OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаида Зуннунова
Асар номиКечикиш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Саида Зуннунова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кечикиш (ҳикоя)
Саида Зуннунова

Мана, бир ойдирки, Хуршидбекнинг ороми йўқ. Юрса ҳам, турса ҳам онасининг маъюс, меҳрибон нигоҳи кўзидан кетмайди. Аввалига таъзияга келган одамлар билан овуниб юрган эканми, уларнинг оёғи товсилгандан кейин кўнгилни эзадиган бир жимжитлик ичида қолгандек эди. Онаси бир томондаги кичкина уйчасида индамайгина ўтирса ҳам ҳовлиларининг файзи эканлиги энди билиняпти.

Хуршидбек секингина сўлиш олиб, ўша уй томонга қаради. Деразаси ҳам, эшиги ҳам ёпиқ. Уйнинг ҳозирги сокин, жимжит туриши ҳам онасига ўхшаб кетди.

Онаси ҳамиша ўғлини аяб, андиша билан яшади. Ҳеч қачон ўзига эътибор талаб қилмади. Ҳатто бирон нарса олиб бергин, деганини ёки пул-мул сўраганини ҳам Хуршидбек эслаёлмайди. У фақат бир мартагина ўғлидан сўради. Ўшанда ҳам тили билан эмас, дили билан, кўзлари билан сўради. Лекин... Хуршидбекнинг нафаси қисилди. Хотиралардан қочмоқчидек ўрнидан туриб кетди.

Ҳовлининг ўртасидаги стол олдида ўғли тикка турганича тарвуз косасини қошиқ билан шилиб қириб ичарди.
— Секинроқ! — деди Хуршидбек унга ижирғаниб қараб, — мунча хўриллатасан?!

Бола отасига бир қараб қўйди-ю, оғзини қўллари билан артиб, деворга суёғлик велосипеди томонга юрди.
— Пўчоқни ким олади?!

Ўғли яна боягидай нигоҳ билан унга қаради, зарда аралаш пўчоқни олиб бориб ахлат челагига ташлади-да, велосипедини етаклаб кўчага чиқиб кетди. Ошхонада жаз-биз қилиб, сабзи-пиёз қовураёттан хотини уларнинг овозини эшитдими, бошини чиқариб бир қараб қўйди.

Яна ҳовли жимжит бўлиб қолди. Декабр яқинлашиб қолаётган бўлса ҳам ҳаво иссиқ, ҳали ҳеч қандай ёғингарчилик бўлгани йўқ эди. Ерга охирги хазонлар тўки-лар, қуёш ҳам бота бошлаган, осмон тиниқ, ҳаво мўътадил бўлса-да, табиатнинг ўзида ҳам қандайдир дилни ҳаёлга мойил қиладиган бир кайфият бор эди. Хуршид-бек яна онасининг уйи томонга қаради.

Ёзда Хуршидбек хотини билан бир вақтда отпуска олди. Айланиб дам олиб келишни мўлжаллаб қўйишган эди. Бирданига ҳамшаҳарларидан бири гап топиб келиб қолди. Белоруссия томонга саёҳатга борган экан. Ўрмонда бир қабрни кўрган эмиш. Қараса, фамилияси ҳам, исми ҳам Хуршидбекнинг дадасиники экан. Ўша жойда яшаётганлардан суриштирибди. Разведкачининг қабри, дейишибди. Аввал устида кичкина тахтачага ёзиб қўйилган хати бор экан. Кейинча ўша ер аҳолиси уни яхшилаб кўтариб, исми фамилиясини мармар тошга ёздириб қўйишибди. Хуршидбек ростдан ҳам дадасининг разведкачи бўлганини эшитган эди.

Бу хабар кутилмаганда хурсандчилик олиб келди-ю, эски дардларни қўзғаб ҳам кетди. Кўниккан асаб ва хотиралар қайта бошдан жонланди. Айниқса, онаси жуда ўйчан бўлиб қолди. У нимадир демоқчи бўларди, лекин айтолмасди. Ўғли билан келини Иссиқкўлга бориш ҳаракатида эдилар. Бир куни чой ичиб ўтиришганида Хуршидбек онасининг ана шу маъюс юзига кўзи тушиб, ўйланиб қолди.
— Ойи, биз кетсак, ёлғиз зерикиб қолмайсизми?
— Қўни-қўшнилар бор, болам. Нега зерикаман?
— Ё неварангизни олиб қолгингиз келмаяптими? Тўғрисини айтаверинг.
— Нега энди? Шунча вақт бағримда-ку. — Ростдан ҳам ўғли ҳамиша бувиси билан бирга, дарсини ҳам ўша уйда қилар, ётиш-туриши ҳам ўша ёқда эди.
— Даданг мусофир бўлиб ётгандир, деб ўйлайман, болам, — деди онаси бир нафасдан кейин. — Аввал билмас эдим, чорам йўқ эди. Энди куч-қувватдан қолганимда хабарини эшитдим.

Орага бирдан жимжитлик тушди. Онаси бу гал ҳам дилидаги истакни айтолмади, ўғли билан келинининг йўлини тўсишдан андиша қилди. Лекин кўнгли, дили ўша ёққа талпинаётганини Хуршидбек сезиб турарди. Йўлга ҳозирланаётган хотинини, отпускаларининг ўтиб кетиб қолишини ўйлади.
— Майли, — деди кейин онасига таскин бермоқчи бўлиб, — янаги ёзга олиб борамиз. Мана, келинингизнинг ўзи бош бўлиб олиб боради, тўғрими?

Телевизор кўриб ўтирган хотини бош қимирлатди. Кейин қайнонасини юпатмоқчи бўлди шекилли:
— Мусофир бўлиб ётибди деманг, ойи. Одамлар қараб туришган бўлса, текислаб йўқотиб юборишмабди-ку ахир!
— Барака топишсин, — деди кампир шивирлаб.
— Бўлди, бўлди, янаги отпускада борганимиз бўлсин! — бу қатий қарор билан Хуршидбек онасини хурсанд қилмоқчи эди. Лекин кампир индамади, ғалати бир кулимсираб қўйди, холос. Унинг шунақа одати бор эди. Ҳеч кимга гапқайтармас, бирон нарсадан норози бўлганда ҳам бир хўрсиниб индамай қўя қоларди. Бу гал ҳам шундай қилди. Балки ҳеч кимга муҳтож бўлмаган ёшлик пайтларини эслагандир. Балки ўзининг кундан-кун кучдан қолаётганини, янаги ёзга бор-йўқлигини ўйлагандир. Балки, ҳаётда муқаддас, кечиктирмай тавоф қиладиган нарсалар борлигини тушунмаган иккита нодоннинг устидан кулгандир.

Ҳар қалай, у невараси билан мунғайиб дарвоза кесакисига суянганича қолди-ю, Хуршидбек хотинини олиб Иссиқкўлга кетди.

Хуршидбек яна бўғилгандек бўлди. Хотини ошхонадан чиқиб, ўрадан турп олиб кириб кетди. Эрига ғалати бир қараш қилиб қўйди. Юраги сиқилиб турган бўлса ҳам Хуршидбек буни сезди. Ишдан келганидан бери саланглаб ҳовлида юрганига балки хотинининг ғаши келгандир. Унинг бирон ишга қўл ургиси ҳам келмас, бирон кимса билан гапиришгиси ҳам йўқ эди.

Ўғли челакка ташлаб кетган тарвуз косасининг пўчоғини мусичалар чўқир, Хуршидбекнинг лоқайд, бефарқ кайфиятини билгандай ундан ҳайиқишмас, дам-ба-дам бошларини кўтариб унга қараб қўярдилар, холос. Онаси, қиши билан мусичаларни боқиб чиқарди. Қор ёғиб дон топиш қийин бўлиб қолганида қора-қурт мусичалар шумшайишиб шу ҳовлига йиғилишарди. Кампир нонларнинг увоғи борми, қолган-қутган овқат борми, уларга тўқиб берар, улар ҳам ҳеч бир чўчимай онаси-нинг оёқлари тагида юришаверарди.

Хуршидбекнинг назарида мусичалар ҳам ўзига ўхшаб етим бўлиб қолгандек эди. У шу тобда мусичаларга дон бергиси келиб кетди. Уйга кириб, идишларни қаради. Қолган овқат тополмади шекилли, ярим пиёла гуруч олиб чиқиб, тарвуз пўчоғи ёнига сочди. Унинг ниятидан бехабар мусичалар қўрқиб учиб кетишди. Ошхонадан чиққан хотинининг кўзи ерда сочилиб ётган гуручларга тушди.
— Эсингиз жойидами ўзи? Гуруч билан боқиб бўларканми! Йўлга сепганингизни қаранг-а, — у шундай деди-ю, жаҳл билан супурги олиб келиб, гуручларни бир четга супуриб тўплаб қўйди. Хуршидбек хўрсиниб нари кетди. Унинг ич-этини еб ётган армонни фақат ўзи биларди. Онаси шу биттагина ўғлини деб умрини ўтказганини, қайси ҳасратда боққанини ҳам фақат ўзи билади. Қандай унутади-ю, қандай кўникади энди. Бир хил тошбағир одамлар бўлади. Улар учун ҳамма нарса осон, унутиш ҳам, севиш ҳам, ажралиш ҳам. Улар кўп қалбларни яра қиладилар-у, ўзлари бешикаст қолаверадилар. Ота-онадан ажралиш, уларнинг йўқлигига кўникиш осон эканми? Айниқса, юрагингни армон тирнаб ётганда. Қани энди, ҳозир тирик бўлса поездда эмас, бошига кўтариб пиёда олиб боришга ҳам рози бўларди. Ўз оромини ўйлади-ю, лекин онасининг бунақа пишиб қолганини хаёлига келтирмади. Бўлмаса жуда ҳам қариган эмас эди. Олтмиш бешга кирган эди. Саксон-тўқсонга кириб юрганлар ҳам бор-ку. Бироқ онаси текис ҳаёт кечирмади. Келинчаклигида тул қолди. Ота дийдорини кўрмаган фарзандининг устида балки кечалари юм-юм йиғлаб чиққандир. Қайнонаси, қайнотасини кўмди. Битта қайнисинглиси жанжал қилиб ҳовлининг яримини бўлиб олиб, бировга сотиб юборди. Ўртага девор урилди. Бир парча ҳовли билан ярми сотилган уйда қолишди. Қизининг бебахтлигидан хафа бўлиб кетган бувиси ҳам бевақт оламдан ўтди. Ягона тасалли берадиган кишисидан ҳам ажралган она бутун меҳри, бутун умидини Хуршидбекка тикди. Авваллари артелда, кейинчалик фабрикада ишлади. Ўғлини яхши кийинтирди, яхши едирди. Лекин чарчаб, ишдан бир аҳволда қайтганини Хуршид неча марталаб кўрган, яна ўша чарчоғлик билан машина ғилдиратиб иш тикканларида унинг биқинида алламаҳалгача ухламай ўтирарди. Уғлининг бўйи чўзилган сайин онанинг қувончи ортгандек, қадди тикланаётгандек бўларди. Бу қувончни ҳам Хуршидбек унинг кўзларидан сезиб турарди. Балки кўрмаган бахти, топмаган ҳузурларини ана шу ўғилчасидан дилида кутиб, умид қилиб яшагандир. Лекин ўғли нима қилди? Узининг ҳозирги ҳолатини енгиллатадиган, юрагига ёруғлик туширадиган бирон хатти-ҳаракатини эслай олмасдан доғда эди у.

Институтни битирди. Уйланди, жой қилди. Онаси йиққан-терганини сарфлади, ўғлиникини асради. Уста боқди. Кейинча уй юмуши, невараларига қараш билан умрини ўтказди. Фалончининг онаси фалон нарсани кийибди, менга ҳам олиб бер, дегани йўқ. Фалон ёшга кирганимга тўй қилиб бер, дегани йўқ. Тағин қайтага пенсия пулини ҳам шуларга сарфларди. Ўйлаб қараса, у бир шамдек ёниб яшабди.

Хуршидбек Иссиқкўлдан қайтиб келганда онасининг ранги кўзига ғалатироқ кўринди. Отасининг бир марта унутилган дарди қайта пайдо бўлганида кекса қалби кўтаролмадимикан? Ўтган умрининг кўчаларига хотиралар, балки, ҳадеб бошлаб кетавергандир, ўй ўйлаб ўзини ўзи егандир. Балки ўрмонда жимжитгина турган қабр устига дод-фарёд билан ҳаёлан неча марта бориб келгандир.

У соғлигидан шикоят қилмади-ю, бирданига ётиб қолди. Ҳаммани армонда қолдириб тўсатдан бир кечада оламдан ўтди-қўйди. Хуршидбек бунақа бўлишини сира ўйламаган эди. Бўлмаса, ҳамма нарсадан кечиб, ҳар қандай шароитда бўлса ҳам онасини отасининг қабрига олиб бормасмиди. Она бечора юрагида йиғилиб ётган ҳасратларини ўша тупроққа унсизгина тўкиб келса, балки енгил тортармиди. Унинг биттагина сўровини, биттагина истагини рад қилди-я! Қандай она эди, қанақа она эди-я! Ўлиб ҳам унга оғирини солмади. Ҳамма нарсани тайёрлаб тахт қилиб қўйган экан. Ҳеч нарсаси йўқ бўлса-ю, Хуршидбек қарзга ботиб кўмганда ҳам сал армондан чиқармиди. Бу гал ҳам ўғлини аяди она, унга оғирини солмади.

Хуршидбек инграб юборди. Хотини овқат тайёр бўлганини айтди. Велосипедини шалдиратиб ўғли кўчадан кирди. Гуруч атрофига йиғилган мусичалар унинг шовқинидан чўчиб, учиб кетишди. Ичкаридан хотинининг овози эшитилди.

— Киринг энди, овқат совийди! — кейин чиқиб айвон чироғини буради. Хуршидбек шундагина кун ботиб ғира-шира бўлиб қолганини сезди. Унинг нигоҳи яна бир четдаги уйга тушди. Хона ичи қоронғи, жимжит, ғалати бир сукут билан ҳудди дардини ичига ютиб турган жонли вужуддай туюлди унга. Аста бориб, уй эшигини очди-ю, чироғини ёқди.