OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиҒилдирак (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм139KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ғилдирак (қисса)
Саид Аҳмад

Сирли Хат

Бозорбой Охунович ҳар куни ишга кетар олдидан бугунги газетага бир кўз ташлаб олишга одатланганди. Илгарилари бунақа одати йўқ эди. Умуман, газета ўқимасди. Кейинги пайтларда газетада уриладиганларнинг аксари Бозорбой Охунович ишлайдиган соҳанинг кишилари эди. У ҳар куни эрталаб ёстиқдан бош кўтарар экан, бугун ким урилди экан, деб ўзига таниш кишиларнинг қиёфасини бир-бир кўз олдига келтирарди.

Ана шунинг учун ҳам Бозорбой Охунович бир йилдирки, газетага обуна бўлган. Унинг газета ўқишини ўқиш демаса ҳам бўлади. Қўлига оладию уёқ-буёғини бир қараб, ҳайрият, тинчлик экан, деб хотиржам ишига кетаверади.

Бугун ҳам одати бўйича нонуштадан кейин лабини сочиққа арта туриб хотинига буюрди:
— Тижо, газетни келтир!

Хотини Тижоратхон қирқ ёшларда, авжи ширага тўлган аёл. У эрининг олдида чап қўли билан кўйлагининг иккала ёқасини бирлаштириб ушлаб туриб гаплашади. Унинг бу қилиғи эрига жуда-жуда ёқади. Негаки оппоқ кўкрагининг қоқ ўртасидаги мошдек холи ниҳоятдан яшнаб кўринади. Бозорбой Охунович ҳар гал кўзи ўша холга тушганда, ҳой Сангинова, бу хол фақат меники, бегоналарнинг кўзи тушмасин, деб ҳазиллашарди.

Тижоратхон бу холни ўз тили билан айтганда фақат ўз хўжайинидан бекитарди.

Ҳозир ҳам почта қутисидан газета олиб қайтаркан, чап қўли билан иккала ёқасини бирлаштириб эрига узатди. Бозорбой газетани очиши билан ерга бир конверт тушди.

Қизиқ бўлди-ку?! Бу қанақа хат? Бозорбой умрида почта орқали хат олмаган. Талефон, электр, квартира ҳақлари учун келадиган хатлар конвертсиз бўларди. Бу кимдан бўлдийкин?

У газетани бир ёққа қўйиб конвертни очди. Хат. Шошиб ўқишга киришди.

«Ҳой, Овсар! Босар-тусарингни билмай қолдинг-ку!..»

Бозорбойни мактабдош ўртоқлари «Овсар» деб аташарди. У бошланғич мактабда ўқиётганида дуч келган синфга кириб ўқийверар, унга қайси синфлиги, нечанчи синфлигининг аҳамияти йўқ эди. Бунақа қилиғига ўрганган ўқитувчилар дарсни тўхтатиб Бозорбойни етаклаб, ўз синфига опкириб қўйишарди. Ана шунинг учун «Овсар» дейишарди. Бозорбой хатнинг бу ёғини ўқий бошлади:

«...Кўзингни оч, меҳнатсиз топилган пул ҳеч кимга вафо қилмаган. Шунча пулни нима қиласан? Гўрингга олиб кетасанми? Порага муккангдан кетдинг-ку, жўра! Бунақада бир кун эмас, бир кун тумшуғингдан илинасан. Шу ҳафта ичи беш кишидан пора олдинг. Бегижондан икки минг, Раҳмоналидан бир ярим минг, Турсунхўжадан икки минг, Тўхтамуроддан икки ярим минг сўм олдинг. Ахир, улар жамоатчи мухбирлар-ку! Жиноят қонунининг қайси моддаси билан қанчага қия бўлиб кетишингни биласанми? Агар шу ёруғ жаҳонда тоза ҳаводан нафас олиб юрай десанг, фурсатни ўтказмай олган пулларни эгаларига қайтариб бер. Ҳозир жар ёқасида турибсан, жўрам. Сенга ҳурмат билан дўстинг ХАЙРИХОҲ».

Хат Бозорбойнинг қўлидан тушиб кетай деди. Кўз олди қоронғулашиб, чап қоши лип-лип уча бошлади.

Тижоратхон бор оғирлигини ташлаб, эрининг елкасига илиққина кўксини босиб сўради:
— Хат кимдан экан, дадаси? Бозорбой истар-истамас жавоб қилди:
— Ўйнашимдан. Яъни кундошингдан.
— Вой, адо бўлсин. Қўйинг бунақа гапни. Фельетон чиқмаяптими?

Бозорбой, ўчир, деб юборди.
— Эртага чиқармиш. Фельетон қилсак майлими, деб ўзимдан сўрашипти.
— Э, гапингиз қурсин, — деди Тижоратхон эрининг елкасидан кўксини узиб. — Бугун жума, яхши, ният қилинг. Фаришталар омин девормасин. Менга қаранг, қизингиз сиздан араз. «Жигули»сига баллон обермабсиз.

Бозорбой шундай қарадики, Тижоратхон беихтиёр иккала қўли билан ёқасини бирлаштирганини билмай қолди. Хотинининг бу гапи гўё қиш куни совуқдан дилдираб турган одамга муздаккина айрон ичасанми, дегандек бўлди. Шу ўтирганча бир соат ўтирдими, ё ошиқроқ ўтирдими, ўзи ҳам билмайди. Хотини унинг бояги ўшқиришидан кейин бирор нима дейишга тили бормай мунғайиб ўтираверди.

Нима бало бўлдийкин, деб ўйларди хотини. Ҳар куни, ўртоқ Сангинова, биз кетдик, деб хандон-хушон ишга жўнарди. Энди бўлса тагини ҳўллаб қўйиб, қуригунча ётадиган болаларга ўхшаб қимирлагиси ҳам келмайди. Қизининг хонасидан ҳиндча қўшиқ эшитилди. Орастахон магнитафон қўйиб пар тўшакка чўкиб ётарди. Бозорбой ҳар гал ишга кетар олдидан сочларини ёстиқда тўзғитиб ётган Орастахоннинг ётоғига кириб пешонасидан ўпиб қўяр эди. Қизи дадасини кутиб ётган бўлса керак.

Кўча тарафда машина сигнал берди.
— Дадаси, шофёрингиз сигнал беряпти. Нима деб айтай?
— Бирпас кутса ўлиб қолмайди, — деди дўнғиллаб Бозорбой.
— Хой, эр, сизга айтяпман, қизингизга баллон олиб беринг!
— Оббо, — деди Бозорбой уф тортиб, — бўпти, бўпти, тўртта баллон бериб юбораман. Қутулдимми?!

Тижоратхон эрининг бу хил тажанглигидан ташвишга туша бошлади. Илгарилари ҳам рўзғор ишлариданми, ё ишхонаданми табиати кир бўлиб қайтгандаям шунақа ичимдагини топ, деб тошдек қотиб ўтираверарди. Шундай пайтларда Тижоратхон қизини ишга соларди. Бозорбой қанчалик тажанг бўлмасин, қизининг биргина эркаланишидан сариёғдек эриб кетарди.

Тижоратхон оёқ учида юриб қизининг ётоғига кириб кетди. Зум ўтмай сочлари ҳурпайган, кечаги пардозлари юзларига чаплашиб кетган Орастахон ич кийимда югуриб чиқди. Чиқди-ю, дадасининг бўйнига осилди. Орқасидан қўлида халат билан чиққан онаси:
— Ҳой, Орас, сенга айтаман, халатингни елкангга ташлаб ол, даданглар олдида уят бўлади, — деганча жавраб қолаверди.
— Ўзимни папамлар, ўзимни папамлар... Орастахондан гуп-гуп француз атири билан «БТ» сигаретининг ҳиди келарди. Фақат шунинг ўзигина эмас, балоғат ёшига етган қизлардагина бўладиган ажиб бир тароватли ҳид ҳам анқиб турарди.

Бозорбойга қизининг эркаланишлари ҳам ёқмади. Елкасини бир силкиб, ўтирган стулини бери сурди.

Орастахон умрида дадасидан бунақа муомалани кўрмаганди. Мунғайиб дадасининг ўртаси ялтираб қолган бошига, токнинг зангидек бужмайиб кетган бўйинларига қаради.

Тижоратхон тилга кирди.
— Ҳой, дадаси, сизга нима бўлди, ахир? Эт-бетингиз оғриётгани йўқми? Валидол берайми?
— Жон хотин, ўргилай хотин. Қулоғимни тагида ҳаккага ўхшаб шақиллайвермагин. Нариги уйга чиқ, чиқ, деяпман!

Тижоратхон, бу одамга бир бало бўлганми ўзи, деб қизини эргаштирганча нариги уйга чиқиб кетди. Бир оздан кейин унинг: «Жувонмарг, қоқ ярим кечасигача қаёқларда юрувдинг», деган овози эшитилди.

Бозорбой ўйларди: «Бу хатни биладиган одам ёзган. Кимдан қанча олганимни аниқ ёзибди. Орқангда одам бор экан, Бозор! Ҳар қадаминг ҳисобда экан-ку, Овсар! Эшмон эмасмикан? Бордию ўша бўлса, қаёқдан билди экан?

Ўринбосарим Акром Қудратов тагимга сув қўймоқчи. Йигитлар уни йўлга солиш учун у-бу бериб кўришди. Олмади, ярамас. Ҳалол ойлик маошим билан бола-чақамни боқаман, дермиш. Э, боқиб бўпсан. Эшмоннинг қўлтиғига шу одам пуркаяпти. Бу аниқ!»

Бозорбойни бир нарса эзарди. Умрида бировга бир тийин бермаган. Фақат олган. Қайтиб бериш деган тушунча унда мутлақо бўлганмас. Мабодо, қайтариб беришга тўғри келиб қолса, қай аҳволга тушаркин? Ўлиб қолмасмикан? Йўқ, ҳеч бўлмаганда жинни бўлади... Мабодо бошига ана шундай кўргилик тушгудек бўлса кунига хотини ҳам, эркатой қизи ҳам ярамайди.

Лекин барибир нимадир қилиш керак. Ёғ ялаганда ёт, қон қусганда қариндош керак, деб бекорга айтмаганлар. Шулардан бошқа кимим бор...

Бозорбой машакдат билан ўрнидан туриб қизининг ётоғига кирди. Хотини билан қизи унга ҳайрон қараб туришарди.
— Орас, — деди Бозорбой ўзини ўнглаб, ажиб бир меҳрибонлик билан. — Сендан бир гап сўрайман. Аммо тўғрисини айтасан.
— Сўранг, дада, — деди лабларини чўччайтириб Орастахон.

Бозорбой Охунович гапни нимадан бошлашни билмай, остки лабини сўриб, бир оз туриб қолди. Кейин калласига антиқа фикр келгандек бирдан дадил гапира бошлади:
— Масалан дейлик, сен билан икковимиз қоронғи кечада бир жойдан келяпмиз.
— Қаердан? — деди Тижоратхон гапга аралашиб.
— Сен суқулмай тургин. Майли-да, тўйданми, ишқилиб, бир жойдан келяпмиз. Сумкангда анча пул бор. Шу пайт йўлимизни қароқчи-бандитлар тўсишди. Сенга пичоқ ўқталиб, сумкангдаги пулни бермасанг, дадангни сўйиб ташлаймиз, деб ўдағайлашди. Хўш, шунда сен нима қиласан? Пулни уларга берасанми?

Ораста шошиб сўради:
— Сумкадаги пул қанча эди?
— Ну, ўттиз минг дейлик.

Орастани хаёл олиб кетди. «Битта «Волга» — ўн беш ярим минг, японча видеомагнитофон — беш минг, норка пальто — уч минг, марварид — уч минг... — У шундай ўйларкан, дадасига ер остидан разм солди. — Ёши ҳам ўтиб қолган, ошқозони ҳам ҳилвираб турипти, юраги ишдан чиққан... яна яшаса беш йил яшар, ўн йил яшар...»
— Нега индамайсан, қизим? — деди Бозорбой кўзлари мўлтираб.

Орастахон ғамгин бир оҳангда сўради:
— Яқин ўртада милиционер йўқмикин?
— Йўқ, милиса йўқ, дейлик.
— Бақирсак, одамлар келиб қолишмасмикин?
— Йўқ. Яқин ўртада одам йўқ.
— Қочсам бўлмасмикин?
— Мени қароқчилар қўлига ташлаб-а?

Орастахон дарров жавоб қилди:
— Сизни нима қилишарди. Ну, ундан кейин қариб қолгансиз...

Бозорбой сапчиб туриб кетди:
— Э, суф сенларга-е!

У шундай деди-ю, тарс-тарс юриб кўчага чиқиб кетди.

Кун ёйилган. Шофёри Жаббор машина ичида донг қотиб ухлаб ётарди. У машина эшиги қарсиллатиб ёпилгандагина чўчиб уйғонди. Гўё жуда катта гуноҳ иш қилиб қўйгандек қўлини кўксига қўйиб узр сўради.
— Ҳайда! — деди Бозорбой бетига ҳам қарамай. Машина серқатнов шаҳар кўчаларидан ўкдек учиб бораркан Бозорбой идорада бўладиган учрашувларни кўз олдига келтирарди.

Кабинетига кириши билан орқасидан қўлида чойнак билан Бегижон пайдо бўлади. Ва албатта «Тўқсон бешга қалайсиз», деб гапни илаштиради. Ундан кейин Раҳмонли киради: «Хўжайин, янгисидан топиб қўйдим. Ичагингизни узвормаса калламни олиб ташланг», дейдию минг марта эшитган латифани бошлайди: «Афанди туғруқхонага хотинини кўргани борипти. Деразадан бош чиқазган хотинидан сўрапти. Хотин, ўғлим кимга ўхшайди? Сенгами? Хотини йўқ, деб бош чайқапти. Бўлмасам кимга ўхшайди, деб яна сўрапти Афанди. Сиз уни танимайсиз, деб жавоб қипти Афандининг хотини. Ҳа —ҳа-ҳа! Қалай, хўжайин?...»

Ана ундан кейин Турсунхўжа киради: «Абедга чиқмай туринг, хўжайин, уйдан устида қазиси билан ош келади», деб тайинлайди. У ҳали остонага етмай туриб Тўхтамурод киради: «Бир йигитни кўз остимга олдим, — деб гап бошлайди у. — Яхши одамнинг фарзанди, жуда сизга куёвбоп бола». Шундан кейин «аллақайси каттаконнинг ўғли» деб гапини тугатади.

Шу пайтгача Бозорбой уларнинг ҳамма гапларига ишонар эди. Энди улар ғирт хоин экан, деган фикрда пшхонага кетяпти.

Тепасига «База» деб ёзилган дарвоза олдида машина тўхтади. Юк машиналари, автофургонлар қалашиб кетган майдончада уни кутиб турган кишилар гув этиб орқасидан эргашишди. Қабулхонада ҳар хил нарядлар, накладнойлар ушлаган кишилар ўрниларидан туриб, унга салом беришди.

Бозорбой Охунович кабинетига кирди. Ҳали шляпасини қозиққа илмай туриб дермантин қопланган эшик унсизгина очилди, қабулхонадаги ғовур-ғовур эшик ёпи-лиши билан тинди.

Қўлида чойнак билан Бегижон пайдо бўлди.
— Хўжайин, тўқсон бешга қалайсиз? Асил лўнқасидан.

Бозорбой унга лоқайд қаради. Гўё уни биринчи бор кўраётгандек:
— Хўш, келинг, хизмат, — деди.

Қайноқ чойнак ушлаб узоқ туриб қолган Бегижон чойнакни стол четига қўйиб, куйган бармоғини муздек қулоғига босди.
— Мени холи қўйинг, — деди Бозорбой унинг бетига қарамай.

Бегижон нима қилишини билмай, анча пайтгача туриб қолди.

«Унга бир бало бўлган, иши чаппасига кетмадимикан? Зора шундоқ бўлса», деб ўйларди Бегижон.

У чойнакни столда қолдириб, қулоғини ушлаганича чиқиб кетди.

Нархи Тушган Одам

Бегижон кўзи алақ-чалақ, оёғи суст, қўли чаққон одам. Бир қараган нарсаси кўзига муҳрланиб қолади. Вентилятор парраги айланганда шаклини йўқотгандек, Бегижон чўт қоқаётганида бармоқлари чўт устида тутунга ўхшаб бориб келаверади. Аммо оёқ масаласида омади келмаган. Югуришда тошбақа билан мусобақа ўйнаса, албатта ютқазади.

Бозорбой Охунович унинг устида тажриба ҳам ўтказиб кўрган.

Янги қурилиб ичи молларга тўлдирилган омборга уни олиб кириб, икки минутгина чироқни ёқиб, яна ўчирди:
— Хўш, мулла Бегижон, қаерда қандоқ мол турганини айтиб беринг-чи.

Бегижон тескари қараб ўтириб омборда нимайики бўлса, ҳаммасини — қаерда турганини, қандоқ турганини, ранги қанақалигини, қутисида қанақа ёзув борлигини, қайси фабрикадан чиқканини аниқ айтиб берди.

Бозорбой ундаги бу қобилиятга ҳайрон қолиб ёқасини ушлаган эди.
— Қандоқ эслаб қоласиз, укагинам?
— Э, хўжайин, бир қараганда кўзим билан сувратини олиб қўяман.

Бегижон базага қоровул бўлиб ишга келганида йигирма ёшлардаги бети қаттиққина йигит эди. База бўлгандан кейин унча-мунча қонунга чап беришлар бўлиб турарди. Масалан, таниш-билишларга ноёб мол бериб пулини магазинга ўтказишлар, магазин олган ноёб молларнинг унча-мунчасини пулини тўлаб олиб қолиб, керакли жойларга чиқазиб туришлар...

Кимки базадан нарса қўлтиқлаб чиқса, Бегижонга рўпара бўлади. У ўтказса чиқиб кетади, ўтказмаса олган нарсасини қўлтиғига қисиб, кўзини лўк қилиб ўтираверади. Омбор мудирининг ўзи келиб Бегижонни рози қилади-ю, иш бости-бости бўлади.

Базада бунақа омборлардан ўн еттита. Ҳаммаси ҳам кунига битта-иккита боягидақа ишларни қилиб туришади. Бегижон ўз улушини олмай бунақа молларни чиқармайди. Бегижоннинг ўз тили билан айтганда, ўша пайтларда омбор мудири у ёқда турсин, база мудиридан ҳам кўп пул туширарди.

Базадаги катта-кичикнинг ҳаммаси ундан қўрқарди. Охири, шу бор экан, бизга тинчлик йўқ, деб ундан қутулиш йўлини қидира бошлайдилар. Улар қанча уринишмасин, Бозорбойсиз, ҳеч нарса қилиб бўлмасди. Чунки Бегижон Бозорбойнинг одами. Эчки қутурса эгасини сузади, деганларидек, Бегижон Бозорбойнинг шофёрини ҳам, машинасини ҳам тинтув қилиб ташқарига чиқазадиган бўлди. Қўйиб берса, Бозорбойдан ҳам унча-мунча ундирадиган чоғи бор.

База монтёрига битта костюм бериб, чўнтагига номери ёзиб олинган йигирма беш сўмлик солиб қўйишди. Монтёр дарвозадан чиқаётганда Бегижон уни тўхтатди. Монтёр ўзини соддаликка олиб, у-бу, деб кўрди. Бўлмади. Охири у бояги йигирма беш сўмликни буклаб туриб унинг кафтига босди. Бегижон илжайганича уни чиқариб юборди. Шу пайт Бозорбой, местком раиси, товаршунос учови монтёрни қайтариб Бегижоннинг олдига олиб келишди.
— Қандоқ ҳужжатга асосланиб мол чиқазиб юбордингпз!

Бегижон ўзини у ёқ-бу ёққа ташлаб кўрди. Учовлашиб ёнини тинтиб, бояги йигирма беш сўмликни олишди.

Ана шундан кейин Бегижонни қоровулликдан бўшатишди. Лекин Бегижон осонликча жон берадиганлардан эмас эди. Орадан бирор соат вақт ўтказиб Бозорбойнинг олдига кирди.
— Хўжайин, мендан осонгина қутулдим, деб ўйлаяпсиз-а? Йўқ, бу ерда бўлган, бўлаётган ишларнинг ҳаммасини заметкага олиб қўйганман. Манаву кўзлар ҳаммасини бехато сувратга олиб бўлган.

Бозорбой столни чертиб узоқ ўйланиб қолди: «Беги тўғри айтяпти. Агар у ишга тушиб кетса, ҳаммамиз расво бўламиз. Яхшиси муроса қилайлик. Уйдаги сир кўчага чиқмай қўя қолсин».
— Менга қара, Беги, — деди, — ғишт қолипдан кўчишга кўчди. Бошқа чорасини қидирайлик. Бўлган воқеани кўпчилик билиб кетди. Қоровулликка энди ҳозирча қайтариб бўлмайди. Нима дейсан, пойабзал омборига рабочий қилиб қўяйми?

Бегижон ўйланиб қолди. Кўзлари бир жойда турмай у ёқдан-бу ёққа бориб келаверди. Охири қорачиғи бир жойда тўхтаб қимирламай қолди.

У янги вазифасининг афзалликлари қандоқ, имконияти кандоқ, ҳаммасини тарозига солиб бўлганди.
— Бўпти, хўжайин. Мен рози.

Бозорбой бошидан тегирмон тоши тушгандек енгил тортди. Стол ёнбошида турган ички телефон трубкасини кўтариб:
— Обувнойни беринг, — деди. — Усмонхонмисиз? Менга қаранг, укагинам, шу Бегини сизга теги билан берднм. Бурнини ерга ишқалаб ишлатинг. Гапни айлантирмай хўп денг, укагинам. Мен бир иш килсам, билиб қиладиган одамман. Кейин хурсанд бўласиз.

Бозорбой трубкани жойига қўяркан: «Э, йўталмай ўл!» — деди ижирғаниб.

Ростдан ҳам Усмонхон қиш куни тарновда пайдо бўладиган сумалакдек қиёфаси тез-тез ўзгариб турадиган, чан қўлининг кафти билан киндигини босиб туриб йўталадиган ғалати одам эди. Бозорбой ичида, қани, иккита тулки бир ишлашсин, деб қўйди.

Аввалига Бегижон Усмонхоннинг у енгидан кириб, бу енгидан чиқиб ишлаб юрди. Сал кунда иккаласи тил топишиб қолишди. Бегижон шунақа ишни орзу қилиб юрган экан, омборни ҳавас билан тартибга солди. Бор молларни сортларига, қайси фирмадан чиққанига қараб жойлаштирди. Бирон нарса керак бўлганда қидириб юрмай, қўл узатганда дарров топадиган қилди. Усмонхон унинг бу ишидан хурсанд эди.

Буни қарангки, Усмонхоннинг дарди ичида экан, ўнг биқинида нўхотдек бир ярача пайдо бўлди-ю, кенгайиб данакдек бўлди. Шифохонага ётди. Рак экан, операциядан кейин бандаликни бажо келтириб бу дунёдан кўз юмиб кетди. Унинг ўлими ҳам Бегижонга қўл келди. То омборни муҳрлагунча эллик-олтмиш жуфт чех туфлисини гумдон қилди. Камомад чиққанда айб марҳумнинг бўйнига тушиб қолаверди.

Усмонхоннинг ўрнига бошқа ёқдан одам қидириб юришмай, қўли келишиб қолган, деб Бегижоннинг ўзини мудир қилиб қўя қолишди.

Бу Бегижон тушмагур бало чиқди. Усмонхон ўн беш йил ишлаб қилмаган ишларини ўйнаб-кулиб қиладиган бўлди.

Омбор ҳафтада тўрт марта, учтадан жами ўн иккита контейнер олади. Ҳар контейнерга беш юзтадан туфли, уч юзтадан этик сиғади. Фабрика ҳисобидан бир контейнерга бир-икки жуфт пойабзал скидка берилади. Бу дегани шу пойабзаллар нуқсонли деб ҳисоблансин ва нархи туширилган баҳорда сотилсин, дегани. Чиндан ҳам камдан-кам бўлса-да, пойма-пой туфли ёқи бир пойи бошқа размер туфлилар аралашиб келиб қолади. Брак чиқса-чиқмаса барибир нархи туширилаверади.

Бегижон шаҳардаги жамики бир оёғи протез ногиронларни танийди. Пойма-пой туфлиларни ўшаларга нархини туширмай сотади. Ҳафтада ўн икки контейнердан аллақанчаси нархи туширилмай савдога чиқазилади. Пули албатта Бегижоннинг чўнтагига тушади. Ана шунинг учун ҳам базадагилар Бегижонни «Нархи туширилган одам» деб аташади. Бегижон бу билан ҳам қаноатланиб қолмайди. Қайси бир магазин мол олса, ҳар бир туфлига беш сўм, этикка ўн сўм қўйиб беради. Агар магазин мудири оёғини тираса, Қўқон ёқи Чирчиқ пойабзал фабрикасидан олинган молни рўпара қилади.

Бегижон омборни қабул қилгандан бир ярим ой ўтиб, тилла тиш қўйдирди. Ҳужжатларга электрон соатли ручкадан қўл қўядиган бўлди. Яқин-яқинларда — қоровул пайтларида махорка тутатиб ўтирадиган Бегижон тушмагур энди «БТ» сигарет чекади. Чекканда ҳам сигаретани гугурт билан эмас, «Ронсон» деган инглиз зажигалкасида тутатади. Столининг устида совун қутидек япон магнитофони пайдо бўлди.

Бир куни Бозорбой Охунович омборга кирганида магнитофонга кўзи тушиб: «И, Бегиш, ўзингга ҳам олмабсанда», деб илмоқли гап қилиб қўйди. Шундан кейин магнитофон қулоғини ушлаганча кетди. Яна бир куни Бегижон энди машинага ўтираётган Бозорбойга имзо чектириш учун накладной узатди. Бозорбой ёнини титкилаб ручка тополмай турганда у электрон соатли ручкасини узатди. Бозорбой ҳафсала билан имзо чекиб, раҳмат, укагинам, деганича ручкани ички чўнтагига солиб қўйди. Ручка ҳам Бозорбойнинг иссиққина қўйнида кетди.

Бегижон ишига пишиқ одам. Керакли жойга, ғирчилламасин, деб мўлжалдан ортиқ мой чаплаб қўядиганлардан. У Бозорбой билан орани сира бузмайди. Пихи қайрилиб қўлтиғига кириб кетган бу одамни алдаб бўлмайди. Ўпқондек оғзига курак билан ташлаб турсанг ҳам тўймайдиган «Отахон»га бир меъёрида муомала қилиб турарди. Яъни, ҳар контейнердан икки юз сўм пул билан иккита пойабзал ўша кишиники. Булардан ташқари, унинг ёнидаги гугурт қутичадек дафтарчасида Тижоратхон билан Орастахон нечанчи пойабзал кийишидан тортиб, туғилган кунигача ёзиб қўйилган.

Бегижон мундоқ ўйлаб қараса, орадан ўтган уч йил мобайнида Бозорбойга ўн беш минг сўмлик нарса берипти. Албатта Бегижон ҳам анойилардан эмас. Бу пулларни шундай усталик билан қайтариб олайки, ўзи ҳам билмай қолсин, деб ўйларди. У ўйлаб-ўйлаб Бозорбойга қуда бўлишни дилига тугди. Бозорбой нимайики топса, яккаю ягона қизига атаб ташлаб қўяди. Ахир, шу қизидан бошқа меросхўри йўқ. Агар қизини Бегижон келин қилса, берган нарсаларининг ҳаммаси сеп бўлиб, ўз уйига келади.

Кунларнинг бирида Бегижон хотинини ёнига чақириб фикрини айтди:
— Ёмон бўлмайди. Гап ўғлингда қолган. Агар рози бўлса, совчи бўлиб борамиз. Эрталабгача ўғлинг билан гаплашиб, менга жавоб қил, — деб тайинлади.

Хотини ўғлига бу гапни айтганда:
— Бозор аканинг қизи Орастани айтяпсизми, — деди қўл силтаб, — ахир у ғирт анақа-ку.

Эрталаб хотини Бегижондан сўради:
— Ҳой, дадаси, ўғлингиз у қизни «нақа» дейди. Бу нима дегани?

Бегижон нима дейишини билмай, гапни қисқа қилиб қўя қолди.
— Энди ҳалиги, анақа дегани шўх дегани-да, ўғлингга айт, майда гап бўлмасин. Шуни олади, гап тамом!

Бегижоннинг хотини ўғлини қийин-қистовга олди:
— Вой болам, дадангнинг гапини икки қилмагин, анақа бўлса бўлар. Ҳар қандай қиз ёшлигида бир-бир «анақа» бўлиб ўтади. Мен ҳам «анақа» бўлганман, опаларинг ҳам «анақа» бўлишган. Катта опанг шунақаям «анақа» бўлганки. Хўп дегин, болам.

Ўғли: «Э, боринг-э», деб ўрнидан туриб кетди.

Бўлмайдиган ишга қўл уришдан фойда йўқ. Бозорбой икки дунёда ҳам Бегижон билан қуда бўлмайди. У қизини казо-казоларнинг ўғлига муносиб ҳисоблайди. Казо-казолар билан қуда бўлиб катта давраларда савлат тўкишни орзу қилади. Шунинг учун ҳам Беги қудачиликдан оғиз очиши биланоқ: «Укагинам, бўладиган ишдан гапир, нима қиласан, осмондаги ойга қўл чўзиб», деб гапни таққа тўхтатиб қўя қолди.

Бегижон бир-икки кун қовоқ-димоғ қилиб юрди-ю, кейин ҳовридан тушди. Тушмай қаёққа ҳам борарди.

Барибир шундоқ бўлгани билан Бегижоннинг юрагида Бозорбойга нисбатан бир ғубор қолди. Ҳар контейнердан бериладиган иккита туфли биттага тушди. Берадиган накд икки юз сўмни гоҳ бериб, гоҳ галга соладиган бўлди. Бозорбой бу «одобсиз, яхшиликни билмайдиган «нархи туширилган» одамнинг кўзини очиб қўйишга пайт пойлар эди.
— Келиб-келиб менинг ризқимни қирқасанми, тулки, — деб тўнғиллаб қўярди.

Ана шундай хаёллар билан Бегижоннинг гўрига ғишт қалаб ўтирган бир пайтда кабинет эшиги очилиб картошка бозори оғзидаги «Обувной»нинг мудири Эшмон Давлатов бош суқди:
— Кирсам майлими, Бозор ака?

Бозорбой бош ирғаб, рухсат ишорасини қилди. Эшмон саломалик ҳам қилиб ўтирмай қийиқчага тугилган салмоқлигина пулни «пўп» этқизиб столга ташлади.

Бозорбой сапчиб ўрнидан туриб кетди. У ҳеч қачон кабинетда бировдан пул олмаган. Кабинетда пора олишни конунга хилоф иш деб биларди.
— Бу нима? — деди Бозорбой кўзлари олайиб.
— Пул, — деди хотиржам Эшмон Давлатов.
— Қанақа пул?
— Пулдақа пул-да, хўжайин.
— Адресни адаштирибсиз, укагинам. Мен умримда пора олмаганман. Ҳозир мелиса чақирайми?

Эшмон бу гап айни муддао маъносида:
— Майли, — деди.

Бозорбой ўрнидан туриб қабулхона эшигини очди-да, котибасига, мен йўқман, деб эшикни ичидан қулфлаб олди. Жойига безовта ўтираркан:
— Эсинг жойидами, укагинам. Қани тугунни еч! Қанча олиб келдинг!?
— Э, хўжайин, бу пул сизники эмас, давлатники. Эшмоннинг давлатники, дегани уни қулоғига Давлатовники бўлиб эшитилди. Унинг ҳафсаласи пир бўлдию чор-ночор насиҳатга тушиб кетди:
— Э, шунақами, пул ўзимизники демайсанми? Савдо ходимининг иши нозик иш. Қиличнинг дамида юриб тирикчилик қилади. Эҳтиёт бўлиш керак. Бунча пулни ёиингда олиб юришинг яхши эмас. Назаримда, бештадан ошиқ бўлса керак, топдими?

Эшмон бош чайқади.
— Тополмадингиз, хўжайин. Олтита.

Бир муддат жим қолишди. Охири Эшмон мақсадга кўчди:
— Эркатойингиз мени сувга юбориб, суғормай олиб келяпти. Ё мени ишдан бўшатинг, ё Бегишингизни тартибга чақиринг. Элликта австрийский заифона этикни дўконимга ёзибди. Олгани келсам, ҳужжатларга қўлимни қўйдириб, олти минг сўмни тутқазди.
— Вой, аблаҳ-е. Вой, ноинсоф-е. Ўзи бу боланинг поймонаси тўлиб турипти. Ҳозир-ҳозир, чорасини кўрамиз.

У шундай деб ички телефон трубкасини кўтарди:
— Проходной билан уланг. Бугун ахранада ким? Луқмон тоға, сизмисиз? Сизга жанговар топшириқ. Бугун биронта ҳам мол чиказмайсиз. Тушундингизми? Шундоқ бўлсин!

Бозорбой телефон илгагини босиб яна кўтарди:
— Энди обувнойни уланг. Ким у? Ўзингизми, укагинам. Дарров олдимга келинг. Шошилинч.

У трубкани жойига қўяркан, тугунчага узоқ қараб ўтирди, кейин оғир хўрсиниб Эшмонга қаради:
— Манаву калитни олиб сейфни очинг. Ичига пулни қўйиб, ўз қўлингиз билан қулфланг.

Эшмон Давлатов эсанкираб қолди. Худди сеҳрлангандек Бозорбой айтган ишни қилди. Фақат сейфни қулфлаётганда қўли бир оз қалтирагандек бўлди. Бозорбой: «Ҳа, қўрқаяпсан-а, пул қўлдан кетди» деб, кейин стол ғаладонидан қоғоз-қалам олиб Эшмоннинг олдига қўйди.
— Ёзинг, нима бўлган бўлса, ҳаммасини аниқ қилиб ёзинг. Яширманг!
— Бошқа хонага чиқиб ёзай, ҳозир ўзи келиб қолса ноқулай бўлади.
— Қўрқманг, укагинам. Бегишнинг қўли чаққон бўлгани билан оёғи суст. Ярим соатсиз етиб келолмайди. Бемалол ёзаверинг.

Эшмон нима деб ёзишни ўйлаб қалам тишлаб ўтирарди.

Бозорбой унга қараб ғижиниб кўйди. Бирдан хаёлидан, тунов кунги хатни шу ёзмаганмикин, деган фикр ўтди.

«Эшмон Давлатов ўзи ҳам емай, бировга ҳам едирмайдиган қурумсоқлардан. Бутун умри савдо ишида ўтибдики, ҳалигача бири икки бўлмайди. Битта туфлини ўн йил кияди, чоғи. Унинг дўкони тўғрисида биронта шикоят тушмаган. Омбордагиларга ҳеч нарса бермайди. Шунинг учун ҳам уни ёмон кўришади. Бозорбой эллик ёшга кирганда база клубида юбилей кечаси бўлган эди. Ҳамма омбор мудирлари баҳоли қудрат, бири биллур ваза, бири гиламча, бири исми ёзилган тилла соат олиб келди. Эшмон бўлса «ўз ҳовлимиздан» деб, бир даста гул кўтариб келувди. Қақшамай ўлгур. Бола-чақалари ҳам дурустгина кийинмайди. Меҳмонни ҳам эплаб кутолмайди. Мажлисда бўлса тили бир қарич. Хатни шу ярамас ёзгани аниқ. Аммо унга қаттиқ гапириб бўлмайди. Ўлгиси келган одам у билан ўйнашади. Ишқилиб, Бегиш ўлгирнинг иши пачава бўлиб кетмаса гўрга эди. Нима бўлса ҳам Бегижон Эшмондан кўрсин. Эшмоннинг қўли билан унинг гирибонидан бўғаман».

Эшмон бир ярим варақни тўлдиргунича ҳам Бегижондан дарак бўлмади. Бозорбой унинг ёзганларини ўқиб стол тортмасига ташлаши ҳамон қўлида чойнак билан Бегижон кириб келди.
— Хўжайин, тўқсон бешга қалайсиз. Лўнқасидан...

У киравериш эшикка орқа қилиб ўтирган Эшмонга кўзи тушди-ю гапининг охири оғзида қолиб кетди. Қўлидаги электр плита устидан олинган чойнакни столга қўйишини ҳам, қўймаслигини ҳам билмай бир Бозорбойга, бир Эшмонга қараб туриб қолди. Охири қўли куйганига чидамай чойнакни столга қўйиб, куйган бармоғини муздек мармар сиёхдонга босди.
— Энди мендан хафа бўлмайсан, укагинам, ҳозир искалатни печатлаймиз. ОБХССдан одам чақириб ревизия қилдирамиз. — У шундай деб ўрнидан турди-да, сейф эшигини очиб тугунчага ишора қилди. — Мана бунга акт тузамиз.
— Э, ундоқ қилманг, хўжайин, — деди Бегижон бўшашиб.
— Иложи йўқ. Давлатов ҳамма гапни ёзиб берган. Қоғозга тушган хат ҳужжатга айланади. Сиз учун жавобгар бўлишни истамайман.

Бегижоннинг боши эгилиб қолди. Накд олти минг сўм қўлдан кетяпти. Бу ярамас Бозорбой ана шунақа пайтларда ўз фойдасини кўзлаб қолади. У пайт пойлайди. Пайт пойлаб, билагингдан шартта ушлайди. Қани, қутулиб кўр-чи!
— Хўжайин, — деди Бегижон умидсиз бир аҳвол-да. — Мени кечиринг. Бир итлик қилиб қўйдим. Энди такдирим сизнинг қўлингизда. Хоҳланг ўтга ташланг, хоҳланг пешонамни силанг.

Бозорбой столни чертиб узоқ ўйланди. Охири икки кафтини стол қирғоғига тираб ўрнидан турди:
— Бўлмасам, бундай қилайлик. Беги, сен ҳам аҳволимни тушун. Бир бало бўлса менга бўлади. Шунинг учун, иккинчи бунақа иш қилмайман, деб битта тилхат ёзиб бер. Агар биронтаси шу масалада гап қўзғаса, тарбиявий ишлар олиб борганман, деб айтаман. Менга қара, укагинам. Давлатовнинг дўконига жўнатиладиган 50 пар австрия этигини ҳозироқ жўнат!

Бегижон сейфга ишора қилди.
— Бу масалада кейин гаплашамиз, — деди Бозорбой. У гапни тугатмаган ҳам эдики, котиба қиз кирди:
— Бир милиция майори билан милиция капитани киришга рухсат сўраяпти.

Бозорбойнинг ранги докадек оқариб кетди. Бегижоннинг аҳволи ундан баттар эди.

Бегижон Бозорбойга мунғайиб қаради. Унинг бу нигоҳида, ўзингиз қўллаб юборинг, деган маъно бор эди.
— Қани, сизлар бораверинглар-чи, Беги. Мен уларни алаҳситиб тураман, сен дарров ўша 50 пар этикни дўконга жўнат. Бўлмаса жувормарг бўлиб кетасан.

Бозорбой шундай деб котибага қаради:
— Чақир, кираверишсин.

Эшикдан ўрта ёшлардаги майор билан ёшгина капитан кирди. Бозорбой майорни дарров таниди.
— Э, келинглар, келинглар...

Уларни ўтиришга таклиф қиларкан, Бозорбой Бегижон билан Эшмонга, тезроқ жўналаринг, деган ишора қилди. Эшмон билан Бегижон кабинетдан чиқиб кетишди.
— Мени танимадингиз-а, Бозорбой ака, — деди майор ўтираркан.
— Э, таниганда қандоқ, ўртоқ Сулаймонов. Ахир сиз билан ўтган йили Кисловодскда дам олганмиз-ку. Қалай, келин тузалиб кетдиларми?
— «Ботаника» санаторийсида дам олаётган эди. Кўргани машинада Термиздан келдик. Манаву капитан укамиз бизда терговчи бўлиб ишлайдилар. «Жигули»ни шу киши ҳайдаб келдилар.
— Ҳай-ҳай, жуда чарчагандирсизлар, — деди хаёл аралаш Бозорбой.

У шу топда бу одамлар бекорга келмагандир. Бирон хат-пат тушган бўлса текширгани келишган. Уларга муомалани бошқачароқ қилиш керак, деб ўйларди.
— Эсингиздами, Бозорбой ака. «Храм воздух»да суратингизни олган эдим, келин аям билан.

Бозорбой эслади. Сулаймонов курортда доимо бўйнига фотоаппарат осиб юрарди. Эсдалик учун ёдгорликлар олдида таниш-билишларнинг суратини оларди. Бир ҳаваскор суратчининг олгани нима бўларди, деб Бозорбой унга унчалик эътибор бермасди. Кунларнинг бирида «Храм воздух»да Тижоратхон билан икковининг суратини олган эди. Ўшани айтаётган бўлса керак.

Сулаймонов ён чўнтагидан қора пакет олиб, ичидан тўртта сурат чиқазди:
— Мана ўша сурат. Жуда яхши чиққан. Қачондан бери Тошкентга борсам Бозорбой акага бераман деб, асраб юрардим.

Бозорбой суратни олиб тикилди. Эр-хотин икковлари бошларига грузинча қалпоқ кийиб илжайиб туришипти. Тижоратхоннинг жуда тўлишган пайти экан. Бошқа суратда Бозорбой тожикистонлик база мудири билан булоқ бўйида сув ичиб туришипти. Оти нима эди?! Бозорбой ўйлаб, ўйлаб эслолмади.
— Э, раҳмат-е, — деди Бозорбой. — Зап иш бўлди-да. Бу живой тарих. Энди қачон қарасам, бирга дам олган қадрдонлар эсга келаверади.

Улар санаторий яқинидаги бир кампирнинг уйида девзирадан ош дамлаганларини, беданадан табака қилганларини эслашди.
— Шу дейман, Бозорбой ака, атайин курортга бориб бирон марта ваннага тушмадингиз-а, — деди кулиб Сулаймонов.

Котиба қиз патнисда чой олиб кириб, қўйиб чиқиб кетганидан кейин жавоб қилди:
— Э, дўстим, соппа-соғ одам бўлсам, ваннага тушиб нима қиламан. Биззи хотин сал ҳусндорроқ. Битта-яримта шилқим элакишмасин, деб қоровул бўлиб борганман.

У шундай дея туриб, бир минут, деди-ю, шошиб қабулхонага чиқиб кетди.

Котиба қиз олдида Бегижон ўлимини кутган маҳбусдек ранги қум оқариб ўтирарди. Бозорбойни кўриб дик этиб ўрнидан турди:
— Тинчликми, хўжайин?

Бозорбой унга ўқрайиб қаради:
— Сенлар шунақа қовун туширасанлар-да, мени балога қўясанлар. Эшмон хабар қилганга ўхшайди. Сени олиб кетгани келишипти. Искалатни печатлаймиз дейишяпти. Қоч! Искаладни қулфлагину жуфтакни росла. Уларни жўнатганимдан кейин кел. Нима бўлганини ўшанда айтаман. Мен ҳам бўш келадиганлардан эмасман. Енгидан кириб ёқасидан чиқяпман. Анаву капитани гапга кирмайдиган ўжар экан. Ҳеч эритиб бўлмаяпти.
— Жон ака, — деди ёлвориб Бегижон. — Бир бало қилинг. Ҳар қанча чиқими бўлса мана мен турибман. Бир бало қилинг, ака.

Бозорбой, бир уриниб кўраман, деб яна ичкарига кириб кетди.
— Зерикиб колмадингларми? — деди Бозорбой ўтираркан. — Энди бундоқ қилсак, уйга телефон қилай, келин аянгиз битта қўлбола ош қилса, бирга баҳам кўрсак. Шундай қилайлик-а?

Сулаймонов кўнмади. Шу бугуноқ қайтишлари зарурлигини айтиб, ўрнидан турди.

Бозорбой уларни база дарвозаси олдигача кузатиб чиқди. Жабборга уларни Тошкент меҳмонхонасигача обориб кўй, деб буюрди.

Бозорбой қайтиб келганда Бегижон уни кутиб турарди.
— Бўлдими, ака?
— Ичкарида гаплашамиз, — деди Бозорбой кабинет эшигини очатуриб.

Ичкарига киришганда Бегижон яна сўради:
— Бўлдими?
— Э, бўлмайдиган иш борми, укагинам. Пул бўлса чангалда шўрва! Ўша олти минг сўм пулинг кунингга яради. Ўн минг, дейди-я, ноинсоф. Зўрға, отанг яхши, онанг яхши, деб олтитага қўндирсам бўладими?

Бегижоннинг ичида бир нима узилиб кетгандек бўлди. Олти минг сўмни топиш осонми, э аттанг! Шу гап ростмикин, деб ўйларди у.
— Ҳазиллашаётганингиз йўқми, хўжайин?

Бозорбой тутақиб кетди:
— Яхшиликни билмайдиган аҳмоқ экансан. Менга нима эди-я, ўртага тушиб. Майли, Жаббор келсин, бориб пулингни қайтариб олиб келаман. Бу ёғига ўзинг муомала қиласан. Менга нима...

Бегижон қўрқиб кетди:
— Ундай қилманг. Бозор ака, майли, пул кетса кетипти. Бу ёғи тинчиса бўлгани.
— Тинчийди. Тинчиди, деб билавер. Бозор аканг бир иш қилса пишиқ қилади. Эшмонга қаттиқ гапирма. У ёмон одам.
— Э, раҳмат, ака. Бу яхшилигингизни сира унутмайман.

Бегижон бўлиб ўтган воқеага ишониб-ишонмай чиқиб кетди.

Бозорбой сейфни очиб тугунчадаги пулни қўлига олди. Худди тарозибонга ишонмай олган матоини қўлида салмоқлаб кўтараётган харидордек тугунчани кафтига қўйиб чамалади.

Бозорбой пулни оғирлигига қараб қанчалигини аниқ белгилайдиганлардан эди.

«Чўмилаётган Аёл»

Хотинидан бахти чопмаган Бозорбойнинг иккинчи уйланишга юраги дов бермасди. Тарки дунё қилиб дарвешона кун кўриб юрган ўша йилларда базага жанубий районлардан бирида магазин мудири бўлиб ишлайдиган бир жувон малака оширишга келади. Бозорбой уни кўрадию ақлу ҳушини йўқотади.

Бозорбой базада товаршунос эди. У жувон ҳам шу касбда экан. Уни Бозорбойга боғлаб қўйишади. Билаклари тирсиллаган, кўкрақдор, бетлари оппоқ жувонга ҳар қараганда Бозорбойнинг кўзлари қамашиб кетарди. Сўлқилдоқ кўкрагининг айри жойи тепасида мошдан сал каттароқ хол бор эди. Ана шу хол Бозорбойнинг тушларига кириб чиқарди.

Исми ҳам ажойиб. Ҳеч кимда йўқ исмлардан. Тижоратхон. Гаплари ҳам бошқача. Жуда ширин. Дастлабки пайтлар «о»ни «ў» қилиб, «ў» ни «у» қилиб гапирарди. «Ҳозир бораман» демасди. «Хўзир бўраман» дерди. «Тўйга бордим» демасди. «Туйга бўрдим» дерди. Тижоратхон ана шунақа ажойиб аёл.

Электрон калкулятор тугмасини босишни яхши билмаганидан Тижоратхон Бозорбойнинг орқасидан келиб, буни қандоқ босади, деб сўраганда елкасига илиққина тегиб турган аёл вужудидан Бозорбойнинг бошлари айланиб кетарди.

Хуллас, Бозорбой Тижоратхонга ошиқи беқарор бўлиб қолди. Лекин гапни нимадан бошлашни билмай эсанкиради. Зўр келганда керакли гап топиларкан. Икковлари буфетда компот ичиб ўтирганларида Бозорбойнинг калласига шунақа гап лоп этиб келиб қолди.
— Тижоратхон, санъат музейига бордингизми? — деб сўради.
— Бўрдим, — деди Тижоратхон.
— Борган бўлсангиз «Чўмилаётган аёл» сувратини ҳам кўргандирсиз?
— Ҳа, курдим, — деб жавоб қилди Тижоратхон. — Нима эди?
— Шу суврат сизга қараб чизилмаганми мабодо?
— Вой, мен ўшанга ўхшайманми, — деди у бу гап ниҳоятда ёққани билиниб турган бир оҳангда. — Э, бўринг-э!
— Йўқ, — деди Бозорбой. — Сиз унга ўхшамайсиз. У сизга ўхшайди.

Бозорбой ўша пайтларда идорадаги диванда ётиб юрарди. Хотинидан ажрашганда уй-жойи, мол-мулкини ташлаб, битта костюмини елкага илиб чиқиб келаверганди. Тижоратхон эса база ёнбошидаги келди-кетди учун махсус қурилган меҳмонхонада вақтинча истиқомат қиларди. Ишинг ўнгидан келаман, деса ҳамма йўл бирдан очилиб кетаркан. Қаранг, ойдек сўлқилдоқ жувон ўз оёғи билан келиб унинг ихтиёрида ишласа. Икковининг ҳам тепасида тергайдиган кимсаси бўлмаса. Кеч кириб ҳамма уй-уйига кетганда дил ёришга Тижоратхондан бошқа одам бўлмаса...

То хўроз қичқиргунча база олдидаги скамейкада у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришади. Тайёр пойлоқчи топилганидан севинган қоровул чопонига ўралиб вақтлигина уйқуга кетади. Бозорбойнинг ёшлиги қайтиб келди. Оҳ урса ўпкаси кўринадиган даражада ошиқи беқарор бўлди.

Тунни тонгга улашларнинг охири тўй билан тугади...

Тижоратхоннинг пойқадами ёқиб, тўйдан бир ой ўтганда Бозорбой база мудирига ўринбосарликка кўтарилди. Раҳбар ходим сифатида унга тўрт хонали уй беришди. Эски бўлса ҳам «Волга»да ишга бориб келадиган бўлди.

Тўй ўтганига роппа-роса бир йил тўлиб, бу қутлуғ санани нишонлашга тайёргарлик кўраётганларида тонг маҳали гумбирлаб ер қимирлаб берди. Эр-хотин чодирга кўчиб чиқишди. Тижоратхоннинг ой-куни яқин бўлганидан шошилинч қурилаётган коттеджлардан бири Бозорбойга берилди. Янги меҳмон ҳам янги уйга кўчмасанглар туғилмайман, деб турган экан. Кўчиб киришган куни қоқ ярим кечада Тижоратхонни «Тез ёрдам» машинаси туғуруқхонага олиб кетди. Қиз бола бахт келтиради, дейишади. Отини Орастахон қўйишди.

Тижоратхон битта туғдию янада гул-гул яшнаб кетди. Чақалоқ тўйига йигирма чоғли меҳмон келди. Ота бўлганидан қувониб кетган Бозорбой ширингина маст бўлди. Хотинининг олдига ўтирволиб тинмай уни таърифларди.
— Биззи хотин ёшлигида жуда гўзал бўлган. Музейдаги «Чўмилаётган аёл»ни кўрганмисиз? Худди ўшанинг ўзи эди! Тўғрими, хотин?

Тижоратхон бахтдан энтикар, эрининг гапига, «тўғре», деб жавоб қиларди.
— Ёш пайтини кўрмагансиз биззи хотинни. Тўғрими, хотин?
— Тўғре, — дейди мамнун илжайиб Тижоратхон. Тошкент зилзиласи муносабати билан бутун мамлакатдан ёрдам келди. Қурилиш материалларидан ташқари ноёб кийим-бошлар, рўзғор анжомлари, уй жиҳозлари базага тиқилиб кетди.

База мудирининг биринчи ўринбосари бўлган учун Бозорбой Охунов бошқа республикалардан келган молларни шахсан ўзи тақсимларди.

Бозорбойнинг ишларини зимдан кузатиб юрган баъзи бир «қитмирлар» орқаворатдан сасиб қўйишарди.
— Бозорбойнинг бозори чаққон бўлиб кетди.
— Ҳа, нимасини айтасиз, хотини бола туғса, ўзи пул туғаяпти.

Бу гапларда албатта жон бор эди. Тижоратхон тонг отгунча бир қўли билан беланчак тебратса, бир қўли билан ғижимланган ўн сўмликларни текисларди. Эрталаб эри ишга кетаётганда уйқули кўзларини ишқаб дерди:
— Дадаси, энди ўн сўмликларни обкеманг. Санайвериб қўлларим адо бўлди.

Бозорбой яйраб ҳазил қиларди:
— Шукр қилинг, шукр қилинг, Сангинова.

Бора-бора Тижоратхон эрининг топганига қаноат қилмай қўйди. Ўтирган жойда пул топиш йўлларини қидирарди.

Яна бир гап. Хотини билан қизига иккита француз атири бир ойга етмайди. Бозорбой атир олавериб омбор мудирининг меъдасига тегиб кетди. Йўқ, деса бўлмаса. Бераверса, ҳисоб-китобли буюм бўлса. Бир кун Бозорбой омборга кириб француз атирини сўраганда, мудир жонидан суғуриб бераётгандек атиги биттасини қоғозга ўраб узатди. Бозорбой бу гапни хотинига айтганда Тижоратхоннинг пешоналари тиришиб кетди.
— Рост-да, — деди Бозорбой. — Ҳар биттаси фалон пул бўлса. Ҳадеб қаёқдан олади? Сал орқа-ўнгига қараб ишлатинглар-да.
— Менга қаранг, дадаси. Склад мудирингиз опитний эмас экан. Иш билмаса нима қилади мудирлик қилиб! Буюққа ўтиринг, йўлини ўргатиб қўяй сизга.

Тижоратхон эрини диванга ўтқазиб «лекция» ўқишга тушди:
— Арақ, коньяк, атир каби буюмлар қопқоғи очилмай синган бўлса списат қилинади. Хасис ўлгирингиз қисинмай француз атири қанча бўлса бераверсин. Зарар кўрмайди. Қопқоғини очмай синдириб ичидагини марлидан ўтқазиб бошқа идишга қуйиб оламиз. Идишни ўзига қайтариб берасиз. Тушундингизми, дадаси?!
— Э, каллангга қойилман, Сангинова, — деб юборди Бозорбой.

База мудири Мирдадаев ёши бир жойга бориб қолган ветеран кооператорлардан эди. Кейинги пайтларда астмаси тутиб ойнинг ярмидан кўпини бюллетенда ўтказарди. Инсофли одам бўлганидан матлубот жамиятига ариза ёзиб пенсияга узатишларини сўради. Илтимоси инобатга ўтди. Мирдадаев ўз ўрнига Бозорбой Охуновни тавсия қилди. Ҳар қалай, базанинг икир-чикирларини биладиган, пасти-баландига қараб иш қиладиган бошқа одамни топиш қийин эди. Бозорбойнинг номзоди юқорига маъқул келди-ю, саксон биринчи йилнинг июнида уни база мудирлигига тасдиқлашди. Янги лавозимни ювиш учун Бозорбой Охунович уйига телефон қилиб, кечқурун ўн беш кишилик дастурхон тайёрлашни буюрди. Тижоратхон, мантига қўй гўшти бериб юборинг, деб тайинлади.

Соат бешларга бориб Бозорбой уйга телефон қилиб тайёргарликнинг боришини билмоқчи бўлди. Трубкани олган Тижоратхон йиғламсираб ҳиқиллаб жавоб қилди.
— Нима бало бўлди, нега ҳиқиллайсан?
— Қизингиз люстрани артаман деб тушириб юборди. Чил-чил бўлди.
— Қайси бирини, саккиз юз сўмлигиними? — деб сўради Бозорбой. — Ия, анавунисиними? Оббо, минг икки юзга тушадиган бўпмиз-да.

Хотини нималар деб узоқ тушунтирди. Бозорбой иягини қашлаб тингларди.
— Бўпти, бўлар иш бўпти. Ҳозир шофёр боради. Биронта қоғоз каробкага жойлаб бериб юбор. Янгисига алиштириб юборамиз. Мантини тугиб бўлдингми? Ҳа, дуруст. Ҳунарингни бир кўрсатасан, Сангинова.

Кечқурун соат етти яримда жамоат жам бўлди. Эшмондан бошқа ҳамма келди. Янги қандил ҳавойи нур тўкиб турган дастурхонда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор эди. Тижоратхон қоматини намойиш қиладиган юпқа ҳарир кўйлак кийиб олган. Кўйлаги шу қадар юпқа эдики, елкасидаги бонка солганда қолган доғлар бемалол кўриниб турарди. Орастахон бўлса оч ҳаворанг блузка кийиб олган.

Биринчи қадаҳ пенсияга узатилган Мирдадаевнинг соғлиғига кўтарилди. Иккинчи қадаҳ Бозорбойнинг соғлиғига. Учинчиси шу оилага файз киритиб Бозорбойдек нозиктаъб одамнинг кўнглини тополган Тижоратхон соғлиғига кўтарилди.

Учинчи қадаҳдаёқ Бозорбой чулдириб қолди:
— Жуда тўғри иш қилдинглар. Бизнинг рафиқамиз дунёда топилмайдиган аёл. Сизлар билмайсизлар, бизнинг хотин ёшлигида ниҳоятда гўзал бўлган... Тижо, журнални олиб чиқ!

Тижоратхон, қўйинг, уят бўлади, деб уни қайтармоқчи бўлди.
— Опчиқ, опчиқ. Ҳе, сенга айтяпман!

Тижорат ичкарига кириб кетиб қўлма-қўл ўтаверганидан эскиб кетган қандайдир бир журнални кўтариб чиқди. Бозорбой журнални варақлаб керакли саҳифани очди-да:
— Мана, — деди намойишкорона. — Бизни хотин ёшлигида худди шунинг ўзи эди.

Журналда санъат музейидаги «Чўмилаётган аёл» сувратининг рангли фотоси босилган эди.
— Ўлай агар, худди шунинг ўзи эди, — деди Бозорбой ҳиқичоқ тутиб. — Мана, ишонмасанглар ўзидан сўранглар. Ўхшайсан-а, Тижо! Тўғрими?
— Тўғре, — деди Тижоратхон эрининг гапини тасдиқлаб.

Ўйин-кулги ярим кечагача давом этди.

Авария

Кеча оқшом эр-хотин жуда хурсанд эдилар. Бозорбой Сочига иккита путёвка олиб келган. Тижоратхон йўл анжомларини йиғиштириб алла-паллагача ухлолмади. Эри хурракни қўйиб ухлаб ётибди. Соат бирдан ошган бўлса ҳамки қизидан дарак йўқ. Аллақайси бир дугонасиникига «именина»га бораман, дегандек бўлувди. Қизи тушмагурнинг бемаҳалда юриши ёмон-да. Унга қаттиқ гапириб бўлмайди. Дарров ҳурпайиб олади. Сал қаттиқроқ гапирсанг, ётоғидан чиқмай аразлаб ётаверади.

Дарвоза қўнғироғи чалинганда соат чоракам икки эди.

Кўча тарафда ғовур-ғувур бўлиб қолди. Орастахон дугоналарини бошлаб келган, шекилли.

Тижоратхон халатини елкага ташлаб, шиппакни оёғи учига илиб, лапанглаб бориб дарвоза ўртасидаги эшикни очди.

Орастахон «Жигули»ни уриб, олдини пачоқ қилиб кепти. Яп-янги машинага қараб бўлмайди.
— Ўзинг тинчмисан, болам? — деди онаси қўрқиб кетганидан титраб.

Орастахон, гапни чўзмай дарвозани очинг, деган ишорани қилди.

Тўрт давангир йигит машинани итариб ҳовлига олиб киришди. Гараж олдига тахлаб қўйилган брезент чодирни машина устига ёпишгач, «бўлдими, кетаверайликми» деб сўрашди.

Уларнинг гапи-гапига унча қовушмаганидан анчагина кайфи борлиги билиниб турарди. Орастахоннинг ишораси билан тўртталаси циркда ўргатилган отлардек гижинглаб, кўчага чиқиб кетишди.
— Даданг кўрса... нақ кунингни кўрсатади-я!
— Папамларга айтмай қўя қолинг. Сизлар курортдан келгунча тузаттириб қўяман.

Хотин кишининг ичида гап ётармиди. Тижоратхон эрталаб эрига оғзидан гуллаб қўйди.
— Дадаси, қизингиз бир гуноҳ иш қилиб қўйипти. Уришмай қўя қолинг.
— Нима бало қипти?
— Машинасини уриб кепти. Олди пачоқ бўлган. Шунча жавради, баллон олиб беринг, деб. Мана, нима бўлди? Сув сепилган асфальтда тиши едирилган баллон сирпаниб бориб, усталбага урилипти.

Эри қизининг соғ қолганига шукр қилиб индамай қўя қолди.

Бозорбой қурортга кетиш олдидан қиладиган ишларини ўйлаб беғамгина юрган эди. Кетар олдида бу ташвиш ортиқча бўлди унга.
— Сенлар шунақасанлар. Бир тийин топиш қудукдан сув тортишдан ҳам мушкуллигини билармидинглар?! Бу пулларни жонимни гаровга қўйиб топиб келяпман. Белларинг оғримаган-да, эсиз шундоқ машина. Бир-икки минг сўмнинг бошига сув қуядиган бўлдиларинг.

Тижорат индамади. Ичида, хайрият, ғазаб отига минмади, деб қўйди.
— Бери кел, Тижо! Сенга айтадиган зарур гапим бор. Хотин, нима гап экан, деб ёнига келиб ўтирди.
— Қизингни аҳволи бундоқ бўлса. Курортга индамай кетаверамизми? Кассага пул қўя олмаймиз, топган-тутганимизни бериб қўядиган яқин одамимиз бўлмаса, хўш, нима қиламиз? Қизинг уйни қўриқлашга ярамайди. Кечалари ҳам ташлаб, санқиб кетаверади. Ҳайронман, нима қилишга?

Тижоратхон масаланинг бу томонини ўйлаб кўрмаган эди. Уйни қўриқлашга пишиқ-пухта, ишончли бир одам керак. Уларда бунақа одам йўқ. Бозорбой ҳам, хотини ҳам ҳеч кимга ишонишмайди. Уйда оламжаҳон мулк бор. Пул бор. Тақинчоқ асбоблар бор.
— Ўйла, хотин, ўйла!
— Сиз отпускага чиққанингизда Жаббор нима иш қилади?

Бозорбойнинг кўзлари яшнаб кетди:
— Э, каллангга қойилман, Сангинова. Уйни қўриқлашга энг яхши кандидат шу Жаббор. Жабборга ҳам шу бугундан отпуска бераман. Сен қимматбаҳо нарсаларингни битта уйга қамайсан. Жабборга бериги меҳмонхонани очиб берамиз. У шу ерда туради. Еб-ичишга етадиган харж ташлаб кетаман. Кечаси билан бир нарсани ўйлаб чиқдим. Пул билан тақинчоқ асбобларни «Жигули»нинг баллонига тиқиб ғилдиракка ўрнатсак-да, кейин ғилдиракни машинага кийдириб қўйсак, нима дейсан? Машина бузуқ, юрмайди. Эски ғилдиракни биров ўғирламайди ҳам. Тураверади.

Тижоратхон эрининг уддабуронлигига қойил қолиб, бош ирғаб қўйди.
— Аммо, — деди Бозорбой. — Ғилдиракка баллон кийдириш менинг қўлимдан келмайди. Кучим етмайди. Қизинг ҳам эплолмайди. Бировга қилдириб бўлмайди. Шунга бошим қотиб турипти.
— Жаббор қилаверсин. Ахир у неча йиллардан бери сиз билан ишлаб синашта бўлиб кетган.
— Биров билмагани дуруст эди-да, хотин. Ўзи қани?
— Кўчада, машинасида ўтирипти.
— Чақир!

Бозорбой Жабборни жуда меҳрибонлик билан кутиб олди.
— Кел, Жабборбой, ўтир, ўғлим. Қани, дастурхонга қара. Уялма, олавер. Ўзинг қалайсан? Мен кетсам зерикиб қолмайсанми, ўғлим? Шу дейман, сен ҳам отпуска қилиб қўя қолганинг дуруст. Аммо-лекин, сенга бир иш топиб турибман. Отпуска пайтида қиладиган иш. Маоши нақд. Бизнинг уйга қўриқчилик қиласан. Қўлингга нақд уч юз ташлаб кетаман. Гул-пулга қараб, кечалари уйдан хабар олиб ётасан. Келганимдан кейин ўзим яна рози қиламан. Нима дейсан? Синглинг Орастахон ҳам ёлғиз. Қиз бола қўрқиб, ухлолмай юрмасин.

Бозорбойнинг гаплари Жабборга унча ёқмай турган эди. Орастахоннинг ота-онаси билан кетмай уйда қолишини эшитиб, дарров рози бўлди.
— Хўжайин, бир гапингизни икки қиладиган тилимни шартта кесиб ташлайман. Сизнинг этагингиздан ушлаб ёмон бўлмадим. Бирим икки бўлди. Тўрт хонали уйга эга бўлдим. «Москвич»ли бўлдим. Ишқилиб, базага нима келса қуруқ қўймайсиз. Бемалол кетаверинглар. Уйингиз тепасидан қуш экан-ку, ҳатто пашшани ҳам учирмайман.

Бозорбой яйраб кетди. Сурилиб келиб Жабборнинг елкасидан қучди:
— Раҳмат. Имони бут болалигини билардим. Яна бир синовдан ўтдинг. Энди бир сирли гап бор. Оғзингга пишиқ бўласан. Бу сир икковимизнинг ўртамизда қолсин. Ораста ҳам, онаси ҳам билмайди. Ҳозир икковини бир иш билан кўчага чиқариб юбораман. Икковимиз «Жигули»нинг баллонига пул жойлаб, машинага ўрнатиб кўямиз. Нима дейсан?
— Каллангиз ишлайди-да, хўжайин. ОБХССнинг тушига ҳам кирмайдиган ишларни биласиз.

Ўз ақлига ўзи қойил қолган Бозорбой лапанглаб уйга кириб кетди. Хотини билан узоқ гаплашиб қолди. Сал ўтмай Тижоратхон қизини эргаштириб, бозорга борамиз, деб кўчага чиқиб кетди.

Улар икки соат ўтганда қайтиб келишди. Бу пайт Жаббор пуллар билан тақинчоқ буюмларни баллонларга жойлаб, ғилдиракларни машина ўқига ўрнатиб бўлган эди. Она-бола ичкарига кириб кетишганда Жаббор сўради:
— Хўжайин, роса йиққан экансиз. Ҳаммаси тахи бузилмаган юзталиклар экан.

Бозорбой унга ўқрайиб қаради:
— Буёғи билан ишинг бўлмасин. Энди яна битта гап. Шу ерда кўрганларимни оғзимдан чиқармайман, деб қасам ичиб қўясан. Таомили шунақа.

Жаббор онасини ўртага қўйиб, қасам ичди. Бозорбой ўрнидан туриб меҳр билан унинг пешонасидан ўпди.
— Ота ўғил экансан. Қани энди, сендақа ўғлим бўлса. Энди сен ўзимники бўлиб кетдинг. Сени шундай рози қилайки, «Москвич»ингни «Волга» қилиб бераман. Манаву еринггача, — у бош бармоғини кекирдагига тегизиб кўрсатди, — давлатга ботасан. Яхшиликка — яхшилик кўрасан.

Орадан икки кун ўтиб, отпускага чиққан Жаббор ўз «Москвич»ида уларни аэропортга чиқазиб, кузатиб қўйди.

Қайтишда Орастахон машинанинг орқа ўриндиғида ўтирди. Йўлнинг ярмигача икковидан ҳам садо чиқмади. Орастахон, буни менга айғоқчи қилиб қўйиб кетишди, деб ўнларди. Жаббор бўлса шундоқ дўндиқ билан бир уйда қолиш имкониятидан фойдаланиш керак, деб ўйларди.

Жаббор илгарилари ҳам унга бир-икки қочириқ гап ташлаганда қиз баланддан қараб, писанд қилмаганди.

Орастахон йўлда тушиб қолди.
— Сиз кетаверинг, мен кечроқ бораман.

Жаббор ҳайрон бўлиб бўшашганча келаверди. У янги уйга кўниколмай анчагина ухлолмади. Ундан ташқари, Орастахоннинг келишини кутиб тиқ этса кўча эшикка караб ўтираверди.

Орастахон одати бўйича қоқ ярим кечаси қайтди. Кутавериб тоқати тоқ бўлган Жаббор эшикни очаркан, француз духисининг ҳидидан димоғи тарс ёрилай деди. Чуики духига папирос тутунининг ҳиди аралашиб, қўланса бўлиб кетган эди.
— Қаёқда юрибсиз? — деди тўнғиллаб Жаббор.
— Нима, эриммисиз, тергаманг мени. Ота-онам ҳам мсии тергаёлмаган.

Жаббор, боре, менга нима, дедию айвонга бориб чироқни ўчириб ётиб олди. Орастахон ичкари уйда алламаҳалгача ғимирсиб юрди. Магнитафонни шанғиллатиб сира ухлатмади. Жаббор тажанг бўлиб ўтириб олди. Тимирскиланиб шимининг чўнтагидан сигарета олиб тутатди. Ичкаридан ҳамон ҳиндча кўшиқ эшитилиб турарди.

Олд тугмалари қадалмаган халатни елвагай кийган Орастахон айвонга чиқди.
— Сигаретангиздан беринг, меники тугаб қолди, — деди у чироқни ёқа туриб.

Жаббор унга сигарета узатди. Орастахон сигаретани лабига қистириб тутатиб олай, деб энгашди. Халатнинг икки бари икки ёққа очилиб кетганидан унинг вужуди баралла кўриниб турарди. Жаббор бир қўли билан унинг сигаретасини тутатаркан, иккинчи қўли билан беихтиёр елкасидан тутди. Қиз атайин қилдими, ё ўзи шунақа бўлиб қолдими, мункиб кетди. Мункиди-ю, Жабборнинг бағрига тушди...

Эртасидан бошлаб уни Орастахон эмас, Ораста деб, сенлаб чақирадиган бўлди. То у ишдан қайтгунча Жаббор ош дамлаб, гоҳ қозонкабоб қилиб кутиб оларди.
— Қанақа эркаксиз, — деди яна бир ҳафта ўтганда Орастахон. — Бирон нордонроқ нарса топиб келсангиз-чи, кўнгилларим айниб кетяпти.

Жабборнинг юрагини ваҳм босди. Оббо, нордон нарсани бекорга кўнгли тусайдими, бир гап бўлган унга.

Кечга томон Жаббор айвонда сабзи тўғраб ўтирган эди, жияни келиб қолди. Қўлида телеграмма. Шошиб олиб ўқиди. Опасидан экан.

«Укагинам Жабборжон. Поччанг аварияга учраб, оғир аҳволда ётибди. Тезда етиб кел».

Жабборнинг ота-онаси ёшлигида ўлиб кетган, шу опасининг қўлида қолган. Поччаси ўз боласидек боқиб вояга етказган эди. Юраги алланечук эзилиб кетди. Шошиб кийиндию кўча эшик остонасига чиқиб, Орастахонни кута бошлади... Аксига олиб Орастахоннинг концерти бор экан, кеч келди.
— Э, қаёқда юрибсан? — деди алам билан Жаббор. Орастахон хандон ташлаб кулди:
— Негадир тергаганингиз бу гал алам қилмади-я.

Жаббор унга телеграммани узатди. Орастахон ўқиб бир унга, бир телеграммага қаради.
— Боришингиз шартми?
— Шарт! — деди Жаббор.
— Дадам билан аям мени сизга ишониб ташлаб кетишган-а. Ундан ташқари, докторнинг ҳаракатини қилишимиз керак эди.

Жаббор қўл силтади:
— Ҳозир шу гап кўнглимга сиғадими?

Орастахон титраб кетди. Ғазабдан лаблари кўкариб, икки қошининг ўртасига тугунчак тушди.
— Кетасанми?! — деди у ғазаб билан.
— Ахир тушунсанг-чи, бормасам бўлмайди.

Жаббор шундай деди-ю, шарт бурилиб кўчага чиқди-кетди.

Орастахон уни келади деб бир соат кутди, икки соат кутди, келмади.

Шошиб телефон трубкасини кўтариб, номер тера бошлади:
— Махсума. Ўзингмисан? Жон ўртоқ, тезда бизникига етиб келгин. Ётадиган бўлиб кел. Бир ўзим қўрқяпман, Жаббор ўлгир кетиб қолди. Поччаси авария бўпти. Келасан-а. Бу яхшилигингни сира унутмайман. Бўпти. Кутаман.

Орастахон трубкани жойига ташлаб, кимсасиз қоронғи кўчага югурди. Юрагини ҳовучлаб дугонасини кута бошлади.

Топилдиқ

Бозорбой «Жигули»га тўртта баллон обориб бер деб, деб уч юз йигирма сўм ташлаб кетган. Бегижон ўзи билан ўзи овора бўлиб эсидан чиқиб қолибди.

Бугун ишга келиб, халат кияётса чўнтагидан пул чиқди. Ия, Бозорбой ташлаб кетган эди-ку, деб «спорттовар»лар омборидан баллонларни олиб, автофургонга юклаб келди.

Орастахон айвонда бир ўзи хаёл суриб ўтирган экан. Бегижон зўр бир иш қилаётгандек дарвозадан бирин-кетин тўртта баллонни ғилдиратиб кирди. Орастахон баллонларни кўриб севиниб кетади, деб ўйлаган эди. Йўқ, унинг юзида севинч аломати кўринмади.
— Бир ўзингиз нима қилиб ўтирибсиз? Чол-кампирлардан дарак борми? — деб сўради Бегижон.
— Кетишгандан кейин бир ҳафта ўтгач, телефон қилишганди.

Бегижон бу гўзал қизга бир яхшилик қилмоқчи бўлди:
— Нима қилай, оппоқ қиз. Баллонларни ўзим ўрнатиб берайми?
— Кераги йўқ, — деди Орастахон. — Машина авария бўлган. Юрмайди. Устахонага боргандим, ГАИдан справка бўлмаса, тузатиб бермас экан. Частний устага тузаттиринг, дейишди.

Бегижон устига брезент ёпилган машина олдига келди-да, брезентни кўтариб қаради. Машинанинг буфери эгинган. Олдидаги никель панжараси эгилиб, радиаторини тешиб қўйган. Иккала чироқни ҳам алмаштириш керак.
— Унчалик қийин эмас экан. «Спорттовар»да ҳаммасидан бор. Дадангизнинг ўринбосарларига телефон қилинг, йўқ демайди. Агар у кишига айтиб шу нарсаларни олдириб берсангиз, устани ўзим топаман.

У шундай деб соатига қаради:
— Ҳозир Акром ака ўзларидалар. Бир телефон қилиб кўймайсизми?

Орастахон айвон токчасига чиқариб қўйилган телефон олдига борди. Номер тера бошлади. Бегижон: «Пулни ўзим тўлайман деяверинг, мен бериб тураман», деб шивирлади.

Акром ака узоқ чайналгандан кейин рози бўлди.
— Эртага шанба, индинга оддих. Мен бўшман. Бояги нарсаларни складдан олиб, бугун ташлаб ўтаман. Уйда бўлинг-а. Эртага уста олиб келаман. Акахонимиз келгунларича машинани гижинглатиб қўямиз. Кўриб хурсанд бўладилар.

Бегижон айтганини қилиб «Москвич» фургонида буфер, иккита чироқ ва бошқа қисмларни ташлаб кетди.

Эрталаб, у башарасидан одам кўркадиган, ичаверганидан ранги кўкимтир бўлиб кетган, яқин орада иягига тиғ тегмаган бир устани бошлаб келди. Уста машинанинг у ёғ-бу ёғини кўриб, тузатса бўлади, деди.

У халтадан асбоб-ускуналарини олиб ишга тушиб кетди. Бегижон машина тагига кириб, чалқанча ётиб олган устага ҳар хил асбобларни узатиб турди. Орастахон бир чойнак билан иккита пиёла келтириб қўйди. Бегижон ўзича тушуниб:
— Орастахон, синглим, уста чой ичмайдилар. Магазинга чиқиб уч-тўрт шиша сухой вино олиб келинг, — деди.

Устанинг юзига табассум югурди. Ёқимсиз бир илжайиб қўйди.
— Барматуха бўлсин, — деб таъкидлади у.

Уста икки соатдан ортиқ уриниб, пачоқ бўлган ғилди-рак қисмларни олиб ташлади. Шундан кейингина дам олишга чиқди. Чалқанча ётавериб зах ўтиб кетган экан, ўзини офтобга солиб, «Барматуха»дан бир пиёлани тўлдириб ичиб, анча жонлангандек бўлди.
— Ана, энди буёғи осон. Энг қийинидан қутулдик.

Уста ниҳоятда камгап одам эди. Бегижон уни ҳар қанча гапга солмасин, ўнта сўроғига битта жавоб берарди. Қаерликсиз, уста, деб сўраганда, водий тарафларданман, деб қўя қолди.

Бегижон унинг афти-ангортини кўриб, сал хушёрроқ турмаса уйни шилиб кетишдан хам тоймайди, деб ўйларди.

Уста радиаторни яхшилаб ўрнатди-ю, олдидаги ни-кель панжарани ўрнатишга анча қийналди. Машинанинг олди тарафи сал шикаст еган экан. Чокини чокига тўғрилагунча кеч бўлди.
— Уста, қаерда турасиз? — деб сўради Бегижон.
— Кимнинг юмушини қилсам, ўшанинг уйида ётаман, — деб жавоб қилди уста.

Уни бу уйда қолдириб бўладими?! Турқи-тароватини қаранг!
— Иш тополмаган кунларда қаерда ётардингиз, уста, — деб сўради Бегижон.
— Қумлоқдаги самоварда, — деб жавоб қилди у.
— Эртага ўзингиз топиб келоласизми, ё ўзим бориб олиб келайми? — деб сўради Бегижон.
— Тошкентни яхши билмайман. Доим кўчаларида адашиб юраман. Ўзингиз бошлаб келганингиз дуруст. Бугунча етар. Магазинлар бекилиб қолмасдан борай энди.
— Магазиндан нима оласиз?
— Мунча сўрайверасиз? Кечаси нимани ичаман?! Дўкон бекилмасдан олиб қўйишим керакми, ахир.

Устанинг овқатга унчалик хуши йўқ экан. Орастахон олиб келган жаркопга қайрилиб ҳам қарамади. Охирги шишани пиёлага сирқитиб вино қуйди-да, газаксиз ичиб, ўрнидан турди.

Эрталаб Бегижон устани бошлаб келганда Орастахон айвонда Жабборни қарғаб ўтирарди. Унинг ранги ўчган, дармонсиз эди. Кеча Бегижон устани олиб кетгандан кейин дугонаси топиб берган аёллар докторига бориб, ўзини «даволатган» эди. Бегижон унинг ночор аҳволини кўриб ҳайрон бўлди.
— Нима гап, тобингиз йўқми? — деб сўради.
— Шамоллабман, — деб қўя колди Орастахон.

Уста янги қисмларни ўрнатгунча уч шиша «барматуха»ни бўшатди. Худди заводдан чиққандек янгиланган машинага қараб Бегижоннинг завқи тошиб кетди. Қўли гул уста экан, деб унинг ишига таҳсинлар ўқиди.
— Яшанг, уста! Энди тўрттала баллонни алмаштирсангиз бўлди.

Орастахон мазам қочяпти, Бек ака, кириб пича ётай, чой-пойга ўзингиз қараб турарсиз, деб уйга кириб кетди.

Уста аввал олдинги иккита ғилдиракни чиқазиб янги баллон қўйди. Кейин орқадаги иккитасини чиқазди, Эскириб, титилиб кетган баллонни дискадан олаётганда аллақандай латтага ўралган нарсалар чиқа бошлади. Бегижон биттасини очиб қараган эди, марварид, тилла узуклар экан. У шошиб бошқасини очди. Тилла қошиқлар, бошқасида билакузуклар ва бошқа тақинчоқлар. Ичавериб кўзлари қисилиб кетган уста бу нима бало экан, деб индамай безрайиб турарди.

Бегижон кўрсаткич бармоғини лаблари устига босиб, устага, дамингни чиқарма, деган ишорани қилди. Уста бош ирғаб тураверди. У Бегижоннинг ишораси билан дпскага янги баллон кийдириб, ўққа илиб қўйди. Кейин охирги тўртинчи баллонни дискадан чиқазишга тутинди. Баллон ичи ғиж-ғиж юз сўмлик пачкалар эди. Бегижон шошиб пулларни қоғоз қопга сола бошлади.

Уста жуда ғалати одам экан. Кўз олдида шунча воқеа содир бўляпти-ю, қани бир энтикса. Ўликка ўхшаб кўзини бақрайтириб турипти. У индамай ғилдиракни ўрнатиб, қўлини ювгани водопровод томонга кетди.

Бегижон охирги шишадаги винони косага тўлдириб қуйиб, устани зўрлаб ичирди.

Кетар вақти ҳам бўлди. Бегижон деразани тиқиллатиб Орастахонга эшикни беркитиб олинг, деди. Ичкаридан «Эшикни қаттиқроқ ёпсангиз ўзи қулфланиб қолади. «Английский замок», деган жавоб бўлди. Орастахоннинг чиқмагани Бегижон учун айни муддао эди.

Уста темир-терсаклар солинган халтасини, Бегижон пул ва тилла буюмлар тўла қопни орқалаб йўлга тушди.
— Мулла ака, юз сўмликни ушламаганимга кўп вақтлар бўлган. Уч-тўрттасини менга берарсиз.

Бегижон топган бойликни уста билан баб-баравар бўлишмоқчи эди. У бўлса уч-тўрттагина юз сўмлик сўраяпти. Бегимжон анойилардан эмас эди. Бош чайқаб афсуслангандек гапирди:
— Майли, бераман. Қонунга хилоф бўлса ҳам бешта юз сўмликни сизга бераман. Қолганларини банкага топширишим керак.

Узоқдан Қумлоқ гузари кўриниши билан улар тўхташди.

Бегижон уста яна бирон кун кайфда довдираб келиб қолмасин, деб атайлаб иккинчи тополмайдиган қилиб пастқам кўчалардан адаштириб олиб келарди. Бегижон қопга қўл чўзмай ён чўнтагидан бешта юз сўмлик чиқазиб устага узатди.
— Кўрдингми, мен ўз ёнимдан беряпман. Бу пулга тегиб бўлмайди. Бировнинг ҳақидан қўрқаман. Гуноҳга ботишни истамайман.

Устанинг на уйи, на жойи бор. Унга бойликнинг аҳамияти йўқ. Кунига бир-икки шиша арзон вино топса, шу унинг бойлиги. Бегижон энди уни бир умр кўрмайди. Бундан кўнгли тинч.

Аммо уста ким билан учрашганини, исми нима, қаерда ишлайди, уйи қаерда, икки кун қайси кўчада, кимнинг уйида ишлаганини ҳам билмасди. Айниқса, кетар олдида Бегижон босиб-босиб икки шиша винони қистаб ичиргандан кейин уста мутлақо эсини йўқотиб, оқ-қорани танимай қолганди.

Ҳозир Бегижон бола-чақаси билан, невара-чеваралари билан бир умр еб тугатиб бўлмайдиган хазинани орқалаб бораркан, ўзини дунёдаги энг бахтли, энг бой одам деб биларди.

Бозорбой аблаҳ бўлгани билан баъзи-баъзида рост гапириб қўяди: «Ҳой Бегиш, сенинг қўлинг чаққон, оёғин суст» деганида жони ҳиқилдоғига келган эди.

«Мана, гапи рост чиқди. Мендан бошқа одам бўлганда шу пайтгача уйга етиб оларди. Мен аблаҳ ҳалиям йўлнинг ярмига етганим йўқ».

Энди у Бозорбой Охуновичга ҳам, пойабзал омборига ҳам тупуради. Қичкинагина бир ишга кириб олиб, каламушга ўхшаб топган бойлигини кемириб ётаверади.

У шундай хаёллар билан пастқам кўчалардан юриб, Чиғатой гузарига чиқди. Бу гузардан ҳаммавақт машинада ўтарди. Чойхонада ўтирган танишлар унинг қоп орқалаб келаётганини кўрсалар, нима деб ўйлашлари мумкин.

Бегижон кўприкка етганда рўпарадан келаётган такси сигнал берди. У машинанинг ўткир фарасига дош беролмай панжаралари билан юзини беркитди.

Такси шундоққина унинг ёнига келганда ғиқиллаб тормоз берди. Эшик очилиб, сочлари тўзғиб кетган бир йигитнинг боши кўринди:
— Бегишмисан? Бу ёқда нима қилиб юрибсан? Эрталабдан бери қидирамиз. Қани, машинага чиқ! Ҳозир уйингга бориб келяпмиз. Эшмон Давлатовга «Хизмат кўрсатган савдо ходими» унвони берилди. Базадагилар бирма-бир табриклаб келишяпти. Ўшаққа борамиз.

Бегижон эсанкираб қолди. Нима дейишни билмай, чайналди:
— Йўқ, ўзинглар бораверинглар, мени ишим бор.
— Э, ишинг қурсин, — деди орқа эшикни очиб тушган давангир йигит. — Қани юр, юр!

Йигит у орқалаган қоғоз қопни юлиб олиб, машина ичига улоқтирди. Ўзини итариб машинага чиқазди.
— Жон оғайнилар, мен боролмайман. Меники узрли. Боролмайман. Жон дўстлар...

Машинадаги жўраларнинг кайфи баланд эди. Унинг гаплари қулоқларига кирмас: «Одаммассан ўзинг, якка-мохов бўлиб юрасанми, мундоқ улфатларга қўшил-да», деб дашном беришарди.

Оёқ тагига ташланган қоғоз қоп шундоққина унинг болдирига тегиб турипти. «Э, худо, ишқилиб ичида нима борлигини билиб қолишмасин-да», дея ичидан нола қиларди Бегижон.

Машина Эшмон Давлатовнинг эшиги олдида тўхтади. Бегижон машинадан тушмай қопига ёпишиб ўтираверди.
— Жон дўстлар, ўргилай дўстлар, шу машинада уйимга етиб олай...

Ҳеч ким унинг гапига қулоқ солмади. Бири қопидан, бири этагидан судраб пастга туширишди. Итариб ичкарига олиб киришди.

Бегижон ҳовлига кирипти ҳамки, қопини қўйвормасди.
— Нимабало, қопда тилла-пилла борми, мунча ёпишиб олдинг?!
— Э, қўйвор-е, қопинг қурсин, ичида юз минг сўм пулинг бўлса ҳам биров тегмайди, — деди қопнинг бир четидан тортиб турган йигит.
— Юз минг экан-ку, икки юз минг бўлса ҳам биров тегмайди, — деди бошқаси.

У шундай деди-ю, қопни юлиб олиб ҳовли ўртасига улоқтирди. Қоп янгигина сув сепилгандан ҳосил бўлган кўлмакка бориб тушди. Бегижон жон ҳолатда югуриб қопни кўтарган эди, ивиган қоғоз қоп йиртилиб ичидан пачка-пачка юз сўмликлар тўкилди. Дастрўмолчаларга алоҳида-алоҳида тугилган алланималар ер билан битта бўлди.

Ҳамма ҳайрон. Бегижон кўзларини чирт ювиб дағ-дағ титрарди.

Маҳалладан кирган меҳмонлар ҳам гурра ўринларидан туриб, одамлар даврасида қолган пул уюми тепасига келишди.
— Милицияга хабар қилиш керак, — деди кимдир. Бу овозлар Бегижонга жуда узоқдан эшитилаётганга ўхшади. Эшмоннинг ўғли ўқдек отилиб, кўчага чиқиб кетди. Сал фурсат ўтиб у участковойни бошлаб келди. Одамлар икки тарафга айрилиб унга йўл беришди.

Пул санайвериб кўз пишиб кетган база ходимларидан бири ўртадаги пулни чамалаб бир гап айтди.

Ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади.

Бу воқеага гувоҳ бўлишни истамаганлар оёқ учида юриб, аста тарқала бошладилар.

Эшмон Бегижонга ёмон қаради:
— Фалокатинг ўзингга ургур. Ўғрилик пул билан келиб мени бадном қилмоқчимидинг, хунаса?

Бегижон унинг бетига қарамай, тишларини ғичирлатди. Унинг ҳозирги ҳолати қопқонга тушган бўрини эслатарди.

Қайтиш

Кечқурун Орастахон дугонаси Махсума билан телевизор кўриб ўтирган эди, телефон қаттиқ жиринглади. Шошиб трубкани кўтарди. «Ҳозир Сочи билан гаплашасиз», деган товуш эшитилди. Сал фурсатдан кейин Бозорбойнинг шодон овози янгради:
— Орас, ўзингмисан? Тинч ўтирибсанми? Соғлиғинг яхшими? Эртага учамиз. Жабборга айт, соат иккида аэропортга машина олиб чиқсин!
— Жаббор йўқ. Поччаси авария бўлган экан, Марғилонга кетган. Мен Махсума деган дугонам билан ўтирибман.
— Бўлмасам ўринбосарим Акром Қудратовга айт, машинасини чиқазсин. Ўзим унга телефон қиламан, эҳтиёт шарт, сен ҳам қўнғироқ қилиб қўй, Ўйдан жилмай ўтир. Мана, маманг билан гаплашасан.

Тижоратхон, Орас, дейиши билан вақт тугаб трубкадан қисқа-қисқа гудок эшитилди.

Орастахон шу заҳотиёқ Акром акага телефон қилиб кутиб олишга машина беришни сўради. «Аввал уйга келиб, мени олиб кетсин» деб қайта-қайта тайинлади.

Эртасига машина Орастахон айтган пайтда келди. У қанчалик пардоз қилмасин, барибир юзида пайдо бўлган оч жигарранг доғлар сезилиб турарди. Ўзи ҳам анча озиб, сўлиб қолган эди.

Самолётдан энтикиб тушган Тижоратхон қизига қараб, юраги шув этиб кетди. Хотин киши жуда сезгир бўлади-да. Бир қарашда нима бўлганини билди.
— Сенга нима бўлди? — деди у қизининг қулоғига шивирлаб.
— Офтобда қўпроқ юрган эканман, бир-икки кун тобим қочди.

Тижоратхон лабини тишлаб бошини сарак-сарак қилди. Бунақа ишлар унинг ҳам бошидан ўтган эди. Ёшлик-бебошлик, хатолик ҳар кимдан ҳам ўтади, деб ўзини тинчитди. Машина жойидан қўзғалганда у яна қизининг қулоғига шивирлади:
— Ким эди у яшшамагур!

Орастахон: «Э, боринг-э» деб юзини тескари ўгирди. Бозорбой ҳам, Тижоратхон ҳам роса қорайишипти. Денгиз суви, жануб офтоби уларга жуда ёқибди.
— Орас, бу Жабборнинг поччаси қаерда авария бўпти? — деб сўради Бозорбой. — Тирикмикин, ишқилиб? Телефон қилмадими?

Орастахон, йўқ, деб бош силкиди.
— Базада нима янгиликлар бор? — деб шофёрдан сўради.
— Гап кўп, Бозор ака. Бегижон жинни бўп қопти. Балнисада ётипти. Одам танимайди, дейишади. Акром акам кеча кўргани борган эканлар, у кишига қараб «Эшмон, Эшмон ўлгур, тўқсон бешга қалайсан, лўнқасидан дамлаганман», деб супургини кўрсатипти.
— Ё тавба, — деб ёқасини ушлади Бозорбой. — Бу касал наслида бор бўлса ажабмас. Кейинги пайтларда кўзи бежо бўлиб қолганди. Яна нима гаплар бор?

Шофёр машинани тор кўчага бурганидан сўнг жавоб берди:
— Эшмон Давлатов облпотребсоюзга старший ревизор бўлиб кетди. Шу гапни эшитгандан кейин Раҳмонали ака билан Турсунхўжа шалвирлаб қолишди. Бегишни ҳам шу жинни қилган, дейишяпти. Акром акам бўлсалар: «Уларнинг гапига ишонма. Эшмон чесний бола, қани энди, савдо ишида шунақалар кўпроқ бўлса», дейдилар.

Бозорбойнинг дами ичига тушиб кетди. Бу Эшмон дегани худо урган одам. Очдан ўлса ўладики, бировнинг нонини емайди. Юқорига кўтарилгани чакки иш бўпти. Базадаги жамики икир-чикирларни билади. Боплаб кавлаштириб қолмаса гўрга эди.

Бозорбой бошқа гап сўрамади. Машинанинг бир томони лопиллай бошлади.
— Баллон қўйворди, — деди шофёр тормоз берар экан. — Жиндек сабр қиласизлар, бирпасда алмаштириб оламан.

Бозорбойнинг самолётда ўтиравериб бели қотиб кетган эди. Шофёр ғилдиракни алмаштиргунча пастга тушиб, у ёқ-бу ёққа юриб, белини уқалади. Қўлларини осмонга кўтариб, бир-икки марта яхшилаб керишди.

Шофёр чаққонгина экан, ғилдиракни дарров алмаштириб қўйди.

Бозорбой машинага ўтирганидан то уйга келгунча чурқ этиб овоз чиқазмади. Ҳозир унинг юрагига қил ҳам сиғмасди. Эшмон Давлатов баланд лавозимга эмас, Бозорбойнинг елкасига чиққандек эди.

Шофёр юкларни айвонгача обориб, қайтиб чиқиб кетди. Бозорбой унга раҳмат ҳам демай, кўча эшикни ичидан беркитиб олди-да, гараж чироғини ёқди. Яхшилаб ювиб артилган «Жигули» ялтираб ўзини қамаштирди. Тиззалаб ўтириб орқа ғилдиракларга қаради. Қаради-ю тубсиз жарга кулаётган одамдек мувозанатни йўқотиб, бир томонга оғиб кетаверди. Охири елкаси билан гуп этиб ерга йиқилди.

«Ғилдирак, ғилдирак», деб шивирлади. Ўз овози ўзига узоқдан эшитилаётганга ўхшайди. Бор кучини ниғиб қичқирди.
— Тижо! Орас! Орас!

Унинг овози ниҳоятда хунук эди. Бу овоз Бозорбойнинг овозига ўхшамасди. Бўғизланаётган одамнинг хирқириқ овози эди.

Бу даҳшатли овоздан айвонда чамадон очаётган она-бола кўрқиб кетишди. Бири кетидан бири югуриб, гаражга келишди. Бозорбой ёнбошига йиқилганча оғзидан кўпик чиқариб ётарди. Қорачиқлари қотиб қолган, очиқ кўзлари машинанинг орқа ғилдиракларига қараганча бақрайиб турарди.

Тижоратхон эрининг елкасидан кўтараман, деб энгашдию машинанинг орқа ғилдираклари янгиланиб қолганини кўриши билан додлаб юборди.
— Войдод, ҳонавайрон бўлдим! Уйим куйд-е! Гадо бўлдем!

Шофёр кетмаган экан. Тешилган камера ўрнига янгисини қўйиб баллонга ел бераётган эди. Ичкаридан даҳшатли йиғи овозини эшитиб, эшикни тақиллата бошлади. Тижоратхоннинг додлашидан эшикнинг тақиллаши эшитилмасди. Шофёр девордан ошиб тушди.

Тижоратхон эрининг оғзидан кўпик чиқариб ётганини ҳам унутиб, машина атрофида телбаларча додлаб айланарди:
— Дод, дод!

«Дод» товушидан қўни-қўшнилар югуриб чиқишди. Тижоратхон одамларга қарамас, сочларини ёзиб, ёқаларини йиртиб додларди. У додлаб-додлаб охири кўксини чангаллаганича жимиб қолди. Фақат ияги тинмай қимирларди. У ҳолдан тойиб, эрининг ёнига йиқилди.
— Доктор чақириш керак!
— Чақириб нима қиласан?! Тайёр машина бор экан, касалхонага зудлик билан обориш керак.

Қўшнилар уларни кўтариб машинага олиб чиқишди. Шофёр ажиб бир чаққонлик билан моторга ўт берди-ю, машинани елдек учириб кетди.

Қоронғиликда жадаллаб кетаётган машинанинг икки қизил чироғи кичрайиб-кичрайиб, охири кўринмай қолди.

Хотима

Ёмон гапнинг ҳам қаноти бўлади. Пир этиб учадию томма-том, деворма-девор ошиб, элнинг қулоғидан кириб, оғзидан чиқади.

Бозорбойнинг жинни бўлиб қолгани хеч кимни ажаблантирмади. Бунга сабаб ундан олдин Бегижон отини қамчилаб ҳамкасбларининг «этини ўлдириб» қўйгани эди.

Лекин барибир шундоқ одамнинг бошига кўргилик тушганда гап-сўз бўлмасдан қолмас экан.

Тушлик пайти база ошхонаси одатдагидек гавжум эди. Чойни майдалаб, ўтган-кетган гаплар муҳокама қилинди. Ҳар ким билганича бичиб-тўқиди. Турсунхўжа билан Раҳмонали ҳам шу ерда.

Гап айланиб Бозорбой билан Бегижоннинг касалига тақалади.
— Бу касал наслида бўлса керак, — деди кимдир. Раҳмонали шу гапни айтган кишини силтаб ташлади:
— Оғзим бор, деб ҳар гапни айтаверасизми? Ишимиз оғир.

Қурилиш материаллари омборининг юк туширувчиси Абдуллажоннинг зардаси қайнаб кетди:
— Ҳой, менга кара, ишингни нимаси оғир? Космосда спутник учиряпсанми ё халқаро аҳволнинг тақдири сенга қараб қолганми? Пул санаб чарчаётган бўлсанг, менга бер, санашиб берай. Йўқ, биродарлар, бу очкўзлик балоси! Беш бармоқни баб-барабар оғзига тиқишдан. Баъзи одамларга ҳайронман, қайси замонда яшаяпсан, ахир. Текширувчилар омон бўлса тилла йиққанларнинг ҳаммасини гирибонидан тутади. Бухородаги райпонинг раиси анча олтин-марварид билан қўлга тушиб, муздеккина бўлиб ўтирипти. Ҳей, егандан қўрқ, йиққандан қўрқма, деган экан биров. Ўзлари битта-битталаб териб олади. Тавба, шунча пул-у олтинни нима қиласан? Гўрингга орқалаб кетасанми? Кўпчилик мулки ҳисоб-китобли, биттасини олсанг ўрни билиниб қолади. Қани, тегиб кўр-чи! Ишим оғир, дейди-я, э, сени қара-ю...

Гапдан гап чиқиб одам боласи нега жинни бўлади, деган масала кўндаланг келиб қолди.
— Маҳалламизда Икром деган киши бор эди. Бир жинни бўлиб, салкам олти ой касалхонада ётиб, даволаниб сапсем тузалган. Ўшандан бир куни, биродар, жиннилик қанақа бўларкан, деб сўраганинимда жуда қизиқ гап айтди: «Э, ука, жинни бўлмабсан, дунёга келмабсан. Бизи Тошкентдаги Комсомол кўли авжи сувга тўлган пайтида ўртасига гилам ёзиб роса улфатчилик қилардик».

Ўтирганлар бу гапдан ҳанг-манг бўлиб қолишди. Гапни Абдуллажон илиб кетди:
— Бир билағон одам билан гаплашган эдим. Одам боласининг ҳаромдан топган пули эллик мингдан ошса, чап кўзининг жияги қизара бошларкан. Юз мингга етганда қизариш ўнг кўзига ҳам ўтаркан. Юз мингдан ошганда секин-аста жиннилик бошланаркан.

Ўтирганлардан бири гапга гап қўшди:
— Бегижон орқалаб юрган пул уч юз эллик минг экан, тилло буюмларни ҳисобламаганда. Демак, кўзининг жиягидан то товонигача қизариб кетган экан-да.

Абдуллажоннинг гаплари Раҳмонали билан Турсунхўжанинг бошидан санчилиб товонидан чиқаётганга ўхшарди.

Турсунхўжа Раҳмоналининг қулоғига шивирлади:
— Нима қилардингиз шу сассиқ билан тортишиб? Жимгина ўтиравермайсизми?
— Ҳаммани ёмонга чиқазвордингиз-ку, — деди яна тили қичиб Раҳмонали.

Абдуллажон ҳам гапдан қоладиганлардан эмас эди:
— Ўзингни яхшилар қаторига қўшмоқчимисан? Сен у рўйхатга кирмайсан. Тўғри, яхшилар кўп. Мана, масалан, Эшмон Давлат, ўттиз йилдан бери савдо соҳасида пшлайди. Йигирма йилдан ортиқ мана шу искалатларда ишлаган. Уйига битта пайпоқ ё бўлмасам битта дастрўмол олиб кетмаган. Қизини узатганда ёрдам кассасидан беш юз сўм олган. Ўзим санаб кўрганман. Курорт деган нарсани билмайди. Отпускасида икки ўғлини ёнига олиб том сувайди. Ойлигига қаноат қиладиган одам. Сенлар мамлакатда қанчаки курорт бўлса, кўрмаганинг қолмаган. Тўй қилсаларинг, ўн бир маҳалладан одам айтасанлар.

Турсунхўжа Раҳмоналини яна туртди:
— Туринг! Бу сассиқнинг жағи очилиб кетди, энди тўхтатиб бўлмайди. — Турсунхўжа Абдуллажонга қаради. — Қўйинглар, бошқа гаплардан гаплашайлик.
— Нимани гаплашайлик бўлмасам. Сен тўғрингдами? Ўғлимни уйлантираётганимда келинбоп битта жемпер сўраганимда бермаганингни гапирайми? Бозорга тушиб қўлдан икки баробар нархга олганман. Ўзимизнинг искалатдан чиққан молга ортиқча ҳақ тўлаганимни айтайми? Ўшанақа жемпердан хотининг, қизинг, келининг тўйга кийиб келганидан гапирайми? Менга кўзингни олайтирма! Сен яхши одамлар рўйхатига суқилма. Қанақалигинг искалат ревизия бўлганда билинади.

Раҳмонали этагини қоқиб, ўрнидан туриб кетди. Йўлда келишаётганда Турсунхўжа бир гап айтди:
— Булар билан олишманг, укажон. Кўйдек ювош бўлинг, ҳа, ўшанда ютасиз.

Раҳмонали билан Турсунхўжа худди маслаҳатлашиб олгандек уйга келибоқ, ойнага қараб кўз жиякларини йириб кўришди. Ҳозирча қизарганга ўхшамади.

Орадан икки кун ўтиб Турсунхўжа Жабборга, Бозорбой ака билан Бегишни кўриб келайлик, обориб келгин, деган эди, Жаббор бензин йўқ деб баҳона қилди. Акром аканинг шофёри уларни касалхонага олиб борадиган бўлди. Бозорга бориб иккита пакетни тўлдириб йўлга тушишди. Жаббордан дили оғриган Турсунхўжа уни ёмонлай бошлади:
— Бу ярамас Бозорбойнинг қизини йўлдан уряпти, деб эшитдим.

Унинг гапини Раҳмонали тасдиқлади:
— Орастанинг бўйида бўлиб қолганмиш.

Шофёр шофёрни ҳеч қачон бадном қилмайди. Бири-бирини суяйди.
— Шу гапга ишониб ўтирибсизми? Ёлғон гап. Исплетний гап.

Лекин бу «Исплетний гап» аллақачон база аҳлига тарқалиб бўлганди.

Навбатчи врач Бозорбой билан Бегижонни махсус хонага чақириб, уларга учраштирди. Ё тавба! Бозорбой ҳам, Бегижон ҳам уларни танимади.

Бозорбой худди мажлисда гапираётгандек қўлларини силтаб: «Санъат музейига борингиз, «Чўмилаётган аёл» суратини кўрингиз!» — деб қичқирди. Бегижон бўлса ким эшикдан кирса, қўлидаги совун қутисини кўрсатиб: «Тўксон бешга қалайсиз, хўжайин, лўнқасидан» дерди.

Бегижон Бозорбойнинг олдига келиб, қулоғига шивирлади:
— Э, биродар, мен Бозорбой деган ярамаснинг устидан ўзига аноним ёзганман. Етти минг пулимни еб кетгансан, овсар, деб ёзганман.

Раҳмонали билан Турсунхўжа қайтиб чиқишар экан, навбатчи врач уларга «Келиб овора бўлиб юрманглар, барибир сизларни танишмайди» деди.

Ҳовлига чиқишганда Бозорбой Бегижондан сўради:
— Биродар, ўзлари қаердан бўладилар?

Бегижон ўйлаб-ўйлаб қаерда яшаганини, қаерда ишлаганини, ҳатто ўзининг кимлигини эслолмади. Бозорбойнинг бетига қараб маъносиз илжайди.
— Жуда тўғри айтасиз, укагинам, — деди Бозорбой ундан жуда ҳам маъноли гап эшитгандек. — Гапингизга қўшиламан. Бизнинг хотин ўзингиз айтгандек ёшлигида жуда гўзал бўлган... Ўзи ҳам сутга чайилгандай.

Шу пайт рўпарадан келаётган бош врачга кўзи тушиб, қаддини ростлади-да:
— Ҳой, доктор, ғилдиракларингизни омонат кассада сақланг! — деб қичқирди.

Бош врач: «Хўп-хўп, албатта шундай қиламан» деб ўтиб кетди.

Орадан бирон ой ўтиб газетада «Ғилдирак» деган фельетон босилди. Унда «Жигули» ғилдирагида яширилган пулнинг саргузаштлари ёзилган эди.

Албатта бу газета руҳий касаллар шифохонасига ҳам етиб келди. Кўпчилик гоҳ кулиб, гоҳ ёқа ушлаб ўқиб чиқди. Уни Бозорбойга ҳам, Бегижонга ҳам ўқиб беришди.

Иккови ҳам фельетонга тушунмади. Газета ўқилаётганида Бегижон ҳуштак чалиб, Бозорбой бармоқларини бир-бир букиб, «Шанба, якшанба, чоршанба...» деб кун санаб ўтирди.

Бозорбой бечора бу фельетонни икки йилдан бери кутарди. Атайин газетага обуна бўлганди-я... Э, аттанг!