OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиКатайса (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Катайса (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Қосимжон машинада хотинини бир айлантирмоқчи бўлиб турганда, эшик тақиллаб қолди. Чиқса синглиси билан куёви. Ака-сингил ўртасида андак гап қочганидан улар анчадан бери кўришишмаган эди. Қосимжон катта бошини кичик қилиб йўқлаб боролмади, синглиси ҳар қалай аёл киши эмасми, ўзи эшик қоқиб келди. Қосимжоннинг боши осмонга етди. Хотини то сабзи-пиёзини қовуриб бўлгунча, гир этиб бориб, битта коняк топиб келмоқчи бўлди. Куёвининг ҳайҳайлашига ҳам қарамай, дарвозани очиб машинани олиб чиқди. Янги «Москвич» офтобда ярақлаб ел қувиб кетди.

Бугун дам олиш куни бўлганидан кўчада машина унча кўп эмас эди. Магазинни тушликка бекитишмасин деб, у машинани елдек учириб катта гастрономга келди. Одам кўп. Коняк ичадиганларнинг ини бузилганми, ҳаммаси беш юлдузлигидан сўрайди. Қосимжоннинг навбати келгунча ҳам анчагина вақт ўтди. У шишани қўлтиққа тиқиб чиқса, машина олдида бир гала бола чуғурлашяпти. Бири капотини силайди, бири бўлса, олдига миниб олибди.

Қосимжон пашша қўригандек қилиб, болаларни тирқиратиб қувиб юборди. Бир маҳал қараса, шундоққина кўринадиган жойига кимдир мих билан «Eркин» деб қириб ёзиб қўйибди. Қосимжошшнг жони кекирдагига келди.
– Ким қилди?

Бир қиз кўчанинг нариги бетига қараб қочаётган иштончан болани кўрсатди.

Қосимжон жон ҳолатда унинг кетидан қувди. Бола зинадан пилдираб иккинчи қаватга чиқди-ю, чап қўлдаги эшикка кириб қарсиллатиб ёпиб олди.

Қосимжон ҳансираб қўнғироқ тугмасини босди. Сал ўтмай, эшик очилди. Унинг қаршисида пижама кийиб, бошини хотинларнинг косинкаси билан танғиб олган директори Бек ака турарди.
– Ия, ия Қосимжон, келинг, келинг.

Қосимжон нима қилишини билмай, бирпас серрайиб туриб қолди. Кейин чайналиб тилга кирди:
– Шундоқ, ўзларини бир йўқлаб қўяй деб... Айтганча, янги уйлар муборак, Бек ака.

Бек ака мамнун илжайиб, унинг қўлтиғидаги шишага қаради.
– Ҳа, айтганча, уйга қуруқ келмай, деб.
– Қани, қани ичкарига. Зап иш қипсиз-да, Қосимжон. Узим ҳам бир дилдор ҳамсуҳбатга кўнглим кетиб турган эди. Айтганча, кичкина «Чайка» муборак бўлсин. Машина опсиз, бир катайса қилдираман ҳам демайсиз.

Қосимжон шошиб жавоб қилди:
– Ўзи атайин шунга келаётган эдим. Бугун дам олиш куни, хўжайинни бола-чақалари билан бир ўйнатай, деб келаётганим шу-да.

Ичкарига киришди. Хўжайиннинг хотини арчилган сариқ шафтолидек бўлиб ваннадан чиқиб келди. У Қосимжонни кўриб, энсаси қотгандек қошларини кериб бир қаради-ю, нариги хонага ўтиб кетди. Кейин ичкаридан унинг палағда товуши эшитилди:

– Эркинингиз ваннаниям расво қипти. Сувни тортмаяпти. Тузатиб беринг.

– Оббо, – деди Бек. – Умримда қилмаган ишим. Қандоқ тозалашни билмасам.

У илтижо назари билан Қосимжонга қаради. Қосимжон ҳам бу қарашнинг маънисига етди. Дик этиб ўрнидан турди-ю, ваннага қараб юрди.

Ванна ичи мағзавага тўлган, тешиги ўлгур сув тортмаяпти. У билагини шимариб, қўлини тиқиб, ярим соатча уринди-ю, охири сув тортадиган жойидан иккита ёнғоқ олиб ташлади.
– Ҳа, баракалла, – деди Бек. – Техникани эгаллаган кишиларнинг садағаси кетсанг арзийди. Раҳмат, ука.

Қосимжон то ваннани тозалаб чиққунча, Бек закускани боплаб, конякни рюмкаларга қуйиб, унга маҳтал бўлиб турган экан. Биттадан ичиб олишди.

Шу пайт Эркин кирди. Қосимжон машинани расво қилган болани еб ташлашга тайёр эди. Аммо унга қараб майин илжайди. Қизиқчилик қилиб, бир кўзини қисиб, мўйлабининг бир учини қимирлатди. Бола унинг бу ҳунарига қойил қолиб яқин келди.
– Амакинглар-чи, ҳозир бизни машинада айлантириб келадилар. Маза қиласан, ўғлим.

Ичкаридан хонимнинг товуши келди:

– Феодалларга ўхшаб ўзларинг маза қилмангларда, биз шўринг қурғур эзилган хотинларни ҳам айлантиринглар. Шундоқ поччамникига ҳам бирров кириб ўтаман.

Яна икки рюмкадан отиб олишди.

Кетишда Эркин бўёқ қаламларини ҳам олиб чиққан экан. Йўл-йўлакай сирланган эшикка, олд томонига суратлар ишлаб борди. Бек унинг рассомлигига қойил қолиб, мақтаб борарди.
– Хотин, бу қизиталоғингдан рассом чиқадиганга ўхшайди. Қарқуноқдан булбул чиқибди, деб шуни айтадилар-да.

Боланинг қўлидаги қалам ўлгурнинг учи пўлатданми, нима бало, чизган жойини қиради. Бола машина деворини эмас, Қосимжоннинг юрагини қираётгандек. Ичи куйиб кетяпти. Гўрни бир нима деб бўладими. Қайтага уни мақтайди.
– Оббо азамат-э, мактабда расмдан беш олсангиз керак, а?

Бола йўлда икки марта хархаша қилиб, мороженое олдирди. Иккаласида ҳам Қосимжоннинг ўзи тушиб олиб чиқди. Хотиннинг поччасиникига ҳам боришди. Улар кириб кетишганича бир ош пишарли вақтда чиқишди. Яна йўлга тушдилар.

Кечга яқин хўжайинларни уйларига келтириб қўйди-ю, то зинадан чиқиб кетгунларича Эркинни кулдириш учун ҳар хил қилиқлар қилиб турди.

У энди кабинага кираман деб энгашган ҳам эдики, милитсионер осмондан тушдими, ердан чиқдими, олдида пайдо бўлди. Гувоҳнома сўради. Қосимжон ёнини ковлаётганда, милитсионернинг қошлари чимирилиб кетди.
– Шошманг, шошманг, битта «ҳуҳ» деб юборинг-чи.

Ана шундан кейин нима бўлса бўлди. Милитсионер уни обормаган жойи қолмади. Маст шофёрларни текширадиган жойга обориб, стаканга «ҳуҳ»латиб ҳам кўрди. Гувоҳномасини олиб, рулга яқинлаштирмай, орқага ўтқазиб, ўзи кичкииа «Чайка»ни ҳайдаб уйига опкелиб қўйди..

Синглиси ҳам, куёви ҳам сузиб келтирилган ошга қўл урмай, хавотирда ўтиришган экан. Хотини бўлса, машина пачақ-пачақ бўлгану, эрим ўликхонада қонга беланиб ётибди, деб ўйлаб кўнгли озиб диванда ётарди. У эрининг товушини эшитиб, аранг бошини кўтарди:
– Қаёқда эдингиз?

Қосимжоннинг тили калимага келмади. Дир-дир титрарди. Охири, икки-учтагина гапни бир амаллаб оғзидан чиқарди:

– Аждарнинг оғзида эдим. Аммо, керакли аждар, хотин.