OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаида Зуннунова
Асар номиҚўллар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Саида Зуннунова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қўллар (ҳикоя)
Саида Зуннунова

Тўй тарқаб ўйин-кулгига тўлган ҳовли сув сепгандай жимжит бўлиб қолди. Йиғиштириш учун қолган қариндош - уруғ, кўнгил яқинлар ҳам чарчашиб, ҳар ер-ҳар ерда ухлаб ётишар, ҳовли саҳни ҳали йиғиштириб олишга улгурилмаган идиш-оёқ, стол-стулларга тўла эди.

Келин тушириш тараддуди ҳаммадан ҳам Малика холани чарчатган бўлишига қарамай, у ҳамон уйғоқ. Бошқаларни уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида секин-секин юриб йиғиштирарди.

Атроф жимжит. Дарахтларга осилган катта лампочкалар атрофида парвоналар базм қурган. Дасталоғлиқ тоғоралар ёнига келган кучукни ҳайдайман деб, Малика хола синглисини уйғотиб юбораёзди. Ҳовлидан кучукни ҳайдаб чиқарди-да, битта-битта босиб уйга кириб кетди.

Бир нафас бошини ёстиққа қўйиб кўрди. Ухлай олмади. Туриб, уй ичида анча вақтгача ғимирсиб юрди. Қани энди уйқу кела қолса. Бир томондан келин кўрганидан қувонса, бир томондан хотиралар, неча йиллардан бери қалбида сақланиб келаётган эзгу армонлар унинг бутун асабларини уйғотиб юборган эди.

Очиқ деразадан уйга куз тунининг салқин ҳавоси ўрмалайди, ҳовлидаги лампочкалардан тушган ғира-шира нур чироқ ёқилмаган уйга ҳам, хонтахтанинг бир четида қимир этмай ўтирган Малика холага ҳам ҳаёлий бир тус берган. Ҳовлида яна кучук пайдо бўлди шекилли, кимдир уйқу аралаш ғўлдираб уни ҳайдади. Малика хола ўрнидан туриб дераза пардасини туширди-да, чироқни ёқиб қўйиб, яна келиб ўрнига ўтирди. Идиш-оёқ ювганиданми, қўлидаги узукнинг кўз атрофлари хиралашиб қолгандай эди. Малика хола игна билан уни яхшилаб то-залади. Кейин кафтига олиб анча вақтгача тикилиб ўтирди-да, яна оҳиста бармоғига солди.

Бу узукни тўй куни эри тақиб қўйган эди. Ўша пайтда узукни безаган бу тош кўзлар, кейинча унинг кўзларига айланди-ю, ҳамма жойда Маликахонни кузатиб турди, қорамой ичида кулиб қаради, йиқилмоқчи бўлганда қўлидан тортди. Бу узук тақилганда, унинг қўллари қандоқ эди? Тиқмачокдай, оппоқ, ҳаётнинг оғир машаққа-ларига ҳали урилмаган беғубор, нозик қўллар эди. Мана энди томирлари бўртиб чиқибди, ҳар жой-ҳар жойда доғ пайдо бўлибди. Бир вақтлар оппоқ қўлларга гулдек ярашган, фақат зийнат учун тақилган узук, кейинча муҳаббат, садоқат рамзи бўлиб, бу қўлларни меҳнатга, ҳаётга, яшашга ундади. Садоқат, меҳнат рамзига айланди-ю, ўзини зийнат сифатида бегона қўлларга ўтишдан сақлаб қолди.

Келин туширишга йиққан терган ҳам, меҳмонларнинг олдига манзур бўларли дастурхон ёзган ҳам, келинга чиройли кийимлар тиктирган ва кийдирган ҳам мана шу жафокаш, меҳнаткаш қўллар эди.

Тонг яқинлашиб қолибди: онда сонда хўрозларнинг қичқириғи эшитила бошлади. Малика хола кўрпа қатидан калит олиб, даранглаб кетмаслиги учун жуда эҳтиётлик билан сандикни очди. Димоғига куя дори ҳиди билан яна аллақандай таниш бир ҳид урилгандай бўлди. Ҳамма вақт қулф турган бу сандиқда эркакларнинг бир-икки дона кўйлаги, кийилиб, анчагина нимдош бўлиб қолган бир палто билан янгигина бир костюм бор эди, холос. Малика хола уларни сандиқдан олди. Тиззасига қўйиб, палтонинг ёқа ва енгларини секин-секин, гўё озор бериб қўйишдан қўрққандай бир кайфиятда силади. У ўн етти йилдан бери бу машғулотни такрорлашдан зерикмади. Баҳор бўлса куя дорига солади, куз бўлди дегунча, сандиқдан олиб, қоқиб, силкиб илиб қўяди. Қишда 6у палто ўғли ва ўзининг палтолари қаторида илиғлиқ туради. Эгаси ҳам шу ерда, шулар билан, фақат яқингина бир жойга чиққану ҳозир келиб киядигандай.

Уруш йиллари рўзғор танқислиги уни қийнаган пайтларда ҳам буларни асради. Меҳнат қилишга қодир бўлган шу қўллари билан унинг палтосини бозорга олиб чиқадими?! Бу палтони меҳнат қилиши, пул топиши, рўзғор тебратиши мумкин бўлган соппа-соғ шу қўллари билан бировга элтиб берадими? Сотадими?! Бу кийимлар унга қандоқ ярашарди. Айниқса, костюмини яхши кўрарди, эҳтиётлаб киярди. Қанча яхши ниятлар билан олинган бу кийимларни наҳотки бошқа биров кийиб йиртса. Йўқ, ўзи кияди, ўзи кийиб йиртади.

Шу пайтгача доим рўзғор иши билан банд бўлган Маликахон заводга ишга кириб кетди. Ўғлини бўлса боғчага жойлаштирди. Меҳнат аламини енгиллатгандай, дардига дармон бўлгандай туюлди. Тақдири уникига ўхшаган кўп ёш аёллар унга сирдош, дўст бўлдилар. Бировининг эридан хат келса, юзтаси тенг қувонишди, биттасининг бошига тушган ташвишни ҳаммаси бирга тортишди. Маликахоннинг эридан қора хат келиб, бошига қора кун тушганида ҳам ана шу аҳил оила унга ҳамдард ва таянч бўлди. Букилишга, йиқилишга қўймади. Ўша куни Маликахон ишдан қайтгач, палтосини ечиб илар экан, эрининг осиғлиқ турган палтосига юзини ўраб ўкириб ўкириб йиғлади. Ана шундан кейин бу палто билан костюм Маликахонга яна ҳам азизроқ туюлиб қолди. Аввал севган кишисининг кийими бўлса, энди ундан ёдгор бўлиб қолган эди. Шундан кейин ҳам барибир бу палто қишда илинарди, ёзда куя дорига солинарди.

Ўғли Бахтиёр у вақтларда жуда ёш эди. Онасининг аҳволини яхши тушунмас, нима учун онаси уни ҳеч қачон битта эмас, доим иккита ўпишига ҳам ақли етмас эди. У энди Бахтиёрга онагина эмас, ота ҳам эди. У ҳамма вақт — уйда ҳам, кўчада ҳам эрининг хотирасини ҳурмат қилиб яшади. Ёшлигини, бутун умрини унинг хо-тирасига бағишлади. Ана шу хотира ҳурмати учун Бахтиёрни дадасига ўхшаш меҳнаткаш, соф дил қилиб ўстиришга ҳаракат қилди. Бахтиёр чиндан ҳам дадасига ўхшади. Унинг муомаласи, меҳнатсеварлиги, меҳрибонлиги, ҳатто баъзи бир қилиқларига қараб турганида, Малика холанинг назарида эри ўлмагандай, у фақат қайта яшашга бошлагандай туюларди. У тирик. Ана у Бахтиёр бўлиб яшаяпти. Уни Маликахон ҳаётга қайта келтирди. Мана шу меҳнаткаш қўллари унга ҳалол нон едирди, тоза кийим кийдирди. Силади, эркалади, уни одам, чинакам инсон қилиб ўстирди. Мана, бугун у келинлик бўлди. Дадаси бўлса қандоқ қувонарди... У бутун тўй давомида Малика холанинг кўзидан кетмади. Муборакбод қилиб келувчиларни кутиб олди, ўйин-кулгига бош бўлди, ўғли билан келинининг пешонасидан ўпиб, уларга бахт тилади. Буларнинг ҳаммасини Малика хола кўриб турди. Қалби, хаёли билан кўриб турди.

Тўй шарофати билан тун бўйи ёқиқ қолган чироқлар тонг билан уланиб кетди. Уйқудан анча тиниқиб турган кўнгил яқинлар чойдан кейин яна қолган-қутган идиш-оёқларни ювиш, йиғиштириш билан овора бўлдилар.

Малика хола келинининг олдига кирди. Келин-куёв унинг ҳурмати учун ўринларидан туришди, ўтиришга таклиф қилишди. Келин бир оз уялинқираб туриб, қайнонасига чой узатди. Бахтиёр бўлса онасининг кўзига бирданига катта киши бўлиб қолгандай эди. У шу топда дадасига жуда-жуда ўхшаб кетди.

Малика хола келин-куёвни ортиқ уялтирмаслик учун келини узатган чойни ичди-ю, пиёлани қайтиб бермади. Қучоғида олиб ўтирган костюм билан палтога қараб анча вақт жим ўтириб қолди. Келин ҳайрон. Бахтиёр бўлса онасининг нима учун бу нарсаларни шу бугун кўтариб юрганлигига тушунмай, кўзларини пирпиратиб унга тикилар эди.

Малика хола кўзига келган ёшни зўр куч билан қайтариб, бошини кўтарди:
— Ўғлим, шу вақтгача отангнинг мана бу кийимларини сенга кийгин, демаган эдим. Бугун олиб кирдим. Энди уйлик-жойлик бўлдинг. Катта киши бўлиб қолдинг. Энди буларни кийсанг бўлади. Байрам кунларида, яхши кунларда кийгин. Аяб-асраб кийгин.

Малика хола титраган қўллари билан кийимларни ўғлига узатди. Томоғига келган алланарсани ютди-ю, очиқ, меҳрибон чеҳра билан келинига ўгирилди:
— Қизим, қайнотангиз бўлганда, билмадим, сизга нималар совға қилар эди. Мана бу узукни тўй куни менга тақиб қўйган эди. Бугун ўша киши учун мен сизга тақиб қўяман. Ҳамма вақт тақиб юринг. Зийнат учун эмас, ҳурмат учун тақинг. Қўлларингиз менинг қўлларимдек меҳнаткаш, ҳалол бўлсин. Лекин меҳнатни мендек ёлғиз эмас, бирга қилинглар, қўша қаринглар. Бахтиёр сизни ҳеч хафа қилмайди. Уни мен ана шунақа қилиб ўстирдим. Отасига, қайнотангизга ўхшаган бўлди. Сиз ҳам қизим, уни ҳеч хафа қилманг.

Малика хола билинар-билинмас титраган қўллари билан узукни келинининг қўлларига солар экан, ўзининг бир вақтги қўлларини, оппоқ, беғубор қўлларини эслади. Келинининг кўзида ёш ялтиради. Демак, бу оппоқ, момиқ қўллар мана шу узук ҳурматига ҳеч хиёнат қилмайди. Ҳаётда тутган нарсасини қўймайдиган, нозик, аммо забардаст қўллар бўлади.