OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаид Анвар
Асар номиБуни калла дейдилар (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Саид Анвар
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Буни калла дейдилар (ҳажвия)
Саид Анвар

Бизда атрофга разм солиш деган нарса йўқ. Бордию разм солганимизда қандай топқир, донишманд одамлар билан замондош эканлигимизни билардик, фахрланардик. Мана, шуларнинг биттаси Раҳмонназар. Уни биз ҳайдовчи деб юраверган эканмиз. Калласига шундай бебаҳо фикрларни жамлаган эканки, уларни эшитиб туриб бутун қишлоқ ёқасини ушлади.

Воқеа оддий нарсадан бошланди. Матвали ака почтачи билан айтишиб қолди. Одатдаги ҳол: кимнидир нафақасини вақтида олиб келмаган ёки беш-ўн сўм «чиқим»ига ушлаб қолган — жанжал чиқади-да. Аммо бу галги жанжал юқори савияда, кўтаринки руҳда ўтди.

Қаранг, Матвали акага ўн минг сўм, хотинига эса ўн икки минг сўм нафақа тайинланибди! Қани бу ерда адолат? Матвали ака ҳам туғилганидан буён пахтанинг ичида, хотини ҳам. Қайтанга, хотинидан кўп ишлаган бўлса ишлаганки, кам ишламаган.

Одам тўпланди: сабзисига сув қўяётган Саримсоққўзи чиқди, кетмонининг лойи билан. Унинг ортидан аччиққина шолғом шўрвани терлаб ичиб, эндигина ёнбошламоқчи бўлиб турган Соли қассоб, сигирининг канасини тераётган Тошпўлат тоға... Улар сафига ҳатто бозордан келаётган Номозвой қопи билан, Урайим-тезоп тракторини йўл четига тўхтатиб, қўшилди. Аммо уларнинг бирортаси ҳам Матвали аканинг ўта мантиқли далилларига нисбатан жўяли жавоб айтишолмади. Аҳвол азбаройи танг бўлиб турганида, Раҳмонназар келиб қолди.
— Заҳарли моддалар билан ёки ноқулай об-ҳаво шароитида ишлаганларга давлат «вредност», яъни қўшимча пул беради. Опамларга ана шунақа пул қўшиб беришган, — деди у кўрсаткич бармоғини юқорига кўтариб.
— Ҳов, сен, каллангни ишлат! Заҳар сепилган ўша пахтанинг ичида менам ишлаганман. Ўша «вредносингни» олишга мениям юз фоиз ҳаққим бор, — бўш келмади ака.
— Опамга қирқ градус иссиқда ишлаганлари учун қўшиб беришгани йўқ у пулни. Сиз илгарилари роса ичардингиз-а? — қўққис савол ташлади Раҳмонназар.
— Ичган бўлсам, ичгандирман. Бунинг нафақага нима алоқаси бор, — юзини буриштирди Матвали ака.
— Ичардингиз. Ичганда ҳам ҳар хил қўлбола, дудмал-чучук винолардан ичардингиз. Ҳар куни уйингизга маст бўлиб келардингиз. Опам билан бир уйда яшардингиз, тўғрими?

Жавоб ўрнига ака носини четга юракдан чиқариб туфлади.
— Опамларга, — Раҳмоннарзар ҳар сўзини таъкидлаб давом этди, — қирқ йилдан буён сиз билан яшаб, оғзингиздан чиққан ароқнинг сассиқ ҳидига мардона чидаб келишгани учун қўшимча пул берилган!

Бу гапдан кейин Саримсоқ кетмонининг орқасини зарда билан ерга урди. Султон қассоб қойил қолганлигини бошини чайқаб, «Ҳайт!» дейиш билан ифода этди. Урайим-тезоп трактори томон юраркан, Раҳмонназарнинг бошига имлаб, «Маладес, мана буни калла дейдилар. Бопладинг!» деди.

Бунақа топқирлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди-да. Xуллас Раҳмонназарнинг гапига ҳамма қойил қолди. Ҳатто Матвали ака хотини олдида тан бериб, баралла хитоб қилди:

— Ичма, ичма, деяверардинг!.. Мана, ароқнинг ҳам фойдаси тегиб қолармикан!