OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиБўстон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бўстон (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Қўзибой бундан уч кун аввал отда кета туриб шу ўрикнинг новдасига бўй чўзиб қараганда куртаклар бўртиб қолган эди. Энди бўлса анор донасидек қип-қизил ғунчалар пайдо бўлибди. Отабойнинг ҳовлисидаги бодом худди крепдешин кўйлакни дорга ёйиб қўйгандек чаман бўлиб ётибди. Бирдан Қўзибойнинг чеҳраси ёришиб кетди. От жиловини бўш қўйиб, қамчи дастасини дутордек чертиб, қўшиқ бошлади...

Қўзибой бировнинг олдида сира ашула айтган эмас. Аммо айтса бировга маъқул қиладиган ширали овози бор. Уйда Кокила дуторни қарсиллатиб қўшиқ айтганда, Қўзибой унча-мунча жўр бўлиб турарди. Лекин ўзининг дуторга сира қўли келишмасди. Парда босишга нўноқ. Шундай пайтларда қизиқчиликка олиб: кетмон дастасига ўрганган қўл пардага қовушмаяпти, деб қўяди. Тор чертганда бўлса, нақ дуторнинг қорнини ёриб юборгундек қилиб қопқоғига тақиллатиб уради. Дуторга жони ачиб турган Кокила дарров эрининг қўлидан олиб қўярди.
— Хотин, бизга жуда бўлмаганда қорни замбардек дутор бўлса-ю, ашулани ҳаммомда айтсак.
— Сизга шундай бўлса бордир, нега мени аралаштирасиз! — деди унга Кокила...

Дала йўлида хиргойи қилиб кетаётган Қўзибой шу гапларни эслаб кулиб қўйди. Чўл шамоли аста елпиб турарди. Офтобнинг иссиғи ботган шудгорда худди жазирама қиздирган тунука томда яланг оёқ юрган одамдек ола ҳакка сакраб-сакраб юрарди. Ҳар замон энсани қоти-риб, шикоят билан қор чақиради. Чўлнинг узоқ-яқинидан мотор гуруллагани эшитилади, Қўзибойнинг кайфи чоғ. Ҳамон хиргойи қилиб, атрофга разм солиб боради. Йўл-йўлакай у ёқдан-бу ёққа ўтиб турган юк машиналарининг шофёрлари кабинадан бош чиқариб, унга салом бериб ўтишади. Устига кўрпа-ёстиқ ортилган машинанинг босқичида тик туриб келаётган Мўйлов машина Қўзибойга яқинлашганда сакраб тушди.
— Ҳа, нима қилиб юрибсиз, ошна? — деди Қўзибой отдан тушмай, кўришгани қўл узатар экан.

Мўйлов бесаранжом кўзларини жавдиратиб, дарров гапиролмади.
— Шу, келинингизнинг дарди тутиб қолса бўладими, доя хотин топилмаса, машинада Заркентга обориб ташласам, деган эдим. Каттаси ўша ерда туғилган эди.
— Заркентда нима бор! Докторларга бекорга ҳақ тўлаб юрибмизми. Оборинг ўзимизнинг туғруқхонага. — Қўзибой узангига оёғини тираб қаддини ростлади-да, қамчи дастаси билан йўлнинг чап томонини кўрсатди: — Ҳу, анови ерда, кўряпсизми, радиоузелнинг орқасида. Отабойга бориб айтинг, «Волга»мни берсин. Жойлаштириб бўлганингиздан кейин, олдимга келинг. Идорада бўламан.

Мўйлов ўткинчи машина кузовига осилиб, идора томонга қараб жўнади. Қўзибой илжайиб, устахонага кетаётган одам, отининг жиловини шудгорга буриб, туғруқхонага қараб кетди. Яхши ҳам ўзи келгани. Туғруқхонада ҳеч ким йўқ. Бир оёғи кесилиб ёғочоёқ уланган қоровул йигит ногиронлар машинасини тўнкариб қўйиб, нима балодир қилмоқда эди.
— Доктор қаёқда? — деб сўради ундан Қўзибой.
— Опа шу ерда эдилар. Эснаб-эснаб ўтириб, мен кетдим, деб кетдилар. Аммо лекин қаёққа кетаётганларини айтмадилар. Ишингиз бормиди ё шунчалик проверками?
— Дарров топиб келинг. Беш минутда шу ерда бўлсин!

Қўзибой отдан тушиб, машинани ўнглашга қарашиб юборди. Қоровул қўлтиқтаёғини худди қайиқчиларнинг эшкагидек тиззасига қўйиб, машинасини ҳайдаб кетди. Машина жонивор ҳам унча тузалмаган экан шекилли, чунонам патиллаб бердики, нақ чўлни остин-устин қилиб юборай деди.

Қўзибой туғруқхона атрофида анча айланиб юрди.

Деразаларга акрохинга бўялган дока пардалар тутилган. Туваклардаги гулларнинг барглари офтобга интилиб, ойнага қапишиб олган. Катта дераза рафидаги тувакда ўсган бодринг палак отиб, шифтга етай деб қолибди. Сап-сариқ гуллари офтобда яшнаб турибди. Қўзибой разм солиб қараса, битта-иккитаси найчалабди ҳам. Қўзибой туғруқхона битгандан бери бу ерга энди келиши. Унинг бу ёқларга келишига ҳеч қандай зарурат ҳам бўлмаган эди. Бу чўдда ҳали биронта одам боласи дунёга келмаган, туғруқхона комиссия келганда кўрсатиш учунгина хизмат қиларди, холос. Мухбирлар ёнидан қоғоз олиб, чўлда барпо бўлган биноларни ёзиб олаётганларида, Қўзибой албатта, «Намунали туғруқхонамиз ҳам бор!» деб қўшиб қўярди. Энди бўлса ўша «намунали» туғруқхона намуналикдан чиқиб, росмана ишини бошлайдиган бўлди. Қўзибой ҳам ёнидан блокнотини олди. Нималарнидир ёза бошлади:

«Дераза парда, чинни умивалник, артезиандан қувур тортиш, телефон ўрнатиш, фермадан сут, Отабойни Марғилонга юбориб, нимаики керак бўлса олиб келтириш...»

У айтганини қиладиган киши бўлгани учун ҳам ёзиб олганини аъзолар ишнинг битгани деб билишар эди. Гоҳ гуруллаб, гоҳ ўқ отгандек пақиллаб қоровулнинг машинаси етиб келди. Ундан ёшгина, икки юзи қип-қизил, тўмтоқ қош, бақалоқ бир қиз тушди. Бу — бундан икки йил олдин акушерлик мактабини битирган Ғупра деган андижонлик қиз эди. У раиснинг чақиртирганидан қўрқиб кетган экан шекилли, қўй кўзлари ташвишли жавдирарди.
— Синглим, ҳозир бир хотинни олиб келишади. Тайёрмисиз? Нимангиз бору, нимангиз йўқ, айтинг. Ўзингиз эплаштирасизми, ё одам чақиртирайми? Уялмай айтаверинг, бу янги еримизда биринчи марта одам туғилиши. Тушуняпсизми? Бу сиёсий иш!

Ғупра қиз боши билан неча марталаб хотинларни туғдирган, Тошкентдаги катта туғруқхонада зўр акушеркаларнинг қўлида таълим кўрган бўлса ҳам раиснинг, сиёсий иш, деб қўйганидан кейин юраги дов бермай қолди. Бир оз саросимадан кейин, ўзимиз эплаштирамиз, деган маънода зўр билан илжади.
— Хотиржам кетаверай-а? Нимаики керак бўлса, қоғозга ёзиб беринг, эртага завхозни шаҳарга юбораман, олиб келади. Шуни яхши билингки, ишингиз энди кўп бўлади. Пишиб турган хотинлар кўп. Уйма-уй юриб консултатсия берасиз. Машина керак бўлса, меникини олаверинг. Менга фақат шаҳарга тушганда керак бўлади, бошқа вақт сизники.

Қўзибой отга миниб, қаёққадир кетди. Ғупра калит солиб, уйини очди-да, қоровулга сув қайнатишни буюриб, ўзи асбобларни саранжомлашга киришди.

Машина келди. Ҳаво ранг «Волга» дан Мўйлов хотинини суяб олиб тушди. Ичкарига киришди. Хотин дояни, кексароқ одам, деб ўйлаган экан, ёшгина қиз эканини кўриб, кўнгли озиб қолай деди. Эрига, шу ердан қимирламайсиз, деб туриб олди. Мўйлов Ғупранинг ишораси билан ташқарига чиқиб, скамейкага ўтирди. Ичкаридан хотинининг безовта овози эшитилиб турарди. Мўйлов этаги осмон билан туташиб кетган чўлга қараб, жимгина ўтирарди.

Ёнидан медпунктнинг ҳамшираси ўтиб кетганини ҳам сезмади. Иягини икки кафтига тираб, ҳамон қимирламай ўтирганча хаёл сурарди. Хотинини, ўғлини, энди туғиладиган боласини ўйларди. Онаси бўлганда қандоқ ташвиш қиларди, янги неварасини кўрганда қандоқ севинарди! Шундай пайтда жим туролармиди, елиб-югурмасмиди?..

Мўйловнинг кўзи олдида юзларини ажин босган, қадди букилган онасининг меҳрибон сиймоси гавдаланди. «Қўрқма, болам, хотининг омон-эсон қутулиб олади, мана кўрарсан» деяётганга ўхшарди. Онаси ҳар гапнинг охирига «мана кўрарсан» деб қўшиб айтарди. У ўғлига тасалли беравериб, шу гапга ўрганиб қолган эди. «Даданг урушдан омон-эсон қайтиб келади, болам, мана кўрарсан...» «Даданг қайтиб келганда сенга ҳам этик олиб беради, мана кўрарсан...» «Даданг келганда қўлингдан етаклаб бозорга олиб бориб, ҳар нарсалар олиб беради. Омонтой, мана кўрарсан...» Бироқ унинг дадаси урушдан қайтиб келмади, ўғлига янги этик ҳам, бозорга олиб бориб, ҳар хил нарсалар ҳам олиб беролмади...

Омонтой дадасиз ўсди. Дадасининг башарасини ҳам эслаёлмайди, фақат суратидан танийди, холос. Она етим болани ортмоқлаб катта қилди. Ўқитди, сафга қўшди. У ерга урса осмонга сапчийдиган олов бола бўлди. Шундай шўх, шундай жанжалкаш бола баъзи пайтларда бирдан хаёлчан бўлиб қолар, айниқса, кечқурун кўрпага киргандан кейин ухлаёлмай, ярим кечагача тўлғаниб чиқар эди. Она шундай кезларда унинг бошини силаб, юпатарди.
— Болам, ҳеч ким отасиз ўсмабдими, бўйинг чўзилиб қолди, энди ўзинг ота бўласан, мана кўрарсан.

Омонтой балоғатга етди, ўнинчини битирди-ю, кўнглига денгизчи бўлиш нияти тушиб, денгиз томонларга толпиниб қолди. Армияга кетди. Она ёлғиз қувончини қишлоқнинг то одамнинг қораси йўқолгунча кўриниб турадиган узун кўчасидан йиғлаб кузатиб қолди. Она-бола орасида ҳат узилмади. Ўғил хизматларидан, денгиз тўлқинларидан ошиб, олис ўлкаларга боргани, у ерларда нималар кўрганини ёзарди. «Ойижон, чет эл, чет одамлар орасида юриб, ўз қишлоғимизни, ўз одамларимизни жуда соғиндим» дерди Омонтой ҳар хатида. Она эса: «Болам, қишлоғимиз, одамларимиз яна ҳам яхши бўлиб кетди, мана, келсанг кўрарсан...» дерди.

Она қариди, ёлғизликда сўлий бошлади. Кейинги хатида: «Жон болам, қариганда тўйингни кўрай, болангни кўтарай, ҳеч бўлмаса уйланиб, хотинингни олдимга қўйиб кет, сени икки кишилашиб кутайлик. Қишлоғимизнинг қизлари бўйга етиб, оқи оқ, қизили қизил бўлиб етилиб турибди. Мана, келсанг кўрарсан...» деб ёзди. Омонтой хизматнинг бир ярим йили қолганда отпускага келиб уйланди. Она бутун бисотини сарфлаб, тўй қилиб берди. Омонтой оқи оқ, қизили қизил бўлиб турган қизларга эмас, ўзи билан бирга ўқиган камгап, аммо ашула айтса ҳаммани сел қиладиган, эртакка уста Илтифотхон деган қора қизга уйланди. Кампир неваралик ҳам бўлди. Лекин неварасини кўрди-ю, ўғлини қайта кўролмади. Омон қайтиб келганда она ёруғ дунёдан ўтган эди.

Омонтой она қабрида бутун вужудидан сиқилиб чиққан кўз ёшларини тўкиб йиғлади. Онасининг кимлигини, қандай она эканлигини гўё энди билаётгандек, қайтмас бўлиб кетгандан сўнггина билаётгандек аччиқ алам ёшларини тўкиб йиғлади.

Шунақа бўлади, ҳамиша оддий, беқадр бўлиб кўринган нарсалар йўқолганда, қайтиб топиб бўлмайдиган бўлиб йўқолганда қадри билинади.

Омонтой юртга ош бериб, армонини босгандек бўлди-ю, қишлоқдан Бесарга кўчиб кетди. Уни Бесар мактабига ўқитувчи қилиб тайинлашган эди. Орадан сал ўтмай, чўл одам чақира бошлади. Мана бугун икки кундирки, Омонтой кўрпа-тўшагини ортиб чўлга келган.

Ҳали бу ерда унинг кимлигини ҳеч ким билмайди. Таниш-билишлари ҳам йўқ. Илтифотхон туғруқхонада...

...Бирдан ичкарида шов-шув кўтарилиб қолди. Шу шовқин ичида чақалоқнинг ингаси қулоққа чалинарди. Омонтой сапчиб ўрнидан туриб кетди. Агар қоровул ушлаб қолмаганда ичкарига кириб кетарди ҳам. Боя шошганидан ёнига папирос солиб олмаган экан, жуда хумори бўлиб кетди. Қоровулдан сўради, аксига у ҳам чекмас экан. У ёқдан-бу ёққа безовта бориб-келиб тураркан, ҳамшира хотин чиқди. «Бу қачон келган экан?» деб дилидан ўтказди Омонтой.
— Суюнчи...

Омонтой нима дейишини билмай ганграб турарди. Охири беихтиёр: «ўғилми, қизми?» деб сўраш ўрнига:
— Оти нима? — деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Унинг ҳолатини сезиб турган ҳамшира кулиб жавоб берди:
— Отини ўзингиз қўясиз. Қизча муборак бўлсин, иним!
— Қуллуқ, қуллуқ!... Онаси қалай? Онаси бардамми? Хамшира, хотиржам бўлинг, дегандек кўзини қисиб қўйди. Омонтой узатган суюнчини олмай қайтарди. У кириб кетгандан кейин қоровул йигит илжайиб унга яқин келди.
— Ука, суюнчини бизга беринг-да, бу чўл туғруқхонасида биринчи одам туғилиши, биринчи суюнчини ўзим оламан. Мабодо яримтага етмаса, киссангизда туравергани маъқул.

Қоровул қизиқчилик қилаётган экан, у ҳам пулни олмади. Омонтой хотинининг олдига киритишмагандан кейин пиёда идорага қараб кетди. Раис йўқ экан. Бурчак-да чўт қоқиб ўтирган Отабой:
— Кассадан пулингизни олинг, — деди. Омонтойнинг колхозда ҳали оладиган ҳақи йўқ эди.

Ҳайрон бўлди.
— Олаверинг, ука, олаверинг, Кейинчалик узилишиб кетасиз. Раис тайинлаб кетган, келмасангиз уйингизга элтиб бермоқчи эдик. Раис айтган гапни қилдирмай қўймайди. Олинг, бўлмаса биз балога қоламиз.

Омонтой иккиланиб кассага борди. Шу пайт Қўзибой келиб қолди.
— Ўғилми, ҳолва? — деди илжайиб.
— Ҳолва, ҳолва! — деди Омонтой ҳам илжайиб.
— Дуруст, дуруст! Қани баққа кирингчи, ўтиринг! Гап бундоқ, Ўғилчани бизникига обориб қўйинг. Кокиланинг ўзи келиннинг иссиқ-совуғидан хабар олиб туради. Туғруқхонада бир одам учун складдан нарса олиб, қозон қайнатиб ўтирмай қўя қолишсин. Пулни олдингизми? Кам-кўстингизга яратинг. Энди ишдан гаплашайлик. Қандоқ иш берсак маъқул?

Омонтой ўзингиз биласиз, дегандек индамай турарди.
— Йўқ, йў-ўқ, матрос йигит. Айтинг. Қанақа ҳунарингиз бор?
— Ҳунар бўлгани билан бу ерга тўғри келмайди. Одамлар қилаётган росмана ишни бераверинг. Чўлга нима иш лозим бўлса, шуни қилавераман.
— Бўпти, иш топиш биздан. Илгари денгиз бўрони билан олишган бўлсангиз, энди чўл бўрони билан олишасиз. Кечқурун янги келганлар билан қўшма мажлис бўлади, албатта келинг: правление сайлаймиз. Колхозга ҳам ном қўямиз. Кейин, сизга топшириқ, мототсикл минишни биласизми, ҳа, балли, бутун участкаларни айланиб, янги келгану, эскилару ҳаммасини мажлисга хабарлайсиз. Эшикда турган мототсиклни миниб жўнайверинг.

Омонтой матросчасига гурс-гурс юриб чиқиб кетди. Бир оздан кейин патиллаган овоз эшитилиб, секин-аста тинди.

Кечқурун мажлис кўп ҳам узоққа чўзилмади. Янги келганларни бригадаларга тақсимлашди. Омонтой ремонт устахонасига механик қилиб қолдирилди. Кўпчилик бир оғиздан колхозга «Бўстон» деган ном берди.

Бу номни ким таклиф қилганини раис ҳам аъзолар ҳам эслашолмайди. Гўё ўзидан-ўзи ном қўйилиб қолгандек бўлди. Ё минбарга чиққанларнинг сўзларига аралашиб турган «Чўлда бўстон яратамиз, чўл энди гулистон, боғу бўстон бўлади!» деган гаплар ўзидан-ўзи сингиб, номга айланиб кетдимикан?

Эрталаб Қўзибой билан Кокила туғруқхонага келишганда мўйловдор Омонтой эшик олдида ўғлини кўтариб турган экан. У раисга доктордан шикоят қила кетди.
— Киритишмаяпти-ку, раис ака, айтинг, кўрсатишсин! Кокила ичкарига кириб кетди-да, бир оздан кейин дераза пардасини кўтариб, ойнани чертди.

Қўзибой билан Омонтой ўша ёққа қарашди. Кокила йўргакли болани баланд кўтариб, уларга кўрсатди. Бола ёруғдан кўзларини қисиб, лабларини бурарди. Қўзибой завқланиб кетди.
— Ҳа, жонингдан айланай, Бўстонхон! Қара, қара, чўлга қара! Кўр, шу жойлар сеники! Ўзингники! Бирга, туғилдинглар, бирга ўсасизлар!

Раиснинг шу гапи билан боланинг исми ҳам Бўстон бўлиб кетди. Ўйлаб, қидириб ўтирмай, унга, ўзидан-ўзи исм топилди-қўйди.

Албатта, шундай бўлгандан кейин, бу ҳикоянинг номи ҳам «Бўстон» бўлади-да! Чунки ҳикоя ҳам ўша чўлда туғилган.

1961