OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиТаъзим (ҳикоялар)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Тошкент» Бадиий Адабиёт Нашриёти, 1966
Ҳажм486KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/03
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Таъзим (ҳикоялар)
Саид Аҳмад

Дарё шовуллайди. Тоғ орқасидан осмонга сут пуркагандек бўлиб аввал ой шуъласи кўринади, кейин ўзи салмоқланиб кўтарилади-да, чўққига айри миниб туриб қолади. Бирам чиройли, бирам ёқимли шабада эсади. Офтоб дазмолдек қиздирган тошларни шу шабада пуфлаб совутади.

Сиз ёзувчи Саид Аҳмаднинг ҳикояларини кўпдан яхши биласиз.

Ёзувчи табиатга қанчалик мафтун бўлмасин, уни одамлар юрагидаги гўзалликсиз, инсон меҳнатисиз тасаввур қилолмайди. У инсон яратган гўзалликнинг ошиғи. Қўлингиздаги китобдан шу ҳис-туйғуларни топиб оласиз деб умид қиламиз.

Ўн саккиз ёшинг

«
Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадир.
Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадир

Навоий
»

Ўн саккизга кирган одамнинг кўзига олам жилва қилади. Камалакнинг етти рангидан етмиш минг ранг ясайди. Эчкининг ёқимсиз маъраши ҳам қулоғига бул-бул навоси бўлиб киради. Юлдузларга қўли етади, тубсиз уммонлар тиззасидан келади.

Ўн саккизга кирмабсиз, дунёга келмабсиз!

Мана, ўн саккизга кирганлардан бири каттакон терак тагида хаёлчан турибди. У ҳали шу ёшга етиб оғзига ичкилик деган нарсани олмаган. Аммо қип-қизил маст. Овози дўриллайди, ҳуснбузар тошган юзларида бир чиройли хаёл излари бор. Мана шу боланинг ўн саккизга кирганига бугун роппа-роса тўрт ой бўлди. Шу ёшга кирди-ю, шунақа хаёлчан, бўлар-бўлмасга хўрсинадиган, кечаси ойга қараб ўзича шеър тўқийдиган бўлиб қолди.

Кексалар! Сиз ҳам шу ёшингизни эсланг!

Қишда саримсоқ пиёз еган одамнинг оғзидан кўклам жаласи қуйиб ўтган теракзорнинг иси келади. Сиз ҳам болалигингизни эсласангиз унутилган муҳаббат яна туғёнга келади. Мана шу хўрсиниб турган, юзига ҳуснбузар тошган йигит сизсиз, шу сизнинг ўн саккиз ёшингиз.

Йигитча хўрсиниб турган кўчанинг бу кўчанинг бу бетида баланд иморат бор. Иккинчи қаватнинг балконида яқинда ўн саккизга кирган бир қиз кафтини иягига тираб ўтирибди. Ўзи унча чиройли эмас, аммо ўн саккизга кирган қизнинг хунуги бўлмайди, буни биласиз. Бечора қиз келин аясининг пардоз қутисини титкилаб йўлакда юзига упа сураётганида акаси келиб қолиб бир тарсаки еганидан, ёнидан бир жуфт кино билети чиқиб қолиб гап топиб беролмай довдираганидан унинг неча ёшга кирганини билиб тургандирсиз. Бунақа иш ўн саккизга кирган қиз боланинг қўлидан келади.

Э, аяжонлар! Кўчадан куёвнавкар ўтса қавиб турган кўрпангизни супада қолдириб девордан қарайдиган, бувижонлар, ҳа, нима, ўн саккизга кирмай ҳатлаб ўтиб кетмагандирсиз. Кулманг, ўзларингиз ҳам худди шунақа бўлгансиз. йиғлагансиз, кулгансиз, хўрсингансиз, дўриллаган овоз эшитганингизда юрагингизда от ўйнаган.

Йўл ўртасида эзмаланиб гаплашиб келаётган икки кекса ўтиб кетгандан кейин, йигит жадал юриб балкон тагига келди. Унинг шарпасини сезган қиз бармоғини лаблари устига кўндаланг қўйиб қошларини керди-да, чироқни ўчириб ғойиб бўлди. Зум ўтмай, у йигит олдида пайдо бўлди. Ҳамма ёқни атир ҳиди тутиб кетди.

Иккови индашмай йўл ёқалаб кетаверишди. Анҳор томонга бурилишаётганда қиз мажнунтолнинг осилиб ётган новдасидан баргларни қисимида сидириб олди-да, йигитнинг устидан сочиб юборди. Йигит ундан қасдини олмоқчи бўлиб интилган эди, қочди. Кўприкка етмай йигит уни тутиб, бағрига босиб, ўпиб-ўпиб олди. Қиз унинг қучоғидан юлқиниб чиқиб, катта харсангга ўтириб қолди.
— Шунақасан-да, Анвар,— деди қиз ундан ўпкалагандек кулиб.

Анвар унга яқин келишга юраги дов бермай сал нарироқда хансираб турарди.
— Бўлди, энди — деди қиз жиддий оҳангда. —Энди нима қиламиз. Жуда бошим қотди-ку. Айтдим-ку, сен билан мендан киноартисти чиқмайди, деб.

Анвар қўл силтади.
— Кўришолмайди, режиссёрининг гапини қара, илм керак, дейди. Нима ўнинчини бекорга битириб қўйибмизми? Ролни берсину ўйнаганимизни томоша қилаверсин. Майли, кимлигимни уларга кўрсатиб қўяман. Қурилишга бораман. Сен нима қиласан? Сенга нима, сендан артист чиқади. Сал кунда хизмат кўрсатган артист Умидахоним Болтаева бўлиб кетасан.

Умида шарақлаб кулиб юборди.
— Э, омон бўл-э, бўлмади. Аризамнинг устига бўлмайди, деган резолюция қўйиб қайтиб беришди. Хайр, алвидо кино экрани! Тўқимачилик комбинатига ишга кираман. Ўша ерда ҳаваскорлар тўгарагидан ўсиб чиқаман.

Улар гоҳ куйиниб, гоҳ кулишиб анча пайтгача анҳор ёқалаб айланиб юришди.

Анвар билан Умида бир партада ўн йил ёнма-ён ўтириб ўқишди. Шу ўн йил ичида озмунча хаёл суришмади. Анвар кунига бир касб танларди, Гоҳ учувчи, гоҳ машҳур артист, гоҳ дипломат бўлиб дунё кезарди. Мана бугун ҳаммаси чиппака чиқди кетди. Умида бўлса қайси журналда киноартистларнинг сурати чиқса қирқиб олар, ҳинд қизларига ўхшайман, деб икки қошининг ўртасига хол қўйиб, капрон шарфга пистон қадаб кунора суратга тушарди. Уни ҳам кинога олишмади.

Беқарор, беқўним ёшлик уларни не кўйларга солмади.

Бу кеча ҳам уларнинг маслаҳати пишмади. Эртага яна шу ерда учрашишга аҳд қилиб ажралишди. Яна ўша кўча бетидаги балконнинг чироғи ёнди. Яна ўша хаёлчан ўтириш...

Анвар бўлса маст одамдек каловлаб санқиб уйига қайтди. Ўрнига ётиб кўзи илинмади. Умиданинг юзи экранда каттакон бўлиб кўринаверди, У гўё бу ёққа кел, деб уни экранга чақираётганга ўхшайверди. Охири хаёли тушга уланиб кетди.

Иккови ўйнаган рангли кино қўйилаётган эмиш. Залда ўтирганлар бир экрандаги Анварга, бир залда ўтирган Анварга қараб қандай бахтли одам экан-а, дейишаётган эмиш. Кино тугагандан кейин уларнинг ҳар икковини ҳам томошабинлар ўраб олиб чапак чалишармиш. Бир томошабин худди унинг қулоғи тагида жуда ҳам қаттиқ чапак чалар эмиш. Анвар уйғониб кетиб қараса, у ётган каравотнинг бош томонига қўниб олган хўроз қанот қоқиб энди қичқираман, деб турган экан.

Анвар тушни бўлган хўрознинг оёғидан ушлаб улоқтирди. Барибир хўроз ариқ лабида туриб уни масхара қилгандек яна қичқириб юборди.

Тўкилган олмаларни териб юрган ичкуёв поччаси пичинг қилди:
— Ётаверасизми, халқ артисти. Бошингизга офтоб келиб қолди-ку, ишлар нима бўлди? Қабул қилишмаганга ўхшайди. Яхшиси, юринг мен билан, экспедицияга олиб кетай. Икки йил менинг партиямда ишлаб, кейин институтга кирасиз.

Анвар поччасининг ишини ёмон кўрарди. Шу ҳам иш бўлдими, чўлу биёбонларда тупроқ ковлаб, эски иморатларнинг қолдиғини топиш. Бу ишда қаҳрамон бўлиш қийин. Бўлса поччаси бўларди. Минг йил олдинги тангаларни, кўзачаларни топган. Нимаси қизиқ! Космонавт бўлса бошқа гап. Бир марта осмонга чиқиб орбитани айланса бўлди, ерга тушиши билан Олтин Юлдуз тайёр. Аммо космонавт бўлиш учун математикани, физикани яхши билиш керак. Анвар ҳар иккаласидан ҳам зўрға учга илинган. Ундан ташқари, Анварнинг бўйи узун, новча. Кабинага сиғмайди, сиққанда ҳам икки букилиб ўтириш керак.

Бола бечора минг хйл ўйлар билан тентиб қурилиш майдонига келиб қолибди. Ҳамма ёқ чанг, шовқин. Самосваллар у ёқдан-бу ёққа вағиллаб ўтиб турибди. Шарақлатиб шағал тўкади, қаердадир қалдираб бетон қорадиган машина айланади. Бирпасдаёқ Анварнинг боши айланиб кетди. Кимдир: «Қоч, э, бола», деди. Анвар ўгирилиб қараса, цемент деворни хартумида кўтараётган баҳайбат краннинг тагига келиб қолган экан. У четга чиқиб кран бошқараётган кишининг ҳаракатларини кузатиб турди. Кран хартуми деворни ҳаволатиб обориб учинчи қават томининг қирғоғига қўндирди. Девор қўнган жойда электр пайвандлари чақнади. Анвар анграйганича туриб қолди. Кранчи Анварга қараб нимадир деди. Анвар у нима деётганини тушунмади. У икки бармоғини лабига қўйиб нафасини ичига тортиб кўрсатди-да, ниманидир унга ирғитди. Кейин у дўнг орқасидаги автолавкани кўрсатди. Анвар у ташлаган нарсани олиб қараса «Беломор»нинг пачкасига ўраб ташланган пул экан. Анвар дарров тушунди-ю, папирос олгани дўконга қараб чопди. У қайтиб келганда кранчи яна битта деворни қўндириб бўлган экан. Анвар унга папиросни кўрсатган эди, у бу ёққа чиқ, деб имлади. Анвар шошиб темир пиллапояларга тармашиб чиқа бошлади.

Кран пастдан унча баланд кўринмаган эди. У то кранчининг олдига чиққунича нақ қора терга ботиб кетди. Бирдан муздек шамол эсиб унинг баҳри-дилини очиб юборди. Папиросни эгасига бериб атрофга қаради. Ҳамма ёқ кўриниб турибди. Шаҳар четидаги иморатлар худди туман орасидан кўринаётганга ўхшайди. Ҳамма ёқ иморат, иморат. Узоқда кўм-кўк дарахтлар орқасидан Комсомол кўли ойнадек бўлиб ялтираб турибди. Краннинг қоқ белида Анварнинг шундоқ таккинасида бир гала каптар пилдираб учади.

Кранчи папиросни ўт олдириб бир-икки марта тўйиб-тўйиб тортди-да, Анварга қаради.
— Раҳмат, акаси, зап иш қилдинг-да, жуда хумор бўлиб тургап эдим.

Анвар унга маъноли илжайиб қўйди.
— Ўқийсанми, ишлайсанми? — деди кранчи пастга, хартум илгагига цемент қоришмаси солинган темир тосни илаётганлардан кўз узмай.
— Ишламайман ҳам, ўқимайман ҳам. Ўқишни битирдим, энди ишламоқчиман.
— Менга шогирд тушмайсанми?—деди у қоришмани тўртинчи қавати битмаган бино тепасидан айлантириб ўтиб янги пойдевор қўяётганларнинг олдига тушираркан.

Анвар нима дейишни билмай ўйланиб қолди,
— Ё космонавт бўлмоқчимисан? Ҳозир ҳамма ёшлар космонавт бўлишни мўлжаллашяпти. Ке, сен билан биз ўша космонавтларга уй қурайлик, нима дейсан!

Анвар мундоқ қараса кранчилик ҳам ғалати ишга ўхшайди. Бирдан унда кранчи бўлиш орзуси туғилди. Ёшлик шунақа бўлади. То бир касбнинг бошини тутгунча ўзини у ёқдан-бу ёққа ураверади. Ўн саккиз ёш ана шу беқарорликнинг марраси — охири бўлади.
— Рост айтяпман, шогирд тушсанг, сал кунда кранчи қилиб қўяман. Мана шу кран икковимизники бўлади. Биласанми, бу кран билан республикани айланиб чиққанман. Бу ёғига икковимиз ишлаймиз. Қараб турсам яхши болага ўхшайсан. Хўш, нима дейсан?

Анвар «бўпти» деб юборганини билмай қолди. Тамом! Анварнинг болалиги битди!
— Ҳали обедда конторага бирга борамиз, ўша ерда ишни битказамиз. Ҳозир уйингга бориб ҳужжатларингни олиб кел. Ана, энди менга халақит берма. Техника хавфсизлигининг инспектори кўриб қолса бошим балога қолади.

Анвар пилдираганича пастга тушиб кетди.

Яна ўша анҳор бўйи.

Яна ўша сичқон тешган элакдек ой. Юддузлар куйган қозон тагидек жимир-жимир қилиб туришибди. Анҳор шалоплаб қирғоққа сапчийди. Ой аксини майдалаб оқизиб кетмоқчи, мажнунтол новдаларига осилиб бир дам тўхтамоқчи бўлади-ю, эплолмайди. Ҳарсанг тош устида оёғини сувга ботириб Умида ўтирибди. Анвар ҳовлиқиб-ҳовлиқиб гапиради.
— Биласанми, биласанми, дунёда кранчиликдек қойил иш йўқ. Шундоқ тепасига чиқиб қарасанг дунёнинг нариги чеккаси ҳам кўринади. Мен ўша ердан туриб сизларнинг томларингизни кўрдим. Кўллар, боғлар, иморатлар... Битта самолёт худди-худди оёғимнинг тагидан ўтиб кетди.

Умида кўзларини катта-катта очиб унга қараб турибди. Чой қоғозини бурдалаб ташлагандек ой тангалари сув бетида милт-милт оқади. Катта кўприк устидан ўтаётган машина чироқларининг акси худди сувга бир шўнғиб олгандек нариги қирғоққа етмай сўнади.

Қиз йигитнинг гапларига чидамай кетди.
— Комбинатга борганмисан, ўзинг. Комбинатнинг қанақалигини биласанми, ўзинг. Вой бў... Мен тенги қиз бир юз ўн иккита дастгоҳни юритяпти. Қирқ минг одам ишлайди. Кранни гапирасан-а. Кранинг нима бўпти, бу дастгоҳларнинг олдида. Комбинатда бир йилда чиқадиган матони ер шарига ўрасанг ернинг очиқ жойи қолмайди. Кранларингу, жамики қурилишларингни ўраб ташлайди.

Анвар ҳам бўш келмади. У кранчини мақтайвериб охири гап тополмай қолди. Аммо Умида комбинатда кўрганларини гапириб тугатолмасди.

Анвар мундоқ қараса, Умида лабига қизил суртганга ўхшайди. Тикилиб кўрса рост.
— Бу нима, япги калишнинг ичидек қип-қизил қилиб.

Умида пиқ этиб кулиб юборди. Унинг бу кулгисида? Сен учун, сен учун тентак, деган маъно барқ уриб турарди.

Шу кеча уларнинг хаёлига киноартист бўлиш деган гап келмади. Ҳар иккови ҳам янгидан танлаган касбларини тилдан қўймасдилар.

Ўн саккиз ёш шунақа бўлади. Гўдаклик хаёллари яратган орзуларини тумандек тарқатиб, янги орзулар яратади. Яратади-ю, уни ҳақиқатга айлантиради.

Ажаб эмас, энди бу икки ўсмир киноэкранларида артист бўлиб эмас, артистлар булар бўлиб кўринса.

Ўн саккизга кирмабсиз, дунёга келмабсиз!

Таъзим

Ниҳоят, кўпдан кутилган диплом қўлга тегди. Ўзим қаттиқ чарчаганман. Аксига олиб сўнгги имтиҳон олдидан бир ҳафта ётиб олсам бўладими. Ошқозон носоғ-да. Кейинги икки имтиҳонни парҳез пайтимда топширдим. Ўзи имтиҳон ҳамма вақт саратон кириш олдидан бошланади. Ҳаво қизигандан қизиб кетади. Иштаҳа бўғилган, ўқиган нарсанг миянгдан уқаланиб тушиб кетади. Бундай пайтларда йўғон чўзилиб, ингичка узилади, дегандек, менга ўхшаган нимжонларнинг тинкаси қуриб қолади. Одам боласи бир нимага жазм қилгандан кейин охирига етказмай қўймас экан, шу алфозда ҳаммасини бешга топшириб, омон-эсон дипломни қўлга олдим.

Мана, йўлга ҳам чиқдим. Поезд мени сершовқин станцияга ташлаб, яна қичқирганича олдинга интилди.

Юк вагонлари қасур-қусур қилиб у ёқдан-бу ёққа ўтиб турибди. Паровоз кукулайди, темирлар жаранглайди. То очиқ майдонга чиқиб олгунимча бошим айланиб, кўзим тиниб кетди.

Офтоб осмондан олов қуйяпти. Станция майдонидаги асфальт хамирдек кўпчиб, машина ғилдиракларига ёпишади. Каловлаб бориб автобусга интилдим. Одам кўп. Икки қўлим банд бўлганидан пешонамдан қуйилаётган терни артиб ололмайман. Тер томчилари кўзимга оқиб тушиб ачиштиради. Бир маҳал қарасам, олдимда турган кишининг башараси самоварнинг қорнида акси кўрингандек узун бўлиб кетяпти. Ўзим худди ҳавода муаллақ туриб қолганга ўхшайман...

Кўзимни очсам бегона уйда, диванда ётибман. Тепамда боя башараси узун бўлиб туюлгап киши турибди. Ҳайрон бўлдим. Нотаниш киши пешонамдан ҳўл рўмолчани олиб бошқатдан тахлаб яна қўйди.
— Хайрият,— дейди у кўзлари чақнаб.— Иссиқ элитибди, ука. Энди тузалиб қоласиз. Келин аянгиз ҳозир хўрда қилиб беради.

Эшик олдида чойнак кўтарган ёшгина бир жувон турарди. Ростини айтсам, бола бўлиб мунақа чиройли хотинни кўрмаганман. Нотаниш йигит жувоннинг қўлидан чойнакни олиб пиёлага чой қуйди-да, менга тутди.
— Ичинг, қайноқ-қайноқ ичинг, фойда қилади. Давоси аччиқ чой.— У бошимни бир қўли билан кўтариб оғзимга пиёлани тутди.

Жувон ўтдек чақнаб турган кўзларини катта-катта очиб менга қараб турарди.
— Кечирасиз, ука,— дейди йигит нимадандир безовталаниб.— Бафуржа танишиб олармиз. Ҳозир шошиб турибман, ўз уйингиздек бемалол ётаверинг. Мен кечқурун қайтаман.— У шундай деди-ю, стол устидан, газетага ўроғлиқ ниманидир олиб эшикка йўналди.
— Сельхозтехникадан запчастга наряд олиб келдим. Яна станцияга жўнашим керак. Сиз меҳмонга хўрда қилиб беринг.

Жувон маъқул ишорасини қилди. Йигит чиқиб кетди. Уйда гўзал жувон билан иккимиз қолдик. Инсон боласини табиат шундай ҳам чиройли яратадими? Бу тушимми, ўнгимми? Ё эртаклардаги париларданми бу аёл? Овози қандоқ экан? Оддий хотинларнинг овозига ўхшармикан?

Ўлай агар, кўнглимга ёмон ният келгани йўқ! Фақат унинг тенгсиз ҳуснига оддий бир жўн одам сифатида лол бўлиб турибман, холос!

Жувон ниманидир олиб чиқиб кетди. Шундагина бу ерга қандай келиб қолганимни ўйладим. Демак, автобусда кўнглим озган. Беҳуш бўлиб қолганман. Бу йигит мени олиб тушган, уйига олиб келиб ётқизган.

Уй жиҳозларига кўз югуртира бошладим. Бурчакда ёзув столи, ўртада устига клеёнка ёпилган думалоқ стол. Деразадан ҳовли кўринади. Шафтолининг айвонга энгашган шохлари мевасининг кўплигидан лапанглаб турибди. Ҳал-ҳал пишган шафтолини бир чумчуқ беомон чўқилаяпти. У чўқиган жойдан биллурдек томчи узилиб тушай, узилиб тушай деб турибди. Чумчуқ ҳар чўқиганда тумшуғини қанотига суркаб олади. Беихтиёр тамшаниб қўйдим.

Жувон оёқ учида кириб ёзув столининг тортмасидан газетага ўралган бир нимани олиб очди. Қараб турибман. Бир даста пул. У шу пуллар орасидан битта беш сўмликни олиб, яна ўраб тортмага солиб қўйди-да, менга қаради.
— Кечирасиз, уйда гўшт йўқ экан, ҳозир гузардан гўшт олиб келаман, сиз баҳузур дам олиб ётаверинг, дарров келиб овқатга уннаб юбораман.

У чиқиб кетди-ю, уйда ғижжакнинг титраган овозига ўхшаш майин товуши қолди. Бу товуш узоқ вақт уй ичида айланиб юрди.

Студентлик пайтларимда ота-онаси бор, ўзига тўқ студентларга ҳавасим келарди. Баъзан дарс тайёрлагани уларникига борганимда, уйларини, осойишта, беозор яшашларини кўриб ҳавас қилардим. Ўз ҳаётимга беихтиёр кўз ташлардим. Болалар уйи, ётоқ, баъзан тўқ, баъзан оч қолишлар. Ота-онага ташналик ҳар нафас билиниб турарди. Қачонлардир яхши кун кўриш, ана шундай беозор оилада яшаш иштиёқи юрагимда туғён қиларди. Баъзида-чи... болалик экан, шундай кунларга аллақандай мўъжиза кучи билан дарров етиша қолиш тўғрисида ўй ўйлаб кетардим. Хаёлан аллақаёқлардан катта пул топиб олгандек, юз минг, йўқ, икки юз минг сўм топиб олиб бирдан ниятимга етсам, деб ўйлардим. Мана, ўша катта пул. Кўзим олдида, ана шу бурчакдаги стол тортмасида газетага ўроғлиқ турибди. Шундай ўрнимдан туриб қўлимни узатсам, бўлди. Тамом. Истагимга етаман.

Агар мен ёмон ниятли одам бўлсам, йўқ, менинг ўрнимда ёвуз ниятли одам бўлса...

Бундай эмас. Ҳар қандай ёвуз одам ҳам бу ишни қилмасди. Йиқилганда суяб, уйига олиб кирган, уйининг тўридан жой бериб, қақраган оғзига ўзи чой тутган кишининг пешона терига хиёнат қилиш учун бўри бўлиш керак. Ваҳший бўлиш керак. Мен одамман. Фақат мени бир нарса эзяпти. Бир умр танимаган, на отини, на зотини билмаган бир кишини уйга олиб кириб, ёш хотинининг олдига ташлаб кетган бу йигитга ҳайрон бўляпман, Эр-ку бундай қилди, хўп. Хотинчи, хотини кимлигини, қаёқдан келиб қаёққа кетаётганини билмаган ёт бегонанинг олдига бир даста пул, стол устига қимматбаҳо тақинчоқларни ташлаб чиқди-кетди. Нима, булар мени синашяптими? Синаб уларга зарур келибдими? Ҳайронман!

Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтди. Ҳовлида жувоннинг оёқ товуши эшитилиб турибди. Тушуниб бўлмайдиган мавҳум ўйлар билан кўзим илинган экан, жувоннинг товуши уйғотиб юборди.
— Меҳмон, ҳовлига жой қилдим, чиқа қолинг. Анча салқин бўлиб қолди,

Хижолатлик билан ўрнимдан турдим.

Ҳовлига сув сепилган. Супага жой қилинган, хонтахта устида бир лаган шафтоли. Жувон бир боғ кўк пиёзни ариқ бўйида ўтириб тозалаяпти. Супага ўтириб у ёқ-бу ёққа қарадим. Дарвозахона олдидаги усти шифер билан ёпилган омонат гаражда машина нусхасини кўпдан йўқотган эски бир «Москвич» турибди. Унинг олдинги иккита ғилдираги олиниб, ўқига ғишт териб қўйилган... Моторлари очиб ташланган. Машинага тикилиб қолгаинмни сезган жувон кулиб қўйди. У бирам чиройли куларканки, беғубор қалби, самимийлиги худди шу кулгисида акс этиб тургандек эди.
— Турғунбойингизга машинадан теккан. Тушида ҳам, ўнгида ҳам машинани ўйлайди. Тузатаман деб увалло уринади, увалло уринади, қани бу ўлгур юра қолса. Энди юргизиб кўчага олиб чиқади-ю, тўрт-беш киши бўлиб орқасидан итариб опкириб қўйишади. Яна ковлашга тушади. Уч йилдан бери аҳвол шу. Қарасам бўшамайдиган, майли, янгисини олақолинг, дедим. Пул йиғиб машинага ёзилиб қўйдик. Қеча дўкондан қоғоз келди. Машиналарингни олиб кетинглар, депти. Турғунбойингиз ҳали кассадан пул олиб келиб қўйди. Эртага машинани олиб келамиз.

Кўзимга бояги стол тортмасидаги пул кўринди.
— Иккаламиз ҳам маошдан ташлаб қўйиб йиғдик. Ўтган йили курортга ҳам бормадик. Бу йил ҳам бормасак керак. Турғунбойингиз машинада ўзим ўйнатаман, дейди.

Жуда-жуда хижолат бўлиб кетдим. Не ҳасратда йиққан ўша пулни бузиб мен учун харажат қилиб келди-я. Булар қанақа одамохун кишилар ўзи!

Шафтоли арчиб еб ўтириб минг хаёлга борибман. Ўзимни бу олижаноб одамлар ўрнига қўйиб кўраман. Ҳаётда мен ҳали нимани кўрибман. Ўқиш, қорин тўйдириш ташвишидан бошқа нимани кўрибман? Олдинда жуда жиддий, мураккаб ҳаёт борлигини қаёқдан биламан. Одамлар орасига энди киряпман. Булар мен учратган биринчи кишилар.

Тун жимжит. Ариқда сув жилдирайди. Ён-веримга тап-тап қилиб, шафтоли тўкилади. Тол новдалари орқасида юзлари тилим-тилим бўлганга ўхшаб ой кўринади. Ҳамма ёқда сўлим ва осуда ёз кечаси ҳоким.

Катта ҳовлининг ўртасида ҳусни бир жаҳонга татийдиган жувон ётибди. Аммо менинг кўзларимга уйқу илинмайди. Юрагим ҳаяжондан гупуллаб уради. Қувончми, ўкинчми, билиб бўлмайдиган аллақандай бир ҳис ичимни тимдалайди. Бу нима?

Болалигимни, дайди ўйларимни, тентак ниятларимни аллақаёқларга супуриб ташлаган нарса бу уйдаги одамларнинг покизалиги, беғуборлиги эмасмикин?!

Шу уй, шу одамлар, шу сирли ойдин кеча менга янги оламнинг эшигини очиб бергандек эди.

Эрталаб уйғонсам, Турғунбой товуқ катагидан дўпписига тухум солиб эмаклаб чиқиб келаётган экан, У тухумларни хотинига узатар экан, менга қараб кўз қисиб қўйди.
— Қуймоққа қалайсиз, меҳмон,

Ошқозоним касал бўлганидан қуймоқ менга тўғри келмаслигини айтишга истиҳола қилиб, гап тополмай қолдим.
— Ҳа, айтганча парҳездаман, деганидингиз-а, бўлмаса сизга ширгурунч.

Овқат пишгунча икковимиз ариқ бўйига чўнқайиб шафтолихўрлик қилдик. У шундагина кимлигимни, қаёқдан қаёққа кетаётганимни сўради. Айтдим.
— Бизнинг совхозда ҳам сизбоп иш бор. Аттанг, путёвкани шу ёққа олмабсиз-да. Э, аттанг! Бир-икки кун турсангиз, янги машинада қишлоқни ўзим бир айлантирардим-да!
— Аввал машиналик бўлинг, ундан кейин гапиринг. Бу киши шунақалар.

Турғунбой хотинининг гапига кулиб қўяқолди.

Нонуштадан кейин Турғунбой мени автобусга чиқариб қўйди. Хотини билан, билмадим, қанақа хайрлашдим экан? Эсимда йўқ. Ҳар ҳолда бу ажойиб хотинга муносиб қайноқ бир сўз айтган бўлсам керак. Эсимда бор, кўзларида ажойиб бир табассум бор эди ўшанда.

Қайга борсам йўқолмаслигимга, ҳамиша атрофимда олижаноб кишилар бўлишига, уларнинг ишонч тўла кўзлари порлаб туришига амин бўлиб сафарга кетдим.

Ҳар гал қишлоқдан станцияга ўтаётганимда томининг ярми шиферда ёпилган уйнинг қораси кўриниши билан юрагимда чиройли ҳислар ғалаён қилади. Ҳовли ўртасидаги бир туп шафтолининг баҳорда пушти гулга бурканишини, ёзда сап-сариқ мевалар ларзон бўлишини, кузда барглари оловдек ёнишини, қишда яланғоч новдаларига булдуриқ қўнишини кўриб ўтаман.

Бу қутлуғ уйда мени ўзимга ўзимни танитган нурдек тиниқ, офтобдек иссиқ одамлар яшайди. Тақдир менинг биринчи қадамимни шу остонага етказди. Шу уй остонасидан очиқ юз билан эртанги ҳаётимга боққанман.

Шу уйга, шу одамларга ихлос билан таъзим қилгим келади.

Кўзларингда ўт бор эди

Зинапоянинг бошида оқ халатли аёл кўриниши билан Мутал шошиб ўрнидан туради. Ундан бирон гап чиқмагандан кейин бўшашиб яна жойига ўтиради. У шу тахлит уч соатдан бери ўтирибди. Шаҳар аллақачон ухлаган. Аммо бу ерда кирди-чиқди. Телефон дам ўтмай жингиллайди. «Тез ёрдам» машинаси тинимсиз келиб-кетиб туради. Ранги бўзарган, кўзлари бесаранжом аёлларни носилкаларда юқорига олиб чиқиб туришибди. Кутиб турганларнинг кўзида ташвиш бор. Ичкаридан ҳам қувонтирадиган, ҳам ҳаяжонга соладиган хабарлар чиқади. Мутал ҳам ўз бахтини ўша жойдан кутиб ўтирибди.

Зинада кексагина ҳамшира хотин кўринди. Ҳамма баравар ўрнидан турди. У ўтирганлар орасидан кимнидир қидирарди. Охири, кўзи Муталга тушиши билан юзида бир чиройли табассум пайдо бўлди.
— Ҳолва муборак бўлсин, иним. Хотининг тўтидек қиз туғди.

Муталнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. У рост айтяптими? Ахир Мутал қирқ олти йиллик умрининг йигирма саккиз йилини шундай қутлуғ хабар эшитиш орзусида кечирди. Ниҳоят, ниҳоят ниятига етди. Ҳамшира хотин алдамаётганмикин? Ростмикин? Тушимми, ўнгимми? Йўғ-е…

Мутал эсанкираб қолган эди. Атрофида нималар бўляпти, кимлар бор, ўзи қаерда ўтирибди, билмасди. Ўзидан-ўзи довдираб ҳовлига чиқиб кетганини билмай қолди. У туғруқхона дарвозасига етганидагина, шундай яхши хабар олиб чиққан ҳамширага раҳмат айтмагани, суюнчи бермаганини билиб қолди. Шошиб орқасига қайтди. Ҳамшира йўқ эди. Унинг исмини билмаганидан, ҳали кўп келаман-ку, кўнглидан чиқариб юбораман, деб ўзига таскин бериб йўлига қайтди.

Кўча жимжит. Ҳар замон асфальт йўлни ёритиб машиналар ўтиб қолади. Негадир улар Муталнинг олдига етай деб қолганда сигнал беришади. Улар худди уни табриклаётганга ўхшашади. Сонсиз чироқлар жимирлаб кўзни қамаштиради. Дарахт шохлари шабадада силкиниб, ердаги сояларини у ёқдан бу ёққа отиб ўйнашади. Ҳаво тоза, мусаффо.

Трамвай-троллейбуслар ётган. Уй ҳали узоқ. Мутал кўчанинг қоқ ўртасида борарди. Дунёда ҳозир ундан бахтли одам йўқ. Ашула айтгиси, учраган одамга шу топда қиз кўрганини бирпасда тапириб ташлагиси келади. Худди унинг ёнгинасидан бир юк машинаси вағиллаб ўтиб кетди. Нарироқ бориб шарт тўхтади-ю, шофёр кабинадан бош чиқариб, жаҳл билан сўкинди. Мутал унга парво қилмади. Аммо бирдан ҳушёр тортиб кетди. Бояги қувончлари қаёққадир ғойиб бўлди, бир зумда юрагини муз босгандек совуб қолди.
— Мен ҳам одам бўлдимми? Ростдан ҳам бахтлиманми? Шуми бахт?

Бу фикр яшин тезлигида калласини пармалаб кириб, маҳкам ўтириб олди.

Энди Мутал беҳуш қадам ташларди. Боя елдек учиб кетаётган одам, энди шошилмасди. Қаёққа шошади, йигирма беш йиллик ҳамроҳи, дўсти, энг азиз кишиси бу хабарни эшитса нима бўлади? Бу хабар уни қон йиғлатмайдими? Илгарилари ҳам Мутал шу тўғрида ўйлаганида, юраги орқага тортиб кетар, ўйини охирига етказишдан қўрқарди. Бола кўриш орзусида йигирма беш йил орзиқиб яшаган бўлса, бу ёғидаги нияти рўёбга чиқаётган уч йилида бу эзгу нияти кўпинча даҳшатли ўйлар билан аралашиб кетарди.

Муталнинг ҳаётидаги бу каттакон воқеа Эътиборхоннинг қулоғига етмай қолмайди. Ундан кейин нима бўлади? Эътиборхоннинг ҳоли нима кечади? Ана шуниси ёмон! Унинг қийналганини кўриш, кўзида ёш, чеҳрасида ғам кўриш Мутални изтиробга солади. У, йигирма беш йил Эътиборхонни авайлаб келди.

Эътиборхон Муталнинг аввалги хотини эди. Туғмади.

Муталнинг назарида дунёда ҳеч қандай эр-хотин улардек бир-бирини севолмасди. Бу ҳурмат, бу муҳаббат, бу меҳр-оқибат...

Муталнинг ҳали эсида, уларнинг тўйи минг тўққиз юз ўттиз тўртинчи йилнинг августида бўлган эди. То шу кунгача бир-бирларини сен дейишга тиллари бормаган. Ҳамиша «сиз»лаб гапиришарди. Қўни-қўшнилар уларнинг уйидан бирон марта қаттиқ овоз эшитишмаган. Уйлари бўлса, ҳамма вақт ярақларди. Қелган меҳмонлар уларга ҳавас қилиб кетишарди-ю, уйларига етмай, шу бечораларга худо биттагина фарзанд бермади-да, деб қўйишарди.

Йиллар ўтаверди. Улар ҳамон бир-бирларининг қош-қовоғига қараб, кунларни йилларга улаб яшайверишди. Мутал қачондир бола кўришига ишонарди. Унинг ишончи Эътиборни қийнарди. Эрининг сиқилаётганини билиб турарди. Кўчадан бола ўтса кўзи ўйнашини, меҳмонга боришса болаларнинг ўйинига қўшилиб кетишини Эътибор сезмасмиди, сезарди. Хотинлар зийрак бўлишади, уйдаги конфетларни кўчадаги болаларга ташиб тамом қилишини билмайди, дейсизми? Биларди.

Уруш бошланди. Эътибор тўрт йил йўлига кўз тикиб Мутални кутдн. Келди. Яна ўша жим, осуда ҳаёт. Урушдан аввал қанақа яшашган бўлса, ундан кейин ҳам ўзгаришсиз бир хил умр бошланди. Мутал боласиз ўтишга рози эди-ку, аммо Эътиборсиз яшашга рози бўлолмасди. У Эътиборга шунчалар ўрганиб қолган, ўзини ҳатто Эътиборсиз тасаввур ҳам қилолмасди. Аммо Эътибор эрининг қўлида бола кўришни шундай орзу қилардики, биргина бола учун, Муталнинг биргина қувончи учун жонини ҳам беришдан қайтмасди. Қўлида бола кўриб ўлсам, тўйимиз бўлган йиллардаги Муталнинг кўзларида чақнаган ўтни яна бир кўрсам, бу дунёдан беармон кетардим, деб ўйларди.

Кунлар, йиллар ўтаверарди. Эр-хотин ҳамон самимий, ҳамон бир-бирига оқибатли. Бир бурда нон бир-бирисиз томоғидан ўтмайди, уй ҳамон озода, саранжом, жимжит.

Шу хилда йигирма тўрт йил умр ўтиб кетди. На боласизлик, на одамларнинг киши билмас илмоқли таъналари уларнинг орасига совуқчилик сололмасди.

Мутал таниш-билишлар билан учрашиб қолганда одатдагича, ундан бола-чақаларнинг саломатлигини сўрашарди. Мутал довдираб нима дейишини билмай, тайинсизроқ бир гап айтиб қутулиб кетмоқчи бўларди-ю, аммо одатда шу гаплардан кейин келадиган: каттаси нечага кирди, деган сўроқдан кейин, қийналиб-қийналиб жавоб беришга мажбур бўларди.
— Боламиз йўқ. Шундоқ...

Сўраган одамнинг хижолатлигини айтмайсизми.

Мутал танишлар билан тўқнаш келишдан безиллаб қолганди.

Бу гапларни Эътибор сезмасди, дейсизми, сезарди. Сезарди-ю, ич-ичидан эзилиб кетарди. Эрининг кўзига қаролмай, хомуш бўлиб қоларди.

Яна бир йил ўтди. Мутал қарий бошлади. Эътиборнинг назарида, илгариги чақнаб турган кўзларидаги ўт йўқолаётганга, ўзи сал нарсага чарчаб қолаётганга ўхшайверди. Бир кун Мутал ишдан келиб ҳовлида гулқайчи билан олма шохларини бутаб юрганда, Эътибор айвонда чучвара тугиб ўтирган эди. Бирдан, бехосдан кўзи эрининг бўйнига тушиб қолди. Иякларининг таги ғижимланиб қолгандек кўринди. Ўрнидан туриб, бехос олдига борди. Фақат иягида эмас, кўз четларида, пешонасида ҳам ажин. Бирдан Эътиборнинг юрагини ваҳм босиб кетди. Қарибди, қарибди. Сочи икки чаккасидан оқора бошлабди, қарибди, қарибди...

Ҳали офтоб ўчмаган, гуллар қийғоч очилиб турган июль куни уларнинг йигирма беш йиллик аҳил умрига якун ясади.

Эътиборнинг нияти бузилди. Кетиш керак, шу қадрдон, дунёдаги яхши одамларнинг энг яхшисини ташлаб кетиш керак. Қандоқ қилиб?

Мана шуниси қийин эди. Шундай кетиш керакки, кўз ёши тўкилмасин. Келган йиғини кулги билан, хандон кулги билан енгиш керак.

Эътибор бошқа йўл тополмади. Мутални бахтли қилишнинг бирдан-бир йўли шу эди. Ўша кеча Эътибор мижжа қоқмади. Яна бошқа тадбирлар ҳам қидириб чиқди. Энг сўнгги тадбир, Муталнинг кўнглини ўзидан совитиш, безор қилиш бўлди.

Ўшанда дам олиш куни эди. Кечгача Эътибор бўлар-бўлмасга баҳона топиб, эрини қийнайверди. Қўпол гапирди, жиғига тегди, кўнгил қолдирадиган совуқ гаплардан ҳам тоймади. Мутал оғирлик қилиб унинг кўнглини олишга уринди. Эътибор совимади. Ахир, тоқати тоқ бўлган Мутал қизишмай, ётиғи билан сўради:
— Сизга нима бўлди, Эътибор? Жуда қийнавордингиз-ку?!
— Кетаман!

Мутал гангиб қолди. Нима қилишини билмай, хотинининг кўзига қараб, анграйганча қолди.
— Кетаман, яшамайман сиз билан.

Эътибор шу гапни айтди-ю, титраб кетди, аммо буни эрига сездирмади. Ич-ичидан тошиб чиққан хўрсинишни куч билан босиб қайтарди. Анграйиб қолган эрининг кўзига қарамай, уйга кириб кетди-да, бирпасдан кейин чамадон, тугунча кўтариб чиқди.
— Эътибор, кетманг, мени ташлаб кетманг, мен нима қиламан...

Муталнинг кўзлари хиралашиб бир гандираклаб олди. Дармонсизланиб айвоннинг лабига ўтириб қолди.

Эътибор югуриб бориб қўлтиғидан кўтаргиси, пешонасидан, ўша сочи оқариб келаётган чаккаларидан силагиси, юзини-юзига ишқаб овутгиси келди. Лекин, бундай қилмади. Ўзини тутди. Юраги йиғларди-ю, чидарди. Бу — қаҳрамонлик эди, катта қаҳрамонлик эди. У ўзини ҳамон дадил тутиб, эрининг олдига борди:
— Биласанми,— бу эрини биринчи марта сенлаши эди,— сенга хиёнат қилдим. Бунинг учун ўзимни кечиролмайман. Сен ҳам кечирмайсан. Хиёнат қилган хотин эрининг уйида туришга, у билан бирга яшашга ҳақсиз. Бунинг учун, биламан, мени кечиролмайсан.

Эътибор бу баҳонани беихтиёр топди. Бу — зўр баҳона. Ҳеч қандай эр хиёнат қилган хотинни кечиролмайди. Бутун умрини болу пардек покиза ўтказган хотин, хиёнат у ёқда турсин, бегона эркакни хаёлига келтирмаган хотин ўзини-ўзи энг пасткашлар қаторига қўйиб ўтирибди. Нима учун? Ким учун? Буни Эътиборнинг ўзи биларди.

Эътибор остонага етиб қолди. Ўгирилди:
— Мени кечиролмайсан, кечиролмайсан. Кўзингга қараб, шафқатингни кутиб яшашга тоқатим йўқ. Кунига минг марталаб ўзимни қарғаб яшашга тоқатим йўқ. Сени ҳаром қилишга ҳаққим йўқ. Кетай, кетай...

Эътиборнинг товуши бўғилиб, гапиролмай қолди шарт бурилди-ю, чиқди-кетди.

Мутал ёлғиз қолди. Бир кун кутди, икки кун, бир ой, бир йил кутди, хотинидан дарак бўлмади,

Орадан бир ярим йил ўтиб, Эътибордан хат келди. Хатда у энди сира қайтиб келмаслигини, ўша йўлдан «урган» киши билан қовушмоқчи эканини айтибди. Мутал йиғлади. Хўрлиги келиб, ўтказган йигирма беш йиллик умрига ачиниб йиғлади. Мутал ёлғизликда сўла бошлади. Ажинлари кўпайди, чаккасидаги оқ толалар манглайига ўрмалаб қолди. Куйиб-ёниб адо бўлай деди. Кўпчилик: уйлан, ёлғизлик ёмон, деб насиҳат қилишди. Мутал ётиб қолай деди. Охири, дўстлари кичкинагина тўйча қилиб ўзи билан бирга ишлайдиган бир қари қизга уйлантириб қўйишди. Ҳамон Эътибордан дарак йўқ. У бевафонинг қаердалигини ҳеч ким билмасди.

Мутал туғруқхонадан келаркан, мана шуларни эслади. Эслади-ю, сиқилиб кетди.
— Унинг бола кўрганини Эътибор эшитса, нима қиларкин? Ўзини-ўзи бир нима қилиб қўймасмикин? Ё севинармикин? Севинмайди, у хиёнатчи!

Унинг кўзига гоҳ туғруқхонада ётган чақалоғи, гоҳ уйдан қаҳру ғазаб билан чиқиб кетаётган Эътибор кўринарди.

Орадан тўрт кун ўтди. Муталнинг хотини билан қизи ҳали туғруқхонада. Ўзи бўлса, тинмай уй йиғиштиради, келди-кетди учун тайёргарлик кўради.

Бирдан эшик тақиллаб қолди. Почтачи. Посилка олиб келибди. Кимдан? Кимданлиги номаълум. Мутал шошилмай яшикни очди. Чақалоққа кўйлак, фартук, қалпоқча... Кимдан бу? Мутал яшикнинг у ёқ-бу ёғини титкилай бошлади. Хат. Шошиб олди, шошиб ўқий бошлади:

«Ҳурматли Мутал ака! Мени кечиринг. Эшитдим. Эшитиб қай аҳволга тушганимни тушунтириб беролмайман. Менинг биттагина ниятим — қўлингизда бола кўриш эди. Шу ниятимга етдим. Ўтган куни кўчада сизни кўриб қолдим. Кўзларингизда ўт ёниб турибди. Бундан йигирма йил аввал кўзларингиз шундай эди. Кўриб, ҳайрон бўлдим. Билсам, ота бўлибсиз. Бу қандай бахт, бу қандай бахт! Севинчдан юрагим ёрилай деди. Ётиб ухлолмадим. Тонг отгунча кўрган кунларимизни эслаб чиқдим. Қандоқ тотув яшадик! Қандоқ меҳрибон эдик бир-биримизга! Сизни қанчалик яхши кўрардим! Қандоқ аярдим, шамолни ҳам раво кўрмасдим. Кечалари сизга бахт, саломатлик тилаб чиқардим. Сиздек пок одамга муносиб хотин бўлиш учун қўлимдан нима келса, виждоним нимани буюрса — ҳаммасини қилдим. Билсангиз, уйдан кетишим, ўзимга-ўзим туҳмат қилиб, ўзимни-ўзим бузуқ деб атаганим ҳам сизга бахт тилашим эди. Энди очиғини айтай, умримда хиёнат йўлига кирмаганман. Агар ўзимни бузуқ демаганимда, сиз мени уйдан ҳар қандоқ қилиб ҳам чиқазмасдингиз. Кетдим, яхши бўлди, сиз бахт топдингиз, болалик бўлдингиз. Ниятим ҳам шу эди.

Агар мен кетмаганимда сизга бу бахт қаёқда эди? Энди кўнглим тинчиди. Ниятимга етдим. Бахт муборак бўлсин!

Янги келин пайтларимда яхши ният қилиб, бола кўрсак кийдирарман деб кўйлакчалар, қалпоқчалар тиккан эдим. Эзиласиз деб сиздан яшириб тиккан эдим. Менга она бўлиш насиб бўлмади. Илтимос, шуларни чақалоққа кийдиринг.

Шу пайтгача шаҳарда эдим, Яхшилик хабарини эшитиб, тамоман хотиржам бўлдим. Эртага бутунлай кетаман. Ким билади, қайта учрашоламизми, йўқми?

Уйдан чиқиб кетаётганимда етказган озорларим учун Сизга ҳамиша эҳтиром билан: Эътибор отли хотин»

Хатга Муталнинг кўз ёшлари тўкилди.

Чўл оқшомлари

Оталар ва болалар

Каттакон ер ўчоқ олдида бир қария чирсиллаб ёнаётган ўтга қараб жимгина ўтирибди. Уфқда анчадан бери кимхобдек кўзни олаётган оловранг шафақ сув пуркагандек бир зумда ўчди-ю, чўл устини ним қоронғилик босди. Олисда икки трактор ҳамма ёқни остин-устин қилиб вағиллаб юрибди. Уларнинг фаралари ҳар замон бир-бирлари билан тўқнашиб қиличдек чақнайди. Чол гулдиракка қулоқ солиб ўчоқдаги ўтдан кўзини олмай ҳамон ниманингдир хаёлини суради. Нимани ўйлаётганикин? Ким билади, унинг кўпни кўрган кекса хотирасига нималар келдийкин? Ҳар босган қадами тарих, ҳар айтган гапи ҳикмат бу кексанинг, эсласа арзигулик хотиралари бор. Кўпинча у кечирган кунларини, қилган ишларини ўзи гапирмасди, бошқалар гапиришарди. Гапирганда ҳам ошириб-тошириб, қўшиб-чатиб гапиришарди. Шунақа пайтларда у гапга аралашиб, ҳой бола, оширма, тоширма, босмачини битта ўзим енгмагандирман, бошқалар ҳам бордир, колхозни битта ўзим қурмагандирман, бошқалар ҳам бордир, деб гап ташлаб қўярди-да, ўзи ўрнидан туриб даврадан чиқиб кетарди.

Ҳозир у чўл шамолида гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа силкиниб ёнаётган ўтга қараб нимани ўйлаб кетдийкин? Болалариними? Неваралариними? Тошбўрон бўлиб ўлган самбитдек синглисиними? Қандоқ қиз эди-я! Бу томонларда ҳаммадан олдин паранжисини ташлаганди. Шунақа ўт жувон эди. Номард эри тошбўрон қилдирди. Э, аттанг, марҳума тирик бўлса олтмишга кирармиди...

От дукури эшитилди-ю, хаёли бўлинди. У бош кўтариб қараган эди, ўчоқдан сал нарироқда бир отлиқни кўрди.
— Омонликми, қария!— деди йўловчи узангига оёқ тираб эгардан кўтарилар экан.

Чол шошиб ўрнидан турди-да, унинг истиқболига чиқди.

Йўловчи тизгинни эгар қошига омонат ташлаб, илдам келиб чолнинг қўлини олди. Ҳол-аҳвол, омонлик сўрашгандан кейин, чол уни бериги брезент чодирга бошлаб кирди. Чироқ ёқиб уни ўтқазди.
— Йўллари бўлсин, меҳмон, ўзларини бу бий далага қайси шамол бошлаб келди.

Йўловчи бошидан қалпоғини олиб тиззасида тахлаб, попугини ўйнаб ўтирди-да, кулиб қўйди.
— Уси жерде мақта экиб жатқан бир жигит овулимди беспокойса қилиб жатир. Айналайим ўтағаси, қудайим берган неберемди тиниш қўйсин.

Чол нима гаплигига тушунолмай ҳайрон бўлиб қолди. Чўлда трактор миниб юрганлардан тўрттови бола-чақалик, фақат биттагина унинг невараси бўйдоқ. Бўйнигинанг узилмагур Шамсининг қилиғимикин бу? Чол савол назари билан меҳмонга қаради.

Меҳмон кула-кула бўлган воқеани гапириб кетди.

Унинг Сулув деган невараси бор экан. Отаси урушда ўлиб кетган, онаси Олмаотада консерва заводида лаборантлик қилар экан. Чол туғилиб ўсган шу чўллардан кетгиси келмай, чўпонларга қарашиб юрар экан. У невараси Сулувга жуда ўрганиб қолганидан қизи уни олиб кетолмай бобойнинг олдида қолдирган экан. Яқин бир ойдан бери бир йигит кечалари овулга келиб итларни вовуллатиб Сулувни чақирармиш. Аввалига отасидан хижолат тортиб турган Сулув, кейинчалик тиқ этса чўлга қарайдиган, ит акиллаши билан аллақаёққа зим ғойиб бўладиган қилиқ чиқарибди.
— Овулдинг иттерида жигитингмен келисип қолдиғўй. Энди келсе индемейди. Қуйруғини дикиллетеди.

Икки қария қотиб-қотиб кулишди. Чол дастурхон ёзди. Қанд-қурсни тўкиб ташлади.
— Шайингди қўятур, қария. Манов гапга не дийсин, айтағўй.

Нол соқолини ғижимлаб ўйлаб турди-да, яна кулди.
— Неге кулесин, ўтағаси?
— Кулаётганим йўқ, меҳмон. Ҳозирги замоннинг болаларига бизнинг тишимиз ўтмайди. Бир-бири билан дон олишиб қолган бўлса, сиз билан биз не қиламиз. Қуда бўлишдан бошқа иложимиз йўқ. Шошманг, йигитлар ишдан қайтадиган пайт бўлди, ошга гурунч ташлаб қўяй.

Чол шошиб чодирдан чиқди-да, ўчоқдаги ўтни баландлатиб қозонга гурунч солди. Темир калтакка илинган увада ўрамига керосин сепиб гугурт чақди. Машъала гуруллаб чўлнинг узоқ-яқинини ёритди. Чодирдан меҳмон ҳам чиқиб машъала ёруғида қозон кавлаётган чолга қараб турарди. Унинг юзлари қип-қизил. Битта ҳам ажини йўқ. Гавдаси қуйиб қўйгандек бақувват. Елкасига ташлаб олган чакмонининг барлари шамолда ҳар силкинганида бургут учишга талпинаётганга ўхшаб кетади. Қисиқ кўзлари тун қаъридаги олисларни кўраётгандек...

Чўл одамлари шунақа бўлади. Айниқса умрини чўлларда шамолдек кезиб ўтказган қозоқлар кенгликларда яшаб, олис йўлларни бир қарашда кўрадиган бўлиб қолишган. Чўл қозоқлари эрта билан овулдан чиқишидаёқ қуёшнинг ердан кўтарилишини кўрмаса, унинг кеч пайт ботишини кўрмаса, юраги сиқилиб кетади. Шундай, қозоқлар кенгликни, эркинликни севадилар. Овулига тушган қўноқни эт билан, қимиз билан сийламаган қозоқни булар қозоқ демайди. Қадимдан удум бўлган бу одатни улар ҳамон сақлаб келишади. Меҳмондўстлик уларнинг миллий одатига айланиб кетган.

Машъала ҳамон чарсиллаб ёниб турибди. Осмонда юлдуз тўлиб кетди. Липиллаб ёнади, ўчади. Худди коинотга чақираётгандек имлашади. Уфқ этаги хира пардага ўралгандек бир зум сокин туриб қолади-да, қизариб-бўзариб кетмондек ойнинг ярми кўринади.

Меҳмон ўчоқ олдига келди.
— Утти неге жақтинг, қария?
— Йигитларни чақирдим. Машъала ёққанимда ишни тугатиб овқатга келишади. Кўряпсизми, ой тўлишган пайт. Кечаси ҳам шудгор олишаяпти, бир-икки соат дам олиб яна ишга тушиб кетишади.

Чол гапини тугатмаган ҳам эдики, тракторларнинг шовқини бирин-кетин тинди.
— Ҳозир келиб қолишади.

Яна мотор шовқини эшитилди.
— Шамсининг мотоцикли,— деди чол чўл бағрига қулоқ тутиб.

Мотор товуши борган сари секинлашиб, охири қоронғиликда жимиб кетди.
— Бўйнинг узилмагур тентагим яна кетди.

Меҳмон ҳам кетмоқчи бўлиб отининг жиловидан тутган эди, чол уни қайтарди.
— Меҳмон, унақа қилманг, тайёр овқатни ташлаб кетманг, хафа бўламан. Қозоқдан сийлов кўрган одамман. Йигитларимиз билан бирпас ҳангомалашиб, кейин кетасиз.
— Жигитингде казир келеме?
— Келмайди. Мотоциклини патиллатиб Сулувингизнинг олдига кетди.

Меҳмоннипг кўзи олазарак бўлиб қолди.
— Ўтиринг, қуда, бошқа илож йўқ.

Машъала вишиллаб-вишиллаб муштдеккина чўғга айланди-ю, охири уни ҳам чўл шамоллари учқунга айлантириб ҳар томонга нурли тўзон қилиб учириб кетд. Чол ошни дамлаб ўчоқдан чўғни тортди. Самоварнинг қувурига белкуракда чўғ ташлади-да, меҳмонни қайтариб ичкарига олиб кирди. Ташқаридаи гангур-гунгир товушлар эшитилди. Зум ўтмай чодирга олдинма-кетин тўрт йигит кирди. Чол чироқнинг пилигини кўтариб қўйди. Меҳмон улар ҳурмати учун ўрнидан турди. Бирпасда танишиб кетишди-ю, гап бу йилги баҳор, об-ҳаво, қанча ерга пахта, қанча ерга сабзавот экиш устида кетди. Меҳмон уларнинг гапларига қулоқ солиб ўтирар экан, невараси Сулувни ўйлар, унга ошиқ бўлган йигитнинг қанақалигини билгиси келарди. Охири гап Шамсига бориб қадалди.
— Шамсининг ошини бошқа сузинг. Салим ота. Кетди унингиз, ўша Сулувининг олдига. Тентагингиз ёмонам ошиқ бўлибди-да. Қўли трактор рулида-ю, кўзи ўша томонда. На қулоғига гап киради, на кўзига одам кўринади. Тезроқ бошини икки, оёғини тўрт қилиб қўймасангиз девона бўлиб қолади бунингиз.

Чол айёрча кулиб, дўппининг тагида одам бор, эҳтиёт бўл, дегандек имлаб қўйди. У, яна Шамсини чалпима, яхшисини ошир, ёмонини яшир, демоқчи эди-ю, гап қотган йигит бефаҳмлик қилиб бошқа гапни ўртага суқиб қўйди.
— Катта акамнинг қизи оқи оқ, қизили қизил бўлиб етилиб турибди. Бир оғиз шама қилиб қўйганда, ўлай агар, ўртага тушардим. Шунақа-да, тайёри турганда нотайёрига югуради, ҳозирги болалар.

Орага сал жимлик тушди. Пастда ўтирган пучуқроқ йигитни Салим ота имлаб ташқарига олиб чиқиб кетди. Йигит зум ўтмай чой кўтариб қайтиб кирди.

Ана шундан кейин гап Шамсининг таърифига кўчиб кетди. Унинг нечта медали борлиги, райком комсомолнинг бюро аъзоси эканлиги, Варшавадаги Жаҳон ёшлари фестивалига қатнашиб, «Андижон полка»сини қотириб лауреат бўлгани, колхоз секретари бир ой аллақаёққа отпускага бориб хотинларга ўхшаб соч қўйиб, «стиляга» бўлиб келганида Шамси унинг қўл-оёғини боғлаб сартарошхонага опкириб, ўзи сочига устара солгани, тор шимини ечиб тумонат ичида трусиги билан уйига ҳайдаганигача гап бўлди.
— Фестивалдан келгандан кейин жуда ошиғи кўпайиб кетди. Париждан, Қоҳирадан, Вашингтондан, одамнинг тили келишмайдиган Рио-де-Жанейро деган жойлардан қизлар хат ёзиб туришади. Ўшанақа жойлардан ҳар хат келганда, акам ўзлари тушунмай, ҳа дўст, шаҳарга тушиб Чет тиллар институтидаги болаларга ўқитиб, ўшаларга хат ёздириб келадилар.

Бу ерда-ку Шамсивойнинг таърифлари бўлиб турибди. У кишининг ўзлари шу топда нима қилаётган эканлар?..

Мотоцикл чироғи чўл қоронғилигини шамширдек иккига бўлиб учиб кетяпти. Дўнгликларда қаққайиб турган юмронқозиқлар чироқдан эсанкираб, инлари атрофида чир айланишади. Шалпонқулоқ қуёнлар йўлни чўрт кесиб у ёқдан бу ёққа ўтиб қолишади. Шамси уларга парво қилмай, ҳамон жадал илгарилайди. Чироқ тепаликка урилиб, яна пастга сирғаниб тушди. Каттакон бир ит мотоциклга қарама-қарши юриб келмоқда. У Шамсига яқин келди-ю, думини ликиллатиб олдига тушиб юраверди. Ит уни ҳар галги учрашув жойига эмас, катта дўнглик томонга бошлади. Азим харсанг тош устида турган қизга чироқ шуъласи тушди. У ўткир нурдан кўзлари қамашишига қарамай сакраб югура бошлади. Шамси моторни ўчириб, чироқни ёқиқ қолдирганича қизга интилди. Ит ҳамон думини ликиллатиб унинг атрофида парвона эди.

Жамики китобларда, ҳатто ҳаётнинг ўзида ҳам ошиқ-маъшуқларнинг учрашуви, айтадиган гаплари бир хил бўлади. Мана шу масалада стандартлик, штампчилик бор. Ошиқ ҳам, маъшуқ ҳам ойга қарайди. Иккови ҳам хўрсинади. Айтадиган гаплари кўп бўлса ҳам айтолмай бир-бирларига қараб тураверишади. Йигит қизнинг қўлидан ушлаб силайди, борингки зўр келса битта ўпади ҳам...

Аммо бизнинг бу ошиқ-маъшуқлар анови стандарт ошиқларга сира ўхшашмайди. Ошиқ-маъшуқликнинг қонун-қоидаси йўқ. Бўлганда ҳам ким унга амал қиларди, дейсиз. Юрак гупиллаб уриб турганда, қон қизиб мияга урганда, икки юрак бир-бирининг ичига кириб кетаман деб турганда ким бунақа қоидага амал қиларди!

Сулув халлослаганича келиб Шамсининг бағрига ташланди. Шамси унинг сочларидан, бошу бўйинларидан силади. Бу ошиқ-маъшуқ тушмагурлар китоблардаги ошиқларга ўхшаб ойга ҳам, мўлтиллаб турган юлдузларга ҳам қарашмади. Айниқса Зуҳра юлдузи улар қарармикин, деб шунча имлайди, йўқ, қарашмади. Охири у зарда қилгандек юзига хира бир булутчани парда қилиб тутиб олди. Аммо эски, кўп ошиқлардан бева қолган ой улардан кўзини олмай туриб олган эди.

Энди гапни бу томондан эшитинг. Салим ота билан йигитлар меҳмонни иззат-икром билан кузатиб ташқарига чиқишди. Буларнинг ҳар иккови ҳам қудаликни бўйинларига олган эдилар. Эртага беш киши бўлиб, яйловга бориб, шу ишнинг шундоқ бўлганини овулга маълум қиладиган бўлишди. Йигитлар у билан хайр-хўшлашиб ишларига кетишди. Икки қария ойдин кечада от жиловидан етаклаб анча вақтгача чўл кезиб юришди.

Чўлнинг икки бурчидаги икки одам бирига қиз бериб, бирига ўғил бериб тўй қилиш режаси билан банд эдилар. Болалар, неваралар хаёли билан катта дўнг олдига етиб қолганларини сезишмади. Худди шу ердан, шу дўнгдан икки республиканинг чегараси ўтарди. Улар кексайиб қолган, муҳаббат ҳисларини унутиб юборган бўлишларига қарамай, инсон муҳаббати ҳеч қандай чегарани тан олмаслигини билишарди.

Меҳмон қўлини чўзиб чироқлар порлаган томонни кўрсатди.
— Овулим манов қирдинг остинда, келабер, бовурим,— деди.

Салим ота чироқларга тикилиб турди-да:
— Бораман, албатта бораман,— деди.

Олисдан мотоциклнинг якка кўзи порлади.
— Куёвингиз келяпти,— деди ота.
— Айналайим,— деди қуда.

Унинг товушида аллақандай илиқ, отанинг арзанда боласига айтадиган ғалати бир меҳри бор эди.

Қуда қудағайлар

Салим ота бу ёқларга кўп келган. Кузда қозоқлар тўқайга ўт қўйишарди. Бир неча кун шу дўнг орқасидан аланга чиқиб турарди. Ана шундан кейин чўпонлар куйган тўқайдан куйиб, тайёр кабоб бўлган беданаларни, қирғовулларни териб кетишарди. Ҳозир ўша тўқай қамишлари белга уриб кўм-кўк бўлиб турибди. Шамси мотоциклининг лампасини алмаштириб турганида шу тўқай томондан бир гала кийик чиқиб дўнгга қараб аста кета бошлади. Шамси аввалига анграйиб туриб қолди-ю, кейин шошиб эгарга минди. Ўқдек учиб кийиклар кетидан кетди. Кийик қочса ҳеч тутқич бермайди. Мана, ҳозир ҳам улар гоҳ сўқмоқни кесиб ўтиб, гоҳ шудгорни чангитиб югуришарди. Шамси уларни то катта дўнггача қувди-ю, шу ерга келганда изни йўқотди. Анграйиб у ёқ-бу ёққа қараб турганида каттакон бир ит югуриб келаверди. Шамсининг ўтакаси ёрилгудек бўлиб, қўрқиб кетди. Қани энди мотор ўлгур ўт ола қолса. Шошганда шунақа бўлади. Ит яқинлашиб қолди. Шу пайт паст томондан аёл кишининг овози келди:
— Арстан! Арстан!..

Шамси у ёқ-бу ёққа қаради. Ит тўхтаб думини ликиллатганича ҳуриб тураверди.

Пастдан қизил рўмол ўраган қиз оқсоқланиб чиқиб келарди. Уни кўриб Шамси бир қадам олдинга босди.
— Қўрқпа, қўрқпа, жигит,— деди қиз Шамсининг эсанкираб қолганини кўриб.

Шамси хижолатликда ютиниб қўйди.
— Кийикди, сен қувдингба?

Шамсининг тилига гап келмасди. У қизиқ аҳволда қолди. Ҳали итдан қўрққани тарқамай туриб олдидан хаёлга ҳам келмаган чиройли бир қиз чиқиб, уни эсанкиратиб қўйган эди.

Шамси шу кичкинагина умрида кўп қизларни кўрган. Дунёдаги жамики қизларни кўрган, гаплашган деса бўлади. Варшавадаги Жаҳон ёшлари фестивалига қатнашганда ҳаммасини кўрган. Назарида ҳозир уларнинг бари шу қизил рўмол ўраган қозоқ қизининг олдидан айланиб ўтаверсин. Чиндан ҳам у мунақасини кўрмаган. Бирпасда юрагининг аллақаери жиз этиб кетди. Аммо Шамси ҳам унча-мунча йигитга ҳуснини қарз бер-са арзигулик хушрўй ўспиринлардан эди.
— Жигит, сени моған қудайим жеткезди,— деди қиз,— тасдан жиғилиб тусдим. Овулга жеткезиб қўймейсенбе?

Шамси боя итдан қўрққани учун қизнинг оқсоқланаётганини билмай қолган экан.

У дадил юриб унга яқинлашаётган эди, ит ҳуриб ташланиб қолди. Қиз уни ҳайдаб солди.
— Нима бўлди?— Шамси чўккалаб қизнинг лат еган оёғини ушлади.
— Қизғалдоқ тераман деп манов тасдинг усдига шиғиб эдим, айналайим, овулга жеткез.
— Хўп, хўп,— деди Шамси ва мотоциклни етаклаб қизнинг олдига келди.
— Қайси томонга борамиз?
— Журабер, иттинг ўзи жўл бастайди.

Қиз мингашгандан кейин Арслон пилдираб сўқмоқдан югуриб кетди.

Ҳамма ёқ лола. Худди қирларга қизил бахмал ёпиб қўйгандек. Шу сокин яйловда мотор товуши-ю, шамолнинг гувиллашидан бошқа нарса уларнинг қулоғига кирмасди. Қиз мотоциклга умрида мингашмаган экан шекилли, Шамсининг орқасига шундай ёпишиб, қучоқлаб олдики, унинг юрак уриши бемалол билиниб турарди. Қизнинг қўли бўлса Шамсининг кўксида. Балки у ҳам йигитнинг юрак уришини билаётгандир.

Ҳозиргина яшнаб турган осмонни булут ўради-ю, шатир-шутир қилиб ёмғир қуя бошлади. Бий дала, яширинадиган жой қаёқда дейсиз. Уларнинг иккови ҳам ивиб шалаббо бўлиб кетишди. Шамси бир дам тўхтаб курткасини ечиб қизнинг бошига ёпиб қўйди. Аввалига қиз кўнмаган эди, йигит қистайвергандан кейин, ноилож кўнди. Яна йўлга тушишди. Узоқдан пичан ғарамлари кўрина бошлади.
— Ўси жерде тўхтат,— деди қиз. Унинг гапини шовқиндан Шамси эшитмади. Аммо унинг ўзи ҳам шу жойни мўлжалга олиб келаётган эди.

Бу ғарамлар худди чўл ўртасида бодраб чиққан азамат қўзиқоринға ўхшаб кетарди. Ғарамлар тагига келган қўй-қўзилар атрофидан еявериб паст томонини ингичка қилиб қўйишган. Бу худди шаҳар паркларидаги мороженое будкаларига ҳам ўхшаб кетарди. Қиз билан йигит шу пичан соябон тагига суқилишди. Жала қуйгандан қуйиб ётибди. Ёмғир иплари шамолда чўзилиб баъзан уларнинг ҳам юз-кўзини савалаб ўтиб кетарди. Шамси юрак ютиб гап бошлади.
— Кимлигингизни билиб қўйсам, майлими? Менинг отим Шамси, бригадамиз манави ёққа пахта экяпти.

Қиз кулди. Унга бошдан-оёқ бир қараб олди-да, секин жавоб берди:
— Атим Сулув. Зоотехникмен. Қолқоздинг мал шарваси ўси жайловда.

Яна жимлик. Ёмғирнинг шарроси, шамолнинг тўполони, пичаннинг шитирлаши.

Қасир-қусур қилиб бир-икки марта момақалдироқ гумбурлади-ю, булутни шамол суриб кетди.

Ҳўл майсалар офтобда ялтиради. Пичан тагида қип-қизил тилини осилтириб ётган Арслоннинт жунларидан ҳовур кўтарилди. Шамси билан Сулув қиз ҳам ташқарига чиқишди. Қизнинг ҳўл бўлиб кетган кўйлаклари ғижимланиб, баданига ёпишиб кетган. Шамси унинг келишган қоматига бир зум маҳлиё бўлиб, туриб қолди. Қиз унинг бу қарашидан андиша қилиб, кетамизми, дегандек қараб қўйди. Шамси йўлга қаради. Ёмғир кўлоби ҳали сўқмоқларда ялтираб турарди.
— Бирпас сабр қилайлик. Шамол йўлни ялаб ўтсин. Оёғингиз қалай, ҳали ҳам оғрияптими?

Сулув бош ирғаб «ҳа» ишорасини қилди. Шамси шу топда уни, агар мотоцикл юрмаса, қўлда кўтариб кетишга ҳам тайёр. Бу қиз уни тамоман сеҳрлаб қўйганди. Мотоциклни етаклаб уни кузатиб қўйишни ҳам ўйлаб кўрди, аммо қизнинг оёғи бу хилда оғриб турса, етиб олиш қийин. Шамсининг мардлиги тутиб, уни эгарга ўтқазди-ю, рулдан ушлаб етаклади. Шу алпозда бир километрча йўл юришди. Шамол ерни ялаб анчагина қуритиб қўйибди. Охирги ғарамдан кейин Шамси ҳам эгарга минди. Яйловга яқин қолган экан, узоқдан бир неча ўтов кўринди.

Арслон олдинда елиб боради, ҳар замон тилини осилтириб орқасига қараб яна жадаллаб югуради. Шамси йўлда ёмғир кўлоби тез-тез учраб турганидан мотоциклни унчалик тез ҳайдамасди. Арслон улардан олдинлаб кетиб ғуж ўтовлар орасига кириб кўздан ғойиб бўлди.

Яйлов деганда Шамсининг кўзига дарахтсиз, сувсиз ўтлоқ кўринарди. Бу яйлов у ўйлаган ўтлоққа ўхшамасди. Ўтовлар тепасида телевизор антенналари кўриниб турибди. Автолавка олдида мой идиш кўтарган, буханка нон қўлтиқлаган хотинлар кўринади. Ўтов олдига шолча ёзиб ўтирган қариялар радио тинглашади. Манқаллардан тутун бурқсиб турибди. Пастликда «П» ҳарфига ўхшаган тирговичда арғимчоқ.

Шамси оқ кигиз ўтов олдида моторни ўчирди.
— Жетдик,— деди Сулув эгардан тушаркан. Нариги ўтовдан бир кампир чиқди. У Сулувнинг оқсоқланаётганини кўриб:
— Не бўлди, ширағим?— деб сўради.

Сулув, ҳеч гап эмас дегандек, қўл силтаб қўйди.
— Атанг овулга кетди. Тамақ жесенг қазанда.

Шамси кетмоқчи бўлиб турган эди, Сулув қўярда-қўймай ўтовга олиб кирди. Ўтовнинг ичи озода. Тўрда телевизор, радио. Сулув оқсоқлана-оқсоқлана кўрпача тўшади, дастурхон ёзди.
— Ал, ашиқдингов, олағўй, Семси.

Бирпасда ўтов ичи йигит-ялангга, қизларга тўлиб кетди. Аллапаллагача гурунглашиб ўтиришди. Кейин кўпчилик бўлиб уни сўқмоққача кузатиб қўйишди. Шамси одамлар олдида кўнглига тугилган гапларни Сулувга айтолмай армонда йўлига қайтди.

Мана шу воқеадан кейин Шамсининг икки кўзи катта дўнг тарафда бўлиб қолди. йигитларнинг кўзини шамғалат қилиб ўша томонга ғойиб бўладиган қилиқ чиқарди.

Бундан бир ҳафтача бурун у Сулув билан очиқчасига гаплашди. Қиз унинг дардини обдан эшитиб индамай қўя қолди. Ўша куни яйлов этагидаги ялангликда катта давра бўлиб йигит-қизлар ўлан айтиб, айтишув қилиб ўтиришганда Шамси бориб қолди. Ёш-яланг Шамсини таниб қолганидан уни ҳам даврага тортишди. Шунда Сулув Шамсининг олдига бир чойнак чой билан пиёла қўйиб кетди. Бу қозоқ одати бўйича, сен билан айтишаман, сени севаман дегани бўлади. Шамси кўп жойларни кўрган, кўп ишларни қилган бўлса ҳам, байт айтишга йўқроқ эди. Нима қилишини билмай бирпас олазарак бўлиб туриб, кейин қизиқчиликка олиб бир гап айтибди.
— Мен айтисувни билмайман, аввал сизларга почча бўлиб олай, кейин Сулув билан қанақа айтишганимни кўрасизлар.
— Жўқ, жўқ, айтисувга тусесен,— деб туриб олишибди йигитлар.
— Бўлмаса, битта ўзбекча қўшиқ айтиб бера қолай, майлими?
— Майли, айтағўй, Семси,— деб охири рози бўлишибди.

Шамси ўрнидан туриб дўпписини икки буклаб «Боғ аро»ни шунақаям баланд авждан айтибдики, ҳаммаси қойил қолишибди. Ана шундан кейин «Олти бақан» — арғимчоқ айтисувига тортишибди. Шамси билан Сулувни арғимчоққа чиқазиб ўзлари атрофга тизилиб олишибди. Одамларнинг шовқини орасида уларга билдирмай Сулув Шамсига айтисувнинг байтларини ўргатиб турибди. Шамси ундан эшитганларини қаттиқ-қаттиқ айтиб ҳаммани қойил қолдирибди. Ўтов олдида уларга қараб анграйиб турган кампирлар ҳаваслари келиб:
— Ай-ҳай, ширкин жиирмабес, қайдасинг?! (Вой-вой, кечган йигирма беш ёшим қайдасан?!) — деб кулиб қўйишарди.

Шу-шу бўлди-ю, Шамси овулга пашшахўрда бўлди қўйди. Авваллари кечалари келганда овул итлари уни олдиларига солиб қувлаб қолишарди. Бора-бора улар ҳам Шамсига ўрганиб қолишди. Сулувга кўзи куйиб юрган йигитлар бир-икки марта Шамсининг йўлини пойлашди ҳам. Шамсига тенг келиб бўлармиди, уларга сўз бермади, охири улар Сулувнинг қўлдан кетганига тан бериб, индамай қолишди. Шамсининг бригадаси ер ҳайдаб чигит қадашга тушиб кетиб, бир-икки кун овулга келолмай қолди. Шунда овул қизлари Сулувдан: Семси келган жўқми, деб сўрашарди. Сулув бўлса Арслонни эргаштириб катта дўнгга келар, узоқдан келаётган трактор шовқинига қулоқ солиб, уни кутиб ўтирарди. Олисдан тун қоронғисини тешиб якка чироқ кўринса, у албатта «Семси келиб жатир» деб севинарди.

Икки республика ўртасида бориб-келавериб Шамси озиб, чўп бўлиб кетди. Куни билан трактор ҳайдайди, чигит қадайди, кечқурун, оғайнилари дам олаётганда у чўл кезиб Сулувининг олдига кетади. Қоқ ярим кечада, ҳамма ухлаганда, қайтиб келади-да, яна эл қатори вақтли туриб ишга чиқади.

Сулув ҳам ундан баттар эди. Унинг бир ўзбек йигитига айланишиб қолганини, кечалари у билан учрашганини катта дўнгга кетиб саҳар пайтида қайтиб келишини отаси пайқаб юрарди. У набирасининг бу аҳволига ачиниб, гапга солиб кўрган эди, қиз очиқ-ёруғ бир гап айтмади. Охири отга миниб ўша «мақта экиб жатқан ўзбеклар билан сўйласиб» қўйгани кетди. Борди-ю, бир суҳбатдаёқ бўлмиш куёвнинг, қудасининг кимлигини билиб қайтди. Беихтиёр: «сизди аттаб қайға борамиз, бир жердинг ўтини ўттаб, сувини сувдаб журибмиз, авулди узайтириб қайтамиз, авлиё аттаған ўнгбас, деганғўй», деб юборганини билмай қолганди. Бўлмиш қуданинг олдидан қайтиб чўпон рацияси билан Олмаотага — қизи Оқморолга: Сулув куёвга чиқаяпти, тез кел, деб хабар етказди.

Бесимбой отанинг гапи тўғри эди. Бу ернинг қозоқлари ҳам, ўзбеклари ҳам бир дарёнинг сувини ичишади, бир яйловга чорва ҳайдашади. Фарҳод чироғи ҳар икковининг ҳам уйида ёнади. Булар бир-бири билан аллақачонлароқ чатишиб кетган эди. Улар ўртасидаги дўстлик, қариндошлик аллақачонлар чегарадан ҳатлаб ўтиб кетган эди.

Бу чўлларда кўпдан буён қозоқнинг ўлани, ўзбекнинг катта ашуласи янграрди. Энди гал: «ёр-ёр»га, «айтисув»га...

Бу кунларни ҳаммадан бурун Сулув билан Шамси орзиқиб кутишарди.

Бугун Салим ота тўрт киши бўлиб қизнинг бошини бойлагани дўнг ошиб яйловга отланди. У эгар қошига тугунча қўйиб ширин хаёллар билан кетяпти. Тугунда келинга бозорлиқ — совға, қудасига «Самарханда жумурланған униди шай (ҳинд чойи)» олиб боряпти.

Келин тараф нима совға тайёрлаётганикин. Қозоқлар уч миллион олти юз олтмиш минг гектар ерни сеп қилиб қиз узатаётганидан чол ҳали бехабар эди.

Катта дўнг олдида ўн чоқли отлиқ қудаларни кутиб турарди.

Шамси билан Сулув бўлса қўзиқоринга ўхшаган ғарам тагида бир-бирларига тикилиб, бир-бирларини ялаб-юлқаб, бир-бирларига силаб-сийпашиб ўтиришарди.

Буниси Сулувим деса, униси Семсим, деб тўймасди.

Чевара

«
Биламан, дарахтдай қуласам агар
Менинг ҳаёт боғим қолмас ҳувиллаб…

3улфия
»

Чеварасининг сурати келгандан бери кампир оромини йўқотди. Тошкентга қараб талпиниб қолди. Авжи мевалари ғарқ пишиб турганда кампир шаҳарда нима қилади, деб қўни-қўшнилар ҳайрон бўлишди.

Тап-тап ерга тўкилиб ётган шафтолилар ҳам, сал холи қўйса чумчуқ талаб ташлайдиган нор бувакилар ҳам шундоққина қолди. Кампир эшикка қулф уриб йўлга чиқди.

У поездда ҳам мижжа қоқмади. Чеварасининг суратига қараб гоҳ хўрсинади, гоҳ илжаяди. Суратни кўзларига суртади. Йўловчилар ҳайрон. Бир нима дейишга ботинишолмайди. Кампир суратдан кўз олиб, деразадан лип-лип ўтаётган боғларга, чўлларга маъюс боқади. Кўзларидан шашқатор ёш оқади. Охири йўловчилардан бири чидаёлмади. Журъатсизлик билан сўради:
— Ая, нега унақа қиласиз? Тинчликми?

Кампир жавоб бермади. Поездга эргашиб гоҳ ўзиб, гоҳ ортда қолиб учаётган ўйинқароқ қалдирғочнинг пилдирлашига қараб қолди. Охири оғир хўрсиниб гап сўраган кишига қаради.
— Э, болам, достоним узоқ. Нима қиласан китобимни варақлаб, бир бенаво одамман, дардимни қўзғама!

Йўловчиларнинг бири чой тутди, бири қовун сўйиб олдига коса қилиб қўйди. Хуллас, уни гапга солишди.
— Етти бола туққанман. Ҳаммасини тупроққа бериб биргина қизим билан шўппайиб қолганман. Мен кўрган кунни ит ҳам кўрмасин, болаларим. Хотин бошим билан Пойтуқ истансасида ҳаммоллик қилганман. Одам ўлдирганман. Хотин киши бўла туриб, азбаройи тирикчилик экан, конибодомлик зўр полвон билан кураш тушганман. Йиқилганман.

Йўловчиларнинг ақли шошиб қолди. Бу қанақа хотин ўзи? Одам ўлдирган, эркак билан кураш тушган?

Паровоз кичикроқ бир разъездда анчагина туриб қолгандан кейин яна шитоб билан олдинга интилди. Ҳамманинг қулоғи кампирнинг оғзида. Кампир чойдан бир ҳўплади. Стакандаги чойнинг чайқалишига маъюс тикилиб ҳикоясини бошлади.
— Чувамада бизни етти қизлар дейишарди. Онам олти қиз туғиб ўғил дардида сиғиниб бормаган жойи қолмаган. Шоҳимардондаги Чаккатомарнинг сувини ҳам ичган, Арслонбопдан ҳасса Мусо олиб келиб бутун қишлоққа улашган. Тошкентга келиб Мўйи муборакни зиёрат қилиб, Тожихон эшонга қўл берган. Шунча сиғинишлар зое кетиб мен туғилган эканман. Онам бечора барибир ўғилдан кўнгил узолмай отимни ният қилиб Ўғилхон қўйган экан. Эсимда бор, то куёвга чиққунимча ҳам бошимда телпак, белимда қийиқ, оёғимда этик эди. Ўғил болалар билан ўйнардим. Ўртоқларим нуқул ўғил болалар эди. Маҳалланинг казо-казолари, бас, қи-зинг бўйга етди, юзини бекит, деганларида ҳам отам раҳматлик, юраверсин, уни ўғлим деганман, деб юзимни бекитмаган.

Куёвга чиқиб, олти ўғил, бир қиз кўрдим. Ота-онам кўрмаган бахтга етдим, деб ўйлагандим. Йўқ, насиб қилмаган экан... Эрим сартарошлик қиларди. Кичкинагина дўкончадан тушгани билан рўзғорни амал-тақал қилиб турардик. Етти болани бир амаллаб боқаётганимизга эр-хотин худога минг марта шукур қилардик.

Кичкинам ўшанда қўлимда эди. Эрим куни билан тикка оёқда ишлаб келиб шу кенжатойимни ўйнатиб овунарди. Шу кичкинагина бахтимизни ҳам худо кўп кўрди. Эримни мардикорга олишди. Йиғлаб-йиғлаб истансада орқасидан қараб қолдим. Тирикчилик экан, эримнинг дўконини ўзим очдим. Болани бир чеккага ётқизиб қўйиб, устачилик қила бошладим. Азалдан юзим очиқ бўлганидан ҳеч ким ҳайрон бўлмади. Бола-чақалик бўлганимдан кейин ҳам дала-тошда очиқ юравердим. Ишим тиғиз пайтларда эркаклар қатори самоварда битта чой чақириб ичиб кетаверардим. Сал кунда қўлим келишиб қолди. Билмадим, юзи очиқ хотиннинг сартарошлик қи-лиши ғалати кўринганиданми, ё аёл кишининг қўли тегишига ишқибозлик қилибми, ҳар қалай бошқа усталардан кўра менга одам кўпроқ келарди. Мижозларимдан биттаси бир гап айтиб қолди. Элликбоши ўзининг ўғли ўрнига менинг эримни жўнатган экан ноинсоф. Бу гапдан кейин сира чидамадим. Неча бор йўлини пойла-дим. Йўлиқмади. Бир куни Андижондан ҳоким тўранинг ўзи Чувамага келармиш, деган гап тарқалди. Қўчаларга сув сепилди. Самоварларга одам сиғмай кетди. Элликбоши аллақайси гўрда экан, от чоптириб келиб қолди. Унинг соч-соқоли ўсиб кетган, отдан тушибоқ дўконимга ўзини урди.

— Қани, бўл, соч-соқолни тарашлаб қўй!

Бўйнига лунги боғлаб юзига совун сурдим, устарани қайишга ишқаб турганимда икки елкамга шайтон миниб йўлдан урди. Калламга келган ўйдан қўрқиб кетдим. Қалтирадим. Элликбоши пишқириб бақирди:
— Мунча имиллайсан. Бўл тез!

У, курси суянчиғига бошини қўйиб, шипга қараб ўтирибди. Кўзимга ҳа деб, бўртиб чиқиб турган кекиртаги кўринаверди. Ундан кўзимни олиб қочаман дейман, эплаёлмайман. Иягини чап қўлим билан юқорига кўтариб туриб, шартта кекиртагига устарани ботирганимни биламан. Элликбоши хириллади. Тўғрида турган ойнага қон отилиб сачради. Навбат кутиб турганлар гур этиб кўчага қочишди. Элликбоши ўрнидан туриб кетди, хириллаб-хириллаб остонага етганда йиқилди.

Кампирнинг юзлари бужмайиб кетди. Нурсиз кўзлари бир дам ялт этди-ю, яна боягича хиралашиб қолди.
— Шу тўполоннинг устига қўш отли извошда ҳоким тўра келиб қолди. Миршаблар қўл-оёғимни боғлаб авахтага олиб кетишди. Пойтуқда суд қилиб кесиб юборишди. Сибирга қараб кетяпман, кўзимга болаларим кўринади.

Кампир деразадан ташқарига қаради.
— Ўшандан бери энди поездга тушишим. Мана шу ерлардан ўтгандим. Қаранг, бошқача бўлиб кетибди. Дашти-биёбон эди ўшанда. Қамоққа тушганимга бир йилдан ошганда суд қилишган эди. Инқилоб бўлганини поездда эшитгандик. Поезд Тошкентда бир ҳафта туриб қолганди. Оқ пошшо тахтдан тушиб, узоқ-яқинда тўс-тўполон бўлаётган экан. Рабочийлар ҳамма вагонларнинг эшигини очиб юборишди. Тўрт киши бўлиб ўн саккиз кун деганда гоҳ аравада, гоҳ пиёда юриб Пойтуққа етиб келганмиз.

Келсам уйим кул тепа бўлиб ётибди. Болаларим ҳар тарафга тарқаб кетишибди. Дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди. У ёққа югурдим, бу ёққа югурдим, тўрттасини топиб келдим, уч болам ўлиб кетган экан. Йиғладим-сиқтадим. Қандоқ қиламан, одам боласи ҳар балога кўнаверар экан. Қолганларининг умрини берсин, деб шукур қилдим. Ўзим лой қориб бир кулбани тикладим. Дўкон очсам, қўрқиб ҳеч ким соқол олдиргани келмади. Дўконни ёпиб Пойтуққа қатнаб ҳаммоллик қилдим. Иш бўлмаган кунларда тўнка кавлаб ўтин қилиб сотдим. Ўша кезлари қишлоқда ҳар кун босқин. Элликбошининг куёви босмачига чиқиб кетган экан, менинг пайимга тушиб қолди. Кечалари мижжа қоқмай тиқ этса эшикка қараб ётаман. Бир куни қизимни ёнимга олиб, Пойтуққа тушиб кетган эдим; келаётиб Чувамани босмачи босди, деб эшитиб қолдим. Қизимни етаклаганимча ҳаллослаб югурдим. Узоқдан, дарахтлар орасида тутун бурқсияпти. Қўрқиб кетдим. Келсам уйим ёняпти. Жиннига ўхшаб қопман. Ўзимни ҳовлига урдим. Катта ўғлим айвонда, ўртанчам ариқ бўйида қонга беланиб ётибди. Турган жойимда қотиб қолибман. Кенжам тутга чиқиб олган экан, йиғлашини ҳам билмайди, гапиришини ҳам. Фақат ияги қимирлайди, холос.

Кампирнинг кўзидан ёш думалайверди, думалайверди. Ҳамманинг дили вайрон бўлиб кетди. Уни юпатишга ҳеч ким сўз тополмасди. Унинг дардини енгиллатадиган сўзни инсон боласи ҳали ярата олгани йўқ. Ҳеч кимдан садо чиқмасди. Фақат вагоннинг бир мақомда тебранишидан чиқаётган тарақ-туруқ ҳоким эди. Бу ўнғайсиз ҳолдан яна кампирнинг ўзи қутқарди. У бошидан ўтган мудҳиш кунларни эслайвериб кўникиб кетганидан бўлса керак, ортиқча ҳаяжонланмай ҳикоясини давом эттирди.
— Сабр қилмай иложим қанча. Чидадим. Қолганларининг умрини берсин деб яна яшаб кетдим. Икки болам катта бўлиб бўйга етиб қолишди. Тирикчилик бошқача бўлиб кетди... Тўрт йил сельсоветга, уч йил колхозга раислик қилдим. Қизимни куёвга бердим. Невара кўрдим. Ўғлим ҳам кап-катта йигит бўлиб қолган эди. Юрт қатори урушга жўнатдим.

Кампир энтикди. Стакандан чой ҳўплади. Қўли титраётганидан дарров ҳўплаёлмади. Кўзидан оққан ёш чойга томди. Қуюқ жигар ранг чой юзида унинг тиниқ кўз ёши бир доира ясади-да, кейин аралашиб кетди.
— Келмади. Кенжагинам келмади. Тупроғини кўзларимга суролмай қолдим. Шунча бола туғиб, қум қисимлагандек қуруқ қўл билан қолавердим.

Забунликда қолдим, телбаман, телбаман, болаларим. Гоҳида гапдан адашиб кетаман. Тушларимда ўрнимдан туриб кетиб кўчага чиққанда уйғониб қолиб қўрқиб кетаман. Неварам куёвга чиққанида нотоб эдим, тўйига боролмадим. Ўғил кўрди ҳам, борганим йўқ. Мана суратини юборди. Шу суратни кўрдиму, оромим йўқолди. Эски яраларимнинг кўзи очилиб кетди. Яна телбаликка тушиб қолдим.

Кампир суратни қўлига олиб тикилиб қолди.
— Худди ўзи, Кенжагинамнинг ўзи. Бир туки ўзгамас... Сурат қўлдан-қўлга ўтди. Унда уч ёшлардаги жингалаксоч, бурни ялпоқроқ бола ўйинчоқ от миниб турарди.
— Шу суратни кўрдиму, назаримда Кенжагинам урушда ўлмай шу атрофларда юрганга ўхшай берди. Ҳозир чевара кўргани эмас, урушда йўқ бўлган боламни кўргани кетаётганга ўхшайман. Келдик, шекилли. Бу қайси истанса?

Кампир деразадан ташқарига қаради. Поезд ҳаллослаб Тошкентга кириб келаётган эди.

Поезд хотинни Тошкентда қолдириб яна пишқирганича олдинга интилди. Йўловчилар деразадан бош чиқариб бу ажойиб кампирга эҳтиром билан қўл силкиб ўтиб кетишди. Уларнинг ҳар бири ўтда куймас, сувда чўкмас хотиннинг қон ва шон билан ёзилган дафтарини варақлаб кетишарди.

Сокин, осойишта оқаётган дарёларга шўнғиган киши унинг тубида тўфонлар борлигини, қудратли оқим тошларни қулатаётганини билади. Қолган умрини писандасиз, шовқинсиз ўтказаётган бу азамат хотиннинг қалбига қулоқ солган киши ҳам суронли йилларнинг бўронларини эшитади.

Овқат вақтида ҳам кампир боладан бўшамади. Икки кўзи унда. Ўзи овқат едириб ўзи ювинтиради. Бола ҳам дарров унга элакиша қолди. Болалар шунақа бўлади: яхши гапирганга ёпишади. Кечаси бола бувиси билан ётди. Кампир ухламади. Ёстиққа тирсагини қўйиб, унга тикилганича тонг оттирди.

Уйқусиз бу кечада унинг кўнглидан не гаплар ўтди экан? Ким билади, у тупроққа берган олти боласининг гўдаклик йилларини эслагандир. Уларнинг бешиги тепасида тонг оттирган уйқусиз тунларини кўргандир. Кекса қалбда нималар борлигини ўзгалар не билсин!

Не бўлса бўлди. Ўтганлар ўтиб кетди. Улар қачонлардир бошқа одам бўлиб, қайта бош кўтарсалар ажаб эмас! Бугун кампир йўқотган Кенжавойи қайта тирилганини кўриб турибди. Демак, бу мунис хотин дунёда мевасиз дарахтдек яшагани йўқ. Шу мурғак бола унинг ҳам ўғли, ҳам невараси, ҳам чевараси.

Кампир болага тикилади. Кўзларида нимадир йилтирайди. Бу аламли кўз ёшимикин? Ўлимларга сўз бермаган, бўронларда букилмаган кекса она қалбидан тошиб чиқаётган шаффоф ёлқинмикин?! Ё нури ўча бошлаган кўзларига кўчган бола истиқболининг ёрқин шуъласимикин?!

Тонг ота бошлаган субҳисодиқда кампир чеварасининг жингалак сочларига термилиб нималарнидир пичирлайди.

Яқинроқ кел, ўқувчим! Унинг лабларига қулоғингнн тут!

Табаррук онанинг дуосини олиб қол!

Йўлда

Ёнбошига «прокат» деб ёзилган пачаққина «Москвич» ғуборсиз тонг ҳавосини ёриб олдинга интилади. Козимжон бу машинани олганига уч кун бўлди. У хотинига кўпдан бери, тоғ йўлларини бир кўрсатаман, деб ваъда қилиб, сира фурсат тополмай юрарди. Унинг ўз тили билан айтганда: «Бизнинг хотин бир нарсага ёпишдими, бўлди, пона билан ажратиб, омбур билан тортиб олинади».

Дарҳақиқат, Хосиятхон шунақа бир сўзли аёл. Козимжон шу беш йиллик турмушларида ҳали унинг бир гапини икки қилмаган. Қилолмайди ҳам. То мактабнинг иккинчи синфигача онаси опичлаб борган эрка қизнинг талабларини рад қилишга Козимжондек ювош одам ожизлик қиларди. Мана, Хосиятхон Козимжоннинг ёнида ҳусни бир жаҳон бўлиб ўтирибди. Унинг чинакамига кўз-кўз қилса арзигулик ҳусни бор эди. У машинани, модани, атоқли аёллар даврасига киришни жон-дили билан яхши кўрарди. У Козимжонга тегаркан, унинг истиқболида катта обрў, енгил машина, данғиллама иморат кўрарди. Афсус, унақа бўлмади. Козимжон жўнгина инженер чиқди. Театрда ҳам эл қатори ўртароқда ўтирарди. Машина қаёқда, шу билан иккинчи марта прокатга машина олиши. Мана ўзи рулда ўтириб, Хосиятхонни тоғ йўлларини айлантиришга олиб кетяпти.

Шаҳар чироқлари бирин-кетин ўчиб, тонг отди. Бу пайт улар анча жойга бориб қолишган эди.

Тоғ йўли бошланди. Пастак адирлар оралаб кетган кафтдек йўл илон изи бўлиб малла ранг қирлар орасида йўқолиб кетарди. Туман орасига ўралган чўққининг учи қилич дамидек ярқираб кетди-ю, бир дам кимхоб парчасидек булут ялт-ялт ёниб кўзни қамаштирди. Тоғ орқасида қуёш бош кўтарган эди. Ана энди, тоғ йўлининг энг гаштли пайти бошланади.

Машина анчагина уринган, кўп «шафқатсиз» қўллардан ўтгани сабабли йўл-йўлакай кўксовга ўхшаб йўталиб борарди. Мана ҳозир ҳам ёнбағирга етмай суви самовардек қайнаб кетди. Козимжон бир жуфт азим ёнғоқ тагига келганда тўхтатиб, қайноқ сувни тўкиб, челакни кўтарганича сойга тушиб кетди.

У радиаторга сув қуяётганда ҳам, машинанинг у ёқ-бу ёғини айланиб, ғилдирак резиналарини тепиб кўраётганда ҳам Хосиятхон машинадан тушмади.
— Пастга тушиб бу ёқларни томоша қилсангиз-чи. Қаранг, сойга қаранг. Тошга урилиб, бирам ғалати тўзон отяптики.

Хосиятхон машинани жудаям соғинган экан, тушмади. Писта чақиб ўтираверди.

Йўл шу жойдан бошлаб тик қиялаб тоққа кўтарилади. Ёнғоқнинг нариги томонига «Водитель, тормозларингни текшир!» деб ёзиб қўйилган. Тахминан беш километрча масофага машина тинимсиз кўтарилиши керак. Бу қияга унча-мунча ҳаваскор шофёрнинг юраги дов бермасди. Козимжоннинг ҳам юраги пўкиллаб турибди. Агар Хосиятхон шоширмаганда у моторни жиндак совутиб олмоқчи эди. Бўлмади.
— Бунча имиллайсиз, юра қолсангизсиз-чи. Чўққига чиқиб дам ола қоларсиз.

Козимжон энди кабинага кирган эди, тоғ томондан ўрта ёшлардаги бир қиши кўринди. Унинг эгнида комбинезон, қўлида тугунча. У Козимжонга қараб қўл силкиди. Козимжон эндигина моторни ўт олдирган эди, яна ўчирди.
— Ҳайданг!— деди Ҳосиятхон.
— Шошманг, анави кишининг иши борга ўхшайди.
— Иши нима бўларди. Олиб кет, дейди-да. Ҳайданг, ҳайданг!

Козимжон беихтиёр машинани юргизиб юборди, қайрилишга келганда ўша томонга бир назар ташлаган эди, бояги киши йўл ўртасида унга қараб турарди. Козимжоннинг ичи эзилиб кетди. Бечора, энди нима қилади...
— Ҳа, мунча қовоқ-димоғингиз осилиб қолди.
— Ҳалиги одам...

Козимжон гап тополмай қўл силтади. У шитоб билан машинага газ берди. Мотор хунук бир гуриллаб тепаликка тармашди.

Айланма йўллар бошланди. Эр-хотиндан садо чиқмасди. Бир томон булутга санчилган чўққи, бир томон тошқин тоғ дараси. Ўнгга сал жилсанг, пастга қулайсан, чапга сал жилсанг, ё тошга уриласан, ё қаршидан келаётган машинага уриласан. Охири улар сув алмаштириш учун махсус тайёрланган ялангликка етиб тўхташди. Бу ерда улардан бошқа етти чоқли машина турарди. Ҳаммаси сув олишяпти. Копотни очиб шамоллатишяпти. Козимжон ҳам улар орасига суқилди.

Бу жойдан пастликлар жуда ғалати кўринар эди. Козимжон, ўзимизда шунақа хушманзара жойлар бор экан-ку, одамлар қаёқларга бориб юришади-я, деб дилидан ўтказиб қўйди.

Дарҳақиқат, ёнбағирлар беқиёс чиройли эди. Пастликларда ғуж-ғуж писта дарахтлари, азамат тошлар орасида синкага солингандек кўк сув гоҳ кўринади, гоҳ кўринмайди. Сойнинг нариги томонида яланғоч тоғлар юксала-юксала водий йўлини тўсиб ётибди. Унинг қизил чўққиларига офтоб тушиб турибди. Ўнгирларда саратондан яшириниб қолган қор уюмлари кўринади.

Каллақантдек чўққига кўтариладиган айланма йўлга бош кўтариб қараган киши бир-бирининг устига мингашиб юксалган йўлни кўради, машина то чўққига кўтарилгунча шу йўлдан тўрт марта ўтиши керак. Козимжон юқоридан тушаётган машинага қаради, у то тушиб келгунча тўрт айланди-да, тўдалашиб турган машиналар олдида тўхтади.
— Чўққи орқасидаги йўлга харсанг қулаган, ўтолмайсизлар. Экскаваторчига телефон қилишди, келса йўлни очиб беради.

Хосиятхон ҳафсаласи пир бўлиб кабинадан тушди. У ёқ-бу ёққа аланглаб томоша қила бошлади. Харсангга ўтириб олган бир шофёр йигит атрофини ўраб олганларга йўлни тушунтирарди.
— Икки йил шу йўл қурилишида ишлаганман. Ишнинг зўрини ана шунда кўрганман. Кўп усталар бор эди. Экскаватор, бульдозер деганлар қумурсқадек тўлиб кетган. Ўшанда одамлар тош билан, офтоб билан олишиб ишлашган. Сиз манави тайёр йўлдан кетяпсиз. Эҳа, қуриш осон бўлмаган буни. Бир Рустамжон дегани бор эди. Ё қудратингдан, тош отишни ўшанга чиқарган эди. Бадани офтобда худди мисга ўхшаб қизариб кетган, ўзиям миқти келган, тиқмачоқ киши эди, ўзидан катта тошларни пастга улоқтирарди-я.

Бир кун кўчки тушиб бульдозерни босиб қолибди. Ҳар тошларки, одамнинг ваҳми келади. Начальник келиб ким тошларни олиб ташласа, беш норма ёзаман, деб қолди. Ҳеч кимдан садо чиқмади, Бир четда папирос чекиб ўтирган Рустамжон ўрнидан турди-да, пичинг қилди.
— Беш норма ўзингизга сийлов, начальник. Одамларни ўз ишига юбораверинг, Тошларни ўзим олиб ташлайман.

Лекин одамлар кетишмади. Қани, бу мақтанчоқнинг ишини бир кўрайлик-чи, деб туриб олишди.

Рустамжон билагини шимариб ишга тушиб кетди, Харсангларни бир у ёққа отади, бир бу ёққа отади, одамнинг ваҳми келади, денг. Баданидан селдек бўлиб тер оқиб турибди. У, ҳар тош кўтарганда билагидаги, бўйинларидаги томирлари бармоқдек-бармоқдек бўлиб шишиб чиқади. Танаси бўлса офтобда ялт-ялт қилади. У аввал кабина тепасидаги тошларни олади. Кейин ён-верларни тозалаб бульдозерчига қараб кўз қисиб қўяди,
— Қани, кел, акаси, сал орқага торт, кейин бурадиган томонингдан йўл очиб бераман.

Бульдозерчи орқага сургандан кейин бошқалар ҳам қараб туришмади. Кўплашиб тошларни пастга улоқтириб ташлашди. Начальник ҳам мард киши эди. Билагидаги соатини шарт чиқазиб Рустамжоннинг билагига солди. Йўқ, олмади.

Йигит ҳикоясини тугатиши билан қоядан тушган шофёр луқма ташлади:
— Йўлни очгани ҳозир Рустам аканинг ўзлари келадилар. Ўша кишига телефон қилишди-да.

Ҳамма жимиб қолди. Одамларнинг кўз олдига тошларни Фарҳоддек қулатган Рустамжоннинг паҳлавон қиёфаси келарди. Козимжоннинг ҳам, Хосиятхоннинг ҳам кўнглига Рустамжонни кўриш нияти тушиб қолди, Ҳамманинг кўзи йўлда. Аммо Козимжондан кейин пастдан ҳали битта ҳам машина чиққани йўқ. Биров ёнбағирдан гул тергани, биров булоқ сувидан ичгани тарқаб кетди. Фақат бир неча шофёр йигит ўртага термос қўйиб алюмин кружкада чой эрмак қилиб ўтиришарди. Козимжон тошга ўтириб инсон қўли билан қурилган йўлга қараб ақли лол бўлиб ўтирарди. Пастликдан машина овози келди. Ҳамма йўлга қаради. Юк машинаси гуриллаб кўтариларди. Кузовда келаётган Рустам акани даставвал бояги шофёр йигит таниди.
— Ана, келяпти.

Козимжон уни кўрди-ю, эсанкираб қолди. Рустам ака, боя унга қўл силтаб ола кет, деган киши эди. Машина уларнинг олдидан бир неча минут ичида ўтиб кетди. Бу он Козимжоннинг хаёлига нималар келмади. Қани, шу асрий тошлар ёрилиб кетса-ю, уни ўз бағрига яширса. Кечалари ишқида куйиб ёнган, эркалаш учун дунёдаги энг нозик, энг гўзал сўзларни ахтарган, ҳамиша кўзига оловдек ёниб турадиган хотини Хосиятхон энди совуқ, жуда ҳам совуқ кўриниб кетди. Энди уни сўкиш учун энг ҳақоратли сўзлар ҳам ожизлик қилаётгандек эди. Агар шу Хосиятхон уни мажбур қилмаганда, албатта, Рустамжонни ола кетарди. Наҳотки шу қийин йўлни қурган одамни ўзи қурган йўлдан олиб кетишга оғринса. Унинг орқасидан қараб қолганда кўнглидан нималар кечди экан...

Орадан бир соатча вақт ўтиб, йўл очилди. «Ўтаверинглар» деган хабар келгунча, Козимжондан садо чиқмади. Хосиятхон ҳам унинг кўнглидаги гапларни сезиб турган экан, юпатишга уринарди.
— Қўйинг, диққат бўлманг, озиб-ёзиб бир сафарга чиққанимизда мени хуноб қилманг. Нимасидан хижолат бўласиз. Йўл қурилишида ишлаган бўлса, ҳақини олган, текинга ишлабдими?

Козимжон хотинини энди кўргандек бўлиб унга анграйиб қараб турарди. Ҳамма кетди. Аммо Козимжон жойидан жилмасди. Назарида унинг бу йўлдан юришга ҳақи йўқдек эди.

Чўққилардан осилиб турган анвойи булутлар ҳам, пастда тошдан тошга сакраб оқаётган кўм-кўк сув ҳам, майсалар бетида титраётган шабнам ҳам, унинг хаёлини тортмасди, уни овутолмасди.

Козимжон ҳеч нарса бўлгани йўқ, деб ўзини алдайди. Хўп, шундай ҳам қилиб кўрсин. Аммо кечаси қандай ухлайди? Рустамжон тушига кирмайдими? Тоғ-тошларнинг қалдираши уни қандоқ ухлатади, қандоқ?

Пойқадам...

Вой қудамдан айланай, ана келишади, мана келишади, деб икки кўзим кўчада бўлди-я, тўй қандоқ ўтганиниям билмадим. Вой бўйларингизга тасаддуқ. Хуш келибсизлар. Ҳой, Нигорахонни уйғотинглар. Дадалари билан ойилари келишди.

Ваҳобжон билан Манзурани қуда ана шундай сўзлар билан кутиб олди.

Қуда ёши элликдан ошган бўлса ҳам юзидан пардоз аримаган жиккаккина хотин эди. Унинг юзлари худди шарбати сиқиб олинган анор пўстига ўхшаб кетарди. Қўлидаги қўша-қўша узуклар, бўйнидаги ҳар бири нўхатдек келадиган дур маржонлари, эгнидаги ёшига ярашмаган гулли крепдешин кўйлаги уни аллақандай бачкана қилиб кўрсатар эди.

Ваҳобжон атрофга назар ташлади. Катта ҳовлининг бошидан оёғигача қўйилган столлардан ҳали дастурхон йиғилмаган, гуллар орасида бўшаган шишалар, сўриларда тўйда хизмат қилиб чарчаган кишилар ечинмай ётиб қолишган, ерўчоқ олдида даста-даста ювуқсиз лаганлар ётарди. Ҳатто дарахт шохларига илинган лампочкалар ҳали ёқуғлик турарди.

Қуда ая сўрида ечинмай ухлаб ётган кишининг оёғидан силкиб уйғотди.
— Туринг, ҳой туринг, қудаларингиз келишди.

Қора соқол бир киши ёстиқдан бош кўтариб атрофга аланглади. У Ваҳобжонларни кўриб ия, ия, деб ўрнидан тураркан, кўрпача қатларини титкилаб ниманидир қидирарди.
— Ҳожар, тишимни кўрмадингми?
— Йўғ-а, қаёққа қўйгандингиз? Аввал қудаларингиз билан кўришиб олинг, кейин қидирарсиз.

Чол илдам юриб Ваҳобжонлар билан қуюқ кўришди. Йўл бошлаб уйга олиб кирди.
— Қани, қани, ўтиришсинлар, ўтиришсинлар, оббо қуда-ей, кўп кутдик. Жуда кўп кутдик. Тўйга етиб келолмадинглар-да. Ҳай майли, сизларга бошқа тўй қилиб берамиз энди. Ҳой, Ҳожар, дастурхон келтир, келинингни уйғот, ўғлингни уйғот, қайната, қайнаналари билан танишиб қўйсин.

Чол узр айтиб тавозе билан ювингани чиқиб кетди. Эр-хотин уй жиҳозларига маҳлиё бўлиб индамай ўтиришарди.

Улар кирган уй меҳмонхона бўлса керак, ниҳоятда серҳашам эди. Тўрда пианино, бурчакда курант соат, деворда ҳам, ерда ҳам, диван устида ҳам гилам. Шифтда биллурин қандил. Жавонларда хитой чиннилари, телевизор устида ҳар хил чинни ўйинчоқлар. Деразаларга ҳам тўр, ҳам бахмал парда тутилган.

Ваҳобжоннинг эси оғиб қолди. Бутун умрини меҳнат билан ўтказган, рўзғорини бир меъёрда олиб борган Ваҳобжонга бу ҳашамлар алланечук кўриниб кетди. Эр-хотиндан садо чиқмасди. Манзура кафтини иягига тираганича хаёл сурарди.

Нигора уларнинг биттагина боласи. Ваҳобжон туғилиб ўсган қишлоғи Ганжиравонда ўттиз йилдан бери ўқитувчилик қилади. Бутун Ганжиравондаги кишиларнинг ярмидан кўпини шу Ваҳобжон ўқитган. У қизини Тошкентга ўқишга юбораётганда не-не умидлар қилган эди. Ўқиса, институтни битириб ўзига ўхшаб ўқитувчи бўлса, шу. Ганжиравонга келиб отасининг ишини давом эттирса. Куёви ҳам ўқитувчи бўлса. Муаллимлик қандай. яхши ҳунар. Қизи тушмагур нима қилиб қўйди. Бир оғиз на отанинг, на онанинг розилигини олмай ўзбошимчалик қилиб қўйибди. Куёв нима иш қилсайкин? Ўқиганмикин, йлми бормикин? Бирон ҳунарнинг бошини тутганмикин? Ўзи ахлоқликкина боламикин?

Ичкарига ўқдек отилиб Нигора кирди. У онасининг бўйнига осилиб, у юзидан, бу юзидан чўпиллатиб ўпа бошлади. Дадасининг елкасига осилиб эркаланди. Кўпдан соғинтирган бола ота-онанинг юрагидаги гина-кудратни бир дам бўлса ҳам нари қувиб юборди. Нигора бахтиёр эди. Унинг эгнида яшнаб турган никоҳ либослари ўзига бирам ярашибдики.

Нигора чиройли қиз эди. Ота-она топганларини шу қизга сарфлашарди. Айниқса у бўйга етиб, қомати тўлиша бошлаган пайтларда кийиниб кўчага чиққанда Ганжиравон йигитлари эсдан оғиб қолишарди. Унинг қўшиқлари, унинг жарангдор кулгилари, бўйи басти, кекса толлар соя ташлаган анҳор бўйларида хаёлчан кезишлари Ганжиравонга бирам ярашарди, бирам ярашарди, Қишлоқ йигитлари атайин тегажоғлик қилиб унинг олдидан «Мен сени кўрдим яна Ганжиравон кўчасида», деб қўшиқ айтиб ўтишарди. Нигора ҳам уларнинг ҳазилларига ҳазил билан жавоб қайтарарди. Нигора туғилиб ўсган қишлоғининг шайдо йигитларини ҳасратда қолдириб кимни топдийкин? Она ана шу тўғрида ўйларди.

Куёв кирди. У ниҳоятда чиройли, қора қош, гавдаси қуйилгандек, қирра бурун, жингалак соч йигит эди. Эгнидаги тугмаси чала қадалган йўл-йўл яшил пижамаси ўзига жуда ярашиб тушган эди. У одоб билан қайин отасига, қайин онасига салом берди. Кейин уларни нариги уйга таклиф қилди.

Ваҳобжон билан Манзура беихтиёр ўринларидан туришди. Улар бу зинадан тушиб у зинага кўтарилишар экан, Ваҳобжонда куёвга аллақандай меҳр уйғонгандек бўлди. Аммо бу туйғу ясатилган уйга киришганда ўзи ҳам маъносига тушуниб етмаган аллақандай ҳислар билан аралашиб кетгандек бўлди. Нигоранинг уйи бояги уй ҳашамидан ўн чандон афзал эди. Ваҳобжон олтмиш ёшга кирган бўлса, шу олис умр давомида кўриш у ёқда турсин, хаёлига ҳам келтирмаган буюмлар бор эди бу уйда. Ҳатто деразаларнинг юқоридаги кўзларига рангли шишалар солинган эди.

Нигоранинг юзида, кўзида: эрим ёқдими, деган маъно порлаб турарди. Ташқарида қайин отанинг зардали товуши эшитиларди. Куёв кулиб деразадан ҳовлига қаради.
— Кечирасизлар, бобойнинг ясама тишлари йўқолиб қолибди, тополмай хуноб бўляптилар,— у Нигорага юзланди,— иш бўлмаса чой олиб келмайсизми?

Нигора чиқиб кетди. Куёв кеча тўйнинг жуда яхши ўтганлиги, арақнинг ўзидан етмиш шиша кетганини, меҳмонлар кабобга тўйиб қолиб мантига қарамаганлари, маст бўлмаган одам қолмаганини гапирарди.
— Бизнинг бобой ҳам маст бўлиб қолганларидан билаверинг тўйнинг қанақа бўлганини. Ахир у кишини унча-мунчага маст қилиб бўлмайди-я.

Ваҳобжонга бу уйдаги буюмлардан тортиб одамларигача бегона, куёв бўлса кўзига аллақандай бачкана, ёқимсиз бўлиб кўринди. Қани энди вақт ўтмаган, тўй бўлмаган бўлганда у албатта қизининг қўлидан етаклаб чиқиб кетарди. На чора, бўлар иш бўлган. Ундан ташқари ўз йўлини ўзи топадиган ёшга етган қизининг тақдирига у қандай қилиб ҳокимлик қила олади.

Икки шиша коньяк кўтариб қуда кирди. Унинг эгнида янги тўн, бошида тўрт каржли сурма ранг дўппи.
— Энди, қуда айбга буюрмайсиз-да, болаларимизнинг бахтли бўлишига андек танаввул қиламиз-да! Икромжон, рюмкаларни ол. Энди сен ичма. Кечагига ўхшаб довдираб юрма.

Деразадан иситилган манти узатишди. Ваҳобжон ичмади. Ота-бола бир шишани бўшатишгандан кейин Ваҳобжон узр сўраб ўрнидан турди.
— Мени айбга буюрманглар, қиладиган ишларим бор эди. Онаси майли қолсин. Эртага бир хабар оларман.

Кайф қилиб олган қуда унча қаршилик кўрсатмади, куёвнинг кўзлари сузилиб ҳадеганда тилла тишини кўрсатиб илжаяверди. Аммо, қуда ая ялиниб эси кетди.

Ваҳобжон ташқарига чиқиб тўйиб нафас олгандек бўлди. Сал нарироқ бориб бирдан кўнгли бузилиб кетди. Унинг бу кайфияти уйига ўт кетганда боласи қолиб ўзини қутқарган кишининг аҳволини эслатар эди.

Ваҳобжон шу куни кечгача шаҳар кўчаларида тентиб юрди. Меҳмонхонага кириб ётиб ётолмади, ўтириб ўтиролмади. Яна кўчага чиқди. Кеч кирди. Фонтан атрофи одамлар билан гавжум бўлди. Бола етаклаган жувонлар, ҳассасига таянган кексалар шаффоф томчиларнинг салқинида беозор сайр қилишарди. Ҳамма шод. Ҳамманинг юзида аллақандай бахтнинг, қувончнинг табассуми порлайди. Фақат Ваҳобжон тажанг. Шаҳар чироқлари сийраклашди, фонтан атрофи бўшаб қолди. Охири кўкка интилган тошқин фонтан ҳам аста-секин ерга сингандек тинди. Ваҳобжон машаққат билан ўрнидан туриб меҳмонхонага йўл олди.

Қаттиқ ухлаб қолган экан, телефон товуши уйғотиб юборди. Бошқа номер адашиб тушиб қолибди. У қайта ётолмади. Соатига қараса аллапалла бўлиб қолибди. Кўчага чиқди. Қизиникига боришга юраги бетламай, меҳмонхона остонасида кунини кеч қилди.

Қош қорайган маҳалда Манзура келди. У ҳам маъюс эди. Эр-хотин бир-бирига бирон гап билан озор етказиб қўймаслик учун сунъий илжайиш билан ичкарига киришди.
— Нигора қалай, хафа эмасми?— деди Ваҳобжон.
— Бинойидек ўйнаб-кулиб юрибди, Нега бормадингиз, хайрлашиб ҳам келмадингиз.

Ваҳобжон гап тополмай гарданини қашиб қўйди.
— Билетни эртанги поездга олаверайми, ё бир-икки кун турасанми?— деди Ваҳобжон. —Агар хўп десанг, шаҳарнинг у ёқ-бу ёғини кўрсатай.

Манзура қизини ташлаб кетишга кўнгли бўлмай, юрагининг бир чети узилиб қолаётгандек бўлиб турган эди.
— Майли, ўзингиз биласиз,— дея унинг ўзига ташлади.

Бугун Ваҳобжон ўзи ўқитган ганжиравонлик врач болани учратган эди. У уйига таклиф қилган. Ваҳобжон вақт бўлса, албатта боришлигини айтган эди. Шу топда ваъдаси эсига тушди.

Шу кеча на эр, на хотин қудаларидан гап очмади. Аммо, тонг отгунча тўлғаниб чиқди. Эрталаб улар энди нонуштага тайёрланиб туришганда кимдир эшикни безовта тақиллатди. Ваҳобжон шошиб очса, нотаниш бир киши кўзлари бесаранжом бўлиб турибди.
— Тез борармишсизлар. Дарров, дарров...— у шундай деди-ю, шошилганича кетиб қолди.

Эр-хотин нима гаплигига тушунолмай апил-тапил йўлга тушишди.

Нигоранинг ҳовлиси сув қуйгандек жимжит. Ҳовлидаги сўрида чол пешонасини ушлаганича қимирламай ўтирибди. Ваҳобжоннинг юрагини бирдан ваҳм босди, Нигорага бир гап бўлмадимикин! У отилганича уйга интилди. Ичкаридан чиқиб келаётган қудаси Ҳожар унга совуқ назар ташлаб ўтиб кетди. Нигора уйнинг ўртасида қимирламай турарди. У оёқ товушини эшитиб ўгирилди, дадасини кўриб ҳўнграб йиғлаб юборди. Манзура кирди.
— Пешонам қурсин, толеим қурсин!
— Нима бўлди?— деди Манзура ҳаяжон билан.
— Икромжон акамни қамоққа олиб кетишди. Ҳамма нарсани хатлаб кетишди.

Ҳожар деразадан бош суқди.
— Келиннинг оёғи «қутлуғ» келди-да! Ҳа, қадами «ёқди».

Ваҳобжон беихтиёр ўтириб қолди. Атрофга ғамгин назар ташлади. Уй жиҳозлари кўзига совуқ кўриниб кетди. Бу буюмларнинг ҳаммаси хатланган, ҳаммасининг эгаси бошқа, булар юртнинг ризқидан юлиб олинган нарсалар. Бу уйда шу битта Нигорагина ҳалол эди. Йўқ, у ҳам ўғирланган, ўзи ҳам, бахти ҳам ўғирланган.
— Хафа бўлма, қизим,— деди Ваҳобжон,— иложимиз қанча, бегуноҳ бўлса чиқиб қолар. Сабр қил.

Чол кирди.
— Қуда, бу ишнинг шундоқ бўлишини ким билувди, дейсиз. Чақувдан бўлди. Ёмон одам кўп. Бор бўлсанг кўролмайди, йўқ бўлсанг беролмайди. Энди бундоқ қилсак.— У ёнидан буклоғлиқ қоғоз чиқариб Нигорага узатди. —Шу рўйхатдаги нарсаларни отамникидан олиб келганман, ўзимники деб судга ариза ёзсангиз.

Ваҳобжон қизнинг қўлидан қоғозни олди. Рўйхатда тахминан янги пулда ўн беш минг сўмлик буюм ёзилган эди.
— Йўқ,— деди қатъий оҳангда Ваҳобжон. — Бунақа ишга қўл урмайди Нигора.

Чол бошини сарак-сарак қилди.
— Ўзларингизга қийин бўлади, майли, майли. Ҳожар деразадан бош суқди.
— Кўнишмаяптими? Бу таги паст қишлоқилардан яхшилик чиқадими? Айланай қудалар, хўп деб қўя қолсанглар олам гулистон бўлади-я!
— Қўйинг, жиноятларингизга бизни шерик қилманглар.
— Умид билан қуда бўлгандик, майли ўзларинг биласизлар.

Нигора ҳатто рози бўлишга ҳам тайёр турганда, кампир яна гапга суқилди.
— Айланай Нигорахон, бу ер ҳам ўз уйингиз, бизни унутвормай тез-тез келиб турасиз-а!

Нигоранинг кўзлари ялт этиб очилиб кетди. Келинлик либослари музга айланиб баданини совутиб юборгандек бўлди. Кўзларига ғазаб тўлиб атрофга жовдираб боқди-ю, шахт юриб нариги уйга чиқиб кетди. Бир оздан кейин у ўз онаси тиккан ўша оқ крепдешин кўйлагини кийиб, студентлик чамадончасини кўтариб чиқди. Дадасига маъюс боқиб деди:
— Мени кечиринг, дадажон. Ўзини ўзи ўғрига тутқазиб берган, бахтини ҳам, ўзини ҳам ўғирлатган қизингизни кечиринг.

Нигоранинг кўзидан ёш чиқмади. У дадил гапирар эди.

Ваҳобжон билан Манзура қизини бундан уч кун аввал чиқиб кетган ётоғида қолдириб, яна Ганжиравонга қайтиб келишди. Нигора уйига энди илгаригидек тез-тез хат ёзмас, тўғриси нима деб ёзишини билмасди. Ёзганда ҳам соғ-саломатман дейишдан нарига ўтмасди. Орадан уч ой ўтганда Нигорадан тўрт варақ хат келди. Хатда у Икромнинг катта жиноятчи эканлиги судда очилгани, ўзи ўн йилга кесилиб, уй-жойлари мусодара қилинганини ёзган эди. Хатнинг охирида у: эртага давлат имтиҳонлари тугаб, диплом қўлимга тегади. Ганжиравонга қайтиб боришга энди юзим чидамайди, Хоразмга йўлланма беришларини сўрадим. Илтимосимни қайтармасалар керак, депти.

Манзура: «Жон болам, даданг қариб қолди, бир ҳафта бўлди, пенсияга чиқди, Ганжиравонга кел, даданг ўрнига ўзинг ўқитувчи бўл. Жон болам, йўқ дема», деб хат ёзди.

Тоғ афсонаси

Машина хўп яхши нарса-ю, унинг ҳам ўзига яраша нағмалари бор-да! Машина олган одамларнинг хотинлари ҳазил аралаш, бу машина эмас, кундошим дейишар экан. Сабаби, эр ишдан келибоқ овқатга ҳам қарамай, машинасининг тагига кириб кетганича ярим кечада мойга қоришиб чиқар, азонлаб яна машинага уннаб кетаркан.

Ваҳобжон райводхозда техник. Унинг ҳам ўзига яраша кўримсизгина «Москвич»и бор. Ўзи ҳайдайди. Эски машина минган одам яхши шофёр ҳисобланади. Ҳа деб бузилаверганидан кейин у ёғини кавлайди, бу ёғини кавлайди, хуллас, ичида нимаси бўлса, барини билиб олади. Яхшиямки, Ваҳобжон ҳали уйланмаган. Уйланганда, албатта хотини чидамасди, ё мени дейсан, ё машинани дейсан, деб туриб оларди. Рост-да, у бўш қолди дегунча машинани кавлайди. Уни гуриллатавериб қўни-қўшниларнинг жонига тегади. Қўшнилар, шу Ваҳобжон уйлана қолсайди, ўзидан тинчиб кетармиди, дейишади. Аммо Ваҳобжоннинг ҳали-вери уйланадиган нияти йўққа ўхшайди. Ўзи мундоқ биронтасини топмайди, қариндош-уруғлар топганини ёқтирмайди. Кампир ойиси нолиб қолса, ҳазилга олади-да, яна машина тагига кириб кетади. Охири жонидан безор бўлган қўшнилар кампирга чиқиб ялинишади:
— Ўғлингиз машинани кечаси гаражга обориб қўйсин. Ухлатмаётибди.

Райводхознинг гаражи йўқ, қаёқда қолдиради. Ундан ташқари ўзингизга маълум. Ваҳобжонга кечалари ҳам у ёқни сув уриб кетди, бу ёққа сув керак, деб раислар телефон қилиб туришади. Шофёр олайлик, дейишса қайси шофёр бунақа шалоқ машинага — бунақа безовта ишга кўнади. Битта-яримта янглишиб келиб қолган шофёрлар ҳам икки кунга чидамай ташлаб қочишади. Хуллас, бу ишга Ваҳобжоннинг ўзидан бошқаси тўғри келмайди.

Мана шу Ваҳобжон баҳор тошқинида сув олиб кетиб, ҳалигача тузатилмаган канал тўғонини тузаттиришга бир ҳафтадан бери овора эди. Шу пайтгача раислар шох бостириб, буёғига шағал тўктириб эплаб келишаётган эди. Шу алпозда пахта суғориб бўладими, ким қанча сув олаётганини билиб бўлмаса! Раислар бай-байлаб водхоз масаласини бюрога қўйиб қолишди-ку. Ана, водхоз бошлиғининг типирчилаб қолишини кўринг. Икки кунда немент ҳам топилди, бульдозер ҳам, бетон плиталар ҳам топилди. Кечасию кундузи иш. Колхозлар одам ҳам топиб беришди. Доротдел йўлга «ўтилмасин!» деган белги қўйиб, машина ва автобусларни вақтинча бошқа йўлдан қатнайдиган қилиб қўйди.

Соч-соқоли ўсиб кетган Ваҳобжон, прожектор ёнида турган монтёр болага бақиради, шағал тўкаётган самосвалга чироқни тўғрила, кабелни торт, сув тегмасин, деб қичқиради. Орқасига тисарилиб шағалли машинага йўл кўрсатади. Иш қизигандан қизиб кетган. Ёз кечалари шунақа ишлашлик бўлади. Айниқса бу томонларнинг оқшомига ҳеч нарса тенг келолмайди. Дарё шовуллайди, тоғ орқасидан осмонга сут пуркагандек бўлиб аввал ой шуъласи кўринади, кейин ўзи салмоқлаб осмонга кўтарилади-да, тоғ чўққисига айри миниб туриб қолади. Бирам чиройли, бирам ёқимли шабада эсади. Саратон дазмолдек қиздирган тошларни шу шабада пуфлаб совутади. Ўт-ўланларни силкитади. Жўжаси ҳали учирма бўлмаган она ўрдакларнинг аллага ўхшаш ғалати ғақиллашини узоқлардан олиб келади. Каналнинг бетўсиқ-бетўлқин суви ойдинда худди поёни йўқ яхлит ойнадек ялтирайди. Қулоқ бошида сув очаётган миробларнинг товуши эшитилиб қолади. Айниқса биттаси эзиб-эзиб ашула айтади. Кечаси олисдан келган қўшиқ ғалати бўларкан. Одамнинг томир-томирига кириб кетаман дейди. Бетончи бола ҳам қўшиққа ишқивоз экан. Овози бирам дўриллаган. Қўшиқ сўзларини пойма-пой қилиб хониш қилиб қолади. Қурувчилар атайин уни майна қилиб «яна бўлсин», «дўст», деб қўйишади. Йигит ҳам уларнинг «илтимоси»ни ерда қолдирмай ашулага ашулани улаб кетади.

Тошга ёмғир кор қилурми

Муттасил ёққан билан...
— Дўст, бу Навоийданми?
— Йўғе, Машрабникидир.

Қийқириқ, кулги.

Шу зайлда кулги билан, қўшиқ билан иш давом этади. Ваҳобжон у ёқдан-бу ёққа зир югуриб, ишни жадал-латади. Каттакон бак олдида чой дамланган тунука чойнакни чўққа қўйиб ўтирган чолнинг ёнига тушиб кетаётган эди, узоқдан машина чироғини кўриб тўхтади. Машина «ўтилмасин!» белгиси қўйилган муюлишдан ўтиб, тўппа-тўғри келаверди. Ваҳобжон ижрокомдан биров келаётган бўлса керак, деб ўйлади. Тикилиб қараса, тангадек зангори чироғи бор. Нечук такси машинаси бу томонларга ўтди экан, деб йўлга чиқдида, қўлини кўтариб уни тўхтатди.
— Мумкин эмас, белгини кўрмадингизми, қайтинг! Шофёр кабинадан бош чиқариб, қўлини кўксига қўйиб узр айтгандек бўлди.
— Кўктошга кетаётган бўлсанглар, Хонимобод томондан айланиб ўтасизлар.

Хонимободдан айланиб ўтиш учун ортиқча ўн тўққиз километр йўл юриш керак. Ҳар қандай одамга ҳам таксида бориш жабр бўлади.

Шофер кабинадан тушди. Икки қўлини белига қўйиб у ёқ-бу ёққа қаради-да, ўтиб кетишнинг сира иложи йўқлигини билгандан кейин ноилож орқа эшикни очиб, ичкарига қараб елкасини қисди.
— Иложи йўқ, опажон. Бу ёғи кўп қолмади. Пиёда йигирма минутда етасиз. Хонимободдан борсангиз қимматга тушади. Майли, десангиз, яна ўзингиз биласиз. Менга бари бир.

Машинадан чамадон кўтарган бир аёл тушди. Ваҳобжон қоронғида унинг юзини аниқ кўролмади. Аёл шофёр билаи анча вақтгача ниманидир гаплашиб туриб қолди. Кейин машина орқасига қайтди. Аёл битта-битта босиб Ваҳобжоннинг олдига келди. Кўктошга қайси томондан боришни сўради. Тавба, овози таниш. Қаерда эшитган бу товушни? Шу пайт шағал тўкиб бўлган самосвал кескин бурилган эди, унинг ўткир чироғида аёлнинг башараси бир дам ёришиб кетди.

Сочлари бошига чамбарак қилинган, лабларига билинар-билинмас қизил суртилган, йигирма-йигирма икки ёшлардаги келишган қиз. Ваҳобжон уни таниди. Бу қизни у бир марта, атиги бир марта кўрган. У билан ёнма-ён ўтириб чой ичган. Шу қизнинг ўзи унга чой қуйиб берган. Аммо Ваҳобжон, тўғрисини айтганда, у қуйиб берган чойни қийналиб ичган: негаки бу қизнинг бир қўлида одамнинг калла суяги бор эди. Ваҳобжон ўтган йилнинг августида сиртқи институтга имтиҳон топширгани Тошкентга тушган эди. Консультация ўтказадиган ўқитувчининг тоби қочиб қолиб, институтга келолмай қолибди. Декан, Ваҳобжонга ўқитувчининг уйига боришни маслаҳат берган эди. Борди. У Чилонзордаги катта кўча бетидаги уйнинг иккинчи қаватида яшаркан. Кириб гаплашди. Билмаганларини сўраб олди. Ўқитувчи Ваҳобжонга имтиҳонга кирсангиз бўлади, деб маслаҳат берди. У хурсанд бўлиб чиқса машинасининг бир ғилдираги шалпайиб ётибди, камерининг золотнигини биров бураб олиб қўйибди. Асфальт йўлкада «босдимми» ўйнаётган қизчалар унга қараб туришарди. Уларнинг бири яқин келиб шивирлади.

— Акбар миннарсангизни бураб олиб қўйди.
— Қанақа Акбар?
— Ҳу анови уйда туради. Ҳозир қочиб чиқиб кетди. Инобат опамларнинг укалари-да.

Ваҳобжоннинг жуда жаҳли чиқиб кетди. Бу қандай гап! Запас ғилдирак бўлганда ҳам бошқа гап эди.

Ваҳобжон бояги қиз кўрсатган уй эшигининг тугмасини босди. Жавоб бўлмади. Яна қўнғироқ тугмасини босган эди аёл кишининг: «Ҳой Акбар, эшикни оч, биров келди», деган товуши эшитилди. Ҳа, деганда эшик очилавермади. Анчадан кейин шиппак товуши яқинлашди-да, эшик қарсиллаб очилди. Ваҳобжоннинг қаршисида одамнинг калла суягини ушлаган кўҳлик бир қиз турарди. Ваҳобжоннинг юраги орқасига тортиб кетди. Қиз қошларини кериб, кимда ишингиз бор эди, дегандек ҳайрон боқиб турибди.
— Акбарда ишим бор эди. Чақириб берсангиз.

Қиз эрмак қилаётгандек орқасига қараб қичқирди:
— Ҳой Акбар, ўртоғинг келдидар, бу ёққа чиқ.

Ичкаридан трусичан, олти ёшлардаги бир бола бурнини тортиб чиқди. У Ваҳобжонни кўриши билан тўхтади, кейин Ваҳобжоннинг ўртоғи бирдан орқасига тирақайлаб қочиб қолди. Қиз нима гаплигига тушуна олмай ҳайрон. Ваҳобжон бўлган гапни айтиб берди. Қиз хижолат бўлиб, ундан узр сўради-да, ҳозир ўша буюмни олиб бераман, деб орқасига бурилди. Кейин тўхтаб қўлидаги калла суягини Ваҳобжоннинг қўлига тутқазди.
— Ҳозир, ҳозир олиб бераман.

Акбар ваннахонанинг ичидан беркитиб олган экан. Қиз ялинди.

Охири Акбар эшикни очди. Ваҳобжон қараса у ваннага сув тўлдириб минг ямоқ бўлиб кетган автокамерага насос билан ел бераётган экан.
— Бу ўлгурга чўмилишга керак-да. Сузишга ўрганаётганмиш. Қани, бер, ким ўргатди сенга бировнинг нарсасини олишни?!
— Магазинда йўқ-да, бўлмаса олармидим,— деди Акбар бурнини тортиб.

Шундай деди-ю, ваннадаги илматешик камера оғзидан золотникни чиқазиб берди. Ваҳобжон қизга раҳмат айтиб ташқари чиқди. Уст кийимини ечиб машинага домкрат қўйиб ғилдиракни кўтарди, уни чиқариб олиб бошқатдан ел бера бошлади. То у ишини битқазгунча қора терга тушиб кетди. Анча кеч ҳам бўлиб қолган эди. Унинг қийналаётганини балкондан кўриб турган қиз:
— Кириб ювиниб олинг,— деди.

Ваҳобжон бир сўз демай қайтиб кирди. Қиз елкасида сочиқ, қўлида совун билан уни кутиб турарди.

У юзига совун суртаётганида ҳам, оппоқ, крахмалланган сочиққа артинаётганида ҳам бир ўй калласидан кетмасди.

«Қандай чиройли қиз-а, аммо қўлидаги одамнинг калла суяги нимаси».
— Чой дамлаб қўйдим, ичиб ола қолинг, қорнингиз ҳам очгандир.

Ваҳобжон узр айтса ҳам қиз қўймади. Чой қуйиб узатди. Бола бечора ичишини ҳам, ичмасини ҳам билмай ҳайрон эди. Ичди-ю, яна бояги каллани эслади. Охири у қизга раҳмат айтиб кетар экан, Акбарга золотник келтириб беришга ваъда қилди.

Ана шу воқеадан кейин Ваҳобжон қизни учратмади. Уйига, Акбарга ваъда қилган нарсани олиб борганда қиз йўқ экан. Мана орадан бир йил ўтди. У ўша қизни эслаганида ниҳоятда кўҳлик бир қизнинг юзи, кўзи, келишган гавдаси кўз олдига келарди-да, зум ўтмай, бу гўзаллик ўрнини тиржайган калла суяги эгаллаб оларди. Шунинг учун ҳам Ваҳобжон уни эсламасликка тиришарди.

Мана бугун дарё шовуллаган, шағаллар қалдираган тоғ оқшомида иккови яна бақамти келиб ўтиришибди. Қиз уни танимаган бўлса керак. Негаки Ваҳобжоннинг соч-соқоли ўсиб кетган, кийимлари чанг, тупроқ эди.

Уларнинг ҳар иккови бир-бирларига қараб анча туриб қолишгандан кейин Ваҳобжон гап бошлади:
— Кўктошга кетяпман денг. У ерда қариндошларингиз борми?
— Йўқ,— деди қиз.— Ишга шу ёққа тайин қилишди. Райздрав ихтиёрига...

Қизнинг овози бирам ёқимли, бирам жарангли. Ваҳобжон сесканиб кетди. Демак, бу қиз районга доктор бўлиб келяпти. У докторликни битирган. Одамнинг калла суягини бекорга кўтариб юрмаган экан у...
— Мени танияпсизми?— деди Ваҳобжон.
— Йўға,— деди қиз елкасини қисиб.
— Уйингизга борганман. Акбарнинг кетидан ваннага кирганим...

Ваҳобжоннинг гапи оғзида қолди.
— А-а-а, ўша сизмидингиз, буни қаранг-а, танимапман. Уйимизга яна бир келган экансиз. Йўқлигимни қа-ранг-а.

Бульдозерчи Ваҳобжонни чақириб қолди, У қизга: «Ҳозир келаман», деб чопганича кетди.

Алла маҳал бўлиб қолган эди. Ваҳобжон прорабга топшириқларни бериб қизнинг олдига қайтди.
— Қани, меҳмон кетдик. Кўктошга ўзим обориб қўяман.

Қиз қаршилик кўрсатмай «Москвич» эшигини очди. йўлга тушишди. Ой худди машина билан ёнма-ён кетаётганга ўхшайди. Соядек бўлиб кўринаётган тоғ тизмалари бирам ажойиб, бирам ажойиб.

Ваҳобжон руль бошқариб бораркан ўй ўйларди.

«Қани энди шу қизга уйлансам, менга тегармикин? Тегмас, балки севгани бордир».

Машина мотори бир-икки йўталиб ўчди. Ваҳобжон шошиб тушиб копотни очди. Вентиляция тасмаси узилиб кетибди. Запаси йўқ. Энди нима бўлади? Шу ерда тунаб қолишдан бошқа илож йўқ? Уларнинг иккови ҳам ҳафсалалари пир бўлиб тошга ўтиришди.
— Қизиқ бўлди-ку!— деди Ваҳобжон хижолат чекиб. Қиз индамади. У азамат тоғ тизмаларига, ҳў кўриниб турган учли қояга жиға бўлиб қўниб турган балдоқдек ойга жимгина қараб ўтирарди.
— Биласизми, мен ҳеч тоққа чиқмаганман. Буни қаранг, кечаси, айниқса ойдинда жуда ғалати бўларкан. Бирам яхшики.

Қизнинг товушидан совуққотганлиги шундоққина билиниб турарди. Ваҳобжон машинани очиб олд суянчиғини тушириб кетидагисига ёндоштириб қўйди.
— Сиз кириб бир оз мизғиб олинг.

Қиз аввалига кўнмай турди. Кейин совуқдан титраб ичкарига кириб кетди. Ваҳобжон радиони секинлаб бураб қўйди.

Тонг ўнгирида ёқимли куй оқар, кичкинагина, кўримсиз машина ичида эса ҳусни бир дунё бўлиб бир қиз ухларди.

Ваҳобжон унинг атрофида папирос чекиб айланиб юрди.

Бу унга худди азалий тошлар гердайган тоғ этагида туғилаётган янги достон, янги афсонага ўхшарди.

Ким билади, балки Ваҳобжон афсонавор бу оқшомда ўз бахтини, муҳаббатини қўриқлаётгандир,

Зора шундай бўлса!

Раҳмат, азизларим!

Бувайдадан автобусга чиқишим биланоқ Муаззамга кўзим тушиб қолди. У тирсагини деразага қўйиб хаёл суриб борарди. Бошида ранги кўтарилган сарғиш косинка, эгнида оддийгина штапель кўйлак. Сочини нари-бери ўриб орқасига ташлаб қўяқолган. Муаззамни ҳеч шу аҳволда кўрмаган эдим. У студентлар ичида энг яхши модаларни танлаб киярди, сочини бўлса кунига ҳар хил причёска қилмаса кўнгли жойига тушмасди. Унинг ўндан ортиқ сумкачалари бўлгучи эди. Ҳозир у оғзига қоғоз ёпиб ип билан боғланган шиша банка, кострюлка, олма солинган тўр саватни тиззасига қўйиб ўтирибди. Муаззам шу аҳволда ҳам чиройли эди.

Унинг ёнига боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай, иккиланиб туриб қолдим. Ахир кўрмаганимга икки йилдан ошди. Унинг устига Муаззам мени жинидан ёмон кўрарди. Студентликда ҳар иш ўтади, ҳозир ўша ишларни ўйласам баданимдан совуқ тер чиқиб кетади.

Курсдошларимиз орасида Муаззамнинг ишқида куймагани йўқ десам муболаға бўлмас. Мен-ку жиннидан баттар эдим. Шу учун кунига соқол қирардим, ювилавериб асли ранги қанақалиги билинмай кетган шимимга кунига дазмол босардим. Аммо у менга қарамасди. Мен бўлсам ҳадеб атрофида айланишаверардим. Кейин билсам, у фронтдан дудуқ бўлиб келган Одил деган бола билан кинога бориб юрар экан. Жуда диққатим ошиб кетди. Шу бевафо дунёда яшаб нима қилдим, деб ўзимни пичоқламоқчи ҳам бўлдим. Охирги марта ўзимга куч йиғиб, ётоғининг эшигини шартта очиб кирдиму, билагидан ушлаб: Муаззам, сени яхши кўраман, сенсиз яшаёлмайман, дедим. У ҳиринглаб кулди.
— Менсиз бемалол яшайверасиз,— деди Муаззам кўзимни бақрайтириб туриб.
— Ўзимни осиб қўяман,— дедим. Билмадим ўшанда бу гапни бақириб айтдимми ё пичирлаб айтдимми, эсимда йўқ. Муаззам баттар эрмак қилиб кулди.
— Осолмайсиз, жон ширин. Агар осадиган бўлсангиз, спорт залида арқон бор, ўша ёққа кириб осинг!

Кўзимга қон тўлиб кетди. Ётоқ эшигини тарақлатиб ёпдиму, спорт залига югурдим. Дарҳақиқат арқон бор экан. Олиб бир учини боғлайдиган жой қидираётганимда ҳушим жойига келди. Шошма, ўзимни осишга-ку осаман. Ундан кейин нима бўлади? Осилиб ётган ўлигимни кўрганлар ҳам, осилиб ўлганимни эшитганлар ҳам, «аҳмоқ экан» дейди-ку. Албатта шундай дейди. Ўзимни ўлдириб бўпман! Мен ҳали унга кўрсатиб қўяман.

Аммо нима қилиб унга кўрсатиб қўйишни ўйлаб-ўйлаб тополмадим. Ўқишлар тугаб, ҳар қаёққа тарқаб кетдик ҳамки, унга кўрсатиб қўёлмадим. Болаларнинг айтишига қараганда, унинг кўзига кўринмай қолган пайтларимда, улардан мени сўраркан, улар кўрмадик дейишса: худо раҳмат қилсин, яхши бола эди... деб куларкан. Эшитиб баттар жаҳлим чиқарди.

Бу гапларга ҳам икки йил бўпти. Вақтнинг тез ўтишини қаранг!

Мана, Муаззам билан бир автобусда ўтирибмиз. Унинг илгариги олифталиклари қолмаган кўринади. Нима бўлди? Наҳотки шундай там-там қиз дарров бошқача бўлиб қолган бўлса? Ё эрга теккан бўлса, эри мундайроқ одам чиқиб қолдимикин? Тўрвадаги нарсаларни қаёққа олиб кетяпти? Бошига бирон кулфат тушдимикин? Балки унга нарса олиб кетаётгандир? Сабрим чидамади. Эски гиналарни унутиб, олдига бориб ўтирдим. У мени кўриши билан кўпдан йўқотган кишисини топиб олгандек кўзлари яшнаб кетди. Шу маҳал дилимдан бир гап ўтди. Унинг бу қарашини ўзимча йўйиб, нега сенга тегмадим, сенга текканимда бу аҳволга тушмасдим, деган маънони англабман. Кўришдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. Ишларимни сўради. Уйланганимни, хотиним врач эканини айтдим. У билинар-билинмас кулиб қўйгандек бўлди. Мен ундан ортиқча гап сўрамадим. Нимани ҳам сўрайман. Аҳволи маълум бўлиб турибди-ку. Турмуши яхши эмаслиги, эрдан бахтсиз бўлгани кийим-бошидан, ранги рўйидан билиниб турибди.

Қўқонда автобусдан тушдик. Остановкада мени кутиб турган шофёрим роса эшитадиганини эшитди. Ғилдирак ел чиқазиб юборганини айтса ҳам қулоқ солмай сўкавердим. Муаззамга ўзимнинг кимлигимни кўрсатиб қўйиш учун атайин шундай қилдим. Машинага чиқа туриб Муаззамга қўл учини бериб хайрлашмоқчи бўлгандим, у гапим бор, кетмай туринг, деб қолди.

Аха, дедим ичимда, менга етказган озорларингнинг қасдини оляпман, деб ич-ичимдан севиниб кетдим.
— Сизни кўриб қолганим яхши бўлди. Юринг, бир жойга бориб келамиз. Шофёрга жавоб бериб юбораверинг!

Рози бўлдим. Икковлашиб пиёда кетдик.
— Йўлдан қолдирганим учун хафа бўлмайсиз-да. Атайин шундай қилдим. Одилжонни кўриб келасиз.

Юришдан тўхтаб қолдим. Ўша ўзим ёмон кўрадиган Одилнинг олдига бораманми? Калламни шартта кесиб ташласа ҳам бормасман.
— Юраверинг, юраверинг, сизни кўрса севиниб кетади.

У қўлимдан ушлаб судради. Беихтиёр юриб кетдим. Анча жойгача индамай бордик. Муаззам йўл четида осилиб турган тол новдасидан кўм-кўк баргларини қисимлаб сидириб олди-да, маъюс гапира бошлади.
— Биламан, мени ёмон кўрасиз. Одилжонни бўлса кўрарга кўзингиз йўқ. Ҳеч бўлмаса бирга ўқиганимизнинг ҳурмати бордир. Биласизми, хафа бўлмангу, сизни ҳали ҳам унча хуш кўрмайман. Кўнгил хушламаган, ҳар бир одам душман эмас-ку!

Ҳайронман, нима демоқчи, нима қилмоқчи? Шунақа тушуниб бўлмайдиган хаёллар билан шаҳар касалхонаси яқинига келиб қолибмиз.
— Шу ерда бирпас кутиб тура туринг. Ҳозир чиқаман.

У шундай деди-ю, шошиб касалхона дарвозасига кириб кетди. Анча ҳаяллаб қолди. Пойлаб ўтириб, зерикиб кетдим. Бу ерда мен нима қилиб ўтирибман, деб ўзимдан сўрайман. Мени ёмон кўрадиган одамнинг кетидан нима қилиб эргашиб юрибман? Кета қолайми? Шу ўтиришда Муаззамнинг мени хўрлаганлари кўзимга кўринаверди. Ўрнимдан турдим. Энди кетмоқчи бўлиб турган эдим, Муаззам чиқиб қолди. Унинг кўзлари қизарган, бошидаги косинкаси сирғалиб елкасига тушиб қолган эди. У олдимга келиб нимадир демоқчи бўлди-ю, гапиролмай бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима дейишимни, нима қилишимни билмай серрайиб туриб қолдим. Боя Одилнинг олдига олиб бораман деган эди. Демак, Одил касалхонада. Нима бўлди? Тинчликмикан? Одилнинг танасида ёрилган бомбанинг парчаси бор, даволатмай юрибди, дейишарди. Дарди ўшадир?
— Кетмоқчимисиз? Кетманг!— деди Муаззам ялинган оҳангда. — Кетиб қолсангиз ким менга ҳамдам бўлади?
— Нима бўлди? Айт?

Муаззам энтикди, жиққа ёш тўла кўзларини жавдиратиб қаради.
— Эртага Одилжоннинг оёғини кесишмоқчи.

Титраб кетдим. Бугун Муаззамни кўрганимдан бери калламга келган қасос олиш нияти, мақтаниш, унга ўзимни кўрсатиб қўйиш ниятларим бирдан қаёққадир учиб кетди-ю, вужудимга ҳокимлик қилаётган ўша туйғулар ўрнини шафқат, одамийлик, ҳамдардлик эгаллаб олди.
— Олдига киринг, юпатинг, дармон бўлинг. Мактабдошини кўриб танасига қувват киради. йўқ деманг!

Наҳотки йўқ десам. Наҳотки биргина боқишим, ёнида бир дам туришим ўлимни енгиш учун куч бўлса-ю, йўқ десам. Мен ҳам одамман.

Врачлар мени Одилнинг олдига киритишмади. Чарчаган, операция олдидан дам олсин, дейишди. Ўтириб хат ёздим. Қизиқ-қизиқ гаплардан ёздим. Университетда қилган қизиқ-қизиқ ишларимизни, ўша пайтда айтган латифаларимизни ёзиб киритдим. Хат тагига имзо қўйдим. Ўқиб юрган пайтимизда деворий газетага бурнимни катта қилиб уриб чиқишган эди. Эсимда турган экан, худди ўшандай қилиб сурат чизиб қўйдим. Ўзимга жуда ўхшайди.

Хатни олиб, албатта, хурсанд бўлади. Биламан. Бунақа пайтларда беморнинг хаёлидаги даҳшатли ўйларни қочириш учун шундай қилиш керак. Кулги даҳшатни қувади. Ўлимни енгади!

Муаззам билан яна Бувайдага қайтдим. Уни ёлғиз қолдиргим келмади. Мен кетсам, у қандоқ қилиб тонг оттиради? Шундай пайтларда ёнида одам бўлса тиргович бўлади.

У телефон станциясининг орқасидаги кичкинагина ҳовлида турар экан. Уй эгаси — кексагина хотин бизни кўриши билан ташвишланиб айвонга тушди. Муаззамнинг кўзлари қизарганидан қўрқиб кетди шекилли, менга савол назари билан қаради.
— Тинчликми, Одилжоннинг аҳволи қалай?

Яхши гап билан кампирни тинчлантирдим. Муаззам уйга кириб кетганча қайтиб чиқмади. Унинг уйида чироқ ҳам ёнмади. Кампир менга супага жой қилиб берди. Ечинмай ёнбошладим. Челакда музлаган сувдек нурсизгина ой кўтарилди. Кампир ҳамон ғимирсиб, нималардир қилиб юрибди. У менинг ухламаганимни билиб олдимга келди.
— Яширманг, меҳмон, Одилжоннинг аҳволи қалай?—деди у шивирлаб.
— Эртага оёғини кесишмоқчи,— дедим хўрсиниб.

Кампир қимирламай туриб қолди. Ой орқа томондалигидан унинг юзи кўринмас, фақат сочлари кумушдек йилтирарди. У шу кўйи анча туриб қолгандан кейин бирдан тиззасига уриб оҳ урди.
— Вой ойдеккина бола-я, вой шундоқ гулдек йигит-а! Вой эсиз бола. Урушга қирон келсин, урушни ер ютсин! Бу қирғин келгурдан йигирма йилдаям қутулмасак...
— Секин, секин, ая! Нима қиласиз Муаззамнинг юрагига ваҳима солиб. Мана кўрарсиз, кўрмагандек бўлиб кетади.

Кампир бошини сарак-сарак қилиб, айвонга қараб кетди.

Ухлаёлмадим. Хаёл минг ёққа олиб кетади. У ёққа ағдариламан, бу ёққа ағдариламан, кўзим илинмайди. Билиб ётибман. Муаззам ҳам шу аҳволда. У дунёда энг яқин кишиси ҳалокат ёқасида турган шу дақиқаларда унинг танасига жон бўлиб киришга тайёр. У эри билан баравар ўлим йўлини тўсаётибди. Тўшакда ётган бемор ҳаёт учун ёлғиз ўзи курашмаётганини билиб турибди.

Дўст меҳри, ёр муҳаббати ҳар қандай офатни даф қила олишини билиб турибди.

Муз парчасидек ойни оппоқ тонг нафаси эритиб юборди-ю, азим тераклар учидаги япроқлар алвондек ялтиради. Шу тароватли тонг пайти мактабдошимга умр тиладим:
— Яшашинг керак! Ҳали олдингда узоқ умр йўли бор, ҳаётда ҳали ҳаққинг кўп, ҳаёт жомини умринг охиригача сипқор, азизим!

Яна касалхона остонасидамиз. Бу гал Муаззам билан икковимизга оқ халат кийдириб ичкарига бошлашди.

Узун коридордан оёқ учида энтикиб, энтикиб боряпмиз. Одилни тезроқ кўра қолсам, операцияга ётиши олдидан бир икки қизиқ-қизиқ гаплар айтиб руҳини кўтарсам дейман.

Палатага кирдик. Бурчакдаги каравотда Одил кўкка боқиб ётибди. У ниманидир ўйлаб, ҳар замон илжайиб қўяди. Охири одам шарпасини сезиб, бошини биз томонга бурди-да, бирдан кўзлари яшнаб кетди.

Муаззам илдам юриб, унинг тепасига келди. Ҳаяжонини яшириб унинг ҳол-аҳволини сўради. Одил ҳорғин-ҳаста товушда жавоб берди.
— Бурунбойнинг хати менга жон берди. Суратини кўриб, бир куламан, хатини ўқиб, бир куламан. Оёғимни қиртиллатиб кесишяпти ҳамки, кулгим қистайди.

У менга қараб мамнунлик билан илжайди. Демак, шу кечаёқ оёғини кесишибди.
— Раҳмат, Бурунбой...

Муаззамнинг кўзларидан дув этиб ёш тўкилиб кетди.
— Хафа бўлма, Муаззам, омон қолдим-ку! Сизлар бўлмасанглар ўлиб кетадиган нарса эдим. Операцияни кўтарадиган ҳолим йўқ эди.

Врач, беморни чарчатиб қўясизлар деб, бизни чиқазиб юборди.

Ташқарида офтоб яшнагандан яшнаб кетган. Тиниқ беғубор осмонда бир гала каптар нурга чўмилаётгандек гоҳ шўнғийди, гоҳ парларига қўнган нурни тўкиб юбормоқчидек қанотларини тинимсиз силкитади.

Яна автобус остановкасида тўхтадик. Муаззам чиройли бир табассум билан қўл бериб хайрлашди.
— Раҳмат!

Бошимдан зар сочсалар, оёқларим остига поёндоз ёзсалар, нурдан кўйлак тикиб кийдирсалар, баридан кечардим-у, шу бир оғиз сўз билан қолардим.

Инсон кўксидан тошиб чиққан, унинг қалбида энг эзгу ҳислари-туйғулари тоблаган самимий ташаккуридан қимматлироқ мукофот борми одам боласига!

Кечиккан севги...

Секретарь хотин баракнинг брезент эшигини кўтариб ичкарига кирди. Исмоилжон тикка турганича алюмин кружкадан лабини чўччайтириб қайноқ чой ҳўпларди. Секретарь столга қоғоз қўйиб индамай чиқиб кетаётган эди, Исмоилжон уни тўхтатди.
— Бу нима?
— Башоратнинг аризаси. Ишдан бўшатишингизнй сўраб ёзибди.
— Нега ўзи кирмади?
— Билмасам.

У елкасини қисиб қўйди.
— Ўзи кирсин!

Секретарь чиқиб кетди.

Башорат қурилишда десятник. Ўзи унча чиройли бўлмаса ҳам аллақаери одамга жуда ёқади. Истараси иссиқ деганлари шумикин? Исмоилжон шу тўғон қурилишига бош инженер бўлиб келганда ҳам Башорат шу ерда эди. Улар бир-бирлари билан жуда кўп гаплашишган. Негадир Башорат Исмоилжон билан очилиб гаплашмасди. Бироқ нима айтадиган бўлса бетига қарамай ергами, ботинкасининг учигами тикилиб туриб айтарди. Унинг бу қилиғидан кўпинча Исмоилжоннинг энсаси қотарди. Аммо Башорат ишига пишиқ қиз. Буни қурилишдагиларнинг ҳаммаси ҳам тан олишади.

Брезент эшик кўтарилиб секретарь хотиннинг юзи кўринди.
— Кирмасмиш, қўл қўйиб бераверсин, деб айтди.

Исмоилжон аризани олиб яна ўқиб чиқди. Айтарли тузук-қуруқ гап йўқ. Ўз ихтиёрим билан депти. У қўлига қалам олиб аризанинг четига ёзмоқчи бўлди-ю, яна тўхтади. Бу нима қилгани, мени писанд қилмаяптими? Гаплашишни ҳам истамайди.
— Ўзи қаерда?—деди Исмоилжон ҳамон брезент эшикни паранжига ўхшаб бошига ташлаб турган секретарь хотинга.
— Ташқарида ўтирибди.

Исмоилжон хотиннинг кетидан чиқди. Оёқ товушини эшитиб Башорат ўрнидан турди. Унинг қовоғидан қор ёғарди.
— Нима бўлди, нега бўшайсан?
— Кетяпман,—деди у Исмоилжоннинг бетига қараб эмас, ерга ўтириб этигини бошқатдан кияётган экскаваторчига қараб.
— Кетишингга бирон сабаб борми?
— Сабаб йўқ. Шундоқ. Бошқа қурилишга кетаман.
— Биронтаси хафа қилдими?

Башорат бош чайқади.
— Аризамга қўл қўйиб беринг, гапни айлантирманг! Вассалом!

Исмоилжоннинг зардаси қайнаб кетди. Қурилиш бош инженери билан шунақа гаплашадими? Ҳаддан ошиб кетибди-ку, бу қиз!
— Хўп, ҳозир қўл қўйиб бераман.

У шундай деди-да, ичкарига кириб кетди. Бирпасдан кейин Башоратни секретарь чақириб буйруқни берди. Башорат буйруққа қараб туриб сесканди. Кўзи тинди. Наҳотки икки йил ишлаб меҳнати синган жойни ташлаб кетади?
— Ҳисоб-китобни бошқармага бориб қиласан,— деди секретарь ва бошини сарак-сарак қилиб баракка кириб кетди.

Башорат ёлғиз қолди. У бош инженернинг барагига маъюс қараб турди-да, битта-битта қадам босиб йўлига кетди.

Экскаваторларнинг шовқини оламни тўлдирган. Скреперлар қийқиллайди. Электр пайванди офтобда шиша синиғидек ялтирайди. Самосваллар ҳар гал шағал ағдарганда момақалдироққа ўхшаган овоз чиқади. Бетон қорувчи машина қалдир-қулдир қилиб қулоқни битиради. Машиналар ҳамма ёқни чангга тўлдириб у ёқдан-бу ёққа ўтиб турибди.

Бу шовқинларга Башорат кўпдан кўникиб кетган. Энди қаёққа боради? Нима қилмоқчи ўзи? Буни ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Фақат шу ердан кетса бўлгани. Қанча тез кетса шунча яхши.

Башорат бахтини бошқа ердан изламоқчи. У бу ердан бахтини тополмади. Иззат-нафси койиган қиз шу шовқин-суронга тўлган жойдан кетяпти.

У маъюс қадам ташлаб дўнг ошганида қаршисида тўзон кўтариб газик келарди. Башорат дарров таниди. Бу Исмоилжоннинг машинаси, Башорат қўлини кўтарди. Газик тўхтади. Ҳали эгнидаги ҳарбий гимнастёркаси эскирмаган шофёр бола кабинадан бошини чиқарди.
— Ҳа, опа, тинчликми? Қаёққа кетяпсиз?
— Битта хат ёзиб бераман, хўжайинингга бериб қўясан.
— Хўп, хўп, опа.

Башорат чамадончасидан дафтарчани олиб машина капотига қўйиб нимадир ёзди, ўчирди, яна ёзди. Ёзганини йиртиб ташлади. Ўйлаб туриб бошқатдан тез-тез ёздида, буклаб шофёр болага берди.
— Ўзига бер!

Бола хатни ён чўнтагига солиб қўйди. Машина у ёққа, Башорат бу ёққа кетди.

Июль қуёши адирга тегай-тегай деб турибди. Яна бир интилса адир орқасига думалаб тушиб кетади. Атроф қоронғилашади. Қурилиш майдонида сонсиз чироқлар ёнади. Прожекторларнинг нурли баркаши дўнгдан дўнгга сакраб ўйнайди. Электр пайванднинг чақини бир дақиқадаёқ олис-олисларга етади-да, ҳамма ёққа яшил нур пуркаб сўнади.

Башорат мана шу нурли, мана шу шовқинли ҳаёт орасидан бахтини қидирган эди. Уни топган ҳам эди. У бахт деб дилига қувонч, кўнглига ишонч-илинж туғдирган нарса бахти эмас экан. Ана шунинг учун ҳам у кетяпти.

Балоғат ёшига етиб, дилида муҳаббат ҳислари уйғонган қиз боланинг ноумид бўлишидан оғирроқ нарса йўқ. Бўлмаса каттадан кичиги қадрдон бўлиб қолган жойдан кетиш осонми? Қим билади, ҳали ҳам бўлса изига қайтгани дурустмиди? Янги жой, янги одамлар, янги муҳаббат... осонми? Умр — оқар сув. Ҳув этади оқади, кетади.

Шу хаёл уни бир дақиқа тўхтатди. Қиз атрофга қаради. Қуёш адирга ярим белидан ботиб турибди. Азамат теракларнинг учи шамдек ёниб кўзни олмоқчи. Уфқда иккита узун-узун кимхоб камардек булут қимирламай турибди. Осмони заминда битта лайлак айланяпти. Унинг қаноти худди шамга ўхшаб ёнади. Гоҳи-гоҳида у, худди шишадан ясалганга ўхшаб кетади.

Тераклар учидаги шамлар ўчди. Атрофни ним қоронғилик босди. Фақат лайлак чироққа ўхшаб ҳамон порлайди.

Қурилиш шовқини ҳам эшитилмай қолди. Уни дам-бадам орқангга қайт, дегандек эшитилиб турган бу товушлар тингандан кейин Башоратнинг оёқ олиши тезлашди.

Қишлоқ яқин қолди. Узоқда хонадонларнинг чироқлари милтираб кўринди.

Башорат энди орқага қайтиш илинжидан қутулди.

Орқадан гуруллаб мотор товуши келди. Зум ўтмай ўткир нур унинг соясини ўзидан эллик метрча нарига улоқтириб ташлади. Башорат ўгирилиб қараган эди, ёруқдан кўзи қамашди. Машина унинг ёнидан ўтиб кетди-да, сал нари бориб йўлнинг ўртасида кўндаланг туриб олди. Мотор шовқини тинди. Чироқ ҳам ўчди. Қоронғиликда эркак кишининг овози эшитилди.
— Башорат!

Бу Исмоилжоннинг овози эди.

Башорат титраб кетди. Ўша! Қиз қалбига тош отган, қиз кўнглида уйғонган биринчи муҳаббат ҳисларини писанд қилмаган кесак!
— Нега келдинг?— деди Башорат титроқ товушда. Бу биринчи бор уни сенлаши эди.— Тушунтиргани келдингми?! Қурилишда обрўйинг ошади, шу ердан кўтарилиб кетасан, деб айтгани келдингми?! Бу гапларни сендан кўп эшитганман. Сен фақат шу гапни биласан, ёғочсан, тошсан, кесаксан. Дардинг йўқ сени!

Башорат ҳўнграб йиғлаб юборди. Исмоилжон нима қилишини билмай қотиб турарди.

Осмонда юлдуз учди. Унинг папирос тутунидек ингичка чизиғи қоп-қора осмонда анча туриб қолди. Охири у ҳам сўниб кетди.
— Сизга нима бўлди, Башорат? Сен учун кетяпман деб хат берворибсиз?
— Сизлама мени. Билмадинг-а, сезмадинг-а! Юрагингда заррача дардинг бўлганда билардинг, сезардинг!..
— Нимани биламан, нимани сезаман?
— Ахир тентак, бир йилдан бери дардингда куйиб ёнаман. Бир йилдан бери мени ухлатмайсан. Бир йилдан бери сени деб яшаяпман. Билмайсан, сезмайсан. Аминман, сезасан, назар-писанд қилмайсан. Мени эрмак қилиш учун атайин шундай қиласан.
— Вой, менга қара...

Исмоилжон шу гапдан кейин анча жимиб кетди. Папирос чекди. Гугурт чақаётганда қўли титраётганини Башорат кўрмади.

Юлдузлар бирин-кетин кўз очаверди. Ушатилган нондек бўлиб ой ҳам чиқди. Аммо Исмоилжондан ҳали ҳам садо чиқмасди. Юк машинаси келди. Йўлда кўндаланг турган машинадан ўтолмай сигнал берди. Исмоилжоннинг ҳуши ўзига келиб машинасига югурди. У то машинани четга олгунча шофёрдан роса сўкиш эшитди. У газигини четга оламан деб орқа ғилдирагини ариққа тушириб юборди. У машинани ўнглагунча Башорат чамадончасини бағрига босганича қимирламай тураверди. Охири Исмоилжон яна олдига келди.
— Кечир, мени Башорат. Билмабман. Билсам наҳотки сенга шунақа муомала қилардим. Мен, ўлай агар, билмабман. Ахир ўзинг ўйла, мен ўзимни сенга муносибмасман деб юрардим. Умримда бир қизни севмаганман, бунақа ишларни билмаганман. Севишни билмаганман. Тўғри айтдинг, ёғочман, кесакман. Севишга, ишқ қўйишга вақтим бўлмаган. Ўқишни битирдиму шунақа қурилишлардаман.

Башорат ҳам титраб, қақшаб гапирарди.
— Нима кийсам сен кўргин деб киярдим. Аммо сен табель тахтасидаги Башоратнинг норма бажаришига қарардинг. Ишдан ҳориб, чарчаб келаману ухламай остонада юлдузларга тикилиб ўтираман. Сени ўйлайман. Сўра, шу юлдузлардан сўра. Уларни ҳар куни кўраман. Ҳар куни гаплашаман. Шу юлдузларнинг қайси бири меникилигини билолмайман холос. Бирон марта мени ўйлаганмисан?

Исмоилжон гап тополмай ғудранди.
— Менга қара, Башорат, мени кўп қийнама. Бирпас ўзимга келиб олай. Оёғимнинг тагида ер йўққа ўхшайди, Ке, ўтирайлик. Манави ерга ўтирайлик.

Исмоилжон Башоратнинг қўлидан ушлаб тол тагига олиб ўтди. Шундагина унинг қўли титраётганини билди. Қиз кўксида нимадир ғалаён қиларди. Бу у чеккан изтиробларнинг мукофотими, унга кечалари уйқу бермаган йигитнинг кўксида севги оташини ёқиб интиқом олиш тантанасими, билмасди. Нима бўлса бўлсин, Башорат дилидагисини тўкиб солди. Агар шундай қилмаганда бир кун ўкинарди. Қачонлардир бир кун илк муҳаббат эсга келади. Эсга келганда ҳам галати ҳислар билан, ажиб хотиралар, энг маъсум, энг беғубор туйғулар билан аралашиб келади. Ўшанда илк муҳаббат ўз бағрига чақиради. Бутун гўзаллиги, бутун жозибаси билан, тиниқлиги, беғуборлиги билан чақиради. Ўшанда муҳаббат ўзининг ҳеч қачон қаримаслигига иқрор қилади.

Бир чиройли, бир ёқимли шамол турди. Тол шохлари бир-бирига айқаш-уйқаш бўлиб ердаги ой тангаларини учиради, ёндиради, супуради.
— Энди мен гапирай. Кулмайсанми, масхара қилмайсанми. Жим ўтирсанг айтаман.
— Гапир!

У изтироб билан ўтган болалигини эслаб кетди. Гўдак дилига озор берган, мурғак хотирада бир умр ўчмас из қолдирган ота қилмишини, ўз боласининг кўкрагидан итарган она қилмишини алам билан эсига олди. О, у кунлар унутилиб кетса бўлмасмиди?

Исмоилжон папирос чекди. Толнинг шовуллашига бир муддат қулоқ солиб тургандан кейин титраб гап бошлади.
— Кимлигимни билиб ол. Кимман, қанақа одамман, билиб қўйганинг яхши. Саккиз яшаримда дадам билан аям ажралиб кетишди. Ўшанда аям билан қолганман. Ярим йил ўтмай аямнинг кўзига шумшук бўлиб қолдим. Икки гапининг бирида, бахтимни қора қиляпсан, орқамда эргашган болам билан мени ким оларди, дейдиган бўлиб қолди. Бу гапларга бола эканман-да, тушунмаганман. Кейин аям эрга тегди, ўгай дадам у ёқда қолиб аямнинг ўзи чиқиштирмади. Дадамнинг олдига бордим. Уйланган экан. У ерга ҳам сиғмадим. Кўчада қолдим. Ота-онам тирик бўла туриб детдомга киришга журъат қилолмадим. Мактабда ётиб қолиб ўқидим. Бировларнинг нонини еб, бировларнинг кийимини кийиб катта бўлдим. Институтда ўқиб одам бўлишни астойдил ният қилган эдим. Ниятимга етдим. Ётоқда ётиб ўқидим. Ўқиган мактабимнинг директори жуда яхши одам эди. Мактабдан дарс олиб берди. Ҳам ўқидим, ҳам ўқитдим. Ёзги каникул пайтларда ҳам конструкторлар бюросидан чертёж кўчириш ишини олдим. Диплом қўлга тегдию ишга тушиб кетдим. Севги ишларига, ўйин-кулгига вақтим бўлмаган. Ўз тенгларимдек яйраб яшнамаганман.

Башорат беихтиёр унинг қўлларидан ушлади. Исмоилжон гапиролмай энтикди. Салдан кейин ўзини ўнглаб яна гапира бошлади.
— Ўтган йилнинг ўзида икки марта судга тушдим. Дадам судга берибди. Хотини ўлиб икки ёш бола билан қолибди. Ёрдам сўраб келишга юзи чидамай нафақа ундириш учун судга берган экан. Суд ҳукм қилиб берди. Сал ўтмай аям судга берди. Эри қамалиб кетган экан, ўгай болалари чиқиштирмай уйдан ҳайдашибди. Энди керак бўлибман. Нафақа ундирди. Негадир ўз онамга ўхшамайди. Кўриб юрагим жиз этмади ҳам. Шаҳардан жой топиб кўчириб олиб бориб қўйдим. Бориб тураман, бораману бегона одамнинг олдига боргандек бўламан. Уйланиб рўзғор қиладиган пайтимда яна ташвиш. Ўгай укалар, дадам, онам... Ўзим қолиб уларнинг ташвиши билан бандман. Болалигимни жувонмарг қилишган эди. Энди катта бўлганимда ҳам шулар ғов. Қани айтчи, қачон севаман, кимни севаман? Қайси бир бечорани ташвишларимга шерик қиламан?

Уларнинг иккови ҳам жим қолишди. Исмоилжон уст-устига чекар, ҳар чекканида папироснинг қип-қизил чўғи юзини ожизгина ёритарди.

Башорат ўйларди. У ҳалигача Исмоилжоннинг тўнглигидан, ўзига бепарволигидан койинарди. У бечорани нималар демади? Кесак, деди, тош деди. Башорат яримта ой атрофни аранг ёритиб турган ним қоронғи сокин дала четида ўтириб шу пайтгача дилига ҳам озор, ҳам қувонч берган йигитнинг кўрган кунларига ич-ичидан ачиниб кетди. Энг яқин кишилари ўғирлаб кетган шодлигини, болалик қувончларини қайтариб келгиси, муҳаббатга жой бермаган кўксини пармалаб оташ солгиси, қўлидан етаклаб қўшиққа ўхшаган, нурга ўхшаган, аллақандай ажойиб оҳангларга ўхшаган муҳаббат кўчаларига бошлаб кетгиси келди. Қизлик ғурурини четга суриб қўйиб энтикиб-энтикиб гапирди:
— Мени ким севарди дединг. Мен севаман. Қайси бир бечорани ташвишимга шерик қиламан, дединг. Мен шерик бўламан! Одам боласининг қалбида севгигаям, ғазабгаям, ғам-ташвишгаям жой топилади. Қалбга кириб олган чинакам севги ташвишниям, ғамниям, ғазабниям ҳайдаб чиқаради. Шунақа...

Юлдузлар ҳамон ўчиб, ёнади, қийшиқ ой терак учига жиға бўлиб, қўниб турибди.

Терак учидан ой думалаб тушиб кетди. Тонг отиб келарди.

Исмоилжон Башоратнинг қўлидан чамадончани олиб, машина томонга юрди. Сал ўтмай мотор гуруллади. Башорат машинага интилди.

Еру кўкка нур пуркаб отаётган шу тонг Башоратга излаган бахтини топиб бергандек эди.

Еру кўкка нур пуркаб отаётган шу тонг Исмоилжонга йўқотган шодликларини қайтариб бергандек эди.
— Шу менинг чинакам бахтиммикин?—деб ўйларди Башорат.
— Шу менинг чинакам шодлигиммикин?— деб ўйларди Исмоилжон.

Кошки эди...

Гул ҳақида ҳикоялар

Бир томчи сув

Нигора бир ҳафтагина қишлоққа онасининг олдига бориб келадиган бўлиб қолди. Эри командировкада. Уй Олғиз қолди. Поездга чиқиб энди чамадонни ўрнига қўяётганида бирдан бўшашиб кетди.

Тувакдаги гулга сув қуйиш эсидан чиқибди-ку.

Ахир, Нигора уни қандай авайларди. Кун ора сув қуйиб чамандек очилиб турган гулларини ҳидлаб, ҳидлаб оларди. Нима бўлади энди?

Эри Козимжон Кисловодскдан атайин самолётда олиб келган эди. Икки йилдан бери уни парвариш қиларди. Ёзда ҳовлига опчиқиб экар, куз келди дегунча яна тувакка ўтқазиб, уйнинг кунгай томондаги дераза раҳига қўярди. Нима бўлади энди?

Битта гул учун орқага қайтсинми? Қайтарди ҳам, аммо поезд жойидан қўзғалиб, шитоб билан олдинга интилиб кетяпти.

То қишлоққа етгунча ҳам шу гул унинг хаёлидан кетмади. Назарида сарғайиб сўлаётгандек, қуриб-қовжираган барглари дераза олдига тўкилиб ётгандек...

У қишлоқнинг қатқалоқ кўчаларидан кетаркан, бирон уйнинг деразасида гул кўрдими, бўлди, хаёли яна уйига учиб борар, қуриб қолган гул олдида маъюс тургандек бўларди.

Нигора қайтаётганда қалин қор тушди. Пўстинига ўраниб поездга чиқди-ю, вагон ойнасидан оппоқ далаларни маъюс томоша қилиб келди. Ниҳоят уйи остонасига ҳам етди. Қандай қилиб эшикка калит солганини, қандай қилиб дераза олдига келиб қолганини ўзи ҳам билмасди.

Тувакдаги гул ҳамон яшнаб турарди. Унинг кўм-кўк барглари тагидан яна куртакчалар бўртиб қолибди.

Нигора очиламан деб, турган ғунчага энгашиб димоғини тегизди. Бирам хушбўй, бирам хушбўй!

У, бир ҳафта сувсиз қолган бу гулнинг аввалгидек яшнаб туришига ҳайрон эди.

Офтоб дераза қировини эритиб ҳар куни бир томчидан тувакка сачратганидан Нигора бехабар эди.

Бир томчи сувда қанчалар қудрат борлигини у сира-сира хаёлига келтиролмасди.

Бобо, бола, гул

Бобо эшиги олдидаги супада соатлаб ўтирарди. Ўтган-кетганга чой тутиб супачасига таклиф қиларди.

Бу баҳор у супа ёнбошига кичкинагина гулзор қилди. Чиройли жўякчалар тортиб анвойи гуллар экди. Мана, бир туп атиргул ғунчага ҳам кирди. Айниқса битта ғунча ана очиламан, мана очиламан деб турибди. Чолнинг икки кўзи шу ғунчада.

Тикилган қозон қайнамас дегандек унинг очилиши жуда қийин бўлди. Бобо унга тикилавериб кўзлари толди.

Бир кун эрталаб одати бўйича шолчасини судраб супага чиқса бирам чиройли бўлиб очилибдики. Чол тишсиз оғзини очганича унга тикилиб қолди. Шолчани супага ташлаб гул тепасига келиб энгашди. Кафти билан уни беозор кўтариб ҳузур қилиб ҳидлади.

Бобонинг табиати равшан бўлиб кетди, Шолчани супага хотиржам ёзиб чой олиб чиққани кириб кетди. У қайтиб қўлида чойнак-пиёла билан чиққанда гул бандида йўқ эди. У ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа қараса кўчанинг нариги бетида бир хотин аравачада ўтирган икки ёшлар чамасидаги боласига ўша гулни беряпти.

Бобонинг ғазаби қайнаб кетди. Бу нимаси, кап-катта одам, бировнинг гулини узгани уялмайдими? Бу яшнаб турган гул қанчадан-қанча кишиларнинг баҳри-дилини очарди.

Бола онасининг қўлидан гулни олди-да, қип-қизил баргчаларини юлаверди. Бирпасда унинг оппоқ кўйлаклари, кўк товар кўрпачалари гул япроқларига тўлди.

Бола оппоқ қўлчалари билан шу япроқчаларни бирма-бир териб тиқмачоқдек тиззаларига сочар, қийқирарди.

Бобо унинг қийқиришидан, гул баргларини сочиб ўйнашидан завқланиб кетди. Бояги жаҳлидан ном-нишон қолмади. Қайтиб супасига ўтирди. Гулнинг биринчи ғунчаси куттириб очилади. Кейин бири кетидан бири очилаверади.

Бобо ҳар гал эрталаб чиққанида гулларининг яшнаб очилиб турганини кўрганида негадир ўша болани эслайди. Унинг яна келиб гул узишини, дўмбоқ қўллари билан уни силкитишини истарди.

Унинг назарида

Эрта баҳорнинг эндигина ердан қор кетган кунлари эди.

Шаҳар ўртасидаги туғруқхона деразаси тагида бир хотин кичкина саватчада гунафша кўтариб турибди. Бир йигитча деразага миниб олиб кўзи ёриган хотини билан гаплашяпти.
— Вақти бўлди, ҳозир олиб келади, кўрасиз, бирам чиройли, бурнилари худди чимчилагандек, кўзлари қоп-қора...

Она боласини таърифлашга сўз еткизолмади. Ота оғзининг таноби қочиб илжаярди. Боласини тезроқ кўра қолишга шошарди.

Ниҳоят доя хотин боласини олиб келиб қўлига берди. Она чойшабни елкасига тортиб уни бағрига босди-да, чўп-чўп ўпиб олди.

Боланинг бурунлари ялпоқ, пешоналари ёғ суртгандек, кўз ўрнида иккита чизиқ эди. Умуман бола янги туғилганда шунақа бўлади.
— Муни қаранг, чиройлилигини қаранг...

Ота деразадан суғурилиб тушиб бояги хотиндан бир даста бинафша олди-да, хотинига узатди. Хотин бахтиёр кўзларини унга меҳр билан тикиб ҳидлади. Кейин бинафша дастасини боланинг димоғига тутди. Бола ғаши келгандек лабларини қимтиб қўйди. У шундай қилганда оғзи бир тарафга қийшайиб кетди, анча вақтгача уриниб йиғиштириб ололмади.
— Вой, буни қаранг, биляпти, ҳидлашини қаранг, вой тавба.

Бола ҳидлаш у ёқда турсин, нима бўлаётганини ҳам билмасди.
— Муштдаккина бола баҳор келганини биляпти-я, бинафша ҳидлаяпти-я...

Мана шу воқеага саккиз йил бўлган. Ўша бола бир чиройли, бир келишган қиз бўлган. Ҳар баҳор келганда бинафша кўрса онанинг баҳри-дили очилиб кетади.
— Вой тавба, муштдек вақтида бинафшани билганини қаранг, ҳали кўзини очмагандаёқ бинафша ҳидлаган-а...

Бу воқеа энди она хотирасида бир умр қолди, деяверинг.

Абадий гул

Автобус чўл ўртасида тўхтаб, сув алмаштириб олиши керак. Бу ерда ҳеч ким яшамайди. Йўловчи машиналарнинг сув алмашишига атайин қудуқ қилинган. Қудуқдан икки метрча нарида бир туп атиргул очилиб турибди. Унинг ёнидаги тахтачада шундай ёзув бор:

То машина мотори совигунча у ёқ-бу ёққа қараб чўлни томоша қилишади ва албатта гулга кўзлари тушади. Шунда тахтачадаги ёзувни ҳам ўқишади. Бирин-кетин пиёлада сув обориб гул тагига қуя бошлашади. Қарабсизки, ҳадемай гул тагидаги чуқурча сувга тўлади.

Автобус яна йўлга чиқади. Кимсасиз чўл ўртасида шу файзсиз ерларга жилва бериб биргина гул қолади. Яна автобус кўринади, кечга бориб яна...

Чўлнинг оловдек офтоби унинг баргини қуритолмайди. Томирларига жон бериб турган тупроқнинг намини ҳавога учиролмайди.

Чунки бу ердан кунига уч марта одам ўтади, уч марта шу гулга сув беради.

Бу — абадий сўлмас гул.

Жажжи ҳикоялар

Тансиқ

Шаҳримизга ҳали қирдан лола келмаган эди.

Кексалар тўқсон чиқди-ю, оппон-соппон ҳали турибди. Битта қор ўтсин ундан кейин ҳамал киради, дейишарди.

Аммо Чилонзор томонда турадиган бир темирйўлчи жувон очиқ машинада бир даста лола кўтариб ўтди.

Ҳамманинг кўзи унинг қўлидаги лолада. Ўтган ҳам, кетган ҳам қарайди. Машина тез юрганидан шамол лолани шундай ҳилпиратадики, офтобда у худди лов-лов ёнаётганга ўхшайди.

Шу пайт шамол лоланинг биттасини юлқиб олди-да, кўча ўртасига улоқтирди.

Машиналар катта тезлик билан бири кетидан бири учиб бормоқда. Шофёрлар лолага етай деганда руль буриб унинг ёнидан айланиб ўтиб кетишади.

Мана шу аҳволда кун чошгоҳ бўлди. Лола ҳали ҳам кўча ўртасида чўғдек ёниб турибди. Машиналар ҳамон унинг ёнидан айланиб ўтиб кетишяпти.

Йўловчилар юракларини ҳовучлаб ишқилиб машина босиб, эзғилаб кетмасин-да, деб ташвиш қилишади.

Охири кўчани тартибга солиб турган милиционер чидамади. Кўча ўртасига тушди.

Машиналар бири кетидан бири тормоз бериб тўхташди.

Постовой оҳиста бориб лолани олдида, фуражкаси тагидан чаккасига қистириб қўйди.

Машиналар ғиз-ғиз ўтиб турибди. Шофёрлар, йўловчилар чоррахага келганда машина деразасидан бош чиқариб, милиционер чаккасидаги лолага қарашади. Уларнинг юзида бир чиройли табассум порлайди.

Шу куни лола очилганини бутун шаҳар билди.

Одамлар дилига бу йил баҳор вақтлироқ киргандек бўлди.

Бир умр...

Театр майдонидаги саҳн баҳор кезлари жуда гавжум бўлади.

Қари-қартанг, ёш-яланг скамейкаларга ўтириб олиб ўзларини офтобга товлашади. Кампирлар аравачаларда невараларини олиб келиб, ўзлари кўз ойнак устидан газетани ялагудек қилиб ўқишади.

Мен ҳам бўш пайтларимда шу ерда ҳордиқ чиқаришни жуда яхши кўраман.

Бир кун киоскадан газета олиб ўқиб ўтирган эдим, ёнимда ҳассасини скамейкага тираб бир хотин ўтирарди. Унинг олдидаги ҳаво ранг аравачада невараси ипи тугмасига боғлаб қўйилган қизил шарни ушлавололмай қийқиради. Кампир унга бепарво, ўтган-кетганларни томоша қилади.
— Неварами?— дедим. Кампир ўгрилиб қаради.
— Йўқ, айланай, чевара. Чевара ширин бўларкан. Онаси ёш. Дадасининг ўзи бола. Ўзим оёққа турғизиб бермасам эплашолармиди.
— Ҳали юрмайдими?
— Юриш қаёқда айланай. Энди той-той туряпти.

Биламан, болалар жуда айёр бўлишади. Кўтарадиган одамни топишса сира ерга оёқ қўйишмайди. Бу бола ҳам шунақа қилаётгандир. Кампирнинг меҳрибонлигидан фойдаланаётгандир.
— Юриб ҳам кетарди, қиш пайтида бола юришга эринади. Мана офтоб одамнинг елкасини қиздириб қолди. Энди юриб кетар.

Кампир шундай деб болани аравачадан олди. Икки қўлтиғидан ушлаб ерга қўйди. Бола аввалига тиззасини букиб тихирлик қилиб турди-да, кейин икки оёғини ерга тиради.
— Қани, амакингларга битта той-той туриб бергин.

Кампир уни қўйиб юборди. Бола худди ҳавода муаллақ қолгандек омонат туриб қолди, кейин бирдан олдинга шўнғиб кетди. Шу шўнғиганда ўнг оёғини кўтариб ташлади. Йиқилмади. Кейин яна бир марта шундай қилдию, маст одамдек гандираклаб юриб кетди. Тўрт-беш омонат қадам ташлаб орқаси билан ўтириб қолди. Кампир югуриб бориб уни кўтарди. Бола энди аравага ўтиргиси келмай, ерга тушишга хархаша қилаверди. Кампир уни ерга қўйишга мажбур бўлди.

Шу алпозда бола уч-тўрт марта юришга интилди. Охири пилдираб беш-олти қадам босадиган бўлиб қолди. Кампир хурсанд.

Уларга қараб туриб, ўйлаб кетибман.

Боланинг оёғи ерга тегди. Биринчи қадами бошланди.

Эҳ-ҳе, бу одам ҳали ҳаётда қанчадан қанча ерларни шу оёқ билан босиб ўтади. Умр бўйи...

Ҳайкал

Бухорода қадим иморатлар кўп.

Бу кўҳна шаҳар кўчаларида хаёлчан кезарканман бир тўда сайёҳлар боши булутга чулғанган минорага қараб туришганини кўрдим. Уларга кекса бир илмий ходим минора тарихини тушунтиряпти. Қулоқ солдим.
— Етти юз йил бўлган бу миноранинг қурилганига.

Сайёҳлар ҳайрат билан ёқаларини ушлашди.

Мен бу хил ёдгорликларни кўп кўрганман. Арманистондаги тўрт минг йиллик Двин ҳаробалари, Кегарт қалъаларини, неча минг йиллар муқаддам ёзилиб бизга етиб келгунча тошга айланган китобларни кўрганман. Шуларни одам яратган, уларда одам қўлининг изи бор.

Бухоро кўчаларида кезарканман жуда кўп хотиралар хаёлимдан ўтади. Асрлар қаърида қолиб кетган жангу жадалларни кўргандек, қилич-қалқонларнинг жарангини эшитгандек бўламан.

Буларнинг барини тарих шамоллари учириб кетди. Одамларнинг хотиридан юлиб кетди.

Аммо кўҳна деворда қолган беш бармоқ изи ҳали ҳам кўриниб турибди. Бу минг йиллар қаърида йўқ бўлиб кетган одам қўлининг изи. Шу азамат бинога ғишт терган меъмор қўлининг изи.

Одам қўлигина одамга абадий ҳайкал қўйишига ана ўшанда ишонганман.

Гугурт

Ишдан жуда табиатим равшан қайтдим. Энди қўлимга гулқайчини олиб айвонга чиққан эдим, эшик тақиллаб қолди.
— Айтганча, эсимдан чиқибди,— деди жияним. — Мирвали ака икки марта ўғлини чиқазди. Уйида меҳмонлар бор эмиш, чиқармишсиз. Ҳойнаҳой яна бола чиқазади.

Эшикни очсам, дарҳақиқат, Мирвалининг ўғли. Ўша гап. Ҳозир чиқаман дедиму, ўйланиб қолдим. Чиқсам, албатта ичкилик бўлади. Чиқмасам, қиёматлик қўшни, хафа бўлади. Ноилож кийиниб Мирвалиникига қараб кетдим.
— Э, шунақаям бўладими, шу ҳам қўшничиликми. Қиринг уйга. Ишхонадан хўжайинлар келишган.

Мирвали аллақайси базада экспедитор. Демак, база ходимлари келишган. Улар билан қандай тил топаман. Нимани гаплашаман. То ўйлаб бўлгунимча Мирвали қўлимдан судраб ичкарига бошлади. Бир уй одам. Юқорида, ўнг юзида данакдек холи бор ўрта яшар бир киши каҳрабо сопли пичоқ билан қази тўғраяпти. У қазини ҳар япроқлаганда, пиёлани бўшатган кишининг оғзига ўзи солиб қўяди. Холдор киши мен билан тирсагини тутиб кўришди.
— Аъзамжон ака,— деди Мирвали холдор кишига мени таништириб, — бу киши каминангизнинг ён қўшниси бўладилар. Ўзимизнинг бола. Киришимли.

Кўпчилик бу гапдан кейин менга тўрдан, Аъзамжон аканинг ёнидан жой берди. Ўтирдим. То нафасимни ростлагунимча, пиёла қўлимга келиб қолди.
— Оласиз, оласиз. Мирвалининг эсонлигига.

Ноилож қолдим. Кўзимни чирт юмиб туриб ичиб юбордим. Аъзамжон ака ўз қўллари билан оғзимга закуска солиб қўйдилар. Пастроқда ўтирган, қўлига узук таққан йигитга Аъзамжон ака таъна қилиб қўйдилар.
— Бўлди, сен ичма, рулда ўтирадиган нарсасан.

У йигит қўлини кўксига қўйиб: «Хўп ака»,— деди-ю, пиёлани олиб, яна шимирди. Аъзамжон ака пешонасини тириштириб: «Шунақасан-да»,— деб қўйди.

Ўртага кабоб келди. Аъзамжон ака ўз қўли билан икки-икки сихдан расамади билан меҳмонларнинг ликопчасига қўйди.

Боя мен кирганда, гап аллақандай артикул тўғрисида борарди. Кабоб устида узилган гап уланиб кетди:
— Ўзидан кўрсин, неча марта айтганман, ревизор билан орани бузма, деб. Ревизор халқи топаман деса, ҳар қанақасидан ҳам ишкал топади.
— Суннатингиз ҳаддидан ошиб кетди, ўзи. Рўзғорига ҳам савдонинг пулидан олади. Сотувчининг шўри, десангиз-чи,— деди узук таққан йигит.

Уларнинг гапига қулоқ солиб ўтириб, шу базадан мол оладиган бирон дўконда ишкал бўлганини сездим. Уларнинг хотиржам гаплашишидан, дўкон мудири, эплаштириб тинчиб кетишига ҳам ишониб қўйдим.

Аъзамжон ака, ҳозир пора билан иш битказиш мумкин эмаслиги, пора берган ҳам, пора олган ҳам қия бўлиб кетишини айтиб қолди.

Шунда бир гап эсимга келиб, мен ҳам суҳбатга аралашиб қолдим;
— Аллақайси бир базанинг мудири порани санамасдан оларкан,— дедим. Аъзамжон ака кабобни чайнамай лунжига босиб туриб башарамга қаради:
— Хўш, қандоқ қилиб оларкан?
— Ўзининг ҳар қайси дўкон мудирига кесиб қўйган таксаси бор экан. Улар мол олгани келишганда папирос сўраркан, папирос берса, гугурт сўраркан. Гугуртни чақиб ё қайтиб бераркан, ё ёнига солиб қўяркан. Ёнига солса, ўша дўкон мудирининг иши битгани, қайтиб берса шўри қуригани экан.
— Шунақами? Биринчи эшитишим,— деди Аъзамжон ака.— Бунақасини биринчи эшитишим.
— Ўша гугурт қутисида пул бўларкан, чўпини ёндираётганда ичига қараб пулнинг бор-йўқлигини биларкан. Пул бўлса, ёнига соларкан, бўлмаса, қайтиб бераркан.

Аъзамжон ака оғзидаги гўштни бир-икки марта лунжида айлантириб ютолмади, оғзидан олиб хонтахтанинг тагига ташлади.
— Биринчи эшитишим. Тавба, сизга ким айтди?

Ўлай агар, кимдан эшитганим эсимда йўқ эди, шунинг учун ҳам тайинли бир гап айтолмадим.

Шундан кейин гап гапга қовушмади. Суҳбат муз бўлиб кетди. Меҳмонлар ичкиликка зўр беришди. Тилим қичиб яна битта қизиқ воқеани айта бошлаган ҳам эдим-ки, Аъзамжон ака жеркиб берди. У анча кайф қилиб қолган эди.
— Ука, сиз бу гапни бир ёққа қўятуринг, аввал бояги гапни айтинг. Ким ўша порахўр? Шуни айтинг.

Нима дейишга ҳайронман. Ғудирладим.
— Йўқ, айтинг. Айтмаганингизга қўймайман. Исбот қилинг. Шунақа.

Нима бўляпти, Аъзамжон ака нима деяпти, сира тушунолмасдим.
— Айтмайсиз шундайми? Демак, қўлингизда далилларингиз йўқ. Гаплашамиз, тегишли жойда гаплашамиз. Гугурт қутисидаги пулни ўз кўзингиз билан кўрганмисиз? Ушлаб олганмисиз? Жавоб берасиз! Ҳа, шунақа. Қачон, қайси вақтда, айтасиз. Кимдан, кимнинг олдида, айтасиз. Гувоҳларингиз борми?

Меҳмонга чиқмай ўлай. Ўз бошимга қандай балони орттириб олдим. Нима қилардим ҳикоя айтиб.
— Сиз билан тегишли жойда гаплашиб қўяман. Бўйнимга қўйиб бермасангиз, шармандангизни чиқазаман. Бекорга бенават бўладиган пайтлар ўтиб кетган.

Мирвали деразадан мени имлаб чақирди. Ўрнимдан тураётганимда, Аъзамжон ака этагимдан тортиб ўтқазиб қўйди.
— Ўтирасан. Кетадиган бўлсанг фамилиянгни айтиб, кейин кетасан,— деб туриб олди.

Жаҳл билан этагимни силтаб турдим-у, чиқдим кетдим. Орқамдан у ҳамон жаврар эди: — Бўйнимга қўйиб берсин, исбот қилсин. Унақа замонлар ўтиб кетган.

Мирвали ташқарига чиққанимда ўпкалангандек бўлди:
— Нима қилардингиз қўшни, шу гапни айтиб. Энди зиёфат ҳам татимайди.
— Нега у кишига алам қилади? Мен бутунлай ўзимга ҳам нотаниш одам тўғрисида гапиряпман-ку.
— Э, содда экансиз-ку, қўшни. Эгасини топиб гапирдингиз. Бу ўтирганларнинг ёнидаги гугуртлар энди чўнтакдан чиқмайди.
— Бўлмаса, энди кетай, ўтиришингларни бузмай,— дедим-да, эшикка қараб юра бошладим. Уйдан ҳамон Аъзамжон аканинг овози келарди:
— Фамилияси Хажайип-а, гаплашиб қўяман!

Чол куёв билан кампир келин

ЗАГС эшиги олдидаги скамейкада беқасам тўн кийган чол билан крепжоржетдан кўкрак бурма кўйлак кийган кампир ўтирибди. Чолнинг қўлида бир даста гул. Кампир резинкаси оёғини қисиб юборган шекилли, капрон пайпоқни ҳимариб, тўпиғига тушириб олибди. ЗАГС эшигига кирган ҳам, чиққан ҳам уларга қараб илжайиб қўяди.

Навбат чол билан кампирга келди. Иккови қизил стол олдига қўйилган стулга омонатгина ўтиришди. Кампир рўмолга юзини ўраб акса урди. Чол уни киши билмас бир туртди. Кампир ўрнашиб ўтириб олди.

ЗАГС мудираси катта дафтарни очиб чолга қаради.
— Исмингиз, отангизнинг исми, туғилган йилингиз? Биринчи уйланишингизми?

Чол ҳамма саволта жавоб берди-ю, «Биринчи уйлаланишингизми», деган сўроққа нима дейишини билмай оғзини очганича туриб қолди.
— Жавоб бермадингиз-ку?— деди мудира. Чол шошиб жавоб қилди.
— Шу биринчи уйланишим, болам. Шундоқ деб ёз.
— Ёшингиз етмиш иккига кириб, энди уйланяпсиз-ми?
— Йўқ болам, аввал уйланганман. Ҳакимжон бойвачча ўғлини суннат қилдирган куни уйланганман.

ЗАГС мудираси ҳайрон қолди.
— Ҳакимжон бойваччангиз ким бўлди?
— Хўжайиним-да. Ҳакимжон бойвачча билан бир онани эмиб катта бўлганмиз. Отаси Зиёдулла кўпос тўрт даҳага таниғлик эди. Шу Ҳакимжон туғилганда онасининг кўкрагига сут келмай, бизнинг волидага эмиздирган. Катта бўлганда хизмат ҳақингиз учун ўғлингиз Ирисматни уйлаб қўяман, деб ваъда берган. Кўпос номардлик қилиб, катта бўлганимизда Ҳакимжонни уйлаб, мени қирга молбоқар қилиб чиқарворди. Ҳакимжон ўғил кўрди. Ўзи бу авлоднинг насли тоза эмас экан, келиннинг ҳам кўкрагига сут келмай, болани волидамизга эмиздирди. Шу бола катта бўлиб, суннат қилинганда, мен йигирма бешни уриб қўйган эдим. Жаҳлим чиқиб Ҳакимнинг синглисини отга ўнгариб қочдим.

Кампир рўмол орасидан гап қўшди.
— Довдирамай ўлинг. От эмас, эшакда опқочган эдингиз.
— Эсимда йўқ, эсимда йўқ. Сен аралашма, — деди чол.
— Хўш, нима қилгин дейсиз? — деб сўради мудира.
— Бизни никоҳлаб қўй, болам.
— Ҳалигача никоҳинглар йўқмиди?
— Эски никоҳни домком инобатга олмаяпти. Кесак-қўрғондаги Кофир қори никоҳлаган эди. Лаънати никоҳ ҳақига янгигина, атиги икки марта бошлатилган этигимни ечиб олган.
— Домком нима дейди?
— Э, болам, тарихи узоқ бу гапнинг. Ҳукумат Чилонзордан янги уй берган эди. Домовойдан ўтаман, деб домкомнинг олдига тушсам, кампиримни ўтказмади. Бувим сизнинг хотинингизликларини мен қаёқдан биламан, дейди. Ўн тўрт невара, саккиз чеварамни етаклаб алдига тушдим. Кўнмайди. Ҳужжат керак, дейди. Қанақа ҳужжат керак, десам, закска қоғозини олиб келинг, дейди. Мана олдингга келдим. Бир бало қил.

ЗАГС мудираси кулди.
— Бўпти, ота, ҳозир тўғрилаб бераман. Энди, айбга буюрмайсиз, қоида шунақа, сўроқларимнинг биттасини ҳам қолдирмай жавоб бёрасиз.

У кампирга мурожаат қилди.
— Исмингиз нима, буви?
— Қулоқдан қолган, қаттиқроқ гапир, болам. Оти Халча эди. Қариб, бўшашиб қолганидан уни Халта деб чақираман. Қайси бирини ёзсанг ҳам бизга бари бир.
— Хоҳлаб тегяпсизми, буви?— деди мудира қаттиқ товушда.

Кампир чолга қараб муғомбирона кулиб қўйди.
— Оҳ, болам, ёшлигим қайтиб келса бу сассиқ чолга ўлсам ҳам тегмасдим. Ўттиз беш йил олдин мени урган.
— Эски гапни қўй,— деди чол. — Дўхтир испарапкаси йўқ гапни гапирма. Хоҳлайди, хоҳламай қаёққа борарди.

Кампир яна гапирди:
— Ҳу, ўша, қўша қаринглар, деган кофир қорини ер ютсин.
— Қарғама. Кофир қорини ер ютганига ўттиз йилдан ошиб кетди. Кўрдингми, қизим, шу хотин билан безакун қирқ икки йилдан бери яшаяпман.

ЗАГС мудираси уларнинг гапига қотиб-қотиб куларди.
— Асли бу кампир яхшиликни билмайдиган нарса. Домовойдан ҳам бир амаллаб ўтказардим. Бу ёқда бошқа гап ҳам чиқиб қолди. Ҳукумат менга олтмиш сўм пенсия беради. Шу кунда сал тобим айниб, юрибди. Ўлиб-нетиб қолсам пенсиямни шу олсин, деб закска қилдиряпман. Закска бўлмаса бунга пенсиямни бермайди.

Кампирнинг жаҳли чиқиб кетди.
— Пенсиянгизга зор эмасман. Битта жонимни невара-чевараларим боқиб олар. Ўлигим кўчада қолмас.
— Кўрдингизми. Қулоғим кар дейди-ю, ўзига керакли гапни дарров эшитади.
— Бунақа гапларни қўйинглар. Одамлар кутиб қолишди. Хўш, хоҳлайсизларми?

Эшикда кутиб қолган бетоқат келин-куёвлар ичкарига бостириб киришди. Чол билан кампирнинг муомаларини кўриб, гуриллаб кулиб юборишди.
— Хўп, — деди чол ўрнидан тураркан. — Ҳаммасига розиман. Ишни тезроқ битказ, болам.

Орқадагилардан бири гап қотди.
— Ўпишишмаса қоғозни берманг.
— Ия, ҳали шунақаси ҳам борми? — деди кампир ҳайрон бўлиб.
— Ҳа, қоида шунақа, — деди мудира жиддий.

Улар ноилож қолишди. Чол кампирнинг елкасига қўлини ташлаб уни ўзига қаратди.
— Ўптириш ҳам эсингдан чиқиб кетгандир. Шошма! Чол бир ютиниб енгини шимарди-да кампирни ўпди.
— Ҳа, хотинча, ўптиришни сенга-ю, ўпишни менга чиқазган-да!

Кулгидан ЗАГС деразалари зириллаб кетди.

Чироқни ўчир

Мажлис раиси тикув фабрикасининг директори Азларовга сўз берди. Азларов салмоқли қадамлар билан битта-битта босиб минбар томонга йўл олган эди, қорнида бир нима узилиб кетгандек икки букчайиб, аранг минбарга етиб олди.

Ўртоқлар!

У «ўртоқлар»ни шундай қаттиқ айтдики, олдидаги қоғоз оғзидан чиққан шамолдан учиб полга тушди. Қоғоз докладнинг биринчи бети экан шекилли, Азларов бошқа гап айтолмай жаҳл билан яна бир марта «ўртоқлар» деди.

Президиумдагилар полдан қоғозни олиб унинг олдига қўйишди.

Азларов биринчи варақдаги гапларни тутилмай ўқиб берди. Яъни, фабрика квартал ишлаб чиқаришини муваффақият билан якунлагани, маҳсулот сифати кўтарилгани, ҳамма моллар аъло навга ўтганини гоҳ илжайиб, гоҳ писанда қилиб ўқиб берди. Биринчи варақдаги гаплар тамом бўлди шекилли, иккинчи варақни очмай саросимага тушиб анча туриб қолди. Нега у иккинчи варақни очмайди. Худди сандалда қўлини иситаётгандек юқорига чиқармайди?

Азларов шу куйи узоқ саросимада тургандан кейин қоғозни тили билан варақлаб очди-да, қолган жойидан олиб кетди.

Унинг бу ишидан залдагилар кулишни ҳам, кулмасликни ҳам билмай, биров илжайиб, биров оғзини очмай йўталиб қўяқолди. Аммо Азларов то доклади тугагунча қолган етти бет қоғозни ҳам тили билан варақлаб очди.

Доклад қарсаклар билан тамом бўлди.

Доклад-ку, тамом бўлди, нега энди Азларов минбардан тушмайди. Залга қарайди, жавдирайди, президиумга қарайди, жавдирайди. Нима бўлди?

Мажлис раиси фабрика ветерани — кекса ишчи Қосим отага сўз берди. Аммо Азларов минбарни бўшатмади. Чол саҳнада туриб Азларовга бошдан-оёқ бир қараб чиқди-да, саҳнанинг бу четига ўтиб, гапини бошлади.
— Ўртоқлар! Фабрикамиз квартал планини ошириб бажаргани рост. Докладчи ўртоқ Азларов маҳсулот сифати ҳақида ёлғон гапирди. Тиккан кийимларимизнинг сифати расво. Мен сизга фабрикамизда такилган энг яхши костюм шимлардан биттасини кўрсатаман.

Чол Азларовта юзланди.
— Ўртоқ директор, сизнинг костюмингиз махсус заказ билан фабрикамизда тикилган, бу ёққа ўтиб халққа бир кўрсатинг. Кўриб қойил қолишсин.

Азларов нимадир, деб ғулдиради. Нима деганини биров тушунмади.
— Кўрсата олмайди, ҳатто минбарнинг камгагидан чиқолмайди ҳам. Боя доклад ёзилган тезис қоғозларни тили билан варақлашига нима сабаб биласизларми? Ўзим айтиб қўяқолай. Битта «Ўртоқлар!» деб кучангандаёқ аъло навли шимнинг тугмалари ерга тўкилиб кетиб, ўртоқ директорнииг икки қўли банд бўлиб қолган.

Чол залга қараб кимнидир қидира бошлади. У ахтарган одамини топиб, хурсанд бўлиб кетди.
— Ҳой монтёр болам, чироқни бирпас ўчир, Азларов уйига бориб бошқа шим кийиб келсин.

Ҳали кулги босилмаган ҳам эдики, чироқ лип этиб ўчди. Чироқ ёнганда Азларов минбарда йўқ эди, Мажлис раиси навбатдаги нотиққа сўз берди.

Собиқ

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, биринчи куниёқ тўққиз тонна пахта терибман. Аввалига ўзим ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Тавба, шунча пахтани ўзим тердимми, ё биров қўшиб қўйдими? Эртасига бир ғайратга ўн ғайрат билан пахта териш мана бунақа бўлади, деб ишга тушиб кетдим. Тўққиз ярим бўпти. Ўша куни областдан, Тошкентдан мухбирлар босиб кетди. Овозимни лентага ёзиб радиодан эшиттиришди. Телевизорда икки марта кўрсатишди. Ҳамма ёқни хат босиб кетди. Бунақа обрў кимнинг тушига кирибди дейсиз. Руҳим тетик, бир гапириб ўн куламан. Йўталсам ҳам лаббай, деб туришибди. Раисимиз у ёққа борсам у ёққа, бу ёққа борсам бу ёққа эргашади. Бечора мени еру кўкка ишонмайди. Икки гапнинг бирида:
— Ўзингни тут, катта-кичикнинг олдида шарманда қилма. Сен бизнинг машъалимизсан. Ҳа, шундоқ, соқолингни кунда олиб тур. Дазмол босилмаган шим кийма, — деб насиҳат қилиб туради.

Икки кундан кейин газетанинг биринчи бетида чаккамга пахта қистириб кулиб турган суратим чиқди. Ўша куни раис Бердали ака, яп-янги «Волга»сини ишлаб турган жойимга юборибди. Тез етиб келсин, деб тайинлабди. Оббо, бир гап бўлганга ўхшайди, деб ишни ташлаб идорага қараб кетдим. Борсам раис икки оёғини бир этикка тиқиб, кутиб турган экан.
— Келдингми ука, тез бўл. Кенгашга кетасан. Поезд билетинг тайёр, уйингга бориб кийиниб олгин-у, йўлга чиқ.

Кетдим. Кенгаш эртасига очилар экан, уч кун областда қолиб кетдим. Келган кунимоқ тўппа-тўғри далага чиқиб, энди машинага етай деб қолган эдим, яна ўша «Волга» келиб олиб кетди. Идора олдида, усти ёпиқ юк машинаси турибди. Идорага киришим билан етти-саккиз одам атрофимни ўраб олса бўладими. Киночилар экан. Пахта теришимни кинога оламиз, деб атайин Тошкентдан келишибди. Раиснинг гапини қаранг. Умматалининг машинасида кинога тушсин, ўша томонда пахта яхши очилган, кинода чиройли чиқади деб туриб олди. Умматалининг ерига қараб кетдик. Киночилар ўларча эзма, шошмаган одам бўлишар экан, икки кун овора қилишса бўладими. Мана, чиқиб қолса кўрарсизлар, қандоқ қилиб машина ҳайдашимдан тортиб, пешонамдаги терни қанақа қилиб, қайси қўл билан сидириб олишимгача аппаратга олишди.

Киночилардан қутулиб уйга ҳолдан тойиб келдим-у, кийим-бошим билан ухлаб қопман. Эрталаб раиснинг ўзи уйғотди.
— Тез бўл, кутиб қолишди!
— Тағин киноми? Кеча тамом қилишган эди-ку?
— Йўқ, бошқа гап. Районда янги қурилган маданият уйининг очилиш маросими бўлади. Илғор механизаторлардан бир киши табрик нутқи сўзлаши керак. Сен гапирасан. Қани, кетдик.

Гапни ҳам, аммо-лекин, бопладим. Кунора нутқ сўзлаб тургандан кейин уста бўлиб кетаркансан. Роса чапак бўлди. Ичкарига меҳмонлар учун жой қилдириб қўйишган экан. Артистлар билан бирга ўша ёққа кирдик. Роса пивохўрлик бўлди.

Уйга келиб энди ётган эдим, эшик тақиллаб қолди.

Чиқсам соч қўйган, ингичка мўйловли бир йигит турибди. Елкасида бир метрли фанер сумка.
— Хизмат, ука, ишлари бормиди?
— Атайин ўзларини йўқлаб келдим. Суратингизни ишлашим керак. Виставкага қўйилади.

Ундоқ десам, бундоқ деди, бундоқ десам, ундоқ деди. Сира гапимга кўнмайди. Жанжаллашиб раиснинг олдига бордик. Раис койиб бердилар.
— Эсинг жойидами? Бу виставкага қўйиладиган суратларнинг рўйхатини областдан тасдиқлашган. Қани, дарров бўл.

Ўзингиз биласиз, раисимизнинг гапини икки қилиб бўлмайди. Ишга тушиб кетдик. Рассоми тушмагур ҳали ёш, тажрибаси пишмаган экан. Роса тўққиз кунда ўзимга ўхшатди. Бу орада уйим хатга тўлиб кетди. Пионерлар билан учрашув, медицина ходимлари билан учрашув, мебель фабрикаси илғор ишчилари билан учрашув... Албатта раис буларга ўзи билиб муомала қилди-ю, аммо, районимиздаги пожарний командасининг кекса ходими пенсияга чиқаётгани сабабли табриклашни менга юклаб қўйса бўладими. Бордим. Буларнинг тантанаси ғалати бўларкан. Ёлғондакамига ўт кетди қилиб, бирдан гупир-гупир югуриб қолишди. Бири сув сепаяпти, бири болта билан эски яшикларни парчалаб ташлаяпти. Роса одам йиғилди. Мен учинчи бўлиб сўзга чиқдим...

Ўша куни шамоллаб қолган эканман. Тўрт кун ётиб олдим. Дармоним қуриб ишга кетаётсам, раис қовоқ-димоғини осилтириб самоварнинг сўрисида ўтирибди. Индамай ўтиб кетиш уят. Одобдан эмас. Қўрқа-писа саломлашдим. У мени кўрди-ю, кўзлари яшнаб кетди.
— Э, бормисан! Жуда узоқ ётиб олдинг-ку. Бу ёқда шунча иш, шунча жойдан таклиф. Сен бўлсанг арзимаган касални баҳона қилиб ётибсан. Аллақаёқдан атоқли полвон келаётган эмиш, вокзалга чиқиб кутиб олувчилар рўйхатининг бошида сен турибсан. Шу бугун кеч соат еттида поезд келади. Кечикмай етиб бор. Машинани тайинлаб қўйганман.

Бир нима дей десам, раиснинг феълидан қўрқаман. Чидамадим. Охири ёрилдим:
— Ахир, раис бува, бу ёқда шунча...

Айтдим-ку, раис оғиз очиргани қўймайди деб, уришиб берди.
— Унча-мунча одам қадам босолмайдиган жойларга бораяпсан. Ноз қилма. Йигит кишининг бошига бахт бир қўнади. Қани тур, тайёргарлигингни кўр! Физкультура комитетидан телефон қилиб қулоқ миямни қоқиб қўлимга беришди. Уялтирма-да, ука.

Худди соат еттида станцияга чиқдим. Копток тепадиганларнинг жамикиси гул кўтариб келган, поезднинг вагонларига югуришади. Бир маҳал қарасам олтинчи вагоннинг эшигидан бўйи салкам бир терак келадиган экскаватор нусха бир одам тушиб келяпти. Тикилиб қарасам, бир йили дом отдихга борганимда тарвузни бутун ютиб ўйин кўрсатган полвон. Районимизга тош отиб ўйнашни кўрсатгани келган экан. Тўрт киши, тўрт киши бўлиб йигирмата тошни судрашиб тушириб қўйдик. Станция буфетида жиндек ҳозирлик кўриб қўйишган экан, ўтиришдик. Полвонни табрикладик. Яхши кутиб олганимиздан севинган полвон охирида сўзга чиқиб, олти кишиликни бир қилиб косага қуйиб қадаҳ кўтарди. Ҳаммамиз кайф қилиб қолиб, тошлар станцияда қолиб кетаверибди. Қолса қолавермайдими, уни кўтарадиган мард қаёқда.

Мана, октябрь ойи ҳам охирлаб қолди. Машина терими тугай деб турибди. Ҳарна бўлса озроқ териб олай, деб далага чиқсам машинам жойида турибди. Бечорани бирам чанг босибдики, кимдир бўр билан ёнига: «Колхозимизнинг собиқ водители фалончи мавсумда бир ҳафта далага чиқиб, шу машинада пахта терган» деб ёзиб кетибди. Жуда алам қилди.

Бунақа беодоб гап ёзган одамни топиб роса таъзирини берардиму, ишим тиғизроқ эди-да. Ахир бугун, ёш дружиначилар билан район марказидаги сомсапазликни текширишимиз, калориясини аниқлашимиз керак.

Туйнук

Бадалбек янги ичкуёв бўлганидан ҳали қўни-қўшниларини танимайди. Бугун дам олиш куни, Бадалбек нима қилишини билмай ҳовлида айланиб юрибди. Кўчага чиқай деса, қаёққа боради? Битта яримта ўртоғини бошлаб келай деса, ҳали қайин онасининг феълини билмайди. У қўлини орқасига қилиб айланиб юраркан девор тепасидан бир ғишт қия бўлиб тушиб кетай-тушиб кетай деб турганини кўриб қолди. Дарров шотини судраб келиб деворга тиради. Шотининг бир поғонасига оёқ қўйиши билан калласига: қўшнининг хотини кишидан қочадиган бўлса, андешалик иш бўлмасмикин, деган ўй келди.

У пўшт, деб девор тепасига чиқди-ю, қўшни ҳовлига қарамай осилиб қолган ғиштни олди. Бир маҳал:
— Ҳорманг, қўшни, — деган овозни эшитиб беихтиёр ҳовлига қаради.

Мўйловдор бир йигит дераза мойлаётган экан, қўлидаги чўткасини банкага ташлаб девор тагига келди.
— Қани, бир танишиб қўяйлик, почча, — деди у ҳам шотичасини судраб келиб деворга тирмашар экан.

Уларнинг ҳар иккови ҳам девордан бел бўйи баравар кўтарилиб қўл олиб кўришишди.
— Буни қаранга, қўшни, йўғ-е, почча, битта шиша коньяк қачондан бери эгасини тополмай жавонимнинг бир чеккасини хира қилиб ётганди. Эгаси ўзингиз экан-ку. Ҳозир олиб чиқаман.

Қўшни Бадалбекнинг ҳай-ҳайлашига қарамай шотидан тушиб уйга югурди. Бирпасда шимининг бир чўнтагида шиша, бир чўнтагида пиёла билан лапанглаб чиқди.
— Шошманг, — деди Бадалбек ҳам бўш келмай, — синглингиз антиқа варақи қилган эди, коньякка варақидан бошқа закуска ўтаверсин.

Бадалбек бир тахсимча қилиб варақи олиб чиқди.

Икки қўшни деворга бағриларини бериб бир пиёладан отиб гапга тушиб кетишди. Иккинчи пиёладан кейин деворга миниб олиб, хотиржам учинчи пиёлани ичишди.

Бадалбекнинг қайнанаси қизини чақириб, эрингга айт, янги куёв қўни-қўшнилар олдида уят эмасми, деб қолди. Ичкуёвга гўрни бир нима деб бўладими? Дунёда ичкуёвдан нозик нарса йўғ-а!
— Менга қаранг, қўшни,— деди мўйлов. — Асли бизга деворнинг кераги йўқ экан.

Бу гап Бадалбекка ҳам ёғдек ёқиб тушди.
— Мана шу гапингизга борман-да. Қўшни оши узатадиган кичкинагина туйнук очиб қўйсак бўларкан.
— Ия, ия, кичкина эмас, дурустроқ, расмана бир лаган ош ўтадиган туйнук бўлиши керак.

Иккови маслаҳатлашиб ҳозирнинг ўзида туйнук очадиган бўлишди. Қўшни у тамондан, Бадалбек бу томондан теша уриб ишга тушиб кетишди. Коньяк зўр келиб бирпасда туйнук очилди. Аммо мўлжал тўғри бўлмаган экан, ёнма-ён иккита туйнук очилиб қолди. Қўшни ҳазилга олиб: биттаси закуска узатишга, деб ҳиринглаб кулди.

Туйнукнинг четларини сомонли лой билан чиройли қилиб суваб қўйишди. Туйнук-ку чиройли чиқди-я, аммо Бадалбекнинг куёвлик сарполари расво бўлди. Хотини ғиринг деёлмади, ичкуёвга гўрни бир нима деб бўладими!

Коньяк коньяклигини қилди-ю, Бадалбек айвонда ухлаб қолди. Бир нарса тарақлаб уйғотиб юборди. Бошини кўтариб қараса кимдир тунука томни тарақлатиб юрибди. Бадалбек жаҳл билан ҳовлига тушди. Бир бола томда каптар қувиб юрибди.
— Ҳой, қанақа ярамас боласан, туш томдан. Ҳе ахлоқсиз!

Туйнукдан қўшнининг мўйлови кўринди.
— Почча, ундоқ демасинлар, биззи эркатоя.

Бадалбек индамай уйга кириб кетди. Кечга яқин қўшнининг сўкингани эшитилди.
— Ҳу эгангга ўхшамай ўл!

Бадалбек ҳайрон бўлиб турган эди, барақ мушук туйнукдан жон ҳолатда сакраб ўтиб унинг оёғига суйкалди.
— Ҳой, қўшни, унақа демасинлар, мушук ҳайвон, билмаган-да!

Уч-тўрт кунгача иккала қўшни не-не умидлар билан очилган қўш туйнукка яқин келолмай юришди. Ичкуёвчилик эмасми, Бадалбек сал нарсага зарда қиладиган, сал нарсага аразлайдиган қилиқ чиқазди. Қайнонаси унинг бу феълидан куйиниб насиҳат қилган эди Бадалбек бобиллаб берди. Хотин орага тушиб ишни катта қилиб юборди. Бутун оила аъзолари уч кунгача бир-бирларига тўрсайиб юришди. Рўзғорчилик эмасми, яна бояги-бояги бўлиб кетишди. Булар-ку унутиб юборилади, аммо уйдаги гап туйнукдан чиқиб кетган экан оғиздан оғизга, қулоқдан қулоққа ўрмалаб ўтиб мошдек гап тарвуздек бўлиб уйга қайтиб келди. Бадалбек қўшниникига эмас кўчага туйнук очганини билиб қолди. Қўшни тушмагур буларникидан тиқ этиб товуш чиқса туйнук тагига келиб ўтириб олар экан.

Тўйга келолмаган оғайниларидан уч-тўрттаси Бадалбекни табриклаш учун совғага магнитофон кўтариб келиб қолишди. Ҳовлига сув сепиб, супага жой қилдириб, ўртоқларининг олдига дастурхон ёзди. Йигитлар магнитофонни қўйиб юборишди. Девор орқасидан қўшнининг йўталганини Бадалбой эшитмади. Қўшни қаттиқроқ йўталди. Бадалбек яна эшитмади. Охири қўшни туйнукдан бош чиқариб соат сўради. Аммо Бадалбек қўшнининг меҳмонлар олдига чиққиси келаётганидан бехабар билагига қараб: чоракам олти, деб қўяқолди. Қўшни бирпасдан кейин яна туйнукдан бош суқиб, авторучканинг сиёҳи борми, деб сўради. Бадалбек йўқ, деди.

Меҳмонлар ўйин-кулги қилиб ўтиришипти. Бадалбек елиб югуриб хизмат қилиб турибди. Қўшни эшикдан кириб меҳмонлар билан бирма бир кўришиб, телефон қилмоқчи эдим, деб айвонга ўтиб кетди. Анча вақтгача ким биландир чўзилиб гаплашди. Ҳеч ким уни дастурхонга таклиф қилмаганидан, зарда билан трубкани жойига ташладию олифта юриш қилиб чиқиб кетди. У чиқиб кетганидан сал ўтмай девордан тутун ёпирилди. Меҳмонлар ўтирган супа девор тагида бўлганидан тутун буралиб-буралиб уларнинг устига ёпириларди. Биров йўталиб, биров кўз ёшини артиб нима бўлди, дегандек Бадалбекка қаради. Бадалбек бўлса жаҳл билан туйнукка бошини суқди. Қараса қўшни девор тагида катта самоварга ҳўл ўтин ташлаяпти.

— Ҳой, қўшни, инсоф керак, самоварни сал нарроққа олинг.

Қўшни унинг бетига қарамай тўнғиллади.
— Энди ўз уйимда ҳам чой қайнатиб ичолмайман-ми?!

Бадалбекнинг қайнонаси қўшнининг феълини биларкан шекилли, айвонга жой қилиб меҳмонларни ўша ёққа таклиф қилди. Магнитофон яна сайраб кетди. Бир маҳал туйнукдан қўшнининг хотини бош суқди.
— Ҳой, инсоф деган нарса борми? Боламни ухлатолмаяпман-ку. Анави савилнинг овозини ўчирсанглар-чи. Қанақа бетамиз ичкуёв экан, бу!

Бадалбекнинг зардаси қайнаб шартта ўрнидан турди-ю, туйнук оғзига самовар патнисни михлаб келди. Қўшни ҳам даранглатиб бир балони қоқиб ташлади. Эртасига иккала қўшни лойга қоришиб бир-бирининг бетига қарамай туйнукни суваб қўйишди.

Ана шундан кейин қўшнилар тинчиб кетишди. Яқинда Бадалбек эшигининг олдидаги толни суғараётганида маҳалла комиссиясининг муовини бир гап айтиб қолди. Қўшни унга, сизга атаб Еревандан бир шиша антиқа коньяк олдириб келган эдим, манави турқи совуқ қўшни ичиб қўйди, коньяк ҳам қулоғини ушлаганча увол кетди деганмиш. Бадалбек ҳам бўш келмади.
— Яхши ҳам сизга буюрмагани, коньяк эмас, ичига қант куйдириб солинган ўзимизнинг жайдари арақ эди,—деди.

Икки қўшни юз кўрмас бўлиб кетишарди-ю кўпчилик бўлиб, яна туйнукни очиб қўйишди. Қўшни синглисини куёвга чиқазаётган эди, маҳалла активлари ўртага тушиб Бадалбекнинг ҳовлисига қозон қуришди. Ўша туйнук бошқатдан очилиб ундан палов ҳам ўтди. Мастава ҳам. Тўй ўтиб ҳали туйнук бекилгани йўқ. Ишқилиб кўз тегмасин, охири бахайр бўлсин, шу туйнук баҳона олинг қўшним, беринг, қўшним, бўлиб турибди.

Ҳа айтганча қўшни уч-тўрт киши бўлиб от сўйиб қази қилдираётган экан, Бадалбекка, сиз ҳам шерик бўлинг, деб катта бошини кичик қилиб атайин чиқибди, Бадалбек ҳам одам, бир гап айтди.
— Телефонга қийналяпсиз, икковимизники бир номер бўла қолсин.

Қўшни севинганидаш битта коньягим бор, олиб чиқайми, деб қолди.

Бадалбек йўқ деёлмади.

Ўша куни икки қўшни бир-бирини ялашди, юлқашди. Бири акамсан, деди, бири укамсан, деди. Охири шу бўлдики, бунақа аҳил қўшниларга девордаги туйнук торлик қилаётгани маълум бўлди.

Ҳикоямни нима билан тугатай? Улар шу хилда аҳил бўлиб кетишди десаму, кетидан бир ишкали чиқиб қолса нима қиламан?

Ўлиптими, ишкали чиқмас.

* * *

Ушбу ҳикоя битиб нашриётга олиб кетаётганимда янги гап эшитиб қолдим.

Шер

Ёшлик пайтларимда Қўзивой деган ўртоғим бўлгувчи эди. Буни қаранг, шу кўчадан ўтиб кета туриб ўшани кўргим келиб, самоварга кирдиму суриштирдим.
— Қайси Қўзивой, — дейишди самовардагилар ҳайрон бўлишиб.
— Мўминжон аканинг ўғлида.
— Э-ҳа, — деди қулоғига танга қистирган мўйловдор самоварчи. — Қўзивой деманг, Шервой денг. Шундоқ бўлиб кетган.

Ҳайрон бўлдим. Қўзи қўйнинг боласи, ювош нарса бўлади. Мўминжон ака ҳам, ўз отидан маълумки, қўй оғзидан чўп олмайдиган одам. Нега шу одамнинг не умидлар билан мўмингина бўлсин деб исм қўйган боласи бирдан шерга айланиб қолди? Менинг ҳайрон бўлаётганимни сезган самоварчи кулиб гап қўшди.
— Қўзивойни шер эмизган. Шер боққан.

У шундоқ дедию, самоварнинг тагига чўп тиқиб, ўз ишига овора бўлиб кетди. Ундан бошқа гап сўролмадим. Индамай чиқиб кетаётган эдим катта толнинғ тагига бир такси келиб тўхтади. Ундан қорин ташлаган, соқол мўйлов қўйган бир киши тушди. Тикилиб қарасам Қўзивой. Вой тавба, одам деган ҳам шунақа тўлишиб кетадими. Қўзивойнинг очиқ кўкрагидан ёли буралиб, буралиб чиқиб турибди. Башараси ҳам, кўкраги ҳам худди шерга ўхшайди. Шер дейишлари бежиз эмасга ўхшаб қолди. Ўхшайди, ўлай агар ўхшайди.

Ўзимни танитган эдим Қўзивой қучоғини очиб келиб, бағрига босиб кўришиб кетди. Вой бў! Одам боласида шунақа куч бўладими? Қовурғаларим қисирлаб кетди-ку! Шер деганича бор. Шер, Шер!
— Шер бўлиб кетибсан-ку,— дедим белимни силаб.

Бизнинг учрашувимизни кузатиб турган самоварчи яна гап қотди.
— Шернинг нормасини уриб тургандан кейин шер бўлади-да!

Унинг гапига тушунолмадим.

Самоварга кирдик. Қўзивой халтасидан бир бўлак сон гўштини олиб подносга ташлади.
— Қовурма-повурма қилиб ташла, ошнам келиб қоптилар. Қолганини битта-яримтага пулларсан.

Ўша куни кечгача қолиб кетдим. Қовурма жуда антиқа бўлган экан, гапнинг очиғини айтсам бунақа ширин гўштни умримда емаган эдим.
— Менга қара, Қўзи, қаерда ишлаяпсан? Нима иш қиласан?
— Сўрама, ошна, ишимнинг мазаси йўқ. Сенга ўхшаган оғайниларим катта-катта ишларда туриб, мен бечора қаёқдаги паст ишларда юрибман. Ҳайвонот боғига завхозман. Қаёқдаги ҳайвонлар орасида юрибман.

Унга ростданам раҳмим келди. Бир ўнг келиб қолса дурустроқ ишга ўтқазиб қўйишни ният қилиб қўйдим. Рост-да, гавдаси ҳам, кучи ҳам шерга тенг келадиган бир қадрдоним ҳайвонлар орасида юрса, яхшими!

Орадан ўн кунлар чамаси ўтиб болаларни ҳайвонот боғига олиб бордим.

Айланиб турли-туман ҳайвонларни томоша қилиб юрибмиз. Замбарғалтакка суяк-саёқларни солиб ғилдиратиб келаётган Қўзивойга кўзим тушиб қолди. У ғалтагини шер қамалган қафаснинг олдига келиб тўхтатди.

Шер ўладиган даражада озиб, чўп бўлиб кетибди. У Қўзивойга хўмрайиб қаради-да, кейин юзини тескари ўгириб олди.

Астойдил қарасам қафасдаги ростакам шер бир вақтлар мен билган Қўзивойга ўхшаб қопти. Ипдак ингичка Қўзивой расмона шерга айланиб кетибди. Назаримда Қўзивой қафасда-ю, шер бу ёқда турганга ўхшайди.

Энди билдим. Самоварчи билиб айтган экан.

Қўзивой шерга бериладиган гўшт-ёғларни еб ўзи шер бўлиб, шерни Қўзивой қилиб қўйибди.

Тамом, давоми йўқ

Эр-хотин бахтиёр эди.

Хотин лампочкага боласининг пайпоғини кийдириб, тавонини ямаб ўтирарди. Эр диванга ёнбошлаб беозор мудрарди. Хотин эрининг мудрашини тарқатмоқчи бўлиб, бирон гап ўйлаб топаман дейди-ю, гап ўлгир кела қолмайди. У ўйлаб-ўйлаб охири бир гап топгандек бўлди.
— Ҳой, эр, мунча мудрайсиз? Мундоқ эркакларга ўхшаб қизиқ-қизиқ гаплардан айтиб кулдирсангиз-чи.

Эр бир кўзини аранг очиб эснади-да, эшик ғичиллаганга ўхшаш ғалати товушда пўнғиллади.
— Ҳа, қиз боламидинг-ки...

У шундай деди-ю, яна кўзини юмди.
— Шошманг, шошманг, кўзингизни очинг. Мабодо ўн саккиз яшар йигит бўлиб қолсангиз, нима қилардингиз? Яна ўзимга уйланармидингиз?

Эр энсаси қотгандек жойидан қўзғалди. Эринчоқлик билан диванга чордана қуриб олди-да, лабининг бир томони билан илжайди.
— Бу масалани дурустроқ ўйлаб кўриш керак бўлади. Қани энди ўша ўн саккиз ёшим қайтиб келса, ўзим билардим-а, ўзим билганим шуки, сенга уйланмасдим, Вообше, уйланмаслигим ҳам мумкин.

Эрнинг бирдан файласуфлиги тутиб кетди.
— Агар инсон боласига икки марта яшаш имконияти берилса, кўп хато ишлар тўғри бўлиб кетарди. Мана, ўпкамнинг мазаси йўқ, бу нимадан, папиросдан. Биринчидан, шу қуриб кетгурни чекмасдим. Мана, ошқозонимнинг мазаси йўқ. Нимадан, ичкиликдан. Иккинчидан, шу ароқ ўлгурни ичмасдим. Кўриб турибсанки, асабимнинг мазаси йўқ, бунинг нимаданлигини билмайсан-а, билмайсан. Бу сенинг жаврингдан. Ўн саккиз ёшга сирпаниб қайтиб тушиб қолсам, энг биринчи қиладиган ишим сенга уйланмаслик. Мабодо ўзингта уйланадиган бўлсам, олдингга қўядиган шартларимни битта обший дафтарга эринмай ёзиб чиқардим. Масалан, унда шунақа шартлар бўларди:

«Дазмол босишни биласизми, жоним? Пиёз тўғраган пичоқда қовун сўймайсизми? Тугма деган жониворни қадашни биласизми? (Вообше, тугманинг тешиги қаердалигини биласизми?) Телефоннинг қулоғи сиздан бўшайдими? Улама сочни уйдаям тақиб юрмайсизми? Бирон жойга меҳмонга борадиган бўлсак, вахлироқ кийиниб олиш қўлингаздан келадими? Бирон йили курорт деган жойдан қоласизми? Меҳмон келса ҳаммадан олдин тўрга чиқиб олиб, ишни менга ташлаб қўймайсизми? Ёпкан нонингиздан қил чиқмайдими? Мажлисдан, йўқ, вообше, кеч келганимда костюмимнинг ёқасини ҳидлаб кўрмайсизми? Хуллас, мени тинч қўясизми йўқми?..»

Мана шу шартларга кўнсанг ўзингга уйланардим. Бўлмаса кимга уйланишни, барака топкур, ўзимга қўйиб бер!

Хотин хандон ташлаб кулди. Унинг бу кулгисида алам билан заҳарханда аралашга ўхшарди. Эр яна тилга кирди.
— Хўш, энди сен айт. Мабодо, фалакнинг гардиши айланиб, сен ўн саккиз яшар қиз бола бўлиб қолсанг яна ўзимга тегармидинг? Биламан, албатта ўзимга тегардинг, мендақа тайёр эр, вообше, мендақа лақма эр космосда ҳам, ерда ҳам топилмайди. Энди хотин тилга кирди.
— Мабодо атом бомбасини бир елкамга, водород бомбасини бир елкамга осиб қўйиб, шу Сотимхўжага тегмасанг, ҳозир портлатвораман деса, портлатвор-е, жоним роҳат олади, дердим.

Эр икки кўзини соққадек дум-думалоқ қилиб, «вой-бўй» деб юборганини билмай қолди.
— Агар яхшиликчасига, шунга тегасанми, деб сўрашса олтита одамни гувоҳ қилиб, уч том китобга сиғадиган шартларни олдингизга кўндаланг қилиб қўярдим. Шартларим мана бундоқ бўларди:

«Синглингизга мени ёмонламайсизми? Кайф устида боғчадан ўзингизники қолиб бировнинг боласини етаклаб келмайсизми? Папирос кулини гиламга ташламайсизми? Эчки гўшти билан қўй гўштининг фарқини биласизми? Дугоналарим меҳмонга келганда тўрга чиқиб, суялиб ўтириб олмайсизми? Маст бўлиб қолиб, мени танимай, ўзимни ўзимга ёмонламайсизми? Тиш чўткаси билан брезент ботинкангизни тозаламайсизми? Саккизинчи мартнинг нима эканини биласизми? Мажлисдан келганингизда ён чўнтагингиздан иккита кино билети чиқмайдими? Маош олганда пайпоққа пул бекитмайсизми? Менсиз меҳмонга борганингизда галстугингизни тескари тақиб тонг отарга яқин келмайсизми?..»

Эр «войдод», деб ўрнидан туриб кетди. Хотин яна давом эттирмоқчи эди, эр қўлини кўксига қўйиб, тавба қилдим, деганга ўхшаш ғалати кўз сузди. Йўқ, хотин бўш келмади. Охир эр тиз чўкиб хотинининг этагини ўпди.
— Жон хотин, ўргилай хотин, энди бас қил. Ўн саккиз ёшга қайтиб тушмай мен ўлай. Вой-бў... ичингда шунча дардинг бормиди! Қўй энди, кечқурун мажлисга борадиган одамман, настроенамни бузма.

Хотин икки қўлини белига тираб энгашди:
— Нима, бугун дам олиш куни, қанақа мажлис бўлади?!

Эр нима дейишини билмай, кўзларини пирпиратиб туриб қолди.

Юк

Купега кирганимда пастки қаватнинг иккаласи ҳам банд эди. Ўнг томонда ҳассага таяниб бир мўйсафид, чап томонда эса тугунчасини тиззасига қўйиб ҳомиладор хотин ўтирарди. Хотин мени кўриши билан ўрнидан турди.
— Жойингизни олиб қўймадимми?

Менинг жойим юқорида эди. Уни тинчитиб, чамадончамни полкага ирғитдим-да, ўзим ҳам бир сакраб чиқиб олдим. Поезд жўнашига учинчи қўнғироқ урилганда икки қўлида зилдек чамадон кўтарган бўйни елкасига туташиб кетган бир киши кирди. У атрофга қарамай, тўппа-тўғри хотинга юзланди.
— Жойни бўшатинг, бу меники.

Хотин ийманиб ўрнидан турди. Шу пайт эшик олди-да проводник пайдо бўлди.
— Гражданин, сиз юқорига чиқа қолинг, бу одам, кўриб турибсиз-ку, ҳомиладорлар.

Бўйни йўғон пассажир истеҳзо билан кулди.
— Аттанг, билет олаётганда кассирга қоринни кўрсатмаган эканман-да.

Хотиннинг лаблари титраб, кўз милклари намланди. Бу беодоб одамнинг қилиқларига чидаёлмаган чол ўз жойини бўшатиб, инқиллаб юқорига чиқди. Хотин ҳижолат, чол тажанг. Бўйни йўғон бўлса пихиллаб, қорнини қашийди.

Мен унинг совуқ қилиқларига қараб ётиб, ёшликдаги бир ўртоғимни эслаб кетдим. Болалигимда Оппон деган бир ўртоғим бўларди. Сира бошидан қасмоқ аримасди. Онаси уни чўмилтирадиган бўлса эрталабдан бошига қатиқ чаплаб қўярди. Оппон кўчага чиқибоқ бошидаги қатиқни бармоғи билан сидириб ялаб қўярди. Оппон билан сойда мол боқардик. Сигирларни ўтга ҳайдаб, юмронқозиқнинг инига сув қуйиб ўйнардик. Ошнам дўпписида сув ташир, мен эса ин оғзида юмронқозиқнинг чиқишини кутиб ўтирардим. Бир гал ошнам жуда узоқлаб кетди. Кутиб ўтириб зерикдим. Уни қидириб борсам, сигиримизнинг тагига кириб, миқ-миқ эмяпти.

Икки оёқли бузоқнинг баднафслигига чидай олмаган сигир шатирлатиб унинг пешонасига тепди. Ошнам ўтга думалаб кетди.

Бу бўйни йўғон одамнинг қаеридир ўша ошнамга ўхшаб кетарди. Ахир, орадан 30 йилдан ортиқ вақт ўтди. Унутган бўлишим мумкин. Ўша ошнамнинг ўнг пешонасида сигир туёғининг изи бор эди. Энгашиб қарадим. Ё тавба, ўзи. Беихтиёр қичқириб юбордим.
— Ҳой, ҳой, менга қара! Оппон эмасмисан?

Ошнам бўйнининг йўғонлигидан дарров қарай олмади. Бутун гавдаси билан бурилди. Қошларини кериб, елкасини қисгандек бўлди. Елкаси билан бўйни бир бўлганидан қорнининг ўзи силкинди, холос.
— Танимаяпман, биродар, ўзингизни танитинг.

Чўккалаб ўтириб олдим.
— Наҳотки танимаяпсан?! Пешонангдаги тир-тиқ...

Оппон энди таниди.
— Э, у гаплар ўтиб кетган.
— Қаердасан? Нима иш қиляпсан?

Оппон бу саволга ҳали-бери жавоб бермоқчи эмас эди. Олдига ёзиб қўйган яхна гўшт, шоколад, саримсоқ, пиёз, олмаларни битта-битта танлаб лунжига тиқарди. Унинг ўрнига чол жавоб қилди.
— Оппонбек ёғлиқ иш топиб олганлар. Туғруқхонада передача қабул қиладилар. Унча-мунча суюнчи олиб турадилар.

Чол Оппонни гапиргани қўймай, қулфи-дили очилиб кетди.
— Эсингиздами, Оппонбек, келинимдан хабар олгани борганимда сизга йўлиққан эдим. Қоғозга ҳам қарамай, жавоб қилган эдингиз. Келинингиз ўғил туғди, невара муборак, деб беш сўмимни олган эдингиз. Шу гапдан кейин келиним роса икки ҳафта ўтганда қиз туққан.

Оппон қиррали стакан лабига тухум уриб чақди-да, яхшилаб арчиб, лунжига солди. Кейин палағда товуш билан пўнғиллади:
— Туҳмат.
— Ахир, Оппон, жиянинг сени институтни битириб, инженер бўлди деган эди-ку.

У тухумни ютиб, кетидан оғзига соладиган нарса қидираркан, жавоб берди:
— Ёнингда битта дипломинг бўлса биқинингдан тешиб чиқмас, бирон кунингга яраб қолар.

Каттагина бир станцияга яқинлашар эдик. Оппон шошиб-пишиб юкларини йиғиштириб коридорга отилди. Купеда ундан ёдгор бўлиб тухум пўчоқлари, шўр балиқнинг думи, ғижимланган қоғозлар қолди.

Чол афсуслангандек уҳ тортиб қўйди.
— Худо кўрсатмасин, шунақа одамлар ҳукуматга бир иш кўрсатиб қўйса борми, трамвайга ҳам пул тўламай қўяди. Шу тоифа одамлар ҳамиша юрт мендан қарздор деб билади. Юртдан қарзи бўлса бермайди. Ахир, номард, йўлинг бир станциягина экан, нима қилардинг хотин кишини безовта қилиб?

Чол стол устида тебранаётган стаканга қараб ниманидир ўйлади.
— Поезд тезлаб кетдими дейман?
— Ҳа, — дедим, — бояги оғир юк тушиб қолди. Паровоз яна тезлаб кетади энди.

Дарҳақиқат, поезд учар, проводник бўлса Оппондан қолган сарқитларни қиртишлаб сўкинарди.

Сағана

Ўлик деган ўз иззати билан кафанига ўралиб, тобутда қимирламай ётгани дуруст бўларкан. Тобут йўлакда, кафан ғассолнинг елкасида. Аммо мурда ҳовлида келган- кетганларга қўл қовуштириб, деразадан патнис узатиб, кўнгил сўраганларга, «бандалик экан, қандоқ қилай...» деб юрса жуда хунук кўринар экан.

Маҳалла қоровули тонг қоронғисида хонадонларнинг эшигини тақиллатиб, Боқи Халфа омонатини топширди, пешинга жаноза ўқилади, деб хабар берди. Одамлар эрталаб ишга кетиш олдидан марҳумнинг қариндошларидан бирров кўнгил сўраб чиқайлик, деб йиғилишди, аммо эшик олдида Боқининг бел бойлаб турганини кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолишди. Ўлган бошқа Боқи бўлса керак, маҳаллада яна Боқи отли одам бормиди, деб ўйланиб қолишди.

Бу маҳаллада шу Боқидан бошқа Боқи йўқ эди. «Ўлган» ҳам шу Боқининг ўзгинаси эди.

Боқи Халфа — анча топармон-тутармон кишилардан. Сибирга олма оборади —пул топади. Шиша банка йиғиб, ювиб сотади — пул топади. Чойдан чиққан зар қоғозни қирқиб, ойнага ёпиштиради, маккаи-мукарраманинг сурати бу, деб сотади — пул топади. Хом ёнғоқ пўстлоғини қуритиб элакдан ўтказиб, хинанинг асилига кепқолинг, деб яна пул топади. У ёққа боради — пул топади, бу ёққа келади — пул топади.

Ёши ҳам пайғамбарга акалик қилса бўладиган жойга бориб қолган. Шариатпаноҳ мусулмонлар пайғамбар ёшидан нариёғини ҳаром санашади. Халфа ҳам ҳаром ёшдан ҳазар қилиб, тирик вақтида жанозасини ўқитиб қўймоқчи бўлди.
— Ўлиб кетсам, зумраша болалар менга жаноза ўқитармиди, ҳаракатимни қилиб қўйишим керак...

Боқи шу ниятда катта қабристондан бир ярим мурда сиғадиган жойни олиб, таксида ғишт, цемент ташитиб, тирик одамнинг ҳам ҳаваси келадиган қилиб сағана қилдирди, патнисдек келадиган мармарга ярми форсча, ярми ўзимизнинг тилда номини қўшдириб байт ҳам биттириб қўйди.

«Тупроқ аро ётур мунда, Соқи ўғли Боқи мурда.

Таваллуди 12... ҳижрий, вафоти 13... ҳижрий».

Сағана битиб, жанозага тайёрлик тамом бўлгандан кейин, Боқи катта қозонда ош дамлатиб, юртга едирмоқчи бўлди. Тўрт маҳалладан одам айтилди. Икки қори бири олиб, бири қўйиб, ўқиб турибди. Айниқса, Сатанг қори деганининг овози булбулдек экан, қироатини келиштиролмаса ҳам патнис ашулага ўхшатиб сура орасида иккита катта авж қўшиб айтаркан.

Ғассол кўпни кўрган, иш билармон киши эди. У «мурдани» четга чақириб:
— Бошпуртни топшириб, домовойдан ўчмаган бўлсангиз, сизни ювмайман, беновот бўлишдан қўрқаман, — деб қолди.

Боқи Халфа ёнидан фалончи ўлди, кўмиш мумкин, деган қоғозни олиб кўрсатди. Ана шундан кейин ғассол икки челак иссиқ сув олиб, Боқини ичкари уйга бошлаб кирди. Уни ечинтириб, тахтага тортди. Дока халта билан баданини обдон совунлаб ювиб, иримига бош-оёқ кафан айлантириб, яна ечиб олди.

Халфа атир совундек йилтираб чиққанда маҳалланинг ўйинқароқ болалари, савобдан қуруқ қолмайлик, деб ўчоқ олдида қиттак-қиттак қилишаётган эди. Улар Боқини кўриб бир-бирларини туртиб қўйишди.
— Мулла амаки ойдек чиройли ўлик бўптиларми...

Маросим тугади. Жаноза ҳам ўқилди. Мурда армонда қолмасин, деб уни бир неча минут тобутга ҳам солиб олишди. Бўш тобутни ердан кўтаришаётганда бояги маст йигитлардан бири:
— Мулла амаки қанақа одам эдилар?— деб қолди. Бу гап гўрга қўйиладиган пайтда айтилгучи эди. Бироқ шу топда маст одамнинг гапини чувалаштирмаслик учун:
— Дуруст одам эди, — деб қўя қолишди.

Шу куни хотинлар йўлакда чуввос солиб тобут орқасидан сочларини юлиб қолишди.

Ҳангоманинг қизиғи кейин чиқди. Боқи ўлишга ўлиб қўйиб, тирик пайтида кўрмаган шўришларга дучор бўлди. Мурданинг уйда ётиб юрганидан дарак топган участкавой йўқ одам уйда туришга ҳақи йўқ, деб пўписа қилди. Шундан кейин у кечаси девор паналаб келиб, томда ётиб юрди. Куз кириб, томга қиров тушиб, ётиш қийин бўлиб қолгандан кейин кўрпа-ёстиғи билан мармар вивескали данғиллама ғиштин сағанасига кўчиб кетли.

У, қора кунимга яраб қолар, деб икки минг сўм пулни омонат кассага қўйган эди. Шу пул энди асқотиб қолди. Кассага борган эди, паспорт сўради. У ўлгани учун паспорт кўрсатолмади, ўлганман, дейишга қўрқди.
— Э, эси йўқ мурда, — деб пешанасига шатирлатиб биттани туширди.

Ҳозир Боқи Халфа гўрковнинг чўзма-чалпагига шерик бўлиб, унинг энсасини қотириб юрибди. Гўрков ҳам анойи эмас экан:
— Сиздақа текинхўр мурдаларнинг кўпини кўрганмиз. Ишлаган тишлайди. Чўзма-чалпак ҳақига лаҳадбоп қилиб гувала қуйиб берасиз. Бўлмаса сағанангизга бошқа ўлик қўйвораман, — деб тўполон қилиб қолди.
— Оббо! — деди Халфа. — Ҳар бир бандаи мўмин вақтида, ўз ажали билан ўлгани дуруст экан.

Тақдирга тан берган Боқи ҳозир белини бойлаб гувала қуйяпти. Чарчаган пайтларида қаддини ростлаб, дўмбайиб кетган қабрларга ҳасад билан қараб қўяди. Кеч кириши билан мармар лавҳа тагидаги тешикдан эмаклаб кириб кетади. Гўрков унга ҳазиллашиб:
— Жойингиз жаннатда бўлсин, халфам, эртага вақтлироқ чиқинг! Гуваладан қарзингиз бор, — деб ҳиринг-ҳиринг кулади.

Елим

Ҳаммом ўзи шунақа жой, ҳаммани онадан туғма қилиб қўяди. Ким пайғамбару, ким уммат — билиб бўлмайди. Одам боласи кийим билан экан.

Бу гапларнинг маънисини Мусахон поччадан сўранг. У кишини танимассиз, эҳтимол: бўйи пастгина, қўллари калтагина одам. Ўзи шу яқин ўртадаги разъездлардан бирида буфетчилик қилади. Қиламан десанг, калта қўл билан ҳам анча иш қилиш мумкин экан. Кичкинагина буфетнинг орқасидан калта қўл билан бола-чақа боқиб, орзу-ҳавас кўриб, участка тиклаб, келин тушириб, қиз чиқариб юрибди-ку, бундан ортиғи кимга керак!

Хўш десангиз, Мусахон почча яқинда ҳаммомга тушган экан. Ечиниб иссиқ хонада мазза қилиб терлабди-да, совуқхонага кириб чўмила бошлабди. Боя айтдим-ку, қўллари калта деб. Кимнинг қўли узун кимнинг қўли калталигини билмоқчи бўлсангиз, ҳаммомга тушинг, Мана, Мусахон поччанинг нималиги ҳам билиниб қолди. Чўмилаяпти-ку, орқасига совун тегмайди. Икки курагининг ораси мағзава бўлиб турибди. У тосни бошига кийиб, хоналарни айланиб чиқди. Таниш йўқ. Бир ўрта яшар киши Қорбобога ўхшаб кўпикка беланиб ўтирибди.
— Ҳой ука, — деди Мусахон почча, — орқамни ишқаб қўйсангиз-чи, барака топкур.

У киши бошидан сув қуйиб ўрнидан турди. Мусахон почча энгашиб турди, у боплаб ишқаб қўйди. Шундан кейин Мусахон почча яна тосни бошига кийиб, индамай кетаверди. Ишқалаган киши пичинг қилди:
— Ҳо мулла ака, раҳмат қани?

Мусахон почча дўнғиллади:
— Ҳар бир тўққиз пуллик нарсага ҳам раҳмат айтаверсанг, бутун тирикчиликни йиғиштириб қўйиб, раҳматдан бўшамай қоласан. Шунга ҳам раҳматми?

Мусахон почча шундан кейин бошидан уч-тўрт тос сувни шар-шар тўкди-ю, кийингани чиқиб кетди. Ўша куни у атирсовундек ялтираб, қип-қизил бўлиб автобусда разъездга чиқиб кетди-да, буфетни очди. Одам яхши ювинса, тоза кийинса, табиати равшан бўлади. Мусахон почча бугун бир гапириб ўн кулади. Назарида савдо ҳам яхши кетаётганга ўхшайди. Хуллас, Мусахон почча бугун димоғида энг камида етти-саккиз қўшиқни ҳиргойи қилиб, ишни тамом қилди. Тушган пулларини санаб ҳамёнга уриб, кундаги одати бўйича кеч олтидаги скорий билан станцияга келиб пул топширди. Бухгалтер «почча, янги хўжайин билан танишиб чиқмайсизми?» деб қолди.
— Танишамиз, танишамиз. Қуруқ кирсак бўлаверармикин? Бу галча шундоқ бўлиб турсин.

У шундай деб, лабида эрталабдан қолган табассум билан директор кабинетининг эшигини очди.

Очди-ю остонадан на у ёққа, на бу ёққа ўтишини билмай туриб қолди.
— Келаверинг, келаверинг, бемалол, — деди директор.

Мусахон почча бўшашиб олдинга юрди. У тамом ўзини йўқотиб қўйган эди. Бу, директор, эрталаб ҳаммомда Мусахон поччанинг орқасини ишқаб қўйган киши эди. Директор ҳам уни таниди.

Мусахон почча қани нима бўларкин деб, индамай бошини эгиб тураверди... Охири директорнинг ўзидан садо чиқди:
— Сиз ҳам бизнинг системада ишлайсизми?

Бу нима дегани? Бу системага тўғри келмайсан дегани эмасми?
— Ҳа, энди, бола-чақанинг насибаси экан, қимирлаб турибмиз.
— Жуда соз, — деди директор салмоқлаб.

Мусахон поччанинг бўладигани бўлиб қолди. Беихтиёр чўнтагига қўл солиб, буфетнинг калитини ушлади:
— Жон ука, бир аҳмоқлик қилдим, кечиринг. Мени қувманг. Сиздек одамга шундай итлик қилдим, жазомни худо берсин.

Директор ҳайрон бўлди:
— Сиз менга нима гуноҳ қила қолгандингиз?
— Бугун эрталаб, эрталаб ҳаммомда орқамни ишқаб қўйгандингиз.

Директор кулиб юборди.
— Э, ўша киши сизмидингиз? Бутунлай эсимдан чиқиб кетган экан. Хўш, нима қилибди?
— Раҳмат айтиш эсимдан чиққан экан. Атайлаб шуни айтгани келдим. Қуллуқ, қуллуқ, ука, мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин. Энди бизга жавобми?

Директорнинг энсаси қотиб: «жавоб», деди. Мусахон почча орқаси билан юриб чиқиб кетди.

У чиқиб кетгандан сўнг, директор секретарни чақириб, бу одам келса иккинчи олдимга киритманг, деб тайинлади. Аммо Мусахон почча кунора келиб секретарнинг бай-байлашига қарамай кабинетга кирар, шундоқ мартабали одамга орқасини ишқалатгани учун узр айтиб кетишни канда қилмасди.

Охири директор безор бўлиб кетди. Қандоқ қилсин. Иложи йўқ. Бу тоифа одамлардан қочиб қутулмасанг бошқа йўл билан қутулиб бўлармиди. Елим-ку, елим улар.

Бир юз етмиш сумлик хуррак

(Бир область театридан репортаж)

Томоша бошланишига ҳали ўн тўрт минут бор. Артистлар грим қилиб бўлишган. Саҳна орқасида қилич-қалқон таққан, дубулға кийган кишилар домино ўйнаб ўтиришибди. Бош ролда чиқадиган атоқли артистка парда четини кўтариб залга мўралади. Олдинги қаторда икки киши, ўрта қаторда беш киши ўтирибди. Ҳамон кўчада томошабин чақираётган тўрт карнай, беш сурнай ва олти чирманданинг шовқини эшитилиб турибди. Атоқли артистка этагини судраб директор кабинетига келди.
— Бўладими?
— Бўлиш-бўлмаслигини ихтиёримизда қолган ўн икки минут ҳал қилади.

Директор шундай деди-ю, бош администраторга юзланди.
— Сбор қанча?
— Ўн саккиз сўм.
— Қоидада қандай?
— Сбор ўн тўққиз сўмдан, томошабин ўн бештадан ошса спектакль кўрсатилаверади.
— Бўлмаса томошани қолдирамиз.
— Ҳаққимиз йўқ. Қоидада спектакль бошланиш минутида томошабин ўн бештага етмасагина қолдирилади. Яна сабр қиламиз.

Директор дарғазаб бўлди.
— Битта одамни кутиб ўтирамизми? Борди-ю ўша ўн бешинчи томошабин келиб қолса шўримиз қурийди-ку.

Бир ҳисоблаб кўринг, ўша битта томошабин бизга неча сўмга тушади.

Бош администратор столга бағрини бериб ўтирди-да, қўлига қалам-қоғоз олиб ҳисоблаб кетди.
— Бугунги томошага қирқ олти одам қатнашади. Саккиз саҳна ишчиси, бир режиссёр, бир режиссёр ёрдамчиси, электр устаси, икки гримчи, саҳна машинисти, костюмчи, бир пожарний, суфлёр, сартарош, тўққиз чалғувчи, бир дирижёр, икки шофёр, тўрт контролёр, бош рассом, бадиий раҳбар, жами саксон беш киши қатнашар экан.

Директор бармоқларини букиб, нималарнидир санай бошлади.
— Электр энергиясини ҳисобламадингиз. Боз устига уч уборшица. Томоша давомида иккита ваза синиши керак, — директор артисткага қаради.— Ундан ташқари сизнинг ошиғингиз учинчи кўринишда кўйлагини йиртиб ташлайди. Ўн олти марта ўқ узилади. Ана шуларни бир чўтга солиб кўринг-чи, бугунги томошага қанча харажат бўларкин? Маошлар ҳам ҳисобга кирсин.

Энди икковлаб ҳисоблаб кетишди. Бунақа ҳодиса илгарилари ҳам бўлиб турар экан, шекилли, ҳисоб бирпасда чиқди. Бош администратор бошини кўтарди.
— Бугунги томошамизга бир юз саксон тўққиз сўму етмиш тўрт тийин харж бўлар экан.
— Даромад-чи?
— Ўн тўққиз сўм. Ана шу ўн тўққиз сўмни чиқариб ташласак бир юз етмиш сўму етмиш тўрт тийин зарар қиларканмиз.

У гапни тугатмаган ҳам эдики, уч марта чироқ ўчиб томоша бошланишидан дарак берди. Директор билан бош администратор залга қараб югуришди.
— Хайрият, ўн тўрт киши — деди директор ҳовлиқиб, — қолдиринг!

Унинг ёнида турган контролёр шошиб гапга аралашди.
— Буфетда яна битта томошабин ўтирибди. Унинг гапи тугамай ўрта яшар бир киши кириб, ўз ўрнини қидира бошлади.

Тарвузи қўлтиғидан тушган директор театрга бир юз етмиш сўму етмиш тўрт тийин зарар келтирадиган шу томошабиннинг ёқасидан бўғиб, кўчага опчиқиб ташлагудек унга ўқрайди.
— Менга қаранг, — деди у администраторга. — Ялининг, ёлворинг, майли уч-тўрт сўм харж бўлса ҳам майли. Буфетга опкириб у-бу олиб беринг. Билетни топшириб, пулини қайтариб олсин.
— Кўнармикин?
— Кўндиринг. Кўнмаса кабинетимга чақиринг, икки кишилашиб ялинамиз.

Администратор минг тавозе билан ўн бешинчи томошабиннинг олдига борди. Унга камоли эҳтиром билан салом берди. Дилидаги гапларни астойдил тушунтириб тўкди. Ўн бешинчи тушмагур бир сўзли ўжар одам экан. Кўнмади.
— Ака, шу томошани кўрамиз, деб атайин узоқдан келганмиз. Кўрамиз.
— Жон ака, театрга раҳмингиз келсин. Артистларга раҳмингиз келсин. Бола-чақангизнинг роҳатини кўринг-у, томошамизни кўрманг.
— Кўрамиз, кўрмай кетмаймиз.

Администратор бошқа йўл билан унга таъсир ўтказмоқчи бўлди.
— Шу ҳам томоша бўптими, ака. Ундан кўра директор кабинетига кириб пивохўрлик қиламиз. Директоримизнинг ўзлари эрийдилар.
— Бўлмайди. Томоша кўргани келганмиз.

Бу орада қолган ўн тўрт бетоқат томошабин чапакчалиб, парда очилишини талаб қила бошлади. Администратор ноилож директор кабинетига кириб бўлган воқеани айтиб берди. Энди у ҳам ноилож эди. Ниҳоят томоша бошланди.

Саҳнада қирқдан ортиқ одам у ёқдан бу ёққа югуриб милтиқбозлик қиляпти. Ўлганлар ўлиб, қолганлар қочяпти. Оркестр тинмай ғат-ғут, гумбир-гумбир қилиб турибди. Ўртада бояги таниқли артистка сочини юлиб фарёд чекяпти...

Антракт бошланди. Ўн бешинчи қайсар томошабин буфетга чиқиб икки шиша лимонадни уриб келиб, яна ўз жойига ўтирди.

У икки қўлини чалиштириб саҳнага қараб ўтираверди, роль ўйнаётганлар ора-сира унга қараб қовоқларини солиб қўйишарди. У эса ҳамон бепарво. Администратор қоронғида тимискиланиб яна унинг олдига келди.
— Қўйинг энди, уйингизга бориб ухласангиз-чи, Нима қиласиз бизни қийнаб. Уйқунгиз келиб кўзларингиз қисилиб кетяпти.
— Нима дедингиз? Уйингга бориб ухла дейсизми? Қишлоқдан келганман.
— Қайсар, қайсар, бир юз етмиш сўму етмиш тўрт тийинга туширяпти-я!

Саҳнада ҳамон гумбур-гумбур. Залда атиги биттагина одам, у ҳам бўлса билинар-билинмас хуррак отяпти.

Гап

Ҳамма гап гапда.

Солия амма қорани оқ деб ишонтира олади. Оқни қора қилиб кўрсатиш унга бир қултум сувни ютгандек гап.

Келинини ёмонлаганда:
— Ҳа, ишлаб нима топарди. Ярим ойлик моянасига саккизта дирдов қўй ҳам келмайди.

Ўғлини мақтаганда:
— Ярим ойлик моянасига саккизта бўрдоқи товуқ келади.

Куёвини мақтаганда:
— Куёвимнинг ичганидан бўшаган шишаларига икки оила бемалол рўзғор тебратса бўлади.

Акасини мақтаганда:
— Ишқилиб топиб келмаса ҳамки, эркаклик уйнинг файзи бошқача бўлади-да.

Қудасини ёмонлаганда:
— Бирам бачкана, бирам бачкана, калавотда ётишига бало борми?

Қизини мақтаганда:
— Шу кенжа қизим ҳам опаларига ўхшаб нозиккина чиқди. Юрса ҳовли тўлиб кетади. Автомобили йўқ одам остонамга совчи юбориб, овора бўлмай қўяқол-син.

Ўзини гапирганда:
— Ёшлигимдаям шунақа келишимликкина эдим, унча чиройлик эмасдим-ку, лекин истарам ўлгур иссиқ.

Хуллас, ким қанақалигини билмоқчи бўлса Солия аммани ойна қилиб қарасин. Ўзини «точний» кўради.

Адреси: Кўкча, Қатиқ бозори.

Чучвара

Мажлисда унга:
— Сен бола, чучварани хом санаб юрибсан. Шошма ҳали, жўжани кузда санаймиз. Бу қанақаси, сирканг сув кўтармайдиган бўлиб қопти, — дейишди.

Холиқнинг тепа сочи тик бўлиб кетди. У уч йилдан бери пахта бригадасида бошлиқ. Бригадага ўтишдан аввал парранда фермасида, ундан кейин узумчилик звеносида эди. Пахтага ўтиб ҳеч кимга гап бермай қўйган. Чопиқ ҳам, суғориш ҳам расво. Ана шунинг учун уни бугун тахтага тортиб, роса танқид қилишди. Аммо умрида тузуккина танқид емаган Холиқ бу гапларни шахсиятдан деб тушуниб, ўрнидан туриб кетди.
— Энди менга навбат! Менинг шаънимга жуда кўп ножўя гапларни айтдинглар. Ҳаммасига жавоб тайёр: чунончи, сиркаси сув кўтармайди, дединглар. Нимага шама қиляпганларингни биламан. Узумчилик звеносида ишлаганимда сирка солганман. Лекин, мен уни чуғурчиқ чўқиган ғужумлардан солганман. У сув кўтарадими, йўқми — ўзим биламан. Иккинчи масалага ўтайлик: жўжани кузда санаймиз, дединглар. Бундан икки йил олдин парранда фермасини учма-уч қилиб топширганман. Жўжаси ҳам, хўрози ҳам тўппа-тўғри чиққан. Энди учинчи масала: чучварани хом санади, дейсизлар. Мана шу гап менга оғир ботди. Қани айтинглар-чи, менинг чучвара санаётганимни ким кўрипти? Кимнинг уйига кириб чучварага қўл тегизибман? Вообше, мен чучвара емайман.

Холиқ асосий масалани четга суриб, гапни чучвара тарафга буради.

Унинг эзмалиги меъдасига теккан агроном дунғиллади:
— Э, чучваранг қурсин, пахтадан гапир!
— Йўқ, — деди Холиқ қатъий, — мен чучвара масаласини бирёғлик қилмасдан бошқа гапга ўтмайман!

Ўтирганлар баравардан уҳ тортиб юборишди.

ХУРРАК

Одамнинг қанақалиги сафарда билинади.

Калонхўжаев ўринбосар танлашга жуда уста одам. Мана, Мўминов деган мўмингина одамни ўзига ўринбосар қилиб олди. Бечора Мўминов мусичанинг ўзи. Калонхўжаев қўнғироқ босиб чақирганда эгилиб, ғилдиракка ўхшаб ғилдираб киради-да, унинг гапларини чурқ этмай эшитиб, коптокка ўхшаб яна думалаб чиқиб кетади.

Умуман Калонхўжаев ўринбосардан ёлчиб қолди. Бугун улар сафарга — командировкага чиқишди. Мўминов қўш чемодан кўтариб Калонхўжаевнинг орқасидан меҳмонхона номерига кирди. Чой опкелди, ҳандалак опкелди.

Калонхўжаевнинг жаҳли чиқди. Мўминовнинг елкасидан туртиб уйғотди. У бечора момақалдироқдек бир-икки қалдираб, хуррагининг охирини катта авж билан тушириб, бошини кўтарди.
— Нима гап, хўжайин, чойми? Ҳозир.
— Э, хуррак ҳам эви билан-да!
— Хўп, хўжайин, бу ёғи эви билан бўлади.

У бу гапни шундай ишонтириб айтдики, бошқа гапга ўрин қолмай Калонхўжаев яна ётди.

Уйқу ширин нарса. Уйқуси нозик кишига пашша ғинғилласа ҳам бўлди — ухлолмайди. Калонхўжаев деганимиз эса, ёстиғига қиров тушса ҳам овозини эшитадиган одам. Мана у кўзини юмди. Юмди-ю, юраги ўйнаб кетди. Кимдир деразадан бомба ташлади. Бомба ёмон портларкан. Деразалар зириллади, эшикнинг қулфи бузилиб, очилиб кетди. Калонхўжаев дод, деб ўрнидан турди. Йўқ, ҳамма ёқ тинч. Мўминов битта, аммо келиштириб калта хуррак тортган экан.

Калонхўжаев қайта ётолмади. Стулга ўтириб, мудрай бошлади. Бирдан пулемётбозлик бошланиб қолди. Бу овозинг ўчкур пулемётнинг лентаси нега тамом бўлмайди-я! Кўзини очиб қарай деса, Калонхўжаевда қани юрак. У аранг бир кўзини очиб қараган эди, пулемёт-мулимёт йўқ. Мўминов лабини титратиб хуррак отяпти. Қалонхўжаев ғазаб билан қўлига қоғоз, қалам олди-да, нималарнидир ёзди. Кейин Мўминовнинг тепасига келиб елкасидан туртди.

Мўминов эриниб кўзини очди. Калонхўжаевни кўриб:
— Чойми, хўжайин!—деди.

Калонхўжаев қоғозни қўлига тутқазди. Мўминов хатни чироққа солиб ўқиса, буйруқ:

«... ишни эплолмагани учун вазифасидан бўшатилсин!

  Калонхўжаев...»

Иқрор

Раҳмонали кўнгли пошшо бўлиб келарди. Бугун ҳам хотинини доғда қолдириб, ўша жойга борди. Маишат кечагидан ҳам зўр бўлди. Бугун хотинига нима баҳона қилса экан? У уйга яқинлашган сари баҳона топишга шошарди. Шунга ҳам баҳонами? Кечаги мажлиснинг давоми бўлди, деб қўяқолади-да!

Такси уларнинг эшиги олдига келиб тўхташи билан орқама-орқа яна бир такси келди. Ундан рўмолга ўралган бир аёл тушди. Раҳмоналининг юраги орқасига тортиб кетди. Бу унинг хотини Зарофат эди. Оббо, пойлаб борганга ўхшайди. Билган, қаердалигини, кимнинг уйидалигини билган. Иккала такси ҳам қоронғу кўчани ёритиб орқага қайтишди. Раҳмонали юраги бетламай бўшашиб сўради:
— Зарофмисан?

Зарофат жавоб ўрнига ҳўнграб йиғлаб юборди.

Раҳмоналининг баданига титроқ кирди. Оёғи қалтиради. Энди нима қилсайкин? Тонсинми? Кўзини бақрайтириб туриб-а?

Зарофат пиқ-пиқ йиғлаганича унинг ёнидан ўтиб эшикка калит солиб очди. Эр-хотин олдинма-кетин ҳовлига киришди. Раҳмоналининг калласи мокидай ишларди-ю, бефойда эди. Нима десайкин? Тониб бўлмайди. Бошқа баҳонанинг иложи йўқ. Ҳаммасини кўрган. Билган. Қиёмат қилади. Ҳар ҳолда ҳовлида гап бошласа, тўполон бўлиб, қўни-қўшнилар эшитиши мумкин. Нима бўлса ҳам уйга кириб гаплашиш керак. Унинг кўнглини олиш керак. Хотинларни яхши гап билан йўлга солса бўлади. Қани, бир уриниб кўрсин.

Раҳмонали шу ўйлар билан ичкарига кирди. Хотини столга бошини қўйиб ҳамок пиқиллаб йиғларди.

Бу аҳволда уни ҳеч нарсага кўндириб бўлмайди, деб дилидан ўтказди Раҳмонали. Тўғрисини айтиб, тавба қилиш керак. Бундан бошқа йўл йўқ! Раҳмонали журъатсизлик билан хотинининг тепасига келди.
— Хотин, нима десамикин? Нима бўлганини ўзинг билиб турибсан. Аҳмоқлик қилдим. Нима қилай, эгилган бошни қилич кесмайди.

Зарофат ялт этиб унга қаради. Раҳмоналининг юраги жиғ этиб кетди. Муз парчасини ютворгандек анча вақтгача ўзига келолмай энтикиб туриб қолди.
— Бунақа қарама-да, айбимни бўйнимга оляпман-ку, тағин нима дейсан. Шу икки боланинг ҳурмати, энди бундай қилмайман. Кечаги мажлис ҳам ёлғон эди. Кеча ҳам ҳали ўзинг кўрган жойга борган эдим. Унинг қош-кўзларига учибман. Ширин сўзларига учибман. Айб ўзимда, бола-чақалик кап-катта одам бегона хотинга айланишиб юрибман...

Зарофат яна унга қаради. Энди унинг кўзларидан ўт чақнарди. Раҳмонали бу қарашларга тоб беролмади. Бутун вужуди карахт бўлиб қотиб турарди. У кўзларини чирт юмганича, яна гапирди.
— Истасанг, иккинчи бундай қилмасликка расписка бераман. Кўр эканман, қадрингни билмаган эканман. Майли, ур, урақол мени, теп, орқамга теп, розиман, мендақа ярамас эрнинг жазоси шу.

Зарофат унинг гапларига чидолмай нариги уйга чиқиб кетди. Орқасидан Раҳмонали эргашиб кирди.
— Энди қўйгин, жон хотин, эркак бошимни хам қилиб тўғрисини айтяпман. Наҳотки кечирмасанг. Энди у хотиннинг башарасига ҳам қарамайман. Тамом. Пой-лаб борибсанда-а, ҳаммасини кўрибсанда-а, шунчаки, кўнгли учун бордим. Турган-битгани бўёқ.
— Нари туринг, яқин келманг! Эссиз одамгарчилик.

Раҳмонали тиз чўкди:
— Оёғимдан ўп десанг ўпаман. Орқамдан эмаклаб юр десанг эмаклаб юраман, мени кечирсанг бўлгани. Энди ишдан бир секунд ҳам кечикмай уйга келаман. Кўрасан, бундан буён моянамга ҳам барака киради. Айтди дерсан. У ярамас хотинга энди ҳеч нарса олиб бермайман.

Зарофат ўгирилиб қараган эди, Раҳмонали орқасида, оёғининг тагида тиз чўкиб, кўзларини пир-пиратиб турибди. Зарофатнинг раҳми келиб кетди. Бир зумда калласидан: қилмишига пушаймон бўлиб турибди-ку, ҳаммасини айтиб беряпти-ку, майли бу галча кечира қолай, деган ўй ўтди.
— Туринг ўрнингиздан. Уят керак. Бу галча кечирдим, иккинчи шунақа иш қилсангиз, остонага қадам қўймай ўша ёқдан даф бўлинг.

Раҳмоналига жон кирди. Хотинининг оёғидан, билакларидан, елкаларидан йиғлаб-йиғлаб ўпди.
— Муни қара-я, борибсан-а, кўрибсан-а.

Зарофат пиқиллаб кулиб юборди:
— Ҳеч қаёққа борганим йўқ. Сизни кутиб ўтириб ухлаб қопман. Туш кўрсам, сиз ўлиб қопсиз. Идорангиздагилар қабристонда митинг қилиб кўмиб қўйишди. Уйғониб кетиб бирам кўнглим ғаш бўлдики, ётиб ётолмадим, ўтириб ўтиролмадим. Хаёлимда сизга бир нима бўлгандек, ё автобус, ё трамвай уриб кетгандек бўлаверди. Идорангизга бормоқчи бўлиб таксига чиқаётсам, ўзингиз келиб қолдингиз. Мен бу ёқда қандоқ ташвишлар қилиб юрибман-у, сиз бўлсангиз...
— Бўлди, бўлди, бу ёғини гапирма. Гапни тамом қилдик-ку. Айлантирма.

Раҳмонали ечина туриб, э аҳмоқ деб, пешонасига битта урди.

Бу ҳангома эр-хотиннинг орасида қолиб кетди. Аммо Раҳмонали эрталаб ишга кетаётганида хотинининг қўлидан ўпиб, ишдан келганида пешонасидан ўпишини эшитганлар нима гаплигини билолмай ҳайрон.

Борди-ю, олган маошининг тийин-тийинигача санаб хотинининг қўлига беришини эшитсалар, нима дейишаркин?

Ҳар қалай, уйдаги гапнинг кўчага чиқмагани дуруст бўлди. Раҳмонали бу сирни мендан бошқа кишига айтмаган. Мен ҳам ҳалигача сир сақлаб юрибман.

Хомталаш

«Камбағал бўлсанг кўчиб боқ, бойвачча бўлсанг ўлиб боқ» деган гапда ҳикмат кўп экан. Бу ҳикматнинг маъниси кечқурун билинди. Маҳалланинг сўфиси марҳумнинг бевасини айвонга чақириб, қолган маросимларни қандоқ ўтказиш тўғрисида йўл-йўриқ кўрсата бошлади.
— Янга, бир ўлим ҳаммамизнинг ҳам бошимизда бор. Ўлган ўлди. Қолганга қийин. Энди шундоқ қилсангиз: еттисига бир қўй сўясиз. Олти маҳалладан одам айтилади. Алалхусус, йигирмасида ҳам шундоқ бўлади. Ҳар шанба куни маҳалла қарияларини чақириб, ош-туз қилиб дуойи-фотиҳани узмайсиз. То қирқ кунгача арвоҳ чирқиллаб, уй атрофида айланиб юради. Ҳа, шундоқ.

Кампир кўзларини пирпиратиб нима дейишини билмай турарди. Унинг эри унчалик ошиб-тошиб кетмаган, рўзғорига яраша пул топиб келган одам эди. Ўлгандан кейин бунақа харжларни сира хаёлига келтирмаган. Кампирни ваҳм босди. Бир йилгача бу тариқа харжларга пулни қайдан олади. Расм-русмни қилмаса айб бўлади. Юрт нима дейди? Арвоҳ эшик олдида чирқиллаб юрган бўлса. Сўфи яна гап бошлади.
— Янга, марҳумнинг қариндош-уруғлари кўп эди. Акаси, укаси, сингиллари, жиянлари. Бу ҳовли марҳумнинг отасидан қолган. Ҳовлида шу сағирларнинг маҳри бор. Ана, эшик олдида туришипти. Шу гап жанжалга қолмай, иссиғида ҳовлига нарх қўйиб меросхўрларнинг маҳрини белгилаб қўйсак.

Эшик олдида турган маҳрталаблар қулоқларини динг қилиб айвон тарафга қарашди. Ҳаммасининг эгнида қимматбаҳо кийимлар, қўлларида тилла соат, оёқларида хиром этик, учи найза туфли. Бири қорин ташлаган, бирининг бўйни йилтираган, бири бриллиант кўзли узук таққан...

Бева кампирнинг эгнида қора кўйлак, бошида ҳам мотам муносабати билан бўялган штапель рўмол. Оёғида так чарми икки марта янгиланган кавуш. Унинг ҳолатидан, ниҳоятда танг аҳволда қолгани билиниб турарди. Охири у журъатсизгина қилиб гапирди.

— Бу, ахир, ўликни талаш эмасми? Бу уй ўлгур эртами-индин бузилиб кетади. Нимасини талашишади. Бир йилгача маросимларни ўтказаман, деб қоққанда қозиғим, осганда хурмачам қолмайди. Жигар бўлса, ака бўлса, ука бўлса, сингил бўлса, мундоқ ёнимга кириб харжларни сал енгиллатишсин-да.

Бўйни йилтираган маҳрхўр тилла тишини ялтиратиб гап қотди.
— Келин ая, сарфни аямай қилаверинг. Ҳовли сотилгандан кейин маҳр ҳисобидан расчётини тўғрилаймиз. Бу ёғига хотиржам бўлаверинг.
— Ҳа, шундоқ бўлаверсин, — деди қорин ташлаган маҳрталаб. — Аммо, лекин, харжни унчалик катта қилиб юборманг. Маҳр тақсимида унча-мунча қўлимизга ҳам тегадиган бўлсин.

Марварид шодали зирак таққан, понбархат кўйлагининг енгини шимариб боласига ҳолвайтар едираётган маҳрхўр хотин гап қотди:
— Қандоқ харж бўлса акаларим, укаларим ҳисобидан бўлсин, хотин бошим билан нега мен қиларканман. Менинг маҳримни бечиқим қилиб берасизлар.

Бева кампирнинг кўзларида ёш йилтиради.
— Қандоқ қиламан? Бу харжларни қаёқдан оламан?

Сўфи ўйлаб туриб жуда ҳам «маъноли» бир гап айтди.
— Ҳозироқ ҳовлига баҳо қўйиш керак. Ана шу баҳо ҳисобидан бировдан пул кўтарилади.

Бўйни йилтирагани бу гапни маъқуллади.
— Шундоқ бўлгани маъқул. Масалан, мен ҳовли ҳисобидан қарз бериб туришим мумкин. Аммо уч-тўрт кишининг гувоҳлигида.

Шу пайт эшикдан икки хотин кирди. Боя маҳрни бечиқим оламан деяётган хотин ўрнидан тура солиб келган хотинларнинг бўйнига осилди.
— Жигаримдан айрилиб қолдимо...

Сандиқ тўла сариқ гул
Тақсам адо бўлмайди.
Жигаримнинг дардини
Айтсам адо бўлмайди.
Вой акагинам қандоқ одам эди-я, шундоқ меҳрибонимдан ажралдимо...

У йиғини тугатиб, яна орқага қайтди. Сўфининг олдига келиб:
— Ҳар кимнинг маҳрини ўз қўлига берасиз, — деди.
— Хўп, опа, хўп. Нархи очилди. Укангиз қарз бериб турадиган бўлдилар.

Хотиржам бўлган хотин яна овозини баланд қўйиб йиғи бошлади.

Узун-узун арғамчи
Йўлда ётса майлими.
Шундоқ азиз жигарим
Гўрда ётса майлими.
Акагинамдан айрилиб қолдимо-о-о...

Ҳам эридан, ҳам ҳовли-жойидан айрилган кампир кўзидан милт-милт ёш оқизиб, қимирламай турарди.

Менинг дўстим Баббаев!

Неъмат Бобоев билан бир ҳовлида турамиз. У ёшликдан тепкилашиб катта бўлган оғайним бўлади. Чилонзордан уй олганимизда ҳам икковимиз бир жойга тушиб қолганмиз. У учинчи қаватда, мен иккинчи қаватдаман. Кечқурунлари ҳовлида домино ўйнаймиз. Термосда чой дамлаб тушиб роса чойхўрлик қиламиз. Неъмат қурмагур жуда одамжон нарса. Ҳар гапига мақол, матал қўшиб гапиради. У шундоқ меҳрибон, шундоқ меҳрибон...

Мана шу энг яқин оғайним бир кун пастга пижама кийиб бир қўлида термос, бир қўлида пиёла билан тушди.
— Қалай, ишлар жойидами? — дедим курсидан унга жой кўрсатиб.
— Аслида юзтадан отиб ташласак ҳам бўладиган.

Унинг гапига тушунолмай ҳайрон бўлиб турган эдим, ўзи ёрила қолди.
— Сабаби шуки, бугун министрликдан буйруқ олдим. Яъни сизларнинг заводларинга директор бўлдим.

Ҳақиқатан ҳам бунақа янгилик учун юзта эмас, икки юзтадан отсак ҳам бемалол бўлаверади. Аммо биз бунақа қилмадик. Мен дўстимни астойдил табрикладим. Тўғриси, илгариги директоримиз сал қўполдўзроқ эди. Мен неча йилдан бери заводда инженер бўлсам унга биронта таклифимни ўтказолган эмасман. Бу тўғрида Неъматга кўп гапирганман. Неъмат бу гапларни эшитганда куйиб ёниб кетарди. Директоримизни бюрократ, лақма, принципи йўқ, қўпол ва яна алланималар деб сўкарди. Унинг директор бўлиб келишига суйинганимнинг сабаби ҳам шу-да! Ҳар қалай у тушунган одам. Ихтироимдан хабардор. Чертёжимнинг кўп жойларини ўзи билан маслаҳатлашганман. У доимо: «Агар шу ихтиро амалга ошса, завод йилига камида икки юз минг иқтисод қилади» деб мени ишонтирарди. Мана, Неъматнинг ўзи директор. Ура!..

Эрталаб ишга у вақтли кетиб қолган экан. Қўшниларнинг айтишига қараганда у ҳаво ранг «Волга»да кетибди. Ҳай, мен ҳам заводга етиб келдим.

Смена охирлашиб қолган эди. Телефонда секретарь қиз мени директор чақираётганини айтиб қолди. Бордим. Эшикни очиб киришим билан Неъмат башарамга қараб:
— Сизда маданият деган нарса борми? — деб қолса бўладими.

Ҳайрон бўлиб эшик билан унинг столи оралиғида тўхтаб қолдим.
— Секретардан, кирсам мумкинми, деб сўраш керак.
— Жинни бўлдингми, Неъмат.
— Мен сизга Неъмат эмасман, ўртоқ Баббаев бўламан, ўртоқ Хажжайип.

Индамадим. Ўзи стол ойнасини бир оз чертиб ўтириб гап бошлади.
— Ўртоқ Хажжайип, сизни чақиртиришимнинг сабаби шуки, биз сиз билан бевосита завод хўжалигига жавобгар кишилармиз. Ишлаб чиқаришни минимумдан максимумга кўтаришда командирлик қилишимиз лозим.

Э, аттанг, дедим ичимда. Ҳар гапига мақол, матал қўшиб гапирадиган, бир оғиз гапи билан одамнинг ичига кириб кетадиган бола тамом бўпти-ку!
— Менга қара, қўй бу олифта гапларни. Тўппа-тўғри, одамга ўхшаб гапиравер.

Неъматнинг кўзлари дум-думалоқ бўлиб кетди. Афтидан у раҳбар ходим, албатта жиддий гапириши шарт, кулиш, ҳазил қилиш раҳбар обрўсини тўкади, деб ўйласа керак, қўрқиб кетди. Яна ўзим гап бошладим.
— Албатта менинг чертёжим масаласида чақирган бўлсанг керак. Шуни энди амалга оширсак, бўлар, а?

Неъмат ранглари оқариб анграйиб турарди. Гапим тамом бўлиши билан бошини сарак-сарак қилди.
— Бу ердагилар ҳам, эски директор ҳам икковимизнинг ўртоқ эканлигимизни яхши билишади. Агар лойиҳангни амалга оширадиган бўлсам, албатта: ўз ўртоғини қўллаяпти дейишади. Умуман бу лойиҳа бизга тўғри келмайди.
— Хўш, нега тўғри келмас экан.
— Биринчидан, бу дастгоҳни ясаш учун бир неча одам овора бўлади. Қуюв цехи ҳам, йиғув цехи ҳам планни бажаролмай судралаётган экан, унинг устига пландан ташқари хонаки қилиб сенинг дастгоҳингни юкласак уларга жавр бўлади.
— Беш олти кун жавр бўлгани билан бу ёғига коллективимизнинг қўлидан оғир ишни олади-ку.
— У кейинги гап. Нақди керак бизга. Бор дастгоҳларимиз бинойидек кунимизга яраб турипти.

Шундай тутақиб кетдимки, ўрнимдан туриб қолганимни ўзим билмабман.
— Ҳой, менга қара. Ўзинг эмасмидинг, шу дастгоҳ битса завод йилига икки юз минг иқтисод қилади, деган. Ўзинг эмасмидинг, эски директорни бюрократ, ландавур, принципи йўқ лақма деган...

Неъмат қўлларини икки томонга ёзди.
— Ташқаридан қараганда ҳаммамиз ҳам шунақа деймиз. Жавобгарлик бўйнимизга тушганда ўйлаб қоламиз.
— Ўз оғайнисининг ишини амалга оширяпти дейишларидан қўрқаман, дейсан. Нима, шахсий ишимга қарашяпсанми. Ҳамма ҳам ошна бўлса, бутун коллектив бир оғайни бўлса, қандоқ яхши.

Неъмат ўрнидан туриб кетди.
— Бас қилинг, ўртоқ Хажжайип, гап тамом!
— Хўп, — дедим — кечирасиз ўртоқ Баббаев.

Чиқиб кетдим.

Қечқурун Неъмат яна термос кўтариб тушди. Мен унинг олдига бориб, мумкинми, ўтирсам, ўртоқ Бабаев, дедим.
— Отимни айтсанг ўласанми. Ўтиравер, — деди.
— Ахир боя заводда кабинетингда...

Неъмат илжайди.
— У завод, бу кўча, уй. Хўш соғлигинг яхшими, ғалати тарвуз олиб келдим, холодильникка тиқиб қўйибман, ҳозир чиқиб қотирамиз.

Ё тавба. Шу ёшга кириб бир умр бирга бўлган оғайнимнинг қанақалигини билмаган эканман. Шунча вақтдан бери одамнинг жонидек бўлган йигит орқаси стулга тегди-ю бошқача бўлди, қўйди-я.

Шу кеча роса домино ўйнадик, мен уни ютавериб тўрт марта стол тагидан эмаклатиб ўтказдим. Пешонасига эчкининг суратини ёпиштирдим. Ҳамма ўйинларимиз самимий, беғараз ўтди. Аммо...

Аммо эртасига ишга борганимда у яна бошқача бўлиб қолибди. Нуқул ўртоқ Хажжайип дейди. Отини айтсам чирсиллаб, ўртоқ Баббаев дегин деб кўрсатма беради.

Хотинбоз чумчуқ

Бир журналда «Хотинбоз чумчуқ» деган ҳикоя босилди.

Ҳикояда нималар дейилганини бу ёққа қўйиб, уни ким ёзганидан гаплашайлик.

Чойхоначи Алимат бува ували-жували чол. Неваралари шундай кўпки, номларини адаштириб Солини Вали, Валини Соли деб янглишиб юради. Алимат бува невараларига қайси эртакни айтса, буни айтгансиз, деб жанжал қилишади. У ўйлаб, ичидан тўқиб эртак айтадиган бўлиб қолган. Айниқса эртакка тўймайдиган битта Кенжавой деган невараси ҳам бор. Чой устида хам, ош устида ҳам:
— Бува, давай, эртак айтиб беринг, — деб ҳархаша қилаверади.

Чол дунёдаги жамики эртакларни айтиб бўлган. Янгисини тўқиб чарчаган. У охири ўйлаб-ўйлаб эртак тўқиди, яъни:
— Бир бор экан, бир йўқ экан, битта чумчуқ бор экан...

Орадан анча вақт ўтиб, нима ҳам бўлди-ю, бир журналда ўша «Чумчуқ» лоп этиб чиқиб қолди. Чол мундоқ қараса, ўзи тўқиган эртак ҳикоя бўлиб чиқибди. Ҳикоячанинг тепасига Кенжа Алиматов, деб ёзиб қўйипти. Кенжа — Алимат отанинг ўша зумраша невараси, энди ўн тўрт ёшга кирган. Самовардагилар «Хотинбоз чумчуқ»ни роса чўзғилаб ўқиб чиқишди.

Ҳай, бу ҳам ўтди. «Хотинбоз чумчуқ» одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди. Аммо орадан бир ой ўтар-ўтмас газетада «Хотинбоз чумчуқ» сарлавҳаси остида мақола чиқди. Газета қўлма-қўл бўлиб кетди. Ўқиган ҳам ўқиди, ўқимаган ҳам ўқиди. Мақола шундай бошланарди:

«Ёзувчи Кенжа Алимат ўзининг «Хотинбоз чумчуқ» асари орқали орамиздаги хотинбозларни сатира ўти билан куйдиришга уринган ва уни муваффақиятли ҳал қила олган.

Асарда ёзувчининг катта ҳаёт тажрибаси борлиги яққол сезилиб турибди. Унинг кўзи ўткир, фикри тиниқ. Айниқса тили ўйноқ ва жозибадор. Табиат манзараларини жуда уста рассомдек нозиклик билан чизади.

Автор ҳаётни ўз кўзи билан кўради. Ундаи маълум даражада фалсафий хулосалар ҳам чиқаза олади. Ҳаёт тажрибаси, классикларни қунт билан ўрганиши, ўзидан олдин шу мавзуга қўл урган етук авторларнинг асарларидан ижодий фойдаланиши автор маҳоратига ўз таъсирини ўтказган.

Айниқса, асар охиридаги хотинбоз чумчуқнинг бошқа чумчуқлар орасида фош бўлиб, ўз хотини томонидан ушлаб олиниш картинаси ниҳоятда ёрқин, ўқувчининг у ёки бу эсида қоладиган даражада аниқ тасвирланиши муваффақиятни таъминлаган... Ўқувчи хотинбоз чумчуқнинг прообразини кўз олдига келтириб туради. Ундан жирканади, нафратланади, ғазабланади, в. б.

Хотинбоз чумчуқ Кант айтгандек, мен бор — олам бор, деб ўйлайди.

Автор чумчуқ қиёфасини яратишда новаторлик йўлидан боради. Персонажини индивидуаллаштиради. Характер яратади. Мисолларга мурожаат қиламиз:

«Унинг иккита қаноти бор, бир тумшуқ, иккинчи оёғи мавжуд».

Қаранг! Нақадар тиниқ, аниқ, ажойиб, ноёб портрет.

Кенжа Алимат чумчуқ ини орқали салбий чумчуқларнинг хусусий мулкчилигини аламли сатрларда фош қилади.

...Кекса тол поялари орасида ўзига хос хашаклардан ҳаромхўрлик билан йиғилган уя...

Юқоридаги мисоллар автор маҳоратини белгиловчи омиллар сифатида бизни қувонтиради. Яна мисол...

«Хотинбоз чумчуқ гулзор олдида бир оёғида ромашка ушлаб, тумшуғи билан унинг баргларини битталаб юляпти:
— «Келади, келмайди, келади...»

Ана гулзор томондан олифта патли сатанг чумчуқ пайдо бўлди.

Хотинбоз чумчуқнинг юраги ўйнади. Шошиб унинг истиқболига чиқди».

Бундай тасвирлар асарда кўп.

Аммо асар бир қатор камчиликлардан ҳам холи эмас.

Айниқса композицион тарқоқлик сезилади. (Чумчуқлар ҳар ёққа тарқаб учиб юришади.)

Хотинбоз чумчуқнинг чирқиллаши жибилажибоннинг сайрашини эслатиб қўйяпти. Сатанг чумчуқ Қарқуноқнинг худди ўзгинаси.

Асар сюжети кўпроқ очеркни эслатади.

Автор бундан буён чумчуқлар орасида кўпроқ бўлса, уларнинг ҳаётини ўрганса, тили, одатларини қунт билан кузатса, фақат ютади, яна ижод чўққиларига парвоз қилади.

Умуман олганда «Хотинбоз чумчуқ» кенг китобхон оммасининг ўсиб бораётган дидини, талабларани қондира оладиган ажойиб сермазмун асардир.

Биз талантли Кенжа Алиматдан ариқ бўйларидан совун ўғирлайдиган Зағизғон, узумларимизни чўқиб кетадиган Чуғурчиқ, гилосларимизни еб қўядиган Тутхўрак сингари паррандалар ҳақида полотнолар кутишга ҳақлидирмиз...»

Ана шу мақола босилиб чиққан куни эртакчи чол Алимат буванинг зумраша невараси, яъни «ҳаётдан фалсафий хулосалар чиқариб оладиган ёзувчи Кенжа Алимат» томда ўз тенги болалар билан каптар қувиб юрарди.

Мусича

Aгар Жумавойнинг боласи иккита бўлганда бунчалик куймасмиди. Ўзи одам бўлиб, еб кўриш у ёқда турсин, ялаб кўрмаган таомлар билан боққан, бобокалонлари извош у ёқда турсин, қўқон аравага тушолмай зор қақшаб кетишига қарамай, «Волга»да аллалаб катта қилган, дом отдихларни раво кўрмай курортларга юбориб ўйнатган, пешонасидаги шу биттаю-битта боласини милиция қамаб қўйса, бунга қандоқ қилиб чидаш мумкин?!

Жумабойнинг хотини бўлса, ўтиргани жой тополмайди.
— Пар ёстиқ оборсам олармикин. Болагинамга мол гўшти ёқмасди. У ерда лимон чой беришармикин? Кечаси уйғониб совуқ чой сўрайдиган одати бор эди. Вой дод, энди нима бўлади?

Жумавой хотинига қараб мўлтирайди. Хотини икки қўлини белига тираб, унга зуғим қилади:
— Ўтираверасизми?! Мундоқ оталарга ўхшаб ҳаракат қилсангиз-чи!
— Ўйлаяпман, чорасини ўйлаяпман. Маҳалладан бир характеристика олиш керак, мактабига бориб, комсоргдан ҳам битта характеристика сўраймиз. йўқ дейишмас.

Жумавой шошиб, кўчага чиқиб кетди. Хайрият маҳалла комиссиясининг раиси чойхонада домино ўйнаб ўтирган экан. Бўлган гапни шундоқ-шундоқ бўлди, деб тушунтирди.
— Ёмон урган эканми? — деди у Жумавойга қараб.
— Кайфда бўлган гап, шуни айб демаса ҳам бўларди. Калтак еган одамнинг бурни сал шикаст топибди. Тешиги бутун, бемалол нафас олса бўлади.
— Ўниси-чи? — деди маҳалла комиссияси.
— Униси сал мундоғроқ, бир пой қулоғи ярмигача йиртилган. Докторлар тикиб беради. Соч ўстирса, кўринмай кетади. Эшитаман деса, битта қулоқ билан ҳам ҳар қанча гапни эшитса бўлади.

Комиссия раиси идорани очиб, характеристика ёзишга тушди. Жумавой раис ушлаган ручка битта ҳарф ёзса, битта, иккита ҳарф ёзса, иккита, ишқилиб изма из ўқиб бораверди.

«...маҳаллада мусича шўхлик қилса қиладики, Жўравой шўхлик қилмайди, ҳеч кимнинг деразасини синдирмаган, ҳеч қайси тўйда тўполон қилмаган, маҳаллада ҳамма, бола бўлса Жўравойдек бўлсин, деб ният қилади...»

Характеристика битди. Комиссия раиси қоғозни Жумабойга узатар экан, маъноли илжайиб қўйди. Жумавой бунақа илжайишларнинг маънисига етади.
— Эркатой омон-эсон қутулиб чиқса, зиёфат бошида ўзлари турадилар, — деб уни хотиржам қилди.

Эр-хотин халлослаб Жўравой ўқийдиган техникумга қараб чопишди. Хайрият комсомол комитетининг секретари энди идорасига кираман, деб турган экан. Унга ялинишди, ёлворишди, хуллас эритишди.
— Жон ука, у қилмапти, биз қипмиз. У эмас, биз бенавот. Шуни бир бало қилинг. Бир варақ қоғозни биздан аяманг.

Секретарь ҳали ёш, умрида унга бировнинг иши тушмаган, хомгина йигит экан, буларнинг ноласидан йиғлаворай деди. Икки кўзида жиққа ёш билан қўлига ручкани олди-ю, яхшилаб характеристика ёзиб берди.

Ташқарига чиқиб, эр-хотин мамнун, бир-бирларига қараб олишди.
— Хотин, энди мундоқ қилсак, сен анаву қулоғи йиртилган боланинг уйига бориб, кўз ёши қил, даъвосидан кечмагунча йиғлайвер, кўз ёши тошни ҳам эритади. Мен анаву бурни ғажилганига борай, ўшаниси оёғини тираб турибди. Кўнмаса ўзини бенавот қиламиз.

Эр-хотин икки томонга ажралишди.

Охири шу бўлдики, икки кундан кейин Жўравой чиқиб келди. Шу куни кечқурун Жумавой катта зиёфат қилди.

Зиёфатга келганлар:

1) Одилов Фозил Тўраевич, маҳалла комиссиясининг раиси, 1913 йилда туғилган.

2) Қобилов Р. Д. Техникум комсорги, 1943 йилда туғилган.

3) Зиёев Раҳим Исаевич, участкавой, 1933 йилда туғилган.

4) Аҳроров Манноп (паспорти йўқ, туғилган йили номаълум, бекор).

Зиёфат жуда қуюқ бўлди, коньякдан беш шиша, ароқдан икки шиша ичилди. Жўравой андак кайф қилиб қолди.

Жўравойдан калтак еганлар:

(Юқоридаги рўйхатга қаралсин)

«Тез ёрдам» машинасида олиб кетилганлар.

(Рўйхатнинг биринчи ва иккинчи рақамларига қаралсин.)

Жўравойни ўша куниёқ, эрталаб чиқиб келган жойига обориб қўйишди. Аҳволи яхши. Қон босими қаноатланарли. Уйқуси меъёрида. Иштаҳаси дуруст. Ўзини жуда яхши сезяпти.

Зиёфат пайтида калтак еганларнинг соғлиғи ҳақида ҳали аниқ маълумотлар олингани йўқ. Чунки рўйхатнинг биринчи рақамида исми зикр этилган киши ўзига келмаган. Укол қилиш ва қон қуйиш давом этмоқда.

Суд

Саргузашт

Саратон кунларининг бирида

Саратоннинг жазираси авжга чиққан, қуёш осмондан нур эмас олов тўкаётгандек.

Ётоқда мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Ҳамётоқларим салқин паркларда дарс тайёрлагани, баъзилари консультацияга кетишган.

Сал камхаржроқ бўлганимдан нонга куним қолиб, иссиқ ётоқда димиқиб дарс тайёрлаяпман, куннинг иссиғи ҳатто бошимдаги дўппимни ҳам куйдираётганга ўхшайди. Миямга ўлай агар бир нима кирса. Ўқиганим калламга кирмай, сочларим орасида қолиб кетаётганга ўхшайди.

Саратоннинг жазоси кўкчой деганлар. Чойнакни кўтариб пастга тушдим. Кўчанинг нариги бетидаги чойхонага ўтмоқчи бўлиб автобус ўтиб кетишини кутиб турибман. Бирдан қайрағоч тагидаги скамейкада ёнбошлаб ётган бир кишига кўзим тушдию, орқамга қайтдим. Ёши олтмишларга бориб қолган бир киши бошини скамейкадан осилтириб ётибди. Аввалига уни ухлаб қолган гумон қилган эдим. Яқинига борсам ухлаганга ўхшамайди. Ерда эскириб кетган бир чарм портфель. Портфелнинг қопқоғи очилиб қолган. Ерда бир-иккита ўн сўмлик сочилиб ётибди. Шошиб уни уйғота бошладим. Бошини кўтариб тўғрилаб ётқизиб қўйдим. Чол ҳамон уйғонмас эди.

Бирдан кўнглимга шайтон кирди. Ўйим бузилди. Шошиб атрофга қарадим, ҳеч ким йўқ. Чолнинг ярим очиқ кўзларида назаримда нур сўнгандек эди. Ажиб бир чаққонлик билан портфелни олдиму қўйнимга тиққанимча ётоққа қараб чопдим.

Тўртинчи қаватга қандай чиққанимни билмайман. Ётоққа кирдиму портфелни тўшагим тагига тиқиб устига ўтириб олдим. Юрагим шундай дукиллаб урарди-ки девор соатнинг тукиллашига ўхшаб ўзимга ҳам эшитилиб турибди.

Нима қилишимни билмай яна ўрнимдан турдим. Дераза олдига келиб пастга қарадим. Чол ҳамон ўша ҳолича қимирламай ётибди.

Хаёлимга, ўртоқларим келиб қолса нима қиламан, ё бўлмаса қочаётганимни биров кўрган бўлса қидириб кирса нима қиламан, деган ўй келди. Тўшак тагига қўл суқиб яна портфелни олдиму печкадек қизиб ётган чердакка чиқа бошладим. Эмаклаб бориб уйилиб ётган увадалар орасига портфелни тиқиб, қайтиб тушдим. Ётоқ эшигини очишим билан яна ўзимни деразага урдим.

Энди чолнинг тепасига одам йиғилган. Гулларга қараб юрадиган боғбон амаки қўлидаги пиёладан унинг юзига сув сепяпти. Дарров деразадан нари кетдим. Ташқарига чиқишга ҳам, ётоқда ёлғиз қолишга ҳам қўрқаман.

Бир соат ўтдими, икки соат ўтдими билмайман. Шунча вақт қимирламай тик турганимни икки тиззамда дармон қолмаганидан билдим.

Қилиб қўйган ишимнинг даҳшатини мана шу ўтган вақт ичида билиб қолдим. Пешонамга шатиллатиб туширдим.
— Нима қилиб қўйдим? Ўғри бўлиб қолдимми?

Шарт ўрнимдан турдиму чердакка чиқдим. Увада орасидан портфелни олиб яна ётоққа тушдим. Уни пастга, тўдаланиб турган кишилар тепасидан ирғитмоқчи бўлиб деразадан қарадим.

Энди скамейка олдида ҳеч ким йўқ. Тез ёрдам машинаси шитоб билан чоррахани кесиб ўтиб кетди. Тамом! Бўшашиб яна каравотимга ўтирдим. Портфелни очдим. Бир даста пул. Ведомость. Пулни санадим. Бир минг икки юз ўн олти сўм. Яна аллақанча танга-чақа. Ведомостга кўз ташладим. Ўн еттинчи мактаб ўқитувчиларининг отпуска пули.

Коридорда оёқ товушлари эшитила бошлади. Қўрқиб портфелни яна тўшак тагига тиқдиму қимирламай ўтиравердим. Эшик очилиб Сайфи билан Умар кирди. Улар башарамга қараб ҳайрон бўлиб қолишди.
— Нима бўлди? Тобинг йўқми? Рангинг оқариб кетибди.

Уларга нима деб жавоб берганим ҳозир эсимда йўқ. Сайфи чойнакдан сув тополмай стаканда илиб қолган чойни оғзимга тутди.
— Ич, ич, оғайни. Офтоб урган бўлмасин тағин.

Чойни ичмай қайтардим.
— Бунақа ўзингни қийнаб дарс тайёрлама-да. Дам олиб, каллани мундоқ шамоллатиб тайёрлаш керак. Ўзингни уринтириб қўйибсан, ошна, — деди Сайфи. — Пастдан қайноқ чой опчиқиб берайми?

Сайфи туника чойнакни қўлига олди. Шу топда менинг бирдан-бир душманим бўлиб шу чойнак йилтираб турарди.
— Йўқ, — дедим қатъий қилиб. — Чой ичмаймаи. Офтобда сал кўпроқ юриб қўйган эканман. Бошим айланди. Салда тузалиб қоламан.

Улар бирпас ҳайрон бўлиб туришгандан кейин китоб дафтарларини тумбочкага қўйиб яна чиқиб кетишди. Яна ёлғиз қолдим. Бу хилда ўтираверсам қийналиб кетадиганга ўхшайман. Аста ўрнимдан туриб бошимга шунча кулфатлар солган портфелни тўшак тагида ёлғиз қолдириб чиқиб кетдим.

Боғбон амаки гуллар тагини кетмонлаб юрган экан. Менга бир қарадию, индамай ишини қилаверди.

Юрагим шув этиб кетди. Нега ундай қилди? Илгарилари ҳар кўрганда гулқайчисини белига қистириб аҳволимни сўрарди. Менинг мусофирлигимни, қарашадиган ҳеч кимим йўқлигини билиб невараси тушлик олиб келганда, албатта, чақиртириб тушарди. Бирга тушлик қилардик. Нечук бу гал менга бу хил совуқ қаради? Ё қилмишимни кўзимдан билиб олдими? Ё бўлмаса портфель олиб қочганимни кўрганмиди? Қўрқиб кетдим. Индамай бошимни эгиб ўтиб кетавердим.

Сал нари бориб секин орқамга қарадим. У ҳамон ўз иши билан банд. Кетмонини назаримда жаҳл билан ерга ураётганга ўхшарди. Орқамга қайтдим. Яқин келиб салом бердим. Чол бошини кўтариб саломимга совуққина алик олди-да, кетмонини марзада қолдириб, четга чиқди. Нос чекди.
— Сал хафароқ кўринасиз? — дедим уни синамоқчи бўлиб.
— Ноинсоф, ноинсоф кўп, болам. Куппа кундузи бир бечорани шилиб кетишди. Агар ўша ярамас қўлимга тушгандами, шу кетмон билан калласини мажақлаб ташлардим.

Танамга сал жон киргандек бўлди. Хайрият, чол билмаган экан. Ҳолдан тойиб унинг ёнига ўтирдим. Боғбон амаки ўзидан-ўзи хуноби ошиб гапирарди.
— Неча марта айтганман, пенсияга чиқ, деб. Йўқ, кўнмади. Юраги ўзи маълум нарса. Ҳой дўстим, энди бас, ишлама, дедим, қани энди бу ўжарни кўндириб бўлса. Мана, нима бўлди? Бир минг икки юз сўм-а. Қошки ўзиники бўлса. Халқники, муаллимларники-я!

Чол бошини сарак-сарак қилиб бўлган воқеани гапириб берди.
— Банкадан пул олиб келаётган экан. Иссиқда юраги бесаранжом бўлиб қопти. Трамвайдан тушибди-ю, Мардонни олдида бирпас ўтириб дам олай деб менинг олдимга аранг етиб кепти. Аксига олиб мен ўлгур қовун олгани кетган эдим. Қовун емай заҳарни есам бўлмасмидим. Бояқиш мени кутиб ўтириб кўнгли бехуд бўлиб қопти. Пул тўла папкасини бир ноинсоф кўтариб кетибди. Олган одамга буюрмасин. Кафанига, ўлимига ярасин шу пул.

Чол ўғрини астойдил қарғарди. Унинг ҳар бир гапи юрагимни тешиб кетяпти. Унинг гаплари қулоғимга эмас, баданимга ўқ бўлиб санчиларди.

Пулни олиб тушиб боғбон амакимнинг қўлига берсаммикан? Нима деб бераман? Мен олган эдим, десам кейин ёмон бўлмасмикин? Топиб олгандим, деяйми? Йўқ, бўлмайди. Кўзимга тергов, суд, қамоқ кўриниб кетди.

Яхшиси ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолавелсин. Олганимни ҳеч ким кўрмапти-ку нимадан қўрқаман. Бироқ боғбон амакимнинг қарғиши, кўнгли беҳузур бўлиб қолган кассир чолнинг ярим очиқ нурсиз кўзлари ичимни тимдаларди.

Чол ўрнидан туриб яна гуллар орасига кириб кетди. Бир ўзим қолдим. Нима қилишимни билмайман. Аста турдиму бошим оққан тарафга қараб кета бошладим.

Анча кеч кириб қолган. Ишдан қайтаётган кишилар тротуарларни тўлдирган. Калламга ҳеч нарса кирмайди. Одамларга туртиниб-суртиниб кетяпман. Қорним очми, тўқми билмайман. Ким менга қараса турган жойимда қотиб қоламан. Қочишга пайт пойлайман.

Баъзан қилиб қўйган хатомни тузатиш қийин эканини англаб ўзимча режалар тузаман.

Янги костюм олсам. Энди ётоқда туриб нима қиламан. Квартира олиб кўчиб кетаман. Соат оламан. Тилла соат олсам ҳам бўлади. Янги этик олиш керак. Уйланиб олсаммикин?

Шундай ширин орзуларимни бўлиб чолнинг ярим очиқ нурсиз кўзлари кўриниб кетади.

Унинг ҳоли нима кечади? Юраги ёмон экан, ўлиб қолса нима қиламан? Ўқитувчилар нима қилишади?

Шу пайт кўзим магазиннинг ялтираган витринасига тушиб қолди. Бу ювелир магазин эди. Тилла соатлар, биллур идишлар кўзни қамаштиради. Беихтиёр ичкарига кириб қопман. Шундай бадавлат эдимки, бу дўкондаги энг қимматбаҳо буюмларни харид қилишга ҳам қурбим етарди. Шошилмай роса айландим. Қай хил соатни олишимни мўлжаллаб қўйдим. Ойна тагида устига тилла суви юртилган кумуш папиросдон турипти. Ана шуни ҳам олиш керак. Бу папиросдонга қаҳрабо муштук ярашади. Албатта оламан.

Нимага қўл узатсам етадигандек эди. Рости ҳам шундай. Энди энг яхши ресторанда овқатланаман. Бундан буён стипендия кутиб ўтириш йўқ. Жағимга қоплама қилиб тилла тиш қуйдирсам ҳам бўлади.

Ана шундай ниятлар билан магазиндан чиқдим. Эртага бугун ўйлаган, ният қилган нарсаларимни оламан. Эртага менинг ҳаётим янгича бошланади.

Мен бахтиёр эдим. Илгари ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган, ҳатто хаёлимга келмаган нарсалар тўғрисида ўйлайман. Қадам ташлашим ҳам, атрофга қарашим ҳам бошқача эди. Мен ерни босиб кетаётганим йўқ. Ер мени кўтариб бораётганга ўхшайди.

Ҳуштак товушидан чўчиб кетдим. У ёқ-бу ёққа қарадим. Мўйловдор бир милиционер лунжини тўлдириб ҳуштак чаларди. Унга қарасам жаҳл билан мени имлаб чақиряпти.

Калламдаги хаёллар, ширин орзулар шу топдаёқ қаёққадир ғойиб бўлди. Ўзлигимни йўқотиб мурдага айландим. Ўлимга ўз оёғи билан кетаётгандек унга қараб юра бошладим. Бирдан, қочсаммикин, деб ўйладиму, шу топдаёқ орқамга бурилиб тирақайлаб қоча бошладим. Яна ҳуштак овози қулоқларимни тешгудек бўлди. Қаршимдан келаётган бақувват бир йигит оёғимдан чалиб юборди. Мункиб кетдиму, йиқилмадим. Зум ўтмай милиционер етиб келди.

Тамом бўлдим!

Суд, даҳшатли қора курси. Ҳукм!

Милиционер ўнг қўлини чаккасига қўйиб чест берди.
— Гражданин сиз...

Ғулдираб қолдим.
— Мен, мен билмасдан... — бошқа гап айтолмадим.
— Сиз, — шошилмай салмоқлаб гапирарди. — Сиз нега кўча қоидасини бузасиз? Оз бўлмаса машина уриб кетай деди-ку...

У бошқа нималар деди билмайман. Энтикаман холос.

Атрофни одам ўраб олган эди. Милиционер то штраф квитанциясини ёзиб бўлгунча сал ўзимни ўнглаб олдим.

Ётоққа қараб кетяпман. Юраётганим йўқ. Судралаяпман. Аъзойи баданимда жон асорати йўқ. Мурдага ўхшайман.

Назаримда калтак егандек бутун вужудим зирқираб оғрийди.

То тўртинчи қаватга чиққунча икки марта зинада ўтириб дам олдим.

Сайфи билан Умар шақиллатиб домино ўйнашаётган экан, уларга ҳам қарамай ўрнимга чўзилдиму кўзимни юмдим. Аммо тўшак тагидаги портфель белимга ботиб ухлагани қўймасди. У ёққа ағдариламан, бу ёққа ағдариламан, бўлмайди. Мени шунчалар нотинч қилаётган портфелни олиб улоқтиргим келди. Иложи йўқ-да!

Шунчалар чарчашимга қарамай ухлаёлмадим. Энди кўзим илинганда тушимга ярим очиқ нурсиз кўз киради, уйғониб кетаман. Яна кўзим илиниши билан ўзимни терговчи олдида кўраман, яна уйғонаман.

Бир маҳал қаттиқ ухлаб қолган эканман. Нима бўлди-ю, боғбон амаки қайдандир пайдо бўлди. Белимдан азот кўтариб деразадан улоқтирди. Пастга шитоб билан тушиб кетяпман. Пастда катта гулхан. Мана ҳозир оловнинг қоқ ўртасига тушаман. Ёнаётган олов эмасмиш. Пул тўла портфель эмиш. Портфель устига белим билан тушдим. Дод деб кўзимни очиб юбордим.

Сайфи билан Умар ҳам қаттиқ ухлаб қолишган экан. Хайрият алахсираганимни, дод деганимни билишмади.

Белимга ботаётган портфелни тортиб ястиқ тагига бостирдим-да яна кўзимни юмдим. Бу гал қаттиқ ухлаб қопман. Ҳеч қанақа туш кўрмадим.

Қўлбола космонавт

Жуда қаттиқ ухлаб қолган эканман. Алланарсанинг портлашидан уйғониб кетдим. Кўзимни очсам Сайфи электрплитага чой қўяман деб ағдариб юборипти. Плита спираллари бир-бирига тегиб замикание бўлиб, ётоқ коридоридаги пробкани куйдириб юборипти. То кийиниб олгунимча комендант кириб шовқин кўтарди.
— Ётоққа ўт қўйвориб тинчийсизларми? Бундан кейин кимда ким плита қўйса мендан хафа бўлмасин. Пожарнийга ўзим тутиб бераман.

Сайфи ундан узр сўраб электрни тузатиб қўйишни бўйнига олди.
— Керакмас, — деди комендант. — Электрдан ҳам зарур иш бор. Қани бўлинглар. Пастда машина кутиб турипти. Қурилишга ҳашарга борасизлар. Бугун техникум бўйича жами студентлар ётоқ қурилишига ҳашарга боради. Қани, тез-тез. Электрни монтёр чақириб ўзим тузаттириб қўяман.

Комендант қисталанг қилиб ҳаммамизни пастга ҳайдаб тушди. То автобусга чиқиб жўнаб кетгунимизча туриб олди.

Шаҳар четида техникумимиз учун янги бино, ётоқ қурилаётган эди. Бундан илгарилари ҳам баъзан ҳашарга бориб турардик. Қурилиш ишлари чўзилиб кетиб сентябрда ўқиш бошлангунча асосий корпуснинг битмай қолиш хавфи туғилганидан дирекция кейинги пайтларда хашарга зўр берган эди.

Студент халқи ғалати халқ бўлади. Оч бўлса ҳам ашула айтади, тўқ бўлса ҳам ашула айтади.

Бир автобус бола овозининг борича қўшиқ айтиб кетяпмиз. Мен ҳам ётоқда унча-мунча хиргойи қилиб турардим. Қувноқ, ғам-ташвиш нималигини билмайдиган ўртоқларимга қўшилиб ашула айтиб кетяпман. Ўртоқларим авжини сен айтасан, деб қолишди. Йўқ демадим. Энди катта авжга чиққан ҳам эдимки, хаёлимга лоп этиб ястиқ тагидаги портфель келиб ғиқ этиб тўхтаб қолдим. Сайфи овозининг борича қичқирди.
— Патефоннинг таноби узилиб кетдими?
— Э, олсанг-чи!
— Ҳа, қани, — деган овозлар кўтарилди.

Ҳарчанд овоз чиқараман дейман, қани овоз чиқса. Ҳиқиллайман холос.

Кимдир зарда билан деди:
— Э, бор-е. Умар, ўзинг ол.

Ҳамма ашула айтаяпти. Битта мен аралашолмайман. Юрагимда от чопяпти. Шунча пул ястиқ тагида ётибди. Унинг устига комендант монтёр олиб кирган бўлса, борди-ю кўзи тушиб қолса, нима бўлади? Ўлдим!

То қурилиш бўлаётган жойга етгунимизча бўладиганим бўлди.

Тенгқурларим орасида бақуввати мен. Шунииг учун ҳам мени замбил кўтаришга қўйишди. Қизлар ғишт солиб бериб турадиган бўлишди.

Ишга келганда ўғил болалардан кўра қизлар дуруст. Қизларнинг жони қирқта, деган гапга шу ерда ишониб қўйдим. Менга бир минут дам беришмайди. Учинчи қаватга пиллапоядан ғишт тўла замбил кўтариб чиқиш осонми? Қайтиб тушишимиз билан дарров тўлдириб қўйишади. Яна ликонглаб юқорига ўрмалаб кетамиз. Умар озғин, чиллакдак йигит бўлса ҳам жуда чайир. Шундоқ иссиқ кунда терламайди ҳам. Ҳа, жиндек дам олайлик, десам кўнмайди. Қизларни олдида шарманда бўламиз, деб орқамдан пилдираб кўтариб кетаверади. Жиндаккина ором олсам эди. Ётоқда қолган пулимни ўйлардим. Умар ҳам, Сайфи ҳам, қизлар ҳам нима ғамда эканимни билишмайди-да, уларга бу гапни айтиб бўлармиди?

Қўлларим қавариб кетди. Охирги ғиштни юқорига опчиқиб тушдик. Яна машина келгунча бирпас дам олмоқчи бўлиб ўтирдик.

Тўғриси шу дам баҳонасида жуфтакни ростлаб қолмоқчи эдим. Шу ният билан болаларга қандай баҳона топсам экан деб ўйлаб ўтирган эдим. Мен ўтирган бетон супача секин-секин лапанглай бошлади. Аввалига Умарми, Сайфими, тегажоғлик қилиб қимирлатаётган бўлса керак деб индамай ўйлаб ўтиравердим. Қарасам, супача осмонга чиқиб кетяпти. Қўрқиб кетдим, қўрққанимни қизлардан яшириб илжайиб туравердим. Қейин билсам, бетон арматуранинг устида ўтирган эканман. Кўтарма кран мени ҳам арматурага қўшиб кўтариб чиқиб кетяпти. То ўзимни ўнглаб олгунимча тўртинчи қаватнинг томи рўпарасига опчиқиб қимирламай қолди. Бетоннинг бир тарафи кўтарилган бўлганидан кранчи мени кўрмай қолипти.

Пастда қолганлар қийқириб кулишади. Мен бўлсам жонимни ҳовучлаб кран занжирини маҳкам ушлаб олганман. Ғиқиллаб турган краннинг овози ўчди.

Тўртинчи қават деворида турган хотин қўлидаги байроқчасини силкитди. Кранчи буткасидан бош чиқариб:
— Ток йўқ. Обед пайти бўлганидан токни узиб қўйишди, — деб қичқирди.

Оббо! Расво бўлди. Яна қанча вақт осмонда муаллақ туришимни билмайман. Бу падар лаънати ток қачон уланади. Кран занжири узилиб кетсая! Ердан мени оташкуракда ҳам қириб олиб бўлмайди. Фақат кўйлагимнинг тугмасигина бутун қолиши мумкин.

Агар мен урф-одатларга ишонсам, тирик қолиш учун портфелдаги пулларни садақа қилиб юборардим. Қаёқдан ҳам қурилишга келдим. Мана, пастда ҳамма ўртоқларим тушлик қилишяпти. Умар каттакон қовунни тилимлаб қизларга узатяпти. Сайфи бўлса ҳадеб тилини чиқариб мени эрмак қилади. Шу топда ҳазилга бало борми? Эчкига жон қайғи, қассобга мой қайғи.

Нима биландир ўзимни алахситмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Пастга қарасам кўзим тиниб кетяпти. Юқорига қарасам ингичка симга беш тонналик мен ўтирган бетон илиниб турипти.

Кўзимни чирт юмиб олдим. Дурустроқ, кўнгилни кўтарадиган нарсаларни ўйлаш керак. Нимани ўйласамикин?

Нимани ўйласам ҳам кўзимга портфель кўринади. Яхшиси яна шуни ўйлаб қўяқолай.

Ўзимча бир минг икки юз сўмга нималар олишимни ўйлайман. Хаёлда шаҳар магазинларини айланиб чиқаман. Илгари кўрганда кўзни ўйнатадиган буюмларни назар-писанд қилмай қўйганман. Ўзимча, нима бало, дўконларда дуруст мол йўқ, деб савдо министридан нолиб қўяман, рост-да, пулинг бўлса-ю, бўйингга лойиқ қоракўл пальто тополмасанг.

Хотин-қизлардан жаҳлим чиқади. Дунёда қандоқки яхши мато бўлса хотин-қизларга. Биз шўринг қурғур эркакларнинг кийимлари бир хил. Қора, кўк, кул ранг, жигар ранг, вассалом. Мотоциклнинг яхшиси неча пул тураркин? Велосипед минишга уяламан. Кўрганлар нима дейди?

Ширин хаёллардан маст бўлиб секин кўзимни очаман. Кўзимни очаману, осмону фалакда муаллақ турганимни кўриб хафа бўлиб кетаман. Пастда чап қўли билан бошидаги дўпписини ушлаб Сайфи ҳазил қилади.
— Ҳой, космонавт папирос чекма, ҳавонинг қуюқ қатламида куйиб кетасан.

Унинг бу бемаъни ҳазили учун боплаб бир сўкай дейман-у, қизлар олдида айтишга истихола қилиб индамайман. Тишларимни ғичирлатаман. Ҳали шошмай тур.

Шу алпозда оёғим ерга, бошим осмонга тегмай ўтирдим.

Хайрият ток келди. Кранчи бетон билан қўшиб мени ҳам тўртинчи қаватнинг деворига қўндирди. Гандираклаб ўлар ҳолатда пастга тушдим. Умар шапкасини буклаб микрофонга ўхшатди-да, оғзимга тутди.
— Диққат, диққат, космодромдан гапирамиз, Микрофонимиз қўлбола космонавтнинг оғзига тўғриланган. Ўртоқ космонавт, учиш қандай ўтди?

Жаҳлим чиқиб кетди.
— Бор-э, аравангни торт, — деб юбордим.

Шу орада тўртта самосвал олдинма кетин ғишт тўкиб кетди. Сайфи яна замбилни рўпара қилди.
— Инсофинг борми? Ҳали тушлик ҳам қилганим йўға.
— Биратўласи кечки овқатга қўшиб ейсан. Қани кўтар!

Зарда билан уни итариб юбордим-да, нари кетдим. Умар меҳрибончилик қилиб менинг тарафимни олди.
— Кўп қийнама. Овқатини еб олсин.

Тахтадан омонатгина тикланган баракка кириб совуб қолган шавлани ея бошладим. Овқат еяпманку, хаёлим қочишда. Ҳа, қочиш керак!

Шавла ҳам чала қолди. Баракнинг орқасига ўтиб водопроводдан сув ичмоқчи бўлиб тахталар оралаб кўчага чиқиб кетдим.

Йўл бўйида бугун куни билан бизга ғишт ташиган самосвал турарди. Шофёр йигит майкачан бўлиб олган, қора мойга қоришиб кетган қўллари билан ҳадеб пешона терларини сидираверганидан апти-башараси қопқора бўлиб кетибди. У мени кўриб илжайган эди оппоқ тишлари ялтираб кетди. Унинг бу кўриниши фотосуратнинг негативини эслатарди.
— Вох. Сени қайси шамол учирди, ука? Бери кел!

Менда нима иши бор экан деб олдига бордим.
— Ука ғилдиракка мих кириб елини чиқазворди. Прорабга неча марта айтаман, ҳавозадан бўшаган тахталарни йўлга ташланмасин, деб. Шу бугун икки марта балоним тешилди. Кел, ука, янги камера қўйдим. Ел уришиб юбор.

Э, бор-э, деб кетиб қолмоқчи эдим. Шофёр шундай ишонч билан, худди укасига иш буюраётгандек қилиб гапирган эдики, беихтиёр насос тутқичига қўл юборганимни билмай қолибман.

Иккаламиз галма-галдан ел бериб балонни шишириб олдик. Шунга ҳам салкам бир соат кетди. Ғилдиракни ўққа жойлаётганимизда у яна оппоқ тишларини ялтиратиб мамнун жилмайди.
— Раҳмат ука. Яхши бола экансан. Қани энди ҳамма ҳам сенга ўхшаган инсофли бўлса. Битта ярамас тоғамнинг портфелини ўғирлаб кетибди. Касалхонага бориб кўриб келдик. Юраги ёмон эди, ўлиб қолишига сал қолди. Бўлди, раҳмат ука.

Шофёр бу гапи билан ғилдиракка эмас, менинг ичимга ел бергандек бўлди. Ёрилиб кетай дедим. У билан хайрлашмай йўлга чиқдим.

Куни билан сурган хаёлларим ҳавога учди-кетди. Шофернинг биргина гапи мени шунча роҳатлардан маҳрум қилди. Ўзимни ўзим қарғай бошладим.

Қаёқдан ҳам шу пул ўлгурни ола қолгандим. Шу пул деб тинчимни йўқотдим. Ҳозир бораману, портфель-мортфели билан анҳорга улоқтираман. Шундай қилсам тинчийманми?

Шошма, дедим ўзимга ўзим. Эгасига қайтиб беришнинг-ку иложи йўқ экан. Сувга оқизишдан нима фойда. Йўқ бўлади, кетади. Яхшиси бекор кеткизмаслик керак.

Ҳа деб чол нима бўлди, энди у нима қилади деб ташвиш қилавермаслигим керак. Бўлар иш бўлди. Қариб қолган одамни суд қилишармиди.

Тамом! Пул энди меники!

Тиқилинч трамвайларга осилиб ётоққа келдим. Дарвоза олдида комендант папирос чекиб турган экан. У мени кўриши билан ҳе йўқ, бе йўқ фамилиямни суриштириб қолди.
— Фамилиянг Турсунов, а?

Нима деб жавоб қилишимни билмай эсанкирадим.
— Кармисан? Соқовмисан? Нега индамайсан? Фамилиянг Турсуновмиди?

Секингина ҳа, деб жавоб қилдим.
— Ўқитувчилар хонасига кир. Сени милиция лейтенанти кутиб ўтирипти.

Жон-поним чиқиб кетай деди. Юрай десам оёғим қимирламайди. Гапирай десам тилим айланмайди. Кўзимга дунё остин-устун бўлиб кетди. Ҳамма нарса тескари кўринади. Комендантнинг боши ерда, оёғи осмонда, тўхтаб турган машина худди тўнтарилиб қолган тошбақага ўхшайди. Майдондаги фонтан осмондан ерга қараб сув пуркаётгандек.
— Нега қимирламай туриб қолдинг. Кир ичкарига.

Комендантнинг ҳам овози томдан тушаётгандек бўлди.

Зўр машаққат билан оёғимни кўтардим. Брезент туфлим чўяндан қуйилгандек бирам оғирки, кўтариб бўлмайди.

Ҳай, бир амаллаб ичкарига кирдим. Коридорга етганда, сал ҳушим жойига тушиб нима қилсам экан, деган гап калламга келди. Тўхтадим. Қочиб қолайми? Ҳали бу саволга жавоб топиб улгурмаган ҳам эдимки, комендант орқамдан етиб келди.
— Киравер, кир!

Олдинма-кетин ичкарига кирдик. Стол олдида телефон трубкасини қулоғига қўйиб милиция офицери турипти. У менга бошдан оёқ хўмрайиб қараб қўйди-да, гапини давом эттираверди.
— Топамиз, топамиз, ўртоқ начальник. Ҳали менинг қўлимдан биронта жиноятчи қочиб қутулмаган. Албатта топаман. Топдим деяверинг. Хўп-хўп.

У мақтанганнамо бир керишиб, трубкани жойига қўйди. Кейин менга синовчан назар ташлади. Бирам кўзи ўткир эканки. Қараганни тешаман дейди.
— Фамилиянг Турсунов-а? Биламиз. Ҳаммасини биламиз.

Қўлга тушдим, дедим ичимда.
— Хўш, ўзинг айт. Нима қилайлик. Айт. Айтавер.

Бу одам ҳаммасини биларкан. Тонсаммикин? Борди-ю гувоҳлари бўлса. Яхшиси тўппа-тўғрисини айтиб афв қилишларини сўрайми? Ҳайронман.
— Шерикларинг қани?
— Шерикларим йўқ, — дедим.
— Ия, — деди офицер қошларини кериб, — Ҳалитдан ёлғон гапиряпсанми?

Бўлар иш бўлди. Бор гапни айтавераман.
— Бир ўзимман. Шерикларим йўқ.

У чўнтагидан қоғоз чиқазиб ҳамётоқларимни бирма-бир айтиб чиқди.
— Булар ким бўлади?
— Курсдош ҳамётоқларим.
— Мен ҳам ана шуларни сўраяпман. Менга қара, бола. Қечадан бошлаб сен, шерикларинг, билдингми, шерикларинг билан, — у лабини тишлаб анча вақт туриб қолди. — Дружиначилар сафига қабул қилиндинглар, Тушундингми, Турсунов? Эртага кечқурун келиб машғулот ўтказаман. Энг аввал самбони ўргатаман. Бўпти. Ўртоқларингга айтиб қўй. Кечқурун кино-пинога қуён бўлиб қолишмасин.

Лейтенант қачон чиқиб кетди, хайрлашдимми, хайрлашмадимми, билмайман.

Эсимни ўнглаб коридорга чопиб чиқдим-да, ўқдек отилиб тўртинчи қаватга кўтарилдим. Ётоғимиз эшиги очиқ. Кимдир каравотдаги кўрпа тўшакларимни йиғиб қўйипти. Қўрқиб кетдим. Жон ҳолатда тўшакни ёзиб ёстиқ тагини қарадим. Ҳайрият, портфель жойида турипти. Аллақайси каравот тагидан пол юваётган ётоқ навбатчисининг овози эшитилди.
— Ўрнингни мен йиғиб қўйдим. Монтёр шнурни янгилади. Кўрпангга оҳак тўкилмасин деб шундай қилдим.

Портфелга бировнинг кўзи тушмасин деб ястиқ жилди орасига тиқивордим.

Қурилишдан қайтган ҳамётоқларимнинг гангир-гунгир товушини эшитиб дарров ястиқ жилдининг тугмаларини сола бошладим.

Хаёлимда бир гап. Портфел-ку турипти. Ичидаги омонмикин?

Тўққиз килограммли тарвуз

Шунча пул киссангда турсаю имиллаб соқол олсанг. Йўқ, шошилиш керак. Бир жойда қимирламай туриш пули йўқ одамларнинг ишига ўхшаб кетди. Шошиб бетимни ювдиму кўчага отилдим. Бугун менга энг ажойиб, лаззат бахш этадиган кун. Шошилиш керак. Шаҳар магазинларида шамолдек елиб кўзга нима кўринса харид қилавериш керак.

Тўрт қават иморат зинасидан юриб эмас, учиб тушдим. Йўлда учраган оғайниларим кўзимга жуда майда, ночор кишилар бўлиб кўриняпти, Ҳеч кимни назар-писанд қилгим келмайди.

Гулзор олдидан ўтиб кетяпман. Боғбон амаки скамейкага белбоғини ёзиб бир бош узум, нон қўйиб, нонушта қиляпти. Шу ҳам нонушта бўптими? Биллур қадаҳларга коньяк, қовурилган гўшт билан нонушта қилмагандан кейин шуни ҳам умр деб бўладими? Бу чол умрбўйи шу хил нонушта қилиб келган бўлса керак. Бечора!

Бирдан чолнинг кўзи менга тушиб қолди,
— Э, болам, кел. Ўзим ҳам келиб қоларсан, деб турган эдим. Ўтир, бирга нонушта қиламиз.

Шунча пулим, шунча имкониятим бўла туриб шу арзимас овқатни ейманми?
— Олсанг-чи, мунча имиллайсан?

Чол узумни шингиллаб қўлимга тутқизиб қўйди.
— Малол келмаса сенга битта ишим бор эди. Болам, илло йўқ демайсан.

Унинг менда қандай иши бўлиши мумкин экан, деб ҳайрон бўлиб турган эдим, ўтирган ерида ҳассаси билан скамейка орқасида тизза бўйи бўлиб очилиб ётган гуллар орасини титкилади. Ариқ ичида каттакон тарвуз ётарди.
— Холтойни кўриб келмоқчи эдим. Тарвузнинг каттароғини олиб қўйипман. Ўзим кўтариб боролмайдиганга ўхшайман. Оғир, тўққиз кило келди. Бирга бориб келайлик. Касалхона узоқ эмас, яқин.

Нима дейишимни билмай индамай туриб қолдим. Йўқ, десам чол ранжийди. Боя айтдимку, чол уйида тансиқроқ овқат бўлса менга илинади деб. Шундоқ одамнинг гапини қайтаришга кўнглим бўлмади. Хўп дедим.

Чол дастурхонга фотиҳа ўқиб белбоғидаги ушоқларини гулзор ичига қоқди.
— Қани, тарвузни кўтар. Кетдик!

Чол олдинда ҳассасини дўқиллатиб кетяпти. Мен орқасида бугун қиладиган харжларимни ўйлаб кетяпман.

Дунёда уч нарса ёмон дейишарди. Бири — ёлғиз қўйни етаклаш, иккинчиси — бировни кутиш, учинчиси — тарвуз кўтариш.

Шу гапнинг чинлигига ишондим. Бу тарвуз қуриб кетгурнинг ушлайдиган жойи бўлмаса. Силлиқлигини айтмайсизми. Ўнг қўлтиғимга олиб кўраман, чап қўлтиғимга олиб кўраман. Бўлмайди. Қорним устига қўйиб орқага гавдамни ташлаб кўтариб кўраман. Шу пайт битта хира пашша бурнимга қўниб жонимдан безор қиляпти. Калламни силкитаман, қани бу хира ўлгур учиб кетса. Бирдам учадию яна ё қулоғимга, ё иягимга қўниб олади. Жуда ёмон бўлар экан. Жоним халқумимда ликиллаб турганга ўхшайди. Сал йўталсам ғиқ этиб чиқиб кетадигандек.

Дод деворгим келади.

Ёнимда нақд бир минг икки юз сўм пул бўлса. Уни ичимдан сириб боғлаб олган бўлсам. Ахир шу ҳам инсофданми? Чолнинг кетидан ўласи бўлиб тарвуз кўтариб юриш мендек бир пулдорга ярашадиган ишми? Одамларнинг гапига ҳам ишонмай қўйдим. Пули борнинг қўли узун бўлади. Ҳамма унга таъзим қилади, дейишарди.

Бекор гап! Қўли узун бўлса мен бўлардим, таъзим қилишадиган бўлса энг аввал менга икки букилиб таъзим қилишарди. Қани у таъзим?

Шу бадбахт тарвузни ерга бир урайми? Ҳозир ураман. Ерга тушиб мажақ-мажақ бўлиб кетсин. Менга деса уруғлари ҳамма ёққа сочилиб кетсин?

Чол бирдан тўхтади.
— Болам, сен мана шу ерда сал дамингни олиб тур. Нонвойхонадан иккитагина иссиқ нон олиб чиқай.

Чойхонага яқин келиб қолган эдик. Сўрига ўтирдим. Чол ҳассасини тўқиллатиб бозор ичига кириб кетди. Худди атайин мени эрмак қилгандек бояги хира пашша ўтиришим, икки қўлим бўшаши билан учиб кетди. Сал жоним ором олгандек бўлди. Жиндек сабр қилиш керак. Манави тарвуз ўлгирни касалхонагача обориб берай. Ана ундан кейин ихтиёр ўзимда. Нима қилсам ҳам ўзим биламан.

Шундай хаёллар билан бир оз ўйланиб ўтирдим. Чол келди. Яна бошлашиб йўлга тушдик.
— Сенга ҳам иккитагина иссиқ нон олдим. Ҳали тушлик қилиб оларсан. Ма, белингга тугиб қўй.

Йўқ, десам чол қўймади. Икки қўлим банд бўлганидан чолнинг ўзи нон ўралган қоғозни қўйнимга тиқиб қўймоқчи бўлди. Этим сесканиб кетди. Мана, у нонни жойлаяпти. Нақ эски баҳода ўн икки минг сўм пул бойлаб қўйилган жойга қўли тегай, тегай деяпти.
— Нима бало, болам, носқовоғинг борми? Белингга нима тугиб қўйгансан?

Нима дейишимни билмай довдирадим.
— Ҳаммомга тушмоқчи эдим, совун, сочиқ, дегандек...
— Бу ишинг маъқул. Одам деган покиза юриши керак. Тоза юрган одамнинг табиати равшан бўлади. Ўзи соғлом бўлади. Юз кўзидан нур ёғилади. Ҳаммомга тушмаган одамни одам дема. Унақа одамнинг башарасидан кул ёғилаётганга ўхшайди. Менинг Ҳомидвой деган сайрамлик ошнам бор, Ҳаммомга тушишни ана ўшанга чиқазган. Қачон қарасанг қўлтиғида сочиқ. Башараси бамисоли лампочкага ўхшаб ялтараб туради. Қаерда совун кўрса, албатта тўхтайди, бир ювиниб ўтиб кетади. Уйда совунга қирон келтиради. Ана шунақа, болам. Тоза юрган одамнинг виждони ҳам тоза бўлади. Ҳаромга йўламайди. Шу назаримда оғайнимнинг пулини олган ярамас ҳам жуда ифлос одамга ўхшайди. Ҳаммом бетини кўрмаган исқирт бўлса керак. Соч соқоли ўсиб кетган, башарасини пашша талаган одам бўлса керак. Жувонмарг бўлсин у. Гўрида тўнғиз қўпсин!

Падарингга лаънат бояги пашша ҳали ҳам эргашиб келаётган экан, яна бурнимга қўниб олса бўладими? Чол ҳозир, исқирт одамнинг, виждони нопок одамнинг башарасини пашша талайди, деди. Менга атайин шунақа деятгани йўқми? Азбаройи худо, шу пашша қўлимга тушса нақ ғажиб ташлайман. Йўқ, ундан ҳам баттар қиламан.

Қаёқдан ҳам чолга йўлиқдим. Мана, яна тўхтади. Ўзига ўхшаган бир чолни топиб қаёқдаги гапларни чўзғилаяпти.
— Индингами, бўпти. Аммо-лекин сен ютиб чиқсанг керак. Сенинг гулларинг олдида меники нима бўпти.
— Йўқ, йўқ, унақа дема. Сенинг духоба гулингга ҳамма қойил қолади. Бўпти. Ўша ерда учрашамиз.

Улар шу кўйи ярим соатча гулдан гаплашишди. Охири оғайниси билан хайрлашиб яна йўлга тушди. Қўлларим толиб кетди. Белим нақ узилиб кетаман дейди.
— Ҳалиги ўртоғимни танимайсан-а. Гулчиликда ундан ўтадигани бўлмайди. Индинга сени ҳам гул виставкасига олиб бораман. Кўрасан! Менинг гулларимни ҳам кўрасан. Бу оғайним, албатта, биринчиликни олади. Ғалати одам, у. Бурноқ йили теракка ўн хил атир гул пайванд қилган. Қизил, сариқ, пушти, оқ гуллар теракнинг қилт учида очилиб турипти. Маҳалласининг қай бурчидан қарасанг ҳам кўринади. Ўша гул пайванд қилинган теракни уч марта кинога олишди. Журналларда ҳам сурати чиққан.

Чол, балки жуда қизиқ гапларни айтаётгандир. Аммо бу гапларнинг менга сира ҳам қизиғи йўқ. Мана, у бу гапни тамомлаб бошқасини бошлади.
— Бутилканинг ичида бодринг битганини кўрганмисан?

Истар-истамас, йўқ, дедим.
— Билмайсан, кўрмагансан, тушингда ҳам кўрмагансан. Мана бундоқ бир шишанинг ичида бодринг. Унинг ичига қандоқ қилиб бодринг сиққан? Ҳеч ким билмайди. Биласанми, оғайним нима қилган? Бодринг гулдан чиқиб энди найчалаётганда шишанинг ичига тиқиб қўйган. Бодринг ўша шиша ичида ўсиб пишган. Пишгандан кейин думини узиб ташлаган. Ҳозир уйида шунақа антиқа бодрингдан тўрттаси бор. Тузлаб қўйипти. Ейман деган одам шишани синдириб ичидан олади. Ҳа, шунақа, болакай.
— Етай дедикми, ота? — дедим норози оҳангда.
— Чарчадинг-а, болакай, етдик. Ҳу анаву дарвоза касалхона. Кирамизу ошнамни чақиртирамиз. Шу билан вассалом.

Кириб тарвузни қўлига бераману салом аликни насия қилиб қуён бўламан.

Дарвозадан кирдик. Касалхонанинг ҳовлиси каттакон боғ экан. Дарахтлар тагидаги стулчаларда халат кийган беморлар гаплашиб ўтиришипти. Чол у ёқдан-бу ёққа аланглаб олди. Кейин бир танишини кўриб ундан оғайнисининг қайси палатада эканини суриштира бошлади.
— Холтой ота, ҳу анаву дарахт тагида директорлари билан гаплашиб ўтириптилар. Бораверинг.

Икковлашиб ўша тарафга кетдик. Бир кўзойнакли ўрта яшар киши ким биландир қизишиб гаплашяпти. Орқасини ўгириб ўтирган бемор ҳассасининг учи билан ер чизяпти. Яқинига бордик. Бемор чол ўгирилди.

Ўша. Скамейкада кўнгли кетиб қолган чол.

Беихтиёр тўхтаб қолдим. Қўлимдаги тарвуз тушиб кетай деди. Унинг кўзлари мен кўргандагидек нурсиз, хира эмас. Аммо жуда маъюс.

Боғбон амаки у билан жуда қуюқ кўришди-да, қўлидаги газетага ўралган нарсаларни стол устига қўйди.
— Болам, — деди менга қараб, — тарвузни бу ёққа олиб кел.

Аввалига боғбон чолнинг гапига тушунмадим. Унинг нима деганини анчадан кейин тушундим. Тарвузни обориб столга қўйдим. Қўйдим-у, юрагимнинг гупиллаб уришини аниқ эшитдим. Беморнинг кўзларига қарамай секин тисарилиб ерга қараб туравердим.
— Ўтир, болам, — деди бемор, — манави стулга ўтир.

Ўтирдим.

Орага совуқ жимлик тушди. Боя биз келганда уларнинг гапи, бўлиниб қолган экан. Улаб юбориш қийин бўлди шекилли, директор папирос тутатиб ердаги сояларга анча вақт қараб тургандан кейин жуда ҳам қийинчилик билан гапира бошлади.
— Нима қилишга ҳайронмиз. Маорифга хабар қилдик. Милиция бу иш билан ҳозир қаттиқ шуғулланяпти. Қосимовнинг путёвкаси келган эди. Союзга қайтиб топшириб юбордик.

Бемор чол инграганга ўхшаш овоз чиқарди.
— Ошқозонининг мазаси йўқ эди. Курортга бормаса бўлмайди. Мени деб путёвкадан ажралиб қопти-да. Путёвкани чакки қайтариб юборибсизлар. Кеча кампирим келган эди. Ҳовлимизнинг ярмини сотмоқчимиз. Яна бир икки кун сабр қилинглар, тўлаймиз. Соғайиб чиқай.

Директор хижолатлик билан эътироз билдирди.
— Сотманг. Ҳовли сотиш нимаси. Бошқа бирон иложини топиш керак.
— Бошқа иложи йўқ. Ўқитувчилар отпускага чиқишлари керак-ку, ахир, йил бўйи ишлаб, энди дам оламиз деяётганларида бундоқ бўлиб ўтирса...

Ичимдан боғлаб олган пул тўла белбоғ танамни куйдириб ташлаётгандек бўлди. Агар шармандалик бўлмаса, шу ўтирганларнинг таънали боқишларига тоб беришнинг иложи бўлса белбоғни ечиб пулни стол устига ташлардим. Афсуски, бундай қилишнинг сира иложи йўқ. Бу аҳволда уларнинг аламли суҳбатларига қулоқ солиб ўтириш ҳам мумкин эмас. Уларнинг ҳар бир сўзлари мени бўғизлар, ҳар дақиқада минг мартадан ўлдирар эди.

Ўрнимдан турдим.
— Кетмоқчимисан? Шошма, — деди боғбон амаки. — Бирга кетамиз.
— Зарур ишим бор, — дедим эшитилар эшитилмас.
— Ҳа, айтганча ҳаммомга тушмоқчи эдинг-а. Майли, бора қол.

Ўлгандан баттар бўлиб ташқарига чиқдим.

Дармоним қуриб узоқ боролмадим. Кўчанинг нариги бетига ўтиб кекса тол танасига суянганимча қанча турганимни билмайман. Кўчаларда чироқлар ёнипти. Ўткинчилар ҳам сийраклашиб қолипти. Куни билан туз тотганим йўқ. Аммо ҳеч нарса егим келмайди. Томоғим қуриб чанқаб кетяпман. Кўзимни очсам бемор чолнинг хира кўзлари кўринади, юмсам унинг титроқ товуши эшитилади.

Бу кекса, бемор кишининг шундоғам оз қолган умрини мен қисқартираётганимни ўзим билиб турибман.

Ҳаётда инсонларнинг кўп яхшиликларини кўрдим. Мана шу мутлақо бегона боғбон чолнинг ўзи менга қанча яхшиликлар қилди. У менга ишонади. Худди ўз боласидек ҳадди сиғиб иш буюради. Уйида тансиқроқ овқат пиширилса насибанг, деб олисдан ҳассасини дўқиллатиб олиб келади.

У мендан нима яхшилик кўрди. Шу яхшиликларнинг эвазига мен нима қилдим. Ҳатто том шувоқ қилдирганда ҳам хашарга бормадим. Мен ўзим кимман? Нимаман? Одамманми? Ундан ортиқ ўқитувчининг ёзги дам олишидан, ҳатто ошқозони йил бўйи азоб берган бир кекса ўқитувчининг даволанишидан ҳам маҳрум қилдим. Менга нима бўлди? Бундай пасткашлик менга қайдан илашди? Турган битганим ҳаром! Одамлар нега мендан жирканишмайди?

Осмон тўла юлдузлар

Балоғат ёшидан ҳатлаб ўтганимга ҳам анча бўлди. Ҳалигача бирон қизни яхши кўриб қолганим йўқ. Севги одам юрагига тиниқлик, нур, кўнгилга эзгу-орзулар солади, дейишади.

Ҳамётоқ ўртоқларим севги-муҳаббатдан гаплашаётганда кўзлари, башаралари жуда ғалати бўлади. Худди ширин бир нарса еяётгандек кўзлари юмилиб кетади. Кунига соқол қиртишлашади. Шимларига сув пуркаб тўшак тагига бостириб ётишади. Яхши кўрган қизларининг суратини тумбочка устига қўйиб, соатлаб тикилиб ўтиришади. Нега мен шундай қилолмайман? Кўнгилни ёритадиган қандай ниятларим бор?

Мана шу саволдан кўзларим чақнаб кетди.

Шу пайтгача бу тўғрида сира ўйлаб кўрмаган эканман. Жуда арзимас нарсалар ҳақида каллани шишириб юрган эканман.

Пул, яхши кийиниш, яхши ейиш. Мана шулар менинг орзум, менинг ниятим, қолавереа ҳаётдан илинжим шулар эди. Йўқ. Ана шунинг учун ҳам юрагимга севги келмаган. Севгисиз яшашнинг даҳшати бутун танимга зирқироқ солди.

Уч кун бўлди башарамни соқол босиб кетганига. Шу уч кундан бери исқирт бўлиб юрибман. Бировларнинг меҳнат қилиб топган пулларини белимга тугиб пасткаш ниятларимдан маст бўлиб, шабкўр одамдек оёқ остидан нарини кўролмай юряпман. Хўш, бу пулларни ҳам совуриб бўларман. Тилла соат тақиб қайси бир қимматли умримни ҳисоблайман. Энг яхши костюмни кийиб олиб қайси базмга, қайси зиёфатга бораман? Кимим бор? Ким мени тўйга айтади? Хўш пул ҳам тугайди? Унда нима бўлади?

Демак, демак қолган умрим бировларнинг чўнтагига тикилиб ўтаркан-да! Меҳнатчи? Қачон меҳнат қиламан?

Мана шундай даҳшатли хаёллар билан шаҳар кезиб юрибман. Кўчалар жимжит. Трамвайларда ҳам одам сийрак. Дераза четига бош қўйиб кондукторлар мудраб кетяпти. Мана, икки прицепини судраган трамвай остановкага келиб тўхтади. Ҳеч ким чиқмади ҳам, тушмади ҳам. Ҳатто кекса кондуктор бош кўтариб қарамади.

Биламан. Бу одамнинг ҳам бола-чақалари бор. Кексалигига қарамай ишлаяпти. Куни билан саратон чўққа айлантирган тиқилинч трамвайда шаҳарнинг у бошидан бу бошига қатнайди. Шу меҳнати билан рўзғор тебратади. Ишлаб топган ҳар бир тийинига қанчалаб пешана тери томади.

Трамвай қайилишдан ғиқиллаб ўтиб кетди. Яна азамат шаҳарнинг сокин туни ҳоким бўлиб қолди.

Олдимдан тез ёрдам машинаси ўқдек учиб ўтиб кетди. Врачнинг оқ халати кўзимга аранг чалиниб қолди.

Қаердадир, кимдир бетоб. Мана шу оқ халат кийган киши уни ўлимнинг омонсиз чангалидан қутқаради. Бу одам ўлим билан олишгани, уни енггани кетяпти.

Худди кундуздек ёруғ сокин кўчанинг ўртасида, асфальтда битта-битта босиб милиционер юрипти, Бу одам тонг отгунча ухламайди. Одамлар тинч ухласин, деб уйқусидан кечиб тунни тонгга улайди.

Қайдадир паровоз қичқирди. Қайдан келаётганикин? Олис чўллар, довонлар, тоғ тоннелларидан ўтиб келаётган бу карвон шаҳри азимга етдим, деб қичқиряпти. Унинг қичқириши гўё, эй азамат шаҳар сенга қўриқ ерларнинг нонини олиб келдим, поёнсиз ўрмонлардан ёғоч, ер қаъридан кўмир, маъдан олиб келдим, деяётганга ўхшарди. Машинистнинг ўт яллиғида ялтираган қорамой башараси кўзимга кўрингандек бўлди.

Шаҳар уйқуда. Қоронғи кечада прожекторини нурли ўқдек отиб тепамда кўтарма кран ғиқиллаяпти. Электр пайванди чақин чақяпти. Уй қуришяпти.

Ёнбошига «нон-хлеб» деб ёзилган машина ўтди. Сокин кечада иссиқ нон ҳиди анча вақтгача туриб қолди.

Кетяпман. Шошилмай ўз тақдирим, қилмишларим ҳақида ўйлаб кетяпман. Вақт алла-палла бўлиб қолган. Трамвай, автобуслар ҳам ётган. Катта шаҳар кўчасида милиционеру мен уйғоқ. Тўрт қаватли уйнинг ҳамма уйларида чироқ ўчгану иккинчи қаватидаги битта уйнинг деразаси ёруғ, ундан пижама кийган, сочлари тўзғиб кетган бир киши кўринади. У тинимсиз сигарета чекяпти. У кўз ойнагини қўлига олиб, қоронғи бўшлиқларга тикилганича қимирламайди. Ким бўлди бу? Шоирми? Инженерми? У ким бўлмасин ухламаяпти. Бу одам тонг отгунча юртга бир нима совға қилади. Е шеър, ё янги қўшиқ, ё тарихнинг варақланмаган бир саҳифаси пайдо бўляпти.

Ўрда кўпригига келиб қолибман. Анҳорга тикилганимча ўйсиз, ҳиссиз туриб қолдим. Сув жимир-жимир қилиб оқяпти. Қирғоқдаги чироқларнинг акси сувнинг энг тагигача санчилгандек. Майда тошлар устига қадалгандек.

У ёқ-бу ёққа қарадим. Кўприкнинг у томонидаги сабзавот дўконига помидор туширишяпти. Секин белимдан неча кундан бери мени одамгарчиликдан чиқазган пул тугилган белбоғни ечдим. Уни ҳозир сувга улоқтираман. Улоқтираману, асли ҳолимга, жиноятга қўл урмаган пок одамга айланаман.

Белбоқни чангаллаб турипман. Мана ўнг қўлимни кўтариб қулочкашлаб туриб, анҳорнинг ўртасига улоқтираман.

Оёқ товушини эшитиб қўлимни шошиб пастга туширдим. Кўприк тарафга қараб ёшгина бир йигит келарди. У менга яқин келиб тўхтади.
— Оғайни, битта чектирсанг-чи?

Шундай карахт эдимки, бу йигитнинг менда нима иши борлигига, нима қилиб олдимда тўхтаганига тушунмасдим. Бошдан оёқ қарадим.

Оёғида этик, эгнида жўнгина қора халат.
— Битта чектирсанг-чи, кармисан?

Шундагина ҳушим ўзимга келди. Чекмаслигимни айтдим. У афсусланган бир қиёфада қошларини керди.
— Гугурт бор-у, папирос йўқ. Икки соат бўлди тамом бўлганига. Қулоқларим шишиб, каллам ғувиллаб кетяпти.

Шу пайт папиросини йилтиратиб милиционер етиб келди.
— Ҳа, монтёр бола. Нима қилиб юрибсан?
— Хумор бўлиб кетдим, ўртоқ начальник. Милиционер ёнидан бир пачка папирос олиб унга узатди.
— Чек, чекавер, оғайни. Кўчани шундоқ ёритиб қўйипсану, сендан папирос аяйманми.

Монтёр йигит шошиб папирос олди, шошиб ўт олдирдию, маза қилиб чека бошлади. Милиционер менга қаради.
— Сен бола нима қилиб шаҳар кезиб юрибсан? У ёққа борасан анграясан, бу ёққа келасан анграясан. Хўш, нима қилиб юрибсан?

Ҳеч кимдан бунақа сўроқ кутмаганимдан эсанкираб қолдим.
— Ўзим, шундоқ.
— Имтиҳондан йиқилдим. Уйқум қочиб кетди.
— Э, — деди у ачиниб. — Бу ишинг чакки бўпти. Мен ҳам бир марта йиқилганман.

Ҳайрон бўлдим. У қанақа имтиҳондан йиқилиши мумкин. Ўзи милиционер бўлса.
— Ҳайрон бўлма. Милиционерлар ҳам ўқийди. Мен сиртқининг учинчисидаман. Йиқилганимнинг сабаби шу бўлганки...

У хотираларга берилиб кетгандек сувнинг жимжимасига тикилиб анча вақтгача туриб қолди. Кейин бошини кўтариб кулимсиради.
— Мундоқ бўлган. У пайтда мен қидирув бўлимида инспектор эдим. Эртага имтиҳон бўлади деб турган пайтимда бошлиғимиз менга бир иш топшириб қолди. Уруш вақтида Тошкентга келиб қолган ленинградлик бир болани дадаси қидиртирибди. Икки йилдан бери қидириб топишолмас экан. Шуни ўзинг топасан, деб қолди. Йўқ деб бўладими? Бизда ҳарбий интизом. Бажариш шарт.
— Топдингизми? — дедим шошиб.
— Ҳовлиқма, бола, ҳозир айтиб бераман. Шу десанг, имтиҳонлар ҳам қолиб кетди. Бутун Узбекистонни қидирдим. Хат ёзмаган шаҳарим қолмади. Охири топдим.
— Қаердан топдингиз?
— Муни қарангки, ўша одам билан ҳар куни минг марта гаплашиб, бир хонада ишларканмиз. Ҳатто ўша одамнинг ўзи менга қўшилиб қидиришиб юрипти. Бўлимимиздаги лаборант йигит ўша экан. Роса қизиқ бўлган-да, ўшанда. Бола вақтида номи ҳам, фамилияси ҳам бошқа экан. Боқиб олган одам ўз фамилиясига ўтказиб қўйган экан. Ана ўшанда дарс тайёрлаш қолиб кетиб бурнимнинг тўғрисидаги одамни ўн бешта шаҳардан қидирганман. Охири бошқармадан аъло, институтдан икки баҳо олганман.

Монтёр бола яна иккита папирос олиб кетди. Милиционер ҳам кетаркан, деди:
— Энди бор. Ётиб дамингни ол. Ҳали замон тонг отиб қолади. Бўлади. Студентликда ҳар гап бўлади. Хўп бўлмасам, постни бир айланиб чиқай.

У кетди. Пул тўла белбоғни чангаллаганимча ёлғиз қолдим. Сал ўтмай милиционер яна орқасига қайтди. Бу гал унинг қовоғи солиқ. Менга жуда ёмон қарарди.
— Қани марш, жўна. Сендақа иродаси бўш студентларнинг кўпини кўрганман. Биламан. Ўзингни сувга ташламоқчисан. Бошимни балога қўймоқчисан.

Бир гап демай нари кетдим. Орқамдан у жавраганича қолди.
— Ҳа, ёшлар, ёшлар. Жонининг қадрига етмайди. Битта болага ота бўл, жон ширинлигини ана ўшанда биласан.

Ёз кечалари жуда вақтли тонг отарди. Уфқ чети қизил алвондек бўзариб келяпти. Автобуслар серҳаракат бўлиб қолди.

Бу мусаффо тонг ҳамманинг дилига ёруғлик, олижаноб режалар соляпти. Одамлар ором уйқусидан кейин янги умр, янги истаклар билан ёстиқдан бош кўтаришяпти.

Фақат менинг юрагим бўш. Бу тиниқ, тароватли тонг менинг юрагимга заррача ҳам нур ташламаяпти. Менинг юрагимда ҳали тонг отгани йўқ. Осмон тўла юлдузлар бирин-кетин ўчиб офтобга йўл бўшатишяпти.

Ётоққа келдиму кўрпага бурканиб ётиб олдим. Ҳали ҳам кўзларимга уйқу илинмайди.

Уйғонган шаҳарнинг шов-шувидан, одамларнинг оёқ товушларидан, офтоб тиғидан қочиб бурканиб ётибман.

Кўзимга бемор чол, мудраган кондуктор, иккинчи қаватда тонг отгунча чироғи ўчмаган ижодкор, ўлим билан олишгани кетаётган врач, ухламай шаҳарга нур таратаётган монтёр йигит ва ниҳоят одамлар тинч ухласин деб шаҳарнинг у бошидан бу бошига пиёда қатнаб турган милиционер кўринаверди. Ўзимни уларга солиштириб кўряпман.

Бутун аламларимни, хўрликларимни бағримдан чиқариб юборгудек бўлиб йиғлаб юбордим.

Қалбимдаги доғларни бу кўз ёшлари юволса эди, бутун вужудимни кўз ёшига айлантириб йиғлардим.

Бу ожизлик, чорасизлик кўз ёшлари эканини билардим...

Хайр, сершовқин шаҳар!

Бугун бадбахтлик умримнинг сўнги бўлишини истардим.

Шу ният билан ўрнимдан турдим. Неча кундан бери бу оёқлар жиноят юкини кўтариб юравериб ҳолдан тойди. Энди бу оёқларнинг юкини енгил қилмоқчиман.

Сартарошхонага кирдим. Уста башарамга совун суртиб қирт-қирт соқол оляпти. У башарамни одам қиёфасига киритмоқчи. Оҳ, у биргина башарамни тозалаш билан қалбимдаги доғни тозалаёлмаслигини билсайди. Секин ўз бетимга қарайман. Нақадар ҳаёсиз кўзлар бу. Озиб кетибман. Фақат шу беибо кўзларимгина мушук кўзидек йилтираб турипти.

Боғбон амакини қидириб гулзор олдига келдим. Йўқ. Энг зарур пайтда, менинг тақдирим ҳал бўлаётган бир пайтда шу ерда бўлса-чи. Уни кўп кутдим. Келмади. Тезроқ кела қолсайди. Ниятимдан қайтмасдан, яна ҳаром, нопок ниятлар калламга уя қурмасдан кела қолсайди.

Ахир, мен ўзимни биламан. Миямда туғилган ва қатъий деб ишонган фикрларимдан ҳам жуда кўп марта қайтган одамман. Мен ана шунақа субутсиз одам эдим.

Хайрият, боғбон амаки келиб қолди.
— Бахайр, болам, нима қилиб ўтирипсан?
— Дам олиб ўтирипман.

Шундай дедиму ўрнимдан тура солиб нари кетдим. Шу кетганимча олдига қайтмадим. Бир маҳал қарасам, кўчанинг нариги бетида ундан қочгандек югуриб кетяпман.

Ҳозиргина айтаётган эдим-а, фикридан, ниятидан тез қайтадиган одамман деб. Мен чолнинг олдига нима учун келаётган эдим? Унга бутун қилмишларимни айтмоқчи, унинг бемор дўсти бошига тушган кулфатнинг сабабчиси менман, демоқчи эдим. Мана, айтолмай қочиб кетдим.

Энди биргина йўл қолди. У ҳам бўлса касалхонага бориб беморнинг олдига пулларини қўйиб, мени нима қилсангиз қилинг, мен ўғриман, деб айтиш. Шундай қила оламанми?

Ўйладим. Ўйлаган сарим даҳшатли олов ичига кириб кетаётганга ўхшайвердим.

Нима қилай бўлмаса? Нима қилсам пул эгасига тегади? Бу хилда белимга бойлаб то ўлгунимча юролмайман-ку?! Нимадир қилиш керак.

Очиқ ойдин иқрор бўлишга-ку қўрқяпман. Мени жазолайдилар, таъна қиладилар, пешонамга ўғри, деган малъун тамғани босадилар, деб қўрқяпман. Агар шу қўрқув бўлмаганда аллақачон пулни эгасига топшириб тинчиб олган бўлардим.

Почтага кирдим.

Биров хат жўнатяпти, биров олис юртдаги дўстига совға юборяпти. Қаерда, менинг кимим бор? Кимга хат ёзаману, кимга совға жўнатаман?

Бирдан миямга ялт этиб бир ўй келди.

Портфелни почтадан жўнатсаммикин? Қимга юбораман? Айтганча ведомостда мактаб адреси бор. Шундай қиламан.

Кичкинагина бир қути олиб рўмолга тугиб олган портфелни, ичидаги жамики қоғозлари билан, пуллари билан жойладим.

Шу пайт кўнглимни ёритувчи ғалати ҳислар бирин-кетин қуйилиб кела бошлади.

Дарров бир варақ қоғоз олдиму қаламни тишлаб ўйлаб кетдим.

«...Сизлардан узр сўрамоқчи эмасман. Фақат юрагимни бўшатиш учун нималар дейишим керак. Ҳа, мен ўғрилик қилдим. Меҳнат билан топган пулларингни олиб қўйдим. Бу фақат пасткашларнинг пасткаши қилиши мумкин бўлган иш, холос. Пулингизни йўқотган кассир чол касалхонада оғир аҳволда ётибди. Агар мен шу ишни қилмаганимда, балки унинг дарди бунчалик оғирлашмаган бўларди. Ҳаммасини билиб, кўриб, эшитиб турибман. Ведомостнинг олтинчи қаторидаги Каримов фамилияли ўқитувчи санаторияга боролмади. Чунки путёвка пули менда. Энди у балки бу йил ошқозонини даволаёлмас. Мен унинг ҳам дардини оғирлаштирдим.

Пулларингизнинг бир тийинига ҳам тегмадим. Бутунлигича қайтаряпман. Бунинг учун раҳмат эшитишни истамайман. Бу хил ишга раҳмат айтилмайди.

Бу қилмишларим учун мени судга бериш, жазога торттириш керак эди. Мен ана шундан қўрқиб бир неча кундан бери пулларингизни кўтариб юрибман. Энди ўз жазомни ўзим бермоқчиман, Ахир дунёда виждон суди ҳам бор-ку? Энг даҳшатли, энг адолатли суд виждон суди. Бу суднинг ҳукми то умрнинг охиригача афв этмайди. Жазолайверади, жазолайверади...».

Шу хат менинг кимлигимни, қилмишимнинг нақадар мудҳишлигини ўзимга аниқ кўрсатиб қўйди.

Қути устига мактаб адресини ёздиму почтачига топшириб яна ташқарига чиқдим.

Қушдек енгил эдим. Кўксимни босиб ётган юк энди йўқ. Бир ўзим, бўш хаёлларим, қурумдан тозаланган, аммо ҳали ўт ёқилмаган мўридек ҳувуллаб қолган қалбим билан ёлғиз қолдим. Энди бу юракни яхши ҳислар билан тўлдириш керак.

Худди умрим дафтарининг икки баҳо қўйилган илк саҳифасини йиртиб ташлагандекман. Энди бу дафтарни нима билан тўлдираман?

Бу энди менинг ҳаётдан илинжим, биринчи қадамни қай хилда босишимга боғлиқ.

Техникум директорига, мени ўқишдан чиқазишларини сўраб ариза қолдирдим-да, арзимас буюмларимни кўтариб йўлга чиқдим.

Сайфи билан ҳам, Умар билан ҳам хайрлашмадим. Нопок қўлларим билан уларнинг қадоқли қўлларини булғатгим келмади.

Кетяпман. Шаҳар четига етишим билан қирғоққа сапчиб оқаётган анҳорда шўнғиб-шўнғиб чўмилгим келди.

Сув шу қадар танга ёқардики, асло чиққим келмасди. Анҳор четидаги тизза бўйи келадиган жойда танимга совун суриб роса ишқаяпман. Кирларим сув бетида бирдам айланиб олисларга оқиб кетяпти.

Шу пайт боғбон амакининг гаплари эсимга тушиб кетди.
— Тоза юрган одамнинг виждони ҳам тоза бўлади.

Шу гапнинг ростлигига энди ишоняпман. Қанча ювинсам шунча фикрим тиниқлашаётганга ўхшайди.

Катта цемент кўприк устидан тинимсиз машиналар ўтиб турипти. Одамларнинг кети узилмайди. Мен ҳам ана шу меҳнаткаш одамлар орасида бўлгим келади. Қачонлардир мен ҳам шулардек меҳнат қиламан. Пешопа терим тўкилган тийинни харжлаб кун кечираман. Мана шу кун менинг энг бахтли куним бўлиши керак. Мен ана шу кунни тезроқ кўришга шошиляпман.

Шошиб кийиндиму катта йўлга қараб сўқмоқдан чиқдим.

Бу йўлнинг сўнгги кўринмайди. Текис асфальт гўё уфққа найзадек санчилган. Мана шу сўнгсиз йўлнинг қайси бир бекатида менинг бахтим кутиб турганикин? Шу йўлнинг қайси бир бекатига менинг пешона терим тўкиларкин? Ўша бекатга тезроқ етишга интиляпман. Оёқ олишим илдамлашяпти.

Орқамга қарадим.

Сершовқин шаҳарнинг кўкка интилган иморатлари, заводларнинг баланд корпуслари ҳали ҳам кўриниб турипти.

Мен шу шаҳарда бир йил яшадим. Бу шаҳар ўз фарзандидек бошимни силаб бағридан менга жой берди. Нон берди, туз берди. Мен...

Мен унинг нурли кўчаларида ғижимлаб ташланган чиқинди қоғоз парчасидек у ёқдан-бу ёққа учиб юрдим. Супургига чап бериб судралиб юрдим. Одамларига хиёнат қилдим. Кўзга тушган қум донасидек одамларга азоб бердим.

Кечир, онадек азиз шаҳар! Сенга фарзандлик қилолмадим. Бирон иморатингга ғишт қўёлмадим. Қўйнингда бургадек ўрмаладим, холос.

Қачондир яна бағринга қайтаман. Одам бўлиб қайтаман. Фарзандлик қарзимни узгани келаман. Шунда остонангга қадам қўйишим билан бош эгиб таъзим қиламану, ассалому алайкум, она дейман.

Ҳозирча ҳузурингга келолмайман. Ўзимни ўзим суд қилдим. Ўзимга ўзим даҳшатли ҳукм чиқардим.

Бу ҳукм суд мажлисида чиқарилиб қоғозга ёзилган ҳукмдан ўн чандон оғир. Бу ҳукм менинг жигар бағримга, қалбимга, бутун вужудимга битилган.

Бу қатъий, уни ҳеч қандай фармон билан афв қилиб бўлмайди.

Ўгирилиб яна сўнгсиз йўлга тикилдим.

Ишонч билан, қандайдир ёрқин умидлар билан йўлга тушдим.

Кетяпман.

Бу менинг каттакон йўлдаги биринчи қадамим бўлишига ишонаман.

Ўйлаяпман. Бу ўйлар эртанги порлоқ кунимнинг аниқ режалари бўлишига ишонаман.

Қайдасан, менинг нурга бурканган қўналғам?

Худди сўроғимга жавоб бергандек симёғочдаги қалдирғочлар юравер, юравер, деб чуғурлашади.