OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Said Ahmad. Sud (hikoya) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиСуд (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм94KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/04
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Суд (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Саргузашт

I. Саратон кунларининг бирида

Саратоннинг жазираси авжга чиққан, қуёш осмондан нур эмас олов тўкаётгандек.

Ётоқда мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Ҳамётоқларим салқин паркларда дарс тайёрлагани, баъзилари консултатсияга кетишган.

Сал камхаржроқ бўлганимдан нонга куним қолиб, иссиқ ётоқда димиқиб дарс тайёрлаяпман, куннинг иссиғи ҳатто бошимдаги дўппимни ҳам куйдираётганга ўхшайди. Миямга ўлай агар бир нима кирса. Ўқиганим калламга кирмай, сочларим орасида қолиб кетаётганга ўхшайди.

Саратоннинг жазоси кўкчой деганлар. Чойнакни кўтариб пастга тушдим. Кўчанинг нариги бетидаги чойхонага ўтмоқчи бўлиб автобус ўтиб кетишини кутиб турибман. Бирдан қайрағоч тагидаги скамейкада ёнбошлаб ётган бир кишига кўзим тушдию, орқамга қайтдим. Ёши олтмишларга бориб қолган бир киши бошини скамейкадан осилтириб ётибди. Аввалига уни ухлаб қолган гумон қилган эдим. Яқинига борсам ухлаганга ўхшамайди. Ерда эскириб кетган бир чарм портфел. Портфелнинг қопқоғи очилиб қолган. Ерда бир-иккита ўн сўмлик сочилиб ётибди. Шошиб уни уйғота бошладим. Бошини кўтариб тўғрилаб ётқизиб қўйдим. Чол ҳамон уйғонмас эди.

Бирдан кўнглимга шайтон кирди. Ўйим бузилди. Шошиб атрофга қарадим, ҳеч ким йўқ. Чолнинг ярим очиқ кўзларида назаримда нур сўнгандек эди. Ажиб бир чаққонлик билан портфелни олдиму қўйнимга тиққанимча ётоққа қараб чопдим.

Тўртинчи қаватга қандай чиққанимни билмайман. Ётоққа кирдиму портфелни тўшагим тагига тиқиб устига ўтириб олдим. Юрагим шундай дукиллаб урарди-ки девор соатнинг тукиллашига ўхшаб ўзимга ҳам эшитилиб турибди.

Нима қилишимни билмай яна ўрнимдан турдим. Дераза олдига келиб пастга қарадим. Чол ҳамон ўша ҳолича қимирламай ётибди.

Хаёлимга, ўртоқларим келиб қолса нима қиламан, ё бўлмаса қочаётганимни биров кўрган бўлса қидириб кирса нима қиламан, деган ўй келди. Тўшак тагига қўл суқиб яна портфелни олдиму печкадек қизиб ётган чердакка чиқа бошладим. Эмаклаб бориб уйилиб ётган увадалар орасига портфелни тиқиб, қайтиб тушдим. Ётоқ эшигини очишим билан яна ўзимни деразага урдим.

Энди чолнинг тепасига одам йиғилган. Гулларга қараб юрадиган боғбон амаки қўлидаги пиёладан унинг юзига сув сепяпти. Дарров деразадан нари кетдим. Ташқарига чиқишга ҳам, ётоқда ёлғиз қолишга ҳам қўрқаман.

Бир соат ўтдими, икки соат ўтдими билмайман. Шунча вақт қимирламай тик турганимни икки тиззамда дармон қолмаганидан билдим.

Қилиб қўйган ишимнинг даҳшатини мана шу ўтган вақт ичида билиб қолдим. Пешонамга шатиллатиб туширдим.
— Нима қилиб қўйдим? Ўғри бўлиб қолдимми?

Шарт ўрнимдан турдиму чердакка чиқдим. Увада орасидан портфелни олиб яна ётоққа тушдим. Уни пастга, тўдаланиб турган кишилар тепасидан ирғитмоқчи бўлиб деразадан қарадим.

Энди скамейка олдида ҳеч ким йўқ. Тез ёрдам машинаси шитоб билан чоррахани кесиб ўтиб кетди. Тамом! Бўшашиб яна каравотимга ўтирдим. Портфелни очдим. Бир даста пул. Ведомост. Пулни санадим. Бир минг икки юз ўн олти сўм. Яна аллақанча танга-чақа. Ведомостга кўз ташладим. Ўн еттинчи мактаб ўқитувчиларининг отпуска пули.

Коридорда оёқ товушлари эшитила бошлади. Қўрқиб портфелни яна тўшак тагига тиқдиму қимирламай ўтиравердим. Эшик очилиб Сайфи билан Умар кирди. Улар башарамга қараб ҳайрон бўлиб қолишди.
— Нима бўлди? Тобинг йўқми? Рангинг оқариб кетибди.

Уларга нима деб жавоб берганим ҳозир эсимда йўқ. Сайфи чойнакдан сув тополмай стаканда илиб қолган чойни оғзимга тутди.
— Ич, ич, оғайни. Офтоб урган бўлмасин тағин.

Чойни ичмай қайтардим.
— Бунақа ўзингни қийнаб дарс тайёрлама-да. Дам олиб, каллани мундоқ шамоллатиб тайёрлаш керак. Ўзингни уринтириб қўйибсан, ошна, — деди Сайфи. — Пастдан қайноқ чой опчиқиб берайми?

Сайфи туника чойнакни қўлига олди. Шу топда менинг бирдан-бир душманим бўлиб шу чойнак йилтираб турарди.
— Йўқ, — дедим қатъий қилиб. — Чой ичмаймаи. Офтобда сал кўпроқ юриб қўйган эканман. Бошим айланди. Салда тузалиб қоламан.

Улар бирпас ҳайрон бўлиб туришгандан кейин китоб дафтарларини тумбочкага қўйиб яна чиқиб кетишди. Яна ёлғиз қолдим. Бу хилда ўтираверсам қийналиб кетадиганга ўхшайман. Аста ўрнимдан туриб бошимга шунча кулфатлар солган портфелни тўшак тагида ёлғиз қолдириб чиқиб кетдим.

Боғбон амаки гуллар тагини кетмонлаб юрган экан. Менга бир қарадию, индамай ишини қилаверди.

Юрагим шув этиб кетди. Нега ундай қилди? Илгарилари ҳар кўрганда гулқайчисини белига қистириб аҳволимни сўрарди. Менинг мусофирлигимни, қарашадиган ҳеч кимим йўқлигини билиб невараси тушлик олиб келганда, албатта, чақиртириб тушарди. Бирга тушлик қилардик. Нечук бу гал менга бу хил совуқ қаради? Ё қилмишимни кўзимдан билиб олдими? Ё бўлмаса портфел олиб қочганимни кўрганмиди? Қўрқиб кетдим. Индамай бошимни эгиб ўтиб кетавердим.

Сал нари бориб секин орқамга қарадим. У ҳамон ўз иши билан банд. Кетмонини назаримда жаҳл билан ерга ураётганга ўхшарди. Орқамга қайтдим. Яқин келиб салом бердим. Чол бошини кўтариб саломимга совуққина алик олди-да, кетмонини марзада қолдириб, четга чиқди. Нос чекди.
— Сал хафароқ кўринасиз? — дедим уни синамоқчи бўлиб.

Чол кўзларимга маъносиз тикилиб туриб, ноинсоф, деди.

Товонларимгача зирқираб кетди. У жаҳл билан оғзидаги носни тупуриб ташлади-да скамейкага ўтирди.
— Ноинсоф, ноинсоф кўп, болам. Куппа кундузи бир бечорани шилиб кетишди. Агар ўша ярамас қўлимга тушгандами, шу кетмон билан калласини мажақлаб ташлардим.

Танамга сал жон киргандек бўлди. Хайрият, чол билмаган экан. Ҳолдан тойиб унинг ёнига ўтирдим. Боғбон амаки ўзидан-ўзи хуноби ошиб гапирарди.
— Неча марта айтганман, пенсияга чиқ, деб. Йўқ, кўнмади. Юраги ўзи маълум нарса. Ҳой дўстим, энди бас, ишлама, дедим, қани энди бу ўжарни кўндириб бўлса. Мана, нима бўлди? Бир минг икки юз сўм-а. Қошки ўзиники бўлса. Халқники, муаллимларники-я!

Чол бошини сарак-сарак қилиб бўлган воқеани гапириб берди.
— Банкадан пул олиб келаётган экан. Иссиқда юраги бесаранжом бўлиб қопти. Трамвайдан тушибди-ю, Мардонни олдида бирпас ўтириб дам олай деб менинг олдимга аранг етиб кепти. Аксига олиб мен ўлгур қовун олгани кетган эдим. Қовун емай заҳарни есам бўлмасмидим. Бояқиш мени кутиб ўтириб кўнгли бехуд бўлиб қопти. Пул тўла папкасини бир ноинсоф кўтариб кетибди. Олган одамга буюрмасин. Кафанига, ўлимига ярасин шу пул.

Чол ўғрини астойдил қарғарди. Унинг ҳар бир гапи юрагимни тешиб кетяпти. Унинг гаплари қулоғимга эмас, баданимга ўқ бўлиб санчиларди.

Пулни олиб тушиб боғбон амакимнинг қўлига берсаммикан? Нима деб бераман? Мен олган эдим, десам кейин ёмон бўлмасмикин? Топиб олгандим, деяйми? Йўқ, бўлмайди. Кўзимга тергов, суд, қамоқ кўриниб кетди.

Яхшиси ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолавелсин. Олганимни ҳеч ким кўрмапти-ку нимадан қўрқаман. Бироқ боғбон амакимнинг қарғиши, кўнгли беҳузур бўлиб қолган кассир чолнинг ярим очиқ нурсиз кўзлари ичимни тимдаларди.

Чол ўрнидан туриб яна гуллар орасига кириб кетди. Бир ўзим қолдим. Нима қилишимни билмайман. Аста турдиму бошим оққан тарафга қараб кета бошладим.

Анча кеч кириб қолган. Ишдан қайтаётган кишилар тротуарларни тўлдирган. Калламга ҳеч нарса кирмайди. Одамларга туртиниб-суртиниб кетяпман. Қорним очми, тўқми билмайман. Ким менга қараса турган жойимда қотиб қоламан. Қочишга пайт пойлайман.

Баъзан қилиб қўйган хатомни тузатиш қийин эканини англаб ўзимча режалар тузаман.

Янги костюм олсам. Энди ётоқда туриб нима қиламан. Квартира олиб кўчиб кетаман. Соат оламан. Тилла соат олсам ҳам бўлади. Янги этик олиш керак. Уйланиб олсаммикин?

Шундай ширин орзуларимни бўлиб чолнинг ярим очиқ нурсиз кўзлари кўриниб кетади.

Унинг ҳоли нима кечади? Юраги ёмон экан, ўлиб қолса нима қиламан? Ўқитувчилар нима қилишади?

Шу пайт кўзим магазиннинг ялтираган витринасига тушиб қолди. Бу ювелир магазин эди. Тилла соатлар, биллур идишлар кўзни қамаштиради. Беихтиёр ичкарига кириб қопман. Шундай бадавлат эдимки, бу дўкондаги энг қимматбаҳо буюмларни харид қилишга ҳам қурбим етарди. Шошилмай роса айландим. Қай хил соатни олишимни мўлжаллаб қўйдим. Ойна тагида устига тилла суви юртилган кумуш папиросдон турипти. Ана шуни ҳам олиш керак. Бу папиросдонга қаҳрабо муштук ярашади. Албатта оламан.

Нимага қўл узатсам етадигандек эди. Рости ҳам шундай. Энди энг яхши ресторанда овқатланаман. Бундан буён стипендия кутиб ўтириш йўқ. Жағимга қоплама қилиб тилла тиш қуйдирсам ҳам бўлади.

Ана шундай ниятлар билан магазиндан чиқдим. Эртага бугун ўйлаган, ният қилган нарсаларимни оламан. Эртага менинг ҳаётим янгича бошланади.

Мен бахтиёр эдим. Илгари ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган, ҳатто хаёлимга келмаган нарсалар тўғрисида ўйлайман. Қадам ташлашим ҳам, атрофга қарашим ҳам бошқача эди. Мен ерни босиб кетаётганим йўқ. Ер мени кўтариб бораётганга ўхшайди.

Ҳуштак товушидан чўчиб кетдим. У ёқ-бу ёққа қарадим. Мўйловдор бир милитсионер лунжини тўлдириб ҳуштак чаларди. Унга қарасам жаҳл билан мени имлаб чақиряпти.

Калламдаги хаёллар, ширин орзулар шу топдаёқ қаёққадир ғойиб бўлди. Ўзлигимни йўқотиб мурдага айландим. Ўлимга ўз оёғи билан кетаётгандек унга қараб юра бошладим. Бирдан, қочсаммикин, деб ўйладиму, шу топдаёқ орқамга бурилиб тирақайлаб қоча бошладим. Яна ҳуштак овози қулоқларимни тешгудек бўлди. Қаршимдан келаётган бақувват бир йигит оёғимдан чалиб юборди. Мункиб кетдиму, йиқилмадим. Зум ўтмай милитсионер етиб келди.

Тамом бўлдим!

Суд, даҳшатли қора курси. Ҳукм!

Милитсионер ўнг қўлини чаккасига қўйиб чест берди.
— Гражданин сиз...

Ғулдираб қолдим.
— Мен, мен билмасдан... — бошқа гап айтолмадим.
— Сиз, — шошилмай салмоқлаб гапирарди. — Сиз нега кўча қоидасини бузасиз? Оз бўлмаса машина уриб кетай деди-ку...

У бошқа нималар деди билмайман. Энтикаман холос.

Атрофни одам ўраб олган эди. Милитсионер то штраф квитантсиясини ёзиб бўлгунча сал ўзимни ўнглаб олдим.

Ётоққа қараб кетяпман. Юраётганим йўқ. Судралаяпман. Аъзойи баданимда жон асорати йўқ. Мурдага ўхшайман.

Назаримда калтак егандек бутун вужудим зирқираб оғрийди.

То тўртинчи қаватга чиққунча икки марта зинада ўтириб дам олдим.

Сайфи билан Умар шақиллатиб домино ўйнашаётган экан, уларга ҳам қарамай ўрнимга чўзилдиму кўзимни юмдим. Аммо тўшак тагидаги портфел белимга ботиб ухлагани қўймасди. У ёққа ағдариламан, бу ёққа ағдариламан, бўлмайди. Мени шунчалар нотинч қилаётган портфелни олиб улоқтиргим келди. Иложи йўқ-да!

Шунчалар чарчашимга қарамай ухлаёлмадим. Энди кўзим илинганда тушимга ярим очиқ нурсиз кўз киради, уйғониб кетаман. Яна кўзим илиниши билан ўзимни терговчи олдида кўраман, яна уйғонаман.

Бир маҳал қаттиқ ухлаб қолган эканман. Нима бўлди-ю, боғбон амаки қайдандир пайдо бўлди. Белимдан азот кўтариб деразадан улоқтирди. Пастга шитоб билан тушиб кетяпман. Пастда катта гулхан. Мана ҳозир оловнинг қоқ ўртасига тушаман. Ёнаётган олов эмасмиш. Пул тўла портфел эмиш. Портфел устига белим билан тушдим. Дод деб кўзимни очиб юбордим.

Сайфи билан Умар ҳам қаттиқ ухлаб қолишган экан. Хайрият алахсираганимни, дод деганимни билишмади.

Белимга ботаётган портфелни тортиб ястиқ тагига бостирдим-да яна кўзимни юмдим. Бу гал қаттиқ ухлаб қопман. Ҳеч қанақа туш кўрмадим.

II. Қўлбола космонавт

Жуда қаттиқ ухлаб қолган эканман. Алланарсанинг портлашидан уйғониб кетдим. Кўзимни очсам Сайфи электрплитага чой қўяман деб ағдариб юборипти. Плита спираллари бир-бирига тегиб замикание бўлиб, ётоқ коридоридаги пробкани куйдириб юборипти. То кийиниб олгунимча комендант кириб шовқин кўтарди.
— Ётоққа ўт қўйвориб тинчийсизларми? Бундан кейин кимда ким плита қўйса мендан хафа бўлмасин. Пожарнийга ўзим тутиб бераман.

Сайфи ундан узр сўраб электрни тузатиб қўйишни бўйнига олди.
— Керакмас, — деди комендант. — Электрдан ҳам зарур иш бор. Қани бўлинглар. Пастда машина кутиб турипти. Қурилишга ҳашарга борасизлар. Бугун техникум бўйича жами студентлар ётоқ қурилишига ҳашарга боради. Қани, тез-тез. Электрни монтёр чақириб ўзим тузаттириб қўяман.

Комендант қисталанг қилиб ҳаммамизни пастга ҳайдаб тушди. То автобусга чиқиб жўнаб кетгунимизча туриб олди.

Шаҳар четида техникумимиз учун янги бино, ётоқ қурилаётган эди. Бундан илгарилари ҳам баъзан ҳашарга бориб турардик. Қурилиш ишлари чўзилиб кетиб сентябрда ўқиш бошлангунча асосий корпуснинг битмай қолиш хавфи туғилганидан директсия кейинги пайтларда хашарга зўр берган эди.

Студент халқи ғалати халқ бўлади. Оч бўлса ҳам ашула айтади, тўқ бўлса ҳам ашула айтади.

Бир автобус бола овозининг борича қўшиқ айтиб кетяпмиз. Мен ҳам ётоқда унча-мунча хиргойи қилиб турардим. Қувноқ, ғам-ташвиш нималигини билмайдиган ўртоқларимга қўшилиб ашула айтиб кетяпман. Ўртоқларим авжини сен айтасан, деб қолишди. Йўқ демадим. Энди катта авжга чиққан ҳам эдимки, хаёлимга лоп этиб ястиқ тагидаги портфел келиб ғиқ этиб тўхтаб қолдим. Сайфи овозининг борича қичқирди.
— Патефоннинг таноби узилиб кетдими?
— Э, олсанг-чи!
— Ҳа, қани, — деган овозлар кўтарилди.

Ҳарчанд овоз чиқараман дейман, қани овоз чиқса. Ҳиқиллайман холос.

Кимдир зарда билан деди:
— Э, бор-э. Умар, ўзинг ол.

Ҳамма ашула айтаяпти. Битта мен аралашолмайман. Юрагимда от чопяпти. Шунча пул ястиқ тагида ётибди. Унинг устига комендант монтёр олиб кирган бўлса, борди-ю кўзи тушиб қолса, нима бўлади? Ўлдим!

То қурилиш бўлаётган жойга етгунимизча бўладиганим бўлди.

Тенгқурларим орасида бақуввати мен. Шунииг учун ҳам мени замбил кўтаришга қўйишди. Қизлар ғишт солиб бериб турадиган бўлишди.

Ишга келганда ўғил болалардан кўра қизлар дуруст. Қизларнинг жони қирқта, деган гапга шу ерда ишониб қўйдим. Менга бир минут дам беришмайди. Учинчи қаватга пиллапоядан ғишт тўла замбил кўтариб чиқиш осонми? Қайтиб тушишимиз билан дарров тўлдириб қўйишади. Яна ликонглаб юқорига ўрмалаб кетамиз. Умар озғин, чиллакдак йигит бўлса ҳам жуда чайир. Шундоқ иссиқ кунда терламайди ҳам. Ҳа, жиндек дам олайлик, десам кўнмайди. Қизларни олдида шарманда бўламиз, деб орқамдан пилдираб кўтариб кетаверади. Жиндаккина ором олсам эди. Ётоқда қолган пулимни ўйлардим. Умар ҳам, Сайфи ҳам, қизлар ҳам нима ғамда эканимни билишмайди-да, уларга бу гапни айтиб бўлармиди?

Қўлларим қавариб кетди. Охирги ғиштни юқорига опчиқиб тушдик. Яна машина келгунча бирпас дам олмоқчи бўлиб ўтирдик.

Тўғриси шу дам баҳонасида жуфтакни ростлаб қолмоқчи эдим. Шу ният билан болаларга қандай баҳона топсам экан деб ўйлаб ўтирган эдим. Мен ўтирган бетон супача секин-секин лапанглай бошлади. Аввалига Умарми, Сайфими, тегажоғлик қилиб қимирлатаётган бўлса керак деб индамай ўйлаб ўтиравердим. Қарасам, супача осмонга чиқиб кетяпти. Қўрқиб кетдим, қўрққанимни қизлардан яшириб илжайиб туравердим. Қейин билсам, бетон арматуранинг устида ўтирган эканман. Кўтарма кран мени ҳам арматурага қўшиб кўтариб чиқиб кетяпти. То ўзимни ўнглаб олгунимча тўртинчи қаватнинг томи рўпарасига опчиқиб қимирламай қолди. Бетоннинг бир тарафи кўтарилган бўлганидан кранчи мени кўрмай қолипти.

Пастда қолганлар қийқириб кулишади. Мен бўлсам жонимни ҳовучлаб кран занжирини маҳкам ушлаб олганман. Ғиқиллаб турган краннинг овози ўчди.

Тўртинчи қават деворида турган хотин қўлидаги байроқчасини силкитди. Кранчи буткасидан бош чиқариб:
— Ток йўқ. Обед пайти бўлганидан токни узиб қўйишди, — деб қичқирди.

Оббо! Расво бўлди. Яна қанча вақт осмонда муаллақ туришимни билмайман. Бу падар лаънати ток қачон уланади. Кран занжири узилиб кетсая! Ердан мени оташкуракда ҳам қириб олиб бўлмайди. Фақат кўйлагимнинг тугмасигина бутун қолиши мумкин.

Агар мен урф-одатларга ишонсам, тирик қолиш учун портфелдаги пулларни садақа қилиб юборардим. Қаёқдан ҳам қурилишга келдим. Мана, пастда ҳамма ўртоқларим тушлик қилишяпти. Умар каттакон қовунни тилимлаб қизларга узатяпти. Сайфи бўлса ҳадеб тилини чиқариб мени эрмак қилади. Шу топда ҳазилга бало борми? Эчкига жон қайғи, қассобга мой қайғи.

Нима биландир ўзимни алахситмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Пастга қарасам кўзим тиниб кетяпти. Юқорига қарасам ингичка симга беш тонналик мен ўтирган бетон илиниб турипти.

Кўзимни чирт юмиб олдим. Дурустроқ, кўнгилни кўтарадиган нарсаларни ўйлаш керак. Нимани ўйласамикин?

Нимани ўйласам ҳам кўзимга портфел кўринади. Яхшиси яна шуни ўйлаб қўяқолай.

Ўзимча бир минг икки юз сўмга нималар олишимни ўйлайман. Хаёлда шаҳар магазинларини айланиб чиқаман. Илгари кўрганда кўзни ўйнатадиган буюмларни назар-писанд қилмай қўйганман. Ўзимча, нима бало, дўконларда дуруст мол йўқ, деб савдо министридан нолиб қўяман, рост-да, пулинг бўлса-ю, бўйингга лойиқ қоракўл палто тополмасанг.

Хотин-қизлардан жаҳлим чиқади. Дунёда қандоқки яхши мато бўлса хотин-қизларга. Биз шўринг қурғур эркакларнинг кийимлари бир хил. Қора, кўк, кул ранг, жигар ранг, вассалом. Мототсиклнинг яхшиси неча пул тураркин? Велосипед минишга уяламан. Кўрганлар нима дейди?

Ширин хаёллардан маст бўлиб секин кўзимни очаман. Кўзимни очаману, осмону фалакда муаллақ турганимни кўриб хафа бўлиб кетаман. Пастда чап қўли билан бошидаги дўпписини ушлаб Сайфи ҳазил қилади.
— Ҳой, космонавт папирос чекма, ҳавонинг қуюқ қатламида куйиб кетасан.

Унинг бу бемаъни ҳазили учун боплаб бир сўкай дейман-у, қизлар олдида айтишга истихола қилиб индамайман. Тишларимни ғичирлатаман. Ҳали шошмай тур.

Шу алпозда оёғим ерга, бошим осмонга тегмай ўтирдим.

Хайрият ток келди. Кранчи бетон билан қўшиб мени ҳам тўртинчи қаватнинг деворига қўндирди. Гандираклаб ўлар ҳолатда пастга тушдим. Умар шапкасини буклаб микрофонга ўхшатди-да, оғзимга тутди.
— Диққат, диққат, космодромдан гапирамиз, Микрофонимиз қўлбола космонавтнинг оғзига тўғриланган. Ўртоқ космонавт, учиш қандай ўтди?

Жаҳлим чиқиб кетди.
— Бор-э, аравангни торт, — деб юбордим.

Шу орада тўртта самосвал олдинма кетин ғишт тўкиб кетди. Сайфи яна замбилни рўпара қилди.
— Инсофинг борми? Ҳали тушлик ҳам қилганим йўға.
— Биратўласи кечки овқатга қўшиб ейсан. Қани кўтар!

Зарда билан уни итариб юбордим-да, нари кетдим. Умар меҳрибончилик қилиб менинг тарафимни олди.
— Кўп қийнама. Овқатини еб олсин.

Тахтадан омонатгина тикланган баракка кириб совуб қолган шавлани ея бошладим. Овқат еяпманку, хаёлим қочишда. Ҳа, қочиш керак!

Шавла ҳам чала қолди. Баракнинг орқасига ўтиб водопроводдан сув ичмоқчи бўлиб тахталар оралаб кўчага чиқиб кетдим.

Йўл бўйида бугун куни билан бизга ғишт ташиган самосвал турарди. Шофёр йигит майкачан бўлиб олган, қора мойга қоришиб кетган қўллари билан ҳадеб пешона терларини сидираверганидан апти-башараси қопқора бўлиб кетибди. У мени кўриб илжайган эди оппоқ тишлари ялтираб кетди. Унинг бу кўриниши фотосуратнинг негативини эслатарди.
— Вох. Сени қайси шамол учирди, ука? Бери кел!

Менда нима иши бор экан деб олдига бордим.
— Ука ғилдиракка мих кириб елини чиқазворди. Прорабга неча марта айтаман, ҳавозадан бўшаган тахталарни йўлга ташланмасин, деб. Шу бугун икки марта балоним тешилди. Кел, ука, янги камера қўйдим. Ел уришиб юбор.

Э, бор-э, деб кетиб қолмоқчи эдим. Шофёр шундай ишонч билан, худди укасига иш буюраётгандек қилиб гапирган эдики, беихтиёр насос тутқичига қўл юборганимни билмай қолибман.

Иккаламиз галма-галдан ел бериб балонни шишириб олдик. Шунга ҳам салкам бир соат кетди. Ғилдиракни ўққа жойлаётганимизда у яна оппоқ тишларини ялтиратиб мамнун жилмайди.
— Раҳмат ука. Яхши бола экансан. Қани энди ҳамма ҳам сенга ўхшаган инсофли бўлса. Битта ярамас тоғамнинг портфелини ўғирлаб кетибди. Касалхонага бориб кўриб келдик. Юраги ёмон эди, ўлиб қолишига сал қолди. Бўлди, раҳмат ука.

Шофёр бу гапи билан ғилдиракка эмас, менинг ичимга ел бергандек бўлди. Ёрилиб кетай дедим. У билан хайрлашмай йўлга чиқдим.

Куни билан сурган хаёлларим ҳавога учди-кетди. Шофернинг биргина гапи мени шунча роҳатлардан маҳрум қилди. Ўзимни ўзим қарғай бошладим.

Қаёқдан ҳам шу пул ўлгурни ола қолгандим. Шу пул деб тинчимни йўқотдим. Ҳозир бораману, портфел-мортфели билан анҳорга улоқтираман. Шундай қилсам тинчийманми?

Шошма, дедим ўзимга ўзим. Эгасига қайтиб беришнинг-ку иложи йўқ экан. Сувга оқизишдан нима фойда. Йўқ бўлади, кетади. Яхшиси бекор кеткизмаслик керак.

Ҳа деб чол нима бўлди, энди у нима қилади деб ташвиш қилавермаслигим керак. Бўлар иш бўлди. Қариб қолган одамни суд қилишармиди.

Тамом! Пул энди меники!

Тиқилинч трамвайларга осилиб ётоққа келдим. Дарвоза олдида комендант папирос чекиб турган экан. У мени кўриши билан ҳе йўқ, бе йўқ фамилиямни суриштириб қолди.
— Фамилиянг Турсунов, а?

Нима деб жавоб қилишимни билмай эсанкирадим.
— Кармисан? Соқовмисан? Нега индамайсан? Фамилиянг Турсуновмиди?

Секингина ҳа, деб жавоб қилдим.
— Ўқитувчилар хонасига кир. Сени милитсия лейтенанти кутиб ўтирипти.

Жон-поним чиқиб кетай деди. Юрай десам оёғим қимирламайди. Гапирай десам тилим айланмайди. Кўзимга дунё остин-устун бўлиб кетди. Ҳамма нарса тескари кўринади. Комендантнинг боши ерда, оёғи осмонда, тўхтаб турган машина худди тўнтарилиб қолган тошбақага ўхшайди. Майдондаги фонтан осмондан ерга қараб сув пуркаётгандек.
— Нега қимирламай туриб қолдинг. Кир ичкарига.

Комендантнинг ҳам овози томдан тушаётгандек бўлди.

Зўр машаққат билан оёғимни кўтардим. Брезент туфлим чўяндан қуйилгандек бирам оғирки, кўтариб бўлмайди.

Ҳай, бир амаллаб ичкарига кирдим. Коридорга етганда, сал ҳушим жойига тушиб нима қилсам экан, деган гап калламга келди. Тўхтадим. Қочиб қолайми? Ҳали бу саволга жавоб топиб улгурмаган ҳам эдимки, комендант орқамдан етиб келди.
— Киравер, кир!

Олдинма-кетин ичкарига кирдик. Стол олдида телефон трубкасини қулоғига қўйиб милитсия офитсери турипти. У менга бошдан оёқ хўмрайиб қараб қўйди-да, гапини давом эттираверди.
— Топамиз, топамиз, ўртоқ началник. Ҳали менинг қўлимдан биронта жиноятчи қочиб қутулмаган. Албатта топаман. Топдим деяверинг. Хўп-хўп.

У мақтанганнамо бир керишиб, трубкани жойига қўйди. Кейин менга синовчан назар ташлади. Бирам кўзи ўткир эканки. Қараганни тешаман дейди.
— Фамилиянг Турсунов-а? Биламиз. Ҳаммасини биламиз.

Қўлга тушдим, дедим ичимда.
— Хўш, ўзинг айт. Нима қилайлик. Айт. Айтавер.

Бу одам ҳаммасини биларкан. Тонсаммикин? Борди-ю гувоҳлари бўлса. Яхшиси тўппа-тўғрисини айтиб афв қилишларини сўрайми? Ҳайронман.
— Шерикларинг қани?
— Шерикларим йўқ, — дедим.
— Ия, — деди офитсер қошларини кериб, — Ҳалитдан ёлғон гапиряпсанми?

Бўлар иш бўлди. Бор гапни айтавераман.
— Бир ўзимман. Шерикларим йўқ.

У чўнтагидан қоғоз чиқазиб ҳамётоқларимни бирма-бир айтиб чиқди.
— Булар ким бўлади?
— Курсдош ҳамётоқларим.
— Мен ҳам ана шуларни сўраяпман. Менга қара, бола. Қечадан бошлаб сен, шерикларинг, билдингми, шерикларинг билан, — у лабини тишлаб анча вақт туриб қолди. — Дружиначилар сафига қабул қилиндинглар, Тушундингми, Турсунов? Эртага кечқурун келиб машғулот ўтказаман. Энг аввал самбони ўргатаман. Бўпти. Ўртоқларингга айтиб қўй. Кечқурун кино-пинога қуён бўлиб қолишмасин.

Лейтенант қачон чиқиб кетди, хайрлашдимми, хайрлашмадимми, билмайман.

Эсимни ўнглаб коридорга чопиб чиқдим-да, ўқдек отилиб тўртинчи қаватга кўтарилдим. Ётоғимиз эшиги очиқ. Кимдир каравотдаги кўрпа тўшакларимни йиғиб қўйипти. Қўрқиб кетдим. Жон ҳолатда тўшакни ёзиб ёстиқ тагини қарадим. Ҳайрият, портфел жойида турипти. Аллақайси каравот тагидан пол юваётган ётоқ навбатчисининг овози эшитилди.
— Ўрнингни мен йиғиб қўйдим. Монтёр шнурни янгилади. Кўрпангга оҳак тўкилмасин деб шундай қилдим.

Портфелга бировнинг кўзи тушмасин деб ястиқ жилди орасига тиқивордим.

Қурилишдан қайтган ҳамётоқларимнинг гангир-гунгир товушини эшитиб дарров ястиқ жилдининг тугмаларини сола бошладим.

Хаёлимда бир гап. Портфел-ку турипти. Ичидаги омонмикин?

III. Тўққиз килограммли тарвуз

Эрталаб бет-қўлимни юваётиб ойнакда башарамни кўриб қолдим. Одамнинг бети ҳам шунчалик расво бўладими? Соқол деган ўсиб жингала бўлиб кетибди. Назаримда қулоқ-бурунларимдан ҳам жун чиқиб кетганга ўхшайди.

Орадан ўтган шу уч кун ичида сира ўзимга қарамапман. Ёнимда бир минг икки юз бўлсаю у ёқ-бу ёққа қарашга бало борми? Ана шундагина пул одамни не кўйларга солишини фаҳмлай деб қолдим. Соқол олишга вақтим йўқ.

Шунча пул киссангда турсаю имиллаб соқол олсанг. Йўқ, шошилиш керак. Бир жойда қимирламай туриш пули йўқ одамларнинг ишига ўхшаб кетди. Шошиб бетимни ювдиму кўчага отилдим. Бугун менга энг ажойиб, лаззат бахш этадиган кун. Шошилиш керак. Шаҳар магазинларида шамолдек елиб кўзга нима кўринса харид қилавериш керак.

Тўрт қават иморат зинасидан юриб эмас, учиб тушдим. Йўлда учраган оғайниларим кўзимга жуда майда, ночор кишилар бўлиб кўриняпти, Ҳеч кимни назар-писанд қилгим келмайди.

Гулзор олдидан ўтиб кетяпман. Боғбон амаки скамейкага белбоғини ёзиб бир бош узум, нон қўйиб, нонушта қиляпти. Шу ҳам нонушта бўптими? Биллур қадаҳларга коняк, қовурилган гўшт билан нонушта қилмагандан кейин шуни ҳам умр деб бўладими? Бу чол умрбўйи шу хил нонушта қилиб келган бўлса керак. Бечора!

Бирдан чолнинг кўзи менга тушиб қолди,
— Э, болам, кел. Ўзим ҳам келиб қоларсан, деб турган эдим. Ўтир, бирга нонушта қиламиз.

Шунча пулим, шунча имкониятим бўла туриб шу арзимас овқатни ейманми?
— Олсанг-чи, мунча имиллайсан?

Чол узумни шингиллаб қўлимга тутқизиб қўйди.
— Малол келмаса сенга битта ишим бор эди. Болам, илло йўқ демайсан.

Унинг менда қандай иши бўлиши мумкин экан, деб ҳайрон бўлиб турган эдим, ўтирган ерида ҳассаси билан скамейка орқасида тизза бўйи бўлиб очилиб ётган гуллар орасини титкилади. Ариқ ичида каттакон тарвуз ётарди.
— Холтойни кўриб келмоқчи эдим. Тарвузнинг каттароғини олиб қўйипман. Ўзим кўтариб боролмайдиганга ўхшайман. Оғир, тўққиз кило келди. Бирга бориб келайлик. Касалхона узоқ эмас, яқин.

Нима дейишимни билмай индамай туриб қолдим. Йўқ, десам чол ранжийди. Боя айтдимку, чол уйида тансиқроқ овқат бўлса менга илинади деб. Шундоқ одамнинг гапини қайтаришга кўнглим бўлмади. Хўп дедим.

Чол дастурхонга фотиҳа ўқиб белбоғидаги ушоқларини гулзор ичига қоқди.
— Қани, тарвузни кўтар. Кетдик!

Чол олдинда ҳассасини дўқиллатиб кетяпти. Мен орқасида бугун қиладиган харжларимни ўйлаб кетяпман.

Дунёда уч нарса ёмон дейишарди. Бири — ёлғиз қўйни етаклаш, иккинчиси — бировни кутиш, учинчиси — тарвуз кўтариш.

Шу гапнинг чинлигига ишондим. Бу тарвуз қуриб кетгурнинг ушлайдиган жойи бўлмаса. Силлиқлигини айтмайсизми. Ўнг қўлтиғимга олиб кўраман, чап қўлтиғимга олиб кўраман. Бўлмайди. Қорним устига қўйиб орқага гавдамни ташлаб кўтариб кўраман. Шу пайт битта хира пашша бурнимга қўниб жонимдан безор қиляпти. Калламни силкитаман, қани бу хира ўлгур учиб кетса. Бирдам учадию яна ё қулоғимга, ё иягимга қўниб олади. Жуда ёмон бўлар экан. Жоним халқумимда ликиллаб турганга ўхшайди. Сал йўталсам ғиқ этиб чиқиб кетадигандек.

Дод деворгим келади.

Ёнимда нақд бир минг икки юз сўм пул бўлса. Уни ичимдан сириб боғлаб олган бўлсам. Ахир шу ҳам инсофданми? Чолнинг кетидан ўласи бўлиб тарвуз кўтариб юриш мендек бир пулдорга ярашадиган ишми? Одамларнинг гапига ҳам ишонмай қўйдим. Пули борнинг қўли узун бўлади. Ҳамма унга таъзим қилади, дейишарди.

Бекор гап! Қўли узун бўлса мен бўлардим, таъзим қилишадиган бўлса энг аввал менга икки букилиб таъзим қилишарди. Қани у таъзим?

Шу бадбахт тарвузни ерга бир урайми? Ҳозир ураман. Ерга тушиб мажақ-мажақ бўлиб кетсин. Менга деса уруғлари ҳамма ёққа сочилиб кетсин?

Чол бирдан тўхтади.
— Болам, сен мана шу ерда сал дамингни олиб тур. Нонвойхонадан иккитагина иссиқ нон олиб чиқай.

Чойхонага яқин келиб қолган эдик. Сўрига ўтирдим. Чол ҳассасини тўқиллатиб бозор ичига кириб кетди. Худди атайин мени эрмак қилгандек бояги хира пашша ўтиришим, икки қўлим бўшаши билан учиб кетди. Сал жоним ором олгандек бўлди. Жиндек сабр қилиш керак. Манави тарвуз ўлгирни касалхонагача обориб берай. Ана ундан кейин ихтиёр ўзимда. Нима қилсам ҳам ўзим биламан.

Шундай хаёллар билан бир оз ўйланиб ўтирдим. Чол келди. Яна бошлашиб йўлга тушдик.
— Сенга ҳам иккитагина иссиқ нон олдим. Ҳали тушлик қилиб оларсан. Ма, белингга тугиб қўй.

Йўқ, десам чол қўймади. Икки қўлим банд бўлганидан чолнинг ўзи нон ўралган қоғозни қўйнимга тиқиб қўймоқчи бўлди. Этим сесканиб кетди. Мана, у нонни жойлаяпти. Нақ эски баҳода ўн икки минг сўм пул бойлаб қўйилган жойга қўли тегай, тегай деяпти.
— Нима бало, болам, носқовоғинг борми? Белингга нима тугиб қўйгансан?

Нима дейишимни билмай довдирадим.
— Ҳаммомга тушмоқчи эдим, совун, сочиқ, дегандек...
— Бу ишинг маъқул. Одам деган покиза юриши керак. Тоза юрган одамнинг табиати равшан бўлади. Ўзи соғлом бўлади. Юз кўзидан нур ёғилади. Ҳаммомга тушмаган одамни одам дема. Унақа одамнинг башарасидан кул ёғилаётганга ўхшайди. Менинг Ҳомидвой деган сайрамлик ошнам бор, Ҳаммомга тушишни ана ўшанга чиқазган. Қачон қарасанг қўлтиғида сочиқ. Башараси бамисоли лампочкага ўхшаб ялтараб туради. Қаерда совун кўрса, албатта тўхтайди, бир ювиниб ўтиб кетади. Уйда совунга қирон келтиради. Ана шунақа, болам. Тоза юрган одамнинг виждони ҳам тоза бўлади. Ҳаромга йўламайди. Шу назаримда оғайнимнинг пулини олган ярамас ҳам жуда ифлос одамга ўхшайди. Ҳаммом бетини кўрмаган исқирт бўлса керак. Соч соқоли ўсиб кетган, башарасини пашша талаган одам бўлса керак. Жувонмарг бўлсин у. Гўрида тўнғиз қўпсин!

Падарингга лаънат бояги пашша ҳали ҳам эргашиб келаётган экан, яна бурнимга қўниб олса бўладими? Чол ҳозир, исқирт одамнинг, виждони нопок одамнинг башарасини пашша талайди, деди. Менга атайин шунақа деятгани йўқми? Азбаройи худо, шу пашша қўлимга тушса нақ ғажиб ташлайман. Йўқ, ундан ҳам баттар қиламан.

Қаёқдан ҳам чолга йўлиқдим. Мана, яна тўхтади. Ўзига ўхшаган бир чолни топиб қаёқдаги гапларни чўзғилаяпти.
— Индингами, бўпти. Аммо-лекин сен ютиб чиқсанг керак. Сенинг гулларинг олдида меники нима бўпти.
— Йўқ, йўқ, унақа дема. Сенинг духоба гулингга ҳамма қойил қолади. Бўпти. Ўша ерда учрашамиз.

Улар шу кўйи ярим соатча гулдан гаплашишди. Охири оғайниси билан хайрлашиб яна йўлга тушди. Қўлларим толиб кетди. Белим нақ узилиб кетаман дейди.
— Ҳалиги ўртоғимни танимайсан-а. Гулчиликда ундан ўтадигани бўлмайди. Индинга сени ҳам гул виставкасига олиб бораман. Кўрасан! Менинг гулларимни ҳам кўрасан. Бу оғайним, албатта, биринчиликни олади. Ғалати одам, у. Бурноқ йили теракка ўн хил атир гул пайванд қилган. Қизил, сариқ, пушти, оқ гуллар теракнинг қилт учида очилиб турипти. Маҳалласининг қай бурчидан қарасанг ҳам кўринади. Ўша гул пайванд қилинган теракни уч марта кинога олишди. Журналларда ҳам сурати чиққан.

Чол, балки жуда қизиқ гапларни айтаётгандир. Аммо бу гапларнинг менга сира ҳам қизиғи йўқ. Мана, у бу гапни тамомлаб бошқасини бошлади.
— Бутилканинг ичида бодринг битганини кўрганмисан?

Истар-истамас, йўқ, дедим.
— Билмайсан, кўрмагансан, тушингда ҳам кўрмагансан. Мана бундоқ бир шишанинг ичида бодринг. Унинг ичига қандоқ қилиб бодринг сиққан? Ҳеч ким билмайди. Биласанми, оғайним нима қилган? Бодринг гулдан чиқиб энди найчалаётганда шишанинг ичига тиқиб қўйган. Бодринг ўша шиша ичида ўсиб пишган. Пишгандан кейин думини узиб ташлаган. Ҳозир уйида шунақа антиқа бодрингдан тўрттаси бор. Тузлаб қўйипти. Ейман деган одам шишани синдириб ичидан олади. Ҳа, шунақа, болакай.
— Етай дедикми, ота? — дедим норози оҳангда.
— Чарчадинг-а, болакай, етдик. Ҳу анаву дарвоза касалхона. Кирамизу ошнамни чақиртирамиз. Шу билан вассалом.

Кириб тарвузни қўлига бераману салом аликни насия қилиб қуён бўламан.

Дарвозадан кирдик. Касалхонанинг ҳовлиси каттакон боғ экан. Дарахтлар тагидаги стулчаларда халат кийган беморлар гаплашиб ўтиришипти. Чол у ёқдан-бу ёққа аланглаб олди. Кейин бир танишини кўриб ундан оғайнисининг қайси палатада эканини суриштира бошлади.
— Холтой ота, ҳу анаву дарахт тагида директорлари билан гаплашиб ўтириптилар. Бораверинг.

Икковлашиб ўша тарафга кетдик. Бир кўзойнакли ўрта яшар киши ким биландир қизишиб гаплашяпти. Орқасини ўгириб ўтирган бемор ҳассасининг учи билан ер чизяпти. Яқинига бордик. Бемор чол ўгирилди.

Ўша. Скамейкада кўнгли кетиб қолган чол.

Беихтиёр тўхтаб қолдим. Қўлимдаги тарвуз тушиб кетай деди. Унинг кўзлари мен кўргандагидек нурсиз, хира эмас. Аммо жуда маъюс.

Боғбон амаки у билан жуда қуюқ кўришди-да, қўлидаги газетага ўралган нарсаларни стол устига қўйди.
— Болам, — деди менга қараб, — тарвузни бу ёққа олиб кел.

Аввалига боғбон чолнинг гапига тушунмадим. Унинг нима деганини анчадан кейин тушундим. Тарвузни обориб столга қўйдим. Қўйдим-у, юрагимнинг гупиллаб уришини аниқ эшитдим. Беморнинг кўзларига қарамай секин тисарилиб ерга қараб туравердим.
— Ўтир, болам, — деди бемор, — манави стулга ўтир.

Ўтирдим.

Орага совуқ жимлик тушди. Боя биз келганда уларнинг гапи, бўлиниб қолган экан. Улаб юбориш қийин бўлди шекилли, директор папирос тутатиб ердаги сояларга анча вақт қараб тургандан кейин жуда ҳам қийинчилик билан гапира бошлади.
— Нима қилишга ҳайронмиз. Маорифга хабар қилдик. Милитсия бу иш билан ҳозир қаттиқ шуғулланяпти. Қосимовнинг путёвкаси келган эди. Союзга қайтиб топшириб юбордик.

Бемор чол инграганга ўхшаш овоз чиқарди.
— Ошқозонининг мазаси йўқ эди. Курортга бормаса бўлмайди. Мени деб путёвкадан ажралиб қопти-да. Путёвкани чакки қайтариб юборибсизлар. Кеча кампирим келган эди. Ҳовлимизнинг ярмини сотмоқчимиз. Яна бир икки кун сабр қилинглар, тўлаймиз. Соғайиб чиқай.

Директор хижолатлик билан эътироз билдирди.
— Сотманг. Ҳовли сотиш нимаси. Бошқа бирон иложини топиш керак.
— Бошқа иложи йўқ. Ўқитувчилар отпускага чиқишлари керак-ку, ахир, йил бўйи ишлаб, энди дам оламиз деяётганларида бундоқ бўлиб ўтирса...

Ичимдан боғлаб олган пул тўла белбоғ танамни куйдириб ташлаётгандек бўлди. Агар шармандалик бўлмаса, шу ўтирганларнинг таънали боқишларига тоб беришнинг иложи бўлса белбоғни ечиб пулни стол устига ташлардим. Афсуски, бундай қилишнинг сира иложи йўқ. Бу аҳволда уларнинг аламли суҳбатларига қулоқ солиб ўтириш ҳам мумкин эмас. Уларнинг ҳар бир сўзлари мени бўғизлар, ҳар дақиқада минг мартадан ўлдирар эди.

Ўрнимдан турдим.
— Кетмоқчимисан? Шошма, — деди боғбон амаки. — Бирга кетамиз.
— Зарур ишим бор, — дедим эшитилар эшитилмас.
— Ҳа, айтганча ҳаммомга тушмоқчи эдинг-а. Майли, бора қол.

Ўлгандан баттар бўлиб ташқарига чиқдим.

Дармоним қуриб узоқ боролмадим. Кўчанинг нариги бетига ўтиб кекса тол танасига суянганимча қанча турганимни билмайман. Кўчаларда чироқлар ёнипти. Ўткинчилар ҳам сийраклашиб қолипти. Куни билан туз тотганим йўқ. Аммо ҳеч нарса егим келмайди. Томоғим қуриб чанқаб кетяпман. Кўзимни очсам бемор чолнинг хира кўзлари кўринади, юмсам унинг титроқ товуши эшитилади.

Бу кекса, бемор кишининг шундоғам оз қолган умрини мен қисқартираётганимни ўзим билиб турибман.

Ҳаётда инсонларнинг кўп яхшиликларини кўрдим. Мана шу мутлақо бегона боғбон чолнинг ўзи менга қанча яхшиликлар қилди. У менга ишонади. Худди ўз боласидек ҳадди сиғиб иш буюради. Уйида тансиқроқ овқат пиширилса насибанг, деб олисдан ҳассасини дўқиллатиб олиб келади.

У мендан нима яхшилик кўрди. Шу яхшиликларнинг эвазига мен нима қилдим. Ҳатто том шувоқ қилдирганда ҳам хашарга бормадим. Мен ўзим кимман? Нимаман? Одамманми? Ундан ортиқ ўқитувчининг ёзги дам олишидан, ҳатто ошқозони йил бўйи азоб берган бир кекса ўқитувчининг даволанишидан ҳам маҳрум қилдим. Менга нима бўлди? Бундай пасткашлик менга қайдан илашди? Турган битганим ҳаром! Одамлар нега мендан жирканишмайди?

IV. Осмон тўла юлдузлар

Балоғат ёшидан ҳатлаб ўтганимга ҳам анча бўлди. Ҳалигача бирон қизни яхши кўриб қолганим йўқ. Севги одам юрагига тиниқлик, нур, кўнгилга эзгу-орзулар солади, дейишади.

Ҳамётоқ ўртоқларим севги-муҳаббатдан гаплашаётганда кўзлари, башаралари жуда ғалати бўлади. Худди ширин бир нарса еяётгандек кўзлари юмилиб кетади. Кунига соқол қиртишлашади. Шимларига сув пуркаб тўшак тагига бостириб ётишади. Яхши кўрган қизларининг суратини тумбочка устига қўйиб, соатлаб тикилиб ўтиришади. Нега мен шундай қилолмайман? Кўнгилни ёритадиган қандай ниятларим бор?

Мана шу саволдан кўзларим чақнаб кетди.

Шу пайтгача бу тўғрида сира ўйлаб кўрмаган эканман. Жуда арзимас нарсалар ҳақида каллани шишириб юрган эканман.

Пул, яхши кийиниш, яхши ейиш. Мана шулар менинг орзум, менинг ниятим, қолавереа ҳаётдан илинжим шулар эди. Йўқ. Ана шунинг учун ҳам юрагимга севги келмаган. Севгисиз яшашнинг даҳшати бутун танимга зирқироқ солди.

Уч кун бўлди башарамни соқол босиб кетганига. Шу уч кундан бери исқирт бўлиб юрибман. Бировларнинг меҳнат қилиб топган пулларини белимга тугиб пасткаш ниятларимдан маст бўлиб, шабкўр одамдек оёқ остидан нарини кўролмай юряпман. Хўш, бу пулларни ҳам совуриб бўларман. Тилла соат тақиб қайси бир қимматли умримни ҳисоблайман. Энг яхши костюмни кийиб олиб қайси базмга, қайси зиёфатга бораман? Кимим бор? Ким мени тўйга айтади? Хўш пул ҳам тугайди? Унда нима бўлади?

Демак, демак қолган умрим бировларнинг чўнтагига тикилиб ўтаркан-да! Меҳнатчи? Қачон меҳнат қиламан?

Мана шундай даҳшатли хаёллар билан шаҳар кезиб юрибман. Кўчалар жимжит. Трамвайларда ҳам одам сийрак. Дераза четига бош қўйиб кондукторлар мудраб кетяпти. Мана, икки притсепини судраган трамвай остановкага келиб тўхтади. Ҳеч ким чиқмади ҳам, тушмади ҳам. Ҳатто кекса кондуктор бош кўтариб қарамади.

Биламан. Бу одамнинг ҳам бола-чақалари бор. Кексалигига қарамай ишлаяпти. Куни билан саратон чўққа айлантирган тиқилинч трамвайда шаҳарнинг у бошидан бу бошига қатнайди. Шу меҳнати билан рўзғор тебратади. Ишлаб топган ҳар бир тийинига қанчалаб пешана тери томади.

Трамвай қайилишдан ғиқиллаб ўтиб кетди. Яна азамат шаҳарнинг сокин туни ҳоким бўлиб қолди.

Олдимдан тез ёрдам машинаси ўқдек учиб ўтиб кетди. Врачнинг оқ халати кўзимга аранг чалиниб қолди.

Қаердадир, кимдир бетоб. Мана шу оқ халат кийган киши уни ўлимнинг омонсиз чангалидан қутқаради. Бу одам ўлим билан олишгани, уни енггани кетяпти.

Худди кундуздек ёруғ сокин кўчанинг ўртасида, асфалтда битта-битта босиб милитсионер юрипти, Бу одам тонг отгунча ухламайди. Одамлар тинч ухласин, деб уйқусидан кечиб тунни тонгга улайди.

Қайдадир паровоз қичқирди. Қайдан келаётганикин? Олис чўллар, довонлар, тоғ тоннелларидан ўтиб келаётган бу карвон шаҳри азимга етдим, деб қичқиряпти. Унинг қичқириши гўё, эй азамат шаҳар сенга қўриқ ерларнинг нонини олиб келдим, поёнсиз ўрмонлардан ёғоч, ер қаъридан кўмир, маъдан олиб келдим, деяётганга ўхшарди. Машинистнинг ўт яллиғида ялтираган қорамой башараси кўзимга кўрингандек бўлди.

Шаҳар уйқуда. Қоронғи кечада прожекторини нурли ўқдек отиб тепамда кўтарма кран ғиқиллаяпти. Электр пайванди чақин чақяпти. Уй қуришяпти.

Ёнбошига «нон-хлеб» деб ёзилган машина ўтди. Сокин кечада иссиқ нон ҳиди анча вақтгача туриб қолди.

Кетяпман. Шошилмай ўз тақдирим, қилмишларим ҳақида ўйлаб кетяпман. Вақт алла-палла бўлиб қолган. Трамвай, автобуслар ҳам ётган. Катта шаҳар кўчасида милитсионеру мен уйғоқ. Тўрт қаватли уйнинг ҳамма уйларида чироқ ўчгану иккинчи қаватидаги битта уйнинг деразаси ёруғ, ундан пижама кийган, сочлари тўзғиб кетган бир киши кўринади. У тинимсиз сигарета чекяпти. У кўз ойнагини қўлига олиб, қоронғи бўшлиқларга тикилганича қимирламайди. Ким бўлди бу? Шоирми? Инженерми? У ким бўлмасин ухламаяпти. Бу одам тонг отгунча юртга бир нима совға қилади. Е шеър, ё янги қўшиқ, ё тарихнинг варақланмаган бир саҳифаси пайдо бўляпти.

Ўрда кўпригига келиб қолибман. Анҳорга тикилганимча ўйсиз, ҳиссиз туриб қолдим. Сув жимир-жимир қилиб оқяпти. Қирғоқдаги чироқларнинг акси сувнинг энг тагигача санчилгандек. Майда тошлар устига қадалгандек.

У ёқ-бу ёққа қарадим. Кўприкнинг у томонидаги сабзавот дўконига помидор туширишяпти. Секин белимдан неча кундан бери мени одамгарчиликдан чиқазган пул тугилган белбоғни ечдим. Уни ҳозир сувга улоқтираман. Улоқтираману, асли ҳолимга, жиноятга қўл урмаган пок одамга айланаман.

Белбоқни чангаллаб турипман. Мана ўнг қўлимни кўтариб қулочкашлаб туриб, анҳорнинг ўртасига улоқтираман.

Оёқ товушини эшитиб қўлимни шошиб пастга туширдим. Кўприк тарафга қараб ёшгина бир йигит келарди. У менга яқин келиб тўхтади.
— Оғайни, битта чектирсанг-чи?

Шундай карахт эдимки, бу йигитнинг менда нима иши борлигига, нима қилиб олдимда тўхтаганига тушунмасдим. Бошдан оёқ қарадим.

Оёғида этик, эгнида жўнгина қора халат.
— Битта чектирсанг-чи, кармисан?

Шундагина ҳушим ўзимга келди. Чекмаслигимни айтдим. У афсусланган бир қиёфада қошларини керди.
— Гугурт бор-у, папирос йўқ. Икки соат бўлди тамом бўлганига. Қулоқларим шишиб, каллам ғувиллаб кетяпти.

Шу пайт папиросини йилтиратиб милитсионер етиб келди.
— Ҳа, монтёр бола. Нима қилиб юрибсан?
— Хумор бўлиб кетдим, ўртоқ началник. Милитсионер ёнидан бир пачка папирос олиб унга узатди.
— Чек, чекавер, оғайни. Кўчани шундоқ ёритиб қўйипсану, сендан папирос аяйманми.

Монтёр йигит шошиб папирос олди, шошиб ўт олдирдию, маза қилиб чека бошлади. Милитсионер менга қаради.
— Сен бола нима қилиб шаҳар кезиб юрибсан? У ёққа борасан анграясан, бу ёққа келасан анграясан. Хўш, нима қилиб юрибсан?

Ҳеч кимдан бунақа сўроқ кутмаганимдан эсанкираб қолдим.
— Ўзим, шундоқ.
— Ҳеч ким ўзи шундоқ ухламай юрмайди. Манави нима қилиб юрипти? Бу менга маълум. Манави кўчанинг электрларига қарайди. Биронта лампочка ёнмай қолса дарров бошқасини қўйиб ёндиради. Мен бўлсам ўзингга маълум... Сен-чи?

Калламга дарров баҳона келди.
— Имтиҳондан йиқилдим. Уйқум қочиб кетди.
— Э, — деди у ачиниб. — Бу ишинг чакки бўпти. Мен ҳам бир марта йиқилганман.

Ҳайрон бўлдим. У қанақа имтиҳондан йиқилиши мумкин. Ўзи милитсионер бўлса.
— Ҳайрон бўлма. Милитсионерлар ҳам ўқийди. Мен сиртқининг учинчисидаман. Йиқилганимнинг сабаби шу бўлганки...

У хотираларга берилиб кетгандек сувнинг жимжимасига тикилиб анча вақтгача туриб қолди. Кейин бошини кўтариб кулимсиради.
— Мундоқ бўлган. У пайтда мен қидирув бўлимида инспектор эдим. Эртага имтиҳон бўлади деб турган пайтимда бошлиғимиз менга бир иш топшириб қолди. Уруш вақтида Тошкентга келиб қолган ленинградлик бир болани дадаси қидиртирибди. Икки йилдан бери қидириб топишолмас экан. Шуни ўзинг топасан, деб қолди. Йўқ деб бўладими? Бизда ҳарбий интизом. Бажариш шарт.
— Топдингизми? — дедим шошиб.
— Ҳовлиқма, бола, ҳозир айтиб бераман. Шу десанг, имтиҳонлар ҳам қолиб кетди. Бутун Узбекистонни қидирдим. Хат ёзмаган шаҳарим қолмади. Охири топдим.
— Қаердан топдингиз?
— Муни қарангки, ўша одам билан ҳар куни минг марта гаплашиб, бир хонада ишларканмиз. Ҳатто ўша одамнинг ўзи менга қўшилиб қидиришиб юрипти. Бўлимимиздаги лаборант йигит ўша экан. Роса қизиқ бўлган-да, ўшанда. Бола вақтида номи ҳам, фамилияси ҳам бошқа экан. Боқиб олган одам ўз фамилиясига ўтказиб қўйган экан. Ана ўшанда дарс тайёрлаш қолиб кетиб бурнимнинг тўғрисидаги одамни ўн бешта шаҳардан қидирганман. Охири бошқармадан аъло, институтдан икки баҳо олганман.

Монтёр бола яна иккита папирос олиб кетди. Милитсионер ҳам кетаркан, деди:
— Энди бор. Ётиб дамингни ол. Ҳали замон тонг отиб қолади. Бўлади. Студентликда ҳар гап бўлади. Хўп бўлмасам, постни бир айланиб чиқай.

У кетди. Пул тўла белбоғни чангаллаганимча ёлғиз қолдим. Сал ўтмай милитсионер яна орқасига қайтди. Бу гал унинг қовоғи солиқ. Менга жуда ёмон қарарди.
— Қани марш, жўна. Сендақа иродаси бўш студентларнинг кўпини кўрганман. Биламан. Ўзингни сувга ташламоқчисан. Бошимни балога қўймоқчисан.

Бир гап демай нари кетдим. Орқамдан у жавраганича қолди.
— Ҳа, ёшлар, ёшлар. Жонининг қадрига етмайди. Битта болага ота бўл, жон ширинлигини ана ўшанда биласан.

Ёз кечалари жуда вақтли тонг отарди. Уфқ чети қизил алвондек бўзариб келяпти. Автобуслар серҳаракат бўлиб қолди.

Бу мусаффо тонг ҳамманинг дилига ёруғлик, олижаноб режалар соляпти. Одамлар ором уйқусидан кейин янги умр, янги истаклар билан ёстиқдан бош кўтаришяпти.

Фақат менинг юрагим бўш. Бу тиниқ, тароватли тонг менинг юрагимга заррача ҳам нур ташламаяпти. Менинг юрагимда ҳали тонг отгани йўқ. Осмон тўла юлдузлар бирин-кетин ўчиб офтобга йўл бўшатишяпти.

Ётоққа келдиму кўрпага бурканиб ётиб олдим. Ҳали ҳам кўзларимга уйқу илинмайди.

Уйғонган шаҳарнинг шов-шувидан, одамларнинг оёқ товушларидан, офтоб тиғидан қочиб бурканиб ётибман.

Кўзимга бемор чол, мудраган кондуктор, иккинчи қаватда тонг отгунча чироғи ўчмаган ижодкор, ўлим билан олишгани кетаётган врач, ухламай шаҳарга нур таратаётган монтёр йигит ва ниҳоят одамлар тинч ухласин деб шаҳарнинг у бошидан бу бошига пиёда қатнаб турган милитсионер кўринаверди. Ўзимни уларга солиштириб кўряпман.

Бутун аламларимни, хўрликларимни бағримдан чиқариб юборгудек бўлиб йиғлаб юбордим.

Қалбимдаги доғларни бу кўз ёшлари юволса эди, бутун вужудимни кўз ёшига айлантириб йиғлардим.

Бу ожизлик, чорасизлик кўз ёшлари эканини билардим...

V. Хайр, сершовқин шаҳар!

Бугун бадбахтлик умримнинг сўнги бўлишини истардим.

Шу ният билан ўрнимдан турдим. Неча кундан бери бу оёқлар жиноят юкини кўтариб юравериб ҳолдан тойди. Энди бу оёқларнинг юкини енгил қилмоқчиман.

Сартарошхонага кирдим. Уста башарамга совун суртиб қирт-қирт соқол оляпти. У башарамни одам қиёфасига киритмоқчи. Оҳ, у биргина башарамни тозалаш билан қалбимдаги доғни тозалаёлмаслигини билсайди. Секин ўз бетимга қарайман. Нақадар ҳаёсиз кўзлар бу. Озиб кетибман. Фақат шу беибо кўзларимгина мушук кўзидек йилтираб турипти.

Боғбон амакини қидириб гулзор олдига келдим. Йўқ. Энг зарур пайтда, менинг тақдирим ҳал бўлаётган бир пайтда шу ерда бўлса-чи. Уни кўп кутдим. Келмади. Тезроқ кела қолсайди. Ниятимдан қайтмасдан, яна ҳаром, нопок ниятлар калламга уя қурмасдан кела қолсайди.

Ахир, мен ўзимни биламан. Миямда туғилган ва қатъий деб ишонган фикрларимдан ҳам жуда кўп марта қайтган одамман. Мен ана шунақа субутсиз одам эдим.

Хайрият, боғбон амаки келиб қолди.
— Бахайр, болам, нима қилиб ўтирипсан?
— Дам олиб ўтирипман.

Шундай дедиму ўрнимдан тура солиб нари кетдим. Шу кетганимча олдига қайтмадим. Бир маҳал қарасам, кўчанинг нариги бетида ундан қочгандек югуриб кетяпман.

Ҳозиргина айтаётган эдим-а, фикридан, ниятидан тез қайтадиган одамман деб. Мен чолнинг олдига нима учун келаётган эдим? Унга бутун қилмишларимни айтмоқчи, унинг бемор дўсти бошига тушган кулфатнинг сабабчиси менман, демоқчи эдим. Мана, айтолмай қочиб кетдим.

Энди биргина йўл қолди. У ҳам бўлса касалхонага бориб беморнинг олдига пулларини қўйиб, мени нима қилсангиз қилинг, мен ўғриман, деб айтиш. Шундай қила оламанми?

Ўйладим. Ўйлаган сарим даҳшатли олов ичига кириб кетаётганга ўхшайвердим.

Нима қилай бўлмаса? Нима қилсам пул эгасига тегади? Бу хилда белимга бойлаб то ўлгунимча юролмайман-ку?! Нимадир қилиш керак.

Очиқ ойдин иқрор бўлишга-ку қўрқяпман. Мени жазолайдилар, таъна қиладилар, пешонамга ўғри, деган малъун тамғани босадилар, деб қўрқяпман. Агар шу қўрқув бўлмаганда аллақачон пулни эгасига топшириб тинчиб олган бўлардим.

Почтага кирдим.

Биров хат жўнатяпти, биров олис юртдаги дўстига совға юборяпти. Қаерда, менинг кимим бор? Кимга хат ёзаману, кимга совға жўнатаман?

Бирдан миямга ялт этиб бир ўй келди.

Портфелни почтадан жўнатсаммикин? Қимга юбораман? Айтганча ведомостда мактаб адреси бор. Шундай қиламан.

Кичкинагина бир қути олиб рўмолга тугиб олган портфелни, ичидаги жамики қоғозлари билан, пуллари билан жойладим.

Шу пайт кўнглимни ёритувчи ғалати ҳислар бирин-кетин қуйилиб кела бошлади.

Дарров бир варақ қоғоз олдиму қаламни тишлаб ўйлаб кетдим.

«...Сизлардан узр сўрамоқчи эмасман. Фақат юрагимни бўшатиш учун нималар дейишим керак. Ҳа, мен ўғрилик қилдим. Меҳнат билан топган пулларингни олиб қўйдим. Бу фақат пасткашларнинг пасткаши қилиши мумкин бўлган иш, холос. Пулингизни йўқотган кассир чол касалхонада оғир аҳволда ётибди. Агар мен шу ишни қилмаганимда, балки унинг дарди бунчалик оғирлашмаган бўларди. Ҳаммасини билиб, кўриб, эшитиб турибман. Ведомостнинг олтинчи қаторидаги Каримов фамилияли ўқитувчи санаторияга боролмади. Чунки путёвка пули менда. Энди у балки бу йил ошқозонини даволаёлмас. Мен унинг ҳам дардини оғирлаштирдим.

Пулларингизнинг бир тийинига ҳам тегмадим. Бутунлигича қайтаряпман. Бунинг учун раҳмат эшитишни истамайман. Бу хил ишга раҳмат айтилмайди.

Бу қилмишларим учун мени судга бериш, жазога торттириш керак эди. Мен ана шундан қўрқиб бир неча кундан бери пулларингизни кўтариб юрибман. Энди ўз жазомни ўзим бермоқчиман, Ахир дунёда виждон суди ҳам бор-ку? Энг даҳшатли, энг адолатли суд виждон суди. Бу суднинг ҳукми то умрнинг охиригача афв этмайди. Жазолайверади, жазолайверади...».

Шу хат менинг кимлигимни, қилмишимнинг нақадар мудҳишлигини ўзимга аниқ кўрсатиб қўйди.

Қути устига мактаб адресини ёздиму почтачига топшириб яна ташқарига чиқдим.

Қушдек енгил эдим. Кўксимни босиб ётган юк энди йўқ. Бир ўзим, бўш хаёлларим, қурумдан тозаланган, аммо ҳали ўт ёқилмаган мўридек ҳувуллаб қолган қалбим билан ёлғиз қолдим. Энди бу юракни яхши ҳислар билан тўлдириш керак.

Худди умрим дафтарининг икки баҳо қўйилган илк саҳифасини йиртиб ташлагандекман. Энди бу дафтарни нима билан тўлдираман?

Бу энди менинг ҳаётдан илинжим, биринчи қадамни қай хилда босишимга боғлиқ.

Техникум директорига, мени ўқишдан чиқазишларини сўраб ариза қолдирдим-да, арзимас буюмларимни кўтариб йўлга чиқдим.

Сайфи билан ҳам, Умар билан ҳам хайрлашмадим. Нопок қўлларим билан уларнинг қадоқли қўлларини булғатгим келмади.

Кетяпман. Шаҳар четига етишим билан қирғоққа сапчиб оқаётган анҳорда шўнғиб-шўнғиб чўмилгим келди.

Сув шу қадар танга ёқардики, асло чиққим келмасди. Анҳор четидаги тизза бўйи келадиган жойда танимга совун суриб роса ишқаяпман. Кирларим сув бетида бирдам айланиб олисларга оқиб кетяпти.

Шу пайт боғбон амакининг гаплари эсимга тушиб кетди.
— Тоза юрган одамнинг виждони ҳам тоза бўлади.

Шу гапнинг ростлигига энди ишоняпман. Қанча ювинсам шунча фикрим тиниқлашаётганга ўхшайди.

Катта тсемент кўприк устидан тинимсиз машиналар ўтиб турипти. Одамларнинг кети узилмайди. Мен ҳам ана шу меҳнаткаш одамлар орасида бўлгим келади. Қачонлардир мен ҳам шулардек меҳнат қиламан. Пешопа терим тўкилган тийинни харжлаб кун кечираман. Мана шу кун менинг энг бахтли куним бўлиши керак. Мен ана шу кунни тезроқ кўришга шошиляпман.

Шошиб кийиндиму катта йўлга қараб сўқмоқдан чиқдим.

Бу йўлнинг сўнгги кўринмайди. Текис асфалт гўё уфққа найзадек санчилган. Мана шу сўнгсиз йўлнинг қайси бир бекатида менинг бахтим кутиб турганикин? Шу йўлнинг қайси бир бекатига менинг пешона терим тўкиларкин? Ўша бекатга тезроқ етишга интиляпман. Оёқ олишим илдамлашяпти.

Орқамга қарадим.

Сершовқин шаҳарнинг кўкка интилган иморатлари, заводларнинг баланд корпуслари ҳали ҳам кўриниб турипти.

Мен шу шаҳарда бир йил яшадим. Бу шаҳар ўз фарзандидек бошимни силаб бағридан менга жой берди. Нон берди, туз берди. Мен...

Мен унинг нурли кўчаларида ғижимлаб ташланган чиқинди қоғоз парчасидек у ёқдан-бу ёққа учиб юрдим. Супургига чап бериб судралиб юрдим. Одамларига хиёнат қилдим. Кўзга тушган қум донасидек одамларга азоб бердим.

Кечир, онадек азиз шаҳар! Сенга фарзандлик қилолмадим. Бирон иморатингга ғишт қўёлмадим. Қўйнингда бургадек ўрмаладим, холос.

Қачондир яна бағринга қайтаман. Одам бўлиб қайтаман. Фарзандлик қарзимни узгани келаман. Шунда остонангга қадам қўйишим билан бош эгиб таъзим қиламану, ассалому алайкум, она дейман.

Ҳозирча ҳузурингга келолмайман. Ўзимни ўзим суд қилдим. Ўзимга ўзим даҳшатли ҳукм чиқардим.

Бу ҳукм суд мажлисида чиқарилиб қоғозга ёзилган ҳукмдан ўн чандон оғир. Бу ҳукм менинг жигар бағримга, қалбимга, бутун вужудимга битилган.

Бу қатъий, уни ҳеч қандай фармон билан афв қилиб бўлмайди.

Ўгирилиб яна сўнгсиз йўлга тикилдим.

Ишонч билан, қандайдир ёрқин умидлар билан йўлга тушдим.

Кетяпман.

Бу менинг каттакон йўлдаги биринчи қадамим бўлишига ишонаман.

Ўйлаяпман. Бу ўйлар эртанги порлоқ кунимнинг аниқ режалари бўлишига ишонаман.

Қайдасан, менинг нурга бурканган қўналғам?

Худди сўроғимга жавоб бергандек симёғочдаги қалдирғочлар юравер, юравер, деб чуғурлашади.