OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаидвафо Бобоев
Асар номиҲақиқат синиқлари (туркум)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Саидвафо Бобоев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/12/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳақиқат синиқлари (туркум)
Саидвафо Бобоев

Одам Билан Дарахт

Ўшанда у жажжигина бола эди. Отаси кичкинагина қайрағоч ниҳолини келтириб, унга хитоб қилди:

– Ҳозир бу ниҳолни биргалашиб экамиз, ўғлим.

Отаси ниҳолни ўтқазаётганда у катта одамларга хос жиддийлик билан кўчатни ушлаб турган эди. Отаси баландлиги ўғлининг бўйи билан баробар бўлган жажжи қайрағочга сув қуяркан, шундай деган эди:

– Бу сенинг дарахтинг бўлади, ўғлим...

Орадан йиллар ўтди. Ўша жажжи ниҳол заминга илдиз отиб улкан дарахтга айланди. Ҳовли юзига соя берди. Одамларни саратоннинг қайноқ тафтидан асради.

Болакай ҳам вояга етди. Энди у ҳам ота. Фарзандларининг бир пайтлар ўзи ўтқазган қайрағочга ҳалинчак солишларини юраги орзиқиб кузатади.

Орадан яна кўп йиллар ўтади. Қайрағочнинг бир маҳаллар қалин бўлган шохлари қуриб, сийраклашиб қолди. Япроқлари салгина шамолда ҳам тўкилгандан тўкилади. Ҳар куни ҳовли супургувчи келинчакка малол келади: »Бу дарахтнинг турган-битгани даҳмаза. Сояси йўғ-у, хазонини супурганим ортиқча».

Одам ҳам кексайиб қолди. Унинг ҳам қайрағоч каби бурунги шашти йўқ. Бир маҳаллар қайрағочга ҳалинчак солган фарзандлари эса ҳар томонга «илдиз отиб» кетишди. Қуриб бораётган дарахт каби у ҳам энди ҳаммага ортиқча юк бўлиб кўринади. Энди одам ҳар тонг ҳовлига чиққанида қадрдон дарахтига қараб маъюс тикилганча ўйга толади: »Бир-биримизга қанчалар ўхшаймиз-а...»

Кечаси қаттиқ шамол турди...

Эрта билан ҳовлига чиққан одам азиз дарахтининг қулаб ётганини кўрди. Одам титраб кетди. Аста келиб қайрағочнинг кекса танасини силади. Кун сайин хиралашиб бораётган кўзларига икки томчи ёш қалқиб чиқди. Шу пайт ошхона томонга ўтаётган келин унга эшиттириб тўнғиллади:

– Неварасининг бешигини тебратиб ўтиришга ҳам ярамайди.

Одам қулаб ётган қайрағочга алам билан шивирлади:

– Нақадар ўхшашмиз-а...

Биринчи Кашфиёт

Улар икки киши эдилар. Кечани кеча, кундузни кундуз демасдан адоғи йўқдек туюлаётган ўрмон ичидан кетиб борардилар. Йўловчилардан бири доно эди. Қай манзилга ва не мақсадда кетиб бораётганини яхши англарди. Иккинчиси нодон эди. Унинг ягона мақсади: шу ўрмондан тезроқ ўтиб олиш. Бироқ йўл тугагач, қайси томонга қараб юришини ҳам билмасди. Ўрмон унга адоқсиз тўсиқ бўлиб кўринарди.

Бир куни йўловчилар қаттиқ чарчашди. Катта бир дарахт тагида ўтириб ҳордиқ олмоқчи бўлдилар. Ҳаво совуқ эди. Шунда шеригининг совуқдан акашак бўлиб қолган қўлларини кўриб айтдики:

– Қўлларингга «куҳ-куҳ»ласанг, исийди.

Нодон қўлларига »куҳ-куҳ»лаган эди, бармоқларига илиқлик югурди.

Улар яна узоқ йўл юрдилар. Ниҳоят қоринлари очди. Гулхан ёқиб овқат ҳозирладилар. Шошқалоқ нодон қайноқ овқатни ичиб оғзини куйдириб қўйди.

Уни кузатиб ўтирган доно яна ўгит берди:

– Овқатга «куҳ-куҳ»десанг, овқатинг совийди.

Шундоқ ҳам фиғони фалакка чиқиб турган нодон дононинг юзига шапалоқ тортиб юборди ва алам билан бақирди:

– Сен кимнинг устидан куляпсан? Боя »куҳ-куҳ»ласанг исийсан, дегандинг. Энди бўлса «куҳ-куҳ»ласанг совуйди, деяпсан. Сенинг қайси гапингга ишонишим керак?

Нодон йўловчининг доно ҳамроҳи унинг шапалоғига на сўз ва на ҳаракат билан жавоб қайтарди. Чунки у ҳаёт ўрмонида бу янглиғ жавобларга ҳали кўп бор дуч келишини жуда яхши англаб турарди.

Ахир тирикликнинг сирлилиги ва мазмундорлиги ҳам шунда-да!

Осмонга Тупурма

Улар уч киши эдилар. Қишлоқнинг кунгай тарафидаги қирда одатдагидек ичиб ўтиришарди. Бир пайт улардан бири шу томонга келаётган қиз болани кўриб шерикларига луқма ташлади:

– Жа-а, кетворганмикан?!

Шериклар ичкиликдан қизарган кўзларини қизга тикишди.

Дарҳақиқат, улар томонга қадди-қомати келишган, бошидаги қизил дуррачаси елкасига осилиб тушган бир қиз келаётган эди.

– Оёқларига қара, бир кечаси учун бутун умрингни садқа қилсанг арзийди, – деди у яна кўзларини сузиб. – Тур, бирортанг ташлансанг-чи!

Унинг гапларидан шерикларининг эҳтирослари жунбушга келди. Қиз эса тобора уларга яқинлашиб келмоқда эди.

– Оҳ... оҳ... қани эди уни...

Унинг оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди. Чунки уларнинг шундоққина яқинига келиб қолган қиз, «оҳ» ураётган «ошиқ»қа қараб:

– Дадажон, уйга меҳмон келди. Сизни сўрашяпти, – деди.

Шериклари мулзам бўлиб ерга қарашди.

Ҳайратнинг Кўзи

Ўшанда менга ҳамма нарса ўзгача кўринарди. Назаримда қишлоқ ёнидан оқиб ўтадиган сой жуда катта эди. Мен ҳар куни мактабга борадиган йўл бўйидаги тераклар осмон билан беллашаётганга ўхшарди. Кўз олдимдаги манзараларнинг бари менга улкан ва сирли туюларди. Қўлимга тушган ҳар бир гиёҳдан ажабланардим. Унинг нозик гўзаллигини фавқулодда қизиқиш билан кузатардим.

У пайтлар назаримда дунё бошқача куларди. Дунёнинг кулгулари оппоқ эди. Шу оппоқ кулгуларга монанд атрофимдаги одамлар-да меҳрибон эди. Мен гўё бу «манзил»га келиб қолганимдан бахтиёр эдим.

Энди билсам, у пайтлар болалик менинг кўзларимга ҳайратни жойлаган, дунёга ҳайрат кўзи билан боққан эканман.

...Болалигим поёнига етган куни мен ҳайратимни ҳам йўқотиб қўйдим. Энди ҳамма нарса одатий эди: менинг сойим кичрайиб қолгандек, дарахтларимнинг бўйи ҳам қисқарганга ўхшарди. Кўз ўнгимдаги манзаралар жуда зерикарли эди. Кеча кўзларимга меҳрибон бўлиб кўринган одамларнинг бугун қўлларида тош борлигини кўриб турардим. Гуллар ва тошлар, муҳаббат ва нафрат, яхшилик ва разолат – мен уларнинг ўртасида талош бўлаётгандек эдим. Шунинг учун ҳам назаримда осмон бироз энгашиб қолган, оёғим эса кундан-кун ерга ботиб бораётгандек эди.

Мен кўп ўтмай ҳайратсиз яшашга ўрганиб қолдим. Фақат ич-ичимдан қачондир уни қайтадан топишга умид боғлардим.

...Ниҳоят, мен бугун болалик ҳайратимни топдим. Уни излаб олисларга борганим йўқ. Мен уни ёнгинамдан, дераза олдида ўсган бодом гулларига кўзларини катта-катта очиб ажиб қизиқиш-ла қараб турган қизалоғимнинг кўзларидан топдим... У менинг ҳайратимни тирилтирди. Болалигимни қайтариб берди.

Қафасдаги Эрк

Овчи қўл-оёқларининг шилинганига парво қилмасдан бор кучи билан қояга чиқиб борарди. У мана шу қоя тепасида бургут уяси борлигини биларди. Ҳозир бургутлар бола очадиган пайт бўлгани боис унинг юраги бургут полапонини қўлга киритиш истагида ёнарди. У силлиқ қоя бўйлаб минг машаққат-ла олдинга интиларкан, пастга қарашдан ўзини тиярди. Негаки, пастга қараса – баландликдан боши айланиб қулаб тушиши тайин эди.

Ниҳоят, у кўзлаган манзилига етди. Шох-шаббалардан тикланган каттагина уяда қанотлари кўриниб қолган бургутча ўтирарди. Мақсадига етган овчи бургут боласини елкасида осиғлиқ халтага жойлаб, ортига қайтди...

Уйга келгач, бургут боласига мослаб қафас ясади. Овчининг мақсади бургутни қўлга ўргатиш эди.

Бургутча анча катта бўлиб қолди. Энди овчи ҳар гал унга сув ёки овқат бериш учун қафас ёнига келаркан, тутқуннинг кўзларида алланечук ёввойи бир ўт чақнаганини илғайди.

Бир куни овчининг устида иккита бургут пайдо бўлди. Улар гўё қафасдаги қариндошларини чорлаган каби овоз чиқаришди. Тутқундаги бургут алланечук безовталанди. Учмоққа ҳаракат қилиб қанотларини патирлатди. Лекин лаънати қафас учишга имкон бермасди. Овчи бургутига қараб алланечук истеҳзоли кулиб қўйди. Кейин ичкарига кириб кетди. Чорак сотлардан сўнг ташқарига чиққан овчи қафаснинг жойида йўқлигини кўрди. Иккиланиб осмонга қаради-ю ҳайратдан қотиб қолди – бургут қафасни кўтариб учиб борарди. Юки оғир бўлгани учун самога юксалиб кетолмаётган бўлса-да, аммо жон-жаҳди билан кўкка интиларди. Манзарани кузатиб турган овчи туйқус кулиб юборди – қафас эшигига қулф ўрнатгани ёдига тушди.

Эртаси куни Бургутқояга борган овчи улкан товатош устида ўзи ясаган қафаснинг парча-парча бўлиб ётганини кўрди. Сал нарироқда эса бечора бургут ўлиб ётарди. Бургут жасади тепасига борган овчи сесканиб кетди. Қушнинг очиқ кўзларидаги ўша ёввойи ўт ҳануз сўнмаган эди.

Меҳр Билан Қаҳр Ораси

Эрта тонг. Уйқудан туриб ҳовлига чиққан эркак уни ишга кузатиш учун куймаланиб юрган рафиқасини кўрди. Аёл шошилиб унинг ёнига келди ва обдастани тутди. Эркак юз-қўлини ювиб рафиқасининг нозик елкасида осилиб турган сочиқ билан артинди. Сўнг серсоя ўрик дарахти остидаги чорпоя томон юрди. Хонтахта устида унинг нонуштаси тайёр турарди. Эркак ўзига тавозеъ билан чой тутган қўллар соҳибасини беозоргина қучиб қўйди.

...Шом эди. Ишхонадаги дилхираликлардан асабийлашиб қайтган эркак дарвоза олдида бир оз кутиб қолди. Боласини бешикка солаётган аёл тезда бора олмади. Натижада дарвозани шошилинч очган аёл эридан узр сўрашга ҳам улгурмади – ўнг чаккасига қандайдир қўпол нарса келиб урилгандек бўлди. Ёноғида бешта бармоқ изи қабариб чиққан аёл қаршисидаги одамга ҳайрат-ла тикилиб қолди. Хотинининг хотиржамлиги эрининг ғазабини баттар қўзғади. Унинг қўллари яна кўтарилди. Бироқ бу қўллар ҳавода муаллақ туриб қолди. Негаки, эркак рафиқасининг ҳайратга тўлиқ нигоҳларида ўзининг айни пайтдаги қўрқинч қиёфасини кўриб қолган эди. Унинг қаршисида бир қўли билан ўнг юзини силаб турган аёлнинг кўзлари бамисоли ойна эди. Бу ойна унга юрагидаги оний ғазаб оқибатини англаш учун қаратилгандек туюларди.

Дарвоза олдида каловланиб қолган эркак қаҳрдан узоқлашиш кераклигини англади. Бир зум тараддудланди-ю, ичкарига қадам қўйди...

Ошиқ Қисмати

Баланд чўққи устида лола униб чиқди. Вақти келиб ғунчалади, кейин очилди. Унинг атрофида кўкламнинг турфа ранг ва турли қиёфадаги гуллари барқ уриб ётарди. Бироқ мағрур лола уларнинг бирортасини ҳам ўзига муносиб кўрмади. Баҳорнинг ювилган шиша каби тиниқ осмонига боқаркан, у оппоқ булутни кўриб қолди. Булут шунчалар оқ эдики, бамисоли лоланинг бошида улкан оққуш қанотлари билан соя солиб турганга ўхшарди. Лола ана шу оппоқ булутга шайдо бўлиб қолди!

Kech kirishi bilan qorongʻulik oq bulut yuzini toʻsib qoʻyardi. Oshiq lola esa tezroq tong otishini, yana oq bulutga termulib oʻtirishni istardi.

Шу тарзда орадан бир неча кун ўтди. Бир куни оқ булутнинг ёнига унинг оға-инилари ҳам сузиб келишди. Зум ўтмай момоқалдироқнинг гумбурлаган овозидан чўққи ларзага келди. Лоланинг нозик вужуди қўрқувдан титради. Кўп ўтмай дўл ёға бошлади.

Дўлнинг йирик-йирик доналари лолани аёвсиз қамчилар эди! Тонгга яқин у жуда ҳолдан тойди ва ўзини заминга ташлади. Чўққи ортидан бош кўтарган қуёш эрка лоланинг ерпарчин бўлиб ётганини кўрди...

Начора? Ошиқлар қисмати ҳамма замон ва ҳамма маконларда оғир кечган. Қолаверса, муҳаббатга ҳамма вақт ҳам кутилганидек жавоб қайтмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шундай эмасми?

Умрим Фасллари

Фасллар менинг умримни беаёв талашадилар. Болалигимнинг шўх-шодон йиллари баҳорга насиб этди. Негаки баҳор билан болалик бир-бирига ниҳоятда ўхшаш эди. Баҳорнинг шарқираб оққувчи дарёларида, овози қўнғироқдай жарангдор ирмоқларида болаликка хос ўйинқароқлик мужассам эди.

Болаликнинг қалби баҳор осмонидек тоза ва ғуборсиз эди. Баҳорнинг ям-яшил қирлари ҳам, дахлсиз бир гўзаллик касб этган манзаралари ҳам болаликка монанд эди. У болаликнинг ўз бағрида қолишини, чечакларга бурканган далаларида узоқ кезиб, шўх-шодон ирмоқларига хаёлчан қулоқ беришини жуда-жуда истарди.

Ёшлигимнинг ўт-олов йилларини ёзнинг оташ қучоғига топширдим. Негаки бу фаслда менинг йигитлик чоғимдаги юксак орзулар тафти мужассам эди. Ёз тафти бир пайтлар қалбимни узоқ куйдирган ўтли нигоҳларни ёдимга соларди.

Ёшлик йилларимнинг кулгулари, хаёллари ва ҳаттоки армонларида ҳам ёз оташи акс этарди. Баъзида бу оташ юрагимни шунчалик куйдирардики, мен беихтиёр бу ўтлиғ фаслнинг тезроқ поёнига етишини истаб қолардим...

Энди эса куз ҳам менинг ҳаётимдан ўз улушини талаб қилаётир... Буни талаб дейиш ҳам мушкул. Негаки куз жуда сокин ва маҳзун.

Бу фасл мени ҳам сокинликка ўргатди. Бир неча йилдан бери у умрим дарахтидан мевалар узиб менга тақдим қилаётир. Бу мевалар бирда ширин, бирда жуда тахир. Бинобарин ҳар иккисида ҳам менинг ҳиссам бор. Куз мени ҳаёт ҳақида жим мушоҳада қилишга ўргатди. Шу боис мен кузни файласуфга менгзайман.

Қишгача эса... ҳали фурсат бор. Шундай бўлса ҳам негадир мен у ҳақда сўзлашдан ҳали бироз чўчийман. Бу табиий ҳолмикан?

Тасаввур

Баъзан кичкинагина ўзгариш ҳам катта бир ҳақиқатга замин ҳозирлаши мумкин. Масалан, Лев Толстой қандайдир тасодиф туфайли синиб ётган қариқиз бутасидан илҳомланиб «Ҳожимурод»ни яратган.

Машҳур ёзувчилардан бири эса ўзининг бепоён денгиз саргузаштлари ҳақидаги асарларини уйи олдидаги кўлмак сувга термулган кўйи қоғозга туширган экан.

Инсон тасаввурининг чегараси йўқ. Масалан, мен ҳозир кўзларимни юмиб, қадимий Миср маликаси Клеопатра сиймосини тасаввур қилишим мумкин.

Инсоннинг болалиги бамисоли тасаввур мактабига ўхшайди. Мисол учун, мен болалигимда ниманинг отини эшитсам, ўша нарсанинг шакл-шамойилини кўз олдимга келтириб кўрардим. Тўғри, унда ҳали менинг тасаввурларим жуда содда эди. Менинг болаларча наздимда одамлар икки турли: яхши ва ёмондан, дунёнинг ранглари эса оқ ва қорадангина иборат эди.

Инсон билимларининг ибтидоси – тасаввур. Тасаввур инсонни мушоҳадага бошлади. Мушоҳада эса ўз навбатида ҳақиқатга доялик қилди...

Кези келганда тасаввур ғоятда шахсий ҳамдир. Ўзимдан қиёс олай: »Она»сўзини эшитганимда тасаввуримда нима учундир дунёдаги бошқа оналар эмас, ўз волидамнинг сиймоси пайдо бўлади. »Уй» деганда эса ота маконимни кўз олдимга келтираман.

Яна шуни ҳам англадимки, инсоннинг ўз Яратгувчиси қудратини англай билиши ҳам тасаввур туфайли содир бўлган. Зотан, яралмишлар ичида энг мукаммали бўлган инсон ўз ижодкорининг Қудратини тасаввур қилиб кўрмоғи лозим эди. У шундай қилди. Бу буюк тасаввур унинг тасаввурларига сиғмади. Зотан, Яратгувчи қудратининг бепоёнлиги олдида инсон тасаввурининг кенглиги денгиздан бир томчи эди, холос.

Мен эса... ўша денгиздан бир томчи тасаввурим билан тахайюл денгизига шўнғийман.

Кўз олдимда Клеопатранинг қўрқинч гўзаллиги пайдо бўлади. Ана шунда Сезарнинг ўрнида бўлмаганим учун шукур қиламан.

Ҳақиқат

У осмонга етишни орзу қиларди. Унинг хаёллари фақат осмон ҳақида эди. Баъзан юрагидаги истак шу қадар кучайиб кетардики, у беихтиёр бақувват илдизларини заминдан суғуриб олишга ҳаракат қилиб қоларди.

Бироқ бу иложсиз орзу эди. Ахир дунё яралганидан буён ҳали бирорта дарахт ўз илдизларини ердан суғуриб ололмаган. Ҳаракатлари зое кетган дарахт хомуш тортиб қолар, гўё «афсус» дегандай япроқларини маъюс шитирлатиб қўярди.

Кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Дарахт ерга бирор марта ҳам қиё боқмади. У ҳамон кўкка қараб талпинарди. Самога орзуманд дарахт ўзи ўсиб турган қирғоқни сув ювиб кетаётганини кўрмади. Ҳолбуки, вақт ўтгани сайин дарахтнинг илдизлари билан замин ўртасидаги иттифоқчилик тугаб бораётган эди.

Ниҳоят фурсат етиб, сон-саноқсиз илдизлар заминдан ажралиб чиқа бошлади. Дарахт тебраниб кетди. Шу дамда у гўёки ўзининг азалий орзусига – Осмонга етадигандек эди. Бироқ кутганидек бўлмади. Дарахт бир лаҳза ер билан осмон ўртасида муллақ турдию, сўнгра ерга қулай бошлади. У чор томонга ваҳима сочиб заминга йиқилди. Шох-шаббалари синган, пажмурда ҳолида англадики, илдизларинг заминда бўлатуриб, осмон ҳақида орзу қилишинг бориб турган нодонлик экан.

Замин дарахтнинг бу хиёнатини кечирмади. Уни ўз пойида тиз чўкишга мажбур этди.

Инсоннинг аҳволи ҳам мана шу дарахтга ўхшайди. У мудом орзулар уммонида сузишни яхши кўради. Баъзан хаёл билан ҳақиқатни алмаштириб қўяди. Ваҳоланки, инсон тақдир битигидан ўзгасини ололмас.

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.