OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиБиринчи муҳаббат (интермедия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Интермедиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Биринчи муҳаббат (интермедия)
Саид Аҳмад

Кампир скамейкада ўтирипти. Бир чол киради. Кўзойнак тақиб скамейкадан ўзига жой қидиради.

Чол. Шу ерга ўтирсам майлими?

Кампир. Ўтираверинг, ўтираверинг, бобой.

Чол. Нега мени бобой дейсиз. Сиздан ёш бўлсам керак, бувижон.

Кампир. Ҳеч жаҳонда скамейкани ҳам кўзойнак билан қидирадими.

Чол. Шошманг, шошманг, кимсиз, овозингиз жуда таниш туйиляпти.

Кампир. Анкета тўлдирмоқчимисиз. Отим Хадича. Қўрғонтаги маҳалласидан бўламан. Мансурвойнинг қизиман. Бўладими? Ё яна айтайми?

Чол. Э, бўлди, бўлди. Муни қара-я, Хадичамисан. Вой-бў, тирик экансан-ку.

Кампир. Нега мени сенлайсиз. Ўзингиз ким бўласиз?

Чол. Танимадингми-я. Ахир мен ошиқу беқароринг Муқимжонман-ку. Отимни айтолмай Мақомжон деярдинг-ку, энди эсингга тушдими?

Кампир. Мақомжонман, дегин. Мен сени инқилобдан олдин ўлиб кетгансан деб юргандим. Муни қара-я, тирик экансан. Ўлмапсан.

Чол. Нега ўламан?

Кампир. Кўп чекардинг-да, чилимни шундоғам қулдиратардинг-ки...

Чол. Кейин попирисга ўтгандим. Шўри-мўри деган попирис чекардим.

Кампир. Ҳалиям ўша-ўша саводсизлигинг қолмапти. Шўри-мўри эмас, Черное Море, дейиш керак.

Чол. Зиди менга бари бир, чекишни бундан қирқ олти йпл олдин ташлаб юборганмаи.

Кампир. Тўқсонга кирмай адойи тамом бўпсан. Кўзингда қўш кўзойнак, қўлингда ҳасса бўлмаса белинг майишиб кетяпти. Қулоғингда аппарат бўлмаса елкангда атом бомбасини портлатса ҳам билмайсан.

Чол. Бунақа тез қаримасдиму хотиним раҳматли ёмон эди.

Кампир. Эркакларнинг ҳаммаси шунақа. Бегона хотинни кўрса дарров ўзиникини ёмонлайди.

Чол. Вой-бў, шунақа дегин-а, эринг омон-эсон юриптими? Оти нима эди, ҳа, топдим, Ориф қирриқ, носпуруш эди-я?

Кампир. Бир марта носвой сотгани билан носпуруш бўлади-қоладими? Раҳматли бундан етти йил олдин қазо қилган. Учта ордени бор эди, костюмига қадаб қўйганман. Сенда нечта орден бор?

Чол. Хотинимнинг иккита ордени бор эди. Яқинда қазо қилди. Хадича, ке сенам бева, менам бева, икковимиз ҳалигидек топишиб қўя қолайлик.

Кампир. Э, гапинг қурсин, бемаъни. Невараларимга нима дейман, чевараларимга нима дейман, қуда-андаларимга нима дейман?

Чол. Э, Хадича, ҳар кимнинг ҳузур-ҳаловати ўзига. Бошда хўп деганингда қўш кабутар бўлиб юрардик.

Кампир. Бўшашган совчиларни юборгансан-да, Мақомжон.

Чол. Ҳечам бўшашган эмас эди-да, Юборган совчиларимни даданг таёқ олиб қувлаган.

Кампир. Опқочиб кета қолсанг ўлармидинг.

Чол. Камбағаллик ўлсин. Қандоқ опқочаман. Опқочиб қандоқ боқаман. Эшак билан қаёққа опқочардим.

Кампир. Бу ерда нима қилиб ивирсиб юрибсан?

Чол. Битта неварам Арабистонда таржимон, биттаси Кубада. Ўшаниси «Буважон битта извесной сувратингизни юборинг» деб ёзворипти. Суврат олдиргани келувдим.

Кампир. Ҳалиям саводсизлигинг қолмапти, Мақомжон. Извесной эмас, светной дейиш керак, билдингми? Суврат олдираман десанг шу ерга келасанми? Ахир бу сувратхона эмас, пенсияни оширадиган сабис. Пенсиям ўзимга етиб турган эди. Почтачи қиз, бувижон, сабисга бориб книжкангизни олинг, пенсиянгиз ошган деди. Шунга келувдим.

Чол. Бу жой сабис эмас, сувратхона.

Кампир. Йўқ, сабис.

Чол. Ким билан гаплашаётганингни билиб қўй. Олдингда меҳнат қаҳрамони, ветеран Муқимжон ўтирибди.

Кампир. Вой, буни мақтанишини қаранглар, битта сен қаҳрамон бўпсанми. Мана, менам «Қаҳрамон она»ман. Мақтанмаяпман-ку!

Чол. Шунақа дегина. Менга қара Хадича, ке икковимиз ҳалигидек топишиб қўя қолайлик. Қўш қаҳрамон бўлиб юрамиз.

Кампир. Э, қоч-э, бемаза, гапингда туз деган нарса йўқ.

Чол. Шаҳло кўзларинг кўзимга уйқу бермасди. Қаламдек қошларинг юрагимга ханжардек санчиларди. Қани қошларингни кўрай. (Қарайди). Ия, қош қани, расво қипсан-ку! Нақш олмадек юзларинг мени жинни қиларди. Қани юзларингни бир кўрай. (Қарайди). Юз қани? Шафтоли қоқининг ўзи бўпқопти-ю...

Шу пайт бегона йигит ўтиб қолади.

Йигит. Нима қилиб жиқиллашяпсизлар?

Кампир. Пенсия масаласида келгандим.

Чол. Суврат олдиргани келувдим.

Йигит. Э, омон бўлинглар, бу ер сувратхона ҳам эмас, сабес ҳам эмас.

Кампир. Бўлмасам нима бу ер?

Йигит. Бу ер ЗАГС.

Чол. Хадича, худонинг меҳрибончилигини қара. ЗАГСга ўз оёғимиз билан кеп қопмиз-ку. Юр рўйхатдан ўтиб чиқа қолайлик.

Кампир. Э, бор-э, йўқ, қариб қуйилмаган бемаза чол.(Икки букилиб қалтириб чикиб кета бошлайди).

Йигит. Кампирингизми, бобой, аразлаб қолдилар-ку.

Чол. Кампирим бўладиган эди, бўлолмай қолган. (Кампирнинг орқасидан– ) Самбитдек қоматларингга Муқимжон аканг гиргиттон! Бир кун эмас бир кун ишқингда адо бўламан. Етмиш йилдан бери тушларимга кирасан, бевафо Хадича. Юрагим куйиб кетяпти. Ўртаниб кетдим-ку, бевафо!

Йигит. Бир пиёла муздеккина «Тошкент суви» қуйиб берайми?

Чол. Майли, болам. Йўқ, қўй, ангинам тутиб қолмасин.

Йигит. Ия, ангинангиз борми?

Чол. Ангинанинг ўзи бўлса ҳам майлийди-я астмам ҳам бор. Мана шу хотин мени адо қилган.

Йигит. (залга қараб). Биринчи муҳаббат сут билан кириб жон билан чиқади, дейишгани рост экан.

Чол. (қулоғидаги аппаратни тузатиб унга яқин келади). Нима дединг, сут дедингми? Майли, қайноққина бўлса, майли.