OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиЎрик домла (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўрик домла (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Мен бу одам ҳақида биринчи марта Ёзёвон чўлининг қоқ ўртасида, Чўл бургутининг чайласида эшитган эдим.

Чўл бургути янги очилган қўрикдан йигирма беш гектар ерни боғ учун ажратиб қўйганини ва бу ерни обод қилиш учун райисполкомнинг алоҳида қарори билан Ўрик домланинг ўзи келаётганини айтган эди.

Ажаб! Бу Ўрик домласи ким бўлди? Бургутдан бу одам ҳақида сўрамоқчи бўлиб турган эдим. Ёғоч полвон гап бошлаб қолди:
— Келмайди. Шундоқ боғини ташлаб келармиди. Боғига кирганмисан? Ё тавба, бир одамнинг қўлидан шунча иш келишига ақлинг бовар қилмайди.
— Келади!— деди ишонч билан Бургут. — Боғи торлик қилиб қолган, янги кўчатга жой қолмапти. Чўлга кўз тикиб юрган эмиш.

Ёғоч полвон ёйилиб кулди:
— Чол тушмагур ҳам бизга ўхшаб қариганда чўл «жинниси» бўпти-да.

Ўрик домлага қизиқиб қолдим. Бу одам ҳақида унча-мунчани билиб олмоқчи бўлиб, чайлада икковимиз қолганимизда Бургутдан суриштирдим.
— Ажойиб одам. Ўзи ўлгудек эзма. Тажангликда тенги йўқ, ўрикдан бошқа гапни билмайди. Тўй-пўйга бориб қолса, ашула эшитаётганларнинг энсасини қотириб, ўрикдан гап бошлайди. Асли отини ҳалигача ҳеч ким аниқ билмайди. Аммо Ўрик домла десанг, бўлди, каттадан-кичик танийди! Жони дили ўрик. Раёндаги колхозларнинг боғида ҳозир шиғил мева бериб турган ўриклар шу домланинг кўчатидан бўлади. Одамлар Кавказга дам олгани боришса, Ўрик домла данак йиққани боради. Боғида дунёдаги ўрик навининг ҳаммасидан кўчат бор, дейишади. Областдан кимки чет элга борадиган бўлса, ҳамма ишини йиғиштириб қўйиб, уни вокзалгача чамадонини кўтариб кузатиб қўяди. Данак олиб келишни тайинлайди.

Бургут ҳикояси шу ерга келганда тиззасига уриб, қотиб-қотиб кула бошлади.
— Нега куляпсиз, бир гап бўлдими? — дедим унинг бемаврид кулгисидан ажабланиб.
— Бир воқеа эсимга тушиб кетди. Келини билан уришиб қолгани ҳам шу ўрик хусусидан-да! Ўтган йили катта тўй қилиб, ўғлини уйлантирган эди. Тўй ҳам жуда антиқа бўлган. Авжи ўрик пишиғи эди. Тўйга келган хотинлар нима бўлса ҳам домланинг кўзини шамғалат қилиб, ўригидан бир-иккита узиб ейишни ният қилиб қўйишган экан. Домла пешонасига замбаракнинг оғзини тўғрилаб бурсанг ҳам, ўрикка қўл тегиздирмайдиган хилидан. Тажриба ўрик-да, ахир! Домла нима қилибди денг: қўрғончадан боққа кирадиган эшик олдига икки обдаста сув, эшик ҳалқасига учта тўн билан салла илиб қўйибди. Бечора хотин-халаж, қариялар таҳорат олгани кириб кетишган экан, деб боққа яқин келиша олмабди. Калласи ишлаганини қаранг бу домласи тушмагурнинг! Қойилман. Маладес!

Бургут яна кула бошлади. Домланинг келини билан ораси бузилганининг сабабини билолмаганим учун яна сўрадим:
— Келини билан нега уришиб қолган эди?
— Ҳа, айтганча, ҳали айтдим-ку, домла чет элга ким борса, данак олиб кел, деб тайинлашини. Саёҳатчилар унинг юзидан ўтолмай, ўшоқларда ўрик есалар, данагини ташламай олиб келаверишибди. Домла шундай қилиб бир халта данак йиққан эди. Келин бечора унинг «данак жинниси»лигини билмай, домла йўғида шу бир халта данакни чақиб еб қўйибди. Бошқоронғи экан-да, бечора. Домла кўчадан келса бир ҳовли данак пўчоғи ётган эмиш. Кўрибди-ю, тутқаноғи тутиб қопти. Ҳушига келиб, бутун ҳовлини бошига кўтариб дод солибди. Қўни-қўшнилар йиғилибди. Унинг феълини билганлар лом-мим деб оғиз очишолмабди. Келиннинг ранги қув оқариб кетган, дағ-дағ титрар эмиш. Кейин домла ўғлига ўдағайлабди:
— Бу уйда ё мен тураман, ё хотининг туради! Албатта янги куёв бир нима деёлмай тил чайнаб, анқайиб тураверибди.

Бу гап келиннинг ҳамиятига тегиб, кийим-бошини тугиб отасиникига кетиб қопти.

Бургут яна бошини сарак-сарак қилиб кулди.
— Шунақа. Домла ўрик деганда ҳатто отасини ҳам аямайди...

Кейинги Ёзёвон сафаримда Чўл бургутидан Ўрик домлани суриштирдим.
— Қалай, домла чўлга келдиларми?
— Келди, — деди Бургут кулиб, — юринг, сизни домла билан таништириб қўяй.

Икковлашиб боғ учун ажратилган қўриққа қараб кетдик. Ҳаво булутли бўлса ҳам, чўл устидан илиқ шамол эсарди. Кафтдек текис ерларда қор кўринмас, фақат ҳар ер-ҳар ерда йиғилиб қолган кўлмак сувлар худди осмондек кул ранг тусга кирган, эсаётган шамолда уларнинг бети жимирлаб, қўрғошиндек ожиз йилтираб қўярди.

Шохлари яланғочланиб қолган бута остидан иккита қирғовул патиллаб кўтарилди-ю, сал нарироққа бориб тушди.
— Эҳ, қўштиғ бўлмади-да... Роса семиз экан, узоққа учолмади-ку.

Бир оз жим бордик.
— Домла ёнига Тўппонча полвон билан Ёғоч полвонни олиб, бир кечадаёқ боғидаги янги ёш кўчатларни ковлаб, икки грузовойда чўлга олиб келди. Ҳозир болалар ҳавонинг ғаниматида олатасир кўчат ўтказишяпти. Ҳозир чўлга домланинг ишқи тушиб қолган. Келганидан бери раёнга икки марта тушди, холос. Ўзи ҳам боғмисан-боғ бўладиганга ўхшайди, — деди Бургут яна.

Дўнг ошганимиздан кейин бундан уч ой аввал кўрганимда канавокопател ариқ қазиётган жойда қатор ўтқазилган ниҳолларга кўзим тушди. Уч-тўрт одам бир жойга ғуж бўлиб, нимадир қилаётган эди. Қадамни тезлатиб, уларнинг олдига бордик. Ёғоч полвон билан Тўппонча полвон ёш ниҳоллар танасига оҳак суртишаётган экан.
— Домла қанилар? — деди Бургут.
— Ҳозир келиб қоладилар, — деб жавоб берди Ёғоч полвон, афтини буруштириб, қаддини ростлар экан.

Ёғоч полвонга энди сал-пал жир битиб қопти. Тўппонча полвон эса ҳали ҳам ўшандек чаққон, сермулозимат. Чиройли кўзлари порлаб турибди.
— Бу жинқарча кўчатларни оҳаклайман деб белим қотиб кетди. Манови пакар энгашмай тик туриб оқласа, мен икки букилиб оқлаяпман!

Дарҳақиқат, бу узун бўйли йигитга ҳадеб энгашавериш осон тушмас эди. Тўппонча полвон пичинг қилди:
— Ҳозир менга маза-ю, сенга азоб, ўрик пишганда сенга маза-ю, менга қийин бўлади. Негаки, сен тикка туриб узаверасан, мен бўлсам тагимга тўнка қўйиб чўзиламан.
— Сенга бу домла ҳали-бери ўрик уздириб қўя қолмас-ов, нима дейсан, Бургут?

Бургут унинг гапига кулиб қўя қолди. Чўққи соқол, бошига пати тўзиб кетган сурма ранг дўппи кийган кўзойнакли, олтмиш ёшлардаги чол велосипед миниб келиб қолди. У, у ёқ-бу ёққа қарамай, салом-аликни ҳам унутиб, Бургутга бир қоғоз узатди.
— Телеграммага жавоб. Шредер стантсиясидан уч юз туп кўчат оладиган бўлдик. Раисга айтсангиз: иккита грузовой берса, эртага Тошкентга кетаман. Мирзачўлдаги тажриба стантсиясидаги агроном Эшонхонов билан бирга ўстирган кўчатларимиз бор. Қайтишда ола келаман. Қалай, маъқулми?

Чол гапини тугатиб бўлгандан кейингина биз билан кўришди. Кўришди-ю, яна ўз гапи билан овора бўлиб кетди:
— Ҳаво роса бўлиб берди. Кўчат ҳозир маст уйқуда. Кўчатни уйқусида босган ютади. Эрталаб Риштондан элликта кўчат келади. Агар Тошкентга кетиб қолсам, Бургут болам, ўзингиз бош бўлиб, анови радга эктирасиз-да!

Ўрик домла ёнгинасида турган кўчатнинг узун бир новдасини эгиб, гулқайчи билан кесаётганда, Бургут қулоғимга шивирлади:
— Бўлди энди, ўрикдан бошқа гап йўқ. Сув ичмай икки соат гапиради.

Дарҳақиқат, Ўрик домла ўрикдан гапириб кунни кеч қилса-я! Қантак ўрикнинг ватани асли Риштон бўлиб, Конибодомга кейинчалик бориб қолгани, оқ ўрикнинг Риштондан кўра, Андижонда яхши ҳосил бериши, «пошшойи»нинг туршагидан қилинган шарбатни баҳорда ичилса, медани тозалаши, хашаки ўрикнинг қоқисини молга қайнатиб ичирилса — қўтир бўлмаслиги, «кал йўлдош»дан солинган баргакни олтингугуртнинг тутунига димланса — худди тиллага ўхшаб сап-сариқ бўлишини роса тушунтириб кетди.

Унинг гаплари мени асло зериктирмас эди. Ўз ҳунарига бутун умрини бағишлаган бу қария етук бир олим бўлиб туюларди. Ахир, у олтмиш йиллик умрида хасислик билан кўкартирган қанчадан-қанча кўчатлари бутун-бир водийнинг саноқсиз боғларида яшнаб турганини ўйлаганим сари унга ҳавасим келар, юрагимда чуқур ҳурмат туйғулари қўзғаларди.

Кеч кириб атрофни қоронғи босди. Узоқда, янги посёлкада чироқлар милтиради. Тўртовлон орқага қайтдик.
— Домла, — деди Бургут йўлнинг ярмига етганимизда, — Тошкентга кетмасингиздан аввал қудангизникига бориб, келинни кўриб кетсангиз бўларди.

Чол нимадир деб тўнғиллади. Чўл шамоли унинг ово-зини орқа томонга олиб кетди. Яна озроқ йўл юрдик.
— Бир халта данак-а, Ҳиндистондан, Афғону Арабистондан, Қашқару Кашмирдан келган данаклар эди-я. Э, аттанг!
— Бўлар иш бўлди, домла, энди ярашиб қўя қолинг. Кечиринг уни, билмасдан қилган-да.
— Сира кечирмайман. Бир халта данак энг камида икки юз туп кўчат бўлар эди. Қанақалигини ҳам билолмай қолдим.

Чол энди бошқа гапирмади. То қишлоққа етиб келгунимизча ундан садо чиқмади. Келини еб қўйган данаги юрагини яна эзиб юборди шекилли, «степторг»нинг автолавкаси олдида биз билан хайрлашар экан, бўшашиб қўл узатди. Дўкондан тушиб турган чироқ шуъласида унинг юзлари худди ғижимланиб, ўзи бирдан қариб қолгандек кўринди.
— Кўрдингизми ўжарлигини, — деди Бургут, уйга кирганимизда. — Данак воқеаси жуда ёмон таъсир қилган, қачон эзмалик қилиб гапни гапга қовуштирмаса, атайин данакдан гап очиб қўяман. Дами ичига тушиб кетади. Ҳозир дунёда битта душмани шу келини, кўрарга кўзи йўқ.

Биз Бургут икковимиз алла-палагача ухламай, чўл ҳақида, чўлни ўзлаштираётганлар ҳақида гаплашиб ётдик. Боя домла ўрик ҳақида қандай тўлиб тошиб гапирган бўлса, Бургут ҳам қулфи дили очилиб, чўл ҳақида худди шундай мириқиб гапира кетди. У шундай яйраб гапирар эдики, етук бир шоир ҳам чўлни унчалик таърифлай олмас эди.
— Биласизми, меҳмон, ёз кечалари уйдан дайдиб чиқиб кетаман. Осмон тўла юлдуз, ой чўл устига келганда пастлаб ўтади, ё менга шунақа туюладими, ё ростдан ҳам ўзи шунақами, билмадим. Тунда турна учганини кўрганмисиз? Мен жуда кўп кўрганман. Жуда гаштли бўлади. Худди қўй ҳайдаган подачига ўхшаб «қуре-қуре» деб осмони заминдан ўтаверади. Айниқса, ойдин кечасидагининг гашти жуда бошқача бўлади. Синкага солинган оқ дока орқасидан учиб ўтаётганга ўхшарди. Шамол қиш-лоқ томондан ғалати ислар олиб келади. Қўйинг-чи, чўлда ёз кечаси чалқанча ётиб ухламаган одам, бу гапларнинг маъносига етмайди.

Бургут яхши бир қўшиқ эшитаётгандек тез-тез кўзини юмиб, паст овоз билан гапирарди.
— Ҳай майли, ухлайлик энди, меҳмон.

Бургут эндигина кўрпага бурканган ҳам эдики, кўча томондаги деразани биров чертди.
— Бургут болам, мен! Тўппончага айт, отни берсин, Қишлоққа тушиб чиқаман.

Бургут шошиб кийиниб чиқиб кетди. Ўн-ўн беш минутлардан кейин қайтиб келди. У уйқули кўзларини ишқалаб ҳадеб кулар эди.
— Ўрик домланинг келини ўғил кўрипти. Оғзининг таноби қочган. Бир жойда туролмайди. Ҳиринг-ҳиринг кулади. От олиб бердим, қишлоққа кетди. Боя келинини кўргани кўзи йўқ эди, ҳа, фарзанд экан-да! Туғруқхонадан чиқиши билан чўлга кўчириб келаман, дейди. Ҳали кўрарсиз, невара тўйи қилиб беради. Пул кўп бу чолда. Тошкентда ўрик хусусида мана бундоқ катта китоби чиққан. Ҳа, айтганча, кинони кўрдингизми? Қизталоқ киночилар худди ўзимни опти-қўйипти-я. Қурултойда қўйиб беришди. Мирзачўлдаги Ғанишерни ҳам олишган экан.

Делегатлар икковимизга ҳам «ерийсанлар» деб туриб олишди. Меҳмонхонада зиёфат қилиб бердик. Ғанишер билан уриштириб ичдим. Икковимиз ўша ерда қўл олишдик. Нима дейсиз меҳмон, Ғанишер зўр-а?!
— Сиз ҳам чакки эмассиз, — дедим. — Ахир, сизни кимсан Чўл бургути дейишади-я!
— Мен Чўл бургути бўлсам, Ғанишер Мирзачўлнинг шери. — Шер билан бургутнинг ташлашгани қизиқ бўлади.

Бургут кула-кула чироқни ўчириб, кўрпага кирди. Уйқум қочди. Кўзимга чўл ўртасида отини елдириб кетаётган Ўрик домла кўриниб кетди. Назаримда, у булутлар орасида гоҳ ёниб, гоҳ ўчиб турган юлдузларга, отининг ёлини сийпаб ўйнаётган чўл шамолларига ҳам ўрик ҳақида гапириб бораётгандек, атрофида ястаниб ётган текис чўлга ўрик кўчатларини бир текис тикиб кетаётгандек, янги туғилган неварасига саватда ўрик олиб бораётгандек эди.

Чўлларда бошланган янги ҳаёт ва янги одамларнинг қиссасини ёзиб тугатиб бўлармиди!

Бу қиссанинг ҳам ҳали давоми бор.

1959