OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиБуқаламун билан учрашув (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Буқаламун билан учрашув (ҳикоя)
Саид Аҳмад

— Сиз мени танимайсиз, укагинам. Кўп жойларда жонифидо қилиб ишлаганман. Бадбахт шўро қадримизга етмаган. Ишла, деса ишлайверибмиз, ишлайверибмиз. Шунча ишлаб бирон кун рўшнолик кўрмадик...

Ана шу «рўшнолик» кўрмаган одам ҳозиргина эшикдан кириб келди. У икки қўллаб кўришаркан, қаламларига қудрат, қаламларига қудрат, дея бармоқларимни бирма-бир эзиб чиқди.
— Ривоятларда айтилишича Хизр бобонинг ўнг панжаларидаги бармоқларида суяк йўқ эмиш.

Унинг бу ишидан энсам қотиб, «Хотиржам бўлинг мен Хизр бува эмасман», дея қўлимни силтаб ҳовучидан чиқариб олдим.
— Шундай дейсиз-у, аммо ёзувчи халқи ярим хизр ҳисобида юради. Сиз мени танимайсиз. Бир чеккада қолиб кетган бандайи мўминдирман. Келмоғимдан мурод шулдирким, мен бечорани «пенсия» масаласида бисёр ранжитдилар. Арзиҳол қилишдан мурод ёрдамингиздан пича умидворликдир. Танимасни сийламас, деганларидек аввал кимлигимни шошилмай айтиб берсам...
— Сизни жуда яхши танийман, — дедим.

Бирдан унинг попуги пасайиб қолди. Умидвор бўлиб турган кўзлари маъюс тортди. Икки қоши ўртасига тугунча тушди. Кимлигини билган ёзувчидан мадад кутиш беҳуда эканидан ҳафсаласи пир бўлди. Мени ҳам хаёл тортди. Ўйлаяпман. Кўз олдимда тирикчилик деб ҳаром-харишдан ҳазар қилмаган, етим-эсирнинг ҳақини сесканмай бемалол ҳазм қилиб кетаверадиган бир кимса пайдо бўлди.

Сиз ҳам албатта танийсиз. Бу тўғрида гурунгларда кўп гапирганман. У партияга ўтаётганда, динга муносабатингиз қандай, деган савол тушади. Шунда у жавоб ўрнига сумкасидан колбаса чиқариб ғарч-ғарч тишлаб кўрсатган.

Унинг динсиз эканига қаноат ҳосил қилган мажлис аҳли иккинчи саволга ўтадилар. Бу ҳийла нозик савол эди.
— Отангиз ўттизинчи йилда қаерда ва нима иш қилган?

Қаҳрамонимиз пастки лабини сўриб андаккина шифтга боқиб тургандан кейин дадил жавоб беради.
— Илтимос, бундай саволни берманглар. Менинг отам ҳеч қачон бўлмаган.

Унинг оғзига шартта уришди.
— Нима, одам атодек отасиз туғилганмисиз? ёқи онангиз тушларида ҳомила бўлганмилар. Айтаверинг...
— Мен отамдан воз кечганман. Отам босмачи бўлган. Шу гапни эшитишим билан ундан воз кечиб фамилиямни ўзгартирганман.
— Масалан ўзингизга қанақа фамилия танлагансиз?

У яна остки лабини сўриб шифтга қараб ўйланди.

Охири жуда айтиш қийин бўлган гапни зўрлаб тилига чиқарди.
— Икромов деган фамилияни танладим.

Партия ўқуви курсининг штатсиз лектори даҳани капгирга ўхшаган йигит сўради.
— Ҳозир фамилиянгиз унақа эмас-ку...
— Икромов халқ душмани бўлиб кетгандан кейин ноилож Юсупов деб ўзгартирдим.

Ўтирганлар орасидан кимдир пичинг қилди.
— Кўп эрга тегадиган хотинлар неча марта эрга тегса, шунча фамилия орттирадилар. Шу фамилия билан тинчиб кетдингизми ё яна ўзгартирдингизми?
— Усмон Юсупов билан Хрушчевнинг ораси бузилгандан кейин ўйлаб-ўйлаб ўзимга бир умрли фамилия қўйдим. Яъни Диёров деб бошпурт олдим.

Бугунги йиғинга қатнашаётган туман партия комитетининг идеология ишлари бўйича секретари Фатхуллин ўтирган жойида гапга қўшилди.

У ўзидан катта кишиларни ҳам малай деяверарди. — Ўху, толковий малай шул. Бундан отличний коммунист чиқа. Ул партия учун атисидан кечди. Динсиз иканини доказат этиш учун колбаса йиб курсатди. Буни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Толко патриот коммунистгина колбасани шулай ейиши мумкин. Браво, браво!

Колхоз раиси бугунги туман газетаси билан ўзини елпиб ўрнидан турди.
— Манаву газетада сизнинг «нечун мен Ислом динидан воз кечдим» деган мақолангиз босилибди. Ўқиб чиқдим. Шу нарсани ёзишга сизни биров мажбур қилдими ё ўз хоҳишингиз билан ёздингизми? Шунга жавоб беринг.
— Дил амри билан ёзганман, — деб жавоб қилди Диёров. Жаҳон пролетариатининг отаси Карл Маркс «Дин халқ учун афюндир» деганлар. Мақоламда Ислом динининг реактсион моҳиятини фош қилишга ҳаракат қилдим. Ўсиб келаётган соғлом авлодларимизни эшону-муллалар бошлаётган хатарли йўлдан огоҳ қилишни ният қилганман.
— Вот молодетс, — деб юборди завқига чидамаган Фатхуллин. — Партия сафига фидойи патриот келиб қўшилаётганидан горжус!

Мажлис бир овоздан Диёровни Ленин партияси сафига қабул қилди. Мажлис қарорини туман партия қўмитасининг бюроси ҳеч қандай гап-сўзсиз тасдиқлади. Ва уни қоракўлчилик совхози қабул пунктига мудирлик лавозимига тавсия қилди.

Диёров бу лавозимда уч йилдан мўлроқ ишлади. Бу давр орасида туман раҳбарларининг хотинлари икки жуфтдан сур, шерозий териларидан қалпоқ кийишди. Фақат прокуроргина уни ўзига яқин йўлатмасди. Диёров юрак ютиб прокурорнинг шофёридан икки хил антиқа тери бериб юборди. Прокурор шофёрини бўралаб сўкиб териларни қайтариб юборди. Кечга яқин прокурорнинг хотини келиб, қўяверинг, мулла ака, бизнинг хўжайин шунақалар. Бирор нима берадиган бўлсангиз ўзимга бераверинг, дедию боя қайтиб келган териларни ҳар бирига уч сўмдан тўлаб олиб кетди.

Прокурорнинг хотини ишни пишиқ қилишда эридан қолишмасди. Мабодо эри бу териларни қаёқдан олдинг, деб сўраб қолса, жарақ-жарақ пулини тўлаб олганман, ишонмасангиз суриштиринг, дейди. Ҳар бири беш юз сўмлик терига уч сўмлик тўлаб квитантсия олмаганлиги ҳам бир сахийлик аломати эди.

Айёрликни билмаган содда, ҳалол чўпонлар унга уч йил ем бўлишди. Боқимларидаги қўйлардан тушган териларни мушук териси баҳосида Диёровга сотиб кетишар, мушкулларини осон қилгани учун унга қайта-қайта миннатдорчилик билдиришарди. Шундай қилиб Диёровнинг итини туваги олтиндан бўлиб кетди. У Доғистон, Чеченистон, Аваристон томонлардан келиб улгуржи харид қиладиганларга тери тайёрлаб қўярди...

Коса кунда эмас, кунида синади деганлари рост экан. Диёровнинг косаси бемаҳал чил-чил бўлди. Яъний у чечен мижози Русланга элликта терини сотаётганда қўлга тушди. Ана шундан кейин у олти йилга қулоғини ушлаганча қамалиб кетди. Тағин ҳам уни коммунистлигини инобатга олишди. Бўлмаса нақ ўн йилга кетарди. У олти йил бандиликда туз-насибасини татиб қайтиб келганидан кейин нима ишлар қилди, қаёқларда юрди, билмайман. У бугун олдимда афтодаҳол бир алпозда ўтирипти.

У узоқ сукутдан кейин, шунақа денг-а, танийман, денг-а, деди.
— Бу шўро дегани менга кўп азоблар берган. Биримни икки қилмади. Яхшиям мустақиллик бўлиб менга ўхшаган бекорга азият чекканларнинг кўксига шамол тегди. Яшайдиган замон ана энди келди.
— Ундай деманг, сиз «фидойи» коммунист эдингиз. Шу партия учун диндан кечдингиз. Отангиздан кечдингиз.
— Замон шунақа эди, — деди у афсус бир оҳангда. — Энди маълум бўлди. Менинг отам миллий қаҳрамон экан. Халқ озодлиги учун курашган. Мен шундай отам борлигидан фахрланаман.

Унга жавоб қилдим.
— Лекин отангиз сиздек фарзанди борлигидан ор қилади. Сиз қамоқдалигингизда келиб сизни суриштирди…
— Тирик эканми? — деди у шошиб.
— Ҳа, тирик экан. Канада деган мамлакатда яшаркан. Қариб қопти. Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин қишлоғингизга келди. Раҳбарлар уни иззат-икром билан кутиб олишди. Совға-саломлар беришди. У ҳам касалхона қурилишига аллақанча минг доллар берди. Сизнинг отадан кечганингизни эшитиб кўп афсуслар қилди. Бундай фарзандим йўқ, оқ қилдим, деди.

Диёровнинг боши эгилди. Ердан кўз узолмай қолди.
— Мени отамдан кечишга мажбур қилишди...

Унинг гапини шарт бўлдим.
— Ёлғон! Партияга ўтиш учун, ҳукуматдан амал илинж қилиб отадан кечгансиз.
— Кўрасиз, мен ўзимни оқлайман.
— Бундай қилишга энди умрингиз етмайди. Отангизни ҳам энди бир умр кўрмайсиз. Қандоқ қилиб ўзингизни оқлайсиз. Отангиз ўтган йили қазо қилдилар. Канададаги укаларингиз қишлоққа келиб юртга ош бериб аза очдилар. Сиз эса диндан кечдингиз.
— Кўрасиз, ҳали ўзимни оқлайман.
— Нима, еган колбасани туфлаб ташлайсизми? Эндиги умрингиз азобда ўтади. Ахир, имонсиз яшаб бўладими?

Ундан жирканиб кетдим.
— Мени уйимга нима истаб келдингиз? — дедим кўзларига тикилиб.
— Пенсия масаласига ёрдам берсангиз. Атиги бир минг бир юз сўм берар эмиш. Нимага етади? Пенсия берадиганларда инсоф борми, ўзи?

Ўрнимдан туриб жағига бир туширай дедим-у, ўзимни босдим. Шу исқирт билан олишиб ўтираманми. У садқайи мушт кетсин. Ўзимни босиб ғазаб билан гапирдим.
— Қайси хизматларингиз учун «пенсия» талаб қиляпсиз? Ўз отангиздан кечганингиз учунми, динни ҳақорат қилганингиз учунми, умрингизда атиги уч йил ишлаганингиз ва уч йил сурункасига давлат мулкини талон-тарож қилганингиз учунми?

Мендан бирон иш чиқазишдан умидини узди шекилли тунд бўлиб қолди.
— Мустақиллик бўлса ҳам биз ёруғликка чиқмас эканмиз-да, майли асли шўр пешона банда эканмиз. Мустақиллик, мустақиллик дейсизлар, қани юзага чиққанимиз. Бу мустақиллик менга нима берди?

Ёши катта одамни сенлаб юборганимдан ўзимни койидим.
— Сен мустақилликка нима бердинг? Атрофга қара, нималар бўлаётибди? Кўчага чиқиб уёқ-буёққа қара, осмон ўпар иморатларни кўр. Қуллик юкини елкасидан ирғитиб ташлаган юртдошларимизнинг юзларига, кўзларига боқ.
— Э, — деди у қўл силтаб. — Бу иморатларни еб бўлмаса. Қуруқ савлатининг кимга кераги бор?
— Э, ношукур банда. Қориндан бошқа ташвишинг борми ўзи?
— Мени сенлама.
— Сизлашга арзимайсан. Қани, туёғингни шиқиллат! У ўрнидан турди.

Бир нима деб тўнғиллади. Ё мени сўкди, ё мустақилликни сўкди. Орқасидан итариб кўчага чиқариб қўйдиму эшикни ичидан занжирлаб қўйдим.

У кетди. Менинг кўксимда оғир тош қолди. Бир ярим йилдан кейин янги аср бошланади. Наҳотки шу исқирт ҳам биз билан янги аср дарвозасидан кирса. Янги аср остонасида бу суприндиларни эски калишдек ечиб ташлаб кетсак қандоқ яхши бўларди-я.

Шу учрашувдан кейин уни кўрмадим. Эшитишимча у қишлоғига бориб намоз пайтида масжидга кириб, намозхонлардан узр сўраган эмиш. Ҳеч ким унинг бетига қарамапти... Бошини эгиб масжиддан чиқиб кетибди. Уч кундан кейин унинг ўлигини адр орқасидаги толзордан топишибди. Масжид имоми жаноза ўқишга рухсат бермабди. У мусулмончиликдан чиқиб кофир бўлган, деб қишлоқ қабристонига кўмишга ҳам ижозат бермабди. Тўртта одам унинг ўлигини замбарда олиб бориб чакалакзорга кўмишибди.

Менга фақат бир нарса таскин беради. Шу исқирт биз билан ХХИ аср дарвозасидан ўтадими, деган ташвишим бор эди. Хайрият, у жағи айрилган эски калишдек дарвозанинг бу томонида қолиб кетди.

1998 йил, июн.