OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиСени излаб (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сени излаб (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Шарафатга ота уйидан чиқиб кетиш осон бўлмади. Бу ишнинг бутун оғирлигини йўлнинг ярмига етганда сезди. Кўча муюлишигача эргашиб келган онасининг маъюс кўзларини, остонада бошини эгиб қолган дадасини эслади-ю, қадами секинлашгандек бўлди. Бир нафасда уйи, ҳовлиси, чиқиб келаётганда миёвлаб оёғига суйкалган мушуги кўз олдига келди, таранг чўзилган резинка ип қўлдан чиқиб ўз нуқтасига қайтгандек, фикран уйида пайдо бўлиб қолди.

Бир қаноти очиқ қолган деразадан ариқдаги сувнинг ҳар хил оҳанг чиқариб шилдираши, жуда олисда оғир юк тортаётган паровознинг босиқ гупиллаши эшитилади. Уй ичида ғоят секин судралган ойнинг тўрт бурчак шуъласи каравот қуббасини, чинни идишларни, роял устидаги ўйинчоқларни бирма-бир ёритиб, яна деразадан ташқарига чиқиб кетди. Қора бахмалга қадалган зар тугмачалардек ялтираб турган юлдузлар бирин-кетин ўчиб, осмон бети оҳак суртилгандек оқара бошлади. Шарофат ҳамон уйғоқ. Қаердадир ит улиди, қаердадир хўроз чақирди. Бўғот лабида тинимсиз миёвлаётган мушукка кимдир кесак отди. Яна ҳамма ёқ жимжит бўлиб қолди. Шарофат ҳамон уйғоқ, ҳамон ўйларди.

Кетиш керак. Омоннинг олдига кетиш керак. Мана шу қимматбаҳо буюмларга тўлган, куядори иси ўрнашиб қолган уйдан кетиш керак.

Шарофат шуни ўйларди. У ҳар гал садаф клавишларини босганда, титроқ садолари кўнгил дардларини орзу қанотида учирадиган роял рўёбга чиқмаган ўша орзулар гувоҳи бўлиб жим турарди... Оҳ, тезроқ тонг ота қолсайди, дея орзиқиб деразага кўзларини жавдиратиб қаради у. Тонг аллақачон отган, дарахт учларига олтин ҳал суртилгандек эди. У сапчиб ўрнидан турди. Кўча эшигига толпинганда аяси йўлини тўсди. Отаси эшикни ланг очиб берди. Бу кеча ота ҳам, она ҳам ухлашмаган эди. Қизнинг қарорини, кўнглини асир қилган, қиз қалбига уя қурган ўша йигит ота муҳаббатидан ҳам, она меҳридан ҳам зўр келганига уларнинг икковлари ҳам энди иқрор бўлишган эди. Қиз остонадан икки қадам ҳам нари кетмай, ота тилга кирди:
— Бери кел, болам.

Ота товушидаги титроқ қизни тўхтатди.
— Қайда бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин, — деди у. — Сени қайтаришга энди ҳеч қурбим етмайди. Шу пайтгача қўлингдан етаклаб сенга бахт излаган эдик. Кўнгил қўли етмаган даргоҳ бахт бермас экан. Энди ўз бахтингни ўзинг изла. Энди сенга икки нарсани мерос қиламан: бири — муҳаббатим, бири — қаҳрим. Муҳаббатсиз одам одамга ёв бўлади. Қаҳрсиз одам ёвга ем бўлади. Энди бор, йўлинг ойдин бўлсин, болам!

Ота қизининг пешонасидан ўпди. Шундан кейин Шарофат нима бўлганини билмайди. Қандай қилиб автобусга ўтирди, қандай қилиб чўл ўртасидаги ёлғизоёққа бу-рилди — эсида йўқ. Кўксидаги бир вақтлар Омон ташлаган чўғни ўчиролмаган, ўчириш қаёқда, баттар бағрида туташиб, ота уйидан олиб чиқа олган ҳислар чўл ўртаси-да кездириб, уни ўша Омони олдига судради. Энди Омони унга аввалгидек қарармикин? Уни кечирармикин? Қалбида яна унга жой берармикин? Уни илгаригидек эъзозлармикин? Шарофат бу тўғрида ўйламасди. Нима бўлса ҳам Омонни кўрса, аччиқ-аччиқ аламли сўзлар айтса ҳам, майли. Шу чўлларда унинг кетида соясидек эргашиб юрса, олисдан қорасини кўрса, узоқдан товушини эшитса бўлгани. Шарофат шу Омонни деб чўл кезиб келяпти, ахир! Омони уни кечирармикин?

Шарофат шундай изтиробли ўйлар билан куя еган пўстиндек у ер-бу ерда гиёҳ кўкарган чўл ўртасида осмонда вижирлаб учаётган қалдирғочларнинг қўшиғига маҳлиё бўлиб, янтоқлар тагидан сап-сариқ кўзларини совуқ мўлтиратган калтакесаклардан ҳуркиб «Бўстон»га етиб келди. Қатор оқ иморатлар оралаб, ёш ниҳоллар кўланка ташлаган хиёбонлардан ўтиб, колхоз идорасига кирди. Қўзибой обедга чиқиб кетган. Отабой телефон трубкасига: «Бермайман, уставни бузишга ҳаққим йўқ!» деб бақирарди. Шарофат бурчакдаги курсига омонатгина ўтирди. Отабой трубкани жойига илиб, унга қаради.
— Синглим, менда ишингиз бормиди?
— Омон акани излаб келган эдим.
— Қайси Омон? Колхозда тўртта Омон бор, қайси бири?
— Омон Шарипов.
— Э, ҳа, — деди Отабой. — У Омонми? У Омон Чўнг Олойда. Чорвада.

Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Отабой трубкани олиб, ким биландир шошиб-пишиб гаплашди-да, ўқдек отилиб чиқиб кетди. Шарофат ёлғиз қолди. У Чўнг Олойнинг қаердалигини эшитган: Қизилсувнинг нарёғида. У томонларга етиш осон эмас. Бўшашиб ташқарига чиқди.

Офтоб кўзни олади. Шифер том тепасидаги телевизион антеннага қўнган мусичага икки бола тош отади. Йўл четидаги қирғоққа сапчиб оқаётган лойқа сувда бир бола қоғоз кема оқизади, унинг кетидан эргашган бола, дўпписидан кўм-кўк довучча олиб, қарсиллатиб чайнайди. Муюлишга етмасдан икки ҳовли берида янгигина, ҳали номери ҳам йўқ яшил «Москвич» турибди. Довучча чайнаётган бола машина деразасига тирмашиб, сигнал бериб қочди, нарироққа бориб эшик орқасига беркинди. Машина сигналига уйдан бир йигит чиқди. У ёқ-бу ёққа аланглаб болани кўрди-ю, ёлғондан пўписа қилиб, уни қувламоқчи бўлди. Бола қочди, йиқилиб дўпписидаги довуччалар тўкилди, йиғлади, бе-риги уйдан югуриб чиққан Кокила болани даст кўтариб, тупроққа беланган юзидан, кўзидан ўпа бошлади. Кейин бояги машинанинг эшигини очиб, болани кабинага ўтқазиб қўйди. Энди бола кучининг борича сигнал берар, қийқириб куларди.

Буларни кузатиб турган Шарофат беихтиёр кулиб юборди. Кокила нотаниш жувоннинг олдига келди.
— Ҳа, ўртоқ, сиз ҳам чўл қувлашга келдингизми? Жуда соз бўпти-да!
— Омон акани излаб келдим, — деди Шарофат Кокилага бошдан-оёқ қараб.
— Омонжон чорвадалар. Ҳали соат тўртда Олойга вертолёт кетади. Йўл юриб чарчагандирсиз. Юринг, тамадди қилиб олинг.

Шарофат унга итоаткорлик билан эргашди. Эндигина палаги ниш уриб чиқаётган қовун полизни ёқалаб колхоз меҳмонхонасига келишди. Кокила эшик олдида ёстиқ жидди, сочиқ, кўрпа ғилофларини юваётган семиз бир жувоннинг биқинини чимдиб ўзига қаратди.
— Ҳой, бўктик, битта чой дамлаб бер!

Жувон билагидан совун кўпикларини сидирар экан, қошларини чимирди:
— Ана, самовар қайнаб турибди, нима, ўзинг дамлаб олсанг эт-бетинг камайиб қоладими!
— Раиснинг хотини бир нима дегандан кейин дарров хўп дегин.

Бақалоқ жувон қўлидаги сочиқ билан Кокиланинг икки ўрим сочи савалаб турган жойига бир урди. Ёлғондан қочмоқчидек лапанглаб чойнак кўтариб уйнинг орқасига ўтиб кетди. Улар ичкарига киришди. Меҳмонхона ичида сурат солинмаган биронта девор қолмаган, шифтда ҳам, шкаф ойналарида ҳам сурат. Иккита каравот тепасида клеёнка орқасига ишланган манзара. Кўл, оқ ўрдак, қизил осмон, ярми кўк, ярми қизил сув.

Бу суратларни мутлақо санъатга алоқаси бўлмаган бўёқчи ишлагани шундоққина билиниб турарди. Бу суратларнинг бирида дарё, кўприк, йўл тасвирланган. Осмонда самолёт, кўприкда поезд, дарёда кема, йўлда пахта ортган юк машинаси.

Кокила меҳмоннинг суратларга қараб ажабланаётганини кўриб, изоҳ бера бошлади:
— Отабой ўлгурнинг қилган иши-да. Арзон тушади деб шаҳардаги артелдан патнис бўяйдиганни эргаштириб келибди. Шифтдаги гуллар ҳосилотнинг уйидаги патнисларга қараб солинган.

Шарофат учун бу суратлар дадасининг қанча минг сўмлаб сарф қилиб чиздирган суратларидан, бу уй унинг қимматбаҳо жиҳозлар билан тўлиб кетган ётоғидан соддалиги билан минг марта аъло эди. Шарофат икки пиёла чойни қайноқ-қайноқ ичиб, кўзи илина бошлади. Кокила оёқ учида ташқарига чиқиб кетди.

Шарофат қизларнинг қўшиғидан уйғонди. Қанча ух-лади, қаерда ётибди, бу меҳрибон одамлар ким, билолмади. Деразадан ташқарига қаради. Радиода Кокила эълон эшиттирмоқда:
— Чорвада эри бор хотинлар, кийимларини ювиб, дазмоллаб бўлган бўлсалар, меҳмонхонага олиб келишсин! Отабой ака! Отабой ака! Тўртта батарея олиб келинг! Ойша, Ойша! Ғанижон соқол қирадиган писка сўраган, дарров олиб кел! Салима! Раҳимингга «Синчалак» билан «Қутлуғ қон»ни қайдан бўлса ҳам топиб кел! Отабой ака, газета билан «Муштум» эсингиздан чиқмасин! Қайтараман, соат тўртда Олойга вертолёт учади. Кечикманглар!

Семиз жувон косада шавла олиб кирди.
— Йўлга кетадиган одамсиз, еб олинг. Гуруллаган товуш уларнинг суҳбатини бўлди. Иккови ҳам шошиб ташқарига чиқишди Осмонда баҳайбат чигирткадек пириллаб вертолёт учиб келарди. Даланинг у ер-бу ерида юрган кишилар қўлларини пешоналарига соябон қилиб, осмонга қарашарди. Мототсиклнинг люлкасида бир бойлам газета билан Кокила келди.
— Қани, меҳмон, кетдик!

Шарофат мототсиклнинг орқасига мингашиб олди. Семиз жувон орқадан қўл силтаб қолди.

Вертолёт қўнган жойда ўн чоғли хотин тўпланган эди. Ҳаммасининг қўлида тугун. Учувчи йигит иккита ёнғоқни шапкасига бекитиб, найрангбозлик қилар, хотинлар қиқир-қиқир кулишарди. Отабой арқон шотига тирмашиб, кабинага тугунчаларни ташир, ора-сира учувчига нималардир деб тўнғилларди. Шарофат вертолётга чиққанида боя дўпписига довучча солиб еб ўтирган болани кўтариб олган, ўнг қовоғида қоп-қора холи бор бир жу-вон ҳаллослаб етиб келди. У югуриб келганидан ёноқлари терлаган, ўзи ҳансирарди. Жувон қўлидаги тугунни Шарофатга бўй чўзиб узатаркан: Омон акамга салом денг, уйдагилар, болалар тинч экан, деб айтинг, деб тайинлади. Қўлидаги бола ҳам унга дўпписини чўзиб:
— Даддага, даддага, — дерди.

Мотор гуруллаб ҳамма ўзини четга олди. Баҳайбат паррак чир айланиб, вертолёт ҳавога бигиздек тик санчилди-ю, ер пастда қолди. Қўл силтаётган аёлларнинг қизил, кўк дурралари секин-секин кичрайиб, охири кўздан ғойиб бўлди.

Агар шу пўлат қуш ҳозир ерга қўнсайди, Шарофат ўша жувонни, Омоннинг муҳаббатига сазовор бўлган, унинг энг эзгу ҳисларига қалбидан жой берган кўксига ихлос билан бош қўярди, қовоғидаги ўша кўҳлик холидан тўйиб-тўйиб ўпарди... Энди у Омоннинг олдига нима деб боради? Унга нималар деб айтади. Ҳозиргина уни кузатиб қолган жувонларнинг юзини, кўзини эслади. Қандай бахтли хотинлар-а! Уларнинг кўзларида соғинч, олисда, тоғ этакларида лолаларга бурканган ён бағирларда энтикиб йўлларига кўз тиккан энг азиз кишилари олдига учаётган пўлат қушнинг қанотини ҳам ўпишга, меҳр билан силаб-сийпалашга тайёр.

Пастда яшариб, яшилланиб келаётган чўл ястаниб ётибди. Шу чўл кўкатларига жон бераётган хотинлар ўз ёнларидан унга жой беришармикин? Кошки эди, унинг биринчи пешона тери шу ерларга тўкилса, чўл шамоллари унинг ҳам оппоқ билакларини қорайтирса...

Жувон кўксининг аллақаеридан садо чиққандек бўлди.
— Қол, шу ерларда қол, Шарофат! Бахтинг шу ерда! Шу бағри кенг, ҳар бир гиёҳидан тортиб янтоғигача табиий, инсон қўлига, пешона терига зор чўлларнинг аллақаерида сенинг ҳам бахтинг яшириниб ётибди. Қидир, изла! Тунлари чўл осмонида порлаган юлдузларнинг чўғини кўрмагансан ҳали! Чўлда уфқни қизартириб чиқадиган офтобга юзингни тутмагансан ҳали! Кўкатга чалқанча ётиб, ярми қизил, ярми оқ булутларга қараб ширин ўй сурмагансан ҳали. Қол! Қол шу ерда.

Пастда чўл чир айланар, кўм-кўк майсазорлар орасидаги йўл парқи очилган сочдек бўлиб кўринарди, қорли чўққилар тизмаси эса оёқ қўйса етгудек яқинда ялтирарди.

1961