OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиСувлар оқиб кетди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сувлар оқиб кетди (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Онаси Муроджоннинг тушига кирибди.

Техникум ётоғида боласининг каравотига ўтириб тугун ечаётганмиш. Тоғорадан қора чиллаки олиб, тумбочка устига қўйиб дермиш:
— Ол, болам, атайин сенга илиниб олиб келдим... Оғзинг тегиб қолсин, дедим. Чумчуқ ўлгур қўймаяпти.

Пошшақиз ёнбошига ағдарилди. Муроджон уйғониб кетди.

У шифтга боққанича ўй ўйлаб ётаверди. Қоронғи кеча қаърига тикилиб, кўрган кунларини, болалигини қидирарди. Қаердадир қўл соатнинг заиф чиқиллаши, коридор деворидаги электр счётчигининг бемор инграшидек ноласи, диванда кулча бўлиб ётган мушукнинг ёқимсиз ғуриллаши эшитилиб турибди.

Муроджон узилган тушини улаш ниятида яна кўзини юмди. Уйқу ҳам келмади, туш ҳам кўрмади. Кўпдан йўқотган онаси бир он пайдо бўлганича абадият қаъридан қайта юз кўрсатмади. Муроджон онасини пойлаб узоқ ётди. Охири кўзини очиб, ёнбошига қаради. Хотинининг елкасидан кўрпа тушиб кетган. Ич кийимларининг қават-қават капрон тасмалари оппоқ елкасидан билагига тушиб қолган, курагидаги кеча банка қўйдирганда қолган жигар ранг излар бемалол кўриниб турибди. Марварид ўрамидаги сариқ ипак тугунчасига бир дона дур илиниб қолибди.

Муроджоннинг хотини Пошшақиз ниҳоятда чиройли эди. Зулукдек қора қошлар, илондек тўлғанган тақим ўпар сочлар, тикилган жойни куйдирадигандек кўзлар Муроджоннинг болалигига, осойишига ўт қўйган эди.

Муроджон ётавериб қон бўлиб кетди. Аста кўрпадан суғурилиб, қоронғида тимирскиланиб шиппагини топдию нариги уйга оёқ учида чиқиб кетди.

Аксига олгандек, қандилдаги лампочка кўкимтир чақиндек бир йилт этдию куйиб қолди. Кўзи қоронғига ўрганиб, аста-секин кўрадиган бўлди, назарида, уй ёришганга ўхшаб, жиҳозлар ғира-шира кўрина бошлади.

У уй ичида кезаркан, онасининг тирик қиёфасини хотирида тикламоқчи, унга яна бир тўйиб олмоқчи эди. Аммо она ҳадеганда унинг кўзи ўнгига келавермади.

Муроджон дераза олдига келиб, ҳовлига қаради. Айвон шифтидаги лампочка ҳовлини ойдиндек ёритиб турарди. Тўп этиб ерга шафтоли тушди. Қайдандир пайдо бўлган мушук бориб уни ҳидлади-ю, ҳафсаласи пир бўлиб, орқасига қайтди. Ток сўри тепасидан мусича тухуми тушиб, чилчил синди. Яна бояги мушук пайдо бўлди, тухум синган ерни ялаб олди, кейин маза қилиб керишди-да, тандир тепасига коптокдек сакраб чиқиб кетди. Сал ўтмай девордан шўр тупроқ тўкилди.

Шунда бирдан Муроджоннинг кўзига онаси кўринди.

Онаси тандир олдида қўлига енгча кийиб, лоладек қип-қизил кулча бетига сув сепяпти. Тандирдан чиқаётган яллиғ унинг ҳам бетларини қизартириб юборган. У, сочларим куймасин, деб пешонабоғини қошлари аралаш танғиган, узун сатин кўйлагининг этагини липпа уриб олган.
— Болам, анчадан бери ёпган нон емагандирсан, бери кел, иссиққина еб ол.

Она шундай дедию қоронғиликка сингиб кетди.

Муроджон сесканди. Ичидан аллақандай ўт келиб томоғига қадалди.

Иссиқ қўл елкасига теккандагина ўзига келди. Орқасида елкасида халат ташлаган Пошшоқиз турарди.
— Сизга нима бўлди? Қайси яшшамагур жононингиз эсингизга тушиб кетди?

Муроджон унга шундай бир қарадики, Пошшоқиз худди бегона эркак олдида тургандек, тўзғиб кетган сочлари билан кўкракларини беркитди.
— Оббо, бу қанақаси, қоқ ярим кечаси хўрсиниб юриш...

Муроджон индамай нари кетди. Майкачан ҳовлига тушиб, уёқдан-буёққа юра бошлади. У гўё мана шу ҳовлидан, ердан, қоронғилик ичидан болалигини, беозор, андуҳсиз гўдаклигини қидираётгандек эди. Пошшақиз дераза олдида унга анча қараб турди-да, кафтининг орқасини оғзига тутиб икки марта яхшилаб эснаб, ётоғига кириб кетди.

Тинч, жонли-жонсиз фараҳли уйқуга кетган сокин кечада кезаркан, Муроджон бирдан болалигига рўпара келди.

Эшиклари олдида ўсган каттакон, танлари бужмайиб кетган тут тагидаги тегирмон тошига онаси ҳар куни эрталаб икки кўзадан сув олиб чиқиб қуярди. Йўловчилар шу сувдан ичиб, боланг катта бўлсин, умридан барака топсин, деб онасини дуо қилишарди.

Гўдаклигидан эсида қолгани шу. Кейин бўйи чўзилиб қолганда онаси тахи бузилмаган бахмал кўрпани бузиб, унга тўн тикиб бергани, кийдириб мактабга юборгани ҳам эсида. Ўшанда онаси мактаб остонасига етмай, йўл ўртасида қараб қолганди.

Муроджон ишга ярагудек бўлгунча она ер чопди, том шувади, девор урди, қор куради, бировларнинг кўрпасини қавиди, тиним нималигини билмади, аммо боласини зориқтирмади.

У умрини шу боласига бағишлади. Эр қилмай ўтди.

Болам одам бўлсин, камолини кўрай, юртга қўшай, тўйларида чарчай, кейин болаларини боқай, деди.

Ниҳоят, у ўғлини Тошкентга, техникумга етаклаб келди. Ўқишга жойлаб қайтиб кетди. Она ҳар ойда бир келишни тарк қилмас, топган-тутганини боласининг қўлига тутқазиб, яна пиёда Паркентга қараб кетарди. Муроджон ўқирди. Зеҳни ўткир бола муаллимларига ёқиб қолди. Йиллар ўтди. Институт, уруш қийинчиликлари бошланди. Аммо она ойда бир келишни тарк қилмасди. Ҳар келганида боласининг бетига соатлаб тикилиб ўтирарди. Озиб қолганини, ранги сўлганини кўриб, ич-ичидан куйиб кетарди.

Аспирантура йиллари бошланди. Муроджон анча ўзини тутиб олган. Онасининг узоқ йил босиб келишини хоҳламасди. Ўзи бориб келарди.

Диссертатсия ёқлайдиган куни онаси бир сават нон ёпиб келди. Муроджон минг хижолат билан онаси қаршисида турарди. Она унинг ҳам қувонч, ҳам хижолат тўла кўзларига тикилиб, ўғлининг кўнглида нима гаплар борлигини дарров фаҳмлади.
— Қани, бир кўрай, — деди она.

Мурод пиллапоя олдида турган ниҳоятда чиройли қизни чақирди. Бу Пошшақиз эди. Она бўлғуси келинининг пешонасидан ўпиб йиғлади.

Диссертатсия ҳимоясидан кейин онани зиёфатга олиб кетишди. Уни тўрга ўтқазиб қўйиб, кўп чиройли, кўп маъноли гаплар айтишди. Онасига раҳмат, дейишди. Бу онанинг бутун чеккан азиятларига тўланган ҳақ, берилган мукофот эди. Бу онанинг энг бахтли куни эди.

У қишлоғига юриб эмас, учиб кетди.

Шундан кейин она ўғлининг тўйига келди. Тўй келинникида бўлаётган эди. Катта ҳовли ясатилган. Дастурхонда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор. Аммо онага ҳеч ким парво қилмади. У шу пайтда ўрдак тухумини очган товуққа ўхшарди. Тўй охирлаб қолганда аста ўрнидан турдию ўғлининг олдига бориб, пешонасидан ўпди. Чўнтагидан бир пой тилла билагузугини олиб келинининг билагига солди.
— Тақиб юринг, қанонам раҳматликдан қолган. Шундай деб Пошшақизнинг ҳам пешонасидан ўпдию кўзёшини ичига ютиб, тўйдан чиқиб кетди.

Муроджон бир ҳафтадан кейин бориб, «олиб кетай» деб ялинди, она кўнмади.
— Нима қиласан, болам. Тинч бўлсанг бўлгани. Шу кунларингни кўрай, деб ният қилган эдим, кўрдим.

Муроджон барибир уни қўярда-қўймай олиб келди. Ўн кун ҳам туролмади она.

Муроджон ишдан келса, онаси кийимларини тугиб, айвон даҳанида ўтирибди.
— Ҳа, ойижон, нима бўлди? — деди ҳайрон бўлиб.
— Кетай, болам, шаҳарларингда туролмаяпман. Қишлоққа ўрганиб қолганман.

Пошшақиз гапга аралашмади. «Қолинг» ҳам демади, «кетинг» ҳам демади. Муроджон қайнона билан келин орасида бирон гап ўтганини дарров билди.

Онанинг бутунлай келгани Пошшақизга ёқмаганди. Қайнонасига коридордаги диванга жой қилиб берганда, Муроджоннинг юрак-бағри эзилиб кетганди. Лекин оғиз ёриб бирон гап айтолмади. Вақтида айтилмаган керакли гап эртасига жўн гапга айланади. Шундоқ бўлди. Онасининг коридорда, оёқ остида ётиши бора-бора оддий нарсага айланганини Муроджон сезмади.

Она ўғлиникига қайтиб келмади. Муроджон бориб турди. Рўзғорини қилиб берди. Отасидан қолган уй нураб тамом бўлай деб қолган экан, бошқатдан тиклаб берди. Аммо она «хотининг ундоқ, хотининг бундоқ» деб оғиз очмади. «Ҳа, энди қўшақаринглар, ўзларингдан кўпайинглар» деб дуо қилди.

Пошшақиз ҳамма гапни ичига ташлаб юрган экан, бир кун келиб ёрилди.
— Қанақа эркаксан? Уйланганингдан кейин рўзғорга қарагин-да, топганингни онангга ташийверасанми?!

Бу Пошшақизнинг ўз эрини биринчи сенлаши эди. Муроджон нима қилишини, нима дейишини билмай қолди. Тилига бирон оғиз бўлса ҳам гап келмади. Туриб-туриб уйга кириб кетди.

Шу кундан бошлаб уларнинг турмуши дарз кетди. Дам олиш кунлари Пошшақиз атайлаб унга иш топиб қўяди, кўчага чиқармасди. Муроджон эса, бугун дам олиш куни, онам кўчага қараб ўтиргандир, деб безовталанарди.

Муроджон икки ойча онасининг олдига боролмади. Бир дам олиш куни жаҳл билан чиқиб кетдию қишлоққа жўнади. Хотини чўнтагини қоқлаб қўйган экан, қуруқдан-қуруқ кириб борди. Шундоқ келганига бошқа баҳона айтган эди, кампир кўзёш қилди.
— Болам, қўлингга эмас, дийдорингга қарайман. Ўзингни кўрсам бўлди. Майли, болам, рўзғоринг аччиқ бўлмасин. Сен келолмасанг ҳам, ишхонангга бориб, узоқдан ўзингни кўриб турибман. Қандоқ қилай, пешонамда биттагинамсан.

Муроджоннинг вужудини титроқ босди. Лабларигача кўкарди. Она унинг ҳолатини кўриб қўрқиб кетди.
— Тур, болам, тур. Хотининг кутиб ўтирганини биласанми?

Она уни катта йўлгача кузатиб қўйди.

Орадан бир ойча ўтиб кетди. Муроджон ишдан қайтиб, аччиққина чойга маҳтал бўлиб турган эди. Пошшақиз ёнига келиб ўтирди. Елкасини унинг елкасига ишқаб деди:
— Жон Мурод ака, жо-он Мурод ака, аспирант қизларингизга айтинг, келиб деразаларимни ювиб берсин.

Муроджон сапчиб ўрнидан турди.
— Бу қанақа гап! Аспирантлар консултатсия олгани келади, сизга дастёрлик қилишга эмас. Келган аспирант болаларга девор урдирибсиз, қизларга кир ювдирибсиз. Уят эмасми? Эртага институтда қандоқ бош кўтариб юраман?

Пошшақиз энсаси қотиб, индамай кетаётган эди, Муроджон деди:
— Битта чой дамлаб беринг, юрагим куйиб кетди. Пошшақиз орқасига қарамай, жавоб қилди:
— Ана газ, ана чойнак, ўзингиз дамлаб ичаверинг! Муроджон жаҳл билан ўрнидан турди. Столдаги чойнакни олаётган эди, ялтироқ стол доғ бўлмасин, деб чойнак тагига буклаб қўйилган қоғозга кўзи тушди. Беихтиёр олиб очди. Телеграмма экан, ўқиди:

«Муроджон ука, ойингнинг мазаси йўқ. Ғаниматга ўхшайди. Тез етиб кел. Дилингда армон бўлиб қолмасин».

Муроджоннинг вужудини қалтироқ босди. Кўз олдида каттакон доира пайдо бўлиб, гир-гир айланаверди:
— Қачон келди бу телеграмма?

Муроджон ўзининг овозини узокдан эшитаётганга ўхшарди.
— Ўтган куни келган эди.
— Нега менга айтмадингиз?
— Эсимдан чиқиб қопти, — деди Пошшақиз. Муроджон нима қилганини билмайди. Қўлидаги чойнакни хотинига отди. Пошшақиз чап бериб қолган эди, чойнак бурчакдаги телевизорга бориб тегди. Деворларга шама сачради.

У уйдан ўкдек отилиб чиқди. Шу чиқиб кетганича икки ойдан кейин озиб, ранглари сарғайиб, сочларида икки-уч оқ тола билан кириб келди. У уйга, ўз хонасига кириб кетганича эртасига ҳам чиқмади. Пошшақиз деразадан қаради, Муроджон гоҳ пешонасига шапиллатиб урар, гоҳ диванда кўзларини юмиб қимирламай ётарди. Пошшақизнинг онаси, эрингнинг олдига кир, деган эди, ранглари оқариб кетди.
— Вой, ўликдан қўрқаман...

Қайнона куёвининг олдига кирди. Аҳволини кўриб, нима бўлганини дарров пайқади. Бетаҳорат бўлса ҳам, қудасининг арвоҳига Қуръон ўқигандек бўлди.

Пошшақиз кирди. Эрининг пешонасидан силаб юпатмоқчи бўлди. Аммо Муроджон унинг қўлини олиб ташлади. Ингради:
— Етолмадим, етолмадим, боргунимча бегоналар онамни кўмиб қўйишган экан.

Орадан беш йил ўтди.

Муроджон фан доктори бўлди. Онаси ният қилган кунлар келди. У бахтли эди-ю, аммо бу бахтнинг бир чети кемтик эди.

Муроджон докторлик ҳимоясидан уч кун олдин онасининг қабрига мармар тош олиб борди. Қайноқ қалб сўзлари битилган мармар лавҳа ғарибгина қабр тепасида қолди.

Ёшлик — шўрлик йиллари сувдек қирғоқларга сапчиб оқиб кетди. Ҳамиша омонат бўлган оналаримиз ўзлари тўймаган бу ёруғ дунёни бизга ташлаб кетишди.

Биров она дуосини олиб қолди. Биров доғи-ҳасратда...

Бугун Муроджоннинг тушига онаси кирибди. Ётоқхонада боласининг каравотига омонатгина ўтириб, тугун ечаётганмиш...

1970 йил, апрел.