OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСафар Кокилов
Асар номиРаҳмат, Ашуров ака! (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Сафар Кокилов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Раҳмат, Ашуров ака! (ҳажвия)
Сафар Кокилов

Ҳаммани текширадиган бир ташкилот раҳбари – дўстим кўчада учрашиб қолиб, қўлимни қаттиқ қисди.
– Қойил, қойил. Янги китобингиз муборак. Табриклаймиз.
– Қуллуқ. Рахмат...
– Бизга ҳам беринг. Оламиз. Бизнинг жамоа ҳам китобхон, маънавиятни қадрлаймиз...
– Э-э. Қани ундай қилсангиз. Майли. Уйда озроқ китоб қолган эди.
– Беринг. Жамоамизда 200 дан ортиқ одам ишлайди. Бераверинг, оламиз...

Мен эртасигаёқ китобларни кўтариб унинг ишхонасига келдим. Дўстим билан унинг кабинетида учрашдик. Ҳайҳотдек хона. Портретлар, гуллар. Бурчакда телевизор. Чет эл мебели. Тўрда дўстим виқор билан ўтирган экан, ўрнидан туриб келиб кўришди. Кабинетини кўриб мени суст босди. Хатто «арзимаган китобларни деб шундай одамни безовта қилдим» деб, сал хижолат бўлдим.
– Опкелдингизми? Яхши қипсиз. Хозир йиғилишимиз бор. Бир донасини опкириб кўрсатаман. Таништираман. Мақтайман. Олишади, - деди дўстим қўлларини бир-бирига ишқалаб, - бирдан рўйхат туздириб, имзо қўйдириб оламиз.
– Сизни ҳам ташвишга қуйдим-да, дўстим. – дедим қизариб-бўзариб: – Хохлаганлар олсин. Мажбурлаб ётманг тағин...
– Албатта, албатта. Ҳе-э, мажбурлаб бўладими... Бизда одамлар анча ўқимишли, ўз хохишлари билан олиб ўқишади. – у шундай деб бироз ўйланиб қолгандай бўлди: - Бир Ашуров деганимиз бор. Фақат ўша олмаслиги мумкинда...
– Ҳа, олмаса олмас. Битта киши экан-ку. Мажбур қилманг...

Дустим менга қараб маъноли бош чайқади-да, мийиғидан кулиб қўйди.
– Битта киши-ю... Ҳа, майли, бир йўлини қилармиз. Олишади...

Мен унинг бирдан ўйланиб қолганига қизиқиб, сўрадим:
– Ким ўзи ўша Ашуров? Муовинларингизданми?
– Ҳе, йўқ. Оддий назоратчилардан. Танийсиз. Анови, ёзда ҳам эски палтосини ташламай кийиб юрадиган қилтириқ, биткўз одам бор-ку. Ўша-да.
– Негадир эслай олмаётибман.
– Танийсиз, танийсиз. Эскидан ишлайди. Бироз инжиқроқ. Тортишишни яхши кўради. Закунчи. Дарров «ёзаманга» тушадиганлардан. – дўстим кулди: - Сизга ўхшаган ёзувчи-да.
– Йўғ-э...
– Хазиллашдим. Сиз китоб ёзасиз. У эса... Ҳа, майли. Бир илож қиламиз. Мен борай. Сиз мана чой, телевизор, газеталар, зерикмай ўтиринг. Дарров тугатиб келаман. – деб кабинетини менга топшириб, ўзи мажлислар залига чиқиб кетди, Мен газета варақладим. Телевизорга қарадим. Чой ичдим. Лекин барибир кўнглим безовталиги тарқалмади. «Бекор қилдим-да», деб ўзимни ўзим койий бошладим. Кўнгил учун «китобларингни тарқатиб бераман», деган бўлса ҳам мен опкелаверибман. Ҳе, аттанг. Бечора дўстим. Шундай лавозимлар, шундай кабинетларда ўтиргунча қанча чақириқ, тўсиклардан ўтиб келган-а... Ҳе-э... Ўзи яхши йигитда... Ёшликдан бирга ўйнаб-ўсганмиз. Кўнгли очиқ. Лекин... ишқилиб анови Ашуров дегани унинг кайфиятини бузмаса гўрга эди. Ҳаёлимда худди ҳозир улар кўпчиликнинг олдида жиққамушт бўлиб тургандай. Ашуров дўстимга: «Сен ўз амалингдан фойдаланиб ошнангнинг китобини бизга мажбурлаб бермоқчисан. Сени кўраман, устингдан ёзаман», деяётгандек эди. Ўйлаган сари мени тер босарди. Бекор қилдим-да... Ҳе, афсус...

Кутганда бир минут ҳам соатларга ўхшайди-я. Тезроқ тугайқолсайди. Дўстимнинг кабинетини уёқдан-буёққа кезаман. Телевизордаги қўшиқ ҳам газетадаги кроссворд ҳам қизиқтирмайди. Ишқилиб, дўстимга гап тегмасинда. Китобимни олмасалар ҳам майли-э...

Бир маҳал коридорда одамларнинг ғала-ғовури эшитилди. Хавотирланиб қулоқларимни динг қилдим. Юрагим дукиллагани эшитиларди.

Шу пайт эшик очилиб дўстим кўринди. Э, хайрият-э! У кулиб турарди.
– Қалай? Тинчликми?
– Ҳе, Зўр бўлди. Бопладим. Мана. – У менга қўлидаги рўйхат ва имзолар қўйилган қоғозни кўрсатди: - Ашуров қўл қўйди. Ҳамма оладиган бўлди китобингизни... Уф-ф...

Дўстим жойига бориб ўтирди. Вентиляторни ишлатди. Кўзларини юмиб, шамолга ўзини тутди. Роҳатланарди. Сўнг бир пиёла чой қуйиб ичди. Менга қараб кулди.
– Ашуров ҳам қул қўйди-эй. Бу ҳам сенинг бахтинг. Омадли йигитсизда ўзи.
– Йўғ-э. Қандай қилиб? Ахир ўзингиз...

Дўстим чойдан хуплаб, давом этди.
– Йўлини топдим-да. Яқинда Ашуровнинг туғилган куни. Мажлис бошланишида Ашуровни табрикладим. Жамоа номидан бир ойлик маоши миқдорида мукофот беришимизни айтдим. Кутмаган экан. Кўзларидан ёш чиқиб кетди. Сўнг сизнинг китобингизни кўрсатдим. Ўзимиздан чиққан ёзувчи, яхши хаётий ҳикоялар ёзган, ўқинглар, дедим. Ашуров акамга ўхшаган меҳнаткаш одамлар ҳақида экан, дедим. Насиб қилса, ёзувчига айтамиз, Ашуров акамиз тўғрисида ҳам бирон очеркми, ҳикоями ёзадилар деб сизнинг номингиздан ҳам ваъда бериб юбордим-эй. Хуллас, шундан сўнг рўйхат тузилди. Менинг гапларимдан сўнг ўн киши ўз ихтиёри билан китоб олиб ўқийман деб, рўйхатга имзо қўйдилар. Бир маҳал Ашуров ҳам ўрнидан туриб келса бўлама.
– Қани, катта, ҳамма яхши китоб дейишяпди. Бизга ҳам битта беринг-чи. Уйга бориб, бир маза қилиб ўқийлик... – деб, не куз билан кўрайки, рўйхатга кўл қўйди-эй. «Ҳе, яшанг», деб уни қучоқлаб олганимни ўзим билмайман. У ҳам шуни кутиб турган экан, мени қучоқлаб олди-да, қулоғимга пичирлади:
– Ҳе, катта-эй. Роса пухталик қилдингиз-да. Лекин шу «премя»нгиз бўлмаганда, бир ямлаб ютардим-а. Ҳа, майли. Бопладингиз. – деб шарақлаб кулиб юборди.
– Ҳе, хайрият. Яхшилик билан тугабди, Қолган одамларчи? – дедим дўстимнинг қувончига шерик бўларканман. - Улар ҳам олишдими?
– Ҳе-э. Ашуров қўл қўйдими, бўлгани шу. Кўпчилик уни кутиб ўтирган экан. Ундан сўнг бирдан ҳамма ёпирилиб кетди. Ҳали яна элликта китоб опкеладиган бўлдингиз, кўпчиликга етмай қолди...
– Ҳе, яшаворинг, дўстим! – деб уни бағримга босдим. Ҳе-э, раҳбарлик ҳам қийин иш-да. Кези келганда қўл остидагиларинга паст кетасан... Дўстимга «бу ерда сен эмас, Ашуров раҳбар экан-ку» деб ҳазил қилгим келди-ю, айтмадим. Хафа қилиб нима керак. Тўғри-да. Энг асосийси, Ашуров қўл қўйибди-ку!

Раҳмат, Ашуров ака!