OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиФармонбиби қалъасига штурм. Болшевиклар ололмаган қўрғон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм45KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ҳуррият» мустақил газетаси. № 33(237) 15—21 август, 2001 йил.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Фармонбиби қалъасига штурм. Болшевиклар ололмаган қўрғон (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Минг тўккиз юз етмиш олтинчи йилнинг май ойида Ҳамза театри олдида «Тез кунда «КEЛИНЛАР ҚЎЗҒОЛОНИ» кўрсатилади», деган афиша пайдо бўлди. Бир ойга яқин туриб қолган афишанинг бўёқлари ёмғирда ювилиб, офтобда оқариб кетганидан уни тез-тез янгилаб қўярдилар. Аммо томошанинг қачон кўрсатилишидан хамон дарак йўк эди.

Ичкарида бўлаётган ҳангомалардан, «сен-мен»гача борган тортишувлардан, песани йўққа чиқариш, уни бадном қилиш учун бўлаётган жанглардан бесабр томошабиннинг хабари йўқ эди.

Коммунист шоирлар ўзбек халқи номидан: «Ким эдик тарихда биз, номи йўқ қашшоқ гадо», деб турган бир пайтда, мактаб болалари: «Ўрис тили оға тилим — она тилим», деб кўшиқ айтаётган бир пайтда, «Менинг дадам иккита, бири — Сталин, бири — ўзимнинг дадам!» деганда, дадасининг: «Ия, хотинни шерикчиликка олган эканмиз-ку!» деб тўнини елкасига ташлаб уйдан чиқиб кетгани ва қайтиб келмагани, хотинини улуғ Сталиндан рашк қилгани салбий бахоланган бир пайтда манави тутуруқсиз, ғоясиз, ҳатто зарарли «Келинлар қўзғолони»нинг пайдо бўлиши ёз чилласида ёққан қордек, танқид аҳлини гангитиб қўйган эди.

Санъатшунослар, адабиётшунослар, режиссёрлар, Маданият вазирлиги вакиллари, мухбирлар Марказқўм ходими Мирзамухамедовнинг зуғуми билан эрталаб худди ишга бораётгандек тўппа-тўғри театрга келишарди. То муҳокама бошлангунча Фармонбиби, унинг келинлари, ўғиллари тўғрисида, уларнинг қилиқларидан, айтган гапларидан мирикиб кулиб ўтиришарди. Мухокама бошланиши билан бирдан жиддий бўлиб қолишар, лабларидаги кулгини яшира олмай, мажбуран қовоқ солиб олишарди.

Муҳокамадаги сўзлар асосан Бердиали Имомов услубида бўлаётган эди. Университет домласи Имомов дурустгина ўйлаб кўрмаган, ҳали пишиб етилмаган, ланж гапларни ҳам қатъият билан, ишонч билан ҳар жумлани силтаб-силтаб, зарб билан, худди болға билан мих қоқаётгандек қилиб айтарди.

Муҳокама аҳли эснаб, бу «доно» гапларни бош қимирлатиб эшитиб ўтирарди.

Муҳокаманинг яна бир қатнашчисини айтмасам бўлмас. Бу аёлни кўпчилик санъат аҳли яхши биларди. У театрларда бўладиган муҳокамалардан қолмас, албатта сўз олиб, бир нималар дерди. Неча марта муҳокамага борган бўлсам, унинг биронта тайинли гап айтганини билмайман. У Имомов услубининг заифона нусхаси эди. У йигирманчи йилларнинг комсомол қизларига ўхшатиб соч кестирган, ўзига ниҳоятда бино қўйган аёл эди. Муҳокама қатнашчилари унинг нима деяётганига тушунмасалар ҳам дазмолнинг уч тарафига ўхшаган гажагига маҳлиё бўлиб ўтирардилар. (У хонимнинг исм-шарифини ошкор қилишни лозим кўрмадим). Ҳозир мухбирлик қилиб анча дуруст ишлар қиляпти. Услубига ҳам, нутқига ҳам бинойидек маъно, ранг кириб қолган.

Орқарокда жимгина ўтириб, бўлаётган гапларнинг мағзини чақиб, ўзимча бир хулосага келгандек эдим. Песа ҳаммага ёққан. Бироқ Мирзамуҳамедов, Фрунзе Жўраев, Морозов ҳамда Санъатшунослик институтининг ходими Александр Рибникларнинг хоҳиши билан уни ёмонлашга мажбур эдилар. Ёмонлаш учун эса тайинли бир гап тополмасдилар. Мен ҳамон индамай ўтирибман. Домла Иззат Султон: «Сиз гапирманг, песа ўзини ўзи ҳимоя қила олади», деб тайинлаган эди.

Асарнинг финал қисми ўзимизга ҳам маъқул бўлмаётган эди. Ўйлаб-ўйлаб бирон йўлини тополмай уни комиссияга кўрсатган эдик. Улар худди ана шу «нозик» жойдан ушлаб қолишди. Асарни «тошбўрон» қилишга ҳақлари бор эди. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев улардан шу саҳна муҳокамасини эртага давом эттиришларини илтимос қилди. Комиссия аъзолари эртага ҳам иш топилганидан қувониб рози бўлишди.

Баҳодир артистларнинг эртага барвақт келишларини тайинлаб уйга жавоб бериб юборди.

Eрталаб комиссия аъзолари учинчи парда мутлақо бошқача бўлиб қолганини кўриб ҳайрон қолишди.

Финал ниҳоятда кулгили чиққан эди. Баҳодир асарга биронта сўз қўшмай, биронта янги одам қўшмай, ниҳоятда кулгили бир йўл қўллаган эди. Комиссия аъзоларининг кулавериб ичаклари узилгудек бўлди. Лекин барибир комиссия деган номи бор, бирон нима демаса бўлмайди. Асарнинг у ер, бу еридан чўқилаб кўришди, асар бачкана бўпти, эркак кишининг хотин ролида чиқиши ўттизинчи йилларда қолиб кетган, дейишди.

Учинчи пардани энди ўзгартирмаслик керак, жуда яхши чиқибди деган одамлар кўпчилик эди. Кўпчиликнинг гапи гап-да, шу холда кўрсатилсин деганларнинг гапи ўтди.

Бугунгн мухокамани яна Мишаппнг ўзи бошлаб берди. Мирзамуҳамедов ўзбекчага нўнок, ўрисчага чечан эди. Ўз она тилидан ўрисчани афзал билган бу одамни ҳамма Миша деб атарди. Миша ниманидир эслаб кулиб юборай дер, аммо ўзини аранг тутиб турарди. Менимча, кеча уйида оила аъзоларига Фармонбиби ва унинг келинларини гапириб берганга ўхшарди. Аммо у хизмат тақозоси билан айтиши керак бўлган жуда «жиддий», жуда «мухим» тайёр гапга чоғланиб турарди.
— Авторга битта савол, — деди у қовоғини солиб. — Песани ёзишдан мақсадингиз нима? Мен тушунмадим.
— Уни тушунадиган одамлар учун ёзганман, сизнинг тушунмаслигингиз табиий бир хол, — деб ачитиб жавоб бердим.

Мишанинг тарафдорлари, биз хам тушунмадик, дейишди. Муҳокама катнашчиларининг ярми: «Биз тушундик-ку, нимасига тушунмадинглар?!» дейишди.

Ҳозирги аҳволни кўриб бир латифа ёдимга тушди.

Афанди бир йиғинда араванинг тепасига чиқиб: «Халойиқ, нима демоқчилигимни биласизларми?» дебди.

Одамлар: «Йўқ, билмаймиз», дейишибди. Афанди эса: «Билмайдиганларга айтадиган гапим йўк», деб пастга тушибди.

Eртасига яна аравага чиқиб: «Нима демоқчилигимни биласизларми?» деб сўрабди. Одамлар: «Биламиз, биламиз!» деб қичқиришибди. Шунда афанди: «Билсанглар бўпти-да, гапириб нима киламан?» деб яна пастга тушибди. Учинчи куни афанди халойиққа: «Нима демоқчилигимни биласизларми?» деб мурожаат қилибди. Одамлар ўзаро маслаҳатлашиб: «Афандим, ярмимиз биламиз, ярмимиз билмаймиз», дейишибди. Шунда афанди: «Билганлар билмаганларга тушунтириб кўйсин!» деб эшагини миниб кетаверибди.

Биргина адабиётшунос олим Ҳафиз Абдусаматов, асар томошабинга маъқул бўлади, уни тўхтатиб ўтирмаслик керак, деб айтди.

«Тушунмаган» Мишанинг тарафдорлари яна Имомов методини ишга солиб, бири олиб-бири кўйиб, гапга тушиб кетишди.

Театр директори Олим Хўжаев ўрнидан турди.
— Биродарлар, бу канақаси, салкам бир ойдан бери

тортишасизлар?! Нима деяётганларингни ўзларинг ҳам билмайсизлар! Бўладиган бўлса, «бўлади» денглар, бўлмаса асарни йиғиштириб қўяйлик. Театрнинг ўз молия плани бор. «Антигона» асарини саҳналаштириш учун Гуржистондан машҳур Аликсидзе дсган режиссёрни чақирганмиз. Унинг театрда ўтган ҳар бир кунига фалон пулдан ҳақ тўлаймиз. Бунақада артистлар ойликсиз қолади-ку! Бир қарорга келинглар-да, ахир! — деди нолиб.

Хуллас, афанди айтганидек, тушунганлар тушунмаганларга тушунтирадиган бўлди. Эртага: «Охирги кўрик, охирги муҳокама бўлади», деб эълон қилишди.

Eртасига яна театрга бордим. Ўтирганларга халақит бермаслик учун энгашиб қоронғи залда тимирскиланиб жой топиб ўтирдим. Парда очилди. Фармонбиби қўлига Сотти сув қуяётганда нимадандир шубҳаланиб обдастани туртиб юборди. Саҳна олдига келиб, кафтини кўзига соябон қилиб залдан кимнидир қидираётганга ўхшади. Саҳна четида турган электр устасига: «Залнинг чироғини ёқ!» деб буюрди. Зал ёришди. Ҳайҳотдек залда Миша билан Фрунзедан бўлак ҳеч ким йўк эди. Фармонбиби рўмоли билан юзидаги гримларни арта бошлади.
— Шу иккита турки совуққа комедия кўрсатаманми?! Томошабин йўқ залда комедия ўйнаб бўладими?! Қани, болалар, томоша тамом! Уйларингга кетаверинглар! — дедию ўзи хам саҳнадан чиқиб кетди...

Олим Хўжаев Марказқўмга чиқиб, Катталарга аҳволни тушунтирганга ўхшайди. «Келинлар қўзғолони» томошабинга кўрсатилсин, дсган рухсат келди.

Директор кабинетини яна комиссия босди. Одатда, уч кун премера бўлар, олдинги уч қатор жой меҳмонларга атаб қўйиларди. Бугун комиссия аъзолари амма-холасию, қайпонасию, келинойиларига текин билет олиш учун келишган эди.

Биринчи спектаклда унчалик одам кўп бўлмади. Афи-ша кечқурун, ғира-шира қоронғи пайтида чиқарилган, кўп томошабин бундан хабарсиз қолган эди. Залда асосан комиссия аъзоларининг қариндошлари, вазирлик ходимлари, бошқа театрларнинг артистлари, режиссёрлари, редактсия ходимлари ўтиришарди.

Мен биринчи қаторнинг чап томонида Сора Эшонтўраева билан ёнма-ён ўтириб қолибман. У бутун вужуди билан саҳнага сингиб кетган, ҳадеб: «Вой, Зайнаб ўлмагур, яшнаб кетди-ку! Бирпасда саҳнани ўзиники қилиб олди-я! Бу саҳна эмас, Зайнабнинг ҳовлиси! Вой, Зайнаб ўлмагур-эй!.. Шунча йил бирга ишлаб Тўйчивойнинг шунақа маҳоратли артист эканини билмаган эканман. Боплаяпти! Ёзилиб, яйраб, мириқиб ўйнаяпти!» деб гапириб ўтирарди.

Сора опа ижрочиларни олқишлаб ҳаммадан кўп чапак чалар, кулар, баъзан қийқириб юборарди.

Комиссия аъзолари қотиб-қотиб кулишар, менга кўзлари тушганда дарров қовоқларини уйиб сўмрайиб олишар, мендан яшириб яна кулишарди.

Кечаги томошанинг овозаси эрталабгача Тошкентга тарқаб бўпти. Песа ҳақида хилма-хил гап юрарди. Биров: «Кекса онахонларимизни масхара қилиб кўрсатган эмиш» деса, бошқаси: «Аксинча, доно ўзбек онасини улуғлаган!» дерди.

То тушгача уч кунлик билет сотиб бўлинди. Фақат театр маъмурияти «нозик» одамлар учун хар томошага юзтадан билет олиб қолган. Маъмур Абдуллажон худди асаларининг подшосига ўхшарди, қаёққа юрса юзлаб одам асаларидек унга ёпириларди. Театр яқинига бориб бўлмайди. Залга вақтлироқ одам қўймаса, тўполон бўладиганга ўхшаб қолди. Ниҳоят, эшик очилди. Одамлар бир ёпирилганда металл ромли ойнаванд эшик ошиқ-мошиғидан узилиб мармар полга тушдию чил-парчин бўлди. Одамлар ойна синиқларини босиб ичкарига ки-ришарди. Билети бор хам, билети йўқ хам ичкарига кириб кетди. Хонимларнинг кийимлари ғижим, ҳафсала билан қилинган пардозлари чаплашиб, прическалари тўзғиб кетган.

Ташқарида яна икки-уч томошага етадиган одам тўпланиб қолган эди.

Залда одам кўп. Ерга ўтириб олганлар қанча, тик туриб қолганлар қанча. Ғала-ғовур, ким нима деяётганини англаб бўлмайди. Агар томоша пайтида хам шундай бўлса, билмадим, нима бўлади?!

Залда чироқ ўчирилиб, пардага нур туширилди. Ҳали ҳам жой талашаётганларнинг асабий товушлари тинмасди. Саҳна олдига Халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов чиқиб, икки қўлини баробар кўтарди. Бунақа тўполонда томоша кўрсатмаймиз, демасмикин деб, ҳамма бирдан жимиб қолди. У залда тинчлик сақлашни илтимос қилиб, ролларни ижро этувчи артистларнинг номларини айта бошлади. У Фармонбиби ролида Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб Садриева деганда зал момоқалдирокдек бир гумбирлаб олди. Ғани Аъзамов номини айтганда қийқириқ, ҳуштакбозлик бўлиб кетди.

Парда очилди. Фармонбиби қўлини орқасига қилиб саҳнанинг у бошидан-бу бошига ўта бошлади. Соттини ўйнаётган Тўти Юсупова (бу ролни кеча Эркин Маликбоева ўйнаган эди) спорт кийимида, қўлида хала-хўп ҳалқаси билан кенжа келин, Фармонбибининг тили би-лан айтганда, қип-яланғоч Нигора — Дилбар Икромова саҳнага чиқди.

Уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида олқишлар янграр, қарсаклар тўхтамасди.

Зайнаб Садриеванинг бир неча ойдан бери репититсия қилиб чеккан азоблари, айниқса кейинги бир ой ичида комиссия берган озорлари унутилди. У бутун вужуди билан, жон-жахди билан берилиб ўйнарди. Ташқаридан қараганда у рол ўйнамаётганга, ўз уйида, келинлари даврасида бемалол юрганга ўхшарди. Аслини олганда, у бирон ҳаракатни меъёридан оширмаслиги, юз ифодалари сунъий бўлиб қолмаслиги, овозида асабийлик сезилмаслиги учун бутун вужудини иродасига бўйсундириб харакат қиларди. Аммо томошабинга буни сездирмасди.

Бугун ҳам ёнимда ўтирган Сора Эшонтўраева тинмай қарсак чалар: «Вой, Зайнаб ўлмагур-эй!» деб қийқирарди.

Шу пайт снимдан пояндозни пайпаслаб бир кампир жавраб ўтди: «Вой, томошанг ҳам бор бўлсин-а! Кулавериб жағларим оғриб кетди-ку! Ковушим ўлгур қаёкда қолдийкин?..»

Томошанинг қандай тугаганини, қандай қийқириқлар, қандай олқишлар бўлганини айтиб ўтирмайман. Ҳам-мангизга тушунарли қилиб битта гап айтаман, холос. Ўша оқшом Тошкентнинг гулбозори Ҳамза тсатрининг саҳнасига кўчиб келгандек бўлди.

Eртасига театрнинг яна бир металл ромли эшиги қарсиллаб қулади. Ойналари чил-чил бўлди.

Билетлар чайқовчи болаларнинг қўлига ўтганидан кўчада очиқчасига билет савдоси бўлаётган эди.

Театрнинг артистлар кирадиган томонидан Яшин ака Ҳалимахоним билан Мукаррамахонимни олиб кирди. Мукаррамахоним мени кўриб Яшин акага нимадир деди. Биламан унинг нима деганини. Бир меҳмондорчиликда мени аскияга тортиб, енгмоқчи бўлганди. Ўшанда уни бир гап билан оғиз очирмай қўйгандим. Ўшандан бери мени ёмон кўрар, тўйдами, йиғинлардами кўрнб қолса, «Анави турқи совуқ ёзувчи бу ерда нима қилиб юрибди?!» деб менга эшиттириб баралла айтарди.

Бу ажойиб санъаткор ўзбек рақсининг беназир устаси ниҳоятда завқли, латифаларга уста, ўтирган даврасини гурра-гурра кулдирадиган қувноқ аёл эди. Шу топда у песани мен ёзганимни билмаса керак. Ўқтин-ўқтин менга қараб ғижиниб қўярди. Кулаётган одамларнинг овози орасида унинг қарсиллаб кулиши баралла эшитилиб турарди. Биринчи танаффус бўлиб чироқ ёнганда Яиган ака келиб мени табриклади. Шунда Мукаррамахоним: «Ия, буни сиз ёзганмисиз?!» деди. «Биласизми, сизни жинимдан ҳам ёмон кўрардим. Шу песангиз учун гуноҳингиздан ўтдим. Қўлни беринг, энди ярашдик. Илтимос, хотин киши билан аския айтишганда рақибингиз аёл киши эканини эсингиздан чиқарманг! Табриклайман сизни».
— Гап келганда онангни ҳам аяма, деган экан бир доно, — дедим кулиб.

Бир неча йиллардан бери урушиғли бўлиб юрган хоним билан «Келинлар қўзғолони» баҳонасида ярашиб олдик.

Тўртинчи кунги томоша қолдирилди. Эшик деразалари синган, ичкарида бирон фалокат юз берса, кўнгилсизлик бўлиши мумкин деб, ўт ўчириш командаси залга одам қўйиш мумкин эмас, деб туриб олди. Икки кунлик билет одамлар қўлида қолди.

Томошабин ҳамон театр томон окиб қеларди. Қўлида билет билан қолганлар тўполон қилиб маъмурни ҳам, директорни ҳам жонидан безор қилиб юборишди. Театр олдига: «Бўлғуси спектакл алоҳида эълон қилинади. Билетларни сақланг», деган эълон чиқарилди.

Жанжаллардан безор бўлган театр коллективи бир кечадаёқ Хоразмга «қочиб» кетди. У ерда бир ой гастролда юргандан кейин таътилга чиқади.

Театр таътилдан қайтди. Биринчи сентябрда янги мавсумни бошлаши керак. Томошабиндан икки спектакл қарз бўлиб қолган театр янги мавсумни «Келинлар қўзғолони» билан бошламоқчи бўлди. Лекин театр бу ниятига етолмади. «Мавсум Ленини бор асар билан бошлансин!» деган буйруқ келди. Уша пайт раҳбарлари одатда, театрга келмасди. Фақат Ленини бор спектаклгагина келарди.

Сотиб олган билетини икки ой сақлаган томошабинлар яна қайтиб кетишди.

Мавсумнинг очилиши унчалик тантана бўлмади. Идоралардан, корхоналардан, маҳаллалардан ташкил қилинган томошабинлар асарнинг охиригача ўтирмай ташлаб чиқиб кстигади.

Хуллас, мавсумгашг очилиши муздеккина бўлиб ўтди.

Сентябр ойи деярли «Келинлар қўзғолони» билан ўтди десам хато бўлмас. Кунига икки мартадан, ҳатто уч мартадан кўрсатилган кунлар бўлди. Ўша кезлар артистлар гримларини артмасдилар, ролдаги кийимларини ҳам ечмасдилар. Шундай кунларнинг бирида театр эшигининг олдида «Тез ёрдам» машинасини кўриб ҳайрон бўлдим. Билсам, Зайнаб Садриева касал бўлиб қолибди. Ҳамшира унга укол қилиб чиқиб кетгандан кейин олдига кирдим.
— Чарчабман. Уколдан кейин анча ўзимга келдим.
— Ўзингизга битта партнёр таерласангиз бўларди. Мана шунақа пайтларда ўйнаб, юкингизпи енгил қиларди, — дедим. Зайпаб оиа кулди.
— Мен ўлганимдан кейин Фармопбибини бошқа одам ўйнайди, билдингизми? Умримнинг охиригача шу ролни ўзим ўйнайман.

Кўчада минг хил гап. Биров: «Ҳукумат нега кампирларни масхара қиладиган театрга рухсат бериб қўйибди?» деса, бошқаси: «Ҳамза театрининг куни майнавозчиликка қолган, уни тсиркка қўшиб юборса ҳам бўлар экан» дерди.

Тошкентда канча келин зоти бўлса, ҳаммаси қайнонасини бошлаб келарди.

Қайноналар: «Нимаси ёмон, ҳаммаси тўғри! Оила бир қўлда бўлса, нимаси ёмон?!» дейишарди. Келинлар эса: «Менинг хам шунақа қайнонам бўлса, жон-жон дердим! Ишдан келсам овқатим тайёр бўлса, болаларимдан кўнглим тўк бўлса, ҳатто шиппагимни ҳам яматиб қўйса, бозорга бормасам. Пайпоқдан тортиб ич кўйлаккача ўзи опкелиб берса! Бунақа қайнонани қаёқдан топасан?!» деб Фармонбибини мақтарди.

Орадан бир йил ўтмай песани Ўрта Осиё республикаларининг ҳамма академик театрлари саҳнага қўйди. Шу баҳонада Олмаотага, Ашхободга, Душанбега, Хўжандга бориб асарни кўрдим. Халқ артистлари Собира Мойконова, Сона Муродова, Мушаррафа Қосимова, Сайрам Исаевалар Фармонбиби ролини меъёрига етказиб ўйнаган эдилар.

Тошкентдаги Рус академик театри песани тайёрлаб, комиссияга топшираман деб турганда Миша яна иш кўрсатмоқчи бўлди. Унинг қилаётган тинимсиз ҳаракатларндан шубхаланган Марказқўмнинг идеология секретари О. У. Салимов ўзи театрга келиб, томошабинлар билан бирга кўришини айтди.

Миша билан Фрунзе Жўраев залнинг қоронғи бурчагида Салимовга кўринмай ўтиришарди. Аммо Александр Рибник қанчалик лаин, қанчалик юзсиз одам эканини ўзи намойиш қилаётганига гувоҳ бўлдим.

У Салимовга песа ниҳоятда яхши эканини, уни шу кунгача ҳимоя қилиб келаётганини гапираётганда луқма ташладим.
— Песани бадном қилиш учун курашганларнинг энг фаоли сиз эдингиз-ку!

У бундай гапни кутмаган экан, ранги ўзгарди.
— Буни сизга қайси аҳмоқ айтди? — деди асабий бир ҳолда.
— Айтган одам аҳмоқ эмас, жуда ақлли, пок одам. У фақат сизнинг гапингизни айтиб берди, холос. У ёғини ўзингиз билаверасиз, ким аҳмоғу ким ақлли!

Қиличи синиб, қалқони тешилган Миша билан Фрунзенинг залдан қачон чиқиб кетганини ҳеч ким билмай қолди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси Мухтор Авезов номидаги Қозоғистон Давлат академик театри Темиртов шаҳрида «Келинлар қўзғолони»ни кўрсатаётган бир пайтда залда томоша кўриб ўтирган бир ҳомиладор қозоқ келинчак куламан деб туғиб қўйганини, Фармонбиби чақалоқни йўргаклаб саҳнага олиб чиққанини ва унга менинг отимни қўйганини хабар қилган эди.

Бу хабар песани йўқ қилмасам отимни бошқа қўяман деган Мишанинг қорнига қозиқ қоққандск бўлди.

Бу йилги баҳор театр учун ҳам, мен учун ҳам ниҳоятда оғир келди. Ажойиб артист, маданиятимизнинг 6еназир арбоби Олим Хўжаев оламдан ўтди. У бир неча ойлардан бери тайёрлаётган Антигона ролини бир марта ҳам ижро этолмай армонда кўз юмди.

Тинимсиз курашлардан, камситишлардан чарчаган Саидахон ҳам бу азобли дунёни ташлаб кетди.

Уни кеча кечқурун касалхонага бориб кўргандим.
— Ҳали ҳам олишиб ётибсизларми? — деди ўзига хос паст овозда.
— Курашлар тўхтади. Биз енгдик, шекилли.

Саидахон «Келинлар қўзғолони»ни бир марта бориб кўрган, томошадан жуда хурсанд бўлиб қайтганди. Эртасига тоби қочиб ётиб қолди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт унинг уч томлик «Танланган асарлар»ини чиқараётган эди. Охирги жилди босмадан чиққан экан, нашриётга бориб ҳали бўёғи қуримаган учинчи жилдни уни хурсанд қилиш учун олиб боргандим. Варақлаб кўриб, хато кетмадимикан, деб шивирлади. Кечаси синчиклаб ўқиб чиқаман, деб олиб қолди.

Кечаси соат учдан ошганда унинг жон берганини телефонда хабар қилишди.

У курашларда енгилмаган аёл эди. Фақат интиҳосиз курашлардан толиққан эди. Бу бемаъни курашлар жонига теккан, тинкасини қуритган эди. У хиёнаткор дўстларидан норизо бўлиб, ҳатто партия аъзоси бўлганидан пушаймонлар қилиб оламдан кетди.

Унинг тобутини дўстларим, шогирдларим, Ҳамза театрининг артистлари елкада кўтаришди. То ҳамма маъракалари ўтгунча ҳамдард бўлиб снимда туришди. Зайнаб Садриева эса унинг «йигирмаси» ўтгунча ҳар куни уйимизга келиб турди.

Театрнинг Москва гастроли жуда тантанавор ўтди. Ўз футболчиларига мадад бўлиш учун футбол ишқибозлари севган командалари қайси шаҳарга борса, ҳаммадан олдин етиб борганидек, «Келинлар қўзғолони»нинг юзга яқин ишқибози Москвага борган, уларга пойтахтда ўқийдиган ўзбекистонлик студентлар қўшилишиб, Малга театр олдига эрталабдан келиб олишар эди.

Иттифоқ Маданият вазири Демичев: «Зал ўзбеклардан бўшамай қолди. «Келинлар қўзғолони» москваликлар учун қўшимча яна бир марта кўрсатилсин! Фақат билетлар заводларда, муассасаларда сотилсин!» деб буйруқ берди.

Бутун дунёда қайта-қайта намойиш қилинган машҳур «Чапаев» филмида бош ролни ижро этган таниқли артист Борис Бабочкин Малмй театр олдида бир неча кундан бери тўпланаётган ўзбекларни кўриб, русларнинг «головокружение от успехов» («ютуқлардан эсанкираш — бош айланиш») иборасини сал-пал ўзгартириб: «Сегодня у меня головокружение от узбеков!» («Бугун ўзбеклардан бошим айланиб кетяпти»), деган эди ҳазил аралаш.

Гастрол охирида Иттифоқ Маданият вазирлиги Москва санъатшунос олимлари иштирокида мухокама мажлисини ўтказди. «Инқилоб тонги» асари муҳокамада яхши баҳо олмади. Асар шовқин-сурондан иборат бўлиб қолганини, Ленин драмага ноўрин киритилганини, унинг сюжетга сира алоқаси йўқлигини айтшпди. Шу сахнани олиб ташлаш кераклипиш ҳамма бир оғиздан маъқуллади. «Қиёмат қарз» асарида Шукур Бурҳон асосий ролни маҳорат билан ўйнаган бўлишига қарамай, асар сунъий воқеа асосига қурилгани сабабли Москва томошабинларини ўзига жалб қилмади ва ишонтира олмади, деб баҳолашди. «Антигона» спектакли ҳам дуруст баҳо ололмади. Бош рол ижрочиси Олим Хўжаев вафотидан кейин бошқа артистни шошилинч тайёрлаганлари бунга сабаб бўлди. Ижро ҳали маромига етмаганлиги таъкидланди. «Келинлар қўзғолони» асари томошабинларга маъқул бўлганини, театр бу асар билан яна бир поғона кўтарилганини таъкидлашди.

«Антигона» билан «Келинлар кўзғолони»ни Тбилисига обориб, грузин томошабинларига кўрсатаман, деб ваъда бериб қўйган Аликсидзенинг дами ичига тушиб кетди.

Маданият вазирлиги «Келинлар қўзғолони» ижрочиларини мукофотлаш учун қирқ минг сўм пул ажратганини эълон қилишди. Ўша пайтда қирқ минг сўм жуда катта пул бўлган. Шу пулга саккизта «Волга» ёки ўн олтита «Москвич» машинасини харид қилиш мумкин эди.

Мишанинг тарвузи қўлтиғидан тушгандек бўлди. Устига-устак, «Правда» газетаси профессор Руднитскийнинг «Талантлар ҳамоҳанглиги» номли катта мақоласини эълон қилди. Унда «Келинлар қўзғолони» муваффақият билан саҳнага қўйилганлиги, асар талантли ижрочилар билан ҳамоҳанг эканлиги алоҳида эътироф этилган эди.

Бошқа спектаклларда иштирок этганлар ҳам Москвага умид билан келганлар. Ажратилган пулни барча иштирокчиларга баробар тақсимлаш керак деган маслаҳат ўртага тушди. «Келинлар қўзғолони»ии саҳналаштирган ажойиб режиссёримиз Баҳодир Йўлдошев ҳам, мен ҳам бунга рози бўлдик. Мен ўз улушимни олмаслигимни айтдим.

Театр олдидаги Островский ҳайкалининг супасига суяниб турган Мишанинг олдига бордим. У аламиданми ё бирон бошқа сабабданми озроқ ичган, ширакайф эди. Уни ҳеч қачон ичганини кўрмаган эдим.
— Хўш, энди нима бўлади? — дедим пичинг билан. У ҳайрон бўлди. — Отингни бошқа қўймоқчи эдинг-ку?!

У ўзича қизиқчилик қилмоқчи бўлди:
— Отимни Миша деб ўзгартиргансизлар-ку, яна ўзгартираманми?

У ҳали ҳам енгилганини бўйнига олмасди.

Тошкентда бир янги тик кутиб турганди. Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида Уйғур автоном вилоятининг театри «Келинлар қўзғолони»нинг премерасига чақирибди. Эртасигаёқ йўлга чиқдим. Шу баҳонада Қашқар, Ўримчи, Ғулжа шаҳарларини кўрдим. Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Қорахонийлар давлатининг асосчиси Сўтуқ Буғрохон ҳамда шайх Убайдулло Офоқ Хўжам мақбараларини зиёрат қилдим.

Уйғур санъаткорлари асарни жуда яхши саҳналаш-тирган эканлар. Хурсанд бўлиб қайтдим.

Ана шундан кейин турли мамлакат ва қардош республикалардан премерага таклифлар кела бошлади. Лаос, Мўғулистон театрлари ҳам асарни ўз томошабинларига кўрсатишди. Грознийда Нураддинов номидаги Чечен-Ингуш театри билан Жанубий Осетия театрларидан ҳам таклифнома келди.

Хуллас, «Келинлар қўзғолони» мени кўп мамлакатларга олиб борди. Кўрмаган жойларимни кўрсатди.

Айниқса, олис Американинг Ню-Ёрк шаҳридаги «Возрождение» театрида песанинг намойиш килиниши мен учун етти ухлаб тушимга кирмаган, ҳатто орзу қилишим хам мумкин бўлмаган бир бахтли ҳодиса эди. Ню-Ёрк телевидениесида кўрсатилган рекламада «Буит невесток» сўзларининг жахонга машҳур Озодлик ҳайкали атрофида айланиши ва унда менинг ҳам номим ёзилганини кўриб ҳаяжонланиб кетдим.

То Киев шаҳригача беш ярим соат, океан устидан тўққиз ярим соат учиш керак. Сафар олдидан бизга оқ йўл тилаган Президентимиз Ислом Каримовга ниҳоятда ихлосим ошиб кетди. Океан устидан учиб кетаётиб хам, учиб кайтаётиб ҳам бағри кснг бу саховатли инсонга океан билан осмон оралиғида туриб чин дилдан узоқ умрлар тиладим. Амсрикадан кайтиб келганимда яна бир янгилик кутиб турган эди. Билмадим, ростми-ёлғонми, Фрунзе Жўраев устозига садоқат билдириб, Фрунзе Жўраев деган исми шарифини «Бишкек Жўраев» деб ўзгартирган эмиш. Бу гап қанчалик рост, кафилини ололмайман.

Бугунги коммунистлар — ўша Қишки саройга штурм қилган болшевикларнинг авлоди бўлса, Фармонбиби қалъасига штурм қилиб, битта кесагини ҳам кўчиролмади.

«Халқлар отаси» Сталин: «Болшевиклар ололмайдиган кўрғон йўк», деган эди. Бироқ улар Фармонбиби қўрғонини ололмадп. Ғафур Ғулом айтганидек, «қалъа бут, қўрғон саломат»лигича қолди.