OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСафар Кокилов
Асар номиЯпонча ташхис (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Сафар Кокилов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм4KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Японча ташхис (ҳажвия)
Сафар Кокилов

Ўзининг мақтанишича имтиҳонларни «пул билан тўғирлаб», бир амаллаб ўқишни битириб келган Танаев бизга яқинда болалар шифокори бўлиб ишга келди. Бугун биринчи бор ҳамшираси билан чақириқ бўйича бемор болани кўриш учун уйига боришди. Кечадан бери безовталаниб турган уч ойлик чақалоқни қўрқа-писа у ёқ бу ёғини айлантириб кўрди, ушлаб кўрди, фонендоскопи билан ўпкасини, юрагини ва қорнини эшитган бўлди. Пешонасини тер босиб анча ўйланди. Ўқиган китобларни кўз олдига келтириб, эслашга ҳаракат қилди. Лекин савил қолгур калла бўм-бўш сувқовоқдай эди-да. Пешонаси тиришиб индамай тураверди. Боланинг ота-онаси унинг оғзини пойлашдан зерикишиб, ниҳоят сўрашга мажбур бўлишди:
– Духтур, боламизга нима бўлибди? Аҳволи қалай?

Танаев дарров жавоб бермай яна бироз уйнинг деворларига, шипга қараб ўйланиб турди-да, сўнг бирдан:
– Чанчув! – деди ғолибона, тўсатдан калласига келиб қолган фикрдан қувониб.
– Нима?! – бемор боланинг ота-онаси қўрқиб кетиб, бараварига яна сўрашди: – Нима дедингиз?
– Чанчув. Чан-чу-увв... – деди Танаев улардан кўзини олиб қочиб. Уй эгалари бир-бирига қараб елка қисишди, лекин қайта сўрашга журъат қилишолмади.
– Сиз болага биронта тинчлантирувчи укол қилиб қўйинг... Мен эса иккинчи чақириқ бўйича навбатдаги беморга тез бормасам бўмайди. Уни оғирроқ дейишган эди. Мен кетдим. Сиз изимдан етиб боринг... – деб Танаев ҳамширасига тайинлаб шоша-пиша уйдан чиқиб кетди. Негадир беморга даволаниш учун дори-дармон буюриш ҳам эсидан чиқди. Врач кетгач, ота-онаси ҳамширадан сўрашди:
– Доктор нима деди? Тушунмадик. Чанг-чунг дедими?

Узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган ҳамшира врачининг гапини хаспўшлаб тушунтириб қўйди:
– Врачимиз болангиз санчиқ бўлибди, яъни бироз шамоллаган дедилар. Чанчув дегани японча ташхис. Ўзбекчасига санчиқ дегани-да...
– Ҳа-а. Санчиқ денг. Хайрият-э. Биз боламизда биронта оғир касаллик топиб айтдиларми деб қўрқиб турган эдик. Бу дейман японча сўзлар ҳам ўзимизникига ўхшаб кетар экан-а?! Чан-чув – Санчиқ. Санчиқ – Чан-чув... – деб беихтиёр кулиб юборди беморнинг отаси.
– Ҳа, шундай, шундай... Чанчув дегани санчиқ дегани, – деб ҳамшира ўз билганича болага биринчи ёрдам кўрсатди ва яна бирон нарсани сўраб қолишмасин дегандек апил-тапил врачи изидан чиқиб жўнади. Уни ҳовли эшигигача кузатаркан, уй эгаси ҳали ҳам:
– Чан-чув – санчиқ, чан-чув – санчиқ,.. Қандай ўхшаш сўзлар-а бу японча ташхис – деб бир ҳайрон бўлар, бир кулар эди. Кўнглида эса боласини яна бошқа бирон шифокорга кўрсатсам, деган ўй кечарди.