OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСафар Кокилов
Асар номиШифокор маслаҳати (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Сафар Кокилов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шифокор маслаҳати (ҳажвия)
Сафар Кокилов

Ассалому алайкум, қимматли мижозлар!

Ўзингиз биласиз, ҳар бир фаслда ўзига хос касалликлар кўпаяди. Масалан, совуқ ойларида грипп касаллиги, ёз ойларида эса ич оғриғи. Лекин шундай касалликлар борки, ҳамма фаслларда учраб туради. Шу ўринда мен сизларга инсоният пайдо бўлгандан бери борлиги билан бир қаторда кейинги пайтларда аҳоли ўртасида тез тарқалиб анча-мунча ташвишлар туғдираётган бир касаллик ҳақида маълумот бериб ўтмоқчиман.

Шундай қилиб, бу касалликнинг номи лотинчада Паталогус аффектус дейилиб, Сўкиниш касаллигидир. Бу касаллик антрапаноз, яъни фақат одамларга хос бўлган касалликлар тоифасига киради. (Ҳайвонлар орасида тарқалишидан ҳозирча худонинг ўзи асраб турибди).

Ушбу касаллик ўткир хуруж тарзида кечиши билан характерли бўлиб, хуружни қўзғайдиган ўзига хос ички ва ташқи омиллар жуда кўп ва хилма-хил. Каттаю кичик тепакал олимларнинг текширишларидан шу нарса маълум бўлдики, бу омиллардан энг асосийлари одамларнинг ўз ҳаётларида дуч келадиган турли муаммолари экан.

Сўкиниш касаллиги ўта юқумли бўлиб, асосан қулоқ, кўз ва оғиз орқали юқади. Касаллик енгил, ўртача оғир ва оғир турларга бўлинади. Енгил турида беморда турмушидан, ўзидан ва яна аллакимлардан нолиб, минғиллаб сўкиниб юриш кузатилади. Ярим тунда уйқуси қочиб, алламаҳалгача ташқарида сўкиниб юрганини фақат хотини сезиши мумкин. Ўз вақтида олди олинмаса, касаллик ўртача оғир турига ўтади. Бунда беморда вақти-вақти билан бирдан безовталик, кўзларини аланглатиш ва ошкора сўкиниш белгилари пайдо бўлади. Ўз вақтида даволанмаса касаллик оғирлашади. Бундай пайтларда кимгадир майда-чуйда туюлган арзимаган сабаблар, яъни масалан, 2-3 ойдан бери ойлик маошини оломаётгани, оиладаги етишмовчиликлар туфайли туғиладиган ғиди-бидилар, иши тушиб борган айрим ташкилотлардаги бюрократчилик, таъмагирлик, муттаҳамликлар, айни нонушта ва кечки овқатга ўтирганда (айниқса рўза ойида) электр чироғининг ўчириб қўйилиши, қишнинг чилласида газнинг тўхтатилиши, ўқувчиларга ҳар хил «солиқ»лар солиниши (масалан, «20 килодан гўнг опкелмасанг, дарсга қўйилмайсан» дейишлар), маҳаллада моддий ёрдам беришда ошна-оғаинчиликка йўл қўйилиши, бозордаги нарх-навонинг осмондалиги ва ниҳоят тез ёрдамнинг тез етиб келмаслиги, келса ҳам дори шпритслари бўлмаслиги каби яна мингдан ортиқ турли омиллар, ҳатто телевизордаги ярим соатлик сериал орасида 15 дақиқа турли таглатта-ю тампексларни қайта-қайта реклама қилиниши ҳам оловга бензин сепгандай таъсир қилиб, бемор ўзи нима деяётганини қулоғи эшитмай қолади. Хуруж пайти бирдан беморнинг ранги бўзариб, бошидаги дўпписини қарсиллатиб ерга уради. Кўзлари қинидан чиққудек бўлиб, қалтираб, тишларини ғижирлатиб, қўлларини у ёқ бу ёққа силкитиб, оғзидан тупук сачратганича, бор овозда ўзингизга таниш-нотаниш сўкиниш ибораларини кетма-кетига айтиб ташлайди. Аёл беморлар эса бундан ҳам таъсирли, қулоқ эшитса қизарадиган сўкинишларни автоматнинг ўқидай қаторлаштириб отиши мумкин. Энг ёмони шундаки, бемор ўта оғир ҳолатларда қаршисидаги одамга ташланиб, тан жароҳати етказиши ёки ўзининг миясига қон қуйилибми, юраги ёрилибми ўлиб қолиши мумкин. Сўкиниш касаллигининг яна бир хавфли томони, беморлар ўзларини бемор деб ҳис қилмайди ва одамлар орасида юраверадилар.

Бу касалликни даволаш ўта қийин. Унга қарши қилинаётган барча даволар (ҳабдори, томчи дори ва уколлар) унчалик шифо бермаётир. Кўпгина шифокорларнинг ўзлари ҳам бу касалликка чалиниб, дардини кимга айтишни билмай гаранг. Мулла-эшондан ҳам фойда йўқ. Энг кучли хуруж ва санчиқларни бир ушлашда даволайдиган табиб, халқ академиги, қушночлар уюшмаси раиси, ттўрт карра экстрасенслар қора белбоғи соҳиби бўлган эмчи кампир – Малик бобонинг энаси эса аллақачон ўлиб кетган. Лекин ноумид шайтон деганларидек бир қанча алдаб текшириш ташкилотларининг калласи хумдай, қорни мешдай раҳбар-олимлари кеча-кундуз ётиб олиб Сўкиниш касаллигига даво топиш устида бош қотирмоқдалар. Бозор иқтисодидан келиб чиқиб шуни айтмоқчиманки, касални даволашдан кўра ундан сақланиш бирмунча арзонроқдир. Шу ўринда айрим маслаҳатларимни айтиб ўтмоқчиман. Албатта, текинга.

Биринчидан, касаллик хуружини қўзғатувчи омилларга алоқадор ташкилот раҳбарларига маслаҳатим шуки, касаллик ва касалликлардан сақланиш учун қулоққа пахта, кўзга қора кўзойнак, оғизга тўрт қаватли докадан ниқоб ва «бронжилет» тақиб юришлари шарт. Жамоат жойларига кўпам аралашвермаслик ва йиғинларда ҳам улардан сал узоқроқда яъни минбарда ўтиришлари лозим...

Иккинчидан, барча одамларга чопишни тавсия этаман. Саҳар туриб бадантарбия қилинг ва чопинг. Қанча масофага чопиш ҳар кимнинг ўз таъбига ҳавола. Масалан, уйингиздан прокуратурагача ёки уйингиздан фуқаролар суди биносигача. Хоҳласангиз, агар юрагингиз дош беролса, ундан ҳам узоқроққа югураверинг. Чопиш – соғликнинг гаровидир.

Учинчидан, аутотренинг билан, яъни ўз-ўзини ишонтириш машқи билан шуғулланинг. Саҳар туриб, иссиқ ўринни совутмасдан чордона буриб ўтиринг ва қуйидаги сўзларни овоз чиқариб такрорлайверинг: «Мен соғман. Мен тўқман. Оилам фаровон. Етишмовчиликлар йўқ. Иш жойим бор. Ойлик маошларимни ҳар ойда олиб турибман. Электр чироғи ва газ ўчиб қолмаяпти. Мени ҳеч қандай муаммо безовта қилмайди. Бепарвоман...» Шу каби сўзларга ўзингизни ишонтиролсангиз умуман касал бўлмайсиз.

Тўртинчидан, агар гапим малол келмаса, эрталаб ва кечқурун тўйиб-тўйиб ҳўнграб йиғланг. Кўз ёшлари касаллик вирусларини организмдан ювиб кетади деб аллақаерда эшитган эдим.

Бешинчидан, касал одамлар учун спиртли ичимликлар ичиш қатъиян ман этилади. Чунки маст беморлар жуда ваҳшийлашиб, фақат чет тилларда сўкиниб қолгани учун уларни тушуниш қийин бўляпти.

Олтинчидан, уф-ф... Янаям худо билади. Илоҳим бу тухуминг қуриб адо бўлгур касал ва уни тарқатувчиларга ўзи инсоф ва шифо берсин-э...

Шифокор маслаҳатларини оққа кўчирувчи, мижоз Сафар Кокилов.