OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиТаъзим (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/04
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Таъзим (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Ниҳоят, кўпдан кутилган диплом қўлга тегди. Ўзим қаттиқ чарчаганман. Аксига олиб сўнгги имтиҳон олдидан бир ҳафта ётиб олсам бўладими. Ошқозон носоғ-да. Кейинги икки имтиҳонни парҳез пайтимда топширдим. Ўзи имтиҳон ҳамма вақт саратон кириш олдидан бошланади. Ҳаво қизигандан қизиб кетади. Иштаҳа бўғилган, ўқиган нарсанг миянгдан уқаланиб тушиб кетади. Бундай пайтларда йўғон чўзилиб, ингичка узилади, дегандек, менга ўхшаган нимжонларнинг тинкаси қуриб қолади. Одам боласи бир нимага жазм қилгандан кейин охирига етказмай қўймас экан, шу алфозда ҳаммасини бешга топшириб, омон-эсон дипломни қўлга олдим.

Мана, йўлга ҳам чиқдим. Поезд мени сершовқин стантсияга ташлаб, яна қичқирганича олдинга интилди.

Юк вагонлари қасур-қусур қилиб у ёқдан-бу ёққа ўтиб турибди. Паровоз кукулайди, темирлар жаранглайди. То очиқ майдонга чиқиб олгунимча бошим айланиб, кўзим тиниб кетди.

Офтоб осмондан олов қуйяпти. Стантсия майдонидаги асфалт хамирдек кўпчиб, машина ғилдиракларига ёпишади. Каловлаб бориб автобусга интилдим. Одам кўп. Икки қўлим банд бўлганидан пешонамдан қуйилаётган терни артиб ололмайман. Тер томчилари кўзимга оқиб тушиб ачиштиради. Бир маҳал қарасам, олдимда турган кишининг башараси самоварнинг қорнида акси кўрингандек узун бўлиб кетяпти. Ўзим худди ҳавода муаллақ туриб қолганга ўхшайман...

Кўзимни очсам бегона уйда, диванда ётибман. Тепамда боя башараси узун бўлиб туюлгап киши турибди. Ҳайрон бўлдим. Нотаниш киши пешонамдан ҳўл рўмолчани олиб бошқатдан тахлаб яна қўйди.
— Хайрият,— дейди у кўзлари чақнаб.— Иссиқ элитибди, ука. Энди тузалиб қоласиз. Келин аянгиз ҳозир хўрда қилиб беради.

Эшик олдида чойнак кўтарган ёшгина бир жувон турарди. Ростини айтсам, бола бўлиб мунақа чиройли хотинни кўрмаганман. Нотаниш йигит жувоннинг қўлидан чойнакни олиб пиёлага чой қуйди-да, менга тутди.
— Ичинг, қайноқ-қайноқ ичинг, фойда қилади. Давоси аччиқ чой.— У бошимни бир қўли билан кўтариб оғзимга пиёлани тутди.

Жувон ўтдек чақнаб турган кўзларини катта-катта очиб менга қараб турарди.
— Кечирасиз, ука,— дейди йигит нимадандир безовталаниб.— Бафуржа танишиб олармиз. Ҳозир шошиб турибман, ўз уйингиздек бемалол ётаверинг. Мен кечқурун қайтаман.— У шундай деди-ю, стол устидан, газетага ўроғлиқ ниманидир олиб эшикка йўналди.
— Селхозтехникадан запчастга наряд олиб келдим. Яна стантсияга жўнашим керак. Сиз меҳмонга хўрда қилиб беринг.

Жувон маъқул ишорасини қилди. Йигит чиқиб кетди. Уйда гўзал жувон билан иккимиз қолдик. Инсон боласини табиат шундай ҳам чиройли яратадими? Бу тушимми, ўнгимми? Ё эртаклардаги париларданми бу аёл? Овози қандоқ экан? Оддий хотинларнинг овозига ўхшармикан?

Ўлай агар, кўнглимга ёмон ният келгани йўқ! Фақат унинг тенгсиз ҳуснига оддий бир жўн одам сифатида лол бўлиб турибман, холос!

Жувон ниманидир олиб чиқиб кетди. Шундагина бу ерга қандай келиб қолганимни ўйладим. Демак, автобусда кўнглим озган. Беҳуш бўлиб қолганман. Бу йигит мени олиб тушган, уйига олиб келиб ётқизган.

Уй жиҳозларига кўз югуртира бошладим. Бурчакда ёзув столи, ўртада устига клеёнка ёпилган думалоқ стол. Деразадан ҳовли кўринади. Шафтолининг айвонга энгашган шохлари мевасининг кўплигидан лапанглаб турибди. Ҳал-ҳал пишган шафтолини бир чумчуқ беомон чўқилаяпти. У чўқиган жойдан биллурдек томчи узилиб тушай, узилиб тушай деб турибди. Чумчуқ ҳар чўқиганда тумшуғини қанотига суркаб олади. Беихтиёр тамшаниб қўйдим.

Жувон оёқ учида кириб ёзув столининг тортмасидан газетага ўралган бир нимани олиб очди. Қараб турибман. Бир даста пул. У шу пуллар орасидан битта беш сўмликни олиб, яна ўраб тортмага солиб қўйди-да, менга қаради.
— Кечирасиз, уйда гўшт йўқ экан, ҳозир гузардан гўшт олиб келаман, сиз баҳузур дам олиб ётаверинг, дарров келиб овқатга уннаб юбораман.

У чиқиб кетди-ю, уйда ғижжакнинг титраган овозига ўхшаш майин товуши қолди. Бу товуш узоқ вақт уй ичида айланиб юрди.

Студентлик пайтларимда ота-онаси бор, ўзига тўқ студентларга ҳавасим келарди. Баъзан дарс тайёрлагани уларникига борганимда, уйларини, осойишта, беозор яшашларини кўриб ҳавас қилардим. Ўз ҳаётимга беихтиёр кўз ташлардим. Болалар уйи, ётоқ, баъзан тўқ, баъзан оч қолишлар. Ота-онага ташналик ҳар нафас билиниб турарди. Қачонлардир яхши кун кўриш, ана шундай беозор оилада яшаш иштиёқи юрагимда туғён қиларди. Баъзида-чи... болалик экан, шундай кунларга аллақандай мўъжиза кучи билан дарров етиша қолиш тўғрисида ўй ўйлаб кетардим. Хаёлан аллақаёқлардан катта пул топиб олгандек, юз минг, йўқ, икки юз минг сўм топиб олиб бирдан ниятимга етсам, деб ўйлардим. Мана, ўша катта пул. Кўзим олдида, ана шу бурчакдаги стол тортмасида газетага ўроғлиқ турибди. Шундай ўрнимдан туриб қўлимни узатсам, бўлди. Тамом. Истагимга етаман.

Агар мен ёмон ниятли одам бўлсам, йўқ, менинг ўрнимда ёвуз ниятли одам бўлса...

Бундай эмас. Ҳар қандай ёвуз одам ҳам бу ишни қилмасди. Йиқилганда суяб, уйига олиб кирган, уйининг тўридан жой бериб, қақраган оғзига ўзи чой тутган кишининг пешона терига хиёнат қилиш учун бўри бўлиш керак. Ваҳший бўлиш керак. Мен одамман. Фақат мени бир нарса эзяпти. Бир умр танимаган, на отини, на зотини билмаган бир кишини уйга олиб кириб, ёш хотинининг олдига ташлаб кетган бу йигитга ҳайрон бўляпман, Эр-ку бундай қилди, хўп. Хотинчи, хотини кимлигини, қаёқдан келиб қаёққа кетаётганини билмаган ёт бегонанинг олдига бир даста пул, стол устига қимматбаҳо тақинчоқларни ташлаб чиқди-кетди. Нима, булар мени синашяптими? Синаб уларга зарур келибдими? Ҳайронман!

Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтди. Ҳовлида жувоннинг оёқ товуши эшитилиб турибди. Тушуниб бўлмайдиган мавҳум ўйлар билан кўзим илинган экан, жувоннинг товуши уйғотиб юборди.
— Меҳмон, ҳовлига жой қилдим, чиқа қолинг. Анча салқин бўлиб қолди,

Хижолатлик билан ўрнимдан турдим.

Ҳовлига сув сепилган. Супага жой қилинган, хонтахта устида бир лаган шафтоли. Жувон бир боғ кўк пиёзни ариқ бўйида ўтириб тозалаяпти. Супага ўтириб у ёқ-бу ёққа қарадим. Дарвозахона олдидаги усти шифер билан ёпилган омонат гаражда машина нусхасини кўпдан йўқотган эски бир «Москвич» турибди. Унинг олдинги иккита ғилдираги олиниб, ўқига ғишт териб қўйилган... Моторлари очиб ташланган. Машинага тикилиб қолгаинмни сезган жувон кулиб қўйди. У бирам чиройли куларканки, беғубор қалби, самимийлиги худди шу кулгисида акс этиб тургандек эди.
— Турғунбойингизга машинадан теккан. Тушида ҳам, ўнгида ҳам машинани ўйлайди. Тузатаман деб увалло уринади, увалло уринади, қани бу ўлгур юра қолса. Энди юргизиб кўчага олиб чиқади-ю, тўрт-беш киши бўлиб орқасидан итариб опкириб қўйишади. Яна ковлашга тушади. Уч йилдан бери аҳвол шу. Қарасам бўшамайдиган, майли, янгисини олақолинг, дедим. Пул йиғиб машинага ёзилиб қўйдик. Қеча дўкондан қоғоз келди. Машиналарингни олиб кетинглар, депти. Турғунбойингиз ҳали кассадан пул олиб келиб қўйди. Эртага машинани олиб келамиз.

Кўзимга бояги стол тортмасидаги пул кўринди.
— Иккаламиз ҳам маошдан ташлаб қўйиб йиғдик. Ўтган йили курортга ҳам бормадик. Бу йил ҳам бормасак керак. Турғунбойингиз машинада ўзим ўйнатаман, дейди.

Жуда-жуда хижолат бўлиб кетдим. Не ҳасратда йиққан ўша пулни бузиб мен учун харажат қилиб келди-я. Булар қанақа одамохун кишилар ўзи!

Шафтоли арчиб еб ўтириб минг хаёлга борибман. Ўзимни бу олижаноб одамлар ўрнига қўйиб кўраман. Ҳаётда мен ҳали нимани кўрибман. Ўқиш, қорин тўйдириш ташвишидан бошқа нимани кўрибман? Олдинда жуда жиддий, мураккаб ҳаёт борлигини қаёқдан биламан. Одамлар орасига энди киряпман. Булар мен учратган биринчи кишилар.

Сафарга чиқиш олдидан, тўғриси, андак ташвишда эдим. Қаёққа бораман, кимлар қўлига тушаман? Қоқилсам, йиқилсам биров кўтариб қўядими? Ўксинган пайтларимда бошимни биров силармикин? Студентлик стипендиямдан озроқ жамғариб, мусофир юртларда бир кунимга ярар деб эҳтиётлаб қўйган эдим. Боя диванда кўзимни очишим билан, пулимни биров олиб қўймаганмикин, деб беихтиёр ён чўнтагимга қўл тиққанимни уй эгаси сезмадимикин? Сезган бўлса нима деган одам бўлдим.
— Турғунбойингиз ҳали-вери келмайди. Жой қилиб берсам ётасизми?— деди хотин дастурхондан косаларни йиғиб оларкан.

Нима дейишимни билмай дудуқландим. Жувон хижолат бўлаётганимни сезиб, уйдан кўрпа-ёстиқ олиб чиқиб шафтоли тагидаги раскладушкага жой қилиб, чироқни ўчирди... Ойдинда у ўзига супа ўртасига ўрин тўшаётганини кўриб турибман. Ечинаётганини кўрмаслик учун бу ёнбошимга ағдарилдим.

Тун жимжит. Ариқда сув жилдирайди. Ён-веримга тап-тап қилиб, шафтоли тўкилади. Тол новдалари орқасида юзлари тилим-тилим бўлганга ўхшаб ой кўринади. Ҳамма ёқда сўлим ва осуда ёз кечаси ҳоким.

Катта ҳовлининг ўртасида ҳусни бир жаҳонга татийдиган жувон ётибди. Аммо менинг кўзларимга уйқу илинмайди. Юрагим ҳаяжондан гупуллаб уради. Қувончми, ўкинчми, билиб бўлмайдиган аллақандай бир ҳис ичимни тимдалайди. Бу нима?

Болалигимни, дайди ўйларимни, тентак ниятларимни аллақаёқларга супуриб ташлаган нарса бу уйдаги одамларнинг покизалиги, беғуборлиги эмасмикин?!

Шу уй, шу одамлар, шу сирли ойдин кеча менга янги оламнинг эшигини очиб бергандек эди.

Эрталаб уйғонсам, Турғунбой товуқ катагидан дўпписига тухум солиб эмаклаб чиқиб келаётган экан, У тухумларни хотинига узатар экан, менга қараб кўз қисиб қўйди.
— Қуймоққа қалайсиз, меҳмон,

Ошқозоним касал бўлганидан қуймоқ менга тўғри келмаслигини айтишга истиҳола қилиб, гап тополмай қолдим.
— Ҳа, айтганча парҳездаман, деганидингиз-а, бўлмаса сизга ширгурунч.

Овқат пишгунча икковимиз ариқ бўйига чўнқайиб шафтолихўрлик қилдик. У шундагина кимлигимни, қаёқдан қаёққа кетаётганимни сўради. Айтдим.
— Бизнинг совхозда ҳам сизбоп иш бор. Аттанг, путёвкани шу ёққа олмабсиз-да. Э, аттанг! Бир-икки кун турсангиз, янги машинада қишлоқни ўзим бир айлантирардим-да!
— Аввал машиналик бўлинг, ундан кейин гапиринг. Бу киши шунақалар.

Турғунбой хотинининг гапига кулиб қўяқолди.

Нонуштадан кейин Турғунбой мени автобусга чиқариб қўйди. Хотини билан, билмадим, қанақа хайрлашдим экан? Эсимда йўқ. Ҳар ҳолда бу ажойиб хотинга муносиб қайноқ бир сўз айтган бўлсам керак. Эсимда бор, кўзларида ажойиб бир табассум бор эди ўшанда.

Қайга борсам йўқолмаслигимга, ҳамиша атрофимда олижаноб кишилар бўлишига, уларнинг ишонч тўла кўзлари порлаб туришига амин бўлиб сафарга кетдим.

Ҳар гал қишлоқдан стантсияга ўтаётганимда томининг ярми шиферда ёпилган уйнинг қораси кўриниши билан юрагимда чиройли ҳислар ғалаён қилади. Ҳовли ўртасидаги бир туп шафтолининг баҳорда пушти гулга бурканишини, ёзда сап-сариқ мевалар ларзон бўлишини, кузда барглари оловдек ёнишини, қишда яланғоч новдаларига булдуриқ қўнишини кўриб ўтаман.

Бу қутлуғ уйда мени ўзимга ўзимни танитган нурдек тиниқ, офтобдек иссиқ одамлар яшайди. Тақдир менинг биринчи қадамимни шу остонага етказди. Шу уй остонасидан очиқ юз билан эртанги ҳаётимга боққанман.

Шу уйга, шу одамларга ихлос билан таъзим қилгим келади.