OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСафар Кокилов
Асар номиДаққиев дакки еди (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Сафар Кокилов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Даққиев дакки еди (ҳажвия)
Сафар Кокилов

Қўшни туманга пойтахтдан бир гуруҳ машҳур шоирлар келишган. Туманнинг бир неча маданият уйларида мухлислар билан бўлган учрашувлар, шеърхонликлардан сўнг мезбонлар меҳмонлар шарафига соя-салқин боғдаги катта ҳовуз бўйига дастурхон ёзишди. Бу ерга меҳмонлар билан бирга шу ҳудудда яшаб, ижод қилаётган кекса қаламкашлар ҳам таклиф этилган.

Тегирмон боши туманининг шу номли газетасида мухбир бўлиб ишлаётган Даққиев ҳам шу ерда. Қорачадан келган, сочлари жингалак, кўзлари биткўз, лаблари дўрдоқ, қорни биров осилган гавдалик Даққиев ёшлигида қулоғидан йиринг келавериб, ўнг қулоғи кар бўлиб қолганидан билдирмаслик учун бировни лавозимида ишлаб, раҳбарларнинг «югур-югур»ини дўндириб юрар, сўнг кимнингдир тавсияси билан «ўсиб», газетага яқинда ўтирган эди. Ўз газетаси учун ярим бетлик материал йиғиш вазифасига кирса ҳам, аслида, ўзи ихлос қилиб, суратларни йиғиб, шеърларидан ёд олиб юрадигани, ёш бўлса ҳам анча машҳур бўлиб қолгани собиқ воҳадоши – «шоири замон» билан қўл бериб кўришиш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш, ёнма-ён суратга тушиш ва дастхати ёзилган китобидан олиш каби бир талай орзу-истаклар уни бу ерга етаклаб келган.

Пойтахтдан келган меҳмонлар туман раҳбарлари билан алоҳида столга ўтиришди. Қолганлар учун эса 15-20 метрлар нарироқдаги катта чинор тагига супачага жой қилинган. Дастурхонлар тўкин. Даққиев учрашув мобайнида ўзининг ниятларига тўлиқ эришолмаган бўлса ҳам ушбу ўтиришда қатнашиб, супанинг бир четидан жой текканига хурсанд. Анча-мунча одам боғ эшигидан ташқарида қолиб кетди, ахир.

У билан супада ўтирганларнинг аксарияти сочларига оқ тушган кексалар экан. Ҳамма ўзини дастурхонга урди. Қўллар ҳаракатга келиб, оғизлар чапиллашга тушди. «Омонхона», «Фанта»лар вишиллаб очилди. Даққиевга бу жуда кулгили туюларди. Ахир бу ерга буюк шоирлар билан учрашиб, шеърларидан эшитишга келишган-ку, лекин манови чоллар эса... Улар гўё бу ерда ўзларидан буюк ҳеч қанақа одамлар йўқдай бемалол гаплашиб, кулишиб ўтиришарди. У эса «олиб ўтиринг»га ҳам парво қилмади. Гўё сурати шу ерда-ю, сийрати нариги столдагилар билан. Супадагиларнинг ғўнғир-ғўнғири эса унинг жиғига тегарди, холос. Шу пайт ёнида ўтирганлардан бирига сўз берилди. Ёши етмишларни қоралаган, дўппи кийган, жиккаккина одам – кекса шоир Низомий минерал сув тўлдирилган пиёлани қўлига олиб,
– Азиз ўртоқлар! Мана бугун, – деб салмоқлаб гап бошлаган эди ҳамки Даққиев унга томон оғзини ёпмоқчидек қўлини узатди.
– Э-э-э. Жим, жим! ... Гапирманг! – деди тўсатдан. Ўтирганлардан кимдир уни танийди, кимдир танимайди, ҳамма унга ҳайрон бўлиб тикилди. Икки кўзи меҳмонлар ўтирган столда, Даққиев ёнидагиларга қарамасдан яна ўшқирди:
– Жим бўлсаларинг-чи... У ёқда буюклар гапиряпти...

Кекса шоир мулзам бўлиб, гапини йўқотди. Ҳамма меҳмонлар тарафга қараб қолди. Лекин у ёқдан кимнингдир ғўнғиллаган овозидан бўлак ҳеч нарсага тушуниб бўлмади.
– Ие, эшитилмаяпти-ку?! Бизнинг гапимиз ҳам шу-да... Қолаверса, ҳар ким ўз даврасига хўжайин. Гапираверинг, ака, – деди супа тўрида ўтирган сочлари оппоқ, кўзойнакли киши. Кекса шоир аввалги шашти йўқ, бўшашибгина, паст овоз билан гапида давом этди:
– Бугун мана ўзимиздан чиққан ва пойтахтда яшаб ижод қилаётган машҳур шоиримиз – шогирдимиз бир гуруҳ шоирлар билан келиши баҳонасида бу ерга йиғилган эканмиз, аввало уларга узоқ умр, омад, ижодида янги парвозлар тилайман. Қолаверса, уларнинг шу даражага эришишида бу ерда ўтирганлардан қай биримиз мактабда ўқитганимиз, қай биримиз илк шеърларини таҳрир қилиб, оқ йўл тилаб газеталарга чиқарганмиз. Биз устозлар шогирдлар парвозидан шодланишимиз керак. Бирга ўтиришга жой етишмаган бўлса ҳам кўнглимиз бир, уларнинг соғликлари учун оламиз, – деди-да қўлидаги пиёлани оғзига бир теккизиб қўйди. Бошқалар ҳам. Даққиев унинг гапига унча эътибор бергани ҳам йўқ. Биров катта лавозимга кўтарилса, машҳур бўлса унинг оғайнилари, устозлари ҳам кўпайиб қолади-я деб, кулиб қўйди ичида. Ўзи эса оғзини ярим очганича, қулоқларини динг қилиб, меҳмонлар томон тикилиб ўтирарди. Қани энди имкон бўлса-ю, ўша ерда бўлиб қолса, ёки шахсан «шоири замон»нинг ўзи уни ёнига чақириб қолсами... Эҳ-ҳе-э... Йўқ. Ҳамма ўзи билан ўзи овора.

Шу пайт меҳмонлар томондан кулги овози эшитилган эди, у ҳам беихтиёр кулиб юборди. Ўтган-кетганлардан гаплашиб, кулишиб ўтирган супадошлари унга ҳайрон бўлиб қараб қўйишди-да, яна гурунгларини давом эттираверишди. Бу Даққиевга ёқмади, олдидаги чойнак қопқоғини чиқирлатиб,
– Ҳў-ў, акалар, секинроқ. У ёқдагиларга ҳалақит беряпсизлар, ахир, – деди зарда билан. Супадагилар бироз вақт жим бўлишди-да, сўнг яна пастгина овозда гапда давом этишаверди. Кейин яна кимдир қадаҳ сўзи айтмоқчи бўлди. Даққиев бирдан:
– Стоп. Гапирмай туринг. У ёқда буюк шоиримиз қадаҳ сўзи айтаётибди. Ана, тик турибдилар. Жим... – деди ва бутун вужуди қулоққа айланиб, оғзини катта очганича ўша томонга тикилиб қолди. Дарҳақиқат, меҳмонлар гуруҳи раҳбари «шоири замон» тик турганича нимадир деяётган экан. Афсуски, сўзларини тушуниб бўлмасди. У$ ўтиргач, супадаги сўз олган киши ўз сўзини давом эттирмоқчи эди Даққиев яна унга:
– Секинроқ гапиринг. Қисқароқ бўлсин, – деди ўқрайиб.

Супага сукунат чўкди. Меҳмонлар тарафдан эса овозлар баланд-баланд чиқа бошлаган. Ҳар замон-ҳар замон қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишганда, Даққиев ҳам тиржайиб қўярди. Ниҳоят, супада ўтирганлардан баланд бўйлик, қотмадан келган, тепакал киши – бир вақтлар ўткир фелüетонлари билан машҳур бўлган кекса журналист чидаб туролмади.
– Ҳе, тузук, тузук гурунг қилайлиг-э. Бу ерда бегона эмасмиз-ку. Кимдан ийманамиз ўзи?! Қани, Низомий ака, анчадан бери кўришмай қолвудик. Янги шеърлардан ўқинг-э, эшитайлик, – деди баланд овозда. Бошқалар ҳам жонланишди.

Қани, қани, эшитайлик...
– Ҳой, ҳой. ҳой. Ие, бу нима деган гап?! Бозор қилмангизлар-э. Кап-катта одамлар... Сал одоб сақлаб, секин гаплашсангиз-чи... – деди Даққиев кўзлари ола-кула бўлиб. – У ёқда замонамизнинг буюклари...
– Ука, нега ҳадеб оғзимизга ураверасиз? Бизнинг даврамиз ёқмаётган бўлса, ўша ёққа бориб ўтиринг, илтимос... – деди кекса журналист зарда билан.
– Фақат мен эмас. У томондан ҳам, «секин гапиринглар, жимлик сақлансин», дейишяпти. Ана, қаранглар. Ҳалитдан бери ишора қилишяпти. Овозларинг жуда баланд-да, – деб Даққиев ияги билан меҳмонлар томонни кўрсатди. қарадилар. Ҳақиқатдан ҳам меҳмонлардан бири бу томон қараб қўли билан имо-ишора қилиб, нимадир деяётган экан.
– Ана, айтмадимми... Сизлар бўлса, худди ёш боладек чувиллашасизлар... – деди Даққиев ғолибона овозда.

Супага яна жимлик чўкди.

Бир маҳал ҳалиги ишора қилаётган меҳмон йигит туриб шу томон кела бошлади. Даққиев турасолиб унга пешвоз чиқди-да,
– Мен буларга минг марта айтдим, ака. Жим бўлинглар, секин гапиринглар, буюкларнинг гурунгига халақит беряпсизлар десам ҳам гапимни олишмаяпти. Нима қилай, менда айб йўқ. Ака, менинг сизларга ҳурматим баланд, шеърларингизни ёдлаб юраман... – деди ялтоқланиб. Меҳмон унга ҳайрон бўлгандек қаради-да,
– Тушунмадим, – деб елка қисиб қўйди. Сўнг унинг ёнидан ўтиб супада ўтирганлар ёнига келиб, салом берди-да:
– Қани, устозлар, зерикмай ўтирибсизларми?! – деди.
– Раҳмат. Келинг. Биз билан ўтиринг, – деди супадагилар бараварига.
– Майли... Ҳали гурунг қиламиз. Сизлар бемалол... Мен ҳалиги, – у Даққиевга ўгирилиб, таъна қилгандай деди:
– Дўстим, ҳалитдан бери сизга имо-ишора қиламан. Қараб турибсиз-ку, ҳеч тушунмайсиз-а... Биз миниб келган «Нексия»нинг ҳайдовчисига ҳам чой-нон қилишдимикан? Бир хабарлашсангиз дегандим...
– А?! Ҳайдовчи?..

Даққиев аввал қизарди, сўнг бўзарди. Дўрдоқ лаблари баттар осилиб, кўзлари бақрайганича меҳмон йигитга бир зум тикилиб қолди. Сўнг бирдан тиржайди. Қўли кўксида, ярим букилиб:
– Ҳа-а. Ҳайдовчими?! Э-э-э, шунақа денг. Ҳозир, ака, ҳозир ташкил қиламиз. Бемалол буюраверинг. Жоним билан бажараман. Ҳозир, ҳозир... – деганича боғ эшиги томон катта гавдасига ярашмаган ҳолатда беўхшов лапанглаб, чопиб кетди. Меҳмон ҳам ўтирганлардан узр сўраб столи томон қайтди. Супадагилар бир-бирига қараб кулиб юборишди.
– Э-э, гап бу ёқда экан-ку. Мухбир укамиз эса ҳадеб бизнинг оғзимизга қопқоқ бўлгани бўлган...
– Мен уни даврамизга кимдир атайлаб ўтирғизиб қўйганми деб ўйлаб турувдим. Хайрият-э, кетди...
– Ҳа-а, лаганбардорликни қотираркан. Бизнинг сафимизга адашиб кириб қолганлардан бу...
– Қани янги шеърлардан эшитайлиг-э, шоир ака. Ўқинг...

Шу билан супадаги сукунат бузилди. Даққиев эса ... қайтиб келмади. Супадагилар ҳам гўё уни аллақачон унутган эдилар.