OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиОт билан суҳбат (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/25
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





От билан суҳбат (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Ургутда адир тепасидаги Наврўз байрами ўтказиладиган ялангликка чиқадиган тик сўқмоқ ёнбошида бир қабр бор. Андак тўхтаб, унга эътибор беринг. Бу жангчи, қаҳрамон отнинг қабри. У фронтда яраланган эгасини олиб кетаётган санитар вагони орқасидан югуриб, поезд тезлаб кетганда етолмай, йўлда қолиб кетган. Неча ойлаб тоғ-тошлардан, дарёлардан ўтиб, чўлларда саргардон бўлиб, охири Ургутни топиб келган. Бу вафодор от эгасини кўриш илинжида ойлаб Самарқанд вокзалидаги поездларни бошдан-оёқ айланиб чиқади. Ўзига таниш санитар вагонни тополмай, келгуси поездни кутади. Ур-гут билан Самарқанд оралиғида қатнайвериб, туёқлари емирилиб, юришга имкон бермай қўяди. У охири қадрдон чавандозга илҳақ бўлиб жон беради.

1960 йилда кончилар тўғрисида бирон нима ёзиш ниятида Оҳангаронга бордим. Юз метрча чуқурликдаги шахтага тушганимда ғаройиб воқеага дуч келдим. Бу воқеа мени ҳали-ҳали ларзага солади. Илгари бошимга қора кунлар ёғилганда Жезқўрғон мис конлари шахталарида ишлаганман. Ер қаъридаги бунақа ҳаёт менга таниш эди. Боя айтганим — мени ларзага солган нарса — кўмир конида 17 йилдан бери ёруғлик кўрмай, тоза ҳаводан нафас олмай яшаётган от эди.

Бу от қирқ биринчи йили фронтга жўнатилади, икки йил жанг қилади. Яраланган отлар қатори «брак» қилиниб, кўмир конлари бошқармаси ихтиёрига юборилади. Шу тариқа у фронтдош дўстлари билан Оҳангаронга келиб қолади. Уша пайтларда электр қувватининг етишмаслиги туфайли техникани ишлатиб бўлмасди. Электр қуввати фақат шахта ичини ёритиш ва ҳавони тозаловчи вентиляторни айлантиришга зўрға етарди. Отлар ер тагига туширилди. Кўмир ортилган вагончаларни тортиш шулар зиммасига тушди. Яраси битиб, асил ҳолига келган от исён кўтариб, юк тортмай қўйди. Шунда ер устидан бир яҳудий мол дўхтири тушиб, уни ахта қилиб қўйди. Ана шундан кейин у юввош тортиб, итоатли бўлиб қолди. Кўп отлар хаво етишмаслигидан, оғир меҳнатдан бирин-кетин ўла бошладилар. Юқори қувватли электр линиялари тортиб келтирилгандан кейин отлар керак бўлмай қолди. Улар ишдан озод қилиниб, ер бетига чиқазилди. Аммо, ёруғликка чиққач, қорачиқлари кенгайиб кетгандан кучли ёруғликка чидамай, ҳаммаси кўр бўлиб, бадбўй ифлос ҳавога ўрганган ўпкалари тоза ҳавога дош беролмай қолди. Шахтада қолган уч-тўрт от ҳам ўлиб кетди. Фақат шу биргина от ҳамон ер қаърида яшаяпти.

Бошимдаги каска чироғини отга тушираман. У жим-гина тураверади. У ахта қилинганидан буён ана шунақа бефарқ, лоқайд бўлиб қолган экан.

Менга ҳамроҳ бўлган кон муҳандисига қарайман.
— Буни нима қилмоқчисизлар? Юқорига чиқазилса кўр бўлиб, ўлиб кетади. Бечора шу ерда яшайверадими?
— Бошқа илож йўқ. Худо қанча умр берган бўлса шу ерда поёнига етказади.

Ўз ўлимини сокин, итоат билан, исёнсиз кутаётган бахтсиз жониворга қараб юракларим зирқираб кетди. Қанчалар раҳмсиз бўлиб кетганмиз-а, дейман ўзимга ўзим. Динга қарши тинимсиз ташвиқотлар ўз ишини қилмаётганмикин? Дилимиздан имон кўтарилмаётганмикин? Наҳотки, Худони унутаёздик? Йўқса, бу шафқатсизлик бизга қайдан илашади?

Қамоқ лагерларида умрини ўтказаётган маҳбуслар уйини, бола-чақаларини соғиниб мушук боқишарди. Ўзлари тўймаган овқатдан юлиб мушукларга беришарди. Лагер сиёсий раҳбари шу мушукларни қопга солиб, олов гуриллаб ёнаётган новвойхона печига ташлаганини кўрганман. У алангада жизғанак бўлиб ёнаётган мушукларни завқ билан томоша қилганди. Бу шафқатсиз одам ибодат қилаётган насронийларни, намоз ўқиётган мусулмонларни аямасдан калтакларди. Бу хил шафқатсизликлар ўша-нақа имонсизлардан ўтмаганмикан?

Шундай изтиробли хаёллар билан отдан узоқлаш-дим.

Гоҳ эмаклаб, гоҳ букилиб, вагончаларга, электр симларга тегиб кетишдан қўрқиб, минг бир хавотир билан шахта йўлларини айланиб чиқдим. Тепамда ким билсин, неча миллион тоннали ер қатлами. У тинимсиз қисирлайди. Ҳар бири уйдек-уйдек келадиган кўмир харсангларининг дарзидан қурум тўкилади. Вагончаларнинг тарақа-туруқ товушлари, тепадан ёмғирдек қуйилаётган сувларнинг шовкини, сув тортаётган насосларнинг тинимсиз гувиллаши, пармаларнииг пулемёт товушиии эслатувчи овози, улар кўчирган кўмир харсангларининг пастга қарсиллаб тушишидан хосил бўлган момоқалдирокдек ваҳимали товуши мени довдиратиб қўйди, қулоқларим битиб, чиқиш жойига келдим. Ҳамрохим юқорига чиқиб кетган экан. Лифтчи чол аҳволимни кўриб, темир курсини мен томон суриб қўйди.
— Бирпас дам олинг. Анча уриниб қопсиз. Шахтага биринчи тушган одам шунақа эсанкираб қолади.

Ўтирдим. Икки кўзим отда. Унинг бадани харакатсиз эди. Ер бетидаги отлар танасига қўнган пашшаларни думи билан ҳайдайди. Думи етмаган жойларига қўнганларини терисини дириллатиб учириб юборади. Бу жойда на пашша, на чивин бор. У отнинг ўзи эмас, гўё хайкали эди.

От хам ўйлармикан, дейман ўзимга ўзим. Кўрган кунларини эслармикин? Толстой хам, Айтматов ҳам от ўйлаш, эслаш кобилиятига эга жонивор, деган. Шундай бўлса, бу от ҳам болалигини эслай олади. Шаталок отиб яйраган яшил яйловини, онасининг тўлиб, тирсиллаб турган елинини боши билан туртиб-туртиб ийдирганларини, илик, хўшбўй она сутини мириқиб эмганларини эслаётгандир. Чақмоқ чакиб, момоқалдироқ гумбурлаб, ёмғир қуйганда онасининг иссиқ пинжига суқилганларини хаёлидан ўтказаётгандир. Авжи ғунон бўлган пайтида рақибларини доғда қолдириб, кўнгли хушлаган сулув бияни эргаштириб, уюр орасидан ғолибона олиб ўтган пайтларини нахотки эсламаса!

От хўрсинса, кўзидан ёш окса бир фалокат юз беради, эгаси ўлади, дейишади. Хўрсинган отни албатта сўйиб юборишади.

1952 йили шу отнинг кўзидан мўлт-мўлт ёш оққанди. Ним қоронғи шахтада буни ҳеч ким сезмаганди.

Ўша йили олис Жезқозғон конида мис харсангларини кўчирадиган махбуслар орасида бир махбус, собиқ қаҳрамон, отлиқ аскар Эрмат чавандоз оламдан ўтди. Мис тўзонлари унинг ўпкасини чиритган эди. Эрмат чавандоз умрини ватан хоини деган «унвон» билан якунлади.

От ўз чавандозининг оламдан ўтганини сездимикин? Унинг хўрсиниши, кўзида мўлтираган ёш балки шундандир? У жонворлик ҳиссиёти билан фожиани олисдан туриб сезган бўлиши мумкин.

Бу рухий ҳолат, бу эрк соғинчи менга таниш.

Йигит ёшим барк урган, уйланиб, ҳаёт нашъасини сураётган, ёниб ижод қилаётган пайтимда мени зиндонга ташладилар. Ёруғ тушмайдиган, ташқаридан тиқ этган товуш келмайдиган якка зимистон хонада (одиночкада) ётганимда худди шу отга ўхшаб кўрган-кечирганларимни эслаб ўтирардим. Қизиқ, негадир фақат баҳор пайтларини эслардим. Ўрик гуллаган, шаббода гаафтоли гулларини тўзғитарди. Мажнунтолларнинг узун яшил сочлари янги уйғонган майсаларнинг бошларини силарди. Жаннатга бермагулик ўзбек боғларида баҳор бир неча ҳафталик меҳмон эди.

Йигитлик ҳам ана шундай меҳмон. Шу ғанимат, кейин ҳеч қачон қайтиб келмас дамларни қоронғу зиндонда ўтказиш нақадар аянчли, нақадар армонли...

Шу топда, ер тагида от ўйлаяпти, мен ўйлаяпман.

От ягаил яйловларни кўряпти. Она бағрида яйраганларини эслаяпти. Мен биринчи китобим чиққан, қувончим оламга сиғмас бахтиёр дамларни кўз юмиб хотирамда жонлантиряпман.

Беихтиёр отга карайман. У ҳамон бога экканча лоқайд турарди.
— Э, биродар, не гуноҳинг бор эдики, сени шу алпозга солишади?

От тилга киргандек бўлди:
— Менда қандай гуноҳ бўлсин. Бир безабон жониворман. Одамларнинг юкини енгил қилдим, узоғини яқин қилдим. Ўзимни инсоннинг дўсти дегандим... Ҳайронман. Олис юртларда жангларга кирдим. Одамлар менга ўқ уздилар. Яраланиб, узоқ юртлардан ватан деб билган манзилга етиб келдим. Мана, кўриб турибсан, ўша соғиниб келган ватанда офтоб кўрмай турибман...
— Биламан, биламан, жонивор. Халқлар отаси хўлу қуруқни баробар ёндирган эди. Сендан бирон зурриёт қолмадими? — деб сўрайман ундан. У бош чайқайди.
— Мени бундай бахтдан мосуво қилганлар.

Кўксимда бир дунё ғам билан ер бетига чиқиб кетдим.

Осмон кўм-кўк, укпардек оппоқ булутлар беозор сузади.

От пастда, қуёшсиз, ойсиз, юлдузсиз маконда мунг тўла кўзларини юмганича қора тақдирини поёнига етказиш учун зимистонда қолди. Ўттиз етти йилдирки, уни эслайман. Баъзан у тушларимга киради. Бирон ерда от кўрсам шу ғариб, бахти чопмаган жонивор эсимга келади. Шундай пайтларда дохий «падари бузрукворимизга» қарата: «Зулмингни, жабрингни тортмаган ким қолди? Одамларга қилган зулминг каммиди, жониворларни ҳам бахти қора қилдинг-ку!» деган бир нидо ич-ичимдан отилиб чиқади.

Ўтган йили водийга машинада кетаётганимда ёмғир қуйиб юборди. Олмалик йўлидан Оҳангарон томон бурилишда ҳассага таянган бир кекса одам ёмғирда ивиб, ўтган-кетган машиналарга қўл кўтариб, олиб кетишларидан умид қилиб турарди. Унинг ёнгинасига келиб, машинани тўхтатдим. У эшикни очиб, Ангренгача олиб кетишимни сўради. Олиб кетдим. У менга икки-уч марта қараб олгач:
— Сизни танийман, биродар, — деди. — Эсингизда борми, ўттиз етти йил олдин сизни шахтага олиб тушгандим.

Тасодифни қаранг, шунча йилдан бери хаёлимни банд қилган одамни топдим. Ундан шошиб сўрадим. «Eсингиздами, ҳу, шахтадаги от? У нима бўлди?» дедим. У ички бир изтироб билан, паст овозда: «Ўлди», деди.
— Сиз келиб кетганингиздан бирон йил ўтиб, жонивор қазо қилди. Жасадини Жигаристондаги фронтчи дўстлари дафн қилинган жойга кўмдик. Жуда баҳаво жой. Баланд адир пойида. Кон ветеранлари маслаҳатлашиб, шу отларга ёдгорлик ўрнатмоқчи бўлдик. Бироқ ўзингиз биласиз, Жигаристон воқеасини бутун дунё билиб кетди. Бемаҳал келган ёмғир селга айланиб кўприкларни бузди. Дарахтларни қўпорди. Адирнинг таги нам тортиб, сурила бошлади. Охири ўпирилиб, одамларнинг уйларини босди. Эҳ-ҳе, қанча одам тупроқ тагида қолди. Ўшанда отларнинг мозори ҳам тупроқ тагида қолиб кетди.

Бу гапдан инграб юбордим.

Такдирни қаранг, бу бахти қора отнинг ўн етти йил ер тагида яшагани, ер тагида жон бергани камлик қилгандек, қабри ҳам ер тагида қолиб кетибди. Ўзи айтгандек, «ватанини топибди».

Ҳамроҳимни Ангренда қолдириб, тоғ томон кетдим. Ёмғир тинган, лекин тоғ бошида булутлар ғужғон ўйнарди.

Довонга кўтариламан. Ёнбағирларда уюр-уюр йилқилар ўтлаб юришибди. Улар орасида мен билган отнинг зурриёти йўқ. У дунёдан ном-нишонсиз кетган...

«От кишнаган оқшом» қиссасининг сўнгги сатрларини ёддан ўқийман: «Аё Тарлон, сен менинг акамсан. Ука деса дегулик мендайин уканг бор... Аё Тарлон, сен менинг қиёматлик биродаримсан, қиёматлик...»

Бу сўзлар инсоннинг энг яқин дўсти, вафоли жўраси — от шаънига айтилган мадҳу таронадир.