OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифРустамбек Шамсутдинов
Асар номиБутово маҳбуслари нега қатл қилинди?
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Рустамбек Шамсутдинов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм56KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 40-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бутово маҳбуслари нега қатл қилинди?
Рустамбек Шамсутдинов

20-30-йилларда Ўзбекистондан «қулоқлар» сифатида кўплаб қишлоқ аҳолиси ноҳақ Украина, Шимолий Кавказ, Қозоғистон ва Сибирга сургун қилинганлар. Улар ҳам қатағон қурбонларидир. Президентимизнинг бу таклифи халқимизнинг айни дилидаги муддао бўлди.

20-30-йиллардаги сиёсий қатағон кўлами бу қадар катта ва даҳшатли бўлганлигини собиқ иттифоқ ҳудудларидаги кўплаб концентрацион ва меҳнат тузатув лагерида қамоқ жазосини ўтаб, жабру-жафо тортган ўзбек маҳбуслари миқдоридан ҳам билса бўлади.

Кимлар сургун қилинган, кимлар лагерларга юборилган, кимлар отилган, кимлар қамоқхоналарда, меҳнат лагерларида, сургун жойларида, уруш жанггоҳларида ўлиб кетган - бу каби саволларга аниқ, тўла-тўкис жавоб топиш вақти аллақачон келди. «Катта террор» авжига минган 1937 йил 1 октябрдаги маълумотда СССР Ички Ишлар Xалқ комиссарлиги лагерларида 1-қисм бўйича 20954, 2-қисм бўйича 3275, 3-қисм бўйича 21579, яъни жами 45868 ўзбек маҳбуслари қамоқ жазосини ўтаётган эди. Уларнинг 2643 нафари Байкал-Амур лагерида, 1923 нафари Волга-Москва канали қурилиши - Дмитров лагерида, 1554 нафари Углич-Рибинск қурилиши бўлаётган Волга лагерида, 1673 нафари Оқденгиз-Болтиқ лагерида, 687 нафари Коми АССРдаги Ухтим лагерида, 543 нафари Молдова АССРдаги Темниково лагерида, 2247 нафари Владивосток лагерида, 643 нафари Новосибирск лагерида, 3029 нафари Тошкентдаги Ўрта Осиё лагерида эди.

Ҳужжатларга кўра 2-қисм бўйича ўзбеклардан 854 киши Қарағанда лагерида, 23 киши Нарилскда, 1199 нафари Вяземскда, 69 киши Калугада, 250 нафари Сталин станцияси лагерида, 96 нафари Жанубий-Шарқий Гавана лагерида, 47 нафари Подолск аеродроми лагерида, 70 нафари Самара лагерида, 655 нафари Шимолий-Шарқий лагерида, жами 3275 ўзбек борлиги таъкидланган.

1937-1938 йилларда ана шу лагерлардаги ўзбек маҳбусларидан бир қисми қайтадан қатағон қилиниб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган ва махсус қатлгоҳларда отилиб, кўмиб юборилган.

Сиёсий маҳбуслар отилган ва кўмилган жойлар Москва областида Ваганков, Дон қабристонлари, Бутово, Коммунарка қишлоқлари бўлган. Москва области бўйича 1937 йил 8 августдан 1938 йил 19 октябргача 20675 киши отилиб, Бутово, Коммунарка қишлоқларига кўмилган.

Ушбу сатрлар муаллифи «Мерос» халқаро илмий-амалий экспедицияси хайрия жамғармаси йўлланмаси билан Россия Федерацияси Федерал Xавфсизлик Xизмати Марказий архиви, унинг Москва области бошқармаси архиви, Марказий Давлат архивида, «ГУЛАГдаги ижод ва турмуш» музейида ва жамиятда бўлиб, тегишли ҳужжат ва материаллар билан яқиндан танишди ва Ваганков, Бутово қатлгоҳларида отилиб, ўша жойларга кўмиб юборилган ўзбеклардан 60 нафарини аниқлади.

Агдаров Исоқ Иброҳимович, 1886 йили Бухоро шаҳрида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти - ўрта, Ўзбекистон ССР саноат кооперацияси вакили, Москва шаҳри, Светной Булвар, 16/31-уйда яшаган. 1932 йил 1 декабрда ҳибсга олинган, отилган, 1970 йил 14 майда реабилитация қилинган.

Абдурашитов Мунаввар Қори, 1878 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти - олий, адабиётчи, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳаси, Дархон маҳалласи, 17-уйда яшаган. 1929 йил 6 ноябрда қамоққа олинган, 1931 йили отилган.

Ширахмедов Нажмиддин, 1900 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, маълумоти - қуйи, машғулоти аниқ эмас, Тошкент шаҳри, Бешёғоч даҳаси, Машраб маҳалласида яшаган. 1929 йил 11 ноябрда ҳибсга олинган.

Тиллахонов Салимхон, 1890 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти - тугалланмаган олий, «плодовинсоюз» инструктори, Тошкентнинг Девонбоши маҳалласида яшаган, 1929 йил 6 ноябрда қамоққа олинган.

Маҳсудов Тангриқул Xожи, 1900 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти - ўрта, рабфакда курс мудири. Тошкент шаҳрида яшаган. 1929 йил 6 ноябрда қамоққа олинган.

Абдурашитов М.Қ., Ширахмедов Н., Тиллахонов С., Маҳсудов Т.Х. ОГПУ коллегияси томонидан 1931 йил 25 апрелда отувга ҳукм этилган.

Бурнашев Xаниф Xасанович, 1900 йили Наманган шаҳрида туғилган, татар, ВКП(б) аъзоси, маълумоти - тугалланмаган олий, СССР деҳқончилик халқ комиссарлигининг режа-молиявий бўлими бошлиғи, Москва шаҳрининг Серафимович кўчаси 2-уйда (ҳукумат уйида) 320-квартирада яшаган. 1937 йил 25 июнда қамоққа олинган. СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегияси томонидан 1937 йил 2 ноябрда аксилинқилобий террорчи ташкилотда иштирок этганликда айбланиб, отувга ҳукм қилинган. 1938 йил 22 мартда отилган.

Қахоров Абдуразоқ Қахорович, 1895 йили Қўқон шаҳрида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти тугалланмаган олий, сув оқими қурулиши трестида электрик, Москвада Страстный булвар, 10-уй, 23-квартирада яшаган. 1938 йил 13 февралда қамоққа олинган. СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегияси 1938 йил 8 апрелда жосуслик айби бўйича отувга ҳукм этган, 1938 йил 8 апрелда отилган.

Икромов Акмал Икромович, 1898 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, руҳоний оиласидан, маълумоти ўрта, Ўзбекистон Комунистик партияси Марказий комитетининг биринчи котиби, Тошкент шаҳар, Гогол кўчаси 71-уйда яшаган. 1937 йил 20 сентябрда қамоққа олинган, СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегияси 1938 йил 13 мартда аксилинқилобий террорчилик ташкилотида иштирок этган, деган айб билан отувга ҳукм этган, 1938 йил 15 мартда отилган.

Хўжаев Файзулла Убайдуллаевич, 1896 йили Эски Бухорода туғилган, ўзбек, савдогар оиласидан, ВКП(б) аъзоси, маълумоти қуйи, Ўзбекистон ССР Xалқ Комиссарлари Совети раиси, Тошкент шаҳри, Лермонтов кўчаси, 9-уйда яшаган. 1937 йил 9 июлда қамоққа олинган. СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегияси 1938 йил 13 мартда аксилинқилобий террорчи ташкилотида иштирок этган, деган айб бўйича отувга ҳукм этган. 1938 йил 15 мартда отилган.

Бу тўртала ватандошимиз Москвадаги қатлгоҳ - «Бутово полигони»да кафансиз ётибдилар.

1931 йил 15 июнда ВКП(б) Марказий Комитети Волга ва Москва дарёларининг қўшилишини таъминловчи канал қуриш тўғрисида қарор қабул қилади. Бу вақт бутун мамлакатда колхозлаштириш, қулоқ қилиш ва сургун қилиш сиёсий кампанияси авж олаётган эди. Бу бўлажак канал пойтахт учун зарур бўлган миқдордаги сувни келтириши керак эди. Канал қурилиши пойтахтга яқин Дмитров шаҳридан бошқарилган. ОГПУнинг 1932 йил 14 сентябрдаги буйруғи билан Дмитров лагери яратилди. Тез орада бу лагерга Оқденгиз - Болтиқ, Балахнин лагерларидан, Ўрта Осиё меҳнат тузатув лагеридан ва бошқа лагердан маҳбуслар келтирилади.

Мамлакатдаги лагернинг энг каттаси Дмитлаг эди. Бу ерда 1933 йили бир миллион икки юз минг маҳбус жамлаган. Москва - Волга каналининг узунлиги 128 километр бўлган. Каналдан ташқари 11 шлюз, 7 плотина ва гидростанциялар қурилган. Вербилокдан Волгага, катта Волгадан Дмитров шаҳригача темир йўли қурилган. Оғир жисмоний меҳнатдан, очликдан кўплаб маҳбуслар ўлиб кетган. Қочиб кетганлар кўп бўлган, ушлаб олинганларга янги муддат ёки отув жазоси берилган. Ниҳоят, 1937 йили юз минглаб одамлар қурбони эвазига қурилган Москва - Волга канали «Иккинчи беш йилликнинг буюк қурилиши» сифатида ишга тушади. Ўша йилнинг 8 августидан Москва ёнидаги Бутово ва Коммунарка «махсус объект»ларида оммавий отувлар бошланади.

1937 йил 1 октябрда, яъни канал қурилиши тугаллангандан сўнг Дмитлагда 1923 нафар ўзбек бўлган. Демак, унгача ўзбеклар сони кўп бўлган, бир қисми очликдан, оғир меҳнатдан ўлиб кетган. Маҳбуслардан ташқари Москва - Волга канали қурилишига ўз ихтиёри билан ўзбекларнинг катта гуруҳи келган. Аммо уларнинг қисмати, тақдири не кечган - маълум эмас. Дмитлагдагилардан 20761 киши 1937 - 1938 йилларда отилиб Бутово полигонига кўмилган. Улардан 51 нафари ўзбекистонлик бўлгани, қисқача таржимаи ҳоли, айблов ишлари, Дмитлагда қамоқ жазосини ўтагани, бу жойда қайта қамоққа олиниб отилгани каби ҳужжатлар Россия Федерацияси Давлат архивида, Федерал Xавфсизлик хизмати Марказий архиви ва унинг Москва бўлимида сақланмоқда. Дмитров лагеридаги ўзбек маҳбусларидан отилган 51 юртдошимиз ҳақида қисқача маълумотлар келтирамиз. Уларнинг ҳаёт йўли, қисмати, авлод-аждодлари, яқинлари ҳақида маълумотлар, материаллар тўплаб уларни китоб ҳолига келтириш ниятидамиз. Шу боис қуйидаги қатағон қурбонларининг уруғ-аймоғи, оила аъзолари, бу шаҳид кетганлар ҳақида сақланиб қолган ҳужжат, эсдалик, сурат ва бошқа материалларга эга бўлсалар, уларни Андижондаги «Мерос» илмий-амалий халқаро экспедиция жамғармасига (Андижон Шаҳри, Навоий кўчаси, 37-уй, тел: 24-24-57) хабар қилишларини илтимос қиламиз.

Абдуқодиров Султон, 1896 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, ўрта ҳол деҳқон оиласидан, партиясиз, саводсиз, ёлланма этикдўз. Тошкент шаҳри, Октябр раёни, Октябр кўчаси 2-уйда яшаган. 5 йил муддатга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитров меҳнат тузатув лагерида (бундан сўнг Дмитлаг деб ёзилади - Р.Ш.) ёғоч тайёрлов участкасида умумий ишларда ўтказган, 1938 йил 20 мартда Дмитлагда қамоққа олинган, 1938 йил 20 майда СССР НКВД (Ички ишлар Xалқ Комиссарлиги) Москва области ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги «учлик» аксилинқилобий тарғиботи учун олий жазо - отувга ҳукм қилган. Ҳукм 1938 йил 27 мартда ижро этилган.

Абдуллаев Болбек, 1896 йили Яваш қишлоғи, Джавий (ҳужжатда шундай берилган - Р.Ш.) раёнида, Орол шаҳрида туғилган, ўзбек, партиясиз, деҳқон оиласидан, маълумоти - қуйи, собиқ мулла. 1934 йили қамоққа олинган, жазони Дмитлагда қора ишчи бўлиб ўтаган. Шу ерда 1938 йил 9 февралда ҳибсга олинган. 1938 йил 19 февралда маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб олий жазо - отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 21 февралда ижро этилган.

Абдуллаев Файзи, 1899 йили Шаҳрисабз раён Чоримор қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон, қулоқ оиласидан, партиясиз, чаласавод, Файзулла Xўжаев номидаги колхоз раиси. 1935 йили 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазони Дмитлагда, Волга участкасида умумий ишларда меҳнат қилиб ўтаган, 1938 йил 22 мартда шу ерда қамоққа олинган. Маҳбуслар орасида аксилинқилобий фаолият олиб борганликда, «халқ душманлари»ни мақтаганликда айбланиб олий жазо - отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 20 июнда ижро этилган.

Абдурразоқ Xўжаев Сайдулла хўжа, 1889 йили Поп раёни (ҳужжатда полганский раён деб ёзилган - Р.Ш.) Оқтепа қишлоғида туғилган, тожик, қулоқ савдогар оиласидан, партиясиз, якка хўжа, деҳқончилик қилган. Поп раёни, Оқтепа қишлоғида яшаган. 1937 йил 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда, Xимкин раёни Сходненский участкасида ер қазиш, аравакашлик билан машғул бўлиб ўтаган. 1937 йил 3 ноябрда Дмитлагда қамоққа олинган. Советларга қарши тарғибот олиб борганликда айбланиб олий жазо - отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1937 йил 2 декабрда ижро этилган.

Амиров Бектемир, 1914 йил Пораган қишлоғида туғилган, ўзбек, ўртаҳол деҳқон оиласидан, партиясиз, чаласаводли, машғулоти аниқ эмас, 1933 йили 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда, Xимкин раёни Николский участкасида умумий ишда ўтаган, 1938 йил 27 январда Дмитлагда ҳибсга олинган. Аксилинқилобий фаолиятда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 5 февралда ижро этилган.

Ашуров Райм, 1902 йил Қорадарё раёни Мундичи қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон, қулоқ оиласидан, 1927 йилдан ЎзКП(б) аъзоси, чаласавод. «Охунбобоев» колхози раиси, Қорадарё раён, Қорадарё қишлоғида яшаган, 1932 йил 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда Волга раёни 2-участкасида ўтаган, инвалид сифатида вақтинча меҳнатга лаёқацизлар командасида турган, 1937 йил 15 ноябрда Дмитлагда қамоққа олинган, антисовет тарғиботида айбланиб отувга ҳукм этилган.

Бобожонов Жуманазар, 1903 йил Xонқа раёни Саучен қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон, қулоқ оиласидан, партиясиз, ўзи ўқиб саводини чиқарган, Саучен қишлоғида яшаган. 1932 йили 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, Дмитлагда «Техника» шаҳарчасида дневалник бўлиб яшаган, 1938 йил 31 мартда қамоққа олинган, аксилинқилобий тарғиботда айбланиб отувга ҳукм этилган.

Ботиров Зиёд, (ҳужжатда Ботиров Зият ёзилган - Р.Ш.) 1905 йил Оқдарё раёни Таряк қишлоғида туғилган, ўзбек, қулоқ, савдогар оиладан, партиясиз, саводсиз, Теряк қишлоғида яшаган. 1935 йил 6 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда «Техника» участкасида умумий ишларда ўтаган, 1938 йил 9 апрелда қамоққа олинган. Аксилинқилобий фаолиятда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 20 июнда ижро этилган.

Бердиев Мулла Xарун, 1893 йил Ургут раёни Ғиждувон қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон, қулоқ оиладан, партиясиз, маълумоти қуйи, Ғиждувон қишлоқ Совети Калинин номли колхоз аъзоси, Ғиждувон қишлоғида яшаган, 1931 йил 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган, бу ерда «Омутия» участкасида умумий ишларда ишлаган. 1938 йил 28 февралда қамоққа олинган, аксилинқилобий тарғиботда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 10 мартда ижро этилган.

Воҳидов Ваҳобжон, 1897 йил Балиқчи раён Чинобод қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон, қулоқ оиласидан, партиясиз, чаласавод, деҳқончилик билан шуғулланган, Чинобод қишлоғида яшаган. 1934 йил 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазони Дмитлагда, Механика заводи участкасида умумий ишларда ўтаган. 1938 йил 30 январда қамоққа олинган, аксилинқилобий тароцкийчи тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 5 февралда ижро этилган.

Миржалилов Маматқул, 1910 йил Қўқон шаҳрида туғилган, ўзбек, деҳқон, қулоқ оиласидан, чаласавод, ўз хўжалигида ишлаган, Қўқон шаҳрида яшаган, 1935 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, Дмитлагдаги Сходненский участкасида ер қазувчи, аравакаш бўлиб ишлаган, 1937 йил 3 ноябрда қамоққа олинган. Советларга қарши тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1937 йил 2 декабрда ижро этилган.

Сулаймонов Шайди, 1904 йил Ворошилов раёни (ҳозирги Қўрғонтепа раёни - Р.Ш.) Абдуллабий қишлоғида туғилган ва яшаган, 1934 йили 6 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, Дмитлагда «Техника» участкасида умумий ишларда меҳнат қилган, 1938 йил 4 апрелда ҳибсга олинган, маҳбуслар орасида антисовет тарғиботи олиб борганликда, совет ҳукуматини дискредитация қилганликда, «халқ душманлари»ни мақтаганликда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро этилган.

Султонов Ваҳоб, 1905 йили Юқори Чирчиқ раёни Тўйтепа қишлоғида туғилган, қозоқ, собиқ ВКП(б) аъзоси, маълумоти ўрта, 1936 йил қамоққа олинган, жазони Дмитлагда ўтаган, 1937 йил 21 ноябрда қамоққа олинган, аксилинқилобий ташвиқотда айбланиб, отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1937 йил 3 декабрда ижро этилган.

Хожибердиев Эгамберди, 1896 йил Қувадаги Извошбоши қишлоғида туғилган, ўзбек, савдогар оиласидан, партиясиз, маълумоти қуйи, колхозда қассоб бўлиб ишлаган, Шўрин қишлоқ советида яшаган, 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда Волга раёни 2-участкада қора ишчи бўлиб ўтаган, 1938 йил 1 мартда ҳибсга олинган, маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб, отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йили 20 июнда ижро этилган.

Оймуҳаммедов Махари, 1882 йили Тошкент раёни, Дўрмон қишлоғида туғилган, қозоқ, партиясиз, савдогар оиласидан, чаласавод, 1932 йили қамоққа олинган, жазони Дмитлагда ўтказган, 1938 йили 17 январда ҳибсга олинган, 1938 йил 26 январда аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 31 январда ижро этилган.

Бозоров Турсун, 1899 йили Бешкент раёнидаги (Қашқадарё вилояти) Ғубдун қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон оиласидан, партиясиз, саводсиз, машғулоти аниқ бўлмаган. Ғубдун қишлоғида яшаган. 1935 йил қамоққа олинган, қамоқ жазосини Дмитлагда ўтаган, шу жойда 1938 йил 17 февралда қамоққа олинган. Аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб, 1938 йил 25 февралда отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 28 февралда ижро этилган.

Давлатов Қурбон, 1908 йил Гурунчмозор (ҳужжатда Казыл-мазыр - Р.Ш.) раёнида деҳқон оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, саводсиз, қамоқ жазосини Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 15 январда ҳибсга олинган. Маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганлиги учун 1938 йил 26 январда отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 31 январда ижро этилган.

Дўстматов Абдусамат, 1907 йили Қоратала қишлоғида туғилган, ўзбек, савдогар оиласидан, партиясиз, саводсиз. 1934 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 18 январда қамоққа олинган. 1938 йил 26 январда аксилинқилобий тарғиботда айбланиб отувга ҳукм этилган. Ҳукм 1938 йил 31 январда ижро этилган.

Дониёров Маҳмуд, 1904 йили Денов раёнидаги Ҳасанкапа қишлоғида туғилган, ўзбек, ўзига тўқ деҳқон оиласидан, партиясиз, саводсиз, «Дендар чура» (ҳужжатда шундай берилган - Р.Ш.) колхози аъзоси, туғилган жойида яшаган, 1934 йили 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 9 апрелда ҳибсга олинган, маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғиботда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро этилган.

Жумаев Ҳамдам, 1915 йили Қудаш (ҳужжатда Кабан - Р.Ш.) раёни Маймаман қишлоғида деҳқон оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, саводсиз. Қудаш раёни Маймаман қишлоғида яшаган. 1933 йил 25 декабрда 8 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 17 мартда маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм этилган. Ҳукм 1938 йил 27 мартда ижро қилинган.

Исаев Ражаб, 1900 йил Xоразмнинг Сахкён қишлоғида деҳқон оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти қуйи, колхозчи, шу қишлоқда яшаган. 1936 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, қамоқ жазосини Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 1 февралда ҳибсга олинган, советларга қарши тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 17 февралда ижро этилган.

Исматов Файзи, 1912 йили Бухородаги Xаргўш қишлоғида деҳқон оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти қуйи, Каримов номли колхозда ишлаган. Xаргўш қишлоғида яшаган, 1934 йили 8 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, қамоқ жазосини Дмитлагда ўтаган. Маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм этилган. Ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро қилинган.

Ишбоев (Эшбоев бўлса керак - Р.Ш.) Мамур, 1910 йили Булунғур раёни Қорақурсан қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон оиласидан, партиясиз, маълумоти қуйи, ўз хўжалигида ишлаган. 1931 йил 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 17 январда ҳибсга олинган. Аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм этилган. Ҳукм 1938 йил 31 январда ижро этилган.

Каримов Куръаз, (ҳужжатда шундай - Р.Ш.) 1908 йили Xонқа раёнида туғилган, ўзбек, қулоқлар оиласидан, партиясиз, чаласавод, колхоздаги умумий ишларда машғул бўлган, Xонқа раёни Кўниз қишлоқ советида яшаган, 1934 йил 5 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда Волга участкасидаги умумий ишларда ўтаган, 1938 йил 11 февралда қамоққа олинган, аксилинқилобий ташвиқотда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 26 февралда ижро этилган.

Матёқубов Самандар, 1901 йили Xонқа раён Кулон-қорабоғ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган, партиясиз, саводсиз, колхозда чўпонлик қилган, Кулон-қорабоғ қишлоғида яшаган, 1934 йили 8 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 4 февралда қамоққа олинган. Маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 17 февралда ижро қилинган.

Иргашев (Эргашев - Р.Ш.) Ҳожибек, 1912 йили Зомин раёни Урал қишлоғида бой оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, чаласавод, ўз хўжалигида деҳқончилик қилган, туғилган жойида яшаган, 1934 йил 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 5 июнда ҳибсга олинган, муттасил аксилинқилобий тарғибот ва ташвиқот олиб борганликда айбланиб, 1938 йил 5 июнда отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро этилган.

Исомиддинов (Исаметдинов ёзилган ҳужжатларда - Р.Ш.) Бурхон, 1910 йили Фарғона раёни Илма қишлоғида туғилган, қулоқ, ҳуқуқдан махрум қилинганнинг ўғли, тожик, партиясиз, саводсиз, машғулоти аниқ эмас, туғилган жойида яшаган. 1934 йили 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 9 апрелда ҳибсга олинган. Маҳбуслар орасида троцкийчи - фашистик тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро этилган.

Исомов Оташ, 1908 йил Xўжаобод раён Найман қишлоғида йирик қулоқ оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, саводсиз, ўз хўжалигида меҳнат қилган, туғилган жойида яшаган. 1934 йили меҳнат тузатув лагерига 8 йилга ҳукм этилган, маҳбусликни Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 10 апрелда қамоққа олинган, «троцкийчилар - Риков, Бухарин, Ягода, миллатчи Xўжаев ва бошқаларни» ҳимоя қилганликда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 20 июнда ижро этилган.

Исмоилов Авазмат, 1894 йили Xонқа раёнида ўрта ҳол деҳқон оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти қуйи (1927 йили имомлик қилган). Шунингдек «қўпорувчилик мақсадида» колхозда ишлаган. 1935 йили 10 йил муддатга меҳнат тузатув легарига ҳукм қилинган. Маҳбусликни Дмитлагда ўтаган. 1937 йил 7 октябрда ҳибсга олинган, маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1937 йил 16 ноябрда ижро этилган.

Қобилов Турғунбой, 1885 йили Избоскан раёнидаги Қўқон қишлоқда деҳқон оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоти ўрта, мулла, туғилган жойида яшаган. 1934 йили 5 йил муддат билан меҳнат тузатув легарига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 22 январда қамоққа олинган. Подшо давридаги ҳаётни мақтаб советларга қарши муттасил тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 31 январда ижро этилган.

Қораев Саидали, 1912 йил Термиз раёнидаги Мазуробод қишлоғида деҳқон, қулоқ оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, саводсиз, деҳқон, якка хўжалик, туғилган жойида яшаган. 1935 йили 5 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 10 апрелда ҳибсга олинган. Мавжуд тузумга қарши тарғибот олиб борганликда, капиталистик мамлакатлардаги, хусусан Афғонистондаги ҳаётни мақтаганликда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро этилган.

Мавлонов Юнусхўжа, 1910 йили Тошкент шаҳрида туғилган, деҳқон оиласидан, ўзбек, партиясиз, чаласавод, машғулоти аниқ эмас, туғилган жойида яшаган. 1934 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган. Жазони Дмитлагда ўтаган. 1937 йил 20 сентябрда ҳибсга олинган, аксилинқилобий кайфияти ҳамда партия ва ҳукумат раҳбарларига нисбатан террорчилик ҳаракатлари ҳақида сўзлаганликда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1937 йил 16 ноябрда ижро қилинган.

Мадаминов Мавлон, 1911 йили Фарғонанинг Лаган (Маган) қишлоғида туғилган, тожик, йирик бой, қулоқнинг ўғли, партиясиз, маълумоти ўрта, Лаган қишлоқ советида ҳисобчилик қилган, туғилган жойида яшаган. 1933 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 26 мартда қамоққа олинган, 1938 йил 5 июнда маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм этилган, ҳукм 1938 йил 27 июнда ижро этилган.

Маманазаров Эрбан (Ирув), 1898 йили Фориш раёни Устухан қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон, қулоқ оиласидан, партиясиз, маълумоти қуйи, «Бедняк» колхозида қора ишчи бўлиб ишлаган. 1935 йили 5 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1937 йил 23 сентябрда қамоққа олинган. 1937 йил 23 сентябрда советларга қарши тарғибот (айниқса, миллатлар орасида) олиб борганликда ва баракда намоз ўқишни ташкил қилганликда айбланиб, отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1937 йил 26 сентябрда ижро ижро этилган.

Маматов Йўлдош, 1913 йил Беҳбудий раёни Кивон қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон-қулоқ оиласидан, партиясиз, чаласавод, ўз хўжалигида банд бўлган. 1934 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 21 февралда қамоққа олинган, партия сиёсатини обрўсизлантиришда, аксилинқилобий ташвиқот олиб борганликда, ҳукумат аъзоларидан ўч олишдан иборат зарарли гаплар айтганликда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 8 мартда ижро этилган.

Марасулев Абдурасул, 1902 йил Фарғона области Молотов раёни Сарқўрғон қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон-қулоқ оиласидан, саводсиз, партиясиз, ўз хўжалигида деҳқончилик қилган, туғилган жойида яшаган. 1932 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1937 йил 30 ноябрда қамоққа олинган, аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1937 йил 8 декабрда ижро этилган.

Отажонов Собир, 1912 йил Ишимжиран қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон оиласидан, партиясиз, маълумоти қуйи. Жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 16 мартда қамоққа олинган, 1938 йил 20 майда аксилинқилобий тарғиботда айбланиб отувга ҳукм қилинган, ҳукм 1938 йил 27 майда ижро этилган.

Холметов Темирқул, 1907 йили Афғонистоннинг Жулга қишлоғида туғилган, камбағал деҳқон оиласидан, саводсиз, партиясиз, қишлоқ хўжалигида пахтачиликда ишлаган, 1933 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 16 январда қамоққа олинган. Партия доҳийсига нисбатан душманлик фикрида бўлганликда, стахановчилик ҳаракатига бўҳтон қилганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 5 февралда ижро этилган.

Ниёзов Остан, 1891 йили Қоракўл тумани Кул-Човдир овулида деҳқон оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, маълумоциз. 1936 йили 5 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда меҳнат қилиб ўтаган, 1938 йил 27 мартда қамоққа олинган. 1938 йил 5 июнда аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро этилган.

Хўжақулов Араббой, 1899 йили Косон тумани Аюнжангил қишлоғида туғилган, ўзбек, қулоқлар оиласидан, партиясиз, саводсиз, машғулоти ва турар жойи ҳам аниқ эмас. 1934 йили 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган. Жазони Дмитлагда водопровод станцияси қурилишида қора ишчи бўлиб ўтаган. 1938 йил 25 февралда антисовет ташвиқотида, шўро ҳукуматига туҳмат қилганликда айбланиб олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 28 февралда ижро этилган.

Холбеков Сантар (Абдусаттар), 1897 йили Зеленский раёни (ҳозирги Асака раёни - Р.Ш.) Қурама қишлоғида деҳқон оиласида туғилган, ўзбек. 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган. Жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 12 мартда қамоққа олинган. 1938 йил 19 мартда махбуслар орасида совет ҳукуматини дискредитация қилганликда «бандит-троцкийчилар»ни мақтаганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 25 мартда ижро этилган.

Хўжанов Xушназар, (ҳужжатда Xаджанов Xашназар - Р.Ш.) 1891 йили Оқдарё тумани Кане - Каракиз қишлоғида деҳқон қулоқ оиласида туғилган, ўзбек, партиясиз, чаласавод, колхозда кетмончи, Самарқанд шаҳрида яшаган. 1935 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 2 февралда маҳбуслар орасида муттасил аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 5 февралда ижро этилган.

Мингбоев (Мингабоев) Тўқли, 1901 йили Митан тумани Қорақалпоқ қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон-қулоқ оиласидан, партиясиз, маълумоти қуйи. 1934 йили 5 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган. Жазони Дмитлагда ўтаган, 1937 йил 12 ноябрда ҳибсга олинган. 1937 йил 29 ноябрда муттасил антисовет тарғиботи олиб борганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1937 йил 2 декабрда ижро этилган.

Султонов Тўрақул, 1899 йили Марғилон тумани Болтакўл қишлоғида туғилган, ўзбек, ишчи оиласидан, партиясиз, саводсиз, машғулоти аниқ эмас. 1936 йили 5 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1937 йил 26 сентябрда ҳибсга олинган. 1937 йил 15 ноябрда совет жазо органларини дискредитация қилишга қаратилган аксилинқилобий ташвиқот олиб борганликда, лагер раҳбариятига қарши террорчилик актини тарғиб қилганликда айбланиб олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1937 йил 16 ноябрда ижро этилган.

Ҳайдаров Дўсмат, 1890 йили Қарлиқ тумани Xўжа қишлоғида туғилган, ўзбек, бой ўғли, саводсиз, партиясиз. 1933 йил 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 19 февралда антисовет ташвиқоти олиб борганликда, «халқ душманлари»ни мақтаганликда, Сталин конституциясини аксилинқилобий руҳда шарҳлаганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 21 февралда ижро этилган.

Ҳакимов Абдулла, 1911 йил Чустда туғилган, ўзбек, деҳқон, партиясиз, саводсиз, машғулоти аниқ эмас. 1934 йил 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган. Жазони Дмитлагда ўтаган. 1937 йил 17 сентябрда қамоққа олинган. 1937 йил 14 ноябрда Москва - Волга канали қурилишини барбод этишга қаратилган советларга қарши аксилинқилобий ташвиқот олиб борганликда, ҳукумат аъзолари ва партия раҳбарларини дискредитация қилганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1937 йил 16 ноябрда ижро этилган.

Халимов Тожи, 1888 йили Пастдарғом раёни Жумабозор қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон, савдогар, партиясиз, чаласавод, қишлоқ совети раиси. 1932 йил 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазони Дмитлагда ўтаган, 1937 йил 29 ноябрда қамоққа олинган, 1937 йил 3 декабрда аксилинқилобий ташвиқот олиб борганликда, Бухоро амирида пулемётчи бўлганликда ва ёш бухороликлар отрядига ҳужум қилганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1937 йил 8 декабрда ижро этилган.

Тўраев Эргаштўра ўғли, 1900 йил Шеробод раёни Талли - Моран (Ўзбекистон) қишлоғида туғилган, ўзбек, ўрта ҳол деҳқон, партиясиз, саводсиз. 1936 йил 5 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 22 февралда ҳибсга олинган. 1938 йил 13 мартда маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 16 мартда ижро этилган.

Хамроалиев Исмат, 1908 йили Олтиариқ раёни Водил қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон - қулоқ оиласидан, партиясиз, чаласавод. 1935 йил 6 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган. Жазони Дмитлагда ўтаган, 1938 йил 27 мартда ҳибсга олинган. 1938 йил 5 июнда муттасил аксилинқилобий ташвиқот ва советларга қарши бўҳтон ва тарғибот олиб борганликда, «халқ душманлари»ни мақтаганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро этилган.

Чориев Янгибой, 1910 йили Қоракўл раёни Чечан қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон оиласидан, партиясиз, маълумоти қуйи. 1933 йили 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган. Жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 6 апрелда қамоққа олинган, 1938 йил 5 июнда совет ҳокимиятини дискредитация қилишга қаратилган аксилинқилобий ташвиқот олиб борганликда, мамлакат раҳбарияти шаънига бўҳтон қилганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 27 июнда ижро этилган.

Шамсиев Миркомил, 1901 йили Xўжаобод тумани Карнайчи қишлоғида туғилган, ўзбек, деҳқон, қулоқ оиласидан, партиясиз, саводсиз, якка хўжалик бўлиб меҳнат қилган. 1934 йили 8 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазони Дмитлагда ўтаган. 1938 йил 5 июнда шўро тузумини дискредитация қилишга қаратилган аксилинқилобий ташвиқот қилганликда, колхоздаги очарчилик ҳақида ёлғон гаплар тарқатганликда айбланиб, олий жазо - отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1938 йил 23 июнда ижро этилган.

Биз биргина Дмитлагда такрор қатағон қилиниб, отилиб кетган 51 нафар юртдошимиз ҳақида қисқача маълумотлар келтирдик. Ваҳоланки, юқорида қайд қилинганидек, ўзбек сиёсий маҳбуслари собиқ иттифоқнинг барча қамоқхоналарида азоб-уқубатли ҳаёт кечирган. Ўша лагерлардаги ватандошларимизнинг маълум қисми 1937-1938 йилларда яна такрор қатағон қилинган, отиб юборилган, улар айбсиз бегона юртларда тупроққа беланиб ётибдилар. Бу инсонларни ҳам номма-ном аниқлаш, улар ҳақида бор ҳақиқатни очиб бериш галдаги вазифалардандир.