OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаида Зуннунова
Асар номиҚарз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Саида Зуннунова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қарз (ҳикоя)
Саида Зуннунова

Ёзнинг охири, кузнинг боши эди. Осмон тиниқ, сувлар тинган. Япроқлар ҳали сарғаймаган. Кўм-кўк пахтазорнинг устида шуълами, ҳавоми майин, сокин жимир-лайди. Ғўзалар кўсак тугиб ётибди. Йўлдан тез-тез машиналар ўтиб турган бўлса ҳам сершовқин шаҳардан кейин Абдураҳмонга бу жойлар жуда жимжит туюларди. У ўзи ҳам тушунолмаган ғалати бир кўнгил хиралик билан йўлга чиққан эди. Янги-янги манзараларга алаҳсиганиданми ёки болалиги кечган йўллар, жойларнинг сер-гаклантирувчи хотиралариданми, юрагидаги ғубор бирдан кўтарилгандай бўлди, руҳи енгил тортди.

Қаттиқ бетобликдан кейин негадир унинг кўнгли қишлоғини қўмсаб қолди. Лекин кимнинг олдига боради. У жойда ҳеч кими йўқ. Ота-онаси ўлиб кетган. Болаликдаги ўртоқларидан ким қолган қишлоқда, уни ҳам билмасди. Орадан ўттиз-қирқ йил ўтгандан кейин борлари ҳам танирмиди. Лекин, барибир унинг кўнгли шу жойларни қўмсарди. У тез-тез қишлоғи, болалиги ҳақида гапирадиган, ҳамма икир-чикирларни эслайдиган бўлиб қолди. Бир куни онасининг ошқовоқ сомсага усталигини гапириб кетди:
— Жилди юпқа, ўзи катта-катта бўларди. Аччиқ, ичидан майда қизил қалампирлар кўриниб турарди. Нон ёпдими, албатта ё пиёз сомса, ё ошқовоқ сомса қиларди.
— Намунча, — деди китоб ўқиб ўтирган қизи, — ойим шундоқ ширин гўшт сомсаларни қилиб берса ҳам қаёқдаги ошқовоқ сомса эсингиздан чиқмайди-я.

Дам-бадам телевизорга қараб алланарса тикиб ўтирган хотини қизига бир қараб қўйди-да, эрига ўгирилди.
— Бир бориб айланиб келсангиз-чи, — деди юмшоқ, меҳрибон овоз билан, — ҳохласангиз мен бирга борай.
— Кимникига? — деди бўшашиб Абдураҳмон.
— Кўчада қолмасмиз. Одамлар бор-ку, ахир. Абдураҳмон индамади. Қўни-қўшни, ёр-ошноларидан биронтаси билан алоқа боғлаб қолмаганлигини яқиндан бери, айниқса, кўп ўйларди. Болалари унинг кайфиятини қаёқдан ҳам тушунишсин? Обод шаҳарда, шинам, қулай уйларда яшаб туриб, томига ошқовоқ чирмашган пастак айвонини, пашшасини қўриган сигир, қўйларни, ажриқ устидан тушган ингичка, сўқмоқ йўллар, яккачўп кўприкларни ҳадеб гапиравериш, балки чиндан ҳам ношукурликдир. Лекин ўша йўлларда унинг болалиги, қайнаёттан сутдек тошқин, беғубор, осуда дамлари ўтган бўлса-чи! Ёшлик билан алоқадор ҳамма нарсанинг борган сайин сеҳри ортиб, жозибаси кўпайиб бораверар экан. Орага йиллар суқилган сайин юракдаги интилиш, соғиниш ортаверар экан.

Поезддан тушгандан кейин унинг машинага ҳам чиққиси келмади. Юки йўқ, портфелига эҳтиётдан битта кўйлак билан битта майка, сочиқ, пайпоқ солиб олган эди, холос. У катта йўлнинг бир томонидаги тротуардан шошмасдан борарди. Кун қайтган бўлса ҳам иссиқнинг тафти баланд, шарқираб оқаётган ариқ бўйидаги толлар тагидан салқин шабада эсиб, дам-бадам юз-кўзларига ҳузур берарди. Қишлоқ жуда ўзгариб кетганлигидан Абдураҳмон тахминлаб борарди. Баъзан тўхтаб, адашмадимми, дегандек, у ёқ-бу ёққа аланглар, яна тусмоллаб юриб кетарди.

Ёш, қалин теракзор орасидаги чойхонада одам сийрак. Сўриларнинг бирида иккита чол гурунглашиб ўтирар, йўловчилардан бўлса керак, ёшроқ бир киши «Жигули» машинасини ювар, ариқ лабида қопқоғи очиқ чойнак билан чой тўлдирилган пиёла турарди. Абдураҳмон чолларга салом бериб ўтиб, бўш сўрилардан бирининг четига ўтирди. Ўрта яшар, мўйловдор чойхоначи тўшак кўтариб чикди.
— Келинг, меҳмон, — деди тавозе билан, — хуш кўрдик.
— Овора бўлманг эди.
— Қора чойми, кўкми?
— Барибир.

Чойхоначи патнисда ёнига печак, оқ қанд солинган иккита юмшоқ нон билан пиёла, чойнак олиб келди. Чойхоначилар четдан келган одамни дарров билишади. Уларга алоҳида меҳмоннавозлик қилиб кўнглини олишга ҳаракат қиладилар. Кетма-кет бир коса қовун билан узум солинган тарелкани кўтариб келди.
— Раҳмат, уринманг.
— Оворагарчилиги борми, меҳмон. Йўл ғуборини олади. Узоқдан келаяпсиз дейман?
— Ҳа, Тошкентдан.

Шу пайт капот ва устлари гул, ленталар билан беза-тилган «Волга» машинаси бошчилигида беш-олтита машиналар ғизиллаб ўтиб кетди. Чиройли кийинган ёш-яланглар лип этиб кўриниб қолишди.
— Хаҳ, қурмагурлар, қаддингни ур! — деди самоварчи завқ билан кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Машинани келин боланинг ўзи ҳайдаб қолмабди яхши.

Чолларнинг ҳам, машина юваётган кишининг ҳам нигоҳи ўша томонда эди.
— Битта механизатор қиз битта механизатор йигитга тегяпти. Бугун тўйлари, — деди чойхоначи, — иккаласи ҳам донгдор, икковининг ҳам машинаси бор. Қизи тушмагур, шунақа ҳайдайдики, сувдек сузади деяверинг. Ўтиб қолса ҳамманинг кўзи ўшанда бўлади. Хўп ажойиб замонлар бўляпти-да! Авваллари тўртта оти борнинг димоғидан қурт тушарди. Ҳозир шу машиналарни тўқсон от кучига тенг дейишадими?!

Абдураҳмон кулиб кўйди.
— Улар қайси қишлоқдан?
— Шу ўзимизнинг учқудуқлик. Солияхон бор-ку, герой, ўшанинг жамоасидан.

Абдураҳмоннинг кўзлари қисилди. Ниманидир хотиралашга уринди.
— Солияхон... Фамилияси нима?
— Болтаева. Танийсизми? «Қизил Юлдуз»нинг раиси-да.

Абдураҳмон рўмолчаси билан терлаган бўйин ва юзларини артар экан, индамай қолди. У билган Солиянинг фамилияси бошқа эди. Газеталарда ҳам бир-икки учратганда, шунинг учун аҳамият бермаганди. Турмушга чиққандир ахир, балки фамилияси ўзгаргандир.
— Солияхон қаерлик ўзи?
— Шу ерлик.
— Жамоасигача ҳали узоқми?
— Ҳа, анча бор. Ҳў, Жиянбой! Жамоага кетяпсизми?

Машинасини ювиб бўлиб, тикка турганича чой ҳўплаёттан йигит унга қараб бош силкиди.
— Меҳмонни олиб кетмайсизми?
— Майли, майли.

Машина текис, асфалт йўлдан ғизиллаб борарди. Далалар тугаб, кўчанинг икки четида бир хилда тушган ғиштин иморатлар кўрина бошлади.
— Жуда ўзгариб кетибди қишлоқ. Жиянбой ялт этиб Абдураҳмонга қаради.
— Аввал ҳам келганмисиз?

Абдураҳмон секин хўрсиниб қўйди-ю, жавоб бермади.
— Айбга буюрмайсиз, кимникига келяпсиз?
— Ўзим ҳам билмайман.

Машина бирдан секинлагандай бўлди. Жиянбой кўзини тез-тез йўлдан олиб, унга ҳайронлик билан қараб қўяр, тушунолмас, сўрашга ҳам тортинарди.
— Асли шу қишлоқликман. Сиз ёшсиз, билмасангиз керак, Абдухалил деган одамнинг ўғлиман. Кўп бўлган кетиб қолганимга. Қариганимда бир қўмсаб қолдим.
— Соз бўпти-да! Ундай бўлса, тўғри уйга боравер-миз. Дадам бор, жуда хурсанд бўладилар.
— Раҳмат.

Деворлари янги оқланиб, янги бўялган катта дарвоза олдида одамлар гавжум эди. Тол соясида енгил машиналар қатор тизилиб турар, катта-кичик болалар ҳам шу ерда. Жиянбой секинлаб келиб тўхтади.
— Босиб ўтиб кетсак хафа бўлишади. Бир пиёладан чой ичамиз энди.

Оқ яктак кийган ўрта яшар одам билан ёшроқ йигит машина ёнига келишди.
— Келинглар, келинглар, қани, ичкарига.
— Меҳмон олиб келяпман, — деди кулиб Жиянбой, — яхши меҳмон ош устига, дейдилар.

Мезбонлар тавозе билан уларни ичкарига кузатишди. Катта, кенг ҳовлига стол-стуллар қўйилган, тўрдаги баланд айвонда хотин-халаж кўринар, ишком тагидаги чорпояда машшоқлар ялла қилардилар. Ёш-ёш йигитлар микрофон ўрнатиш, дарахтларга сим тортиб, лампочка осиш билан овора эдилар. Бир зумда дастурхон ёзилиб, мастава келтирилди.
— Механизаторимиз уйланяпти, — тушунтирди Жиянбой, — ҳали машиналар ўтганда кўзингиз тушгандир.
— Э, ўшаларми, — деди Абдураҳмон атрофга аланглаб. У биронта одамни таниб қолармикинман, деган умидда эди. Қора атлас кўйлак кийган тўлагина аёл дарвозада кўринди. Унинг истиқболига аёллар, эркаклар туришди. Аёл қўлидаги қоғозга ўроғлик нарсани хотинлардан бирига узатар экан, улар билан қучоқлашиб кўришди.
— Тўйлар муборак бўлсин! — деди кейин ўткир овоз билан, — ҳамма нарса тахтми? Камчиликлар бўлса, айтинглар.

Абдураҳмон уни таниган эди. Ўша Солия. Фақат у вақтда нозиккина қиз эди. Барваста, серсавлат аёл бўлибди. Ҳаво ранг рўмоли остидан оқ оралаган сочлари кўриниб турар, тўлалигиданми, юзидаги сувчечак ўрни ҳам билинмай кетибди. Атрофини майда ажинлар ўраган кўзларигина ўзгармаган. Ҳали ҳам тийрак, ўткир. У тикка турганича аёллар билан ниманидир гаплашар, Абдураҳмон томонга қарамас эди. Абдураҳмоннинг унга тикилиб қолганини кўрган Жиянбой:
— Раисимиз, — деди шивирлаб.
— Чақиришнинг иложи борми?
— Албатта, — Жиянбой дик этиб турди-ю, унинг олдига бориб алланарса деди. Солияхон бош ирғади, кейин Абдураҳмон томонга бир қараб қўйди. Гапидан тўхтаб яна қаради. Абдураҳмон ўрнидан турди. Солияхон унга яқинроқ келди, тикилиб қаради.
— Абдураҳмон?! — у келиб қўлини узатди, — ростданми? Адашмадимми?
— Рост, рост, худди ўзи, — деди кулиб Абдураҳмон.
— Бор экансиз-ку!
— Йўқолган ҳамқишлоғимизни мен топиб келдим, опа, — деди кулиб Жиянбой.
— Йўқолганда қандоқ! Сувга чўккандай.
— Уйни, ҳовлини ҳам ташлаб кетавердингиз? — деди Солияхон ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгандан кейин, — аввалига ҳар қалай чироғи ёниб турсин, деб эвакуатсияга келганлардан ўтқазиб қўйишди. Кейинча жамоа қурти боқилди. Охири йўлга тушиб бузилиб кетди.
— Сизларники ҳамми?
— Ҳа, бошқа жойдамиз ҳозир.
— Онангиз бардамми?
— Қариб қолди. Ҳеч эсидан чиқармайди сизни, ўзи ҳам келиб қолса керак, — унинг кўзи дарвозадан кирган баланд бўй, қорачадан келган кишига тушди-ю, қўли билан имлаб чақирди. — Болтаев!

Болтаев галифе шими устидан кийган оқ кўйлагининг этакларини тортиб, камарини тўғрилар экан, Солияхон ёнига келди.
— Ким бу? Таниб олинг-чи! — Солияхон кулиб Аб-дураҳмонга ишора қилди. Иккалалари бир нафас тики-либ қолишди, кейин бирдан қучоқлашиб кетишди.
— Осмондан тушдими, ердан чиқдими бу? Ё тавба!

Бир зумда бу хабар тўйхонага тарқалди.
— Абдухалилнинг ўғли экан.
— Ие, Абдураҳмонми? Тирик эканми?

Бунақа гаплар Абдураҳмоннинг қулоғига чалинар, дам ўтмай янги-янги одамлар у билан кўришгани келардилар. Бир чол кўз ёши қилиб, қучоқлаб, ўпиб кўришди.
— Бор экансан-ку, болам, — деди белбоғининг учига кўзини артиб. Абдураҳмонга унинг қаеридир таниш кўринарди. Дадасининг ўртоқларидан бўлса керак.

Солияхон айвонга, хотинлар орасига бориб гаптопиб келди:
— Бувим ҳам келибди. Айтдим. Ана, сабри чидамай ўзи келяпти.

Абдураҳмон ҳассасига таяниб, сал энгашганича шу томонга келаётган кампирни кўрди-ю, ўрнидан туриб у томонга юрди.
— Ассалому алайкум.

Кампир унга бир зумгина тикилди. Кейин энгашган Абдураҳмоннинг бўйнидан қучоқлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Ҳассаси ерга тушиб кетди. Унинг кенг енгига ўралган ориқ, нимжон қўллари Абдураҳмоннинг бўйнида қалтирарди.
— Ҳудога шукур, тирик экансан. Ҳудога шукур. .— Ўзингиз бардаммисиз, бувижон?
— Тушларимга кирардинг, — кампир унинг елкаларидан силаб, юзларига тикиларди, — онагинанг билан қандоқ эдик ахир. Бор экансан-ку, шунча вақт келмабсан, бемеҳр бўпсан-да, болам.

Абдураҳмон нима жавоб беришни билмас эди. У ҳаяжон ва андишадан қизарарди. Уни ҳеч ким эсидан чиқармабди. Ҳатто соғинишибди, кўргилари келибди. Абдураҳмоннинг димоғига онасининг ҳиди урилгандай бўлди. Кўзида ёш қалқиди. Солияхон кампирни зўрға олиб кетди.
— Уйга боргин. Гаплашолмадим, дийдорингга тўёлмадим.
— Бораман, бораман.
— Боради, албатта, боради.

Болтаев ўртоқларига хабар бериб бўлган экан. Ҳаммаси йиғилишди. Улар шу куни урушдан қайтмаганларни қайта-қайта эслашди.

Ёр-ёр, ўйин-кулги, чирманда, карнай-сурнай овозлари ичида келин келди. Бу маросимни бир нафасгина томоша қилишди-ю, яна ташналик билан суҳбатга шўнғишди. Таниш-билишларининг ҳаммаси ҳам уни уйига олиб кетгиси келар, таклиф қилишарди. Лекин, у шу куни ёлғиз қолмоқчи. Болалиги ўтган, ота-онасининг қадами теккан шу кўчаларда ёлғиз юрмоқчи, юрагини ағдар-тўнтар қилиб юборған меҳр-оқибат ҳақида, унга интизор бўлиб яшаган мана шу одамлар ҳақида ёлғиз, танҳо ўй сурмоқчи эди. У қарзга ботган одамдек қочишга жой то-полмасди. Ҳуллас, унинг кўнгли ҳозир ёлғизликни тилар эди. Ўзи билан ўзи ҳисоблашмоқчи эди. Улар тўй тугамаёқ кўчага чиқишди. Раисдан андиша қилибми, бошқалар индамай туришарди. Болтаев машина рулига ўтирди. Солияхон Абдураҳмонни унинг ёнига таклиф қилиб, ўзи орқага чиқди. Кузатгани чиққанлар ночор, ноилож, эртагача, деб хайрлашиб қолишди.
— Битта илтимос, — деди Абдурахмон илтижоли оҳангда, — меҳмонхонага борсам.
— Бу нимаси?
— Жон дўстим! Солияхон! Бугунча, бир кунга. Илтимос!

Болтаев ҳайрон бўлиб хотинига қаради. Солияхон Абдураҳмоннинг ялинчоқ назарини кўриб елка қисди.
— Майли, — деди кейин.

Машина катта дарвозадан кириб, баланд кўтарилган ишкомлар тагидан юриб кетди. Ҳовуз ёнидаги ялангликда тўхтади. Машинадан тушишди. Катта боғнинг ўртасига қурилган икки қават иморатнинг атрофи айланасига айвон эди. Биринчи айвон шифтидаги электр нуридан боғ ичи хиёл ёришиб турарди.
— Шокиржон!
— Лаббай, опа! Келинглар, — ичкаридан чиқиб келган жуссаси кичикроқ бир одам қўл олиб сўрашди, — келинглар, — деди яна қўлини кўксига қўйиб.
— Эрталабгача меҳмонни сизга топширамиз. Зерик-тириб, чарчатиб қўймайсиз-да.
— Жоним билан.

Абдураҳмон шу кеча мижжа қоқмади ҳисоб. Бир томондан хурсанд, ота-онасининг нафаси келиб турган ҳаво уларни дам-бадам ёдига соларди. Шокиржон чой дамлаб кирди. Стол устида ҳар хил ширинликлар турарди. Ўзи бир оз гаплашиб ўтирди-да, дам олинг бўлмаса, деб чиқиб кетди. Абдураҳмон чиройли ёғоч каравотга тўшалган, оппоқ ғилоф кийдирилган атлас кўрпа қатини очди-ю, ётмади, аста айвонга чикди. Кўқда юлдузлар жимирлар, салқин шабада эсиб турар, япроқлар шитирлаши гоҳ кучайиб, гоҳ пасаярди, узоқдан чигирткаларнинг чириллаши, бақаларнинг қуриллаши эшитилар, буларнинг ҳаммаси уни хотиралар оғушига чақирарди.

Солия билан бир девор қўшни эдилар. Бирга сигир боқишар, бирга мактабга боришарди. Абдураҳмоннинг дадасидан урушнинг бошидаёқ қора хат келди. Онаси бу дардни кўтаролмади. Ёлғиз қолган Абдураҳмонга Солиянинг онаси ғамхўрлик қилар, кўнглини кўтаришга уринарди. Лекин Абдураҳмон бу жойларга сиғмади. Ёлғиз уйга киролмасди. Онаси чиқиб келаёттандай, қараб тургандай бўлаверарди. Кетиб қолди. Тўғри келган ишни қилиб юрди. Юк ташиди, кўмир туширди. Айланиб Тошкентга бориб қолди. Ўша жойдан армияга кетди. Яна қайтиб келди. Ишга жойлашди. Яхши одамларнинг маслаҳати билан кечки мактабда ўқиди. Кейин институтга кирди. Уйланиб рўзғорлик бўлди-ю, бутунлай ўрнашиб қолди. Тенгдошлари невара кўрибди. У кечроқ уйлангани учун ҳали қиз чиқариб, ўғил уйлаганича йўқ. Солия ҳам невараларим бор, деди. У пайтларда нозиккина қиз эди. Оналари бир-бирларини гоҳ қуда, гоҳ овсин, деб чақиришарди. Болтаева... эрининг фамилиясига ўтган экан-да.

У ўрнига ётганда хўрозлар қичқира бошлаган эди.

Аввал машина юргандай бўлди. Кейин эшиклари қарсиллаб очилиб ёпилди-ю, аллакимнинг овози эшитилди. Абдураҳмон кўзини очди. Уфқ оқариб келарди. Бир нафасдан кейин саҳарги бу жимжитликни яна машинанинг овози бузди. У ўрнидан турганда деразадан дарвоза томонга келаётган енгил машинани кўрди. Сочиқни елкасига ташлаб ювингани чиқди. Шокиржон югуриб келди.
— Яхши дам олдингизми?
— Раҳмат. Биров келдими?
— Раис опа канал томонга қулоқдан хабар олгани кетдилар. Келаман, жилмасин, дедилар. Жуда вақтли туриб олибсиз-да?
— Шу атрофда сой бор эди.
— Ҳа, бор-бор.
— Орқасида, баландликда қабристон бўларди.
— Ҳозир ҳам бор.

Абдураҳмон ювиниб, кийиниб чиқди.
— Ҳа, меҳмон йўл бўлсин?
— Тезда келаман.
— Нонушта қилиб олсангиз бўларди, — Шокиржон бирдан тушуниб қолди шекилли, овози ҳазин чикди.
— Келиб.

У қабристонга етганда ёруғ тушиб қолган эди. Қовжираган кўкатларни босиб, қабрларни оралаб аста тепаликка чиқиб борарди. Ён бағирликда тўхтаб атрофга аланглади. Қайси томонда эди. Ўнгга юриши керакдир. Баъзи қабрларга мармар лавҳалар ўтқазилган, баъзиларида ҳеч нарса йўқ. Тошданми, ғиштданми белги қўйилганлари ҳам бор. Баъзиларида бу ҳам йўқ эди. У тахмин қилган жойига келди. Қолармиди. Шунча йил бошига биров келмагандан кейин қолармиди. Ҳаёли шундай дер эди-ю, кўзи изларди. Атрофи панжара билан ўралган кичкина қабрнинг бош томонидаги ёзувга кўзи тушди. Онаси билан оти ҳам, фамилияси ҳам бир хил экан. Шошма, унинг ўзи-ку, ахир. У яна хатга қаради. Ҳа, туғилган, ўлган йили ҳам ўша. Ким? Ким қилган буни? У яна атрофга аланглади. Ҳа, ҳудди ўша жойда турибди. Кўз ёшлари томоғини бўғди. Қабр ёнига тиз чўкди. У ҳозир онасининг юзидаги ҳар битта чизиқни кўриб турарди.
— Онажон... Келдим. Онажон, кечиринг мени. Онажоним... Ўғил бўлдимми мен ҳам... Кечиринг.

Унинг шу томонга ўтганини кўрган қоровул чол анча вақтгача қўйиб берди. Ҳадеганда туравермагандан кейин томоқ қириб, йўталиб аста унинг ёнига келди. Чўнқайиб ўтириб Қуръон тиловот қила бошлади. Юзига фотиҳа тортиб, бу нотаниш одамга аста, савол назари билан қаради.
— Бу ёдгорликни ким қилдирган? Билмайсизми?
— Биламан, раис қилдирган. Сиз кимлари бўласиз? Абдураҳмон жавоб ўрнига аста хўрсиниб, бошини эгди.
— Туринг, узоқ ўтириб қолдингиз. Қандоқ қиламиз, дунёнинг ишлари шунақа экан.

Абударҳмон ўрнидан турди-ю, юраги узилиб қолаётгандай яна орқасига қаради.

— Ана, раиснинг ўзлари ҳам келяптилар, — деди қоровул чол. Абдураҳмон ялт этиб пастликка қаради. Сой бўйида ҳаво ранг машина турар, атлас кўйлагининг этагини бир қўли билан салгина ушлаб, Солияхон шу томонга чиқиб келарди.