирганди-я. Лекин нимадир қилиш ҳам керак. Бу Учувчининг бурчи, негаки, Алоқачи ва Индикаторлар чиққан қуйи табақалар Шаклсизликка интилувчилар сифатида ёмонотлиққа чиқиб бўлишган.

– Экспедитсиямизга жуда катта умид боғланган, – секин гап бошлади Пид. – Биз энди ватандан йироқдамиз.

Индикатор Жер бош ирғади. Алоқачи Илг эса унга буюрилган Шаклдан оқиб чиқиб, қулай тарзда ялпайиб олди.

– Бироқ, – деди қаттиққўллик билан Пид, – масофа беахлоқ Шаклсизликни оқлаш учун хизмат қилмайди.

Илг дарров Алоқачига мос бўлган Шаклга айланди.

– Бизга, сўзсиз, Экзотик Шаклларга мурожаат қилишга тўғри келади, – давом этди Пид. – Бундай ҳолатлар учун алоҳида рухсатнома бор. Аммо унутманг: хизмат заруратисиз қабул қилинган ҳар қандай шакл айнан Шаклсизликнинг найрангидир.

Жер дарҳол танаси юзасидаги оқма ўйинларини тўхтатди.

– Гапим тамом, – дея хотима ясади Пид ва яна диққатини бошқарув пултига қаратди.

Кема жуда оҳисталик билан пастлаб борар, экипаж эса шунчалик бир-бирига уйғун ҳаракат қилардики, бундан Пид беихтиёр ғурурланиш ҳиссини туйди.

«Яхши ишчилар, – ўйлади у. – Охир-оқибат улардаги Шаклнинг ўз ўрнини билиш ҳисси олий табақадан бўлган Учувчиники каби ривожланишига ишонса бўлади». Ҳужум Қўмондони ҳам худди шу сўзларни айтганди.

– Пид, – деганди Ҳужум Қўмондони сўнгги суҳбат чоғи, – бу сайёра бизга жудаям керак.

– Ҳа, жаноб, – дея жавоб берганди Пид қаддини ғоз тутганча, арзимас ҳаракат билан ҳам ўзидаги Учувчининг Байрамона Шаклини бузмасликка интилиб.

– Орангиздан биттангиз у ерга кириб, атом қуввати манбаи яқинига Кўчиргични ўрнатиши керак. Биз томонда эса қўшин сакрашга шай туради.

– Буни уддалаймиз, жаноб.

– Экспедитсия мақсадга эришиши лозим, – деди Қўмондон. Кучли чарчоқ сабаблими унинг чеҳраси бир зумгагина қийшайиб кетди. – Гап фақат иккимизнинг ўртамизда қолсин: Глом ҳозир жуда нотинч. Кончилар иш ташлаган. Улар ер ишлари учун янги шаклларни талаб қилишмоқда. Айтишларича, эскиси ноқулай эмиш!

Пид керакли бўлган қаҳр-ғазабни ифода қилди. Кончилар шакли, худди бошқа асосий шакллар каби жуда қадимда ўрнатилган. Энди эса бу каллаварамлар уни ўзгартиришмоқчими?!

– Бу ҳали ҳаммаси эмас, – давом этди Қўмондон. – Биз Шаклсизликнинг яна бир кўринишига тўқнаш келдик. Унинг таъсирига тушиб қолган гломлардан саккиз мингтачасини қўлга олдик ҳам, аммо ҳали яна қанчаси озодликда юргани номаълум.

Пид гап Глом аҳолиси тасаввурига ҳам сиғдира олмайдиган жуда хавфли иблис, Буюк Шаклсизлик васвасаси ҳақида кетаётганини англади. Аммо гломларнинг қандай қилиб бу васваса қутқусига тушиб қолаётганига ўзиям ҳайрон эди.

Қўмондон Пиднинг кўнглига қандай гап келганини ва уни тилига чиқара олмай турганини дарров тушунди.

– Пид, – деди у, – сен, афтидан, тушунмаётган бўлсанг керак. Айт-чи, сенга Учувчи бўлиш ёқадими?

– Ҳа, жаноб, – оддийгина жавоб берди Пид. – Парвоз қилиш ёқадими, дейсиз. Ахир бу ҳаётим мазмуни-ку?! Мен кемасиз – ҳеч кимман.

– Аммо ҳамма гломлар ҳам шундай, деб айта олмайди. Менинг ўзимгаям бу тушунарсиз. Вақтнинг бошланишидан бери барча аждодларим Ҳужумлар Қўмондонлари бўлишган. Шу боис ўз-ўзидан тушунарлики, мен ҳам Ҳужумлар Қўмондони бўлишни истайман. Бу нафақат табиий, балки қонуний ҳам. Бироқ қуйи табақалар бутунлай бошқа ҳиссиётларни туядилар, – Қўмондон ғамнок алпозда танасини қимирлатиб қўйди. – Сенга бу ҳақда бекорга гапирганим йўқ. Биз гломларга катта маконлар керак. Сайёрадаги низолар, тартибсизликлар аҳолининг кўпайиб кетгани билан изоҳланади. Психологлар шундай дейишмоқда. Агар бошқа сайёрада ривожланиш имкониятини қўлга киритсак – барча яралар тузалиб кетган бўларди. Шу боис сенга умид боғлаяпмиз.

– Ҳа, жаноб, – фахрлангандай жавоб берди Пид.

Суҳбат тугаганига ишора қилгандек, Қўмондон жойидан турмоқчи бўлди-ю, кутилмаганда яна қайтиб ўтирди.

– Экипажга кўз-қулоқ бўлиб туриш керак. Содиқ йигитлар, бунга гап бўлиши мумкин эмас. Аммо улар барибир қуйи табақадан. Қуйи табақанинг қанақалигини эса ўзинг яхши биласан.

Ҳа, Пид буни биларди.

– Экипаждаги Индикатор Жернинг Ислоҳотчиликка яширинча мойиллиги бор, дейишади. Бир сафар уни ноқонуний тарзда Овчи шаклига киргани учун жаримага ҳам тортишган. Илгга қарши бирор аниқ айблов йўқ. Бироқ менга маълумот беришларича, у шубҳали тарзда узоқ вақт ҳаракатсиз ҳолатда қолар экан. Ўзини Мутафаккир деб ўйлаётган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

– Бироқ, жаноб, – журъат этиб Қўмондоннинг гапини бўлди Пид, – агар уларнинг номига Ислоҳотчилик ёки Шаклсизлик борасида озгина доғ тушган бўлса ҳам бундай экспедитсияга жўнатиш тўғри бўлармикан?

Бироз тараддудлангандан сўнг Қўмондон хўрсиниб қўйди:

– Мен ишонсам бўладиган гломлар бирталай. Бироқ бу икковида тасаввур ва топағонлик кучлироқ, яъни улар мазкур экспедитсия чоғи асқотадиган алоҳида сифатларга эга. Уларга кўз-қулоқ бўлиб туриш керак.

– Ҳа, жаноб, – деди Пид ва суҳбат тугаганини англаб, салют берди.

Пид танасининг ички чўнтагида айни дамда мудроқ ҳолдаги, лекин зарур пайтда душманнинг атом энергиясини Гломнинг енгилмас қўшинини олиб ўтадиган самовий кўприкка айлантириб бера оладиган Кўчиргичнинг оғирлигини ҳис қилди.

– Омадингизни берсин, – деди Қўмондон. – Унинг сизга керак бўлишига ишончим комил.

Кема бирор товуш чиқармай, душман сайёраси томон пастлаб бормоқда. Индикатор Жер пастда сузиб юрган булутларни тадқиқ этди ва олинган маълумотларни Ниқобловчи блокка киритди. У эса дарҳол ишга киришди ва тез орада кема патсимон булут шаклини олди.

Пид кеманинг сирли сайёра узра оҳиста парвоз қилишига қўйиб берди. Энди у Учувчининг Байрам Шаклида, яъни Учувчилар табақаси учун мўлжалланган тўрт шаклнинг энг самарали ва энг қулайида эди. Ҳозир у гунг, кўр ва соқовга, янаям тўғрироғи, бошқарув пултининг ажралмас қисмига айланган. Бутун диққат-эътибори қат-қат булутлардан ўзиб кетмасликка ва улар билан уйғунлашиб кетишга қаратилган эди.

Жер эса Индикаторлар учун рухсат этилган шакллардан бирига кириб олган ва зўр бериб уни сақлаб қолишга интиларди. У маълумотларни Ниқобловчи блокка киритгач, пастлаётган кема тўп-тўп булутлардан бирига ўхшаб қолди. Душман сайёрасида эса ҳеч қандай ҳаёт аломатлари зоҳир бўлмасди.

Илг атом қуввати манбаи жойини аниқлади ва бу ҳақда Пидга хабар берди. Учувчи йўналишни ўзгартирди. У энг пастдаги булутларгача тушиб борди. Сайёрагача бир мил масофа қолганди. Бироқ хавф сигналидан дарак йўқ. Ўзларидан олдин жўнатилган йигирмата экспедитсиянинг қисмати нима бўлгани ҳам жумбоқлигиича қолмоқда эди.

Пид атом электр стантсияси узра парвоз қилаётганида сайёра юзини ғира-ширалик қоплай бошлади. Атрофдаги бинолардан узоқроқ бўлишга интилган кема энди ўрмон узра парвоз қилишга ўтди. Чор-атрофда қоронғилик борган сари қуюқлашиб бормоқда. Мовий сайёранинг ягона Ойи қалин булутлар пардаси ортига бекинди. Булутлардан бири тобора пастлаб, пастлаб… охири ерга қўнди.

– Тезда кемани тарк этинг! – қичқирди Пид бошқарув пултидан ажралаётиб.

У энди югуриш учун энг қулай бўлган шаклга ўтиб олиб, отилиб люкдан чиқди. Жер ва Илглар ҳам унинг кетидан ошиқдилар. Кемадан эллик метрлар нарига югуриб боришгач, таққа тўхтаб, кута бошлашди.

Кема ичидаги қайсидир занжирда қисқа туташув юз берди. Кема овозсиз бир титраб олди-да, уларнинг кўз ўнгида эрий бошлади. Пластмасса ҳавога сингиб, металл асослар буришиб, кичрая бошлади. Кўп ўтмай, кема бир уюм лаш-лушга айланди, бироқ жараён ҳали давом этмоқда эди. Йирик металл бўлаклари кичкиналарига айланар, майда синиқлар яна ва яна бўлинарди. Кеманинг ўз-ўзини йўқ қилишини кузатиб турган Пидни кутилмаганда чорасизлик ҳисси чулғаб олди. У Учувчилар табақасидан чиққан эди. Унинг отаси, отасининг отаси, хуллас, ўша туманли даврлардан, Гломда илк самовий кемалар пайдо бўлган пайтлардан бошлаб барча аждодлари Учувчилар бўлишган. Унинг бутун болалиги кемалар орасида ўтди, вояга етгач, ўзи ҳам Учувчига айланди. Айни дамда эса бегона оламда кемасидан ажралгач, чорасиз ва иложсиздек сезарди ўзини.

Бир неча дақиқадан сўнг кема қўнган жойда бир уюм чанггина қолди. Тунги эсган шамол эса бу чангни бутун ўрмонга сочиб, тарқатиб юборди.

Улар кутишарди. Бироқ ҳеч нима содир бўлмади. Шамол ғувиллар, дарахтлар қисирларди. Олмахонлар инларида қасир-қусур қилишар, қушлар эса дарахт шохларида ўтириб олиб, вақти-вақти билан қанотларини потирлатиб-потирлатиб қоқиб қўйишарди. Чўчқаёнғоқ қисқагина бўғиқ қарсиллаган товуш чиқариб, ерга тушди. Шундай қилиб, Гломнинг йигирма биринчи экспедитсияси Ерга омадли қўнганди.

Эрталабгача ҳеч бир ишни қилиб бўлмасди, шу боис Пид режа туза бошлади. Улар атом электр стантсиясининг жуда яқинига қўнишган. Шунчалик яқинки, бу ўзига хос жасурлик ҳам эди. Энди эса янаям яқинроқ боришлари керак. Улардан бири атом реактори биносигача етиб бориши ва Кўчиргични ишга тушириши лозим. Бу қийин. Аммо Пид бунга эришишига шубҳа қилмасди. Ахир топқирликда Глом аҳолисининг олдига тушадигани йўқ.

«Топқирликка жуда топқирларку-я, – аччиқ ўйга толди у, – аммо уларга радиоактив унсурлар даҳшатли тарзда етишмайди-да!» Бу мазкур экспедитсиянинг ўта муҳим ҳисобланишига сабаблардан яна бири. Гломликлар ўзларига буйсиндирган сайёраларда радиоактив ёқилғи деярли қолмаган.

Янги тарих бошланишидаёқ қўшни оламларни ўзлаштириш, яшашга яроқлиларига кўчиб ўтиш учун ўзининг барча радиоактив моддалар заҳирасини сарфлаб бўлган Гломга ҳамиша янги-янги оламлар зарур эди.

Яқинда разведка экспедитсияларидан бири томонидан топилган бу сайёра ҳам гломликларга керак. У гломликларнинг барча талабларига жавоб берарди, аммо анча олис масофада жойлашган. Ҳарбий-фазовий флотни жўнатишга эса ёқилғи етишмасди. Аммо гломликларнинг бахтларига мақсадга етишишнинг бошқа, ундан-да қулайроқ йўли топилди.

Қачонлардир жуда қадимда Глом олимлари Кўчиргични яратишган. Бу ўша даврларда Айниятлар Техникасида чинакам ғалаба бўлганди. У маълум йўл билан ўзаро боғланган икки нуқта ўртасидаги массани лаҳзалар ичида бир нуқтадан иккинчисига кўчиради. Биттаси кўчмас ҳисобланиб, учи Гломдаги ягона атом энергостантсиясида жойлашган. Иккинчи учини эса исталган ядровий қувват манбаи ёнига жойлаштириб, ҳаракатга келтириш керак бўларди. Ажратилган қувват икки нуқта орасида ҳаракатланиб, икки бор ўз шаклини ўзгартиради. Айниятлар Техникаси мўъжизаси туфайли гломликлар сайёрадан сайёрага сакрашлари, уларга қуюндай ёпирилишлари мумкин эди.

Бу жуда содда усулда амалга ошириларди. Бироқ шунга қарамай, йигирмата экспедитсиядан бирортаси Ердаги нуқтага Кўчиргични ўрната олмаган. Уларга нима халақит берганини эса ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда сўзлаб бериши мумкин бўлган бирортаям кема аъзоси Гломга қайтмаган.

Тонг пайтида экспедитсия аъзолари маҳаллий ўт-ўланлар тусига кириб олишиб, ўрмон оралаб кетиб боришарди. Кўчиргичлар яқин ўртада ядровий қувват борлигини сезгандек кучсиз титрай бошлади.

Уларнинг ёнидан миттигина тўртоёқли жонивор югуриб ўтиб кетди. Худди шу пайт Жерда ҳам тўрт оёқ пайдо бўлиб, ҳалиги жониворнинг кетидан қувлаб қолди.

– Жер! Тезда ортингга қайт! – қичқириб юборди Пид эҳтиёткорликни унутиб.

Жер эса бу орада жониворга етиб олиб, ерга босди. У ўлжасини емоқчи эди, бироқ тишларни пайдо қилиш эсидан чиққанди. Бундан фойдаланган жонивор унинг чангалидан чиқди-да, ўрмонда кўздан йўқолди. Жер тишларни пайдо қилди ва сакраш учун мушакларини таранглаштира бошлади.

– Жер!

Индикатор истамай ўгирилди. Товуш чиқармасдан сакраб-сакраб Пиднинг олдига келди.

– Қорним очганди, – деди у.

– Йўқ, очмаганди, – деди қатъийлик билан Пид.

– Очганди, – тўнғиллади Жер хижолатдан ўнғайсизланиб.

Пид Қўмондоннинг гапларини эслади. Жерда, сўзсиз, Овчи бўлишга нисбатан кучли мойиллик яширинган. Унга кўз-қулоқ бўлиш керак.

– Бунга ўхшаш нарсалар бошқа такрорланмасин, – деди Пид. – Унутма, Экзотик шаклларга киришга ҳали рухсат берилмаган. Ҳозирча ўзинг туғилган шакл билан қаноатланиб тур.

Жер бош ирғади ва яна ўрмондаги буталар билан уйғунлашиб кетди. Йўлни давом эттирдилар.

Ўрмон четидан атом электр стантсияси жуда яхши кўринарди. Пид бутага монанд ниқобланди, Жер эса эски ғўлага айланди. Илг эса бироз ўйланиб тургач, ёш эман кўринишига кирди. Стантсия унча баланд бўлмаган металл тўсиқлар билан ўралган узун бинодан иборат экан. Тўсиқдаги дарвоза ёнида соқчилар туришарди.

«Биринчи галдаги вазифа, – ўйлади Пид, – йўлини топиб, дарвозадан ўтиб олиш». У бунинг усуллари ва йўллари ҳақида ўйлай бошлади.

Разведка экспедитсияларининг ҳисоботларидан олинган узуқ-юлуқ маълумотлар бўйича, баъзи муносабатлар борасида одамлар ирқи гломликларникига ўхшаб кетишини Пид биларди. Уларнинг ҳам худди гломликларникидек уйлари, хонакилаштирилган жониворлари, маданияти бор. Механика борасида ерликлар ҳам худди гломликлар каби жуда моҳир.

Бироқ бу икки ирқ ўртасида ақл бовар қилмас фарқлар ҳам мавжуд. Одамларга худди тошлар ва дарахтлар каби доимий, ўзгармас шакл берилган. Бу бир хиллик ўрнини тўлдириш учун уларнинг сайёраси турли-туман насл, нав ва зотларга фавқулодда тўлиб-тошиб кетган. Ҳайвонот олами бор-йўғи саккизтагина шаклдан иборат Гломга сира ўхшамайди, албатта.

«Чақирилмаган меҳмонларни тутишда ерликларнинг малакаси анча ошгани ҳам аниқ», ўйлади Пид. Афсуски, олдинги экспедитсияларнинг муваффақиятсизликка учраши сабабини билмайди-да. Бу ишни анча осонлаштирган бўларди.

– Топдим, – деди Жер ғалати жонивор кўздан йўқолиши билан. – Мен Одамга айланаман-да, дарвозадан ичкарига, реактор биносига кириб, Кўчиргични ҳаракатга келтираман.

– Сен уларнинг тилида гаплашишни билмайсан-ку?! – эслатди Пид.

– Бирон оғиз ҳам гапириб ўтирмайман. Уларга ҳатто, эътибор ҳам қаратмайман. Мана бундай, – деди-да, Жер инсон қиёфасига кириб олди.

– Чакки эмас, – қувватлади Пид.

Жер бир неча марта Одам каби қадам ташлаб кўрди.

– Бироқ қўрқаманки, бундан бирон иш чиқмайди, – давом этди Пид.

– Ахир, бу мантиққаям мос келяпти-ку?! – эътироз билдирди Жер.

– Биламан. Олдинги экспедитсиялар ҳам худди шу усулни қўллаб кўришган бўлишлари керак. Оқибатда уларнинг биронтасиям қайтмади.

Бу борада баҳс юритиш қийин эди. Жер яна тўнкага айланди.

– Унда нима қиламиз? – сўради у.

– Мен бир ўйлаб олай, – жавоб берди Пид.

Улар олдида икки оёқли эмас, балки тўрт оёқдаги жонивор ивирсиб юра бошлади. Пид уни дарров таниди. Ит – Одамнинг дўсти. Пид диққат билан уни кузата бошлади.

Ит ер искаганча дарвоза томон юрди. Уни ҳеч ким тўхтатмадию Ит дарвозадан ўтиб, майсалар устига ётиб олди.

– Иҳм, – деди Пид.

Улар итдан кўзларини узмай кузатишарди. Одамлардан бири унинг ёнидан ўтаётиб, бошига тегиниб қўйди. Ит эса тилини чиқариб, оёқларини осмонга қилиб олди.

– Мен ҳам шундай қила оламан, – деди ҳаяжонланиб Жер. У Итнинг шаклига кириб бўлганди аллақачон.

– Йўқ, шошма, – деди Пид. – Куннинг қолган қисмини яхшилаб ўйлаб олишга сарфлаймиз. Ишимиз жуда муҳим, бунда кўр-кўрона иш тутиш ярамайди.

Жер хўмрайганча унга бўйсинди.

– Кетдик, қайтадиган вақт бўлди, – деди Пид.

Жер билан яна ўрмоннинг қуюқ жойига қайтмоқчи бўлиб туришганида, кутилмаганда Пиднинг эсига Илг тушиб қолди.

– Илг! – секин чақирди у.

Ҳеч қандай жавоб бўлмади.

– Илг!

– Нима? Ҳа, айтганча, – деди ёш эман ва бутага айланди. – Узр, бирон нима дедингизми?

– Биз қайтаяпмиз, – такрорлади Пид. – Сен тасодифан Мутафаккирга ўхшаб чуқур мушоҳада қилмаётганмидинг?

– Йўғ-э, – ишонтирди Илг. – Шунчаки, дам олаётгандим.

Пиднинг бу изоҳга рози бўлишдан ўзга чораси қолмади. Ташвишлари шусиз ҳам керагидан ортиқча.

Улар куннинг қолган қисмини ўрмоннинг зич ерида бу масалани муҳокама қилиб ўтказдилар. Афтидан, уларда иккита имконият бордай туюлди – Одам ёки Ит шаклига кириш. Бир жойда томир отиб ўсадиган дарахтнинг дарвоза томон ҳаракатланиб бориши сира-сира ўтиришмасди. Бунинг устига ҳеч ким шу тахлит сездирмасдан ўтиб кетолмайди.

Одам шаклида ўтишга уриниб кўриш ҳам жуда таваккал қилишдек гап эди. Хуллас, эрталаб Жернинг Ит шаклида бу ишни амалга оширишга уриниб кўришига келишиб олдилар.

– Энди ухлаб олинглар, – деди Пид.

Экипажнинг иккала аъзоси ҳам унга бўйсиниб, ўша лаҳзанинг ўзидаёқ шаклсиз кўринишга келиб, ялпайиб олишди. Ҳаммаси оддийдек кўринарди гўё. Нега атом электр стантсияси бунчалик ёмон қўриқланмоқда? Олдин қўлга олишган экспедитсиялардан Одамлар бирон нимани билиб олишлари керак эди-ку?! Наҳотки, улар умуман савол ҳам бериб ўтирмай, ўлдириб юбораверишган бўлишса?

Ўзга оламлик махлуқотнинг нима қилмоқчилигини олдиндан ҳеч қачон билиб бўлмайди.

Балки очиқ дарвозалар тузоқдир?

Пид ҳорғин ҳолда юмшаб, дўнгчали ерга қулайроқ жойлашиб олди. Бироқ шу заҳотиёқ ўзини тартибга келтирди.

Шаклсизлик ҳолатигача тушибди-я?!

«Қулайликнинг бурчга ҳеч қанақа алоқадорлиги йўқ», дея ўзига эслатди ва дарров яна Учувчи шаклига кириб олди.

Бироқ Учувчи шакли намчил, нотекис тупроқда ухлаш учун мўлжалланмаганди. Пид тунни нотинч ўтказди.

Эрталаб Пид чарчаган ва кайфиятсиз ҳолда уйғонди. Жерни туртди.

– Ишга киришиш керак, – деди у.

Жер қувноқлик билан тик шаклга кириб олди.

– Илг, сен ҳам уйғон! – деди Пид атрофга аланглаб. – Уйғон деяпман!

Жавоб бўлмади.

– Илг! – чақирди у.

Яна жавоб йўқ.

– Уни топишга ёрдамлашиб юбор, – деди Пид Жерга. – У шу яқин атрофда бўлиши керак.

Икковлашиб ҳар бир бута, дарахт ва тўнкаларни текшириб чиқишди. Аммо уларнинг бирортаси Илг эмасди.

Пид танасини совуқ қўрқув эгаллаганини ҳис этди. Алоқачига нима бўлдийкин?

– Балки таваккал қилиб, дарвозадан ўтишга қарор қилгандир? – деди Жер.

Пид бу фаразни ўйлаб кўрди, аммо бундай бўлиши мумкин эмасди. Илг ҳеч қачон ташаббус кўрсатмаган. Ҳамиша бировларнинг буйруқларини бажариш билан қаноатланарди.

Уни кута бошладилар. Кун ярим бўлди ҳамки, ундан дарак йўқ.

– Бошқа кута олмаймиз, – эълон қилди Пид ва иккови ўрмон бўйлаб ҳаракатлана бошладилар. Пид кетаётиб, Илгнинг ростдан ҳам дарвозадан таваккал қилиб ўтишга уриниб кўрганмикан, деган савол устида бош қотириб борарди. Бундай индамасларда кўпинча ақлга тўғри келмас жасорат яширинган бўлади.

Бироқ ҳеч нима Илгнинг уриниши амалга ошганига шаъма қилмасди. Бундай вазиятда Алоқачи ҳалок бўлган ёки Одамлар уни асир олишган, деб ўйлашга тўғри келарди.

Демак, энди Кўчиргични иккови ишга тушириши лозим.

Пид ҳалиям олдинги экспедитсияларга нима бўлганини билмасди.

Ўрмон четида Жер Ит шаклига кирди. Пид уни синчиклаб текширди.

– Думни сал калтароқ қил, – деди у.

Жер думини калталаштирди.

– Қулоқларни катталаштир.

Жер қулоқларини катталаштирди.

– Энди ўлчамларни бир-бирига тўғрила, – деди Пид ва нима ҳосил бўлганини яна бир бор текшириб кўрди. Жер ҳақиқатан ҳам, думи учидан то қоп-қора ҳўл тумшуғигача Ит шаклига кирганди. – Омадингни берсин!

– Миннатдорман, – деди ўрмондан эҳтиёткорлик билан чиқа бошлаган Жер.

Жер Итнинг қадам олишини ўхшатиб кета бошлади. Дарвоза олдида соқчи уни чақирди. Пиднинг дами ичига тушиб кетди. Жер Одамнинг чақиришига эътибор ҳам бермай, ёнидан ўтиб кетди. Одам Жер томон юра бошлаганди, у қочишга тушди.

Бу орада Пид иккита оёқни тайёрлаб турарди. Бу агар Жерни қўлга олишса, ёрдам беришга югуриш учун. Аммо соқчи яна дарвоза ёнига қайтди. Жер ҳам қочишдан тўхтади ва хотиржам асосий кириш эшиги томон кета бошлади.

Енгил нафас олган Пид ҳалиги икки оёқни йўқотди.

Бироқ асосий кириш эшиги ёпиқ эди! Пид Индикаторнинг уни очишга ҳаракт қилиб кўрмаслигига ишонарди. Ахир бу Итларга хос эмас.

Жернинг ёнига бошқа Ит югуриб келди-да, унга қараб қолди. Кейин яқин келиб Жерни ҳидлаб кўрди. Жер ҳам шундай йўл тутди.

Кейин иккала ит ҳам бино бурчаги томон югургилаб кетишди.

«Ақлли иш, – ўйлади Пид. – Орқа тарафда эшик бўлиши керак».

У ботаётган қуёшга тикилди. Кўчиргич ишлатилса, бу ерга Гломнинг улкан қўшини етиб келади. Одамлар нима бўлганини тушуниб етгунларича, уларнинг сони миллионга яқинлашиб қолади. Бу ҳали бошланиши.

Кун жуда секинлик билан поёнига етиб бормоқда. Аммо ҳеч нима содир бўлмади.

Пид бино гумбазидан кўзларини олмасди. У асабийлашарди. Негаки, агар Жер вазифани муваффақиятли амалга оширган бўлса, иш бунчалик чўзилиб кетмаслиги керак эди.

Пид ярим тунгача кутди. Одамлар бинога киришар ва ундан чиқишарди. Дарвоза олдидаги итлар ҳура бошладилар. Аммо Жердан дарак йўқ.

Жер қўлга тушди, Илг ғойиб бўлди, Пиднинг битта ўзи қолди.

У ҳалиям нима содир бўлганини билмасди.

Эрталабга яқин Пидни чорасизлик, иложсизлик чулғаб олди. Гломнинг йигирма биринчи экспедитсияси муваффақиятсизликка учраш арафасида турганини тушунди. Энди ҳаммаси битта унинг ўзига боғлиқ.

Сал қўполроқ режа бўлсаям, Пид Одам шаклига кириб дарвозадан ўтишга қарор қилди. Бошқа йўли ҳам қолмаганди.

У ишчиларнинг дарвозадан тўп-тўп бўлиб кираётганини кўрди. Пид ўйларди: оломон билан аралашиб кетсинми ёки ҳаммаси тинчигандан сўнг ишга киришгани дурустми. У тиқилинчдан фойдаланишга қарор қилди ва Одам шаклига кира бошлади.

Ўрмондан, у яширинган жой ёнидан Ит ўтиб кетаётганди.

– Салом, – деди Ит.

Бу Жер эди.

– Нима бўлди? – сўради енгил тортган Пид. – Нега бунча қолиб кетдинг? Кириш шунчалик қийинми?

– Билмадим, – деди Жер думини ликиллатиб, – бунга уриниб кўрганим йўқ.

Пид қотиб қолди.

– Мен ов қилдим, – мамнун тушунтирди Жер. – Биласизми, бу шакл Ов учун жуда қулай экан. Мен бошқа Ит билан бинонинг орқа тарафидаги эшигидан чиқиб кетдим.

– Бироқ экспедитсия… бурч…

– Фикримдан қайтдим, – деди Жер. – Биласизми, Учувчи, мен ҳеч қачон Индикатор бўлишни истамаганман.

– Аммо сен Индикатор бўлиб туғилгансан!

– Бу тўғри, – деди Жер, – аммо бундан менга енгил бўлиб қолмайди. Мен ҳамиша Овчи бўлишни истаганман.

Пид ғазабдан титраб кетди.

– Мумкин эмас, – худди глом-болакайга тушунтираётгандек дона-дона қилиб гапирди, – Овчи шакли сен учун таъқиқланган.

– Бу ерда эмас, бу ерда таъқиқланмаган, – эътироз билдирди Жер ҳамон думини ликиллатиб.

– Буни бошқа эшитишни истамайман, – ўшқирди Пид. – Электр стантсиясига бор-да, Кўчиргични ишга тушир. Мен эса сен айтган гапларнинг барини унутишга тайёрман.

– Бормайман, – деди Жер. – Бу ерда менга гломларнинг кераги йўқ. Улар ҳамма нарсани ҳалок қиладилар.

– У ҳақ, – деди бақувват эман.

– Илг! – инграб юборди Пид. – Қаердасан?

Шохлар қимирлади.

– Шу ердаман, – деди Илг. – Хаёл суряпман.

– Аммо сен… табақанг…

– Учувчи, – ғамгин оҳангда деди Жер. – Уйғонсангиз-чи! Гломда аксарият аҳоли бахтсиз. Фақат удумларгина бизни аждодларимиз табақаларига мос шаклга киришга мажбур қилади.

– Учувчи, – деди Илг, – барча гломлар шаклсиз туғилади.

– Гломлар шаклсиз туғилганлари сабали ҳам Эркин Шаклга эга бўлишлари керак, – илиб кетди Жер.

– Тўппа-тўғри, – деди Илг. – Аммо буни у тушуна олмайди. Энди эса маъзур тутасиз, камина чуқур мушоҳадага берилмоқчиман.

Эман жим бўлиб қолди.

Пид ғазабнок кулди.

– Одамлар сизни ўлдиришади, – деди у. – Худди бошқа экспедитсияларни ҳалок қилишганларидек.

– Гломлардан ҳеч ким ўлдирилмаган, – маълумот берди Жер. – Барча экспедитсиямиз шу ерда.

– Улар тирикми?

– Бўлмасам-чи. Одамлар ҳатто бизнинг мавжудлигимизни билишмайди ҳам. Мен билан бирга ов қилган Ит ўн тўққизинчи экспедитсиядан экан. Учувчи, бу ерда биз юзтача бормиз ва бу ер бизга ёқиб қолди.

Пид бунинг барини ҳазм қилишга уринарди. Қуйи табақаларга шаклга оид ўз-ўзини англаш етишмаслигини ҳамиша биларди. Аммо бу… бунинг бари бемаънилик, ахир. Мана, бу сайёранинг хавфлилиги сири нимада экан. Бу Эркинлик экан-да?!

– Учувчи, бизга қўшилинг, – таклиф қилди Жер. – Бу ер чинакам жаннатнинг ўзи. Биласизми, бу сайёрада ҳар хил нарсалар қанчалик кўп? Санаб адоғига етолмайсиз. Бу ерда ҳаётнинг барча турига мос келадиган шакллар ҳам бор.

Пид бош чайқади. Унинг ҳаёт турига мос шакл йўқ. У – Учувчи.

Аммо Одамлар гломларнинг борлигини билишмайди ҳатто. Реакторга етиб бориш кулгили даражада осон.

– Ҳаммангиз билан Глом Олий Суди шуғулланади, – ўкирди у ва Итга айланди. – Менинг ўзим Кўчиргични ишга тушираман.

Пид бир муддат ўзини ўрганиб кўрди. Кейин Жерга бир қараб қўйди-да, диконглаганча дарвоза томон йўл олди.

Дарвоза олдида турганлар унга қараб ҳам қўймадилар. Пид бир Одамнинг ортидан асосий эшикдан ичкарига кириб олди ва йўлак бўйлаб югуриб кетди. Танаси чўнтагидаги титрай бошлаган Кўчиргич Пидни реактор зали томон боришга ундагандек бўлди.

У ҳовлиққанича қандайдир зинадан кўтарилиб, бошқа йўлак бўйлаб югуриб кетди. Бурилишдан қадам товушлари эшитилди. Унга сезгиси бино ичига итларнинг киришига йўл қўйилмаслигини билдириб турарди. Иложсизликдан яшириниш учун жой қидириб, атрофга аланглади. Бироқ йўлак силлиқ ва бўм-бўш эди. Фақат шифтда ёритгичлар осилиб турарди.

Пид бир сакраб, шифтга қапишиб олди ва ёритгич шаклига кирди. У Одамнинг нега унинг ёнмай турганига эътибор қаратмаслигига ишонарди.

Одамлар югуриб ўтиб кетишди.

Пид тағин Одам шаклига кириб, мақсад сари ошиқди.

Унга янада яқинроқ бориши керак эди.

Йўлакда яна бир Одам пайдо бўлди. У Пидга синчиклаб қараб турди-да, нимадир деб ғудранди. Кейин кутилмаганда кескин ортига бурилди-да, жуфтакни ростлади. Одамни нима бунча сергаклантирганига Пид тушунмади, албатта. Танасидаги Кўчиргич керакли масофага яқинлашиб қолинганини билдириб, сезиларли титрай бошлади.

Кутилмаганда Пиднинг миясида иккиланиш пайдо бўлди. Барча экспедитсия аъзолари қочган! Ҳаммаси!

У югуришдан секинлашди.

Эркин Шакл… қандай ғалати тушунча. Ваҳимага солувчи тушунча.

«Бу, сўзсиз Шаклсизликнинг найранглари», деди ўзига-ўзи ва яна олдинга интилди.

Йўлак охири улкан ёпиқ эшикка бориб тақаларкан. Пид унга тикилиб қолди.

Йўлакнинг нариги бошида эса Одамларнинг ғовури, бақир-чақири эшитила бошлади.

Қаерда хатога йўл қўйди? Уни қандай сезиб қолишди? Ўзини бир қараб чиқди. Қўллари билан юзини силади. О, чеҳраси шаклини ўзгартиришни унутган экан...

Жон ҳолатда эшикни тортди. Кейин чўнтагидан Кўчиргични чиқарди. Титраш етарлича эмасди. Уни ишлатиш учун реакторга янаям яқинроқ бориш керак.

Пид эшикка разм солди. Унинг пастки қисми билан пол орасида тирқиш бор экан. Дарҳол шаклсиз ҳолга келиб эшик тагидан сизиб ўта бошлади. Кўчиргични ҳам бир амаллаб ўтказиб олди.

Ичкари тарафда эшикнинг илгаги бор экан. Пид уни илдириб, кетидан тираб қўйиш учун бирон нима қидириб, атрофга аланглади. Чоғроққина хона. Бир томонда реакторга олиб борувчи залворли қўрғошин эшик, иккинчи томонда дераза бор. Бор-йўғи шу.

Пид Кўчиргичга қаради. Титраш етарлича. Ниҳоят, у мақсадига етишди. Бу ерда Кўчиргич реактордан қувват тортиб олиб бемалол ишлайди. Фақат уни ишга тушириш керак.

Бироқ нега уларнинг бари қочоққа айланишган? Пид иккиланарди. Барча гломлар шаклсиз туғилади, бу ҳақиқат. То улғайгунча ва турли табақаларга тегишли аждодлари шакли берилмагунча гломларнинг болалари аморф ҳолатида бўлади. Бироқ Эркин Шакл…

Пид имкониятларини чамалаб кўраётганди. Ҳеч бир тўсиқсиз истаган шаклга кириши мумкин. Бу жаннатмонанд сайёрада у барча ниятлари ва орзусини амалга ошира олади. Кимга айлангиси келса – айланади, ниманинг шаклига киришни истаса – киради. Бу ерда ёлғиз ҳам қолиб кетмайди. Бу ерда бошқа гломлар ҳам Эркин Шаклдан лаззат олишмоқда.

Одамлар эшикни буза бошладилар. Пид ҳалиям танлай олмай иккиланарди. Нима қилсин? Эркинлик…

Пид эркинлик ўзи учун эмаслигини алам билан ўйларди. Овчи ёки Мутафаккир бўлиш осон. У эса – Учувчи. Парвозлар – унинг ҳаёти, унинг шавқи. Парвоз билан бу ерда қандай шуғуллана олади?

Албатта, Одамларда ҳам кемалар бор. Одамга айланиб, бирорта кемани излаб кўриш мумкин…

Йўқ, ҳеч қачон. Дарахт ёки Итга айланиш осонроқ. Ҳеч қачон ўзини Одамдек кўрсатмайди.

Гумбурлатиб уришлардан эшик зирилларди.

Пид Кўчиргични ишга тушириш олдидан сўнгги бор сайёрага назар солиш учун дераза олдига келди ва деразадан ташқарига қаради-ю, ҳушдан кетиб йиқилишига бир баҳя қолди.

Бу ростдан ҳам ҳақиқатми? У Жернинг бу сайёрада истаган ниятни қондириш учун етарлича шакл, ҳаёт кўринишлари бор, дея тўлқинланиб гапирганида нимани назарда тутганини даставвал тушунмаган экан. Ҳатто унинг, Пиднинг ҳам орзусини амалга ошириш мумкин экан! Учувчилар табақасининг парвоз қилишга бўлган кучли истагини ҳам.

Пид ташқарига яна бир бор назар солди-да, Кўчиргични полга улоқтирди. Асбоб чил-чил синиб, ҳар ёққа тариқдек сочилиб кетди.

Эшик очилаётган пайтда эса у деразадан учиб чиқаётганди.

Одамлар дераза томон отилдилар. Дераза ортидан каттагина, оппоқ қуш ҳавога кўтарилди. У қанотларини сал беўхшовроқ қоқарди. Аммо қушнинг ҳаракатлари тобора аниқроқ бўла борди ва у узоқлашиб бораётган қушлар галасига етиб олишга ҳаракат қила бошлади.

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 8-сонидан олинди.