OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Аҳмад
Асар номиТўлқинлар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Саид Аҳмад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тўлқинлар (ҳикоя)
Саид Аҳмад

Қишлоқ йўлига бурилганимда адир орқасидан қовун тилимидек оппоқ ой кўтарилди. Гуллаб ётган ўриклар хира пардага бурканди. Йўл четидан янги ниш урган саримсоқ ҳиди келди. Ковакни тарк этган кўклам элчиси қуриллади. Тўнкарилиб қолган тилла қўнғиз жуда яқинда дизиллаб-дизиллаб жим бўлди.

Кўклам нафаси гуркираб турган мана шу йўллардан юрмаганимга ўн саккиз йил бўлган. Бу орада қанча сувлар оқиб кетди... Қанча воқеалар бўлиб ўтди...

Йигитлар фронтда жон олиб, жон бераётган оғир кунлар эди. Дала ишлари аёлларга қолиб кетган, ҳаммаси тажанг, ҳаммаси асабий эди. Уларнинг интизор кўзлари фронт йўлида, қўллари меҳнатда, фронтчиларни зориқтирмаслик, душманни тезроқ яксон қилиш учун тинимсиз ишлар эдилар. Сталинград остоналаридаги жангларда душманнинг учта танкини ёндирган қаҳрамон Ўсарбой Омонбоев оиласи ҳақида очерк ёзиш учун худди шу йўлдан юриб қишлоққа келган эдим.

Қишлоқ анча файзсиз бўлиб қолган, йўллар ўйдим-чуқур, иш ҳайвонларининг тинкаси қуриган, емга ёлчимаган сигирлар сутдан қолган эди. Аёллар дурустгина кийинишмас, пардоз-андоз кўнгилларига сиғмасди. Кимнинг қанақалиги билиниб қолган ўша пайтларда урушга чап бериб бормай қолган эркак зоти кўзларига бало бўлиб кўринарди.

Ўсарбойнинг хотини Жўрахон эри фронтга кетган аёллардан бригада тузиб, юқори ҳосил олишда бутун областга овоза бўлган йигирма беш ёшлардаги қора қош, лўппи юз, кўкракдор, полвон аёл эди. Ўсарбой қаҳрамон унвони олган куннинг эртасигаёқ келганимда бир воқеанинг устидан чиққан эдим. Жўрахоннинг бригадаси ишлаётган катта йўл четидаги теракка қизил этик кийган хотинчалиш бир йигит белидан ҳали кудунги бузилмаган саккизтепки атлас билан боғлаб қўйилган эди. Унинг атрофини ўраб олган хотинлар гоҳ хиринг-ҳиринг кулишар, гоҳ уни қарғашарди. Биров йигитнинг юзига упа суради, биров қошига ўсма қўяди.

Жўрахон икки қўлини белига қўйиб унга дўқ урарди.
— Шунақами? Уруғликка қолганмисиз? Бу хотинларнинг эрлари фронтда ўқ тагида юрибди-я, шуларга кўз олайтирдингми? Ҳа, номард! Ҳой, Зеби, лабига қизил сурт! Ишдан қайтишда шу аҳволда гузарга олиб чиқамиз. Халойиқ кўрсин. Башарасига тупурсин. Қани, иш-ишингга жўна ҳамманг!

Хотинлар йигитни шу аҳволда қолдириб, чопиққа тушиб кетишди.

Шийпонга чиқаётганимизда Жўрахондан бу йигитнинг гуноҳини суриштирдим.
— Зебига айланишиб қопти. Шундай суқсурдай эри борки, кўрганнинг кўзи тегади. Тирноғига арзимайди бу ҳеббим. Тушликда Норин бўйига кел, саккизтепки атлас совға қиламан дебди. Ушлаб олдик.

Жўрахон бу гапларни шундай ғазаб билан айтардики, кўзлари чақнаб, пешоналари, тиришиб кетарди.
— Ўзиниям шундоғ дўппосладикки, қўйиб берсам хотинлар ўлдириб қўйишадиган, зўрға ажратиб олдим. Эри омон-эсон қайтиб келгунча биронтасининг ҳам шаънига ёмон гап юқтирмайман. Иссиқми, совуқми ҳаммамиз бирга баҳам кўрамиз, қайси бирининг эридан хат-хабар узоқса, бараварига юпатамиз. Бирга йиғлаймиз, бирга куламиз. Шунинг учун ҳам ишнинг оғирлиги унча билинмай кетади. Ахир бу бечораларга ҳам қийин, авжи ўйнаб-куладиган пайти...

То колхоз меҳмонхонасига етиб боргунимча мана шу воқеа эсимга тушди. Ҳозир Жўрахон анча қариб қолгандир? Ўсарбой урушдан эсон-омон қайтиб келдимикин?

Меҳмонхона қоровули ҳали сув қуйилмаган ҳовуз олдида самоварга тараша солаётган эди. У ёши етмишларга бориб қолган дилкаш чол экан, алла-паллагача у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Гап орасида Ўсарбойни суриштирдим.
— Омон-эсон келди. Ҳозир парткомимиз шу. Жуда режали, яхши бола. Бечора иш билан овунади. Бўлмаса аллақачон ғам еб қўяр эди уни. Шу вақтгача уйланмади. Қандоқ қилиб ҳам уйланади...

Чолнинг гапларига тушунолмадим. У нима дегани? Ё Жўрахон унинг келишини кутмай, турмуш қилиб кетганми, шундоқ йигитнинг юзига оёқ тираб-а?! Наҳотки бутун колхоз аёлларини кўз қорачиғидек асраган доно хотин унга бевафолик қилган бўлса? Ишонмайман!
— Нима бўлди? Жўрахон...

Нима дейишимни билмай ғўлдирадим. Чол бошини сарак-сарак қилиб уҳ тортди:
— Боёқиш Жўрахон Ўсарбой келмасдан олти ой бурун қазо қилган эди...

Икковимиз анча вақтгача жимиб қолдик. Гуллаб ётган шафтоли шохига осилган электр лампасига ўзини ураётган ёрқанотлар дастурхон устига тўкилади. Ҳовуз четидан айланиб ўтган тсемент ариқда тўлиб оқаётган бўтана сув қирғоққа шалоплаб урилади. Чол чойнакни этагига ўраб, бағрига босганича ҳамон жим эди. Кўнглим алланечук бўлиб кетди. Жўрахон ҳақида ундан бошқа гап сўрамадим. Сўрашга журъат қилолмадим ҳам.
— Шунақа, ўғлим. Жўрахон тенгги йўқ асл хотин эди. Хотин кишининг қўлидан шунча иш келишига ана ўшанда ишонганмиз. Жамоа бамисоли бир хонадон-у, Жўрахон унинг онахони бўлди-қўйди. Қани, бирон киши унинг йўриғидан чиқса-чи. Куни билан дала кезади, кечалари уйма-уй юриб, аъзоларнинг тирикчилигидан хабар олади. Яхши гап билан илон инидан чиқади, деганлари рост экан. Такасалтанглик қиладиганларга ҳам қаттиқ гапирмади. Ўзи ўша пайтда ҳамма ҳам бир оғиз яхши гапнинг гадоси эди-да. Бирини қизим деди, бирини синглим деди. Ишқилиб, ҳаммани ширин сўз билан ишга солди. Ўсарбойдан сурункасига етти ой хат келмай қўйди. Жўрахоннинг юзи кулади-ю, ичи йиғлайди. Умри қисқа экан, хатини ҳам, ўзини ҳам кўрмай ўлиб кетди, боёқиш. Одамзодни иш овутади, бўлмаса ғам еб қўяди. Ўсарбойга қараб туриб ичим ачишади.

Урушни қарғайман. Нима қилсин, иложи қанча!

Чол гапини тугатиб, ичкари кириб кетди. Сўрида гилам устига танга-танга бўлиб тўкилган шафтоли гулларига қараб хаёл сураман. Мени бу ерга бошлаб келган нарса Жўрахон ҳақида китоб ёзиш нияти эди. Уруш йиллари фронтга мададкор бўлган аёллар ҳақида китоб ёзмоқчи бўлганимда, даставвал хотирамга Жўрахон келган эди. Бу асл хотин ҳақида биронта китоб ёзилмай турибоқ, унинг ажойиб ҳаёти достонга айланиб кетганини кўрдим. Унинг жонли, ҳеч қачон ўлмайдиган барҳаёт умри кўз олдимдан ҳаяжонли роман саҳифаларидек бирма-бир ўтарди.
— Меҳмон, энди ётинг, чарчаб келгансиз, хўроз ҳам иккини чақирди.

Бари бир ётиб ухлаёлмадим. Очиқ деразадан ойнинг ярим ўроғи мўралаб, теракзор орқасига ботиб кетди. Кеч шабадаси уй ичига димоққа хуш келадиган аллақандай гиёҳларнинг исини олиб келади. Шафтолизорда саъванинг гоҳ фиғонли ноласи, гоҳ шиддаткор чақчақи тинмайди. Жуда узокда, сокин кечанинг тинчини бузиб дарё шовиллайди.

Эрталаб қоровул чол уйғотганда кун ёйилиб қолган эди. Узоқ-яқиндан трактор шовқини эшитилади. Қушларнинг чуғур-чуғури авжда. Чол дастурхон қоққан жойда мусичалар ушоқ талашиб патиллашади. Тиниқ осмонда бу қайноқ, фароғатли масканни қўриқлаётгандек лайлак айланади. Унинг оппоқ қанотлари қуёш тиғида дам қиличдек ялтираб, дам оқ ипакдек товланади.
— Ҳозир Усарбой келиб қолади. Эрталаб шу ерда нонушта қилиб, кейин дала айланади, — деди чол елиб-югуриб чой дамларкан.

Сал фурсат ўтмай икки киши келди. Улардан қайси бири Ўсарбой эканини дарров пайқаб олдим.

У ҳали ёши элликка бормай юзини ажин босган, жиккаккина бир киши эди. Ўнг қўлининг бош бармоғи сарғайганидан махорка чекишини билиб олиш қийин эмасди. Нонушта пайтида Жўрахон ҳақида китоб ёзмоқчилигимни айтдим. Жўрахон номини тилга олишим биланоқ Ўсарбой янгиланган дардини яширишга уриниб, чолнинг қўлидан чойнакни олиб, ўзи қуя бошлади. Кўзини яшириш, нима биландир алаҳсиш учун шундай қилаётгани сезилиб турарди.
— Майли, — деди у офтобда жўжаларини қаноти остига олиб, хурпайиб ётган товуққа тикилиб, — жуда хурсанд бўламиз.
— Аввал Жўрахон опанинг қабрларини бир зиёрат қилсам деган эдим...

Ўсарбой ғалати ҳолга тушди. Унинг бу ҳолати, кўз қарашлари, рангининг гоҳ бўзариб, гоҳ оқариши Тошкентда бўлган бир воқеани эслатиб қўйди. Трамвайда беш ёшлардаги бир бола ёнимга ўтириб қолиб, ундан қаёққа кетяпсан, деб сўраганимда, уйдан детдомга кетяпман, деган эди. Ота-онанг йўқми, деб сўрадим. Бор, деб жавоб берди бола. Бўлмаса, даданг ҳам, онанг ҳам сени ёмон кўришар экан-да, детдомга беришибди, дедим. Ўшанда боланинг кўзи олазарак бўлиб қолган, худди Ўсарбойнинг ҳолига тушиб, қийналган эди. Кейин у қийнала-қийнала паст овоз билан «дадамларнинг ҳам, ойимларнинг ҳам кўзлари кўр» деган эди. Жуда ҳижолат чеккан эдим, шу мурғак бола қалбини тирнаб ётган аламли фарёдини тилига чиқаришга мажбур қилганим учун ҳали-ҳали ўзимни кечиролмасдим. Яна нима қилиб қўйдим? Наҳотки Ўсарбойнинг ҳам ичида шунга ўхшаш тилга чиқса, тилни, дилда қолса дилни куйдирадиган фарёди бўлса?! Нима қилиб қўйдим?..

Ўртага жуда ҳам совуқ жимлик чўкди. Чол бир ютиниб олди. Ўсарбой ўрнидан туриб, ҳовуз бўйига бориб махорка ўради. Чолнинг юпқа лаби титраб, зўрға: «Жўрахоннинг қабри йўқ. У сувга чўкиб кетган...» дея олди.

Тушга яқин чой билан икковлон пиёда дарё томон кетдик. Йўлда у Жўрахоннинг ҳалокатини айтиб борди.
— Ўшанда адирдан сел келган эди. Чорвалар ҳали тоққа жўнатилмаган, шу дарё четидаги сайхонда ўтлаб юрган эди. Сел жуда хунук келди. Кўп дарахтни, уйларни нобуд қилди. Қўй-қўзиларни оқизиб кета бошлади. Сувда мол билан эчки дуруст сузар экан. Қўй жонивор думбасидан чўкиб, ўзини эплолмай қоларкан. Ҳамма оёққа турди. Жўрахон жон олиб, жон бериб ўзини сувга отар, ҳали қўй, ҳали қўзини оёғидан судраб чиқарди. Кечаси, биров-бировни кўрмайди. Ёмғир савалаб турибди. Бирдан чўпон ота сувнинг ўртасида гоҳ кўриниб, гоҳ чўкиб, қўл силкита бошлади. Жўрахон ўша томонга сузиб кетди. Чақмоқ нурида дарё ўртасида унинг кўйлагини бир кўриб қолганимни биламан, холос. Яна чақмоқ чаққанда дарё бетида ҳеч нарса кўринмай қолди. Тўлқин чўпон отани нариги қирғоққа ирғитиб ташлабди. Бир ҳафтагача қайиқ билан Жўрахоннинг жасадини қидирдик. Топилмади... Ҳаммамизни доғи-ҳасратда қолдириб кетди.

Адир ошишимиз биланоқ дарё шамоли эсди. Қирғоққа яқин келганимизда харсанг устида махорка чекиб ўтирган Ўсарбойни кўрдим. Унинг гавдаси кичрайиб, юзидаги ажинлари кўпайиб кетганга ўхшади.

Ҳеч биримиздан садо чиқмасди.

Дарё жуда сокин. Жўрахон азим дарёга айланган-у, меҳнати сингган, пешона тери тўкилган далалар атрофида жавлон уриб айланарди. У юзлаб ирмоқлардан қон томиридек оқиб, кишиларга, майса-гиёҳларга ҳаёт суви олиб келарди.

Адирдан териб келган лолаларни тўлқинлар устига сочдим.

Дарё шовуллар, тиниқ, беғубор кўкда қушлар жавлон уриб учишарди.

1960