OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиМени кечиринг (интермедия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Интермедиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мени кечиринг (интермедия)
Саид Аҳмад

Eргаш(секретарга.) Ёнимга ҳеч кимни киритманг. Бошқармага отчёт тайёрлаяпман. (Кириб кетади.)

Ҳасан (киради.) Хўжайин ўзларидамилар?

Секретар. У киши бугун ҳеч кимни қабул қилмайдилар. Бошқармага отчёт тайёрлаяптилар.

Ҳасан Икки оғизгина гап холос. (Секретарнинг қаршилигига қарамай эшикни очиб киради.) Ассалому алайкум. (Eргаш бош кўтармайди.) Аҳволлар яхшими, хўжайин. Бола-чақалар, жияну жиянчалар, қуда-андалар...

Eргаш. Гапни қисқа қилинг. Ишим тиқилинчроқ. Айтинг нима гапингиз бор.

Ҳасан Шошманг, хўжайин. Аввал бир ҳол-аҳвол сўрашволайлик.

Eргаш. Гапнинг лўндасини айтақолинг, шошиб турибман.

Ҳасан Мен аҳмоқни кечиринг. Нодонлик қилдим.

Eргаш. Сизни танимай турибман.

Ҳасан Ия, ия, наҳотки танимасангиз? (Ўзича гапиради.) Устомонлик қиляпти. Икки дунёда кечирмайди, бу аблаҳ. Хўжайин кечириб қўяқолинг. Айб менда.

Eргаш. Қанақа айб экан. Билмайроқ турибман.

Ҳ а с а н (ўзича). Билмас эмиш-а. Қўйиб берса хап этиб, еб қўйишга тайёрсан, аблаҳ!

Eргаш. Бўладиган гапни гапиринг. Қанақа айб қилгансиз?

Ҳасан (ҳў... тулки. Билмас эмиш-а). Менга қаранг, хўжайин. Ўша куни мени анаву аблаҳ Садир амаки йўлдан урди. Хўжайиннинг таги қимирлаб турибди, сен ҳам битта-иккита тош отиб қол. Бир нимали бўлиб қоласан, деб лақиллатди. Мен аҳмоқ, мен дуррак ўша аблаҳнинг гапига кириб Сизни танқид қилдим-а. Шундоқ бегуноҳ париштадек беозор, сиздек тиниқ одамга лой чапладим-а. Леонарда Винчими, Маҳтумқулими қайси бири: «сичқоннинг ўлгиси келса, мушук билан ўйнашади», деб айтган экан, мен аҳмоқ, мен дуррак сиздек олижаноб мушук билан ўйнашаманми! Ҳозир олдингизда ўзимни чавақлаб ташлайман?!

Eргаш. Йўқ, йўқ, унақа қила кўрманг. (Ўзича.) Нима бало деб танқид қилган экан, асло эслаёлмаяпман.

Ҳасан (еслаёлмайсан-а, эслаёлмайсан. Пайт пойлаб теримни шилиб, сомон тиқасан, ярамас). Жон, хўжайин, кечириб қўяқолинг.

Eргаш(диққат бўлиб). Кечирдим, бемалол уйингизга кетаверинг.

Ҳасан Ростданми? Астойдил айтяпсизми?

Eргаш. Ҳой биродар, ишим мана шундоқ тиқилинч. (Қўлини кекирдагига арра қилиб кўрсатади.)

Ҳасан Кетаверсам бўладими? Бемалол кетаверайми?

Eргаш. Э, эзма бўлмай ўл! Бемалол кетаверинг!

Ҳасан Хўп бўпти. Кетдим. (Чиқиб кетади.)

Eргаш. Бу эзма чурук ким ўзи, қачон, нима деб танқид қилган экан? Сира эслаёлмайман. (Қоғозларни титкилайди.) Иккинчи квартал бир юз уч, учинчи квартал бир юз саккиз...

Ҳасан (ешикни очиб мулойимлик билан киради). Бир оғиз гап чала қопти, хўжайин. Петр Первийми, Девонайи Машрабми биттаси айтган экан «Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан». Мен аҳмоқ, мен дуррак, сиздек олий зот арбоб билан ўйнашиб юрибманми-я. Ҳар бири тилла баҳосига тенг келадиган, гавҳардан қиммат сўзларингизни эшитиб, то трамвай остановкасигача ўй-ўйлаб, донолигингизга тан бериб бордим. Аммо трамвайга оёқ қўйишим билан лоп этиб бир гап эсимга тушди-ю, оёғимни қайтариб олиб яна шу тарафга, нурли ҳузурингизга қайтдим.

Eргаш(оҳ уриб юборади). Тағин нима гап бўлди?

Ҳасан Ҳамма гапингиз тилло. Сиздан брилянтдек сержило, гавҳардек нурли, асалдек ширин гап чиқишини биламан. Аммо қўлингизни манавундек қилиб (кекирдагига арра қилиб кўрсатади) кўрсатганингизни тушунмадим. Нима, мени бўғизламоқчимисиз? Мени-я? Мени саккизта болам бор. Қари ота-онам бор. Бир қизим тўрт боласи билан эридан ажралиб уйимга келиб ўтирибди. Қайнатам ўрнидан туролмайди. Кечаси икки марта туриб кўрпатўшагини янгилайман. Хўш, мени бўғизлаб шунча боламни ўзингиз боқасизми? Қайнотамни тўшагини икки маҳал янгилайсизми? Хўш, гапиринг. Ундан кўра мени кечириб қўяқолсангиз бўлади-ку. Мен аҳмоқни, мен дурракни кечириб қўйсангиз бўлади-ку.

Eргаш(тоқати тоқ бўлиб). Кечирдим. Минг марта кечирдим, биродар.

Ҳасан Шунақа деяпсиз-у гапингиз астойдилга ўхшамаяпти.

Eргаш. Ҳой барака топкур, бундан бошқа қанақа қилиб кечирай?

Ҳасан Овозингиз сал титраброқ чиқяпти-да. Астойдилга ўхшамаяпти. Ундан ташқари башарангиз ҳам унчалик майин бўлмаяпти.

Eргаш. Кечирдим, кечирдим, кечирдимм...

Ҳасан Бари бир кечирганингиз билинмаяпти.

Eргаш. (ҳолдан тойиб). Кечирдим!!! Йўқол! (Ўзидан кетиб йиқилади).

Ҳасан (тепасига келиб). Кечириши ўхшамасаям йиқилиши ўхшайди. Ҳозир дўхтир чақираман. Тирик қолса кечирмагунча қўймайман. Мабодо ўлгани рост бўлса, алвидо!!