OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСаломат Вафо
Асар номиДевор (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Саломат Вафо
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Девор (ҳикоя)
Саломат Вафо

Илк келган маҳалим, бу ер кўзимга худди операция хонасига ўхшаб кўринарди, дардим бир оз ариди шекилли, кейинчалик кўзим ўрганиб кетди. Аммо палатадаги ҳамхонам сал ғалатироқ чиқиб қолди: рангпар, озғин, жонсарак, бир қарашда, одамда қарама-қарши туйғулар уйғотади, жирканишми, раҳмдилликми?.. Аслида, бу ернинг ўзи ҳам асабимни қўзғарди, катта хонанинг кўчага қараган биттагина деразаси бўлиб, унинг олдида, ҳа-а, ҳамхонам Аъзамжон ялпайи-иб ётарди. Кечалари куладими, гапирадими-ей, хуллас, тинчлик йўқ: (қўрқасан ҳам) кўзини очар-очмас кўрган туши ҳақида гапира бошлайди. Энг ёмони, у... Аъзамжон ҳикоя қила, гапира туриб, бирданига безгак тутгандай қалтираб, кўзлари олайиб, оғзидан кўпик сочиб, шайтонлагандай хириллайди. Баъзан қайси дунёда эканлигимизни англай олмай қоламан. Тугмани босаман, дарров ҳамширалар етиб келиб, аллақандай уколларни ҳилвираб кетган озғин, серсуяк кетига санчишади. Шайтонлаган бемор зум ўтмай, бир думалаб жонон йигитга айланган девдай, ўзига келади. Гўё яна тун тушишини кутиб турган номозшомгулдай тантанавор очилади. Жим ётиш ҳақида минг тавалло қилсам ҳам, жуда бўлмади деганда, ёнбошлаб олади-да, деразадан кўраётганларини ҳикоя қила бошлайди.
— Бугун кун иссиқ бўладиганга ўхшайди, ҳозирдан сув сотадиганлар ва морожнийчилар кўча четига холодилникларини жойлаштиряпти. Йўлакка аллақачон сув ҳам сепиб улгуришибди. Биз қачон морожний ер эканмиз, Омон ака?
— Ёш болага ўхшайсиз, Аъзамжон, қаердаги нарсаларни орзу қиласиз. Соғлиғингизни ўйласангиз-чи, яна бир шайтонласангиз, ўлиб кетишингиз мумкин, — дейман бошимни у томонга хиёл буриб.
— Xонамизнинг димлиги ёқмайди-да, ака, бир кондисонер бўса яхши бўларди...
— Яна нималарни орзу қиласиз, ё морожний дейсиз, ё кондисонер... худди бу ерга дам олишга келганга ўхшайсиз. Булар ҳақида олдинроқ ўйлашингиз керак эди, Аъзамжон, — дейман унинг юзидаги қувноқлик ва хурсандчиликни ёқтирмай.
— Омон ака, жуда тартибли одамсиз-да, ахир бу ерда эртадан кечгача шифтга қараб ётиб, жинни бўлиб қолиш мумкин, ака. Уҳҳ... — деб узун уҳ тортади.
— Яна нима бўлди, — дейман ҳайронлигимни яширолмай.
— Ўтган ёзнинг шу кунларида биттасини шундай севиб қолгандим, ака, — дейди у кўзлари хиёл ёшланиб.
— Ўзи неччи ёшга киргансиз, нуқул ака, ака, дейсиз — астойдил жаҳлим чиқади.
— Ўттиз еттига, — дейди яна у оғир хўрсиниб...
— Ўттиз етти!? Xапа бўлманг-у, мен сизни элликдан ошган деб ўйлабман, оғайни.

Унинг юзлари яна ҳам оқариб кетгандай бўлади.
— Энди айтмоқчи эдим, элликдан ошган одамга муҳаббатни ким қўйибди, деб.
— Ака-а.., — дейди ҳаяжонланиб Аъзамжон. — Нима элликдан ошган одамнинг юраги йўқми... кўнгли йўқми... мана сиз бир пари аёлни, қизни кўрсангиз юрагингиз «шиғғ» этиб кетмайдими?
— Кўриб ўтирибман, юракни қандай абгор қилганингизни... Қизим тенги аёлларни қандай сева оламан, имоним бутун, — дейман ҳафсалам пир бўлиб.

Деразадан кўчанинг шовқини, гунгир-гунгир гаплар, аллакимларнинг хохолагани эшитилади ва тандир сомсанинг ҳиди бизнинг палатага ҳам кириб келади. Сомсанинг ўзи мумкин бўлмаса ҳам, ҳидидан тўйиб олай дейман.
— Э-е, ака, бунга имоннинг қандай алоқаси бор, — дейди фикрларимни бўлиб. — Ким билан бўлса ҳам гаров ўйнайман, муҳаббатнинг ўзи ҳам энг катта эътиқод.
— Шойир эмасмисиз ишқилиб?..
— Жуда қизиқсиз (минг йилдан бери танигандай, қизиқ экансиз демайди), шойирликнинг нима алоқаси бор, шойир бўлсам нима қилибди. Оҳҳ... мен севган аёл... унинг овозигина жонингни оларди. Фақат оиласи бор эди-да... Даҳшат эди, яқинлашсанг ёндиради, шундай хотинлар бор, билсангиз.
— Нима бўлган, бечора оламдан ўтганми? — дейман ҳамхонамнинг сергаплигидан чарчаб кўзимни юмиб.
— Xоладилникда туғилганмисиз, мунча гапларингиз совуқ...

Ҳамхонамнинг росмана телба эканлигига шубҳа қилмай, ундан умуман ҳафсалам пир бўлади. Лекин, барибир, унинг шахсига, ўша хотиннинг кимлигига, бунинг устига ёндирадиган хотин билан қандай ишқий учрашувлар бўлган экан, деган маънода қизиқишим устунроқ чиқади.
— Асли нима бўлганди, Аъзамжон? — дейман бироз юмшаб.
— Шуни айтгим келмаяпти, Омон ака, қўйинг, шу менинг муқаддас сирим бўлиб қолсин, — дейди олам жаҳон оғриниб.
— Ўв, ука, қанақа сир, ўзингиз бошладингизми, энди гапиринг, ман сиздан сўрамагандим, ўзингиз ёндирадиган хотинлар бор, дедингиз. Энди гапиринг.

Эшик очилиб, чиройли ҳамшира қиз хушбўй атирларни таратиб кириб келади, пўписа қилгандай, бармоқларини ниқтайди.
— Ну-ну, ҳурматли касаллар, бу қандай шум, Аъзам ака, сизга ҳаяжонланиш мумкин эмас, баданингизда укол қиладиган жой ҳам қолмади.

Ўша томонга бошларимни буриблар қарайман, ҳамширанинг қовоғи устига сурган кўк бўёғи жуда ярашган, қип-қизил лабларини ажратиб турар эди. Азбаройи тан олишим керак, ўзим билмаган ҳолатда «ёндирадиган хотин»нинг белгиларини ундан излаётгандим.
— Тартибга чақириб қўйинг бу Аъзамжонни, синглим, йўмасам жа ҳаддидан ошади. Дунёда ёндирадиган хотинлар бор дейдими-ей.
— Оббо, ўлманг сиз Омон ака, қўймайсиз, оҳ, оҳ... — дейди муаттар ҳаволарни симириб Аъзамжон.
— Войй..., — ҳамшира оғринади, — асли чиройли аёлларнинг ёнида ўзга хотинлар ҳақида гапиришса, шундай ҳолат юз беради. — Сизларга хотинлар ҳақида гапиришга ҳали эрта, юрагингизга нагрузка тушади.
— Аёллар — битмас-туганмас нагрузка.

Ҳамшира чиқиб кетгач, жазиллаётган қўймичларимизни силаганимизча яна енгил тортамиз, оқ, қизғиш, сариқ рангли таблеткаларни ютганча яна гаплашишга чоғланамиз.

Аъзамжонни чаққан пашша қорнини кўтаролмасдан ғўнғиллаб ҳавога кўтарилади, уни чаққан деганимга боис, баъзан кузатиб тураман, бир вақтнинг ўзида иккита пашша бирор жойини чақиб турса ҳам парво қилмайди, хаёллари аллақаёқларда бўлади.
— Ҳар кун ойнадан қарайман-у, ака, — дейди Аъзамжон ўз-ўзига гапиргандай ширин энтикиб. — Кўчадан келаётган биринчи кўринган аёлни ўшанга ўхшатаман, наҳотки беморлигимни эшитган — йўқлашга келаётир, деб ўйлайман.
— Э, у ҳали ўлмаганмиди, нуқул бир хотин ёққан, ёққан дейсиз.
— Ўҳ, сизам куйдирасиз мени... Сизга нима, ахир. Ўликми, тирикми... бу менинг проблемам.
— Xўш, гапиринг ўша проблемангизни, жа ўзингизни кўп тарозига солвордингиз. Буни билдик нима, билмадик нима, бу ердан чиқамизми, йўқми... дўзахда кимга айтасиз буюк сирингизни, — дейман ҳазиллашишга уриниб кулиб.
— Сизнинг ҳар гапингизга илон пўст ташлайди, илонлар боқиладиган инкубаторнинг бошлиғи эмасмисиз... Биласизми, у аёл ким эди?..
— Ким эди?!
— Норхўжа Олимовнинг хотини... — Аъзамнинг нафаси ичига тушиб, овози чиқмай қолади.
— Ола-а, — дедим ҳайронлигимни яширмай. — У министрнинг хотинига қандай ета қолдингиз?
— Етдим, ака, етдим. Сиз менинг кимлигимни билмайсиз-да, — дейди узун уҳ тортиб.
— Зўр эканми, иҳм-иҳм маммаларидан дегандай, — дедим шошиб, кўз олдимда аллақандай манзаралар гавдаланганидан вужудим қизиб.
— Ия, ака, ҳали, дунёдаги энг мустаҳкам имонни даъво қилаётгандингиз, бу ёғи қандоқ бўлди? — дейди унинг кўзлари ғалати ёлқинланиб. — Сиз севги деганда фақат кўрпа-тўшакни тушунаркансиз...

Унинг сал оқариб кетган юзларига тикилиб туриб, миямдан «бу боланинг эси жойида эмас, ё нозикроқларданмикан» деган фикрлар ўтади, у фикримни шундоқ ўқиб тургандай, дувва қизаради.
— Сан бола эрталабдан буён жа мани чалғитдинг, энди қулоғимга лағмон осмоқчисан, эрли, хотинли одам нима учун юради, шу нарса учун-да, ўн етти яшар эмассизларки... паркларга бекиниб олиб, ўпишии-иб ўтирсангизлар?..
— Қўйинг ака, қўйинг, чуқурлашмайлик, — умрида ҳайдамайдиган пашшаларни ҳайдагандай, қўлларини асабий ҳаракатлантириб, бошини дераза томонга буриб олади.

Аламим келади, шу ётган ҳолимизда ҳам бир ожиз, нотавон, аллақандай жувоннинг шаттасидан кейин юрагини чангаллаб, ётиб олган бу хотинчалишдан мағлуб бўлиб ўтирсам...

Кўз қирим билан у томонга қарадим, ҳали бошини дераза томонга бурганича эзилган япроқдай ёйилиб ётарди, нозик бўйнининг томирлари чиқиб кетган, титраб кетадими-ей... балки, йиғлаётганмикан? Тантана қилдим, лекин айни ана шу ҳолати ичимдаги куфуримни яна қўзғатиб юборган, шундагина бу телба ошиқни дераза олдидаги ўринда ётгани учун қўли узун экан, деган қарорга келдим. Чунки, ҳар кун тонг отиши билан Аъзамжон деганимиз, дераза орқали жаҳон ахборотини бошлаб юборарди. Тан олиш керак эди, у ташқи оламни қойиллатиб тасвирларди, баъзан ўша даврдаги хотиралар ёдига тушадими, ё шу кунларни қўмсайдими, кўзидан ёш чиқиб кетган пайтлари бўларди. Қатъий қарор қилдим, агар у тузалиб кетадиган бўлса, дераза олдидаги ўриндиқнинг эълон қилинмаган валиаҳди ўзим бўламан, асли келгандан нега ўтиб олмадим-а, иҳмм... келганимда Аъзам деганлари ана кетди, ана борди бўлиб, чўкка тушган туядай ялпайиб, жойни эгаллаб ётганди.

Юракнинг оғригани ёмон бўларкан, ҳар лаҳзада у дунёдан хабар келдимикан, деб хавотир оламан, «гуп-гуп»... қачонгача уриб тураркан, ахир у темир эмас, бир парча эт, бир кун келиб тўхтайди-қолади... Шундай хаёллар билан кўзим энди илинган экан, аллақандай ҳирқироқ сасдан очилиб кетди, бир дафъа қаердалигимни билмай ётдим. Xонанинг қоронғилигини кўчадан тушаётган ғира-шира ёруғлик ҳам ёритолмасди, «бу касалхона... анов, тиқилиб қолган қўйдай ҳиқиллаб ётган Аъзам» дейман. Касалхонадаги тунни жуда ёмон кўраман, гўё бу ернинг ўзига хос туни бор, гўё бу ернинг туни, худо қарғаган, турли дардлар билан бир хонага йиғилган беморларнинг иродасини синамоқчидай, одам боласининг вужудидаги барча касалликлар ва барча оғриқлар тун чўкиши билан уяси бузилган аридай қўзғалиб қолишади. «Ўзинг ҳамма нарсага қодирсан, эгам», дейман, хуруж қилиб, кўкрагимнинг остига пичоқ санчилаётган оғриқдан нафас олмай. «Билиб-билмай қилган гуноҳларимни ўзинг афу эт». Шайтон қиёфасига кирган касаллик эса, аямай кўкрагим остига пичоқ санчади, «худойим, ўзинг қодирсан...».

«Сал оғрисангиз худо эсингизга келади» деган сас эшитилади қоронғилик қаъридан, юрагимнинг «гупиллаб» уришидан шайтонлаб қолай дейман. Сас қулоғимга кириши биланоқ ичимда одатий сўзлар қалқийди: «Эрталабга етмай ўл».

Оҳу фиғонларим оллога бориб етдими, «қассоб» пичоғини кўкрагимдан бўшатди, шу он қулоғимга хириллаган сас киради. Қўлимни деворга чўзиб, беихтиёр қўнғироқни босиб юбораман. Xира чироқлар ёритган, дорилар ҳиди анқиётган жим-жит касалхона йўлаклари овоздан жонлангандай бўлади. Эшикдан ҳамширанинг уйқусираган юзи кўринади, ёнимга ишора қиламан, яна ҳамхонамнинг илма-тешик вужудига ийна тиқишади. Зум ўтмай намозшом гул яна очилади: «Омон ака, ёмон ёзғирдингиз-ей, бечора худонинг ҳам етти қават осмонда уйқуси ўчиб кетгандир». «Вой, оқибациз, вой ийнанинг остида жонинг узилсин». «Ол, бандам олавер, мулким камайиб қолмайди деган». «Яхшилик билмаган ойим супурги, бозорда ҳам битта шундай «бездарнийси бор эди».
— Олдин бурнингизни артиб олинг, ойимтиллангизни қўмсабсиз чоғи?
— Ака, йиғлагандан сўнг, бурун оқади-да.
— Сан бола шундай ўзингни аямасанг, бир кун ўлиб кетасан. Эркак одам... йиғлаганинг нимаси...
— Эй, ака, беамр тикон кирмас, агар ажалим шу касалдан бўлса, на илож, ихтиёр оллода... ҳеч кимга кераги бўлмаган бир етим бола бўлсам.
— Тем более... шу етимлигинг учун айтяпман.
— Ухлайлик.

Тун қоқ ярмидан ошди шекилли, деразадан тушаётган заиф ёруғ ҳам хонани ёритолмасди, бемор ҳамхонам кўп вақтгача ҳиқиллагандай бурнини тортиб-тортиб ухлаб қолди. «Э-е... ҳали бу ёш бола экан». Йўлакнинг қаеридадир жўмракдан шириллаб сув оқар, шу заифгина сас бутун дунёни қамраб оладигандай эди. «Ҳамшира қиз ухлаётганмикан, кўк бўёқлари чаплашиб кетганмикан, гўзал қизлар қандай ухларкан, нафас олса, чиройли сийналари кўтарилиб тушаётгандир, агар тун кўйлак кийган бўлса, бир жуфт сийна, тунда япроқлар орасидан кўринган нашватидай мўралаб турса керак».

Кўча томондан якка-сийрак ўтган машиналарнинг саси эшитилиб қолар, қаердадир маст-аластларнинг сўкиниб ғўнғиллагани эшитилар, шунинг баробарида вужудимда мавжуд бўлган аллақандай касаллар уйғонган, оёқ-қўлларимнинг бўғим-бўғимигача зирқираб оғрирди. Xона жуда дим бўлиб кетди, балки Аъзамжон кучини ел чиқаришга сарфлаётгандир. «Бир кондисонер керак экан». Ногаҳон, Аъзам телбанинг ишқ қиссаси ёдимга тушди: «алқисса министрнинг хотини бизнинг телбани ташлаб, бошқасига ўтиб кетибди. Бу худонинг зорини қилибди... аллақандай китоблар ёзибди... у ёндирганича кетаверибди». Министрнинг кўзлари қаерда экан...

Тимирскиланиб столга тахланган дориларни олдим, икки таблетка «Синада» ва бир таблетка оғриқ қолдирувчи «Баралгин» ичиб юбордим. Оғзимнинг тахирлигидан кўнглим айнирди. Касалхонанинг туни жонимга тегиб бўлган, йўлакдаги жўмрак янада қаттиқроқ товуш чиқариб оқар, ҳамшира қиз кўк бўёқларини чаплаб, тошдай қотиб ухларди. Кўп ўтмай, илгариги маст ҳолатларимдагидай бошим айланиб-айланиб, юрагим қаттиқроқ дупиллаб ура бошлади, «дорини ичмасам бўларкан, юрагимга таъсир қилди». Тош боғлагандай оғир қовоқларим юмилди, хотирам қатларидан кўк бўёқли ҳамшира, Аъзам етолмай қолган ўйнаши билан, қоришиқ ҳолатдаги уйим, бозор, яна аллақандай нотаниш кимсаларнинг юзи лип-лип ўтарди. «Ишқ қиссанг билан гумдон бўл, Аъзам ошиқ, уйқуни ҳаром қилдинг». Қулоғимга радиодан таралган аллақандай мусиқа, қўшиқ саслари кирар ва дикторнинг «Москвада... кечаги портлаш... натижасида ўн етти киши ўлди...» деган гапи узуқ-юлуқ кирарди. «Ўлим» деган сўз сергак торттирди, бу қора хабар, қора куч бизнинг хаста юрагимизга ва шу хонага жуда яқин турар, истаган чоғи эшикни очиб, кириб келиши мумкин эди.
— Ака, туринг, турсангиз-чи... соат тўққиз бўлди...

Аъзамжоннинг нозик овози ҳорғин ва хаста эшитиларди.
— У ҳозир келиб қолади.
— Ким?.. — дедим жаҳл билан. — Тинчлик борми бу ерда, касалхонами ёки вокзалми?.. — уйқуга тўймаганим учун миям ғувларди.
— Ака, ака... илтимос, — дейди қизларникидай катта ва тиниқ кўзларини тикиб. «Буни Норхўжа Олимовнинг хотини бежиз севмаган». — Туринг, туринг... кейин аниқлаб оласиз қаердалигингизни?..
— Э, қанақа боласан ўзи, «тур, тур» дейсан, қаёққа тураман, пастелний режимда бўлсам, ё сеники Исонинг ҳайқириғиданми: «Лазер, тур!» деган билан жон битадими, ука, сиз Исо пайғамбар ва мен Лазер эмасман.
— Кечирасиз... кечирасиз, мен сизни ўзингизга бир қараб оласизми, дебман. Простинангиз тушиб қолибди, анови дори қутиларига қўлингиз етадими, ҳар қалай аёл киши, унинг устига қалби жуда нозик... Оҳ, у сепган фаранги атирларнинг ҳидидан бошингиз айланади... Ҳозир ўзингиз кўрасиз... — деди у яна қизариб, пойинтар-сойинтар гапириб.

Ёришиб қолган хона эшиги очилиб, бугун кўзига бошқача қирмизи ранг суриб олган ўзимизнинг ҳамшира уйқули хумор кўзларини сузиб-сузиб кирди. Таажжубланиб бош чайқадим.
— Қани, жаноб беморлар, юмшоқ жойларингизни тайёрланглар-чи?..
— Бу азобларнинг охири борми?!
— Сенда шафқат борми, Мастура?
— Бу боришда мидицина саноати йўқотишга учраши тайин.
— Мастурахон, ҳозир бир опа Аъзамжонни йўқлаб келдими?
— Ҳозир? Ҳеч ким келмади, соат етти-ю, эшиклар очилмади ҳам...
— Точно?..
— Точно. Бунинг устига сибирский язвага қарши карантин эълон қилганмиз. Пашша ҳам учиб киролмайди.

Аъзамга маънодор қарадим, гўё у ҳушидан кетаётганга ўхшарди.
— Ўйлагандимки, эрини ишга кузатиб келаверган, бирон жойдан эшитиб қолган бўлса... тўғрироғи телефон қилгандим, — яна ғўлдиради Аъзам.
— Ҳей инсон, ўзбекчага тушунасизми, эшитдингиз-ку Мастурахоннинг гапини... — дедим жиғибийрон бўлиб.
— Яхши ака, шунга шунча бақириш шартми, юрагимни ёрай дедингиз, кемаса, кемабди.

«Севмаса, севмабди... бир ўйинчи қиз».

Мастура япалоқ темир идишга ашқол-дашқолларини «шарақ-шуруқ» солиб, менга «уни қаранг-а...» дегандай қошларини учириб, тонгги сабодай елиб хонадан чиқди.

Аъзам яна аллақанча вақт радиони қитирлатиб ётди... Дикторнинг жазавали саси эшитилади: «Бугун Америка соҳилларига яқин қолганда, бир юк кемаси ағдарилиб, бир юз саккиз киши сувга ғарқ бўлди. Вафот этганларнинг аксариятини африкалик норасмий муҳожирлар ташкил этади». Билиб турибман, мусибатли хабар унга ёқмади, яна қитир-қитир... бир қиз нозли овозда шеър ўқирди: «Ё мен борай, ё сан кел. Муҳаббат худо экан». Барибир экан, иккаласи йўлнинг ўртасида учрашса бўларкан, худони тинч қўйса-чи, булар. Буям ёқмади, ярасини янгилади. Яна қитир-қитир... шикаста бир овоз «ман сана қурбон ўлам»... дерди. Айни шу қўшиқ хона узра чарх уриб, дераза томонга интилганда, Аъзамжоннинг сабри чидамади, радиони кароват четига улоқтириб, ўгрилиб олди. «...Ман сана қурбон ўлам...». Орадан кўп ўтмай, унинг навқирон вужуди бўронга бардош беролмаётган ёлғиз япроқдай чирпирак бўлиб, титраб, юзи яна беўхшов шаклга кира бошлаган эди. Икки куч унинг танасида кураш олиб бориб, ахири шайтон ғолиб бўлди чоғи, у яна хириллай бошлади. Тугмани босмоқчи бўлдим. Сал туриб иккиландим: «Нима мен уни отасиманми, ҳар кун у ёққа ағдарил, бу ёққа ағдарил, бошқа ҳаяжонланма... бошқа севма... Қўнғироқни бос». Шу сафар синашга қарор қилдим, назаримда, ҳар гал у «ҳаво етишмаяпти», деган баҳона билан ўзини касалга соларди. Яна шайтон билан олиша кетди, яна хириллаш, оғзидан тупуклар сочди, нотаниш тилда алаҳлади. Қўллари боғлиқдай ўзини у ёқ бу ёққа урди, юзи инсоннинг юзига ўхшамай қолди. «Ҳидоят. Ҳидоят»... «А, санамнинг исмини ниҳоят билишга муваффақ бўлдик. Эртага кўзини очирмайман, ё тугмани боссаммикан? Нима мен уни...» Кўзимни юмганимча, совуққонлик билан ҳамхонамнинг сохта хириллаши, пичирлаши, гапиринишларига қулоқ солиб ухлаб қолибман, дорининг таъсири кетмаган шекилли... «Балки уни қайта жонлантириш хонасига олиб ўтишар, ана унда мақсадимга етишаман, деразанинг олдидаги ўрин ҳақиқий эгасини топади».

Эрталаб кўзимни очсам, ростдан ҳам Аъзамжон жойида кўринмасди. Жонлантириш хонасига олиб ўтишибди: яшасин, унинг жойига авайлабгина ўтказиб қўйишди ва ниҳоят деразанинг олдида эдим. «Аҳволи яхшимас, балки умрининг сўнгги дақиқаларини яшаётгандир». Мен уни ўзини касалга соляпти деб ўйлаган эдим. Xамширалар чиқиб кетиши билан дераза томонга ўгрилдим, аввал ҳеч нарсани англамадим, у ёқ қоп-қоронғи эди. Кўзимни очиб-юмдим, қоронғилик. Деразанинг олдида баланд қоп-қора девор бор эди, аллақандай идоранинг девори. Ёруғлик ва кўчанинг шовқини девор ёриқларидан, ораларидан қисилиб, сизиб, синиб кирар экан.