OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиСобиқ ўғри (ҳикоялар тўплами)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм94KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
Саид Аҳмаднинг сатирик ҳикоя ва интермедиялари


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Собиқ ўғри (ҳикоялар тўплами)
Саид Аҳмад

Йўғон тепа

Бугун шанба, идора ходимларига маош берилаяпти. Одатда идора бошлиқларининг ҳурмати учун кассир кабинетга ведомост кўтариб киради.

Қодиров кассир узатган пулни санамай, стол тортмасига солар экан, деди:
– Нуралиевга айтинг, кирсин!

Сал ўтмай, бош бухгалтер Нуралиев кирди.
– Менга қаранг, бугун бир отамлашмайликми? Маошни бўлса, олдик. Пул хотиннинг қўлига тегдими,

тамом. Пака қўлимиздалигида яйраб олайлик.

Бу гап Нуралиевга ҳам ёқди. Қодиров стол ёнидаги тугмани босди. Секретар қиз кирди.
– Апсаматов билан Собировни дарров чақиринг!

Апсаматов билан Собиров узун-қисқа бўлиб кириб келишди.
– Қани,– деди Қодиров, – олти-олтидан чўзинглар. Йўғон тепага бориб, бир ошхўрлик қиламиз.

Апсаматов жон деб турган экан, дарров олти сўмни столга ташлади. Аммо Собиров гарданини қашиб туриб колди.
– Бўлинг, бўлинг,– деди Нуралиев,– мунча латтачайнарсиз, олти сўм кимни ўлдирибди?
– Олти сўм ҳеч кимни ўлдирмайди-ю, аммо келинингиз қанча маош олишимни точний билади. Ундан ташқари, хотинсиз бирон жойга боролмайман.
– Э, садқайи эркак кетинг, қўйинг бу гапларни.

Собиров жонидан сугургандек қилиб, олти сўмни қўли қалтираб столга қўйди.

Қодиров шофёрни чақириб, харажатга юборди. Иш соати тугаши билан тўрт киши Йўғон тепага қочишга аҳд қилишди.

Шундоқ бўлди. Йўгон тепа вилоятда энг салқин, энг хушманзара жой. Тўрт улфат роса яйрашди. Шофёр ошга уста эди, ҳар битта гуруч ўзи ўрмалаб оғизга кириб кетаман дойди. Салатни айтмайсизми, кўк қалампир аралашган салат дунёда ягона бўлса ажаб эмас. Ошга бостирилган еаримсоқпиёз янги сўйилган қўйнинг илигидан афзал бўлса афзалки, камлиги йўқ.

Хулласи, тўрт улфат кеч соат ўн бир яримгача маишат қилишиб, ўн иккидан сал ошганда шаҳарга қайтишди.

Бундай пайтларда бошлиқлар жуда сахий бўлиб кетишади. Қодиров ҳам шундай фазилатдан холи эмас. Шерикларини бир-бир эшиклари олдига ташлаб, уйига ўтиб кетди.

Ажойиб ош учун шоферга раҳмат айтиб, ўзи ҳам дарвозаси олдида тушиб қолди. Эшикни қоқди. Ичкаридан жавоб бўлмади. Яна эшик қоқди. Қўшнилар нима гап деб югуриб чиқишди-ю, Қодировнинг хотини чиқмади. Ярим соат эшик қоқди.

Хотини эшик орқасида турган экан, ахмри овоз берди.
– Нега эшик очмайсан, мажлисдан ўладиган бўлиб келсам ҳам, шунақа қиласанми?
– Борадиган жойингизга бораверинг. Ош еган жойингизда ётишга жой қилиб беришмадими? Ўшаққа бориб ётинг!

Қодировнинг дами ичига тушиб кетди. Анча вақтгача «ғиринг» деёлмай туриб қолди.
– Қўй, хотин, қўни-қўшниларнинг олдида шарманда қилма. Уйда бафуржа гаплашамиз.

Хотин жавоб қилмади. Оёқ товушининг узоқлашгани эшитилди. Ана шундан кейин Қодиров яна ярим соатча эшик тақиллатди, бўлмади. Орқасига қайтди. Машина кетиб бўлган, соат бирдан ошиб автобуслар ҳам сийраклашиб қолганди. Идора, ўҳҳў, қанча жойда.

Қодиров соат икки яримларда идорага қайтиб келди. Қараса, кабинетининг кўча тарафга қараган деразасидан ёруғ тушиб турибди. Уборшитса пол юваётган бўлса керак, деб ўйлади. Қоровул келинг ака, деб дарвозани очди.
– Отчётга тайёрланадиган эдим, шу ерда тинчгина...

Кабинет эшигини очиш билан ҳайрон бўлиб тўхтади қолди. Бош бухгалтер Нуралиев ечинмай, диванга чалқанча ётиб олган, кабинетни бошига кўтариб хуррак тортарди.

Нима бало, уйига ташлаб келган эдим-ку, деб ҳайрон бўлди Қодиров. У қоровулдан план бўлимининг калитини сўради.
– Очиқ, ака.очиқ. Апсаматов иним диванда ётибдилар.
– Кадрлар бўлими-чи?
– У ер ҳам очиқ. Собиров ётибди.

Қодиров нима қилишини билмай, гаражнинг калитини сўради.
– У ер ҳам банд, шофёрингиз «Волга»да ётибди.

Қодиров қаққайганча туриб қолди.
– Менга қаранг, ота, – деди у қоровулга. – Сизга жавоб. Уйингизга бориб, ёта қолинг. Биз бугун тонг отар отчёт тузамиз. Кўрпа-ёстиқни йиғманг. Чарчаганимда мен ётатураман.
– Умрингдан барака топ, болам. Кампирим отдихинг қачон, деб сўраётган эди. Жуда бопта бўлди.

Қоровул чол дуо қилиб, уйига жўнаб қолди. Қодиров унинг ўрнига ёнбошлади.

Тўрт ошхўр идорани бошларига кўтариб, хуррак тортишарди.

Айниқса, бошбух Нуралиев карнайга ўхшатиб тортар экан. Бу кеча тўрт ошхўрнинг хотини хафа, биргина қоровул чолнинг хотини хурсанд эди.

Катайса

Қосимжон машинада хотинини бир айлантирмоқчи бўлиб турганда, эшик тақиллаб қолди. Чиқса синглиси билан куёви. Ака-сингил ўртасида андак гап қочганидан улар анчадан бери кўришишмаган эди. Қосимжон катта бошини кичик қилиб йўқлаб боролмади, синглиси ҳар қалай аёл киши эмасми, ўзи эшик қоқиб келди. Қосимжоннинг боши осмонга етди. Хотини то сабзи-пиёзини қовуриб бўлгунча, гир этиб бориб, битта коняк топиб келмоқчи бўлди. Куёвининг ҳайҳайлашига ҳам қарамай, дарвозани очиб машинани олиб чиқди. Янги «Москвич» офтобда ярақлаб ел қувиб кетди.

Бугун дам олиш куни бўлганидан кўчада машина унча кўп эмас эди. Магазинни тушликка бекитишмасин деб, у машинани елдек учириб катта гастрономга келди. Одам кўп. Коняк ичадиганларнинг ини бузилганми, ҳаммаси беш юлдузлигидан сўрайди. Қосимжоннинг навбати келгунча ҳам анчагина вақт ўтди. У шишани қўлтиққа тиқиб чиқса, машина олдида бир гала бола чуғурлашяпти. Бири капотини силайди, бири бўлса, олдига миниб олибди.

Қосимжон пашша қўригандек қилиб, болаларни тирқиратиб қувиб юборди. Бир маҳал қараса, шундоққина кўринадиган жойига кимдир мих билан «Эркин» деб қириб ёзиб қўйибди. Қосимжошшнг жони кекирдагига келди.
– Ким қилди?

Бир қиз кўчанинг нариги бетига қараб қочаётган иштончан болани кўрсатди.

Қосимжон жон ҳолатда унинг кетидан қувди. Бола зинадан пилдираб иккинчи қаватга чиқди-ю, чап қўлдаги эшикка кириб қарсиллатиб ёпиб олди.

Қосимжон ҳансираб қўнғироқ тугмасини босди. Сал ўтмай, эшик очилди. Унинг қаршисида пижама кийиб, бошини хотинларнинг косинкаси билан танғиб олган директори Бек ака турарди.
– Ия, ия Қосимжон, келинг, келинг.

Қосимжон нима қилишини билмай, бирпас серрайиб туриб қолди. Кейин чайналиб тилга кирди:
– Шундоқ, ўзларини бир йўқлаб қўяй деб... Айтганча, янги уйлар муборак, Бек ака.

Бек ака мамнун илжайиб, унинг қўлтиғидаги шишага қаради.
– Ҳа, айтганча, уйга қуруқ келмай, деб.
– Қани, қани ичкарига. Зап иш қипсиз-да, Қосимжон. Узим ҳам бир дилдор ҳамсуҳбатга кўнглим кетиб турган эди. Айтганча, кичкина «Чайка» муборак бўлсин. Машина опсиз, бир катайса қилдираман ҳам демайсиз.

Қосимжон шошиб жавоб қилди:
– Ўзи атайин шунга келаётган эдим. Бугун дам олиш куни, хўжайинни бола-чақалари билан бир ўйнатай, деб келаётганим шу-да.

Ичкарига киришди. Хўжайиннинг хотини арчилган сариқ шафтолидек бўлиб ваннадан чиқиб келди. У Қосимжонни кўриб, энсаси қотгандек қошларини кериб бир қаради-ю, нариги хонага ўтиб кетди. Кейин ичкаридан унинг палағда товуши эшитилди:

– Эркинингиз ваннаниям расво қипти. Сувни тортмаяпти. Тузатиб беринг.

– Оббо, – деди Бек. – Умримда қилмаган ишим. Қандоқ тозалашни билмасам.

У илтижо назари билан Қосимжонга қаради. Қосимжон ҳам бу қарашнинг маънисига етди. Дик этиб ўрнидан турди-ю, ваннага қараб юрди.

Ванна ичи мағзавага тўлган, тешиги ўлгур сув тортмаяпти. У билагини шимариб, қўлини тиқиб, ярим соатча уринди-ю, охири сув тортадиган жойидан иккита ёнғоқ олиб ташлади.
– Ҳа, баракалла, – деди Бек. – Техникани эгаллаган кишиларнинг садағаси кетсанг арзийди. Раҳмат, ука.

Қосимжон то ваннани тозалаб чиққунча, Бек закускани боплаб, конякни рюмкаларга қуйиб, унга маҳтал бўлиб турган экан. Биттадан ичиб олишди.

Шу пайт Эркин кирди. Қосимжон машинани расво қилган болани еб ташлашга тайёр эди. Аммо унга қараб майин илжайди. Қизиқчилик қилиб, бир кўзини қисиб, мўйлабининг бир учини қимирлатди. Бола унинг бу ҳунарига қойил қолиб яқин келди.
– Амакинглар-чи, ҳозир бизни машинада айлантириб келадилар. Маза қиласан, ўғлим.

Ичкаридан хонимнинг товуши келди:

– Феодалларга ўхшаб ўзларинг маза қилмангларда, биз шўринг қурғур эзилган хотинларни ҳам айлантиринглар. Шундоқ поччамникига ҳам бирров кириб ўтаман.

Яна икки рюмкадан отиб олишди.

Кетишда Эркин бўёқ қаламларини ҳам олиб чиққан экан. Йўл-йўлакай сирланган эшикка, олд томонига суратлар ишлаб борди. Бек унинг рассомлигига қойил қолиб, мақтаб борарди.
– Хотин, бу қизиталоғингдан рассом чиқадиганга ўхшайди. Қарқуноқдан булбул чиқибди, деб шуни айтадилар-да.

Боланинг қўлидаги қалам ўлгурнинг учи пўлатданми, нима бало, чизган жойини қиради. Бола машина деворини эмас, Қосимжоннинг юрагини қираётгандек. Ичи куйиб кетяпти. Гўрни бир нима деб бўладими. Қайтага уни мақтайди.
– Оббо азамат-э, мактабда расмдан беш олсангиз керак, а?

Бола йўлда икки марта хархаша қилиб, мороженое олдирди. Иккаласида ҳам Қосимжоннинг ўзи тушиб олиб чиқди. Хотиннинг поччасиникига ҳам боришди. Улар кириб кетишганича бир ош пишарли вақтда чиқишди. Яна йўлга тушдилар.

Кечга яқин хўжайинларни уйларига келтириб қўйди-ю, то зинадан чиқиб кетгунларича Эркинни кулдириш учун ҳар хил қилиқлар қилиб турди.

У энди кабинага кираман деб энгашган ҳам эдики, милитсионер осмондан тушдими, ердан чиқдими, олдида пайдо бўлди. Гувоҳнома сўради. Қосимжон ёнини ковлаётганда, милитсионернинг қошлари чимирилиб кетди.
– Шошманг, шошманг, битта «ҳуҳ» деб юборинг-чи.

Ана шундан кейин нима бўлса бўлди. Милитсионер уни обормаган жойи қолмади. Маст шофёрларни текширадиган жойга обориб, стаканга «ҳуҳ»латиб ҳам кўрди. Гувоҳномасини олиб, рулга яқинлаштирмай, орқага ўтқазиб, ўзи кичкииа «Чайка»ни ҳайдаб уйига опкелиб қўйди..

Синглиси ҳам, куёви ҳам сузиб келтирилган ошга қўл урмай, хавотирда ўтиришган экан. Хотини бўлса, машина пачақ-пачақ бўлгану, эрим ўликхонада қонга беланиб ётибди, деб ўйлаб кўнгли озиб диванда ётарди. У эрининг товушини эшитиб, аранг бошини кўтарди:
– Қаёқда эдингиз?

Қосимжоннинг тили калимага келмади. Дир-дир титрарди. Охири, икки-учтагина гапни бир амаллаб оғзидан чиқарди:
– Аждарнинг оғзида эдим. Аммо, керакли аждар, хотин.

Бош оғриғи

Искандаров бошқармадан эшитадиганини эшитди. Олиб келган ҳужжатида яна хато. Икки юз ўттиз минг ўрнига икки юз ўттиз ёзилибди, Ҳужжатга қўл қўяётганда яхши қарамаган экан. Мана, бошқарма план бўлимида уни роса қизартиришди.

Ҳозир Искандаров машинада ўзидан ўзи минғиллаб секретар қизнинг гўрига гишт қалаб келяпти. Ундоқ қиламан, бундоқ қиламан, бунақа секретарнинг боридан йўғи. Бўшатаман...

У тажанг бир қиёфада идорага кирди. Машинка шиқиллатиб ўтирган секретар қизнинг бетига ҳам қарамай, киринг, деб ўтиб кетди.

Ўзини креслога ташлаб, столни чертиб, асабини босмоқчи бўлиб турганда лаблари қип-қизил, бели супургининг бойланган жойидек ингичка, икки қулоғига офтобни узиб олиб қўйгандек ялтироқ зирак таққан, жўхори попугидек майин сочли бир қиз кирди. У секретар эди. Искандаров унга хўмрайиб қаради. Секретар қиз кўзларини сузиб, бир-икки марта киприк қоқди. Тавба. Искандаровнинг шу пайтгача разм солмагаиини қаранг-а, киприк ҳам шунақа узун бўладими? Ҳар киприк қоққанда икки юзини беркитиб қўяди-я.

Искандаров бир неча дақиқа унга маҳлиё бўлиб турди-да, ўзини босиб олди. Бояги жаҳли яна танига қайтиб келди. Энди қизнинг бетига эмас, полга қараб гапиришга чоғланди. Нима бало бўлди-ю, кўзи чалғиб секретар қизнинг игнадек пошнасига, ундан кеййн илон пўстига ўхшаш носкисига кўзи тушди. Яна жаҳли ўлгур аллақаёққа қочиб кетиб, юзига билинар-билинмас табассум югура бошлади, Искандаров бир сесканиб, яна ҳушини йигиб олди. Энди у дераза тарафга қараб гапга чоғланди.

Дераза ойнасидан яна қизнинг чеҳраси намоён бўлди. Беихтиёр дилидан «бели, елкалари дераза ойнасидан шундоқ кўринса, тўғри қараганда қандоқ бўлди экан» деган фикр ўтди.

Очиқ деразадан кирган майин шамол қизнинг причёскага сўз бермаган икки тола сочини бўйнига, томоғининг тагига, ярим деколте кўкрагига теккизиб ўйнарди.

Искандаров бир неча минут табиатнинг бу мўъжизасига лол қараб қолди. Гапирай деса, тилдан қолганга ўхшайди, хўмрайиб қарай деса, юзидаги табассумни йиғиштириб бўлмайди.

Эркак одам анча иродали бўлади. Искандаров ҳам бор кучини йиғиб, ўрнидан турди. Зарда қилиб, бурчакка борди-да, икки қўлини орқасига қилиб ўгирилиб олди.

У шу туришича қанча турганини аниқ билмайди. Қиз йўталди. Бай бай унинг овози. Бу овоз уни яна сескантирди. Назарида қиз секин келиб икки кўзини беркитиб оладиган, ойнами, тароқ дейдиганга ўхшаб шошиб ўгирилиб олди.

Шу алфозда ярим соатдан ортиқ Искандаров гоҳ сесканиб, гоҳ қалтираб, гоҳ ғазабу, гоҳ табассум билан мушук-сичқон бўлди.

Охири секретар қиз бошлиқни енгганига ишонч ҳосил қилди.
— Искандаров ака, нимага чақирган эдингиз? – деди.

Искандаров нима дейишини билмай, озроқ чайналди:
— Кеча бошим оғрияпти деган эдингиз, қалай, энди дурустмисиз?
— Ҳалиям жиндек оғриб турибди, Искандаров ака.
Бирдан Искандаровнинг меҳрибончилиги тутиб кетди.
— Сиз ғалати одам экансиз-ку, соғлиқни эҳтиёт қилиш керак. Бунақада дардга чалиниб қоласиз. Боринг, уйга бориб дам олинг. Бош оғриғингиз босилмаса, бир-икки кун ишга чиқмасангиз ҳам майли. Соғлиқ керак, соғлиқ.

Қиз миннатдорчилик билдириб чиқиб кетди.

Эртасига Искандаров огоҳлантириш олди. Секретар қиз отчётни кўчирганда, «бошқарма» ўрнига «мошқарма» деб ёзибди.

Искандаров яна ғазабга келди.

Бунақа ғазабларнинг кўпини кўрганмиз...

Собиқ ўғри

Хоҳ қаридир, хоқ ёшдир, оғзига эҳтиёт бўлиши керак экан. Ҳошимжон қизиқиб кетиб бир огиз гап айтди-ю, балога қолди.

– Болалик экан, ота-она йўқ, бозорда битта қовун ўғирлаб қўлга тушиб қолдим. Милитсняда бир кун ўтирганман. Эсимга тушса, ҳали-ҳали хижолат бўламан. Шунга ҳам қирқ бир йил бўпти.

Бор-йўғи бўлган гап шу. Суҳбатдошлар орасида бир илмий ходим ўтирган экан. Қачон, қаерда, деб суриштириб қолди.

Ҳошимжон яқинда пенсияга чиққан. Ўттиз йил ўқитувчилик қилди. Ахир у унча-мунча ўқитувчи эмас, хизмат кўрсатган ўқитувчи. Энг камида икки-уч минг болани ўқктган. Унинг талабаларидан неча фан кандидати, нечалаб инженер, доктор чиққан.

Уч-тўрт кундан кейин Ҳошимжонникига ўша илмий ходим келди. Бола тарбияси ва қонун деган мавзуда эзилиб гаплашпб ўтиришди. Гап орасида у Ҳошимжондан:

– Милитсия қўлига тушиб чиққанингиздан кейин ўзингизга қандай хулосалар чиқаргансиз? – деб сўраб қолди.

Ҳошимжон нима дейишини билмай, бирпас чайналди. Кейин жавоб қилди:

– Бу гапга қирқ йилдан ошган. Ҳозир эсимда йўқ қанақа хулоса чиқарганим.

– Ҳар ҳолда, – деди илмий ходкм.

– Ҳар ҳолдами? Ҳар ҳолда ўзимга тегишли хулоса чиқарган бўлишим керак. Ўшандан кейин қовун емайдиган бўлиб кетганман.

– Демак, милитсиянинг тарбиявий ролини инкор қилмайсиз?

Ҳошимжоннинг ғаши келди, шундоқ бўлса ҳам, ҳа, албатта, деди.

Шу билан гап тамом бўлди. Аммо орадан сал кун ўтиб, уйига бир таклифнома келди. Унда «Ҳурматли Ҳошимжон Олимжонов, билим юрти талабалари билан учрашувга келпшингизнк илтимос қиламиз» дейилганди.

Бунақа жойга, яна манавинақа таклифга йўқ деб бўлармиди. Ҳошимжон соқолиии қиртишлаб, яхши костюмини кийиб, етиб борди.

Билим юрти клубига одам сиғмайди. Эшикда «Телетсентр» деб ёзилган автобус. Ичкарисида прожекторлар, кинооператорлар...

Ҳошимжонни минбарга таклиф қилишди. Қараса, тунов кунги илмий ходим юқорида ўтирибди. Бунга ҳам Ҳошимжон ҳайрон бўлмади, ўтирган бўлса, ўтиргандир-да, деб қўя қолди. Аммо у минбарга чиқиб, гап бошлаганда, ҳайронликдан оғзи очилиб қолди. Илмий ходим берилиб, овозини гоҳ баланд, гоҳ паст қилиб гапирарди:

– ...Мана, қаршингизда собиқ жиноятчилар, йўлтўсарлар, майда ўғрилар...

Ҳошимжоннинг кўзи тиниб кетди. Гапнинг давомини эшита олмади. Чунки қулоғи шанғиллаб, боши айланиб кетганди. Илмий ходим давом этяпти:

– Аммо бу жиноятчилар бизнинг ёрдамимизда қайта тарбияланган, жамиятимизнинг онгли гражданларига айланган...

Ҳошимжон ҳолдан тойди. Қандай қилиб йиғин тугаганини, қандай қилиб уйига келганини билмайди.

Орадан уч кун ўтиб, телевизор кўриб ўтирса, бирдан тунов кунги илмий ходим чиқиб қолди. У яна ўша гапни қайтарар учрашувда олинган кинолентани қўйиб, «собиқ ўғрилар»нинг башарасини кўрсатарди.

Ҳошимжон ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади. Чунки ёнида икки невараси, келини ўтирибди. Ундан ташқари, неча минглаб шогирдлари шу топда «собиқ ўғри» устозларини кўриб ўтиришгандир...

Шу гапдан буён орадан саккиз ой ўтди. Ўша илмий ходим фан кандидати деган илмий даражага сазовор бўлди.

Бу гаплардан уни кандидат қилган «собиқ ўғри»нинг хабари йўқ эди.

Пайпоқ

Орифжон шу трестга ишга ўтгандан бери хотинидан тинмай гап эшитади. Трест бошлиғи серулфат одам экан. Ҳар куни ишдан кейин Орифжонни машинага ўтқазиб, шаҳардан ташқарига опчиқиб кетади. Соя-салқин чойхоналарда ошхўрлик қилишиб, қош қорайганда жавоб беради.

Албатта, бу хил ўтиришларда ҳадеб бошлиққа сарф қилдиравериш инсофдан эмас. Хотинининг кунлик берадиган обед пули ўзидан ортмайди, текин еяверишга Орифжоннинг юзи чидамайди.

Орифжон хотинига билдирмай ёрдам кассасидан унча-мунча пул оладиган бўлди. Икки марта маош устидан аванс ҳам олди. Ҳар куни, ўлдим деганда, ўн беш сўм сарф бўлаверса, пул чидайдими?

Бошлиқ-ку, Орифжонни унчалик харж қилишга қўймайди. Ора-сира уйига чақириб зиёфат ҳам қилиб қўяди. Шундоқ бўлгандан кейин Орифжон ҳам уни уйига чақирмаса, уят бўлади-да!

Бошлиқ биринчи келганда жуда мамнун бўлиб кетди. Бир ҳафтагача: «Бай-бай-бай-, келиннинг мантиси, ҳали ҳам мазаси оғзимда турибди-я» деб, тамшаниб юрди.

У ҳадеб шундоқ деб турганда Орифжон индамаса одамгарчиликка кирмайди, албатта:

– Яна ташкил қиламиз, – деворди.

Шу гапни дейишга деди-ку, қандоқ қилиб хотинига айтишини билмай, бир-икки кун чайналиб юрди. Охири хотини очилиб-сочилиб турганда айтди. Хотинининг тепа сочи тикка бўлиб кетди.

– Қандоқ суллоҳ одам у? Ейдиганини еб кетди! Яна нима дейди?

Орифжон хотинини босиб қўйди:

– Ундоқ дема, хотин! Хўжайин нарса. Айтганини қилмасак бўлмайди. Яқинда маоши икки баравар кўп ишга ўтказмоқчи. Сен мантини боплайвергин, буёгига худо хоҳласа ошиғимиз олчи бўлиб кетади.

Хотини ундоқ деса, мундоқ деди, мундоқ деса, ундоқ деди, хуллас, бир гал мантига кўндирди. Аммо битта шарт билан. Зиёфат харжини Орифжоннинг ўзи топиб келиши керак. Рўзғорга ажратилган маблағга тегиш йўқ.

Оббо! Ёрдам кассасидан қарз бўлса, мояна устидан икки марта аванс олган бўлса, бу ёғини қайдан топади?

Орифжон ўйлаб-ўйлаб, бировдан қарз кўтарадиган бўлди. Ўтган моянадан ўн тўрт сўм, ёрдам кассасидан олган пулдан саккиз сўм, аванс пулдан етти сўми бор. Ҳаммаси бўлиб йигирма тўққиз сўмни пайпоғига яшириб қўйган. Толеига Орифжоннинг оёғи андек исланиб туради. Икки кун пайпоғини янгиламаса, уйга пашша тўлиб кетади.

Ана, шунинг учун ҳам эр-хотин кир ювиш ишларини ўзлари бўлиб олишган. Орифжон пайпоқни ўзи ювади, бошқа кирлар хотинининг бўйнида. Пайпоққа хотин қўл урмайди. Пул яширишга пайпоқдан яхши жой йўқ.

Орифжон хотиндан яшириб, пайпоқда сақлаб юрган пулларини шу зиёфатга ишлатмоқчи эди, янги гап чиқиб қолди. Йигирма олтинчи куни бошлиқнинг туғилган куни эмиш. Идорада ҳамма уч сўм-уч сўмдан қилиб пул йиғишяпти. Соат тақдим қилишар эмиш. Орифжондан пул олишмади.

– Сиз бошлиққа қадрдон одамсиз, ўзингиз каттароқ совға қиласиз.

Энди нима бўлади? Орифжон пайпоқдаги пулга совға оладиган бўлса, зиёфат учун бировдан қарз кўтариши керак. Шундай қилди. Бир ошнасидан икки ҳафта муҳлат билан йигирма беш сўм қарз кўтарди. Иккита конякдаёқ пулининг ранги ўчиб кетди. Шу пулдан ҳам уч сўм қайириб, пайпоққа урди. Гўшт-ёғ рўзғордан чиқди.

Бошлиқ ёлғиз келмади. Икки ошнасини эргаштириб келди. Орифжон билан бўлиб тўрт кишига иккита коняк нима бўлади? Жиянини чиқариб, магазиндан яна бир шиша уч юлдузлигидан олдириб келди.

Аммо келин мантини яна боплабди. Бошлиқ ҳар гал мантини оғзига солаётганда келиннинг пазандалигини мақтаб, Орифжоннинг қўли очиқлигини таърифлаб турди.

Ярим кечада меҳмонлар тарқашди. Улар кетишаётганда Орифжон эшиккача кузатиб чиқди.

– Жуда эрта кетяпсизлар-да, бир сиқимгина ош қилмоқчи эдик. Келинингиз ошни қийворади-да.

Бошлиқ машинага ўтирар экан, самимий миннатдорчилик билдирди:

– Ошни келаси гал еймиз. Хўпми? Хафа бўлманг, албатта келамиз.

Орифжон ҳам ўзини тутолмади. Бошлиқ шундоқ деб тургандан кейин аниқроқ бир гап айтиш керак.

– Битта ош экан-ку, кабобига ҳам тайёрмиз. Аммо қачонлигини айтиб аниқ ваъда бериб кетасизлар.

Бошлиқ орқа кабинада ўтирган ошналарига қаради:

– Келаси оддихга вақтларинг қалай? Менинг вақтим бор.

Ошналар, ихтиёр сизда дейишди. Шундан кейин машина гуриллаб жўнаб кетди. Машина кетди-ю, шу кетишида яна битта зиёфатнинг ваъдасини ҳам олиб кетди. Орифжон пешанасига биттани урди.

– Лақма бўлмай ўл! У гапирганда сен тинч турсанг ўлармидинг? Бу ёғини хотинга қандоқ тушунтирасан?!

У ўзига, ҳай майли, келаси оддихгача нима гапу нима сўз, бу ёғи кейин маълум бўлади, деб уйга кириб кетди.

Меҳмон келган уй, албатта, ивирсимай иложи йўқ. Ҳовлининг ҳамма ёғида папирос қолдиқлари, қоғоз парчалари. У ёқда кир сочиқ, бу ёқда ювиқсиз идиш-товоқ. Орифжон ўзини мастликка солиб, дарров ёта қолди. Эрталаб ишга кетаётганида каравотнинг тагига қараса, хотини янги пайпоқ қўйибди.

– Хотин, пайпоғим қани?

– Пайгюғингиз қурсин, бижғиб кетибди, оташ куракка қисиб, кўчадаги ахлатга опчиқиб ташладим.

Орифжоннинг дармони қуриб, ўзини ёстиққа ташлади. Бирдан ҳовлиқиб, ич кўйлакда кўчага югурди.

Ахлат машинаси энди жойидан қўзғалган экан. Қараса, қўшниси ҳам ич кўйлакда машина кетидан чопиб кетяпти. Етолмади. Машинага етиб бўладими? Орифжон ҳафсаласи пир бўлиб, остонага ўтириб қолди. Қўшниси ҳаллослаб қайтиб келди. Орифжон сир бой бермай, бўшашганча қўшнисидан сўради:

– Нима гап, тонг саҳарлаб машина қузиб юрибсиз?

Қўшни пешанасига шатиллатиб бир туширди.

– Мени худо уриб қолди! Бировга айтмангу, пайпоққа икки юз эллик яширган эдим, болалар ахлатга ташлаворишибди.

Орифжоннинг ичида бир нима узилиб кетгандек бўлди. Хайрият, буники атиги ўттиз икки сўм эди, қўшнисиникига урвоқ ҳам бўлмайди.

Икки қўшни бир-бирларига қараб, ранглари қум оқариб, индаёлмай туришарди. Бу пайт ахлат машинаси икковининг икки юз саксон икки сўмларини номаълум тарафга олиб кетарди.

Ошқовоқ, 2

Ҳомиджоновни янги тузилган бир ташкилотга бошлиқ қилиб юборишди.

Янги ташкилот бўлгандан кейин камчилиги кўп. Майда-чуйда камчиликлар Ҳомиджоновнинг кўзига кўринмади. Аммо машинаси йўқлиги уни кўп қийнаб қўйди.

Янги идорага ўтган куни эски идораси иззат-ҳурмат билан машинада опкелиб қўйди. Одамлар билан танишди, кабинетларни айланди, телефонларнинг қулогини кўтариб пуфлаб кўрди, пўлат сандиқнинг ичини очиб қаради. Янги экан, бўёқ ҳиди димоғига урилиб яйратди. Буфетчи устига сочиқ ёпилган тарелкада котлет опкирди, маза қилиб еб, устидаги сочиққа лунжини артди.

Хулласи, янги идорада тартиб жойида. Камчилиги, нолийдиган жойи йўқ.

Бироқ, ишдан қайтадиган пайтда эски идоранинг қадри билинди.

Ҳомиджонов йигирма йилдан бери пиёда юрмаган. Қайси трамвай қаёққа боришини билмайди. Қайси автобусда қаёққача бориб, қаерда тушиб қолиш керак?

Ҳомиджонов таваккалига дуч келган трамвайга чиқди. Трамвай вокзалга обориб ташлади. Ҳомиджонов ярим соат довдираб автобусга тушди. Автобус уни Қўйлиққа обориб қўйди. Яна трамвайга чиқди. Бу гал Чилонзорда тушди. Яна троллейбусга чиқди. Троллейбус бозорга ташлаб, ўтиб кетди.

Ундан бунга, бундан унга чиқди. Чиқди, тушди. Қоқ ярим кеча бўлди. Ёнидаги пуллар трамвай-троллейбусларда тамом бўлди. Трамвайлар, автобуслар паркка кириб кетишди. Шаҳар жимиб қолди. Кўчада Ҳомиджонов билан милитсионерлар қолишди.

Энди нима қилиш керак, уйга телефой қилиб хотинидан адресини, қайси автобусда уйга етиб келишини сўрай деса, автомат телефон учун ёнида бир тийин ҳам қолмапти.

Одамзоднинг бошига иш тушса, ақли киради деганлари рост экан. Ҳомиджоновнинг ҳам шу топда калласи ишлаб қолди. Адресини ёнидаги паспортига қараб билса-ку бўлади. Шу гап эсига келмаганини қаранг-а.

У шундай қилди. Паспортини чироққа солиб қаради.

Ошқовоқ, 2.

Ҳомиджонов Ошқовоқ кўчасини милитсионердан сўради.
– Нечанчи уй? – деди милитсионер.
– Иккинчи уй, иккинчи,– деди Ҳомиджонов.
– Э, омон бўлинг, мана иккинчи уй. Уйингизнинг орқа тарафида турибсиз-ку.

Муни қаранг-а, йигирма йилдан бери шофёр тушмагур уйнинг орқа тарафидан бирон марта ҳам олиб келмаган экан-а. Ахир Ҳомиджонов шу бугун бу уй олдидан энг камида йигирма марта ўтди. Билмаганини қаранг.

Милитсионер кулди:
– Ўтказиб қўяйми, ё ўзингиз ўтиб оласизми?

Ҳомиджонов жиддий жавоб қилди:
– Барака топинг, ўтказиб қўйганингиз маъқул, яна адашиб кетмай.

Ҳомиджонов эртасига ишга боролмади. Куни билан оёғи оғриб, диванда ётди.

Номи йўқ тўй

Асадулло Махсумнинг ўртанча ўғли Сайфулло кеча қамоқдан келди.

Ишдан келсам кўча муюлишида беш-олти қўшним тўпланишиб туришипти.

– Қаёқда юрибсиз, қўшни, дарров у-буларингизни ташлаб чиқинг. Махсум акадан кўнгил сўраб қўямиз.

Ҳайрон бўлдим, нима деб кўнгил сўраймиз? Ўғли армиядан, ё бирон хайрли жойдан келмаган бўлса, нимасини сўраймиз?

– Э, бўлинг, бирров кирамизу чиқамиз.

Маҳаллачилик, элдан қолиб бўлмайди. Кирдик. Ҳовлидаги сўриларга жой қилинган. Ичкари уйда қариялар. Айвонда Махсумнинг ёр-биродарлари. Битта сўри бўш. Назаримда артистлар ҳам айтилган бўлиши керак.

Олдига шолча тутилган бурчакдан Иса ошпазнинг боши кўринди. Беҳи шохига янгигина бўғизланган қўй орқа оёғидан осиб қўйилибди. Махсумнинг қамоқдан келган ўғли бошига янги сурма ранг дўппи кийиб, келган-кетганларга қўл қовуштириб юрипти.

Буни қаранг-а, тўрт йил ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетибди. Махсумнинг шу ўғли истироҳат боғида маст бўлиб, бир шофёр болани пичоқлаб қўйган эди. Махсум у ёққа югуриб, бу ёққа югуриб, пичоқ еган боланинг танишини топди, ота-онасига одам юбортирди. Хуллас, боласи тирик қолганидан шукур қилган ота, даъво қилмайсан, деб ўғлига қасам ичирди. Барибир даъвогар кечса ҳам ҳукумат кечмас экан. Сайфулло тўрт йилга кесилди. Мана, шу тўрт йил бир пиёла чой ичгунча ўтди-кетди.

Тинмай одам келиб турипти. Қуюқ-суюқ овқатлар тортиляпти.

Дастурхонга шиша оралаб қолди. Контсертини тугатиб, кеч бўлса ҳам артистлар етиб келишди. Кексалар ўтирган жойда стол тагидан пиёла узатила бошланди. Ёшлар жиринглатиб «жабрдийда», «чақувдан қамалган» боланинг саломатлигига ича бошладилар.

Ашула авжга чиқди. Унча-мунча кайф қилганларнинг овози кўтарила бошлади. «Чақувдан қамалиб келган» боланинг ўзи ўйинга тушди.

Кейинги пайтларда тўйми, азами, барибир нутқ сўзлайдиган одамлар пайдо бўлиб қолган. Бу йиғин ҳам шундай бўлди.

Соч ўстирган бир йигит рюмка кўтариб, ўртага тушди. Ҳайрон бўлдим, у нима дейиши мумкин? Тўй бўлса, куёв билан келинни табрикларди, именина бўлса тўй эгасини туғилган куни билан табриклардй. Чақалоқ тўйи бўлса, унга умр тиларди. Бировни пичоқлаб, қамалиб келганнинг йиғинида нима дейиши мумкин?

– Ҳурматли биродарлар, мана шу табаррук уйнинг табаррук дастурхони устида ўтирибмиз. Ўзингизга маълум, Тошкентда кучли зилзила бўлди. Бизнинг бозоркомимизга қарашли точкалар ҳам анча шикастланди. Шу билан демоқчиманки, азиз биродаримиз Махсум аканинг зурриёти бўлмиш Сайфулло бозоркомнинг вайрон бўлган точкаларини тиклашга ўз ҳиссасини қўшади, деб умид қиламиз. Шу қадаҳни Сайфуллонинг саломатлигига кўтаришларингизни сўраб қоламан.

Ичадиганлар жаранг-журунг қилиб уриштирди. Ичишди. Ҳар қайси тўда Сайфуллони ёнига чақириб, алоҳида-алоҳида қадаҳ тутишди. Сайфулло тушмагур соғинган экан, йўқ дейиш эсидан чиқиб, узатганни олиб ютаверди. То ош тортилгунча Сайфулло қамоққа кетишдан олдинги ҳолига келди қўйди.

– Вей, вей, қамоққа йигитнинг гули тушади. Иш билган одам ҳар ерда ҳам нонини топиб кетаверади. Исталовойга завидиш бўлдим. Ҳа, ўшатдаям тортиб турдик. Ҳа, дўст!

У довдираб, алжираб ҳовлида чарх уриб юрарди. Бирдан маҳалла комитетининг раисига кўзи тушиб қолди. Тепасига келиб, икки қўлини биқинига тираб туриб олди. Хабарим бор, милитсия идораси Сайфуллонинг ахлоқи тўғрисида характеристика сўраганда, у тўғрисини ёзиб берган эди. Сайфуллонинг эсидан чиқмаган экан.

– Вей, қўлингдан ҳемири келмади-ку.

Маҳалла йигитлари Сайфуллонинг тирсагидан олиб, эшикка опчиқиб кетишди. Биз қўшнилар ҳам секин ўрнимиздан турдик. Чиқиб келаётганимизда Сайфуллони йўқлаб келган, ўзига ўхшаган ошналарига гап маъқулларди:

– Вей, мен, мен исталавойда завидиш...

Мана, шу воқеага ҳам бир ойдан ошди. Сайфуллоси тушмагур «шўх» бола эмасми, ёзлик кинонинг ёнида бир жувонга эрининг олдида тегишипти. Тўртта одам гувоҳ бўлиб, ўша заҳотиёқ милитсияга олиб кетишипти.

Шунда унинг гаплари эсимга тушиб, ҳам ачиниш, ҳам истеҳзо билан дедим:

– Янги фармон чиққан, энди исталавойга завидиш бўлмайдиган қилиб олиб кетишди. Эсонлик бўлса, яна беш йилдан кейин учрашамиз-да!

Биринчи муҳаббат

Кампир скамейкада ўтирипти. Бир чол киради. Кўзойнак тақиб скамейкадан ўзига жой қидиради.

Чол. Шу ерга ўтирсам майлими?

Кампир. Ўтираверинг, ўтираверинг, бобой.

Чол. Нега мени бобой дейсиз. Сиздан ёш бўлсам керак, бувижон.

Кампир. Ҳеч жаҳонда скамейкани ҳам кўзойнак билан қидирадими.

Чол. Шошманг, шошманг, кимсиз, овозингиз жуда таниш туйиляпти.

Кампир. Анкета тўлдирмоқчимисиз. Отим Хадича. Қўрғонтаги маҳалласидан бўламан. Мансурвойнинг қизиман. Бўладими? Ё яна айтайми?

Чол. Э, бўлди, бўлди. Муни қара-я, Хадичамисан. Вой-бў, тирик экансан-ку.

Кампир. Нега мени сенлайсиз. Ўзингиз ким бўласиз?

Чол. Танимадингми-я. Ахир мен ошиқу беқароринг Муқимжонман-ку. Отимни айтолмай Мақомжон деярдинг-ку, энди эсингга тушдими?

Кампир. Мақомжонман, дегин. Мен сени инқилобдан олдин ўлиб кетгансан деб юргандим. Муни қара-я, тирик экансан. Ўлмапсан.

Чол. Нега ўламан?

Кампир. Кўп чекардинг-да, чилимни шундоғам қулдиратардинг-ки...

Чол. Кейин попирисга ўтгандим. Шўри-мўри деган попирис чекардим.

Кампир. Ҳалиям ўша-ўша саводсизлигинг қолмапти. Шўри-мўри эмас, Черное Море, дейиш керак.

Чол. Зиди менга бари бир, чекишни бундан қирқ олти йпл олдин ташлаб юборганмаи.

Кампир. Тўқсонга кирмай адойи тамом бўпсан. Кўзингда қўш кўзойнак, қўлингда ҳасса бўлмаса белинг майишиб кетяпти. Қулоғингда аппарат бўлмаса елкангда атом бомбасини портлатса ҳам билмайсан.

Чол. Бунақа тез қаримасдиму хотиним раҳматли ёмон эди.

Кампир. Эркакларнинг ҳаммаси шунақа. Бегона хотинни кўрса дарров ўзиникини ёмонлайди.

Чол. Вой-бў, шунақа дегин-а, эринг омон-эсон юриптими? Оти нима эди, ҳа, топдим, Ориф қирриқ, носпуруш эди-я?

Кампир. Бир марта носвой сотгани билан носпуруш бўлади-қоладими? Раҳматли бундан етти йил олдин қазо қилган. Учта ордени бор эди, костюмига қадаб қўйганман. Сенда нечта орден бор?

Чол. Хотинимнинг иккита ордени бор эди. Яқинда қазо қилди. Хадича, ке сенам бева, менам бева, икковимиз ҳалигидек топишиб қўя қолайлик.

Кампир. Э, гапинг қурсин, бемаъни. Невараларимга нима дейман, чевараларимга нима дейман, қуда-андаларимга нима дейман?

Чол. Э, Хадича, ҳар кимнинг ҳузур-ҳаловати ўзига. Бошда хўп деганингда қўш кабутар бўлиб юрардик.

Кампир. Бўшашган совчиларни юборгансан-да, Мақомжон.

Чол. Ҳечам бўшашган эмас эди-да, Юборган совчиларимни даданг таёқ олиб қувлаган.

Кампир. Опқочиб кета қолсанг ўлармидинг.

Чол. Камбағаллик ўлсин. Қандоқ опқочаман. Опқочиб қандоқ боқаман. Эшак билан қаёққа опқочардим.

Кампир. Бу ерда нима қилиб ивирсиб юрибсан?

Чол. Битта неварам Арабистонда таржимон, биттаси Кубада. Ўшаниси «Буважон битта извесной сувратингизни юборинг» деб ёзворипти. Суврат олдиргани келувдим.

Кампир. Ҳалиям саводсизлигинг қолмапти, Мақомжон. Извесной эмас, светной дейиш керак, билдингми? Суврат олдираман десанг шу ерга келасанми? Ахир бу сувратхона эмас, пенсияни оширадиган сабис. Пенсиям ўзимга етиб турган эди. Почтачи қиз, бувижон, сабисга бориб книжкангизни олинг, пенсиянгиз ошган деди. Шунга келувдим.

Чол. Бу жой сабис эмас, сувратхона.

Кампир. Йўқ, сабис.

Чол. Ким билан гаплашаётганингни билиб қўй. Олдингда меҳнат қаҳрамони, ветеран Муқимжон ўтирибди.

Кампир. Вой, буни мақтанишини қаранглар, битта сен қаҳрамон бўпсанми. Мана, менам «Қаҳрамон она»ман. Мақтанмаяпман-ку!

Чол. Шунақа дегина. Менга қара Хадича, ке икковимиз ҳалигидек топишиб қўя қолайлик. Қўш қаҳрамон бўлиб юрамиз.

Кампир. Э, қоч-э, бемаза, гапингда туз деган нарса йўқ.

Чол. Шаҳло кўзларинг кўзимга уйқу бермасди. Қаламдек қошларинг юрагимга ханжардек санчиларди. Қани қошларингни кўрай. (Қарайди). Ия, қош қани, расво қипсан-ку! Нақш олмадек юзларинг мени жинни қиларди. Қани юзларингни бир кўрай. (Қарайди). Юз қани? Шафтоли қоқининг ўзи бўпқопти-ю...

Шу пайт бегона йигит ўтиб қолади.

Йигит. Нима қилиб жиқиллашяпсизлар?

Кампир. Пенсия масаласида келгандим.

Чол. Суврат олдиргани келувдим.

Йигит. Э, омон бўлинглар, бу ер сувратхона ҳам эмас, сабес ҳам эмас.

Кампир. Бўлмасам нима бу ер?

Йигит. Бу ер ЗАГС.

Чол. Хадича, худонинг меҳрибончилигини қара. ЗАГСга ўз оёғимиз билан кеп қопмиз-ку. Юр рўйхатдан ўтиб чиқа қолайлик.

Кампир. Э, бор-э, йўқ, қариб қуйилмаган бемаза чол.(Икки букилиб қалтириб чикиб кета бошлайди).

Йигит. Кампирингизми, бобой, аразлаб қолдилар-ку.

Чол. Кампирим бўладиган эди, бўлолмай қолган. (Кампирнинг орқасидан– ) Самбитдек қоматларингга Муқимжон аканг гиргиттон! Бир кун эмас бир кун ишқингда адо бўламан. Етмиш йилдан бери тушларимга кирасан, бевафо Хадича. Юрагим куйиб кетяпти. Ўртаниб кетдим-ку, бевафо!

Йигит. Бир пиёла муздеккина «Тошкент суви» қуйиб берайми?

Чол. Майли, болам. Йўқ, қўй, ангинам тутиб қолмасин.

Йигит. Ия, ангинангиз борми?

Чол. Ангинанинг ўзи бўлса ҳам майлийди-я астмам ҳам бор. Мана шу хотин мени адо қилган.

Йигит. (залга қараб). Биринчи муҳаббат сут билан кириб жон билан чиқади, дейишгани рост экан.

Чол. (қулоғидаги аппаратни тузатиб унга яқин келади). Нима дединг, сут дедингми? Майли, қайноққина бўлса, майли.

Синовчи ичувчи

(Қўлида микрофон билан радио мухбири киради)

Мухбир. Ҳурматли радиотингловчилар. Биз шаҳримизнииг йирик корхоналаридан бири бўлмиш вино заводининг маза кўриш, яъни янги виноларнинг сифатини аниқлаш тсехидамиз.

Шу пайт олдига клеёнка фартук тутган, бурни қип-қизил киши унинг олдига ўтади.

Мумкинми, ўртоқ? Бир минутга мумкинми? (Киши тўхтайди, унга қўл узатиб кўришади). Кечирасиз, ўзлари шу ерда ишлайдиларми?

Киши. Ҳа, бу заводда мендан эски уста йўқ. Қирқ йилдан бери ишлайман. Завод биринчи маҳсулот чиқарганда ўзим синаганман.

Мухбир. Гапингизга тушунмадим. Нимани синагансиз?

Киши. Мен завод чиқазган виноларнинг биринчи бочкасини очиб, таъмини кўриб, сифатини аниқлаганман.

Мухбир(микрофонга). Азиз радио тингловчилар! Ҳар бир корхонанинг маҳсулоти сифатини аниқлайдиган ўз синовчилари бўлади. Масалан: янги самолётни биринчи учириб берадиган учувчини синовчи учувчи дейдилар, янги автомашинани биринчи юрғизиб берадиган шофёрни синовчи ҳайдовчи дейдилар. «Мана, қаршимизда турган барваста қоматли, қараши бургут нигоҳини эслатадиган, бутун вужудидан куч, ғайрат, садоқат, вафо сезилиб турган киши мана шу заводнинг синовчи ичувчисидир. Шундайми?

Киши. Албатта. Мен заводнинг старший синовчи ичувчисиман.

Мухбир. Ўз ишларингиз, муваффақиятларингиз тўғрисида радио тингловчиларга икки оғизгина гапириб берсангиз.

Киши. Жоним билан. (Микрофонни унинг қўлидан олади.) Қирқ йилдан бери синовчи ичувчиман. Мен ичиб кўрмасам, бу заводдан бир томчи ҳам вино, арақ дарвозадан ташқарига чиқмайди. Мен ичиб, сифатини аниқлаб берганимдан кейин шишаларга қуйилиб магазинларга чиқазилади.

Мухбир. Кечирасиз, кунига қанча винони синаб кўрасиз?

Киши. Ҳар куни заводимиз йигирма тўққиз бочкадан шишаларга вино қуяди. Демак, йигирма тўққиз бочканинг ҳар биридан юз граммдан ичиб кўрсам, кунига икки литру тўққиз юз грамм ичиб кўрарканман.

Мухбир. Кунли ичиш нормангиз...

Киши. Ичиш деманг, синаш, денг.

Мухбир. Кечирасиз, демак, кунли ичиб синаб кўрадиган виноларингиз салкам уч литр бўларкан-да.

Киши. Баъзан ошиб ҳам кетади. Чунки шундай бочкалар бўладики, ундаги винолар сифатини аниқлаш анча қийин бўлади. Ана ўшандай пайтларда икки-уч марталаб синашга тўғри келади. Кўпинча савдо ташкилотларидан истеъмолчиларнинг шикоятлари асоси-да бизга қоғоз келиб туради.

Мухбир. Бу гапингизга тушунмаяпман. Радио тингловчиларга очиқроқ қилиб гапириб берсангиз.

Киши. Очиғи шуки, райпишчеторгларнинг искаладларида винони ўзлари ичиб, камига сув қўшиб қўйиш ҳоллари ҳам бўлган. Ана шунда шишаларни дўконга бориб очиб синаб кўриш вазифаси менинг зиммамга тушади. Шундай пайтларда кунига икки юз шиша синаб кўрган пайтларим бўлиб туради.

Мухбир. Кечирасиз, Сиз жуда масъулиятли вазифани бажараркансиз. Ўз ўрнингизга шогирд тайёрлаш масаласида ўйлаб кўрганмисиз? Ахир кадр масаласи жиддий масала.

Киши. Ўйлаб кўрганмиз. Шогирд масаласи қийин бўляпти. Бир неча бор ёшларни олиб келиб, ёнимда олиб ишлатиб юрдим. Бу йигитчалар иккй кунга чидамай, йиқилиб қолишяпти. Баъзилари бирипчи куниёқ ҳушёрхонага тушишяпти. Хайрият, ҳушёрхонада менинг шогирдим эканлигини билиб қолишиб, машинада уйига обориб қўйишади. Актни ҳам хизмат юзасидан ичган, ичиш унинг касби, деб ёзиб қўйишади. Шундай қилиб, шогирд масаласида жуда қийналганман. Ҳозир ўнинчини битирган бир болани шогирдликка олдим. Ҳозирча дуруст. Ҳозир ўзини чақираман. Маҳаматка! Ҳо, Мўнка!

(Соч-соқоли ўсиб кетган, ширакайф стиляга бола киради.)

Мана шу янги шогирдим. Келганига бир ҳафта бўлди, чидаяпти. Тўғри, биринчи куни йиқилиб қолган эди, эртасига бемалол уйига ўзи кетди. Қанчадан синаяпсан, бола?

Маҳамат. Кунига бир литрдан оширяпман.

Киши. Дуруст. Бу келажакда менинг ўрнимни босади.

Мухбир. Демак, ўринбосарингиз бор?

Киши. Маҳаматка, энди сен ишингга бор. (Маҳамат кетади.)

Мухбир. Айтинг-чи, заводда қирқ йилдан бери ишласангиз, умумий синаган виноларингизнинг миқдорини айтиб бера олмайсизми?

Киши. Ҳаммасини айтолмайман. Аммо ўзим ичганларимнинг ҳар юз граммини юз литрга чақсангиз ҳам мен ичганим маълум бўлади. Масалан, мен кунига уч литрдан ошиқ ичган бўлсам, шу уч литрдан ортиғини ҳисобламай, уларни дам олиш кунлари ҳисобига ўтқазиб, ҳар йилнинг уч юз олтмиш кунига сочинг, қанча бўлади?

Мухбир. Йилига бир минг саксон литрдан ичиб, синаган бўласиз.

Киши. Ҳа, балли. Йилига шунчадан бўлса, мен бу заводда қирқ йилдан бери ишлайман. Энди шу минг саксон литрни қирққа кўпайтиринг. Қанча бўлади?

Мухбир. Қирқ уч минг икки юз литр бўлади. Мана шу қирқ уч минг икки юз литр неча бочка бўлади?

Киши. Ҳар бочкага юз литрдан сиғади. Бу ёғини ҳам ўзингиз бир ҳисоблаб чиқинг-чи.

Мухбир. Тўрт юз ўттиз икки бочка бўларкан. Вой-бў, бир ўзингиз тўрт юз ўттиз икки бочка винони ичвордингизми?

Киши. Ҳа, албатта. Бу бизнинг вазифамиз. Ўз касбимизга камоли ихлос қўйганимиздан, шу касбга муҳаббатимиз зўрлигидан муваффақият билан ўз ишимизни давом эттириб келяпмиз.

Киши. Айтадиган гапларим кўп. Аммо бугун қирқ бочка синашим керак. Шунинг учун қолган гапларни кейинги суҳбатда айтиб бераман.

Мухбир. Яна бир минут вақтингизни оламан. Оила аъзоларингиз ва уларнинг касблари тўғрисида ҳам айтиб берсангиз.

Киши. Жоним билан. Катта қизим тикувчилик фабрикасида синовчи киювчи бўлиб и1шмшди. Фабрика чиқазган жамики кийимларни биринчи бўлиб уч-тўрт кун кийиб беради. Кўйлак, костюм, ич кўйлак, кейин, манаву ерида тасмаси бор икки хонали хотинлар тақадиган нарса бор-ку. Ўшанисидан кўпроқ синайди. Иккинчи ўғлим консерва заводи чиқазадиган гўшт консерваларни синайди. Ўртанча қизим кондитер фабрикасида синовчи яловчи бўлиб ишлайди. Фабрика чиқазадиган шоколад, конфет, торт, пирожний каби ширинликларни ялаб синаб кўради. Кенжа қизим шаҳар ошхона ва рееторанлар трестида синовчи ҳўпловчи бўлиб ишлайди. У бутун шаҳарда қандоқки ошхона, қандоқки ресторан бўлса, ҳаммасини шошмай айланиб, қозонидаги овқатларини ҳўплаб синаб беради. У ҳўплаб бўлгандан кейин овқатлар хўрандаларга сотилади.

Мухбир. Демак, фарзандларингизнинг ҳаммаси ҳам ота касбини танлашибди-да.

Киши. Кенжа қизимни айтмабман. Кенжадан иккита. Яъни Фотима-Зуҳролар. Шу Зуҳро қизим поябзал фабрикасида синовчи йўрғаловчи бўлиб ишлайди.

Мухбир. Бу қанақа вазифа?

Киши. Бу шундоқ вазифаки, янги чиққан пошнаси бигиз туфлиларни кийиб комиссия олдида йўрғалаб юриб кўрсатади ва бир ҳафта кўчаларда ҳар хил шароитда, масалан, ёмғир, мабодо ёмғир бўлмаса, сув сепилган йўллардан юриб, тупроқли жойлардан юриб, лой кечиб синаб беради. Шундай қилиб, болаларимнинг бири синовчи еювчи, бири синовчи яловчи, бири синовчи ҳўпловчи, бири синовчи йўрғаловчи, бири синовчи киювчи бўлиб ишлашади. Улар ўзларига топширилган вазифани планданошириб бажариб келмоқдалар.

Мухбир. Кечирасиз, келин аям ҳам бирон жойда ишласалар керак?

Киши. Йўқ, ҳозир ишламайди. Аввал у трикотаж фабрикасида ишларди. Яъни, у синовчи киювчи эди. Янги пайпоқларни кийиб синаб берарди. Хотин киши қаримасин экан. Озиб, оёғи халта бўлиб стандартга тўғри келмай қолди. Айниқса, болдири сўлиган бодрингга ўхшаб тўпиғига осилиб тушиб қолди. Ҳозир пенсияга чиққан.

Мухбир. Демак, келин аям уйда овқат қилиш, кир ювиш ишлари билан банд эканлар-да.

Киши. Йўқ. Бизнинг уйда овқат қилинмайди. Масалан, ўғлим ўзи синайдиган консерва заводидан синаш учун тўрт-бешта консерва олиб келади, бутун оила аъзолари бир бўлиб, кечки овқат пайтида синаб қўя қоламиз. Эрталабки нонушта пайтида кондитер фабрикасида ишлайдиган қизим синаш учун конфет, печене, торт, шоколад олиб келади. Бутун оила аъзолари бир бўлиб, бирпасда синаб ташлаймиз. Тушлик пайтида яна ҳаммамиз уйга етиб келамиз. Ошхона ва ресторанлар трестида синовчи ҳўпловчи бўлиб ишлайдиган қизим котлет, лағмон, кабоб, манти, сомса каби арзимаган нарсаларни синаш учун уйга олиб келади. Яна кўпчилик бўлиб бир соатда синаб ташлаймиз.

Мухбир. Демак, келин аям фақат кир юварканларда?

Киши. Йўқ. Бизнинг уйда кир ювилмайди. Тикиш фабрикасидан қизим синашга кўйлак, пастки ич кийим, костюм, у-буларни олиб келади. Бир ҳафта кийиб, синаб яна фабрикага ўз фикрларимизни ёзиб қайтариб юборамиз. Ўрнига синаш учун ўша куниёқ янгисини юборишади.

Мухбир. Мазмунли суҳбатингиз учун радио тингловчилар номидан катта раҳмат. (Қўлида микрофон билан залга қараб.) Шу билан вино заводидан, «Илғор синовчи ичувчи» деган репортажимиз тугади. Эшиттиришни олиб борган синовчи ёзувчи Тўлқиний. (Кишига қўл бериб.) Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Киши. Қани, ичкарига марҳамат. Бир-икки бочкадан сиз ҳам синаб кўринг. Бирга синашамиз.

Мухбир. Раҳмат. (Иккови қўл бериб хайрлашишади.)

Табелчи

Эргаш билан Ҳасан бир-бирига рўпара келиб қолишади.

Эргаш. Кечирасиз, илғор қизлар бригадасига шу йўлдан бориладими?

Ҳасан. Ҳа, шу йўлдан борилади, ўргилай. Нима ишингиз бор эди? Бўйнингиздаги магнитафонга қараганда мухбирга ўхшайсиз, тасаддиқ.

Эргаш. Топдингиз. Радиодан келдим. Шу илғор қизлар бригадаси тўғрисида радиога бир репортаж ёзиб олмоқчи эдим.

Ҳасан. Ниятингиз холис экан. Керакли одамни топдингиз, ўргилай. Мен шу бригаданинг табелчиси бўламан. Эшитгандирсиз. Ҳозир абет пайти. Борганингиз билан бирон нима ёзиб ололмайсиз. Қанақа гап керак бўлса мана, ўзгинам айтиб беравераман.

Эргаш. Қизлар бригадасида эркак одамнинг иш-лаши жуда қийин бўлса керак?

Ҳасан. Нимасини айтасиз, ўргилай. Қийинлигиям бор, осонлигиям бор. Осонлигини айтсам шуки, қоқиндиқ, эркаклар бригадасида тушлик, яъни абет бир соат. Хотинлар бригадасида икки соат. Бир соат овқатга, бир соат бола эмизишга. Хотинлар болаларини эмизиб олишгунча мен ҳам толнинг тагида мизғиб оламан. Э, айтаверсам аёллар бригадасида ишлашнинг жуда кўп яхши томонлари бор. Масалан, эркак зоти бирон марта ҳам туғилган кунини нишонламайди. Хотин-қизлар туғилган кунларини сира эсдан чиқазишмайди. Йил ўн икки ой именина бўлади. Қизлари тушмагур мени тўрга ўтқазиб қўйишади. Мен ҳам баҳоли қудрат топганимни газетага ўраб, зинғиллаб боравераман. Хўш, яна нимасини айтай? Ҳа, айтганча иимаси кўп уларнинг, туғиши кўп. Бешик тўйига ҳам мени чақираверишади. Бирга ишлашгандан кейин ташлаб кетишмайди-да. Мен ҳам бир кийим штапелни қўлтиқлаб сузилиб кириб боравераман. Эркаклар биринчи Май билан Октябр байрамида ўйнаб кулишади. Мен бўлсам ҳам майда, ҳам октябрда, ҳам саккизинчи мартда дам оламан. Саккизинчи мартда бутун бригадамизни президиумга чиқазишади. Қизлари тушмагур, қақажонлар, қўлимдан судраб мени ҳам опчиқиб кетишади. Аввалги йили халқаро хотин-қизлар йили бўлди, ундан аввал болалар йили бўлди, ана ўша йиллари жонимизни роҳати бўлди. Қаерга борсак иззат-икром. Бригадамиз пахта теримида энг биринчи бўлиб маррага етганда ҳаммамизга раис бува бир кийимдан атлас совга қилдилар, менга ҳам бир атрез тегди. Йўқ, бир атрездан сал мўлроқ экан, лозимга ҳам чиқади, деб сандиққа ташлаб қўйдим. Яқинда «Саодат» журналидан келиб сувратимизни олишди. Кўргандирсиз, светной бўлиб чиқди-ку, ўртасида мен ўтирибман.

Эргаш. Бу томонлари зўр экан. Ҳақиқатан сизга маза экан.

Ҳасан. Вой, ўргилай сиздан, бу томони яхши бўлгани билан нах, ёмон томонлари борки, одам боласи чидамайди. Аёл киши баъзи бирда аёллигини қиларкан. Баъзи вақтларда мен бечорани яккалаб қўйишади. Масалан, саратон кунлари бригада ерининг этагидаги анҳорга чўмилгани борамиз. Мени ташлаб кетишади. Кийим-бошига қоровуллик қилиб, тескари қараб ўтираман. Идорагами, бухгалтергами борадиган бўлишса, болаларини тиззамга ўтқазиб кетаверишади. Айниқса ясли ремонт қилинганда ўн иккита болани боққанман. Вой, ўргилай, менга осон тутманг, болалар бирам шўх, бирам шўх. Ерга урсанг, осмонга сакрайман, дейди. Ўша кезларда ишдан қайта туриб чойхонага кирган эдим, самоварчи ўлгур олдимга чой қўя туриб нима дейди, денг. Вой, бола эмизганмисан, ҳамма ёғингдан туққан хотиннинг ҳиди келяпти, дейди. Э, чойинг ордона қолсин, дедиму шартта туриб самовардан чиқиб кетдим. Бир куни идорага борсам бухгалтеримиз: ҳой, маржонинг қуллиқ бўлсин, деса бўладими? Бундоқ қарасам ухлаб қолганимда қизлардан биттаси маржонини бўйнимга илиб қўйган экан, мен ўлгур билмасдан бўйнимда маржон билан идорага борибман. Қиз тушмагурлар, ухладим дегунча бир қилиқ чиқазишади, бир куни лабимга қизил суртиб қўйишипти, бир куни юзимга упа суртишипти. Қандоқ қиламан, чидайман, ўргилай. Колхозимиз медпункти намунали медпунктлардан ҳисобланади. Ҳар ойда женконсултатсиядан битта дўхтир хотин келиб хотин-қизларни кўрикдан ўтказади. Бармоғидан қон олиб, шишага суртиб, қоринларини ўлчаб кетади. Бир куни келганда дўхтир хотин ўлгир: ҳой, қани қорнингизни ўлчаб қўяй; дейди. Жон-поним чиқиб кетди. Э, тусингни ел есин, дедиму орқамни ўгириб ўтиравердим. Энди мулла ака, айтаверсам гап кўп. Бригадамизга борганингизда ўз кўзингиз билан кўрасиз. Яна кўп гапларни айтиб берардиму, шошиб турибман-да.

Эргаш. Қаёққа шошяпсиз?

Ҳасан. Манаву рўйхатларни кўряпсизми? Ҳаммаси келинчакларни закази. Аптекадан пахта олишим керак, универмагда танишим бор, франтсузча компактний пудра, олтита туш, кейин икки курагининг ўртасидан тугма билан қадайдиган, савил қолгур анаву нарсадан олтита безразмерний, ўн юмалоқ бинт, кейин бозордан нордонроқ бирон нарса. Тўрттасининг боши қоронғи, ўргилай. Ташвишини мен қил-масам ким қилади. Хулласи қўлимдаги рўйхатда жуда кўп нарсалар бор. Кетяпман, ўргилай. Хайр бўлмасам. Айтганча радиода гапирсангиз мениям отимни бирон жойга қистириб кетинг, хўпми?

Эргаш. Хўп бўлади, опажон, йўғе акажон.

Мени кечиринг

Эргаш(секретарга.) Ёнимга ҳеч кимни киритманг. Бошқармага отчёт тайёрлаяпман. (Кириб кетади.)

Ҳасан (киради.) Хўжайин ўзларидамилар?

Секретар. У киши бугун ҳеч кимни қабул қилмайдилар. Бошқармага отчёт тайёрлаяптилар.

Ҳасан Икки оғизгина гап холос. (Секретарнинг қаршилигига қарамай эшикни очиб киради.) Ассалому алайкум. (Эргаш бош кўтармайди.) Аҳволлар яхшими, хўжайин. Бола-чақалар, жияну жиянчалар, қуда-андалар...

Эргаш. Гапни қисқа қилинг. Ишим тиқилинчроқ. Айтинг нима гапингиз бор.

Ҳасан Шошманг, хўжайин. Аввал бир ҳол-аҳвол сўрашволайлик.

Эргаш. Гапнинг лўндасини айтақолинг, шошиб турибман.

Ҳасан Мен аҳмоқни кечиринг. Нодонлик қилдим.

Эргаш. Сизни танимай турибман.

Ҳасан Ия, ия, наҳотки танимасангиз? (Ўзича гапиради.) Устомонлик қиляпти. Икки дунёда кечирмайди, бу аблаҳ. Хўжайин кечириб қўяқолинг. Айб менда.

Эргаш. Қанақа айб экан. Билмайроқ турибман.

Ҳасан (ўзича). Билмас эмиш-а. Қўйиб берса хап этиб, еб қўйишга тайёрсан, аблаҳ!

Эргаш. Бўладиган гапни гапиринг. Қанақа айб қилгансиз?

Ҳасан (ҳў... тулки. Билмас эмиш-а). Менга қаранг, хўжайин. Ўша куни мени анаву аблаҳ Садир амаки йўлдан урди. Хўжайиннинг таги қимирлаб турибди, сен ҳам битта-иккита тош отиб қол. Бир нимали бўлиб қоласан, деб лақиллатди. Мен аҳмоқ, мен дуррак ўша аблаҳнинг гапига кириб Сизни танқид қилдим-а. Шундоқ бегуноҳ париштадек беозор, сиздек тиниқ одамга лой чапладим-а. Леонарда Винчими, Маҳтумқулими қайси бири: «сичқоннинг ўлгиси келса, мушук билан ўйнашади», деб айтган экан, мен аҳмоқ, мен дуррак сиздек олижаноб мушук билан ўйнашаманми! Ҳозир олдингизда ўзимни чавақлаб ташлайман?!

Эргаш. Йўқ, йўқ, унақа қила кўрманг. (Ўзича.) Нима бало деб танқид қилган экан, асло эслаёлмаяпман.

Ҳасан (еслаёлмайсан-а, эслаёлмайсан. Пайт пойлаб теримни шилиб, сомон тиқасан, ярамас). Жон, хўжайин, кечириб қўяқолинг.

Эргаш(диққат бўлиб). Кечирдим, бемалол уйингизга кетаверинг.

Ҳасан Ростданми? Астойдил айтяпсизми?

Эргаш. Ҳой биродар, ишим мана шундоқ тиқилинч. (Қўлини кекирдагига арра қилиб кўрсатади.)

Ҳасан Кетаверсам бўладими? Бемалол кетаверайми?

Эргаш. Э, эзма бўлмай ўл! Бемалол кетаверинг!

Ҳасан Хўп бўпти. Кетдим. (Чиқиб кетади.)

Эргаш. Бу эзма чурук ким ўзи, қачон, нима деб танқид қилган экан? Сира эслаёлмайман. (Қоғозларни титкилайди.) Иккинчи квартал бир юз уч, учинчи квартал бир юз саккиз...

Ҳасан (ешикни очиб мулойимлик билан киради). Бир оғиз гап чала қопти, хўжайин. Петр Первийми, Девонайи Машрабми биттаси айтган экан «Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан». Мен аҳмоқ, мен дуррак, сиздек олий зот арбоб билан ўйнашиб юрибманми-я. Ҳар бири тилла баҳосига тенг келадиган, гавҳардан қиммат сўзларингизни эшитиб, то трамвай остановкасигача ўй-ўйлаб, донолигингизга тан бериб бордим. Аммо трамвайга оёқ қўйишим билан лоп этиб бир гап эсимга тушди-ю, оёғимни қайтариб олиб яна шу тарафга, нурли ҳузурингизга қайтдим.

Эргаш(оҳ уриб юборади). Тағин нима гап бўлди?

Ҳасан Ҳамма гапингиз тилло. Сиздан брилянтдек сержило, гавҳардек нурли, асалдек ширин гап чиқишини биламан. Аммо қўлингизни манавундек қилиб (кекирдагига арра қилиб кўрсатади) кўрсатганингизни тушунмадим. Нима, мени бўғизламоқчимисиз? Мени-я? Мени саккизта болам бор. Қари ота-онам бор. Бир қизим тўрт боласи билан эридан ажралиб уйимга келиб ўтирибди. Қайнатам ўрнидан туролмайди. Кечаси икки марта туриб кўрпатўшагини янгилайман. Хўш, мени бўғизлаб шунча боламни ўзингиз боқасизми? Қайнотамни тўшагини икки маҳал янгилайсизми? Хўш, гапиринг. Ундан кўра мени кечириб қўяқолсангиз бўлади-ку. Мен аҳмоқни, мен дурракни кечириб қўйсангиз бўлади-ку.

Эргаш(тоқати тоқ бўлиб). Кечирдим. Минг марта кечирдим, биродар.

Ҳасан Шунақа деяпсиз-у гапингиз астойдилга ўхшамаяпти.

Эргаш. Ҳой барака топкур, бундан бошқа қанақа қилиб кечирай?

Ҳасан Овозингиз сал титраброқ чиқяпти-да. Астойдилга ўхшамаяпти. Ундан ташқари башарангиз ҳам унчалик майин бўлмаяпти.

Эргаш. Кечирдим, кечирдим, кечирдимм...

Ҳасан Бари бир кечирганингиз билинмаяпти.

Эргаш. (ҳолдан тойиб). Кечирдим!!! Йўқол! (Ўзидан кетиб йиқилади).

Ҳасан (тепасига келиб). Кечириши ўхшамасаям йиқилиши ўхшайди. Ҳозир дўхтир чақираман. Тирик қолса кечирмагунча қўймайман. Мабодо ўлгани рост бўлса, алвидо!!