OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСарвар Азимов
Асар номиИкки дил — икки олам (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Сарвар Азимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм53KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Икки дил — икки олам (ҳикоя)
Сарвар Азимов

Эрта тушган куз чаппор гулзорни босган қордай бир дунё ташвиш келтирди. Ялт-юлт қуёш кузак чечакларидаги, каҳрабо чиройга ғарқ чинор баргларидаги шабнам — марварид доналарни симириб улгурганиям йўқ эдики, тўсатдан жин шамол кўтарилди-ю, қоработир булутлар кўкда ўрмалай кетди. Каллаи саҳардан дала-боғимизни бошига кўтаришган сайроқи қушлар ҳам, зибилдоқлар ҳам сайлни йиғиштира қаёққадир жуфтакни урдилар. Бир зумлик жимликдан сўнг, кутилмаганда бошланган қасур-қусур, чақмоқ отишлар, шалаббо ёмғир оламни босса бўладими...

Еру кўкни савалай кетган данакдай-данакдай томчиларни ишхонам деразасидан кузатар эканман, негадир, ўтган йили — илон йилининг қишида кечган, мен учун оғир туюлган кунлар хаёлимни банд қилади: оқланмаган ишонч... заҳмат чека-чека битилган асар томошабинлар кўзидан қочирилди; тунни саҳарга пайванд қилган ою кунлар оқибати вой. Ҳа-а... замон кечинмаларига ижод калитини топа билиш, ҳаётнинг аниқ, пухта ифодасини яратиш мушкул меҳнат. Маъмурият бюрократларига бас келиш — ундан ҳам қийин гап. Булар устига танқидчилик —олимлик юкини кўтаролмай юрган баъзи бировларнинг дудмал чизгиларини, отга тақа қоқилганда чумолининг оёқ кўтаришларини кўриб, «ўргилдим-эй», дейишдан ўзга гап тополмайди киши.

Одам шарпаси ўйларимни бўлди. Орқамга боқсам, юлдузи иссиққина бир аёл ишхонам остонасини боса ичкари кирмоқда. Ажаб... имсиз-димсиз сўрашдик. Кўрсатилган жойдан ўрин олганидан кейин, ҳимранганича, тилга кирди:
— Хаёлизни бўлмадимми?
— Ҳечқиси йўқ... аммо?..
— Мани танимадиз, шундоғми?
— Ҳа.
— Исмим — Адиба. Касбим,— бир оз ўйланиб қолди-да, давом этди,— журналистман...
— Балли... балли... эй-а, энди эсладим... Бадиий очеркларингизни ўқиганим бор. Ҳалиги...
— Мен бошқа ниятда...— Шу кезда чақнаган чақмоқнинг ёруғи Адиба юз-кўзларида ўйнаб фикр-ёдимни жувон томон тортар эди. Адибанинг дўрдоқ лаблари алланечук яна жуфтланди.— Элнурни танирдизми?
— Элнурни?!

Энди менинг кўзларимда чақмоқ чақнаб, бошим айлангандай бўлди. Хотирамдан ғизиллаб ўтмиш Элнур фожиаси 1965 йилнинг қишида содир бўлгани эсимда. «Си-ай-эй» разведкасининг қароқчилари истеъдодли совет журналистини «ўғирлашган», уни ватан хоини қилиш мақсадида бор ҳунарларини ишга солиб кўрганлар. Натижа чиқавермагандан сўнг ва сиёсий жанжалдан қўрқа, Элнурнинг дабдала жасадини гўё автоҳалокатга йўлиққан одам ўрнида, Нью-Йорк кўчаларидан бирига ташлаб қочишга мажбур бўлишган. Ўша чоғларда газеталар Элнур фожиаси тўғрисида талайгина нарсалар босишганди. Наҳотки қаршимдаги аёл ўша жасур ўғлоннинг ҳалоли бўлса!
—Хотинларимисиз?
— Кўз очиб кўрганим...— чуқур «уҳ» торта сўзлади Адиба.— Яқинда йили бўлади.
— Умр ўтишини қаранг-а...
— Элнуримни менга, менинг Элнуримга ёзган хатларимиз бор, шуларни бир кўрармикансиз ўйида безовта қилдим сизни?
— Қани?.. Ёниздами?
— Мана, дея Адиба бир қийиқча қоғозни хонтахтага қўйдию ўрнидан жилди.— Хайриз... икки-уч кунлардан кейин олиб кетсам бўлар-а?
— Албатта... Хайр...— Адибанинг ишхонамдан чиқиб кетишиниям кутмасдан, қийиқчани еча хатларни ўқишга берилдим. Икки навқирон қалб ёзишмаларини кўздан кечирганим сари кўнглим ғалаёни минг чандон ошди, бир олам ақл ва меҳр оғушида бошим «чир» айланди. Мана ўшалардан бир туркуми:

Нью Йорк 20.IX.1965 йил

Адибам, Севарим!

Сирасини айтсам, бу чувалган дунёда айрилиқ ўтида ёнганлар талайгина топиладику-я, аммо мендай қўлга тушгани камдан-кам учраса керак. Худди эртак-а. Йиллар давомида фақат хаёлингиз билан яшашга чидаб, ниҳоят, висолингизга эришсаму ширингина тўйимизнинг (қавм-қариндошларимиз шодлиги, ёру биродарларимиз шўҳликлари ёдингиздадир!) эртасиёқ йўлга отланишга мажбур бўлсам... Бунинг устига ялакатлар парқу ёстиғи остидаги гулғунча, яланг тўшимга тортилган қизгина бу қилмишимдан алланечук озор чекса, қийналса... Агарчи, Амудай чуқур меҳру шафқатингизга ишонмасам, бетийиғингизни кечирарсиз деган қаноатга эга бўлмасам уятимдан тарс ёрилиб ўлсам ажабмасди.

Адибагинам, умрдошим, бурч мажбурияти орқасида бошланган бу сафар олдидан, аеропортда айтган сўзларингиз ҳамон қулоғимда: «Қўзларим йўлингизда... ой бориб, омон қайтинг...» Бу иффат ва латофат тўла тилакларингиз қанотида, беш соатлар чамасида Москвага етиб келдиму «Москва — Нью-Йорк» самолётига нарсаларимни олиб ўтишга зўрға улгурдим. Сўнгра, Москвадан Шотландиянинг Преспунк шаҳрига, ундан Канаданинг Гандер шаҳрига, Гандердан Американинг Нью-Йоркига сакраб ўтиб, бир кун деганда ўн минг километрча масофани босдиму Ер юзи деган «тухум»нинг нариги томонидан, империалистик оламниинг қоқ киндигидан келиб чиқдим.

Ўзингизга маълумки, Американинг Нью-Йорк деб аталган бу бесўнақай, нотинч карвонсаройи менга ёқинқирамади: ҳавоси бадҳазм, ергаям-кўккаям сиғмас доллар-дорлар ўта беибо, шаҳарнинг чин эгалари — меҳнат аҳлига хор. Хуллас, капитализм дунёсининг олтин аждаҳо тили-ю, бизнесменнинг заҳар дили шунда мужассам. Аеропортдаёқ шу ёзувларга кўзим тушди: «Йигитлар, Ветнам озодлик уруши сизларни кутмоқда! Кўнгиллилар сафига тезроқ ёзилинг!» Яна уруш шарпаси. Биринчи жаҳон урушида 8,5 миллион, иккинчи жаҳон урушида эса 50 миллион халойиқ қурбон қилинган бўлса-ю, бу тиррақи бузоқларнинг югуришини қаранг. Ақли калталар!

Бу оғир ўйлардан қутулиш учун тўғри келган газеталардан бирини очувдим, мана бу эълонларга йўлиқдим:

«Яқин кунларда шаҳримизга кўчиб келган жаноб, ёши 55 да, сирти хушбичим, уйланиш ниятида бадавлат хоним билан танишувни истайдилар. Дин ва миллати бўйича монелик бўлмайди. Адреслари...»

«Истараси иссиқ, бўйчан, 40 ёшдаги бева хоним қўлида ҳунари ва маълумоти бор, ўзига тўқ жаноб билан учрашувни хоҳлайдилар. Истаклари — турмушга чиқиш. Ёзилсин...»

«45 ёшлардаги сўққабош хоним тахминан айни ёшлардаги басавлат, кимсаси йўқ жанобни изламоқда. Мақсади — эрга чиқиш ва ўзининг «еркаклар сартарошхонаси»ни бирга бошқариш. Шу сабабли у жаноб устаси фаранг сартарош ва шарқий славянлардан ёки Балқонда туғилганлардан бўлиши шарт. Маълумот учун... »

«64—66 ёшларга чиққан серғайрат, кўриниши кўркам, маданиятли ва маълумотли, зиёлилар оиласидан тарқаган, 1914 йил уруши муносабати билан Россиядан кетиб қолган ҳамда оилавий турмуш тажрибасини бешидан кечирган жанобни — бир умрлик, дўсти вафодорни истайман. Хонимнинг ўзларида шу сифатларнинг барчаси тўла-тўкис. Телефонимиз...» ва ҳоказолар.

Ақлига қурт тушган ва ёки ақли ошиб-тошиб кетганлар, заковатининг миси чиққан ва ёки заковат кўчасига киришни унутиб қўйганлар шулар бўлишса керак. Одамни итдан ҳам хор, товуқмия айлаган бу жамиятдан нимаям кутиш мумкин ўзи?!

Адибам, севарим, эрта-метандан ишни бошлаймиз. Бошлангач ниҳояти ҳам бўлар-ку. Бор-йўқ истагим оқила Адибам билан тезроқ кўришув. Волидаи муҳтарамим пешоналаридан бир ўпиб қўярсиз.

Салом ва хайр-хўш. Чўлпон кўзларингиз шайдоси — Элнур.

Тошкент. 25.IX.1965 йил.

Ассалом, Элнуржон Ака!

Минг — юз минг қатла шукр: хатингиз, хуш-хабарингиз келди. Бахтимизга ҳамиша саломат бўлинг! Аямлар айтишларича (ташвишланманг, сиҳатлари яхши), бутингиз орасидан шамол ўтиб юрса, бас эмиш. Гапга шаҳар берасиз. Лекин Элнуржон ака, мени мунақанги ноқулай аҳволга қўйишингиз инсофдан эмас. Аямлар ҳадеб мактубингизни тўласича ўқиб беришни қистайдилар. Қани, айтинг-чи, ҳалиги шўхлик аралаш эркаликларни, «ёмон йигит» эканингизга иқрорларингизни қай юз билан ўқиб берай у кишига? Энди билсак, сизда ҳам айёрликдан анчагина бор экан. Қилар ишни қилиб Америкага қочворасиз-да, дунёнинг бир четида туриб узр-илтижо айтасиз, қўлим етмаслигини била туриб... Шу тобда қаватимда бўлсангиз-чи, агар... Ўзим билардим... ўймалаб-ўймалаб... Йўғ-э, эсим қурсин, кенг пешонангиздан, кўзларингиздан тўйиб-қониб ўпган бўлардим, жонгинам.

Элнуржон ака, ҳижрон бўрони қаршисида Адибангиз мўрт экан, синаман дейди. Бунинг устига ҳар нафаси сизни эслатгувчи ипак кузимизни кўрмайсизми: шира-шарбатга ғарқ боғларимизда ноз, ғужум-ғужум очилган пахтазорларда завқ, серҳарорат ёзнинг оташида бўғриққан одамлар кузакнинг майин оромида. Қани сиз? Сира-сира ажралмаймиз, ҳамиша бирга бўламиз, деган ваъдаларингиз қайда? Ҳа, айтгандай, «Эълонлар» антиқа. Олдин кулдим, кейин довдир одамлар тақдирига ачиндим. Капитализм — уруш ва ҳақорат дунёси эканини барча билиши керак. Шу мақсадга қаратилган ҳаракатларингизга мадад тилайман, лекин ялинаман, эҳтиёт бўлинг.

Эртадан редактсиядаги меҳнатим бошланади: хайр, дорилфунун, салом, меҳнат! Аямлардан бир олам дуои истак сизга. Йўлларингизга интизор ёрингиз — Адиба.

Нью-Йорк. 30.IX.1965 йил.

Севгилим, Адибам!

Мактубингизни олдим. Чиндан ҳам доносиз: ёзганларингиз бир шингилу маъноси, ҳосили ғарам-ғарам. Ташаккур. Сизни учратган тақдиримдан ўргиламан.

Бугунги Американинг кайфияти мени чуқур ташвишга солмоқда. Нью-Йорк каби катта шаҳарларидан руҳ бутунлай кўтарилган, кўпчиликнинг кўнгли синиқ, нарх-наво баланд, зар ва зўрлик шукуҳининг чақчайган кўзини тўзон, қон босгандай. Ҳаммаёқда уруш шарпаси. Ҳатто Бродвейнинг қичиқтабиат аёллари ҳам Ветнамда ўғли ўлган америкалик нотавон оналар учун нафақа тўплашга бел боғлашибди. Номи улуғ, супраси қуруқ бу мамлакатнинг сиёсатидан, «олий» даражали сиёсатчиларининг қилмиш-қидирмишларидан арвоҳ лабига ҳам учуқ тошса ажабмас.
— Нега мундоғ?— савол берсам, америкалик бир дипломат, ҳазил-мутойиба аралаш, шу жавобни қилди:
— Окей... 1945 йилнинг 31 январи эсларидадир?
— Албатта.
— Худди шу куни Гитлер ставкасида одатга кирган тартиб-интизом биринчи бор бузилганди. Туни билан ишлашни, то тонгтача бўлар-бўлмас кенгашлар ўтказишни яхши кўрган Адолф куннинг биринчи ярмини уйқуда, ўз ғафтлатхонасида кечирар ва айни фурсат давомида бирон кимсанинг унинг хонасига киришга ҳаққи йўқ эди. Бироқ, 31 январнинг эрталабки соатларида натсионал-сотсиалистлар кантселяриясининг бошлиғи Борман бу одатни бузишга мажбур бўлиб, Гитлер уйқусини қочиради. Сабаби? Совет танк қўшинлари Одердан ўтиб, Берлин сари йўл солгандилар. Тушундиларми?
— Йўқ. Бу узундан-узун тарихни саволимга нима дахли бор экан?
— Мистер, дахли шундаки, ўша кундан бошлаб бизнинг ҳам уйқумиз тозаям қочган, жонимиз ҳалакда! Ё биз коммунизмни йўқ қиламиз, ёки коммунизм бизни — «озод олам»ни... Энди тушундиларми?
— Тушунганда қандоғ... офарин.

Ленин Ватанининг қудрати, сотсиалистик лагер ғалабалари, Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги тарихий ўзгаришлар империализм корчалонларини қаттиқ саросимага солган. Улар сарсон-саргардонликларининг, уруш қуролидан воз кечган иқтисод ўрнига жангу жадал мақсадига асосланган иқтисодга куч беришларининг, инсоний маданият ўрнига «қирғинлар маданияти»ни кўкка кўтаришларининг сир-асрорини шундан излаш лозим. Аҳвол шу қадар мураккабу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ХХ сессиясига тўпланишган 117 мамлакат вакилларининг анчагинаси на ерни танийди ва на осмонни. Бунинг устига маслакдошлараро келишмовчиликларни айтмайсизми. Оқ сут берган онага тескари қараш — оқпадарлар, телбалар ҳунари...

Жоним Адиба, бу галги хатим серташвишроқ бўлса — кечирасиз. Бинобарин, биз ҳушёр бўлишимиз зарур. Етар, кечган тарих сабоқлари, етар. Ҳа, азизам, қалтис замон, халқлар тинчлиги қил устида турган давр хунук башарасини қайта кўрсатмоқда. Наҳотки учинчи жаҳон уруши ўт олса?!

Гул япроғи — дўрдоқ лаб устига қўнган тимқора хол ва унинг соҳибаси мени соғинганмикан? Бир кўрсам... Бир суйсам... Сафаримиз чўзиладиганга ўхшайди. Аямларга кўпдан-кўп салом. Саломат бўлинглар. Заргар қалбингизнинг зор-интизори — Элнур.

Фарғона. 12.X.1965 йил.

Элнуржон Ака, Салом!

Очиғини айтсам, бу галги хабарингиз кўнглимга андак озор берди. Кўпроқ нотинч дунёнинг нохуш ишлари тўғрисида ёзибсиз. Америкалик дипломатнинг айтганларидан бир ғазабландим, бир шод бўлдим. Ғазабим боиси: хизматга туҳмат... Агар Гитлер фашизмини биз ер билан яксон қилмаганимизда ўша жаноб мамлакатининг ҳам ҳолига маймунлар йиғлашини унутиш, совет халқининг мардона ғалабасига тан бермаслик—дунёни қора ўрмон тарзида кўришни истагани, албатта. Шодлигим сабаби: уйқуси қочган экан — ажаб бўпти. Уйқусизлик балосига мубтало одамнинг умри кўпга чўзилмайди. Демак, бир кунмас-бир кун йўқ бўлажакларини, мушт кўтаришлариям қўрқоқлик, кучсизлик аломати эканини сезмоқдалар. Кўп соз!

Элнурим, журналист ёрингизнинг дастлабки сафари Фарғона водийси томон тушди. Қанотсиз учдим, чунки, назаримда, бу водий билан учрашув гўё сиз билан кўришишдай ширин туюларди. Ҳозир-чи, кумуш водийнинг айни серзавқ фасли экан. Бу водий асл одамлари таърифини тилга олиш қўлимдан ҳали келмас дейман.

Мен қувалик Ҳурмат она билан танишдим. Она, биринчи қарашда, кўзлари ожиз эканиниям сезмайсан киши. Ўғиллари Эрали урушда ҳалок бўлган, лекин она умидида у тирик. Она ҳамон ўғлини кутади.
— Онажон, ёшингиз қанчада?
— Айланай сиздан, Эрали немис қиронига жўнашидан бир кун олдин: «Аябуви, олтмиш олтига чиқдингиз», деганди... болагинам.
— Кўзингизга нима қилди?
— О-о, болам, йигирма тўрт йилдан бери хаёлим ана келди-мана келди билан банд. Эрали тушмагурдан эса дом-дарак йўқ. Азобга дил чидади, тирикман, кўз чидамади, айланай сиздан.
— Тўқсонга чиқибсиз, онажон.
— Тўқсонми-юзми... Эралигинам бошини, оҳ, онанг ўргилсин, бошини мана шу кўксимга бир босмагунча ўтиравераман. Ундан сўнгра ўлимимга розиман... Қаригандан ўлим яхши, болам.

Биринчи очерким бардоши тоғ Ҳурмат онага бағишланади. Ҳалиги сиз айтган уруш жарчиларини шу муштипар она дод-фарёди кўр қилса бўлмайдими?!

Элнурим, «хол» ҳақидаги қочириқларингиз боисида нима ўйлашимниям билмайман. Унга рашким келади, холос. Демак, у кишининг кўнгилларида мен эмас, биргина «хол» экан-да каби шубҳалар дилимга озор солгандай. Наинки, хол, бутун борлиғим, бор хаёлим сиз билан, Элнуржон ака. Ҳаммамиз, аямлар ҳам, Фарғона боғларидаги гули ниҳоллар ҳам, ҳаммамиз, сизни, бир қочоқ йигитни бесабр кутамиз, соғинганмиз. Тезроқ қайтиш иложини қилсангиз — илтимосим ва саломим шу. Кўзиям, майлиз, ҳолиям, хуллас, бутун вужуди йўлингизга тўрт — Адиба.

Нью-Йорк. 17.Х.1965 йил.

Адиба Қиз, Салом, Оқилам!

Билмадим... Бу саломим қай фурсатда етиб бораркан: кечқурунми, купдузми ё нонуштада? Менга қолса, мактубимни тунда, ўринга ётиш олдидан қўлингизга тегишини истардим. Балки сабабини сўрарсиз? Айтишим мумкин. Кейинги, кўзларимга сурта-сурта ўқиганим номангиздан пайқашимча, янги таассуротларга шунчалик бойсизки (Ҳурмат она — ажойиб тарих), азиз бошингиз ҳаёт шавқи билан шу қадар бандки, бечора Элнурни ўйлашга сизда на вақт ва на мажол борига инонай. Тунни танлашимнинг «сири» шунда. Кундузнинг бор ташвишларидан қутулганингиздан сўнг, ётоғингизда қолганингизда етиб борган мактубим зора хаёлингизни мен сари олиб қочса, уйқунгизни ўғирлаб (худбинлигимни кечирарсиз?) иккимиз кечинмаларимизни қўшнай қилса деган умид мени шунга мажбур этмоқда. Бу рашкми? Бетоқатликми? Соғиниш телбалигими?.. Ажримини ўзингиз қилиб кўрарсиз, оқилам.

Энди бу ердаги гаплардан сўрасангиз, шу кунларда ғарб фирибгарларининг бор диқкати католиклар пайғамбари папа Павел ВИ нинг Нью-Йоркка келиши ва Бош Ассамблеядаги нутқи билан банд. Уч мингдан ортиқ мухбир, ўн саккиз мингга яқин политсия гумаштаси, борингки, Америка президентидан тортиб Бродзей савдогарларигача — ҳаммаси шу машмаша атрофида гирдикапалак.

Гўё Ветнамда, Доминикан республикасида, Африка ва Осиё қитъаларида қон тўкилаётгани йўқ.

Гўё империализм марази эмас, коммунистлар дунёси инсон ва замон шуурини ҳақорат қилмоқда.

Гўё Америка бошлиқ империалистлар оқу Москва бошлиқ коммунистлар қора.

Гўё Америка ҳабашларининг қирғинида ҳам, куппа-кундузи Оқ уй дарвозаси олдида рўй берган безориликларда ҳам, тирикчилик ўтказиш юзасидан карт думбасига сурат ишлатиб, тери-мериси билан кесиб, шинаванда бойваччаларга сотишга мажбур бўлишган студент-қизларнинг фожиасида ҳам айбдор коммунистлар ва фақат коммунистлар эмиш!

Папа Павел ВИ Бош Ассамблея минбаридан «баландпарвоз» нутқ сўзлаётган бир вақтда, Пентагон биноси олдида, уч боланинг отаси Ветнамдаги урушга норозилик билдириб ўзини ўтда ёндирди. Ана туҳматга жавоб!

Адиба қиз, Ватанимизга умр, ҳалқимизга саодат тилайлик. Ҳали дунёда қиладиғон ишларимиз кўпга ўхшайди. Аямларга алоҳида хат ёздим. Ўқиб берарсиз. Орзунгиз ва қалбингиз мафтуни — Элнур.

Самарқанд. 24.Х.1965 йил.

Ассалом, Элнуржон Ака!

Бу номани нонуштадаям, кундузиям тундаям — ҳамиша сизнинг дардингизга ғарқ, Элнурисиз бир нафас яшашниям тасаввур қилишдан узоқ бўлган Адибангиздан деб билурсиз. Азизим, изим тушган қадимги Самарқанд кўчаларини кезганимда, осмон ўз гумбази ва рангини уларга тақлидан яратган асрий ёдгорликларини томоша қилганимда, аҳли тамизларнинг «нони пўлотий»дек ширин суҳбатини эшитганимда хуллас, ҳар қадам, ҳар дақиқада беихтиёр сизни ўйлайман. Ҳатто Улуғбек расадхонасидаям хаёлга кетибман: бўйчан, қотмадан келган бир ўт йигит кўзларимга тикилганича, «Адибахон, таниёлмадингизми? Мирзо Улуғбек излаган юлдуз мен бўламан!» дермиш... «Узоқда сиз, юлдузингиз юлдузимга тушганида, жавобини оласиз», деркан хаёлпарастингиз.

Икки дунё — яхшилик ва ёмонлик дунёси. Албатта-да, ниҳоятда мушкул «фалсафа». Лекин Элнуржон ака, баъзи рақамларни эсингизга солмоқчиман. 1955 йил ҳисоб-китобининг хабар беришича, жаҳонда 2,3 миллиард халойиқ яшар экан. Шундан 850 миллиони колониализм билан империализм зулми остида тирикчилик кечиришга мажбур. Фақатгина 180 миллион халқ сотсиализм қуриш шарафига эришганди. Энди-чи, орадан ўн йил ўтгандан кейин-чи? Ер юзининг халқи — 2,5 миллиард, шундан 850 миллион халқ сотсиализм қуришга бел боғлаган, фақат 180 миллион халойиқ ҳануз колониализм зулми остида. Ўзингизга маълумки, сўнгги рақам кундан-кунга камайиб бормоқда. Тўғри бу кўз илғамас тарихий ўзгаришлар осонликча бўлаётгани йўқ, бироқ ҳақиқат ва адолат тантанасини тўхтатиб қолиш ҳеч кимнинг қўлидан, ҳаттоки бадавлат Америкадаги уруш жарчиларининг ҳам қўлидан келмас. ХХ аср — сотсиализм асри. Бизнинг ҳақиқатимиз, Элнуржон ака, гарчи сермашаққат бўлса-да, баланд тоғ қоялари бағрини ёриб олтин водий сари югурган обиҳаёт каби тиниқ ва адолатсевардир. Шу муқаддас йўлга бағишланган имонимиздан, ота-боболаримиз ҳақлари, тоймасак бас, марра бизники!

Элнуржон ака Адибанинг сабри қарори бениҳоя, чидайди деб ўйлайсиз шекилли... яна кузак қурмагурни айтмайсизми: бирам безанган, ҳар шеваси сизни дейди, ҳар сайқали сизни соғинтиради.

Аямларнинг хатлариниям қўшиб жўнатдим. У кишининг ҳам кўзлари йўлингизда. Бор вужуди билан висолингизга отилган ёрингиз — Адиба.

Нью-Йорк. 30.Х.1965 йил.

Ассалом, Адибам, Ягонам!

Ажабки, ёмон яхшини, хунук чиройликни эслатар экан, 110 қадоқдан (Америка ўлчов вазнида) ошишни гуноҳ санаган дароз, тахтакач, суви қочган шилқим аёлларни учратганим сари бир кимсани, табиатнинг танти санъати яратган бўй-баст, буғдой рангли бежирим чирой, хаёл билан шўх назокат эгасини, яъни сизни кўриш орзуйи мени бир зум ҳам тинч қўймайди, маст-аласт қилади, бир ўлдириб, бир тирилтиради... Жоним, кўпи кетиб, ози қолди. Тезда учрашармиз, агар саломат бўлсак.

Сизни бир воқеадан огоҳ қилмоқчиман. Америка президенти Линдон Жонсон ўт қопидаги тошни олдириш учун оператсияга ётган кунларида мен Нью-Йорк атрофидаги Гайдпаркка, Франклик Рузвелт яшаган ва жасади кўмилган манзилга борган эдим. Кўримсизгина боғнинг бир чеккасидаги қабрини, туғилган ва умрининг сўнгги кунларини ўтказган оддийгина уй-жойларини зиёрат қилиб юрганимда радио шу хабарни келтирди: «Америка президенти оператсия столида 130 минут ётади. Шу 130 минут давомида ҳокимият витсе-президентга топширилади. Агар Совет Иттифоқи вазиятдан фойдаланиб, Америкага қарши уруш бошласа, президент ўринбосари 130 минут жараёнида Америка ҳимоясини бошқаради ва сўнгра, роппа-расо 130 минут ўтгач, коммунистларга қарши уруш жиловини Америка президенти ўз қўлига олади...»

Ана шунга ўхшаш вайсашлар, бўҳтонлар бу томонларда кўп экан...

Ягонам, узундан-узоқ гапларимии кечиргайсиз. Волидаи муҳтарамамга салом айтинг. Сизнинг ширин хаёлингиз билан тирик — Элнур.

Бухоро, 5.ХI.1965 йил.

Элнурим, Азизим!

Бу саломномани Адибангиз Бухородан — сизнинг қалбингизга яқин антиқа шаҳардан ёзмоқда. Салкам уч минг йиллик нотинч тарихни бошидан кечиргаи Бухоро алланечук навқирон кўринди кўзларимга. Менга айтганларингиз ҳаққоси ростлигига яна бир сира инондим: Ибн Синога ўхшаш оқил кексалар, меҳнатидан оппоқ тоғлар яралган довюрак йигитлар билан оҳу кўз жамилалар, халқ дили билан ҳамоҳанг шоирлар ҳар қадамда экан. Меҳнатдан ижодни, ижоддан меҳнатни айрича тасаввур қилиб бўлмайди.

Айни аҳвол, Элнуржон ака, бутун мамлакат бўйлаб ҳукмрон экан, келажак истиқболи (йўлимизда қийинчиликлар бўлиши турган гап) бизники, коммунистларники, албатта. Сизнинг дилингизни куйдираётган аллоб-қаллоблар кучала еган лайчадай тиришмасинлар — бизнинг азамат карвонимиз саодат йўлидан тоймайди...

Элнурим, азиз йигит, бу галги хатингизда шоирона кайфият ҳукмрон кўринди. Адибангиз сифатлари ҳақида талайгина муболағалар айтибсиз. Саволим бор. Қаралмаган ниҳол, парвариш қилинмаган гулнинг аҳволи нечук кечади?..

Элнуржон ака, ёрингиз тарс ёрилиб ўлмасин десангиз, тезроқ қайтинг, илтижо қиламан, ялинаман. Ҳижронингиз ўтида парвона — Адиба.

Вашингтон. 12.ХI.1965 йил.

==Гулим, Кўзлари Чўлпоним!

Қўлим кўксимда: ассалом. Соғиндим шарқнинг ойдин тунларидаги шалоладек сочларингизни, қайрилма қошу бодомқовоқ остидаги оҳу кўзларингизни, ҳимраниб эркаланишу шўх-шўх кулишларингизни, гунгур-гунгур суҳбатларингизни ўлардек соғиндим. Баъзан хаёлга толаман: бор вужуди билан ўз гулига мафтун йигит нечук айрилиқ — тикон заҳрини чекиши керак? Ё, дунё ташвишларидан бир шингили бошига тушган, умрининг ярмидан кўпини уз оиласидан узоқда, сафарда кечиришга мажбур бўлган дипломат йигит, севгили ёр меҳри, дўст-қадрдонлар даврасига интиқлик туйганмикан?!

Шу пайтда доно шарқ яратган бир латифа кўнглимдан ўтди. Қиш экан. Бутун олам қорда. Ҳассасига кўкрак берган шоир жонон ғазалларининг илҳомбахши — ёр висоли сари ошиқар экан. Бир замон. у ўзидан бир қадам олдинда бораётган ҳассасига бежо тикилганича таққа тўхтабди. Ғазаб-ла ҳассани даст кўтарибдию:
— Ҳим-м... беор, каминадан илгарироқ ёримга етиш ниятинг борга ўхшайди. Бор, йўлингдан қолма, дўсти нодон, дея уни улоқтирибди-да, изига қайтибди. Изғирин совуқ. Кечгача бир ажиб ёруғлик улашиб ёғмиш момиқ қор икки букчайган шоирни беаёв савалар экан...

Латифа мағзини чақиш — сизга ҳавола. Ой қиз.

Энди бу ердаги гапларга келсак, кеча Вашингтонда бўлдим. Шаҳар менга ёқди: ерда юриш, шаҳар устидаги зангори осмонни кўриш, нисбатан соф ҳавода нафас олиш ҳам мумкин экан-ку. Президент Кеннеди дафн этилган қабристонга бордим, мозори устида у билан хаёлда суҳбат қурдим:

Мен. — Жаноб президент, қабринг устидаги кўкатни ўйнаётган шабада нечук дараклар келтираётганини пайқаяпсанми?

Кеннеди.— Ўлган одам тириклар ишидан бехабар бўлишини унутма.

Мен.— Ўлганми ва ё ўлдирилган?

Кеннеди.— Тўғри, мени «дўстларим» ўлдиришди. Кўкрагимга ажал ўқини қадаган Америка учун, Ватанни ҳам, халқ осойишталигини ҳам заъфарон чақага алмаштирганлар учун ҳушёр президент керак, албатта, бироқ, унинг расо ақли фақат ва фақат ана шу зўравонлар хизматида бўлиши шарт экан. Йўқса, ким бўлмасин, меним қисматимга тушган қора кундан қочиб қутулиши амримаҳол... Американинг келажаги, имони қайси кўчада? Қайси йўл билан бориши керак? Тириклигимда мени қийнаган муаммолар олами шу жавобсиз саволлардан иборат эканини биласанми?

Мен. — Сен деган жавобсиз саволлар, муаммолар олами мен учун аллақачонлар аён. Ўйлашимча, пешона тери билан тирикчилик ўтказаётган америкаликлар учун ҳам бир қадар аён. Фақат шу аён мақсад ижроси учун изчил кураш етишмаяпти шекилли?

Кеннеди.— Билмадим. Бу саволингни Оқ уйдагиларга бериб кўргин-а?

Мен.— Қайсар. Сени халқ яхши кўриб қолганди, ҳозир ҳам хотирангни ҳурмат-иззат қилишади. Аммо сен халқингни севмаган экансан. Аксинча, оқ уй адресини менга бермаган бўлардинг.

Адибажон, агар мендан эзмалик ўтган бўлса, кечирарсиз. Аямларни бағрингизда тутинг, дуойи саломимни топширинг. Шу кунларда кўнглим нотинчроқ, изимни кузатувчи узун қулоқлар ҳар қадамда... майли, аҳамият берманг. Қалби доимо сиз томон интилган йигитингиз — Элнур.

Хоразм, Урганч. 29.ХI.1965 йил.

Элнурим, Яшулли

Кекса шоирнинг чистон ҳолатига ишора ила ўралган саломингиз мени Хоразмдан топди. Ўзингизга аёнки, Хоразм тупроғи бир-биридан доно латифалар, бир-биридан гўзал ҳақиқатлар хазинаси. Сиз келтирган латифага унчалик пайров бўлмасаям, бирини эсламоқчиман.

Оқсоч тарих Гулистон аталмиш шаҳарни билар экан. Адолат ва оқибат шаҳри, меҳнат ва гул бўйи билан кўнгли тоғ халойиқ кунлардан бирида Чингизхон қўшини ҳужумига учрапти. Ваҳшийлар шаҳар атрофидаги боғлар, экинзорлар кулини кўкка совурдилару қалъани ололмадилар, куну ойлар кечаверибди-ю, қамалдагилар жасоратини синдириш қўлларидан келмабди. Ниҳоят, босқинчилардан ҳам даҳшатлироқ куч — очарчилик ўзининг хунук башарасини кўрсатибди, очлик илигини қуритган мудофийлар дармони ҳатто қилич-қалқонни кўтаришгаям етмабди, қалъа кўчаларида шишиб ўлганлар сони кундан-кунга ошиб бораверибди. Шунда шаҳар оқсоқоли ўз маслаҳатгўйлари за саркардаларини тўплаб, яна қандай чора бор, деган саволни ўртага ташлабдилар. Маслаҳатга йиғилганлардан бири сўнгги тадбирни — устомон режани айтибди. Шу режага кўра гулистонликлар бисотларида қолган икки нафар ҳўкизга омбордаги бор-йўқ донни егизибдилар-да, жониворларни шаҳар дарвозасидан чиқариб юборибдилар.

Очарчилик қалъа ичидагина эмас, қамал қилганлар орасида ҳам ўз нағмасини кўрсата бошлаган: атроф қишлоқларни ялагандай қилишган босқинчилар ҳам саросимада. Шаҳар дарвозасидан кўринган ҳўкизларни хиппа бўғиб хомталаш қилар эканлар, қоринлари буғдойга жиққа тўлалигини кўриб ҳайрон қолибдилар: «Демак, қалъадагилар тўқ ҳали... Ҳайвонгаки берадиғон буғдойлари борми? Енгиб бўпмиз...» деганларича зудлик билан жўнаб қолиш тараддудига тушибдилар.

Аммо қалъа оқсоқолининг ягона қизи Гулбека бу ишдан рози эмас, чунки у босқинчилар саркардасини — ёш, довюрак паҳлавонни севиб қолган экан. Уни кўрмоқчи, бирга бўлсам деган нияти бор экан. Туннинг қоронғи шарпасидан фойдаланиб, Гулбека босқинчилар саркардасига мактуб жўнатибди. «Баҳодир йигит, сен шошма, «буғдой» масаласи найранг, ўстомонлик. Бир кун тоқат қилсанг — зафар сеники».

Босқинчилар туяларга ортилган асбоб-аслаҳаларини, чодир-чудирларини қайтадан ўрнатиб, қалъа қамалига зўр берадилар. Эртасига эса шаҳар таслим бўлади. Қалъага бостириб кирган аламзада ваҳшийлар бор тирик жонни қиличдан ўтказиб, шаҳарни ўт балосига топширадилар.

Бўғриққан, кўзлари эҳтирос ўти билан мастона Гулбека севги ва миннатдорлик умидида босқинчилар саркардасига тўғри бўлар экан, шу сўзларни эшитибди: «Отасини, она шаҳрини сотган аёл менга вафо қилармиди?! Бу манжалақини икки байтал думига боғлаб, орқасидан айғир қўйилсин!.. Хизматларига ташаккур, бекам».

Латифа мағзини чақиш — сизга ҳавола, жон йигит.

Сирасини айтсам, дардсиз дармон бўлмагавдек, рашксиз севги, севгисиз рашк ҳам йўқ, азизим. Хуллас, севгингиз ҳам, рашкингиз ҳам ҳамиша бошимда дурра эканига ишонсангиз бас.

Адибангиздаям бир янгилик бор. Айни кунларда аҳён-аҳён бошим айланадиган, кўнглим Хоразмнинг шира-шарбат неъматларинимас, шўртак нарсаларни тусайдиган одат чиқарди. Бу нимадан экан? Бир ўйлаб кўринг-а, Элнуржон ака?

«Изимни кузатувчи узун қулоқлар ҳар қадамда...» Бу нимаси? Юрагим орқамга тортиб кетди-я. Элнуржон ака, ўтинаман, қайтинг! Сизни беҳад соғинганмиз. Тезроқ қайтарсиз, деган умиддамиз; кўзлари йўлингизда толган ёрингиз — Адиба.

Нью-Йорк. 30.ХI.1965 йил.

Ифтихорим, Онамгинам!

Салом... ассалом... Хоразмдан юборган мактубингиз булутни ҳайдаган шамол, тунни қочирган тонг савобини берса бўладими. Ақлу назокатни, сабру қарорни сиздан ўрганмоқ керак. Раҳмат, минг қатла ташаккур, онагинам.

Чамамда, пайқагандирсиз? Умримда биринчи бор сизни «онагинам» деб атадим. «Кўнгил айнишлар» фарзанд дийдоридан дарак, азизим. Ўзингизни асрапг, тортаётган азиятларингиз учун мени кечиринг. Оқибати хурсандчилик билан тугашига умид ва қанот тилайман, нодирам.

Иисон қадри ер билан яксон қилинган, бутунасича «сариқ чақа — доллар» манфаатига қул каби сотилган дунё марказида, оқпадарлик, безорилик, виждон ва тан фоҳишабозлиги, ёшлик ва авлод жувонмарглиги одатий манзара бўлиб қолган муҳитда, озодлик деганда зодагонлар эркини, бахт деганда босқинчиликни, халқ деганда бир сиқим пулдорлар нафсини назарда тутган одамнамо башаралар орасида юрган чоғингда янги меҳмон — тўнғич фарзанд дарагини эшитиш...— бошим осмонга етди, дунёга сиғмай кетдим.

Қолганларини учрашганимда айтарман. Сафар азоби тугади, онагинам. Бажарган ишларимиз якуни Москвада бўлади. Азонлаб йўлга чиқамиз. Кўришгунимизча хайр, хайр, қаламқошим. Сиз ва волидаи муҳтарамамизга сиҳат-саломатлик тилаб, висолнинг ноёб дақиқаларини камоли бетоқатлик билан кутиб қолувчи — Элнур.

Тамом... ёзишмалар тугади. Ташқарида эса аллақачонлар ёмғир тинган, кўм-кўк осмон, юзлари ёмғирда ювилган табиат қуёш нурига чўмилиб нафас олмоқда. Сайроқилар, зибилдоқлар сайили айни авжида. Менинг хаёлим бўлса икки оламни — оқ билан қорани ажрим этувчи мана бу хатлар маънисидан — навқирон дил ёзишмаларидан ўзга нарсани истамайди.