OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаъдулла Сиёйев
Асар номиЯнги замон латифалари
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Саъдулла Сиёйев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 1-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Янги замон латифалари
Саъдулла Сиёйев

Бировнинг Пўстини

Бир одам театрга тушди. Томошанинг ярмига борганда зерикди. Бир тарафдан зал совуқ, унинг устига саҳнада ўйналаётган воқеа ҳам бачкана эди. Кетгиси келди. Пастга тушди. Кийимхонага бориб, пўстинини сўради. Кийим берувчи унга ялтоқланиб боқди.
— Ие, кетопсизми, акамулло? Шундайчин яхши ўйинни ташлаб-а?
— Яхши бўлса артистлар ўзи кўраверсин, — деди томошабиннинг энсаси қотиб, — пўстинни олинг.
— Боз сабр қиле-енг, акамулло! Ҳалиги ошиқ бача қўшиғини айтиб қайлиғини чақириб олсин-да, ахир. Мен сизга бир пиёла чой берай, ичиб туринг.
— Э, қизиқ одам экансиз-ку, амаки! Ошиқ йигитингиз билан нима ишим бор? Пўстинни беринг, кетаман.
— Берамиз, акамулло, берамиз, шу дамгача бировнинг жомасини кийиб қочган мардум эмасмиз. Як нафас сабр кунед, акамулло...
— Пўстин! — деб бақирди томошабин.

Чол номига илгакдаги кийимларни нари-бери суриб кўра бошлади.
— Ҳали замон кўрувдим сабил қолгурни. Қайси гўрга кетди, ман ҳайрон...

Шу пайт тепадан ҳовлиқиб бир йигит тушиб келди.
— Пўстинингиз бу ёқда, — деди у ва ечиб эгасига тутқазди. Томошабин бир пўстинига, бир актёр йигитга қараб ажабланди.
— Тушунмадим. Нега менинг пўстинимни кийиб юрибсиз?
— Айбга қўшмайсиз, ака, бозор иқтисоди. Гоҳо томошабинларнинг кийим-бошидан фойдаланиб турмасак, театрда тузукроқ кийимнинг ўзи қолмади...

Ухлатадиган «Дори»

Ким нима деса десину, аммо бизнинг дўхтирларимиз орасида ҳам ўша мақтанчоқ чет элликлар олдига похол тўшаб кетадиган устомонлар бор. Ишонмасангиз, мана бу воқеага қулоқ солинг.

Бир кишининг аҳволи оғирлашиб касалхонага тушди. Уни операцияга ётқиздилар. Жарроҳлар ювиниб-чайиниб тахт бўлишди. Энди беморга наркоз бериш керак эди. Бироқ аксига олиб, наркозчи дўхтир келавермади.

Шу пайт эшикда Шоймардон деган шумхаёл, ҳазилкаш дўхтир кўринди. У жарроҳларнинг бир нарсадан дилгир бўлиб турганини сезиб ичкари ўтди. Икки оғиз гапдан масалага тушунди. Секин беморнинг тепасига борди, энгашиб унинг қулоғига шивирлади:
— Ёриев, сизни бир йўла учта катта дўхтир операция қилмоқчи. Ўзингиз тушунасиз, уларнинг ҳар бирига битта-битта кўкидан бериш керак. Сигир-бузоқ, дегандай, бордир уйда? Сотасиз-да, тоға. Жонингиз омон бўлса, мол топилади.

Бемор кўзларини пирпиратди, бир нима демоқчи бўлиб тамшанди ва... ҳушидан кетди. Шоймардон касбдошларига ўгирилди:
— Ана, текин наркоз! Бир соат ўзига келмайди. Бемалол кесаверинглар.

Ёриевнинг касали кўричак экан, ярим соатга қолмай бажо қилишди. Бемор кўзини очганда тепасида Шоймардон илжайиб турарди: — Ҳазиллашдик, тоға, хафа бўлмайсиз. Бир сўмингиз керак эмас. Сигир-бузоғингиз ўзингизга буюрсин. Отдай бўлиб кетинг.

Ҳушини Йиғиб Олди

Янги чиққан ўзбек бойларидан бири шоҳкўчада «Мерседес»ини учириб кетаётган эди. Шу пайт ён кўчадан кўҳнароқ бир «ВОЛГА» чиқдию «Мерседес»нинг йўлини кесиб ўтди. Бу бойваччага алам қилди. «Вой, хумпар-ей, ҳали сиз бизнинг олдимизга тушадиган бўлдингизми?» деб уни қувиб кетди. Ҳаш-паш дегунча етиб олди. Машинасини «Волга»нинг тумшуғига тираб қўйди. Қўлига катта тош олиб, «ғўдайган машина»нинг ойнасини ура кетди. «Волга» пачақ бўлди. Бойвачча нафас ростлаб ичкарига мўралади. Қараса, кимсан туман прокурорининг ўзи ўтирибди! Бойваччанинг миясига қон урди. Дарров ҳушини йиғиб олиб, таъзим қилди:
— Ассалому алайкум, хўжайин... Янги йиллари муборак бўлсин! Деразангизни тақиллатаман, эшитмайдилар. Ўзларига атаб қўйган арзимаган нарсамиз бор эди, қайси уйларига оборсак экан, деб сўрамоқчийдик...

«Нексия»нинг Илдизи

«
Соғлом бўлай десанг,
солиқдан қочма.

(Янги чиққан шиор)
»

Тўйчиевни бир идорага чақирдилар. У саҳар туриб йўлга тушди. Бу идорага кириш ҳам қийин экан. Эшикда бир қоровул, чархпалакдек айланма тўсиқдан ўцанг, яна бир қоровул. Тўйчиев қўлидаги чақириқ қоғозини пеш қилиб аранг ичкарига ўтиб олди.

Ваҳимали хонада жиккаккина, олакўз йигит ўтирган экан. Тўйчиев уни таниди, лекин ўзини танимаганга олди.
— Яхшимисиз, ука. Чақиртирган экансиз, келдик.

Олакўз столдан бошини кўтармай тўнғиллади:
— Ҳм, чақирмасак келмайсизми? Бойлик орттириш деганда дўппингизни тишлаб югурасиз, солиқ тўлашга келганда думингизни тутқазмайсиз! Шунақами?
— Унчалик эмас, — деди Тўйчиев, — биз ҳамма солиқларни ўз вақтида тўлаб турибмиз.
— Фамилиянгиз?
— Тўйчев. Саттор Тўйчиев.
— Ҳозир кўрамиз-да, — деди жиккак йигит ва ёнбошидан қалин дафтар олиб титкилай бошлади, — Тоймасов, Турдиев... Ҳа, мана, Тўйчиев Саттор. Ие, машинангиз бор экан-ку? «Нексия»! Суперсалон! Қуллуқ бўлсин...

Тўйчиев айбдор кишидек хижолат бўлди:
— Раҳмат. Ҳа энди бир кўнгил кетган эди-да...
— Мен сизга машина қуллуқ бўлсин, деяётганим йўқ, солиқдан қочиб юрганингиз қуллуқ бўлсин, деяпман!
— Қочиб юрганим йўқ, — деди Тўйчиев, — уни эндигина олдим.

Йигит иягини кўтариб чимирилди:
— Айтмоқчи, ўша «Нексия»ни қайси пулга олгансиз, билсак бўладими? Декларациянгиз борми?
— Эскироқ бир «Москвич»им бор эди, уни сотдим, кейин қайнимдан, укамдан қарз олдим.
— Xўш, «Москвич»ни-чи, уни ҳам қарзга олувдингизми?
— Йўқ. Аввал «Запорож»им бор эди. Сотдим. Ойликдан бир сиқим-бир сиқим орттириб...

Олакўз йигит товушини кўтарди:
— Ҳов, амаки! «Запорож» осмондан тушмайди. Уни ҳам пулга берадилар. Ўзингиз анчайин бир ўқитувчи экансиз. Ойликдан орттириб машина олдим деганингизга қайси аҳмоқ ишонади? Тўғрисини айтаверинг!
— Ундан олдин велосипедим бор эди...

Олакўз энди ошкора калака қилишга ўтди:
— Велосипедни ҳам, ҳойнаҳой, қарзга олганман, дерсиз?
— Йўқ, — деди Тўйчиев, уни менга сизнинг отангиз совға қилган эди. Олакўз йигит оғзини қийшайтириб ажабланди:
— Нега энди менинг отам сизга велосипед совға қилар экан? Нима, сиз етти туғиб бир қолганимисиз?
— Отангиз мендан қарз эди. Эсингизда бўлса, сиз институтга киролмай ўмбалоқ ошдингиз. Кейин дадангиз олдимга йиғлаб келди. «Жон Тўйчиев, институтда танишларинг бор экан, бизнинг ўғилчага ёрдам беривор, яхшилигингни унутмайман», деди. Бир амаллаб сизни институтга жойладик. Эвазига велосипедлик бўлиб қолдим.

Жиккак амалдор севиниб кетди.
— Ана-а... Масала равшан. Демак, сиз бир ҳалол, меҳнаткаш одамдан пора олгансиз! Мана «Нексия»нинг илдизи қаёқда экан! Мен бу ишни шундайлигича қолдиролмайман. Ҳали гувоҳларни чақириб гаплашамиз.

Тўйчиев эшикка қараб юрди.
— Отангизни ҳам чақириш эсингиздан чиқмасин, — деди аста. Олакўз жазаваси тутиб бақирди:
— Керак бўлса чақиртирамиз ҳам!

Тўйчиев индамай чиқиб кетди. У билади, Олакўз икки дунёда ҳам отасини чақиролмайди. Чунки унинг отаси ўлган эди.

Қанотли Туя (Кунгабоғарлар ҳаётидан)

Бошлиғимиз гапини, одатига кўра, ваъз айтишдан бошлади. Баҳорда мушук нега мов бўлишини, аёллар нима учун сийнабанд тақишини, эркаклар нимага камар боғлаб юришини обдон тушунтиргач, муддаога ўтди:
— Ана энди ёзамиз. Шефдан шундай топшириқ бўлди. Демак, 1 сентябрдан куз ойи бошланади, деб ҳисоблансин. Биринчи март баҳорнинг бошланиши, 21 мартни шеф Наврўз куни, деб белгиладилар. Буни ҳеч ким ўзгартиролмайди, чунки бу — шефнинг буйруқлари. Ёзилдими? Энди иккинчи масала. Шефнинг айтишларига қараганда, кўпинча биз вилоят марказларини чалкаштириб юборамиз экан. Бунга энди чек қўйилди. Мана, шефнинг ўз қўллари билан битилган рўйхат. Ёзамиз. Андижон вилоятининг маркази — Андижон, Тошкент вилоятининг маркази — Тошкент, Сурхондарё вилоятининг маркази... ие, бу ерда Термиз дейилибди-ку? Наҳотки, шеф адашган бўлсалар... Телефон қилиб сўрасаммикан? Йўқ, шеф адашмайдилар. У киши адашиши мумкин эмас. Ёздик! Демак, Сурхондарё вилоятининг маркази, шефнинг рўйхатига кўра, Термиз шаҳри, деб ҳисоблансин. Йил охиригача мана шу рўйхатга қатъий амал қиламиз. Ясно?

Сомелар қанотли туя кўргандек, кичкина шефчанинг башарасига бақрайиб тикилиб қолдилар.

Ниҳоят, кимдир бўйнини чўзиб минғиллади:
— Менда битта таклиф бор эди. Бундан кейин қўйнинг эркагини қўчқор, эчкининг боласини улоқ деб атасак. Агар қаршилар бўлмаса-да...

— Буни шефдан сўраб кўриш керак, — деди бошлиғимиз, — у киши рози бўлсалар, майли. Бўлмаса, ўзбошимчалик қилиб қўчқор, улоқ, деб ёзиб юрманглар. Всё!