OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРустам Жабборов
Асар номиИнтиҳор (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Рустам Жабборов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм178KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/09
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Интиҳор (қисса)
Рустам Жабборов

«Ҳар гал ноутбук қаршисига муайян мақсад, аниқ бир ғоя билан ўтирардим. Чунки, ёзишим керак бўлган асаримининг мавзу ёхуд мазмуни, аввалроқ миямда пишиб етилган бўлади. Ҳозир шеър ёзмоқчи эмасман, бу аниқ. Буни мақола, ҳикоя ёхуд қисса деб атагим ҳам йўқ. Муаллифнинг ўзи кўрган-билган бошидан кечирган ҳодисотлардан иборат асар нима дейиларди. Мемуарми, эсдаликларми? Ёдномаларми?

Балким, камтаргина қилиб «Кундалик» деб қўя қолсам тузук бўлар? Буям унчалик тўғри келмайди. Болалигимдан кундалик ёзишни ёмон кўраман. Таниқли бир адибимиз ёзганидек, кундалик ёзиш кўпроқ қизларга ярашади. Мен эса, ўтаётган ҳар бир кунни қоғозга муҳрлаб боришни, умуман, хронологияни ёмон кўраман. Демак, бу кундалик ҳам эмас.

Нима бўлганда ҳам мен ҳозир бошламоқчи бўлган бу қораламанинг асосий қаҳрамони ўзим бўламан. Бунга ҳаққим бор. Чунки, ҳеч ким мени менчалик яхши, мукаммал билмайди. Балким, бундай нарсалар ёзишни унчалик келиштиролмасман. Эҳтимол, адабий танқид нуқтаи назаридан бу битикларнинг бир чақалик қиймати бўлмас? Майли, бунинг мен учун аҳамияти йўқ. Чунки, бу асарни мен ўзим, ёлғиз ўзим учунгина ёзяпман. Уни бировлар ўқиши ҳам шарт эмас. Яна ким билсин?

...Дунёда ҳамма нарсани, ҳар бир воқеа ҳодисани сабаблар юзага келтиради, деб бежиз айтишмас. Исталган воқеликнинг интиҳосидан ибтидосига томон таҳлил қилиб борсангиз, ҳаммаси соддалаша, оддийлаша боради.

Масалан, ҳозир мен тун ярмидан оққанда, иш столимда компютер тугмаларини шарақлатиб, нималарнидир ёзиб ўтирибман. Тўғри, ёзиш мен учун одатий ҳол. Аммо аниқки, агар эрталабки бир манзара мени бу қадар таъсирлантирмаганида, эҳтимол ҳозир иссиққина ўрнимда ухлаб ётган бўлармидим.

Биламан, сиз ҳам менга ўхшаб ортиқча фалфаса сўқишни ҳам, эшитишни ҳам ёқтирмайсиз. Шунинг учун мақсадга ўта қолай.

Хуллас, кун одатдагидек бошланди. Ҳар кунги вақтда уйғондим, ювиндим, ўзимга ғарибона нонушта тайёрладим, қоринни бир амаллаб алдагач, кийиниб ишга отландим.

Ўн йилдирки, шанба-якшанба, таътил пайтларини ҳисобга олмаса, кунларим бир хил тартибда ўтади, худди дарахт япроқлари каби бир-бирига ўхшаб кетади. Йўналишим ҳам бир хил: уйдан тўғри бекатга чиқаман, керакли автобусга ўтириб, ишхонамнинг ёнида тушиб қоламан. Торгина хона, қоғозлар, телефон қўнғироқлари, биринчи қаватдаги кўримсизгина ошхонада тушлик, яна иш, яна одатий йўналиш бўйича уйга қайтиш...

Бугун ҳам ана шу тартиб ўзгармаслигига ишончим комил эди. Биринчи автобусга улгуролмадим. Кейингинисини кутаман, ҳечқиси йўқ, ўн беш дақиқа кечиксам, ҳеч нарса бўлмайди. Лоқайдлик билан атрофимдаги одамларни кузата бошладим. Ҳар кунги одамлар, уларнинг кўпини яхши танийман. Бирор марта улар билан гаплашмаган бўлсам-да, ҳар қалай эрталаб битта автобусда кетамиз. Кимнинг қаерда тушиб қолишини ҳам биламан. Йўқ, бу менинг ўта кузатувчанлигимни кўрсатмайди. Инсон хотираси кўп ҳолларда ўзига мутлақо кераксиз маълумотларни ҳам сақлаб қолади.

Бекатда турганларни бирма-бир кўздан кечираркан, бепарво нигоҳларим мендан ўн қадамча нарида турган ёшгина қизда тўхтади. Негадир анча вақт ундан кўзимни ололмай турдим. Унинг кўриниши ҳозир ҳам кўз олдимда турибди. Бўйи баланд, қоп-қора, узун сочлари нозик елкалари оша шаршарадан қуйига интилган, қоп-қора қош кўзлари, жимитдеккина холи сутга чайилгандек оқ юзларига ўзгача малоҳат бахш этганди. Эгнидаги оппоқ кофтаси остидан кўриниб турган қора водолазкасининг ёқаси қизни иякларигача «бўғиб» олган, қора юбкасининг узун этаги оқ, бежирим туфлисига қарийб тегиб турарди. Бир сўз билан айтганда, қизни тасвирламоқ учун энг моҳир рассомнинг инжа истеъдоди, шунингдек, оқ ва қора рангларнинг ўзи кифоя эди. Ҳа, унинг бутун гўзаллиги, латофати ва улуғворлигини шу икки ранг ўзида тўла-тўкис мужассам эта олганди. Кундуздек ёрқин вужуд, тун зулматидек қоп-қора узун сочлар. Беихтиёр ҳазрат Навоийнинг ўлмас мисраларини оҳиста шивирлади лабларим:

Васл аро кўрдим тенг эмиш бўйию сочи.

Туну кун экан, зоҳир ўлур бўлди чу наврўз...

Менимча, қаршимдаги бу санамни тасвир этмоққа бундан-да муносиб, лойиқ мисраларни топмоқ мушкул эди. Табиийки, У менга эътибор қаратмади. Ана шу бепарво туриши билан рўпарасидаги кимсанинг қалбида қанчалик катта ғалаён уйғотганини у қаердан ҳам билсин?

Қулоқларим ўша тарафдан келаётган ҳазин мусиқа оҳангларини илғай олди. Шу чоқ қиз оппоқ сумкасини очиб, бежирим, қоп-қора қўл телефонини чиқарди. Ким биландир очилиб-сочилиб гаплашди. Шу чоқ қизнинг садафдек оқ тишларини кўришга муяссар бўлдим. Айни пайтда мен ўзимни дунёдаги энг гўзал тасвирий санъат асари қаршисида турган нозик дидли томошабиндек ҳис қилардим. Мен бу ҳолат узоқ, жуда узоқ давом этишини истардим. Аммо ногаҳон келиб тўхтаган автобус ҳамма нарсани ўзгартириб юборди.

У ҳам мен билан бирга кетишини англаб, ич-ичимдан севиндим. Энди орамиз янада яқинлашган, тиқилинч автобусда бизни фақатгина семиз, гавдали бир рус хотин ажратиб турарди, холос. Мен Уни янаям яқиндан кўриб турардим. Шу пайтга қадар бир-бирига тамомила қарама-қарши, зид деб билганим – оқ ва қора рангларнинг бу қадар уйғунлик касб этиши мумкинилиги нега шу пайтгача хаёлимга келмади. Ахир, бу ранглар ҳар доим ёнма-ён, бир-бирини тақозо этиб келади-ку?

Бирдан нигоҳларимиз тўқнашди. Оҳ, бу кўзлар! Оппоқ бодом қовоқлару бир текис саф тортган тим қора киприклар орасидан чақнаб турган бир жуфт шаҳло кўзларда ҳам айнан шу уйғунлик яққол намоён эди. Кўзнинг оқи шу қадар тиниқ ва оппоқ, қароқлари шунчалар қора ва маъноли бўладими? Қизнинг оппоқ қоғоз узра қора қаламда назокат ила қўйилган нуқтани ёдга солгувчи нафис холи ҳам ранглар уйғунлигини яна бир карра тасдиқлаб турарди. Оқлик ва қоралик билан боғлиқ бу мутаносиблик фақат биргина ўринда «бузилганди». Қизнинг қизғалдоқ гулбаргидек қип-қизил дудоқларида... Агар бу Азал наққошининг « хато»си бўлса, мен уни мулки борлиқдаги энг гўзал хато деб атамоққа ҳозир эдим.

Энг муҳими, бу қиёфа менга таниш, жуд-даям таниш эди. Аммо, ҳозир хотирам ҳам измимга бўйсунмай қолгани учун бу мунис, сеҳрли чеҳрани қачон, қаерда учратганимни эслолмадим. (Яна бир адибимизнинг гапи ёдимга тушди «ҳамма чиройли қизлар кўзга таниш кўринаверади). Нигоҳларим ҳам, ақл-идроким ҳам мен билан бақамти турган бу ажиб хилқатга қаттиқ боғланган эди.

Бирдан қаерда эканим, нима қилаётганимни англаб, ток ургандек сесканиб кетдим. Ҳалигача ундан кўз узолмай ўтирган эканман. Шу онда (еҳтимол, менга шундай туюлгандир?) Унинг юзига ажиб бир табассум ёйилди. Бу жилмайишнинг менга қанчалик алоқаси борлигини билмадим, аммо ундан кўз узмай келаётганимни пайқамаслиги мумкин эмасди. Мутлақо ноқулай аҳволга тушиб қолгандим. Гуноҳкор кўзларимни мутлақо бошқа томонга, автобус ойнасига қададим. Анчагача қиз томон бурилишга журъатим етмай турди. Бу орада автобус бир бекатда тўхтаб ҳам ўтди. Юрак ютиб, ортимга ўгирилиб қараганимда, қиз аллақачон тушиб кетганди...

Кўпчиликда учрайди бу ҳолат: эрталаб бирорта қўшиқнинг оҳанги ё сўзлари қулоғингизга ўрнашиб қолса, кун бўйи миянгизда айланиб юраверади. Ёхуд бирор таъсирли манзарага дуч келиб қолсангиз. Анчагача кўз ўнгингиздан кетмайди. Оқ-қора кийимли қиз ҳам кун бўйи менинг кўз ўнгимдан, хаёлимдан кетмади. Шу куни қўлим унча ишга ҳам бормади.

Баъзан одам ўзига ўзи тушунолмай қолади. Хўш, ўша қиз мени нимаси билан бунчалар ўзига мафтун этдийкин? Шу қадар чиройлимиди? Кўзимни юмганча, эрталаб кўрганим – оқ-қора кийимли қизни кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилиб кўраман. Ўзимга таскин бериш, бесар, бетизгин хаёллардан чалғитиш учун хаёлимдан жонланган қиёфадан қусур ахтармоқчи бўламан. Рост, қиз чиройли эди, ҳатто, жудаям чиройли эди. У оддийлиги, сипо кўриниши билан ҳам ҳар қандай малаксиймоларни ортда қолдира оларди. Аммо, нима бўлганда ҳам уни қайта учратишимга кўзим етмасди.

Ахир, Тошкент катта шаҳар бўлса. Бир марта кўрган кишингни эҳтимол умр бўйи қайта учратмаслигинг мумкин. Ким билсин, мен ҳам Уни энди ҳеч қачон кўрмасман. Ҳозир дилимни ловуллатиб турган ҳислар ҳам ўз исканжасида мени узоқ тутиб туролмас...

* * *

Вақт ҳамма нарсани даволайди, дейишади. Орадан уч-тўрт кунча ўтди. Ўша қизни автобусда яна учратиб қоларман деган умид ҳамон юрагимнинг бир четида липиллаб турарди. Аммо, уни учратиб қолсам, нима қилишим мумкинлиги ўзимга ҳам қоронғу эди. Бирор нарса ўзгарадими? У билан мулоқотга киришим учун бирор баҳона, важ-корсон бўлмаса?

Шундай бўлса-да, ҳар куни эрталаб, бекатга чиққанимда атрофга жовдираб қарайман. Ўз ташвиши билан чор тарафга ошиқаётган турфа одамлар орасидан Уни излайман. Рост, оқ-қора либосли қизларни ҳар қадамда топса бўлади. Аммо, бу икки ранг мутаносиблигини ўзида тўлақонли намоён эта олган хилқат бу ёруғ оламда бошқа учрамаса керак, деган андишада эдим.

Автобусда ишга кетаётиб, У тушиб қолган бекатга ғайри ихтиёрий тарзда кўз ташлаб ўтаман. Аммо, Уни кўрмайман.

Одам эртаю кеч битта нарса ҳақида ўйлайверса, бироз паришонхотир, ҳардамхаёл бўлиб қоларкан. Буни кўпчилик пайқабди.

Мен билан битта таҳририятда ишлайдиган ижодкор ошнам бор. Озроқ мақтанчоқлиги, маҳмадоналигини айтмаса, яхши йигит. Мендан уч-тўрт ёш кичик бўлса-да, у билан анча яқинмиз. Қўлимизга маош ёки каттароқ қалам ҳақи теккан кунлар учрашиб, улфатлашиб турамиз. Навбатдаги учрашувимиз менинг шоирона хаёллар ичида юрган ўша кунларимга тўғри келиб қолди.
— Ҳа, устоз, (у мени доим ана шундай аташга одатланганди) тинчликми, тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек таъбингиз хира тортиб юрибди,

Аввалига сир бой бермадим. «Шунчаки, ишлар кўпайиб кетди, чарчаган бўлсам керак» деб қутулмоқчи бўлдим. Аммо, бунақа баҳоналар билан ундан қочиб қутулолмаслигим аниқ эди. Ҳоли-жонимга қўявермагач, «ёрилдим». Рости, кимгадир кўнглимни очмасам, бўлмасди. Гапимни эшитгач, ошнам кулгидан ўзини тўхтатолмади. Очиғи ўзини бунчалар енгил тутиши менга умуман ёқмади. Тавба, биров, ўламан, деса, бошқаси куламан, дейди.
-Устоз, шу гапни сиз айтяпсизми? - деди кулгидан ёшланган кўзларини рўмолчасига артиб. - Ўлай агар, роса кулгили. Нима, биттаси оқ-қора кўйлак кийибди, деб мотам тутиб юриш керакми? Ё ўша жонон юракдан уриб қолдими? Ҳали шу ёшингизда муҳаббат дардига мубтало бўлдим, деб айюҳаннос солмасангиз гўргайди.

Бу гаплар табиийки, кўнглимни оғритди. Кимнидир сирдош, ҳамдард билиб, дардингизни дастурхон қилсангизу, у устингиздан кулиб ўтирса. Қолаверса, «бу ёшда сизга севгини ким қўйибди» дегани ёмон ботди.

Биринчидан, ҳали унчалик қариб, қартайиб қолганим йўқ. Мавлоно Лутфий 99 ёшларида ҳам ишқ-муҳаббат ҳақида гўзал байтлар битганларида, менга нима қипти? Ўттиз икки ёш бу ҳали қарилик, муҳаббатдан узоқлашиш дегани эмас. Қолаверса, эркак киши 30-35 ёш оралиғида ҳар жиҳатдан камолга етади, куч-қувватга тўлади. Мутахассислар инсоннинг романтикага, жўшқин ҳис-туйғуларга тўла давр сифатида айнан ана шу ёш оралиғини кўрсатишади. Буни манави думбул ошнам қаердан ҳам биларди?

Рост, шу ёшга кириб, ҳали уйланганим йўқ. Бунга турли сабаблар бор. Ўз ҳаётим тўла изга тушиб, жамиятда, ҳаётда ўз йўлимни топиб олсамгина уйланаман, деб ўзимга сўз бергандим. Қолаверса, шу чоққача кўнглимга яқин, тасаввуримга мос қизни ҳали учрата олмагандирман? Ҳар қалай, мен ҳам инсонман, ҳамма қатори яшашим, оила қуришим, бола-чақа орттиришим керак. Барча қатори турмуш қуришга ҳақли эканман, демак, кимнидир астойдил севишга ҳам ҳуқуқим бор. Буни қаршимда бамайлихотир пиво симириб ўтирган бу овсар укагинамга қандай тушунтирай?

Ажабки, у менинг хаёлимни ўқиб тургандек эди:
-Узр, устоз, ҳазиллашдим. Сизниям тушунаман. Бунақа ҳолатлар ҳаммадаям юз бериши мумкин. Лекин романтика, хаёлпарастлик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Мен ҳам истисно эмасман. Лекин ҳаётга реал қарашни ўрганишимиз керак.

Бировга ақл ўргатишни ёқтирмайман. Шунингдек, бошқалар, бўлиб ҳам, ўзимдан кичкиналар бунақа маҳмаданалик қилиб турса, ёмон жаҳлим чиқади. Лекин на иложки, ҳамсуҳбатим ҳақ гапни айтаётганди. Менинг индамай туришимни мутеълик, сомеълик аломати деб тушунган ошнам насиҳатгўйликда давом этди:
-Аёл зотининг турган-битгани жумбоқ. Унинг ташқи қиёфаси, маънодор кўзлари, юриш-туриши аслида ким эканини кўрсатмайди. Ялтираган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам олтин бўлавермайди, деб бекорга айтишмаган. Сиз ўша қизнинг зоҳирий қиёфасидаги мувофиқликни пайқабсиз. Лекин, саноқли дақиқалар ичида унинг ички дунёсини ҳам англаб етдим, десангиз, асло ишонмасдим. Зеро, аёл кишининг сажъияси, табиати, рангин оламини акс эттириш учун сиз айтгандек, фақат оқ ва қора рангларнинг ўзи етарли эмас.
— Кейинги пайтларда ақлли одамларга ўхшаб гапирадиган бўп қолибсанми? - дедим ундан ранжиганимни сездириб.
— Киноянгиз ўринли, - одатий «донолиги» билан гапни илиб кетди ҳамсуҳбатим. - Сизга ақл ўргатишга ҳали ёшлик қиламан. Тўғри, уч-тўртта кўйлакни сиздан камроқ йиртгандирман. Лекин, аёллар масаласида сиздан кўпроқ тажрибага эгаман, десам, яна ранжимассиз...

* * *

Ярим тунда туриб қоғоз қоралаш одатим йўқ эди. Тўғри кўпгина ижодкорлар ярим кечаси, ҳамма ухлаган пайтда, тинч-осуда ижод қилишни маъқул кўришади. Менинг кулбамда одатда ўзимдан бўлак ҳеч ким бўлмайди. Шу сабаб бу ерда истаган пайтимда ўзим учун тинч шароит яратиб олишим мумкин.

Аммо, ўша «оқ-қора» малакни ногаҳон учратиб қолган кунимдан бери наинки руҳиятимда, балки кун тартибимда ҳам бир мунча ўзгаришлар юз берганини яширмайман. Нима қилай, ҳарчанд уни ўйламасликка тиришсам-да, барибир кўз олдимдан кетмайди. Гоҳида мутолаа, баъзан эса, телевизор томошаси билан хаёлларимни чалғитишга ҳаракат қиламан. Кўзларим қоғоз бетидаги турли шакллар ёхуд экрандаги маъносиз тасвирлардан бошқа нарсани уқмаганидан жаҳлим чиқади. Жин урсин! Нега бунақа паришонхотир бўлиб қолдим? Ҳали маҳмадона ошнам айтгандай, биттаси ола-була кийиниб олган бўлса, ўшани деб мотам тутиб юришим шартмикин?

То теледастурлар тугаб, экранни мовий бўшлиқ эгаллагунча телевизорни ўчирмадим. Кейин эса, радио тугмасини босдим. Мақсад – тезроқ бемаъни фикрлардан йироқлашсаму, уйқу тезроқ мени ўз комига торта қолса. Мен ўз иродамга ишонаман. Яна бир-икки кун ўзимни қўлга олишга тиришсам, ўша «оқ-қора» малакнинг таъқибидан қутуламан. Ахир инсон бундан-да таъсирчан, ғамгин, ҳатто бахтсиз ва мудҳиш хотиралардан ҳам қачондир қутулиши мумкин-ку?

Умидсизлик ила бош тарафимда турган радио қулоғини бурадим. Бир пайтлар ўзбек тилида эшиттиришлар берадиган уч ёки тўртта канал бўларди. Ҳозир эса, санаб саноғига етолмайсиз. Қачон қарама, бирорта ланж бошловчи ўзига ўхшаган эзма тингловчи билан лақиллаб ўтиради. Асабим чатоқроқ бўлгани учун бунақа «сермазмун» суҳбатга узоқроқ дош беролмас ва бира-тўла радиошинавандалик баҳридан ўтиб қўя қолардим. Ҳозир эса, ҳар қандай сафсатабозликка жон-жон деб қулоқ беришим мумкин. Фақат, бироз чалғисам бас. Уч-тўрт кун шоирона туйғуларга банди бўлганим етар. Бошқа қиладиган ишларим тиқилиб ётибди.

Турфа хил овозларни қориштириб, каналларни тез-тез алмаштирар эканман, таниш бир мусиқа оҳанги беихтиёр мени ҳаракатдан тўхтатди. Бу ҳазин, дилрабо навони аввал ҳам жуда кўп эшитганман. Аммо, негадир бу гал менга у тамомила бошқача таъсир этаётир. У менга нимани эслатяпти экан. Бу оҳанг бу сафар нимаси билан мени бунчалар сеҳрлаб олаётир.

Ол-а, нимадан қочсанг, яна ўшанга рўпара келасан деб бекорга айтишмаган экан. Бу мусиқани мен ўша қиз (яна ўша қиз!)нинг телефонида эшитгандим. Бир қараганда бунинг ҳечам ажабланарли жойи йўқ. Бу мусиқани яна ўнлаб, юзлаб одамларнинг қўл телефонида учратиш мумкин. Қолаверса, хоҳлаган устахонага кириб, телефонга мақбул овозни ёздириб олса бўлади. Бекорчи ўйларни миямдан сиқиб чиқаришга тиришиб, бутун диққатимни қўшиқ сўзларига қаратдим.

    Дилимдаги энг ўтли нолам,
    Исминг айтсам, яшнайди олам.
    Лобар ўзинг, дилбар ҳам ўзинг,
    Сен ўзингсанг нафис гул-лолам.
    Ўзингдирсан ҳуснда танҳо,
    Зуҳро ҳам сен, сен ўзинг Лайло,
    Изларингни ўпар юз Тоҳир,
    Минг бир Мажнун ишқингда шайдо.

Бу қўшиқни биринчи марта эшитаётганим йўқ. Сўнгги икки йилда ёшлар орасида пўримроқ лаҳжада айтилса, «хит»га айланиб улгурган бу таронани радиоканаллар ҳар куни ўн марталаб айлантиришади. Қўшиқ муаллифи ҳам айнан мана шу тарона туфайли шуҳрат топган, кўпчиликнинг эътибори ва олқишини қозонган эди.

Маълумингизким, катта шов-шувга сабаб бўлган кўпгина қўшиқларнинг бадиий савияси хусусида ҳамиша илиқ сўз айтиш мушкул. Яхшироқ диққат қилинса, бундай қўшиқларнинг мусиқаси турклар ё араблардан моҳирона ўғирланган, сўзлари эса, лоақал ўзбек тилида иккита сўзни бир-бирига боғлашга ноқобил «қаламкашлар» ижодига мансуб бўлиб чиқади.

Ҳар қалай инсоф билан айтилса, бу қўшиқдан бундай қусур ахтариш ноўрин бўларди. Мусиқасида ажнабий оҳанг сезилмайди, шеърни адабий дурдона деб атамасак-да, бошқа қўшиқларникидан ўлса ўлиги ортиқ. Шунинг учун бўлса керак, бу қўшиқ катта-ю кичикка бирдек маъқул бўла бошлаган эди. Хонанданинг ўзи ҳам эндигина кўзга ташаланиб қолганида, автоҳалокатга учради. Ажаб, мана шундай ўтли, дардли овозда хониш қилаётган ҳофизнинг ўлганига ишониш қийин.

Мусиқий оҳанглар оғушида кўзим илинганини сезмай қолибман. Эрталаб радиодан янграган мадҳия садосидан уйғониб кетдим.

* * *

Ўша, худди ўшанинг ўзгинаси... Йўқ, адашган бўлишим мумкин эмас. Уни унутай деганимда яна рўпарамдан чиқиб қолса-я! Эндигина автобусга чиқиб, бўш жойларниниг бирини эгаллаган эдим, ёнимга У келиб ўтирди. Бир лаҳза карахт алфозда қолдим. Қарийб бир ҳафтадан бери эртаю кеч Уни ўйлайвериб, сал бўлмаса ҳардамхаёл бўлиб қолаёзгандим. Мана, ўша «оқ-қора малак»нинг ўзи ёнимга келиб «қўнди». Худди ўша кийимда – Оқ ва қора ранглардан энг буюк мусаввир тарафидан яратилган мукаммал санъат асари. Нима дейишга, нима қилишга ҳайрон эдим. Кутилмаганда...

Узр, сиздан бир нарса сўрасам майлими?

Саволни У берган эди. Аммо, жавобни ким қайтаришини билолмагандек, у ёқ-бу ёққа алангладим. Чамаси, қизга ҳеч ким менчалик яқин ўтирмаганди. Бир зум довдираб қолдим. Ҳар қалай нимадир деб минғирладим. «Майли» деган бўлсам керак-да!
— Адашмасам, сиз ёзувчисиз. Телевизорда ҳам гоҳ-гоҳида чиқиб турасиз. - У мендан тасдиқ жавоб олмаёқ гапини давом эттирди. - Асарларингизни ўқиб бораман. Ўзи умуман, ҳар бир янги ва яхши асарни эътибордан четдан қолдирмайман. Айниқса, хиёнат ҳақида кўп ёзасиз. Нима бу сизнинг энг севимли мавзуингизми? Ё ўзингиз ҳаётда кўп бор хиёнатга дуч келганмисиз?

У гапирар мен эса унинг мафтункор жонсўз чеҳрасидан кўз ололмасдим. Нима ҳақида савол берганини ҳам дафъатан англаб ололмаган эканман. У менинг эътиборсизлигим учун бироз ранжигандек бўлди.
— Мен боядан бери сизга гапириб ётибман. Сиз эса мени диққат билан эшитмаётганга ўхшайсиз.

«Агар сиз билан суҳбатлашаётган аёлнинг ҳар бир сўзини диққат билан эшитаётган бўлсангиз, демак, ҳамсуҳбатингиз у қадар гўзал эмас экан, деб ёзган эди ғарб мутафаккирларидан бири. Агар менинг ҳам мусоҳибим бунчалик соҳиби жамол бўлмаганида ақл-ҳушимни йўқотмаган, унинг бирор каломини эътиборимдан четда қолдирмаган бўлардим».

Табиий, хаёлимни тилиб ўтган бу фикрни тилимга кўчирмадим. Ҳар қалай У билан илк бор юзма-юз келиб турардим. Не бахтки У мени аввалроқ кўрган, таниган экан. Бундан чиқдики, ўша куни ҳам менинг ҳар бир ҳатти- ҳаракатимни кузатиб турган. Ким билсин, неча кундан бери хаёлимдан кетмай юргани Унинг ўзига ҳам махфий қолмагандир? Ҳа, дарвоқе. Мен унинг саволини жавобсиз қолдирмадим:
— Сиз адашмадингиз. Камина қалам аҳлининг кўзга кўринган вакилларидан бўлмасам-да, ул-бул ёзиб-чизиб тураман. Аммо ёзувчиликка ўзимни даъвогар санамайман. Ёзганларим сизни бефарқ қолдирмаганидан хурсандман.

Қизнинг латиф чеҳрасига нафис табассум югурди.
— Ортиқча камтарлик нимадан далолат эканини биларсиз, - деди қувлик билан кўзларини сузиб. - Охирги китобингизни бир кеча ухламай ўқиб чиққанман.

Ўзини адабиётга дахлдор деб билган бирор кимса бундай эътирофдан эриб кетмай иложи йўқ. Қизнинг сўзлари самимий эканига ишонч ҳосил қилгач, орамиздаги кўринмас бегоналик пардаси хиёл кўтарилгандек бўлди.
— Сиздай нафосат ва нозик дид соҳибасини бемаъни нарсалар билан ширин уйқудан маҳрум қилганим учун хижолатдаман. Демак, сиздан бир кечалик қарзим бор экан.

Шу гапни айтишга айтдим-у, беихтиёр тилимни тишладим. Мабодо гапимдан бирор уятли маъно уқмадимикин, деган ҳадик билан қизга қарадим. Йўқ, чамасида, бу «лутф» унга ёқиб тушган эди.
-Ундай бўлса, мендан бир эмас, бир неча кечалик қарздор бўлиб чиқасиз. Чунки сизнинг асарларингизни ўқиб жуда кўп тунларни бедор ўтказганман.

Билмадим, бундай ширин, ёқимли сўзлардан сўнг ўзимни автобусда эмас, нақ еттинчи фалакда, булутлар устида сузиб юргандек ҳис қилдимми? У менга чексиз шодлик бахш этиш баробарида мени бироз ноқулай вазиятга ҳам солиб қўйганди. Агар унинг гапини тасдиқласам, бироз нокамтарлик қилган бўлардим. Бироқ бу жамиланинг фикрларини инкор этиш учун ҳам ўзимда мажол тополмасдим. Кулимсираганча ерга тикилдим. Шу топда автобусга ёши ўтиброқ қолган аёл чиқиб, мен ўтирган жойимни бўшатиб беришга мажбур бўлдим. Қиз тавозе билан сумкамни ушлаб кетиш учун қўлини чўзди. У чарм жуздонимни бағрига босиб кетаркан, ич-ичимдан ўзимга йиллар мобайнида хизмат қилиб келган, эскирибгина қолган жуздонга нисбатан ҳасадгами, рашкками ўхшаш бир ҳис уйғонганини туйдим. Беихтиёр унинг бармоғидаги узукка қарадим. Йўқ тилла эмасди, зотан олтиннинг ранги бу қиздаги ажиб мутаносибликка халал етказиши мумкин эди. Қоп-қора ақиқ кўзли кумуш узук унинг нозик, оппоқ бармоғига мислсиз жозиба бахш этиб турардики, узукни шу латиф бармоқдан холи тасаввур этолмасдим.
— Сизнинг уйингиз ўша тарафда экан-да! - қиз шаҳодат бармоғи билан биз автобусга чиққан томонни кўрсатди.
— Сиз-чи, - сўрадим унинг сўроғини бош ирғаб тасдиқлаш баробарида.
— Бошқа томонда, - сирли кулимсиради қиз, - Бир ҳафта илгари сиз томондаги бир ателега кўйлак тиктириш учун боргандим. Бугун буюртмани олиб қайтяпман. Ўша куни мен сизни кўрувдим. Фақат ёнингизга бориб, сўрашишга журъат қилолмадим. Қаранг, ният холис экан, бугун яна учрашиб турибмиз. Аммо... - Қиз дераза оша ташқари қараб олди-да, туриш учун қўзғалди. - қарангки, яна хайрлашишга мажбурмиз. Мен шу ерда тушиб қоламан.

Мен уни қайта кўрганим учун шу даражада қувониб кетибманки, яна саноқли дақиқалардан кейин ундан яна ажралишим мумкинлигини ўйлаб кўрмабман. Демак кўйлак баҳона икки маротаба учрашиш насиб этган. Яна қачон янги тиктирган кўйлаги эскиради-ю биз томонларга йўли тушади. Ўшанда ҳам уни кўра оламанми ё йўқ, Худо билади.
— Мабодо... телефонингизни беролмайсизми? - дедим нафасим бўғзимга тиқилгудек бўлиб. - Сиз билан яна... гаплашиб... учрашиб турсак... сиз қарши эмасмисиз?..

Қиз кулимсираб, мумдек қоп-қора сумкасидан бир парча ташриф қоғозини чиқарди-да, менга узатди. Хайрлашиш олдидан менга ширин бир табассум ҳадя этаркан, автобусдан тушиб кетди. Қиз бекатдаги олағовур ичида бир зумда кўздан йўқолди. Қўлимдаги ташрифномага кўз ташладим. Оддийгина визитка деб аталадиган бундай қоғоз парчасида кўпинча герб ёхуд, корхона рамзи, манзили, иш, уй ва мобил телефонларидан тортиб, факс рақамию электрон почта манзилигача тиқиштиришади. Аммо қўлимдаги бу мўъжазгина варақда фақат уяли телефон рақами ва биргина исм битилган эди – ДИЛСЎЗ!

...Дилсўз! Бу исм миямда кун бўйи айланиб юрди. Жуда антиқа, камёб ва кўпмаъноли исм. Ўзимизнинг тилда - дилдаги сўз, форсийдан таржима қилинса - юракни ўртагувчи... Дарвоқе, ким ўзи бу қиз. Қаерда ўқийди ёки ишлайди? Ўзи қаерлик, ёши нечада? Бир неча дақиқалик суҳбат асносида ундан билиб олганим шу исм бўлди. Кетиш аввалида менинг телефон рақамимни сўрамадиям. Ўзим телефон қилишимга шунчалик ишонган бўлса керак.

Мен уни яна бир карра кўриш бахтига муяссар бўлганимдан, энг муҳими, исми ва телефонини билиб олганимдан ўзимда йўқ даражада хурсанд эдим. Ҳар қалай энди ўзим истаган пайтда уни кўришим, лоақал овозини эшитишим мумкин. Аммо қачон? Менга қолса у билан хайрлашганимизга ҳали бир соат бўлмай, унинг рақамини теришга илҳақ эдим. Аммо ҳали йигитлик ғуруримни бу қадар тез ва осон ерга урадиган даражага бормагандим. Ҳеч бўлмаганда Дилсўзнинг (ҳар қалай мен эди Уни исми билан аташга ҳақлиман) тасаввурида шилқим, сурбет бир йигит каби таассурот қолдиргим йўқ. Аммо «ғурур»им бир кунгина ўзимни тутиб туришга имкон берди, холос.

Бир амаллаб тонг оттиргач, ишга отланаётган маҳалда унинг рақамини тердим. Гудок чинқираркан, «ишқилиб, бегона рақамни кўриб, ўчириб қўймасин» деган илинж миямга маҳкам ўрнашиб олганди. Хайрият!
— Алло, ким бу? - бу овоз худди ташна одам учун булоқнинг шилдирашидек ёқимли эшитилди. Ўзимни таништирдим. - Хайрият-эй, мен визиткамни аллақачон ташлаб юборгандирсиз, деган хаёлда эдим. Қалайсиз?

Салом-аликдан сўнг муддаога ўтдим.
— Дилсўз, агар сиз... мени тўғри тушунсангиз, йўқ демасангиз, вақтингиз бемалол бўлса...
-Учрашувга чақирмоқчисиз, - мен тугатишга қийналаётган гапга у бира-тўла якун ясаб қўя қолди ва охирида шарақлаб кулиб юборди. Унинг гапини тасдиқлашдан бошқа чорам қолмаганди. - Сиздек истеъдодли қаламкашки, мен билан учрашмоқчи экан, йўқ дейишга қандай ҳаддим сиғсин.

* * *

Дам олиш куни бўлгани учун истироҳат боғи одамлар билан гавжум эди. Шу шаҳарга келганимдан бери бирор марта бу боғга келиб айланганимни эслолмайман. Ким билсин, Дилсўз билан танишмаганда, у айнан шу ерда учрашишни таклиф қилмаганида, бундан кейин ҳам бу ерга қадам босмаган бўлармидим...

Дилсўз бу гал ҳам оқ ва қора рангларни ўзида мужассам этган ҳолда қаршимда турарди. Уни кўришим ҳамоно юрагим ярадор қушдек бесаранжом бўла бошлади. Нима учун? Мен қаердан билай, одам баъзан ўзига-ўзи тушунолмай қолади-ку!
— Нега бунақа тикилиб қолдингиз, - қувлик билан сўради Дилсўз хиёл эгилиб, ўзига бир қур кўз ташлаб оларкан. - Кийимим сизга ёқмаяптими?
-Аксинча, сизни илк бор учратганимда ҳам ана шу кўринишингизда бутун эътиборимни тортиб олган эдингиз.

(Вей овсар, ўзимни ўзим сотиб ўтирибман-а!)
— Буни биламан, - жилмайди Дилсўз мен билан ёнма-ён кетиб бораркан. - Ўша куниёқ сезганман. Ҳа, яширмайман, оқ ва қора – менинг энг ёқтирган рангларим. Чунки бу икки ранг ҳамиша ёнма-ён бўлгандагина мукаммаллик касб этади. Уларни бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Ахир ўйлаб кўринг, тун бўлмаганда биз кундуз нима эканини билармидик? Зулмат бўлмаса, нурнинг аҳамиятини англай олармидик? Ҳаётда ҳамма нарса ана шу қарама-қаршилик асосида қурилган. Бусиз ҳаётнинг ўзи бўлмасди. Лекин афсуски, ана шу ҳақиқатни ҳар доим ҳам ёдда сақлайвермаймиз. Кўпчилигимиз бир томонлама ёндашувга ўрганиб қолганмиз... - Дилсўз тўсатдан гапидан тўхтаб, менга ўгирилди. - Жуда кўп гапириб бошингизни қотириб юбормадимми?
— Аксинча, - дедим ундан иштиёқимни яширмай. - Тиниқ фикрларингиз менга ёқяпти. Аммо... - яқинда кимдандир эшитганим, бир жумлани тилимга чиқадим. - Ҳаёт фақатгина оқ ва қора ранглардангина иборат эмас-ку!
— Балки, сиз шунақа ўйларсиз. Оқ ва қора – ҳаётнинг асл ранглари. Ҳақиқат фақат ана шу икки рангнинг бирида намоён бўлади. Қолган ранглар эса, шунчаки, безак. Ҳақиқатни бу ранглар билан бўяб бўлмайди. Чунки бошқа ҳамма ранглар – ёлғондан иборат.
— Шунчалик ҳақиқатпарастман, денг, - гапим истеҳзога ўхшаб қолмаслиги учун беозор жилмайишга ҳаракат қилдим.
— Йўқ, - деди Дилсўз жиддий қиёфада. - Мен ҳақиқатни жуда-жуда ёмон кўраман. Ҳаёт фақатгина ҳақиқатдан иборат бўлганида яшашнинг заррача қизиғи қолмасди.

«Жуда ғалати қиз экан, бошқа биров бўлганда бу гапларни эшитиб, қизнинг ақлан соғлом эканига шубҳа билан қараган бўларди» Хаёлимдан ўтган бу иддао Унга маълум бўлмадимикин, деган хавотир билан қизга разм солдим. У ён-атрофни лоқайдликка ҳам, синчковликка ҳам ўхшамаган мавҳум нигоҳлари билан кузатиб борарди.
— Қаранг, анавинга чиқмаймизми? - Дилсўз бирдан боғнинг ҳар тарафидан бемалол кўриниб турадиган баланд чархпалакни кўрсатди.

Чархпалакка чиқишни болаликдан ёқтирмайман Йўқ, қўрқаним учунмас ҳар ҳолда. Аммо Дилсўзнинг таклифини рад этиш учун бирор бир важ-корсон асос бўлолмасди. Секин айланаётган чархпалак «чўмич»ларидан бирига жойлашдик. «Қароргоҳ»имиз оҳиста юқорилаб борар, мен эса Дилсўздан кўз узмасдим. Дунёда гўзаллар кўп, гўзаллик шайдолари ундан ҳам бисёр. Аммо айни дамда Мулки борлиқда қаршимдаги соҳибжамол қиздан-да гўзалроқ мавжудот ва унинг мендек асиридан бўлак жон борлигини тасаввуримга сиғдиролмасдим. Бизни ўз бағрига олган пўлат чўмич борган сари баландлаб борарди. Негадир иккимиз ҳам жим эдик. Мен-ку нима ҳақда ўйлаётганимни биламан, У-чи? Ҳозир унинг хаёлидан нелар кечаётган экан-а? Бу савол тилимга қандай кўчганини сезмай ҳам қолдим.

У жавоб қайтаришга ошиқмасди. Бу пайтда бизнинг қўналғамиз мосламанинг энг юқори нуқтасига етган эди.
— Ҳозирнинг ўзида чархпалакни тўхтатиб қўя оласизми? - дафъатан берилган саволдан эсанкираб қолдим. Табиийки, бу иш менинг имкон доирамдан ташқарида эди ва буни тан олишга ҳожат ҳам йўқ эди. У жавобимни кутмаёқ гапида давом этди, - Ҳаётнинг ва инсон умрининг ғоятда ҳаққоний ва ихчам тимсоли. Ҳаёт ана шу чархпалак мисоли тинимсиз айланаверади. Унга чиқиб-тушгувчилар тез-тез ўрин алмашаверадилар. Чархпалакка чиқишдан мақсад энг баланд нуқтадан туриб атрофга назар солиш эмасми? Аммо таассуф шундаки, сиз бу нуқтада доимий қолиб кетолмайсиз. Чархпалак ўқи сизнинг истагингиз билан ҳисоблашмайди. Сизни қай тариқа юқорига олиб чиққан бўлса, худди шу тариқа ерга олиб тушади. Энг афсусланарлиси вақтингиз тугагач, сиз ўрнингизни бошқаларга бўшатиб беришга мажбурсиз.

Унинг бу фикрлари мени бефарқ қолдириши мумкин эмасди. Айни пайтда бу пурмаъно сўзларга муносиб жавоб қайтармасликни ҳам жоиз билмасдим. Ахир яхшими-ёмонми ёзувчи деган номим бор.
— Албатта, тафовутлар ҳам йўқ эмас, дедим, - гапни ҳазилга буриб. - Агар чархпалакнинг пулини тўласангиз, икки, уч, ўн марталаб «олий нуқта»га чиқиб тушаверасиз. Ҳаётда эса бу имконият сизга бир марта берилади, холос.
— Унда лоақал чархпалакдаги ҳуқуқимиздан фойдаланайлик, - деди кулиб Дилсўз.

...Биз ўтирган «чўмич» яна юқорига ўрлади.
— Мабодо файласуф эмасмисиз? - сўрадим унга синчков тикилиб. Дилсўз мулойим кулимсиради.
— Ҳамманинг ўз фалсафаси бўлади бу ҳаётда. Ҳатто фалсафа нима эканини билмайдиган ноқис кимсаларнинг ҳам. Чунки ҳар бир жон ҳаёт неъматларини, ўлчовли умрини ўзича баҳолайди, ўз қаричи билан ўлчайди. Бу чархпалакни ҳеч ким на тўхтатишга, на ортга қайтаришга қодир. Биздан юз, минг йиллар аввал ҳам ҳаёт мавжуд эди. Бундан кейин ҳам ҳаёт давом этаверади. Биз ҳам ўтиб кетишимиз муқаррар. Нари борса, эллик-олтмиш йил. Аммо бу ҳаётдан изсиз ўтиш, одамлар хотирасидан тамомила ўчиб кетиш нақадар оғир фожиа. Сиз ҳам шу ҳақда ўйлаб кўрасизми?

Бу аччиқ ҳақиқат табиийки мени ҳам тез-тез ўйга соларди. Очиғи нима деб жавоб беришни билмай довдирадим.
— Айтинг нима қолади сиздан? Мол-дунёми? Фарзандларми? Фақат насл қолдиришнинг ўзи мангуликка даъво бўла олмайди. Бу иш ҳар қандай жонзотнинг қўлидан келади. Рост, фарзандларингиз ўла-ўлгунча сизни унутмас, набираларингиз ҳам го-гоҳ эслаб туришар. Улардан кейинги насл-чи? Яна икки юз йил кейин туғиладиган авлодингиз сизни эслашига ишонасизми? Сиз ўзингиз икки аср аввал яшаган бобокалонингизнинг отини биласизми? Йўқ. Сизнинг истеъдодингиз бор. Қаламингиз бор. Аммо ёзганларингиз асрлар суронига бардош бера оладими? Бугун ёзган ҳикоянгизни эллик йил кейин туғиладиган ўқувчи учун маъноси қоладими? Айтинг, ана шундай ўлмас асар ярата олдингизми?

Дилсўзнинг бу қадар шафқатсиз саволлари юрагимни туздек ачиштирар, аммо жўяли жавоб тополмай қийналардим.
— Хўш, ўзингиз-чи, шунча нарсага ақлингиз етаркан, сиз ҳам изсиз кетмасликнинг бирор чорасини топиб қўйгандирсиз?

У менга жавоб қайтирш учун оғиз жуфтлаган чоғда қулоғимга яна ўша таниш тарона чалинди. Дилсўз сумкасидан телефонини чиқарди ва жавоб қайтаришни истамай, қизил тугмани босиб, алоқани узди. Негадир хаёлимни Дилсўзнинг жавоби эмас, ҳозиргина телефондан таралган куй тортди.
-Ажойиб қўшиғ-а, - деди худди ўйларимни ўқиб тургандек. - шу хонандани танирмидингиз? - шу аснода кўзларимиз тўқнашиб кетди. Унинг нигоҳларида аёл зотига хос бўлмаган қатъият, шиддат, алланечук ёввойилик чақнаб турарди.
— Яхши қўшиқчи эди, - дедим унинг бу саволни беришдан мақсадини тушунмай.
— Ҳа, - деди қуруқ, ҳиссиз оҳангда. - Аммо, унинг биттагина, мана шу қўшиғи менинг ёдимда қолган. Ким билсин шу қўшиқни айтмаганида у ҳар куни бу ёруғ дунёни тарк этадиган ўн минглаб одам қатори йўқлик қаърига сингиб кетган бўлармиди. Аммо бу қўшиқ менимча марҳумнинг иккинчи умри бўлди.... - У бир муддат жим қолди. - Сизнинг саволингизни атайин жавобсиз қолдирдим. Чунки бу саволга аввал ўзингиз жавоб топишга уриниб кўришингиз лозим. Мен эса ўзимдан қандай из қолдиришни яхши биламан.

...Кечгача хиёбонни айлангач, яқин атрофдаги емакхоналарнинг бирида тамадди қилиб чиқдик.

«Жуда ғалати қиз экан, - у билан икки тарафида дарахтлар саф тортган, хазондан оловранг поёндоз тўшалган торгина йўлакдан кетиб борарканмиз, сарсари хиёллар миямда ғужғон ўйнарди. - Жуда ғалати, сирли, ҳатто... хавфли. Нега ўзи ҳақида бир оғиз ҳам гапиргиси келмайди? Нега мен билан бу қадар тез тил топиша қолди? Мен-чи? Нега шунча йилдан бери бирор қизни астойдил севиб қолмаганим ҳолда, бу сирли гўзалга шунчалик тез боғлана қолдим? Инсон зоти очиқ-ошкор, яққол кўриниб турган нарсаларга эмас, мавҳумлик, сир пардаси ортида яширинган воқеликка мойилроқ бўлади. Эҳтимол, мени мафтун этган ҳам ана шу мавҳумотдир? Наҳот бу қизнинг тафаккур ва тахайюли шу қадар кенг, теран бўлса? Наҳот мен шу қизни... севиб қолган бўлсам?»

Сўнгги ўй таъсиридан хиёл сергак тортдим. Мовий кўл соҳилидаги баланд сарв ёнига етганда негадир тўхтадим, у ҳам. Беихтиёр Унинг эндигина очилган гулдек бокира юзларига термилдим. У ҳам... Кейин... бу беназир чирой ва нафосат қаршисида бир зум ўзимни идора этолмай қолдим. Қизнинг латиф вужудини бағримга босдим. Дилсўз менинг бундай кескин ҳаракатимни кутмаганмиди, ҳар қалай қаршилик кўрсатишга ҳам улгурмади. Қақроқ лабларим қизнинг инжа, зариф дудоқларидан айрилган чоғда, эҳтирос-ла шивирладим:

Дилсўз, Дилсўзим... Сизни севаман!..

* * *

-Асарларингиз сюжетини ўзингиз ўйлаб топасизми, ёки кўрган-билганларингиз, эшитганларингиз асосида ёзасизми?
— Ҳар хил. Баъзилари чиндан ҳам ҳаётда содир бўлган воқелар асосида ёзилган. Албатта, бадиий асар бўлганидан кейин кўпгина ўзгартиришлар, тўқималар киритилади, бойитилади. Мутлақо хаёлот маҳсули бўлган асарлар ҳам бор. Лекин ҳар бир асарим ҳаққоний, ишончли чиқиши учун ҳаракат қиламан. Ёзувчининг энг катта маҳорати китобхонни ишонтира олишда, менимча.
— Янаям тўғрироғи маҳорат билан алдай олишда, шунақамасми? Эътироз билдиришга шошилманг. Энг гўзал шеърлар, чиройли ташбеҳлар, муболағалар ҳаммаси ёлғондан иборат-ку! Биз ана шу чиройли ёлғон учунгина шоир ёхуд ижодкорнинг истеъдодига тасанно ўқиймиз. Санъатда ҳам шундай. Спектакл ёки кинодаги воқеалар ёлғон эканини билсак ҳам таъсирланамиз. Бош қаҳрамоннинг ўлимидан афсусланиб кўз ёш тўкамиз. Ҳолбуки. Бу ролни ижро этган актёрга жин ҳам урмаганини биламиз-ку! Нега мусаввирнинг катта маҳорат билан чизилган сувратидан ҳайратга тушамиз?. Ҳолбуки, ундаги манзаралар алдамчи экани, бир парча матолар устидаги бўёқлар йиғиндисидан иборат эканини биламиз-ку! Ёхуд, нега «Чўли Ироқ»ни тинглаганимизда ўз-ўзидан кўзимиздан ёш қуйилиб келаверади. Ахир куй бир қаричгина қамишни ёриб чиқаётган ҳаводан бошқа нарса эмас-ку! Лекин бу - санъат. Бу гўзаллик. Усиз ҳаётимиз ғоятда кўримсизлик, маъносизлик касб этган бўларди. Биз ҳаммамиз ҳақиқатни ёлғондан устун қўямиз. Лекин, асл ҳақиқатгни ҳеч биримиз суймаймиз. Ҳаётнинг, ҳусн ва ёшликнинг ўткинчилиги, қарилик ва ўлимнинг муқаррарлиги асл ҳақиқат бўладиган бўлса, нега биз улардан қўрқамиз, қочамиз. Дунёдаги ҳамма чиройли нарсалар асосан ЁЛҒОНдан иборат бўлиб чиқади.
— Сиз менинг ҳамма тушунчаларимни остин-устун қилиб ташлаяпсиз. Лекин, ҳамма фикрларингизга қўшилолмайман. Балки, адабиёт ёлғондир, аммо, у ҳақиқатнинг ўзидан ҳам кўра ҳаққонийроқ, деган ҳикматни эшитгандирсиз?
— Албатта, фикрингизга қарши чиқадиган жойим йўқ. Лекин барибир ҳаёт ва китоб оралиғидаги тафовутни йўқотиб бўлмайди. Сизнингча, адабиёт фақат эзгуликка хизмат қилиши лозим. Сиз адиблар ҳамиша оғиз кўпиртириб, адолатни, муҳаббат ва садоқатни, софдилликни, холисликни мақтайсизлар. Ана шу инсоний фазилатларга чорламоқчи бўласизлар. Аммо қани ўша сиз мадҳ этган эзгулик? Муҳаббат, садоқат, адолатнинг ҳаққоний, ҳаётий тимсолини кўрсатиб бера оласизми? Сиз кўкларга кўтариб мақтаган ҳар қандай фазилат, эзгу хислатлар инсоннинг худбинлиги, худпарастлилигининг турфа хил кўринишлари холос.
— Сиз айтганчалик бўлиши мумкин эмас!
— Сиз чуқурроқ фикр юритиб кўринг. Ҳаётда ҳамма нарса шахсий манфаат, илмий тил билан айтганча Инсоннинг ЭГОси асосида қурилган. Ахир бу ҳаётда ким учун яшайсиз, ким учун курашасиз. Ҳаммаси ўзингиз учун, ўз номингиз, ўз обрўйингиз, авлодларингиз учун, шундай эмасми? Бегоналарга яхшилик қилаётган пайтингизда ҳам барибир ўзингиз ҳақингизда яхши таассурот қолдиришни, лоақал охират тадорогини кўзлайсиз. Мен инсоннинг бу ҳаётдан қандайдир из қолдириши ҳақида ҳам беҳуда гапирмадим. Ўтмишда яшаган саркарлардан тортиб буюк алломаларгача, фозил-у фузалолардан шоирларгача, ҳаммаси ўз илму амаллари, ижодлари билан ном қолдиришни ўйлаганлар бунга шубҳа йўқ. Жуда кўп мумтоз асарларда муаллифлар «бу китобни ўқигач, фақирни ҳам дуода ёд этинг» дея ўз илинжларини қистириб кетишган.
— Наҳотки, ҳозирга қадар инсониятни лол қолдириб келаётган минглаб шоҳ асарларнинг барини мақтанчоқлик, кибр ва манманлик маҳсули деб биласиз?
— Йўқ, баъзи асарлар борки уларни яратишда муаллифлар бундай баландпарвоз ҳою ҳавасни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Масалан О Генри, Жек Лондон сингари ёзувчилар фақат тирикчилик учунгина қадам тебратишган. Мотсарт ҳам фақат рўзғор важҳидан ана шундай буюк мусиқий асарлар яратган. Леонардо да Винчи ўзининг «Мона Лиза»си пайти келиб юз миллионлар билан баҳоланишини хаёлига ҳам келтирмаган ва уни арзимас пулга сотиб юборишган. Кўряпсизми, бани башарни мислсиз ҳайратга солиб келаётган кўпгина буюк воқеликларнинг яратилиши тарихи нақадар жўн ва содда.

У билан баҳслашиб барака топа олмаслигим ойдинлашгач, гапни бошқа тарафга бурдим.
— Шунча нарсани билар экансиз, нега бутун бошли асар ёзиб қўя қолмайсиз. Ахир фикрларингизнинг кўпчилиги назарий жиҳатдан янгилик бўлиши мумкин. Балки сиз ҳам ана шу фикрларингиз билан тарихда қоларсиз?
— Кесатишга уста экансиз, - деди бироз жимликдан сўнг Дилсўз. - Менинг гапларим ҳеч қанақа янгилик эмас. Ҳаммамиз билган, лекин эътироф этишга қўрққан нарсалар, холос. Йўқ, менимча ҳамма ўз ишини қилгани маъқул. Ёзиш бу сизнинг ишингиз. Майли, сиз ёзаверинг, мен сиздан муаллифлик ҳуқуқини даъво қилмайман. Эҳтимол, сизнинг асарингиз мени тарих саҳифаларидан жой олишимда асқотар?.. Тўғриси, бирор бадиий асардаги қаҳрамон ёхуд прототип бўлиб ҳам одамлар хотирасида умрбод жой олишни қанчалик исташимни билсангиз эди. Биласиз, Петрарка ўз сонетларини севгилиси Лаурага, Данте эса, жаҳоншумул «Илоҳий комедия»сини маҳбубаси - аллақандай Беатричега бағишлаган экан. Тасаввур қиляпсизми, агар ўша аёллар бўлмаганида жаҳон адабиёти нақадар буюк дурдоналардан бебаҳра қоларди. Ва аксинча, Данте ва Петрарка бўлмаганида анави икки ожиза минглаб замондошлари қаторида тарих қаърига чўкиб кетардилар. Биласизми, мен уларнинг ҳар иккаласига ҳавас, ҳам ҳасад қиламан. Чунки улар асрлар бўйи яшаб келишмоқда.
— Агар менда ҳам ўша Данте ёхуд Петрарка сингари даҳоларнинг истеъдоди бўлганида сиз ҳақингизда дунёдаги энг гўзал асарни яратган бўлардим...

...Энди ортиқча сўз-суҳбатга ҳожат қолмаганди. Дилсўз оҳиста ўрнидан турди-да, хонасининг чироғини ўчириб қайтди. Мен қоронғида унинг лаҳча чўғ мисоли қайноқ лабларини қийналмай топдим...

* * *

Муҳаббат ҳақида кўп ўқиганман, кўп ёзганман. Аммо шу ёшга кириб унинг ўзи билан энди рўбарў келдим десам, ишонасизми?

Дилсўзни севиб қолдим, бошқача бўлиши мумкин эмас. Нимагалигини ўзим ҳам аниқ билмайман. Эҳтимол, мен шу пайтга қадар таниган билган қизларга мутлақо ўхшамагани учундир? Балки, унинг ҳайратомуз, ғайритабиий, ҳатто шаккокларча фикр-мулоҳазалари мени асир этгандир? Ёки ўта оддий, айни пайтда ўта сирли гўзаллик қаршисида ўзимни шу қадар тез йўқотдимми?

Севмаган одам севгини фақат тасаввур қила олади. Аммо асл воқелик ҳар доим ҳам тасаввурга мос тушавермайди. Мен севгини ҳам, ўзим севишим мумкин бўлган қизни ҳам бошқача тасаввур қилардим. Юрагимда ишқ гулханининг ёниши учун Дилсўзнинг биргина сирли табассуми, маъноли қараши кифоя қилдими? Ошиқ ўз маъшуқасининг доғида ойлаб, йиллаб ўртаниши керак эмасмиди? Мен эса қисқа, жуда қисқа фурсатда ишқ сарҳадини кесиб ўтдим.

Висол муҳаббатнинг ширин ўлими, дейдилар. Севги, юракда туғилиб, тўшакда ўлади, дейдилар. Ундай бўлмади. Васл жомини сипқаришим билан юрагимдаги ишқ алангаси зўрайса зўрайдики, заррача камаймади. Юракдан бошланган йўл маҳбубамнинг хобгоҳида якунига етмади – бунга аминман.

Уч кундирки, ўзимга келолмайман. Ҳаёт нақадар гўзал, яшаш қанчалар мароқли, муҳаббат нечоғлиқ улуғ эканини ҳеч ким менчалик ҳис этолмагандир, яна ким билсин?

Дилсўз! У ҳақда қанча ўйламай, ўйимга етолмайман. У билан бунчалар тез топишганимиз, биринчи учрашган кунимиз висол оқшомига уланиб кетгани ўзимга ҳар қанча эриш туюлмасин, бундан афсусда эмасдим. Гарчи у менинг раъйимни қайтармаган бўлса-да, у ҳақида дарров ёмон хаёлга боришга ҳақли эмасман. Ахир у менинг бўйнимга осилиб олгани йўқ-ку! Қолаверса, Дилсўзнинг феъл-атвори, юриш-туриши, фикрлаш даражаси, энг асосийси, теран тафаккури уни енгилтакликда айблаш учун асос бўлолмасди.

Мен ундан ҳар қанча миннатдор бўлсам арзийди. У мени севишга ўргатди. Менга умримнинг тенг ярмига татигулик лазиз лаҳзаларни ато қилди. Гарчи, унинг ўтмишидан деярли бехабар бўлсам-да, айни пайтда уни ўзимники дея аташга ҳақли санардим ўзимни.

Сўнгги уч кун ичида Дилсўзнинг айрим ғалати одатларини билиб олдим. Масалан, гапираётганда ҳечам одамнинг кўзига қарамайди. Ўзи ҳақида берилган саволлардан усталик билан ўзини четга тортади. Энг муҳими бирор масалада уни енгиш мушкул, ўзининг ҳақ эканини (ҳатто ноҳақлигини билиб турса-да) исботлай олади.

Унинг ҳеч кимга ўхшамаган сажъияси мени ҳам ҳайратга, ҳам даҳшатга солади. Ҳатто... бу аёл (унинг шахсий ҳаёти ҳақида билганим шу бўлдики, уч йил аввал турмуш қуриб, бир йилга бормай ажрашган экан) махсус хизмат тизимида ишламасмикин, деган андишага ҳам бордим. Аммо, бу гумонимдан ўзимнинг ҳам кулгим қистади. Бирор тақиқланган гуруҳ ёхуд жиноий уюшмаларга алоқам бўлмаса, ножўя қадам босмасам, ҳар гапни минг бор ўйлаб кейин тилимга чиқарсам орқамдан айғоқчи қўйишнинг нима ҳожати бор?

Одамзот шу-да! На иссиққа кўнади, на совуққа. Ким билсин, Дилсўз билан муносабатларимиз бу қадар тез қўр олмаганида, балким, ҳозир қисматнинг нораволигидан нолиб, дардимни дастурхон қилиб ўтирармидим? Нима бўлганда ҳам Дилсўз мен учун тақдирнинг кутилмаган туҳфаси бўлди. Гарчи, гуноҳ кўчасига қадам босган бўлсам-да, пушаймонлик манзилига етганимча йўқ. Шоир айтганидек, гуноҳи ишқ авлодур манга тоат савобидин.

...бугун ишдан кейин яна учрашишимиз керак. Вақт бунча секин ўтмаса...

* * *

Назаримда бугунги кунда «қалам аҳли», «қаламкаш», «қалами ўткир», «фалончининг қаламига мансуб» сингари сўз иборалар бироз эскиргандек. Чунки, ёзғувчию шоирларнинг кўпи ижод қуроли сифатида қаламдан аллақачон воз кечишган. Масалан, икки-уч йилдирки, бандангизнинг қўли қалам тутишга қовушмай қолган. Компютер жонивор одамни шу аҳволга солиб қўяркан. Авваллари фақат ишхонадагина унинг хизматидан беминнат фойдаланардим. Таҳририятимизга келган иккита «ноутбук»нинг биттасини шеф каминага илингач (табиийки, вақтинча фойдаланиб туриш шарти билан), уйда қалам қитирлатиш ташвишидан халос бўлдим.

Мана, ҳозир, тонг саҳарда маҳбубамни кузатиб яна экран қаршисида ўтирдим.

Орамиздаги интим муносабатларни батафсил ёзиш ўзимга у қадар мақбул кўринмайди. Зотан бошқалар наздида ўз ахлоқим, феъл атворим ҳақида ноўрин тасаввурлар пайдо бўлишини истамайман. Қолаверса, Дилсўзни ҳам енгилтабиат аёл сифатида тасвирлаш ниятим йўқ. Рост, унинг ўтмиши ҳақида ҳалиям тузукроқ маълумот ололмадим. Мендан аввал ҳам яна кимлар биландир ҳамнафас, бедорликда тонг оттирган бўлиши эҳтимолини ҳам назардан қочирганим йўқ. Айнан шу ҳақда ўйлаб, юрагимнинг бир чети тез-тез увишиб туришини ҳам тан оламан. Аммо шуниси аниқки, у ҳозир мен билан бирга. Мен унга севишимни айтдим ва бундан афсусда эмасман.

...Бу тун биз учун кескин баҳс-мунозаралар, тортишувлар, турфа фикр-мулоҳазалар, савол-жавоблар ва... тизгинсиз эҳтирослар қуршовида кечди.
— Мен таниган, билган барча қизларга қиёслаганда сиз ўзингизни анчайин эркин тутганингиз мени ажаблантиряпти. Адашмасам, кечаги мубоҳасамиз айнан шу саволдан бошланганди.
— Аслида эркинлик ҳаммага баробар. Чунки, туғилганда ҳамма эркин, дахлсиз бўлиб туғилади. Бола улғайиши билан унинг «ерки» ҳам тобора чекланиб боради. Ота-оналар «унга тегма, буни олма, ундай қилма, бунақа дема» каби тақиқлар билан унинг имкониятлари, хатти-ҳаракатларини чеклай бошлашади. Бу чекловларни биз турли туман жимжимадор номлар билан атаймиз – тарбия, ахлоқ-одоб, эътиқод, қонун... Аслида буларнинг ҳаммаси бизнинг ҳис-туйғуларимизни жиловлашга, эркимизни бўғишга қаратилган хатти-ҳаракатлар, холос.

Унинг мулоҳазаси мени тамомила гангитиб қўяёзди.
— Бу фикрингизга умуман қаршиман. Агар сизнинг фикрингизга қўшиладиган бўлсак, одобсизлик, ғайриахлоқий ҳаракатлар, шаккоклик, қонунбузарлик... буларнинг ҳаммаси эркинликнинг олий намунаси экан-да! Демак, буларнинг барини қўллаб-қувватлайсиз. Унақада...
— Қизишманг, мен ҳали тўла-тўкис фикримни ифодаламадим. Албатта, инсоннинг ҳою ҳавасларига эрк бериш ҳаётни издан чиқаради. Аммо, унинг эркини турли-туман табиий ва сунъий тўсиқлар билан маҳдудлаштиришни хазм қилолмайман. Дунёдаги барча гўзаллик ҳис-туйғулар ҳосиласидир. Чунки туйғуларимиз бизни ҳеч қачон алдамайди. Улар туфайли биз қисқагина ҳаётнинг лаззатларидан баҳра олишимиз, завқланиб яшашимиз мумкин.
— Инсон фақат ўз ҳисларига бўйсиниб яшаса, ақлига қулоқ солмаса, оқибатда уни ҳалокат кутмайдими?
— Аслида ҳар биримизни кутяпти бу ҳалокат. Ўтаётган ҳар бир кун, соат ва дақиқлар бизни ана ўша ҳалокат сари олиб бораверади. Биз эса ўша сўнгги лаҳза қачон келишини билмаймиз. Эҳтимол, йигирма йилдан кейин, балки бир йил ёхуд бир ойдан сўнг... Ким билсин, эртага ёхуд бир соатдан кейин нима бўлади? Фақат ўз ақлимизга бўйсуниб, ҳис-туйғуларимизни зўрма-зўраки жиловлаб, умримизни рангсиз, жилосиз ўтказишимиз мумкин. Айнан ана шу «сарҳад»лар туфайли неча-неча орзулар армонга айланади. Қанча-қанча ошиқлар ўз маъшуқаларига севгиларини изҳор этолмай, армонда ўтадилар. Туйғуларни жиловлаш орқали чексиз лутфу марҳамат, завқ-шавқ ва эҳтирос бахш этиши мумкин бўлган лаҳзаларни интиқлик, зерикиш ва уқубатда ўтказиш мумкин.
— Лекин, кўнгил майлига бўйсиниб, кўпгина хатоларга йўл қўйиш, қанча-қанча гуноҳларга қўл уриш, кимларнингдир кўнглини, ҳатто ҳаётини барбод этиш мумкин. Иймон-эътиқод, холислик, садоқат деган инсоний тушунчалар қаерда қолади?
— Мен эътиқодга қарши эмасман. Эътиқодсиз яшаб бўлмайди. Зотан, итоат, сиғинувчанлик ҳар бир инсонга хос. Ўзини ашаддий даҳрий билган кимсалар ҳам қандайдир пуч, бетайин ғояларга ишонадилар. Кимдир пулга, мансабга ёхуд ўзи идеал деб билган шахсга сиғинади. Аммо эътиқодни ўйлаб, дунё лаззатларидан воз кечиш, тарки дунё қилишни мен ҳаётга инсбатан хиёнат, ношукурлик деб биламан. Сиз айтган садоқат эса, қўрқув ва журъатсизликнинг чиройли номланиши холос. Ўзини вафодор, садоқатли санаган кўп одамлар ҳам хиёнатга мойил бўладилар. Кимдан ёки нимадандир қўрққани, тортингани, ўзига нисбатан ишончсизлиги, қатъият ва журъат етишмагани боис, бу ишнинг уддасидан чиқолмайдилар.

Унинг бу сўзларига ич-ичимдан қарши чиқсам-да, фикран уни енгишга ўзимда куч тополмасдим. Бундай қатъий, айни пайтда қўрқинчли фикрлар мени музлатиб қўйганди. Унинг айнан ўзи айтган фикрларга, ақидаларга хос иш тутиши муқаррарлигини ўйлаб, даҳшатга тушардим. Демак, мен севган одам менга ҳеч иккиланмай хиёнат қилиши ва ўзини бемалол оқлай олиши ҳам мумкин. Лекин бу мулоҳазамни тилимга чиқаришга қўрқардим. Аввало, у мендан ҳеч нарсани дариғ тутмаган эса-да, мени севиш-севмаслигини билмасдим. Буни билган тақдиримда ҳам, «сиз менга хиёнат қила оласизми?» дея сўрашга юрагим бетламасди.

Шу чоғ Унинг телефонидан таралган таниш оҳанг хаёлларимни тўзғитиб юборди. Ўша қўшиқ: «Дилимдаги энг ўтли нолам...».

Негадир Дилсўз қўнғироққа жавоб қайтармай, телефон экранига узоқ қараб турди. Чамамда унга сим қоқаётган кишининг мақсадидан кўра, ўзи ўнлаб-юзлаб марта эшитган оҳангни тинглаш мароқлироқ эди.
— Ажойиб қўшиқ, - деди ўзига ўзи гапираётгандек. - Ҳар қандай шеър ёки қўшиқни ёлғон дейишим мумкин. Лекин буни эмас. Сиз нима деб ўйлайсиз, яна эллик йил, юз йилдан кейин ҳам шу қўшиқни одамлар тинглашармикин?

Мажҳул қиёфада елка қисдим.
— Билмадим. Одамлар «Дилхирож»ни, «Тановар»ни, «Чўли Ироқ»ни юз йиллардан бери эшитиб келишади. Бах, Бетховен, Мотсарт, Чайковский яратган мусиқий асарларни яна минг йилдан кейин ҳам эшитишига шубҳам йўқ. Бу қўшиқ.... билмадим, буни фақат вақт кўрсатади.

Дилсўз менга худди сеҳрлангандек бир муддат хаёлчан тикилиб қолди. Айни фурсатда у куй тинглаяптими, хаёл суряптими, ёки менинг жавобимни ўзича мунозара элагидан ўтказаяптими, билиб бўлмасди.

Унинг чеҳрасидаги ўйчанлик, тараддуд ва гўзаллик уйғунлашиб, жонсўз малак қиёфасини яратган эдилар. Нега шундай бетимсол латофатга бефарқ қараб туришим керак, нега энди қирмизи дудоқлар титрабгина узатиб турган бўсалардан воз кечишим керак? Нега менга энг лазиз, ширин лаҳзаларни туҳфа этиши мумкин бўлган жўшқин ҳисларимга қулоқ солмаслигим керак?
— Шошманг... ҳозир... бир нарса сўрамоқчийдим.... Илтимос, бир пасгина... тингланг мени! Эсингиздами, анови... мунча шошиласиз? Мен ҳақимда асар ёзаман дегандингиз-а? Зўр асар, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган, ҳеч қачон ўлмайдиган асар... Ёзасиз-а?

Айтган бўлсам айтгандирман, бунақа пайтда инсон бафуржа ўйлаш, фикр юритишга қодир бўлолмайди. Кўзлар ҳеч нарсани кўрмайди, қулоқлар эшитмайди. Лаблар рефлексив тарзда, ўз-ўзидан энтикиб шивирлайди:

Албатта, албатта... ҳаммаси сиз айтгандек бўлади!...

* * *

Унга ваъда беришга бердим (бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди), аммо ўйлаб қарасам, имконсиз бир ишни ўз уҳдамга олганга ўхшайман. Ахир у ҳақда нимаям ёзишим мумкин. Қолаверса, мен Дилсўз ўйлагандай юксак иқтидор соҳиби эмасман. Ёзганларим ҳаминқадар бўлса! Имкон даражасида нимадир ёздим ҳам дейлик. Аммо бадиий асарнинг ўзига яраша талаблари, қоидалари бўлади. Асар маълум бир воқелик устига қурилади, унинг фабуласи, сюжети, композитсияси бўлади. Ҳар бир асарда тугун, кулминатсия, ечим деган нарсалар бўлиши керак.

Хўш, мен Дилсўз ҳақида нимани ёзаман? Фақат унинг гўзаллигини тасвирлаш билан иш битмайди-да! Дарвоқе, мана шу ҳозир ёзаётганларим-чи? Аслида, бу чизма-қоралар ўзимдан бошқани қизиқтиришига кўзим етмайди. Бу битикларни Дилсўзга кўрсатганим билан ҳафсаласи пир бўлиши турган гап.

Чиндан ҳам бадиий тўқима, қўполроқ айтганда ёлғон қўшмаса, асар рисоладагидек чиқмайди-да! Лекин айтилган сўз – отилган ўқ. Бирор чораси топилар. Аммо Дилсўзнинг инжиқ табиати. Қатъий талабларига жавоб бера оладиган бирор арзигулик гап ёза олишимга кўзим етмайди.

Дилсўз! У йўқ пайтида хаёлимга не ўйлар келмайди. Баъзида унга шу қадар тез боғланиб қолгани учун ўзимни койийман. Гоҳида бир-биримизга боғлаб турган ришталар гуноҳ занжиридан иборат эканини ўйлаб, юрагимга ваҳима оралайди. Тўғри, баъзи таниш-билишларимга ўхшаб тақвога берилмаган эсам-да, керак пайти ўзимни оғир гуноҳлар соясидан четга олиб келардим. Энди эса... Дилсўзнинг ёнида ҳар қандай гуноҳ салобатини йўқотади гўё. Унинг ўтли қучоғида на виждон, на жаҳаннам азобини тасаввур эта оламан. Ўтмишда буюк мутафаккирлар, тариқат шоирлари муҳаббатни ҳар қандай тақвою тоатдан устун қўйишганини эслаб ўзимга таскин берган бўламан. Агар ишқ ростдан оғир гуноҳ саналса, нега мусулмон Шарқида Фарходу Ширин, Лайлию Мажнун, шайх Санъон қиссалари тилдан тушмай келаётир.

Ахир мен ҳам Дилсўзни севаман-ку! Илгари ҳаётни, ундаги бор нарсаларни ўз кўзим билан кўрар, ўз қаричим билан ўлчардим. Энди менинг қарашларим ҳам, мезонларим ҳам ўзгарди.

Албатта, ўтган вақт мобайнида муносабатларимизни ҳам шаръий, ҳам қонуний асосда мустаҳкамлашни бир неча бор таклиф қилдим. Дилсўз эса турли важ-корсонлар билан бу ишни орқага суриб келарди. (Қизиқ, одатан, бу ҳолнинг акси ҳаётда тез-тез учрагувчи эди).
— Сиз никоҳ дея атайдиган нарсаларни аёлларни эрларга банди қилиб қўядиган қуллик занжирига ўхшайди, - деган эди у бир гал ана шундай маҳрам суҳбатларимиз чоғида. - Бу ҳақиқатни сиз эркаклар жуда яхши тушунасиз ва ундан усталик билан фойдаланасиз. Никоҳдан сўнг эркак ва аёл муносабатларидаги тенгҳуқуқлилик ва эркинлик, мувозанат тамом йўқолади. Бу Шарқ эрлари учун айниқса хос. Эркак ўз аёли устидан мутлақ устунлик ва ҳукмронликни қўлга олишга тиришади. Никоҳдан аввалги эҳтирослар, ширин лутфу марҳамат, навозишу эркалашлар ўрнини аллақандай мажбурий меъёрлар эгаллайди. Хотин зоти эрига худодек итоат қилиши, амрига сўзсиз бўйсуниши, уйини саранжом-саришта тутиши, бола туғиб бериши ва шунга ўхшаш сон-саноқсиз вазифаларни мутеълик билан бажариши керак. Эр хотинни ўзининг шахсий мулки эканига шубҳаси қолмагач, кўчадан янги, серишва, нозанин маъшуқа қидиришга тушади. Маъшуқа ва хотиннинг вазифаларида айрим умумийликлар бўлса-да, тафовут еру осмон қадар. Хотинини тобеъ жория ўрнида кўргувчи эркакнинг ўзи маъшуқасининг ҳар бир хоҳиш истагини бажо этишга ҳозир туради. Эркак ҳеч қачон ўз маъшуқаси устидан на жисмонан, на маънан ҳукмронликни даъво қилолмайди. Чунки у ўз оти билан маъшуқа. Бугун уники бўлса, эртага бошқасиники. Инсон зоти уйида ишончли сақланаётган мулкидан эмас, муваққат эгалик қилиб турган нарсаларидан ажралиб қолишдан кўпроқ қўрқади. Бинобарин, хотинлик машаққатидан маъшуқаликнинг ҳузур-ҳаловати мен учун афзалроқ.

Дилсўзнинг бу «фалсафаси» нақадар очиқ ва аччиқ бўлмасин, бу фикрларни чуқур мушоҳада қилишдан қўрқардим. Чунки Дилсўз ҳам ўзи айтгандек менинг ҳаётимдаги омонат экани, қачондир мени тарк этиб кетишга тўла ҳуқуқи борлигини ўйлаш, тасаввур этишга кучим етмасди. Зотан, кутилаётган нохушлик, хавф-хатар таҳликаси унинг ўзидан кўра қўрқинчлироқ.

Умримнинг Дилсўз билан учрашгунимга қадар бўлган даври мен учун қандай кечганини энди ўзим ҳам тасаввур қилолмайман. Лекин бундан кейинги ҳаётимни усиз кечира олишим мумкинлигини ақлимга сиғдиролмайман. Наҳот ўзим ҳали-ҳануз яхши танимаган, ўтмишидан ҳалигача етарлича бохабар бўлмаган бир аёл менинг борлиғимни шу қадар тез ва осон забт эта олган бўлса...

* * *

Бугунги иш куним анчайин кўнгилсиз кечди. Эрталаб йиғилишда бош муҳарриримиз ҳам, унинг икки муовини ҳам яхшигина пўстагимни қоқишди. Кейинги пайтларда ишга ўта совуққонлик билан қараётганмишман. Хаёлпарастлигим, паришонхотирлигим меъёридан ошиб бораётганмиш, иш пайтида нималарнидир (ҳар қалай ишга тааллуқли масалаларни эмас) ўйлаб, хомчўт қилиб ўтирармишман.

Тан олишим керак, табиатимдаги бу ўзгаришлардан ўзим ҳам бироз хавотирдаман. Илгари бўлимга келган ҳар бир мактуб, хат-хабар ёки бадиий асар талаб даражасида қайта ишланиб котибиятга топширилар эди. Адабий котибимиз нафақага чиққач ҳамма иш ўзимга қолган бўлса-да, бўлимда битта ўзим қолганим деярли сезилмаган, бунинг учун раҳбариятдан бир мунча илиқ гаплар ҳам эшитган эдим. Аммо, кейинги пайтларда кўпгина топшириқларни кўнгилдагидек ёки умуман бажармаганим, баъзида рухсат сўрамай ишдан кетиб қолганларим бугунги йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди. Журналимизнинг охирги сонидан менинг айбим билан йўл қўйилган қўпол хато туфайли раҳбарларимиз юқоридан анча-мунча дакки эшитишгани билиниб турибди. Хуллас, буёғи Азиз Несин ёзганидек, «Мушт кетди»...

Эрталабки арзимас кўнгилсизлик кун давомида инсон кайфиятига таъсирини кўрсатиши мумкин. Куни билан менинг ҳам қўлим ишга бормади. Тушликда қоринни бир амаллаб алдаган бўлдим-да, бироз чалғиш учун масъул котиб хонасига чиқдим. Ёши қирққа етмаган бўлса-да, сочлари барвақт оқара бошлаган ҳамкасбимиз бу пайтда янги сон дизайни устида дастурчи йигит билан бош қотириб ўтирган экан. Компютер экранига кўзим тушиши билан худди ток ургандек сесканиб кетдим.

Монитордан ўйчан нигоҳларини номаълум нуқтага қадаб турган ўйчан, соҳибжамол қиз... Дилсўз эди. Адашмаётганимга ишонч ҳосил қилиш учун хиёл эгилиб, сувратга диққат билан тикилдим. Худди ўзи. Оқ ва қора бўёқларда ҳассос мусаввирларга хос ҳафсала ва дид билан тасвирланган маъсума Дилсўздан бошқаси бўлиши мумкин эмас. Фил суягидек оқ тиниқ юзлар ҳам, қалдирғоч қанотидай қалин ва бежирим қошлар ҳам, тунги шаршарадек сержило сочлар ҳам, ҳатто чап ёноғида ғоят усталик билан қўндирилган хол ҳам ўша...
— Қалай, даҳшатми?, - ҳайратимни ўзича тушунган масъул котиб белимдан аста чимчилаб қўйди. - Нақ еб қўядигандай термилиб қолдингиз, бир қарашда юракдан урдими дейман?

«Эҳ, сен ниманиям билардинг, хумпар?».
— Бу... фотосувратми, ё қўл билан чизилганми? - сўрадим кўзларимни қисганча, экрандаги тасвирдан узмай турарканман.
— Чизилгану, лекин, худди фотосувратнинг ўзи дейсиз. Бечора рассом бутун куч ва истеъдодини шу асарига сарфлаган экан-да!

Турфа хаёллар миямда ғужғон ўйнаганча, сувратга худди сеҳрлангандек қадалиб турардим. Сувратдаги аёл айнан Дилсўзнинг ўзи эканига заррача шубҳам йўқ. Лекин сувратнинг ўзи ҳам менга жуда-жуда таниш кўриняпти. Тасодифан анчадан бери миямда айланиб юрган бир жумбоқнинг жавобини топгандек, кўз олдим чақнаб кетди. Бир неча ой илгари марказий кўргазмалар залида кўрганман бу сувратни. У пайтлар ҳали Дилсўзни танимадим. Ҳаммаси равшан! Демак, Уни илк бор учратганимда кўзимга бежиз иссиқ кўринмаган экан-да! Демак, суврат муаллифи ҳам Дилсўзни яхши танийди. У билан таниш, ҳатто жуда яқин бўлишлари мумкин. Лекин, Дилсўз нега буни менга айтмади?

«Нега энди менга айтиши керак экан?»

Бу миямнинг яна бир пучмоғида пайдо бўлган, ўз-ўзимга қаратилган иккинчи савол эди.

Бадиий асарлар қандай яратилишидан оз бўлса-да, хабарим бор. Асар прототипи мусаввирлар тилида, адашмасам, «натуршитса» дейиларди. Демак, Дилсўз асар муаллифи билан тез-тез учрашиб турган, этюдник ёнида, мусаввирнинг рўпарасида соатлаб худди анави экрандагидек сокин, хаёл суриб ўтирган. Ким билсин яна нималар бўлган...

Вужудимга нотаниш бир титроқ ўрмалай бошлаганини ҳис этдим. Чамаси, буни хонадагилар ҳам пайқашди.
-Тинчликми, сиз бу сувратдаги қизни танийсизми? - сўради масъул котиб хиёл куюнчак ва қизиққон оҳангда.
— Йўқ - дедим, ўзимни қўлга олишга, сир бой бермасликка тиришиб, - лекин жуда чиройли суврат экан, агар принтердан чиқариб берсанглар, хонамда, иш столим устига қўярмидим.

Дастурчи йигит «чатоқ-ку» дегандек масъул котибимизга им қоқиб кулимсиради.
— Бу суврат яқинда Италияда ўтказилган тасвирий санъат фестивалида юқори ўринлардан бирини эгаллабди. Бу маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеа. «Шеф» айтди, журналнинг янги сонида, муқовада шу сувратни беришимиз шарт экан.

Қулоқларимга ишонмасдим. Боятдан менга тинчлик бермаётган, юрагимни, турли-туман шубҳаю гумонлар оловида ўртаётган саволларни тилимга кўчиришдан ўзимни тиёлмадим.
— Муаллифи ким экан бу сувратни, қачон, нима муносабат билан чизган, ким ўзи бу аёл?
— Фақат биринчи саволингизгагина жавоб беришимиз мумкин... Қолган саволларга фақатгина муаллифнинг ўзи жавоб бериши мумкин эди. Агар тирик бўлганида....
— Нима, - шу пайтда юзимда қандай ифода қалққани фақат суҳбатдошларимгина англаган бўлардилар. - Рассомнинг ўзи ўлганми?
— Шўрлик етти-саккиз ойча илгари ўз устахонасида ўзини осиб қўйган экан. Сабабини сўраб ўтирманг, барибир мен билмайман.

...Дастурчи йигит оқ қоғозга кўчиртириб берган сувратни ҳардамхаёллик билан кўксимга босганча, хонамга қайтдим. Жойимга ўтирарканман, сувратдан кўз узолмасдим. Агар бу суврат ростдан инсон қўли билан чизилган бўлса, демак, мусаввир ҳар қанча таҳсину тасаннога лойиқ. Аммо барибир битта нарсадан юрагим ғаш эди: Нега энди муаллиф айнан Дилсўзнинг сувратини чизади? Наҳотки, бу рўйи заминда тасвирлаш учун ундан-да муносиброқ аёл зоти топилмаса! Айни лаҳзада бу юксак санъат асари муаллифи назаримда истеъдодли рассом сифатида эмас, менинг уйимга сўроқсиз қадам босган, энг қимматбаҳо мулкимга кўз олайтирган олчоқ кимса сифатида тасаввур уйғотмоқда эди. Дилсўз эртаю-кеч менинг ёнимда бўлмаса-да, қачонлардир мендан бошқа одамга рўбарў келиши, соатлаб унинг ёнида қолишини тасаввур қилолмасдим.

* * *

Ўша куни ҳам Унинг уйида тонг оттирдим...

Менинг юзимдаги тараддуд ва синчковликнинг Дилсўзнинг эътиборидан четда қолиши мушкул эди. Сумкамдан ҳалиги сувратни чиқариб, гап-сўзсиз унга узатдим. Дилсўз сувратни ҳиссиз, лоқайдлик билан томоша қиларкан, бутун диққатимни кўзларимда жамлаб, унинг чеҳрасига разм солдим. Бирор ўзгаришни пайқамадим. Унинг қарашлари, юз ифодаси худди ўзига заррача дахли бўлмаган оддий тасвир қаршисида тургандек бефарқ ва осуда эди.
— Қалай? Менга ўхшабдими? - сўради хотиржам овозда расмни қайтариб бераркан.

Унинг бу қадар лоқайд ва бепарволиги мени тамомила лол қолдирганди.
— Бу суврат Италияда ўтказилган катта фестивалда мукофот олибди, - деганимда Дилсўзнинг кўзларида бир элас қувонч учқунларини кўргандек бўлдим, аммо ўша заҳоти унинг юзини доимий тундлик эгаллади.

Дилсўз билан бугунги кўришувимизга қадар гапни нимадан бошлашни, савол-жавоб қай тахлит давом этишию суҳбатимиз тахминан қандай тус олишини чамалаб келгандим. Энди эса... нима дейишни, нима қилишни билмай тараддудда қолдим.
— Сиз... муаллифни яхши танисангиз керак?.... - журъатим шу саволни бермоққа аранг етди.

Орада ноқулай жимлик чўкди.
— Суврат хорижда юқори баҳоланганини биламан, - деди Дилсўз ниҳоят сукунатни бузиб. - Вафот этганидан ҳам хабарим бор. Сизни нима қизиқтираётганини ҳам яхши англаб турибман. Ҳа, биз яқин эдик. Шу жавоб сизни қаноатлантирса керак? Биргина суврат мендан шубҳаланишингиз, ноўрин хаёлларга боришингиз учун етарлича асос бўлолмайди.

У билан қачон, қаерда танишиб қолгандингиз?
— Саволингиздан рашк ҳиди келиб турибди, - Дилсўз беихтиёр эснаб, оғзини кафтини билан беркитди. - Лекин рашк ҳар доим муҳаббат тимсоли бўла олмайди. Ўта худбин одамлар ўта рашкчи ҳам бўладилар. Улар фақат ўзларини севишга ва севикли бўлишга ҳақли деб биладилар. Бошқаларнинг қалби, ҳис-туйғулари уларни умуман қизиқтирмайди. Рашк келтириб чиқарадиган бадбин ўйлар, шубҳаю гумонлар ҳар икки томоннинг юрагини заҳарлайди, орадаги муносабатларга дарз етказади. Сизни бундай тоифага киришингизни истамасдим. Бинобарин, рашк қилиш учун ҳеч қандай асос ҳам, сабаб ҳам йўқ. Суврат муаллифи аллақачон бу оламни тарк этиб кетган.

Ундан бошқа бирор тайинли гап олишимга кўзим етмасди. Сўраганим билан гапни минг мақомга солиб айлантиради. Ақллилик қилиб бошимни оғритади, алалоқибат бу саволни берганим учун ўзим энг худбин, нокас ва нобакор кимса бўлиб чиқаман.

Дилсўз эса стол устида ётган сувратидан кўзларини узмай турарди.
— Муаллиф аллақачон тириклар сафини тарк этган. Унда тасвирланган аёл ҳам қачондир ёлғончи дунёни тарк этишга маҳкум. Аммо сувратдаги акс, мана шу мунгли табассум, навқирон чеҳра йиллар ўтса-да, ўз шаклини йўқотмайди.

Ич-ичимдан рассомга нисбатан ҳавасга ҳам, ҳасадга ўхшамаган бир ҳис уйғонганини сезаман. Сезиб турибман, У айни пайтда суврат муаллифи ҳақида ўйлаяптими. Ундан миннатдор эканлиги ҳам маъюс нигоҳларда аён. Дилсўз бадиий асар қаҳрамони сифатида из қолдиришни қаналик орзу қилиши ҳақида аввал ҳам айтгандек бўлувди. Демак, марҳум ва мавҳум мусаввир уни орзусига етказибди-да! Нега энди мен эмас? Наҳотки, шу маъсуманинг орзусини амалга ошириш менга насиб этмади. Хўш, бу иш менинг қўлимдан келармиди? Ахир мен рассом эмасман, оддий, нўноқ, ўртамиёна қаламкашман, холос. У ҳақда тузукроқ нарса қоралаганим билан Дилсўздан оламшумул шоҳ асар қаҳрамони ярата олишимга кучим етмайди.
— Мен ҳам сиз ҳақингизда нималарнидир ёзиб юрибман, - худди бошлиғига ҳисобот бераётган ходимдек мутеъ ҳолатга тушганимни англаб, ўзимдан хиёл ижирғандим, аммо бу пайтда ўзимни идора қила олмасдим. - Бошлашга бошладим, аммо, нима билан якунлашни билмаяпман. Ахир... Ҳар асарнинг мантиқий якуни бўлади. Мен айнан ўша мантиқ ва ечимни излаяпман.

Дилсўз менга хаёлчан тикилиб қолди.

* * *

Бугун айни пайтга қадар компютер хотирасига жойлаганим – қайдларни Дилсўзга ўқитдим. У монитордан кўз узмасдан менинг «ижод» маҳсулимни бошидан охирига қадар ўқиб чиқди, аммо, ҳеч нарса демай, истеҳзоли кулимсираб қўйди. Мен ҳам сўрамадим. Зеро, унинг нима демоқчи бўлганини юзидан уқиб олгандим.

* * *

Ноутбук хотирасида «фалсафа» файлида сақланаётган бу ёдномани сўнгги маротаба бундан уч ой илгари очган эканман. Тўғрироғи, уни Дилсўзнинг нигоҳидан бир сидра ўтказганимдан сўнг, ёзишни тўхтатганман.

Ўзи сўнгги уч ой ичида бирор тайинли нарса ёзганимни эслолмайман. Қўлим анчадан бери ишга бормай қолган. Назаримда бутун дунёдан ва ундаги жонлию жонсиз барча нимарсалардан безгандекман. Мулки борлиқда мени ўзига жалб этадиган ҳеч нима йўқдек уўё.

Дарвоқе, Дилсўз... Менинг рангсиз ҳаётимга нафосат ва гўзаллик олиб кирган, сўниб бораётган ҳисларимга қайта жўшқинлик ато этган, муҳаббат аталмиш сирли ва бетимсол оламга олиб кирган, менга висол лаззати ва фироқ шиддатини теран англамоқ бахтини инъом этган ҳам Унинг ўзи эди.

«Бировга қаттиқ кўнгил боғламанг, пайти келиб у сизга душман бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас», деган пурҳикмат ҳадиси шариф маъносини сал аввалроқ билганимдами эди... Севги чиндан ҳам одамнинг кўзини кўр қилиб қўяркан. Севганингиз кўзингизга энг мукаммал, бенуқсон, комил бўлиб кўринаркан.

Мен Дилсўзда ҳам ана шу мукаммалликни кўргандим. Унинг қусурлари ҳам менга камёб фазилат бўлиб кўринганди. Унинг оқ ва қора ранг иттифоқини ўзида мужассам этган зоҳирий қиёфаси, маъноли боқишлари, жумбоқларга тўла, ҳатто тушуниксиз мулоҳазалари, ғайриоддий феъл-атвори мени тамомила сеҳрлаб олганини сезмадим. Бир сўз билан айтганда Дилсўз аллақачон мени мендан жудо қилган экан.

Назаримда у менинг ёнимда мангу қоладигандек эди. Вақти келиб, қачондир у билан хайрлашмоқ фурсатига ҳозирланиш у ёқда турсин, бу хусусда ўйлаб кўришга ҳам журъат қилолмабман.

...Ҳаммаси бир маромда кетаётганди. Мен бахт суруридан сармаст эдим. Еру кўкка сиғмасдим. У билан бирга ўтказган дамларда мен ўзимни само кенгликлари узра парвоз қилаётган лочиндек эркин ва музаффар ҳис этардим. У ҳам қучоғимда ўзини сувдаги балиқдек осуда ва хотиржам сезарди.

Муҳаббатнинг ҳузурбахш гулханида тобланган, маҳбубанинг латиф навозишлари ила сийланган ошиқ қалб учун энг даҳшатлиси бу – кутилмаган айрилиқ.

Шарқ назмидаги ғазалу қасидаларда ҳам, ғарб шоирларининг сонет ва балладаларида ҳам айрилиқ, ҳижрон энг оғир дард, энг даҳшатли уқубат сифатида тилга олинади. Ана шу айрилиқ сабаб Қайс девона Мажнунга айланади, Ромео ўз Жулеттаси учун заҳар ичади. Мен буюк мутафаккирлари тараннум этган бу ошиқу маъшуқлар қиссаси шунчаки афсоналар асосида яратилганига ишонмайман. Дилсўзни йўқотиб қўйганимдан сўнг, ишқ ва ҳижрон қанчалик катта куч эканини тушуниб етяпман.

Охирги марта автобус бекатигача кузатиб чиққанимдан бери кўрганим йўқ уни.

Ўша куни тушгача унинг қўнғироғини кутдим. Тушдан кейин ўзим унинг рақамини териб туша олмадим. «Сиз нотўғри рақам тердингиз, бунақа рақам бизда йўқ». Рақамни қайта-қайта терсам-да, шундан бўлак жавоб ололмадим.

Таажжуб, Дилсўз билан фақат шу рақам орқалигина боғланар эдим-ку! Наҳотки, рақамини ўзгартирган бўлса? Нега унда рақамини ўзгарганини менга айтмаслиги керак?

«Телефонини ўғирлатибми, йўқотибми қўйган бўлса керак», деган хаёлда икки кунни ўтказдим. Ҳар қандай вазиятда ҳам икки кун у мени йўқламаслигини ақлимга сиғдиролмасдим. Хаёлимга бир-биридан ваҳимали ўйлар чарх ура бошлади. Нохуш хаёллар таъқибидан қочишга тиришарканман, Яратгандан Уни ўз паноҳига олишини, ҳар қандай бало қазолардан асрашини ёлвориб сўрардим.

Ундан дарак бўлавермагач, учинчи кун эрталаб шаҳар чеккасидаги квартирасига йўл олдим. (шу пайтга қадар бу уйга Дилсўзнинг таклифи билангина келардим, олдиндан хабар бермай, тўғридан тўғри уйига кириб борганимни эслолмайман, (Ҳар қалай унинг аёл, менинг эркак деган номимиз бор. Кўрган кўзга, эшитган қулоққа ғалати туюлади).

Эшик тугмасини узоқ босиб турдим. Ичкарида одам борга ўхшамасди. Ичимдаги хавотир, интиқлик тобора қуюқлашиб борарди. Бетоқатлик билан темир эшикни муштлашга тушдим. (Бунақа пайтда одам нима қилаётганини ўзи билмай қоларкан, уйда одам бўлганида шунча қўнғироқдан кейин эшикни очмасмиди?)

Ниҳоят... эшик очилди. Фақал қўшни хонадоннинг эшиги.
-Ҳа, йигит, сизга ким керак ўзи, - асабий овозда сўради эшикдан калласини чиқарган ўрис хотин. - Бу уйда бир йилдан бери одам яшамайди. Эгаси ишлагани Россиягами, қай гўргадир кетган. Нега эрталабдан одамнинг тинчини бузасиз?

Унга жавоб қайтаришга улгуролмадим. Хотин «хулиган» деганча эшигини қарсиллатиб ёпди. Иккимиздан кимдир қаттиқ янглишаётгани аниқ. Шуни аниқ биламанки, бу хонадонга аввал ҳам бир неча бор келганман. Уй ҳам, йўлак ҳам, қават ҳам, эшик ҳам ўша ва бу уйда Дилсўз яшарди. Адашаётган бўлишим мумкин эмас. Бир ҳафтача илгари шу уйда тунаб кетганман. Демак, бир йилдан бери ҳеч ким бу ерга қадам босмаслиги, унинг эгаси «Россиягами, қайси гўргадир кетган» бўлиши мумкин эмас.

Ким билсин, уйнинг аввалги эгаси уни Дилсўзга сотиб ёки ижарага бериб кетгандир? Шундай деб ўйласак... у билан ёнма-ён турадиган хотин бир марта бўлсин, Дилсўзни кўрмаган бўлиши мумкинми? Ҳар қанча ўйламай, бу жумбоқни ечолмас, қайтага чигил хаёлларим баттар чувалашарди.

Телефони жавоб бермаса, ўзи уйида бўлмаса.... қаердан топаман Уни? Наҳот У мендан безиб ўзини олиб қочиб юрган бўлса? Йўқ, Мен Дилсўзни яхши биламан. Мен ўйлаганимдек бўлган тақдирда буни мендан яшириб ўтирмасди. Очиқ-ойдин юзимга айтарди-қўярди. Чунки, У ҳис-туйғуларини яширишни, ниқоблашни билмасди.

У билан танишибман, Уни севибман, У билан қанча бахтли дамларимни кечибди-ю, қачондир Уни йўқотиб қўйсам, қаердан излашим кераклигини сўрамабман...

Шу тариқа яна бир неча кун, бир неча ҳафта ўтди. Ҳар бир куним «балки бугун Дилсўзнинг ўзи сирли табассум билан қаршимдан чиқиб қолар» деган умид билан бошланар, интизорлик ва паришонлик билан ўтар ва ниҳоят умидсизлик, ғам-алам билан якун топар эди. Дилсўз менинг ҳаётимнинг яккаю ёлғиз мазмунига айланиб улгурган экан, мени ёруғ дунё билан боғланиб турган бошқа ҳамма нарсалар ўта ғариб ва арзимас бўлиб кўриняпти.

Куни кеча мажлисда яна аямай танқид қилишди. Умуман, ишга совуққонлик билан қараётганмишман, иш суръати тамомила тушиб кетганмиш, бўлимга янги мудир тайинланмаса бўлмасмиш. Э, менга нима, ўлиб кетмайдими? Мен нима ғамда юрибману, булар нима деб сайрашади. Нима қилай, ҳамма нарсадан кўнглим совиган, ишга қўлим бормай қолган бўлса? Ўтирсам ҳам, турсам, юрсам кўзим олдида Унинг сиймоси турган бўлса нима қилай?

Вақт ўтгани сайин Уни топа олишимга бўлган умид тобора сўниб борарди. Кўнглим сезяпти, Унга нимадир бўлган. Акс ҳолда сув тубига чўкиб кетган тошдек жимиб кетмасди.

* * *

— Сизга нима бўлди ўзи? Ҳамманинг оғзида сиз... Агар чиндан тобингиз қочган бўлса, таътилга чиқиб, бироз дам олинг. Балким шифокорга учраганингиз маъқулдир?

Шу боладан бошқа ким ҳам менга бу қадар ғамхўрлик қила оларди? Бошқа ҳамкасблар олдимда ўлганнинг кунидан илжайиб, орқамдан тош отишдан бошқани билмаса... Аммо, бу йигитнинг ҳам ҳамдардларча айтган сўзлари юрагимни ўртаётган қайғу оташини сўндира олмасди. Дилсўзни илк бор автобусда кўриб қолганим ҳақида ҳам фақат унга гапириб берганман. Кейинги воқеалардан эса, табиийки, хабари йўқ.

Аввал ҳам айтганимдек, Дилсўз билан ўртамиздаги муносабатлар бошқаларга ҳам ошкор бўлишини истамасдим.

Айни пайтда кимгадир бутун дардларимни, сўнгги ярим йил ичида бошимдан кечирган хуш ва нохуш воқеаларни бир бошдан айтиб бергим келарди. Аммо негадир, қандайдир бир куч тилимга тушов солиб қўйганди гўё.
— Ишқ дардига мубтало бўлганингиз кўриниб турибди, - деди Ошнам синиқ жилмайиб. - Яна бирорта кетворганини учратиб қолган чиқарсиз?
— Йўқ, - дедим хаёлчан бош чайқаб. - Кошкийди учратиб қолган бўлсам. Бу гал... йўқотиб қўйдим...

Худди бехосдан муҳим бир сирни очиб қўйган одамдек, бирдан сергакландим, тилимдан тутилганим аниқ эди. Балога қолганим шу. Бу бола то аниқлик киритмагунимча тинчимайди.
— Яна ўша «Оқ ва қорами»ми? - сўради негадир ошнам фавқулодда хотиржамлик билан.

Яланг оёқ билан бехос чўғни босиб олгандек сапчиб тушдим. Тавба, наҳот ҳаммасидан хабари бўлса?
— Кимни айтяпсан, - дедим сир бой бермасликка тиришиб.
— Ҳалиги... бор эди-ку, оқ ва қора ранглар уйғунлигини бор бўйича ўзида жамлаган, юзлари сутга чайилгандек оппоқ, сочлари ойсиз тундек қоп-қора, қошу киприклари ҳам атайин қора қалам билан бўяб қўйилгандек. Кўзлари-чи, кўзлари . Нақ оҳуники! Манави ерида седанадеккина холи бор. Оппоқ сумкаси, қоп-қора қўл телефони...
— Менга қара, дедим ниҳоят ўзимни тутиб туролмай. - Сен уни танийсанми? Қаерда кўргансан?
— Ҳеч қаерда кўрмаганман, - деди у ўзини кулгудан аранг тутиб тураркан. - Ҳатто, кўча-куйда ўшанадақа кийимдаги, ташқи кўринишидан сиз айтгандек қиз ё жувонни атай қидириб юрдим. Бир-иккитаси ўхшаб кетсаям, барибир битта «айби» чиқиб қолаверади. Ё бўйнида яшил шарфи, ё оёғида қизил туфлиси бўлади. Биттасини кўрувдим, ўзиям аниқ ўша деб ўйловдим. Лекин бечоранинг дастрўмоли пуштиранг экан.

Яна эрмак қиляпти, ярамас. Бундан ярим йил аввал айтган гапларимни тўтиқушдек қайтаряпти. Ҳафсалам пир бўлиб, қўл силтадим.

* * *

Тавба! Шу пайтга қадар Уни танимасдим, Усиз ҳам ҳаётим ўтиб турувди. Ўша куни, Дилсўзни бекатда учратган куним ҳаётим бутунлай ағдар-тўнтар бўлган экану, мен билмай юраверибман. Тақдир деб шуни айтишаркан-да! Бўлмаса, мен ишга ўн беш дақиқа эрта ё кечроқ чиққанимда, ё бўлмаса, бекатда турган «Оқ ва қора»га умуман эътибор қаратмаганимда, борингки, уни яна қайтиб кўрмаганимда ҳаммаси аввалгидак тинч осуда давом этаверарди.

У ҳаётимдаги энг ширин туш, энг аччиқ армон бўлиб қоладиганга ўхшайди. Ахир у билан бирга кечган хуш онларни қандай унутмоқ мумкин?

Ярим тун, бутун шаҳар мудраб ётган бир пайтда менинг кўзимга уйқу келмайди. Ухлаганим билан тушимда ҳам Ундан бошқа ҳеч кимни кўрмайман. Агар муҳаббат фақат азоб-уқубатдангина иборат эканини аввалдан билганимда, бу туйғуни бунчалар кўкка кўтариб мақтамаган. Инсон қалбининг гултожи, ҳаёт нури, умр мазмуни, мислсиз завқу илҳом манбаи ва шунга ўхшаш баландпарвоз таърифлар билан улуғламаган бўлардим. Фузулий ҳазратлари айтганидек, Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмасмидим.

У ёнимда бўлган лаҳзаларда хонам мен учун кўзимга муҳташам саодат қасри бўлиб кўринарди, энди эса, худди бир кишилик хибсхонадек тор ва рутубатли. Шу тўрт девор, улар орасидаги одмигина жиҳозлар ҳаётимдаги энг оромбахш, тотли онларнинг гувоҳи бўлган. Юзимни парёстиққа босарканман, бехосдан димоғимга Дилсўзнинг сочларидан уфуриб турадиган ифор оқиб киргандек бўлади. Юзларимни худди Дилсўзнинг ҳароратли, зариф ёноқларига босгандек энтикиб кетаман. Кейин эса... алдамчи лаҳзалар чекиниб, яна танҳолик қўйнида қоламан.

Стол устида Унинг суврати. Ўша, марҳум рассом ишлаган, жаҳон аро катта муваффақият қозонган сувратнинг нусхаси. Соатлаб унга тикилиб ўтираман. Юзларида акс этган кинояли табассум маъносини англамоққа уринаман.

Беихтиёр сувратнинг орқасида, кичкина ҳарфлар билан нимадир ёзилганини пайқадим. Бу... Дилсўзнинг дастхати. Қачон ёзибди, нега шу пайтгача эътибор бермадим, экан. Стол чироғи ёруғида ҳижжалаб ўқишга тутиндим. Биринчи сатрданоқ тушундим – бу ўша, Дилсўз яхши кўрадиган қўшиқнинг матни-ку:

    «Дилимдаги энг ўтли нолам,
    Исминг айтсам, яшнайди олам.
    Лобар ўзинг, дилбар ҳам ўзинг,
    Сен ўзингсан нафис гул-лолам.
    Ўзингдирсан ҳуснда танҳо,
    Зуҳро ҳам сен, сен ўзинг Лайло,
    Изларингни ўпар юз Тоҳир,
    Минг бир Мажнун ишқингда шайдо».

Шеърни икки қайта ўқиб чиқдим. Шундай қўшиқлар борки, унинг сўзларини ҳеч қандай мусиқасиз, оддий шеър тарзида ўқишнинг иложи йўқ. Бундай «шеър»нинг жуни устарада қирилган мушукдан фарқи қолмайди. Гарчи раҳматли хонанданинг бу қўшиғи анча донг таратган бўлса-да, матнида бирор янгиликка, «теша тегмаган» ташбеҳу муболағага кўзим тушмади. Ҳар қалай шеър ҳам қўшиқчининг ижод маҳсули бўлса керак. Ўзи кейинги пайтларда қўшиқчилар шоирга берадиган арзимас чойчақани ҳам тежаб қолиш мақсадида шу йўлга ўтиб олган.

Аммо, бу битиклар мен учун барибир азиз. Чунки, бу дастхат – Уники. Шу чоқ кутилмаган ҳодиса юз берди. Авалига қоғоз юзидаги ҳарфлар ҳаммаси бир-бирига чаплашиб кетгандек бўлди. Кейин эса, ҳар бир сатр бошидаги ҳарфлар алоҳида бўртиб чиқди. Ё алҳазар! Варақда тепадан пастга қараб битилган биргина сўз – Унинг исми пайдо бўлди: - Дилсўзим!

Шеър мувашшаҳ шакилида ёзилганини шу пайтга қадар билмаган эканман. Ана гап қаерда! Демак, қўшиқ Унга атаб ёзилган. Ҳар қалай, бошқа Дилсўз бўлганида У қўшиқни бунчалар ёқтириб қолмаган бўларди. Демак, қўшиқчи билан Унинг орасида бирор гап бўлганми? Манави сувратни ишлаган рассом билан-чи! Энг ҳайратли ва қўрқинчлиси уларнинг ҳар иккиси сирли ўлим топган. Айни пайтда улар ҳаётидаги энг яхши асарини бир кишига бағишлаган. Нега? Нима сабабдан?

Баданимга енгил титроқ югурди. Пешонамни совуқ тер босаётганини сездим...

* * *

Бугун мен Дилсўзни кўрдим....

Аммо... Бу ҳолатни кўргандан кўра, кўзларим оқиб тушгани минг марта яхши эди.

Дилсўзсиз ўтаётган тўртинчи ойнинг биринчи куни. (Ҳа, бу кунларнинг ҳар бири бир йилга тенг эди ва бу йилларнинг ҳар бири қанчалар оғир, дилгир ва азобли кечишини сўз билан ифодалаб беролмайман). Оёқларим мени ўзлари ўрганиб қолган йўналиш бўйича ишхонам тарафга судраб борарди. Автобусдан тушгач, таҳририят жойлашган бинога етгунимча тўрт юз-тўрт юз эллик қадам босишим керак. (Ахир, ўн йилдан бери шу йўналишда қатнайман).

Кун совуқ, кўчада одам санжоб эди. Ўн қадам ҳам юрмаган эдим, йўлнинг нариги бетида турган Дилсўзни кўриб, жойимда таққа тўхтадим. Адашган бўлишим мумкин эмас, кўриш қобилиятим шубҳадан холи. У кийиниши, юриш-туриши, соч турмаги, ҳатто қарашлари билан шаҳардаги, эҳтимолки, бутун дунёдаги аёллардан ажралиб туради, десам ишонаверинг.

Нафасим бўғзимга тиқилди. Юрагим қинидан чиққудек шиддат билан тепса-да, оёқларим ердан узилмасди, худди туфлимнинг тагчарми асфалт устига ёпишиб қолгандек. У ҳам мени кўрди, Унга қўл кўратиб ишора қилмоқчи эдим. Тавба, қўлларимнинг ҳар бирига эллик килодан тош боғлаб қўйилгандек, оғирлашиб кетган эди. Кўтаришга кучим етмади. Чақирмоқчи эдим, овозим чиқмади. Менга нима бўляпти ўзи.? Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди. Оппоқ Нексия келиб Ундан уч-тўрт қадам берида тўхтади. Ҳайдовчи (аниқ кўрдим: аслзодаларга хос башанг кийинган, қирқ-қирқ беш ёшлар чамасидаги басавлат эркак) машинадан тушди-да, тавозе билан ўтиб, Дилсўз билан қуюққина сўрашди ва илтифот билан орқа эшикни очди. Дилсўзнинг юзидаги мулойим табассум аниқ кўриниб турарди. Ҳайдовчи нимадир деди шекилли, Дилсўз бошини орқага ташлаб, қаҳ-қаҳ отиб кулди. (Бирор марта унинг бундай очилиб-сочилиб кулганини кўрмаган эдим). Кейин эса, кибор хонимларга хос истиғно билан машинага ўтирди. Эшик ёпилаётганда, У мен тарафга бирров кўз ташлади (бунга ҳам шубҳам йўқ). Ана шу қараш мени уйғотиб юборгандек бўлди. Қотиб туравераманми? Нега жим туришим керак? Орқасидан югурсам-чи!

Йўлни қандай кесиб ўтганиму, қай тариқа машина тўхтатганим эсимда йўқ. Биринчи келиб тўхтаган Матиз ҳайдовчисига «Анави оқ Нексияни орқасидан ҳайда» деб буюрганимни биламан, холос.

Орадаги масофа қисқариб борарди. Мана ҳозир Нексияни қувиб ўтамиз. Кейин-чи, кейин нима қиламан? Ҳайдовчининг ёқасидан олармидим? Дилсўзнинг юзига тарсаки туширармидим? Ёки Нексиянинг ойнасини уриб синдирармидим? Булар ҳақида ҳозир, орадан бир неча соат ўтиб, оқшом пайти ноутбук қаршисида ўтириб ўйлаяпман. Ўша пайтда эса, хаёлимга ҳеч нарса келмасди. Нексияни қувиб ўтиш ҳам насиб қилмаган экан. У навбатдаги светофорнинг яшил чироғида ўтиб кета олди. Бизни эса, қизил чироқ тутиб қолди.
— Ўв ука, ўтирасанми, яшил ёнишини кутиб, ҳайдасанг-чи, - нафасим бўғилиб қичқирдим, ҳайдовчи йигит менга қараб кўзини олайтирди:
— Ока, ҳазиллашвосми? Тоғам ё амаким ГАИда ишлаганида ўзим билардим. Ўзи яқиндагина правамни суддан қайтариб олган бўлсам...

Йўлимиз очилганида бояги Нексия аллақачон кўздан ғойиб бўлганди. Таваккал қилишдан маъно йўқ эди. Машинани орқага қайтартирдим.

Кўз олдимда бояги манзара қайта-қайта жонланаверади. Дилсўзнинг истеҳзо ила кулиб турган хоин, ҳа-ҳа хоин чеҳраси, ҳайдовчининг олиймақом жазманларга хос илтифотини эслаб, қоним қайнайди. Ахир У мени кўрди-ку! Кўра туриб, бепичсандларча қўл силтаб кетди-ку! Мен бўлсам, уч ойдан бери бетайин бир хотинни деб, девона бўлиб юрибман. Бу не кўргилик, сен ким учундир куйиб ёнсанг, дунё ва ундаги бор нарсалардан воз кечсанг, ўзингдан кўра кўпроқ уни ўйласанг, жонингни беришга тайёр турсанг-да, бу жонфидолигинг, дилсўхталигинг оёқ ости бўлса, топталса... Дунёда борлигингдан, тириклигингдан пушаймон бўлиб кетаркансан.

Бунақа маъшуқага минг лаънат, бундай аҳмоқ ошиқнинг ўлиб кетгани, чириб-битгани минг карра афзал. Бунақа муҳаббатни ер ютиб кетмайдими?

Ока, ким билан гаплашиб кетвоссиз?

Ҳайдовчи йигитнинг танбеҳидан кейин англадимки, боядан бери ўзимга ўзим гапириб келаётган эканман. Аранг ўзимни қўлга олдим. Машина бояги бекат олдига келиб тўхтади. Юзимга совуқ ҳаво урилиб, ўзимни хийла енгил ҳис этдим. Сўнгги ўн дақиқа ичида юз берган воқеаларни ўзимча таҳлил қилишга уриндим. Бояги аёл ростдан ҳам Дилсўзмиди ё менга шундай бўлиб туюлдими? Эҳтимол у бошқа аёлдир? Чиндан Дилсўз бўлган тақдирда ҳам мени аниқ кўрдимикин? Балки, умуман кўрмаган ё танимагандир? Машинасига миндириб кетган анави эркак эҳтимолки, яқин қариндоши ё танишидир? Дарров ёмон хаёлларга боришим... Барибир ҳали-ҳануз ўзимни ўнглай олишимга кўзим етмасди.

Ичкиликка унча хушим йўқ. Аммо шундай пайтлар бўладики, ич-этингни кемираётган изтироблардан қутулиш учун касофат ароқнинг алдамчи тасаллисига эҳтиёж сезасан.

Таҳририят жойлашган бинонинг биринчи қаватидаги қаҳвахонага кириб, икки юз грамм ароқ олдим. Бўғзимни куйдириб ўтган ароқнинг ҳарорати юрагимни ўртаётган қудратли аланга тафти олдида ҳеч гап эмасди. Ундан кейин яна қанча ичганим ёдимда йўқ. (Ҳар қалай бир шиша ароқни бир ўзим ичиб, маст бўлмаган пайтларим эсимда). Кейин... лифтда бош муҳарриримиз билан тўқнаш келиб қолганимиз, аллақандай бақир-чақирлару юзимга келиб урилган шапалоқни элас-элас эслайман.... Бир пайт кўзимни очсам, мени судрагудек бўлиб, йўлакдан олиб киришяпти. Кейин билсам, биз билан ишлайдиган икки йигит мени ўз уйимга опкелиб ташлаган экан.

...Чошгоҳ пайти бўлса керак, бошимни аёвсиз сиқувга олаётган оғриқми, телефоннинг асабий жарангими, ишқилиб нимадир мени қўққисдан уйғотиб юборди. Гўшакни кўтарсам, ишхонамиздаги кадрлар бўлими бошлиғи, бадқавоқ, ҳўппа-семиз хотин:
— Бугуноқ келиб, ўз ихтиёрингиз билан ишдан бўшатишни сўраб, ариза ёзиб кетаркансиз. Раҳбар шунақа дедилар.

* * *

Яна қандайин куч мени иш столимга, компютер қаршисига судраб олиб келганини билолмадим. Ҳар қалай ичкилик кайфи тарқаб, бош оғриғи ҳам чекингани, миям ҳар қачонгидан кўра аниқ-тиниқ ишлаётгани бор гап. Чин, эрталабдан бери қандай воқеалар юз берганию, энди нима бўлишини очиқ-ойдин ҳис этиб, ҳатто кўриб турибман.

Мен тақдир ташлаган чилвирга жуда осон илиндим. Бу эҳтиётсизлигим учун ўзимни кечиришга ҳаққим йўқ. Дилсўзни шу чоққа қадар қисматнинг менга йўллаган энг буюк инъоми деб ўйлаб келдим. Аслида у мен томонга жўнатилган ҳалокат элчиси эканини кеч, айни лаҳзалардагина англаб етдим.

Шу тобгача метин иродамни муҳтожлик емиролмади. Мансаб, шон-шуҳрат учун ор-номусимни барбод қилмадим. Турфа каззоблар, мутакаббир кимсалар олдида бошим эгилмади. Аммо бир маккоранинг ҳийла-найранглари, қабиҳ фалсафаси, телбавор фикр-мулоҳазалари, эркаликлари, ҳою ҳаваслари осонгина маҳв эта олди.

Аслида Ундан гина қилмаслигим керак. Сигарет қутиси чекишнинг касофатини яққол ўзида акс эттириб тургани билан, кашандалар бу ҳақиқатдан кўз юмгани мисол, мен ҳам унинг гап-сўзлари, огоҳлантиришига эмас, кўпроқ ўз нафсим истагига, кўнгил майлига қулоқ тутдим. Зотан, у қанчалик худбин, шафқатсиз ва совуққон эканини ҳар бир сўзи аён этиб турганди-ку! У ўз ҳаёти, ҳою ҳаваслари, мантиқсиз истаклари учун ҳеч нарсадан қайтмаслиги аён эди-ку!

Шу пайтга қадар ҳаётим хийла ғариб, хийла зерикарли бўлса-да, тинчгина яшаб келаётган эдим. Ортиқча ғам-ташвишим йўқ эди. Ҳаётимнинг тамомила издан чиқиб кетишига нима сабаб бўлди – Дилсўзнинг машъум «ўйин»ларими, ўзимнинг иродасизлигимми ёхуд тақдири азалнинг тақозоси - ўйлаб ўйимга етолмасдим.

Мен учун энг даҳшатлиси шу эдики, қалбимни, жисму жонимни бутун борлиғимни эгаллаган фотиҳ аёл энди мени худди тарвуз пўчоғидек бир четга улоқтириб, оёқлари билан босиб-янчиб кетаётир. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин бўлмасин, ишонгим келмай турарди. Назаримда ҳозир эшик қўнғироғи жиринглаб, У кириб келадигандек, одатий сирли табассум билан, тортинмасдан бўйнимга осиладигандек эди. Келса-ю, ўз кўзим билан кўрган барча воқеликни рад этса, «у мен эмас, сиз бошқа бировни кўргансиз» ёхуд «бировнинг машинасига чиқиш бу катта гуноҳ эмас-ку, шунчаки иш юзасидан ўша киши билан бир ерга борувдим» ё бўлмаса «у киши менинг яқин қариндошим бўлади, сизни кўрмабман, кўрсам ҳам танимабман» деб узр сўраса, мен унга жон-жон деб ишонган бўлардим. Гарчи ҳаммаси ғирт ёлғон бўлса-да. Ахир, чиндан ҳам аччиқ ҳақиқат заҳрини ютишдан кўра ширин ёлғон шаробини сипқаришга мойилроқмиз.

Аммо сўнгги ожизгина умид шуъласи ҳам узоққа бормади. Дафъатан телефон асабий жиринглади. Ҳойнаҳой яна ишхонадан йўқлашаётгандир. Айтганча, мени нега ишдан бўшатишдийкин? Ўзи кейинги пайтларда қаерда ишлашимни, нима иш билан шуғулланишимни ҳам паққос эсимдан чақариб қўйгандим. Эрталаб қаҳвахонага кириб бўкиб ичганим эсимда. Лифтда муҳаррирга бирор ножўя гап айтгандирман, эҳтимол нимадир нолойиқ иш қилганманки, шундай кескин чора кўришибди.

Ўлиб кетмайдими? Энди менга ишнинг нима кераги бор? Нима учун, ким учун ишлашим керак? Шу пайтга қадар бирор ишни қотириб қўйганмидим? Мендан нима исташади? Бир энлик аризаю тирноқдеккина имзо билан қутуламанми?
— Алло, - дедим зарда билан.

«Салом...»

Бирдан пахтадек бўшашиб кетдим. Овоз боя қўнғироқ қилган «Мисс кадр»нинг эмас. Айнан Дилсўзнинг овози эди. Нафасим ичимга тушиб кетди.

«Овозимни эшитиб гўшакни отиб юбормаганингиз ёки гўшакни илиб қўймаганингиздан хурсандман. Узоқда бўлсам-да, сизнинг маҳзун қиёфангизни кўряпман, ҳатто, миянгизда кечаётган фикрларни ҳам ўқиб турибман. Сиз мени ҳақоратлаш учун бисотингиздаги бор таҳқиромуз сўзларни тилингиз учига жамлаб турибмиз. Энг ҳаётбахш дорининг ҳам муддати ўтса, ўткир заҳарга заҳарга айланиши турган гап. Энг кучли муҳаббат ҳам пайти келиб энг кучли нафрат ва ғазабга айланади. Аммо сизга ишонаман. Гапимни бўлмай, охиригача эшитишга имкон топа оласиз».

Очиғини айтсам, чиндан ҳам пичоқ бориб халқумимга қадалган эди. Ҳозир Унинг чигал фалсафасига қулоқ осишга ҳеч қандай рағбатим йўқ эди. Аввал яхшилаб сўкиб, кейин гўшакни тарақлатиб жойига михлаш ниятим ҳам йўқ эмасди. Тавба. Менга нима бўляпти? Кундузи ҳам оёғим ерга ёпишгандек ана шундай «фалаж» вазиятга тушиб қолгандим. Энди эса тилим танглайимга, гўшак эса қулоғимга ёпишиб турар, бу ҳолатни ўзгартири учун ўзимда куч тополмасдим.

«Сизнинг ҳаётингизга кириб борганим, бошингизга турли кўргиликларни солганимдан тонмоқчи эмасман. Очиғи, мен шундай бўлишини илк бор учрашганимиздаёқ сезганман. Воқеалар айнан шу тахлит давом этмаганида мен ўз қобилиятим ва салоҳиятимдан қониқмаган бўлардим.

Сиз мени севганингиз қанчалар рост бўлса, мен сизни севмаганим шу қадар ҳақиқат. Зотан, мен севишни билмайман. Чунки севиш ўзликдан тамомила кечиш, бутун борини севикли инсон учун бахш этиш демакдир. Мен бундай қилолмасдим. Чунки мен ҳеч кимни ўзимчалик яхши кўролмайман. Балки, сиз буни худбинлик ё такаббурлик, эҳтимол бутунлай бошқача ном билан атарсиз. Лекин мен шу тарзда ҳаёт кечириб келдим ва бундан кейин ҳам ҳаёт тарзимни ўзгартирмаслигим аниқ.

Сиз билан ўтган дамлар мен учун қизиқарсиз, бемаъни кечди, деёлмайман. Чунки сени бутун борлиғидан устун кўрадиган киши билан ёнма-ён бўлиш, унинг ҳисларини яққол кўриб туриш мен учун қанчалик завқли эканини сезмагансиз. Севиш машаққатидан кўра, севимли эканингни ҳис этиш лаззати яхшироқ эканини менчалик билмайсиз.

Рост, мен сиздан ҳеч нарсани дариғ тутмадим. Сиз мени жисман тасарруф этганингиз билан, юрагимни эгаллаб ололмадингиз. Таъбир жоиз бўлса, сиз улкан хазина яширилган сандиқни қўлга киритдингиз, холос. Бу сандиқ ичидаги жавоҳирот туфайли қимматбаҳодир. Унинг қопқоғини очиб, жавоҳирга эга чиқмас экансиз, бу темир қутининг қиймати ўзгармай қолаверади».

Унинг ҳар бир сўзи қулоғимга худди симобдек оқиб кирар, кейин миямни оғулаб, бутун вужудимни ўз измига ола бошлади.

«Мен муҳаббатнинг қудратли куч эканига ишонаман. Айниқса, у ижод аҳли учун қанчалик буюк илҳом бахш этиши ҳам менга маълум. Эсингизда бўлса, сизга Гётени, Дантени, Петраркани мисол келтиргандим. Уларга даҳолик бахш этган маҳбубаларга қанчалик ҳавас қилишимни айтгандим. Мендан буюк санъаткор, шоир ё рассом чиқишига кўзим етмасди. Аммо, болалигимдан ўзим ёқтирган асарларнинг қаҳрамонларига кўп тақлид қилардим.

Негаки, ҳар қандай инсон, ҳатто буюк инсонларнинг ҳам биологик ҳаёти бошқасидан деярли фарқ қилмайди. Ҳамма қатори туғилади, улғаяди, қарийди, хасталикка чалинади ва ўлиб кетади. Лекин, Фарҳоду Ширин ҳам, Гамлет ва Офелия ҳам, Анна Каренина ҳам, Княз Мишкин ҳам, Кумуш ва Отабек ҳам ҳеч қачон қаримайди, асрлар оша яшайверади. Шу туфайли ҳам улар биздан кўра бахтлироқ.

Мен ҳам улар қатори мангуликка даъвогар эдим. Сиз ана шу орзуйимга етказасиз, деган умидда эдим. Сизнинг истеъдодингизга у қадар ишонмасам-да, ўзимга, ўз иқтидоримга ишончим комил эди. Сизнинг менга бўлган муҳаббатингиз. Сизнинг қалбингиз, руҳингизда мен ясаган ўзгаришлар ана шу орзуйим рўёбини таъминлашини жуда-жуда орзу қилгандим. Аммо сиз мен ўйлагинимдан кўра, истеъдодсиз ва бахтсиз одам бўлиб чиқдингиз».

Бу сўзларни эшитиб, қаттиқ уф тортиб юбордим. Ижод аҳли учун бундай ҳаққоний ва шафқатсиз танқидни эшитиш нақадар оғир эканини биласизми? Аммо бирор эътироз билдирмоққа ожиз эдим. У эса ҳужумни давом эттирарди.

«Сиз ўзингизни етарли даражада истеъдодли деб ҳисоблайсиз ва қаттиқ адашасиз. Сиз ёзган нарсаларни шунчаки эрмак учун ҳам ўқиб бўлмайди. Фақат вақт ва кўз нури бекор сарф бўлгани қолади, холос. Бутун ҳаётингиз, куч-қудратингизни бахш этган соҳа учун сиз бир чақалик фойда келтира олмаслигингизни тушунасизми? Сиз буюк ёзувчи бўлиш иштиёқида дунёнинг барча ҳузур ҳаловатидан, неъматларидан воз кечдингиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Ўттиз йилдан зиёд умр кечириб нимага эришдингиз? На мансаб, на мол-дунё, на обрў-эътибор, на оила.. буларнинг ҳеч бири учун елиб югурмадингиз. Шу туришингизда кимга кераксиз? Сиз учун жони бера оладиган, сизни кутадиган, сизни севадиган бир инсон борми бу ёруғ оламда? Нима учун яшаётганингизни биласизми?»

Ҳозир юрагим тарс ёрилиб кетади. Нега бу мажнунанинг телба-тескари фалсафасини эшитиб ўтирибман? У мендан нима истайди ўзи? Ахир мен унга нима ёмонлик қилдим? Нега бу гапларни овоз чиқариб айта олмаяпман? Наҳот тилдан қолган бўлсам?

«Бу ҳаётга нима мақсадга келган эдингизу мақсадингиз қай даражада амалга ошди? Ўзингиз-ку, одамлардек мукаммал, бекаму кўст ҳаёт тарзини ярата олмадингиз. Сизга берилган умрни зерикарли, маъносиз ўтказдингиз. На ўзингиз, на бошқалар учун бирор эсда қоларли иш қилдингиз. Жимжилоқдек келмайдиган қурт ҳам жонидан кечиб, Ипак яратади. Заҳматкаш ари ҳам бир неча ойлик умри давомида шифобахш бол яратиб қолдиради. Сиздан нима қолади? Ақалли ортингиздан йиғлаб қоладиган, наслингизни давом эттирадиган зурёд қолдиришга ҳам қодир бўлмадингиз. Сиз аллақачон ўлган одамсиз. Чунки сизнинг қалбингиз аллақачон ўлиб бўлган. Фақат шарпангиз қолган холос. Сарғайиб узилган япроқ, қуриб қақшаган чўп сингари шарпангиз. Бу тахлит яшаш сизга оғирлик қилмаяптими?

Шундан кейин ё қулоғим том битиб қолди ё бўлмаса малъуна гапини тўхтатди. Нима бўляпти ўзи? Сукунатнинг ҳам овози шу қадар баланд, даҳшатли бўладими? Йўқ, ҳаммаси бошдан бошланяпти. Дилсўзнинг заҳарли нутқи худди магнитофон тасмасидай қайта-қайта айланяпти. Унинг овози қаердан келяпти ўзи? Яна телефонданми? Нима бало, аввалига ўзи айтажак гапларини ёздириб кейин қайтадан менга эшиттиряптими?

Ҳар бир гапнинг маъносини чуқур идрок этганим сари тафаккурим чароғонлашиб бораётир. Ҳаммаси тушунарли. Мен севган Дилсўз, менинг юрагимга кириб, кейин симобдек емирган Дилсўз, аввалига ҳаётимнниг мазмунига айланиб, кейин уни мутлақ бемаъниликка айлантирган Дилсўз... ё ақлдан озган тентак, ё менга тақдир ҳукмини ижро этиш учун жўнатилган ажал фариштаси. Ахир унинг юриш-туриши, фикрлаши, зоҳири ва ботини одамга ўхшамасди. Назаримда уни мендан бошқа одам кўрмагандек, кўра олмагандек. Балки, ҳеч қандай Дилсўзнинг ўзи бўлмагандир? Унда мен ҳозиргина ким билан гаплашдим?

Унда... анави мусаввир чизган ғайри оддий суврат-чи? Марҳум қўшиқчининг машҳур ашуласи-чи? Нега уларнинг ҳар иккиси дунёни бу қадар эрта тарк этишган. Дилсўз уларни ҳам шу тахлит маҳв этиб, ўлимга маҳкум этганмиди? Уларнинг қалбини забт этиб, ижодини юксак чўққига кўтариб кейин ўзларини нариги дунёга жўнатдими? Мен ҳозир қай аҳволга тушган бўлсам, бир пайтлар бу кўргилик анави иккаласининг ҳам бошига тушмаганмикин? У ўзининг тасаввур этиб бўлмас даражадаги худбинлиги, такаббурлиги, мудҳиш, қаттол ва хаста орзуларини амалга ошириш йўлида ким-кимларни аёвсиз ўлдирадиган манъяк бўлса-чи?

Мен энди нима қилишни биламан. Тақдир ҳукми шу экан, демак унга бўйин эгмай иложим йўқ. Лекин анави маккоранинг қурбонлар рўйхати мендан кейин ҳам давом этармикин? Боя кимнинг машинасида юрганди? Эҳтимол кинорежиссёрдир? Балки, шоир ёхуд ҳайкалтарошдир? Ким бўлса ҳам Дилсўзнинг қўлида ожиз қўғирчоққа айлангани аниқ.

Мен-чи, нега жим қараб турибман? Хонанда ҳам, рассом ҳам ёш умрини увол қилган бўлса-да, ўзидан нимадир қолдирибди-ку! Яхшими, ёмонми, улар яратган асарлар ҳар иккисининг умрини давом эттиряпти-ку! Мендан нима қолади? Анави ноутбук ичидаги рангсиз, бўш-баёв қайдларми? Аввалига бу «қайдлар» ҳеч қачон тугатиб бўлмайдигандек кўринганди. Бунинг учун ўзимча бирор тугал ниҳоя, «мантиқий якун» бўлишини кутмаган эдимми? Бас, бундай ортиқ ва ҳаққоний якун бўладими? Ҳа, бу «мемуар»ни ўзим, ўз ҳаётим билан якунлашим мумкин!...

...Жон баданимни тарк этиб бўлгандир деган хаёлда эдим. Йўқ равон фикрлаяпман, қулоғим том битиб қолмаган экан. Мана, гўшакдан қисқа-қисқа гудок эшитилиб турибди. Дафъатан гўшакни жойига илдим, демак, қўлларим ишлаяпти. Кўзларим кўраётганига ҳам шубҳа йўқ. Демак ҳали қиладиган ишимни охирига етказишга имкон бор.

Компютерни ёқиб, ҳалиги қайдларни очдим, ёзганларимни бир қур кўздан кечирдим. Кўзимга қанчалар жўн, ҳақир бўлиб кўринди бу мисралар. Кундалик қайдлар, эскирган фикрлар, ўзгарувчан қалбнинг рангсиз манзаралари. Бу «асар»ни фақатгина Дилсўзга бағишлаган эим. Аслида бу таърифу тавсифларга у муносиб эмаслигини ҳозир, сўнгги лаҳзалардагина ҳис этиб турибман. Аввалига бутун матнни йўқ қилиб ташлаш фикри ҳам туғилди. Бунинг қийин жойи йўқ. Матнни қорайтириб, клавиатурадаги биттагина тугмани боссам – бўлди. Лекин, бунга қурбим етмади. Ахир бу матн ҳаётимнинг сўнгги онларини, мен йўл қўйган энг катта ва мудҳиш хатони кўрсатиб турувчи ягона далил.

Балки, мендан кейин кимдир бу қайдларни топиб. Бирор жойда эълон қилар? «Ажал фариштаси»га дуч келган мусаввир ўлими олдидан ўзининг энг сўнгги ва муваффақиятли асарини чизиб қолдирди, Хонанда йигит бутун ҳисларини, муҳаббатини қўшиққа сола олди. Менинг эса, қўлимдан келгани шу ёзувлар бўлди.

Интиҳор – ўз жонига қасд этиш нақадар улкан қабоҳат, кечирилмас жиноят эканини биламан. Зеро, бирор жиноятчи ўз кирдикорига қонунга зид экани, жазо муқаррар эканини билмаган ҳолда қўл уришини тасаввур қилолмайман. Энди ҳаётдан, яшашдан бирор маъно тополмаслигим аниқ. Ҳаммаси тугаганини англаган ҳолда, мук тушиб, ижодга шўнғиганим ўзимга ҳам ғалати туюляпти. Тепамда ажал қиличини қайраб турибди. Менимча, самолёт самода ҳалокатга учраган пайти фожиа сабабларини ҳаво кемасининг «қора қути»сида ёзиб қолдираётган учувчидек ҳис қиляпман ўзимни.

Қўлларим толиқяпти. Ҳеч қачон бу қадар тез ва кўп ёзмаган бўлсам керак. Тонг отяпти. Улгура олмайман деб қўрқаман. Бўлди, ҳозироқ компютерни ўчираман-да, деразаларни, тешик-туйнукларни беркитаман. Кейин эса, газ плитасининг ҳар тўртала ёнғичини очиб ўринга қайтаман ва жимгина жонимни эгасига топшираман.

Тамом

Оққа кўчиргувчидан:

Муҳтарам ўқувчи! Шундан кейин нима юз берганини яхши сезиб турибсиз. Унинг сўнгги қўлёзмаси қўлимга қандай тушиб қолганини ҳам батафсил ёзиб ўтиришни жоиз топмадим. Фақат, шуниси аниқки, сиз юқорида ўқиган саргузашт эгаси ва муаллифи энди ормизда йўқ.

Унинг исми-шарифини, унинг шахсини фош этиши мумкин бўлган айрим жумлалар олиб ташланганини айтмаганда, матнга бирор ўзгартириш киритганим йўқ. Мен билан жуда яқин эди, раҳматли. Бундай дейишимга сабаб бор. Сиз ўқиган бу асарда камина ҳам бир-икки бор тилга олинганман.

Мен қўлёзмани ўқиб қай аҳволга тушганимни тасаввур қила олмасангиз керак. Бу қўлёзманинг бир нусхасини тегишли идоралар вакилларига ҳам бердик. Анча-мунча суриштирув, қидирув ишлари ҳам олиб борилди.

Бир неча ой давом этган бундай ишлар кутилган самарани бермади. Ажабланарлиси, марҳум ёзувчининг асаридаги Дилсўздан бирор ному нишон топилмади. Фожеа юз берган куни марҳум охирги марта ўша аёл билан телефонда гаплашгани ёзган эди. Таважжубки, телефон стантсиясидагиларнинг шаҳодат беришича, худди шу куни кечки пайт унинг уйига ҳеч ким қўнғироқ қилмаган.

Беихтиёр марҳумнинг сатрлари ҳақиқатга яқиндек туюлаверади: «Балки, ҳеч қандай Дилсўзнинг ўзи бўлмагандир?». Бу муаммони ечишга менинг ақлим ҳам, кучим ҳам етмади. Зотан, сизу биз яшаб турган бу кўҳна олам ечимсиз жумбоқларга, сиру синоатларга тўлиб-тошиб ётибди. Юқорида ўқиганингиз фожеий ҳикоядан қандай хулоса чиқариш ўзимизга ҳавола.

Марҳумнинг истагига кўра уни сиз азиз ўқувчиларга қандай бўлса шундайлигича етказдик, холос.