OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСафар Кокилов
Асар номиАламингиздан чиқмоқчимисиз, «тез ёрдам»ни чақиринг (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Сафар Кокилов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Аламингиздан чиқмоқчимисиз, «тез ёрдам»ни чақиринг (ҳажвия)
Сафар Кокилов

Йўғ-э дейсизми? Ҳа, деяверинг. Мен бир нарсани билмасам айтмайман. Мана, дейлик сиз туманнинг бош архитекторисиз, ёки дейлик, истеъмолчиларни ҳимоя қилувчи аллақандай уюшма раисисиз. Бу дунёда кутилмаганда ҳар нарса бўлиши мумкин. Дейлик, сиз лойиҳасини чизган иморатингиз бир тийинга қиммат эканлиги аниқ бўлиб қолди. Харидори йўқ. Ёки бўлмасам сиз кимнидир ҳимоя қилмоқчийдингиз. Ўзингиз чув тушиб, пора билан қўлга тушиб қолдингиз. Хуллас шунга ўхшаган гаплар бўлади-ю, сиз хижолатга қоласиз. Бунинг устида уйга келсангиз, хотинчангиз негадир ноз-фироқ қилиб, олдингизга тезроқ чой-нон опкелмади. Табиийки, бироз қаттиқ –қуруқ гаплардан айтишингизга тўғри келди, дейлик, бир тарсаки –ю бир тепки билан ҳам сийладингиз. Шу пайт хотинчангиз «раҳмат» дейиш ўрнига таппа ташлаб, «вой юрагим, нафасим қисяпти, ўламан...» деб қолса бўладими.

Ахир аламингиз келадими бунақа кутилмаган ишларга. Келади. Хўш, энди нима қилиш керак? Мен сизга айтсам, жоним ошнам, ўйлаб ўтирмай дарров «Тез ёрдам» чақиринг. Ҳа, ҳа, дарров нол учга қўнғироқ қилинг. Уёқдан кимдир, «Алло, Тез ёрдам эшитади» дейди бемалол овозда. Сиз аламингиздан ёрилиб ўлай деяпсиз-у, уёқда эса кимдир бемалол ... Шунда ҳе йўқ, бе йўқ, «Ҳе сени туққан... деб бирданига бақира кетинг. Оғзингизга келган гапни қайтармай сўкинг, сўкинг. Қалай, анча енгил тортингизми? Энди «Қаерга юборайлик, ким касал, ёши нечада», деб сўрашлари табиий. Сиз айтманг, керак бўлса ўзлари излаб топсин. Сиз сўкинг. Ҳар қанча сўксангиз ҳам улар чидайди, мажбур чидашга. Чунки қасам ичганда «беморга беминнат хизмат қиламиз, қўпол муомала қилмаймиз» деб. Биров ярим қасамхўрлари бўлса, сизни ҳам қайтариб сўкиши, ёки «ҳе тарбия берган падарингга лаънат» дейиши мумкин. Лекин бу камдан-кам бўлади ва ундайларга сиз янада баттарроқ юқоридан келасиз, яъни «мени сўкдинг-а, ана энди энангни учқўрғондан кўрсатаман, эртага прокурорга бораман, ишдан ҳайдатаман» деб сўкишингизга асос бор. Ана шунда аламингиздан анча чиқасиз. Анча енгил тортасиз. Менга ишонаверинг. Хўш, яна аламингиз келаяптими? Чақиринг, тез ёрдамни. Кимга чақираётганингизни сўраса айтманг, фақат «тез бўл» деяверинг. Қаерга юборайлик деса ҳам айтманг ва «тез келасанларми, йўқми, ҳозир бориб сўяман, ёраман» деб бақираверинг. Касал ёш болами, катта кишими, қандай духтур юборайлик деса ҳам айтманг. Бор овозда бақираверинг. Турубкани қўймасдан, «юбордингми, юбордингми, нега келмаяпти, бир соат бўлдику чақирганимга, қани машинанг» деб урра сўкаверинг, сўкаверинг, сўкаверинг. Қарабсизки, анча аламингиздан тушиб қолибсиз. Шундаям бўлмаса , тез ёрдам докторлари ўйингизга бир амаллаб келгандан сўнг, яна бақиринг. Эшик олдида икки қўлингизни белингизга тираб «нега кеч келасанлар, касал ўлиб бўлганидан сўнг келасанларми, сенлар тошбақа, харомхўрлар, мол духтурсанлар» деб авра-астарини ағдариб сўкинг. Беморнинг олдига киришга қўйманг. Сиз учун бу зарур эмас-ку.

Агар духтур гап қайтарадиган бўлса, бир уриб қалпоғини учириб юборинг. Айтиб қўяй, фақат қалпоғини. Асло ҳаддан ошиб, духтурларни уриб майиб қилиб қўйманг. «Хизмат вазифасини бажараётганда ҳужум қилган» деб ўзингизни судга бериши мумкин. Шунинг учун қанча аламингиз бўлса, фақат оғиз билан олинг. Тил бесуяк, сўкинганингиз эса ҳавога учади, кетади. Зато аламингиздан чиқасиз-да .

Биласизми, кўплар аламидан чиқиш учун тез ёрдамни ёлғондан ҳам чақиришади. Сўнг улар келиб, беморни излаб, кўчадан уёққа, буёққа сарсон бўлганини кўриб ҳам роса маза қилса бўлар экан-эй. Ишонмасангиз сиз ҳам ёлғон чақириқ бериб кўринг. Бир духтур, бир фелдшер ва ҳайдовчи «тез ёрдам» машинасида сиз берган ёлғон манзилни сарсон бўлиб излаб юрганда уларни қаердадир ҳақиқий бемор жон талашиб кутаётгани-ю, унинг сизга ўхшаган оғайнилари «нега кеч келасан» деб духтурларнинг гирибонидан олишини бир кўз олдингизга келтирсангиз, оҳ, оҳ қандай маза қиласиз-а...

Қалай, аламингиздан чиқай деяпсизми? Бўш келманг. Чақиринг, чақиринг, нол учга қўнғироқ қилинг. Навбатчи бошқарувчи гўшакни кўтарганданоқ тутиб сўкинг, бақиринг, бақираверинг, бор овозда бақиринг, томоғингиз қуриб қолса сув ичиб олинг. Тағин совуқ сув ичманг, томоқни шамоллатиб қўясиз. Илмилиқ чойдан хўплаб-хўплаб бақиринг. То алламингиздан чиққунча, ҳовурингиздан тушгунча тинмай бақириб сўкаверинг. Ҳа бўлинг, бўлинг, қўрқмай чақираверинг. Келиш келмаслигининг сизга қизиғи йўқ-ку. Энг асосийси, сиз аламингиздан чиқишингиз керак. Демак, «Тез ёрдам» хизмати сизга хизмат қилишга тайёр, нол учга қўнғироқ қилинг. Аламингиздан чиқиб сал енгил тортингизми? Улар бунақасига ҳам, унақасига ҳам сизга хизмат кўрсатаберади. Аламингиздан чиққан бўлсангиз биз хурсандмиз. Яна хизмат бўлса, марҳамат. А? ! Ўт ўчирувчиларни чақириб, аламимдан чиқсам бўладими дейсизми? Ҳа энди бу бошқа мавзу. Бу ҳақда кейин...

Ҳозирча «тез ёрдам» хизматидан фойдаланиб туришингизни маслаҳат бераман. Хизмат бепул ва беминнат. Фақат томоққа эҳтиёт бўлинг. Қуриб-қақраб қолса, асло совуқ сув ича кўрманг. Худо кўрсатмасин, томоғингиз оғриб қолса, кейин қаерингиз билан бақириб, сўкинасиз...