OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРозия Тужжор
Асар номиШиша аёл (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Форс адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Розия Тужжор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонШокиржон Олимов (Форсчадан)
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шиша аёл (ҳикоя)
Розия Тужжор

Аёл кўзгунинг олдида тўхтади-да, оҳ тотиб қўйди. Кичкина бир булут доғи ойнанинг хотирасини остин-устин қилиб юборди. Кичкина олтинранг тароғини олди-да, тўғноғичлар асирлигидан озод бўлган сочларини таради. Шалоладай товланаётган қоп-қора сочлар елка узра ёйилдилар. Кўзгунинг ичидан узоқ-узоқларни кўриш мумкин эди. Аммо бир-бири билан аралашиб кетган барча тасвирлар орасида ойналари юрак шаклида бўлган осмонўпар бино унинг диққатини кўпроқ ўзига тортарди.

Сочлари орасида сурат солинган рамкага ўхшаб қолган юзини кўриб, кулди. Булут доғи буғланиб, учиб кетди. Телефоннинг жиринги сукунатни синдирди. Қўлини юраги устига қўйиб, оғриқдан бино бўлган бир тўлқинни ҳайдади. Қизил уст-бошини кийди-да, шошилганича телефон столчаси томон чопди. Столча ёнидаги стулнинг четига ўтириб, гўшакни кўтарди:
– Алло, эшитаман... эшитаман!

Эркакнинг таниш овози эди.
– Менман... Суҳроб... Қалайсан?

Оғриқ елкаларигача келди, сўнгра чап қўл бармоғининг учигача. Аммо кулди:
– Яхшиман. Овозингни эшитгандан кейин яхшиман... Қаердасан?
– Мана шу атрофларда.
– Яъни?
– Офисимдаман. Дўстларим ҳам шу ердалар. Янги бир нашрни йўлга қўйиш учун барча кучларимизни бир жойга йиққандик.
– Xўш?
– Бугун кечаси кечроқ борсам бўладими?
– Янами?

Эркак жим қолди. Гугуртнинг чақилган овози эшитилди:
– Майлими, хоним?

Аёл иккиланиб сўради:
– Яъни, бугун кечқурунга мўлжаллаган режамиз бекор қилиндими? Бирга кечлик овқатни ейишга ва сўнгра кинога боришга келишгандик...

Эркак ҳомуза тортди-да:
– Айтгандай, гулларга сув қуйдингми? – деди.

Аёл нигоҳини меҳмонхона томонга бурди: сувга тўйган гуллар ҳамишагидек ям-яшил эдилар. «Мендан кўра гулларни ўйладингми?» демоқчи бўлди. Аммо эркакнинг овози унинг хаёлини бўлди:
– Салом! Xуш келибсан! Буни қара-я!

Деразанинг ойнасига қаради. Мана бу янги дарз қачон тушган экан? Қўли билан юрагини янада маҳкамроқ сиқди. Яна эркакнинг овози эшитилди:
– Xўп, азизам! Менга бошқа ишинг йўқми?

Аёл ўрнидан ярим турди. Узоқлардан бир қора булут келарди. Шошиб-пишиб деди:
– Кечаси келаётганингда бош кийиминг ва соябонингни эсингдан чиқариб қолдирмагин. Ҳаво булутли.

Эркак деди:
– Xайр.

Аёл гўшакни қўйди. Совқотаётганди. Қўлини чўзиб мебелнинг ёнидага халатини олиб устига илди. Энди орқасида бир аждаҳо турганлигига амин эди. Оғзидан олов пуркалиб турган бир аждаҳо.

Иситмасидан олдин қалтиради. Шунчалик қалтирадики, уни устидан ечиб олди-да яхшилаб унга қаради. Сўнгра ғижимлади-да, мебелнинг остига яшириб ташлади.

Деразанинг олдига борди. Булут доғи яқинроққа келиб қолган, осмон қоп-қора кўринарди. Бу баландликдан одамлар қанчалик ҳам кичкина бўлиб кўринишади-я. Кичик ва ёлғиз! Юрагига оғриқ ўрлади. Бамоғини эгиб деразани ёпди. Қайси дераза очиқ экан? Бу совуқ қаердан киряптийкин? Меҳмонхона қанчалик катта эди! Шунча ёлғизлик учун шунча катталик?!

Ерга ўтирди. Ичида нимадир ғимирлаб, у букчайиб қолди. Оғриқ... оғриқ... қизил темир таёқча... момақалдироқ ва чақмоқ.

Доктор: «Бундай пайтларда мушакларингни бўш қўйишга ҳаракат қил», деб айтган эди.

Аммо қийинчиликка учраган киши учун бу иш худди ботқоққа чўкиб кетиш билан баробар эди.

«Қанийди эркак келса... Қанийди...»

Қуёшнинг сўнгги нурлари ёпиқ деразалардан меҳмонхона ерига ғира-шира ёруғлик ташлар, ушбу ғира-шира ёруғлик ораларида кўз ёшлар дарёсида сузиб юрган бир кўз ерга тушиб ётарди. Энгашиб уни олди. Бир шиша қорачиқ эди. Биров эшитиб қолишидан ҳам уялмасдан:
– Оҳ, ўлдим, ўлдим! – деди.

Сўнгра овозини баландлатди. Аммо бу фақатгина бир лаҳза давом этди. Овоз чиқаётган маҳалда эшик қулфи ичра калитнинг ширқ этиб айлангани эшитилди. У эканлиги аниқ эди. Ноласини ичига ютди. «Йўқ, овозимни эшитмаслиги керак», – деди ўзига ўзи. Xаёлидан агар эркак буни билиб қолса, ичидаги ўша мушт ўзининг зарбаларини кучайтириб, уни синдириб ташлайди, деган ўй кечди. Сўнгра уни бошқа севмай қўяди. Аъзойи баданида югураётган бу оғриқ оз эмасди.

Бир неча лаҳза қоронғи ва ингичка йўлакка қараб қолди. Агар бошида бош кийим ва эгнида палто кийган ва қўлида соябон тутиб олган эркакнинг шарпасини кўрганида ҳам, ўрнидан турарди-да, устидаги қизил кийимлари билан у томон ошиқиб:
– Чой? Бир пиёла иссиққина чой қилиб берайми? – деган бўларди.

Аммо эшик ҳануз ёпиқ эди.

* * *

Доктор суратларга ишора қилиб деганди:
– Аммо ҳали умид бор. Сени сақлаб қолишга бўлган умид.

Ўша лаҳзада унинг ортга қайтгиси ва яшин чақнаётган ўша ёруғ доирага беомон тикилгиси, мингта қўли бор махлуқ унинг юрагини тераётганини кўргиси келмасди.

Докторга айтган эди:
– Қандай қилиб сақланиб қолсам бўлади, доктор? Мен ўлишни истамайман.

Ана шундай соддалик билан айтган эди. Кекса ёшдаги доктор эса кўзойнагини кўзидан олиб, бош бармоғи ва кўрсаткич бармоғи билан кўзининг чеккаларини тозалаган, сўнгра бошини кўтариб шифт-га қараган эди:
– Дардингнинг ягона давоси шуки, ҳаётни севишинг керак, қизим.

Аёл эса бутун вужуди билан, ташналик ва очлик билан замину замонга қараб шундай деган эди:
– Доктор! Мен ҳамиша ошиқ бўлганман. Ҳамиша ҳаётдан белги берадиган барча нарсани севганман. Шундай экан, нега энди ўлим шунча одамнинг орасидан келиб-келиб мени танлаши керак? Нега мени?

Сўнг йиғлаб юборган эди:
– Мен ҳеч қачон бир мевани яхшилаб томоша қилиб олмагунча емайман. Мен ноз-неъматларга тўла дастурхонларни яхши кўраман... Мен...

Шундан сўнг эшикни очиб тўфон каби йўлга тушганди.

Йўлида қай гулни кўрмасин сўлиган, у кўрган ҳар бир шох синган, ҳар бир аёл фарёд чекаётган, ҳар бир сув музлаган бўларди. Эркак етиб келганидан сўнг даҳшат ва илтижо билан қўлларини чўзиб деганди:
– Ёрдам бер! Ёрдам...

Эркак даҳшат билан унга тикилган, аммо ҳеч нарса демаган эди. Қаттиқ шамол унинг бошидаги бош кийимини учириб юборган, бўйнидаги шарфининг учларини ҳилпиратарди. Аёл ялингансимон қўллари билан унга суянган эди:
– Мени севишинг керак... Xудди мен сени севганим каби... Сақланиб қолишим учун алангаларга зорман. Менга эргашиб келаётган нарса бу ўлимдир. Уни даф қилишим учун ишқ жозибаси бўлиши керак. Чуқур жарлик. У ёққа боришни истамайман, истамайман...

Эркак нималар бўлаётганини эндигина тушунган одамдай унга қараб қолган ва сўраганди:
– Доктор нима деди?

Аёл бармоқларини эркак билакларининг этига санчиб шундай деганди:
– Айтдики, ўрмалаганча олдинга қараб боради, шох ва шохлар чиқаради. Сўнгра шунчалик ўсиб кетадики, гулдонинг синиб кетади. Мана шу.

Эркак деганди:
– Йўқ, мумкин эмас... Яъни...

Аёл ўз атрофида гир айланган эди. Xудди япроқлар тўфонидай, худди ҳар доимги гирдибод. Ранги худди нилуфар гулнинг рангидай кўм-кўк бўлиб кетган эди:
– Агар олдинроқ тушунганимда эди, балким... Аммо ҳамиша ўйлардимки, танамдаги бу дард ўлим дарди эмас, балки тириклик дардидир.

Эркак қўлларини чўзиб унинг билакларига ёпишган эди:
– Кел, бирга айланамиз. Титраяпсан. Ҳар лаҳзада синиб қолишинг ва тўкилиб кетишинг мумкин.

Аёл унинг ортидан эргашган эди.

Кунботар йўлидан кетиб боришарди. Соялари эса ўлим ва ҳаёт ортидан. Эркак меҳрибонлик билан деганди:
– Бу ёлғон. Катта бир ёлғон. Сен ўлмайсан... Йўқ...

Аёл аччиқ кулиб шундай деганди:
– Болалигимда энагам менга ҳар куни саҳарлаб чўлга тикан тергани борадиган бир тикан терувчи тўғрисидаги эртакни айтиб берарди...
– Xўш?
– Энди мен ҳам ҳар куни эрталаб ана шу ўй билан уйғонишим, сўнгра тикан теришга тушишим ва кечаси бир боғ тикан билан бармоқларим тилинган ҳолда уйқуга кетишим керак.

Эркак унинг кўзларига тикилиб қолганди:
– Йўқ, бундай ҳам эмас.
– Ўлим узоқ йўлдан келиб сенда ин қуриб олганини билганингдан кейин, тикан теришдан бошқа нарсани ўйлай олмайсан.

Эркак уни ҳаёт томонга судраган эди:
– Қарагин! Сувга чўкаётган ўрдаклар, сирпанчиқ ўйнаётган чолга қара. Булар кулгули эмасми?

Аёл эркакнинг нигоҳига осилиб олган эди:
– Фақатгина мени сев! Энг яхши даво ана шу.

* * *

Энди бунга бир неча ой, балким бир неча йил бўлган эди. Олдинига шохларнинг ўсиши секин эди. Ҳатто доктор ҳам шунга амин бўлган эдики, унда ўлимнинг ўсиши тўхтаган. Бу эркакнинг сўзлари илиқ, нафаслари ҳам иссиқ бўлган пайтларда эди. Аммо кейинчалик дераза очилиб совуқ шамол кириб келди. Гўё қорлар маликаси бу ердан ўтиб, барча нарсанинг устини бир қават муз қатлами билан қоплаб кетгандай эди. Ҳатто ўғил боланинг нигоҳлари устини ҳам... Бу эртакни қаерда ўқиганикин?

Болалик боғида парвозлари кетидан югурган чоғларида, бир куни тушдан кейинги жазирама ҳавода ҳовлининг бир четидан сичқонлар ўша ерга олиб бориб қўйган йиртиқ бир китоб топиб олган эди. Ўша китобни ўқиган эди. Қараса эдики, қиш келиб қолибди.

Сўнгра шохлар кўпайган эдилар. Ўсишларининг овозлари эшитилиб турарди. Улар бир-бирларига пайванд бўлишар, натижада янада ўсаверардилар. Xудди кундан-кун эркакнинг нигоҳи қоронғироқ, ғамнинг сояси эса каттароқ бўлиб кетаётгандай.

Аёл яна бир бор айтди:
– Оҳ, ўлдим... ўлдим!

Аммо ҳеч ким ,,Нега?» - деб сўрамади.

Тиззалари билан юриб, сувратлар албоми турган жавон томон борди. Тўртбурчак хотиралар. Сувратларни олиб, уларни томоша қилди. Бахт ранги, кўзгу, чироқ, ой ва юлдуз, гулбаргларнинг тўкилиши, коптокларнинг айланиши, рангли тухумлар, асал тўла жом, яшил барглар, Қуръон, ёруғ юлдузлар ҳалқаси...

Ҳалқа йўқолганди. Нега? Ҳалқа охирги пайтларда йўқолганди. Бир куни эрталаб ўрнидан туриб қараса, ҳалқа йўқ. Эркакка қараб деганди:
– Ҳалқамни кўрмадингми?

Эркак истеҳзо билан кулганди:
– Бир қарға келди-ю, олиб кетди.
– Қарға?

Аёл деразадан ташқарига қаради. Дарахт шохида бир қарға қўниб турарди.
– Нега индамай қараб турдинг? Нега уни олиб кетишига йўл қўйдинг?

У шундай деб сўраганида эркак жавоб берганди:
– Кеч бўлганди.
– Кеч бўлганди?

Унинг шиша гулдони ҳам синган эди. Бу унда Юсуфнинг чиройидан бир шох олиб қўйган ва ушбу шох унда илдиз отган гулдон эди. Кейин шохнинг илдизлари кўпайиб, шиша гулдонни тешиб чиққан, гулдоннинг суви эса тўкилиб кетиб, гул сўлиб қолган эди.

Аёл гулни гултувакка экиш учун ундан чиқариб олган эди. Аммо синган шиша гулдон унинг қўлини кесиб юборган, унинг қўлидан оқаётган қон ерни бўяган эди. Қип-қизил эмас, кўм-кўк қон.

Бир оздан кейин эркак айтган эди:
– Бу бинафша гулларни ким олиб келди?

Ҳозир унга яна бир марта телефон қилиши мумкин эди. Айниқса ҳозир – дард уни бўғаётган пайтда. Еттита рақамни терса кифоя. Ушбу қуюқ қоронғиликдаги етти юлдуз каби еттита рақамни. Ва унга айтиши мумкин эди:
– Иложи бўлса, фақат бугун кечаси эртароқ кел. Дўстларингга ҳам менинг кутаётганлигимни айт.

Шиша устига ёғаётган ёмғир минг шохли бир дарахтни вужудга келтирган эди. Бу шохларнинг ортидан ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Эркакка буни ҳам айтиши керак эди:
– Бош кийимингни эсингдан чиқариб қолдирма. Соябонингни ҳам.

Энага чилимнинг биллур қувури пойида ўтирганича эртак айтарди:
– Буғу даҳшат билан ўрмон томон қочди. Аммо унинг узун шохлари дарахтларга ўралашиб қолди. Шу пайт овчи милтиғи билан уни нишонга олди ва ...

Охирги – еттинчи рақамни қўйиб юборди. Айтиши керак бўлган гапини бўғзида сақлади: «Агар келсанг, соябонингни ҳам...»

Бир аёлнинг майин овози гўшакда ўрлади:
– Алло, марҳамат... Алло.

«Сиз кимсиз?» деб сўрамоқчи эди ҳамки, эркакнинг кулган овози аёлнинг овозига уланиб кетди:
– Агар жавоб бермаётган бўлса, гўшакни қўйиб қўй. Албатта, бирор безори бўлса керак. Гўшакни қўй.

Сўнгра чўзиқ гудок овози... Бир оз гўшакнинг оғзига қараб турди, сўнг уни жойига қўйди. Қўллари билан иссиқ қон фаввора бўлиб отилаётган бўғзини сиққан ҳолда шеър ўқиди:

Не мотамким, ғамгин бўлсанг-у, йиғламасанг!
Не мотамким, хазон кўрган шох каби
Офтобда ва ўзингнинг совуғингда қалтирасанг!

Қанча ўйламасин ушбу шеърнинг биринчи мисрасини эслай олмади. Гарчи муҳим бўлмаса-да.

Ўрнидан турди-да, оёқ кийимларини ечиб, оёқяланг йўлга тушди. Кўзлари ёшга тўлиб, нурнинг ингичка ёғдуси паноҳида унга тикилиб қолганди. Баланд бинонинг тепасидаги катта бешикка ўхшаш меҳмонхонада оҳиста у ёқдан-бу ёққа юрарди. Ахийри каравотига етиб борди. Карават устига йиқилди. Тим-қора тўлқинли сочлари атрофга ёйилди. Қўлини, бўм-бўш қўлини кўтарди-да, юраги устига қўйди:
– Энди вақти етиб келди.

Нигоҳини шифтга тикди. Боши айланиб қолган бир табассум капалакка ўхшаб қанот қоқди ва лабининг чеккасидан учиб кетди.

Бир овоз деди:
– Тарақ!

Учи ўткир бир шох терисини тешиб чиқди.

Бир неча дақиқадан сўнг аёлнинг боши бир томонга шилқ этиб тушди. Нигоҳи эса тўхтовсиз ўсаётган ва бутун меҳмонхонани қоплаб олган шохга тикилиб қолди.

Ўша баландликда унинг юраги эркакни эслаб жимгина йиғларди.