OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиБир юз етмиш сўмлик хуррак (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/04
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бир юз етмиш сўмлик хуррак (ҳикоя)
Саид Аҳмад

(Бир област театридан репортаж)

Томоша бошланишига ҳали ўн тўрт минут бор. Артистлар грим қилиб бўлишган. Саҳна орқасида қилич-қалқон таққан, дубулға кийган кишилар домино ўйнаб ўтиришибди. Бош ролда чиқадиган атоқли артистка парда четини кўтариб залга мўралади. Олдинги қаторда икки киши, ўрта қаторда беш киши ўтирибди. Ҳамон кўчада томошабин чақираётган тўрт карнай, беш сурнай ва олти чирманданинг шовқини эшитилиб турибди. Атоқли артистка этагини судраб директор кабинетига келди.
— Бўладими?
— Бўлиш-бўлмаслигини ихтиёримизда қолган ўн икки минут ҳал қилади.

Директор шундай деди-ю, бош администраторга юзланди.
— Сбор қанча?
— Ўн саккиз сўм.
— Қоидада қандай?
— Сбор ўн тўққиз сўмдан, томошабин ўн бештадан ошса спектакл кўрсатилаверади.
— Бўлмаса томошани қолдирамиз.
— Ҳаққимиз йўқ. Қоидада спектакл бошланиш минутида томошабин ўн бештага етмасагина қолдирилади. Яна сабр қиламиз.

Директор дарғазаб бўлди.
— Битта одамни кутиб ўтирамизми? Борди-ю ўша ўн бешинчи томошабин келиб қолса шўримиз қурийди-ку.

Бир ҳисоблаб кўринг, ўша битта томошабин бизга неча сўмга тушади.

Бош администратор столга бағрини бериб ўтирди-да, қўлига қалам-қоғоз олиб ҳисоблаб кетди.
— Бугунги томошага қирқ олти одам қатнашади. Саккиз саҳна ишчиси, бир режиссёр, бир режиссёр ёрдамчиси, электр устаси, икки гримчи, саҳна машинисти, костюмчи, бир пожарний, суфлёр, сартарош, тўққиз чалғувчи, бир дирижёр, икки шофёр, тўрт контролёр, бош рассом, бадиий раҳбар, жами саксон беш киши қатнашар экан.

Директор бармоқларини букиб, нималарнидир санай бошлади.
— Электр энергиясини ҳисобламадингиз. Боз устига уч уборшитса. Томоша давомида иккита ваза синиши керак, — директор артисткага қаради.— Ундан ташқари сизнинг ошиғингиз учинчи кўринишда кўйлагини йиртиб ташлайди. Ўн олти марта ўқ узилади. Ана шуларни бир чўтга солиб кўринг-чи, бугунги томошага қанча харажат бўларкин? Маошлар ҳам ҳисобга кирсин.

Энди икковлаб ҳисоблаб кетишди. Бунақа ҳодиса илгарилари ҳам бўлиб турар экан, шекилли, ҳисоб бирпасда чиқди. Бош администратор бошини кўтарди.
— Бугунги томошамизга бир юз саксон тўққиз сўму етмиш тўрт тийин харж бўлар экан.
— Даромад-чи?
— Ўн тўққиз сўм. Ана шу ўн тўққиз сўмни чиқариб ташласак бир юз етмиш сўму етмиш тўрт тийин зарар қиларканмиз.

У гапни тугатмаган ҳам эдики, уч марта чироқ ўчиб томоша бошланишидан дарак берди. Директор билан бош администратор залга қараб югуришди.
— Хайрият, ўн тўрт киши — деди директор ҳовлиқиб, — қолдиринг!

Унинг ёнида турган контролёр шошиб гапга аралашди.
— Буфетда яна битта томошабин ўтирибди. Унинг гапи тугамай ўрта яшар бир киши кириб, ўз ўрнини қидира бошлади.

Тарвузи қўлтиғидан тушган директор театрга бир юз етмиш сўму етмиш тўрт тийин зарар келтирадиган шу томошабиннинг ёқасидан бўғиб, кўчага опчиқиб ташлагудек унга ўқрайди.
— Менга қаранг, — деди у администраторга. — Ялининг, ёлворинг, майли уч-тўрт сўм харж бўлса ҳам майли. Буфетга опкириб у-бу олиб беринг. Билетни топшириб, пулини қайтариб олсин.
— Кўнармикин?
— Кўндиринг. Кўнмаса кабинетимга чақиринг, икки кишилашиб ялинамиз.

Администратор минг тавозе билан ўн бешинчи томошабиннинг олдига борди. Унга камоли эҳтиром билан салом берди. Дилидаги гапларни астойдил тушунтириб тўкди. Ўн бешинчи тушмагур бир сўзли ўжар одам экан. Кўнмади.
— Ака, шу томошани кўрамиз, деб атайин узоқдан келганмиз. Кўрамиз.
— Жон ака, театрга раҳмингиз келсин. Артистларга раҳмингиз келсин. Бола-чақангизнинг роҳатини кўринг-у, томошамизни кўрманг.
— Кўрамиз, кўрмай кетмаймиз.

Администратор бошқа йўл билан унга таъсир ўтказмоқчи бўлди.
— Шу ҳам томоша бўптими, ака. Ундан кўра директор кабинетига кириб пивохўрлик қиламиз. Директоримизнинг ўзлари эрийдилар.
— Бўлмайди. Томоша кўргани келганмиз.

Бу орада қолган ўн тўрт бетоқат томошабин чапакчалиб, парда очилишини талаб қила бошлади. Администратор ноилож директор кабинетига кириб бўлган воқеани айтиб берди. Энди у ҳам ноилож эди. Ниҳоят томоша бошланди.

Саҳнада қирқдан ортиқ одам у ёқдан бу ёққа югуриб милтиқбозлик қиляпти. Ўлганлар ўлиб, қолганлар қочяпти. Оркестр тинмай ғат-ғут, гумбир-гумбир қилиб турибди. Ўртада бояги таниқли артистка сочини юлиб фарёд чекяпти...

Антракт бошланди. Ўн бешинчи қайсар томошабин буфетга чиқиб икки шиша лимонадни уриб келиб, яна ўз жойига ўтирди.

У икки қўлини чалиштириб саҳнага қараб ўтираверди, рол ўйнаётганлар ора-сира унга қараб қовоқларини солиб қўйишарди. У эса ҳамон бепарво. Администратор қоронғида тимискиланиб яна унинг олдига келди.
— Қўйинг энди, уйингизга бориб ухласангиз-чи, Нима қиласиз бизни қийнаб. Уйқунгиз келиб кўзларингиз қисилиб кетяпти.
— Нима дедингиз? Уйингга бориб ухла дейсизми? Қишлоқдан келганман.
— Қайсар, қайсар, бир юз етмиш сўму етмиш тўрт тийинга туширяпти-я!

Саҳнада ҳамон гумбур-гумбур. Залда атиги биттагина одам, у ҳам бўлса билинар-билинмас хуррак отяпти.