OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиМусича (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/04
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мусича (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Агар Жумавойнинг боласи иккита бўлганда бунчалик куймасмиди. Ўзи одам бўлиб, еб кўриш у ёқда турсин, ялаб кўрмаган таомлар билан боққан, бобокалонлари извош у ёқда турсин, қўқон аравага тушолмай зор қақшаб кетишига қарамай, «Волга»да аллалаб катта қилган, дом отдихларни раво кўрмай курортларга юбориб ўйнатган, пешонасидаги шу биттаю-битта боласини милитсия қамаб қўйса, бунга қандоқ қилиб чидаш мумкин?!

Жумабойнинг хотини бўлса, ўтиргани жой тополмайди.
— Пар ёстиқ оборсам олармикин. Болагинамга мол гўшти ёқмасди. У ерда лимон чой беришармикин? Кечаси уйғониб совуқ чой сўрайдиган одати бор эди. Вой дод, энди нима бўлади?

Жумавой хотинига қараб мўлтирайди. Хотини икки қўлини белига тираб, унга зуғим қилади:
— Ўтираверасизми?! Мундоқ оталарга ўхшаб ҳаракат қилсангиз-чи!
— Ўйлаяпман, чорасини ўйлаяпман. Маҳалладан бир характеристика олиш керак, мактабига бориб, комсоргдан ҳам битта характеристика сўраймиз. йўқ дейишмас.

Жумавой шошиб, кўчага чиқиб кетди. Хайрият маҳалла комиссиясининг раиси чойхонада домино ўйнаб ўтирган экан. Бўлган гапни шундоқ-шундоқ бўлди, деб тушунтирди.
— Ёмон урган эканми? — деди у Жумавойга қараб.
— Кайфда бўлган гап, шуни айб демаса ҳам бўларди. Калтак еган одамнинг бурни сал шикаст топибди. Тешиги бутун, бемалол нафас олса бўлади.
— Ўниси-чи? — деди маҳалла комиссияси.
— Униси сал мундоғроқ, бир пой қулоғи ярмигача йиртилган. Докторлар тикиб беради. Соч ўстирса, кўринмай кетади. Эшитаман деса, битта қулоқ билан ҳам ҳар қанча гапни эшитса бўлади.

Комиссия раиси идорани очиб, характеристика ёзишга тушди. Жумавой раис ушлаган ручка битта ҳарф ёзса, битта, иккита ҳарф ёзса, иккита, ишқилиб изма из ўқиб бораверди.

«...маҳаллада мусича шўхлик қилса қиладики, Жўравой шўхлик қилмайди, ҳеч кимнинг деразасини синдирмаган, ҳеч қайси тўйда тўполон қилмаган, маҳаллада ҳамма, бола бўлса Жўравойдек бўлсин, деб ният қилади...»

Характеристика битди. Комиссия раиси қоғозни Жумабойга узатар экан, маъноли илжайиб қўйди. Жумавой бунақа илжайишларнинг маънисига етади.
— Эркатой омон-эсон қутулиб чиқса, зиёфат бошида ўзлари турадилар, — деб уни хотиржам қилди.

Эр-хотин халлослаб Жўравой ўқийдиган техникумга қараб чопишди. Хайрият комсомол комитетининг секретари энди идорасига кираман, деб турган экан. Унга ялинишди, ёлворишди, хуллас эритишди.
— Жон ука, у қилмапти, биз қипмиз. У эмас, биз бенавот. Шуни бир бало қилинг. Бир варақ қоғозни биздан аяманг.

Секретар ҳали ёш, умрида унга бировнинг иши тушмаган, хомгина йигит экан, буларнинг ноласидан йиғлаворай деди. Икки кўзида жиққа ёш билан қўлига ручкани олди-ю, яхшилаб характеристика ёзиб берди.

Ташқарига чиқиб, эр-хотин мамнун, бир-бирларига қараб олишди.
— Хотин, энди мундоқ қилсак, сен анаву қулоғи йиртилган боланинг уйига бориб, кўз ёши қил, даъвосидан кечмагунча йиғлайвер, кўз ёши тошни ҳам эритади. Мен анаву бурни ғажилганига борай, ўшаниси оёғини тираб турибди. Кўнмаса ўзини бенавот қиламиз.

Эр-хотин икки томонга ажралишди.

Охири шу бўлдики, икки кундан кейин Жўравой чиқиб келди. Шу куни кечқурун Жумавой катта зиёфат қилди.

Зиёфатга келганлар:

1) Одилов Фозил Тўраевич, маҳалла комиссиясининг раиси, 1913 йилда туғилган.

2) Қобилов Р. Д. Техникум комсорги, 1943 йилда туғилган.

3) Зиёев Раҳим Исаевич, участкавой, 1933 йилда туғилган.

4) Аҳроров Манноп (паспорти йўқ, туғилган йили номаълум, бекор).

Зиёфат жуда қуюқ бўлди, конякдан беш шиша, ароқдан икки шиша ичилди. Жўравой андак кайф қилиб қолди.

Жўравойдан калтак еганлар:

(Юқоридаги рўйхатга қаралсин)

«Тез ёрдам» машинасида олиб кетилганлар.

(Рўйхатнинг биринчи ва иккинчи рақамларига қаралсин.)

Жўравойни ўша куниёқ, эрталаб чиқиб келган жойига обориб қўйишди. Аҳволи яхши. Қон босими қаноатланарли. Уйқуси меъёрида. Иштаҳаси дуруст. Ўзини жуда яхши сезяпти.

Зиёфат пайтида калтак еганларнинг соғлиғи ҳақида ҳали аниқ маълумотлар олингани йўқ. Чунки рўйхатнинг биринчи рақамида исми зикр этилган киши ўзига келмаган. Укол қилиш ва қон қуйиш давом этмоқда.