OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСабоҳат Раҳмон
Асар номиЯшил хилқатлар мамлакатида (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Сабоҳат Раҳмон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Яшил хилқатлар мамлакатида (ҳикоя)
Сабоҳат Раҳмон

— Тошкент — чиройли қиз...
— Нима-а? — афтини буриштирди Ўша.

Қиз ўзини эшитмаганга олди ва ёнгинасидаги буткул хазон рангига бурканган қирга оёқ қўйди... У кўкка ўрлади. Яна ва яна. Қиз эса сукут сақларди. Қалби қувончдан ёрилиб кетгиси келар, бироқ у ҳам қиздан ҳадиксирарди. Қалб Қизни жон-дилидан севар, шунингдек, нафратланарди — вужудини ёмон кўрарди. Қизнинг...

Қиз қирни бахтсиз этиши мумкинлигини ўйлаб, билдирмайгина сирғалиб тушди қирнинг бағридан ва бирдан ўзининг буткул, бут-кул ёлғиз эканлиги ёдига тушди. «Мен ёлғизман, демак, ёлғиз эмасман. Ёнгинамда Ёлғиз бор». Қиз йўлакдан кетиб бораркан, чарчоқ кўзларини ўзи жуда ёмон кўргувчи одамларга тикишдан чўчигандай, нигоҳини янада ерга берди. Четдан қараган одамга худди йўқолган кўзойнагини қидираётган кампир ҳолатини эслатишини ўйладию... кулди. Бу сафарги кулги аввалгиларидан ҳам ночорроқ эди. Қиз йўл четига чиқиб, ишончини аллақачонлар йўқотган ишончига суянди. Ишончнинг қоқ суяклари елкасига ботгач, умидсизгина ингради. Ишонч чўчиб тушди ва Қизнинг кўз ўнгида кичрая-кичрая ерга сингиб кетди.
— Тошкент — чиройли қиз.
— Нега?

Бу сафар Ўшанинг ўқчигиси келмади. Фақат ютиниб қўйди.
— Тўғрироғи, қиз бўлганда ҳам лўли қиз. Мени сеҳрлаб олди ўзига. Кетай десам, кеткизмайди уйимга...
— Сен ўзинг аҳмоқ. Нега келдинг бу ерга. Тинчгина, қишлоғингда чориғингни судра-а-аб...

Қиз анграйди. Беихтиёр кўз олдида чанг-тупроққа беланган эски, йиртиқ... чориқ гавдаланди. «Бечора».
— Ким? Менми бечора? Ўзинг биласанми, кимсан?! Ҳамма сени... Ҳа...
— Сенда йўқ-да, алам қилади. Бўлса сен ҳам...

Қиз ўшанга бундай гаплар айтиб бўлмаслигини эслаб, тирноғини тишлади. У аъзолари орасида шу тирноқларини ёмон кўрарди. Узун-узун, қаровсизликдан тарвақайлаб кетган тирноқларига ҳар гал кўзи тушса ижирғанар, шуларнинг ўрнига бошқа, чиройлироқ нарса ўйлаб топишга интиларди. Бир куни эса йўлда кетаётиб қичқириб юборишига сал қолди. Уйига етиб келгунча тирноқларини ғажиб тугатди. Фақат энг сўнггисини тишлари рўпарасига олиб келганда, негадир ўксинди. Агар орадан яна бир муддат вақт ўтганда эди, Қиз ортига қайтиб, йўл-йўлакай сочилган тирноқлари қолдиқларини топиб келган ва ҳаммасини ўрни-ўрнига қўйиб, тинчгина йўлида давом этган бўларди. Афсус. Қиз ўзини енга олиш қобилиятига эга эди. Ва шу туфайли уйига кира солиб, шусиз ҳам остин-устун бўлиб ётган хонасининг тит-питини чиқариб елим қидирди. Негадир уни емакхонадаги улкан хитой кўзасининг ичига солган экан. «Қизиқ», ва бу сўз бир сониядан сўнг Қизнинг ёдидан чиқиб кетди.

Ўшанда Қиз кўчириб ташланган тирноқлари ўрнига бозордан сотиб олгани — сариқ мойчечакларни ёпиштириб чиққанди... Гуллар ҳадеб тушиб кетаверар, бунга сари Қизнинг тоқати тоқ бўлаверарди. Ниҳоят, оёқлари остида сочилиб ётган, топталган мойчечакларни олиб деразадан улоқтириб юборгач, Қиз йиғлаганди, манглайини совуқ деворга босиб йиғлаганди...

Буларнинг бари тушда рўй берганга ўхшайди. Сабаби ундаги воқеалар туш каби гўзал ва ойдин эди. Фақат... ҳанузки қиз ўшанда нима учун йиғлаганини эслолмасди. Гуллар учунми ва ёки...
— Тошкент — чиройли қиз, ахир...

Ўша, оёғидаги туфлининг чиройли юзини оёқлари остида турган бесўнақай ва келгинди тошга урди. Ё тош, ёки туфли «Оҳ« тортди, Қизнинг назарида туфли. Чунки тошдайин қўпол нарсанинг бунчалар гўзал »оҳ» тортиши ақлга сиғмасди...
— Э, бунақа сафсатангни биласанми, анови сен каби сўппайиб турган дарахтларга айт. Зора тушунишса...

Шундай дея Ўша ортига бурилди. Ҳозиргина ёнидан ўтган аёлнинг қоматига назар солгач, чўзиб ҳуштак чалди ва унинг ортидан йўлга тушди. Сал нарида, аёлга етиб олган Ўшанинг бирмунча дағал овози эшитилди:
— Сиз мабодо Гули эмасмисиз? Қаранг-а, нақадар ўхшаркансизлар...

Исмингиз... Қиз Ўшанинг изидан боқди. Қарғамадиям. Нега шундайлиги ҳақида ўйлади... Умуман кейинги вақтларда у кўп нарсалар ҳақида кўп ўйлайдиган бўлиб қолганди. Кўзларидан дувиллаб ёш тўкилгунга қадар ўйлайверади, ўйлайвер...
— Сиз нақадар ғамгинсиз, хоним...

Қиз шаббодадек майин бу овоздан ҳайратга тушди. Ўгирилиб қарашдан, гапирувчининг бошқа одамлардан фарқи йўқ эканини билиб қолишдан чўчигандек, жойида тураверди. Қизнинг ўзи ҳам, хаёли ҳам унинг бир фаришта ёхуд маъбуд бўлиб чиқишини жуда-жуда истарди.
— Мен сизни тушимда кўрганман...Тушда ҳам худди ҳозиргидек пок эдингиз.

Қиз жавоб бермади. Аввалига гапирувчининг қиёфасини хаёлида тиклади, бир оз томоша қилди, сўнгра у томон секин бурилди...
— Бу — сизмисиз?
— Ў, хоним. Овозингиз ҳам чеҳрангиз каби нақадар синиқ, — майингина сўйларди у.
— Бу — сизмисиз?

Қиз қаршисида турган Унинг оқ оралаган сочларига кўз ташлади. Оҳ, кўргулик.

Унинг жудаям майин овози...

"Ў, мен сизни қанчалар кутдим,

Мана — оқ соч, бу — ажин..."

Хаёли вайрон бўлди. Кўзлари «ярқ» этиб очилдию, қаршисида Ўша пайдо бўлди.
— Қани... У?
— Ким? «Тошкент — чиройли қиз»ми?

Ўшанинг овози кузда нозик гул япроқларини учириб олиб кетишга шайланган довулни эслатарди. Бунинг устига Одам эди. У Қиз буни тушунди. Ўшанга хўрсиниқ ила жавоб бердию, узоқдан кўриниб турган, хазон рангли дарахтзор томон кетди...

"Ў, Худойим, бу дунёда қачон фаришталар туғилади?« Қизнинг оёқлари ҳам ўзи каби одамлардан безор бўлганди ва ҳар сафар Қизни яшил хилқат — дарахтлар томон судрарди. Дунёда Қизнинг яккаю ягона ўртоғи бор бўлса, у ҳам оёқлари эди. Қиз оёқларини яхши кўрарди, ишонарди уларга. Оёқлари ўзига ҳеч-ҳеч хиёнат қилмаслигини билар, ҳар сафар ётишдан олдин ва эрталаб уларни бир-бир ўпиб қўйишни канда қилмасди.

Қиз дарахтларнинг остига келди. Нимжонлиги учун севгани — дарахтни қучоқлаб кўкка тикилди. Ҳаворанг булутлар тилини чиқариб масхаралагандай бўлди. Қучоғидаги дарахтни силади. «Нақадар нимжон ва чиройли. Худди Тошкентга ўхшайди«. Қиз раҳмдил эди. Кетса, дарахтлар ёлғиз қолишини, Тошкент ўксиб-ўксиб йиғлашини биларди... Фақат бу ҳақда ҳеч кимга гапирмасди Қиз. Нимжон дарахтни қўйиб юборгач, бошқаларининг олдига борди. Ҳар бир дарахтни қучиб-эркалаб, хазин шохларига бир оз қувонч ҳадя этмоқчидай ҳазиллашарди. »Улар ҳам менинг каби шўрлик, дарахтларга кимдир ўзини бахш этиши керак». Қиз шундай ўйларди...
— Хоним, афв этасиз, ёлғиз эканингизни кўриб олдингизга келдим. Рухсат этсангиз, сизга ҳамроҳ бўлсам...

Қизнинг вужудини енгил титроқ қамради. «Маъбуд, менинг маъбудим».

Унга қаради.
— Яхши, — оҳиста сирғалди Қизнинг лабларидан бу сўз. У Қизга қўлларини узатди. Аммо яна тезда тортиб олди. Қизнинг гулдек пок вужудига хаёлдагина қўл теккизмоқ мумкин эди...

Улар йўлда давом этишди. Энди яшил хилқатлар икки кишининг тафтида исинишар, эркаланишар, уларнинг қиқир-қиқир кулгилари дарахтзорда жаранглаб эшитиларди. Қиз қучган дарахтларни у ҳам қучар, дарахт танасининг қиз ўпган жойларига у ҳам лабларини олиб борарди. Улар яқинлашган сўнгги дарахт жудаям улкан эди. Қиз доим шу ерга келгач, ён-веридаги барча кичкина хилқатчаларни шу улкан дарахтга ишониб топширар, уни ўзидан катта ҳисоблабми, негадир ўпмасди... Ҳозир эса унинг олдида ёлғиз шу дарахтни ўпмасликдан уялгандек бўлди. Ҳар иккиси улкан дарахтни икки томонда туриб қучдилар. Қиз ҳар кунгидек яшил хилқатнинг қулоғига пичирлади: «Уларни асра. Улар жудаям нимжон». У томон кўз ташлади. Йўқ. Қучоғидаги дарахтни бўшатмоқчи бўлди. Худди боғлаб ташлангандай. Қаради. Қучоғида дарахт эмас, У...

Қизнинг кўзларидан ўпди. Сўнгра узр сўраган каби унинг қаршисида тиз чўкди.
— Мен сизнинг қулингиз...

Qiz choʻchib tushdi. Boshini sekin-sekin chayqadi.

— Хоним, мен сиздан кетолмайман. Шуни биласизми?

Қиз тушунди. Аёл зотининг кўзларидан бўса олган кимса ундан ҳеч ажралолмаслигини эслади. Ўша кўзларга кимсанинг сурати муҳрланиб қоларкан... Қиз ўзини аёл эмас, дарахт, ҳеч бўлмаса, япроқ деб ҳисоблашларини истарди. Ҳозир ҳам рўпарасида бош эгиб ўтирган — У ва тик турган ўзининг ҳолати эсаётган шамолнинг тортқилаб кетишидан қўрққан япроқнинг қалт-қалт титрашига ўхшарди. Бу ўхшашлик бир муддат Қизнинг ҳушини ўғирлади...

Улар дарахтзордан чиққанларидан сўнг хайрлашишди. Қиз биринчи бор унинг кўзларига тик қаради, узоқ тикилди унга, сўнг лаблари сўз айтишга чоғланиб жуфтлашди...
— Тошкент — чиройли қиз...
— Ҳа, чиройли...

Қизнинг киприкларига ёш қўнди. Кўзлари чақнаб кетди. О, у кўзларга ғамдан кўра қувонч ярашарди...
— Айтинг, «Мен Тошкентни яхши кўраман».

У лабида би-ир ажойиб табассум билан қайтарди: «Мен Тошкентни яхши кўраман».
— Айтинг, «Мен Тошкентни жудаям яхши кўраман. Мен усиз яшолмайман».

У қайтарди...
— Фақат айтинг, Тошкент жодугарми? — Негадир қизнинг кўзларига яна ғам чўкди.

У яна табассум қилди...
— Йўқ, Тошкент — жудаям гўзал қиз...

Қиз бир муддат титради. Секингина «миннатдорман» дедию, одамлар билан тўлиб-тошган кўча томон югуриб кетди. У қизни бошқа кўрмади. Узоқ қидирди. Қиз ўз юртига — булутлар мамлакатига сингиб кетди. Нега ўшанда уни ўғирлаб кетмаганига ачинди. У фақат бир нарсани биларди: Қиз ерники эмасди. Ўзи яшаётган мамлакатда туғилиши керак бўлган Қиз манави шовқин-суронли шаҳар, меҳрлари тошдан-да қаттиқ одамлар орасида юрганидан ҳайратда эди у. Қизнинг ёлғиз дарахтлардангина паноҳ топгани уни ажаблантирмади. Ахир Қиз одам эмас. Агар одам бўлганда Унинг тилига тушунмасди...

Сўнг У кетди. Қуёш нурида олтиндай товланган қанотларини ёзиб, учиб кетди. Қиз унинг ортидан кузатди. Фақат кўзларига бир қатра бўлсин ёш келмади: «Тошкент — чиройли қиз. Сен мендан, мен ундан кетолмаймиз. Сенинг кўзларингдан ўпиб қоламан...»

Дарахтзорда қор ҳидини олган қарғалар хунук қағиллашди. Қизнинг баданида чумоли ўрмалагандай бўлди. Қўрқиб ён-верига қаради. Атрофида сон-саноқсиз қарғалар... Улардан бири сафни ёриб, олдинга ўтди. Кўзларини қисиб, кулгандек бўлди. Сўнг учиб бориб Қизнинг ёнгинасидаги дарахт шохига қўнди. Қиз ҳамон титрар, кўзлари даҳшатдан янада катталашган эди. Қарға куч билан Қиз томонга отилди. Негадир бир сония унинг қаршисида тўхтади ва одам сингари ингроққа ўхшаш овоз чиқарди-ю, ерга қулади. Қизнинг кўзларида унинг сурати бор эди. Оч қарғалар унга ташланишди... Қиз не бўлганини тушунолмай қолди. Эс-ҳушини йиғиб олгунча бўлмай, тумшуқлари қонга буланган қарғалар Қиз томон отилишди. Қиз эса бор кучи билан яшил хилқатлар томон чопиб кетди...