OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиРаҳмат, азизларим! (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/04
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Раҳмат, азизларим! (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Бувайдадан автобусга чиқишим биланоқ Муаззамга кўзим тушиб қолди. У тирсагини деразага қўйиб хаёл суриб борарди. Бошида ранги кўтарилган сарғиш косинка, эгнида оддийгина штапел кўйлак. Сочини нари-бери ўриб орқасига ташлаб қўяқолган. Муаззамни ҳеч шу аҳволда кўрмаган эдим. У студентлар ичида энг яхши модаларни танлаб киярди, сочини бўлса кунига ҳар хил причёска қилмаса кўнгли жойига тушмасди. Унинг ўндан ортиқ сумкачалари бўлгучи эди. Ҳозир у оғзига қоғоз ёпиб ип билан боғланган шиша банка, кострюлка, олма солинган тўр саватни тиззасига қўйиб ўтирибди. Муаззам шу аҳволда ҳам чиройли эди.

Унинг ёнига боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай, иккиланиб туриб қолдим. Ахир кўрмаганимга икки йилдан ошди. Унинг устига Муаззам мени жинидан ёмон кўрарди. Студентликда ҳар иш ўтади, ҳозир ўша ишларни ўйласам баданимдан совуқ тер чиқиб кетади.

Курсдошларимиз орасида Муаззамнинг ишқида куймагани йўқ десам муболаға бўлмас. Мен-ку жиннидан баттар эдим. Шу учун кунига соқол қирардим, ювилавериб асли ранги қанақалиги билинмай кетган шимимга кунига дазмол босардим. Аммо у менга қарамасди. Мен бўлсам ҳадеб атрофида айланишаверардим. Кейин билсам, у фронтдан дудуқ бўлиб келган Одил деган бола билан кинога бориб юрар экан. Жуда диққатим ошиб кетди. Шу бевафо дунёда яшаб нима қилдим, деб ўзимни пичоқламоқчи ҳам бўлдим. Охирги марта ўзимга куч йиғиб, ётоғининг эшигини шартта очиб кирдиму, билагидан ушлаб: Муаззам, сени яхши кўраман, сенсиз яшаёлмайман, дедим. У ҳиринглаб кулди.
— Менсиз бемалол яшайверасиз,— деди Муаззам кўзимни бақрайтириб туриб.
— Ўзимни осиб қўяман,— дедим. Билмадим ўшанда бу гапни бақириб айтдимми ё пичирлаб айтдимми, эсимда йўқ. Муаззам баттар эрмак қилиб кулди.
— Осолмайсиз, жон ширин. Агар осадиган бўлсангиз, спорт залида арқон бор, ўша ёққа кириб осинг!

Кўзимга қон тўлиб кетди. Ётоқ эшигини тарақлатиб ёпдиму, спорт залига югурдим. Дарҳақиқат арқон бор экан. Олиб бир учини боғлайдиган жой қидираётганимда ҳушим жойига келди. Шошма, ўзимни осишга-ку осаман. Ундан кейин нима бўлади? Осилиб ётган ўлигимни кўрганлар ҳам, осилиб ўлганимни эшитганлар ҳам, «аҳмоқ экан» дейди-ку. Албатта шундай дейди. Ўзимни ўлдириб бўпман! Мен ҳали унга кўрсатиб қўяман.

Аммо нима қилиб унга кўрсатиб қўйишни ўйлаб-ўйлаб тополмадим. Ўқишлар тугаб, ҳар қаёққа тарқаб кетдик ҳамки, унга кўрсатиб қўёлмадим. Болаларнинг айтишига қараганда, унинг кўзига кўринмай қолган пайтларимда, улардан мени сўраркан, улар кўрмадик дейишса: худо раҳмат қилсин, яхши бола эди... деб куларкан. Эшитиб баттар жаҳлим чиқарди.

Бу гапларга ҳам икки йил бўпти. Вақтнинг тез ўтишини қаранг!

Мана, Муаззам билан бир автобусда ўтирибмиз. Унинг илгариги олифталиклари қолмаган кўринади. Нима бўлди? Наҳотки шундай там-там қиз дарров бошқача бўлиб қолган бўлса? Ё эрга теккан бўлса, эри мундайроқ одам чиқиб қолдимикин? Тўрвадаги нарсаларни қаёққа олиб кетяпти? Бошига бирон кулфат тушдимикин? Балки унга нарса олиб кетаётгандир? Сабрим чидамади. Эски гиналарни унутиб, олдига бориб ўтирдим. У мени кўриши билан кўпдан йўқотган кишисини топиб олгандек кўзлари яшнаб кетди. Шу маҳал дилимдан бир гап ўтди. Унинг бу қарашини ўзимча йўйиб, нега сенга тегмадим, сенга текканимда бу аҳволга тушмасдим, деган маънони англабман. Кўришдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. Ишларимни сўради. Уйланганимни, хотиним врач эканини айтдим. У билинар-билинмас кулиб қўйгандек бўлди. Мен ундан ортиқча гап сўрамадим. Нимани ҳам сўрайман. Аҳволи маълум бўлиб турибди-ку. Турмуши яхши эмаслиги, эрдан бахтсиз бўлгани кийим-бошидан, ранги рўйидан билиниб турибди.

Қўқонда автобусдан тушдик. Остановкада мени кутиб турган шофёрим роса эшитадиганини эшитди. Ғилдирак ел чиқазиб юборганини айтса ҳам қулоқ солмай сўкавердим. Муаззамга ўзимнинг кимлигимни кўрсатиб қўйиш учун атайин шундай қилдим. Машинага чиқа туриб Муаззамга қўл учини бериб хайрлашмоқчи бўлгандим, у гапим бор, кетмай туринг, деб қолди.

Аха, дедим ичимда, менга етказган озорларингнинг қасдини оляпман, деб ич-ичимдан севиниб кетдим.
— Сизни кўриб қолганим яхши бўлди. Юринг, бир жойга бориб келамиз. Шофёрга жавоб бериб юбораверинг!

Рози бўлдим. Икковлашиб пиёда кетдик.
— Йўлдан қолдирганим учун хафа бўлмайсиз-да. Атайин шундай қилдим. Одилжонни кўриб келасиз.

Юришдан тўхтаб қолдим. Ўша ўзим ёмон кўрадиган Одилнинг олдига бораманми? Калламни шартта кесиб ташласа ҳам бормасман.
— Юраверинг, юраверинг, сизни кўрса севиниб кетади.

У қўлимдан ушлаб судради. Беихтиёр юриб кетдим. Анча жойгача индамай бордик. Муаззам йўл четида осилиб турган тол новдасидан кўм-кўк баргларини қисимлаб сидириб олди-да, маъюс гапира бошлади.
— Биламан, мени ёмон кўрасиз. Одилжонни бўлса кўрарга кўзингиз йўқ. Ҳеч бўлмаса бирга ўқиганимизнинг ҳурмати бордир. Биласизми, хафа бўлмангу, сизни ҳали ҳам унча хуш кўрмайман. Кўнгил хушламаган, ҳар бир одам душман эмас-ку!

Ҳайронман, нима демоқчи, нима қилмоқчи? Шунақа тушуниб бўлмайдиган хаёллар билан шаҳар касалхонаси яқинига келиб қолибмиз.
— Шу ерда бирпас кутиб тура туринг. Ҳозир чиқаман.

У шундай деди-ю, шошиб касалхона дарвозасига кириб кетди. Анча ҳаяллаб қолди. Пойлаб ўтириб, зерикиб кетдим. Бу ерда мен нима қилиб ўтирибман, деб ўзимдан сўрайман. Мени ёмон кўрадиган одамнинг кетидан нима қилиб эргашиб юрибман? Кета қолайми? Шу ўтиришда Муаззамнинг мени хўрлаганлари кўзимга кўринаверди. Ўрнимдан турдим. Энди кетмоқчи бўлиб турган эдим, Муаззам чиқиб қолди. Унинг кўзлари қизарган, бошидаги косинкаси сирғалиб елкасига тушиб қолган эди. У олдимга келиб нимадир демоқчи бўлди-ю, гапиролмай бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима дейишимни, нима қилишимни билмай серрайиб туриб қолдим. Боя Одилнинг олдига олиб бораман деган эди. Демак, Одил касалхонада. Нима бўлди? Тинчликмикан? Одилнинг танасида ёрилган бомбанинг парчаси бор, даволатмай юрибди, дейишарди. Дарди ўшадир?
— Кетмоқчимисиз? Кетманг!— деди Муаззам ялинган оҳангда. — Кетиб қолсангиз ким менга ҳамдам бўлади?
— Нима бўлди? Айт?

Муаззам энтикди, жиққа ёш тўла кўзларини жавдиратиб қаради.
— Эртага Одилжоннинг оёғини кесишмоқчи.

Титраб кетдим. Бугун Муаззамни кўрганимдан бери калламга келган қасос олиш нияти, мақтаниш, унга ўзимни кўрсатиб қўйиш ниятларим бирдан қаёққадир учиб кетди-ю, вужудимга ҳокимлик қилаётган ўша туйғулар ўрнини шафқат, одамийлик, ҳамдардлик эгаллаб олди.
— Олдига киринг, юпатинг, дармон бўлинг. Мактабдошини кўриб танасига қувват киради. йўқ деманг!

Наҳотки йўқ десам. Наҳотки биргина боқишим, ёнида бир дам туришим ўлимни енгиш учун куч бўлса-ю, йўқ десам. Мен ҳам одамман.

Врачлар мени Одилнинг олдига киритишмади. Чарчаган, оператсия олдидан дам олсин, дейишди. Ўтириб хат ёздим. Қизиқ-қизиқ гаплардан ёздим. Университетда қилган қизиқ-қизиқ ишларимизни, ўша пайтда айтган латифаларимизни ёзиб киритдим. Хат тагига имзо қўйдим. Ўқиб юрган пайтимизда деворий газетага бурнимни катта қилиб уриб чиқишган эди. Эсимда турган экан, худди ўшандай қилиб сурат чизиб қўйдим. Ўзимга жуда ўхшайди.

Хатни олиб, албатта, хурсанд бўлади. Биламан. Бунақа пайтларда беморнинг хаёлидаги даҳшатли ўйларни қочириш учун шундай қилиш керак. Кулги даҳшатни қувади. Ўлимни енгади!

Муаззам билан яна Бувайдага қайтдим. Уни ёлғиз қолдиргим келмади. Мен кетсам, у қандоқ қилиб тонг оттиради? Шундай пайтларда ёнида одам бўлса тиргович бўлади.

У телефон стантсиясининг орқасидаги кичкинагина ҳовлида турар экан. Уй эгаси — кексагина хотин бизни кўриши билан ташвишланиб айвонга тушди. Муаззамнинг кўзлари қизарганидан қўрқиб кетди шекилли, менга савол назари билан қаради.
— Тинчликми, Одилжоннинг аҳволи қалай?

Яхши гап билан кампирни тинчлантирдим. Муаззам уйга кириб кетганча қайтиб чиқмади. Унинг уйида чироқ ҳам ёнмади. Кампир менга супага жой қилиб берди. Ечинмай ёнбошладим. Челакда музлаган сувдек нурсизгина ой кўтарилди. Кампир ҳамон ғимирсиб, нималардир қилиб юрибди. У менинг ухламаганимни билиб олдимга келди.
— Яширманг, меҳмон, Одилжоннинг аҳволи қалай?—деди у шивирлаб.
— Эртага оёғини кесишмоқчи,— дедим хўрсиниб.

Кампир қимирламай туриб қолди. Ой орқа томондалигидан унинг юзи кўринмас, фақат сочлари кумушдек йилтирарди. У шу кўйи анча туриб қолгандан кейин бирдан тиззасига уриб оҳ урди.
— Вой ойдеккина бола-я, вой шундоқ гулдек йигит-а! Вой эсиз бола. Урушга қирон келсин, урушни ер ютсин! Бу қирғин келгурдан йигирма йилдаям қутулмасак...
— Секин, секин, ая! Нима қиласиз Муаззамнинг юрагига ваҳима солиб. Мана кўрарсиз, кўрмагандек бўлиб кетади.

Кампир бошини сарак-сарак қилиб, айвонга қараб кетди.

Ухлаёлмадим. Хаёл минг ёққа олиб кетади. У ёққа ағдариламан, бу ёққа ағдариламан, кўзим илинмайди. Билиб ётибман. Муаззам ҳам шу аҳволда. У дунёда энг яқин кишиси ҳалокат ёқасида турган шу дақиқаларда унинг танасига жон бўлиб киришга тайёр. У эри билан баравар ўлим йўлини тўсаётибди. Тўшакда ётган бемор ҳаёт учун ёлғиз ўзи курашмаётганини билиб турибди.

Дўст меҳри, ёр муҳаббати ҳар қандай офатни даф қила олишини билиб турибди.

Муз парчасидек ойни оппоқ тонг нафаси эритиб юборди-ю, азим тераклар учидаги япроқлар алвондек ялтиради. Шу тароватли тонг пайти мактабдошимга умр тиладим:
— Яшашинг керак! Ҳали олдингда узоқ умр йўли бор, ҳаётда ҳали ҳаққинг кўп, ҳаёт жомини умринг охиригача сипқор, азизим!

Яна касалхона остонасидамиз. Бу гал Муаззам билан икковимизга оқ халат кийдириб ичкарига бошлашди.

Узун коридордан оёқ учида энтикиб, энтикиб боряпмиз. Одилни тезроқ кўра қолсам, оператсияга ётиши олдидан бир икки қизиқ-қизиқ гаплар айтиб руҳини кўтарсам дейман.

Палатага кирдик. Бурчакдаги каравотда Одил кўкка боқиб ётибди. У ниманидир ўйлаб, ҳар замон илжайиб қўяди. Охири одам шарпасини сезиб, бошини биз томонга бурди-да, бирдан кўзлари яшнаб кетди.

Муаззам илдам юриб, унинг тепасига келди. Ҳаяжонини яшириб унинг ҳол-аҳволини сўради. Одил ҳорғин-ҳаста товушда жавоб берди.
— Бурунбойнинг хати менга жон берди. Суратини кўриб, бир куламан, хатини ўқиб, бир куламан. Оёғимни қиртиллатиб кесишяпти ҳамки, кулгим қистайди.

У менга қараб мамнунлик билан илжайди. Демак, шу кечаёқ оёғини кесишибди.
— Раҳмат, Бурунбой...

Муаззамнинг кўзларидан дув этиб ёш тўкилиб кетди.
— Хафа бўлма, Муаззам, омон қолдим-ку! Сизлар бўлмасанглар ўлиб кетадиган нарса эдим. Оператсияни кўтарадиган ҳолим йўқ эди.

Врач, беморни чарчатиб қўясизлар деб, бизни чиқазиб юборди.

Ташқарида офтоб яшнагандан яшнаб кетган. Тиниқ беғубор осмонда бир гала каптар нурга чўмилаётгандек гоҳ шўнғийди, гоҳ парларига қўнган нурни тўкиб юбормоқчидек қанотларини тинимсиз силкитади.

Яна автобус остановкасида тўхтадик. Муаззам чиройли бир табассум билан қўл бериб хайрлашди.
— Раҳмат!

Бошимдан зар сочсалар, оёқларим остига поёндоз ёзсалар, нурдан кўйлак тикиб кийдирсалар, баридан кечардим-у, шу бир оғиз сўз билан қолардим.

Инсон кўксидан тошиб чиққан, унинг қалбида энг эзгу ҳислари-туйғулари тоблаган самимий ташаккуридан қимматлироқ мукофот борми одам боласига!

Бугун мен ўзимни танидим. Бунга сиз сабабчисиз, азизларим!