OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиПайпоқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/25
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Пайпоқ (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Орифжон шу трестга ишга ўтгандан бери хотинидан тинмай гап эшитади. Трест бошлиғи серулфат одам экан. Ҳар куни ишдан кейин Орифжонни машинага ўтқазиб, шаҳардан ташқарига опчиқиб кетади. Соя-салқин чойхоналарда ошхўрлик қилишиб, қош қорайганда жавоб беради.

Албатта, бу хил ўтиришларда ҳадеб бошлиққа сарф қилдиравериш инсофдан эмас. Хотинининг кунлик берадиган обед пули ўзидан ортмайди, текин еяверишга Орифжоннинг юзи чидамайди.

Орифжон хотинига билдирмай ёрдам кассасидан унча-мунча пул оладиган бўлди. Икки марта маош устидан аванс ҳам олди. Ҳар куни, ўлдим деганда, ўн беш сўм сарф бўлаверса, пул чидайдими?

Бошлиқ-ку, Орифжонни унчалик харж қилишга қўймайди. Ора-сира уйига чақириб зиёфат ҳам қилиб қўяди. Шундоқ бўлгандан кейин Орифжон ҳам уни уйига чақирмаса, уят бўлади-да!

Бошлиқ биринчи келганда жуда мамнун бўлиб кетди. Бир ҳафтагача: «Бай-бай-бай-, келиннинг мантиси, ҳали ҳам мазаси оғзимда турибди-я» деб, тамшаниб юрди.

У ҳадеб шундоқ деб турганда Орифжон индамаса одамгарчиликка кирмайди, албатта:

– Яна ташкил қиламиз, – деворди.

Шу гапни дейишга деди-ку, қандоқ қилиб хотинига айтишини билмай, бир-икки кун чайналиб юрди. Охири хотини очилиб-сочилиб турганда айтди. Хотинининг тепа сочи тикка бўлиб кетди.

– Қандоқ суллоҳ одам у? Ейдиганини еб кетди! Яна нима дейди?

Орифжон хотинини босиб қўйди:

– Ундоқ дема, хотин! Хўжайин нарса. Айтганини қилмасак бўлмайди. Яқинда маоши икки баравар кўп ишга ўтказмоқчи. Сен мантини боплайвергин, буёгига худо хоҳласа ошиғимиз олчи бўлиб кетади.

Хотини ундоқ деса, мундоқ деди, мундоқ деса, ундоқ деди, хуллас, бир гал мантига кўндирди. Аммо битта шарт билан. Зиёфат харжини Орифжоннинг ўзи топиб келиши керак. Рўзғорга ажратилган маблағга тегиш йўқ.

Оббо! Ёрдам кассасидан қарз бўлса, мояна устидан икки марта аванс олган бўлса, бу ёғини қайдан топади?

Орифжон ўйлаб-ўйлаб, бировдан қарз кўтарадиган бўлди. Ўтган моянадан ўн тўрт сўм, ёрдам кассасидан олган пулдан саккиз сўм, аванс пулдан етти сўми бор. Ҳаммаси бўлиб йигирма тўққиз сўмни пайпоғига яшириб қўйган. Толеига Орифжоннинг оёғи андек исланиб туради. Икки кун пайпоғини янгиламаса, уйга пашша тўлиб кетади.

Ана, шунинг учун ҳам эр-хотин кир ювиш ишларини ўзлари бўлиб олишган. Орифжон пайпоқни ўзи ювади, бошқа кирлар хотинининг бўйнида. Пайпоққа хотин қўл урмайди. Пул яширишга пайпоқдан яхши жой йўқ.

Орифжон хотиндан яшириб, пайпоқда сақлаб юрган пулларини шу зиёфатга ишлатмоқчи эди, янги гап чиқиб қолди. Йигирма олтинчи куни бошлиқнинг туғилган куни эмиш. Идорада ҳамма уч сўм-уч сўмдан қилиб пул йиғишяпти. Соат тақдим қилишар эмиш. Орифжондан пул олишмади.

– Сиз бошлиққа қадрдон одамсиз, ўзингиз каттароқ совға қиласиз.

Eнди нима бўлади? Орифжон пайпоқдаги пулга совға оладиган бўлса, зиёфат учун бировдан қарз кўтариши керак. Шундай қилди. Бир ошнасидан икки ҳафта муҳлат билан йигирма беш сўм қарз кўтарди. Иккита конякдаёқ пулининг ранги ўчиб кетди. Шу пулдан ҳам уч сўм қайириб, пайпоққа урди. Гўшт-ёғ рўзғордан чиқди.

Бошлиқ ёлғиз келмади. Икки ошнасини эргаштириб келди. Орифжон билан бўлиб тўрт кишига иккита коняк нима бўлади? Жиянини чиқариб, магазиндан яна бир шиша уч юлдузлигидан олдириб келди.

Аммо келин мантини яна боплабди. Бошлиқ ҳар гал мантини оғзига солаётганда келиннинг пазандалигини мақтаб, Орифжоннинг қўли очиқлигини таърифлаб турди.

Ярим кечада меҳмонлар тарқашди. Улар кетишаётганда Орифжон эшиккача кузатиб чиқди.

– Жуда эрта кетяпсизлар-да, бир сиқимгина ош қилмоқчи эдик. Келинингиз ошни қийворади-да.

Бошлиқ машинага ўтирар экан, самимий миннатдорчилик билдирди:

– Ошни келаси гал еймиз. Хўпми? Хафа бўлманг, албатта келамиз.

Орифжон ҳам ўзини тутолмади. Бошлиқ шундоқ деб тургандан кейин аниқроқ бир гап айтиш керак.

– Битта ош экан-ку, кабобига ҳам тайёрмиз. Аммо қачонлигини айтиб аниқ ваъда бериб кетасизлар.

Бошлиқ орқа кабинада ўтирган ошналарига қаради:

– Келаси оддихга вақтларинг қалай? Менинг вақтим бор.

Ошналар, ихтиёр сизда дейишди. Шундан кейин машина гуриллаб жўнаб кетди. Машина кетди-ю, шу кетишида яна битта зиёфатнинг ваъдасини ҳам олиб кетди. Орифжон пешанасига биттани урди.

– Лақма бўлмай ўл! У гапирганда сен тинч турсанг ўлармидинг? Бу ёғини хотинга қандоқ тушунтирасан?!

У ўзига, ҳай майли, келаси оддихгача нима гапу нима сўз, бу ёғи кейин маълум бўлади, деб уйга кириб кетди.

Меҳмон келган уй, албатта, ивирсимай иложи йўқ. Ҳовлининг ҳамма ёғида папирос қолдиқлари, қоғоз парчалари. У ёқда кир сочиқ, бу ёқда ювиқсиз идиш-товоқ. Орифжон ўзини мастликка солиб, дарров ёта қолди. Эрталаб ишга кетаётганида каравотнинг тагига қараса, хотини янги пайпоқ қўйибди.

– Хотин, пайпоғим қани?

– Пайгюғингиз қурсин, бижғиб кетибди, оташ куракка қисиб, кўчадаги ахлатга опчиқиб ташладим.

Орифжоннинг дармони қуриб, ўзини ёстиққа ташлади. Бирдан ҳовлиқиб, ич кўйлакда кўчага югурди.

Ахлат машинаси энди жойидан қўзғалган экан. Қараса, қўшниси ҳам ич кўйлакда машина кетидан чопиб кетяпти. Етолмади. Машинага етиб бўладими? Орифжон ҳафсаласи пир бўлиб, остонага ўтириб қолди. Қўшниси ҳаллослаб қайтиб келди. Орифжон сир бой бермай, бўшашганча қўшнисидан сўради:

– Нима гап, тонг саҳарлаб машина қузиб юрибсиз?

Қўшни пешанасига шатиллатиб бир туширди.

– Мени худо уриб қолди! Бировга айтмангу, пайпоққа икки юз эллик яширган эдим, болалар ахлатга ташлаворишибди.

Орифжоннинг ичида бир нима узилиб кетгандек бўлди. Хайрият, буники атиги ўттиз икки сўм эди, қўшнисиникига урвоқ ҳам бўлмайди.

Икки қўшни бир-бирларига қараб, ранглари қум оқариб, индаёлмай туришарди. Бу пайт ахлат машинаси икковининг икки юз саксон икки сўмларини номаълум тарафга олиб кетарди.